ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. Абдурауф Фитрат

fitrat

Йирик давлат ва сиёсат арбоби, шоир ва олим, носир ва драматург, маърифатпарвар Фитрат 1886 йили Бухорода зиёли оиласида дунёга келди. Дастлаб эски мактабда ўқиди, кейин Мирараб мадрасасида таҳсилни давом эттирди.
Асримиз бошларида вужудга келган «Тарбияйи атфол» жамияти кўмагида 1909-1913 йилларда Истанбулда таҳсил олди. Бу ерда қизғин ижод қилди. Шунинг самараси ўлароқ, 1911 йили «Сайҳа» («Чорлов») номли шеърий тўпламини чоп эттиради. Туркиядан қайтгач, Бухорода ўқитувчилик қилади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол иштирок этади, унинг бош мафкурачиси, ғоявий йўлбошчиларидан бирига айланади.
1917 йил апрелидан 1918 йил мартигача Самарқандда чиқиб турган «Ҳуррият» газетасига муҳаррирлик қилади. 1918 йили Фитрат Тошкентга келади. Ва бу ерда асосан илмий, ижодий, маърифий ишлар билан кўпроқ банд бўлди. У бир қатор дарсликлар тузади, «Чиғатой гурунги» номли ижтимоий-адабий ташкилотда фаол иштирок этади.
1921 йили Бухорога таклиф этилади. У халқ хўжалигининг бир қатор соҳаларини яхшилашда, айниқса, маориф соҳасида сезиларии ишларни амалга оширади. Унинг ташаббуси билан бир гуруҳ иқтидории ёшлар Истамбул, Берлин, Москва каби шаҳарларга ўқишга юборилади. Бухоро мактаблари учун ўқув қуроллари, дарслик ва қўлланмалар нашр этиш йўлга қўйилади.
Фитрат 1921-1922 йилларда бир қатор юқори лавозимларда ишлаб, ўзининг давлат арбоби сифатидаги истеъдодини кўрсата олди.
У 1923-1924 йилларда Москва ва Ленинградда яшади, Шарқ тиллари институтида ишлади. Турк, араб, форс тиллари ва адабиётидан ёшларга дарс берди. Ленинград дорилфунуни профессорлигига сайланди. «Абулфайзхон», «Бедил», «Қиёмат», «Шайтоннинг тангрига исёни» каби асарлар ёзиб, чоп эттирди. Москвадан қайтгач, республикамизнинг илмий, маданий-маърифий ҳаётида фаолият кўрсатади.
Фитрат тилшунос олим сифатида ўзбек тилининг қоидалари тўғрисида «Сарф», «Наҳв» асарларини ёзди.
Мусиқашунос олим сифатида «Шашмақом», «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи», «Шарқ мусиқаси» каби тадқиқотлар яратди. Ўтган асрнинг 30-йилларида у илмий-тадқиқот муассасаларида, ўқитувчилар малакасини ошириш институти ва дорилфунунда ишлайди.
1937 йили «халқ душмани» сифатида ҳибсга олиниб, 1938 йили Тошкент шаҳрининг ҳозирги Юнусобод тумани Бўзсув қирғоғидаги қатлгоҳда отиб ташланди.

МИРРИХ ЮЛДУЗИГА

Гўзал юлдуз, еримизнинг энг қадрли тувғони,
Нега биздан қочиб мунча узоқлаига тушибсан?
Тувғонингга нечун сира гапурмасдан турибсан,
Сўйла, юлдуз, ҳолинг надир, нечук топдинг дунёни?
Бизнинг ерда бўлиб турган тубанликлар, хўрликлар,
Сўйла, юлдуз, сенинг дағи қучоғингда бўлурми?

Борми сенда бизим каби инсонлар,
Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар,
Ўртоқ қонин қонмай ичган зулуклар,
Қардош этин қўймай еган қоплонлар?
Борми сенда ўксуз йўқсулнинг қонин
Гурунглашиб, чоғир* каби ичканлар?
Борми сенда бутун дунё тузугин*
Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?
Борми сенда бир ўлкани ёндириб,
Ўз қозонин қайнатғувчи хоқонлар?
Борми сенда қорин-қурсоқ йўлида
Элин, юртин, борин-йўғин сотқонлар?

ГЎЗАЛИМ

Гўзалим, бевафо гулистоним,
Боғи умримда тоза райҳоним.
Ғам-у қайғуларим ҳужуминдан
Сен эдинг меҳрибон, нигоҳбоним.
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да, тарк этдинг.
Кел, гулим, кел, аёғингга йиқилай,
Бир замон қўй: тўлиб-тошиб йиғлай.
Қўй, бироз қўйки, хоки пойингни
Сурмадек ёшли кўзима суртай.
Кетма, тур, тингла арзи ҳолимни,
Арз этай ҳоли пурмалолимни.
Қани у дамки, сен эдинг ёрим,
Мунисим, ҳамдамим, мададкорим,
Сенинг оғушинг, илтифотингда
Роҳат этмишди жисми беморим.
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да, тарк этдинг.
Кел, аёғингга қон бўлиб тўкулай,
Бир нафас дард-ҳажрдан қутулай,
Кел, гўзал дилбарим, кел, сочингни
Бир тарай, бир ўпай-да, ўлай.
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да, тарк этдинг.

