Go’zal Ro’ziyeva. Quyoshning orqa tarafi

42 Қуёш ер юзига баробар нур сочади – Африкадан Осиёгача, Европадан ҳар икки Америка қитъасигача, Австралиядан олис Шимолий Қутбгача; ўзбегу-япон, корейсу-испан, ҳинду-мўғул, инглизу-арабгада баробар тақсимлайди ёғдуларини. У ирқ ажратмайди – европаликнинг оппоқ терисию, осиёликнинг қизғиш рангли кўриниши, америкаликнинг кўк-яшил кўзлари-ю африкаликнинг қалин қора-қўнғир сочлари уларни бир-биридан ажратувчи фарқ эмас. У дин билан табақаламайди нурларини – олам яралибдики тириклик неъматини христианми яҳудий, буддистми мусулмон демай баб-баробар улашади…

Гўзал РЎЗИЕВА
ҚУЁШНИНГ ОРҚА ТАРАФИ


034 Қуёш ер юзига баробар нур сочади – Африкадан Осиёгача, Европадан ҳар икки Америка қитъасигача, Австралиядан олис Шимолий Қутбгача; ўзбегу-япон, корейсу-испан, ҳинду-мўғул, инглизу-арабгада баробар тақсимлайди ёғдуларини. У ирқ ажратмайди – европаликнинг оппоқ терисию, осиёликнинг қизғиш рангли кўриниши, америкаликнинг кўк-яшил кўзлари-ю африкаликнинг қалин қора-қўнғир сочлари уларни бир-биридан ажратувчи фарқ эмас. У дин билан табақаламайди нурларини – олам яралибдики тириклик неъматини христианми яҳудий, буддистми мусулмон демай баб-баробар улашади. Чунки, Худо уни шундай яратган. Чунки, Яратганнинг наздида Инсон қайси рангу тилда, қайси дину миллатда эканлигидан қатъий назар тенг мавқедадир – бири улуғу бири паст, бири азизу бири хор эмас. Аммо, Тангрининг бандалари учун инсонларнинг тур ва табақалари мавжудки, бу уларнинг ҳаётини қийинлаштиради…
Ер шарининг Шарқий Туркистон аталмиш нуқтасида яшовчи миллатлар ўз динлари ва маданиятлари сабаб йиллардирки хўрлигу-таҳқир жафосини тотиб келадилар. Улар биргина мусулмон бўлганлари ёки хитой бўлмаганлари сабабли не-не ранжу-аламларни кўришга мажбур қилинмоқдалар…

23.06.2019 йил

Салом, кундалигим… Бугундан кўнглимдан кечаётганларни сенга ёзиб боришга қарор қилдим, чунки чекаётган азобларимни кимгадир ёки нимагадир тўкиб сочишим, аҳён-аҳёнда бўлса-да енгил бўлиб олишим керак. Негаки, бу ердаги ҳар кун, ҳар соат сайин юрагим оғирлашиб бораётганини, бу оғирлик мени азоблаётганини сезяпман… Бу юкни ёлғиз кўтаришим мушкул, изтиробларимни баҳам кўрувчи бир елкадошга жудаям муҳтожман…
Мен ўша мазлумларнинг бириман. Исмим Ойдин, куни кеча йигирма бирга тўлдим. Шарқий Туркистонда яшовчи ўзбеклардан бири бўлсамда, ота-боболарим, умуман таниган-билганим барча инсонлар каби ўзимни уйғурлардан ва туб аҳолиси уйғурлар бўлган Шарқий Туркистондан айро тасаввур қилолмасдим. Ўзбекистон – ўзбекларнинг юрти Марказий Осиёда жойлашганлигини, Шарқий Туркистонни мустақил қилмоқчи бўлган зот – тарих дарсликларимизга номи киритилиши таъқиқланган, умуман номини айтиш бутун ўлкада маън қилинган инсон ўзбекистонлик Алихонтўра Соғуний* бўлганлигини кейинчалик отамнинг амакиларим билан яширин суҳбатларидан билган бўлсам, отам намозини адо этгач, ўтганлар ҳақига дуо қиларкан, раҳматлилар қатори ўша зот исмини ҳам тилга олар, унга Ҳавзи Кавсар сувларидан қониб ичишнию, расуллуллоҳ даврасидан жой тилашини эшитишга қулоғим ўрганганди. Отам Абдураҳмон Ҳафиз Қашқардаги Боласоғун масжидининг имоми – дину-диёнатни ҳаётининг машъали деб билувчи инсон бўлиб, миллати уйғур бўлган онам ўн ёшга тўлганимда вафот этгач қайтиб уйланмади. Менинг тарбиям қўшнимиз – аммам Роҳила Ҳафиз қўлида қолди. Уйимиз Боласоғун масжидининг орқа тарафида бўлиб, масжиднинг ҳайбатли гумбази сояси ҳовлимизга тўғри тушар, туш пайтида унинг ялтироқ кўк рангли кошинлари ва учидаги олтиндек товланувчи ярим ой рамзи одамнинг кўзини чақнатарди. Эсимни танибманки,
_________________________________________
*Алихонтўра Соғуний (1885-1976) – атоқли олим ва адиб, улкан давлат арбоби ва саркарда. У Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг биринчи президенти ва маршали бўлган. Умринининг катта қисмини Шарқий Туркистон озодлиги учун ҳаракатларга бағишлаган. Унинг “Туркистон қайғуси” асарида Шарқий Туркистон ҳақидаги хотиралари баён қилинган.(муаллиф изоҳи)

уларни кўриб улғайганимгами, юмуш билан ҳовлига чиқсам, масжид гумбазига кўз ташлаб қўярдим. Аслида, бу қарашнинг муҳим сабаби ҳам борки, бу исмим билан боғлиқ. Тунда туғилувчи кўплаб чақалоқлардан фарқли, қоқ пешинда дунёга келганман. Отам пешин намозини адо этиб уйга қайтгач, дарвозадан кираётиб, чақалоқ йиғисини эшитган ва Яратганга сано айтиб кўкка қўл чўзган, табиийки кўзи тушган илк нарса гумбаз ва ундаги белги бўлган. Сўнг туғилажак фарзандим Ой каби зулматни аритгувчи ва албатта динида собит бўлсин дея менга Ойдин исмини берган. Ўртача катталикдаги шу уй ва боғчали ҳовлида улғайдимки, жаннатни ҳам болалик тасаввурларимда шундай мўжаз боғча сифатида тасаввур қилардим. Жажжи қизалоқ кезларимдан Қуръоннинг баъзи сураларини чучук тилим билан ўқий бошлаган бўлсам, мактабга чиққан куним уни тўлиқ ёд олгандим. Оҳ, маъсума онамнинг ўшандаги қувончини қайта кўрмоқ, райҳон ҳиди анқиган бағрига босганча “Жаннатда тождорим қизим” дея эркалаганларини эшитмоқ учун боримни берган бўлардим… Отам-чи, унинг қувончи онамникидан кам эмасди, чунки бу янгиликка гувоҳ бўлганда кўзи намланиб қараб турганди, холос. Кейин бирдан ҳушига келгандек бизни бозорга олиб тушган, иккимизга бош-оёқ сарпо олиб берганди… Оҳ, бу хотиралар…мени қийновчи азоблар! Улар ҳатто тушларимдаям мени таъқиб этади. Улар сабаб тушимда жаннатларда юрсам, кўз очишим билан дўзах азоби қийнайди. Аслида кундаликка уларни эмас, шу кунлар кечинмаларини битмоқчи эдим…
Аввал айтганимдек, Шарқий Туркистоннинг ёки хитойлар Шинжуан атовчи ўлканинг қадим шаҳарларидан бири Қашқарда яшайман, аниқроғи бир ой аввалгача яшардим… Ҳозир қаердалигимни билмайман. Мени ҳукумат тилида “қайта тарбиялаш жамлоғи” деб аталадиган жойга олиб келганларидан бери ташқи ҳаётдан узилдим…
Биз “тарбияланувчи”лар бу ерни тарбия маскани эмас, “қатлгоҳ” деб атаймиз. Чунки, бу ерда кун сайин қалбларимизни ўлдирмоқдалар, онгимиз остидаги муқаддас тушунчаларни кўз ўнгимизда оёқости қилмоқдалар, ўзлигимизни топтамоқдалар… Ўқиганим Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романида асар қаҳрамони Жўломон босқинчилар қўлига тушиб, чексиз қийноқларга солинади, натижада хотирасини, сўнг тамоман ўзлигини йўқотади. Кимлигини, кимнинг фарзанди эканлигини, қўйингки туғилганда қўйилган исмини унутган одам боласи манқуртга айланади ва ўз онасини ўлдиради. Асар ва унинг қаҳрамони шу кунларда бот-бот ёдимга тушаётир. Хўш, мен энди кимман, манқуртга айланяпманми, деган саволлар тинмай миямда айланмоқда…

27.06.2019

Саккиз кишидан ва бизга айғоқчилик учун қўйилган иккита кузатув камераси ва бир маҳбус-хитойдан иборат камерамизда ёзишнинг иложи йўқ. Ҳатто, билишса ҳам уни тортиб олишади, ўзимни эса…Худо билади нима азобларга маҳкум этишишини. Ёзишга энг қулай вақт – олтмиш ёшлардаги Юн Чжань исмли аёл ўтадиган партия дастури дарси. Ҳафтада уч кун бўладиган дарсда бақириб-чақириб Хитой коммунистик партияси дастурини ёдлаймиз. Дастурнинг деярли ҳар сўзи “жонажон партиямиз” деб бошланаркан, хонадаги бақир-чақирдан кўра, деярли ҳар қаторда учрайдиган шу сўздан кўнглим айниб, бошимга оғриқ киради. Ҳали ёш бўла туриб, бу дарсда зўрға ўтирибман, бувим тенгги “тарбияланувчи”лар унга қандай чидашяптийкан деган савол қийнайди. Гарчи, дарснинг асосий қисми қий-чув орасида ёдлаш билан ўтса-да, ғала-ғовур шовқинли бозорда ишлашга ўрганган одамдек, шовқинда бемалол ўтиришга ва яширинча ёзишга ҳам ўргандим. Илк куни жойим олд қаторда эди, аммо, буйруққа бўйсунмай жазоланганим ва дарсдан қолганим учун ўрнимга янги маҳбусани жойлаштиришди. Мени эса “тарбияланиб бўлган” бир хотиннинг ўрнига – орқа қаторга ўтқазишди. Тарбия муддати тугаган ўша аёлнинг тақдирига ҳануз қизиқаман: бу ердан чиқиб қаерга кетди, аввало бу азоблар тиғидан тирик чиқолдими?..
Ўқитувчилар орасида шу аёл менга ёқиб қолди. Негаки, қўлини пахса қилганча, оғзидан тупук сачратиб гапириб парталарни айланаркан, учинчи қатордан нарига ўтмайди, энг охирги – саккизинчи қаторда ўтирган менинг нима билан бандлигимни билиш учун ёнимга келмайди. Яқин кунлардан бошлаб, бундан унумли фойдалана бошладим. Оғзимиз ёдлашдан бўшаган, аниқроғи у нималарнидир тушунтираётган пайтда кундалигимни қоралай бошлайман.
Жамлоққа тушишимга сабаб бўлган кунни сираям унутолмасам керак. Айни баҳорнинг ўрталаридан ҳар ойнинг маълум кунларида партия бириктирган икки нафар киши келиб бизнинг уйимизда тунаб кетадиган бўлишди. Бунга сабаб ҳукумат чиқарган ўзаро маданият алмашинуви дастури экан. Аммо, “маданий алмашинув” бизнинг уйимизга бало эшигининг очилиши бўлди, ундан ҳаловат йўқолди. Улар ҳар нарсани ўргатмоқчи бўлишар, овқатланишимиздан тортиб, телевизор кўришимизгача хитойча анъаналарни суқишга уринишарди. Бу кунларда отам мени аммамнинг уйига чиқариб юборар, иложи борича уларнинг кўзидан пана қиларди. Уч ойдан сўнг улардан бири ёш йигит билан алмашинди-ю, ҳаётимда қора саҳифа очилди. Гап шундаки, Дэмин Ли исмли бу йигит мени ёқтириб қолди. “Эгаси минг пойласин, ўғри бир пойласин” дейишганидек, отамнинг уринишига қарамай, бу барибир содир бўлди ва ҳалиги йигит тап тортмай менга уйланмоқчи эканлигини отамга айтишга ҳам улгурди. У ниятини худди оиламизга катта бир иноят қилаётгандек, унинг таклифини бахтдан юрагимиз ёрилгудек бўлиб қабул қилишимизга ишончи комилдек тантанавор равишда эълон қилганини эсласам ҳалигача тепа сочим тикка бўлади. Унинг тиржайган башарасига элас-элас қараб турарканман, ўша лаҳзада бошимга осмон қулаб тушгандек туюлди. У динсиз эди, мен эса ўлдирсаларда динсиз киши билан ҳаётимни боғлашни хоҳламасдим, чунки, исломда бу гуноҳ эканлигини яхши билардим. Дэмин Лига буни тушунтирмоқчи бўлдим, аммо у эшитишниям хоҳламади. Аксинча, мени ҳукумат сиёсатига қарши чиқишда айблай бошлади. Ҳукумат чиқарган қарорга кўра, хитой миллатига мансуб йигит шарқий туркистонлик қизни ёқтириб қолса ва унга уйланмоқчи бўлса, қиз ва оила аъзолари қарши чиқмасликлари керак, акс ҳолда жазо қаттиқ бўларди. Отам ҳаётимни ўйлаб, розилик беришга мажбур бўлса-да, мен бундай мажбурий никоҳни миямнинг ҳеч бир ҳужайраси билан қабул қилолмасдим ва турган гапки, буни рад этдим. Бари шундан кейин бошланди. Эртасига ҳукумат вакиллари аскарлар етовида уйимизга бостириб кириб, мени қамоқхонага олиб кетишди. Бу ерда уч кунда кўрган азобларимни душманимга-да раво кўрмасдим. Мени алоҳида камерага қамаб, аввал динимни таҳқирлашни бошлашди. Рўмолим ва узун кийимларимни ечиб олишди, сўнг қўлларимни боғлаб узун сочларимни кесишди. Камерамга қоровулликка қўйилган эркаксифат, баланд бўйли соқчи аёл уч маҳал чўчқа гўшти ейишга ва алкогол ичишга мажбур қилди. Икки кун ҳеч нарса емасликка ҳаракат қилдим, учинчи куни у сочимдан тортиб ўзига қаратаркан, бўғимлари бўртиб турган қаттиқ бармоқлари билан юзимни силади ва қўшиб қўйди: “– Эй, яхшиликча сенга берилган емакни е, йўқса эркаклар қамоқхонасидан маҳбус келтириб, камерангга киритиб юбораман! У овқатингни едириб қўяди!” У шундай деб хунук ишшаяркан, ярим қисиқ, бўртиб чиққан кўзлари билан бошимдан оёғимнинг учигача, худди пайпаслаб кўраётгандек, қаттиқ тикилди: “– Агар эркакни кўнглинг тусамаса, унинг вазифасини маромига етказиб бажара оладиган аёлни танлашинг мумкин! Биласанми, париваш, бунга жон-жон деб рози бўлган бўлардим…”
Унинг охирги сўзларини эшитарканман танам музлаганини, ҳатто шуурим бир лаҳзага ишлашдан тўхтаганини сездим. Бироқ, ўхшовсиз бармоқлари сочимни силаётганда сесканиб тушдим, онгим яна зўр бериб ишлай бошлади ва шаҳд билан ўзимни четга тортдиму, қаршимдаги ароқ тўлатилган хира стаканга ёпишдим; алам, уят кучи билан уни ичиб юбордим. Алкоголни умримда татиб кўрмаган эмасманми, ичимга нақ суюқ олов киргандек бўлди, оғриқдан буришиб, ўқчиб юбордим. Соқчи аёл тепамда қараб турди-да, тунука товоқни маънодор суриб қўйиб, эркакча қадам ташлаганча чиқиб кетди. Овқатни едимми-йўқми эслолмайман, ароқни оғзига олмаган одамга унинг озгинаси ҳам уйқу дори сингари таъсир қиларкан шекилли, турган жойимда ухлаб қолдим. Айтишим керакки, бу қамоқхонадаги биринчи уйқум эди.
Эртаси куни эшикнинг даранглаб очилишидан уйғониб кетдим – мени кўргани келишибди. Буни эшитиб, юрагим тўлиб кетди. Баланд бўйли, кулча юзли отамнинг мулойим чеҳраси кўз олдимга келдию, кўзим ёшга тўлди. “Отажон!..” Назаримда кўрмаганимга бир аср бўлганди. Гандираклаб турарканман, ўзимни тартибга солишга, ёйилган сочларимни тўғрилашга ҳаракат қилардим. Рўмолимни қидирарканман, эгнимдаги тиззам кўриниб турган калта юбка, тўқ жигарранг, енги йўқ кофтага кўзим тушди ва кийимларимни келган пайтим олиб қўйишганию, мана шу увадаларга жойлашганини эсладим. Отамни кўриш қувончи билан урган юрагим бундай кўриниш уятидан секинлашиб аввалги маромига тушганини, оёқларим судралганча танамни олиб кетаётганини ҳис қилиб, узун йўлакдан юриб кетдим. Илк бор Шарқий Туркистонда эмас, олис Сибирда ёки Гренландияда, ҳеч бўлмаса Саҳрои Кабирда бўлса ҳам туғилгим келди. У ерларда диним учун таҳқирламаган бўлишарди, деб ўйладим.
Шу ўйлар билан соқчининг ортидан учрашув хонасига кириб келарканман, отамни эмас, Дэмин Лини кўриб, совуқ егандек увушиб кетдим.
У эса мени кўргач, назаримда бироз гандираклаб қолди. Гўё мени қамоқхонадаги учрашув хонасида эмас, бирор ресторанда кутиб олдию, мен келганда эҳтиром кўрсатиб, ўрнидан турди ва стулимни тортиб ўтиришимга кўмаклашди. Унинг бу илтифотидан шунчалар мамнун бўлдимки, башарасига тарсаки тортиб юборгим келди.
Ғалати, бу оқ-сариқдан келган, қора-қўнғир аралашли пахмоқ сочли, юз тузилиши билан эсда қолмайдиган кишилар сирасига кирувчи партия ходимининг уч кун аввалги сиёқи йўқ эди ҳозир. Қисиқ кўзлари янаям киртайган, арчилган тухумдек ялтираб турувчи юзи соқоли анчадан бери олинмай, чанг қўнгандек хира тортган, кийимилгичнинг дастаги каби осилиб қолган бурни юзига мажбурлаб ёпиштириб қўйилгандек турар, башарасининг яхлит кўриниши ғижимлаб қўйилганга ўхшарди. Ҳаммасидан ҳам, кўзларидаги ўша кунги ўт йўқлиги эътиборимни тортди. У гапни нимадан бошлашни билмагандек, тикилиб турди-да, ҳол-аҳволимни сўради. “Ўзинг кўрмаяпсанми?” дегандек ўқрайгандим, дами ичига тушди. Эшик ёнида турган соқчи вақтни эслатгач, бироз ўйланқираб гап бошлади.

– Мен…бундай бўлишини хоҳламагандим! Кечир…
– …
– Ҳаммасини тўғрилайман…Сени тарбиялаш жамлоғига ўтказдираман ҳозирча! Кейин, узоғи билан…
– Керакмас! Сизни кўришни хоҳламайман! Сиз туфайли… Йўқ, ҳеч қандай ёрдамингиз керакмас! Мени тинч қўйинг! – Ҳозир йиғлаб юборишимни сезиб, пастки лабимни тишладим.
– Йўқ, ундай дема! Мен…
– Бас! Тинг қўйинг, сизни кўришни истамайман! – Унинг сўзларидан баттар хўрлигим келаётганини сезиб, кетишга чоғландим. – Энди умуман кўринмасангиз яхшилик қилган бўлардингиз!..
Аммо, гапиришга қўймай, қўлимдан тортди.
– Отанг… Ҳеч бўлмаса отангни ўйлагин! Унинг учун ҳам ўзингни асрашга… – Бу гапни эшитиб, жоним чиққандек “шилқ” этиб стулга ўтириб қолдим.
– Отам?.. Отамга нима бўлди?! Унга ҳам зулм қилдингми, иблис?
Ҳолим қолмаган, сўзлар бўғзимдан зўрға чиқар, ўз овозимни базўр эшитаётгандим. Назаримда олам бирдан торайиб, шу хонага сиққудек бўлиб қолган, ундаги ҳаво эса хонага етарли даражада ҳам эмас эди.
– Сени олиб кетишгач, у… У… ётиб қолди! – У бўғриққандек қараркан, қуруқшаган лабларини ялаб олиб, давом этди. – Хавотир олма…ҳозир анча яхши! У буткул тузалиб кетиши учун ҳам сен бу ердан чиқишинг керак…
Боядан бери ўпкамга зўрға кириб турган ҳавонинг йўли бирдан ёпилди-ю, бошим айланиб, ҳушимдан кетдим.

