G’ulom Karimiy. Buyuk muarrix. Tarixiy hikoya

muarrix

Ғулом Каримий

БУЮК МУАРРИХ

Ҳижрий 333 (мелодий 944) йил кеч кузак. Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий Арк дарвозасига яқинлашган сари ортиб бораётган ҳаяжонини босмоқ бўлади. Аслида Бухорои шариф кўксига улкан қоядек юксалган, пойдеворига илк ғишт қўйилиши билан рубъи маскундаги улуғ шаҳарлардан бирининг тарихи бошланган, асрлар тўфонида неча бор вайрон бўлса-да, кул орасидан чиққан қақнусдек қайта тикланиб, Бухоро боқийлигининг рамзига айланган бу муҳташам иншоотнинг тарихини ундан ҳам чуқурроқ ўрганган бошқа бирон банда бу фоний оламда йўқдир.
Арк илк дафъа бино қилингани ҳақида фақат ривоятлар мавжуд. Кимдир арк бунёдкори сифатида қадим Турон ҳоқони Афросиёб номини тилга олса, бошқалар унинг қурилишини фалакнинг гардиши билан Туронга келиб, Афросиёбга куёв бўлган Эрон шаҳзодаси Сиёвуш номи билан боғлайди. Бундан икки ярим аср илгари бухорхудот Бидун аркни ҳозирги кўринишига келтирган. У арк ичида қаср бино қилиб, эшигига темир лавҳа қоплатган ва унга ўз номини ўйиб ёздирган. Қаср эшигида ўша темир лавҳа ҳалиям бор. Бироқ исломдан аввал етти яшар бола ҳам ўқий оладиган бу хатни танийдиган одам эндиликда Бухорода бармоқ билан санарли.
Муҳаммад Арк теварагини кўп бора айланиб чиққан, унга яқин ва олисдан назар сол¬ган, сарой амалдорлари билан танишлиги туфайли Аркнинг ичкари саҳнидаги катта-кичик иморатларни ҳам неча-неча қатла кўздан кечирган. Мақсади, «Бухоро тарихи» деб ном қўйган китобининг Аркка бағишланган бобини имкон қадар мукаммал тарзда битмоқ эди. Йигитлик давридан бошлаб маълумот йиғиб, ёши қирқдан ошиб, соч-соқолига оқ оралаганда ёзиб битирган мазкур асарини бир ҳафта илгари шу дарвоза олдида сарой мулозимларига топширди ва уни бундан бир йил муқаддам, қарийб ўттиз йил ҳукмронлик қилган отаси Наср ибн Аҳмад вафотидан сўнг Бухоро тахтига ўтирган амир Нуҳ ибн Насрга етказишларини сўради. Зеро, китоб унинг номига атаб битилган.
Муҳаммад кейинги бир ҳафтани туғилиб-ўсган қишлоғи Наршахдаги боғида ўтказди. Зарафшондан оқиб чиқадиган улкан анҳор бўйидаги бу боғни отасидан мерос ерда ўзи барпо этган. Боғда ўсган ҳар бир дарахт, ҳатто гиёҳгача қадрли, азиз унга. Болалигиданоқ беҳад тиришқоқ, тиниб-тинчимас Муҳаммад Бухоронинг шаҳру кентларидан тортиб, дала-ю чўлларигача баайни ўзи бунёд этган боғи каби меҳр қўйган, суюкли диёрининг нафақат бугуни, балки шонли ўтмишини ҳам қалбига жо этмоқни истар эди. Одамлар уни Пайканд, Варахша ва бошқа қадимий қалъалар харобаларида ғишт парчаси ёки сопол синиғини ушлаганча ўйга толган ҳолда кўп бора кўрганлар. Баъзан изланишларга берилиб, вайроналар орасида қош қорайгунча қолиб кетар, чиябўрилар улиши ва бойқушлар сайроғидан юраги увишганда бундан уч йил илгари ёруғ оламни тарк этган бўлса-да, шеърият шоҳсупасидаги олий мақомлардан бири табаррук номи билан муҳрланган устод Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг ушбу сатрларини такрорлаб, ўзига далда берарди:

Билимдан юракда ёнар ёруғ нур,
У гавдани офатлардан асровчи қалқон.
Олам—денгиз, сузишни истайсанми?
Эзгу ишлардан кема қур шу он!

