Halim Karim. El-Klassiko

02   Кутубхонамизнинг фаол иштирокчиси бўлмиш адабиётшунос Искандар Мадғозиев тавсияси билан андижонлик ижодкор  Ҳалим Каримнинг ҳикоясини тақдим этамиз.

Ҳалим Карим
“ЭЛЬ-КЛАССИКО”
98

033   Ҳалим Карим (Ҳалимжон Каримов) 1960 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини 1982 йилда тамомлаган. Унинг “Мана, мен борман”, “Юрак билан сўзлашув”, “Кўнгил ҳаловат истайди” номли шеърлар, “Туйғулар талқини”, “Андижондан эсган саболар” номли адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Тарихий шахс ва бадиий образ” номли монографияси, элликка яқин илмий, адабий танқидий, ижтимоий – сиёсий мавзулардаги мақолалари нашр этилган.
У филология фанлари номзоди, доцент. Ҳозирда Андижон давлати университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири бўлиб ишлаб келмоқда.

98

Декабрнинг сўнгги ҳафтаси бўлишига қарамасдан, бугун эрталабдан Мадридда ҳаво яхши. Қиш қуёшининг ним илиқ нурлари шаҳарнинг қоқ марказидаги тўққиз қаватли уйнинг еттинчи қаватидаги жуда дид билан безатилган хонага ҳам мўралади. Офтоб нурларидан безовталанган шекилли Антонио уйқудан кўзини очар экан, тура солиб балкон эшиги томон юрди. Уни очмасдан ҳарир пардаларни хиёл суриб ташқарини бемаъно кузатди. Одатда ва, айниқса, дам олиш кунлари янада кечроқ уйғонадиган улкан шаҳарда ҳаёт аллақачон қизғин тусга кирган. Қуёш чарақлаб чиққани учунми, бунингсиз ҳам қиши юмшоқ келадиган Мадрид кўчаларининг хона ичидан қараганда ёздагидан фарқи йўқдек. Завқидан ғайрати жўшган Антонио эшикни очиб, балконга чиқди. Қишнинг салқин ҳавоси димоғига урилди. Она шаҳрининг озода ва серҳашам, кенг ва гавжум кўчаларига, маҳобатли биноларга камдан кам ҳоллардагина туядиган ифтихор билан боқди. Шаҳарнинг энг баланд биноси бўлган “Torre de Cristal” деб номланувчи олисроқдаги ойнали минора билан берироқдаги ҳайбатли “Пикассо минораси” оралиғида худди дарвозадан кираётгандай ҳавода икки қора нуқта пайдо бўлиб, яқинлашган сайин катталаша бошлади. Антонио полиция вертолётларининг йилнинг асосий футбол учрашуви кунида эрталабдан кечгача “тариллаб” айланиб учиб юришини эслади. Нигоҳлари билан стадионни излади. Узоқдан “Сантьяго Бернабеу”нинг охирги қаватлари ва томи кўзга ташланади. Стадион зарғалдоқ тусли бўлгани учун қуёш нурларининг сеҳри билан олтиндай жилоланиб, янада сирли ва маҳобатли кўринади. Бугун “Эль-классико”! Бўлажак ўйинни хаёлидан ўтказган йигитнинг юраги бир қалқиб қўйди. Балконга юпун чиққани учун қиш салқинидан эти увушди. Хонага қайтиб, эшикни зич ёпар экан, иссиққина ўрнига қайтиб ётгиси келди. Хотини Элиза ҳали ухлаб ётар, тим қора сочлари оппоқ парқу ёстиқларни истило этган, очилиб қолган яланғоч чиройли елкаси ва нозик оёқлари йигитнинг меҳр билан боққан кўзларини яшнатар, қонини жунбушга келтирарди. Антонио севгилисининг елкасини силамоқчи бўлдию, қўлининг совуқлигини ҳис қилиб, чойшабни секингина тортиб қўя қолди. Ҳушёр ухлайдиган Элиза эрининг совқотган қўлига иссиқ кафтини босиб қўйди. Бу унинг уйқу аралаш бўлса ҳам ёрига миннатдорлик белгиси эди. Йигит одатига хилоф равишда шошилиброқ душда чўмилди. Ёқимли иссиқ сув ва гелнинг муаттар ҳиди аъзойи баданини яшнатиб, кўнглини равшан қилди. Катта ва юмшоқ сочиғига бурканганча ошхонага ўтиб, хотини икковига нонушта тайёрламоқчи бўлди. Музлатгич егуликка тиқилиб ётган бўлса ҳам,бир муддат тараддудланиб қолди. Кеча оқшом “El Pais” даги ҳамкасблари билан бўлган ўтиришда бироз кўпроқ вино ичганлиги учун ичи ачишиб, очиққанлигини ҳис қилди. Ҳаммасининг ейилмаслигини билса ҳам оловга қўйилиши билан тайёр бўладиган оқ вино билан юмшатилган қуён гўштли шўрва, барра бузоқ гўшти ва қўзиқорин қўшиб тайёрланган омлет ҳамда голланд пишлоғининг кичик бўлагини танлади.

