Erkin Vohidov. Dil tubiga cho’kkan lahzalar

ustoz
Бир куни хонамизга орден таққан кекса бир одам кириб келди ва салом — аликдан сўнг: — Менга шоир керак, ичингизда ким шоир? — деб сўради. Нашриётнинг энг катта шоири Қудрат Ҳикмат эди. Лекин у кишининг чоллар билан суҳбат қуришга тоби йўқ эди шекилли, меҳмонга пойгакда ўтирган мени кўрсатиб, ана шоир, деди ва ўзи ўтирган стулни қарияга бўшатиб ташқарига чиқди. Қолганлар ҳам бирин-сирин чекиш баҳонасида хонани тарк этдилар. Қария стулга бафуржа чўкиб, муддаони баён қилди…

088
ЭРКИН ВОҲИДОВ
ДИЛ ТУБИГА ЧЎККАН ЛАҲЗАЛАР
Хотира дафтаридан парчалар

02

Мен айтиб турай, сен ёз!

1960 йили мен эндигина университетни битириб, ёшлар нашриётида иш бошлаган эдим. Торгина хонада тўрт киши ўтирардик: уч муҳаррир ва мен – кичик муҳаррир.
Бир куни хонамизга орден таққан кекса бир одам кириб келди ва салом — аликдан сўнг: — Менга шоир керак, ичингизда ким шоир? — деб сўради. Нашриётнинг энг катта шоири Қудрат Ҳикмат эди. Лекин у кишининг чоллар билан суҳбат қуришга тоби йўқ эди шекилли, меҳмонга пойгакда ўтирган мени кўрсатиб, ана шоир, деди ва ўзи ўтирган стулни қарияга бўшатиб ташқарига чиқди. Қолганлар ҳам бирин-сирин чекиш баҳонасида хонани тарк этдилар. Қария стулга бафуржа чўкиб, муддаони баён қилди:
— Гап бундай, ўғлим, ёшим етмишдан ошди, урушни кўрдим, Фарғона каналида ишладим, колхоз қурилишида қатнашдим. Кўрган кечирганларим ўзим билан кетмасин, мен айтиб турай, сен ёз. Айтаберсам катта рўмон бўлади.
Ёши улуғ, муҳтарам меҳмонга қандай баҳона қилишни билмай турган эдим, “рўмон” сўзи жонимга оро кирди. – Мен рўмон ёзмайман, — дедим афсус оҳангида — фақат шеър ёзаман.
— Барибир эмасми, — дея эътироз қилди меҳмон – Биз китоб ёзадиганларнинг ҳаммасини “шоир” деймиз.
Хуллас, ўша куни орденли қарияни хурсанд қилолмадим. Минг узр ва баҳоналар айтиб кузатдим. Чолнинг ғамгин чеҳраси кўз ўнгимдан кетмайди. Мана бугун замонлар ўтиб ўзим дунёнинг аччиқ-чучугини тотиб кўргач ўша қариянинг эҳтиёжини сезиб турибман. Бирор қаламкашга, мен айтиб турай, сен ёз, дегим келади-ю, аммо мен қалбдан кечирган туйғуларни ким ўзимдек баён қилолади?
Инсон умрида кўрган кечирганларини ёзиб чиқса яна битта умр керак бўлади. Ўйласам, ўтган фурсат оқиб кетган қум экан. Ботмонлаб қумдан мисқоллаб олтин олинганидек ҳаётинг мазмуни бўлган, сени инсон қилиб шакллантирган, дил тубига чўккан олтин лаҳзалар бўлар экан. Бундоқ бойликни фарзандларга мерос қилиб қолдирса арзийди. Яхши ният билан қўлга қалам олдим. Кўрганларим сиз ёшларга ибрат бўлсин, мен қоқилган тошларга сиз қоқилманг, дейман. Биз бош урган баланд деворларни, биз тўрт букилиб кирган паст эшикларни сиз кўрманг. Ўзга олам, ўзга даврон, озод ва обод Ватан сизники. Йўлингиз ойдин бўлсин.

