Erkin Vohidov: “Qalbimiz hududlarini omon saqlaylik”

021
Адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи ҳам аввало сўз санъатининг келажаги тўғрисида қайғуришдан бошланади. Адабиётимиз олдида қайғуришга лойиқ муаммолар бор. Замон янги, авлод янги, дунёқараш, муносабатлар янги. Рақобатли дунёда китобнинг қуд­ратли, сеҳргар рақиблари кўп. Аввалги мавқеини тик­лаш учун янги авлоддан фавқулодда истеъдод ва мислсиз жасорат талаб этилади.

088
ҚАЛБЛАРИМИЗ ҲУДУДЛАРИНИ ОМОН САҚЛАЙЛИК
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин ВОҲИДОВ билан суҳбат
Суҳбатдош: Алишер НАЗАР

07

– СИЗ севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг Миллий театримизда бўлиб ўтган 70 йиллик юбилей тантанасидаги табрик сўзингизда кўп­чиликни ҳаяжонлантириб юборган бир воқеа тафсилотини айтдингиз. Яъни, сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳорнинг ўша долғали 60-йилларда Сиз ва Абдулла Ориповга нисбатан “Сизларни бу аждаҳоларга ем қилиб бериб қўймайман” деганларини эслатганингизда ўтирганлар бир қалқиб тушгандек бўлди. Агар мавжуд воқелик нуқтаи назаридан олиб қараганда ростдан ҳам бу сўзлар ҳақиқий жасорат тимсоли эди. Назаримда худди мана шу жойда адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи бўй кўрсатади. Адабиётнинг яшовчанлиги ва софлиги ижодкор эътиқоди ва фидойилиги билан чамбарчас боғлиқ ҳодисага ўхшайди. Сиз бунга нима дейсиз?

011 – ЎТГАН асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келган янги авлод – бамисоли навбаҳорнинг илк бойчечаклари бўлдик. Чинакам баҳорга ҳали узоқ эди. Қиш хатари кетмаган, бир совуқ ел бизларни адо қилиши ҳеч гап эмасди. Лекин биз буни сезмас, ўйламас эдик. Танқидларни самимий қабул қилардик. Кўпни кўрган устозлар, қатоғон йилларини бошдан кечирган кекса авлод бу хил айбловлар оқибатини билиб, ҳис этиб, хавотирланишар эди.

Ғафур Ғулом 1966 йилнинг апрелида Тожикистон ёзувчилари анжуманига борар экан, Комил Яшинга айтиб мени ҳам рўйхатга киритганини, йўл-йўлакай бу боланинг қулоғини чўзиб қўяман, деб айтганини эшитганман. Дарҳақиқат, у киши ўша сафардан қай­тишда менга танбеҳ бериб: “Сиёсатга тўғри келмай­диган шеърлар ёзармишсан. Ҳукумат билан ўйнашма, жимжилдоқдек шоирсан. Бу давлат маршалларни ҳам отган”, дегани қулоғимдан кетмайди.

Бу отадек меҳрибон, куюнчак устознинг сўзлари эди.

Абдулла Қаҳҳор табиатан исёнкор адиб сифатида бизни йўлдан қайтариш эмас, аксинча қўллаб-қувватлаш, қалқон бўлишдек масъулиятни зиммасига олган эди. Ўз асарларига бизнинг шеърларимиздан эпиг­раф олгани, “мен шу ёшлар томонидаман, уларга тега кўрманг”, деган жасоратли хитоби эди.

Ижодкорлар бир-бирига ўхшамаганлари каби устозларимиз: Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Саида Зуннунова, Озод Шарафиддиновларнинг бизга меҳру ардоғи ҳам турли йўсинда бўлган. Уларнинг ёди олдида қарздормиз ва бу қарзни ижодкор ёшларга меҳр кўрсатиб узмоғимиз керак. Сиз айтган адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи ҳам аввало сўз санъатининг келажаги тўғрисида қайғуришдан бошланади. Адабиётимиз олдида қайғуришга лойиқ муаммолар бор. Замон янги, авлод янги, дунёқараш, муносабатлар янги. Рақобатли дунёда китобнинг қуд­ратли, сеҳргар рақиблари кўп. Аввалги мавқеини тик­лаш учун янги авлоддан фавқулодда истеъдод ва мислсиз жасорат талаб этилади.