ҲАБИБУЛЛОҲ

Боласоғун масжидининг нақшинкор, ҳаворанг кошинлари, кириш эшиги олдидаги кўрган кўзни қувнатиб, яратган қўллар эгасига тасанно айтдирувчи ўймакор, баланд устунлари бундан йигирма икки йил аввал ҳам яқин кунлардаги каби гўзал ва салобатли эди. Ўшанда ҳам кириш дарвозаси олдидаги хайрия қутиси ёнида ўриндиқ бўлар, савобталаблар бунда нафас ростлашар, сўнг дин йўлида атаганларини қути тешигидан ташлаб, узоқлашишарди. Йигирма икки йил аввал эндигина ушбу масжид имомлигига тайинланган Абдураҳмон Ҳафиз иш бошлаганининг учинчи куни масжидга йўл олдию, яқинлашаркан ўриндиқ устида қалин матога ўралган алланарсага кўзи тушди. Таажжубланиб “Хайрия қилувчилар нарсасини унутиб қолдирдимикан?” деб ўйлади. Ўрамни очаркан, турли увадаларга чирмалган, онасининг иссиқ бағрида тургандек тамшаниб ётган чақалоққа кўзи тушди. Чамаси кечагина туғилган гўдак ҳали қип-қизил гўшт бўлсада, бу чархи гардунда анча-мунча яшаб қўйган кишидек қаримсиқ юзли эди. Имом бирор кишини кўрмоқчи бўлгандек ён-атрофига аланглади, аммо наинки атрофда, балки кўча бошига қадар ҳам одам шарпаси кўзга ташланмас, бола қалин қилиб ўраб-чирмалганлигига қараганда ҳийла аввал қўйиб кетилган эди. Шу тахмин кўнглидан кечдию, юраги шувиллаганча уни кўтариб, апил-тапил масжид эшигини очди ва ўзини ичкарига урди. Баҳорнинг охирги салқин кунларида ёқилгандан бери ҳали ишга тушмаган хона бурчагидаги печка оловини ёқди. Кейин қоровулни уйғотиб, уйига югуртирди.
Шу билан воқеалар ривожи тезлашди. Тоза кийимлар олиб етиб келган хотини билан болани чўмилтиришди. Кейин имом боланинг қулоғига азон айтди. Сўнг яратган ўғил берса унга атаб кўнглига тугиб юргани Ҳабибуллоҳ исмини болага берди. Шу тахлит Аллоҳнинг ва ўзининг уйига унинг дўстини қабул қилди.
Чақалоқ анчадан бери кўзлари гирён фарзанд кутаётган оиланинг дил яраси учун Худо берган малҳам бўлди. Аммо, кўп ўтмай малҳамнинг ўзи малҳамга зорлиги, яралари мадда бойлаган вужуд билан яратилгани билиниб қолди. Бола туғма ногирон эди. Чап оёғи оқсоқ ва оёқнинг шундай кемтик яралгани учун тана эгасига қасди бордек ҳаракатланганида чап кўзи ҳам асабий одам каби юмилиб кетарди. Мурғак вужуд соғлом ўнг кўзи билан оламни кўрар, аммо кўришида нуқсони борлигини сезгандек ёхуд кенг олам гўзалликларини битта кўзи сатҳига қамраб ололмаётганидан сиқилгандек уззукун йиғлар, имомнинг аёли Маҳфуза унинг дардига даво тополмай баробар ёш тўкарди. Қаратмаган шифокорлари, Абдураҳмон имомнинг Қуръон кўриб қилган амалларининг ҳеч бири қолмаган бўлса-да, табиат берган вужуд давосиз дард билан яралгани, кейинроқ эса боланинг нутқида нуқсони борлиги ҳам маълум бўлди. Бу орада, яъни Ҳабибуллоҳ икки ёшга яқинлашганда, ўн йиллик кутишдан кейин худо Маҳфузага фарзанд берди. Абдураҳмон имом гарчи ич-ичдан доимо ўғил кутган бўлса-да, қизалоқни қўлига олгач, Аллоҳ ўғил сифатида Ҳабибуллоҳни юборганини англади. Негаки, хотини бошқа фарзанд кўролмасди.
Алпанг-талпанг қадам ташлай болаган Ҳабибуллоҳ битта кўзи билан дунёни кўришига энди йиғламай қўйган, катталар тан бермайдиган тақдирга бола қалби билан кўникканди. Бу билан ҳаёт у учун яшашга қулайлашгандек ҳам эди. Юришни бошлаши билан қачон қараса ҳовлига чопар, у ерда ҳам тинч ўтирмас, ҳали кичкина гулзорчадаги гул буталари орасига югуриб, гул тиканакларига тилиниб чинқириб қолса, оғриғи босилиб-босилмай товуқ катагидаги жўжаларни тутмоқчи бўлиб, товуқларни қақағлатарди. Эндигина боладан бўшаниб, туғруқ оғриқлари танини буткул тарк этмаган Маҳфуза уни деб чарчаб қолар, алдаб-сулдаб уйга олиб кириши билан бола кўзини шамғалат қилиб, ҳовлига қочарди. Чақалоғига андармон бўлиб чалғиган жувон мушукнинг думи тортилганига чидолмай жон аччиғида миёвлаган овозидан ёки сув билан ўйнашни яхши кўрадиган барча болалар каби обдастани даранглатишидан ўғлининг аллақачон ёнидан қочиб қолганини биларди. Фаришталардан андоза олиб яратилгандек оппоқ юзли, мунчоқ кўзли ва бахтига ювошгина бўлиб улғаяётган қизчасининг ухлаганидан фойдаланиб яна митти тўполончини қидиргани кетарди.
Кунлар шундай ўтар, жисман кемтик яралган бўлсада Ҳабибуллоҳ дунёдаги барча болалардан кўра тезроқ ўсаётганини эр-хотин сезишганди. Эсини таниб, отасининг қилган ишларини, айниқса намоз ўқишини кузата бошлагач бола унга тақлид қилишни бошлади. Оддий тақлид билан бошланган ихлосмандлик жиддий хоҳишга айланиб, отанинг кетидан уни масжидга етаклади. Эндигина беш ёшни қоралаган бўлсада намозни катталар қатори масжидда адо этишни бошлади. Имом Абдураҳмон уни кузатаркан, Оллоҳ бирни олса, ўрнини бошқаси билан тўлдиришига амин бўлса, соқовланиб, ғўлдиганча дуо ўқиган кезлари илоҳий нур билан ёришишини, асабий одамникидек ҳар замон пирпировчи кўзларининг шу лаҳзаларда тек қотишини сездию, янада иймон келтирди. Шундай кун келажакки, соғлом танлар шу пажмурда вужуд ортида туриб, намозларини адо этишлари мумкинлигини беихтиёр кўз олдига келтирдию, “Ҳудо ҳофиз” деб қўйди.

28.06.2019

Қуёшни ер юзига баробар нур сочади, халқларни бир-биридан айро кўрмайди деб ким айтган ўзи? Бунинг ёлғон эканини тарих ҳаммадан кўра бугун яққол исботламоқда. Барчани тенг кўрмаслик, миллати ва дини туфайли камситиш ундан бошланган. Биз шарқий туркистонликлар унинг орқа тарафида жойлашганмиз. Унинг нурларига бегонамиз, зулматда бўғриқиб яшашга – кун кўрмасликка маҳкуммиз! Бизни Худо шундай яратган…
Астоғфуруллоҳ! Миям тобора айний бошлаганини ҳис қиляпман, йўқса бундай шаккокона фикрлар кўнглимдан сира кечмасди… Телбага айланиб қолмасимдан бу ердан чиқишим керак. Лекин, қандай қилиб?
Бу қамоқхонадаги ҳужрамнинг илк ҳафтасида кечираётган ўйларим эди. Ёзнинг дастлабки кунлари бўлсада, ҳовлига қараган кичкина дарчасидан қуёш нури тушмаслиги сабабли зах ва шиптир ҳиди келиб турадиган камеранинг катталиги эни ва бўйига тўрт энлик масофа бўлиб, азобли хаёллар қийнаган кезларда бу кичкина масофани қадамлаб ўлчаганим-ўлчаган эди. Гоҳи аксинча, куни бўйи тахта каравотда ўзимни унутганча ҳушсиз ётар, йўлакдан ёки қамоқхона ҳовлисидан эшитилаётган қадам товушлари ва турли овозлардангина дунёда мавжудлигимни ҳис қилардим. Бу ҳушсиз кунлар сўроққа чақирилган азобли тунлардан кейинги ҳолсизлик ва карахтлик бўларди.
Сўроқни доим бир киши – пакана, тиканак сочли хитой эркак олиб борар, унинг саволлари асосан нима сабабдан ҳукумат фармонига бўйсунмаганим – партия ходимига қарши чиққаним, нега мусулмон эканлигим ҳақида бўлар, сўроқнинг якуни эса Худойим менга азобли кунларимда нима ёрдам бераётгани ҳақидаги кесатиқ билан тугарди. Шунингдек, ҳар гал қилмишимдан пушаймон эканим, динимдан кечганим, бундан буён коммунистик партиянинг шонли йўлидан оғишмаслигим ҳақида тилхат ёзиб беришимни талаб қилар, рад этганимда соқчи аёллар ўласи қилиб калтаклашарди. Терговчи қиёфасидаги иблис бурчакда, чироқнинг хира ёғдуси остида папирос тутатганича азоблашларини жимгина кузатар, ҳолим қолмагач азобли сўровини тугатарди.
Охирги сўроқдан кейин аҳволим ўта ёмонлашди. Камерадаги тахта каравотда уч кун қимирламай ётдим. Тўртинчи куни тушга яқин кўзимни очганимда миям ҳалиям карахт, қўл-оёғим симиллаб оғрир, ичимдаги ҳар бир аъзо ўрнини билинтириб турарди.
Ўша куни кечқурун усти ёпиқ машинада шу ерга – “қайта тарбиялаш жамлоғи”га келтиришди.
Жамлоқ биноси тўрт қаватли бўлиб, унга ёндош бинода камераларимиз жойлашганди. Мени келтиришган камера зангори рангда, хона бўйлаб П шаклида икки қаватли тахта сўрилар жойлаштирилган, ўртада орқаси суянчиқсиз юмшоқ ўтиргичлар қўйилган бўлиб, хона фақат ётоқхона вазифасини бажарарди. Деразаларига ҳаворанг пардалар илинган қўноғимизнинг яхлит кўриниши ўртамиёна шароитли шифохона бўлимини эслатса-да, унга уйқу пайтидан бошқа вақт киришга рухсат берилмаслиги – кундузи ҳамма машғулотда ва ишда бўлиши шарт эди, икки томондан кузатиб турган камералар ва айғоқчи хитой маҳбус туфайли эркин ҳаракатланиш тугул эркин гаплашолмаслигимизни ҳисобга олганда, бу ерни сиҳатгоҳга ўхшатиш бизни мазах қилиш билан баробар эди. Унда мендан ташқари беш тарбияланувчи ва бир хитой бўлган бўлса, мендан сўнг яна икки қизни келтиришди. Илк кунларимдаги беҳоллик туфайли улар билан қўшилишиб кетолмадим. Шусиз ҳам камерадагилар билан танишиш, яқиндан суҳбатлашишга имкон йўқлигидан дарслар оралиғида, ошхонада, иш пайтида, ҳовлида, умуман яқинроқ суҳбатлашиш шароити бор қаерки бўлса, фойдаланишга ҳаракат қилдим. Хуллас, ўтган бир ой давомида улар ҳақида озми-кўпми билиб олдим.
Мендан кейин келтирилган ўрта бўйли, қош-кўзи келишган Ҳулкар рўмолини ечишганида қаршилик қилгани учун келтирилган бўлиб, энди наинки рўмолсиз, балки барча маҳбусалар каби калта, очиқ-сочиқ кийимларда юришга ҳам мажбурланганди. Назаримда, бу ерда уни бундан-да ёмонроқ нималаргадир ҳам ўргатишаётганди. Чунки, яқиндан бошлаб, айниқса кечалари бирор дори ёки нарсанинг қаттиқ хумори тутаётган каби ҳаракатланар, гоҳ бир нуқтага тикилганча қўллари акашак бўлгандек тиришишни бошласа, гоҳ ҳаво иссиқ бўлишига қарамай қалт-қалт титрашини сезардик. Шундай пайтларда у деворни тепиб-тирнаб, бақиришга тушар, биз эса назоратчи етиб келгунча хавотирланиб ўлиб бўлардик. Кўрикдан қайтгач, жим ва карахт бўлиб қолар, бу сокинлик янги хуружгача давом этарди. Чамамда, қаттиқ касал эди. Унинг тепасидаги ўринда Мувашшаҳ исмли жувон жойлашган, унинг “гуноҳи” – янги туғилган эгизакларига Фотима ва Ойша исмларини қўйгани эди. Яқинда келтирилган аёл бир томондан фарзандларининг соғлигини ўйлаб қийналса, иккинчи томондан кўкраги сутга тўлиб, оғриқ беришидан азобланарди. Кўпинча бурчакка тиқилиб, йиғлаб ўтирганига гувоҳ бўлардик. Сочлари оппоқ Ҳадича аянинг уйидан Робия Қодир ва ўғиллари ҳақидаги мақола берилган газета топилган бўлиб, бу ерда ғам-аламдан тишлари тўкилишни бошлаганди. Сакина исмли мендан икки ёш кичик қиз facebook тармоғига киргани учун жазоланган бўлса, Ойгул исмли ўрта ёшли қирғиз аёл Шарқий Туркистонга нисбатан зулмга қарши курашга чақириб, варақа тарқатганликда айбланганди. Фотима ва Зуҳра исмли опа-сингил уйғурларнинг бирининг гуноҳи баққолнинг хитой эканидан бехабар гўштнинг ҳалолми-йўқлигига қизиққани бўлса, бири мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлиб, дарсида уйғурлар тарихи, уларнинг этник келиб чиқиши ҳақидаги гаплари сабаб бу ерга тушганди. Албатта, уларнинг ярмидан кўпи мендек аввал қамоқхона “маза”сини татиган, кейин ақлини йиғиб олиши учун жамлоққа келтирилганлар эди. Ҳаммадан нарида – бурчакда ётган хитой аёл аёллар қамоқхонасидан бўлиб, ҳукуматга қарши ҳар қандай ҳатти-ҳаракатимиздан тортиб, айтган гапимизгача “қулоқ”лик вазифасини бажарарди.
Кунимиз тонгги олтидан бошланар, нонушта деб аталадиган қотган нон ва чала қайнаган шакарли чойдан сўнг ҳаммамиз жамлоқдаги иш ўрнимизга тарқалар, иш соат тўққизгача давом этарди. Кейин тушгача Хитой тили ва коммунистик партия йўриқномаси деб аталадиган дарслар бўларди. Дарслар тугаб, ошхонада бўладиган тушликдан кейин яна ишимизга қайтар, ҳар биримизнинг бўйнимизда кундалик меҳнат мажбурияти бўларди. Мажбуриятни вақтида бажармаганларни калтак ва таҳқир кутарди.
Менинг чекимга Сакина билан кирхонада ишлаш тушди. Ҳар соатда келтириладиган ғарам-ғарам кирларни кўриб, мамлакат иркитга ботганми деб ўйларди одам. Улкан хонадаги чанг ва бадбўй ҳид филни йиқитар даражада бўлгани учун биринчи кунлар кўнглим айниб, ҳушимдан кетишимга сал қолди. Аммо, бора-бора бунга ўргандим. Сакина билан хонадош бўлганимиз учун бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қилардик. Аммо, ҳар дақиқада айланиб ўтирадиган золим назоратчи ишимиздан камчилик топгудай бўлса, калтагига ёпишарди. Бир гал ишимдан айб топиб, қилиғини такрорлагач, унга қаршилик кўрсатдим. Аммо, бу қаршилик бир ҳафта мени алоҳида хонага қамаб, нон-сувсиз жазолаш билан якунланди. Ўша кунлардаги азобимни душманимга ҳам раво кўрмасдим, негаки ёзнинг жазирамасида очлик ичингга тушган каламуш каби тирнар, айниқса сувсизликка чидаб бўлмасди. Бир ҳафтадан сўнг камерага қайтганимда қони қочган юзим ва чанқоқдан ёрилиб кетган лабларимдан ҳамхоналарим мени зўрға танишди, Сакина ва доимо карахт юрадиган Ҳулкар аҳволимни кўриб, йиғлаб юборишди.
Шундан икки кун ўтиб, мени кўргани Дэмин Ли келди-ю, аҳволимни кўриб, рангги бўзариб кетди. Назаримда, қамоқхонадан кейин мени бу ерда яхшироқ ҳолатда кўраман деб ўйлаганди. Аммо, жамлоқдаги кўринишим ундагидан фарқ қилмаслиги кўрга ҳассадек аён эди. У кўнглидан кечаётганларини билдирмасликка урингандек, томоғини қириб қўйди.

– Салом, Ойдин?
– Салом…
– Қандайсан? – У бир текисда сўзлашга ҳаракат қилса-да, бундай ҳолатимдан қийналаётгани сезилди. Аммо, унинг ачиниши-ю, аҳволимга қизиқиши билан сариқ чақалик ишим йўқ эди. Чунки, у сабабли бу ерда эдим.
– …

– Бирор нима десанг-чи? – У чўчигандек қараб қўйди – портлашимдан қўрқарди, чамаси. Аммо, сўнгги азоблар туфайли ҳатто аламларимни кўрсатишга-да ҳолим ва ҳафсалам йўқ эди. Шунинг учун гапларига эътибор бермагандек, умуман бу ерда бор-йўқлиги парвойимга келмагандек қуёш нурларининг стол устидаги рақсини томоша қила бошладим.
– Биламан, мендан хафасан… Аммо, ишон, қамоқхонага ва бу ерга тушишингда айбим йўқ… – У гапиришимни кутгандек бир лаҳза жим қотди, аммо индамаслигимни кўриб, бармоқларини зўр бериб чимдиганча гапида давом этди. – Мени рад этган кунинг кафега бориб, бўккунча ичдим… Ёнимда икки-уч ҳамкасбларим бор эди. Назаримда, таклифимга йўқ деганингни мастликда алжираб қўйган бўлсам керак… Сени қамоққа олиб кетишганини…эртаси куни тушга яқин билдим…
Сўзлари ростлигини билиш учун кўзларига тикилиб қарамоқчи бўлдим, лекин у бармоқларини асабий ўйнаганча ердан кўз узмас, чап қовоғи учаётганини бекитишга уринарди. Аммо, ичимда бир овоз “Тимсоҳнинг кўз ёшларига ишонма…” дегандек бўлдию, у ёнимда йўқдек яна бепарво бўлиб қолдим. Бироқ, бир истагим бор эдики, айни дамда отам ҳақида билгим келарди.
– Отамнинг аҳволи қандай бўлса… – Шундай деганимда юзи қорайиб кетгандек туюлди.
– Сен…ундан хавотир олма! Ўзим…хабардор бўлиб тураман! – У шоша-пиша жавоб берди. – Сен фақат…ўзингни эҳтиёт қилишга менга… – У гапининг давомини унутгандек, чайналиб қолди.
– Хўп, яхши… Бас қилсак ҳам бўлар… – Меҳрибончилик қилмоқчи бўлганини сезиб, қовоғимни уйдим. – Энди боришим керак!
– Илтимос, шошма! Ҳали озроқ вақт бор… – У ялингансимон қўлимдан тортиб, жойимга ўтқазди. – Менга ишон, сени бу ердан албатта олиб чиқаман! Узоғи билан бир ойда… Фақат унгача…эҳтиёт бўлишга, ўзингни асрашга менга сўз беришинг керак, Ойдин!
Охири портладим. Шаҳд билан унга қарагандим, шоша-пиша қўлини тортиб олди –кўзимдан учқун сачраган бўлса керак.
– Сиз қачондан бери менга илтимос қиладиган яқиним бўлиб қолдингиз? Аслида шу кўйга тушишимда сиз сабабчи эмасми?! Уят, бет деган нарса борми сизда?.. – Хонада соқчи борлиги учун аламли саволларимни тишларим орасидан чиқариб, вишилладим. – Бу меҳрибончилигингиз асабимга тегяпти. Шуни тушунасизми ўзи?!
Зумда дами ичига тушиб, мунғайиб қолди. Ўйланиб қолдим, назаримда аҳволимдан азобланаётганга ўхшарди. Аммо, унинг ачиниши аҳволимни енгиллаштиролмасди, таҳқирлар етказган жароҳатлар асоратини йўқотолмасди… Энг аламлиси, мен кейинчалик билган улкан йўқотишимни – азиз инсонимни менга қайтиб беролмасди… Бундан ташқари, беғубор, дунёни ёрқин рангларда кўрувчи Ойдинни ҳаётга қайтаролмасди… Чунки асл Ойдин Ҳафизни қамоқхонанинг ва тарбия жамлоғи деб аталадиган мана бу қатлгоҳнинг қоронғу бурчакларида овозини бўғдилар, руҳини ўлдирдилар. Дэмин Лининг қаршисида турган унинг сояси эди, холос.
Хаёлимдан кечаётган аламли ўйлар билан узоқлашарканман, хўрсинганини эшитдим.

СУКУНАТ ОВОЗИ

Ҳабибуллоҳ улғайиб, кўп вақтини масжидда ўтказаётгани учун унинг Худони ва дини исломни қаттиқ севиши, зўр ихлос билан намоз ўқиши, бошқа пайтларда меҳроб олдида ўзича пичирлаб ёки ғулдираб нималардир деб ўтириши Абдураҳмон имомнинг диққатини тортгач, исм инсоннинг тақдири бўларкан-да деб кўнглидан ўтказди. Бу орада масжид қоровули вафот этгач, Ҳабибуллоҳ отасига имо-ишоралар билан ялиниб-ёлвориб, масжид қоровуллигини олди. Энди кун давомида масжидда бўларди. Абдураҳмоннинг хотини дунёдан эрта кетиб, болалар тарбияси, айниқса жисмоний камчиликлар билан дунёга келган болани оёққа қўйиш, кўнглини кўтариб тарбиялаш уни қийнаб қўйган бўлсада, бу Тангрининг синови, Яратган азобни суйган бандаларига беради деб ҳисобларди.
Ҳабибуллоҳ дарҳақиқат Аллоҳнинг ошиғи эди. Қироат билан ўқилган сураларни эшитди дегунча кўзларидан ёш келар, ғўлдираб нималардир демоқчи бўлар, аммо фикрини тушунтиролмай қийналарди. Мушаклари бўртган, мўйлаби чиройли кўзга ташланиб, йигирмани уриб қўйганига ҳам икки йил бўлган йигит ҳалиям бола каби содда ва беғубор, қалбида Худо ва у яратган борлиққа, дарахтлару ўсимликлар, қушлару ҳайвонларга меҳрдан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Ёзнинг илк кунларидаги ҳаловатсиз кунларнинг бирида, саҳарлаб масжидга келадиган отаси кун бошланса ҳамки кўринмади. Кеча уйларида партия одамлари ётиб қолганини билгани учун Ҳабибуллоҳнинг кўнгли бесаранжом бўла бошлади. Чўлоқланиб қадам ташлаганча кичик ҳужрасида нари бориб-бери келаркан отаси нега келмаганини ўйлади. Аммо, минг ўйлагани билан жавоб тополмаслигини билгач, уйга боришга қарор қилди.
Дарвозадан ҳатлаб, дарахт соясидаги сўрида ўтирган, рўмоли бошидан тушиб кетганини сезмай эзилиб йиғлаётган аммасига, чўкиб қолгандек маъюс турган амакиларига, сўнг остонада бошини чангаллаб ўтирган отасига кўзи тушди. Ҳамиша тартибли юрадиган Абдураҳмон имом кўйлаги ёқавайрон, оёқяланг ўтирар, мунг чўккан кўзлари бир нимани қидираётгандек, ердан узилмасди. Юраги потирлаб отасига яқинлашди, энгашиб нима бўлганини сўради. Ота уни кўрди-ю, боши янада эгилди. Асрларга чўзилгандек туюлган сукутдан сўнг синглисини ҳукумат аскарлари олиб кетишганини айтди.
Ҳабибуллоҳ ишонмагандек, гўёки отаси ҳазиллашаётгандек ёнидагиларга жавдираб қаради. Худодан кейин севганлари орасида одамлар кам бўлиб, Ойдин ўша камларнинг ягонаси эди. Уни излаб, туртинганича ичкарига отилди, оғиб кетгудек қадам ташлаганча хоналарни қараб чиқди. Синглисининг хонасига кириб, ҳар бурчакни қаради. Хонада унинг буюмлари, кийимлари, ҳатто уни эслатувчи ифор ҳам бўлса-да, эгасини тополмади. Каловланиб ҳовлига қайтиб чиқди, отасининг икки букилиб қолганини кўриб ўкириб юборгиси келди-ю, ўзини босди, дардини оғирлатишни ҳоҳламади. Ичини тўлдирган гапларини қандай айтишни билмади. Шу тобда йигитнинг кўкси тўла алам, ҳасрат ва номсиз алланималардир эди. Эй, Худо, бу нима қилганинг, демоқчи бўлгандек қўлларини чўзиб, кўкка тикилди. Аммо, парча булут сузиб юрган само жим эди.
Бу оила осмонидаги булут эди. Уч кундан сўнг ҳукумат аскарлари намозхонани бузиб ташлашди, қаршилик қилган Абдураҳмонни аямай калтаклашди. Ҳабибуллоҳ орага тушганида, ногиронлигига қарамай униям савалашди. Тушга бориб, имомнинг юраги тўсатдан хуруж қилдию, чорак соатга етмай ўғлининг қўлида жон берди. Унинг жон аччиғида қимирлаган лабларидан йигит “Ойдинни…динингни ҳимоя қил…” деганини тушунди.
Ўша куни масжиддаги ҳужрасига кириб, ўкириб йиғлади. Бу тилсиз бегуноҳнинг овозсиз йиғиси эди. Бу ўкирикда йилларки йиғлаётган Шарқий Туркистоннинг, бу ерда хўрлик тортаётган мусулмонларнинг дунёни титратгулик ҳасрати мужассам эди…

