Erkin Vohidov. Umr daftaridan bitiklar

erkin aka

Суҳбатдан: Навбатдаги “бекат” мен учун «Ёшлик девони» бўлди. Бу китоб мени дабдурустдан бутун Ўзбекистонга машҳур қилган. Айниқса, «Ўзбегим» қасидаси.Бу шеър ёзилган пайтда одамларда шундай сўзга эҳтиёж катта бўлган. Чунки она тилимиз ниҳоятда орқага суриб қўйилган, камситилган тил эди. Ундан кейин ўзбек халқининг тарихига бўлган муносабат ҳам жуда ёмон эди. Гўёки, тарихимиз фақат қоронғиликдан иборат-у, биз октябр инқилоби туфайли бахт, илм топгандик. Унгача масалан, саводлилар икки фоиз бўлган деган гаплар бўлган. Шунча олимларимиз, алломаларимиз қаёққа кетган?..

гул

УМР ДАФТАРИДАН БИТИКЛАР
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов билан суҳбат

ОЛТИАРИҚДА САККИЗ ЙИЛ

— Ота юртим — Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани. Шу ерда дунёга келганман. Онам тошкентлик бўлган. Фарғонага келин бўлишининг сабаби, бобомиз дунёдан ўтгандан кейин онамнинг катта акаси Олтиариққа ишга юборилади. Колхоз қурилишига оиласи билан келган тоғам синглисини шу ерда турмушга беради.
Отам тарих, онам география ўқитувчиси эди. Отам урушдан оғир ярадор бўлиб қайтгач, Тошкентга даволангани келиб, шу ерда вафот этади. Мен ёлғиз фарзанд эдим. Шунинг учун онам иккимиз Тошкентга келганмиз. Онам ҳам вафот этгач, тоғамнинг қўлида қолдим. Болалигим 7-8 ёшгача Олтиариқда ўтган.
Олтиариқдан кўчиб келиб янги ҳаёт бошлаш, ота-онанинг дунёдан ўтиши, янги муҳит ва шароитда, тоғамнинг оиласида яшаш албатта мурғак қалбимга катта зарба бўлган. Аммо тоғамнинг уйида уларнинг болалари билан бирга меҳр кўриб ўсдим.

«МЕН ЎҚИГАН МАКТАБ…»

Илк шеърларимни мактабда ўқиб юрганимда ёзгандим. Тахтапулдаги 22-мактабда ўқиганман. Мактабимизнинг деворий газетасида ёш ҳаваскор шоирларнинг шеърлари чиқарди. Шеърий муҳит мактабимизда жуда кучли эди. Пўлат Мўмин, Ғафур Ғулом, Уйғунларнинг мактабимизга келганини эслайман. Ўша пайтлар пионерлар саройи бўларди. 6-7-синфда мен ҳам ўша ердаги шеърият тўгарагига қатнашиб, шоир Ғайратийдан сабоқ олганман. Буларнинг барчаси менинг шеър ёзишимга тутки бўлган. Дастлабки шеърларим Ғайратий домлага маъқул келиб, у киши ижодимдан намуналарни «Муштум»да ва бир неча газеталарда чоп эттирган.

БИРИНЧИ КУРСДА…

Энди ўйлаб қарасам, камтарлик ҳақидаги шеъримни биринчи курсда ўқиб юрган пайтимда ёзган эканман. Бу шеърни бадиий жиҳатдан жуда юқори деёлмайман-у, аммо ундаги образли тафаккур — чойнакнинг жўмраги бурнини кўтариб турган одамга ўхшаши, пиёланинг камтарлиги, одамнинг чой ичганда уни ўпгандек бўлиши ўша пайтда ҳамманинг эътиборига тушган. Албатта бу шеърни бугун ёзсам, бутунлай бошқача ёзарган бўлардим.
Ундан кейин «Пўлат» деган шеърим оғизга тушди. Тўгаракда гап-сўз бўлди. Газеталарга чиққанидан кейин одамлар ёд олишди.

КИТОБДАН МАШҲУР МАҚОЛА!

Яхши устозлар насиб этди, менга. Кўзга кўринган адабиётшунослар Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмовлар сабоқ беришди. Озод Шарафиддинов тўгарак очганди. Ўша тўгаракда «Пўлат» ва камтарлик ҳақидаги шеърларим Лазиз Қаюмов томонидан юқори баҳоланган.
1961 йилда биринчи китобим чиқди. Китобга «Талант ва масъулият» деган сўзбошини Озод Шарафиддинов ёзганди. Бу пайтга келиб устоз анча машҳур, адабий танқидчиликнинг пешқадам арбобларига айланган кишилардан эди. Ёш бўлса-да, фикри теран, сўзи ўткир, оргинал фикр қиладиган, эскича фикрларга қарши курашадиган, Абдулла Қаҳҳор мактабининг олди вакилларидан ҳисобланарди. Менинг китобимдан ҳам ўша сўзбоши сифатида ёзилган мақола машҳур бўлган. Озод Шарафиддинов ўта талабчан, қўлига тушган асарни аёвсиз пийпалаб ташлайдиган, қаттиқ танқид қиладиган, яхши баҳони кам берадиган мунаққид эди. Мана шундай инсон китобимга хурсанд бўлиб, яйраб мақола ёзгани учун кўпчилик қидириб ўқиган ва китоб қўлма-қўл бўлиб кетганди.

ДАРДГА МАЛҲАМ — ҚАСИДА!

Навбатдаги “бекат” мен учун «Ёшлик девони» бўлди. Бу китоб мени дабдурустдан бутун Ўзбекистонга машҳур қилган. Айниқса, «Ўзбегим» қасидаси.
1968-69 йиллар… «Ўзбегим»ни ҳамма ёд олди. Фахриддин Умаров, Умар Атоев, Шерали Жўраевлар қўшиқ қилиб куйлашди.
Бу шеър ёзилган пайтда одамларда шундай сўзга эҳтиёж катта бўлган. Чунки она тилимиз ниҳоятда орқага суриб қўйилган, камситилган тил эди. Ундан кейин ўзбек халқининг тарихига бўлган муносабат ҳам жуда ёмон эди. Гўёки, тарихимиз фақат қоронғиликдан иборат-у, биз октябр инқилоби туфайли бахт, илм топгандик. Унгача масалан, саводлилар икки фоиз бўлган деган гаплар бўлган. Шунча олимларимиз, алломаларимиз қаёққа кетган? Рус алифбосини, тилини билмаганларни ҳисоблашган, назаримда. Балки, ўша пайтда рус тилини билганлар икки фоиз бўлгандир?
Тарихий асар ёзганлар оқланмайдиган, совет даврини улуғлаб ёзиш лозим бўлган давр. Бу эса халқнинг меъдасига теккан эди. Чунки ёлғон гап кимга ҳам ёқарди? Биздан Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби олиму уламолар чиққан бўлса-ю, қандай қилиб ўзбек халқини саводсиз, оми, илмсиз дейиш мумкин? Шунинг учун бу шеър халқнинг дардига малҳамдек бўлган. Лекин у пайтда «Ўзбегим» деган сўзни баралла айтиш осон эмасди. «Биз совет ҳалқимиз», деган гап бўрттириб гапирилар, «ўзбекмиз», «қозоқмиз», «қирғизмиз», дейиш миллатчилик ҳисобланарди. Шу туфайли бу қасидани матбуотда чоп эттиришим осон бўлмаган. Олиб борган жойимда ҳам «ўзбегим» сўзини «халқимиз» деб ўзгартириб беринг, дейишганди. Бир қанча мисраларини олиб ҳам ташлашган. Дастлабки китобимга кирмаган байтлар ҳам бор:

Сен на зардушт, сен на буддий
Сенга на оташ, санам
Одамийлик дини бирлан
Тоза иймон, ўзбегим.

ТАЗЙИҚ ВА ВАЪДАЛАР

Бу қасида учун мен жуда кўп сўроқлар берганман. Аввало органдагилар бу миллатчилик руҳидаги шеърнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлди, дея роса сиқувга олишган. Назаримда, бу Ўзбекистондан ҳам ташқарига чиқиб кетганди. «Юқори»га — Москвагача етиб борган. Идеологларни бироз чўчитган нарса шеърнинг халқ ичида жуда оммалашгани бўлган. «Нега шеърда совет тузумида ўзбек халқининг бахт-саодат топгани акс этмаган? Лениннинг номи йўқ! Москва тилга олинмаган. Партия, Октябр инқилоби йўқ, шуларни киритиб беринг», дейишган менга. Мен бундай деб ёзолмасдим ҳам, киритолмасдим ҳам. Энг юқори даргоҳлардан ҳам шу талаблар бўлган. Яна ваъдалар ҳам бўлганки, агар шу сўзларни қўшсам, китобим жуда катта «тираж»да чиқади, мукофотлар бўлади… Аммо мен бундай қилмадим. Таъқиблардан безганим учун «Фауст»нинг таржимасини баҳона қилиб нашриётдан ишдан кетдим. Бунга муҳарриримиз ҳам рози бўлди. Чунки у кишига ҳам анчагина тазйиқлар бўлган.

ТУШКУН ВА КАЙФИЯТСИЗ ЙИЛЛАР…

Натижада, 1970-75 йиллар оралиғида ишсиз юрдим. Ҳеч қаерда шеърларим ҳам чоп этилмади. Бу йиллар менинг энг эзилган, тушкун ва кайфиятсиз йилларим бўлди. Мана шу беш йил ичида ҳеч нарса ёзмаганман. Ёзсам ҳам чиқмасди-да! Вақтни бекор ўтказмаслик учун «Фауст»ни ўзбек тилига ўгирдим. Буни таржима қилишимга туртки бўлган нарса Гётенинг шарқ дунёсига яқинлиги эди.
Ғарб билан шарқ шеърияти ўртасида жуда катта фарқ бор. Редьярд Киплинг айтган: «Ғарб бу — Ғарбдир, Шарқ бу — Шарқ, улар ҳеч қачон қўшила олишмайди». Ҳақиқатан ҳам шундай. Гарчи Ғарбда Саъдийни, Ҳофизни катта қизиқиш билан ўқишса-да, асл маъносини англашмаган. Фақатгина Гёте ростмана Шарқ адабиётини ўрганган. Буюкларимиз ижоди ҳақида юксак сўзларни айтган. Ўз фалсафасига ҳам, «Фауст»нинг туб мағзига ҳам Шарқ дунёқарашини сингдирган.
Ғарб дунёсидан иккита шоир мени кўпроқ банд қилган. Бири — рус шоири Сергей Есенин, бири — немис шоири Иоган Гёте. Шуларнинг ижодини таржима қилганман. Талабалигимда ҳам бир қанча парчалар таржима қилгандим. Бу менда рағбат уйғотган. Шу боис, имкон туғилганида Гёте 60 йил давомида ёзган «Фауст»ни беш йилда таржима қилдим. Беш йиллик ижодимдаги танаффусни мана шу билан тўлдирдим. Кейин яна нашриётга, ижодга қайтдим.

АЗГАНУШГА РАҚОБАТЧИ…

Отам тошкентликка уйланганидек, мен ҳам тошкентликка уйландим. Гулчеҳрахон билан битта университетнинг, битта факультетнинг талабаларимиз. Мен филология факультетини битираётган пайтимда Гулчеҳра биринчи курсга келган. Мендан ҳазиллашиб сўрашганди: «Нега арман қизи Азганушга шеър ёзгансиз-у, тошкентлик қизга уйлангансиз?». Мен жавоб бергандим: «Қандоқ қилайки, шундоқ ёнимда, шундоқ қўшни маҳаллада пешанамга битилгани бор экан. Ўзбек бекорга айтмайди «фалокат оёғинг остида», деб. (Кулади).
Биз осонлик билан турмуш қурмаганмиз. Чунки мутлақо бошқа-бошқа, бир-бирига ўхшамаган оилалар фарзанди эдик. Мен ота-онасиз, тоғасининг қўлида ўсган етим бўлганман. Шоирлигим ҳам маълум эмас. Тоғам зиёли, ўзига яраша обрўли инсон бўлса-да, мен у кишининг фарзанди эмаслигим, яна Фарғонадан келганлигим дастак бўлган-да! Шунинг учун Гулчеҳранинг оиласи қаршилик қилган. Айниқса, катта опаси… Кейинчалик турмуш қуриб, фарзандларимиз туғилиб, яхши яшаб кетганимиздан сўнг, у киши «мени кечиринг, синглимни шунчалик бахтли қилишингизни билмаган эканман», деб қолди. Жиддий туриб ҳазиллашдим: «Ўша вақтда қаттиқ турмаган экансиз-да!» (Кулади).

«ФАРЗАНДЛАРИМ ВА НЕВАРАЛАРИМ ҲАҚИДА…»

Фарзандларим ичида менинг йўлимдан кетгани йўқ. Ўзим шоирликнинг жабру жафолари, қийинчиликлари, уйқусиз кечалар, улар эвазига бошингизга келадиган маломатларни, яна ўрта даражадаги шоирларнинг беобрўлигини кўрганим учун бу касбга ташвиқ қилмаганман. Улар ҳам майл билдиришмаган. Катта қизим Нозима — шифокор, кейингиси Моҳира — тилшунос, ўғлимиз Хуршидбек — шарқшуносликни битирди, сўнг халқ хўжалиги бўйича таҳсил олди. Аммо ҳозир кўпчилик ёшлар сингари тижорат билан шуғулланади. Кенжа қизим Фозила ҳам — шифокор.
Невараларимга келсак, улар ичида ҳам шоир бўламан, дегани йўқ. Тўртта қиз, саккизта ўғил неварам бор. Катта невараларим ўғил, ҳали уйланмаган. Агар улар қиз бўлишганда аллақачон турмушга бериб, эвара ҳам кўрган бўлардим.

КЎП БЕРИЛАДИГАН САВОЛ

Иш жойим иккита бўлган. Йигирма йилдан ортиқроқ ноширлик қилган бўлсам, ундан кейинги йигирма йилим депутатлик билан ўтди. Олий Кенгашнинг ошкоралик масалалари қўмитаси ва Олий Мажлиснинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлиб фаолият юритдим.
Менга бир саволни жуда кўп беришади: «Давлат ишида ишлаб ижодни тўхтатиб қўйдингизми?»
Йўқ. Асло ундай эмас. Мен ижоддан тўхтаганим йўқ. Бунинг исботи сифатида сизга янги шеъримни тақдим қиламан.

Mанба: darakchi.uz / Vatandosh

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

Izoh qoldiring