Eshqobil Shukur. Xalq va tarix tili & Abdunazar baxshi. «Alpomish» dostonidan

011    Халқ қалби, миллий руҳ деган тушунчар борки, улар мавҳум тушунчалар эмас. Уларни англамоқчи бўлган одам, бор бўйи билан кўрмоқни истаган одам халқимизнинг минг йиллар мобайнида сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, товушма-товуш бунёд этилган достонларини билиши керак. «Алпомиш» достонини бахшиларимиз ўн кечалаб айтишган, «Гўрўғли» туркуми ўзида 100га яқин достонни жамлаган. Худди шу достонлар ичига кирган одам халқ қалби билан, миллий руҳ билан юзма юз келади ва унинг нима эканлигини билади.

Эшқобил ШУКУР
ХАЛҚ ВА ТАРИХ ТИЛИ
02

045Халқ қалби, миллий руҳ деган тушунчар борки, улар мавҳум тушунчалар эмас. Уларни англамоқчи бўлган одам, бор бўйи билан кўрмоқни истаган одам халқимизнинг минг йиллар мобайнида сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, товушма-товуш бунёд этилган достонларини билиши керак. «Алпомиш» достонини бахшиларимиз ўн кечалаб айтишган, «Гўрўғли» туркуми ўзида 100га яқин достонни жамлаган. Худди шу достонлар ичига кирган одам халқ қалби билан, миллий руҳ билан юзма юз келади ва унинг нима эканлигини билади. Бизнинг бахшиларимиз минг-икки минг демайман, неча минг йиллар мобайнида халқ қалбини, миллий руҳни даврларнинг турли суронларидан, тўзонларидан бутун олиб чиқа олган. Ана шу достонлар ичига жойлаб олиб чиққан. Агар халқ қалбининг уйи қаерда, халқ қалбининг манзили, макони қаерда деса, мен ҳеч икиланмасдан, халқ достонларида халқ оғзаки ижоди асарларида деб жавоб берган бўлардим. Шунинг учун бахшилар бутун бир халқнинг тили, тарихимизнинг тили бўлганлар ва халқнинг орзу-армонлари, дардини, интилишларини мана шу достонларда ифода этганлар.

Мен ўзим кўрган бахшилар орасида ҳам 70-80та достонни ёд биладиган бахшилар бор эди. Шунча достонни ёд билиш нима эканлигини биз тасаввур қилишимиз керак. Масалан, биргина «Алпомиш»нинг ўзи 600-700 саҳифа китоб бўлади. Шунча нарсани улар ёд билган ва шуурида асраган, бор меҳри-муҳаббати билан авайлаган. Ҳолбуки, баъзи одамлар билан гаплашганда, тўрт қатор шеърни ёд биласизми, десангиз ўйланиб қолади, тутилиб қолади. Демак, далаларда қўй боқиб ёки мол боқиб юрган битта бахшининг қалбида қанақа маънавий мерос сақланиб келаётганлигини, қандай бойлик шу одамнинг ичида яшаётганлигини англашимиз керак-да.

