Eshqobil Shukur. XXI asr o’ylari & Eshqobil Shukur «Ikki eshik orasi» teleloyihasida

045 …сўз эркинлиги экан, ҳамма нарса мумкин экан деб фашизмни ё беҳаёликни тарғиб қилиб бўлмайди-ку. Бу ҳақда бундан олти юз аввал ҳазрат Навоий айтиб қўйганлар: “Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демоқ нодоннинг иши.”

Эшқобил Шукур
ХХI АСР ЎЙЛАРИ


   32Эшқобил Шукур Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.


Сўз эркинлиги буюк неъмат. Аҳли фикр учун бу сув билан ҳаводай азиз. Бу неъмат бизга берилди. Лекин биз бунга тайёрмизми, деб ўйлаб қоламан. Мен сўз эркинлигини катта масъулият сифатида тушунаман. Ўз сўзингни бу менинг сўзим деб айта олиш одамдан маънавий тайёргарликни талаб қилади. Одамнинг сўзи унинг ўзидир. Қолаверса, мен энг яқин қўшним билан эркин ва бемалол гаплашаётганимда ҳам ҳар бир сўзим учун жавобгарликни ҳис этиб туришим керак. Бизда ички цензура билан маънавий назоратни адаштириш, аниқроғи, алмаштириб юбориш ҳоллари кўпайиб қолди. Тўғри, цензура қабоҳат, у фикрни ўлдиради, одамларни қулга айлантиради, жамиятни таназзул ва ғурбатга итқитади. Лекин маънавий назоратсизлик ундан бадтар. Инсоний онг назорати бор. “Ҳамма нарса мумкин” деган чегарадан разолат ва жоҳиллик, бачканалик ва бемаънилик, керак бўлса, худосизлик бошланади. Ҳозир матбуотда ё телевидениеда буни нотўғри бераяпсиз, зарарли нарсани тарғибот қилаяпсиз десангиз, сизни ички цензурасидан енгилган одамга, ҳатто демократия душманига чиқариб қўйишади. Лекин сўз эркинлиги экан, ҳамма нарса мумкин экан деб фашизмни ё беҳаёликни тарғиб қилиб бўлмайди-ку. Бу ҳақда бундан олти юз аввал ҳазрат Навоий айтиб қўйганлар: “Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демоқ нодоннинг иши.” Ҳолбуки, кейинги пайтларда оғзига келганни демоқ мода бўлаяпти. Ҳа удум эмас, айнан мода бўлаяпти. Ким кўп гапирса, оғзини йиртиб бақир-чақир қилса, бировнинг ёқасидан олиб бурнини қонатса, ўзидан сохта қаҳрамон ясаса, у демократ бўлиб қолмайди. Хатарлиси, “фикр” ниқобидаги фитналар пайдо бўлаяпти. Бундай фитналар ўзини “мен эркин фикрман” деб бонг ураяпти ва баъзиларни чағитиб юбораяпти. Ахмоқ одам учун сўз эркинлиги уруш ва жанжалдан бошқа нарса эмас. Оғзига келганни сермаса, ёмон кўрганини истаганича сўкса.

Шундай тоифалар пайдо бўлаяптики, улар учун цирк саҳнасида қилиқ кўрсатаётган маймуннинг ўйини ҳам, фожиага учраб машинасида тириклай ёниб кетаётган бир одамнинг жон талвасаси ҳам битта нарса: Томоша! Бу томошани тезда телефони камерасига тушириб олсалар-да, ҳаммага тарқатсалар, дунёни бузиб жар солсалар. Ана иш-у, мана иш! Кейин нима бўлади? Кейин ит ҳурса, булбул тўхтайди. Ижтимоий тармоқларда, экранларда айтишга тил бормайдиган хабарлар карнай-сурнай садолари остида тарқатиляпти: ўйнаши билан келишиб эрини пичоқлаб ўлдирган хотин, ўз ўқитувчисини аямай калтаклаган ўқувчилар, ўз укасининг хотинига кўз олайтирган ака, ўйнашдан бўлган боласини ҳожатхонага ташлаб юборган бир бало ва ҳаказо, ва ҳаказо. Ёмони бундай хабарларни айтаётган тўтиларнинг тилида дард эмас, завқу шавқ кўпчийди, гўё оламшумул кашфиётни эълон қилаётгандай. Гўё бутун ҳаёт шундай иллатлардан иборатдай. Дарҳақиқат, “Иллат излаганга иллатдир дунё!”. Ахир, булар ҳаётда бўлаётган воқеалар-ку, одамларни бундай ишлардан хабардор қилиш керак-ку, дерсиз. Лекин ёмон хабарни бундай етказмайдилар. Асло! Қолаверса, бир нарса аниқ:

Кўз ўрганаверса, қотиллик ҳам мудҳиш жиноят саналмай қолади.
Кўз ўрганиб қолса, фаҳш ҳам оғир гуноҳ бўлмай қолади.
Кўз эса кўп нарсани ҳаётдан эмас, экрандан ўрганаяпти.
Экран ҳаётни кўздан ҳайдаб чиқаряпти.

