Fitratning «shayton»i kim edi?

fitrat

Фитратнинг диний мавзудаги асарларини талқин қилишда қизиқ бир парадокс келиб чиққан: Фитратнинг мухолифлари бу асарларни Совет воқелигининг ойнаси, яъни рамзлар тили орқали мавжуд тузумни инкор қилиш деб, диний мавзуни шунчаки либос деб англаганлар; уни оқловчилар ҳам бу асарларнинг рамз ўрмонларидан қоралашдан оқлаш сари элтадиган сўқмоқ топа билдилар – уларнинг фикрича, Фитратнинг диний мифология асосида ѐзган асарлари атеистик мавзудаги асарлардир.

04

ФИТРАТНИНГ “ШАЙТОН”И КИМ ЭДИ?
Илҳом Ғаниев

04

Диний мифологияга мурожаат жаҳон адиблари тажрибасида кўп кузатилган ҳодиса. Дантенинг “Илоҳий комедия”, Абдураҳим Ахвердеевнинг “Дўзахдан мактублар”,Ҳусайн Жовиднинг “Иблис”,Жон Милтоннинг “Йўқотилган жаннат” асарлари фикримизга мисолдир. Диний ривоят ва образларга мурожаат кўпроқ ижтимоий-сиѐсий нотинчликлар,катта тарихий бурилишлар даврида кузатилган.

Фитратнинг “Қиѐмат” ҳикояси, “Шайтоннинг тангрига исѐни” пьесаси ҳам айнан сиѐсий бошбошдоқликлар авжга минган, қатли ом, террор ва таъқиб кучайган йилларда яратилгани бежиз эмас. «Шайтоннинг тангрига исѐни» пьесаси,умуман,Фитратнинг диний мавзудаги асарларини талқин қилишда қизиқ бир парадокс келиб чиққан: Фитратнинг мухолифлари бу асарларни Совет воқелигининг ойнаси, яъни рамзлар тили орқали мавжуд тузумни инкор қилиш деб, диний мавзуни шунчаки либос деб англаганлар; уни оқловчилар ҳам бу асарларнинг рамз ўрмонларидан қоралашдан оқлаш сари элтадиган сўқмоқ топа билдилар – уларнинг фикрича, Фитратнинг диний мифология асосида ѐзган асарлари атеистик мавзудаги асарлардир.

Худди шундай фикрни Г.Райимова ва Б.Дўсқораевлар “Фитратнинг диний мавзудаги асарлари” номли сарлавҳаси айнан бир хил, аммо алоҳида-алоҳида икки мақолада илгари сурганлар.Чунончи, Г.Райимова Фитрат пьесаси ҳақида гапириб: “Диний афсона шоир истеъдоди туфайли чуқур социал-ғоявий мазмун кашф этган драматик асар сифатида майдонга келди… кўз ўнгимизда ўзи турган чирик заминда юқори кўтарила олган, ўзи сиғиниб келган эътиқоднинг ярамаслигини англаб етолган, ундан воз кеча олган ва буларнинг барчасига қарши бош кўтарган ва бошқаларни ҳам ундаган исѐнкор образ намоѐн бўлади”, — деб ѐзадики, бу муаллиф назарида тутган ғояни оѐғини осмондан келтириб тушунишдир.

Фитрат асарларининг,бутун ижодининг умумий ғояси – жадидчилик, ислоҳотчилик, зўрлик билан ўрнатилган тузумнинг моҳиятини фош қилиш, маърифатпарварлик ғояларидир. Шундай экан, муаллифнинг барча асарлари ана шу ўқ илдиздан ўсиб чиқмаслиги,ана шу булоқдан тўйинмаслиги мумкинми?

Албатта,йўқ.Фитратни даҳрий деб даъво қилувчилар унинг диний мавзудаги асарларини адибнинг умумижоди контекстидан юлиб таҳлил қилишга уринганлар ѐхуд ҳукмрон мафкуранинг тазйиқи биланми бу асарлардаги рамзларнинг “сиѐсий шаккок”лигидан кўз юмганлар. “Маъно билан боғлиқ ҳодисалар яширин тарзда, имконият ҳолида мавжуд бўлиши ва кейинги даврларнинг уларнинг юзага чиқиши учун қулай имконият яраладиган маънавий-маданий контекстида ўзлигини намоѐн қилиши мумкин”, — деб ѐзади атоқли адабиѐтшунос М.Бахтин.

