Erkin A’zam. Soy bo’yi, chimzor…

098Таниқли ёзувчи Эркин Аъзамни 65 ёшга тўлгани билан веб—саҳифамиз номидан чин дилдан қутлаймиз!

   …Умримнинг салкам 40 йили давомида Эркин Аъзамдек меҳрли инсон ва қувватли қалам соҳиби бўлган ёзувчига ука, жўра, фикрдош ва замондош бўлганимдан қувониб юраман. Ўша олис 80-йиллар: янгамиз Юлдуз опа ҳовлисидаги шинам  болохонада ўтириб суҳбат қурганларимиз, Эркин аканинг янги квартира олганидан қувониб, дунёга сиғмасдан квартира полини лаклаганимиз, лакнинг кучли ҳидидан бўғилиб, югуриб бориб, очиқ турган деразадан бош чиқариб тўйиб  нафас олганларимиз, вақт ўтиб, ўша янги уйда биринчи китобимнинг корректурасини таҳрир қилганмиз, ҳар варақда аканинг «Қачон нуқта, вергульни тўғри қўйишни ўрганасиз?» деган дашномларни эшитганларим, Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларига бирга боришларимиз, Туркманистону Юнонистонга қилган сафарларимизни эсимдан чиқаргим келмайди. Бу хотираларни эслашдан мақсад битта: ўша йиллардан тортиб то шу бугунгача Эркин Аъзам деган инсонни ҳар томонлама билиб олгандекман. Кўнглида зарра кири йўқ, чинакам жўра-ака, адабиётнинг чинакам фидойиси, халқ дардини ёзишдан қўрқмайдиган жасур ёзувчи. Бениҳоя қаттиқ талабчанлиги оқибатида кўп душман орттирган муҳаррир. Унга тош отган борки, билинг, у, шак-шубҳасиз, Эркин ака ишлаган «Гулистон», «Ёшлик», «Тафаккур» журналларидан асари қайтган одам бўлади. Унинг талабчанлиги, ўта инжиқлигининг моҳиятида адабиётни савиясиз ва чиркин «эжод» намуналаридан асраш истаги ётади. Бугун адабиётимизда жуда кўп таниқли ёзувчилар Эркин акани ўзларига устоз деб билишади.
Бугун Эркин ака 65 ёшини нишонламоқда. Мен ака ёзувчига, табиий, энг аввало, саломатлик, ижодий янгиликлар, узоқ йиллар фарзанду набиралар ва шогирдлар меҳри шуурига чулғаниб юришини Яратгандан тилаб қоламан.

Хуршид Даврон

 

077
Эркин АЪЗАМ
СОЙ БЎЙИ, ЧИМЗОР…
09

045     Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда Сурхондарёда, тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (хозир Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факултетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат-инсоний эрк, хар қандай зўравонликка мунсабат масаласидир.

09

…Боғ кўчани тўлдириб қариндошларининг тўйидан қайтишарди. Кўча кундузидек ойдин. Эшаклар туёғидан кўтарилаётган чанг ойдинда кумуш ғубор мисоли кезади. Девори нураган томондаги чимзор ялангликда қатор чодирлар тикилган, аллакимлар юрибди. Эшак ҳанграши қулоққа чалинади, болаларнинг бақириқ-чақириғи…

У таванхонанинг бир бурчагида ухлаб қолган экан, уйғотиб олиб кетишди; ҳозир бувисининг изидан гандираклаб мудроқ одим ташларди. Ялангликдаги манзарани кўриб ваҳимага тушди.
— Лўлилар… Шу ерга қўнишганга ўхшайди,—деди бувиси.
У бувисининг этагидан тутганча уйга қадар қўрқув  ичида келди. Тушига ҳам лўлилар кириб, босинқираб чиқди.
Бола-да, хийла муддат ялангликка йўлаёлмай юрди. Сўнгроқ яланглик унинг тенгқурлари билан чиллак ўйнайдиган севимли жойига айланди. Аммо у энди бу ерда ўша манзара: чодирлар, лўлиларни ортиқ кўрмади.

Ҳар қалай, улғайгани сайин ўша оқшом хотирида ойдин бир хаёлга айланиб борди. Кейин-кейин у ялангликдан ҳам, чиллакдан ҳам айниди, танҳо ўзи сой бўйига тушишни одат қилди.

Яланглик туташган яссироқ дўнгдан орқада қишлоқни бўлиб сой оқарди. Сойнинг нариги бети қалин теракзор. Ўртадаги якка ёнғоқ тагида томига беда босилган тош деворли ғариб кулба, шотинусха эшиги доим очиқ ётади. Баландда қаторлашиб кетган ҳовлилар этагидан энсизгина сўқмоқ ўтган. Сўқмоқда аҳён-аҳён қизил кўйлакли қизалоқлар, бошига тугун қўйган аёллар кўриниб қолади.

Теракзор сой бурилган жойдаги жарликка келиб тугайди. Жарлик қиррасида илдизлари очилиб сойгача тушган бир туп туғдона, сувга эгилиб турибди. Пастда булоқ, тубида патак илдиз босган майда чағир тош. Булоқ теграсини силлиқ кўкиш харсанглар қуршаган.

Чашма суви доим муздай, харсанглар эса илиқ бўларди. У шошилмай ечиниб, булоқ сувига тикилганча харсанг устида узоқ ўтирарди. Ногоҳ дара бўйлаб эсган оқшомги шабададан жунжикиб кетиб сойга ошиқарди. Чўмилиб чиққач, ўзини боягина банд этган ўйлардан йироқ сезар, тез-тез кийинар, лекин сой бўйидан жилолмас, аста чимзорга чўзилар эди. Чимзор майин, кўрпадек юмшоқ, илиқ. Теваракдаги харсанглар ҳам илиқ, ҳаво ҳам…

У сойнинг шу ерига ҳар оқшом бир ўзи келарди. Бир ўзи чимзорда чалқанча тушиб ётар, вужуди ҳаловатдан эриб бораётгандек туюлар, осмонга тикилган мудроқ кўзлари беихтиёр юмилиб кетар эди…

— Хайрли тун, Жалил Норбоевич!
Жалил Норбоев сой бўйидаги чимзорда эмас, креслода кўзини очди: хаёл билан мудраб кетибди. Хона ўртасида ҳамкасби Тўлқин Икромов турарди. Эшик очиқ эди, кирганини сезмабди.
— Чарчабсиз-да…— Икромов пастак столча ёнбошидаги креслога ўтирди.
— Э, хаёл, хаёл,— деди Норбоев бошини орқага ташлаб юзини, гўё юзидаги карахтликни ҳам кафти билан сидираркан.— Оғир кун бўлдими-я?
— Билмадим,— дея кулимсиради Икромов.—Мен учун, масалан, одатдагидек кун. Орипов билан тағин ғижиллашдинглар чамаси? Фойдаси йўқ, азизим, фойдаси йўқ. Ҳали ҳам романтиксиз десам, хафа бўлманг.
— Романтик бўлишнинг нимаси ёмон?—Норбоевнинг чеҳраси бир оз ёришди.— Лекин гап ҳозир менинг романтиклигимда эмас. Тағин ким билади дейсиз, балки Орипов ҳақдир.
— Мен сизни ноҳақ демоқчи эмасман, аммо баъзида беҳуда қизишишингиз…

— Қизишмай бўладими, биродар? Студентлигимдан буён шу объект тақдирига қизиқиб, қидирув натижаларини узлуксиз кузатиб келаман. Хабарингиз бор, бир неча экспедицияларга ўзим ҳам қатнашганман. «Худди объект билан махсус шуғулланган одамдай гапирасиз-а!», деб писанда қилди. Собир аканинг олдида ер ёрилмади кириб кетсам. У киши янги объект билан танишаётганимдан бехабар-да. Ишингга эмас, ёшингга, мавқеингга қараб муомала… Ҳеч бир иш кўрсатмасанг ҳам қариб букчайсанг, бу одам учун тажрибали саналасан. Қачон шунақа иллатдан қутуларканмиз-а? Натижа қидирувлар, сабр-қаноатлар сўнгида рўёбга чиқиши — оддий ҳақиқат. Бу кишига натижа икки-уч ойда дарров кўрина қолса. Йиллаб тоғу дашт кезиб, ҳеч нарсага эришмаслик ҳам мумкин. Ҳолбуки, бизнинг қўлимизда ўтган ҳафта юборилган далиллар бор. Кеча лабораторияда эдим. Шахсан менда ишонч туғилди. Қолаверса, дастлабки қидирувдаги фараз ошқовоқдан чиқмагандир…

— Орипов нима деяпти?
— Нима дерди, группани янги объектга кўчирамиз, дейди. Мен, қўлимда далиллар туриб, уни ҳеч қаёққа жўнатолмайман. Жўнатсам, кетган сарф-харажатларни кейин нимага асосланиб акт қиламиз? Уйлаб кўринг-а! Йўқ, бу виждон иши, мен оддий ижрочи тўтиқуш бўлолмайман. Экспедиция барбод бўлса, жавобгарлиги Ориповнинг эмас, менинг бўйнимга тушади.— Қизишганидан терлаб кетган Норбоев рўмолчаси билан бўйнини артаркан, бир фурсат индамай қолди.