12.07.2019

Биз дунёга нега келамиз? Нега яшаймизу, нега ўламиз? Дунё шунчалар тубанлашган экан, яшашдан нима маъни? Қўлингда бўлса-ю, туғилсангда юриб қабрингга кириб кетсанг… Охири ўлим билан тугайдиган умрингда қазои-қадар келгунча нечалаб ўлиш ташвишидан қутулган бўлардинг шунда! Хўш, ҳаётнинг адоғи барибир ўлим экан, нега баъзилар сира ўлмайдигандек яшайдилар? Абадий яшаш кафолатига эгадек, ҳаётдаги қилмишлари учун ҳисоб бермайдигандек тинимсиз қабиҳликлар қилаверадилар?.. Золим одамларнинг тупроғи қаердан олинган? Яхшию ёмоннинг, зулмкору мазлумнинг тупроғи бир ердан бўлса, нега Ер уларни бағрида кўтариб юрибди? Ўзидан бино бўлган йирингларини эзиб ташласа бўлмайдими?… Худойим, бу саволларнинг адоғи борми? Икки ҳафтадирки гўё миямга чарх ўрнатилган, унда шу саволлар айланаверади, айланаверади… Қани уларга жавоб бўлса!
Шу вақт давомида кундаликка ёзгани ҳафсала қилмадим: ҳаммаси беҳудадек туюлди. Аммо, “Кўнглингдагиларни тўк…ва унутма; сен тарихни ёзяпсан, тўкилган қонлар учун қачондир қон қусиб жавоб берадилар” деган нидо борлиқда янграгандек туюлди.
Ўтган вақт бутун умримга-да оғирлик қиладиган ҳасрат ва аламни берди. Бу кунлар давомида кўрганларимни хотирамни йўқотсамда унутолмасам керак…ва сезяпманки, унутишга ҳаққим ҳам йўқ. Унутилган тарих такрорланиб, хунини сўрайди. Уфф… Бошидан бошламасам хаёлларим чалкашиб кетяпти.
Дэмин Ли келган куннинг эртасига Ҳулкар – мендан илгари келтирилган чиройли уйғур қиз жонига қасд қилди; кечқурун ишдан қайтиб, дераза панжарасига осилган камерадошимизга кўзимиз тушди. Буни ўз кўзинг билан кўриш шунчалар азобли эдики, эгилган боши, қўллари шалвираб ёнига тушганча, ҳовлига қараган – бизга орқасини ўгирганча осилиб турган жасади ҳозиргача тушларимга киради. Бу тушларда мубҳам кечинмалар билан жасадни ўгириб қарарканман, жонсиз тана тушларимнинг бирида отамнинг, бошқасида акам ёки аммамнинг мурдасига айланиб қолганини кўриб, қора терга ботиб уйғониб кетаман. Хира тортган шууримда хонадаги барча деразалар панжарасида мурдалар осилиб тургандек, каравотлардан кўриниб турганлар ўликларнинг бошидек, ўзим эса аллақачон тўнғиб қолгандек туюлиб, оғирлашган бошимни ёстиққа ташлайман.
Ҳулкарни нима бунга мажбур қилди, ҳаётдан шу қадар тўйганмиди каби саволлар барчамиздан кечаётгани аниқ. Негаки, тунд қарашлар, гунг бўлиб қолган тиллар уларда гаплар кўпайганидан оғирлашганининг белгиси эди.
Бу фожеадан уч кун ўтиб, яна жазоландим – Сакинанинг ёнини олиб, назоратчига қарши бордим. Калтак кетидан ёлғиз ҳужрага қамашдию, олдинда турган ва қанча давом этиши номаълум очлик азобини айтмаса, бемаъни дарслар ва бадбўй кирхона чангидан қутулганимга бир ҳисобда хурсанд ҳам бўлдим. Аммо, жамлоқ “тарбияланувчи”лардан шунчалар тўлганми, карцер вазифасини ўтайдиган ҳужрада бу гал яна бир жазоланувчи ҳам бўлиб, у камерадошим, эгизакларнинг каттаси Фотима бўлиб чиқди. Тўсатдан, икки кундирки уни кўрмаганимни эсладим. Начора, сўнгги кунлардаги воқеалар таъсири онгни шунчалар карахтлагандики, атрофингдаги ҳамма нарсани ҳам илғаб ололмасдинг. У Ҳулкар билан ошхонада ишларди, бу ерга бош ошпазга қарши боргани учун ташланганди.
Фотима озодликда мактабда тарихдан дарс берган. Уйғурлар тарихи ҳақида таъқиқланган мавзуларни гапиргану, “сиёсий ҳушёр” ўқувчилар туфайли жамлоққа тушган. Сузук қора кўзлари ва қошлари, юзидаги кулгучи билан уни истарали қиз деб топдим. Аммо, бу истарали камерадошим билан сира яқиндан суҳбатлашмагандим. “Жиноят”им тарихини билгач, ёғоч сўрисидан тикланиб, деворга суянди.
– Сиз ҳам ўзимиздан экансиз! – Шундай деб, маъноли томоқ қирди.
– Нимани айтяпсиз?
– Жазоланишингиз сабаби жиддий – ҳали-бери чиқмайсиз…
Бу “башорати” билан кўзимга шундай ёмон кўриндики, уни истарали деб топган фикримдан қайтдим.
– Чунки, ҳукумат фармонига очиқ қарши чиққансиз, бу – ҳазилакам гапмас. Мен, Ҳадича хола, қирғиз аёл, исми Ойгулмиди, яна сиз…хуллас бизнинг ишимиз жиддий.
– Кўп деганингиз канча?
– Бу ўзингизга боғлиқ. Маъмурларга сўзсиз итоат қилсангиз, ўқувларда фаол бўлсангиз чиқиш тезлашади. Масалан, Ҳадича хола бу ерда икки йилдан бери ўтирибди. Бечора, уйидагилари унинг қаердалигини билмайди ҳатто…
Унинг гапларидан ичимга титроқ кирди.
– Ҳулкар…ўлиб қутулди, шўрлик. Бўлмаса у ҳам кўп ўтирарди. Чунки, у ҳам эътиқодига содиқ эди… Мен…унинг нега ўлганини биламан!
Шундай деркан, қўрқа-писа эшикка аланглаб олди. Хаёлларим билан уни эшитмаётган бўлсамда, охирги гапидан жиддий тортдим.
– Хўш?
– Унинг номусини топташди!.. Шу сабабли…Чидолмай ўзини-ўзи… – Лаблари титраб, юзини ўгирди. Бу гапдан қалтираб кетган бўлсамда, ҳайрон эдим, чунки аҳёнда озиқ-овқат ёки янги тарбияланувчиларни келтирадиган соқчилар ва семиз ҳайдовчини айтмаса, жамлоқда эркак зоти йўқ. Киришу-чиқиш эшикларигача аёл соқчилар ўтирадиган жамлоқда бирорта эркак бўлмаса…
У фикрларимни ўқигандек, пичирлаб давом этди.
– Унинг ўлимидан олдинги кунгача жинсий зўравонлик деса бир жинснинг иккинчисига куч ишлатишини тушунардим. Аммо, бу нарса битта жинс ичида ҳам бўларкан…
– Қ-қанақ-қанақасига?
– Кўзга яқин қиз-жувонлар ҳаммадан эҳтиёт бўлавериши керак. Чунки, бу ерда…
Уни эшитарканман, қамоқхонада менга ҳирс билан тикилган соқчи аёл кўз олдимга келди.
– Барибир на дарсга, на ишга борарканмиз, бафуржа айтиб бера қолай унда – у овозини бироз пастлатаркан, ҳикоя қилиб бермаса бўлмайдигандек, чўнқайиб ўтирди. – Биласиз, ошхонада ишлардим у билан… Шу десангиз, жамлоқга тушгач, папиросга ўргандим – у қизарди. – Шу ўлгурни битта тортсам, яшаш енгиллашгандек туюладиган бўлиб қолган, рости. Хуллас, ўша ифлос бош ошпазнинг сигаретидан ўғирлашни одат қилдим – ўлгур паровозга ўхшаб ҳар соатда тутатаверганидан, қутиси билан ошхонадаги жавонда турарди. Ҳар икки-уч кунда бир қутисини ковлаштириб, икки-уч донасини фартуғимга яшириб чиқардиму, ҳожатхонагами, ё бирор бурчакками ўтиб, чекиб келардим. Ўша куниям хумори тутгач, икки дона сигаретни гумдон қилиб, ҳожатхонага бордим. Бахтга қарши, банд экан. Ҳовлидаги умумийга бориш узоқлик қилди-ю, омборхонага югурдим. Кирасолиб картошка қутилари турган бурчакка ўтдим. Эндигина гугуртни чиқаргандим, қадам товушлари эшитилди. Сўнг эшик очилиб, гавда тузилиши, катта думбасини чиқариб юриши билан юнон мифларидаги кентаврларни эслатадиган, қисиқ кўзли тунд аёл – бош ошпаз, ортидан Ҳулкар кириб келди. Ўта тажанг ва зулмкор бош ошпазнинг на исмини, на миллатини билмасамда, одам туридан эмаслигини яхши англардим – у нақ инсон шамойилидаги иблис эди. Аммо, Ҳулкар бу ерда нима қилаётганини тушунмасдим. Назаримда, урғочи иблис алдаб олиб келганди уни. Гугуртни яшириб, ичкарироқ сурилдим. Аммо…биласизми…мен болаларга тарихни ўтганман, фашистлар давридаги концлагерлар ҳаётини гапириб берганман. Лекин, бу ердаги зулм ўша концлагерлардагидан қолишмайди – у титраб, юзини кафтлари билан бекитди. – Ўшанда бироздан сўнг қандай жирканчликка гувоҳ бўлишимни билганимда…ёнимда гўшт қиймалагичними, ҳечқурса бирорта пичоқми олиб борган бўлардим! Давомини айтолмайман!.. Уяламан…худди ўзим билан бўлгандек, номусга чидолмайман!
Эзилиб йиғларкан, даҳшат ичида уни кузатардим. Йиғиси пасайгач, қўлларини юзидан олиб, менга тикилди.
– Биласизми, сиз чиройли қизсиз. Бу ерда ўзингизни асранг, Ойдин! Ҳеч қачон ёлғиз юрманг, эшитяпсизми! Айниқса, бош ошпаз ва учинчи бўлим назоратчисининг ёнига ёлғиз борманг! Уларда ҳайвоний ҳирсдан бошқа нарса йўқ…
Сўнг тор, қачонлардир оқартирилган ҳужранинг кирланган ва зах туси урган деворларига тикилиб жим бўлиб қолди. Бу пайтда кун тушдан оғган, тепадаги кичкина дарчадан ботаётган қуёшнинг заиф нурлари туша бошлаганди. Заминнинг қуёш атрофидаги навбатдаги куни тугаяпти. Нурлари бутун оламни қиздирсаю, сенинг қалбингда ёруғлик бўлмаса, қуёшнинг болалар ўйинчоғидан фарқи йўқ. Ёки унинг орқа тарафида яшаётганлар учун ёғдулар қалбларга қадар етиб келмасмикан? Шу ўйлар билан тер ва кир ҳиди анқиб турган иркит ёстиққа бошимни ташларканман, Фотима қизарган кўзларини дарчадан олмай, давом этди.
– Менга нима алам қилди, биласизми? Ифлос бу ишини билдирмасдан қилиш учун Ҳулкарни гиёҳванд моддага ўргатган экан. Ҳар гал унинг сархушлигидан фойдаланиб… – У яна жим бўлиб қолди, сўнг ўрнидан туриб, хона бўйлаб судралгандек юра бошлади. – Бу ердан чиқишим билан ўлдираман!
Оғриқ қайта-қайта такрорланса танингиз ўрганганидек, сизни эсанкиратувчи ҳайрат ва даҳшат ортгани сари бора-бора ҳайратингиз ўларкан. Ҳулкар ҳақидаги ҳақиқатни эшитарканман, унинг ўзини тутиши, кўпинча карахт юриши кўз олдимга келди-ю, на юрагим увушганини, на танимга титроқ кирганини сездим. Худди шундай бўлиши керакдек! Худди бу оддий ҳолдек…
Фотима юришдан чарчадими, хонадаги ягона курсига ўтирди. Қўлларини ишқалаб, менга қаради.
– Хумори тутяпти! Қани энди бир донагина бўлса!.. Худди миямга кимдир болға билан ургандек бўляпти… – У беўхшов жилмайди. – Жамлоққа сизни кўргани келишади, шундайми?
Ҳайрон бўлдим.
– Хитой йигитни қизлар кўришибди – у елкасини қисиб қўйди. – Яна келса…бир қути сигарета илтимос қилолмайсизми?
Даҳшатдан ўрнимдан туриб кетишимга сал қолди. У мени кимим эдики, илтимос қиламан?! Фотима совуқдан увушгандек, елкасини қисди.
– Майли…керакмас. Лекин, сизга маслаҳат бермоқчиман… Унутманг, ким бўлишидан қатъий назар, у – хитой; биз каби уйғур ёки ўзбек эмас… Бу мамлакатда қадри бор миллат вакили! Ундан фойдаланинг, Ойдин! Йўқса, қачон қутулишингизни Худо билади. Шошманг, гапимни эшитсангиз-чи… Бўлмаса бу ердан тирик чиқмайсиз, тушуняпсизми? Агар чиққан тақдирингизда ҳам ташқи дунёга қўшилолмайсиз…руҳан бошқа одамга айланасиз!..
Уни эшитишни хоҳламай, кафтларимни қулоқларимга босдим. Мен нима дарддаману, бунинг гапини-чи! Шу ерга тушишимга сабабчи бўлган малъунга ишонаманми?! Яхшиси, ўлиб кетганим яхши! Ҳа, шундай бўла қолсин…
– Бугун мусулмонларнинг бу ердаги аҳволи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ён-атрофимиздаги давлатлар, айниқса Марказий Осиёдагилар Хитойнинг бу сиёсатига панжа ортидан қараб, ўзларини Шарқий Туркистон деган ҳудуд харитада йўқдек тутишади…Бу менга Гитлер сиёсатини эслатади… Унинг ҳаракатларига жим туриб, ёрдам берган Европа давлатларини у биринчилар қаторида эгаллаганди…
Фотима асабийлашиб гапираркан, мен титраб кетдим. Наҳотки, шундай бўлса!.. Наҳотки, дунё бунга жим қараб туради?..
Уч кундан сўнг иккимизни карцердан чиқаришди. Камерага қайтиб, яна кимдир йўқлигини сездим: Ҳадича холанинг ўрни бўш эди – жиннихонага олиб кетишибди. Оғзим очилиб қолди – ҳатти-ҳаракатлари ва фикрлаши соппа-соғ одамни наҳотки жиннига чиқариш мумкин?.. Ахир, бу адолатсизликку! Аммо, истебдод маконида яшаётганимни унутиб қўйдим, чоғи. Ҳокимиятнинг зўравонлиги ортган жойда онг ва соғлом фикрлар таъқиб остида бўлади.
Каравоти бош томонимда жойлашган Ойгул опа кечқурун бўлганида ва ундан кейинги кунларда ҳам хонага қайтмади. Унинг нега бирданига йўқолиб қолганини, қаерга олиб кетилганини ҳеч ким билмасди. Жамлоқдаги тақдирим борасида якуний қарорга келишимга эса Фотиманинг қамоққа олиниши сабаб бўлди. Бор-йўғи бир ҳафта олдин ўзимни асрашимни, эҳтиёт бўлишимни уқтирган камерадошим бош ошпазнинг ҳаётига қасд қилишда айбланиб, қамоққа олинди.

18.07.2019

Ҳар бир саросима, ҳар бир даҳшатнинг ҳам мия қабул қиладиган сиғим даражаси бўлишини шу ерда “кашф” қилдим. Қувонч қанча бўлса-бўлсину, аммо қайғунинг, ҳасратнинг меъёри бўлсин экан, йўқса у шуурни емира бошларкан. Сўнгги кунлардаги кетма-кет нохушликлардан кейин тинимсиз таъқиб этаётган тушкунлик туфайли карахт аҳволда эдим. Шу сабабли, камоқдан бошланган иштаҳасизлик бутунлай ҳеч нарса еёлмасликка айланди. Шусиз ҳам овқатга чўчқа гўшти қўшилишию, ислом маън қилган бошқа ҳаром нарсалар туфайли деярли ейилмайдиган кечки овқат тамоман ундан узилишга олиб келди. Натижада ой охирига бориб, ҳолсизланиб ётиб қолдим. Дастлаб назоратчилар мени атайлаб қиляпти деб ўйлаб, калтаклаб бўлса-да ўрнимдан турғизишга уринишди. Аммо, амаллаб бошимни кўтариш ва туриш ҳушимдан кетиш билан якунланди. Кўзимни очганимда эса жамлоқ шифохонасида эдим.
Шундай кунларнинг бирида Дэмин келди-ю, мени кўриб, танг бўлиб қолди. Сўнг қаршилигимга қарамай, аслида қаршилик қилишга айни пайтда кучим йўқ эди, менинг номимдан динимдан воз кечганим ва ҳаётда ўз йўлимни – партия йўлини танлаганим ҳақида тилхат ёздириб олди. У кетгач нима қилиб қўйганимни ўйлаб, ваҳимага тушдим ва асабийлик туфайли янаям оғирлашдим. Аммо, қизиғи, шифохонадаги бошқа касаллардан кўра менга яхшироқ муносабатда бўлаётганларини сезиб қолдим. Беморларга ҳамиша бақириб-чақирадиган, шифокордан кўра назоратчига ўхшайдиган ҳамширалар менга келганда тўнглик билан бўлса-да, илиқроқ муомалада эдилар. Бунинг сабабини Дэминдан кўрсамда, бу ғуруримга тегаётганди. Ўзимни тинчи учун ҳатто динидан кечишга тайёр сотқиндек ҳис қилар, келса яхшилаб гаплашиб олишни ўйлардим.

ИСТЕБДОД ЧАНГАЛИ БЎҒИШДА ДАВОМ ЭТАДИ…

Отасининг вафоти туфайли умидсиз Ҳабибуллоҳ масжид намозхонаси бузилгач, тамоман ночор аҳволга тушди. Уяси бузилган қуш чирқиллаб ўша дарахт атрофидан кетолмай қолганидек, масжиддан чиқмай қўйди. Намозхона бузилгани сабаб, саждага келувчиларнинг қадами узилиб, масжид икки кунда ҳувиллаб қолди. Йигит йиқилиб ётган тўсинлару, хариларни йиғиштириб, тартибга соларкан “тиқ” этса, эшикка қарарди. Учинчи куни келган дин ишлари бўйича давлат қўмитаси тайинлаган янги имом масжиддаги фаолиятини Ҳабибуллоҳнинг ота уйини тортиб олишдан бошлади. Гап шундаки, уй марҳум отаси имомликка тайинланганда масжидга яқин деб берилган, унинг ўз уйи қаердалигини йигит билмасди ҳам. Шундай довдираб юрган кунларида уни қоровулликдан ҳам бўшатишди. Унинг аҳволини кўриб турса-да, ҳукуматга содиқлардан бўлган имом юқоридан рухсат бўлмаса нафас ҳам олмайдиган тоифадан эди. Шунинг учун давлат қабул қилган қарорга қарши чиқиб, пароканда бўлган оиланинг нотавон аъзосига ёрдам беришни истамади.
Ҳабибуллоҳ ичини тўлдирган алам ва ситамни қайси қудуққа бориб айтишини билмасди. Аммаси уйига олиб кетиб қараётган, парвона бўлаётган эсада, йигит масжид атрофидан кетолмас, иложини топиб киргиси, отасининг ҳужраси ва қоровулхонада аввалгидек ўтиргиси келарди. Намозда астойдил Худога ёлворар, йўл кўрсат дея ўтинарди. Шу зайлда кунлар ўтар, қалб яралари йиринглаб борарди. Шундай кунларнинг бирида, пешин намози пайти жойнамозини қўлтиқлаб, бузилган намозхонанинг синиб ётган устунлари ёнида Худо билан бақамти бўлгани барибир масжидга борди. Асосий эшикдан аста кираркан, шундай катта даргоҳнинг кимсасизликдан ютаман дейишига юраги сиқилди. Ўнгга бурилди, ўймакор эшикли қадрдон ҳужра қаршисида юраги орзиқиб тўхтади. Бор-йўғи ўн кунча аввал отаси бу ерда намозга тайёргарлик кўраётган эди… Шу хаёл билан эшикка яқинлашди-ю, ичкаридан эшитилаётган кулгу овозларидан ҳайрон бўлди – қулоғи оғир бўлувчи соқовлардан фарқли яхши эшитарди. Айни намоз яқинлашаётган пайтда имомнинг бу ерда ким билан кулишиб ўтирганига қизиқди. Бунга жаҳли чиқсада, эшик пойлаётгани ўзига эриш туюлиб, узоқлашди. Аммо, кўпам йироқлашмай, кулгу овози идишларнинг жаранги билан алмашгач, нима гаплигини билишга жазм қилди. Янги имомнинг ҳужрасига айланган хонада айни дамда базми жамшид қайнар, ўрта бўйли, шопмўйловли имом, қотирилган балиқдек юпқа Нозимхон мутавалли – Ҳабибуллоҳ негадир уни ёқтирмасди, унинг ҳар ишга ҳозиру-нозир югурдаги Абдурайим ва ҳарбий кийимдаги икки киши тўкин стол атрофида ўтиришар, Ҳабибуллоҳ кирган пайтда хўроздек қизариб кетган ҳужра эгаси ҳарбийлардан бирининг гапига хохоларди. Уларнинг сахт-сумбати бир ёну, стол ўртасидаги яримлай бошлаган, турли рангдаги спиртли ичимликлар бир ён эди. “Худонинг уйида-я?!” Йигитнинг хаёлидан кечган биринчи ўй шу бўлди. “Анавилар динсиз бўлиши мумкин, аммо имомни нима жин урди?.. Ахир бу масжиддек покиза даргоҳни ишратхонага айлантириш билан баробар гуноҳку!!” У шуларни ўйларкан, кафтлари мушт бўлиб тугилди. Бу пайтда бирданига очилган эшик ва бўсағада турган Ҳабибуллоҳни кўриб, ўтирганларнинг кулгуси пасайган бўлса, дин пешвосининг кўзи ола-кула бўлганди. Анча пишиб қолгани сабабли ўрнидан тураётиб, гандираклаб ҳам кетди.
– Бу ерда нима қиляпсан..сиз? – Довдираган саволига жавоб кутишга сабри чидамай, ёнидаги мутаваллига ишора қилди. – Бу ким?
– Собиқ имомимизнинг ўғли – мутавалли ўнғайсизланди. Шу онда бўсағада Ҳабибуллоҳ эмас, марҳум Абдураҳмон имом тургандек, юраги ўйноқлади.
– Ҳа… Ҳабибуллоооҳ! Кел, ўтир биз билан!
Бу томоша сўнгги кунлардаги ноҳақликлар, йўқотишлардан тўлиб юрган йигитнинг сабр косаси учун сўнгги томчи бўлди. Ўтирмоқчи бўлгандек стулни сурди-ю, дастурхонни тортиб юборди. Мато билан сирғалиб тушаётган шишалардан бирини илиб олиб, хўрозбашара имомнинг бошига улоқтирди. Воқеанинг давомини кино тасмасининг тезлаштирилгани деса бўларди. Шишалардан бири Абрайимнинг пачоқ юзига отилган, бир бош узум ва қовун пўчоқлари мутаваллининг елкасига елка-камар бўлган, бу “туҳфа”дан ҳарбийлар ҳам бенасиб қолмай, уларнинг бирининг башараси бежалганди. У шунчалар ғазаб отига мингандики, ичида тўпланган йигирма икки йиллик додларини шу йўл билан чиқармоқчидек, сўнгги йўқотишларининг аламини биратўла олмоқчидек эди. Ногирон йигитни қайиришга ҳарбийларнинг ҳам базўр кучи етиб, чақирилган усти ёпиқ машинада уни олиб кетишди.