Менинг назаримда, ҳар қандай жамиятда, ҳатто у жаннат даражасига етган жамият бўлса ҳам маънавий назорат, маънавий тақиқлар бўлиши керак. Чунки, маънавий назорат Худо ва Имон билан боғлиқ бир ишдир.

Инсон ҳуқуқи буюк тушунча. У ҳамиша башариятнинг диққат марказида бўлиши, ҳимоя қилиниши, азиз ва мукаррам тутилиши шарт. Лекин Инсон ҳуқуқи ниқоби остида баъзан инсон аблаҳлиги ва ахлоқсизлиги ҳам яшириниб олаяпти ва ўзини ҳимоя қилаяпти. Бугунги кунда бир жинсли никоҳни ҳам, кўчада қип яланғоч юришни ҳам, кекса отани қариялар уйига олиб бориб ташлашни ҳам, эл олдидаги шармандалигу шаллақиликни ҳам ҳар кимнинг ўзининг хоҳиши, ҳар кимнинг ўзининг ҳуқуқи деган гап билан андавалаш мумкин бўляпти. Бу эса, дунёни бузмоқчи бўлганларга, ҳаё бузғунчиларига қўл келади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш дегани инсонийликдан ташқаридаги ҳолатларни ҳимоялаш дегани эмас-ку.

Нега бундай бўлаяпти, деб ўйга толасан. Нега биз азиз тутган туйғулардан дарз кетаяпти? Маънавиятнинг азалий олтин қоидалари эскириб қолдимикин? У ҳолда шу тутумларни маҳкам тутган ва авайлаб бизга омонат қолдирган боболарга нима деймиз? Кечирасизлар, бу бизга тўғри келмади, омонатингиз ўзингизга сийлов деймизми? Энди саккиз яшар болакайга бобоси ва бувисининг меҳр тўла кўзларидан кўра қўлидаги телефоннинг юзи қизиқарли эканини ХХI асрнинг мўъжизаси сифатида изоҳлаймизми?

Оммавий маданият таъсирими, интернет, кино ё ТВ таъсирими кейинги даврда биз мутолаа маданиятидан жудо бўлиш даражасига етиб келдик. Ҳолбуки, айни шу мутолаа маданияти бизнинг маънавий устунларимизни сақлаб келаётган эди. Мутолаа маданиятидан жудо бўлиш ҳамма маданиятдан мосуво бўлишдир. Хайриятки, бу масалага Президентнинг шахсан ўзи эътибор қаратди. Китоб билан юзма-юз келиш инсоннинг ўз-ўзи билан юзма-юз келиши, ўз-ўзини тафтиш этишидир. Ўз-ўзини тафтиш қилмаган одам ривожланмайди. Одам ривожланмаган жойда жамият ҳам ривожланмайди.