Куёв-қайлиқ бир-бирларининг яноқларидан бўса олишгач, нонушта қилишди. Иштаҳани қитиқловчи зарҳалли оппоқ чинниларга шўрва қуюлган бўлишига қарамасдан Элиза “BraUn” дан ҳозиргина чиқарилган апельсин шарбати билан чекланди. Нонушта чоғида икковлон Элизанинг акаси Карлеснинг бир неча соатдан сўнг Барселонадан Мадридга етиб келиши, уни кутиб олиш, бугун тушдан кейин “Сантьяго Бернабеу”да бўладиган “Эль-классико” ва кечки овқатни қайси ресторанда қилишлари тўғрисида гаплашишди.

Антонио ва Карлеснинг “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги тўқнашувни бирга кўришлари уларнинг Комплутенсе университетида бирга ўқиб юрган кезларида бошланган. Ўқишни тугатганларига етти йил бўлибдики, ҳали бу анъана бузилгани йўқ. Қадди-бастлари келишган, юз-кўзиданоқ ақл ва одоб чақнаб турадиган бу икки йигит дастлаб кўришганлариданоқ яқин бўлиб, кейинчалик дўстлашиб кетишган. Пўрим кийимлари баланд бўйларига ярашган, анча-мунча танноз хонимларнинг ҳам кўзини куйдирадиган йигитларнинг фарқи уларнинг сочларида холос. Испан зодагонларининг авлодларидан бўлган Антонионинг сочлари олтиндай товланади. Жамалаги эса уни янада кўркам қилган. Карлеснинг ҳам сочлари жингалак, фақат улар қўнғирга мойил қора. У оддий оиладан бўлса ҳам, ўзининг каталон эканлигидан фахрланишини, она шаҳри Барселонанинг дунёнинг энг яхшиси ва гўзали эканлигини айтиб мақтанишни яхши кўради. Антонио дўстининг бу қилиғини хушламаса ҳам, унга эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Ҳатто уни фазилатга йўйиб қўяр, Мадрид ва Барселона ҳақидаги ҳар қандай фикрни билдиришдан ўзини тияди. Антонио Барселонага учинчи курсда ўқиб юрган пайтида борди. Уни Карлес навбатдаги “Эль-классико” ни биргаликда кўриш учун қўярда-қўймай олиб кетди. Ўшанда “Барса” ўз майдонида азалий рақибини ютолмаган бўлса-да, Карлес дўстини ўзларининг шаҳар чеккасидаги ота-онаси ва синглиси билан бирга яшайдиган коттеджларига олиб кетди. Олди саҳнига ҳафсала билан парвариш қилинган турфа гуллар файз бериб турувчи ўртаҳол каталонияликларникига хос бўлган бу икки қаватли коттедж хийлагина димоғдор бўлган Антонионинг қалбидан ўрин олди. У Элизани биринчи марта шу ерда кўрган эди! Ўшанда қиз коллеж битирувчиси бўлиб, имтиҳонларга тайёрланар, акасининг уйга меҳмон олиб келишини эшитиб, оғринган эди. Карлес ва Антонионинг келиши сабаб кечки овқатланиш кўчирилган катта меҳмонxонада меҳмон йигит қизнинг катта ва чиройли кўзларига беихтиёр тикилиб қолган эди. Ота-она эса шаддод қизларининг бир зумда мулойимлашган, ҳаяжондан қизарган юзларига қараб, бир-бирларига маъноли нигоҳ ташлаган эдилар. Овқатланишдан олдинги ибодат чоғида қиз билан бир-бирларининг қўлларини тутгач, кафтида ғалат тафтни сезган Антонионинг юраги умрида ҳеч қачон туймаган сирли туйғуга дош беролмай “гурсиллаб” урган эди.