Қаранг, қандай яхши кунларга етиб келдик, Ҳалима Ҳудойбердиева айтганларидай «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор». ХХ асрнинг 30-40 йилларидан нари-берида биз бахшичилик санъатидан узоқлаша бошладик. Аввалига аста-аста, кейин тезлик билан узоқлашиб кетдик. Бунинг устига ХХ1 аср арафасида оммавий маданият ўз юришларини халқларнинг қадимий санъатларини емиришдан бошлади. Шўролар тузумида бахшичилик санъати чеккага суриб ташланди. Бахшиларга муносабат ёввойиларга муносабат каби масхараомуз шаклда намоён бўлди. Бизга қўшни мамлакатларнинг ҳам жуда катта бахшилари, оқинлари бор эди. Уларда ҳам бу санъат йилдан йил ғариблашиб борди. Шу ўринда яна бир нарсани айтишни истардим, дунёда халқлар борки, уларнинг ҳар бирининг тарихида бахшичилик санъати қандайдир кўринишда мавжуд бўлган. Фақат қайсидир халқ бу қадимий санъатини сақлаб қололган, қайсидир халқда эса унутилиб, аста-секин йўқ бўлиб кетган. Масалан, жаҳонга машҳур «Илиада», «Одиссея» достонларини яратган Ҳомер ҳам аслида бахши бўлган. Биласиз, Ҳомернинг кўзи ожиз эди, у бахшиларга ўхшаб достонларни қўшиқ қилиб айтиб юрган. Анча кейин улар китоб ҳолига келган. Хуллас, ҳамма халқларда ҳам ёзма адабиётга довур юрт қаҳрамонларини, элнинг орзу-армонларини куйлаб юрган бахшилар бўлган. Шунинг учун Термизда бўлиб ўтаётган бахшичилик санъати фестивалининг халқаро миқёсда ўтиши ҳам диққатга сазовор. Шу кунларда турли мамлакатлардан бахшилар, оқинлар, фольклоршунос олимлар юртимизга келишяпти. Мен аминман, улар бу фестивалнинг тарихий аҳамиятини ўз халқлари мисолида ҳам теран ҳис этадилар. Чунки, ҳар бир халқнинг маънавий хазиналарининг асл бешиги худди шу бахшичилик санъатидир. Ёзма адабиётгача бўлган даврлар ҳақидаги тасаввурни ҳам ва ёзма адабиётга энг катта манбани ҳам шу санъат беради. Ҳамма гап шундаки, ёзма адабиётгача бўлган, неча минг-минг йил олдинги аждодларимиздан қолган қандай эзгу сўз бўлса, қандай эзгу амал бўлса, улуғ бахшиларимизнинг шарофати билан етиб келган. Бу бахшилар йўлма-йўл, уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ юриб, айтиб юрган достон ва қўшиқларида жуда катта маънодаги мафкурани, Инсон мафкурасини одамларга сингдирган. Уларнинг ҳар бир ҳаракатида, ҳар бир сўзида халқнинг катта адабиёти яшаб келган.

Дунёда катта эпоси бор халқлар жуда кўп эмас. Ғурурлансак арзийди, ўзбек халқида «Алпомиш» бор. Гап шундаки, халқларнинг бадиий тафаккурини барометр каби ўлчайдиган нарса бу – шу халқнинг эпоси бўлади. Бизнинг халқимизнинг бадиий тафаккури азалдан жуда катта талабларга жавоб бера олган. Бўмасам, «Алпомиш»га, «Гўрўғли» га ўхшаган достонлар яратилмасди. “Алпомиш” достонининг ҳар саҳифасига катта тарих, катта ҳакматлар яширинган. Алпомиш Қултой кўринишида келиб, Ойбарчинга уйланмоқчи бўлиб тўй бераётган Ултонтозга “қутлуғ бўлсин” қилганини бир эсланг:

Номуслар билан-эй орингиз,
Қаторда лўкчаю норингиз,
Сағирга ўтибди зўрингиз,
Юракдан чиққандир черингиз,
Қуллуқлар бўлсин-эй, тўражон-эй,
Бир марддан қолған-эй ёрингиз.

Ёки Ултонтозга тегишга мажбур қилинаётган Ойбарчиннинг сўзларини эслаб кўринг:

Уюримда қулуним от бўлмасми, бобожон,
Бегонани кел десам ёт бўлмасми, бобожон.
Вақти келиб бу кўнгил шод бўлмасми, бобожон,
Мард кишининг боласи мард бўлмасми, бобожон,
Ит боласин суйган билан ит бўлмасми, бобожон.
Сунбул-сунбул сочимни тарамай ўлай, бобожон,
Ойна олиб оқ юзима қарамай ўлай, бобожон.

Мен “Алпомиш”ни Қодир бахшидан эшитиб кўрганман. Қодир бахши сиймосида Бобо шоир, Умр бахши, Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош, Пўлкан шоирларнинг тимсолини кўрганман. У худо берган одам эди. Қодир бахшининг овозида ҳам, дўмбира чертишида ҳам, айтишида ҳам сеҳр бор эди. «Алпомиш” достонининг бир жойига келганда, тингловчиларни шундай йиғлатарди, шундай йиғлатарди, яна бир жойига келганда эса, шундай кулдирарди, шундай кулдирарди. Хуллас, бутун бошли манаман деган жуда катта театр жамоаси қилиши мумкин бўлган ишни биргина Қодир бахши қўлида дўмбираси билан қилганини мен кўрганман. Ачинарлиси, Қодир бахши айтган «Алпомиш» ҳ тўлиқ ҳолда ҳали йиғиб олинмади. Халқнинг орасида ҳар хил эски ленталарда сочилиб ётибди. Ўнлаб достонлар айтган у киши. Буларнинг ҳаммасини бугунги замонавий аудио техникаларга кўчириб олиб, халққа берсак жуда катта иш бўлар эди. Қодир бахши Тожикистонда бир даврада «Ҳазрати Хизр» деган достонини айтган. У пайтларда мумкин эмасди бундай достонларни айтиш. Ўша даврада Тожикистоннинг уламолари, адиблари, олимлари бўлишган. Бу достонни бахши яширин бир уйда, хос даврада яшириб айтган. “Ҳазрати Хизр” достони ҳам ҳозирда йўқ. Бундай достонларни излаб топишимиз керак.

