Erkin Vohidov: Navoiyni bilmasak, “Men o’zbekman” deya olamizmi?

012
Навоийнинг ижодини тушуниш, анг­лаш учун форс, араб, эски ўзбек тилларини ўрганиш билан бир қаторда Қуръони карим, ҳадис, тасаввуф илмидан бохабар бўлиш, ундан кейин Навоий даврини, у яшаган муҳитни билиш лозим. Бугунги кунда Навоийни имкон қадар тўлиқ англашга интилиш учун ҳамма шароит етарли. Бу имкониятдан фойдаланишимиз керак. Навоийни билсак, ижодига чуқур кириб борсакгина, «Мен ўзбекман, Навоийнинг авлодиман» дея оламиз!

009
НАВОИЙНИ БИЛМАСАК, «МЕН ЎЗБЕКМАН» ДЕЯ ОЛАМИЗМИ?
Ўзбекистон халқ шоири, устоз Эркин Воҳидов билан суҳбат
Суҳбатдош — Анвар Шеров

Чинакам фидойилик — шунчаки гап эмас. Фидойи инсон яратган ғоялар замонга сиғмайди, натижада, у ўз қалби билан курашади, миллатни, инсониятни янги, янада яхшироқ замонга чақириб яшайди ва бахтини шунда кўради. Буюк истеъдоди уни ўз йўлига солади, инсон бахти, инсон эрки учун курашга ундайди.
Ана шундай фидойилардан бири мумтоз ўзбек адабиёти намояндаси, улуғ шоир Алишер Навоийдир. Биз ана шу даҳо шоирнинг 573 йиллиги олдидан, унинг ижоди ва шеърияти ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин ВОҲИДОВ билан суҳбатлашдик.
006

— Эркин ака, бир неча кундан сўнг ҳазрат Навоийнинг таваллудига ҳам 573 йил тўлади. Ҳар йили бу сана шеърият доирасидан чиқиб, миллий байрам тусини олмоқда. Сиз шоир-ёзувчилар ичида Навоийни чуқур биладиган ижодкорлардансиз. Айтинг-чи, Навоийнинг шахси ва ижоди бошқа даҳолардан нимаси билан фарқ қилади?

— Навоийни чуқур биладиган ижодкорсиз деганингизда бироз муболаға бор, назаримда. Чунки орамизда Навоийнинг ижодини, ғазалиётини чуқур биладиган, туб моҳиятига тўла етган одам топилмаса керак.

Сўзимнинг исботи ўлароқ, сизга бир воқеани айтиб берсам. Бир куни Миртемир домланинг уйига бордик. Домла ўзбек мумтоз адабиётини жуда яхши биладиган, зукко одам эди. Суҳбат асносида кабинетига кирганимизда, китоб жавонининг кўзга яқин ерида Пушкин, энг чеккада эса ҳазрат Навоийнинг суратлари турарди. Шунда мен ажабланиб: «Бу қанақаси бўлди, домла, ватанпарварлигингиз қаерда қолди, ўзбекнинг даҳо шоирини бир чеккага суриб қўйибсиз» дедим. Домла бир неча сония сукут сақлаб турди-да, ке­йин жилмайганча: «Мен Пушкинга қарашга уялмайман, чунки унинг бутун ижодини ўқиганман, ўрганганман. Ҳазратга қарашга эса уяламан, сабаби, у кишининг ижодини ақл билан ҳам, қалб билан ҳам англаб етганимча йўқ» деб жавоб қилди. Мана шу гапларни таниқли навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметовга айтганимда, у киши «Гарчи мен бутун умримни Навоий ижодини ўрганишга бахшида этган бўлсам-да, бу уммон тубига етолган эмасман» деди.

Навоийнинг ижодини тушуниш, анг­лаш учун форс, араб, эски ўзбек тилларини ўрганиш билан бир қаторда Қуръони карим, ҳадис, тасаввуф илмидан бохабар бўлиш, ундан кейин Навоий даврини, у яшаган муҳитни билиш лозим. Бугунги кунда Навоийни имкон қадар тўлиқ англашга интилиш учун ҳамма шароит етарли. Бу имкониятдан фойдаланишимиз керак. Навоийни билсак, ижодига чуқур кириб борсакгина, «Мен ўзбекман, Навоийнинг авлодиман» дея оламиз!

Яна бир гап. Навоийни ўрганишдан асосий мақсад, фақатгина сўз бойлигини ошириш эмас, балки ана шу хазинани тиклаш ҳамдир. Бир замонлар, давр тақозоси билан мумтоз адабиётимиздан йироқлашдик, алалоқибат, сўз бойлигимиз ниҳоятда қашшоқлашди. Тилимиз назокат, латофатдан буткул узоқлашди. Энди янги авлод олдида тил бойлигимизни тиклаш вазифаси турибди.

Энди ҳазрат бошқа дунё адибларидан нимаси билан ажралиб туради, деган гапга келсак, ҳар бир адибнинг улуғлиги, ўз улуғворлиги бўлади. Масалан, Шекспир, Пушкин, Лев Толстой, Есенинлар бир-бирига ўхшамайди, бир-бирини такрорламайди. Ана шу нарса бизда уларга нисбатан чексиз муҳаббат уйғотади. Ҳазрат Навоий ҳам улуғ, бетакрор шоир бўлгани учун унинг асарлари умрбоқийлик даражасини олди. Мен ҳазратни ўарбнинг даҳолари билан асло таққосламайман. Чунки ўарбнинг ўз менталитети, тушунчаси, меъёри, ўлчовлари бор. Умуман, мен Шарқ ва ўарқ даҳоларини бир-бирига қиёслаш, муқояса қилишни мантиқсизлик деб биламан.

— Навоий барча замонлар учун ижоднинг юксак чўққисидаги шоир бўлиб келмоқда. Бунинг сири нимада?

— Навоий даҳоликка эришган инсон эди. Даҳолик, русчасига айтганда «гений»ликнинг белгиси шундаки, ижодкорнинг яратган асари наинки ўз замонаси, балки ундан кейинги барча замонлар учун ҳам хизмат қилади, зарурат саналади. Ана шу нуқтаи назардан Навоийни ҳеч иккиланмай даҳо инсон десам, муболаға қилмаган бўламан. Ўз замони, замондошларигагина асқотган ижодкор эса истеъдод эгаси ҳисобланади. Даҳо инсон билан истеъдод эгасининг фар­қи шунда.

Навоий даҳосига мисол келтирсам. Навоийнинг бир асари бор, унга кўпчилик шоирнинг шунчаки рассомлик борасидаги машқи деб қарайди. У «Занжирбанд шер» асари. Ундаги шер қафасда эмас, очиқ ҳавода, лекин боғланган. Темир ҳалқалардан иборат занжир — замон, турмуш, сарой талаблари ва ҳ.к. Занжирбанд шер эса — Навоий. Ҳозирча у занжирбанд, замонга боғланган, лекин тезда занжирни узади, нафақат узади, балки замон занжирини бир қанча масофага олға тортиб боради, инсониятни янги замон томон яқинлаштиради. Баъзилар учун ўнг қўл вазир лавозимидан бош тортиш, мол-дунё, юқори мансаб билан қизиқмаслик ақлдан эмасдек туюлади. Навоий эса ҳаммасини гоҳ одамлар тушуниб-тушунмайдиган шеър деб аталган нарсага алмаштиради, ижод изтиробини олий неъмат деб билди. Ҳақиқий санъаткор шундай яшайди: фидойилик унинг яшаш шарти. Шу сабабли санъаткор тили билан Вақт доирасидан чиқиб кетган Замон, Тарих, Мутлақлик бизни Эзгулик, Гўзаллик ва Ҳақиқатга чақиради.

— Тан олишимиз керак, бугунги шоир-ёзувчилар, айниқса, ўсиб келаётган янги авлод ижодкорлари Навоийни деярли билмайди, тушунмайди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

— Юқорида айтиб ўтганимдек, Навоийни билиш, тўла англаш ҳали бирон замондошимизга насиб этмаган. Катта-катта шоир, улуғ олимларимиз бу нарсани ўз суҳбатларида, илмий изланишлари, мақолаларида кўп бор таъкидлашган. Биз Навоийни англаш йўлидаги одамлармиз, холос. Уни билишимиз ҳам маълум бир даражада-да. Чунки унга кимдир кўпроқ, кимдир эса камроқ мурожаат этган бўлиши мумкин. Лекин Навоийни билмаган, тушунмаган, ижодидан умуман бехабар ижодкорни ўзбек миллатининг шоири ёки ёзувчиси деб ҳам бўлмайди. Навоийдан бегоналашган одамдан ҳеч қачон дуруст ижодкор чиқмайди, деб ўйлайман.

— Мактабларнинг 8-синф адабиёт дарслигида Навоийнинг «Кеча келгумдир дебон ул шўхи бадхў келмади, Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади» ғазали берилган. Бу ва шунга ўхшаш ғазалларнинг ўқувчиларга тавсия этилиши, сизнингча, қанчалик тўғри?

— Навоийда инсонийлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, пок­ликка ундовчи ғазаллар бисёр. Мактаб дарсликларига ана шу руҳдаги ғазалларни топиб киритиш ва уни ўқувчиларга етказиш даркор. Бунинг учун биринчи навбатда ғазални танлай билиш керак. Негадир, бугунги кунга келиб ёш олимлар, тадқиқотчиларимизда бирон нарсани қидириш, изланишда сабр-тоқат етишмаяпти. Дарсликни тайёрлаётган мутахассис Навоий ғазалларини нечанчи синф, қайси аудиторияга мос келишини, албатта, инобатга олиши зарур. Чунки танланган ғазални аввал ўқитувчи ўзи «ҳазм» қилади, кейин эса ўқувчиларга англатади.

Ўқувчилик пайтимда илк эшитганим Навоийнинг «Ғурбатда ғариб шодимон бўлмас эмиш, Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш» ғазали бўлган. У вақтларда бизга адабиётдан ўайратий домла дарс берарди. Домла ҳеч қачон бизга Навоийнинг ишқий ғазалларини ўқимаган, ёд олдирмаган ҳам. Чунки мавзу ёшга қараб танланарди.

— Ҳазрат ижодини ўрганишда бугун навоийшуносларимиз олиб бораётган тадқиқотлар етарли, деб ўйлайсизми?

— Мустақилликдан сўнг Навоий ижодига бўлган қизиқиш, уни ўрганишга бўлган интилиш сезиларли даражада ортди. Ёш навоийшунос олимлар, тад­қиқотчилар пайдо бўлди. Улар кўпдан-кўп илмий мақолалар, монографиялар ёзишяпти, тадқиқотлар олиб боришяпти. Назаримда, булар халқимизни чин маънода қониқтираётгани йўқ. Чунки Навоийни ўрганиш, уни халққа тушунтира билиш, етказиш учун, аввало, ундан завқланиш керак. Навоийнинг ижодидан завқланмаган, ундан роҳатланмаган одам қай тарзда уни халқ-қа англата билсин?! Навоий ижоди замирида инсон қалбини забт этувчи лутф, яширин ташбеҳ, муаммолар бор. Уларни тадқиқ қилиш, таҳлил этиш катта масъулият талаб этади. Тад­қиқотчи ана шуларга эътибор бериши зарур. Агар навоийшунослар шоир шеъриятининг гўзаллиги, сеҳрини халққа етказа олишса, ўз-ўзидан ёшларда ҳам улуғ аждодимиз асарларига бўлган қизиқиш ортади.

— Эркин ака, бундан анча йиллар аввал нашр этилган «Шоиру шеъру шуур» китобингизда Навоийнинг бир нечта ғазалини жуда гўзал тарзда шарҳлагансиз. Шу ишни ҳозир ҳам давом эттиряпсизми?

— Ҳозир Навоийнинг алоҳида бир ғазалларини шарҳламаётган бўлсам-да, уни чуқурроқ ўрганиш, фалсафий моҳиятига етиш мақсадида изланишлар олиб боряпман. Изланишларим асосида ёзилган бир қанча мақолаларим газета ва журналларда чоп этилди. Бунга мисол тариқасида «Китоб дунёси» газетасида нашр этилган «Сўз — забаржад, сўз — гавҳар, олтин» номли мақолани келтириш мумкин. Шу кунларда «Сўз латофати» деб номланган бир асарни тугатиш арафасидаман. Унда шоир ғазалиётининг сеҳри, латофати, тили ҳақида сўз юритилади. Насиб этса, асар тез орада китоб ҳолида чоп этилади.

Манба: «Оила даврасида» газетаси, 2014 йил,январь

хдк

(Tashriflar: umumiy 159, bugungi 1)

Izoh qoldiring