Ижтимоий тармоқлар “мажбурий обуна” деб билиб-билмай бонг урди. Тўғри, олди-қочди билан кун кўраётган савиясиз нашрлар бисёр, уларга обуна қилиш учун ҳар хил найранглар ҳам бўлган бўлиши эҳтимолдан кўра ҳақиқатга яқин. Лекин бу жараёнда ҳўлу қуруқ баравар ёнмаслиги керак эди. Ўзбек маданияти, миллий тафаккури, миллий руҳини тарғиб қилиб келаётган нашрлар ҳам бор-ку. “Тафаккур” журналига обуна бўлинг, уни ўқинг!” дейиш Абдулла Қодирийни, Ойбек ва Миртемирни ўқинг дегани эмасми? “Жаҳон адабиёти”га обуна бўлинг, уни ўқинг!” дейиш Лев Толстойни, Гётени, Чингиз Айтматовни ўқинг, дегани эмасми? “Маънавий ҳаёт” журналини ўқиш миллий маънавиятимиз, миллий руҳимиз асосларини яхши билиш учун ҳаракат дегани эмасми? “Ёшлик” журнали ўзбек адабиётининг бугунги манзараларини намоён этмайдими? Бундай журнал ва газеталаримиз кам эмас-ку. Уларни ҳам хас-хашаккка қўшиб ёқиб юбориш нотўғри-ку. Ҳадеб мажбурий обуна дея дўмбира чалаётганлар танганинг иккинчи томони ҳақида ҳам ўйлаб кўришса бўларди. Мен Қизириқ туманига борганимда ҳамроҳларим бир кекса ўқитувчининг уйига олиб боришди. Ўқитувчи менга хонасини кўрсатди. Хонасида ўтган асрнинг 70 йилларида чиққан ”Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш”, “Муштум”, “Гулистон” каби газета ва журналлар тахланиб турарди. Бу тахламлар орасидан ҳатто “Ёшлик” журналининг Эркин Воҳидов чиқарган илк сонини топса бўларди. Мен бу кекса ўқитувчининг ҳурмат эътибори қайдан эканлигини бирдан тушундим. Ўқитувчи ҳам ўқувчиларга дарс ўтиш жараёнида бу журнал газеталарнинг қанчалар асқотгани ҳақида гапирди.

Хуллас, бугунги глобаллашув замонида миллий маънавиятнинг ҳимояга эҳтиёжи қай даражада бўлса, унга хизмат қиладиган савияси баланд нашрларники ҳам шу даражада.

Ёшларнинг каттагина қисми китоб ё журналдан эмас, интернетдан ўқийди. Интернетда эса енгил-елпи ёзғувчилар кўп, ҳар хил шеърлар-у, ҳикоялар, лавҳалар мўл, ҳатто вагон-вагон. Истаган қаламкаш калласига келган нарсани унга қўйиши мумкин. Жўқивойларнинг куни туққан. Балки, сиз “Енгил-елпими, бошқами ёшлар ўқияптими, гап шунда-ку”, дерсиз. Бироқ енгил-елпиликка, жўн томошаларга ўчлик мутолаа эмас-да. Бундай ҳолатда қалб меҳнатга эмас, дангасалик, танбаллик ва бачканаликка ўрганади. Ҳар қандай нашр ё оммавий ахборот воситаси омманинг онгини кўтаришга хизмат қилиши керак, бор савияни ҳам йўқ қилишга эмас.

Мен бугун пайдо бўлаётган “интернет адабиёти”ни кузата туриб, биттагина сўз, биттагина вергул устида ҳафталаб бош қотирган адиблар ва шоирлар ҳақида ўйлайман. “Анна Каренина”дай романни 8 марта қайта ишлаб кўчириб чиққан ўша қайсар чол (Толстой) ҳақида, “Манас”ни тилимизга таржима қилаётиб, битта қадимий қирғиз сўзининг аниқ маъносини билиш учун ўз ҳисобидан ҳозирги Бишкекка учиб борган, у ердаги олимлар билан учрашиб, уларнинг берган маълумотларидан ҳам қониқмагач, қирғиз овулларига чиқиб кетиб, қариялар билан гурунглашиб, ўша сўзнинг асл маъносини топган танти “сўз деҳқони” (Миртемир) ҳақида, қоғоз қоралаётиб, бутун бошли саҳифани тўлдириб, охирида бир сўзни таҳрир этиш учун саҳифани яна қайта бошдан кўчирган, яна бир сўз ўзгарса, яна бир бошдан кўчираверган собит ёзувчи (Абдулла Қаҳҳор) ҳақида, битта достонини 60 йил ёзган жаҳон классиги (Гёте) ҳақида ўйлаб қоламан. Адабиёт осон яралиши мумкин эмас. Олди-қочди, енгил-елпи, сохта шуҳрат эрмакларини қанча пеш қилмасинлар адабиёт бўлмайди. Сўзга садоқат билан сўз сотувчилиги ўртасида олтин ва кесак ўртасидагича фарқ бор.

Ҳолбуки, ёшларга ҳар куни минглаб маълумотларни пеш қилаётган ижтимоий тармоқларнинг тилига чидаб бўлмайди. Баъзи сайтлар фақат тилни бузиш учун хизмат қилаяпти. Тилни бузиш дегани миллат тафаккурини бузиш дегани!