Бу машғулотларини бошқа мақсадга йўйган—»Муҳаммад харобалардан хазина изламоқда», деб гап тарқатганлар ҳам бўлди. Олим бундай кинояларга парво ҳам қилмас, ҳориб-толиб Наршахга қайтиб келар, боғдаги сўрида мук тушиб янги топилган маълумотлар хотирадан йитмасин учун қоғозга битишга шошиларди. Тарихнависликка батамом берилганидан ноёб истеъдоди ва теран билимига қарамай, на бирон мансаб эгаси бўлди, на давлат орттирди. Боғдан келадиган даромадга қаноат қилиб, аёли ҳамда икки ўғил, икки қиздан иборат оиласини базўр тебратарди.
Сўнгги ҳафтада у боғида ҳам ҳаловат топмади. Чунки бутун умр орттирган бойлиги — «Бухоро тарихи»нинг оққа кўчирилган ягона нусхаси учун сифатли қоғоз ва сиёҳ сотиб олиш ҳамда муқовалатишга бор-будини сарфлаб, гўё мана шу кузги боғдаги дарахтлар мисоли шип-шийдам бўлди-қолди. Асарни амир, сарой аъёнлари ва Бухоронинг уламо-ю фузалолари қандай қарши оларкан? Ҳаяжон ва хавотири бежиз эмас, ахир бу китобдаги ҳар бир сўз ортида не-не машаққатли кунлар, уйқусиз тунлар турибди! Ватан тарихига оид маълумоту ривоятлар хирмонини мисқоллаб йиғди. Уларни асрлар гарду ғуборидан тозалаб, қайта-қайта саралаб, ҳақиқат деб билганларини асарига киритди…
Бухородан отлиқ чопар келганида ундан амирнинг Аркда ҳозир бўлиши ҳақидаги буйруғини эшитиб, «Аълоҳазратнинг амри бошимизга тож кабидур, филҳол изингиздан етиб борурмен», деди. Чопар ўзи етовлаб олган, гижинглаб турган эгарлоғлиқ арғумоққа ишора қилиб, «Сизни ўзим билан бирга олиб кетиш буюрилган. Бул бедов аълоҳазратнинг сизга тортиғи», деди.
Отлиқлар Бухоро шаҳри работига яқинлашдилар. Работ кенгайиб кетган. Бухоро шаҳрис¬тонини ўраган қалъа девори эндиликда шаҳар ичида қолган, гарчанд, девор устидаги буржларда пос¬бонлар туриб, шаҳристон дарвозалари эрта тонгда очилиб, кеч кирганда ёпилса-да, Сомонийлар давлати ўз сар¬ҳадларини ¬мустаҳкамлаб, мамлакат ичкарисида осойиш¬талик қарор топгач, ярим аср мобайнида бирон ғаним Бухоро шаҳрига таҳдид қилолмаган эди. Бу давлатга асос солиб ҳам қудратини юксалтирган шоҳ Исмоил Сомоний «Бухоронинг девори менман» деганида асло муболаға қилмаган. Шаҳристон ичкарисида иморатлар работдагидан ҳам зич. Хиёбонлардаги дов-дарахтларнинг барги тўкилиб битганидан масжиду мадраса, карвонсаройу тимлар бинолари узоқ-узоқданоқ кўзга ташланади. Отлиқлар Моҳ масжиди олдидан ўтишди. Қадимда бу масжид ўрни дарахтзор бўлган. Йилнинг маълум кунларида дарахтлар соясида бут бозори бўлиб ўтган. Ундан нарироқдаги Бухоро мадрасаси қадимги карвонсарой ўрнида қад кўтарган. Шаҳарга кирадиган барча йўллар бориб туташадиган жоме масжидини эса Мовароуннаҳр фотиҳи Қутайба оташпарастлар бутхонаси ўрнида бино қилган. У нафақат Бухоро, балки бутун Мовароуннаҳрдаги илк масжиддир.
Муҳаммад Бухоронинг қай тарафига назар солмасин, ҳар бир гўшанинг мозийдаги қиёфаси дарҳол хаёлот кўзгусида жилваланар, етти қават осмон, етти қават ер сингари қалбидаги Бухоро ҳам бир неча қатлам бўлиб, кечмиш қаърига сингиб кетган қатламлар ҳам наз¬дида ҳамон мавжуд ва ардоқли эди. «Бешафқат замон ҳукми сабаб бир вақт¬лар она шаҳримизни безаб турган қайсидир обида йўқолиб кетган бўлса, лоақал улар ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш, тарихий асарларда таъриф-тавсифини келтирмоқ даркор», дея қайта-қайта такрорлаб чарчамасди у Бухоро фозиллари билан суҳбатлашиб қолса.
Арк олдидаги майдонга етганларида узоқдан Исмоил Сомоний мақбараси кўринди. Етти иқлим сайёҳлари ҳайрату таҳсинига сазовор, ҳар бир ғишти буюк санъат асари бўлган обида теварак-атрофдаги манзарадан яққол ажралиб, кузги қуёшнинг заиф нурларида ҳам жилоланиб, ярқираб турибди.