– ҲАР БИР МИЛЛАТ адабиётининг ўз овозлари бўлади. Бу “овозлар” ўша миллат адабиётининг, маънавиятининг тимсоли саналади. Ўтган ХХ аср ўзбек шеъриятида ўнлаб янгроқ овозлар пайдо бўлди ва авж пардаларда жаранглаган бу овозларнинг акс-садоси ҳамон эшитилиб турибди.

Хассос шоир Абдулла Ориповнинг шеърияти ўзининг теран фалсафаси билан, шоир Рауф Парфи ижоди шакл ва моҳиятдаги янгиликлари билан, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн ва Мирзо Кенжабек сингари шоирларнинг шеърияти ўзининг бетакрор жозибаси ва оҳанглари билан алоҳида ажралиб турди. Сизнинг ижодингиздаги Сўз эса жўшқинлиги ва сержило оҳанглари билан ўқувчи қалбини забт этди.

Айтмоқчи бўлганим: эндиликда адабиётимизда бу янгроқ овозларга ҳамоҳанг ва сафдош овозлар намоён бўлмаётгандек. Нима, истеъдоднинг юзага келишига ҳам ижтимоий-тарихий ҳаётнинг таъсири бўладими?

– ҲҲАР БИР ЗАМОННИНГ ўз идеаллари, ихлос қўйган санъати бўлади. Миллий театримизнинг Маннон Уйғур, Етим Бобожон раҳбарлик қилган, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхон, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраевалар гуркираган даврини эсланг. Марғилонда Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Хоразмда Комилжон Отаниёзов авж пардаларда куйлаган даврларни ёдга олинг. Муқимий номидаги театрни жаранглатган Маҳмуджон Ғофуров овози ҳам санъатимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлган. Бугун энди эстрада замони. Овоз борми-йўқми, фарқсиз, ҳамма қўшиқ айтадиган бўлди. Савод борми-йўқми, ҳамма қўшиққа сўз ёзадиган бўлди. Овоз кучайтиргичлар қулоқ пардаларини ёриш даражасига етди. На илож, ҳозирги ёшлар шуни яхши кўрадилар.

Тегирмон навбати билан айланар экан. Шеърият ҳам қирқ-эллик йил аввалги шуҳратини тиклаб олар. Ёшлардан умид катта. Уларга эътибор ва ғамхўрлик ҳам ҳар қачонгидан юксак. Адабиётимизнинг келажаги муҳтарам Президентимиз диққат марказида турган масалалар сирасига киради. Юртбошимиз топшириғи билан тузилган «Ижод» жамоат фонди энг бой ва фаолият доираси кенг жамғармалардан бири. Янги таъмирдан чиқарилган Дўрмон боғи энг шинам ижод маскани бўлиб қолди. Бу ғамхўрликлар албатта ўз ҳосилини беражак.

– БИЗ мактабни тамомлаётганимизда Ҳаз­рат Навоийнинг 550 йиллик тўйи нишонланган эди. Рос­тини айтиш керак, биз ўрта мактабдан Навоий ҳақида бор-йўғи уч-тўртта жумла ўрганиб чиқдик. Тўғри, ўша пайт дарсликларида Ҳазратнинг қарашлари, идеаллари бузиб кўрсатилган, ҳукмрон мафкура “мусиқаси”га мослаштирилган эди. Бугун орадан 20 йил ўтибди. Мустақиллик йилларида Навоий ижодини ўрганиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамнуният билан айтишимиз мумкинки, шу кунларда бир гуруҳ заҳматкаш олимларимиз томонидан Ҳазратнинг тўлиқ асарлар тўплами қайта нашрга тайёрланмоқда. Аммо мени ўйлантирган масала шундаки, Ҳазрат Навоий ҳақида бугунги ўрта мактаб битирувчиси, биз – 20 йил бурунги битирувчилардан кўпроқ нарса билишига ишониш қийин. Назаримда, ўрта мактаб­ларимиздаги педагог-кадрлар савиясига кўп нарса боғлиққа ўхшайди…

– ҲАР БИР МИЛЛАТНИНГ келажаги истаймизми-йўқми, ўқитувчилар савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим. Биз эндиликда шўроча мафкурадан, адабий мезонлардан бутунлай қутулдик. Адабиётимизни, хусусан, мумтоз адабиётимизни бутун бўй-басти билан кўрсатадиган вақтлар келди.