12.08.2019

Анчадан бери кундаликка ёзолмадим. Аммо, бу орада анча-мунча воқеалар бўлди.
Беҳуш бўлиб касалхонага ётгач, ўн беш кунча даволанишимга тўғри келди – батамом ҳолдан тойган эканман. Шу кунлар мобайнида Дэмин икки-уч йўқлаб келди. У билан гаплашиб олишга аҳд қилган бўлсамда, бизни ёлғиз қолдирмайдиган ҳамширалар туфайли бунинг имкони бўлмади. Охирги келишида эса кийинишимни, нарсаларимни йиғиштиришимни айтганида, ҳайрон бўлдим.

– Нега?
– Кетамиз… – У оғзининг таноби қочиб, илжайди. – Нима, бир умрда шу ерда қоламан деб ўйлаганмидинг?
– Лекин… қанақасига? Ахир…
– Илтимос, ҳеч нима дема…ҳозирча… Шу ердан чиқайлик, қанча саволинг бўлса, бераверасан… – Бу пайтда жамлоқ ҳовлисидан бораётгандик. Ҳайронлигим ортсада, фикрига қўшилдим – бу ерда гаплашишнинг чиндан иложи йўқ.

Хонада кундуз куни бўлмагандим. Ҳозир кириб юзларида қўрқув, хавотир ва умидсизлик акс этган маҳбусалардан ҳоли осудалик ва саранжомликка дуч келарканман, бу ер қамоқхона эканлигига ишонгим келмасди. Нарсаларимни йиғиштириб, ҳовлига чиқдим. Сўнг мени кутаётган Дэмин билан жамлоқ дарвозасидан – хўмрайиб турган соқчилар кўзидан узоқлашгач, йўл четида турган машинага ўтирдик. Озод эканимни билдириб, қулоғим остидан ўтаётган шамолнинг ғувиллашини айтмаса, катта йўлга чиққунча жим кетдик. Мен ҳалиям карахт эдим; у ердан, кўз олдимда юрган қизлар – Ҳулкар ўзини осган, мени ўзига яқин олиб дилини очган Фотима қамоққа олинган, соғлом Ҳадича хола жиннихонага олиб кетилган, Ойгул опа бир кечада ном-нишонсиз йўқолган манфур жойдан тирик ва соғ-саломат чиқиб келаётганимга ишонмасдим. Жимлигимни изоҳ кутаётганга йўйди, шекилли, Дэмин машисини йўл четида тўхтатиб, хўрсинди.
– Мени кечир… Бошингга тушган барча кўргуликларга мен сабабчиман… Агар сени кўрмаганимда, севиб қолмаганимда бундай бўлмасди балки!..
– …
– Ишон, буни хоҳламагандим…бунчалик эканлигини билганимда ўша лаънати маданий алмашинув ишларида қатнашмаган бўлардим! – У асабийлашиб, рул чамбарагини муштлади.
– Яхши. Лекин, у ердан мени қандай олиб чиқдингиз? Бунинг учун…нима қилдингиз? – Осойишта гапираётганимга ўзим ҳайрон эдим.
– Биласанми… Мен…мажбур бўлдим… – У чўнтагидан тўрт буклоғлиқ қоғоз чиқариб, бармоқлари сезилар-сезилмас титраганча менга узатди. Қоғозни ёйиб, хитойча иероглифларда битилган “Никоҳ гувоҳномаси” деган қизил ҳарфларни, унинг пастида ўзим ва унинг исмини ўқирканман, даҳшатдан чинқириб юбордим.
– Бу… Бу нима қилганингиз? – Лабларим титраб, бутун аъзои-баданим жунбушга келиб унинг ёқасига ёпишдим. – Сиздан сўраяпман?! Одамнинг тақдири сиз учун… Сизлар учун шунчалик ўйинчоқми ахир? Мендан розилик сўрадингизми?!
– Бу шунчаки қоғоз, холос… – У қўлларимни ушлаб, ғўлдиради. – Сени у ердан чиқариш учун бошқа илож қолмади… ишон менга.
– Иблис! Ҳайвон! Менга учраган кунингга, яралган кунингга лаънатлар бўлсин! – Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Шу дамда ўзимни дунёдаги энг ожиз мавжудотданда кучсиз ва ҳимоясиз сезардим. Тўсатдан миямда нимадир “ялт” этди. “Нега ожиз бўларканман? Нега ҳимоясиз эканман?! Ахир отам бор-ку! Қиблагоҳим, доим мени тушунган, кафтида полапондек асраган отажоним бор-ку!”
– Тез уйимга ҳайданг…ҳозироқ отамни кўришим керак! – Овозим инграгандек туюлди ўзимга.
– Ойдин…менга қулоқ сол.. – Унинг овози негадир пасайди. Кейинги гапларини эса шивирлагудек гапирди. – Отанг… Сени олиб кетишгач, юраги кўтаролмай… У энди йўқ…
Назаримда, олам остин-устин бўлиб аралашиб кетгандек туюлдию, бу тартибсизлик ичида ўзимни йўқотдим…
Кўзимни очганимда аллақандай нотаниш уйда ётар, ёнимдаги стулда кийимларим турарди. Нега бу ердалигимни ҳайрон бўлиб ўйларканман, бурчакда китоблар терилган жавон турган, диван ва бир-неча курсилар қўйилган бу хонанинг кимники эканини тахминан ҳам тополмадим. Бошимни кўтаргандим, чириллаб айландию, ўзимни тўшакка ташладим. Шу пайт бурчакдаги эшик очилиб, жиккак хитой кампир кириб келди, қўлида патнис бор эди. Аммо, уйғоқлигимни кўриб, орқасига қайтди-да, кимнидир чақирди. Кўп ўтмай эшикдан Дэмин кўриндию, қаерда ётганимни англагандек бўлдим. Аммо, уни кўрасолиб бақириб бермоқчи бўлгандим, кўксимдан товуш ўрнига ўтли хўрсиниқ чиқди, холос. Ҳолдан тойган руҳим ва таним бақиришгаям қодир эмас эди. У менинг ҳолатимни кўриб, индамай тикилиб турдида, чиқиб кетди. Мени эса яна уйқу элитди чоғи, миям карахтлаша бошлаганини сездим.
Шу билан кечки овқат пайтигача ухладим. Кўзимни очганимда Дэмин стулда энкайганча ўтирар, бошини чангаллаб олганди. Уйғонганимни сезиб, бошини кўтардида, узоқ тикилди.
– Анча яхшимисан? – Назаримда, ўйлаб тургани қолиб бошқа нарсани гапираётганди. – Овқат пайти бўлди, пастга тушасанми?
– …
– Биламан, иштаҳанг йўқ…Аммо, кучга киришинг керак… Чунки, олдинда кўп ишлар бор…
У нимани айтаётганини тушунмас, аслида қизиқмаётган ҳам эдим. Ўрнимдан тургач, мени қўлтиқлаб, зиналардан тушишимга ёрдамлашди. Шунчалар кучсиз эдимки, кимдир ёрдамлашмаса юришим даргумондек туюларди.
Ошхонада Дэминга ўхшовчи, аммо пайрахадек ориқ ва буришиқ, қорайган юзли ва оппоқ сочли дароз чол ва кўриниши эридан деярли фарқ қилмайдиган, аммо пастак бўйли бояги кампир ўтиришарди. Ота-онаси бўлса керак, деб ўйладим. Нимадандир ташвишлангандек хавотирли ва ўйчан юрувчи Дэминдан фарқли, уларнинг чеҳраси сокин эди. Саломлашгач, столга таклиф қилишди.
Ўзимни мажбурласамда, қисқичбақа гўшти ва денгиз ўтлари аралаштирилиб пиширилган таом тахир ва бемаза туюлганидан, чўқилашдан нарига ўтолмадим. Кампир ўзимни танитишимни сўради. Исмимни, Шарқий Туркистондан эканимни айтганимда, иккиси илкис жиддий тортишдию, қариянинг қошлари чимирилди. Сўнг саволомуз ўғлига қаради. Дэмин ҳам овқатини номига ковлаштириб ўтирар, ниманидир ўйларди, чамамда.
– Бу қиз лагердан келмаяпти деб умид қилсам бўладими, жаноб Ли? – У ўғлига расмий тусда, аммо сўз оҳангида масхараомуз киноя билан гапирди.
– Ҳа… йўқ…доимгидек адашмадингиз…дада – Дэмин кўзларини ердан узиб, жавоб берди.
– Ойдин хоним, олинг марҳамат, тотиниб ўтиринг – чол қисқичбақа оёқлари чиқиб турган декчага ишора қилди. Ҳалиям юзини тарк этмаган кинояли ифода билан ўғлига қараб оларкан, давом этди.
– Биласизми, мен азалдан деҳқончилик билан шуғулланиб келганман. Отам, бобом, қўяверингки барча аждодларимиз гуруч етиштириб провинцияда донг таратишган. Аммо, ўғлимга келиб, анъана ўзгарди – у аждодлари қилган тирикчиликдан ор қилди…
– Дада!..
– Сиёсатга қизиқди, партияга кирди – амалдор бўлгиси келди…
– Дада, бас қилинг! Мен фақатгина устоз Конг* таълимоти туфайли сиёсатга… – Дэмин норозиланиб, гапга аралашди, аммо чол сўзини бўлишларини ёқтирмасди, чоғи.
– Шошма, гапимни тугатай…бу ер сенинг партия йиғилишинг эмас! – Отанинг овози дарғазаб янгради. – Устоз Конгни пеш қилма! У “Ўзингга раво кўрмаган нарсани ўзгага раво кўрма” дейди. Хўш, сен бундай лагерлар ҳаётини ўзингга, бизга раво кўрган бўлармидинг? Дини, маданияти туфайли одамларнинг бошига ит кунини солишларини бизга тилаган бўлармидинг? Бундан ташқари, устоз Конг таълимотининг биринчи қоидаси одамларга муҳаббат, меҳрибонлик ва инсонпарварлик ҳамдир. Хўш, сен, устоз таълимотини сиёсатда тарғиб қилмоқчи бўлган сен шундай қиляпсанми бугун?! – У охирги гапларини деярли ўшқиргудек сўзларкан, томоғи қуруқшаб, стакандаги сувдан ҳўплади.
– Ҳа-я, дин масаласи!.. Сенинг партиянгдагиларга ҳатто диндор бўлиш мумкин эмас! Ота-боболаримиз сиғинган бутларимизни ардоқлаш мумкин эмас… Биз эса амалдор бўлгин деб пана-панада ибодатхонага боряпмиз!
– Дада, Худо ҳаққи, секинроқ… – Дэмин бизни пойлашаётгандек, атрофга аланглаб қўйди.
– Шундай бўлгач…бошқаларнинг диний эътиқодини сен қаердан тушунардинг… – Отаси сўзида давом этган бўлсада, овози пастлашди. Сўнг менга қараб, деди: – Аммо, бутун бошли халқдан кўнглингиз қолмасин… Урушлар ва низоларни кўпинча ҳукуматлар бошлайдилар, бегуноҳ одамлар эса қон тўкиб, бунинг ҳисобини тўлайдилар.
Тўфондек бошланган бу “суҳбат”дан Дэмин бажараётган ишдан ота-онаси норози эканини тушундим. У эса бошини чангаллаб ўтирди-да, сўнг зарб билан стулни суриб, ўрнидан туриб кетди. Ортидан кўча эшикнинг қарсиллаб ёпилиши ва бироздан сўнг машина баллонларининг чинқириб қўзғолган товуши қолдию, даҳанаки жангга айланишга улгурмаган бу саҳна шу ҳолича тўхтади. Чол эса чап қовоғи учиб стол нақшларига қараб ўтирар, Дэминнинг онаси хижолатомуз товоғини ковлаштирарди.

_______________________________________________
*Мутафаккир Конг Чю (мил.авв 551-479 йй) Хитойда Конг Фу Зи, яъни устоз Конг деб улуғланган. Бу бошқа тилларда Конфуций шаклига айланган.(Г.Р)

25.08.2019 йил

Воқеалар ривожи кутилмаган ўзанга бурилиб кетди. Ғазабланган кўйи чиқиб кетган Дэмин шу бўйи эртаси куни пайдо бўлди. Унинг кўриниши кечагидан деярли фарқ қилмасада, узоқ иккиланишдан кейин узил-кесил қарор чиқарган одамдек хотиржам эди. Назаримда, у нималардир билан қаттиқ банд ҳам эди ва бу бандлик акамни жиннихонадан чиқариб олиш билан якунланди. Икки ойдирки кўрмаган акамга қараб, эсдан оғиб қолай дедим, чунки, жудаям ўзгарганди. Ўзига ярашиб турадиган ингичка соқоли қирилган, соғлиги ёмонлашган, кўриниши эса жудаям хароб эди. Уни бундай кўришга чидолмай, бағрига бошимни қўйиб, узоқ-узоқ йиғладим; ундан бошқа яқиним қолмаганди энди. Аммам ва амакиларимни қаергадир олиб кетишган, болалари эса жамлоқларга ташланганди. Бу жаҳаннамни кўрган одам учун жамлоқ бандисининг тақдирини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бу орада Дэминнинг уйида бир ҳафта турдик ва шу вақт давомида…тўйимиз бўлди. Бу ҳукуматнинг кўзи учун дея у мени зўрға ишонтирди. Энди ҳар қадамимни кузатиб юрадиган ҳукумат одамлари учун ғоявий ўзгарганимнинг исботи керак эди.
Ўша ҳафтадан кейин тўй саёҳатига Америкага кетадиган бўлдик. Дэмин мени шунга ундади, хавфли тузумдан ундан қочибгина қутулишим мумкинлигини, йўқса ҳар қадамим кузатувда бўлишини тахмин қилаётганди. Бироз чўзилган виза югур-югуридан кейин акам, мен ва Дэмин ниҳоят самолётга ўтирдик. Заминдан тобора олислаб бораётган самолёт люкидан пастга қарарканман, юрагим бўшаб қолганини, унга тегишли алланимадир бу заминда қолиб кетганини, ўша нимадирсиз энди илгаригидек бўлолмаслигимни ҳис қилардим. Осмон ҳам юрагим каби қоп-қора эди.
Вашингтон аэропортига қўнганимизда кеч тушганди ва бизни икки йигит – Дэминнинг дўстлари кутиб олиб, меҳмонхонага келтиришди. Мен ва Дэминга бирга, акамга эса алоҳида хона банд қилинганди. Сўнгги воқеалар ва йўл азоби чарчатган акам хонасига кирдию, душ қабул қилмай, диванга чўзилди. Унинг руҳиятидан хавотирда эдим, кўзлари маъносиз бўлиб қолганди. Жомадондаги кийимларини олиб, тахлагач хайрли тун тилаб, чироқни ўчирдимда, ўз хонамга ўтдим.
Кўча қоронғуси ичкарига ёпирилиб кирган бўлса-да, Дэмин чироқни ёқишни унутгандек дераза ёнида ўтирар, кўзлари тунги ёғдулар аро жилваланаётган кўрфазнинг аллақаеридадир қотиб қолганди. Чироқни ёққанимда, нигоҳларини узиб, менга жилмайди.
– Инсон умри йиллар билан эмас, унинг моҳиятини англаган лаҳзалар билан ўлчанади. Менинг ҳаётим сен келгунингга қадар қоп-қора бўлганлигини англадим ҳозир… Сен пайдо бўлганингда нима учун яшаётганимни тушундим…
Кийимларни жавонга тахлаб қўярканман, ҳеч нима демадим. “Сенинг ҳаётингга мазмун қўшилди-ю, меникидан айрилди – унинг мазмуни бўлган азизларимни йўқотдим. Бунда топган сен-у, йўқотган менман… Ўзи тугаши эвазига бошқаларга ёғду улашган шам – менман. Шам бўлмоқ мартабаси менга муборак бўлсин!..” Ушбу аламли ўйлар онгимнинг олис бурчакларида “ялт” этиб чақнади-ю, аммо, тилимга чиқармадим. Аввало, чарчоқ бутун аъзои-баданим каби тилимни ҳам оғирлаштирган бўлса, кейин, негадир унинг кўнглини оғритгим келмаганини ҳис қилдим. Майли, шу ўйлар билан қалби ёришган бўлса, уни қора қилмаганим бўлсин.
– Мен партиядан чиқдим… Отам тўғри айтди – ўзимга, яқинларимга раво кўрмаган нарсани бошқаларга тилаган эканман…
Бу пайтда сочиқни елкамга ташлаб, эндигина душ қабул қилгани кираётгандим. Индамадим-у, аммо қалбимга нур инди.
Душдан чиққанимда эса, Дэмин диванда ухлаб қолган, чарчоқ шунчалар музаффар чиққандики, уст кийимларини ҳам ечмаганди. Назаримда, мени чиқишимни кутиб, ухлаб қолганди. Туфлисини ечиб полга қўйдим, юпқа чойшабни устига ёпдим. Боладек беғубор ухлашига қараб, охирги сўзлари ёдимга тушди-ю, кўнглимдан илиқ туйғулар эпкини сизиб ўтганини сездим. Назаримда, унга нисбатан қалбимда нимадир пайдо бўлганди.
Аммо, ҳаёт шунчалар шавқатсизки, биз ёқтирганларни ҳамиша биздан олиб қўйиш пайида бўлади. Дэмин ўша уйқусидан кейин бир уйғонди-ю, кейин мени бутунлай тарк этди. Аниқроғи, эртаси кун тонгда акамдан ҳол-аҳвол сўрагани хонасига кирдиму, бироздан сўнг хонамиздан ниманингдир тарақлаган товуши эшитилди. Дэмин бирор қаттиқроқ нарсани тушириб юборди, шекилли деб ўйладим. Сўнг юрагим ёмон нарсани сезиб, хонага қайтдим. Ланг очиқ турган эшикдан кирдим-у, нафасим тўхтаб қолгандек бўлди; Дэмин хона ўртасида қонга беланиб ётарди. Жон ҳолатда югуриб бориб, чўккалаб бошини кўтардим. Қонли пуфакчалар лабининг бир четидан ирмоқча ҳосил қилганди. Зўрға қовоқларини кўтарди-ю, менга азоб аралаш жилмайиб тикилди.
– Партия хиёнатимни кечирмаслигини билардим. Аммо… – У оғриқдан инграб юборди, сўнг ўзини зўрлаб давом этди. – Аммо, муҳими бу эмас… Муҳими, сен мени кечиришинг эди…Мени кечир…! Севганим учун…барча йўқотганларинг учун…азобларинг учун…
Ичимдан бир тўфон қуюлиб келаётганини сездим. Унга йўл берсам, дунёни остин-устин қиладигандек қон юқи кафтларимни лабимга босдим. У шивирлаб, охирги сўзларини айтди.
– Айб менда… Истебдодга хизмат қиладиган одамнинг севишга ҳаққи йўқ, муҳаббат туйғуси борлар эса зулм ва истебдодга хизмат қилмайдилар…
Кейин бошини тиззамга қўйди. Очиқ қолган нигоҳларига узоқ тикилдим, гўё асрга татирди бу – яна бирор сўз айтар дея кутардим.
Сўнгги кунларимда сездирмай яқинимга айланиб қолган инсондан шу тариқа айрилдиму, яна ўзимни йўқотдим. Полициячиларни ким чақирганини, меҳмонхонадан бизни Дэминнинг дўстлари қачон олиб кетганини, бу ерга қачон келтиришганини ғира-шира эслайману, аммо унда ўзим иштирок этмагандек – кимдир қатнашган воқеалар лентасини томоша қилаётгандекман… Бошқа давом эттиролмайман, илтимос, мени маъзур тутинглар…

Ойдин Ҳафиз шундай деркан, залдаги минбардан тушди, сўнг қўлидаги дафтарни бағрига босиб, уни тинглаган минглаб ёшли нигоҳлардан узоқлашди. Орқа қатордаги бир йигит уни ўрнига олиб борди. Бу пайтда зал тўла одам бўлса-да, тингланган воқеалар юки билан оламни жимлик эгаллагандек эди. Тўрдаги катта экранда Шарқий Туркистоннинг аянчли манзаралари лавҳалари навбат алмашинарди.
Тўрдаги даврадан бир йигит турдида, чўлоқланиб минбарга борди ва имо-ишоралар билан тумонатга қараб гапира бошлади. Унинг кечмишларини бошидан залга етказиб бераётган сурдо таржимон қиз титроқ овозда микрофонга яқинлашди:
– Барчамизни Худо яратган! Бир ота-онанинг фарзандлари каби барчамиз унинг олдида тенг, бир мавқедамиз! Бир-биримизга азоб бериб, бизни яратган Зотнинг қаҳрига учрамайлик… Илтимос, кўксингизда уриб турган парча гўшт юрак бўлса, Шарқий Туркистон мусулмонларига ёрдам беринг!
Сўнг у ҳам чўлоқланганча зални тарк этди. Нутқ қанчалик оташин бўлмасин, унда ҳасрат бўлса, нотиқ учун қарсак чалинмайди. Балки, шу сабаб ҳам залда жимлик ҳукмрон эди. Бу гўё дунёнинг бугунги аҳволига ўхшарди. Аммо, тўсатдан орқа қатордан кимнингдир ожизгина овози эшитилди.
– Шарқий Туркистон мусулмонларидан қўлингизни тортинг!
Бутун зал шу биргина имони кутгандек, гувраниб олди-ю, барча баробар ўрнидан қўзғолди. Қўллар баланд кўтарилди, елкалар жипслашди ва йиғилганлар бор овоз билан бақиришди:

– Шарқий Туркистон мусулмонларидан қўлингизни тортинг!

09Quyosh yer yuziga barobar nur sochadi – Afrikadan Osiyogacha, Yevropadan har ikki Amerika qit’asigacha, Avstraliyadan olis Shimoliy Qutbgacha; o’zbegu-yapon, koreysu-ispan, hindu-mo’g’ul, inglizu-arabgada barobar taqsimlaydi yog’dularini. U irq ajratmaydi – yevropalikning oppoq terisiyu, osiyolikning qizg’ish rangli ko’rinishi, amerikalikning ko’k-yashil ko’zlari-yu afrikalikning qalin qora-qo’ng’ir sochlari ularni bir-biridan ajratuvchi farq emas. U din bilan tabaqalamaydi nurlarini – olam yaralibdiki tiriklik ne’matini xristianmi yahudiy, buddistmi musulmon demay bab-barobar ulashadi. 