— Куйинманг, азизим,— деб жилмайди Икромов.— Бари бир бўладиган иш бўлмай қолмайди. Орада сизнинг шунча хунобингиз ошгани ортиқча.
— Тўғри-ку-я,— деди Норбоев энди бояги шиддатидан тушиб, бўшашиброқ.— Аммо баъзан шундай пайтда ҳаммасига қўл силтаб…
— Олис соҳиллар томон кетгинг келади…— топқирлигидан завқланиб кулди Икромов.
— Кетгинг келади,— кулимсираб такрорлади Норбоев ҳам.— Қани менда шундай журъат бўлса! Ишни чала қолдириб кетолмайман-да. Лекин руҳим тушиб, дунёдан безганимда…
— Яхши нарсалар ҳақида ўйланг, ўтган ширин дамларингизни эсланг,— дея унинг гапини тағин илиб кетди Икромов.— Мен буни ўз тажрибамда кўрганман. Албатта, табиатингизга боғлиқ-ку-я, ҳар қалай…
— Бир умр эсдан чиқмайдиган дамлар, дақиқалар ҳар кимда ҳам бўлади…
— Умрнинг ёрқин саҳифалари, дейилади китобларда, — ҳозиржавоблигидан яна мамнунлик туйди Икромов.
Бу одам умуман хийлагина гапдонлиги билан ҳамкасблари орасида ажралиб турарди. У айниқса баландпарвоз сўзларни хуш кўрар, суҳбатдошининг гапларидан эмас, ўзининг жавобларидан кўпроқ лаззат олар эди. Ҳозир ҳам уни бировнинг дарди-ҳасратини тинглаб ўтирибди, дейиш қийин эди.
 

Норбоев ўйчан бўлиб ҳолди, хаёли тағин олисдаги чимзорга учди.
  — Яхши дамлар, бахтиёр дамлар,— деди у ўзича пичирлаб, хаёлан ўша манзилларга қайтаркан.— Тўғри… Лекин шунақа ширин дамларимдан кўра бошқа бир нарса менга кўпроқ юпанч беради. Қишлоғимиздаги сой бўйида бир чимзор бўларди. Сиқилсам, доим негадир ўша жойга боргим келади.
 

…Уни тун шарпалари уйғотиб юборарди. Бироқ у ўрнидан қимирлай олмас, қимирласа гўё ниманидир бузиб қўядигандек, ажиб бир бахтдан бебаҳра қолиб, кейин умр бўйи қўмсаб ўртаниб юрадигандек туюлар эди. Кўзини юмгиси, бояги ҳузурбахш ҳолатга қайтгиси келардию, аммо сой узра тўшалаётган тун ваҳимасидан қўрқарди.
  Оқшом боғ-роғлар бағрига чекинган, тун элчилари уни тош деворли ғариб кулбанинг доим очиқ ётадиган шотинусха эшигидан ичкарига таъқиб этиб бормоқда…  Сой шовқини ҳам қаергадир қувилгандек, олис-олисдан осуда шовиллаши қулоққа аранг чалинади. Унинг ўрнини дақиқа сайин кучайиб бораётган булоқ виқирлаши эгаллайди. Ана, тошчаларнинг бир-бирига урилиб шиқирлаши, жонсарак типирчилаб юрган митти томирчалар… Бир пайт у булоқ сасидан бошқа ҳеч нимани эшитмаётганини пайқайди. Гўё борлиқ айни лаҳзада ёлғиз ана шу товушдангина иборат. Энди ҳеч қачон бу ердан туриб кетолмайдигандек, тун салтанати ва булоқ шовқини кўкрагидан босиб, бунга йўл бермайдигандек кўринди, уни ваҳима чулғади…

Хотирасига маҳкам ўрнашган бу ҳолат, бу манзаралар Жалил Норбоевни кўп маҳал тарк этиб юрар, бирор нимадан эзилдими, кўз ўнгида бехос намоён бўлар, юрагига таниш дарддек кириб, тинчини олар эди. У бамайлихотир дамларида бу ноаниҳ ҳиссиётдан таажжубланар, «Нега эсладим? Нима бу ўзи?», дея ўй сурар, ҳарчанд уринмасин изоҳини тополмас эди. Ҳозир ҳам музтар бир кайфиятда ҳолатини ҳамкасбига тушунтирмоқчи бўларкан, дафъатан ундаги лоқайдлик, хотиржамликни кўриб, бўшашиб кетди: «Ростдан ҳам мижғов бир романтикман, шекилли».

— Сой бўйидаги чимзор…— Икромов энсаси қотганини яширмай кифтини учириб ҳўйди.— Хаёл — хаёл, азизим, ҳаёт — ҳаёт. Бунақа шоирона орзу-ўйлар сизу бизга ҳеч нарса бермайди. Реалистроқ бўлиш керак. Анов масалага келсак, фикрингизда қаттиқ туринг, ҳақлигингизни исботланг. Ориповнинг ҳамма гапу таклифлари амалга ошавермайди-ку. Собир ака зийрак, тадбиркор одам. Ҳузурларига кириб батафсил тушунтирсангиз, ажабмас…
— Уриниб кўраман,—деди Норбоев совуққина.
— Шундай қилинг, азизим,— Икромов столчани шапиллатиб уриб жойидан қўзғалди, қўлларини икки ёнга силкитганча ясама ҳаяжон билан: «Қайдасиз, оромбахш гўшалар!», дея хитоб қилган кўйи эшик томон юрди.

Норбоев унинг орҳасидан қараб ҳоларкан, ичида пушаймонлик туйди: «Келиб-келиб ҳасрат қилган одамимни қара! Мен боғдан келсам, бу… Сайради-сайради, кетди. «Оромбахш гўшалар» эмиш!.. Сен айтмасанг ҳам бўш келадиган ландовур йўқ. Ориповга қолса нималар бўлмасди! Лекин, бари бир, кайфиятга шайтон оралади».

Норбоев севимли чимзорини эслайвериб, афтидан бу ғаройиб хотираларига хотинини ҳам кўниктирган эди. У қачон ўшандан гап очса, хотини негадир маъюсланиброқ қоларди.

…Энди ҳеч қачон бу ердан туриб кетолмайдигандек, тун салтанати ва булоқ шовқини кўкрагидан босиб, бунга йўл бермайдигандек кўринди, уни ваҳима чулғади. Бироқ шу пайт осмон ногоҳ нурланиб кетдию оппоқ булутлар бағридан учиб чиққан жонзот оққуш мисол оҳиста-оҳиста пастлаб келиб унинг ёнига беозор қўнди. Ёнгинасига — чимзорга чўзилди-да, орзу қилиб юрган қизига айланди.