Бизнингча, “Шайтоннинг тангрига исѐни” асарининг асл моҳиятини намоѐн қилиш мумкин бўлган маънавий-маданий контекст бугунги миллий истиқлол туфайли юзага келди ва унинг қатларига яширинган ҳақиқатларни барала айтиш мумкин. “Шайтоннинг тангрига исѐни” кичик шеърий трагедиясида диний миф муаллифнинг дунѐни ларзага солган улкан талотумни ва у келтирган ва келтирадиган оқибатларни кўрсатиб бериши учун ҳақ сўз қатағон қилинган муҳитда ниқоб вазифасини ўтаган.

Маълумки, шайтон – диний мифалогияга кўра ҳам, у ҳақидаги барча асарларда ҳам инсонга қутқу солгувчи, уни иймон-эътиқодидан айиргувчи ѐвуз куч сифатида талқин қилинади. Бундай қараш муқаддас Қуръондан тортиб Ҳусайн Жовиднинг “Иблис”игача бўлган ислом обидаларида ўзининг теран ифодасини топгандир. Хўш,Фитрат шайтонга дафъатан бошқача тус бериши, уни исѐнкор сифатида талқин қилиши мумкинмиди? Асло йўқ. Чунки шайтонга бутун омманинг антипатия билан қарашини ҳисобга олмасдан уни ижобий образ сифатида талқин қилиш кучли исломий эътиқодга эга бўлган ана шу омма томонидан қабул қилинмаслигини Фитрат кўр-кўрона инкор этиши мумкин эмас эди.

Ана шу икки асос Фитратнинг шайтони ҳамда шайтоний ўйинлардан холи бўлмаган бир тимсолдир,деб хулоса чиқариш учун етарлидир.Бу хулоса эса “Шайтоннинг тангрига исѐни”даги Шайтон даҳрийликка йўлиққан рус болшавойларининг умумлашма тимсоли, унинг ғоялари социализм ғояларининг ўзидир, деган фаразимизни асослашга ѐрдам беради.Чиндан Фитрат шайтон билан боғлиқ диний ривоятда халққа эркинлик,озодлик,тўқлик ва бахтли ҳаѐт ваъда қилган болшавойларнинг тарихини кўрган бўлса, не ажаб?

Бу ривоят исломдан хабардор бўлган ҳар бир кишига таниш, демак, уни ривоятнинг мазмуни эмас, балки муаллиф бу кўйлакни қандай ғояга кийгизмоқчи бўлганлиги қизиқтириши табиий. Шайтон – исѐнкор, у ўз қўл остидаги малакларнинг “онгсизлик, жонсизлик, кўрлик”да сақланаѐтганлигини англайди, қутилиш йўлларини излайди.

Ана шу жиҳати билан у коммунизм ғоясига жуда ўхшайди.Коммунизм мафкураси ижодчилари ҳам инсонга эрк, бахтли ҳаѐт, тенглик бермоқчи эдилар, улар аввал бошда ана шундай таҳсинга сазавор ғоя билан чиққан эдилар. Аммо қандай йўл билан? Умуман, объектив борлиқнинг ўзи пасту баландликларга, нотенгликларга, ноқисликларга, кучли ва кучсизларга тўла экан,кучсизнинг жони эвазига кучлининг яшашидек бешафқат табиат қонуни мавжуд экан, бу ғояни амалга ошириш мумкинмиди?

Ахир, халқ топиб айтиб қўйибди-ку, беш бармоқ баробар эмас, деб. Умуман олганда, табиат инсонларнинг бирини танбал, бирини меҳнаткаш, бирини уддабуро, бирини лақма қилиб яратган экан,жамият бойликларини уларга тенг тақсимлаш адолатданми? Умуман олганда,тараққиѐтнинг объектив йўналиши инкор қилиб турган социал операцияни эксперимент тарзида бутун-бутун халқлар устида ўтказиш жоизмиди?

