Erkin A’zam: Tafakkurni to’xtatib bo’lmaydi.

056
Эркин Аъзам билан адабиёт, ижод ҳақида суҳбатлашиб тўймайди киши. Қизиқ, гурунгида бўлган киши, гўё асарларини ёзувчининг ўз тилидан тинглаётгандай бўлади. Асарларини ўқисангиз, ўзи билан юзма-юз ўтириб, мулоқот қилаётгандай туюлаверади. Нега бундай? Ҳеч билмайман. Билганим — фақат кўрганини, билганини, кўнглида борини айтади ва ёзади!

044

ТАФАККУРНИ ТЎХТАТИБ БЎЛМАЙДИ
Ёзувчи Эркин Аъзам билан суҳбат
Суҳбатдош Жасур Кенгбоев

Эркин Аъзам билан адабиёт, ижод ҳақида суҳбатлашиб тўймайди киши. Қизиқ, гурунгида бўлган киши, гўё асарларини ёзувчининг ўз тилидан тинглаётгандай бўлади. Асарларини ўқисангиз, ўзи билан юзма-юз ўтириб, мулоқот қилаётгандай туюлаверади. Нега бундай? Ҳеч билмайман. Билганим — фақат кўрганини, билганини, кўнглида борини айтади ва ёзади!
Қуйидаги суҳбатда ҳам шундай бўлди. Фақат бу гал, илло-билло адибнинг розилиги билан гурунг йўриғини адабиёту ижод мавзуидан сал бошқа томонга — ҳаётимиз, ён-атрофимиздаги одамлар, инсон тафаккуридаги ўзгаришларга қараб бурдик.

Эркин ака, айтинг-чи, ўзбек зиёлиси сифатида бугун одамлар руҳиятида қандай ўзгаришларни сезасиз? Дейлик, ўтган асрнинг 80-90-йилларидаги одам билан бугуннинг кишиси ўртасида қандай тафовутларни кўрасиз?

Кечаги замоннинг қавми хийла содда, кўнгилчанроқ эди, назаримда. Лекин ҳам руҳан, ҳам амалий жиҳатдан бирмунча танбалмижоз эди-ёв?! Фаоллашувига на рағбат, на имконият бор эди-да. Ишласангиз-ишламасангиз ўша маош, кесиб қўйилган, ортиғига изн йўқ.

Бугунгилар эса бир қадар нақдпараст (прагматик) бўлиб қолгандек. Нимани айтманг, дарров бармоқ букиб фойда-зарарини ҳисоблашга тушади. Алланечук безовтами-ей, жонсаракми-ей, ўзини ҳар ёққа урган…

Хўш, қайси бири маъқул бунинг? Дангал хулоса қилмоққа шошмай турайлик. Негаки, салбий-ижобий дегандек томонлари бор-да. Аммо шуниси аниқки, барибир эркинлик яхши, эркин танлов муҳити пеш. Ҳам шахсий, ҳам ижтимоий тараққиётга йўл очади.

Қолаверса, биз энди йигирманчи асрнинг эмас, янги юзйилликнинг, ҳатто, янги мингйилликнинг одамларимиз. Рақамларнинг одатдаги ўрин алмашинуви деб қарамаслик керак бунга. Жаҳон миқёсидаги гоҳ улкан, гоҳо дафъатан кўзга ташланмайдиган ўзгаришлар бугунги инсоннинг руҳиятига таъсир ўтказиши табиий.

Ҳар даврнинг ўз мавзуси, муаммоси бўлади. Уларнинг ечимида зиёлиларнинг фикри ҳам катта роль ўйнайди. Сизнингча, бугунги кунда қайси масалалар халқимиз (миллатимиз) учун энг долзарб? Зиёлиларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни қандай бўляпти, деб ўйлайсиз?

Дастлабки саволингизнинг давомига ўхшайди… Долзарб масалалар-ку, бир талай. Ана шулардан бири, менинг назаримда, энг биринчиси — ҳали айтганимиз бесаранжомликда, замон долғаларида ўзини, ўзлигини, инсоний шаънини бой бериб қўймаслик муҳим. Қолгани — бўладиган гаплар.

Зиёлиларнинг ўрни масаласига келсак… Ўзимизга ҳам боғлиқ. Бойлигу, шон-шуҳрат илинжидагина юрган, гоҳо калла қолиб, бошқа аъзолари билан фикр қилмоққа ишқибоз шоу-бизнесчиларга бериб қўймайлик-да ўрнимизни. Аччиқроқ туюлса ҳам бор гап шу.

Инсон ўзини тугал бахтли-бахтиёр ҳисобламоғи учун, сизнингча, нималар керак?

Шундай тўкис-тугал, беармон одамни кўрганмисиз ўзи? Эҳтимолки, ёшлигида қўшни бола билан муштлашиб, бурни бир умрга пачоқ, хунук бўлиб қолгандир унинг? Эҳтимол, ҳаётда ҳамма нарсага эришган-у (демак — бахтли), ана шу «пойга» асноси кимгадир номардлик қилиб қўйган, яна кимларнингдир олдида юзи қорадир?..

Биров дабдабали иморатлар қурмоқни, биров етти иқлимга жар солиб, тўйлар қилмоқни ёки ҳашаматли машина минмоқни камоли бахт деб билар. Бошқа бировнинг назарида эса буларнинг бари бир пуллик ҳавасдир, холос. Чунки у аввало ўзини, ҳаётдаги асл ўрнини қидириб юрибди. Шу одамга халақит берманг — чин бахтни кўзлаб йўлга чиққан у!