Мана, улар осмондаги оппоқ булутларга тикилиб сархуш ётишибди. Хаёллари ўша булутлардек оппоқ, беғубор. Кўнгилларида ташвишдан, армондан гард йўқ. Бахтиёр сукунат. Атрофда сас эшитилмайди — кўкракларнинг бир текис кўтарилиб тушишию булутларнинг енгил, нозик қанот қоқиши… Гўё ҳаммаси бир умр шундай давом этадигандек…

У қачон чимзордан гап бошласа, хотини негадир маъюсланиброқ қолар, бояги жойи келганда ғаш бўлгани очиқдан-очиқ юзига тепар эди.
— Ким эди ўша қиз?— дея бетоқат бўлиб сўрарди у.
— Сен,— дейди Норбоев кулимсираб.
— Мен? Ҳо, у пайтда мен қаёқда эканман?..
— Сен… ўша булутлар орасида эдинг. Рост, ўша сен эдинг. Чимзорда ётиб сени ўйлардим.
— Баҳона! Биламан, у бошқа бўлган. Яширяпсиз…

Баҳонами, яширяптими Норбоев? Уша қизнинг кимлигини ўзи биладими? Ким эди у?.. Эҳтимол, бу ўша — осмон фавқулодда кўм-кўк, тип-тиниқ бўлган ғаройиб оқшом харсанг бошида яшиндек бир кўриниб кўздан қочган қиздир…

Ўсмирлик кезлари эди. Оламда уни ҳеч ким тушунмас, ҳатто ўзи ҳам ўзини тушунмасди. Аломат-аломат орзуларга шўнғирди, хилват-хилват бурчаклар қидирарди, юраги тўлқин уриб бир ёқларни қўмсарди. Ўсмирлик кезлари эди.

Бир кеч у сойда сувдан чиқиб, яғринини илиқ харсангга тоблаганча хаёл суриб ўтирган эди, дафъатан нигоҳи баландда қаторлашиб кетган ҳовлиларга тушди. Сўқмоқ бўйидаги улкан харсанг устида бир қиз турарди. Бошдан-оёқ оппоқ кийимда. Кўйлаги, қўлидаги ҳарир дурра шамолда ҳилпирайди, ёйиқ сочлари ҳам, гўё ҳозир ўзи ҳам учиб кетадигандек… 

У бошини сарак-сарак силкитди, кўзини бир-икки юмиб очди — қаради. Сўқмоқ бўйидаги улкан харсанг устида бир қиз турибди. Бошдан-оёқ оппоқ кийимда… 

Кўз олдидан теварак-атроф чекингандек бўлди: теракзор, баландда қаторлашиб кетган ҳовлилар, сўқмоқ, харсанг… кўм-кўк, тип-тиниқ осмону ойдин бир чеҳра қолди. Бошдан-оёқ оппоқ либосдаги қиз ва кўм-кўк осмон. Кўм-кўк осмон ва бошдан-оёқ оппоқ либосдаги қиз… Ойдин рухсор рўпарасига келиб қолди. Жилмайди. Гапирмайди, фақат жилмаяди. Фақат жилмаяди, гапирмайди… 

Синфида қизлар кўп эди, мактабида қизлар кўп эди, чиройлилари ҳам бисёр эди-ю, аммо бу қиз уларнинг ҳеч бирига ўхшамасди: фақат жилмаяди — гапирмайди. Гапирмайди — фақат жилмаяди…

Ногоҳон у қанот қоққандек сакраб харсангдан тушди-да, чопқиллаб гужум остидаги дарвоза ортига бекинди. Кўм-кўк, тип-тиниқ осмон қолди… У дарвозадан кўз узолмай, сеҳрланган каби ўтираверди. Бир йилга чўзилгандек туюлди унга ўша оқшом. 

Эртаси у яна сойга тушди, гужум остидаги дарвозага қаради, индинига яна тушди, гужум остидаги дарвозага қаради: дарвоза жойида, харсанг ҳам жойида, осмон кўм-кўк, тип-тиниқ—аммо қиз кўринмас эди. У гўё дарвоза орқасига бекиниб олиб, уни кузатиб тургандек эди.

Ниҳоят бир куни у иккилана-иккилана сўқмоқ томон чиқиб борди. Сўқмоқ этагидаги гиламдеккина майдончада уч-тўрт болакай ёнғоқ ўйнаб юрарди. Тикроқ биридан дарвозани кўрсатиб, кимнинг уйи эканини сўради.

— Уларникига меҳмон келган эди,— деди пешанаси қашқа бола, худди биров сўрагандек.
— Меҳмон? Қанақа меҳмон?
— Шаҳардан,— дея аралашди тикроғи.— Неъмат амакимнинг катталари. Узун қора машинада келишди. Катталари, хотини, қизи, яна Шурик деган ўғли. Машиналари билан ҳув тоққа чиқиб томоша қилиб келишди- да, кейин кетишди.
— Шаҳардан, де?
— Шаҳардан, катта шаҳардан…

У шаҳарни, катта шаҳарларни ҳам кўрди. Лекин ўша қизни, унга ўхшаган қизни учратмади. Гўё ўша, осмон фавқулодда кўм-кўк, тип-тиниқ бўлган оқшом шамол уни ҳеч ким кўрмайдиган бир ёқларга учириб кетган эди.

У сойга кетаётганида доим ўша қизни яна кўрадигандек туюларди. Қиз ҳамон гужум остидаги дарвоза тирқишидан мўралаб тургандек бўларди.

Сой бўйидаги чимзорнинг юрагига безовта бир дард каби ўрнашганига ҳам, балки, ўша ғаройиб оқшом харсанг бошида яшиндек бир кўриниб кўздан қочган шаҳарлик қиз сабабчидир…

Ўсмирлигидаги бу воқеа-ку Норбоевнинг кечагидек ёдида. Бироқ ҳар эслаганида хотини ўсмоқчилаб сўрагувчи оппоқ булутлар бағридан учиб келган анов қиз- чи?.. Эҳтимол, худди ўша ҳолат унда ҳақиқатда ҳеч қачон бўлмагандир. Эҳтимол, бу тушдир ёки орзуманд ўсмирлигида хаёлида яралган мавҳум манзаралар самарасидир. Лекин Норбоев бирор нимадан дилгир бўлган, сиқилган чоғларида бир мартагина шундай бахтиёрлик, беармонлик ўзида кечгандек туюлади, кўнгли шундан ором топади. Бир куни у хотинидан сўради:
— Сенда ҳам шунақа хотирот борми?

Хотини хаёлпарастликда Норбоевдан қолишмас ва бир қадар шоиртабиат эди. У бирпас ўйланди-да:
— Билмадим,— деди.— Қизиқ… Болалигимда эканми, ҳатто гўдаклигимдамиди, бувим билан қаёққадир кетаётган эдик. Ҳайрон қоласан: қуёш йўғу, лекин ҳамма- ёқ ёп-ёруғ, чароғон. Икки тарафда баланд-баланд тераклар. Осмон зангори-зангори, юлдузлар чарақлаган. Пастда, тераклар бошида қандайдир гилам… Ҳа-ҳа, теракларнинг учгинасида!.. Учар гилам шу бўлса керак, деб ўйлабман. Гиламда худди бир расмдагидай машшоқлар, раққосалар давра қурган. Бири раҳқ тушяпти… Эртакдагидай антиқа манзара-я, тўғрими? Лекин мен нима учундир шуларни ўз кўзим билан аниқ кўрганга ўхшайман…— У андак индамай ҳолди. Норбоев сеҳрланган каби қимирламай ўтирарди.— Ёқимли бир куй чалинарди. Таниш, жуда таниш куй. Аммо шунча эслайман дейману сира эслаб қололмайман, нимасидир тутқич бермайди. Бўлмаса шундай қулоғим остида туради-ю, оҳанги тилимга келмайди-я! Ғалати. Хотирами бу ё болаликда кўрган тушимми—ҳанузгача ажратолмайман.

— Бўлади, бўлади,— деди нимадандир қаноат ҳосил қилган Норбоев қувониб.— Лекин… бу қандай пайтлар- да эсингга тушади?
Хотини эркаланиб илжайди.
— Баъзан, хафа қилганингизда, кейин ҳув чимзорингизни айтиб бераётганингизда.