Go’zal RO’ZIEVA
QUYOSHNING ORQA TARAFI


11 Quyosh yer yuziga barobar nur sochadi – Afrikadan Osiyogacha, Yevropadan har ikki Amerika qit’asigacha, Avstraliyadan olis Shimoliy Qutbgacha; o’zbegu-yapon, koreysu-ispan, hindu-mo’g’ul, inglizu-arabgada barobar taqsimlaydi yog’dularini. U irq ajratmaydi – yevropalikning oppoq terisiyu, osiyolikning qizg’ish rangli ko’rinishi, amerikalikning ko’k-yashil ko’zlari-yu afrikalikning qalin qora-qo’ng’ir sochlari ularni bir-biridan ajratuvchi farq emas. U din bilan tabaqalamaydi nurlarini – olam yaralibdiki tiriklik ne’matini xristianmi yahudiy, buddistmi musulmon demay bab-barobar ulashadi. Chunki, Xudo uni shunday yaratgan. Chunki, Yaratganning nazdida Inson qaysi rangu tilda, qaysi dinu millatda ekanligidan qat’iy nazar teng mavqedadir – biri ulug’u biri past, biri azizu biri xor emas. Ammo, Tangrining bandalari uchun insonlarning tur va tabaqalari mavjudki, bu ularning hayotini qiyinlashtiradi…
Yer sharining Sharqiy Turkiston atalmish nuqtasida yashovchi millatlar o’z dinlari va madaniyatlari sabab yillardirki xo’rligu-tahqir jafosini totib keladilar. Ular birgina musulmon bo’lganlari yoki xitoy bo’lmaganlari sababli ne-ne ranju-alamlarni ko’rishga majbur qilinmoqdalar…

23.06.2019 yil

Salom, kundaligim… Bugundan ko’nglimdan kechayotganlarni senga yozib borishga qaror qildim, chunki chekayotgan azoblarimni kimgadir yoki nimagadir to’kib sochishim, ahyon-ahyonda bo’lsa-da yengil bo’lib olishim kerak. Negaki, bu yerdagi har kun, har soat sayin yuragim og’irlashib borayotganini, bu og’irlik meni azoblayotganini sezyapman… Bu yukni yolg’iz ko’tarishim mushkul, iztiroblarimni baham ko’ruvchi bir yelkadoshga judayam muhtojman…
Men o’sha mazlumlarning biriman. Ismim Oydin, kuni kecha yigirma birga to’ldim. Sharqiy Turkistonda yashovchi o’zbeklardan biri bo’lsamda, ota-bobolarim, umuman tanigan-bilganim barcha insonlar kabi o’zimni uyg’urlardan va tub aholisi uyg’urlar bo’lgan Sharqiy Turkistondan ayro tasavvur qilolmasdim. O’zbekiston – o’zbeklarning yurti Markaziy Osiyoda joylashganligini, Sharqiy Turkistonni mustaqil qilmoqchi bo’lgan zot – tarix darsliklarimizga nomi kiritilishi ta’qiqlangan, umuman nomini aytish butun o’lkada ma’n qilingan inson o’zbekistonlik Alixonto’ra Sog’uniy* bo’lganligini keyinchalik otamning amakilarim bilan yashirin suhbatlaridan bilgan bo’lsam, otam namozini ado etgach, o’tganlar haqiga duo qilarkan, rahmatlilar qatori o’sha zot ismini ham tilga olar, unga Havzi Kavsar suvlaridan qonib ichishniyu, rasullulloh davrasidan joy tilashini eshitishga qulog’im o’rgangandi. Otam Abdurahmon Hafiz Qashqardagi Bolasog’un masjidining imomi – dinu-diyonatni hayotining mash’ali deb biluvchi inson bo’lib, millati uyg’ur bo’lgan onam o’n yoshga to’lganimda vafot etgach qaytib uylanmadi. Mening tarbiyam qo’shnimiz – ammam Rohila Hafiz qo’lida qoldi. Uyimiz Bolasog’un masjidining orqa tarafida bo’lib, masjidning haybatli gumbazi soyasi hovlimizga to’g’ri tushar, tush paytida uning yaltiroq ko’k rangli koshinlari va uchidagi oltindek tovlanuvchi yarim oy ramzi odamning ko’zini chaqnatardi. Esimni tanibmanki,
_________________________________________
*Alixonto’ra Sog’uniy (1885-1976) – atoqli olim va adib, ulkan davlat arbobi va sarkarda. U Sharqiy Turkiston islom jumhuriyatining birinchi prezidenti va marshali bo’lgan. Umrinining katta qismini Sharqiy Turkiston ozodligi uchun harakatlarga bag’ishlagan. Uning “Turkiston qayg’usi” asarida Sharqiy Turkiston haqidagi xotiralari bayon qilingan.(muallif izohi)

ularni ko’rib ulg’ayganimgami, yumush bilan hovliga chiqsam, masjid gumbaziga ko’z tashlab qo’yardim. Aslida, bu qarashning muhim sababi ham borki, bu ismim bilan bog’liq. Tunda tug’iluvchi ko’plab chaqaloqlardan farqli, qoq peshinda dunyoga kelganman. Otam peshin namozini ado etib uyga qaytgach, darvozadan kirayotib, chaqaloq yig’isini eshitgan va Yaratganga sano aytib ko’kka qo’l cho’zgan, tabiiyki ko’zi tushgan ilk narsa gumbaz va undagi belgi bo’lgan. So’ng tug’ilajak farzandim Oy kabi zulmatni aritguvchi va albatta dinida sobit bo’lsin deya menga Oydin ismini bergan. O’rtacha kattalikdagi shu uy va bog’chali hovlida ulg’aydimki, jannatni ham bolalik tasavvurlarimda shunday mo’jaz bog’cha sifatida tasavvur qilardim. Jajji qizaloq kezlarimdan Qur’onning ba’zi suralarini chuchuk tilim bilan o’qiy boshlagan bo’lsam, maktabga chiqqan kunim uni to’liq yod olgandim. Oh, ma’suma onamning o’shandagi quvonchini qayta ko’rmoq, rayhon hidi anqigan bag’riga bosgancha “Jannatda tojdorim qizim” deya erkalaganlarini eshitmoq uchun borimni bergan bo’lardim… Otam-chi, uning quvonchi onamnikidan kam emasdi, chunki bu yangilikka guvoh bo’lganda ko’zi namlanib qarab turgandi, xolos. Keyin birdan hushiga kelgandek bizni bozorga olib tushgan, ikkimizga bosh-oyoq sarpo olib bergandi… Oh, bu xotiralar…meni qiynovchi azoblar! Ular hatto tushlarimdayam meni ta’qib etadi. Ular sabab tushimda jannatlarda yursam, ko’z ochishim bilan do’zax azobi qiynaydi. Aslida kundalikka ularni emas, shu kunlar kechinmalarini bitmoqchi edim…
Avval aytganimdek, Sharqiy Turkistonning yoki xitoylar Shinjuan atovchi o’lkaning qadim shaharlaridan biri Qashqarda yashayman, aniqrog’i bir oy avvalgacha yashardim… Hozir qayerdaligimni bilmayman. Meni hukumat tilida “qayta tarbiyalash jamlog’i” deb ataladigan joyga olib kelganlaridan beri tashqi hayotdan uzildim…
Biz “tarbiyalanuvchi”lar bu yerni tarbiya maskani emas, “qatlgoh” deb ataymiz. Chunki, bu yerda kun sayin qalblarimizni o’ldirmoqdalar, ongimiz ostidagi muqaddas tushunchalarni ko’z o’ngimizda oyoqosti qilmoqdalar, o’zligimizni toptamoqdalar… O’qiganim Chingiz Aytmatovning “Asrga tatigulik kun” romanida asar qahramoni Jo’lomon bosqinchilar qo’liga tushib, cheksiz qiynoqlarga solinadi, natijada xotirasini, so’ng tamoman o’zligini yo’qotadi. Kimligini, kimning farzandi ekanligini, qo’yingki tug’ilganda qo’yilgan ismini unutgan odam bolasi manqurtga aylanadi va o’z onasini o’ldiradi. Asar va uning qahramoni shu kunlarda bot-bot yodimga tushayotir. Xo’sh, men endi kimman, manqurtga aylanyapmanmi, degan savollar tinmay miyamda aylanmoqda…

27.06.2019

Sakkiz kishidan va bizga ayg’oqchilik uchun qo’yilgan ikkita kuzatuv kamerasi va bir mahbus-xitoydan iborat kameramizda yozishning iloji yo’q. Hatto, bilishsa ham uni tortib olishadi, o’zimni esa…Xudo biladi nima azoblarga mahkum etishishini. Yozishga eng qulay vaqt – oltmish yoshlardagi Yun Chjanь ismli ayol o’tadigan partiya dasturi darsi. Haftada uch kun bo’ladigan darsda baqirib-chaqirib Xitoy kommunistik partiyasi dasturini yodlaymiz. Dasturning deyarli har so’zi “jonajon partiyamiz” deb boshlanarkan, xonadagi baqir-chaqirdan ko’ra, deyarli har qatorda uchraydigan shu so’zdan ko’nglim aynib, boshimga og’riq kiradi. Hali yosh bo’la turib, bu darsda zo’rg’a o’tiribman, buvim tenggi “tarbiyalanuvchi”lar unga qanday chidashyaptiykan degan savol qiynaydi. Garchi, darsning asosiy qismi qiy-chuv orasida yodlash bilan o’tsa-da, g’ala-g’ovur shovqinli bozorda ishlashga o’rgangan odamdek, shovqinda bemalol o’tirishga va yashirincha yozishga ham o’rgandim. Ilk kuni joyim old qatorda edi, ammo, buyruqqa bo’ysunmay jazolanganim va darsdan qolganim uchun o’rnimga yangi mahbusani joylashtirishdi. Meni esa “tarbiyalanib bo’lgan” bir xotinning o’rniga – orqa qatorga o’tqazishdi. Tarbiya muddati tugagan o’sha ayolning taqdiriga hanuz qiziqaman: bu yerdan chiqib qayerga ketdi, avvalo bu azoblar tig’idan tirik chiqoldimi?..
O’qituvchilar orasida shu ayol menga yoqib qoldi. Negaki, qo’lini paxsa qilgancha, og’zidan tupuk sachratib gapirib partalarni aylanarkan, uchinchi qatordan nariga o’tmaydi, eng oxirgi – sakkizinchi qatorda o’tirgan mening nima bilan bandligimni bilish uchun yonimga kelmaydi. Yaqin kunlardan boshlab, bundan unumli foydalana boshladim. Og’zimiz yodlashdan bo’shagan, aniqrog’i u nimalarnidir tushuntirayotgan paytda kundaligimni qoralay boshlayman.
Jamloqqa tushishimga sabab bo’lgan kunni sirayam unutolmasam kerak. Ayni bahorning o’rtalaridan har oyning ma’lum kunlarida partiya biriktirgan ikki nafar kishi kelib bizning uyimizda tunab ketadigan bo’lishdi. Bunga sabab hukumat chiqargan o’zaro madaniyat almashinuvi dasturi ekan. Ammo, “madaniy almashinuv” bizning uyimizga balo eshigining ochilishi bo’ldi, undan halovat yo’qoldi. Ular har narsani o’rgatmoqchi bo’lishar, ovqatlanishimizdan tortib, televizor ko’rishimizgacha xitoycha an’analarni suqishga urinishardi. Bu kunlarda otam meni ammamning uyiga chiqarib yuborar, iloji boricha ularning ko’zidan pana qilardi. Uch oydan so’ng ulardan biri yosh yigit bilan almashindi-yu, hayotimda qora sahifa ochildi. Gap shundaki, Demin Li ismli bu yigit meni yoqtirib qoldi. “Egasi ming poylasin, o’g’ri bir poylasin” deyishganidek, otamning urinishiga qaramay, bu baribir sodir bo’ldi va haligi yigit tap tortmay menga uylanmoqchi ekanligini otamga aytishga ham ulgurdi. U niyatini xuddi oilamizga katta bir inoyat qilayotgandek, uning taklifini baxtdan yuragimiz yorilgudek bo’lib qabul qilishimizga ishonchi komildek tantanavor ravishda e’lon qilganini eslasam haligacha tepa sochim tikka bo’ladi. Uning tirjaygan basharasiga elas-elas qarab turarkanman, o’sha lahzada boshimga osmon qulab tushgandek tuyuldi. U dinsiz edi, men esa o’ldirsalarda dinsiz kishi bilan hayotimni bog’lashni xohlamasdim, chunki, islomda bu gunoh ekanligini yaxshi bilardim. Demin Liga buni tushuntirmoqchi bo’ldim, ammo u eshitishniyam xohlamadi. Aksincha, meni hukumat siyosatiga qarshi chiqishda ayblay boshladi. Hukumat chiqargan qarorga ko’ra, xitoy millatiga mansub yigit sharqiy turkistonlik qizni yoqtirib qolsa va unga uylanmoqchi bo’lsa, qiz va oila a’zolari qarshi chiqmasliklari kerak, aks holda jazo qattiq bo’lardi. Otam hayotimni o’ylab, rozilik berishga majbur bo’lsa-da, men bunday majburiy nikohni miyamning hech bir hujayrasi bilan qabul qilolmasdim va turgan gapki, buni rad etdim. Bari shundan keyin boshlandi. Ertasiga hukumat vakillari askarlar yetovida uyimizga bostirib kirib, meni qamoqxonaga olib ketishdi. Bu yerda uch kunda ko’rgan azoblarimni dushmanimga-da ravo ko’rmasdim. Meni alohida kameraga qamab, avval dinimni tahqirlashni boshlashdi. Ro’molim va uzun kiyimlarimni yechib olishdi, so’ng qo’llarimni bog’lab uzun sochlarimni kesishdi. Kameramga qorovullikka qo’yilgan erkaksifat, baland bo’yli soqchi ayol uch mahal cho’chqa go’shti yeyishga va alkogol ichishga majbur qildi. Ikki kun hech narsa yemaslikka harakat qildim, uchinchi kuni u sochimdan tortib o’ziga qaratarkan, bo’g’imlari bo’rtib turgan qattiq barmoqlari bilan yuzimni siladi va qo’shib qo’ydi: “– Ey, yaxshilikcha senga berilgan yemakni ye, yo’qsa erkaklar qamoqxonasidan mahbus keltirib, kamerangga kiritib yuboraman! U ovqatingni yedirib qo’yadi!” U shunday deb xunuk ishshayarkan, yarim qisiq, bo’rtib chiqqan ko’zlari bilan boshimdan oyog’imning uchigacha, xuddi paypaslab ko’rayotgandek, qattiq tikildi: “– Agar erkakni ko’ngling tusamasa, uning vazifasini maromiga yetkazib bajara oladigan ayolni tanlashing mumkin! Bilasanmi, parivash, bunga jon-jon deb rozi bo’lgan bo’lardim…”
Uning oxirgi so’zlarini eshitarkanman tanam muzlaganini, hatto shuurim bir lahzaga ishlashdan to’xtaganini sezdim. Biroq, o’xshovsiz barmoqlari sochimni silayotganda seskanib tushdim, ongim yana zo’r berib ishlay boshladi va shahd bilan o’zimni chetga tortdimu, qarshimdagi aroq to’latilgan xira stakanga yopishdim; alam, uyat kuchi bilan uni ichib yubordim. Alkogolni umrimda tatib ko’rmagan emasmanmi, ichimga naq suyuq olov kirgandek bo’ldi, og’riqdan burishib, o’qchib yubordim. Soqchi ayol tepamda qarab turdi-da, tunuka tovoqni ma’nodor surib qo’yib, erkakcha qadam tashlagancha chiqib ketdi. Ovqatni yedimmi-yo’qmi eslolmayman, aroqni og’ziga olmagan odamga uning ozginasi ham uyqu dori singari ta’sir qilarkan shekilli, turgan joyimda uxlab qoldim. Aytishim kerakki, bu qamoqxonadagi birinchi uyqum edi.
Ertasi kuni eshikning daranglab ochilishidan uyg’onib ketdim – meni ko’rgani kelishibdi. Buni eshitib, yuragim to’lib ketdi. Baland bo’yli, kulcha yuzli otamning muloyim chehrasi ko’z oldimga keldiyu, ko’zim yoshga to’ldi. “Otajon!..” Nazarimda ko’rmaganimga bir asr bo’lgandi. Gandiraklab turarkanman, o’zimni tartibga solishga, yoyilgan sochlarimni to’g’rilashga harakat qilardim. Ro’molimni qidirarkanman, egnimdagi tizzam ko’rinib turgan kalta yubka, to’q jigarrang, yengi yo’q koftaga ko’zim tushdi va kiyimlarimni kelgan paytim olib qo’yishganiyu, mana shu uvadalarga joylashganini esladim. Otamni ko’rish quvonchi bilan urgan yuragim bunday ko’rinish uyatidan sekinlashib avvalgi maromiga tushganini, oyoqlarim sudralgancha tanamni olib ketayotganini his qilib, uzun yo’lakdan yurib ketdim. Ilk bor Sharqiy Turkistonda emas, olis Sibirda yoki Grenlandiyada, hech bo’lmasa Sahroi Kabirda bo’lsa ham tug’ilgim keldi. U yerlarda dinim uchun tahqirlamagan bo’lishardi, deb o’yladim.
Shu o’ylar bilan soqchining ortidan uchrashuv xonasiga kirib kelarkanman, otamni emas, Demin Lini ko’rib, sovuq yegandek uvushib ketdim.
U esa meni ko’rgach, nazarimda biroz gandiraklab qoldi. Go’yo meni qamoqxonadagi uchrashuv xonasida emas, biror restoranda kutib oldiyu, men kelganda ehtirom ko’rsatib, o’rnidan turdi va stulimni tortib o’tirishimga ko’maklashdi. Uning bu iltifotidan shunchalar mamnun bo’ldimki, basharasiga tarsaki tortib yuborgim keldi.
G’alati, bu oq-sariqdan kelgan, qora-qo’ng’ir aralashli paxmoq sochli, yuz tuzilishi bilan esda qolmaydigan kishilar sirasiga kiruvchi partiya xodimining uch kun avvalgi siyoqi yo’q edi hozir. Qisiq ko’zlari yanayam kirtaygan, archilgan tuxumdek yaltirab turuvchi yuzi soqoli anchadan beri olinmay, chang qo’ngandek xira tortgan, kiyimilgichning dastagi kabi osilib qolgan burni yuziga majburlab yopishtirib qo’yilgandek turar, basharasining yaxlit ko’rinishi g’ijimlab qo’yilganga o’xshardi. Hammasidan ham, ko’zlaridagi o’sha kungi o’t yo’qligi e’tiborimni tortdi. U gapni nimadan boshlashni bilmagandek, tikilib turdi-da, hol-ahvolimni so’radi. “O’zing ko’rmayapsanmi?” degandek o’qraygandim, dami ichiga tushdi. Eshik yonida turgan soqchi vaqtni eslatgach, biroz o’ylanqirab gap boshladi.
– Men…bunday bo’lishini xohlamagandim! Kechir…
– …
– Hammasini to’g’rilayman…Seni tarbiyalash jamlog’iga o’tkazdiraman hozircha! Keyin, uzog’i bilan…
– Kerakmas! Sizni ko’rishni xohlamayman! Siz tufayli… Yo’q, hech qanday yordamingiz kerakmas! Meni tinch qo’ying! – Hozir yig’lab yuborishimni sezib, pastki labimni tishladim.
– Yo’q, unday dema! Men…
– Bas! Ting qo’ying, sizni ko’rishni istamayman! – Uning so’zlaridan battar xo’rligim kelayotganini sezib, ketishga chog’landim. – Endi umuman ko’rinmasangiz yaxshilik qilgan bo’lardingiz!..
Ammo, gapirishga qo’ymay, qo’limdan tortdi.
– Otang… Hech bo’lmasa otangni o’ylagin! Uning uchun ham o’zingni asrashga… – Bu gapni eshitib, jonim chiqqandek “shilq” etib stulga o’tirib qoldim.
– Otam?.. Otamga nima bo’ldi?! Unga ham zulm qildingmi, iblis?
Holim qolmagan, so’zlar bo’g’zimdan zo’rg’a chiqar, o’z ovozimni bazo’r eshitayotgandim. Nazarimda olam birdan torayib, shu xonaga siqqudek bo’lib qolgan, undagi havo esa xonaga yetarli darajada ham emas edi.
– Seni olib ketishgach, u… U… yotib qoldi! – U bo’g’riqqandek qararkan, quruqshagan lablarini yalab olib, davom etdi. – Xavotir olma…hozir ancha yaxshi! U butkul tuzalib ketishi uchun ham sen bu yerdan chiqishing kerak…
Boyadan beri o’pkamga zo’rg’a kirib turgan havoning yo’li birdan yopildi-yu, boshim aylanib, hushimdan ketdim.

HABIBULLOH

Bolasog’un masjidining naqshinkor, havorang koshinlari, kirish eshigi oldidagi ko’rgan ko’zni quvnatib, yaratgan qo’llar egasiga tasanno aytdiruvchi o’ymakor, baland ustunlari bundan yigirma ikki yil avval ham yaqin kunlardagi kabi go’zal va salobatli edi. O’shanda ham kirish darvozasi oldidagi xayriya qutisi yonida o’rindiq bo’lar, savobtalablar bunda nafas rostlashar, so’ng din yo’lida ataganlarini quti teshigidan tashlab, uzoqlashishardi. Yigirma ikki yil avval endigina ushbu masjid imomligiga tayinlangan Abdurahmon Hafiz ish boshlaganining uchinchi kuni masjidga yo’l oldiyu, yaqinlasharkan o’rindiq ustida qalin matoga o’ralgan allanarsaga ko’zi tushdi. Taajjublanib “Xayriya qiluvchilar narsasini unutib qoldirdimikan?” deb o’yladi. O’ramni ocharkan, turli uvadalarga chirmalgan, onasining issiq bag’rida turgandek tamshanib yotgan chaqaloqqa ko’zi tushdi. Chamasi kechagina tug’ilgan go’dak hali qip-qizil go’sht bo’lsada, bu charxi gardunda ancha-muncha yashab qo’ygan kishidek qarimsiq yuzli edi. Imom biror kishini ko’rmoqchi bo’lgandek yon-atrofiga alangladi, ammo nainki atrofda, balki ko’cha boshiga qadar ham odam sharpasi ko’zga tashlanmas, bola qalin qilib o’rab-chirmalganligiga qaraganda hiyla avval qo’yib ketilgan edi. Shu taxmin ko’nglidan kechdiyu, yuragi shuvillagancha uni ko’tarib, apil-tapil masjid eshigini ochdi va o’zini ichkariga urdi. Bahorning oxirgi salqin kunlarida yoqilgandan beri hali ishga tushmagan xona burchagidagi pechka olovini yoqdi. Keyin qorovulni uyg’otib, uyiga yugurtirdi.
Shu bilan voqealar rivoji tezlashdi. Toza kiyimlar olib yetib kelgan xotini bilan bolani cho’miltirishdi. Keyin imom bolaning qulog’iga azon aytdi. So’ng yaratgan o’g’il bersa unga atab ko’ngliga tugib yurgani Habibulloh ismini bolaga berdi. Shu taxlit Allohning va o’zining uyiga uning do’stini qabul qildi.
Chaqaloq anchadan beri ko’zlari giryon farzand kutayotgan oilaning dil yarasi uchun Xudo bergan malham bo’ldi. Ammo, ko’p o’tmay malhamning o’zi malhamga zorligi, yaralari madda boylagan vujud bilan yaratilgani bilinib qoldi. Bola tug’ma nogiron edi. Chap oyog’i oqsoq va oyoqning shunday kemtik yaralgani uchun tana egasiga qasdi bordek harakatlanganida chap ko’zi ham asabiy odam kabi yumilib ketardi. Murg’ak vujud sog’lom o’ng ko’zi bilan olamni ko’rar, ammo ko’rishida nuqsoni borligini sezgandek yoxud keng olam go’zalliklarini bitta ko’zi sathiga qamrab ololmayotganidan siqilgandek uzzukun yig’lar, imomning ayoli Mahfuza uning dardiga davo topolmay barobar yosh to’kardi. Qaratmagan shifokorlari, Abdurahmon imomning Qur’on ko’rib qilgan amallarining hech biri qolmagan bo’lsa-da, tabiat bergan vujud davosiz dard bilan yaralgani, keyinroq esa bolaning nutqida nuqsoni borligi ham ma’lum bo’ldi. Bu orada, ya’ni Habibulloh ikki yoshga yaqinlashganda, o’n yillik kutishdan keyin xudo Mahfuzaga farzand berdi. Abdurahmon imom garchi ich-ichdan doimo o’g’il kutgan bo’lsa-da, qizaloqni qo’liga olgach, Alloh o’g’il sifatida Habibullohni yuborganini angladi. Negaki, xotini boshqa farzand ko’rolmasdi.
Alpang-talpang qadam tashlay bolagan Habibulloh bitta ko’zi bilan dunyoni ko’rishiga endi yig’lamay qo’ygan, kattalar tan bermaydigan taqdirga bola qalbi bilan ko’nikkandi. Bu bilan hayot u uchun yashashga qulaylashgandek ham edi. Yurishni boshlashi bilan qachon qarasa hovliga chopar, u yerda ham tinch o’tirmas, hali kichkina gulzorchadagi gul butalari orasiga yugurib, gul tikanaklariga tilinib chinqirib qolsa, og’rig’i bosilib-bosilmay tovuq katagidagi jo’jalarni tutmoqchi bo’lib, tovuqlarni qaqag’latardi. Endigina boladan bo’shanib, tug’ruq og’riqlari tanini butkul tark etmagan Mahfuza uni deb charchab qolar, aldab-suldab uyga olib kirishi bilan bola ko’zini shamg’alat qilib, hovliga qochardi. Chaqalog’iga andarmon bo’lib chalg’igan juvon mushukning dumi tortilganiga chidolmay jon achchig’ida miyovlagan ovozidan yoki suv bilan o’ynashni yaxshi ko’radigan barcha bolalar kabi obdastani daranglatishidan o’g’lining allaqachon yonidan qochib qolganini bilardi. Farishtalardan andoza olib yaratilgandek oppoq yuzli, munchoq ko’zli va baxtiga yuvoshgina bo’lib ulg’ayayotgan qizchasining uxlaganidan foydalanib yana mitti to’polonchini qidirgani ketardi.
Kunlar shunday o’tar, jisman kemtik yaralgan bo’lsada Habibulloh dunyodagi barcha bolalardan ko’ra tezroq o’sayotganini er-xotin sezishgandi. Esini tanib, otasining qilgan ishlarini, ayniqsa namoz o’qishini kuzata boshlagach bola unga taqlid qilishni boshladi. Oddiy taqlid bilan boshlangan ixlosmandlik jiddiy xohishga aylanib, otaning ketidan uni masjidga yetakladi. Endigina besh yoshni qoralagan bo’lsada namozni kattalar qatori masjidda ado etishni boshladi. Imom Abdurahmon uni kuzatarkan, Olloh birni olsa, o’rnini boshqasi bilan to’ldirishiga amin bo’lsa, soqovlanib, g’o’ldigancha duo o’qigan kezlari ilohiy nur bilan yorishishini, asabiy odamnikidek har zamon pirpirovchi ko’zlarining shu lahzalarda tek qotishini sezdiyu, yanada iymon keltirdi. Shunday kun kelajakki, sog’lom tanlar shu pajmurda vujud ortida turib, namozlarini ado etishlari mumkinligini beixtiyor ko’z oldiga keltirdiyu, “Hudo hofiz” deb qo’ydi.

28.06.2019

Quyoshni yer yuziga barobar nur sochadi, xalqlarni bir-biridan ayro ko’rmaydi deb kim aytgan o’zi? Buning yolg’on ekanini tarix hammadan ko’ra bugun yaqqol isbotlamoqda. Barchani teng ko’rmaslik, millati va dini tufayli kamsitish undan boshlangan. Biz sharqiy turkistonliklar uning orqa tarafida joylashganmiz. Uning nurlariga begonamiz, zulmatda bo’g’riqib yashashga – kun ko’rmaslikka mahkummiz! Bizni Xudo shunday yaratgan…
Astog’furulloh! Miyam tobora ayniy boshlaganini his qilyapman, yo’qsa bunday shakkokona fikrlar ko’nglimdan sira kechmasdi… Telbaga aylanib qolmasimdan bu yerdan chiqishim kerak. Lekin, qanday qilib?
Bu qamoqxonadagi hujramning ilk haftasida kechirayotgan o’ylarim edi. Yozning dastlabki kunlari bo’lsada, hovliga qaragan kichkina darchasidan quyosh nuri tushmasligi sababli zax va shiptir hidi kelib turadigan kameraning kattaligi eni va bo’yiga to’rt enlik masofa bo’lib, azobli xayollar qiynagan kezlarda bu kichkina masofani qadamlab o’lchaganim-o’lchagan edi. Gohi aksincha, kuni bo’yi taxta karavotda o’zimni unutgancha hushsiz yotar, yo’lakdan yoki qamoqxona hovlisidan eshitilayotgan qadam tovushlari va turli ovozlardangina dunyoda mavjudligimni his qilardim. Bu hushsiz kunlar so’roqqa chaqirilgan azobli tunlardan keyingi holsizlik va karaxtlik bo’lardi.
So’roqni doim bir kishi – pakana, tikanak sochli xitoy erkak olib borar, uning savollari asosan nima sababdan hukumat farmoniga bo’ysunmaganim – partiya xodimiga qarshi chiqqanim, nega musulmon ekanligim haqida bo’lar, so’roqning yakuni esa Xudoyim menga azobli kunlarimda nima yordam berayotgani haqidagi kesatiq bilan tugardi. Shuningdek, har gal qilmishimdan pushaymon ekanim, dinimdan kechganim, bundan buyon kommunistik partiyaning shonli yo’lidan og’ishmasligim haqida tilxat yozib berishimni talab qilar, rad etganimda soqchi ayollar o’lasi qilib kaltaklashardi. Tergovchi qiyofasidagi iblis burchakda, chiroqning xira yog’dusi ostida papiros tutatganicha azoblashlarini jimgina kuzatar, holim qolmagach azobli so’rovini tugatardi.
Oxirgi so’roqdan keyin ahvolim o’ta yomonlashdi. Kameradagi taxta karavotda uch kun qimirlamay yotdim. To’rtinchi kuni tushga yaqin ko’zimni ochganimda miyam haliyam karaxt, qo’l-oyog’im simillab og’rir, ichimdagi har bir a’zo o’rnini bilintirib turardi.
O’sha kuni kechqurun usti yopiq mashinada shu yerga – “qayta tarbiyalash jamlog’i”ga keltirishdi.
Jamloq binosi to’rt qavatli bo’lib, unga yondosh binoda kameralarimiz joylashgandi. Meni keltirishgan kamera zangori rangda, xona bo’ylab P shaklida ikki qavatli taxta so’rilar joylashtirilgan, o’rtada orqasi suyanchiqsiz yumshoq o’tirgichlar qo’yilgan bo’lib, xona faqat yotoqxona vazifasini bajarardi. Derazalariga havorang pardalar ilingan qo’nog’imizning yaxlit ko’rinishi o’rtamiyona sharoitli shifoxona bo’limini eslatsa-da, unga uyqu paytidan boshqa vaqt kirishga ruxsat berilmasligi – kunduzi hamma mashg’ulotda va ishda bo’lishi shart edi, ikki tomondan kuzatib turgan kameralar va ayg’oqchi xitoy mahbus tufayli erkin harakatlanish tugul erkin gaplasholmasligimizni hisobga olganda, bu yerni sihatgohga o’xshatish bizni mazax qilish bilan barobar edi. Unda mendan tashqari besh tarbiyalanuvchi va bir xitoy bo’lgan bo’lsa, mendan so’ng yana ikki qizni keltirishdi. Ilk kunlarimdagi behollik tufayli ular bilan qo’shilishib ketolmadim. Shusiz ham kameradagilar bilan tanishish, yaqindan suhbatlashishga imkon yo’qligidan darslar oralig’ida, oshxonada, ish paytida, hovlida, umuman yaqinroq suhbatlashish sharoiti bor qayerki bo’lsa, foydalanishga harakat qildim. Xullas, o’tgan bir oy davomida ular haqida ozmi-ko’pmi bilib oldim.
Mendan keyin keltirilgan o’rta bo’yli, qosh-ko’zi kelishgan Hulkar ro’molini yechishganida qarshilik qilgani uchun keltirilgan bo’lib, endi nainki ro’molsiz, balki barcha mahbusalar kabi kalta, ochiq-sochiq kiyimlarda yurishga ham majburlangandi. Nazarimda, bu yerda uni bundan-da yomonroq nimalargadir ham o’rgatishayotgandi. Chunki, yaqindan boshlab, ayniqsa kechalari biror dori yoki narsaning qattiq xumori tutayotgan kabi harakatlanar, goh bir nuqtaga tikilgancha qo’llari akashak bo’lgandek tirishishni boshlasa, goh havo issiq bo’lishiga qaramay qalt-qalt titrashini sezardik. Shunday paytlarda u devorni tepib-tirnab, baqirishga tushar, biz esa nazoratchi yetib kelguncha xavotirlanib o’lib bo’lardik. Ko’rikdan qaytgach, jim va karaxt bo’lib qolar, bu sokinlik yangi xurujgacha davom etardi. Chamamda, qattiq kasal edi. Uning tepasidagi o’rinda Muvashshah ismli juvon joylashgan, uning “gunohi” – yangi tug’ilgan egizaklariga Fotima va Oysha ismlarini qo’ygani edi. Yaqinda keltirilgan ayol bir tomondan farzandlarining sog’ligini o’ylab qiynalsa, ikkinchi tomondan ko’kragi sutga to’lib, og’riq berishidan azoblanardi. Ko’pincha burchakka tiqilib, yig’lab o’tirganiga guvoh bo’lardik. Sochlari oppoq Hadicha ayaning uyidan Robiya Qodir va o’g’illari haqidagi maqola berilgan gazeta topilgan bo’lib, bu yerda g’am-alamdan tishlari to’kilishni boshlagandi. Sakina ismli mendan ikki yosh kichik qiz facebook tarmog’iga kirgani uchun jazolangan bo’lsa, Oygul ismli o’rta yoshli qirg’iz ayol Sharqiy Turkistonga nisbatan zulmga qarshi kurashga chaqirib, varaqa tarqatganlikda ayblangandi. Fotima va Zuhra ismli opa-singil uyg’urlarning birining gunohi baqqolning xitoy ekanidan bexabar go’shtning halolmi-yo’qligiga qiziqqani bo’lsa, biri maktabda tarix fani o’qituvchisi bo’lib, darsida uyg’urlar tarixi, ularning etnik kelib chiqishi haqidagi gaplari sabab bu yerga tushgandi. Albatta, ularning yarmidan ko’pi mendek avval qamoqxona “maza”sini tatigan, keyin aqlini yig’ib olishi uchun jamloqqa keltirilganlar edi. Hammadan narida – burchakda yotgan xitoy ayol ayollar qamoqxonasidan bo’lib, hukumatga qarshi har qanday hatti-harakatimizdan tortib, aytgan gapimizgacha “quloq”lik vazifasini bajarardi.
Kunimiz tonggi oltidan boshlanar, nonushta deb ataladigan qotgan non va chala qaynagan shakarli choydan so’ng hammamiz jamloqdagi ish o’rnimizga tarqalar, ish soat to’qqizgacha davom etardi. Keyin tushgacha Xitoy tili va kommunistik partiya yo’riqnomasi deb ataladigan darslar bo’lardi. Darslar tugab, oshxonada bo’ladigan tushlikdan keyin yana ishimizga qaytar, har birimizning bo’ynimizda kundalik mehnat majburiyati bo’lardi. Majburiyatni vaqtida bajarmaganlarni kaltak va tahqir kutardi.
Mening chekimga Sakina bilan kirxonada ishlash tushdi. Har soatda keltiriladigan g’aram-g’aram kirlarni ko’rib, mamlakat irkitga botganmi deb o’ylardi odam. Ulkan xonadagi chang va badbo’y hid filni yiqitar darajada bo’lgani uchun birinchi kunlar ko’nglim aynib, hushimdan ketishimga sal qoldi. Ammo, bora-bora bunga o’rgandim. Sakina bilan xonadosh bo’lganimiz uchun bir-birimizga yordam berishga harakat qilardik. Ammo, har daqiqada aylanib o’tiradigan zolim nazoratchi ishimizdan kamchilik topguday bo’lsa, kaltagiga yopishardi. Bir gal ishimdan ayb topib, qilig’ini takrorlagach, unga qarshilik ko’rsatdim. Ammo, bu qarshilik bir hafta meni alohida xonaga qamab, non-suvsiz jazolash bilan yakunlandi. O’sha kunlardagi azobimni dushmanimga ham ravo ko’rmasdim, negaki yozning jaziramasida ochlik ichingga tushgan kalamush kabi tirnar, ayniqsa suvsizlikka chidab bo’lmasdi. Bir haftadan so’ng kameraga qaytganimda qoni qochgan yuzim va chanqoqdan yorilib ketgan lablarimdan hamxonalarim meni zo’rg’a tanishdi, Sakina va doimo karaxt yuradigan Hulkar ahvolimni ko’rib, yig’lab yuborishdi.
Shundan ikki kun o’tib, meni ko’rgani Demin Li keldi-yu, ahvolimni ko’rib, ranggi bo’zarib ketdi. Nazarimda, qamoqxonadan keyin meni bu yerda yaxshiroq holatda ko’raman deb o’ylagandi. Ammo, jamloqdagi ko’rinishim undagidan farq qilmasligi ko’rga hassadek ayon edi. U ko’nglidan kechayotganlarini bildirmaslikka uringandek, tomog’ini qirib qo’ydi.
– Salom, Oydin?
– Salom…
– Qandaysan? – U bir tekisda so’zlashga harakat qilsa-da, bunday holatimdan qiynalayotgani sezildi. Ammo, uning achinishi-yu, ahvolimga qiziqishi bilan sariq chaqalik ishim yo’q edi. Chunki, u sababli bu yerda edim.
– …
– Biror nima desang-chi? – U cho’chigandek qarab qo’ydi – portlashimdan qo’rqardi, chamasi. Ammo, so’nggi azoblar tufayli hatto alamlarimni ko’rsatishga-da holim va hafsalam yo’q edi. Shuning uchun gaplariga e’tibor bermagandek, umuman bu yerda bor-yo’qligi parvoyimga kelmagandek quyosh nurlarining stol ustidagi raqsini tomosha qila boshladim.
– Bilaman, mendan xafasan… Ammo, ishon, qamoqxonaga va bu yerga tushishingda aybim yo’q… – U gapirishimni kutgandek bir lahza jim qotdi, ammo indamasligimni ko’rib, barmoqlarini zo’r berib chimdigancha gapida davom etdi. – Meni rad etgan kuning kafega borib, bo’kkuncha ichdim… Yonimda ikki-uch hamkasblarim bor edi. Nazarimda, taklifimga yo’q deganingni mastlikda aljirab qo’ygan bo’lsam kerak… Seni qamoqqa olib ketishganini…ertasi kuni tushga yaqin bildim…
So’zlari rostligini bilish uchun ko’zlariga tikilib qaramoqchi bo’ldim, lekin u barmoqlarini asabiy o’ynagancha yerdan ko’z uzmas, chap qovog’i uchayotganini bekitishga urinardi. Ammo, ichimda bir ovoz “Timsohning ko’z yoshlariga ishonma…” degandek bo’ldiyu, u yonimda yo’qdek yana beparvo bo’lib qoldim. Biroq, bir istagim bor ediki, ayni damda otam haqida bilgim kelardi.
– Otamning ahvoli qanday bo’lsa… – Shunday deganimda yuzi qorayib ketgandek tuyuldi.
– Sen…undan xavotir olma! O’zim…xabardor bo’lib turaman! – U shosha-pisha javob berdi. – Sen faqat…o’zingni ehtiyot qilishga menga… – U gapining davomini unutgandek, chaynalib qoldi.
– Xo’p, yaxshi… Bas qilsak ham bo’lar… – Mehribonchilik qilmoqchi bo’lganini sezib, qovog’imni uydim. – Endi borishim kerak!
– Iltimos, shoshma! Hali ozroq vaqt bor… – U yalingansimon qo’limdan tortib, joyimga o’tqazdi. – Menga ishon, seni bu yerdan albatta olib chiqaman! Uzog’i bilan bir oyda… Faqat ungacha…ehtiyot bo’lishga, o’zingni asrashga menga so’z berishing kerak, Oydin!
Oxiri portladim. Shahd bilan unga qaragandim, shosha-pisha qo’lini tortib oldi –ko’zimdan uchqun sachragan bo’lsa kerak.
– Siz qachondan beri menga iltimos qiladigan yaqinim bo’lib qoldingiz? Aslida shu ko’yga tushishimda siz sababchi emasmi?! Uyat, bet degan narsa bormi sizda?.. – Xonada soqchi borligi uchun alamli savollarimni tishlarim orasidan chiqarib, vishilladim. – Bu mehribonchiligingiz asabimga tegyapti. Shuni tushunasizmi o’zi?!
Zumda dami ichiga tushib, mung’ayib qoldi. O’ylanib qoldim, nazarimda ahvolimdan azoblanayotganga o’xshardi. Ammo, uning achinishi ahvolimni yengillashtirolmasdi, tahqirlar yetkazgan jarohatlar asoratini yo’qotolmasdi… Eng alamlisi, men keyinchalik bilgan ulkan yo’qotishimni – aziz insonimni menga qaytib berolmasdi… Bundan tashqari, beg’ubor, dunyoni yorqin ranglarda ko’ruvchi Oydinni hayotga qaytarolmasdi… Chunki asl Oydin Hafizni qamoqxonaning va tarbiya jamlog’i deb ataladigan mana bu qatlgohning qorong’u burchaklarida ovozini bo’g’dilar, ruhini o’ldirdilar. Demin Lining qarshisida turgan uning soyasi edi, xolos.
Xayolimdan kechayotgan alamli o’ylar bilan uzoqlasharkanman, xo’rsinganini eshitdim.

SUKUNAT OVOZI

Habibulloh ulg’ayib, ko’p vaqtini masjidda o’tkazayotgani uchun uning Xudoni va dini islomni qattiq sevishi, zo’r ixlos bilan namoz o’qishi, boshqa paytlarda mehrob oldida o’zicha pichirlab yoki g’uldirab nimalardir deb o’tirishi Abdurahmon imomning diqqatini tortgach, ism insonning taqdiri bo’larkan-da deb ko’nglidan o’tkazdi. Bu orada masjid qorovuli vafot etgach, Habibulloh otasiga imo-ishoralar bilan yalinib-yolvorib, masjid qorovulligini oldi. Endi kun davomida masjidda bo’lardi. Abdurahmonning xotini dunyodan erta ketib, bolalar tarbiyasi, ayniqsa jismoniy kamchiliklar bilan dunyoga kelgan bolani oyoqqa qo’yish, ko’nglini ko’tarib tarbiyalash uni qiynab qo’ygan bo’lsada, bu Tangrining sinovi, Yaratgan azobni suygan bandalariga beradi deb hisoblardi.
Habibulloh darhaqiqat Allohning oshig’i edi. Qiroat bilan o’qilgan suralarni eshitdi deguncha ko’zlaridan yosh kelar, g’o’ldirab nimalardir demoqchi bo’lar, ammo fikrini tushuntirolmay qiynalardi. Mushaklari bo’rtgan, mo’ylabi chiroyli ko’zga tashlanib, yigirmani urib qo’yganiga ham ikki yil bo’lgan yigit haliyam bola kabi sodda va beg’ubor, qalbida Xudo va u yaratgan borliqqa, daraxtlaru o’simliklar, qushlaru hayvonlarga mehrdan bo’lak hech narsa yo’q edi.
Yozning ilk kunlaridagi halovatsiz kunlarning birida, saharlab masjidga keladigan otasi kun boshlansa hamki ko’rinmadi. Kecha uylarida partiya odamlari yotib qolganini bilgani uchun Habibullohning ko’ngli besaranjom bo’la boshladi. Cho’loqlanib qadam tashlagancha kichik hujrasida nari borib-beri kelarkan otasi nega kelmaganini o’yladi. Ammo, ming o’ylagani bilan javob topolmasligini bilgach, uyga borishga qaror qildi.
Darvozadan hatlab, daraxt soyasidagi so’rida o’tirgan, ro’moli boshidan tushib ketganini sezmay ezilib yig’layotgan ammasiga, cho’kib qolgandek ma’yus turgan amakilariga, so’ng ostonada boshini changallab o’tirgan otasiga ko’zi tushdi. Hamisha tartibli yuradigan Abdurahmon imom ko’ylagi yoqavayron, oyoqyalang o’tirar, mung cho’kkan ko’zlari bir nimani qidirayotgandek, yerdan uzilmasdi. Yuragi potirlab otasiga yaqinlashdi, engashib nima bo’lganini so’radi. Ota uni ko’rdi-yu, boshi yanada egildi. Asrlarga cho’zilgandek tuyulgan sukutdan so’ng singlisini hukumat askarlari olib ketishganini aytdi.
Habibulloh ishonmagandek, go’yoki otasi hazillashayotgandek yonidagilarga javdirab qaradi. Xudodan keyin sevganlari orasida odamlar kam bo’lib, Oydin o’sha kamlarning yagonasi edi. Uni izlab, turtinganicha ichkariga otildi, og’ib ketgudek qadam tashlagancha xonalarni qarab chiqdi. Singlisining xonasiga kirib, har burchakni qaradi. Xonada uning buyumlari, kiyimlari, hatto uni eslatuvchi ifor ham bo’lsa-da, egasini topolmadi. Kalovlanib hovliga qaytib chiqdi, otasining ikki bukilib qolganini ko’rib o’kirib yuborgisi keldi-yu, o’zini bosdi, dardini og’irlatishni hohlamadi. Ichini to’ldirgan gaplarini qanday aytishni bilmadi. Shu tobda yigitning ko’ksi to’la alam, hasrat va nomsiz allanimalardir edi. Ey, Xudo, bu nima qilganing, demoqchi bo’lgandek qo’llarini cho’zib, ko’kka tikildi. Ammo, parcha bulut suzib yurgan samo jim edi.
Bu oila osmonidagi bulut edi. Uch kundan so’ng hukumat askarlari namozxonani buzib tashlashdi, qarshilik qilgan Abdurahmonni ayamay kaltaklashdi. Habibulloh oraga tushganida, nogironligiga qaramay uniyam savalashdi. Tushga borib, imomning yuragi to’satdan xuruj qildiyu, chorak soatga yetmay o’g’lining qo’lida jon berdi. Uning jon achchig’ida qimirlagan lablaridan yigit “Oydinni…diningni himoya qil…” deganini tushundi.
O’sha kuni masjiddagi hujrasiga kirib, o’kirib yig’ladi. Bu tilsiz begunohning ovozsiz yig’isi edi. Bu o’kirikda yillarki yig’layotgan Sharqiy Turkistonning, bu yerda xo’rlik tortayotgan musulmonlarning dunyoni titratgulik hasrati mujassam edi…

12.07.2019

Biz dunyoga nega kelamiz? Nega yashaymizu, nega o’lamiz? Dunyo shunchalar tubanlashgan ekan, yashashdan nima ma’ni? Qo’lingda bo’lsa-yu, tug’ilsangda yurib qabringga kirib ketsang… Oxiri o’lim bilan tugaydigan umringda qazoi-qadar kelguncha nechalab o’lish tashvishidan qutulgan bo’larding shunda! Xo’sh, hayotning adog’i baribir o’lim ekan, nega ba’zilar sira o’lmaydigandek yashaydilar? Abadiy yashash kafolatiga egadek, hayotdagi qilmishlari uchun hisob bermaydigandek tinimsiz qabihliklar qilaveradilar?.. Zolim odamlarning tuprog’i qayerdan olingan? Yaxshiyu yomonning, zulmkoru mazlumning tuprog’i bir yerdan bo’lsa, nega Yer ularni bag’rida ko’tarib yuribdi? O’zidan bino bo’lgan yiringlarini ezib tashlasa bo’lmaydimi?… Xudoyim, bu savollarning adog’i bormi? Ikki haftadirki go’yo miyamga charx o’rnatilgan, unda shu savollar aylanaveradi, aylanaveradi… Qani ularga javob bo’lsa!
Shu vaqt davomida kundalikka yozgani hafsala qilmadim: hammasi behudadek tuyuldi. Ammo, “Ko’nglingdagilarni to’k…va unutma; sen tarixni yozyapsan, to’kilgan qonlar uchun qachondir qon qusib javob beradilar” degan nido borliqda yangragandek tuyuldi.
O’tgan vaqt butun umrimga-da og’irlik qiladigan hasrat va alamni berdi. Bu kunlar davomida ko’rganlarimni xotiramni yo’qotsamda unutolmasam kerak…va sezyapmanki, unutishga haqqim ham yo’q. Unutilgan tarix takrorlanib, xunini so’raydi. Uff… Boshidan boshlamasam xayollarim chalkashib ketyapti.
Demin Li kelgan kunning ertasiga Hulkar – mendan ilgari keltirilgan chiroyli uyg’ur qiz joniga qasd qildi; kechqurun ishdan qaytib, deraza panjarasiga osilgan kameradoshimizga ko’zimiz tushdi. Buni o’z ko’zing bilan ko’rish shunchalar azobli ediki, egilgan boshi, qo’llari shalvirab yoniga tushgancha, hovliga qaragan – bizga orqasini o’girgancha osilib turgan jasadi hozirgacha tushlarimga kiradi. Bu tushlarda mubham kechinmalar bilan jasadni o’girib qararkanman, jonsiz tana tushlarimning birida otamning, boshqasida akam yoki ammamning murdasiga aylanib qolganini ko’rib, qora terga botib uyg’onib ketaman. Xira tortgan shuurimda xonadagi barcha derazalar panjarasida murdalar osilib turgandek, karavotlardan ko’rinib turganlar o’liklarning boshidek, o’zim esa allaqachon to’ng’ib qolgandek tuyulib, og’irlashgan boshimni yostiqqa tashlayman.
Hulkarni nima bunga majbur qildi, hayotdan shu qadar to’yganmidi kabi savollar barchamizdan kechayotgani aniq. Negaki, tund qarashlar, gung bo’lib qolgan tillar ularda gaplar ko’payganidan og’irlashganining belgisi edi.
Bu fojeadan uch kun o’tib, yana jazolandim – Sakinaning yonini olib, nazoratchiga qarshi bordim. Kaltak ketidan yolg’iz hujraga qamashdiyu, oldinda turgan va qancha davom etishi noma’lum ochlik azobini aytmasa, bema’ni darslar va badbo’y kirxona changidan qutulganimga bir hisobda xursand ham bo’ldim. Ammo, jamloq “tarbiyalanuvchi”lardan shunchalar to’lganmi, kartser vazifasini o’taydigan hujrada bu gal yana bir jazolanuvchi ham bo’lib, u kameradoshim, egizaklarning kattasi Fotima bo’lib chiqdi. To’satdan, ikki kundirki uni ko’rmaganimni esladim. Nachora, so’nggi kunlardagi voqealar ta’siri ongni shunchalar karaxtlagandiki, atrofingdagi hamma narsani ham ilg’ab ololmasding. U Hulkar bilan oshxonada ishlardi, bu yerga bosh oshpazga qarshi borgani uchun tashlangandi.
Fotima ozodlikda maktabda tarixdan dars bergan. Uyg’urlar tarixi haqida ta’qiqlangan mavzularni gapirganu, “siyosiy hushyor” o’quvchilar tufayli jamloqqa tushgan. Suzuk qora ko’zlari va qoshlari, yuzidagi kulguchi bilan uni istarali qiz deb topdim. Ammo, bu istarali kameradoshim bilan sira yaqindan suhbatlashmagandim. “Jinoyat”im tarixini bilgach, yog’och so’risidan tiklanib, devorga suyandi.
– Siz ham o’zimizdan ekansiz! – Shunday deb, ma’noli tomoq qirdi.
– Nimani aytyapsiz?
– Jazolanishingiz sababi jiddiy – hali-beri chiqmaysiz…
Bu “bashorati” bilan ko’zimga shunday yomon ko’rindiki, uni istarali deb topgan fikrimdan qaytdim.
– Chunki, hukumat farmoniga ochiq qarshi chiqqansiz, bu – hazilakam gapmas. Men, Hadicha xola, qirg’iz ayol, ismi Oygulmidi, yana siz…xullas bizning ishimiz jiddiy.
– Ko’p deganingiz kancha?
– Bu o’zingizga bog’liq. Ma’murlarga so’zsiz itoat qilsangiz, o’quvlarda faol bo’lsangiz chiqish tezlashadi. Masalan, Hadicha xola bu yerda ikki yildan beri o’tiribdi. Bechora, uyidagilari uning qayerdaligini bilmaydi hatto…
Uning gaplaridan ichimga titroq kirdi.
– Hulkar…o’lib qutuldi, sho’rlik. Bo’lmasa u ham ko’p o’tirardi. Chunki, u ham e’tiqodiga sodiq edi… Men…uning nega o’lganini bilaman!
Shunday derkan, qo’rqa-pisa eshikka alanglab oldi. Xayollarim bilan uni eshitmayotgan bo’lsamda, oxirgi gapidan jiddiy tortdim.
– Xo’sh?
– Uning nomusini toptashdi!.. Shu sababli…Chidolmay o’zini-o’zi… – Lablari titrab, yuzini o’girdi. Bu gapdan qaltirab ketgan bo’lsamda, hayron edim, chunki ahyonda oziq-ovqat yoki yangi tarbiyalanuvchilarni keltiradigan soqchilar va semiz haydovchini aytmasa, jamloqda erkak zoti yo’q. Kirishu-chiqish eshiklarigacha ayol soqchilar o’tiradigan jamloqda birorta erkak bo’lmasa…
U fikrlarimni o’qigandek, pichirlab davom etdi.
– Uning o’limidan oldingi kungacha jinsiy zo’ravonlik desa bir jinsning ikkinchisiga kuch ishlatishini tushunardim. Ammo, bu narsa bitta jins ichida ham bo’larkan…
– Q-qanaq-qanaqasiga?
– Ko’zga yaqin qiz-juvonlar hammadan ehtiyot bo’laverishi kerak. Chunki, bu yerda…
Uni eshitarkanman, qamoqxonada menga hirs bilan tikilgan soqchi ayol ko’z oldimga keldi.
– Baribir na darsga, na ishga borarkanmiz, bafurja aytib bera qolay unda – u ovozini biroz pastlatarkan, hikoya qilib bermasa bo’lmaydigandek, cho’nqayib o’tirdi. – Bilasiz, oshxonada ishlardim u bilan… Shu desangiz, jamloqga tushgach, papirosga o’rgandim – u qizardi. – Shu o’lgurni bitta tortsam, yashash yengillashgandek tuyuladigan bo’lib qolgan, rosti. Xullas, o’sha iflos bosh oshpazning sigaretidan o’g’irlashni odat qildim – o’lgur parovozga o’xshab har soatda tutataverganidan, qutisi bilan oshxonadagi javonda turardi. Har ikki-uch kunda bir qutisini kovlashtirib, ikki-uch donasini fartug’imga yashirib chiqardimu, hojatxonagami, yo biror burchakkami o’tib, chekib kelardim. O’sha kuniyam xumori tutgach, ikki dona sigaretni gumdon qilib, hojatxonaga bordim. Baxtga qarshi, band ekan. Hovlidagi umumiyga borish uzoqlik qildi-yu, omborxonaga yugurdim. Kirasolib kartoshka qutilari turgan burchakka o’tdim. Endigina gugurtni chiqargandim, qadam tovushlari eshitildi. So’ng eshik ochilib, gavda tuzilishi, katta dumbasini chiqarib yurishi bilan yunon miflaridagi kentavrlarni eslatadigan, qisiq ko’zli tund ayol – bosh oshpaz, ortidan Hulkar kirib keldi. O’ta tajang va zulmkor bosh oshpazning na ismini, na millatini bilmasamda, odam turidan emasligini yaxshi anglardim – u naq inson shamoyilidagi iblis edi. Ammo, Hulkar bu yerda nima qilayotganini tushunmasdim. Nazarimda, urg’ochi iblis aldab olib kelgandi uni. Gugurtni yashirib, ichkariroq surildim. Ammo…bilasizmi…men bolalarga tarixni o’tganman, fashistlar davridagi kontslagerlar hayotini gapirib berganman. Lekin, bu yerdagi zulm o’sha kontslagerlardagidan qolishmaydi – u titrab, yuzini kaftlari bilan bekitdi. – O’shanda birozdan so’ng qanday jirkanchlikka guvoh bo’lishimni bilganimda…yonimda go’sht qiymalagichnimi, hechqursa birorta pichoqmi olib borgan bo’lardim! Davomini aytolmayman!.. Uyalaman…xuddi o’zim bilan bo’lgandek, nomusga chidolmayman!
Ezilib yig’larkan, dahshat ichida uni kuzatardim. Yig’isi pasaygach, qo’llarini yuzidan olib, menga tikildi.
– Bilasizmi, siz chiroyli qizsiz. Bu yerda o’zingizni asrang, Oydin! Hech qachon yolg’iz yurmang, eshityapsizmi! Ayniqsa, bosh oshpaz va uchinchi bo’lim nazoratchisining yoniga yolg’iz bormang! Ularda hayvoniy hirsdan boshqa narsa yo’q…
So’ng tor, qachonlardir oqartirilgan hujraning kirlangan va zax tusi urgan devorlariga tikilib jim bo’lib qoldi. Bu paytda kun tushdan og’gan, tepadagi kichkina darchadan botayotgan quyoshning zaif nurlari tusha boshlagandi. Zaminning quyosh atrofidagi navbatdagi kuni tugayapti. Nurlari butun olamni qizdirsayu, sening qalbingda yorug’lik bo’lmasa, quyoshning bolalar o’yinchog’idan farqi yo’q. Yoki uning orqa tarafida yashayotganlar uchun yog’dular qalblarga qadar yetib kelmasmikan? Shu o’ylar bilan ter va kir hidi anqib turgan irkit yostiqqa boshimni tashlarkanman, Fotima qizargan ko’zlarini darchadan olmay, davom etdi.
– Menga nima alam qildi, bilasizmi? Iflos bu ishini bildirmasdan qilish uchun Hulkarni giyohvand moddaga o’rgatgan ekan. Har gal uning sarxushligidan foydalanib… – U yana jim bo’lib qoldi, so’ng o’rnidan turib, xona bo’ylab sudralgandek yura boshladi. – Bu yerdan chiqishim bilan o’ldiraman!
Og’riq qayta-qayta takrorlansa taningiz o’rganganidek, sizni esankiratuvchi hayrat va dahshat ortgani sari bora-bora hayratingiz o’larkan. Hulkar haqidagi haqiqatni eshitarkanman, uning o’zini tutishi, ko’pincha karaxt yurishi ko’z oldimga keldi-yu, na yuragim uvushganini, na tanimga titroq kirganini sezdim. Xuddi shunday bo’lishi kerakdek! Xuddi bu oddiy holdek…
Fotima yurishdan charchadimi, xonadagi yagona kursiga o’tirdi. Qo’llarini ishqalab, menga qaradi.
– Xumori tutyapti! Qani endi bir donagina bo’lsa!.. Xuddi miyamga kimdir bolg’a bilan urgandek bo’lyapti… – U beo’xshov jilmaydi. – Jamloqqa sizni ko’rgani kelishadi, shundaymi?
Hayron bo’ldim.
– Xitoy yigitni qizlar ko’rishibdi – u yelkasini qisib qo’ydi. – Yana kelsa…bir quti sigareta iltimos qilolmaysizmi?
Dahshatdan o’rnimdan turib ketishimga sal qoldi. U meni kimim ediki, iltimos qilaman?! Fotima sovuqdan uvushgandek, yelkasini qisdi.
– Mayli…kerakmas. Lekin, sizga maslahat bermoqchiman… Unutmang, kim bo’lishidan qat’iy nazar, u – xitoy; biz kabi uyg’ur yoki o’zbek emas… Bu mamlakatda qadri bor millat vakili! Undan foydalaning, Oydin! Yo’qsa, qachon qutulishingizni Xudo biladi. Shoshmang, gapimni eshitsangiz-chi… Bo’lmasa bu yerdan tirik chiqmaysiz, tushunyapsizmi? Agar chiqqan taqdiringizda ham tashqi dunyoga qo’shilolmaysiz…ruhan boshqa odamga aylanasiz!..
Uni eshitishni xohlamay, kaftlarimni quloqlarimga bosdim. Men nima darddamanu, buning gapini-chi! Shu yerga tushishimga sababchi bo’lgan mal’unga ishonamanmi?! Yaxshisi, o’lib ketganim yaxshi! Ha, shunday bo’la qolsin…
– Bugun musulmonlarning bu yerdagi ahvoli bilan hech kimning ishi yo’q. Yon-atrofimizdagi davlatlar, ayniqsa Markaziy Osiyodagilar Xitoyning bu siyosatiga panja ortidan qarab, o’zlarini Sharqiy Turkiston degan hudud xaritada yo’qdek tutishadi…Bu menga Gitler siyosatini eslatadi… Uning harakatlariga jim turib, yordam bergan Yevropa davlatlarini u birinchilar qatorida egallagandi…
Fotima asabiylashib gapirarkan, men titrab ketdim. Nahotki, shunday bo’lsa!.. Nahotki, dunyo bunga jim qarab turadi?..
Uch kundan so’ng ikkimizni kartserdan chiqarishdi. Kameraga qaytib, yana kimdir yo’qligini sezdim: Hadicha xolaning o’rni bo’sh edi – jinnixonaga olib ketishibdi. Og’zim ochilib qoldi – hatti-harakatlari va fikrlashi soppa-sog’ odamni nahotki jinniga chiqarish mumkin?.. Axir, bu adolatsizlikku! Ammo, istebdod makonida yashayotganimni unutib qo’ydim, chog’i. Hokimiyatning zo’ravonligi ortgan joyda ong va sog’lom fikrlar ta’qib ostida bo’ladi.
Karavoti bosh tomonimda joylashgan Oygul opa kechqurun bo’lganida va undan keyingi kunlarda ham xonaga qaytmadi. Uning nega birdaniga yo’qolib qolganini, qayerga olib ketilganini hech kim bilmasdi. Jamloqdagi taqdirim borasida yakuniy qarorga kelishimga esa Fotimaning qamoqqa olinishi sabab bo’ldi. Bor-yo’g’i bir hafta oldin o’zimni asrashimni, ehtiyot bo’lishimni uqtirgan kameradoshim bosh oshpazning hayotiga qasd qilishda ayblanib, qamoqqa olindi.

18.07.2019

Har bir sarosima, har bir dahshatning ham miya qabul qiladigan sig’im darajasi bo’lishini shu yerda “kashf” qildim. Quvonch qancha bo’lsa-bo’lsinu, ammo qayg’uning, hasratning me’yori bo’lsin ekan, yo’qsa u shuurni yemira boshlarkan. So’nggi kunlardagi ketma-ket noxushliklardan keyin tinimsiz ta’qib etayotgan tushkunlik tufayli karaxt ahvolda edim. Shu sababli, kamoqdan boshlangan ishtahasizlik butunlay hech narsa yeyolmaslikka aylandi. Shusiz ham ovqatga cho’chqa go’shti qo’shilishiyu, islom ma’n qilgan boshqa harom narsalar tufayli deyarli yeyilmaydigan kechki ovqat tamoman undan uzilishga olib keldi. Natijada oy oxiriga borib, holsizlanib yotib qoldim. Dastlab nazoratchilar meni ataylab qilyapti deb o’ylab, kaltaklab bo’lsa-da o’rnimdan turg’izishga urinishdi. Ammo, amallab boshimni ko’tarish va turish hushimdan ketish bilan yakunlandi. Ko’zimni ochganimda esa jamloq shifoxonasida edim.
Shunday kunlarning birida Demin keldi-yu, meni ko’rib, tang bo’lib qoldi. So’ng qarshiligimga qaramay, aslida qarshilik qilishga ayni paytda kuchim yo’q edi, mening nomimdan dinimdan voz kechganim va hayotda o’z yo’limni – partiya yo’lini tanlaganim haqida tilxat yozdirib oldi. U ketgach nima qilib qo’yganimni o’ylab, vahimaga tushdim va asabiylik tufayli yanayam og’irlashdim. Ammo, qizig’i, shifoxonadagi boshqa kasallardan ko’ra menga yaxshiroq munosabatda bo’layotganlarini sezib qoldim. Bemorlarga hamisha baqirib-chaqiradigan, shifokordan ko’ra nazoratchiga o’xshaydigan hamshiralar menga kelganda to’nglik bilan bo’lsa-da, iliqroq muomalada edilar. Buning sababini Demindan ko’rsamda, bu g’ururimga tegayotgandi. O’zimni tinchi uchun hatto dinidan kechishga tayyor sotqindek his qilar, kelsa yaxshilab gaplashib olishni o’ylardim.

ISTEBDOD ChANGALI BO’G’IShDA DAVOM ETADI…

Otasining vafoti tufayli umidsiz Habibulloh masjid namozxonasi buzilgach, tamoman nochor ahvolga tushdi. Uyasi buzilgan qush chirqillab o’sha daraxt atrofidan ketolmay qolganidek, masjiddan chiqmay qo’ydi. Namozxona buzilgani sabab, sajdaga keluvchilarning qadami uzilib, masjid ikki kunda huvillab qoldi. Yigit yiqilib yotgan to’sinlaru, xarilarni yig’ishtirib, tartibga solarkan “tiq” etsa, eshikka qarardi. Uchinchi kuni kelgan din ishlari bo’yicha davlat qo’mitasi tayinlagan yangi imom masjiddagi faoliyatini Habibullohning ota uyini tortib olishdan boshladi. Gap shundaki, uy marhum otasi imomlikka tayinlanganda masjidga yaqin deb berilgan, uning o’z uyi qayerdaligini yigit bilmasdi ham. Shunday dovdirab yurgan kunlarida uni qorovullikdan ham bo’shatishdi. Uning ahvolini ko’rib tursa-da, hukumatga sodiqlardan bo’lgan imom yuqoridan ruxsat bo’lmasa nafas ham olmaydigan toifadan edi. Shuning uchun davlat qabul qilgan qarorga qarshi chiqib, parokanda bo’lgan oilaning notavon a’zosiga yordam berishni istamadi.
Habibulloh ichini to’ldirgan alam va sitamni qaysi quduqqa borib aytishini bilmasdi. Ammasi uyiga olib ketib qarayotgan, parvona bo’layotgan esada, yigit masjid atrofidan ketolmas, ilojini topib kirgisi, otasining hujrasi va qorovulxonada avvalgidek o’tirgisi kelardi. Namozda astoydil Xudoga yolvorar, yo’l ko’rsat deya o’tinardi. Shu zaylda kunlar o’tar, qalb yaralari yiringlab borardi. Shunday kunlarning birida, peshin namozi payti joynamozini qo’ltiqlab, buzilgan namozxonaning sinib yotgan ustunlari yonida Xudo bilan baqamti bo’lgani baribir masjidga bordi. Asosiy eshikdan asta kirarkan, shunday katta dargohning kimsasizlikdan yutaman deyishiga yuragi siqildi. O’ngga burildi, o’ymakor eshikli qadrdon hujra qarshisida yuragi orziqib to’xtadi. Bor-yo’g’i o’n kuncha avval otasi bu yerda namozga tayyorgarlik ko’rayotgan edi… Shu xayol bilan eshikka yaqinlashdi-yu, ichkaridan eshitilayotgan kulgu ovozlaridan hayron bo’ldi – qulog’i og’ir bo’luvchi soqovlardan farqli yaxshi eshitardi. Ayni namoz yaqinlashayotgan paytda imomning bu yerda kim bilan kulishib o’tirganiga qiziqdi. Bunga jahli chiqsada, eshik poylayotgani o’ziga erish tuyulib, uzoqlashdi. Ammo, ko’pam yiroqlashmay, kulgu ovozi idishlarning jarangi bilan almashgach, nima gapligini bilishga jazm qildi. Yangi imomning hujrasiga aylangan xonada ayni damda bazmi jamshid qaynar, o’rta bo’yli, shopmo’ylovli imom, qotirilgan baliqdek yupqa Nozimxon mutavalli – Habibulloh negadir uni yoqtirmasdi, uning har ishga hoziru-nozir yugurdagi Abdurayim va harbiy kiyimdagi ikki kishi to’kin stol atrofida o’tirishar, Habibulloh kirgan paytda xo’rozdek qizarib ketgan hujra egasi harbiylardan birining gapiga xoxolardi. Ularning saxt-sumbati bir yonu, stol o’rtasidagi yarimlay boshlagan, turli rangdagi spirtli ichimliklar bir yon edi. “Xudoning uyida-ya?!” Yigitning xayolidan kechgan birinchi o’y shu bo’ldi. “Anavilar dinsiz bo’lishi mumkin, ammo imomni nima jin urdi?.. Axir bu masjiddek pokiza dargohni ishratxonaga aylantirish bilan barobar gunohku!!” U shularni o’ylarkan, kaftlari musht bo’lib tugildi. Bu paytda birdaniga ochilgan eshik va bo’sag’ada turgan Habibullohni ko’rib, o’tirganlarning kulgusi pasaygan bo’lsa, din peshvosining ko’zi ola-kula bo’lgandi. Ancha pishib qolgani sababli o’rnidan turayotib, gandiraklab ham ketdi.
– Bu yerda nima qilyapsan..siz? – Dovdiragan savoliga javob kutishga sabri chidamay, yonidagi mutavalliga ishora qildi. – Bu kim?
– Sobiq imomimizning o’g’li – mutavalli o’ng’aysizlandi. Shu onda bo’sag’ada Habibulloh emas, marhum Abdurahmon imom turgandek, yuragi o’ynoqladi.
– Ha… Habibulloooh! Kel, o’tir biz bilan!
Bu tomosha so’nggi kunlardagi nohaqliklar, yo’qotishlardan to’lib yurgan yigitning sabr kosasi uchun so’nggi tomchi bo’ldi. O’tirmoqchi bo’lgandek stulni surdi-yu, dasturxonni tortib yubordi. Mato bilan sirg’alib tushayotgan shishalardan birini ilib olib, xo’rozbashara imomning boshiga uloqtirdi. Voqeaning davomini kino tasmasining tezlashtirilgani desa bo’lardi. Shishalardan biri Abrayimning pachoq yuziga otilgan, bir bosh uzum va qovun po’choqlari mutavallining yelkasiga yelka-kamar bo’lgan, bu “tuhfa”dan harbiylar ham benasib qolmay, ularning birining basharasi bejalgandi. U shunchalar g’azab otiga mingandiki, ichida to’plangan yigirma ikki yillik dodlarini shu yo’l bilan chiqarmoqchidek, so’nggi yo’qotishlarining alamini birato’la olmoqchidek edi. Nogiron yigitni qayirishga harbiylarning ham bazo’r kuchi yetib, chaqirilgan usti yopiq mashinada uni olib ketishdi.

12.08.2019

Anchadan beri kundalikka yozolmadim. Ammo, bu orada ancha-muncha voqealar bo’ldi.
Behush bo’lib kasalxonaga yotgach, o’n besh kuncha davolanishimga to’g’ri keldi – batamom holdan toygan ekanman. Shu kunlar mobaynida Demin ikki-uch yo’qlab keldi. U bilan gaplashib olishga ahd qilgan bo’lsamda, bizni yolg’iz qoldirmaydigan hamshiralar tufayli buning imkoni bo’lmadi. Oxirgi kelishida esa kiyinishimni, narsalarimni yig’ishtirishimni aytganida, hayron bo’ldim.
– Nega?
– Ketamiz… – U og’zining tanobi qochib, iljaydi. – Nima, bir umrda shu yerda qolaman deb o’ylaganmiding?
– Lekin… qanaqasiga? Axir…
– Iltimos, hech nima dema…hozircha… Shu yerdan chiqaylik, qancha savoling bo’lsa, beraverasan… – Bu paytda jamloq hovlisidan borayotgandik. Hayronligim ortsada, fikriga qo’shildim – bu yerda gaplashishning chindan iloji yo’q.
Xonada kunduz kuni bo’lmagandim. Hozir kirib yuzlarida qo’rquv, xavotir va umidsizlik aks etgan mahbusalardan holi osudalik va saranjomlikka duch kelarkanman, bu yer qamoqxona ekanligiga ishongim kelmasdi. Narsalarimni yig’ishtirib, hovliga chiqdim. So’ng meni kutayotgan Demin bilan jamloq darvozasidan – xo’mrayib turgan soqchilar ko’zidan uzoqlashgach, yo’l chetida turgan mashinaga o’tirdik. Ozod ekanimni bildirib, qulog’im ostidan o’tayotgan shamolning g’uvillashini aytmasa, katta yo’lga chiqquncha jim ketdik. Men haliyam karaxt edim; u yerdan, ko’z oldimda yurgan qizlar – Hulkar o’zini osgan, meni o’ziga yaqin olib dilini ochgan Fotima qamoqqa olingan, sog’lom Hadicha xola jinnixonaga olib ketilgan, Oygul opa bir kechada nom-nishonsiz yo’qolgan manfur joydan tirik va sog’-salomat chiqib kelayotganimga ishonmasdim. Jimligimni izoh kutayotganga yo’ydi, shekilli, Demin mashisini yo’l chetida to’xtatib, xo’rsindi.
– Meni kechir… Boshingga tushgan barcha ko’rguliklarga men sababchiman… Agar seni ko’rmaganimda, sevib qolmaganimda bunday bo’lmasdi balki!..
– …
– Ishon, buni xohlamagandim…bunchalik ekanligini bilganimda o’sha la’nati madaniy almashinuv ishlarida qatnashmagan bo’lardim! – U asabiylashib, rul chambaragini mushtladi.
– Yaxshi. Lekin, u yerdan meni qanday olib chiqdingiz? Buning uchun…nima qildingiz? – Osoyishta gapirayotganimga o’zim hayron edim.
– Bilasanmi… Men…majbur bo’ldim… – U cho’ntagidan to’rt buklog’liq qog’oz chiqarib, barmoqlari sezilar-sezilmas titragancha menga uzatdi. Qog’ozni yoyib, xitoycha iyerogliflarda bitilgan “Nikoh guvohnomasi” degan qizil harflarni, uning pastida o’zim va uning ismini o’qirkanman, dahshatdan chinqirib yubordim.
– Bu… Bu nima qilganingiz? – Lablarim titrab, butun a’zoi-badanim junbushga kelib uning yoqasiga yopishdim. – Sizdan so’rayapman?! Odamning taqdiri siz uchun… Sizlar uchun shunchalik o’yinchoqmi axir? Mendan rozilik so’radingizmi?!
– Bu shunchaki qog’oz, xolos… – U qo’llarimni ushlab, g’o’ldiradi. – Seni u yerdan chiqarish uchun boshqa iloj qolmadi… ishon menga.
– Iblis! Hayvon! Menga uchragan kuningga, yaralgan kuningga la’natlar bo’lsin! – Ho’ngrab yig’lab yubordim. Shu damda o’zimni dunyodagi eng ojiz mavjudotdanda kuchsiz va himoyasiz sezardim. To’satdan miyamda nimadir “yalt” etdi. “Nega ojiz bo’larkanman? Nega himoyasiz ekanman?! Axir otam bor-ku! Qiblagohim, doim meni tushungan, kaftida polapondek asragan otajonim bor-ku!”
– Tez uyimga haydang…hoziroq otamni ko’rishim kerak! – Ovozim ingragandek tuyuldi o’zimga.
– Oydin…menga quloq sol.. – Uning ovozi negadir pasaydi. Keyingi gaplarini esa shivirlagudek gapirdi. – Otang… Seni olib ketishgach, yuragi ko’tarolmay… U endi yo’q…
Nazarimda, olam ostin-ustin bo’lib aralashib ketgandek tuyuldiyu, bu tartibsizlik ichida o’zimni yo’qotdim…
Ko’zimni ochganimda allaqanday notanish uyda yotar, yonimdagi stulda kiyimlarim turardi. Nega bu yerdaligimni hayron bo’lib o’ylarkanman, burchakda kitoblar terilgan javon turgan, divan va bir-necha kursilar qo’yilgan bu xonaning kimniki ekanini taxminan ham topolmadim. Boshimni ko’targandim, chirillab aylandiyu, o’zimni to’shakka tashladim. Shu payt burchakdagi eshik ochilib, jikkak xitoy kampir kirib keldi, qo’lida patnis bor edi. Ammo, uyg’oqligimni ko’rib, orqasiga qaytdi-da, kimnidir chaqirdi. Ko’p o’tmay eshikdan Demin ko’rindiyu, qayerda yotganimni anglagandek bo’ldim. Ammo, uni ko’rasolib baqirib bermoqchi bo’lgandim, ko’ksimdan tovush o’rniga o’tli xo’rsiniq chiqdi, xolos. Holdan toygan ruhim va tanim baqirishgayam qodir emas edi. U mening holatimni ko’rib, indamay tikilib turdida, chiqib ketdi. Meni esa yana uyqu elitdi chog’i, miyam karaxtlasha boshlaganini sezdim.
Shu bilan kechki ovqat paytigacha uxladim. Ko’zimni ochganimda Demin stulda enkaygancha o’tirar, boshini changallab olgandi. Uyg’onganimni sezib, boshini ko’tardida, uzoq tikildi.
– Ancha yaxshimisan? – Nazarimda, o’ylab turgani qolib boshqa narsani gapirayotgandi. – Ovqat payti bo’ldi, pastga tushasanmi?
– …
– Bilaman, ishtahang yo’q…Ammo, kuchga kirishing kerak… Chunki, oldinda ko’p ishlar bor…
U nimani aytayotganini tushunmas, aslida qiziqmayotgan ham edim. O’rnimdan turgach, meni qo’ltiqlab, zinalardan tushishimga yordamlashdi. Shunchalar kuchsiz edimki, kimdir yordamlashmasa yurishim dargumondek tuyulardi.
Oshxonada Deminga o’xshovchi, ammo payraxadek oriq va burishiq, qoraygan yuzli va oppoq sochli daroz chol va ko’rinishi eridan deyarli farq qilmaydigan, ammo pastak bo’yli boyagi kampir o’tirishardi. Ota-onasi bo’lsa kerak, deb o’yladim. Nimadandir tashvishlangandek xavotirli va o’ychan yuruvchi Demindan farqli, ularning chehrasi sokin edi. Salomlashgach, stolga taklif qilishdi.
O’zimni majburlasamda, qisqichbaqa go’shti va dengiz o’tlari aralashtirilib pishirilgan taom taxir va bemaza tuyulganidan, cho’qilashdan nariga o’tolmadim. Kampir o’zimni tanitishimni so’radi. Ismimni, Sharqiy Turkistondan ekanimni aytganimda, ikkisi ilkis jiddiy tortishdiyu, qariyaning qoshlari chimirildi. So’ng savolomuz o’g’liga qaradi. Demin ham ovqatini nomiga kovlashtirib o’tirar, nimanidir o’ylardi, chamamda.
– Bu qiz lagerdan kelmayapti deb umid qilsam bo’ladimi, janob Li? – U o’g’liga rasmiy tusda, ammo so’z ohangida masxaraomuz kinoya bilan gapirdi.
– Ha… yo’q…doimgidek adashmadingiz…dada – Demin ko’zlarini yerdan uzib, javob berdi.
– Oydin xonim, oling marhamat, totinib o’tiring – chol qisqichbaqa oyoqlari chiqib turgan dekchaga ishora qildi. Haliyam yuzini tark etmagan kinoyali ifoda bilan o’g’liga qarab olarkan, davom etdi.
– Bilasizmi, men azaldan dehqonchilik bilan shug’ullanib kelganman. Otam, bobom, qo’yaveringki barcha ajdodlarimiz guruch yetishtirib provintsiyada dong taratishgan. Ammo, o’g’limga kelib, an’ana o’zgardi – u ajdodlari qilgan tirikchilikdan or qildi…
– Dada!..
– Siyosatga qiziqdi, partiyaga kirdi – amaldor bo’lgisi keldi…
– Dada, bas qiling! Men faqatgina ustoz Kong* ta’limoti tufayli siyosatga… – Demin norozilanib, gapga aralashdi, ammo chol so’zini bo’lishlarini yoqtirmasdi, chog’i.
– Shoshma, gapimni tugatay…bu yer sening partiya yig’ilishing emas! – Otaning ovozi darg’azab yangradi. – Ustoz Kongni pesh qilma! U “O’zingga ravo ko’rmagan narsani o’zgaga ravo ko’rma” deydi. Xo’sh, sen bunday lagerlar hayotini o’zingga, bizga ravo ko’rgan bo’larmiding? Dini, madaniyati tufayli odamlarning boshiga it kunini solishlarini bizga tilagan bo’larmiding? Bundan tashqari, ustoz Kong ta’limotining birinchi qoidasi odamlarga muhabbat, mehribonlik va insonparvarlik hamdir. Xo’sh, sen, ustoz ta’limotini siyosatda targ’ib qilmoqchi bo’lgan sen shunday qilyapsanmi bugun?! – U oxirgi gaplarini deyarli o’shqirgudek so’zlarkan, tomog’i quruqshab, stakandagi suvdan ho’pladi.
– Ha-ya, din masalasi!.. Sening partiyangdagilarga hatto dindor bo’lish mumkin emas! Ota-bobolarimiz sig’ingan butlarimizni ardoqlash mumkin emas… Biz esa amaldor bo’lgin deb pana-panada ibodatxonaga boryapmiz!
– Dada, Xudo haqqi, sekinroq… – Demin bizni poylashayotgandek, atrofga alanglab qo’ydi.
– Shunday bo’lgach…boshqalarning diniy e’tiqodini sen qayerdan tushunarding… – Otasi so’zida davom etgan bo’lsada, ovozi pastlashdi. So’ng menga qarab, dedi: – Ammo, butun boshli xalqdan ko’nglingiz qolmasin… Urushlar va nizolarni ko’pincha hukumatlar boshlaydilar, begunoh odamlar esa qon to’kib, buning hisobini to’laydilar.
To’fondek boshlangan bu “suhbat”dan Demin bajarayotgan ishdan ota-onasi norozi ekanini tushundim. U esa boshini changallab o’tirdi-da, so’ng zarb bilan stulni surib, o’rnidan turib ketdi. Ortidan ko’cha eshikning qarsillab yopilishi va birozdan so’ng mashina ballonlarining chinqirib qo’zg’olgan tovushi qoldiyu, dahanaki jangga aylanishga ulgurmagan bu sahna shu holicha to’xtadi. Chol esa chap qovog’i uchib stol naqshlariga qarab o’tirar, Deminning onasi xijolatomuz tovog’ini kovlashtirardi.

_______________________________________________
*Mutafakkir Kong Chyu (mil.avv 551-479 yy) Xitoyda Kong Fu Zi, ya’ni ustoz Kong deb ulug’langan. Bu boshqa tillarda Konfutsiy shakliga aylangan.(G.R)

25.08.2019 yil

Voqealar rivoji kutilmagan o’zanga burilib ketdi. G’azablangan ko’yi chiqib ketgan Demin shu bo’yi ertasi kuni paydo bo’ldi. Uning ko’rinishi kechagidan deyarli farq qilmasada, uzoq ikkilanishdan keyin uzil-kesil qaror chiqargan odamdek xotirjam edi. Nazarimda, u nimalardir bilan qattiq band ham edi va bu bandlik akamni jinnixonadan chiqarib olish bilan yakunlandi. Ikki oydirki ko’rmagan akamga qarab, esdan og’ib qolay dedim, chunki, judayam o’zgargandi. O’ziga yarashib turadigan ingichka soqoli qirilgan, sog’ligi yomonlashgan, ko’rinishi esa judayam xarob edi. Uni bunday ko’rishga chidolmay, bag’riga boshimni qo’yib, uzoq-uzoq yig’ladim; undan boshqa yaqinim qolmagandi endi. Ammam va amakilarimni qayergadir olib ketishgan, bolalari esa jamloqlarga tashlangandi. Bu jahannamni ko’rgan odam uchun jamloq bandisining taqdirini tasavvur qilish qiyin emas.
Bu orada Deminning uyida bir hafta turdik va shu vaqt davomida…to’yimiz bo’ldi. Bu hukumatning ko’zi uchun deya u meni zo’rg’a ishontirdi. Endi har qadamimni kuzatib yuradigan hukumat odamlari uchun g’oyaviy o’zgarganimning isboti kerak edi.
O’sha haftadan keyin to’y sayohatiga Amerikaga ketadigan bo’ldik. Demin meni shunga undadi, xavfli tuzumdan undan qochibgina qutulishim mumkinligini, yo’qsa har qadamim kuzatuvda bo’lishini taxmin qilayotgandi. Biroz cho’zilgan viza yugur-yuguridan keyin akam, men va Demin nihoyat samolyotga o’tirdik. Zamindan tobora olislab borayotgan samolyot lyukidan pastga qararkanman, yuragim bo’shab qolganini, unga tegishli allanimadir bu zaminda qolib ketganini, o’sha nimadirsiz endi ilgarigidek bo’lolmasligimni his qilardim. Osmon ham yuragim kabi qop-qora edi.
Vashington aeroportiga qo’nganimizda kech tushgandi va bizni ikki yigit – Deminning do’stlari kutib olib, mehmonxonaga keltirishdi. Men va Deminga birga, akamga esa alohida xona band qilingandi. So’nggi voqealar va yo’l azobi charchatgan akam xonasiga kirdiyu, dush qabul qilmay, divanga cho’zildi. Uning ruhiyatidan xavotirda edim, ko’zlari ma’nosiz bo’lib qolgandi. Jomadondagi kiyimlarini olib, taxlagach xayrli tun tilab, chiroqni o’chirdimda, o’z xonamga o’tdim.
Ko’cha qorong’usi ichkariga yopirilib kirgan bo’lsa-da, Demin chiroqni yoqishni unutgandek deraza yonida o’tirar, ko’zlari tungi yog’dular aro jilvalanayotgan ko’rfazning allaqayeridadir qotib qolgandi. Chiroqni yoqqanimda, nigohlarini uzib, menga jilmaydi.
– Inson umri yillar bilan emas, uning mohiyatini anglagan lahzalar bilan o’lchanadi. Mening hayotim sen kelguningga qadar qop-qora bo’lganligini angladim hozir… Sen paydo bo’lganingda nima uchun yashayotganimni tushundim…
Kiyimlarni javonga taxlab qo’yarkanman, hech nima demadim. “Sening hayotingga mazmun qo’shildi-yu, menikidan ayrildi – uning mazmuni bo’lgan azizlarimni yo’qotdim. Bunda topgan sen-u, yo’qotgan menman… O’zi tugashi evaziga boshqalarga yog’du ulashgan sham – menman. Sham bo’lmoq martabasi menga muborak bo’lsin!..” Ushbu alamli o’ylar ongimning olis burchaklarida “yalt” etib chaqnadi-yu, ammo, tilimga chiqarmadim. Avvalo, charchoq butun a’zoi-badanim kabi tilimni ham og’irlashtirgan bo’lsa, keyin, negadir uning ko’nglini og’ritgim kelmaganini his qildim. Mayli, shu o’ylar bilan qalbi yorishgan bo’lsa, uni qora qilmaganim bo’lsin.
– Men partiyadan chiqdim… Otam to’g’ri aytdi – o’zimga, yaqinlarimga ravo ko’rmagan narsani boshqalarga tilagan ekanman…
Bu paytda sochiqni yelkamga tashlab, endigina dush qabul qilgani kirayotgandim. Indamadim-u, ammo qalbimga nur indi.
Dushdan chiqqanimda esa, Demin divanda uxlab qolgan, charchoq shunchalar muzaffar chiqqandiki, ust kiyimlarini ham yechmagandi. Nazarimda, meni chiqishimni kutib, uxlab qolgandi. Tuflisini yechib polga qo’ydim, yupqa choyshabni ustiga yopdim. Boladek beg’ubor uxlashiga qarab, oxirgi so’zlari yodimga tushdi-yu, ko’nglimdan iliq tuyg’ular epkini sizib o’tganini sezdim. Nazarimda, unga nisbatan qalbimda nimadir paydo bo’lgandi.
Ammo, hayot shunchalar shavqatsizki, biz yoqtirganlarni hamisha bizdan olib qo’yish payida bo’ladi. Demin o’sha uyqusidan keyin bir uyg’ondi-yu, keyin meni butunlay tark etdi. Aniqrog’i, ertasi kun tongda akamdan hol-ahvol so’ragani xonasiga kirdimu, birozdan so’ng xonamizdan nimaningdir taraqlagan tovushi eshitildi. Demin biror qattiqroq narsani tushirib yubordi, shekilli deb o’yladim. So’ng yuragim yomon narsani sezib, xonaga qaytdim. Lang ochiq turgan eshikdan kirdim-u, nafasim to’xtab qolgandek bo’ldi; Demin xona o’rtasida qonga belanib yotardi. Jon holatda yugurib borib, cho’kkalab boshini ko’tardim. Qonli pufakchalar labining bir chetidan irmoqcha hosil qilgandi. Zo’rg’a qovoqlarini ko’tardi-yu, menga azob aralash jilmayib tikildi.
– Partiya xiyonatimni kechirmasligini bilardim. Ammo… – U og’riqdan ingrab yubordi, so’ng o’zini zo’rlab davom etdi. – Ammo, muhimi bu emas… Muhimi, sen meni kechirishing edi…Meni kechir…! Sevganim uchun…barcha yo’qotganlaring uchun…azoblaring uchun…
Ichimdan bir to’fon quyulib kelayotganini sezdim. Unga yo’l bersam, dunyoni ostin-ustin qiladigandek qon yuqi kaftlarimni labimga bosdim. U shivirlab, oxirgi so’zlarini aytdi.
– Ayb menda… Istebdodga xizmat qiladigan odamning sevishga haqqi yo’q, muhabbat tuyg’usi borlar esa zulm va istebdodga xizmat qilmaydilar…
Keyin boshini tizzamga qo’ydi. Ochiq qolgan nigohlariga uzoq tikildim, go’yo asrga tatirdi bu – yana biror so’z aytar deya kutardim.
So’nggi kunlarimda sezdirmay yaqinimga aylanib qolgan insondan shu tariqa ayrildimu, yana o’zimni yo’qotdim. Politsiyachilarni kim chaqirganini, mehmonxonadan bizni Deminning do’stlari qachon olib ketganini, bu yerga qachon keltirishganini g’ira-shira eslaymanu, ammo unda o’zim ishtirok etmagandek – kimdir qatnashgan voqealar lentasini tomosha qilayotgandekman… Boshqa davom ettirolmayman, iltimos, meni ma’zur tutinglar…

Oydin Hafiz shunday derkan, zaldagi minbardan tushdi, so’ng qo’lidagi daftarni bag’riga bosib, uni tinglagan minglab yoshli nigohlardan uzoqlashdi. Orqa qatordagi bir yigit uni o’rniga olib bordi. Bu paytda zal to’la odam bo’lsa-da, tinglangan voqealar yuki bilan olamni jimlik egallagandek edi. To’rdagi katta ekranda Sharqiy Turkistonning ayanchli manzaralari lavhalari navbat almashinardi.
To’rdagi davradan bir yigit turdida, cho’loqlanib minbarga bordi va imo-ishoralar bilan tumonatga qarab gapira boshladi. Uning kechmishlarini boshidan zalga yetkazib berayotgan surdo tarjimon qiz titroq ovozda mikrofonga yaqinlashdi:
– Barchamizni Xudo yaratgan! Bir ota-onaning farzandlari kabi barchamiz uning oldida teng, bir mavqedamiz! Bir-birimizga azob berib, bizni yaratgan Zotning qahriga uchramaylik… Iltimos, ko’ksingizda urib turgan parcha go’sht yurak bo’lsa, Sharqiy Turkiston musulmonlariga yordam bering!
So’ng u ham cho’loqlangancha zalni tark etdi. Nutq qanchalik otashin bo’lmasin, unda hasrat bo’lsa, notiq uchun qarsak chalinmaydi. Balki, shu sabab ham zalda jimlik hukmron edi. Bu go’yo dunyoning bugungi ahvoliga o’xshardi. Ammo, to’satdan orqa qatordan kimningdir ojizgina ovozi eshitildi.
– Sharqiy Turkiston musulmonlaridan qo’lingizni torting!
Butun zal shu birgina imoni kutgandek, guvranib oldi-yu, barcha barobar o’rnidan qo’zg’oldi. Qo’llar baland ko’tarildi, yelkalar jipslashdi va yig’ilganlar bor ovoz bilan baqirishdi:

– Sharqiy Turkiston musulmonlaridan qo’lingizni torting!

033

(Tashriflar: umumiy 452, bugungi 1)

Izoh qoldiring