Менинг содда ақидам бўйича, ҳақиқий бахт-иқбол — қаноатда, дилижамликда. Сабр-қаноатнинг кўчасидан ўтмаган, хотиржамлик нималигини билмайдиган кимса бахтиёрлик даъво қилса, асти ишонманг. У ё ўзини пухта англаб етмаган ҳовлиқма бир банда ёки тўймас бир юҳо!

Биз қандай одам бўлишимиз ўзимиз туғилиб ўсган оила муҳитига боғлиқ. Лекин ҳаёт-да, зиёли, маърифатли оилаларда ҳам баъзан бебурд, тарбиясизроқ болалар вояга етиши мумкин. Ёки аксинча. Биз учун ана шу аксинчаси бўлмоғи кўпроқ муҳим. Нима дедингиз?

«Зиёли, маърифатли оила» дедингиз-у, «тарбиясизроқ» ибораси ҳам қўшилиб кетди… Бор айбни ўша ернинг ўзидан ахтараверинг. Демак, сиз айтганчалик эмас, бир қусури бор экан-да. Туппа-тузук зиёли дўстимнинг ёлғиз арзандаси ножўя бир ишга қўл уриб, қамалиб кетди денг. Ота югура-югура, «одам қилиб» олиб чиқди. Бироқ кўп ўтмай… Ўша дўстим бугун бошини чангаллаб ўтирибди. Ўзимдан ўтган, дейди, ҳаммагинаси ўзимдан…

Фарзандларимиз оилада ибратни биздан олади, бошқаси бекор! Яхши ибратни ҳам, ёмонини ҳам. Бир бедаво ароқхўрнинг ўғли шишадан ҳазар қилар эмиш. Оқибатини кўравериб нафрат пайдо бўлган-да. Бунақаси ҳам бор.

Сиз ҳам эшитган бўлсангиз керак, бир устозимиз «Яхшилик жазосиз қолмайди» деган гапни кўп такрорлаб юради. Бу ўта замонавий мақолдай туюлади менга. Сизга-чи?

Бировга нимадир яхшилик қилсангизу эвазига ундан ҳам нимадир умидвор бўлсангиз, кўпинча доғда қоласиз. Жазоси шу. Яхшиси, ҳеч нима кутманг. Сувга отинг — билгани билар. Ишонинг, қилган яхшилигингизнинг жавоби сиз мутлақо кутмаган томондан унади. Масалан, каминада кўп бора шундай бўлган. Яхшилик қайтмас экан, деб ноумид юраверсак, жаҳолат жарига бориб қолишимиз ҳеч гап эмас. Бу «занжир»нинг ҳаракат доираси доим ҳам сиз ўйлаган тарафга айланмаслигига қойим бўлсангизгина қилган яхшилигингиз учун ўкинмайсиз. Қоидаси шу.

Сизнинг асарларингизда (хусусан «Забаржад», «Жаннат ўзи қайдадир», «Паризод») ўзбек аёлининг тақдир битиги ўзгача рангларда ифодаланган. Албатта, ҳаётда бундай аёлларга дуч келмаган одамга ушбу образлар хаёлийдай туюлаверса керак. Бу борада ўзингиз қандай фикрдасиз?

Ҳаётни ҳар ким ўзи кўрган-билгани бўйича баҳолайди. «Ҳаётда унақаси бўлмайди, бунақаси бўлмайди» қабилидаги ҳукмлар ана шундан келиб чиқади. Балки сиз қараган «туйнук»дан у нарса кўринмагандир. Сизнинг билганингиз яккаш теварак-атрофингиздагилардир, холос. Ахир улардан нарида ҳам… одамлар бор, нотаниш ҳаёт бор!

Хўш, ўша тилга олинган қаҳрамонлар бир қадар бошқачароқ, илгари адабиётда етарли тадқиқ этилмаган образлар бўлса, бунинг нимаси ёмон? Ҳаётда улардан-да қизиқлари, бетакрорлари тўлиб ётибди. Манзилини айтайми? Атрофингизга яна бир бор яхшилаб назар ташланг-чи. Кўриняптими?..

Ул эмас, бул эмас, ўта сипо, серандиша бўлиб қолганмиз. Унча-мунча гапни қаламга олишдан чўчиб турамиз.
Қолаверса, эстетик идеал деган тушунчани ҳам унутмаслик керак.

Вақт ўтаверади, тафаккурни ҳам тўхтатиб бўлмайди. Мана, давлатимиз мустақил бўлганига ҳам 22 йил тўлиб турибди. Истиқлол шодиёналари «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» деган залворли шиор билан кутиб олиняпти. Айни лаҳзаларда сизнинг кўнглингиздан қандай гаплар ўтяпти?

Дунё ҳозир нотинч, биласиз. Қаёққа боқманг бир ғавғо, бир можаро! Шундай шароитда бизнинг юртимизда тенгсиз неъмат — хотиржамлик, барқарорлик ҳукмрон. Бунинг қадру баҳосини билган билади. Айниқса, бизга ўхшаб тўполон ёшлик билан хайрлашиб, кўнгли бир сокинлик, офият истаб қолганлар учун ҳеч нимага бергусиз ғаниматликдир бу.

Manba: http://od-press.uz

(Tashriflar: umumiy 28, bugungi 1)

Izoh qoldiring