Менинг қишлоғимдан ҳам Поён бахши деган бахши ўтган. 30 йилларда даҳшатли очарчилик бўлиб турган бир даврда Тожикистондан Сурхондарёга дон олиб қайтаётган одамларнинг буғдойини Боботоғда беркиниб юрган қароқчилар тортиб олади. Бола-бақра, хотин-қиз, кекса-ю ёш йўл қараб кутаётган карвон қуп-қуруқ қўл билан қайтади. Оқсоқоллар бўлган воқеани эшитишиб, миршаб жўнатайлик деса, “активлар”ни юборайлик деса, иш чиқмайди, беҳуда қон тўкилади, холос. Охири улар Поён бахшининг бир ўзини Боботоққа жўнатишади. Поён бахши қароқчиларни топади, уларга “Мен сизларга бир достон айтаман, эшитинглар!” дейди. Сўнг Поён бахши юртда аёлллар, болалар, кексалар очдан ўлаётганлигини, кечаётган қаҳатчилик ва очарчилик даҳшатларини шундай дард ва алам билан куйлайдики, қароқчилар бошлиғи чидаёлмай йиғлаб ўрнидан туриб кетади-да, ҳамма донни битта донасигача қолдирмай қайтариб беришларини, ҳатто ўзлари учун йиғиб қўйган донни ҳам қўшиб беришларини буюради.

Мана кўряпсизми, бахшиларга халқнинг тили, эл юрагининг овози бўлиш худо томонидан юқтирилган. Энди ўтган даврдаги эътиборсизлик ва беписандликни қарангки 70-80 талаб достонни ўз қалбида асраб элга етказиб келган бахшиларнинг ҳозир қабри қаерда деса, биров билмайди. Ахир улар ҳақиқий маънода халқ ва миллатнинг жуда катта хизматчилари эдилар. Ўша давр мафкурасини биласиз. Қуллик мафкураси элу халқ бахшичилик санъатидан узоқ бўлишидан манфаатдор эди. Шу сабаб қанчадан-қанча бахшилар ўзга юртларга сургун қилинди, ўз элида қолганларининг бошида ойболта ўйнаб турди. Бунга ҳамманинг ичи куяди. Юз йиллик бу муддатда қанчадан қанча хазиналар тили боғланган бахшиларнинг ичида куйиб кетди. Бу фестивалнинг ташкил қилинишидан мақсад ўша хазиналарни борича қайтариш, қадрини англаш, бу қадим санъатнинг қаддини кўтаришдир. Кейинги даврдаги катта маънавий ҳодисалардан бири бўляпти бу анжуман. Чунки, кейинги пайтларда бахши, бахшичилик санъати деса ёшлар у нима экан дейдиган даражага бориб қолганди. Мен яқинда Сурхондарёда бўлиб чоллардан, кампирлардан кўп яхши гапларни эшитиб келдим. Улар учун гўё йўқотган азиз нарсаси қайтаётгандай, ботиний бойлиги қайтаётгандай… Ёшларимиз бошқа арзимас ва бачкана нарсаларга чалғимаслиги учун мана шундай миллий санъатлар билан уларнинг қалбини бойитиш йўлларини излашимиз керак. Мен кўп одамлар билан гаплашиб бир нарсани англадим, бизнинг одамларимизнинг ичида ҳозир ҳам катта адабиёт яшаб келяпти. Буни оддийгина турмуш тарзида кўрса ҳам бўлади. Масалан, дарёнинг олдидан ўтиб кетишаётганда, ассалому алайкум, дейишади. Қишлоғидаги қари бир тутни боботут деб, ўз бобосидай кўришади. Сувнинг олдидан ўтаётганда ҳам эҳтиёт бўлишади. Эҳ, жуда кўп бундай мисоллар. Булар бахшиларимиз айтган достонлардан қон-қонимизга сингган нарсалар.