«Илоҳим, бу беназир обидани бало-қазолардан ўзинг асра!—дея пичирлаб муножот қилди Муҳаммад. —Унга арк умрини, Бухорои шариф умрини ато этгил!»
Арк дарвозасида муаррихни амирнинг хос мулозими қаршилаб, ичкари бошлади. Дарвозахона, Арк ҳовлиси ва пешайвондан ўтиб, эшиклари олдида найзадор соқчилар турган бир неча хонадан сўнг, кенг ва чароғон саломхонага кирдилар. Тўрдаги олтин тахтда гавҳарлар қадалган тожи ярақлаб Сомонийлар сулоласининг тождори—басавлат амир Нуҳ ибн Наср ўтирар, аъёну саркардалар икки тарафдаги курсиларга виқор билан тизилишган эди. Аъёнлар зарбофт либосда, лашкарбошилар пўлат совут ва дубулғалар кийиб, қимматбаҳо қурол-яроғлар тақиб олган. Барчанинг нигоҳи Муҳаммад ибн Жаъфарга қадалган. Занданачи матосидан тикилган либоси устидан одмигина юпқа тўн кийган, бошига мударрисларникидек симобий салла ўраган қотма муаррих пойгакда тиз чўкиб, таъзим қилди.
—Хуш кўрдик, мавлоно,—деди Нуҳ ибн Наср уни илиқ қаршилаб. —Келинг, жойингизни эгалланг.
Ўрнидан туриб яна бир бор юкинган Муҳаммад кўз югуртириб, сўнг бориб амирга яқинроқ жойда, унинг сўл томонида, валиаҳд шаҳзода Абдулмалик ибн Нуҳ ва унинг хос мулозими, бундан тўрт йил бурун вафот этган вазир Балъамийнинг ўғли Абуали Балъамий ўртасидаги бўш ўринга омонатгина ўтирди. Бош¬қаларга қарай олмаган бўлса-да, ёнида ўтирган мўйлови сабза урган Абуалининг ўзига ҳавас билан боқиб турганини илғади. Марҳум вазирнинг ўғли тарих илмига беҳад қизиқар, Муҳаммад ибн Жаъфар билан ўзаро суҳбатларидан бирида у, Ибн Жарир Табарийнинг «Тарих ар-русул ва-л-мулук» («Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи») китоби ислом ўлкалари тарихига бағишланган буюк асар бўлса-да, ундаги Мовароуннаҳр тарихига оид маълумотлар қисқа эканидан нолиган эди. «Табарий Мовароуннаҳрда ҳеч қачон бўлмаган, шундоқ экан, ундан ўлкамизнинг мукамм¬мал тарихини талаб қилиш жоиз эмас, деб жавоб берган эди Муҳаммад.—Бундай тарихни яратиш ушбу ўлка фарзандлари—сизу бизнинг зиммамизда». Шукрки, ўзи бу вазифани озми-кўпми адо этди. У қилолмаганларини эса балки келгусида Абуали Балъамий каби иқтидорли ёшлар уддалар.
Тахт олдидаги муз устида—»Бухоро тарихи», Муҳаммад кўз қирини ташлаб, очиқ турган саҳифа Сомонийлар сулоласига бағишланган бобнинг бошланиши эканини пайқади.
—Китобингиз бизни ғоят хушнуд этди, мавлоно,—деди амир илтифот билан. —Олиму фозиллар, давлат арбоблари билан бирга мутолаа қилдик, яъни, қиссахонларга ўқитиб тингладик ва у барчага манзур бўлди. Шу вақтгача биз ватанимиз тарихи ҳақида аксар оғзаки ривояту қиссалардан воқиф эдик. Эронлик Табарий ва айрим араб муаррихлари асарларида эса Бухоро ҳақидаги маълумотлар узуқ-юлуқ, деярли барча ҳолларда юртимизга араб лашкарларининг юришлари билан боғлиқ тарзда келтирилган.

—Ҳақрост, аълоҳазрат, мавлоно Наршахий ғоят эзгу юмушни адо этмиш,—деди кўкрагини оппоқ соқол қоплаган, нуроний юзли қозикалон Абулфазл Суламий.—Қуръони каримда айтилганким, «Ин аҳсантум—аҳсантум лианфусукум», яъни: «Агар эзгулик қилсангиз—ўзингизга эзгулик қилган бўлурсиз». Оллоҳ каломидаги «ўзингизга» лафзини «ўзингизга ва яқинларингизга, элу юртингизга, бутун аҳли башарга», деб англамоқ жоиз. Иншооллоҳ, минбаъд «Бухоро тарихи» Бухорои шарифнинг асрлар тўфонида кўмилиб кетаёзган бир неча минг йиллик тарихи қатлари маънан саёҳат қилмоқ умидидаги илм толиблари учун мангу ёниб тургувчи бир маёқ бўлғай.
—Филҳақиқат, мавлононинг асари насрдаги «Бухоронома»дир,—дея уни маъқуллади амирнинг ўнг томонида ўтирган ўрта бўйли, тўла жуссали вазир Жайҳоний.—Бу гўзал асарнинг юксак фазилатларидан бири шуки, аълоҳазратнинг улуғ бобокалони Исмоил Сомоний асос солган буюк сулоланинг—Оллоҳ уни бардавом қилсин—тарихи илк бор муносиб тарз¬да қаламга олинмиш.
Фиқҳ илмининг билимдони, «Мухтасари Кофий» асари муаллифи Абулфазл Суламий ҳамда бухороликлар Осафу Бузургмеҳрга менгзайдиган донишманд вазир Жайҳонийнинг эътирофидан сўнг аъёну уламолар «Бухоро тарихи» ва унинг муаллифи шарафига мақтовлар ёғдирди. Сарой аҳли бири олиб, бири қўйиб, бу мақтову таҳсинларни шунчаки йўлига айтмаётган эди. Чунки бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонни ўз қаламравига олган Сомонийлар салтанатида илму фан ва адабиёт ғоят равнақ топган бўлиб, туркий, форсий ва арабий тилларни пухта эгалламаган киши юқори давлат лавозимларида хизмат қила олмас эди.
—Бу китобнинг уммон қаъридан чиқарилган дур янглиғ қимматбаҳо маълумотларидан она шаҳрим Ромитанга меҳру муҳаббатим ўн чандон ошди,—деди ромитанлик бир аъён.—Ахир, уни буюк Турон хоқони Афросиёб бунёд қилган экан. Яна не-не улуғлар пойқадами етган замин экан. Ватаннинг ҳар қарич ерини, ҳар қуруқ чўпини-да севишга ўргатадиган китоб бу.
—»Бухоро тарихи»нинг муаллифи мавлоно Муҳаммад ибн Жаъфар Бухорои шариф уламолари сафига шундоқ муносиб бир кунда, муносиб бир тарзда қўшилдилар,—деди вазир Жайҳоний.—Энди у кишига «Бухорий» нисбаси кўпроқ ярашса керак.
—Ҳа, ҳа, «Бухорий» нисбасини олсинлар, бунга буткул ҳақлилар,—деган маъқулловчи хитоблар ёғилди.
Мақтовлардан ийманган каби бошини қуйи солиб ўтирган муаррих бу хитоблардан сўнг қаддини тиклаб, мажлис аҳлига эҳтиром юзасидан қўлини кўксига қўйиб, деди:
—Таҳсинлар учун қуллуқ, бироқ улуғлар авф этсинлуру, мен ўзимнинг камтарона Наршахий нисбамда қолсам. Ахир, Бухорои шариф номи Абуҳафс Кабир Бухорий, Имом Исмоил Бухорий каби олий зотларнинг табаррук исмлари билан зийнатланган. Мен фақиру ҳақир ул илм қуёшлари қаторида бир заррачалик бўлолмасам.
Орага сув қуйгандек сукунат чўкди. Чунки барча муаррих вазирнинг сўзини ерда қолдирмай, Бухорий нисбасини боши осмонга етиб қабул қилади, деган ўйда эди. Жайҳоний табиатан оғир-вазмин одам бўлса-да, кенг пешонаси билинар-билинмас тиришди. Аъёнлар орасида пичир-пичир бошланиб, кимнингдир «беадаблик бу» деган танбеҳи Муҳаммаднинг қулоғига чалинди. Шунга қарамай, у сўзини қайтиб олишни ўйламас, билъакс, чўзинчоқ юзи ва тийрак кўзларидаги қатъият ифодаси ҳам қарорида собит эканини таъкидлаб турган каби эди.
Амир Нуҳ ибн Наср табассум қилди ва донолик билан барчани ўнғайсизликдан қутқарди:
—Баракалла, мавлоно Муҳаммад! Ахир, Наршахий нисбали одам ҳам Бухоро фарзанди-ку! Қолаверса, Наршахий, Ғиждувоний, Ромитаний, Пайкандий, Торобий—булар бари улуғ зотларга лойиқ нисбалар. Мозийда Наршахда рўй берган йирик тарихий воқеаларни сиз китобингизда дарж этмишсиз. Алалхусус, оқ кийимлилар қўзғолони чоғи бу қалъаларнинг муҳим таянчларидан бўлгани ҳануз тилларда достондир.
—Ҳа, ўшанда менинг ҳамқишлоқларим халифага қарши исёнга бош қўшмишлар,—деди муаррих афсусланганнамо.
—Бундан ор этиш эмас, билъакс, фахрланмоқ лозим, —деди амир. —Зеро, у замонлар аждодларимиз ватан эрки учун курашганлар. Ўшанда оқ ки¬йимлилар мағлуб бўлган эса-да, алардан мерос қолган истиқлол ғояси авлодлар дилида сўнмагани учунгина мустақил сомоний давлати вужудга келдики, бу тарих сизнинг асарингизда аъло тарзда ифодасини топмиш.
Муҳтарам аркони давлат! Шу пайтгача Бухорои шарифда ҳадис, фиқҳ илмларида ва марҳум устод Рудакий туфайли шеъриятда бутун ислом оламига довруқ таратган эди. Ниҳоят, Туронзамин улуғ муаррихига эга бўлди. Мавлонога бежиз ёшлар орасидан жой кўрсатмадик. Муҳаммад ибн Жаъфар мударрислик лавозимига тайинланиб, шаҳзодалару аслзода ёшларга ҳамда аҳолининг турли табақалари орасидан етишган иқтидор эгаларига ватан тарихидан сабоқ берсин!

Муаррих ўрнидан туриб, эътироф ва лавозим учун қуллуқ қилди.
—Энди тиланг тилагингизни, мавлоно,—деди амир.
—Аълоҳазрат, тилагим—шу камтарин асарим эътибори олийларига сазовор бўлиши эди. Оллоҳга шукрки, анга етишдим. Ёлғиз ожизона илтимосим шуки, даргоҳингиздаги хушнавис хаттотлар ундан бир неча нусха кўчирсалар, токим мен баъзи мўътабар зотларга туҳфа этиш ва дарсларда фойдаланиш имконига эга бўлсам.
—Тилагингиз бизнинг ниятга ғоят уйғун келди. Албат, «Бухоро тарихи»дан ўнлаб нусхалар кўчиртирурмиз. Уни элчилар ва савдо карвонлари орқали олис-яқин мамлакатларга энг бебаҳо туҳфа сифатида жўнатурмиз. Зеро, Бухорои шариф бугунги кунда етти иқлимда машҳур диёр. Ҳатто, бу қутлуғ заминни кўрмаган бўлса-да, анинг таъриф-тавсифи ва ул ҳақдаки тарихий маълумотларни ўрганишга иштиёқманд кишилар жаҳон орасида кам эмасдур.

Шундан сўнг Нуҳ ибн Наср мажлис поёнига етганини англатиб, амр қилди:
—Бебаҳо асар—»Бухоро тарихи» хаттотларга берилиб, энг нафис Самарқанд қоғозига зарҳал ҳарфлар билан кўчирилсин. Биз атаган минг динор олтин улуғ муаррих Муҳаммад ибн Жаъфарнинг бошидан сочилсин!
Саломхонага зарбоф тўнли икки мулозим кириб келди. Бирининг қўлида олтин тангалар хирмон янглиғ уюлган каттакон баркаш. Олтинларнинг ялт-юлт этишидан кўплаб қиёфаларга қизиллик югуриб, кўзларда ўт чақнади. Ўрнидан турган муаррих ҳасад билан боққан нигоҳларни ҳам илғади. Мулозимлар унинг рўпарасига келгач, иккинчиси уни ўртага чиқишга ундади.
Муаррих сифатида бундай маросим унга яхши маълум. Амир тортиқ қилган қизил олтинлар саодатманд кимса бошидан сочилар, у эса эгилиб, баъзан ҳатто эмаклаб, ҳар ёққа думалаб кетган тангаларни баркашга йиғар эди. Муҳаммад йиллар мобайнида вайроналардан сопол синиқлари, занглаган темир пайконларни излаб топиб, қайси даврга оидлигини аниқлаш учун уларни чангу зангдан тозалашдан ор этмаган. Ҳозир эса ерга эгилиб, тиззалаб, ўнлаб нигоҳлар остида тангаларни териб олишни ўйлар экан, бутун вужуди музлаб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Гарангсираган каби ўртага чиқди. Бироқ вужудида энг мушкул лаҳзаларда қатъият бағишловчи таниш бир куч пайдо бўлиб, ўзини қўлга олди. Ҳовучига олтин тўлдириб, бошидан сочмоққа чоғланган мулозимни қўл ишораси билан тўхтатиб, амир томон ўгирилиб, таъзим қилди:
—Аълоҳазрат, бир қошиқ қонимдан кечсангиз. Қулингиз ўз асарини якунламиш. Яна уни мударрислик лавозими билан сарафроз этдингиз. Бинобарин, энди бунча олтинга эҳтиёжим йўқ. Амр этсангиз, олтинлар Бухоро мадрасасининг толиби илмларига тақсим этилса.
Мажлис аҳли тош қотиб, гўёким нафас олмасдан амирнинг амрини кутарди. Унинг муруввати ғазабга айланиб кетса-я, деган ўй ўтди баъзиларнинг хаёлидан. Бироқ, гўёким шундай бўлишини олдиндан кутгандек, амирнинг юз ифодаси хотиржам эди. У мамнунлигини яширмай, деди:
—Бухорои шарифда бундоқ ҳимматли зотлар борлиги жилла ажабланарли эмас. Маккайи мукаррама ва Мадинаи мунавварага самодан илоҳий нур ёғилса, Бухородан само сари нур таралур, деб бежиз айтилмаган. Олтинларни мадрасага элтиб, мавлоно Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий номидан толиби илмларга тарқатинг!

линия

gulom karim

Ғулом Каримий

Ғулом Каримий Олот тумани Чандир қишлоғида таваллуд топган. Айни пайтда ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида катта илмий ходим вазифасида ишлайди. У илмий тадқиқот олиб бориш билан бир қаторда бадиий ижод ва таржима билан ҳам фаол шуғулланади.
Ғулом Каримий Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Карвон», «Турон қоплони», «Соҳибқирон ва аллома» каби китоблари нашр этилган. Республика матбуотида ҳам тарихий мавзулардаги асарлари билан мунтазам қатнашиб туради. Шу ўринда адибнинг жорий йил «Шарқ юлдузи» журналининг 3-сонида «Наршах қалъаси» романининг катта қисми берилаётганлиги ва «Тафаккур» журналининг 3-сонида «Олим ва орият» тарихий ҳикояси эълон қилинганлигини таъкидлаш жоиз.

(Tashriflar: umumiy 410, bugungi 1)

Izoh qoldiring