Баъзан хусусий телеканалларда кўриб қоламан, қандайдир эстрада хонандаси чиқиб, оммавий маданиятга қарши гапиради. Сўнг ижро этган қўшиқлари билан оммавий маданиятни тарғиб қилади. Буни қандай тушуниш керак? Кимдир тилида фашизмни ёмонласа-да, лекин ўзи фашизмга хизмат қилса, мулойимгина хоинлик эмасми бу? Эстрада қўшиқларидаги бачканалик, бемаънилик, расвогарчиликка қарши қанча кўп гапирилса, бу иллатлар шунча урчиб кетаяпти. Уларни танқид қилсангиз, маза қилишадими-ей, куйиниб гапирсангиз, устингиздан кулишадими-ей. Қўшиқлар матнидаги бемаънилик ҳақида қанча мақолалар эълон қилинди. Бадтар бўлди. Қўшиқдаги матн бемаъними, бас, бемаънилик тарғибот қилиняпти, минг-минглаб ёшлар йўлдан урилаяпти. Эртасига қарасангиз ўша хонанда ундан ҳам бемаъни қўшиқни айтиб ликонглаб экранда пайдо бўлаверади. Ириган оғиздан чириган сўз чиқар деганларидай бемаънилик кетидан яна бемаънилик. Оқибатда, 7 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар қатлами худди шу иллатлар таъсирига тушиб қолган. Алам қиладигани, бир ё икки кишига эмас, юз ё минг кишига эмас, бутун бир миллатга етказаётган маънавий зарари учун бундай кимсаларга ҳеч қандай жазо йўқ. Аксинча, кўза синдирган азиз.

Кейинги пайтларда миллий ғоя масаласида кўп фикрлар айтилаяпти. Дарҳақиқат, миллат қалбидан етилиб чиққан асл ғоя кўп касофатларнинг олдини олади, элни бирлаштиради, қаддини кўтаради. Фақат бир зарур жиҳатга эътибор қаратиш керак. Ҳар қандай ғоя фикр шаклида пайдо бўлади. Сўнг информация шаклида тарқатилади. Лекин бу икки ҳолда ҳам ғояни оммага сингдириб бўлмайди. Сув шарқираб ўтиб кетиб, ерга сингмаса, уруғ унмайди, мабодо бир қисм уруғ униб қолгандаям, барибир ривожланмайди. Одамларга сингмаган ғоя ҳам шу кабидир.

Хўш, ғояни сингдириш учун нима қилиш керак?

Ғоя фақат бадиий йўл билан сингдирилади. Шу боис “Қуръон”, “Инжил” китоблари одамзотга бадиий шаклда туширилган, информация шаклида эмас.

Бизда эзгу ғоялар кўп. Ватанимиз азалдан эзгу ғоялар ватани. Лекин улар одамларга бадиий сингдирилмаса, қуруқ гап бўлиб қолаверади. Кейинги пайтларда бу борада бақириқлар, қайтариқлару навбатчи гаплар кўпайиб бораяпти. Таълим соҳасида ҳам бадииятнинг ўз ўрни бўлмаса, бундай таълимнинг таъсир кучи суст бўлади. Миллий ғоя ҳақида гап кетганда, аввало у сув ичаётган қадимий илдизларни илғашимиз керак ва шулардан фойдаланишимиз шарт. Одамларнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятлар ва амаллар, имон-эътиқод туйғулари, миллий заминда муқаддас саналган инсоний бурч ва вазифалар маънавий устунларимиздир.

Мен эл орасида жуда оддий одамларни кўрганманки, улар ўзлари суянган ғояларни ниҳоятда азиз тутадилар. Улар қалби ва тафаккурининг таянчи бўлган бу ғоя ҳақида кўп гапирмайдилар, минбарларга чиқиб бақирмайдилар, лекин шу ғоя билан яшайдилар, жонидан кечса ҳам, авлодма-авлод ўтиб келаётган ғоядан кечмайдилар. Бундай одамларнинг отасининг қабрига биров тегиб кўрсин-чи ё номусига шикаст етказадиган бирор гап гапириб кўрсин-чи. Улар буни Ватанни ҳақорат қилиш билан баробар деб ҳисоблайдилар. Шунда унинг ичидаги ғоя буюк бир қурол каби ишга тушади. Улар ватанпарварлик ҳақида кўп гапирмайдиган ватанпарварлар. Миллатнинг бутунлигини сақлайдиган куч миллий ғоядир.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 10.01.2020

…so’z erkinligi ekan, hamma narsa mumkin ekan deb fashizmni yo behayolikni targ’ib qilib bo’lmaydi-ku. Bu haqda bundan olti yuz avval hazrat Navoiy aytib qo’yganlar: “Oldiga kelganni yemoq hayvonning ishi, og’ziga kelganni demoq nodonning ishi.”