Биз улуғ адибларимизнинг мумтоз асарларини боқий деб атаймиз. Дарҳақиқат, юз йиллар, минг йиллар ўтиб оҳорини йўқотмаган ижод намуналари бор. Мумтоз адабиётимиз намуналари орасида баъзан шундай байтлар, мисралар борки, уларни мутолаа қилган инсон қалби ва руҳиятида ажиб бир ўзгариш, покланиш содир бўлганини ҳис этади. Бу ғазаллар оддий илҳом лаҳзаларида эмас, илоҳий илҳом тўлқин­ларидан ту­ғилган бўлса ажабмас. Болаларимиз мана шу бебаҳо ва беқиёс маъволардан бебаҳра қолмас­лиги керак.

Лекин бу борада бошқа бир ҳақиқатни ҳам тан олишга мажбурмиз. Ҳар замоннинг ўз тафаккур тарзи бўлади. Бугунги ёшлар онгини ҳар дақиқа босиб келувчи ахборот тўфони кўмиб ташлаган. Ўрта аср хотиржамлиги йўқ. Томоша, ўйин-эрмакнинг ҳам минг хил тури бор. Ҳақиқатга очиқ кўз билан қараган инсон бугун Навоийнинг оммавий мутолаа қилинмаслигини тўғри тушунади.

Мен ўзим ҳазрат ғазалларини ёшликдан ўқиб қалбга сингдирганман ва бу соҳир сўздан ҳамманинг баҳраманд бўлишини истайман. Лекин бу ширин орзу, холос.

Навоийни XV асрда ҳам барча бирдек тушунган эмас. Сўзларининг мазмунини билганлар ҳам сўз остида ётган чуқур маънонинг илдизига етиб боролмаганлар. Буюк шоир ташбеҳларини англаш учун мадраса илми камлик қилган.

Ҳазратнинг муҳташам “Хазойинул-маоний”сини бошлаб берган:

Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул ҳудо,
“Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқти садо.

– байтларини Алихон Тўра Соғуний ҳазратлари бир соатга яқин шарҳ қилган эдилар. Кейин англасам, бу шарҳ тасаввуф илмидан ажиб бир сабоқ бўлган экан.

Миртемир домладан: “Нега ижодхонангизда Пушкин сурати стол устида, ўзимизнинг Навоий панароқ жойда турибди”, деб сўраганимизда, устоз шоир шундай жавоб берган эдилар: “Мен Пушкинга тик қарашим мумкин. Уни бошдан-оёқ ўқиганман, кўп таржима қилганман. Лекин Навоийни ростмана англаб етма­дим, барча асарларини ўқиб мағзини чаққан эмасман”.

Устознинг бу сўзларини машҳур навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметовга айтсам, у киши камтарлик билан: “Биз ҳам шундай”, деган эдилар.

Бу сўзларим, Навоийни ўқиб англашга уринмай қў­яқолайлик, деган маънони билдирмайди. Ҳазрат – ўзбекнинг ота шоири. Унинг асарларини бошдан оёқ ўқиб таҳлил қила олмасак-да, энг машҳур ғазал, рубоий, туюқ, фардларидан, достон ва маснавийларидан бир шингил бўлса-да ёд билмасак, улуғ шоир бундоқ деганлар, деб ҳикматли сатрларни айтолмасак, ўзбек­лигимиз қаерда қолади?

– ДУНЁ моддийлашиб бормоқда. Эндиликда ҳар бир нарса моддий қиймат билан ўлчанадиган бўлиб қолди. Кишилардаги романтик руҳият ўрнини реалистик кайфият эгаллаб бормоқда. Табиийки, бундай шароитда одамларни, хусусан, ёшларни китобга, бадиий адабиётга қизиқ­тириш осон кечмайди. Бироқ китобсиз яшаб ҳам бўлмайди. Шундай экан, сизнинг-ча, “қизиқти­риш” жараёнини қаердан ва қай йўсинда бошла­ган маъқул?

– БУНИНГ УЧУН қўлимизда турган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Имкониятларимизни фарзандларимизнинг келажаги, миллатимиз маънавияти, адабиётимиз равнақи учун фойдали ишларга сафарбар этишимиз лозим.

Бугунги кунда интернет деярли ҳар бир хонадонга кириб улгурди. Бироқ телевидение оммавийликда ўзининг етакчи мавқеини бўшатиб бергани йўқ. Уни ҳамма кўради, эшитади. Элга танилишнинг йўли – телевидениеда кўриниш. Қайси хонанда телевизорда кўпроқ чиқса, тўйларнинг тўри уники. Шоир, ёзувчилар тўйга юрмайдилар, телевизорда чиқишдан манфаатлари йўқ, ойнаи жаҳондан ўзларини тортиб юрадилар. Бу тўғри эмас, албатта. Элга кўриниб туриш, эл ичида бўлиш одамларда адабиётга, китобга меҳр уйғотиш учун керак. Ахир меҳр кўзда деган гап бекорга айтилмаган.

Биз ўзбекларда истиҳола кучли. Ўзни намоён қилишдан тортинамиз. Ахир бизнинг ўнлаб ноёб истеъдод эгаси бўлган, юрт ардоғидаги шоирларимиз, ёзувчиларимиз бор. Улар зинҳор телевизорда кўрин­майдилар. Шеърлари ўқилса ҳам кадр ортидан, муаллифи айтилмай ўқилади. Бу камтарликнинг фойдасидан зарари кўпроқ.

Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Саксонинчи йиллар эди. Мени ўртача лавозимдаги вазифага та­йинлаш учун ҳужжат тайёрлаётган юқори идора мансабдори таржимаи ҳолимни ўқиб шундай деган эди: “Мен сизни жиддий раҳбар деб ўйласам ҳали шеър ҳам ёзасизми?”

Бундай тушунча ҳамон йўқолмаган кўринади. Биз­нинг тортинчоқлигимиз адабиётни ўлдириши мумкин. Яна такрор айтаман, улкан рақобат асрида яшаяпмиз. Инсон қалбидаги ҳудуднинг ҳар қаричи учун кураш кетаётган замон. Биз чекинаётган қўшин каби анчагина ҳудудимизни бой бердик. Муҳтарам Юртбошимизнинг ўтган йил Ёзувчилар уюшмаси раиси билан қилган мулоқоти ва бадиий ижодга улкан шароитлар яратиб бергани бежиз эмас. Адабиёт ҳамиша маънавиятнинг олдинги қаторида борган ва шундай бўлиши керак. Бунинг учун етарли куч-қувватимиз бор. Энди ўша истиҳолани йиғиштириб, халқ билан мулоқотнинг ҳамма шаклларидан фойдаланишимиз лозим. Бу замон олдидаги, Ватан олдидаги бурчимиздир.

– ЭРКИН АКА, ижодкор ўз ҳайратларини сақлаб қолиши билан бошқалардан ажралиб туради. Суҳбатимиз якунида бугунги кун ҳайратларингиз ва ижодий режаларингиз ҳақида сўрасам майлими?

– МЕН бошқа асрда, бошқа замонда туғилиб, яшаб, бошқача бир давронда ҳаёт кечираётган одамман. Бундай эврилишни хаёлга сиғдириш қийин. Мен ҳам, ҳар дақиқа ҳайрат ичида яшайман.

Кейинги бир йил ичида ижодий иш билан кўп­роқ шуғулланяпман. Бундай имкониятларга эга бўл­ганимдан бошим кўкда. “Ёшлик”ка ҳисобот бериб қўяй: ўтган йил “Орзули дунё” ва “Табассум” деб аталган икки китобим чиқди. Шеърларим матбуотда мунтазам эълон қилинмоқда. Кечагина “Шарқ юлдузи”га бир туркум шеър­лар юбордим. Ўқирсиз, баҳо берарсиз.

Суҳбат сўнгида ўзим биринчи муҳаририр бўлган “Ёшлик” журнали ижодий ходимларига, муштарийларига қизғин салом ва энг яхши тилакларимни йўллайман. Истиқлолимиз айёми ҳаммамизга муборак бўлсин!

Манба: “Ёшлик” журнали, 2011 йил, 5-сон.

088
QALBLARIMIZ HUDUDLARINI OMON SAQLAYLIK
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri Erkin VOHIDOV bilan suhbat
Suhbatdosh: Alisher NAZAR

07

– SIZ sevimli shoirimiz Abdulla Oripovning Milliy teatrimizda bo’lib o’tgan 70 yillik yubiley tantanasidagi tabrik so’zingizda ko’p­chilikni hayajonlantirib yuborgan bir voqea tafsilotini aytdingiz. Ya’ni, so’z san’atkori Abdulla Qahhorning o’sha dolg’ali 60-yillarda Siz va Abdulla Oripovga nisbatan “Sizlarni bu ajdaholarga yem qilib berib qo’ymayman” deganlarini eslatganingizda o’tirganlar bir qalqib tushgandek bo’ldi. Agar mavjud voqelik nuqtai nazaridan olib qaraganda rostdan ham bu so’zlar haqiqiy jasorat timsoli edi. Nazarimda xuddi mana shu joyda adabiyotga sadoqat va e’tiqod masalasi bo’y ko’rsatadi. Adabiyotning yashovchanligi va sofligi ijodkor e’tiqodi va fidoyiligi bilan chambarchas bog’liq hodisaga o’xshaydi. Siz bunga nima deysiz?

– O’TGAN asrning 60-yillarida adabiyotga kirib kelgan yangi avlod – bamisoli navbahorning ilk boychechaklari bo’ldik. Chinakam bahorga hali uzoq edi. Qish xatari ketmagan, bir sovuq yel bizlarni ado qilishi hech gap emasdi. Lekin biz buni sezmas, o’ylamas edik. Tanqidlarni samimiy qabul qilardik. Ko’pni ko’rgan ustozlar, qatog’on yillarini boshdan kechirgan keksa avlod bu xil ayblovlar oqibatini bilib, his etib, xavotirlanishar edi.

G’afur G’ulom 1966 yilning aprelida Tojikiston yozuvchilari anjumaniga borar ekan, Komil Yashinga aytib meni ham ro’yxatga kiritganini, yo’l-yo’lakay bu bolaning qulog’ini cho’zib qo’yaman, deb aytganini eshitganman. Darhaqiqat, u kishi o’sha safardan qay­tishda menga tanbeh berib: “Siyosatga to’g’ri kelmay­digan she’rlar yozarmishsan. Hukumat bilan o’ynashma, jimjildoqdek shoirsan. Bu davlat marshallarni ham otgan”, degani qulog’imdan ketmaydi.

Bu otadek mehribon, kuyunchak ustozning so’zlari edi.

Abdulla Qahhor tabiatan isyonkor adib sifatida bizni yo’ldan qaytarish emas, aksincha qo’llab-quvvatlash, qalqon bo’lishdek mas’uliyatni zimmasiga olgan edi. O’z asarlariga bizning she’rlarimizdan epig­raf olgani, “men shu yoshlar tomonidaman, ularga tega ko’rmang”, degan jasoratli xitobi edi.

Ijodkorlar bir-biriga o’xshamaganlari kabi ustozlarimiz: Mirtemir, Zulfiya, Asqad Muxtor, Shuhrat, Saida Zunnunova, Ozod Sharafiddinovlarning bizga mehru ardog’i ham turli yo’sinda bo’lgan. Ularning yodi oldida qarzdormiz va bu qarzni ijodkor yoshlarga mehr ko’rsatib uzmog’imiz kerak. Siz aytgan adabiyotga sadoqat va e’tiqod masalasi ham avvalo so’z san’atining kelajagi to’g’risida qayg’urishdan boshlanadi. Adabiyotimiz oldida qayg’urishga loyiq muammolar bor. Zamon yangi, avlod yangi, dunyoqarash, munosabatlar yangi. Raqobatli dunyoda kitobning qud­ratli, sehrgar raqiblari ko’p. Avvalgi mavqeini tik­lash uchun yangi avloddan favqulodda iste’dod va mislsiz jasorat talab etiladi.

– HAR BIR MILLAT adabiyotining o’z ovozlari bo’ladi. Bu “ovozlar” o’sha millat adabiyotining, ma’naviyatining timsoli sanaladi. O’tgan XX asr o’zbek she’riyatida o’nlab yangroq ovozlar paydo bo’ldi va avj pardalarda jaranglagan bu ovozlarning aks-sadosi hamon eshitilib turibdi.

