Fozil Farhod. Jeton

09s   Курант занг урди…Ёмғирпўшимни эгнимга елвагай қилиб ташладим-да, хонадан чиқаётиб, варақлама тақвимдан ноябрнинг сўнгги санасини ҳам юлқиб олдим. Куннинг поёни олдинда эса-да, гўё шу билан бугун тамомлангандай.

Фозил ФАРҲОД
ЖЕТОН
09

Курант занг урди…
Ёмғирпўшимни эгнимга елвагай қилиб ташладим-да, хонадан чиқаётиб, варақлама тақвимдан ноябрнинг сўнгги санасини ҳам юлқиб олдим. Куннинг поёни олдинда эса-да, гўё шу билан бугун тамомлангандай.

Газетанинг эртанги сонини босмахонага жўнатдик. Навбатчиликда газетдошим билан қолганман. Мана, икки йилдирки, иккимиз таҳририятнинг торгина эшигидан кириб-чиқамиз. Ўша эшикдан бўлак бизни бирлаштирувчи бошқа риштани ҳозирча сезмаган бўлсам-да, негадир уни бошқалардан кўра ўзимга яқин тутардим.

Ташқарига чиқдим. Ҳаво салқин тортган – кундузги ёмғир тиниб, қишнинг ажабтовур нафаси сезилади. Менинг ивирсишимга кўниккан шеригим бино соябони тагида мунғайганча турарди.
У юпунгина кийинган эди.
Кун бўйи бирга бўлсак-да, тугма қадаётиб буни фаҳмлабман. Тонгги ҳаво уни алдаган, чамамда. Ачинарлиси, бугун тушликдан қайтаётсак, мендан-да кўҳна, қадрдон бошмоғидан сув ўтибди. Унинг ўша дамдаги ҳолатини сезган ҳар қандай дийдаси қаттиқ кимса, ҳатто кекса, курсиқули бош муҳарриримиз-да мумдай эриб, унга нисбатан ачиниш ҳиссини туярди.

Кутилмаганда калламга нотаниш фикр урилди:
«Уни хурсанд қилсанг-чи?! Қандай? Кечлик, пивоси билан…»
Бошида унамади. Қайсарлигимни билгани учун барибир кўнди.
Ишхонамиз яқинидаги емакхонага киргач, таомномага кўз югуртириб, одатга кўра ундан нима ейишини сўрадим. У эса чўнтагидан бир дона жетон олиб кўрсатди.

Хизматчи қиз пиво келтиргач, овқат буюриб, ича бошладим. Ичимлик кун чарчоқларини ҳайдаётгандай эди гўё.
У хушламайгина бир-икки ҳўплаб қўйди. Таом келтирилганида, бокалим бўшаб, уники тўлалигича турарди. Овқатга қўл узатдик.

«Нега ичмаяпти? Балки ёқмаётгандир? Илгари ичармиди ўзи? Наҳот билмасанг? Йўқ, ичарди. Нега унда ҳозир… Не бўлсаям шу бугун уни хурсанд қилишинг шарт!»
Ўнг томонимдаги дераза ортидаги кўчаёритгич шуъласига кўзим тушди.

Қор учқунлаяпти!
Бақириб юборишимга оз қолди. Ўзимни босдим. Чинданам қалбимнинг қаеридадир беркиниб ётган қувонч қалқиб чиқди. Қор декабр ибтидосиданоқ ёғиши ҳақида кундалик, ҳафталик нашрлар бир ойдан буён бонг ураётган бўлса-да, бунга сираям ишонмагандим. Чунки беш ёшимдан бери қор мени янги йил кечасида ҳам зориқтирарди-да!

Кетиб қолишимиздан хавотир олибми, нарироқда қаққайганча бизни кузатиб турган хизматчи ҳам, камсонли мижозлар ҳам, ҳатто ёнимдаги ҳамроҳим ҳам бундан хабар топмаганди. Уни туртиб, деразага имо қилдим. Иштаҳаси тортмаса-да, мени хафа қилмаслик учун ўзини овқат ейишга мажбурлаётган газетдошим қор уч¬қунларини кўриб жилмайди. Жилмайиш шунақанги самимий эдики, фалон йиллик тажрибаси бор руҳшунос ҳам бугунги ҳаво унинг бод касалини қўзғаб, зах бошмоқлари эса оёғига ҳамон азоб бераётганини сезмасди. Нима бўлгандаям, кун бўйи очилмаган чеҳрага кулги ёйилганини кўриб севинчим икки ҳиссага ортди.