Eshqobil Shukur
XXI ASR O’YLARI


 32   Eshqobil Shukur Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor.


So’z erkinligi buyuk ne’mat. Ahli fikr uchun bu suv bilan havoday aziz. Bu ne’mat bizga berildi. Lekin biz bunga tayyormizmi, deb o’ylab qolaman. Men so’z erkinligini katta mas’uliyat sifatida tushunaman. O’z so’zingni bu mening so’zim deb ayta olish odamdan ma’naviy tayyorgarlikni talab qiladi. Odamning so’zi uning o’zidir. Qolaversa, men eng yaqin qo’shnim bilan erkin va bemalol gaplashayotganimda ham har bir so’zim uchun javobgarlikni his etib turishim kerak. Bizda ichki senzura bilan ma’naviy nazoratni adashtirish, aniqrog’i, almashtirib yuborish hollari ko’payib qoldi. To’g’ri, senzura qabohat, u fikrni o’ldiradi, odamlarni qulga aylantiradi, jamiyatni tanazzul va g’urbatga itqitadi. Lekin ma’naviy nazoratsizlik undan badtar. Insoniy ong nazorati bor. “Hamma narsa mumkin” degan chegaradan razolat va johillik, bachkanalik va bema’nilik, kerak bo’lsa, xudosizlik boshlanadi. Hozir matbuotda yo televideniyeda buni noto’g’ri berayapsiz, zararli narsani targ’ibot qilayapsiz desangiz, sizni ichki senzurasidan yengilgan odamga, hatto demokratiya dushmaniga chiqarib qo’yishadi. Lekin so’z erkinligi ekan, hamma narsa mumkin ekan deb fashizmni yo behayolikni targ’ib qilib bo’lmaydi-ku. Bu haqda bundan olti yuz avval hazrat Navoiy aytib qo’yganlar: “Oldiga kelganni yemoq hayvonning ishi, og’ziga kelganni demoq nodonning ishi.” Holbuki, keyingi paytlarda og’ziga kelganni demoq moda bo’layapti. Ha udum emas, aynan moda bo’layapti. Kim ko’p gapirsa, og’zini yirtib baqir-chaqir qilsa, birovning yoqasidan olib burnini qonatsa, o’zidan soxta qahramon yasasa, u demokrat bo’lib qolmaydi. Xatarlisi, “fikr” niqobidagi fitnalar paydo bo’layapti. Bunday fitnalar o’zini “men erkin fikrman” deb bong urayapti va ba’zilarni chag’itib yuborayapti. Axmoq odam uchun so’z erkinligi urush va janjaldan boshqa narsa emas. Og’ziga kelganni sermasa, yomon ko’rganini istaganicha so’ksa.

Shunday toifalar paydo bo’layaptiki, ular uchun sirk sahnasida qiliq ko’rsatayotgan maymunning o’yini ham, fojiaga uchrab mashinasida tiriklay yonib ketayotgan bir odamning jon talvasasi ham bitta narsa: Tomosha! Bu tomoshani tezda telefoni kamerasiga tushirib olsalar-da, hammaga tarqatsalar, dunyoni buzib jar solsalar. Ana ish-u, mana ish! Keyin nima bo’ladi? Keyin it hursa, bulbul to’xtaydi. Ijtimoiy tarmoqlarda, ekranlarda aytishga til bormaydigan xabarlar karnay-surnay sadolari ostida tarqatilyapti: o’ynashi bilan kelishib erini pichoqlab o’ldirgan xotin, o’z o’qituvchisini ayamay kaltaklagan o’quvchilar, o’z ukasining xotiniga ko’z olaytirgan aka, o’ynashdan bo’lgan bolasini hojatxonaga tashlab yuborgan bir balo va hakazo, va hakazo. Yomoni bunday xabarlarni aytayotgan to’tilarning tilida dard emas, zavqu shavq ko’pchiydi, go’yo olamshumul kashfiyotni e’lon qilayotganday. Go’yo butun hayot shunday illatlardan iboratday. Darhaqiqat, “Illat izlaganga illatdir dunyo!”. Axir, bular hayotda bo’layotgan voqealar-ku, odamlarni bunday ishlardan xabardor qilish kerak-ku, dersiz. Lekin yomon xabarni bunday yetkazmaydilar. Aslo! Qolaversa, bir narsa aniq:

Ko’z o’rganaversa, qotillik ham mudhish jinoyat sanalmay qoladi.
Ko’z o’rganib qolsa, fahsh ham og’ir gunoh bo’lmay qoladi.
Ko’z esa ko’p narsani hayotdan emas, ekrandan o’rganayapti.
Ekran hayotni ko’zdan haydab chiqaryapti.