Xassos shoir Abdulla Oripovning she’riyati o’zining teran falsafasi bilan, shoir Rauf Parfi ijodi shakl va mohiyatdagi yangiliklari bilan, Halima Xudoyberdieva, Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Xurshid Davron, Azim Suyun va Mirzo Kenjabek singari shoirlarning she’riyati o’zining betakror jozibasi va ohanglari bilan alohida ajralib turdi. Sizning ijodingizdagi So’z esa jo’shqinligi va serjilo ohanglari bilan o’quvchi qalbini zabt etdi.

Aytmoqchi bo’lganim: endilikda adabiyotimizda bu yangroq ovozlarga hamohang va safdosh ovozlar namoyon bo’lmayotgandek. Nima, iste’dodning yuzaga kelishiga ham ijtimoiy-tarixiy hayotning ta’siri bo’ladimi?

– HHAR BIR ZAMONNING o’z ideallari, ixlos qo’ygan san’ati bo’ladi. Milliy teatrimizning Mannon Uyg’ur, Yetim Bobojon rahbarlik qilgan, Abror Hidoyatov, Shukur Burxon, Olim Xo’jaev, Sora Eshonto’raevalar gurkiragan davrini eslang. Marg’ilonda Jo’raxon Sultonov, Ma’murjon Uzoqov, Xorazmda Komiljon Otaniyozov avj pardalarda kuylagan davrlarni yodga oling. Muqimiy nomidagi teatrni jaranglatgan Mahmudjon G’ofurov ovozi ham san’atimiz tarixida yorqin sahifa bo’lgan. Bugun endi estrada zamoni. Ovoz bormi-yo’qmi, farqsiz, hamma qo’shiq aytadigan bo’ldi. Savod bormi-yo’qmi, hamma qo’shiqqa so’z yozadigan bo’ldi. Ovoz kuchaytirgichlar quloq pardalarini yorish darajasiga yetdi. Na iloj, hozirgi yoshlar shuni yaxshi ko’radilar.

Tegirmon navbati bilan aylanar ekan. She’riyat ham qirq-ellik yil avvalgi shuhratini tiklab olar. Yoshlardan umid katta. Ularga e’tibor va g’amxo’rlik ham har qachongidan yuksak. Adabiyotimizning kelajagi muhtaram Prezidentimiz diqqat markazida turgan masalalar sirasiga kiradi. Yurtboshimiz topshirig’i bilan tuzilgan «Ijod» jamoat fondi eng boy va faoliyat doirasi keng jamg’armalardan biri. Yangi ta’mirdan chiqarilgan Do’rmon bog’i eng shinam ijod maskani bo’lib qoldi. Bu g’amxo’rliklar albatta o’z hosilini berajak.

– BIZ maktabni tamomlayotganimizda Haz­rat Navoiyning 550 yillik to’yi nishonlangan edi. Ros­tini aytish kerak, biz o’rta maktabdan Navoiy haqida bor-yo’g’i uch-to’rtta jumla o’rganib chiqdik. To’g’ri, o’sha payt darsliklarida Hazratning qarashlari, ideallari buzib ko’rsatilgan, hukmron mafkura “musiqasi”ga moslashtirilgan edi. Bugun oradan 20 yil o’tibdi. Mustaqillik yillarida Navoiy ijodini o’rganish borasida juda katta ishlar amalga oshirildi. Mamnuniyat bilan aytishimiz mumkinki, shu kunlarda bir guruh zahmatkash olimlarimiz tomonidan Hazratning to’liq asarlar to’plami qayta nashrga tayyorlanmoqda. Ammo meni o’ylantirgan masala shundaki, Hazrat Navoiy haqida bugungi o’rta maktab bitiruvchisi, biz – 20 yil burungi bitiruvchilardan ko’proq narsa bilishiga ishonish qiyin. Nazarimda, o’rta maktab­larimizdagi pedagog-kadrlar saviyasiga ko’p narsa bog’liqqa o’xshaydi…

– HAR BIR MILLATNING kelajagi istaymizmi-yo’qmi, o’qituvchilar saviyasiga bog’liq. Bu haqiqatni hech qachon esdan chiqarmasligimiz lozim. Biz endilikda sho’rocha mafkuradan, adabiy mezonlardan butunlay qutuldik. Adabiyotimizni, xususan, mumtoz adabiyotimizni butun bo’y-basti bilan ko’rsatadigan vaqtlar keldi.

Biz ulug’ adiblarimizning mumtoz asarlarini boqiy deb ataymiz. Darhaqiqat, yuz yillar, ming yillar o’tib ohorini yo’qotmagan ijod namunalari bor. Mumtoz adabiyotimiz namunalari orasida ba’zan shunday baytlar, misralar borki, ularni mutolaa qilgan inson qalbi va ruhiyatida ajib bir o’zgarish, poklanish sodir bo’lganini his etadi. Bu g’azallar oddiy ilhom lahzalarida emas, ilohiy ilhom to’lqin­laridan tu­g’ilgan bo’lsa ajabmas. Bolalarimiz mana shu bebaho va beqiyos ma’volardan bebahra qolmas­ligi kerak.

Lekin bu borada boshqa bir haqiqatni ham tan olishga majburmiz. Har zamonning o’z tafakkur tarzi bo’ladi. Bugungi yoshlar ongini har daqiqa bosib keluvchi axborot to’foni ko’mib tashlagan. O’rta asr xotirjamligi yo’q. Tomosha, o’yin-ermakning ham ming xil turi bor. Haqiqatga ochiq ko’z bilan qaragan inson bugun Navoiyning ommaviy mutolaa qilinmasligini to’g’ri tushunadi.

Men o’zim hazrat g’azallarini yoshlikdan o’qib qalbga singdirganman va bu sohir so’zdan hammaning bahramand bo’lishini istayman. Lekin bu shirin orzu, xolos.

Navoiyni XV asrda ham barcha birdek tushungan emas. So’zlarining mazmunini bilganlar ham so’z ostida yotgan chuqur ma’noning ildiziga yetib borolmaganlar. Buyuk shoir tashbehlarini anglash uchun madrasa ilmi kamlik qilgan.

Hazratning muhtasham “Xazoyinul-maoniy”sini boshlab bergan:

Ashraqat min aksi shamsil ka’si anvorul hudo,
“Yor aksin mayda ko’r”, deb jomdin chiqti sado.

– baytlarini Alixon To’ra Sog’uniy hazratlari bir soatga yaqin sharh qilgan edilar. Keyin anglasam, bu sharh tasavvuf ilmidan ajib bir saboq bo’lgan ekan.

Mirtemir domladan: “Nega ijodxonangizda Pushkin surati stol ustida, o’zimizning Navoiy panaroq joyda turibdi”, deb so’raganimizda, ustoz shoir shunday javob bergan edilar: “Men Pushkinga tik qarashim mumkin. Uni boshdan-oyoq o’qiganman, ko’p tarjima qilganman. Lekin Navoiyni rostmana anglab yetma­dim, barcha asarlarini o’qib mag’zini chaqqan emasman”.

Ustozning bu so’zlarini mashhur navoiyshunos olim Abduqodir Hayitmetovga aytsam, u kishi kamtarlik bilan: “Biz ham shunday”, degan edilar.

Bu so’zlarim, Navoiyni o’qib anglashga urinmay qo’­yaqolaylik, degan ma’noni bildirmaydi. Hazrat – o’zbekning ota shoiri. Uning asarlarini boshdan oyoq o’qib tahlil qila olmasak-da, eng mashhur g’azal, ruboiy, tuyuq, fardlaridan, doston va masnaviylaridan bir shingil bo’lsa-da yod bilmasak, ulug’ shoir bundoq deganlar, deb hikmatli satrlarni aytolmasak, o’zbek­ligimiz qaerda qoladi?

09 – DUNYO moddiylashib bormoqda. Endilikda har bir narsa moddiy qiymat bilan o’lchanadigan bo’lib qoldi. Kishilardagi romantik ruhiyat o’rnini realistik kayfiyat egallab bormoqda. Tabiiyki, bunday sharoitda odamlarni, xususan, yoshlarni kitobga, badiiy adabiyotga qiziq­tirish oson kechmaydi. Biroq kitobsiz yashab ham bo’lmaydi. Shunday ekan, sizning-cha, “qiziqti­rish” jarayonini qaerdan va qay yo’sinda boshlagan ma’qul?

– BUNING UCHUN qo’limizda turgan imkoniyatlardan unumli foydalanishimiz kerak. Imkoniyatlarimizni farzandlarimizning kelajagi, millatimiz ma’naviyati, adabiyotimiz ravnaqi uchun foydali ishlarga safarbar etishimiz lozim.

Bugungi kunda internet deyarli har bir xonadonga kirib ulgurdi. Biroq televidenie ommaviylikda o’zining yetakchi mavqeini bo’shatib bergani yo’q. Uni hamma ko’radi, eshitadi. Elga tanilishning yo’li – televidenieda ko’rinish. Qaysi xonanda televizorda ko’proq chiqsa, to’ylarning to’ri uniki. Shoir, yozuvchilar to’yga yurmaydilar, televizorda chiqishdan manfaatlari yo’q, oynai jahondan o’zlarini tortib yuradilar. Bu to’g’ri emas, albatta. Elga ko’rinib turish, el ichida bo’lish odamlarda adabiyotga, kitobga mehr uyg’otish uchun kerak. Axir mehr ko’zda degan gap bekorga aytilmagan.

Biz o’zbeklarda istihola kuchli. O’zni namoyon qilishdan tortinamiz. Axir bizning o’nlab noyob iste’dod egasi bo’lgan, yurt ardog’idagi shoirlarimiz, yozuvchilarimiz bor. Ular zinhor televizorda ko’rin­maydilar. She’rlari o’qilsa ham kadr ortidan, muallifi aytilmay o’qiladi. Bu kamtarlikning foydasidan zarari ko’proq.

Shu o’rinda bir voqea esimga tushdi. Saksoninchi yillar edi. Meni o’rtacha lavozimdagi vazifaga ta­yinlash uchun hujjat tayyorlayotgan yuqori idora mansabdori
tarjimai holimni o’qib shunday degan edi: “Men sizni jiddiy rahbar deb o’ylasam hali she’r ham yozasizmi?”

Bunday tushuncha hamon yo’qolmagan ko’rinadi. Biz­ning tortinchoqligimiz adabiyotni o’ldirishi mumkin. Yana takror aytaman, ulkan raqobat asrida yashayapmiz. Inson qalbidagi hududning har qarichi uchun kurash ketayotgan zamon. Biz chekinayotgan qo’shin kabi anchagina hududimizni boy berdik. Muhtaram Yurtboshimizning o’tgan yil Yozuvchilar uyushmasi raisi bilan qilgan muloqoti va badiiy ijodga ulkan sharoitlar yaratib bergani bejiz emas. Adabiyot hamisha ma’naviyatning oldingi qatorida borgan va shunday bo’lishi kerak. Buning uchun yetarli kuch-quvvatimiz bor. Endi o’sha istiholani yig’ishtirib, xalq bilan muloqotning hamma shakllaridan foydalanishimiz lozim. Bu zamon oldidagi, Vatan oldidagi burchimizdir.

– ERKIN AKA, ijodkor o’z hayratlarini saqlab qolishi bilan boshqalardan ajralib turadi. Suhbatimiz yakunida bugungi kun hayratlaringiz va ijodiy rejalaringiz haqida so’rasam maylimi?

– MEN boshqa asrda, boshqa zamonda tug’ilib, yashab, boshqacha bir davronda hayot kechirayotgan odamman. Bunday evrilishni xayolga sig’dirish qiyin. Men ham, har daqiqa hayrat ichida yashayman.

Keyingi bir yil ichida ijodiy ish bilan ko’p­roq shug’ullanyapman. Bunday imkoniyatlarga ega bo’l­ganimdan boshim ko’kda. “Yoshlik”ka hisobot berib qo’yay: o’tgan yil “Orzuli dunyo” va “Tabassum” deb atalgan ikki kitobim chiqdi. She’rlarim matbuotda muntazam e’lon qilinmoqda. Kechagina “Sharq yulduzi”ga bir turkum she’r­lar yubordim. O’qirsiz, baho berarsiz.

Suhbat so’ngida o’zim birinchi muharirir bo’lgan “Yoshlik” jurnali ijodiy xodimlariga, mushtariylariga qizg’in salom va eng yaxshi tilaklarimni yo’llayman. Istiqlolimiz yigirma ayyomi hammamizga muborak bo’lsin!

Manba: “Yoshlik” jurnali, 2011 yil, 5-son.

хдк

(Tashriflar: umumiy 658, bugungi 1)

1 izoh

  1. Nasrda O’.Hoshimov,nazmda E.Vohidov menga ajoyib juftlik tuyuladi.Dil yozishlarida qaybir o’xshashlik bor.Ular ijodiga qulluq,biz-o’zbeklarning bir avlodini tarbiyaladilar.

Izoh qoldiring