G’ilon kuychisi yoxud chekka bir qishloqni dunyoga tanitgan musavvir

08    Ғилон ёш рассом учун чинакам кашфиёт бўлди. Устозларидан бирининг «Қашқадарёдаги Ғилонга боргин, бу қишлоқ рассомлар учун ижод жойи, илҳом манбаи» деган сўзларини эслаб устозининг айтганлари ростлигига иқрор бўлди. Кўнглида ижодий ғоялар туғилди. Саёҳати учун ажратилган кунлардан унумли фойдаланиб, Ғилон ҳақидаги бўлғуси тасвирий санъат асарлари қораламаларини чизди, кузатган нарсаларини қоғозга туширди, рангларини аниқлаб олди.

Мўмин АЗИЗОВ
ҒИЛОН КУЙЧИСИ
ёхуд чекка бир қишлоқни дунёга танитган мусаввир
09

Пурвиқор Ҳисор тоғлари бағридаги Ғилон қишлоғи ўзига хос бетакрор табиати, гўзал манзаралари билан юртимизда машҳур. Шунданми, Шаҳрисабздан етмиш беш километр узоқликда жойлашганига қарамай, одамлар унга талпиниб, бир бор кўришга, томоша қилишга ошиқади.

Тошкентлик Муҳаммадиёр бундан ўттиз олти йил муқаддам бир неча ҳамкасблари билан Ғилонга саёҳат қилган эди. Энди ўттиздан ошган йигит қишлоқда бир неча кун бўлиб, томлари бир-бирига чирмашиб кетган уйларни, кўкка бўй чўзган мирзатеракларни кўрди, муздек тиниқ булоқ сувларидан ичди, соф тоғ ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди, ёзда ҳам қори эримайдиган тоғ чўққиларига чиқди, қишлоқнинг дилкаш одамлари билан суҳбатлашди, уларнинг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлди.

Муҳаммадиёр рассом эди, шунинг учун қишлоқни, унинг атрофларини шунчаки томоша қилмади, балки кўрган ҳар бир нарсага мусаввир кўзи билан боқди, Ғилоннинг мафтункор манзаралари жозибасини ҳис қилди. Қишлоқ ёш рассом учун чинакам кашфиёт бўлди. Устозларидан бирининг «Қашқадарёдаги Ғилонга боргин, бу қишлоқ рассомлар учун ижод жойи, илҳом манбаи» деган сўзларини эслаб устозининг айтганлари ростлигига иқрор бўлди. Кўнглида ижодий ғоялар туғилди. Саёҳати учун ажратилган кунлардан унумли фойдаланиб, Ғилон ҳақидаги бўлғуси тасвирий санъат асарлари қораламаларини чизди, кузатган нарсаларини қоғозга туширди, рангларини аниқлаб олди.

Пойтахтга қайтиб келгач, қишлоқдан олган таассуротлари кўз олдига келиб, ижод устахонасида қўлига мўйқалам олди. Муҳаммадиёр Ғилонда тонг отишини бир неча марта кузатган эди. Шунинг учун биринчи ижодий ишини «Ғилонда тонг» деб номлади. Мусаввир қишлоқда қоронғулик чекиниб, тонг отган пайтни моҳирона тасвирлаган. Тонг жарчиси хўроз қичқириб, қишлоқ аҳлини уйғонишга чорламоқда. Қишлоқда яна ҳаёт бошланди. Қўлига таёқ ушлаган бир киши қўй-қўзилар, молларни далага, қир-адирлар томон ҳайдаб кетмоқда. Хотин-халаж ўчоқ бошида, болалари ювинмоқда. Хўрозу товуқлар атрофда ивирсиб юришибди. Мўйқалам соҳиби тонг отгач, қишлоқда янги кун бошланишига хос ранглардан усталик билан фойдаланди.

Шундан кейин рассом «Куйлаётган тоғлар» картинаси устида иш бошлади. Ғилонни тоғларсиз тасаввур этиб бўлмайди, қишлоқни ғарбдан ташқари барча томонини тоғлар ўраб олган, чўққидан қарасангиз у ажабтовур кўринади. Картинада тоғлар фонида осмондаги ой, аёл ва унинг ёнида икки фарзанди тасвирланган. Унда мусаввирнинг фалсафий қарашлари акс этган бўлиб, томошабинни ўйлашга, фикрлашга ундайди.