Mening nazarimda, har qanday jamiyatda, hatto u jannat darajasiga yetgan jamiyat bo’lsa ham ma’naviy nazorat, ma’naviy taqiqlar bo’lishi kerak. Chunki, ma’naviy nazorat Xudo va Imon bilan bog’liq bir ishdir.
Inson huquqi buyuk tushuncha. U hamisha bashariyatning diqqat markazida bo’lishi, himoya qilinishi, aziz va mukarram tutilishi shart. Lekin Inson huquqi niqobi ostida ba’zan inson ablahligi va axloqsizligi ham yashirinib olayapti va o’zini himoya qilayapti. Bugungi kunda bir jinsli nikohni ham, ko’chada qip yalang’och yurishni ham, keksa otani qariyalar uyiga olib borib tashlashni ham, el oldidagi sharmandaligu shallaqilikni ham har kimning o’zining xohishi, har kimning o’zining huquqi degan gap bilan andavalash mumkin bo’lyapti. Bu esa, dunyoni buzmoqchi bo’lganlarga, hayo buzg’unchilariga qo’l keladi. Inson huquqlarini himoyalash degani insoniylikdan tashqaridagi holatlarni himoyalash degani emas-ku.

Nega bunday bo’layapti, deb o’yga tolasan. Nega biz aziz tutgan tuyg’ulardan darz ketayapti? Ma’naviyatning azaliy oltin qoidalari eskirib qoldimikin? U holda shu tutumlarni mahkam tutgan va avaylab bizga omonat qoldirgan bobolarga nima deymiz? Kechirasizlar, bu bizga to’g’ri kelmadi, omonatingiz o’zingizga siylov deymizmi? Endi sakkiz yashar bolakayga bobosi va buvisining mehr to’la ko’zlaridan ko’ra qo’lidagi telefonning yuzi qiziqarli ekanini XXI asrning mo»jizasi sifatida izohlaymizmi?

Ommaviy madaniyat ta’sirimi, internet, kino yo TV ta’sirimi keyingi davrda biz mutolaa madaniyatidan judo bo’lish darajasiga yetib keldik. Holbuki, ayni shu mutolaa madaniyati bizning ma’naviy ustunlarimizni saqlab kelayotgan edi. Mutolaa madaniyatidan judo bo’lish hamma madaniyatdan mosuvo bo’lishdir. Xayriyatki, bu masalaga Prezidentning shaxsan o’zi e’tibor qaratdi. Kitob bilan yuzma-yuz kelish insonning o’z-o’zi bilan yuzma-yuz kelishi, o’z-o’zini taftish etishidir. O’z-o’zini taftish qilmagan odam rivojlanmaydi. Odam rivojlanmagan joyda jamiyat ham rivojlanmaydi.

Ijtimoiy tarmoqlar “majburiy obuna” deb bilib-bilmay bong urdi. To’g’ri, oldi-qochdi bilan kun ko’rayotgan saviyasiz nashrlar bisyor, ularga obuna qilish uchun har xil nayranglar ham bo’lgan bo’lishi ehtimoldan ko’ra haqiqatga yaqin. Lekin bu jarayonda ho’lu quruq baravar yonmasligi kerak edi. O’zbek madaniyati, milliy tafakkuri, milliy ruhini targ’ib qilib kelayotgan nashrlar ham bor-ku. “Tafakkur” jurnaliga obuna bo’ling, uni o’qing!” deyish Abdulla Qodiriyni, Oybek va Mirtemirni o’qing degani emasmi? “Jahon adabiyoti”ga obuna bo’ling, uni o’qing!” deyish Lev Tolstoyni, Gyoteni, Chingiz Aytmatovni o’qing, degani emasmi? “Ma’naviy hayot” jurnalini o’qish milliy ma’naviyatimiz, milliy ruhimiz asoslarini yaxshi bilish uchun harakat degani emasmi? “Yoshlik” jurnali o’zbek adabiyotining bugungi manzaralarini namoyon etmaydimi? Bunday jurnal va gazetalarimiz kam emas-ku. Ularni ham xas-xashakkka qo’shib yoqib yuborish noto’g’ri-ku. Hadeb majburiy obuna deya do’mbira chalayotganlar tanganing ikkinchi tomoni haqida ham o’ylab ko’rishsa bo’lardi. Men Qiziriq tumaniga borganimda hamrohlarim bir keksa o’qituvchining uyiga olib borishdi. O’qituvchi menga xonasini ko’rsatdi. Xonasida o’tgan asrning 70 yillarida chiqqan ”Sharq yulduzi”, “Fan va turmush”, “Mushtum”, “Guliston” kabi gazeta va jurnallar taxlanib turardi. Bu taxlamlar orasidan hatto “Yoshlik” jurnalining Erkin Vohidov chiqargan ilk sonini topsa bo’lardi. Men bu keksa o’qituvchining hurmat e’tibori qaydan ekanligini birdan tushundim. O’qituvchi ham o’quvchilarga dars o’tish jarayonida bu jurnal gazetalarning qanchalar asqotgani haqida gapirdi.