ЯНА ЁНДИМ

Юрагимнинг қалин, қизғин олови-ла қайнағон
Кўз ёшларим, қайдасиз?
Куним каби узун, қора шу кечада кутуб мен
Эришмадим сира сизга, нега бўйла қочасиз?!
Нечун мени сабабсизча унутдингиз, айтингиз?
Ўтунамен, ялинамен, қочмангиз, қайтингиз!
Яна бутун борлиғимнинг негизлари емрилди,
Умидимнинг кўп чидамли тераклари йиқилди.
Хаёлимнинг тотли, чучук соатлари бутунлай
Узоқлашиб кетди мендан… тўсуб турар йўлимни.
Ўлим дағи қутқорғани келиб тутмас қўлимни.
Кеча унинг нур тенгизи бўлғон гўзал манглайин
Толғаланмиш кўргач мен…
Ер юзида борлиғимни кўрсатмакдан уялдим,
Ютдим бутун қайғуларнинг, мотамларнинг оғусин.
Жон тутғуси бўлган кўзи оғир, нозли сузиларди,
Бироз бурун чоғир ичган париларга ўхшарди.
Билмам нечун ўйнарди!..
Каъба узра айлангувчи кўгарчиндек* юрагим,
Соатларча шул кўзларнинг теграсида айланди.
Бироқ у
Менга сира боқмади.
Йиғладим,
Кулдим,
Ёлиндим.
Тушундим —
Биттаси ҳам мизожиға ёқмади.
Йиғла бироз, ўксузланган тилагим,
Мен ҳам сендай бахтсизликка тутундим,
Умидсизлик ора тушуб, йўқсул жоним ўртанди.

ОНАМ

Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?
Номусми, виждон била имонми керакдир?

Темур ила Чингиз қони тошди томуримда —
Айтгил, Сени қутқармоқ учун қонми керакдир?

Ёв суқғали келгач, қиличини юрагингга,
Туш олдига, ол кўксуми — қалқонми керакдир?

Боқ, боқ, мана турк тенгизи тошқун қила қолди,
Турон ёвини қувғали тўфонми керакдир?

Турон, йигитинг, барчага боқ, қалқди оёқға,
Юртда қоровул қўйғали арслонми керакдир?

КИМ ДЕЯЙ СЕНИ?

Оппоғим, худой асрагай сени,
Кўз балосидан сақлагай сени.
Сен жаҳоннинг нозанинисен,
Қайғуларга ҳеч солмағай сени.

Қип-қизил гулим, ёп-ёруғ ойим,
Кетма, тур бир оз, мен кўрай сени.
Дардли дилимнинг сен давосими,
Мунгли кўнглимнинг подишосими?

Гулмисен, кўзим, жонмисен, қўзим,
Кўнглимнинг бути ё худосими?
Билмадим, гулим, айт, ўзинг кулиб,
Ошиқинг нечук атагай сени?

БИР ОЗ КУЛ!

Кўз ёшларим букун тағин оқарми,
Қизил гулим бошқаларга кулар-да?

Қизил гулим, борлиғимнинг султони,
Жоним сенинг хаёлингдан кучайди.
Юрагимнинг энг қимматли армони,
Нечун менга марҳаматинг озайди?

Икки кўзим, малак юзим, севдигим,
Жонлар сенинг юзгинангдан айлансун.
Қизил гулим, қора кўзим, тилагим,
Дунё сенинг боқишингдан ўргулсун.

Ёвуз ёрим, юзингга ҳеч боқолмам,
Кўнгил дардин оёғингга тўколмам.
Тупроқ каби йиқилмишам йўлингда, дея олмам,
Истар эсанг менга келиб гапирма,
ёнимда ҳеч ўтирма:
Ёлғуз йиғлаб турганимни узоқдан
Кўрганингда марҳамат эт, бир оз кул!

ЎГУТ

Оғир йигит, сенинг гўзал, нурли кўзингда
Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим.
Ўйлашингда, туришингда ҳамда ўзингда
Бу юрт учун қутулишнинг борлигин кўрдим.
Турма — югур, тинма — тириш, букилма — юксал,
Ҳуркма — кураш, қўрқма — ёпиш, йўрилма* — қўзғал.
Эл йўлини тўсиб турган эски булутларни
Ёндириб қўй, йиртиб ташла, барчасин йўқ эт!
Қилолмасанг шу ишларни,
Сенинг учун хўрликдир бу!..
Йиқил, йўқол, кет!

НЕГА БЎЙЛА?

Сен келгач,
Шеърим учун
Қизил гуллар тўшалган,
Юлдузлар-ла безалган
Энг кенг бир йўл очилди.

Сен келгач,
Кўнглимни
Қайғулар-ла, мотамлар-ла ўраган
Қора қалин пардалар
Йиртилди.

Сен келгач,
Хаёлим
Умид, армон чечаклари очилғон
Учмоҳ каби боғчаларда булбулдек
Сайраб юрди.

Бироқ сен
Ишқингдан
Кеча-кундуз ёниб турғон кўнглумнинг
Дардини
Ҳеч сезмасдан, кула-кула турар-да,
Ёнар бутун борлиғим… Нега бўйла?

*Белгиси қўйилган сўзларга изоҳлар:
Чоғир — май,шароб, маст қилувчи ичимлик
Тузук — низом,тартиб-қоида
Йўрилма — ўтирма
Кўгарчин — каптар

(Tashriflar: umumiy 90, bugungi 1)

Izoh qoldiring