Мусаввирнинг яна бир асари «Ғилонда қиш» деб номланган. Қишлоқнинг қадимий эгри-бугри кўчаларидан бирининг икки томонида қад ростлаган паст- баланд уйлар оппоқ қор оғушида. Кун совуқ бўлишига қарамай, бир киши қорли кўчадан юриб бормоқда. Асарга ҳаёт ҳар қандай шароитда ҳам давом этаверади, деган фикр сингдирилган.

Рассомнинг Ғилон мавзуидаги рангтасвир асарларини кўздан кечирсангиз, уларда оқ ранг кўпроқ ишлатилганига гувоҳ бўласиз. Бу ҳол унинг «Кутиш», «Баланд тоғли қишлоқ», «Тандир», «Оқ Ғилон» каби асарларида айниқса яққол кўзга ташланади. Бу жиҳатдан мусаввирнинг «Оқ Ғилон» картинаси алоҳида ажралиб туради. 2005 йилда яратилган 90х100 сантиметр ҳажмдаги бу асарда аёлларни оқ либосда кўрасиз, уйлар ҳам томларигача шу рангда, эшиклари сар-ғимтир, дарахтлар қизғиш-жигарранг тусда тасвирланган. Ғилонликларнинг покдомон, оқкўнгил, соф ниятли эканлигини кўрган рассом ўз асарларида ҳам оқ рангдан кўпроқ фойдаланган бўлса ажабмас.

Ғилон ва ғилонликларни чин қалбдан яхши кўриб қолиб, уни ўз асарларида намойиш этаётган мусаввир Муҳаммадиёр Тошмуродовнинг ҳаёти ва ижоди, унинг айрим асарлари ҳақидаги маълумотларни ён дафтаримга қайд қилиб, у билан учрашишни ният қилиб юрардим.

Истиқлолнинг йигирма тўрт йиллиги арафасида матбуотда Муҳаммадиёр Тошмуродовга Президентимиз фармони билан тасвирий санъатни ривожлантириш соҳасидаги катта хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвони берилганини ўқиб бениҳоя хурсанд бўлдим ва уни табриклаш, яқиндан танишиш учун Тошкентга йўл олдим.

Мусаввирнинг Оқтепадаги ижод хонасидаман. Деворларда унинг мўйқаламига мансуб турли жанрдаги тасвирий санъат асарлари илиб қўйилган. Уларнинг ҳар бири ишлатилган ранглари, бетакрор жозибаси билан сизни ўзига жалб қилади.

Муҳаммадиёр Тошмуродов Ғилон туркумидаги рангтасвир асарлари фотосуратлари жой олган альбомни олдимга қўйди. Альбомни бирма-бир варақлаб, суҳбатлашдик.

Рассом юрт кезиб, турли жойларда бўлса, хилма-хил табиат манзаралари билан танишса, дунёқараши, фикрлаш доираси кенгайиб, истеъдод қирраларининг ёрқинроқ кўз очишига ёрдам беради. Муҳаммадиёр Тошмуродов талабалик йилларида ёзги таътил кунларини узоқ Сибирнинг Байкал-Амур темир йўл қурилиши бораётган жойларда ўтказди. Курилл оролларигача борди, ўқишни битиргач, ўзи таълим олган Тошкент театр ва рассомчилик институтида қолиб, бўлажак рассомларга дарс берган йилларда Хитой, Болгария, Италия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Қора денгиз бўйларида ижодий сафарларда бўлди. Унинг «Қрим. Воронцов саройи», «Сариқ чой», «Ов қилиш жойи манзараси» каби рангтасвир асарлари ана шу ижодий сафарлар самараси.

— Юртимизда Бурчмулла, Хумсон, Суқоқ, Оқтош каби ажойиб сўлим гўшалар бор, — дейди суҳбатдошим. — Кўп рассомлар манзараларга бой бўлган шу жойларга бориб, асарлар яртишади. Мен Ғилонга биринчи марта борганимда, бу қишлоқнинг ўзига хос томонлари борлигини, бу ерда тасвирий санъатнинг хоҳлаган жанрида асарлар яратиш мумкинлигини кўр-дим. Илгари «Саноатлашган Ўзбекистон», «Болгария», «Ов» туркумида жуда кўп рангтасвир асарлари яратганман. Ғилон мавзуида чизган иккита-учта асарларим санъатшунос ва мутахассислар томонидан юқори баҳо олгач, ижодимда янги — Ғилон туркуми етакчи бўлиб қолди. Бу туркумда ҳозиргача яратган рангтасвир асарларим йигирматадан ошди.