Xullas, bugungi globallashuv zamonida milliy ma’naviyatning himoyaga ehtiyoji qay darajada bo’lsa, unga xizmat qiladigan saviyasi baland nashrlarniki ham shu darajada.

Yoshlarning kattagina qismi kitob yo jurnaldan emas, internetdan o’qiydi. Internetda esa yengil-elpi yozg’uvchilar ko’p, har xil she’rlar-u, hikoyalar, lavhalar mo’l, hatto vagon-vagon. Istagan qalamkash kallasiga kelgan narsani unga qo’yishi mumkin. Jo’qivoylarning kuni tuqqan. Balki, siz “Engil-elpimi, boshqami yoshlar o’qiyaptimi, gap shunda-ku”, dersiz. Biroq yengil-elpilikka, jo’n tomoshalarga o’chlik mutolaa emas-da. Bunday holatda qalb mehnatga emas, dangasalik, tanballik va bachkanalikka o’rganadi. Har qanday nashr yo ommaviy axborot vositasi ommaning ongini ko’tarishga xizmat qilishi kerak, bor saviyani ham yo’q qilishga emas.

Men bugun paydo bo’layotgan “internet adabiyoti”ni kuzata turib, bittagina so’z, bittagina vergul ustida haftalab bosh qotirgan adiblar va shoirlar haqida o’ylayman. “Anna Karenina”day romanni 8 marta qayta ishlab ko’chirib chiqqan o’sha qaysar chol (Tolstoy) haqida, “Manas”ni tilimizga tarjima qilayotib, bitta qadimiy qirg’iz so’zining aniq ma’nosini bilish uchun o’z hisobidan hozirgi Bishkekka uchib borgan, u yerdagi olimlar bilan uchrashib, ularning bergan ma’lumotlaridan ham qoniqmagach, qirg’iz ovullariga chiqib ketib, qariyalar bilan gurunglashib, o’sha so’zning asl ma’nosini topgan tanti “so’z dehqoni” (Mirtemir) haqida, qog’oz qoralayotib, butun boshli sahifani to’ldirib, oxirida bir so’zni tahrir etish uchun sahifani yana qayta boshdan ko’chirgan, yana bir so’z o’zgarsa, yana bir boshdan ko’chiravergan sobit yozuvchi (Abdulla Qahhor) haqida, bitta dostonini 60 yil yozgan jahon klassigi (Gyote) haqida o’ylab qolaman. Adabiyot oson yaralishi mumkin emas. Oldi-qochdi, yengil-elpi, soxta shuhrat ermaklarini qancha pesh qilmasinlar adabiyot bo’lmaydi. So’zga sadoqat bilan so’z sotuvchiligi o’rtasida oltin va kesak o’rtasidagicha farq bor.

Holbuki, yoshlarga har kuni minglab ma’lumotlarni pesh qilayotgan ijtimoiy tarmoqlarning tiliga chidab bo’lmaydi. Ba’zi saytlar faqat tilni buzish uchun xizmat qilayapti. Tilni buzish degani millat tafakkurini buzish degani!