Бу,албатта, масаланинг ижтимоий-сиѐсий томонлари, аммо Фитрат эзгу ғоя ва у келтириб чиқарадиган ѐвузликларни ўз давридаѐқ теран англаган, чунки ҳамма эзгу ғоялар ҳам ҳамиша ҳаѐт қонунларига мос келавермайди. Бундай одил жамиятни ўрта аср гуманистлари ҳам, социал утопистлар ҳам, Шарқнинг етук файласуфлари ҳам орзу қилганлар. Рус болшавойларигина тараққиѐт қонунларини писанд қилмасдан инқилобни зўрлик билан амалга оширдилар. Уни зўрлик билан бошқа халқларга тиқиштирдилар, тарих ғилдирагини сунъий тарзда ҳали узоқда бўлган манзилга элтишга уриндилар.

Алал оқибат эса бу ғилдирак ишдан чиқди, русларнинг ўзлари ҳам, бошқа халқлар ҳам қурбонга айландилар.“Шайтоннинг тангрига исѐни” трагедиясидаги шайтоннинг қисматида ана шундай азал ва абад қонунларини писанд қилмаслик натижасида эзгу орзулари поймол бўлган, ўзи эса ҳалокатга йўлиққан инқилобчиларнинг зиддиятларга тўла ҳаѐти ва фожиаси муҳрланган. Фитрат шайтоннинг эзгуликдан ѐвузлик сари, мударрисликдан шайтонлик сари, эгаликдан маҳрумият сари тушиб боришини тадрижий равишда кўрсатиб беради.

Маърифатлилик ва калондимоғлик, фаҳм-фаросат ва такаббурлик,маҳрумликни англаш ва объектив тараққиѐтни писанд қилмаслик – ана шу икки қарама-қарши жиҳат шайтон образининг мазмунини белгилайди. Ана шу икки зид жиҳатнинг кураши ва бу курашда манфий томоннинг ғалаба қилиши унинг фожиасини келтириб чиқаради.
Шайтон тангрининг ғазабига учраб бору йўғидан маҳрум бўлади,шайтон суратига киради, аммо бу жудоликларга атайлаб парво қилмайди,энди у одамни ҳам йўлдан уришга ҳаракат қилади:

Мени сенга топиндирмоқдан унинг
Истагани сени дахи алдамоқ.
Алдаб сўнгра секин-секин боғламоқ…
Мен қутилдим, кетмоқдаман узоққа,
Сен эслик бўл, туша қолма тузоққа.

Бу билан муаллиф шайтоний васвасалар ҳали узоқ давом этажагига ишора қилаѐтир. Аммо трагедия бу билан тугмайди. Шайтон ҳали ўнлаб йиллар мобайнида бузғунчилик қиладиган, одамларни йўлдан урадиган фитначидир – муаллиф ана шу ҳалокатларни ҳам башорат қилади:

Тамуғларинг, оловларинг, азобинг,
Ваҳималар, жаннатларинг ѐлғондир.
“Лавҳул маҳфуз” деган буюк китобинг
Ўйдирмалар, ѐлғонлар-ла тўлгандир.
…Ёлғиз ўзим қутилдим, деб юрмайман,
Бошқалардан хабар олмай турмайман.

“Шайтоннинг тангрига исѐни” кичик шеърий фожиаси рамзларнинг қат-қатлиги, ундаги зоҳирий ва ботиний маъноларнинг бир-бирига зидлиги,бадиий юксаклиги билан ўзбек адабиѐтида ўзига хос бир ҳодиса бўлдики, биз ҳам бу асар ҳақидаги ўнлаб йиллардан буѐн давом этиб келаѐтган баҳсу мунозараларга хотима ясайдиган охирги қатъий ҳукмни айтдик, деган даъводан йироқмиз. Фитрат асарлари ҳали кўп замонлар олмос сингари янги-янги қирраларини намоѐн этаверади.

 

Мақола «Фитрат ва миллий тараққиёт» тўпламидан (Тошкент,»Фан»,2008) олинди.

XDK

(Tashriflar: umumiy 749, bugungi 1)

Izoh qoldiring