Антонионинг онаси Мерлин хоним собиқ қирол Хуан Карлос I нинг узоқ қариндошларидан бўлиб, умрида бир мартагина қиролнинг гоҳ-гоҳида ўтказиб турадиган қабул маросимига таклифнома олган ва бу билан тинимсиз мақтангани мақтанган эди. У ёлғиз ўғлининг зодагонлардан бўла туриб қандайдир каталон қизига уйланишига тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Ҳатто обрўли кишилар ташриф буюрадиган “Los Montes de Calicia”ресторанида уюштирилган таништирув маросимида ҳам бўлғуси келинни ҳушламаётганини яшириб ўтирмади. Уч марта фойега чиқиб ўтириб олиб, Антониони роса ҳижолат қилди. Бир гал ювош ва олийжаноб эри Артурони чақириб ҳам олди. Тилла суви югуртирилган муштугига сигарет улаб тутатар экан, эрини атайин зодагончасига “сиз”лаб гапирди: “Бу қизнинг сочларининг қоп-қоралигини кўрдингизми, жаноб Артурос?! Нима бало, лўлимией?… Сиз ҳам бир нима десангизчи, ахир”.

– Ўзингизни босинг, хоним, — деди эри ҳам атайин “сиз” лаб, — Худо ҳаққи, мен ҳали бундай гўзал қизни учратган эмасман, бунинг устига ақли ҳам, одоби ҳам чиройли эканлиги кўриниб турибди.

– Сизнинг ҳам ўғлингиз каби дидингиз яхши эмас экан, — деди Мерлин хоним, бурнини жийириб.

– Тўғри айтасиз, хоним, — деган эди эри кулимсираб, — бу қусуримни ўзим ҳам тан олганимга анча йил бўлган!

Гап қаёққа қараб кетаётганини кечроқ тушунган хоним “Бу билан нима демоқчисан?!” – деган эди эрига жаҳл билан. Ота-онасининг даҳанаки жангини парда ортидан эшитиб турган Антонио кулгидан ўзини тўхтатиб туролмаган эди.

Тўй икки ярим йил аввал, ёзнинг иссиқ кунларида Мадриддаги “Сasa de Campo”паркида барпо қилинган катта сунъий кўлнинг қоқ ўртасидаги атрофи хушманзара дарахтлар ва турфа гуллар билан ўралган, ёзги “Chiringuitos”(кафе)да ноз-неъматлар билан тўлдирилган “шведча стол” атрофида қизғин ўйин-кулгу билан бўлиб ўтди.Тўйда ҳам чимирилган қошлари ёйилмаган Мерлин хоним “лўли”нинг хийлагина муҳташам ва кўркам ўз вилласида бирга яшашини истамади. Лекин эри билан бирга Антонио ва Элиза учун шаҳар марказидаги катта-катта хоналари анча-мунча коттеджларникидан қолишмайдиган беш хонали уйни ижарага олишга кўмаклашиб юбордики, бу ёш келин-куёвлар учун айни муддао бўлган эди.

Шундай қилиб, Мадридда чиқадиган донгдор “El-Pais”газетасининг кичик муҳаррири Антонио Мария Борхес Каталония мухтор вилоятининг маркази Барселонада чиқадиган янада донгдор “La Vanguardia” газетасининг кичик муҳаррири дўсти ва қайнағаси Карлес Пальмеронни кутиб олиш учун Аточа темир йўл вокзалига чиққанида, фақатгина Сарагосада тўхтаб ўтадиган тезюрар поезднинг келишига ўн дақиқа қолган эди. Карлес анъанага кўра олти юз километрдан ортиқ йўл босиб, “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги футбол ўйинини кўриш учун келяпти.

