Eshqobil Shukur. Omochdan kosmik kemagacha yoxud axborot ochko’zligi.

09
Бундан беш минг йил аввал далада омоч тортаётган одамнинг кулгуси билан бугун фазога учаётган одамнинг кулгусида қанча фарқ бор? Йиғисида-чи? Меҳрида ё нафратида-чи? Минг йил аввал бешикка суяниб чақалоғини эркалаётган аёл билан гўдагини суяётган ҳозирги аёлнинг фарзандига меҳр беришида қанча фарқ бор? Албатта, омоч билан космик кема орасидаги фарқ даражасида эмас. Ҳазрати Муҳаммад пайғамбар “Тоғ ўрнидан силжибди десалар ишонаман, лекин одамнинг табиати ўзгарибди дейишса ишонмайман” деган бўлсалар, Декарт: “Дунёни ўзгартиришдан кўра, инсоннинг табиатини ўзгартириш қийин” деган.

011
Эшқобил Шукур
ОМОЧДАН КОСМИК КЕМАГАЧА
ЁХУД АХБОРОТ ОЧКЎЗЛИГИ

065

01    1. Янги Эра арафасида… мизми?..

Замон шитоби тез. Одамзот омочдан тракторгача бўлган масофани, эҳтимол, 6000 йилда босиб ўтгандир, трактордан космик кемагача бўлган йўлни эса, бор йўғи 60 йилда босиб ўтди. Ҳайратланарли тезлик.
Уч-тўрт йил бурун Мисрда бир олим вақтнинг энг кичик бўлагини топганлиги учун Нобель мукофотини олди. Ўйланиб қолдим… Хўш, вақтнинг энг кичик бўлаги топилганда нима ўзгарар экан? Барибир, ўша соат – соат, дақиқа – дақиқа, лаҳза – лаҳза ўрнида қолавермайдими? Суриштириб кўрсам, бу кўп нарсага таъсир кўрсатаркан. Ушбу кашфиёт ҳозирги компьютерларнинг иш бажариш тезлигини кескин кўтариб, космик кемалар тезлигини бир неча баробар ошириб юбориши мумкин экан. Бу албатта таҳсинга сазовор кашфиёт!
Демак, коинот бизга эшикларини очмоқда. Ҳақиқатан, бу биз узоқ кутган мўъжиза. Эҳтимол, инсоният янги Эра арафасида тургандир. Беихтиёр, фан ва тараққиётнинг буюклигини ҳис этасан, тўлқинланиб кетасан. Дунёда ҳайратланарли кўп ишлар бўлаяпти.

01     2. Одам ўзгардими… олам?..

Шундай шиддатли жараёнда яна бошқа нарсалар ҳақида ўйланиб қоласан… Бундан беш минг йил аввал далада омоч тортаётган одамнинг кулгуси билан бугун фазога учаётган одамнинг кулгусида қанча фарқ бор? Йиғисида-чи? Меҳрида ё нафратида-чи? Минг йил аввал бешикка суяниб чақалоғини эркалаётган аёл билан гўдагини суяётган ҳозирги аёлнинг фарзандига меҳр беришида қанча фарқ бор? Албатта, омоч билан космик кема орасидаги фарқ даражасида эмас. Муҳаммад пайғамбар “Тоғ ўрнидан силжибди десалар ишонаман, лекин одамнинг табиати ўзгарибди дейишса ишонмайман” деган бўлса, Декарт: “Дунёни ўзгартиришдан кўра, инсоннинг табиатини ўзгартириш қийин” деган.
Шундай деймиз-у, барибир тезлик, глобаллашув, хилма-хил ахборот оқимлари одамларга ўз таъсирини ўтказмай қўймас экан.
Болалигимда бобом билан эшакка мингашиб, қишлоқ ошиб, ошналариникига меҳмонга борар эдик. Дастурхонда (ноз-неъматлар бисёр-ку) на ароқ бор, на шароб, лекин гурунглар қизигандан қизиб узоқ давом этарди. Меҳмонхонада на видео бор, на DVD, на компьютер, лекин бу давраларнинг чўғи тонготаргача сўнмас эди. Мен бу эртаклардай гурунгларни мароқ билан тинглаб, такяга бош қўйиб жимгина ухлаб қолардим. Ҳар ҳафтада бобом билан қайсидир қишлоққа кимникигадир гурунгга боришга ошиқар эдим. Қизиқ, шунча юриб, бобомнинг бирор марта шошилганини ё унинг ошналарининг бетоқат бўлганини ҳеч эслайолмайман. Уларнинг юриш-туришлари ҳам, атрофга қарашлари ҳам, гурунглари ҳам вазмин ва хотиржам эди. Улар ҳам бекорчи одамлар эмасдилар. Ишлари ҳам бизникидан кам бўлмаган бўлса керак. Ҳозир “Нексия”да 20 дақиқада бориш мумкин бўлган жойга бобом билан 4-5 соатда борар эдик. Лекин у жуда хотиржам эди. Энди эса, қушдай автомобилдаги йигима дақиқалик йўлга ҳам тоқат қилолмаймиз. Шунга 15 дақиқада етиб олсак, деймиз. 15 дақиқада етамиз ҳам, лекин барибир бетоқат бўлаверамиз. Яна қаергадир шошиламиз. Еламиз. Югурамиз. Натижа эса – бетоқатлик.

01     3.Бетоқатлашувми… автоматлашув?…

Эътибор қилганмисиз, кўчада дуч келиб қолган яқин танишимизга ҳам “Яхшимисиз? Уй-ичлар тинчми? Болалар омонми?” деган гапларни автоматга ўхшаб айтамиз. Танишимиз ҳам мобил телефондаги автожавобчидай бир хил жавобни тўтидай такрорлаб кетаверади. Ундан ҳол-аҳвол сўраяпмиз-у, аслида унинг ҳол-аҳволи билан қизиқмаймиз. У билан заррача ишимиз йўқдай миямиздаги магнитофонга йигирма йилми, ўттиз йилми аввал ёзиб қўйган гапларимизни қўйиб кетаверамиз. Очиғини тан олайлик, бундай пайтларда кўпинча тилимиз ҳам, дилимиз ҳам гапирмайди, миямиздаги магнитофон гапиради. Кўчада дуч келиб қолган танишимизнинг миясидаги магнитофонга ҳам аллақачонлар жавоблар ёзиб қўйилган. Биз ҳол сўрашимиз билан у ҳам магнитофонини қўйиб юборади. Ленталар эса анча эскириб қолган, янгилаб қўйишга ҳам вақт йўқ. Сохтагарчилик самимиятни ўлдиради. Одамларни бир-биридан совутади, узоқлаштиради.
Нега шундай? Бунинг сабаби нима? Нима учун муносабатларимиз тобора сохталашиб боряпти? Нега бир-биримизни тинглашга, англашга, тушунишга тоқатимиз йўқ? Бундай шошма-шошарлик, ҳовлиқмачилик ва бетоқатликнинг боиси не? Менинг назаримда, одамларда ахборот очкўзлиги авжга минди. У ғийбатми, олди-қочдими, бўҳтонми, сафсатами, фарқи йўқ, ахборотни эшитсак, олсак бўлди. Унинг фойда-зарарини ҳам, увол-савобини ҳам тарозига тортиб ўтирмаймиз. Олинган ахборотни таҳлил ҳам қилмаймиз, қайта ишламаймиз ҳам. Бунга вақт йўқ. Чунки, яна янгиларини эшитишимиз керак. Уларнинг икки мингтаси кўзимиздан киришга навбат кутаётган бўлса, уч мингтаси қулоғимиздан киришга навбатда турибди. Ахборот очкўзлиги инсонни ахборот қулига айлантиради.
Шоирнинг “Одам тўқсон тўққиз фойиз сувдан, бир фойиз даҳодан иборат” деган гапи бор. Бир фойиз даҳо тўқсон тўққиз фойиз сувга чўкиб кетмаслиги керак. Инсоннинг инсонлиги ҳам шунда. Бугунги глобаллашув жараёнида, хилма-хил ахборотлар бўҳронида тараққиётни инсон қалби ҳимоясига хизмат қилдира билишимиз керак. Бу ҳар кимнинг ўз тафаккури билан боғлиқ.

01     4. Олтмиш йил ва олтмиш кун…

Ахборот оқимларининг шиддатини кўриб, ҳам ҳайратланасан, ҳам қўрқиб кетасан. Бу бежилов жараёнда наф қатори хавотир ва хатарлар ҳам етарли. Гап шундаки, Алишер Навоий замонида ёхуд Леонардо да Винчи даврида битта одамнинг мияси 60 йилда қабул қилиши мумкин бўлган ахборот ҳажмини бугунги ХХI аср одами 60 кунда қабул қилиб олаяпти десак муболаға бўлмайди. Тарозиси бўлса, ўлчаб кўрсангиз натижа шунга яқин бўлади. У ҳолда ҳар куни шунча катта ҳажмдаги ахборотларни қабул қилаётган жаҳон болаларининг аксарияти 12 ёшидаёқ академик бўлиб кетишлари керак эди. Бироқ нега шундай бўлмаяпти? Шунча катта ахборот манбаига эга бўламиз-у, Навоийдай, Гётедай зотларнинг чиқиши қийин бўлаяпти? Нега болаларнинг билимлари билан мақтана олмаймиз? Тўғри, ҳавас қилса арзийдиган, зукко, тийрак йигит-қизлар кўп, аммо савиясизлари ҳам етарли. Ахборот қулларига айланиб қолаётган ёшлар ҳам оламда бисёр. Ўзи ахборот инсонга хизмат қилиши керакми ёки инсон ахборотгами? Янги замонда Ахборот деган куч қулдорлик тизимининг кўринишидан жуда беозор, ҳатто меҳрибон, аслида эса, шафқатсиз шаклларини ишлаб чиқаяпти.
Тўғри билимнинг илк манбаи ахборот. Ахборотсиз билим ҳосил бўлмайди. Шундай экан, шунчалик чексиз ахборотга эга бўлаётган дунё болалари нима учун 12 ёшидаёқ академик бўлиб кетишмаяпти? Аксинча, улар болалигидаёқ қотиб қолишяпти. Умрнинг болаликдай мўъжизакор фаслини яшаб улгуришолмай, гибрид одамчаларга айланишяпти. Бу гаплар албатта, ҳамма болалар ҳақида эмас, баъзи болалар ҳақида бораяпти… Лекин дунё шундай кенгки, унда “баъзи” деган кичик ўлчовлар ҳам миллионларни ташкил этади. Худди шу жузъийгина кўринган “баъзилар” миллиардларнинг ҳаёти ва маънавиятига таъсир кўрсатади. Нима учун ахборотлар кўпайгани сари бутун дунёнинг маънавий аҳволи камбағаллашяпти?
Бу ҳақда боболаримиз ҳам аллақачонлар, ахборотларнинг тарқалиш ҳажми бугунгидан кўра миллион марта кам бўлган даврлардаёқ бош қотириб кўрганлар. Бундан етти юз йил аввал Ревгарий бобо: “Ахборот пароканда бўлади, у илм эмас” деган. Шайх Шиблий эса, “Тўрт минг ҳадис ўқидим, тўрт юзини ёд туширдим, шундан тўрттасига амал қилдим ва мақсадга етишдим” деган.

01     5. Онгнинг ошқозони борми?

Демак, ҳамма гап қабул қилинаётган ахборотларнинг одам миясида ва тафаккурида қайта ишланишида. Қайта ишланмаган ахборот, мия учун кераксиз тош, ортиқча юкдир. Бундай юкнинг фойдасидан зарари кўпроқ. Яна тарозига ташлаб кўринг, 18 яшар бир йигит ўзи бир кунда қабул қилаётган ахборотларининг неча фойизини қайта ишлаяпти-ю, неча фойизини кераксиз тошдай кўтариб юрибди. Тасаввур қилинг, бир пайтда кетма-кет учта кинони томоша қилган ўсмирнинг ҳоли не кечади? Учта кинодаги ахборотлар юкидан унинг мияси ғовлаб кетади-ку. Бу кинолардан ташқари уни яна қанча ахборотлар “Бу бола қачон уйидан чиқар экан” деб эшигининг ёнида деб кутиб турибди. Қолаверса, инсон мияси бир кунда қанча ҳажмда ахборот қабул қилишининг ҳам чегараси бор-ку. Мия ҳам ошқозонга ўхшайди. Ошқозон овқатни хазм қилсагина, овқат қувватга, қонга айланади. Аксинча бўлса-чи, хазмсиз таомнинг кони зарар, у ошқозонни ишдан чиқариб ташлайди. Айтадилар-ку: “Агар иккита манти есанг, манти сени кўтариб юради, тўртта манти есанг, сен мантини кўтариб юрасан” деб. Ахборот ҳам онгнинг овқати, у хазм бўлиши, қайта ишланиши, илмга ва фикрга айланиши керак. Йўқса, узлуксиз ахборотдан мия бўкиб қолади, бузилади. Энди ҳар бири 2 соатлик учта фильмни изма-из томоша қилган ўсмирнинг аҳволини ўзингиз тафтиш қилиб кўринг. Бунинг устига кўплаб фильмлар томошабинни ахборотни қайта ишлашга ундамайди, аксинча мияни ахборотга бўктириб ташлайди. Шунинг учун ҳам Ғарб файласуфларидан бири “Кино бизни кўришга ўргатди, бироқ қарашдан айириб қўйди” деган эди. Бу гап бир пайтлар меъёрдаги, қониқарли филмлар ҳақида айтилган. Бироқ, ҳозирги пайтда дунёда яхши фильмлардан кўра, ёмон фильмлар неча баробар кўп ишланаётганини ҳам тасаввур қилиб кўринг. Маълумотларга кўра, ер юзида ҳар 29 минутда битта беҳаё филм ишлаб чиқариляпти ва тезлик билан интернетдан истеъмолга юбориляпти.
Албатта, билим ахборотдан бошланади, бироқ ҳозирги ахборот асрида билимсизлик ҳам ахборотдан бошланяпти. Инсон биринчи навбатда табиатдан дарс олади, у азалда шундай яралган. Кейин атрофидаги одамларнинг қарашларидан, феъл атвори, кечинмаларидан сабоқ олади. Лекин, мияси бўтана ахборотларни тинимсиз қабул қилаётган одамнинг ҳатто битта майсага ҳам инсон кўзи билан қарашга имкони ҳам, фурсати ҳам бўлмайди. Шунинг учун одам ўзини ахборотни қайта ишлашга ўргатиши шарт, йўқса, бу бешафқат гирдоб унинг онгини ҳам, охир оқибатда ўзини ҳам хас-хашак каби ютиб юборади. Бугунги кунга келиб баъзи мамлакатларда компьютер манияси касаллигидан даволовчи касалхоналар пайдо бўлаётгани ҳам бежизгамас.

01     6. Биринчи ва сўнгги восита

Қандай бўлмасин ёшларни кўпроқ китобга жалб қилиш керак бўлаяпти. Бу борада ҳам китобларни танлай билиш масаласида жиддий муаммолар бор-ку, лекин бу алоҳида мавзу. Бу ўринда биз маънавият мулки саналган, ҳақиқий адабий асарлар ҳақида гапиряпмиз. Ҳақиқий китоблар инсоннинг энг ишончли маънавий таянчидир. Чунки, кино, интернетнинг йўриғи бошқа-ю, китобнинг йўриғи бошқа. Китоб ўқиш дегани зинҳор кино томоша қилиш ёки интернетдан ахборот олиш дегани эмас. Одамзод қанча тараққий этмасин, қанча ғаройиб техник воситаларни ўйлаб топмасин, барибир ҳали ўз тафаккури тарбияси учун китобдан яхши воситани ўйлаб топгани йўқ. Китоб мутолааси бизга ҳаётни мутолаа қилишни, инсонни ва худони мутолаа қилишни ўргатади. Китобдан узоқлашиш бу тафаккурдан узоқлашиш, тафаккурдан узоқлашиш эса, одамнинг ўз-ўзидан узоқлашишидир. Ҳозирда хилма-хил ахборотлар таъсирида Ўзини йўқотиб қўяётганлар қанча! “Худо инсоннинг ўзининг иштирокисиз инсонни қутқармайди” деган гапда катта ҳикмат бор. Барибир фикрлашга ўргатиш учун, қарашлар ва туйғуларни тарбиялаш учун энг муҳим восита китобдир. Китоб одамга ўз-ўзини тафтиш қилиб боришни ўргатади. Хеч нарса, ҳеч нарса унинг ўрнини босолмайди.
Гоҳо шаҳардаги сўлим бир боғда ўтирғичда ўтириб олиб, ғужанак тушганча, қўлидаги телефон тугмаларини бетоқатларча чираниб босаётган ўсмирларга кўзим тушиб қолади. Ён-берига қараш йўқ. Гўё икки кўзи гўшакнинг ичига кириб кетган. У нима қиляпти? Ўйнаяптими ёки аллақандай ахборотларни излаяптими? Шу топда онаси ёрдамга чақирса ҳам ўрнидан қўзғалолмайди. Эй бола, шунча диққатингни бошқа нарсага сарфласанг бўлмайдими? Ахир диққат дегани ҳам куч-ку. Ахир энг яхши ахборот сен ўтирган сўлим боғнинг ўзи-ку, ёнингдан ўтаётган одамлар-ку. Телефонингдан кўзларингни ол-да, атрофингга бир қара! Сен эса бу пайтда ҳатто ҳаво қандайлигини ҳам унутгансан…
Гоҳо чойхоналарда дийдорлашувга йиғилган қадрдон дўстларни кўрасиз. Қараб туриб сезасиз, анчадан бери кўришишмаган, эҳтимол йилда бир учрашадиган синфдошлардир. Шунда бир дастурхон атрофига тўпланган ўн чоғли йигитнинг тўққизтаси телефонга ёпишиб тўққиз хил мавзуда тўхтамай гапираётганига гувоҳ бўласиз. Бир-бирини эшитмай қўйдими, бас, ҳатто ота билан бола ҳам бир-биридан бегоналашади.
Яна шуни таъкидлашни истардикки, бугунги замонавий воситалардан, хусусан интернетдан ҳам фойдаланишни мукаммал даражада билишимиз, бу борадаги билимларимизни ошириб боришимиз шарт. Бу энди заруриятга айланиб бўлди. Лекин, бу жараёнда яхшини ёмондан фарқлай билиш керак. Ўз фикри бўлмаган одам ҳар хил гирдобга тушиб қолаверади. Яъни, интернет шундай жойки, унда кимдир ахлат титиб юриши ҳам мумкин, кимдир олтин ёмби топиши ҳам мумкин. Нима қилиш керак? Миллат ҳар хил ёт таъсирлар ва хуружлардан ўз қадриятлари билан ўзлигини ҳимоя қилади. Бу аниқ. Лекин айни шу қадриятлар моҳиятини англашга ҳам яхши китоблар ёрдам беради. Ўз миллатининг қадриятлари ва фазилатларини англаган одам дуч келган таъсирлар қулига айланмайди. Унинг ичи бутун бўлади. У ҳар қандай ҳодисага миллий ва инсоний тамойиллар асосида ёндаша олади. Шунинг учун ҳам Президентимиз кўп чиқишларида миллатимизнинг энг ёрқин ва эзгу қадриятлари ва фазилатларини асраб қолиш, уларни тарғиб қилиш ва ёшларимиз онггига мунтазам сингдириб бориш нечоғли зарур эканлигини таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, битта яхши мақолнинг яратилиши учун камида юз йиллик миллий тажриба керак бўлади-ю, бир муҳташам қадрият ё бир эзгу анъананинг тўлиқ шаклланиши учун ўнлаб асрлар керак бўлмайдими? Уларга аждодларимиз минг йиллар мобайнида онгги ва шуури билан, меҳри ва муҳаббати билан сайқал берганлигини қанчалик теран ҳис этсак, шунчалик қадрига етамиз.
Оммавий маданият дунёнинг ҳамма халқлари ва миллатлари маънавиятига хавф-хатар солиб турибди. Бу жараёнда баъзан маданият ва маърифат тимсолига разолат ва қабоҳат беркиниб олганини, “фаришта” тимсолига иблис яшириниб олганини ҳатто зукко билимдонлар ҳам сезмай қолиши мумкин. Демак, билим ва тафаккур, ботинимизда яшаб келаётган миллий руҳ, эзгу туйғулар ҳар биримизга ҳар қадамда таянч бўлиши керак.

033

(Tashriflar: umumiy 64, bugungi 1)

Izoh qoldiring