Ba’zan xususiy telekanallarda ko’rib qolaman, qandaydir estrada xonandasi chiqib, ommaviy madaniyatga qarshi gapiradi. So’ng ijro etgan qo’shiqlari bilan ommaviy madaniyatni targ’ib qiladi. Buni qanday tushunish kerak? Kimdir tilida fashizmni yomonlasa-da, lekin o’zi fashizmga xizmat qilsa, muloyimgina xoinlik emasmi bu? Estrada qo’shiqlaridagi bachkanalik, bema’nilik, rasvogarchilikka qarshi qancha ko’p gapirilsa, bu illatlar shuncha urchib ketayapti. Ularni tanqid qilsangiz, maza qilishadimi-ey, kuyinib gapirsangiz, ustingizdan kulishadimi-ey. Qo’shiqlar matnidagi bema’nilik haqida qancha maqolalar e’lon qilindi. Badtar bo’ldi. Qo’shiqdagi matn bema’nimi, bas, bema’nilik targ’ibot qilinyapti, ming-minglab yoshlar yo’ldan urilayapti. Ertasiga qarasangiz o’sha xonanda undan ham bema’ni qo’shiqni aytib likonglab ekranda paydo bo’laveradi. Irigan og’izdan chirigan so’z chiqar deganlariday bema’nilik ketidan yana bema’nilik. Oqibatda, 7 yoshdan 25 yoshgacha bo’lgan yoshlar qatlami xuddi shu illatlar ta’siriga tushib qolgan. Alam qiladigani, bir yo ikki kishiga emas, yuz yo ming kishiga emas, butun bir millatga yetkazayotgan ma’naviy zarari uchun bunday kimsalarga hech qanday jazo yo’q. Aksincha, ko’za sindirgan aziz.

Keyingi paytlarda milliy g’oya masalasida ko’p fikrlar aytilayapti. Darhaqiqat, millat qalbidan yetilib chiqqan asl g’oya ko’p kasofatlarning oldini oladi, elni birlashtiradi, qaddini ko’taradi. Faqat bir zarur jihatga e’tibor qaratish kerak. Har qanday g’oya fikr shaklida paydo bo’ladi. So’ng informatsiya shaklida tarqatiladi. Lekin bu ikki holda ham g’oyani ommaga singdirib bo’lmaydi. Suv sharqirab o’tib ketib, yerga singmasa, urug’ unmaydi, mabodo bir qism urug’ unib qolgandayam, baribir rivojlanmaydi. Odamlarga singmagan g’oya ham shu kabidir.

Xo’sh, g’oyani singdirish uchun nima qilish kerak?

G’oya faqat badiiy yo’l bilan singdiriladi. Shu bois “Qur’on”, “Injil” kitoblari odamzotga badiiy shaklda tushirilgan, informatsiya shaklida emas.

Bizda ezgu g’oyalar ko’p. Vatanimiz azaldan ezgu g’oyalar vatani. Lekin ular odamlarga badiiy singdirilmasa, quruq gap bo’lib qolaveradi. Keyingi paytlarda bu borada baqiriqlar, qaytariqlaru navbatchi gaplar ko’payib borayapti. Ta’lim sohasida ham badiiyatning o’z o’rni bo’lmasa, bunday ta’limning ta’sir kuchi sust bo’ladi. Milliy g’oya haqida gap ketganda, avvalo u suv ichayotgan qadimiy ildizlarni ilg’ashimiz kerak va shulardan foydalanishimiz shart. Odamlarning qon-qoniga singib ketgan qadriyatlar va amallar, imon-e’tiqod tuyg’ulari, milliy zaminda muqaddas sanalgan insoniy burch va vazifalar ma’naviy ustunlarimizdir.
Men el orasida juda oddiy odamlarni ko’rganmanki, ular o’zlari suyangan g’oyalarni nihoyatda aziz tutadilar. Ular qalbi va tafakkurining tayanchi bo’lgan bu g’oya haqida ko’p gapirmaydilar, minbarlarga chiqib baqirmaydilar, lekin shu g’oya bilan yashaydilar, jonidan kechsa ham, avlodma-avlod o’tib kelayotgan g’oyadan kechmaydilar. Bunday odamlarning otasining qabriga birov tegib ko’rsin-chi yo nomusiga shikast yetkazadigan biror gap gapirib ko’rsin-chi. Ular buni Vatanni haqorat qilish bilan barobar deb hisoblaydilar. Shunda uning ichidagi g’oya buyuk bir qurol kabi ishga tushadi. Ular vatanparvarlik haqida ko’p gapirmaydigan vatanparvarlar. Millatning butunligini saqlaydigan kuch milliy g’oyadir.

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi 10.01.2020

05

(Tashriflar: umumiy 1 403, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring