Eshqobil Shukur. Hovuch to‘la duo va salom…

021    Бугунги шеъриятимизнинг ёрқин вакили бўлмиш Эшқобил Шукурнинг «Ёшлик» журналида эълон қилинган нозик кузатишлару сассиз мунг нафаси яшаган шеърий туркумини тақдим этмоқдамиз.

Эшқобил Шукур
Ҳовуч тўла дуо ва салом…
03

БОҒ

Қоронғи боғ ичра ойдин бир йўлак…
Хуфтон юлдузидай титрайди юрак.
Севгилар, соғинчлар, қайғулар билан
Шу боғда шу кеча учрашсам керак…

Сувдай тотли соҳир суханлар билан,
Гулга дўнган азиз хок-танлар билан,
Ҳазрати Хизр ва чилтанлар билан
Шу боғда шу кеча учрашсам керак.

Фалакда бир гулзор, ерда бир гулзор,
Ҳар тилда минг даъво, ҳар дилда минг зор,
Менинг ҳам Худога айтар арзим бор,
Шу боғда шу кеча айтолсам керак.

Боряпман ўз изим, ўз сўзим билан,
Кўксимдаги оташ юлдузим билан,
Ўзини излаган ўз-ўзим билан
Шу боғда шу кеча учрашсам керак.

* * *

Айланайин овозингдан, Сув,
Ифорингдан айланай, Ҳаво.
Кўнглим ичра азиз бир туйғу,
Тўлқин-тўлқин эсади наво.

Ҳимматингдан айланайин, Ер,
Ҳаёт, сенга шараф ва сано!
Тўлиб борар кўзларимга нур,
Юрагимга тўлмоқда Худо.

Айланайин овозингдан, Сув,
Ифорингдан айланай, Ҳаво.

ВАСФ

Жавзонинг ўн бешинчи куни…
Ой тўлди.
Хушбўй шамол эсди тоғлар томондан.
Тун шундай гўзал эдики,
У ҳақда шеър ёзай десам
Ёлғончига ўхшаб қоламан.

ВОҚИФ САМАД ЎҒЛИ БИЛАН ТАНИШУВ

Мен Воқиф Самад ўғлининг асарларини унинг тириклигида кўп ўқиганман, лекин шоир билан ҳақиқий маънодаги руҳий танишувим унинг вафотидан сўнг бўлган. Шоирнинг ўзи айтганидай: “Бир гўзал дунёнинг ичидан кетардим, Тўхтамадим.”

Эллик беш ёшимда, элга йўлимда,
Бир шоир Шамолнинг ёнидан ўтдим.

Дил бериб ҳаётга, чап бериб ўлимга,
Жавобсиз Саволнинг ёнидан ўтдим.

Барқ уриб баҳорлар кирди дилимга,
Гуллаган Иқболнинг ёнидан ўтдим.

Шодлик ўнгимда-ю, қайғу сўлимда,
Буюк бир Заволнинг ёнидан ўтдим.

Кўнглимда не бор-у, не бор қўлимда,
Бир бева Хаёлнинг ёнидан ўтдим.

Кўзёш териб юрган тунлар дилимда
Увада Уволнинг ёнидан ўтдим.

Қумрилар такаллум қилди тилимда,
Бобойий бир Ҳолнинг ёнидан ўтдим.

Бордим, боравердим, етмиш иқлимда
Ҳаввойий Жамолнинг ёнидан ўтдим.

Ҳаёт деб аталмиш қалтис илимда
Кекса бир Мақолнинг ёнидан ўтдим.

БУЮК ЧИЛЛА

Қирқ кеча-кундузда бийдай саҳрони
Ялангоёқ юриб ўтди бу дарвеш.

Қирқ минг томиридан қирқта дарёни
Қумлар узра бунёд этди бу дарвеш.

Қирқ томчи теридан қирқта шаҳарни
Харобалар узра қурди бу дарвеш.

Қирқ кун саҳро бўйлаб қирқта баҳорни
Шамолдай етаклаб юрди бу дарвеш.

Тупроқдай хокисор хоки танидан
Бир тунда қирқ булоқ очди бу дарвеш.

Ҳазрат Сулаймоннинг ўтиб ёнидан
Бир кунда қирқ йилни ошди бу дарвеш.

Ўтдан ялангоёқ, ялангбош ўтган,
Қирқ кунга қирқ ҳикмат битди бу дарвеш.

Қирқ минг йилдан бери уйқуда ётган
Саҳрони уйғотиб кетди бу дарвеш.

ЭЛЛИК ЙИЛЛИК ҲИКОЯ

Олти ёшда эдим… гўдаклик қилиб
Бобомни ранжитиб қўйдим бир куни.
Боладай аразлади кексайган бобом.
Ёнида миқ этмай узоқ ўтирдим…
Сездим кўзларига ёш келганини.

Кекса дўстим мендан уч кун ранжиди…
Жанозадан қайтиб тўртинчи куни
Мени кўриб қаттиқ бағрига босди.
Елкаси титрарди, жони титрарди,
Кўзида ёш эди.. қари ошнамнинг…

Шундан бери мана, эллик йил ўтди,
Кечирим сўрагим келар бобомдан,
Уни тушларимда излаб юраман.
Энди менинг кўзим тўла ёш…

УНУТИЛГАН ТИЛ

Тераклар шивири, сув шилдираши,
Шамолнинг шовури, тоғ гулдураши,
Маъсум гўдакларнинг шўх чулдираши
Қайғули кўзлардан тош гилдираши…

Бу тилни биламан
Сўзи йўқ тилни…

Капалак кулгуси, гуллар ялласи,
Хазонли боғларнинг йиғи палласи,
Тобут қошидаги армон ноласи
Бешик бошидаги осмон алласи.

Бу тилни ўргандим
Луғатсиз тилни.

Унсизлар, унлилар, ажаб товушлар,
Сувларда ёнишлар, ўтда совушлар,
Чақмоқни юракка санчиб севишлар,
Тупроққа дўнишлар, гулга овушлар…

Мен узоқ ўргандим
Бу сўзсиз тилни.

ЙИҒИ ВА КУЛГУ ОРАЛИҒИДА

Биз билмаган қандай йиғилар қолди,
Қандай кулгу қолди бизлар кўрмаган.
Йиллар қалбимизнинг қўрини олди,
Ойлар оташ берди сизлар билмаган.

Ҳаёт порлаб ўтди табассумларда,
Ғамгин нигоҳларда ўлим жамоли.
Юрак юртидаги хуш насимларда
Енгил-енгил елар Худо хаёли.

Азиз хотирларни тумордай сақлаб,
Товонларни чархлаб йўллар тиғида
Боряпмиз… умримиз чақмоқдай чақнаб
Йиғи ва кулгулар оралиғида.

ОЛАМ ВА ОДАМ

Ёзнинг бир кечаси… Овлоқ адирда
Дўнгсада ётардим осмонга қараб.
Кўзимга сиғарди бутун коинот,
Ўзимга сиғарди етмиш минг тараф.

Чўғлардай милтиллар миллиард юлдузлар,
Оқ кўрпа устида сузиб борар ой.
Оламлар кесишган буюк нуқтада
Она фалак менга солиб қўйган жой.

Узатсам юлдузга етади қўлим,
Кўзимга сиғади борлиқ ва ҳаёт.
Менда тугаса-да агарчи ўлим,
Мендан бошланади бутун коинот.

* * *

Ой қиблага ботганда,
Кўнглимда тонг отганда,
Сенинг кўчангни бўйлаб,
Бир ҳур шамол ўтганда.

Шу шамол менмасмидим,
У хаёл сенмасмидинг?

Баргда шудринг лаболаб,
Кўз ёшларга етганда.
Ва ялпизлар ҳаволаб
Хуш атирлар тутганда

У хушбўй сенмасмидинг,
Кўча-кўй менмасмидим?

Милтираган юлдузлар,
Хайр-хўш айтганида
Ва минг йиллик илдизлар
Ҳаётга қайтганида,

Чин иқбол сенмасмидинг
Чўнг завол менмасмидим?