Оммавий маданият, глобализация бутун жаҳон зиёлиларини ташвишга солиб турибди. Дунёдаги аҳли фикр олдида: “Бу қалтис ва хатарли жараёндан қандай халқлар бутун чиқади?” деган савол турибди. Ривожланган, малакатлар ҳам шунга эътибор қаратяпти ҳозир. Гап шундаки, миллатга тааллуқли ҳар бир одамнинг ичи бутун бўлса, халқнинг ичи ҳам бутун бўлади. Бунинг учун асл илдизларни яхши англаш керак. Асл илдизларни билиш учун эса, бизга тил ва руҳ берган, тафаккуримизни парвариш қилган қадимий санъатларимизни ҳис этишимиз керак бўлади. Қадимий достонлар, бахшиларимиз айтиб юрган қўшиқлар ҳар биримизнинг қалбимизни ҳимоя қилади. Уларни сақлаш миллатни сақлаш дегани. Чунки, бахшилар айтган бу достонлар миллат руҳида, миллат руҳи эса шу достонлар ичида яшаб келган. Уларни бир-биридан айириш вужудни руҳдан, руҳни танадан айиришдай гап. Тасаввур қилинг, битта достоннинг яралиши учун қанча вақт керак? Биттагина мақолнинг яралиши учун юз йил керак бўлса, битта халқ достонининг бунёд бўлишига неча асрлар керак. Халқ ижод маъносида шошилмайди.

Мен баъзида нима учун бахшиларимиз ички овозда айтишлари ҳақида ўйлаб қоламан. Инсоннинг ботиний овози бу. Бахши куйлаётганда овозига эрк беради, бор туйғулари, жисму жони билан айтади. Унга қўшилиб, табиат куйлайди, тарих куйлайди. Бахшининг овози бу тарихнинг овозига ўхшайди. Бу дард ва изтироб овозига, қадимият овозига ўхшайди. Мен бу овозда табиат, тарих ва кўнгилнинг қоришиқ симфониясини сезаман.

Қодир бахши айтган “Алпомиш” мана бундай бошланади:

Бу савдолар ўтганда бу дунёлар ёш эди.

Гапни қаранг-а. Алпомиш билан боғлиқ тарих ўтганда бу дунёлар ҳали ёш эди дегани бу неча минг йиллар йиллар олдин бу асар яратилган деганидир.

Достонни ўқиш яхши, лекин достонни бахшидан эшитиш керак. Достон ичидаги сир достонни эшитганда очилади. Ёшларни достон эшитишга ўргатишимиз керак. Бунинг таъмини олган одам кейин билади унинг сири нимада эканлигини. Бунинг завқини сезган киши орқасидан ўзи эргашиб кетаверади.

Малакатимиз Президенти ташаббуси билан бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали – бу халқимизнинг, адабиётимизнинг, достонларимизнинг байрами. Халқ даҳосига катта эҳтиром бу!

Шу ўринда мен кўпроқ ёшларга мурожаат қилишни истардим. Ҳозир Мактаб партасида ё университет аудиториясида ўтирган бу ёшлар ҳам вақти келиб 70-80га киради, бобо бўлади, буви бўлади, Ўшанда уларнинг болаларига, набираларига қолдирадиган эзгу сўзи бўлиши керак. Авлод учун бу энг муҳим меросдир. Эзгу сўзни эса халқ достонлари беради. Бахшичилик санъатининг буюк қадри ҳам шунда. Яна шуни айтишни истардимки, олдимиздан улкан дарёлар оқиб турганда, кўза кўтариб бошқа жойлардан сув излаб юрмайлик. Бу дарёларни танийлик, қадрига етайлик ва улардан мангу баҳраманд бўлайлик.

Манба: “O’zbekiston ovozi” газетаси 2019 йил, 8 апрел

  Xalq qalbi, milliy ruh degan tushunchar borki, ular mavhum tushunchalar emas. Ularni anglamoqchi bo’lgan odam, bor bo’yi bilan ko’rmoqni istagan odam xalqimizning ming yillar mobaynida so’zma-so’z, harfma-harf, tovushma-tovush bunyod etilgan
dostonlarini bilishi kerak. «Alpomish» dostonini baxshilarimiz o’n kechalab aytishgan, «Go’ro’g’li» turkumi o’zida 100ga yaqin dostonni jamlagan. Xuddi shu dostonlar ichiga kirgan odam xalq qalbi bilan, milliy ruh bilan yuzma yuz keladi va uning
nima ekanligini biladi.

Eshqobil SHUKUR
XALQ VA TARIX TILI
03

04Xalq qalbi, milliy ruh degan tushunchar borki, ular mavhum tushunchalar emas. Ularni anglamoqchi bo’lgan odam, bor bo’yi bilan ko’rmoqni istagan odam xalqimizning ming yillar  mobaynida so’zma-so’z, harfma-harf, tovushma-tovush bunyod etilgan dostonlarini bilishi kerak. «Alpomish» dostonini baxshilarimiz o’n kechalab aytishgan, «Go’ro’g’li» turkumi o’zida 100ga yaqin dostonni jamlagan. Xuddi shu dostonlar ichiga kirgan  odam xalq qalbi bilan, milliy ruh bilan yuzma yuz keladi va uning nima ekanligini biladi. Bizning baxshilarimiz ming-ikki ming demayman, necha ming yillar mobaynida xalq qalbini, milliy ruhni davrlarning turli suronlaridan,  to’zonlaridan butun olib chiqa olgan. Ana shu dostonlar ichiga joylab olib chiqqan. Agar xalq qalbining uyi qaerda, xalq qalbining manzili, makoni qaerda desa, men hech ikilanmasdan, xalq dostonlarida xalq og’zaki ijodi asarlarida deb javob  bergan bo’lardim. Shuning uchun baxshilar butun bir xalqning tili, tariximizning tili bo’lganlar va xalqning orzu-armonlari, dardini, intilishlarini mana shu dostonlarda ifoda etganlar.

Men o’zim ko’rgan baxshilar orasida ham 70-80ta  dostonni yod biladigan baxshilar bor edi. Shuncha dostonni yod bilish nima ekanligini biz tasavvur qilishimiz kerak. Masalan, birgina «Alpomish»ning o’zi 600-700 sahifa kitob bo’ladi. Shuncha narsani ular yod bilgan va shuurida asragan, bor
mehri-muhabbati bilan avaylagan. Holbuki, ba’zi odamlar bilan gaplashganda, to’rt qator she’rni yod bilasizmi, desangiz o’ylanib qoladi, tutilib qoladi. Demak, dalalarda qo’y boqib yoki mol boqib yurgan bitta baxshining qalbida qanaqa  ma’naviy meros saqlanib kelayotganligini, qanday boylik shu odamning ichida yashayotganligini anglashimiz kerak-da.

Qarang, qanday yaxshi kunlarga yetib keldik, Halima Hudoyberdieva aytganlariday «Bu kunlarga yetganlar bor, yetmaganlar bor». XX  asrning 30-40 yillaridan nari-berida biz baxshichilik san’atidan uzoqlasha boshladik. Avvaliga asta-asta, keyin tezlik bilan uzoqlashib ketdik. Buning ustiga XX1 asr arafasida ommaviy madaniyat o’z yurishlarini xalqlarning qadimiy  san’atlarini yemirishdan boshladi. Sho’rolar tuzumida baxshichilik san’ati chekkaga surib tashlandi. Baxshilarga munosabat yovvoyilarga munosabat kabi masxaraomuz shaklda namoyon bo’ldi. Bizga qo’shni mamlakatlarning ham juda katta baxshilari,
oqinlari bor edi. Ularda ham bu san’at yildan yil g’ariblashib bordi. Shu o’rinda yana bir narsani aytishni istardim, dunyoda xalqlar borki, ularning har birining tarixida baxshichilik san’ati qandaydir ko’rinishda mavjud bo’lgan. Faqat  qaysidir xalq bu qadimiy san’atini saqlab qololgan, qaysidir xalqda esa unutilib, asta-sekin yo’q bo’lib ketgan. Masalan, jahonga mashhur «Iliada», «Odisseya» dostonlarini yaratgan Homer ham aslida baxshi bo’lgan. Bilasiz, Homerning ko’zi ojiz
edi, u baxshilarga o’xshab dostonlarni qo’shiq qilib aytib yurgan. Ancha keyin ular kitob holiga kelgan. Xullas, hamma xalqlarda ham yozma adabiyotga dovur yurt qahramonlarini, elning orzu-armonlarini kuylab yurgan baxshilar bo’lgan. Shuning uchun  Termizda bo’lib o’tayotgan baxshichilik san’ati festivalining xalqaro miqyosda o’tishi ham diqqatga sazovor. Shu kunlarda turli mamlakatlardan baxshilar, oqinlar, fol`klorshunos olimlar yurtimizga kelishyapti. Men aminman, ular bu festivalning  tarixiy ahamiyatini o’z xalqlari misolida ham teran his etadilar. Chunki, har bir xalqning ma’naviy xazinalarining asl beshigi xuddi shu baxshichilik san’atidir. Yozma adabiyotgacha bo’lgan davrlar haqidagi tasavvurni ham va yozma adabiyotga eng  katta manbani ham shu san’at beradi. Hamma gap shundaki, yozma adabiyotgacha bo’lgan, necha ming-ming yil oldingi ajdodlarimizdan qolgan qanday ezgu so’z bo’lsa, qanday ezgu amal bo’lsa, ulug’ baxshilarimizning sharofati bilan yetib kelgan. Bu  baxshilar yo’lma-yo’l, uyma-uy, qishloqma-qishloq yurib, aytib yurgan doston va qo’shiqlarida juda katta ma’nodagi mafkurani, Inson mafkurasini odamlarga singdirgan. Ularning har bir harakatida, har bir so’zida xalqning katta adabiyoti yashab
kelgan.