Парткомнинг ўғли

Ўша йили қишда отамни Марғилонга МТС парткомига котиб қилиб юборишди. Қор аралаш ёмғир ёғиб турганда занжир ғилдиракли тракторга уланган тиркаманинг очиқ платформасига юкларимизни ортиб Олтиариқдан Марғилонга кўчганимиз эсимда. Онам, чақалоқ укам Элбурс трактор кабинасида, отам, амаким, яна бир-икки кузатувчилар очиқ платформага чиқишди. Йўлда тиркама ғилдираги ариққа тушиб юкларимиз ағдарилганини кўрганман. Ягона мебелимиз ҳисобланган шкаф – уни ўзбекча қилиб “ғаладон” дейишарди – лойга қорилгани кўз олдимда. “Ғаладон”ни эслаб қолганим сабаби шуки, мактаб ўқитувчилари бўлган отам, онам икковлари олган ойлик маошларини унинг тортмасида сақлар эдилар. Ким бозорга борадиган бўлса унга кўпинча, – пул ғаладоннинг тортмасида, деган сўз айтилар эди. Тортма қулфланмас, шогирдлар, жиянлар керакли пулни олиб бозор қилишар экан. Ўша – қишлоқча соддалик, тўғрилик, кенглик, ишонч муҳити мен эсимни таниб кўрган, билган, умрим бўйи юракда ҳавас билан асраган эзгу хотирадир.
Астойдил ният қилган эканман, йиллар ўтиб ўзим оила қурганимда хонадонимизда шундай муҳит қарор топди. Бунга мингдан минг шукрлар қиламан.
Хуллас, қирқ биринчи йил охирларида қишнинг қор аралаш ёмғири остида биз Олтиариқдан Марғилонга кўчдик. Ўша лойли йўл, тунд об-ҳаво, куппа кундузги ярим қоронғилик руҳиятимда оғир таассурот қолдирган.
Айниқса отамнинг шалаббо бўлган пальтоси, лой теккан юзи кўз олдимдан кетмайди. Урушдан оғир ярадор ва хаста бўлиб қайтган отам қирқ олтинчи йилда айнан ўпка шамоллаши касали билан оламдан ўтди.
Ҳамма буни урушдан кўрса ҳам мен ўз гўдак хаёлимда ўрнашиб қолган ўша кўчиш воқеасидан кўраман. Отам ўшанда ўпкани совуққа олдирган деб ўйлайман. Ўйлайману ўз ўзимга савол бераман. Шундай об-ҳавода кўчиш шартмиди? Соддаликмиди, ватанпарварликмиди, ё партиявий топшириқни бажариш заруратимиди бу? Яъни халқ бошидаги азалий қулчиликнинг шакли-шамоилимиди?
Марғилон. Кенг дала баҳор чечаклари билан қопланган. Янги кўчиб келган ишчилар учун қурилган қатор ёғоч уйлардан МТС биноси кўриниб турарди.
Бир кун болалар билан ялангоёқ ўйнаб юриб у бинога бориб қолдик. Бир тўп одамлар орасида гаплашиб турган дадамни кўриб севинчим ичимга сиғмай қичқирганча унинг олдига югуриб бордим. Дадам эса мен томонга ўгирилиб, зарбба билан: “Почему босяком?” деди. Ўша кунгача уйда ҳам, кўчада ҳам бир оғиз русча сўз ғулоғимга кирмаган эди.
Табиийки, тушунмадим. Қўрқиб уйга қочдим. Ўша аччиқ зардали сўз қулоғимга ўрнашиб қолди. Болалар билан урушиб қолсам уларнинг сўкишига жавобан мен ҳам “Почему босяком?” деб юрганман.
Ўшанда мен болакай парткомнинг ўғли ялангоёқ юрмаслиги, маданий оила фарзанди сифатида русча гаплашиши кераклигини қаёқдан билай?
“Почему босяком”нинг маъносини тушунгунимча йиллар ўтди. Лекин ўша кунги ҳолатнинг моҳиятини англаш учун умр керак бўлди.

Ҳаётнинг биринчи зарбаси

1962-йилда мени бир гуруҳ ноширлар қаторида Боку ва Ереванга, Озарбайжон ва Арманистон нашриётчилари билан тажриба алмашиш учун сафарга юборишди. Кавказнинг сеҳрли манзаралари, денгизу тоғлари мени лол қолдириб, бир туркум романтик руҳдаги шеьрлар ёзган эдим. Айниқса, ғазалларини жондан севиб қолганим Муҳаммад Фузулийнинг мармар сиймосини Бокуда кўриб чексиз ҳаяжонга тушганман. Ўшанда бамисоли ўз-ўзидан қуюлиб келган “Фузулий ҳайкали қошида” шеьри мен учун ҳали-ҳамон қадрлидир.
Ўшанда мен мумтоз шоир шеьрларига маҳлиё бўлиб, ўзим ёзган сатрлардан ўзим завқланиб юрганимда, бу шеьр менга талай кўргиликлар келтиришини ўйлабмидим?
Шеьр “Ўзбекистон маданияти” газетасида босилгач кўп ўтмай Ёзувчилар уюшмасининг йиғинида ушбу даргоҳ раҳбарларидан бири мени аёвсиз танқид остига олиб, шеьрларимни сиёсий тутуриқсизликда, ёт ғояларни тарғиб қилишда, пессимизм ва яна аллақанча мен тушунмаган “изм”ларда айблади. Танқид марказида “Фузулий ҳайкали қошида” турди. “Бизлар, — деди нотиқ, — ёш шоирни Кавказга сафарга юборганимизда у Боку нефтчиларининг қаҳрамонлик меҳнатидан илҳом олиб, кўкка бўй чўзган нефт қурилмалари ҳақида залворли шеьрлар ёзар, деб ўйлаган эдик. У бўлса аллақайси шоирнинг кўз-ёшларини шеьрга солибди. Партия шоирлар олдига улкан вазифалар қўйиб турганда, бундай ижод намуналарини ёзиш ўтакетган маьсулиятсизликдир!” Ўшанда гулдурос қарсаклар билан қарши олинган оташин бу нутқ Ёзувчилар уюшмаси деворларидан ошиб, компартия ва комсомолнинг баланд минбарларига кўтарилди. Аввал менинг исмим комсомол сьездида маьрузага тушди, сўнг Ўзкомпария котибининг пленумдаги нутқида тилга олинди. Барча танқиднинг мазмуни ўша Ёзувчилар уюшмасидаги дашномнинг ўзи эди. Ёш умидли шоир бўлиб юрган йигит бир лаҳзада буржуа ғояларини ташувчи ёт унсурга айланиб қолдим. Менинг изтиробли, аламли, ички исён билан тўлиб тошган кунларим бошланди.
Ҳар балонинг дафьи бор, ҳар зарарнинг нафьи бор, дейдилар. Юқори даргоҳларнинг ғазабли наьраси акс-садо бериб, элдан менга эьтибор, ҳамдардлик бўлиб қайтди. Танимаганлар таниди. Бирор шоирни ҳалқ ичида машҳур қиламан, деган ҳукумат унга мақтовлар ёғдириб тарғиботлар қилмасин, балки аёвсиз дўппосласин экан. Айниқса, шўро давридаги каби эл назаридан қолган ҳукумат учун бундай тескари тадбир айни муддао бўлар экан.
Шундай қилиб менинг ҳеч ким танимаган номим миш-мишлар қанотида элга тарқалди, биров ўқимаган шеьрларим қидириб топиб ўқиладиган бўлди. Ахир Ўзкомпартиянинг мафкура котиби ўзи олий фирқа минбаридан тилга олиб турса мен машҳур бўлмай ким машҳур бўлсин? Менга томон йўналтирилган қудратли зарба бамисоли митти қушга қарата отилган замбарак эди. Бу зарба ҳар жиҳатдан менга фойдали бўлди. Аввало мени элга танитди, ўз юртимда ва қардош ҳалқлар ичида дўст ва ҳайриҳоҳларим кўпайди. Ўзим ҳушёр тортиб, ёшлик, ҳаваскорлик қобиғини тезроқ ёриб чиқишим учун ҳам бундай “совуқ сув”нинг фойдаси бўлди.
Аслида бизнинг устимизга етиб келган қора булутларнинг туғилган макони Москов шаҳри эди. Шўро раҳбари Никита Хрушевнинг бир гурух янгича фикрловчи ижодкорларга минбарни муштлаб қилган дардағаси, мафкурада мен сталинчиман, дея ўшқирган овози Тошкентда ҳам акс-садо берган эди. Московдаги каби бу ерда ҳам адашган ёш ижодкорларни топиб танбеҳ бериш керак эди. Шу талабга “лаббай” деб жавоб берган ўзимиз бўлиб чиқдик.
Бу тарихни эслашдан мақсад зинҳор ўзимни ўтмиш жабрийдаси қилиб кўрсатиш эмас. Шукрки, ўттизинчи ёки эллигинчи йилларнинг довуллари бизнинг бошимизга келмади. Давр бошқа, муҳит бошқа эди. Ҳаётнинг илк зарбасидан омон чиқдик, лекин синовлар ҳали олдинда эди.