* * *

Адирлар кифтида, қирлардан нари
Жилғадай шошилиб борарди бир йўл.
На Ғарбга, на Шарққа унинг сафари
Менинг юрагимга келарди бу йўл.

Майсалар эргашар атак-чечаклаб,
Жилғадай шошилиб борарди бу йўл.
Салкам олтмиш йиллик умрим етаклаб
Менинг юрагимга келарди бу йўл.

ИТ

Гўё кўча тинчин сақлаяпман деб,
Бу ит халал берар кўча тинчига.
Кеча-ю кундуз у ўз жағини еб,
Тинимсиз ҳуради ҳар ўткинчига.

Ундан хафа бўлманг, не қилсин, шўрлик,
Ўзича бошида катта бир юмуш,
Мартаба туюлар унга бу хўрлик:
Ҳар куни ҳаммага тинимсиз ҳуриш.

* * *

Эзгу бир иш қилсанг жонингдан кечиб,
Кундуз терлар тўкиб, тун ютиб қонлар.
Қайсидир ковакда тишлари қичиб,
Ғимирлаб қоларкан қора илонлар.

Чўлда булоқтопсанг йиллар ахтариб,
Аччиқ қум устига тўкилса жонлар,
Шунда бош ўрнига думин кўтариб
Ғимирлаб қоларкан мудҳиш чаёнлар.

Асли ўзи шундай бўлган қадимдан,
То изғиб юраркан иблис думлари.
Тинмай чоҳ қазирлар ҳаммага зимдан
Шудир касбу кори, шу удумлари.

Қодирийни қасддан отганлар шулар,
Шулар қатлгоҳга элтган Чўлпонни.
Шайтон тупугидан тарқаган улар
Булғашга ҳозирлар бутун жаҳонни.

Майли, бу кимсалар ғимирлайверсин,
Тезак думалатиб юрган нодонлар.
Тинмасдан ҳар қанча ириллайверсин,
Тўхтамай ўтажак бизнинг карвонлар.

Оқибат ҳар кимнинг ниятига мос,
Кимдир гўнг титади, ким гулга раво.
Улар қилмишидан қолмаслиги рост,
Мен ҳам ўз ишимдан қолмасман асло!

Зангор воҳалардан жилғадай ўтиб,
Ям-яшил боғларга айланажакман.
Элга хайр тилаб уйқуга кетиб,
“Салом, Эзгулик” деб уйғонажакман.

ИДРОК

Лойдан бош кўтарган майсага қараб,
Ҳаётнинг шарҳини англаса бўлар.
Бир кичик юлдуздан саргузашт сўраб
Осмон тарихини англаса бўлар.

Тоғнинг бошидаги совуқ қоридан
Ичида вулқонни англаса бўлар.
Бир аёл оҳидан, бир эр зоридан
Суякда армонни англаса бўлар.

Сувнинг кулгусидан, ёмғир ёшидан
Даврон ғаниматин англаса бўлар.
Лаҳза ҳайқириғи – юрак товшидан
Қуръон аломатин англаса бўлар.

Ўзингдан бир қадам нарига кетмай
Жамийки одамни англаса бўлар.
Кўнгил кулбасидан ташқари чиқмай,
Жимгина оламни англаса бўлар.

АЗОБ ТАБАССУМИ

З…га

Қариган нигоҳлар ортида
Бор эди бир севги… буюк бир севги.
Ҳориган дардларнинг қатида
Бор эди бир меҳр… суюк бир сезги.

Кўзёшларнинг унсиз фарёдларида
Бор эди бир видо… азиз бир калом.
Қартайган қўлларнинг ҳовучида
Тўлиб турар эди дуо ва салом.

Сўнг ғамгин кўзларда кулар изтироб,
Бу чеҳра ой каби боқади маъсум.
Ва сўлғин лабларда ғунчалар азоб
Гулдай очилади сўнгги табассум.

ОЛДИНГА ЧЕКИНИШ

Ичкарига йўл бор. Ичкарига!
Ичкарида
Худонинг сири беркитилган бир жой бор.
Бу дунёда энг яхши бошпана ичкарида.

07  Bugungi she’riyatimizning yorqin vakili bo’lmish Eshqobil Shukurning «Yoshlik» jurnalida e’lon qilingan nozik kuzatishlaru sassiz mung nafasi yashagan she’riy turkumini taqdim etmoqdamiz.

Eshqobil Shukur
Hovuch to‘la duo va salom…
03

BOG‘

Qorong‘i bog‘ ichra oydin bir yo‘lak…
Xufton yulduziday titraydi yurak.
Sevgilar, sog‘inchlar, qayg‘ular bilan
Shu bog‘da shu kecha uchrashsam kerak…

Suvday totli sohir suxanlar bilan,
Gulga do‘ngan aziz xok-tanlar bilan,
Hazrati Xizr va chiltanlar bilan
Shu bog‘da shu kecha uchrashsam kerak.

Falakda bir gulzor, yerda bir gulzor,
Har tilda ming da’vo, har dilda ming zor,
Mening ham Xudoga aytar arzim bor,
Shu bog‘da shu kecha aytolsam kerak.

Boryapman o‘z izim, o‘z so‘zim bilan,
Ko‘ksimdagi otash yulduzim bilan,
O‘zini izlagan o‘z-o‘zim bilan
Shu bog‘da shu kecha uchrashsam kerak.

* * *

Aylanayin ovozingdan, Suv,
Iforingdan aylanay, Havo.
Ko‘nglim ichra aziz bir tuyg‘u,
To‘lqin-to‘lqin esadi navo.

Himmatingdan aylanayin, Yer,
Hayot, senga sharaf va sano!
To‘lib borar ko‘zlarimga nur,
Yuragimga to‘lmoqda Xudo.

Aylanayin ovozingdan, Suv,
Iforingdan aylanay, Havo.

VASF

Javzoning o‘n beshinchi kuni…
Oy to‘ldi.
Xushbo‘y shamol esdi tog‘lar tomondan.
Tun shunday go‘zal ediki,
U haqda she’r yozay desam
Yolg‘onchiga o‘xshab qolaman.

VOQIF SAMAD O‘G‘LI BILAN TANISHUV

Men Voqif Samad o‘g‘lining asarlarini uning tirikligida ko‘p o‘qiganman, lekin shoir bilan haqiqiy ma’nodagi ruhiy tanishuvim uning vafotidan so‘ng bo‘lgan. Shoirning o‘zi
aytganiday: “Bir go‘zal dunyoning ichidan ketardim, To‘xtamadim.”

Ellik besh yoshimda, elga yo‘limda,
Bir shoir Shamolning yonidan o‘tdim.

Dil berib hayotga, chap berib o‘limga,
Javobsiz Savolning yonidan o‘tdim.

Barq urib bahorlar kirdi dilimga,
Gullagan Iqbolning yonidan o‘tdim.

Shodlik o‘ngimda-yu, qayg‘u so‘limda,
Buyuk bir Zavolning yonidan o‘tdim.

Ko‘nglimda ne bor-u, ne bor qo‘limda,
Bir beva Xayolning yonidan o‘tdim.

Ko‘zyosh terib yurgan tunlar dilimda
Uvada Uvolning yonidan o‘tdim.

Qumrilar takallum qildi tilimda,
Boboyiy bir Holning yonidan o‘tdim.

Bordim, boraverdim, yetmish iqlimda
Havvoyiy Jamolning yonidan o‘tdim.

Hayot deb atalmish qaltis ilimda
Keksa bir Maqolning yonidan o‘tdim.

BUYUK CHILLA

Qirq kecha-kunduzda biyday sahroni
Yalangoyoq yurib o‘tdi bu darvesh.

Qirq ming tomiridan qirqta daryoni
Qumlar uzra bunyod etdi bu darvesh.

Qirq tomchi teridan qirqta shaharni
Xarobalar uzra qurdi bu darvesh.

Qirq kun sahro bo‘ylab qirqta bahorni
Shamolday yetaklab yurdi bu darvesh.

Tuproqday xokisor xoki tanidan
Bir tunda qirq buloq ochdi bu darvesh.

Hazrat Sulaymonning o‘tib yonidan
Bir kunda qirq yilni oshdi bu darvesh.