Dunyoda katta eposi bor xalqlar juda ko’p emas. G’ururlansak arziydi, o’zbek xalqida «Alpomish» bor. Gap shundaki, xalqlarning badiiy tafakkurini barometr kabi o’lchaydigan narsa bu – shu xalqning eposi bo’ladi. Bizning xalqimizning  badiiy tafakkuri azaldan juda katta talablarga javob bera olgan. Bo’masam, «Alpomish»ga, «Go’ro’g’li» ga o’xshagan dostonlar yaratilmasdi. “Alpomish” dostonining har sahifasiga katta tarix, katta hakmatlar yashiringan. Alpomish Qultoy ko’rinishida kelib, Oybarchinga uylanmoqchi bo’lib to’y berayotgan Ultontozga “qutlug’ bo’lsin” qilganini bir eslang:

Nomuslar bilan-ey oringiz,
Qatorda lo’kchayu noringiz,
Sag’irga o’tibdi zo’ringiz,
Yurakdan chiqqandir cheringiz,
Qulluqlar bo’lsin-ey,  to’rajon-ey,
Bir marddan qolg’an-ey yoringiz.

Yoki Ultontozga tegishga majbur qilinayotgan Oybarchinning so’zlarini eslab ko’ring:

Uyurimda qulunim ot bo’lmasmi, bobojon,
Begonani kel desam yot bo’lmasmi, bobojon.
Vaqti kelib bu ko’ngil shod  bo’lmasmi, bobojon,
Mard kishining bolasi mard bo’lmasmi, bobojon,
It bolasin suygan bilan it bo’lmasmi, bobojon.
Sunbul-sunbul sochimni taramay o’lay, bobojon,
Oyna olib oq yuzima qaramay o’lay, bobojon.

Men “Alpomish”ni Qodir baxshidan   eshitib ko’rganman. Qodir baxshi siymosida Bobo shoir, Umr baxshi, Ergash Jumanbulbul, Fozil Yo’ldosh, Po’lkan shoirlarning timsolini ko’rganman. U xudo bergan odam edi. Qodir baxshining ovozida ham, do’mbira chertishida ham, aytishida ham sehr  bor edi. «Alpomish” dostonining bir joyiga kelganda, tinglovchilarni shunday yig’latardi, shunday yig’latardi, yana bir joyiga kelganda esa, shunday kuldirardi, shunday kuldirardi. Xullas, butun boshli manaman degan juda katta teatr jamoasi  qilishi mumkin bo’lgan ishni birgina Qodir baxshi qo’lida do’mbirasi bilan qilganini men ko’rganman. Achinarlisi, Qodir baxshi aytgan «Alpomish» h to’liq holda hali yig’ib olinmadi. Xalqning orasida har xil eski lentalarda sochilib yotibdi.
O’nlab dostonlar aytgan u kishi. Bularning hammasini bugungi zamonaviy audio texnikalarga ko’chirib olib, xalqqa bersak juda katta ish bo’lar edi. Qodir baxshi Tojikistonda bir davrada «Hazrati Xizr» degan dostonini aytgan. U paytlarda  mumkin emasdi bunday dostonlarni aytish. O’sha davrada Tojikistonning ulamolari, adiblari, olimlari bo’lishgan. Bu dostonni baxshi yashirin bir uyda, xos davrada yashirib aytgan. “Hazrati Xizr” dostoni ham hozirda yo’q. Bunday dostonlarni  izlab topishimiz kerak.

Mening qishlog’imdan ham Poyon baxshi degan baxshi o’tgan. 30 yillarda dahshatli ocharchilik bo’lib turgan bir davrda Tojikistondan Surxondaryoga don olib qaytayotgan odamlarning bug’doyini Bobotog’da berkinib yurgan  qaroqchilar tortib oladi. Bola-baqra, xotin-qiz, keksa-yu yosh yo’l qarab kutayotgan karvon qup-quruq qo’l bilan qaytadi. Oqsoqollar bo’lgan voqeani eshitishib, mirshab jo’nataylik desa, “aktivlar”ni yuboraylik desa, ish chiqmaydi, behuda qon
to’kiladi, xolos. Oxiri ular Poyon baxshining bir o’zini Bobotoqqa jo’natishadi. Poyon baxshi qaroqchilarni topadi, ularga “Men sizlarga bir doston aytaman, eshitinglar!” deydi. So’ng Poyon baxshi yurtda ayolllar, bolalar, keksalar ochdan  o’layotganligini, kechayotgan qahatchilik va ocharchilik dahshatlarini shunday dard va alam bilan kuylaydiki, qaroqchilar boshlig’i chidayolmay yig’lab o’rnidan turib ketadi-da, hamma donni bitta donasigacha qoldirmay qaytarib berishlarini, hatto  o’zlari uchun yig’ib qo’ygan donni ham qo’shib berishlarini buyuradi.

Mana ko’ryapsizmi, baxshilarga xalqning tili, el yuragining ovozi bo’lish xudo tomonidan yuqtirilgan. Endi o’tgan davrdagi e’tiborsizlik va bepisandlikni qarangki 70-80 talab  dostonni o’z qalbida asrab elga yetkazib kelgan baxshilarning hozir qabri qaerda desa, birov bilmaydi. Axir ular haqiqiy ma’noda xalq va millatning juda katta xizmatchilari edilar. O’sha davr mafkurasini bilasiz. Qullik mafkurasi elu xalq  baxshichilik san’atidan uzoq bo’lishidan manfaatdor edi. Shu sabab qanchadan-qancha baxshilar o’zga yurtlarga surgun qilindi, o’z elida qolganlarining boshida oybolta o’ynab turdi. Bunga hammaning ichi kuyadi. Yuz yillik bu muddatda qanchadan qancha  xazinalar tili bog’langan baxshilarning ichida kuyib ketdi. Bu festivalning tashkil qilinishidan maqsad o’sha xazinalarni boricha qaytarish, qadrini anglash, bu qadim san’atning qaddini ko’tarishdir. Keyingi davrdagi katta ma’naviy  hodisalardan biri bo’lyapti bu anjuman. Chunki, keyingi paytlarda baxshi, baxshichilik san’ati desa yoshlar u nima ekan deydigan darajaga borib qolgandi. Men yaqinda Surxondaryoda bo’lib chollardan, kampirlardan ko’p yaxshi gaplarni eshitib  keldim. Ular uchun go’yo yo’qotgan aziz narsasi qaytayotganday, botiniy boyligi qaytayotganday… Yoshlarimiz boshqa arzimas va bachkana narsalarga chalg’imasligi uchun mana shunday milliy san’atlar bilan ularning qalbini boyitish yo’llarini
izlashimiz kerak. Men ko’p odamlar bilan gaplashib bir narsani angladim, bizning odamlarimizning ichida hozir ham katta adabiyot yashab kelyapti. Buni oddiygina turmush tarzida ko’rsa ham bo’ladi. Masalan, daryoning oldidan o’tib ketishayotganda,  assalomu alaykum, deyishadi. Qishlog’idagi qari bir tutni bobotut deb, o’z bobosiday ko’rishadi. Suvning oldidan o’tayotganda ham ehtiyot bo’lishadi. Eh, juda ko’p bunday misollar. Bular baxshilarimiz aytgan dostonlardan qon-qonimizga singgan  narsalar.

Ommaviy madaniyat, globalizatsiya butun jahon ziyolilarini tashvishga solib turibdi. Dunyodagi ahli fikr oldida: “Bu qaltis va xatarli jarayondan qanday xalqlar butun chiqadi?” degan savol turibdi. Rivojlangan, malakatlar ham shunga  e’tibor qaratyapti hozir. Gap shundaki, millatga taalluqli har bir odamning ichi butun bo’lsa, xalqning ichi ham butun bo’ladi. Buning uchun asl ildizlarni yaxshi anglash kerak. Asl ildizlarni bilish uchun esa, bizga til va ruh bergan,
tafakkurimizni parvarish qilgan qadimiy san’atlarimizni his etishimiz kerak bo’ladi. Qadimiy dostonlar, baxshilarimiz aytib yurgan qo’shiqlar har birimizning qalbimizni himoya qiladi. Ularni saqlash millatni saqlash degani. Chunki,  baxshilar aytgan bu dostonlar millat ruhida, millat ruhi esa shu dostonlar ichida yashab kelgan. Ularni bir-biridan ayirish vujudni ruhdan, ruhni tanadan ayirishday gap. Tasavvur qiling, bitta dostonning yaralishi uchun qancha vaqt kerak?
Bittagina maqolning yaralishi uchun yuz yil kerak bo’lsa, bitta xalq dostonining bunyod bo’lishiga necha asrlar kerak. Xalq ijod ma’nosida shoshilmaydi.

Men ba’zida nima uchun baxshilarimiz ichki ovozda aytishlari haqida o’ylab qolaman. Insonning  botiniy ovozi bu. Baxshi kuylayotganda ovoziga erk beradi, bor tuyg’ulari, jismu joni bilan aytadi. Unga qo’shilib, tabiat kuylaydi, tarix kuylaydi. Baxshining ovozi bu tarixning ovoziga o’xshaydi. Bu dard va iztirob ovoziga, qadimiyat ovoziga  o’xshaydi. Men bu ovozda tabiat, tarix va ko’ngilning qorishiq simfoniyasini sezaman.

Qodir baxshi aytgan “Alpomish” mana bunday boshlanadi:

Bu savdolar o’tganda bu dunyolar yosh edi.

Gapni qarang-a. Alpomish bilan bog’liq tarix o’tganda bu dunyolar  hali yosh edi degani bu necha ming yillar yillar oldin bu asar yaratilgan deganidir.

Dostonni o’qish yaxshi, lekin dostonni baxshidan eshitish kerak. Doston ichidagi sir dostonni eshitganda ochiladi. Yoshlarni doston eshitishga o’rgatishimiz kerak.  Buning ta’mini olgan odam keyin biladi uning siri nimada ekanligini. Buning zavqini sezgan kishi orqasidan o’zi ergashib ketaveradi.

Malakatimiz Prezidenti tashabbusi bilan bo’lib o’tayotgan Xalqaro baxshichilik san’ati festivali – bu  xalqimizning, adabiyotimizning, dostonlarimizning bayrami. Xalq dahosiga katta ehtirom bu!

Shu o’rinda men ko’proq yoshlarga murojaat qilishni istardim. Hozir Maktab partasida yo universitet auditoriyasida o’tirgan bu yoshlar ham vaqti kelib 70
-80ga kiradi, bobo bo’ladi, buvi bo’ladi, O’shanda ularning bolalariga, nabiralariga qoldiradigan ezgu so’zi bo’lishi kerak. Avlod uchun bu eng muhim merosdir. Ezgu so’zni esa xalq dostonlari beradi. Baxshichilik san’atining buyuk qadri ham shunda.  Yana shuni aytishni istardimki, oldimizdan ulkan daryolar oqib turganda, ko’za ko’tarib boshqa joylardan suv izlab yurmaylik. Bu daryolarni taniylik, qadriga yetaylik va ulardan mangu bahramand bo’laylik.

Manba: “O’zbekiston ovozi” gazetasi 2019  yil, 8 aprel

07

(Tashriflar: umumiy 53, bugungi 1)

Izoh qoldiring