Болалигим боғлари

Тахтапулдан чиқиб кунчиқар томонга бирор чақирим юрмасдан кенг дала ва боғлар бошланарди. Биз ёз бўйи билқиллаган иссиқ тупроқни ялангаёқ босиб, олмазор, узумзорларда ўйнар, полизлардан ҳандалак, қовун-тарвуз узиб, ёриб ердик, ариқларда чўмилардик.
Тошкент аҳлининг кўпчилиги ёзда дала ҳовлисига кўчиб кетар, кеч кузгача меҳнат қилиб қишликни ғамлаб қайтарди.
Ҳозирги кичик ҳалқа йўл билан Уста Ширин кўчаси оралиғида қариндошларимизнинг боғлари, полизлари бўлар, баҳорги қулупнай мавсумидан то кузги хазончинаккача, ҳам ҳашар, ҳам ошар деганларидек, у ерлардан қадамимиз узилмасди. Ёнғоқ қоқиш ва териш борми, тутга чиқиб шох силкитишу тут тагида чодир тутиб туриш борми, ҳаммаси бизнинг бўйнимизда, ўйнаб-яйраб бажарар эдик.
Кекса тут шохлари бизга ҳам топ-аттракцион, ҳам люкс ресторан эди.
Ўша болалик кунларимни эсласам димоғимга жийда гулининг ҳиди келади. Дала ҳовлининг эшиги ёнида ўсган бир туп жийдадан атрофга ширин бўй таралар, унинг тагидан нари кетгим келмасди.

Кўмилган тракторлар

Ўттиз еттинчи йилнинг “қама-қама”сида кунлардан бир кун Олтиариқ тумани прокурорига махфий конверт келади. Конверт ичида судья Карим Сахибоевни қамоққа олиш тўғрисида ордер бўлади. Прокурор ўз дўстини, яъни менинг тоғамни бу гапдан огоҳ қилади ва тунги поезд билан Тошкентга жўнатиб юборади. Эртаси куни ўзи қамоққа олинади.
Мен бу улкан гавдали одамни биринчи бор 1956 йилда кўрганман. Маҳкам ака Сибирнинг қаҳратонларини кўриб, Магадан, Воркута лагерларида соғлиқдан айрилиб қайтган эди. Бизникига ҳарсиллаб-гурсиллаб, оёғини зўрға судраб келар ва айвонга ўтириб сув сўрарди. Чўмичда эмас, пақирда олиб кел, дерди.
Ҳозир энди фикр қилсам, у шўрлик исканжа азобларида минг дард қатори қанд касаллигини ҳам орттирган экан.
Мустабид тузумнинг қурбони бўлиб тирик вайронага айланган бу инсон ўз бошидан кечирган антиқа ва даҳшатли воқеаларни менга сўзлаб берарди.
Маҳкам акани Фарғона ҳибсхонасига қамагач уни сўроқ қилиш ўрнига олдига бир варақ оқ қоғоз қўйиб, шундай дейдилар: “Ўзинг прокурорсан, бизнинг ишимизни биласан. Сени қийноққа солиб ўтирмайлик. Халқ душмани эканингни бўйнингга олиб, иқрорномани ўзинг ёз.
Замон сиёсатини тушунган Маҳкам Каримбоев шундай мазмунда иқрорнома ёзади: “Мен ҳақиқатдан ҳам колхоз тузумига қаршиман, халқ душманиман. Бунинг исботи шуки, колхознинг элликта тракторини жарликка кўмдириб юборганман…”
Тутқун прокурор албатта бундай “иқрорнома”га бирор оқил инсон ишонмаслигини билган. Биринчидан, ўша замонда колхозда элликта трактор нима қилсин! Иккинчидан, яқин атрофда жарликнинг ўзи йўқ. Учинчидан, трактор игна эмаски, элликтаси кўмиб юборилса-ю биров тополмаса.
Ўшанда айбим текширилар, адлия тизимида бирор эсли одам бордир, деб ўйлабман. Адашган эканман, — дерди Маҳкам ака, — Бундай тизимнинг ўзи йўқ, адолат эса отиб ўлдирилган экан. Ўзим тўқиган бетайин гуноҳ билан ўн тўққиз йил маҳбуслик азобини чекдим.
Бу сўзларни эшитганда мен биринчи курс талабаси эдим. Менинг ёш кўнглимга ғалаён солган, содда хаёлларимни ағдар-тўнтар қилган бу дардли ҳикояни эсласам ҳали ҳануз вужудим ларзага келади.

Бир отим нос хумори

Эски шахарнинг Коҳота маҳалласида турардик. Девор қушнимиз боғдор эди. Шаҳар ташқарисидаги каттагина дала ховлисида ёз бўйи мева, сабзавот етиштириб, рўзғордан ортганини бозорга чиқарар, ундан ҳам қолса Сибир томонларга олиб бориб пулларди. Ўзи бениҳоя меҳнаткаш, тиниб тинчимаган одам, хотини ҳам саранжом-саришта, режали аёл эди. Шаҳар ховлида мол, қўй, товуқ боқишар, Тошкентда биринчилардан бўлиб иссиқхона қурган шу оила бўларди. Бу хонадонда ҳамма вақт хам нарса бор, кимга нима керак бўлса, боласини Болтабой аканинг уйига югуртирар эди.
Бир кун ишдан қайтаётсам, Болтабой ака эшиги тагида бошини чангаллаб ўтирибди. Доим қувнок, ҳаракатчан бу одамни ҳечқачон шундай ахволда кўрмагандим. Салом бериб ҳол-аҳвол сўрадим.
— Э, нимасини айтаман! Новосибирга мева-чева юборган эдим. Сотишга қўйган шеригим телеграмма юборибди. Чекадиган носи қолмаган эмиш. Эртага нос етказсанг етказдинг, бўлмаса олма-анорингни ташлаб кетаманг, дебди.
Бу гап менга нашьа қилди. Ўзимни кулгидан тўхтатолмадим.
— Кулма, ука. Битта банги носкаш хонумонимга ўт қўймоқчию, сен куласан. Энди мен бошимдан ошиб ётган ишларни йиғиштириб ўша нос жиннисининг хуморини ёзишим керак. Эртага укамнинг никоҳ тўйи бўлмаса ҳам майли эди…
Шу пайт ҳаёлимга бир фикр келди. Ҳожатбарор бу инсоннонг ҳожатини чиқарсам дедим:
— Ғам еманг, Болтабой ака, Новосибирга нос олиб бориш бўлса, мана мен тайёрман. Эртага шанба, индинга якшанба. Зарур ишим йўқ, сайр қилиб келаман.
Қўшнимнинг чеҳраси ёришиб кетди:
Раҳмат, барака топ, ука. Сенинг ҳам тўйингда хизмат қилай.
Шундай қилиб эртаси тонгда самолёт чиптаси билан бир халта нос қўлимга тегди ва мен “ҳаё-ҳай, Новосибир, қайдасан,” деб учиб кетдим.
Тайёрадан тушиб таксида тўғри шаҳар бозорига кетдим. Тошкентнинг олтин кузидан чиқиб росмана қаҳратон қишга келибман. Қор босган қарағайзор йўллардан ўтиб бозорга келганимда совуқнинг забтини сездим. Йигирма-ўттиз даражадан кам эмас.
Шахар бозори кўзимга Эски Жуванинг кичик бўлимидек туюлди. Негаки, пештахталар ёнида беқасам тўн ё қора чопон кийган кўпгина водийлик юртдошларимни кўрдим.
Ўша лаҳзада мен кўрган манзара умрбод эсимдан чиқмайди. Совуқда қақшаб тургвн мусофирларнинг бирортаси ҳам эгнига поча пўстин, бошига қулоқчин киймаган, иссиқ юртда қандай юрган бўлсалар шундай холда келган эканлар. Тўн остида юпун яктак, бошда дўппи, минглайга шоҳи қийиқчи боғланган, кўкраклар очиқ, оғиздан чиққан ҳовур соқол-мўйловларни, жундор яғринларни оппоқ қировга кўмиб, шўрликларни тайёр қорбобога айлантирган эди. Болтабой аканинг шеригини зўрға топдим. Жонузоқ дегани чўтир, чўлоқ, баджаҳл одам экан, мени ким юборганини эшитдию бозорни бошига кўтариб сўкакетди. Умримда бунақа хунук, ахлоқсиз ва бунақа бадиий ёрқин, ташбиҳларга бой сўкишни эшитмаганман. Ўша онда хаёлимдан кечди: агар сўкиш саньат бўлса, шу одам буюк классик бўлар эди.
Боғдор қўшним тайинлаганди. Жонузоқни кўришинг билан энг аввал қўлига носни тутқаз, ўзингни кейин таништирасан, деганди. Шеригининг феьлини билган экан. Мен дарҳол хатони тўғрилаб носни узатдим. Жонузоқнинг овози ўчди. Бир кафт носни тил тагига ташлаб, тунука пақирга лой чаплаб ясалган қўлбола манқол ёнига чўкди, кўз юмганча қўлларини иситди. Ҳалиги бақириққа йиғилиб келган бозорчилар тарқалиб кетгунча кўз очмай, чурқ этмай ўтирди. Мен ҳам унинг чўтир башарасига тикилиб ўтирдим. Кўз олдимда бу хунук, бефайз башарага аста-секин қон югуриб, лаблар асабий титрашдан тўхтади, бўртиб чиққан томирлар жойига келди, ёноқларга нур таралиб дақиқалар ичида махлуқий турқ инсоний чеҳрага айланди. Жонузоқ кўз очганда у энди бошқа Жонузоқ эди. Пештахта остига носни туфлаб ўрнидан турди, менга ҳижолатомуз табассум билан, келинг, ука, кўришиб қўяйлик, деди ва қучоғини очди.
Ўша куни мен саноқли соатларда айни пишиқчилик фаслининг қаҳратонга алмашганини, сонияларда бир инсоннинг тамоман бошқа инсонга айланганини кўрдим. Бундай синоат учун минглаб чақиримга парвоз қилсанг арзийди.
Эртасига шаҳарни айландим, Обь дарёси бўйларида ёлғиз кездим. Минг йиллар нарисида шу дарё соҳилларида умргузаронлик қилган олис аждодларим билан хаёлан суҳбатлашдим. Дарё менга уларнинг қўшиқларини айтгандек бўлди. Тўрт юз йил нарида Бухородан кўчиб келган, шу яйловларда мол ҳайдаб юрган ватандошларим билан ғойибона сўзлашдим…
Бу воқеа 1962 йил ноябр ойида юз берган бўлса, шундан буён эллик йил яшаб дунёнинг ярмини кездим. Ватан соғинчи нима эканини кўп бор ҳис қилдим. Юртимнинг бир тишлам иссиқ тандир нонига, карсиллаган бир шингил узумига , бир тилим қовунига зор бўлсам, ҳар гал ўша Жонузоқ ёдимга келади, унинг кўзига дунёни қоронғу қилган бир отим нос хуморини эслайман.

Мерганлик мактаби

1963 йил Хоразм учун омадли келган эди. Пахтадан мисли кўрилмаган ҳосил кўтариб “Машъал” номини олган, мамлакатга донг таратган эди. Декабрнинг қорли, аёзли кунларида вилоятнинг ҳосил байрамида қатнашиш учун Ёзувчилар уюшмаси топшириғига кўра (у вақтларда ёзувчиларга ҳам топшириқ бериларди) шоир Шуҳрат, унга ҳамроҳ ва ёрдамчи бўлиб камина Урганчга келдик. Ўшанда мен илк бор таниқли адибга бўлган эл ҳурмати, мухлислар меҳрини кўрган, ҳавас қилган ва кўнглимда, киройи шоир бўлсанг Шуҳрат акадай шоир бўл, деган фикр кечган эди.
Хоразмда бир хафта қолиб кетдик. Тантаналар ўтгандан кейин ҳам мухлислар Шуҳрат акани Тошкентга юборишмади. Ҳар куни зиёфат, шеърхонлик, тонготар ширин суҳбатлар…
Бизнинг бош мезбонимиз вилоят ёзувчилар уюшмаси раҳбари, овчи, ов мавзусида кўп ҳикоялар ёзган Раҳим Бекниёз бир кун эрталаб Шуҳрат акага қўшоғиз милтиқ олиб келди. – Бугун овга чиқамиз, – деди у, – айни мавсумда келдингиз, ўрдак, қашқалдоқ, каклик ёғилиб кетган.
Эски “виллис”ни миниб йўлга чиқдик. Шуҳрат ака, Раҳим Бекниёз ов қиладиган, Эркин Самандар билан мен йиғиб қопларга соладиган бўлдик.
Ўша кечаси қор жуда қалин ёққан экан. Тиззадан қор кечиб ярим кун ов қидирдик.
Ўрдак, қашқалдоқ у ёқда турсин, бедана ҳам кўринмади. Шуҳрат ака Раҳим Бекниёзга ҳазил қилди: – Ёғилиб кетди деганинг қор экан-да? Эркин Самандар устознинг ҳазилини давом эттирди: – Биздан нима отдинг, деб сўрасалар, қорда одим отдик, деймиз.
Шундай қилиб, бизлар учун тушлик тайёрланган қароргоҳга оч қорин ва бўш қоплар билан қайтдик.
Хоразмликлар меҳмоннинг кўнглини олиш учун нималар қилмайдилар! Овимиз бароридан келмаганини эсдан чиқариш учун мезбонлар бир ажабтовур мерганлик мусобақасини ўйлаб топдилар. Овдан тежалган ўқларни ичкиликдан бўшаган шишаларга отадиган бўлдик. Ўйин шарти шуки, ким ўн қадамдан шишани урса, тўла бир қадаҳ мукофот олади.
Биринчи бўлиб мерганлик маҳоратини қирқ йиллик овчи Раҳим Бекниёз кўрсатадиган бўлди. Узоқ вақт мўлжалга олди. Бир неча марта милтиқни тушириб, қўлларини осмонга кўтариб, эй худо, шарманда қилма, деб пичирлаб дуолар ўқиди. Ниҳоят тепкини босганда варанглаган овоз таралдию, шиша ўрнидан қимирламади. Овчи афсус-надоматлар билан четга ўтди. Қарангки, жанг-жадаллар кўрган, “Шинелли йиллар” романининг муаллифига ҳам омад кулмади. Шуҳрат ака совуқни айбдор қилиб қўл силтаб уйга кириб кетди. Навбат каминага келди. Умримда милтиқ тутмаган эдим. Кўзимни юмиб тепкини босдим. “Тепки” деб бекорга айтилмас экан, қўндоқдан тепки еб қорга йиқилдим. Лекин омадни қарангки, шиша чилпарчин бўлди. Мезбонлар “ура” садолари билан мени табрикладилар. Қарсаклар остида қадаҳни бўшатдим. Ўша куни ғалаба менда кетди. Отган ўқларимнинг барчаси нишонга тегди. Нечанчи қадаҳ мени қулатди, эслолмайман. Эрталаб бошда оғриқ, лекин кўнгилда “ғолиблик” қувончи билан уйғондим. Нонушта вақтида Шуҳрат ака менга айтган сўзлар ҳали ҳамон эсимдан чиқмайди: – Содда бўлмай қол. Ўн қадамдан сочма ўқ билан шишани уриш эмас, урмаслик учун ҳунар керак. Дўстларимиз бизни ҳурсанд қилиш учун ҳаракат қилишди. Омад келди, деб йиқилгунча ичасанми?
Кечаги ғурур, кўтаринкиликдан асар ҳам қолмади. Ўзимнинг алданиб ҳаммага кулги бўлганим алам қилди. Руҳиятимдаги ўзгаришни сезган Шуҳрат ака бироз юмшади: – Булар-ку ўз дўстларимиз. Ҳали сени мақтайдиган, юзма-юз қуйиб берадиган, дўст бўлиб душманнинг ишини қиладиган ошналаринг кўпаяди. Ўшанда хушёр бўл. Шуни билиб қўйки, шоирни адойи тамом қиладиган нарса “балли-балли” билан қарсак бўлади.
Бу аччиқ сабоқ умрим йўлларида менга асқотди.
Ижодкор деган номга муносиб ҳаёт кечирган, юриш-туришда ҳам, одамгарчиликда ҳам ҳаммамизга намуна бўлолган устознинг ўгитларини миннатдорчилик билан эслайман

09

(Tashriflar: umumiy 459, bugungi 1)

Izoh qoldiring