O‘tdan yalangoyoq, yalangbosh o‘tgan,
Qirq kunga qirq hikmat bitdi bu darvesh.

Qirq ming yildan beri uyquda yotgan
Sahroni uyg‘otib ketdi bu darvesh.

ELLIK YILLIK HIKOYA

Olti yoshda edim… go‘daklik qilib
Bobomni ranjitib qo‘ydim bir kuni.
Boladay arazladi keksaygan bobom.
Yonida miq etmay uzoq o‘tirdim…
Sezdim ko‘zlariga yosh kelganini.

Keksa do‘stim mendan uch kun ranjidi…
Janozadan qaytib to‘rtinchi kuni
Meni ko‘rib qattiq bag‘riga bosdi.
Yelkasi titrardi, joni titrardi,
Ko‘zida yosh edi.. qari oshnamning…

Shundan beri mana, ellik yil o‘tdi,
Kechirim so‘ragim kelar bobomdan,
Uni tushlarimda izlab yuraman.
Endi mening ko‘zim to‘la yosh…

UNUTILGAN TIL

Teraklar shiviri, suv shildirashi,
Shamolning shovuri, tog‘ guldurashi,
Ma’sum go‘daklarning sho‘x chuldirashi
Qayg‘uli ko‘zlardan tosh gildirashi…

Bu tilni bilaman
So‘zi yo‘q tilni…

Kapalak kulgusi, gullar yallasi,
Xazonli bog‘larning yig‘i pallasi,
Tobut qoshidagi armon nolasi
Beshik boshidagi osmon allasi.

Bu tilni o‘rgandim
Lug‘atsiz tilni.

Unsizlar, unlilar, ajab tovushlar,
Suvlarda yonishlar, o‘tda sovushlar,
Chaqmoqni yurakka sanchib sevishlar,
Tuproqqa do‘nishlar, gulga ovushlar…

Men uzoq o‘rgandim
Bu so‘zsiz tilni.

YIG‘I VA KULGU ORALIG‘IDA

Biz bilmagan qanday yig‘ilar qoldi,
Qanday kulgu qoldi bizlar ko‘rmagan.
Yillar qalbimizning qo‘rini oldi,
Oylar otash berdi sizlar bilmagan.

Hayot porlab o‘tdi tabassumlarda,
G‘amgin nigohlarda o‘lim jamoli.
Yurak yurtidagi xush nasimlarda
Yengil-yengil yelar Xudo xayoli.

Aziz xotirlarni tumorday saqlab,
Tovonlarni charxlab yo‘llar tig‘ida
Boryapmiz… umrimiz chaqmoqday chaqnab
Yig‘i va kulgular oralig‘ida.

OLAM VA ODAM

Yozning bir kechasi… Ovloq adirda
Do‘ngsada yotardim osmonga qarab.
Ko‘zimga sig‘ardi butun koinot,
O‘zimga sig‘ardi yetmish ming taraf.

Cho‘g‘larday miltillar milliard yulduzlar,
Oq ko‘rpa ustida suzib borar oy.
Olamlar kesishgan buyuk nuqtada
Ona falak menga solib qo‘ygan joy.

Uzatsam yulduzga yetadi qo‘lim,
Ko‘zimga sig‘adi borliq va hayot.
Menda tugasa-da agarchi o‘lim,
Mendan boshlanadi butun koinot.

* * *

Oy qiblaga botganda,
Ko‘nglimda tong otganda,
Sening ko‘changni bo‘ylab,
Bir hur shamol o‘tganda.

Shu shamol menmasmidim,
U xayol senmasmiding?

Bargda shudring labolab,
Ko‘z yoshlarga yetganda.
Va yalpizlar havolab
Xush atirlar tutganda

U xushbo‘y senmasmiding,
Ko‘cha-ko‘y menmasmidim?

Miltiragan yulduzlar,
Xayr-xo‘sh aytganida
Va ming yillik ildizlar
Hayotga qaytganida,

Chin iqbol senmasmiding
Cho‘ng zavol menmasmidim?

* * *

Adirlar kiftida, qirlardan nari
Jilg‘aday shoshilib borardi bir yo‘l.
Na G‘arbga, na Sharqqa uning safari
Mening yuragimga kelardi bu yo‘l.

Maysalar ergashar atak-chechaklab,
Jilg‘aday shoshilib borardi bu yo‘l.
Salkam oltmish yillik umrim yetaklab
Mening yuragimga kelardi bu yo‘l.

IT

Go‘yo ko‘cha tinchin saqlayapman deb,
Bu it xalal berar ko‘cha tinchiga.
Kecha-yu kunduz u o‘z jag‘ini yeb,
Tinimsiz huradi har o‘tkinchiga.

Undan xafa bo‘lmang, ne qilsin, sho‘rlik,
O‘zicha boshida katta bir yumush,
Martaba tuyular unga bu xo‘rlik:
Har kuni hammaga tinimsiz hurish.

* * *

Ezgu bir ish qilsang joningdan kechib,
Kunduz terlar to‘kib, tun yutib qonlar.
Qaysidir kovakda tishlari qichib,
G‘imirlab qolarkan qora ilonlar.

Cho‘lda buloqtopsang yillar axtarib,
Achchiq qum ustiga to‘kilsa jonlar,
Shunda bosh o‘rniga dumin ko‘tarib
G‘imirlab qolarkan mudhish chayonlar.

Asli o‘zi shunday bo‘lgan qadimdan,
To izg‘ib yurarkan iblis dumlari.
Tinmay choh qazirlar hammaga zimdan
Shudir kasbu kori, shu udumlari.

Qodiriyni qasddan otganlar shular,
Shular qatlgohga eltgan Cho‘lponni.
Shayton tupugidan tarqagan ular
Bulg‘ashga hozirlar butun jahonni.

Mayli, bu kimsalar g‘imirlayversin,
Tezak dumalatib yurgan nodonlar.
Tinmasdan har qancha irillayversin,
To‘xtamay o‘tajak bizning karvonlar.

Oqibat har kimning niyatiga mos,
Kimdir go‘ng titadi, kim gulga ravo.
Ular qilmishidan qolmasligi rost,
Men ham o‘z ishimdan qolmasman aslo!

Zangor vohalardan jilg‘aday o‘tib,
Yam-yashil bog‘larga aylanajakman.
Elga xayr tilab uyquga ketib,
“Salom, Ezgulik” deb uyg‘onajakman.

IDROK

Loydan bosh ko‘targan maysaga qarab,
Hayotning sharhini anglasa bo‘lar.
Bir kichik yulduzdan sarguzasht so‘rab
Osmon tarixini anglasa bo‘lar.

Tog‘ning boshidagi sovuq qoridan
Ichida vulqonni anglasa bo‘lar.
Bir ayol ohidan, bir er zoridan
Suyakda armonni anglasa bo‘lar.

Suvning kulgusidan, yomg‘ir yoshidan
Davron g‘animatin anglasa bo‘lar.
Lahza hayqirig‘i – yurak tovshidan
Qur’on alomatin anglasa bo‘lar.

O‘zingdan bir qadam nariga ketmay
Jamiyki odamni anglasa bo‘lar.
Ko‘ngil kulbasidan tashqari chiqmay,
Jimgina olamni anglasa bo‘lar.

AZOB TABASSUMI

Z…ga

Qarigan nigohlar ortida
Bor edi bir sevgi… buyuk bir sevgi.
Horigan dardlarning qatida
Bor edi bir mehr… suyuk bir sezgi.

Ko‘zyoshlarning unsiz faryodlarida
Bor edi bir vido… aziz bir kalom.
Qartaygan qo‘llarning hovuchida
To‘lib turar edi duo va salom.

So‘ng g‘amgin ko‘zlarda kular iztirob,
Bu chehra oy kabi boqadi ma’sum.
Va so‘lg‘in lablarda g‘unchalar azob
Gulday ochiladi so‘nggi tabassum.

OLDINGA CHEKINISH

Ichkariga yo‘l bor. Ichkariga!
Ichkarida
Xudoning siri berkitilgan bir joy bor.
Bu dunyoda eng yaxshi boshpana ichkarida.

033

(Tashriflar: umumiy 131, bugungi 1)

Izoh qoldiring