Энди мени бояги чарчоғу тушкунликлар тарк этган, кайфияти бироз кўтарилган газетдошим ҳам бокалидаги пивосини ича бошлаганди. Суҳбатимиз қовушган икковлон ёлғон-яшиқ ёзишмалар эвазига ўқувчиси тобора камаяётган нашримиз тақдири ҳақида сўзлашардик…

Қор кучайди. Ичкарида ҳам совуқ қишнинг ўзига хос завқи ёйилди. Бошқаларни билмадим, менга шундай туюлди. Шу орада яна икки навбатчи шошиб ичкарига киришди-ю, қор қўнган кузги кийимларини бурчакда қоқиб, бўш жойлардан бирини банд қилишди.

Газетдошимга бўшаган бокалимни кўрсатиб, янги мижозлар томон ошиқаётган хизматчини тўхтатмоқчи эдим, шунда у бош чайқади. Доим уч бокал пиво ичишимни биларди, аммо ҳозир нега бундай қилди, билолмадим?..
Деразага тикилибми, кун чарчоқлари устун келибми, ишқилиб, кўзим илинибди. Уйғонсам, тепамда хизматчи ийманибгина турарди. Қўлида ҳисобқоғоз. Газетдошим йўқ.
Қаергаям кетарди?

Шу ўй билан атрофга алангладим. Емакхонада мендан бўлак хўранда йўқ. Пул тўладим. Қадрдон қопчиғим ташқаридаги дарахт шохларидай шип-шийдам бўлди-қолди.
Энди нима бўлади? Уйгача беш чақирим! Ҳали ш-у-н-ч-а йўлни пиёда босиб ўтаманми?
Гарчи кечликка ўзим таклиф қилган эсам-да, шеригим уйғотмай кетгани боис ундан қаттиқ ранжидим.
Ахир у кишимда уйига етиб олиш учун жетон бор-да!

Хунобим ошди. Тўғриси, алам қилди. Ўз ўйим билан ўзим олишдим.
“Ҳақиқатда унинг қандайлигини умуман билмас экансан!”
Юрагимдаги унга бўлган илиқлик куз ҳавосига қўшилиб олис-олисларга қувилди.
“Аблаҳ!”

Тезда ўрнимдан туриб, кетишга шайландим. Жаҳл билан эшик тутқичини тортарканман, ортимдан жарангдор овоз янгради:
– Кечирасиз!
Ортга бурилдим.
– Унутиб қолдирибсиз!

Бақамти келган хизматчи қўлидагини узатди-ю, ташқаридан кираётган изғирин баданимга миллион-миллион игна санчди.
“Бўлиши мумкинмас!”
Не кўз билан кўрайки, унинг кафтида…
Бу ўша жетон-ку!!!
Эшикдан кираётган изғирин этимни жунжиктириб, мени карахтликдан қутқарди.

Ҳали узоқлашмагандир?
Ташқарига отилдим. Йўлакчага шамол учириб келтирган қорнинг юпқа сатҳида уч-тўрт оёқ изи. Кўчага қараб кетганлари аллақачон кўмилган. Мен катта кўчага ошиқдим.
“Қўнғироқ қилсанг-чи?”
Беихтиёр ўша таниш еттита рақамни тердим. Етиб олиш ҳақидаги умидларим алоқа йўқлиги тўғрисидаги хабардан cўнг бутунлай якунланди.

Эсим қурсин! У ой бошида ижара ҳақини тўлаш учун телефонини сотган эди-ку!
Катта кўчага чиқиб, пиёдалар йўлакчаси бўйлаб кета бошладим. Йўлдан машиналар ора-сира ўтиб қайтар, тинмай ёғаётган қорни ғилдираклар эзғилаб сувга айлантирарди. Чўнтагимдан тамаки қутисини олдим. Лабимга сигарет донасини қистирдим.
Кафтимда жетон, хаёлимда оғир ўй:
“Йигирма беш чақирим йўлни зах бошмоқлар билан қанча вақтда босиб ўтиш мумкин экан-а?”.

Кетма-кет чека бошладим.
Чалғишга уриниб, ўзимни бутунлай бошқа нарсалар тўғрисида ўйлашга мажбурладим:
“Ўн беш дақиқада уйга етасан. Бориб иссиққина қаҳва ичиб, биринчи қор тўғрисида бирор нима қораласанг, кейинги сонга улгурасан».
Муюлишга етдим. Тепамдаги курант миллари чорак кам тунги соат ўн иккини кўрсатарди.

Уйига етдимикан?
Тўсатдан қулоғимга ажиб товуш – ивиган оёқда ва юпун кийимда дирдираганча оҳиста-оҳиста қадам ташлаб бораётган қадрдонимнинг бошмоқлари ултонидан чиқаётган овоз чалингандай бўлди:
“…ғирч, ғирч…”
“Ўзинг аблаҳ”

Метро бекатига тушиб кетаётиб, ер ости йўлидан юзимга урилган илиқ ҳаводан жонландим. Ярим ғужанак бўлиб, қизарган бармоқларимни ёмғирпўш чўнтагига тиқдим

092

Fozil FARHOD
JETON
09

Kurant zang urdi…
Yomg’irpo’shimni egnimga yelvagay qilib tashladim-da, xonadan chiqayotib, varaqlama taqvimdan noyabrning so’nggi sanasini ham yulqib oldim. Kunning poyoni oldinda esa-da, go’yo shu bilan bugun tamomlanganday.

Gazetaning ertangi sonini bosmaxonaga jo’natdik. Navbatchilikda gazetdoshim bilan qolganman. Mana, ikki yildirki, ikkimiz tahririyatning torgina eshigidan kirib-chiqamiz. O’sha eshikdan bo’lak bizni birlashtiruvchi boshqa rishtani hozircha sezmagan bo’lsam-da, negadir uni boshqalardan ko’ra o’zimga yaqin tutardim.

Tashqariga chiqdim. Havo salqin tortgan – kunduzgi yomg’ir tinib, qishning ajabtovur nafasi seziladi. Mening ivirsishimga ko’nikkan sherigim bino soyaboni tagida mung’aygancha turardi.
U yupungina kiyingan edi.
Kun bo’yi birga bo’lsak-da, tugma qadayotib buni fahmlabman. Tonggi havo uni aldagan, chamamda. Achinarlisi, bugun tushlikdan qaytayotsak, mendan-da ko’hna, qadrdon boshmog’idan suv o’tibdi. Uning o’sha damdagi holatini sezgan har qanday diydasi qattiq kimsa, hatto keksa, kursiquli bosh muharririmiz-da mumday erib, unga nisbatan achinish hissini tuyardi.

Kutilmaganda kallamga notanish fikr urildi:
«Uni xursand qilsang-chi?! Qanday? Kechlik, pivosi bilan…»
Boshida unamadi. Qaysarligimni bilgani uchun baribir ko’ndi.
Ishxonamiz yaqinidagi yemakxonaga kirgach, taomnomaga ko’z yugurtirib, odatga ko’ra undan nima yeyishini so’radim. U esa cho’ntagidan bir dona jeton olib ko’rsatdi.

Xizmatchi qiz pivo keltirgach, ovqat buyurib, icha boshladim. Ichimlik kun charchoqlarini haydayotganday edi go’yo.
U xushlamaygina bir-ikki ho’plab qo’ydi. Taom keltirilganida, bokalim bo’shab, uniki to’laligicha turardi. Ovqatga qo’l uzatdik.

«Nega ichmayapti? Balki yoqmayotgandir? Ilgari icharmidi o’zi? Nahot bilmasang? Yo’q, ichardi. Nega unda hozir… Ne bo’lsayam shu bugun uni xursand qilishing shart!»
O’ng tomonimdagi deraza ortidagi ko’chayoritgich shu’lasiga ko’zim tushdi.

Qor uchqunlayapti!
Baqirib yuborishimga oz qoldi. O’zimni bosdim. Chindanam qalbimning qaeridadir berkinib yotgan quvonch qalqib chiqdi. Qor dekabr ibtidosidanoq yog’ishi haqida kundalik, haftalik nashrlar bir oydan buyon bong urayotgan bo’lsa-da, bunga sirayam ishonmagandim. Chunki besh yoshimdan beri qor meni yangi yil kechasida ham zoriqtirardi-da!

Ketib qolishimizdan xavotir olibmi, nariroqda qaqqaygancha bizni kuzatib turgan xizmatchi ham, kamsonli mijozlar ham, hatto yonimdagi hamrohim ham bundan xabar topmagandi. Uni turtib, derazaga imo qildim. Ishtahasi tortmasa-da, meni xafa qilmaslik uchun o’zini ovqat yeyishga majburlayotgan gazetdoshim qor uch¬qunlarini ko’rib jilmaydi. Jilmayish shunaqangi samimiy ediki, falon yillik tajribasi bor ruhshunos ham bugungi havo uning bod kasalini qo’zg’ab, zax boshmoqlari esa oyog’iga hamon azob berayotganini sezmasdi. Nima bo’lgandayam, kun bo’yi ochilmagan chehraga kulgi yoyilganini ko’rib sevinchim ikki hissaga ortdi.

Endi meni boyagi charchog’u tushkunliklar tark etgan, kayfiyati biroz ko’tarilgan gazetdoshim ham bokalidagi pivosini icha boshlagandi. Suhbatimiz qovushgan ikkovlon yolg’on-yashiq yozishmalar evaziga o’quvchisi tobora kamayayotgan nashrimiz taqdiri haqida so’zlashardik…

Qor kuchaydi. Ichkarida ham sovuq qishning o’ziga xos zavqi yoyildi. Boshqalarni bilmadim, menga shunday tuyuldi. Shu orada yana ikki navbatchi shoshib ichkariga kirishdi-yu, qor qo’ngan kuzgi
kiyimlarini burchakda qoqib, bo’sh joylardan birini band qilishdi.

Gazetdoshimga bo’shagan bokalimni ko’rsatib, yangi mijozlar tomon oshiqayotgan xizmatchini to’xtatmoqchi edim, shunda u bosh chayqadi. Doim uch bokal pivo ichishimni bilardi, ammo hozir nega bunday qildi, bilolmadim?..
Derazaga tikilibmi, kun charchoqlari ustun kelibmi, ishqilib, ko’zim ilinibdi. Uyg’onsam, tepamda xizmatchi iymanibgina turardi. Qo’lida hisobqog’oz. Gazetdoshim yo’q.
Qaergayam ketardi?

Shu o’y bilan atrofga alangladim. Yemakxonada mendan bo’lak xo’randa yo’q. Pul to’ladim. Qadrdon qopchig’im tashqaridagi daraxt shoxlariday ship-shiydam bo’ldi-qoldi.
Endi nima bo’ladi? Uygacha besh chaqirim! Hali sh-u-n-ch-a yo’lni piyoda bosib o’tamanmi?
Garchi kechlikka o’zim taklif qilgan esam-da, sherigim uyg’otmay ketgani bois undan qattiq ranjidim.
Axir u kishimda uyiga yetib olish uchun jeton bor-da!

Xunobim oshdi. To’g’risi, alam qildi. O’z o’yim bilan o’zim olishdim.
“Haqiqatda uning qandayligini umuman bilmas ekansan!”
Yuragimdagi unga bo’lgan iliqlik kuz havosiga qo’shilib olis-olislarga quvildi.
“Ablah!”

Tezda o’rnimdan turib, ketishga shaylandim. Jahl bilan eshik tutqichini tortarkanman, ortimdan jarangdor ovoz yangradi:
– Kechirasiz!
Ortga burildim.
– Unutib qoldiribsiz!

Baqamti kelgan xizmatchi qo’lidagini uzatdi-yu, tashqaridan kirayotgan izg’irin badanimga million-million igna sanchdi.
“Bo’lishi mumkinmas!”
Ne ko’z bilan ko’rayki, uning kaftida…
Bu o’sha jeton-ku!!!
Eshikdan kirayotgan izg’irin etimni junjiktirib, meni karaxtlikdan qutqardi.

Hali uzoqlashmagandir?
Tashqariga otildim. Yo’lakchaga shamol uchirib keltirgan qorning yupqa sathida uch-to’rt oyoq izi. Ko’chaga qarab ketganlari allaqachon ko’milgan. Men katta ko’chaga oshiqdim.
“Qo’ng’iroq qilsang-chi?”
Beixtiyor o’sha tanish yettita raqamni terdim. Yetib olish haqidagi umidlarim aloqa yo’qligi to’g’risidagi xabardan co’ng butunlay yakunlandi.

Esim qursin! U oy boshida ijara haqini to’lash uchun telefonini sotgan edi-ku!
Katta ko’chaga chiqib, piyodalar yo’lakchasi bo’ylab keta boshladim. Yo’ldan mashinalar ora-sira o’tib qaytar, tinmay yog’ayotgan qorni g’ildiraklar ezg’ilab suvga aylantirardi. Cho’ntagimdan tamaki qutisini oldim. Labimga sigaret donasini qistirdim.
Kaftimda jeton, xayolimda og’ir o’y:
“Yigirma besh chaqirim yo’lni zax boshmoqlar bilan qancha vaqtda bosib o’tish mumkin ekan-a?”.

Ketma-ket cheka boshladim.
Chalg’ishga urinib, o’zimni butunlay boshqa narsalar to’g’risida o’ylashga majburladim:
“O’n besh daqiqada uyga yetasan. Borib issiqqina qahva ichib, birinchi qor to’g’risida biror nima qoralasang, keyingi songa ulgurasan».
Muyulishga yetdim. Tepamdagi kurant millari chorak kam tungi soat o’n ikkini ko’rsatardi.

Uyiga yetdimikan?
To’satdan qulog’imga ajib tovush – ivigan oyoqda va yupun kiyimda dirdiragancha ohista-ohista qadam tashlab borayotgan qadrdonimning boshmoqlari ultonidan chiqayotgan ovoz chalinganday bo’ldi:
“…g’irch, g’irch…”
“O’zing ablah”

Metro bekatiga tushib ketayotib, yer osti yo’lidan yuzimga urilgan iliq havodan jonlandim. Yarim g’ujanak bo’lib, qizargan barmoqlarimni yomg’irpo’sh cho’ntagiga tiqdim

092

(Tashriflar: umumiy 288, bugungi 1)

Izoh qoldiring