— Чимзор…— Норбоев ҳасрат билан пичирлади.— Сой бўйидаги чимзор… Бу йил қишлоққа борсак, албатта ўша чимзорда ётиб бир маза қиламиз. Эҳ, сен билмайсан-да у ерни!— У хотинига ёд бўлиб кетган манзарани қайтадан айтиб бера бошлади.— Тасаввур қил: иккаламиз чўзилиб ётибмиз, тепангда осмон — баланд, оп- поқ; ёнгинангда сой, булоқ виқир-виқир қайнайди… Эҳ, сен кўрмагансан-да, у ернинг осмони ҳам, сойи ҳам, булоғи ҳам бошқача… Иккаламиз осмонга тикилиб ётибмиз. Ташвишларни унутасан, худди ҳамма орзуларингга  етгандай, армонларинг йўқдай туюлади. Ишон, шунақа бўлади. Бу йил албатта…

Хотини шу тобда хаёлпараст ўсмирга айланиб қолган эрининг гапларини эшитаркан, аввал ажабланар, сўнг ундаги орзумандлик юқиб, ишона бошлаганини сезмас эди.

Норбоев отпускасини деярли ҳар йили қишлоқда ўтказарди, бироқ ҳар гал ҳам чимзорини кўролмай армонда қайтиб келарди. Бултур ҳам у не-не ниятлар билан қишлоғига борди. Йил давомидаги диққатбозликдан толиққан эканми, ёр-жўралари ардоғида яйраб, неча кун ўтганини ҳам пайқамай қолди. Бир-бирига уланиб кетган зиёфат-базмларга чалғиб, ўйлаб келган режаларини эслашга фурсати бўлмади, сой бўйидаги чимзор эса ёдига ҳам тушмади.

Бир оқшом, кундузги меҳмондорчиликдан ҳориб-чарчаб айвонда чўзилиб ётаркан, хотини унга ваъдасини эслатган эди, шаҳарда қилган хаёли ўзига эриш туюлиб, ажабланди: «Кап-катта одам хотини билан аллақандай чимзорда чўзилиб ётса кулгили-ку. Бу ёқда шунча дабдабали меҳмондорчиликлар… Афандилик бўлади, йўқ. Кейин битта-яримта кўриб қолса нима дейди? Бу фикр менда қаёқдан пайдо бўлди ўзи?..» Хотинининг ялинчоқ бир қиёфада ўтирганини кўриб, юмшади: «Улгурамиз, жоним, шу ердамиз-ку ҳали. Эрта бор, индин бор…»

Эртаси Норбоевнинг узоқроқ бир қариндоши вафот қилиб қолди. Фотиҳага сойга яқин ўша кўчадан боришга тўғри келди. Маросимга кетаётгани учунми, Норбоев яланглик ёнидан ўтаркан, кўнгли баттар бузилди, хотирида ажойиб бир манзара бўлиб қолган ўша — лўлилар қўнган кечани эслади. Фотиҳадан қайтишда албатта сой томонга ўтишни ўйлаб қўйди. Аммо қайтишда сой бўйига тушиш кўнглига сиғмай, бир лаҳза яланглик четида хомуш туриб қолди. Башарти у ерга ҳозир борса, ўйлагани чиқмайдигандек, натижада, бир муқаддас нарсасидан бутунлай ажралиб қоладигандек бўлдию ниятини кейинга сурди.

Икки кундан кейин ишхонасидан шошилинч телеграмма келди. Унда муҳим бир масалада иштироки зарур экани таъкидланиб, тез етиб келиши айтилган эди.
— Тинчликмикан?—деб сўради хотини.
— Тоғдан хушхабар бор шекилли,— деди Норбоев ич-ичидан қувониб.— Балки борибоқ экспедидияга жўнашимга тўғри келар. Ёки янги лойиҳамизни тасдиқлашмоқчимикан?..

Хотини жимгина кулиб қўйди.
— Сиз асли шоир бўлишингиз керак эди,— дея сўз қотди у анчадан кейин,— таъсирчансиз жуда. Юрагингиз тор. Ҳақиқатни осмонда деб биласиз баъзан. Мана, шунча куйиб-пишганларингиз зое кетмабди-ку. Демак…
Норбоев хотинини гапиртирмади:  белидан қучиб даст кўтарди.
— Геологнинг шоирдан нимаси кам, а? Юрагингиз тор, дейсанми? Тор бўлгани яхши. Ишни юраги тор, доим куйиб-пишадиган тажанглар ўринлатади, билсанг.
— Оҳ-оҳ, мақтанишларини!.. Қанча қийналдингиз шу лойиҳани деб.
— Узоқ давом этган муваффақиятсизликлар ғалабанинг жуда яқинлигидан дарак беради, деган экан кимдир. Бусиз кашфиёт, ҳаёт бўладими, жоним? Лекин, айтганингдай, тинкамни қуритган эди ўзи шу иш. Учиб боргим келяпти ҳозир…

Кетишда сой кўпригидан ўтишаркан, Норбоевни фавқулодда аянчли бир ҳаяжон қамради. У отпускаси кўз очиб-юмгунча яримлаганини, бироқ олис шаҳардан нечоғли қўмсаб, ошиқиб келган чимзорига яна боролмай, яна уни кўролмай, мана энди қайтаётганини ўйлади-да, ўртаниб кетди. Сой бўйидаги қадрдон харсанглар, барра чимзор унга таъна билан қараб қолаётгандек туюлди. Узоқлашаркан, уларга боққанча дилида қасд қилди. «Келгуси йил албатта, албатта…»

Норбоев бугун ҳам уйига тажанг қайтди.
Эрининг авзойидаги таниш ҳолатни пайқаб, хотини одатдагидан эҳтиётроқ муомалада бўлишга тиришарди. Норбоев хонтахтадаги устига сочиқ босилган чойнакни асабий нари суриб қўйди-да, чопонини елкасига ташлаб айвончага чиқди. Панжарага суяниб, чироқлари жилва қилаётган шаҳарга боқди. Лекин ҳеч нимани идрок этмади — хаёли чимзорда, сой бўйидаги кўкаламда эди.

Айвончада баттар дилтанг бўлгач, хонага кириб диванга ёнбошлади, бари бир ғашлиги тарқамади —- чопони билан бошини буркаб олди. Шу тариқа у диванда анчагача ётоқчилаб ётди. Бир маҳал пешанасида хотинининг юмшоқ бармоқлари кезаётганини сезди.
— Чарчадингизми?
— Эй-й,— хўрсинди Норбоев,— Шу йил би-ир дам олмасак… Қишлоққа борамиз. Сой бўйида чимзор бор…— У нимадандир хавотирда хотинига ўткир тикилди.— Ҳа?
— Сой бўйида чимзор бор…— дея унга ҳайрон боқаркан беозор такрорлади хотини. Бу гапни у шу қадар табиий самимият, соддадиллик ва ишонч билан айтдики, Норбоев беихтиёр жилмайди.

Сой бўйида чимзор борлигини Норбоев ўзи билади. Аммо шу тобда хотинининг бу гапига жуда-жуда ишонгиси келди. Кайфияти ўз-ўзидан ёришиб кетди. Хотини совиб қолган чойни янгилаш учун ошхонага чиқаркан, кўзини юмди. Кўз олдида таниш манзара намоён бўлди… Кўм-кўк, тип-тиниқ осмон… Улкан харсанг устида турган оппоқ либосдаги қиз… Боғ кўча, кундузидек ойдин. Эшаклар туёғидан кўтарилаётган чанг ойдинда кумуш ғубор мисоли кезади. Яланглик… чодирлар… нотаннш аллакимлар… болакайлар бақириқ-чақириғи…

У бувисининг этагидан тутганча тупроқ кўча бўйлаб пилдираб кетмоқда. Кўчанинг адоғи кўринмайди…

06

Taniqli yozuvchi Erkin A’zamni 65 yoshga to’lgani bilan veb—sahifamiz nomidan chin dildan qutlaymiz!

…Umrimning salkam 40 yili davomida Erkin A’zamdek mehrli inson va quvvatli qalam sohibi bo’lgan yozuvchiga uka, jo’ra, fikrdosh va zamondosh bo’lganimdan quvonib yuraman. O’sha olis 80-yillar: yangamiz Yulduz opa hovlisidagi shinam boloxonada o’tirib suhbat qurganlarimiz, Erkin akaning yangi kvartira olganidan quvonib, dunyoga sig’masdan kvartira polini laklaganimiz, lakning kuchli hididan bo’g’ilib, yugurib borib, ochiq turgan derazadan to’yib bosh chiqarib nafas olganlarimiz, vaqt o’tib, o’sha yangi uyda birinchi kitobimning korrekturasini tahrir qilganimiz, har varaqda akaning «Qachon nuqta, vergul`ni to’g’ri qo’yishni o’rganasiz?» degan dashnomlarni eshitganlarim, O’zbekistonning deyarli barcha viloyatlariga birga borishlarimiz, Turkmanistonu Yunonistonga qilgan safarlarimizni esimdan chiqargim kelmaydi.  Bu xotiralarni eslashdan maqsad bitta: o’sha yillardan tortib to shu bugungacha Erkin A’zam degan insonni har tomonlama bilib olgandekman. Ko’nglida zarra kiri yo’q, chinakam jo’ra-aka, adabiyotning chinakam fidoyisi, xalq dardini yozishdan qo’rqmaydigan jasur yozuvchi. Benihoya qattiq talabchanligi oqibatida ko’p dushman orttirgan muharrir. Unga tosh otgan borki, biling, u, shak-shubhasiz, Erkin aka ishlagan «Guliston», «Yoshlik», «Tafakkur» jurnallaridan asari qaytgan odam bo’ladi. Uning talabchanligi, o’ta injiqligining mohiyatida adabiyotni saviyasiz va chirkin «ejod» namunalaridan asrash istagi yotadi. Bugun adabiyotimizda juda ko’p taniqli yozuvchilar Erkin akani o’zlariga ustoz deb bilishadi.
Bugun Erkin aka 65 yoshini nishonlamoqda. Men aka yozuvchiga, tabiiy, eng avvalo, salomatlik, ijodiy yangiliklar, uzoq yillar farzandu nabiralar va shogirdlar mehri shuuriga chulg’anib yurishini Yaratgandan tilab qolaman.

Xurshid Davron

 

077
Erkin A’ZAM
SOY BO’YI, CHIMZOR…
09

045   Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog’li Boysunda tug’ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (xozir O’zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo’lim muharriri, G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va Sanat nashriyotida tahririyat mudiri bo’ldi. 1992—1994 yillarda O’zbekiston milliy axborot agentligida bosh direktori o’rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O’zbekiston Oliy Majlisi deputati.
«Chiroqlar o’chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko’ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to’plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat-insoniy erk, xar qanday zo’ravonlikka munsabat masalasidir.

09

…Bog’ ko’chani to’ldirib qarindoshlarining to’yidan qaytishardi. Ko’cha kunduzidek oydin. Eshaklar tuyog’idan ko’tarilayotgan chang oydinda kumush g’ubor misoli kezadi. Devori nuragan tomondagi chimzor yalanglikda qator chodirlar tikilgan, allakimlar yuribdi. Eshak hangrashi quloqqa chalinadi, bolalarning baqiriq-chaqirig’i…

U tavanxonaning bir burchagida uxlab qolgan ekan, uyg’otib olib ketishdi; hozir buvisining izidan gandiraklab mudroq odim tashlardi. Yalanglikdagi manzarani ko’rib vahimaga tushdi.
— Lo’lilar… Shu yerga qo’nishganga o’xshaydi,—dedi buvisi.
U buvisining etagidan tutgancha uyga qadar qo’rquv ichida keldi. Tushiga ham lo’lilar kirib, bosinqirab chiqdi.
Bola-da, xiyla muddat yalanglikka yo’layolmay yurdi. So’ngroq yalanglik uning tengqurlari bilan chillak o’ynaydigan sevimli joyiga aylandi. Ammo u endi bu yerda o’sha manzara: chodirlar, lo’lilarni ortiq ko’rmadi.

Har qalay, ulg’aygani sayin o’sha oqshom xotirida oydin bir xayolga aylanib bordi. Keyin-keyin u yalanglikdan ham, chillakdan ham aynidi, tanho o’zi soy bo’yiga tushishni odat qildi.

Yalanglik tutashgan yassiroq do’ngdan orqada qishloqni bo’lib soy oqardi. Soyning narigi beti qalin terakzor. O’rtadagi yakka yong’oq tagida tomiga beda bosilgan tosh devorli g’arib kulba, shotinusxa eshigi doim ochiq yotadi. Balandda qatorlashib ketgan hovlilar etagidan ensizgina so’qmoq o’tgan. So’qmoqda ahyon-ahyon qizil ko’ylakli qizaloqlar, boshiga tugun qo’ygan ayollar ko’rinib qoladi.

Terakzor soy burilgan joydagi jarlikka kelib tugaydi. Jarlik qirrasida ildizlari ochilib soygacha tushgan bir tup tug’dona, suvga egilib turibdi. Pastda buloq, tubida patak ildiz bosgan mayda chag’ir tosh. Buloq tegrasini silliq ko’kish xarsanglar qurshagan.

Chashma suvi doim muzday, xarsanglar esa iliq bo’lardi. U shoshilmay yechinib, buloq suviga tikilgancha xarsang ustida uzoq o’tirardi. Nogoh dara bo’ylab esgan oqshomgi shabadadan junjikib ketib soyga oshiqardi. Cho’milib chiqqach, o’zini boyagina band etgan o’ylardan yiroq sezar, tez-tez kiyinar, lekin soy bo’yidan jilolmas, asta chimzorga cho’zilar edi. Chimzor mayin, ko’rpadek yumshoq, iliq. Tevarakdagi xarsanglar ham iliq, havo ham…

U soyning shu yeriga har oqshom bir o’zi kelardi. Bir o’zi chimzorda chalqancha tushib yotar, vujudi halovatdan erib borayotgandek tuyular, osmonga tikilgan mudroq ko’zlari beixtiyor yumilib ketar edi…

— Xayrli tun, Jalil Norboevich!
Jalil Norboev soy bo’yidagi chimzorda emas, kresloda ko’zini ochdi: xayol bilan mudrab ketibdi. Xona o’rtasida hamkasbi To’lqin Ikromov turardi. Eshik ochiq edi, kirganini sezmabdi.
— Charchabsiz-da…— Ikromov pastak stolcha yonboshidagi kresloga o’tirdi.
— E, xayol, xayol,— dedi Norboev boshini orqaga tashlab yuzini, go’yo yuzidagi karaxtlikni ham kafti bilan sidirarkan.— Og’ir kun bo’ldimi-ya?
— Bilmadim,— deya kulimsiradi Ikromov.—Men uchun, masalan, odatdagidek kun. Oripov bilan tag’in g’ijillashdinglar chamasi? Foydasi yo’q, azizim, foydasi yo’q. Hali ham romantiksiz desam, xafa bo’lmang.
— Romantik bo’lishning nimasi yomon?—Norboevning chehrasi bir oz yorishdi.— Lekin gap hozir mening romantikligimda emas. Tag’in kim biladi deysiz, balki Oripov haqdir.
— Men sizni nohaq demoqchi emasman, ammo ba’zida behuda qizishishingiz…

— Qizishmay bo’ladimi, birodar? Studentligimdan buyon shu ob’ekt taqdiriga qiziqib, qidiruv natijalarini uzluksiz kuzatib kelaman. Xabaringiz bor, bir necha ekspeditsiyalarga o’zim ham qatnashganman. «Xuddi ob’ekt bilan maxsus shug’ullangan odamday gapirasiz-a!», deb pisanda qildi. Sobir akaning oldida yer yorilmadi kirib ketsam. U kishi yangi ob’ekt bilan tanishayotganimdan bexabar-da. Ishingga emas, yoshingga, mavqeingga qarab muomala… Hech bir ish ko’rsatmasang ham qarib bukchaysang, bu odam uchun tajribali sanalasan. Qachon shunaqa illatdan qutularkanmiz-a? Natija qidiruvlar, sabr-qanoatlar so’ngida ro’yobga chiqishi — oddiy haqiqat. Bu kishiga natija ikki-uch oyda darrov ko’rina qolsa. Yillab tog’u dasht kezib, hech narsaga erishmaslik ham mumkin. Holbuki, bizning qo’limizda o’tgan hafta yuborilgan dalillar bor. Kecha laboratoriyada edim. Shaxsan menda ishonch tug’ildi. Qolaversa, dastlabki qidiruvdagi faraz oshqovoqdan chiqmagandir…

— Oripov nima deyapti?
— Nima derdi, gruppani yangi ob’ektga ko’chiramiz, deydi. Men, qo’limda dalillar turib, uni hech qayoqqa jo’natolmayman. Jo’natsam, ketgan sarf-xarajatlarni keyin nimaga asoslanib akt qilamiz? Uylab ko’ring-a! Yo’q, bu vijdon ishi, men oddiy ijrochi to’tiqush bo’lolmayman. Ekspeditsiya barbod bo’lsa, javobgarligi Oripovning emas, mening bo’ynimga tushadi.— Qizishganidan terlab ketgan Norboev ro’molchasi bilan bo’ynini artarkan, bir fursat indamay qoldi.

— Kuyinmang, azizim,— deb jilmaydi Ikromov.— Bari bir bo’ladigan ish bo’lmay qolmaydi. Orada sizning shuncha xunobingiz oshgani ortiqcha.
— To’g’ri-ku-ya,— dedi Norboev endi boyagi shiddatidan tushib, bo’shashibroq.— Ammo ba’zan shunday paytda hammasiga qo’l siltab…
— Olis sohillar tomon ketging keladi…— topqirligidan zavqlanib kuldi Ikromov.
— Ketging keladi,— kulimsirab takrorladi Norboev ham.— Qani menda shunday jur’at bo’lsa! Ishni chala qoldirib ketolmayman-da. Lekin ruhim tushib, dunyodan bezganimda…
— Yaxshi narsalar haqida o’ylang, o’tgan shirin damlaringizni eslang,— deya uning gapini tag’in ilib ketdi Ikromov.— Men buni o’z tajribamda ko’rganman. Albatta, tabiatingizga bog’liq-ku-ya, har qalay…
— Bir umr esdan chiqmaydigan damlar, daqiqalar har kimda ham bo’ladi…
— Umrning yorqin sahifalari, deyiladi kitoblarda, — hozirjavobligidan yana mamnunlik tuydi Ikromov.
Bu odam umuman xiylagina gapdonligi bilan hamkasblari orasida ajralib turardi. U ayniqsa balandparvoz so’zlarni xush ko’rar, suhbatdoshining gaplaridan emas, o’zining javoblaridan ko’proq lazzat olar edi. Hozir ham uni birovning dardi-hasratini tinglab o’tiribdi, deyish qiyin edi.

Norboev o’ychan bo’lib holdi, xayoli tag’in olisdagi chimzorga uchdi.
— Yaxshi damlar, baxtiyor damlar,— dedi u o’zicha pichirlab, xayolan o’sha manzillarga qaytarkan.— To’g’ri… Lekin shunaqa shirin damlarimdan ko’ra boshqa bir narsa menga ko’proq yupanch beradi. Qishlog’imizdagi soy bo’yida bir chimzor bo’lardi. Siqilsam, doim negadir o’sha joyga borgim keladi.

…Uni tun sharpalari uyg’otib yuborardi. Biroq u o’rnidan qimirlay olmas, qimirlasa go’yo nimanidir buzib qo’yadigandek, ajib bir baxtdan bebahra qolib, keyin umr bo’yi qo’msab o’rtanib yuradigandek tuyular edi. Ko’zini yumgisi, boyagi huzurbaxsh holatga qaytgisi kelardiyu, ammo soy uzra to’shalayotgan tun vahimasidan qo’rqardi.
Oqshom bog’-rog’lar bag’riga chekingan, tun elchilari uni tosh devorli g’arib kulbaning doim ochiq yotadigan shotinusxa eshigidan ichkariga ta’qib etib bormoqda… Soy shovqini ham qaergadir quvilgandek, olis-olisdan osuda shovillashi quloqqa arang chalinadi. Uning o’rnini daqiqa sayin kuchayib borayotgan buloq viqirlashi egallaydi. Ana, toshchalarning bir-biriga urilib shiqirlashi, jonsarak tipirchilab yurgan mitti tomirchalar… Bir payt u buloq sasidan boshqa hech nimani eshitmayotganini payqaydi. Go’yo borliq ayni lahzada yolg’iz ana shu tovushdangina iborat. Endi hech qachon bu yerdan turib ketolmaydigandek, tun saltanati va buloq shovqini ko’kragidan bosib, bunga yo’l bermaydigandek ko’rindi, uni vahima chulg’adi…

Xotirasiga mahkam o’rnashgan bu holat, bu manzaralar Jalil Norboevni ko’p mahal tark etib yurar, biror nimadan ezildimi, ko’z o’ngida bexos namoyon bo’lar, yuragiga tanish darddek kirib, tinchini olar edi. U bamaylixotir damlarida bu noanih hissiyotdan taajjublanar, «Nega esladim? Nima bu o’zi?», deya o’y surar, harchand urinmasin izohini topolmas edi. Hozir ham muztar bir kayfiyatda holatini hamkasbiga tushuntirmoqchi bo’larkan, daf’atan undagi loqaydlik, xotirjamlikni ko’rib, bo’shashib ketdi: «Rostdan ham mijg’ov bir romantikman, shekilli».

— Soy bo’yidagi chimzor…— Ikromov ensasi qotganini yashirmay kiftini uchirib ho’ydi.— Xayol — xayol, azizim, hayot — hayot. Bunaqa shoirona orzu-o’ylar sizu bizga hech narsa bermaydi. Realistroq bo’lish kerak. Anov masalaga kelsak, fikringizda qattiq turing, haqligingizni isbotlang. Oripovning hamma gapu takliflari amalga oshavermaydi-ku. Sobir aka ziyrak, tadbirkor odam. Huzurlariga kirib batafsil tushuntirsangiz, ajabmas…
— Urinib ko’raman,—dedi Norboev sovuqqina.
— Shunday qiling, azizim,— Ikromov stolchani shapillatib urib joyidan qo’zg’aldi, qo’llarini ikki yonga silkitgancha yasama hayajon bilan: «Qaydasiz, orombaxsh go’shalar!», deya xitob qilgan ko’yi eshik tomon
yurdi.

Norboev uning orhasidan qarab holarkan, ichida pushaymonlik tuydi: «Kelib-kelib hasrat qilgan odamimni qara! Men bog’dan kelsam, bu… Sayradi-sayradi, ketdi. «Orombaxsh go’shalar» emish!.. Sen aytmasang ham bo’sh keladigan landovur yo’q. Oripovga qolsa nimalar bo’lmasdi! Lekin, bari bir, kayfiyatga shayton oraladi».

Norboev sevimli chimzorini eslayverib, aftidan bu g’aroyib xotiralariga xotinini ham ko’niktirgan edi. U qachon o’shandan gap ochsa, xotini negadir ma’yuslanibroq qolardi.

…Endi hech qachon bu yerdan turib ketolmaydigandek, tun saltanati va buloq shovqini ko’kragidan bosib, bunga yo’l bermaydigandek ko’rindi, uni vahima chulg’adi. Biroq shu payt osmon nogoh nurlanib ketdiyu oppoq bulutlar bag’ridan uchib chiqqan jonzot oqqush misol ohista-ohista pastlab kelib uning yoniga beozor qo’ndi. Yonginasiga — chimzorga cho’zildi-da, orzu qilib yurgan qiziga aylandi.

Mana, ular osmondagi oppoq bulutlarga tikilib sarxush yotishibdi. Xayollari o’sha bulutlardek oppoq, beg’ubor. Ko’ngillarida tashvishdan, armondan gard yo’q. Baxtiyor sukunat. Atrofda sas eshitilmaydi — ko’kraklarning bir tekis ko’tarilib tushishiyu bulutlarning yengil, nozik qanot qoqishi… Go’yo hammasi bir umr shunday davom etadigandek…

U qachon chimzordan gap boshlasa, xotini negadir ma’yuslanibroq qolar, boyagi joyi kelganda g’ash bo’lgani ochiqdan-ochiq yuziga tepar edi.
— Kim edi o’sha qiz?— deya betoqat bo’lib so’rardi u.
— Sen,— deydi Norboev kulimsirab.
— Men? Ho, u paytda men qayoqda ekanman?..
— Sen… o’sha bulutlar orasida eding. Rost, o’sha sen eding. Chimzorda yotib seni o’ylardim.
— Bahona! Bilaman, u boshqa bo’lgan. Yashiryapsiz…

Bahonami, yashiryaptimi Norboev? Usha qizning kimligini o’zi biladimi? Kim edi u?.. Ehtimol, bu o’sha — osmon favqulodda ko’m-ko’k, tip-tiniq bo’lgan g’aroyib oqshom xarsang boshida yashindek bir ko’rinib ko’zdan qochgan qizdir…

O’smirlik kezlari edi. Olamda uni hech kim tushunmas, hatto o’zi ham o’zini tushunmasdi. Alomat-alomat orzularga sho’ng’irdi, xilvat-xilvat burchaklar qidirardi, yuragi to’lqin urib bir yoqlarni qo’msardi. O’smirlik kezlari edi.

Bir kech u soyda suvdan chiqib, yag’rinini iliq xarsangga toblagancha xayol surib o’tirgan edi, daf’atan nigohi balandda qatorlashib ketgan hovlilarga tushdi. So’qmoq bo’yidagi ulkan xarsang ustida bir qiz turardi. Boshdan-oyoq oppoq kiyimda. Ko’ylagi, qo’lidagi harir durra shamolda hilpiraydi, yoyiq sochlari ham, go’yo hozir o’zi ham uchib ketadigandek…

U boshini sarak-sarak silkitdi, ko’zini bir-ikki yumib ochdi — qaradi. So’qmoq bo’yidagi ulkan xarsang ustida bir qiz turibdi. Boshdan-oyoq oppoq kiyimda…

Ko’z oldidan tevarak-atrof chekingandek bo’ldi: terakzor, balandda qatorlashib ketgan hovlilar, so’qmoq, xarsang… ko’m-ko’k, tip-tiniq osmonu oydin bir chehra qoldi. Boshdan-oyoq oppoq libosdagi qiz va ko’m-ko’k osmon. Ko’m-ko’k osmon va boshdan-oyoq oppoq libosdagi qiz… Oydin ruxsor ro’parasiga kelib qoldi. Jilmaydi. Gapirmaydi, faqat jilmayadi. Faqat jilmayadi, gapirmaydi…

Sinfida qizlar ko’p edi, maktabida qizlar ko’p edi, chiroylilari ham bisyor edi-yu, ammo bu qiz ularning hech biriga o’xshamasdi: faqat jilmayadi — gapirmaydi. Gapirmaydi — faqat jilmayadi…

Nogohon u qanot qoqqandek sakrab xarsangdan tushdi-da, chopqillab gujum ostidagi darvoza ortiga bekindi. Ko’m-ko’k, tip-tiniq osmon qoldi… U darvozadan ko’z uzolmay, sehrlangan kabi o’tiraverdi. Bir yilga cho’zilgandek tuyuldi unga o’sha oqshom.

Ertasi u yana soyga tushdi, gujum ostidagi darvozaga qaradi, indiniga yana tushdi, gujum ostidagi darvozaga qaradi: darvoza joyida, xarsang ham joyida, osmon ko’m-ko’k, tip-tiniq—ammo qiz ko’rinmas edi. U go’yo darvoza orqasiga bekinib olib, uni kuzatib turgandek edi.

Nihoyat bir kuni u ikkilana-ikkilana so’qmoq tomon chiqib bordi. So’qmoq etagidagi gilamdekkina maydonchada uch-to’rt bolakay yong’oq o’ynab yurardi. Tikroq biridan darvozani ko’rsatib,
kimning uyi ekanini so’radi.

— Ularnikiga mehmon kelgan edi,— dedi peshanasi qashqa bola, xuddi birov so’ragandek.
— Mehmon? Qanaqa mehmon?
— Shahardan,— deya aralashdi tikrog’i.— Ne’mat amakimning kattalari. Uzun qora mashinada kelishdi. Kattalari, xotini, qizi, yana Shurik degan o’g’li. Mashinalari bilan huv toqqa chiqib tomosha qilib kelishdi- da, keyin ketishdi.
— Shahardan, de?
— Shahardan, katta shahardan…

U shaharni, katta shaharlarni ham ko’rdi. Lekin o’sha qizni, unga o’xshagan qizni uchratmadi. Go’yo o’sha, osmon favqulodda ko’m-ko’k, tip-tiniq bo’lgan oqshom shamol uni hech kim ko’rmaydigan bir
yoqlarga uchirib ketgan edi.

U soyga ketayotganida doim o’sha qizni yana ko’radigandek tuyulardi. Qiz hamon gujum ostidagi darvoza tirqishidan mo’ralab turgandek bo’lardi.

Soy bo’yidagi chimzorning yuragiga bezovta bir dard kabi o’rnashganiga ham, balki, o’sha g’aroyib oqshom xarsang boshida yashindek bir ko’rinib ko’zdan qochgan shaharlik qiz sababchidir…

O’smirligidagi bu voqea-ku Norboevning kechagidek yodida. Biroq har eslaganida xotini o’smoqchilab so’raguvchi oppoq bulutlar bag’ridan uchib kelgan anov qiz- chi?.. Ehtimol, xuddi o’sha holat unda haqiqatda hech qachon bo’lmagandir. Ehtimol, bu tushdir yoki orzumand o’smirligida xayolida yaralgan mavhum manzaralar samarasidir. Lekin Norboev biror nimadan dilgir bo’lgan, siqilgan chog’larida bir martagina shunday baxtiyorlik, bearmonlik o’zida kechgandek tuyuladi, ko’ngli shundan orom topadi. Bir kuni u xotinidan so’radi:
— Senda ham shunaqa xotirot bormi?

Xotini xayolparastlikda Norboevdan qolishmas va bir qadar shoirtabiat edi. U birpas o’ylandi-da:
— Bilmadim,— dedi.— Qiziq… Bolaligimda ekanmi, hatto go’dakligimdamidi, buvim bilan qayoqqadir ketayotgan edik. Hayron qolasan: quyosh yo’g’u, lekin hamma- yoq yop-yorug’, charog’on. Ikki tarafda baland-baland teraklar. Osmon zangori-zangori, yulduzlar charaqlagan. Pastda, teraklar boshida qandaydir gilam… Ha-ha, teraklarning uchginasida!.. Uchar gilam shu bo’lsa kerak, deb o’ylabman. Gilamda xuddi bir rasmdagiday mashshoqlar, raqqosalar davra qurgan. Biri rahq tushyapti… Ertakdagiday antiqa manzara-ya, to’g’rimi? Lekin men nima uchundir shularni o’z ko’zim bilan aniq ko’rganga o’xshayman…— U andak indamay holdi. Norboev sehrlangan kabi qimirlamay o’tirardi.— Yoqimli bir kuy chalinardi. Tanish, juda tanish kuy. Ammo shuncha eslayman deymanu sira eslab qololmayman, nimasidir tutqich bermaydi. Bo’lmasa shunday qulog’im ostida turadi-yu, ohangi tilimga kelmaydi-ya! G’alati. Xotirami bu yo bolalikda ko’rgan tushimmi—hanuzgacha ajratolmayman.

— Bo’ladi, bo’ladi,— dedi nimadandir qanoat hosil qilgan Norboev quvonib.— Lekin… bu qanday paytlar- da esingga tushadi?
Xotini erkalanib iljaydi.
— Ba’zan, xafa qilganingizda, keyin huv chimzoringizni aytib berayotganingizda.

— Chimzor…— Norboev hasrat bilan pichirladi.— Soy bo’yidagi chimzor… Bu yil qishloqqa borsak, albatta o’sha chimzorda yotib bir maza qilamiz. Eh, sen bilmaysan-da u yerni!— U xotiniga yod bo’lib ketgan manzarani qaytadan aytib bera boshladi.— Tasavvur qil: ikkalamiz cho’zilib yotibmiz, tepangda osmon — baland, op- poq; yonginangda soy, buloq viqir-viqir qaynaydi… Eh, sen ko’rmagansan-da, u yerning osmoni ham, soyi ham, bulog’i ham boshqacha… Ikkalamiz osmonga tikilib yotibmiz. Tashvishlarni unutasan, xuddi hamma orzularingga yetganday, armonlaring yo’qday tuyuladi. Ishon, shunaqa bo’ladi. Bu yil albatta…

Xotini shu tobda xayolparast o’smirga aylanib qolgan erining gaplarini eshitarkan, avval ajablanar, so’ng undagi orzumandlik yuqib, ishona boshlaganini sezmas edi.

Norboev otpuskasini deyarli har yili qishloqda o’tkazardi, biroq har gal ham chimzorini ko’rolmay armonda qaytib kelardi. Bultur ham u ne-ne niyatlar bilan qishlog’iga bordi. Yil
davomidagi diqqatbozlikdan toliqqan ekanmi, yor-jo’ralari ardog’ida yayrab, necha kun o’tganini ham payqamay qoldi. Bir-biriga ulanib ketgan ziyofat-bazmlarga chalg’ib, o’ylab kelgan rejalarini eslashga fursati bo’lmadi, soy bo’yidagi chimzor esa yodiga ham tushmadi.

Bir oqshom, kunduzgi mehmondorchilikdan horib-charchab ayvonda cho’zilib yotarkan, xotini unga va’dasini eslatgan edi, shaharda qilgan xayoli o’ziga erish tuyulib, ajablandi: «Kap-katta odam xotini bilan allaqanday chimzorda cho’zilib yotsa kulgili-ku. Bu yoqda shuncha dabdabali mehmondorchiliklar… Afandilik bo’ladi, yo’q. Keyin bitta-yarimta ko’rib qolsa nima deydi? Bu fikr menda qayoqdan paydo bo’ldi o’zi?..» Xotinining yalinchoq bir qiyofada o’tirganini ko’rib, yumshadi: «Ulguramiz, jonim, shu yerdamiz-ku hali. Erta bor, indin bor…»

Ertasi Norboevning uzoqroq bir qarindoshi vafot qilib qoldi. Fotihaga soyga yaqin o’sha ko’chadan borishga to’g’ri keldi. Marosimga ketayotgani uchunmi, Norboev yalanglik yonidan o’tarkan, ko’ngli battar buzildi, xotirida ajoyib bir manzara bo’lib qolgan o’sha — lo’lilar qo’ngan kechani esladi. Fotihadan qaytishda albatta soy tomonga o’tishni o’ylab qo’ydi. Ammo qaytishda soy bo’yiga tushish ko’ngliga sig’may, bir lahza yalanglik chetida xomush turib qoldi. Basharti u yerga hozir borsa, o’ylagani chiqmaydigandek, natijada, bir muqaddas narsasidan butunlay ajralib qoladigandek bo’ldiyu niyatini keyinga surdi.

Ikki kundan keyin ishxonasidan shoshilinch telegramma keldi. Unda muhim bir masalada ishtiroki zarur ekani ta’kidlanib, tez yetib kelishi aytilgan edi.
— Tinchlikmikan?—deb so’radi xotini.
— Tog’dan xushxabar bor shekilli,— dedi Norboev ich-ichidan quvonib.— Balki boriboq ekspedidiyaga jo’nashimga to’g’ri kelar. Yoki yangi loyihamizni tasdiqlashmoqchimikan?..

Xotini jimgina kulib qo’ydi.
— Siz asli shoir bo’lishingiz kerak edi,— deya so’z qotdi u anchadan keyin,— ta’sirchansiz juda. Yuragingiz tor. Haqiqatni osmonda deb bilasiz ba’zan. Mana, shuncha kuyib-pishganlaringiz zoe ketmabdi-ku. Demak…
Norboev xotinini gapirtirmadi: belidan quchib dast ko’tardi.
— Geologning shoirdan nimasi kam, a? Yuragingiz tor, deysanmi? Tor bo’lgani yaxshi. Ishni yuragi tor, doim kuyib-pishadigan tajanglar o’rinlatadi, bilsang.
— Oh-oh, maqtanishlarini!.. Qancha qiynaldingiz shu loyihani deb.
— Uzoq davom etgan muvaffaqiyatsizliklar g’alabaning juda yaqinligidan darak beradi, degan ekan kimdir. Busiz kashfiyot, hayot bo’ladimi, jonim? Lekin, aytganingday, tinkamni quritgan edi o’zi shu ish. Uchib borgim kelyapti hozir…

Ketishda soy ko’prigidan o’tisharkan, Norboevni favqulodda ayanchli bir hayajon qamradi. U otpuskasi ko’z ochib-yumguncha yarimlaganini, biroq olis shahardan nechog’li qo’msab, oshiqib kelgan chimzoriga yana borolmay, yana uni ko’rolmay, mana endi qaytayotganini o’yladi-da, o’rtanib ketdi. Soy bo’yidagi qadrdon xarsanglar, barra chimzor unga ta’na bilan qarab qolayotgandek tuyuldi. Uzoqlasharkan, ularga boqqancha dilida qasd qildi. «Kelgusi yil albatta, albatta…»

Norboev bugun ham uyiga tajang qaytdi.
Erining avzoyidagi tanish holatni payqab, xotini odatdagidan ehtiyotroq muomalada bo’lishga tirishardi. Norboev xontaxtadagi ustiga sochiq bosilgan choynakni asabiy nari surib qo’ydi-da, choponini yelkasiga tashlab ayvonchaga chiqdi. Panjaraga suyanib, chiroqlari jilva qilayotgan shaharga boqdi. Lekin hech nimani idrok etmadi — xayoli chimzorda, soy bo’yidagi ko’kalamda edi.

Ayvonchada battar diltang bo’lgach, xonaga kirib divanga yonboshladi, bari bir g’ashligi tarqamadi —- choponi bilan boshini burkab oldi. Shu tariqa u divanda anchagacha yotoqchilab yotdi. Bir mahal peshanasida xotinining yumshoq barmoqlari kezayotganini sezdi.
— Charchadingizmi?
— Ey-y,— xo’rsindi Norboev,— Shu yil bi-ir dam olmasak… Qishloqqa boramiz. Soy bo’yida chimzor bor…— U nimadandir xavotirda xotiniga o’tkir tikildi.— Ha?
— Soy bo’yida chimzor bor…— deya unga hayron boqarkan beozor takrorladi xotini. Bu gapni u shu qadar tabiiy samimiyat, soddadillik va ishonch bilan aytdiki, Norboev beixtiyor jilmaydi.

Soy bo’yida chimzor borligini Norboev o’zi biladi. Ammo shu tobda xotinining bu gapiga juda-juda ishongisi keldi. Kayfiyati o’z-o’zidan yorishib ketdi. Xotini sovib qolgan choyni yangilash uchun oshxonaga chiqarkan, ko’zini yumdi. Ko’z oldida tanish manzara namoyon bo’ldi… Ko’m-ko’k, tip-tiniq osmon… Ulkan xarsang ustida turgan oppoq libosdagi qiz… Bog’ ko’cha, kunduzidek oydin. Eshaklar tuyog’idan ko’tarilayotgan chang oydinda kumush g’ubor misoli kezadi. Yalanglik… chodirlar… notannsh allakimlar… bolakaylar baqiriq-chaqirig’i…

U buvisining etagidan tutgancha tuproq ko’cha bo’ylab pildirab ketmoqda. Ko’chaning adog’i ko’rinmaydi…

06

(Tashriflar: umumiy 184, bugungi 1)

1 izoh

  1. Хавас киларли ва мардона эътироф.табриклайман.

Izoh qoldiring