09Муҳаммадиёр Тошмуродов 2002 йилда шахсий кўргазмаси ташкил этилиши муносабати билан Италиянинг Турин шаҳрига борди. Кўргазмада унинг турли йилларда чизган бир нечта асарлари, шу жумладан, Ғилон туркумидаги бешта асари намойиш этилди. Тасвирий санъат мухлисларига, айниқса, Ўзбекистоннинг бу оддий қишлоғи манзаралари ва одамлари акс этган рангтасвир асарлари жуда ёқиб қолди. Кўргазма ташкилотчилари Муҳаммадиёр Тошмуродовдан табиати Туринга жуда ўхшаш Ғилон ҳақида шу ернинг ўзида, ҳамманинг кўз ўнгида бир асар яратишни илтимос қилишди. Меҳмон мезбонлар раъйини қайтаролмай, дастгоҳини ва рангларни тайёрлаб, унга холст -бўзматони ўрнатиб, қўлига мўйқалам олди. Маҳаллий галерея мутасаддилари ва кўргазмага ташриф буюрган томошабинлар бир неча кун узоқ ўзбек юртидан келган рассомнинг асар яратиш жараёни билан танишишга муяссар бўлдилар. «Ғилон» номли бу картина туринликларга маъқул бўлгани учун меҳмоннинг яна икки асари сотиб олиниб, доимий намойиш қилиш учун галереяга қўйилди.

Ҳозир таниқли мусаввир Муҳаммадиёр Тошмуродовнинг «Ғилон» туркумидаги асарлари АҚШ, Корея, Греция, Ҳиндистон, Италия каби жаҳондаги ўн еттита мамлакатнинг тасвирий санъат галереяларида ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Бу билан рассом Ғилон қишлоғини бутун дунёга танитди.

— Ғилон уста ҳунармандлар юрти, — дейди суҳбатдошим. — Пичоқсоз усталар оддий пичоқни юксак санъат даражасига етказиб ясайдилар. Кулолларини айтмайсизми! Ҳатто термалар, достонлар айтадиган бахшилар ҳам бор. Мен Акрам бахшининг истеъдодига тан бериб, унинг портретини зўр иштиёқ билан яратдим.

Дарвоқе, Ғилондан мусаввирлар ҳам чиққан. Муҳаммади Чоршанбиев соҳага оид бирор ўқув юртини битирмаган бўлса ҳам ажойиб расмлар чизади, асарлари бир неча марта Тошкентда кўргазмаларда намойиш этилган. Ўғли Жамшид Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг тасвирий санъат бўлимида ўқиди. Ҳозир Тошкентда яшаб ижод қилмоқда. Иккинчи ўғли Аюб ҳам отаси изидан бориб, бадиий графика бўйича мутахассис бўлиб етишди.

— Қаршингиздаги расмни кўраяпсизми? — мендан сўради мезбон дераза томонга қараган рассомлик дастгоҳида турган расмга ишора қилиб, — ҳали тугалланмаган, иш жараёнида турибди. У «Ғилон» туркумидаги навбатдаги «Баҳор» картинаси бўлади. Ғилон баҳоридан жуда завқланганман, ўхшаши йўқ. Ундан илҳомланиб, шу асарим устида ишлаяпман. Бу туркумда асар яратишни умрим охиригача, қўлимда мўйқалам тутишга қодир кунларимгача тўхтамайман. Ишонаманки, бу мавзуни мендан кейин ҳам энди етишиб чиқаётган рассомлар давом эттиришади.

Шаҳрисабз — Тошкент — Шаҳрисабз.

Манба: «Қашқадарё» газетаси, декабрь, 2015

МУҲАММАДЁР ТОШМУРОДОВ АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
09

034

(Tashriflar: umumiy 287, bugungi 1)

Izoh qoldiring