Даҳшатли “Эль-классико”нинг бошланишига саноқли соатлар қолган эди…

***

Жонобод Қорадарё бўйларида жойлашгани учунми декабрь ойининг ўрталаридан бошлаб, деярли ҳар куни қишлоқни қуюқ туман қоплаб олади. Унинг ичидан ўтадиган кўплаб ариқ ва зовурлар ёзда бу ерларни қанчалик сўлим ва хушманзара этса, қишда шунчалик файзсиз қилиб юборадигандай. Қишлоқни ёнбошлаб ўтадиган асфальтйўлдан машинада атрофни кузатиб кетар экансиз, ҳалиям ғўзапоялари юлиб улгурилмаган далалар туман ичида хира кўриниб, ташқаридаги қора совуқни ичингизга олиб киргандай бўлади. Катта йўлдан гоҳ-гоҳида ўтиб турадиган машиналарнинг узуқ-юлуқ овозини ҳисобга олмаса қишлоқда ҳаёт тўхтаб қолгандай.

Соат саккизларга бориб Жонободда ҳам тонг отгандай бўлди. Уйқусираб сандал ичидаги тоғорага оёғини урган Эгамберди эринибгина кўзини чала очди. Оёқларини кеча оқшом солинган ғўзапоя аралаш кўмир чўғидан сўнг аллақачон совиб қолган тоғорадан эҳтиёт қилиб, ўнг томонига аста ёнбошлади. Тўрида бошини кўрпа ичига тиқиб олган 8-синфда ўқийдиган ўғли Шоҳжаҳон ухлайди. Қуйироғига сандал ўрнатилиб, устига катта қалин кўрпа ёпилган бу хона – даҳлиз. Эшиги ярим ёпилган катта уйда хотини Дилбархон кичик қизи Шаҳноза билан бирга ётади. Эгамберди олди айвонли бу икки уйни Россияга аввалги сафар бориб келгандан сўнг кўча эшик тарафга ёнбош қилиб, эски уйларига туташтириб қурган эди. Эскиси ҳам бир уй, бир даҳлиз, олди айвонли. Уйлар туташтирилган бўлишига қарамасдан алоҳидалиги – эски ва янгилиги билиниб туради. Чўян печка қурилган эски уйда Эгамбердининг онаси Мунис хола унинг катта қизи Малика билан бирга тунайди. Олти сотихли ҳовлининг уйларга қарши томони рўзғорбоп экинлар экиладиган томорқа, унинг ўнгроқ этагида қачонлардир Эгамбердининг отаси қурган бостирма. Унинг остидаги икки қўрада сигир ва бузоқ, икки совлиқ қўй одамнинг раҳмини келтириб, совуқда изиллайди. Қўранинг кейинида бир одам зўрға сиғадиган дарча эшик бўлиб, у “оқ олтини”дан етим қолиб кўзга хунук кўринадиган ғўзапоялар ва қуюқ туман билан қопланиб совқотиб ётган кенг пахта далаларига олиб чиқади.

Эгамберди оёғини сандалдан чиқармасдан, бошидаги болишни оқланмаган қумсувоқ деворга тираб, унга суянди. Кўрпага бурканган ўғлига қараб “Мактабга бормабди-ку”, — деб кўнглидан ўтказди. – Майли, шанба ўзи қисқа кун, бунинг устига совуқ. Мактаби ҳам ўтин-кўмирларни жамғаришганига қарамасдан совуқ бўлса керак. Ҳаммаси ҳам майли, бугун орзиқиб кутилган “Эль-классико”!..

Эгамберди ёшлик пайтларида футболга кўпам қизиқавермас эди. Синфдошлари унча тўғри ўсмаган тераклардан “П” шаклида ясалган мактабнинг тўрсиз дарвозали стадионида терлаб-пишиб тўп тепаётганларида у чеккароқдаги ғўла устида писта чақиб ўтирарди. Ўнинчи синфда ўқиётганларида ҳозир мактабнинг директори бўлиб ишлайдиган синфдоши ҳам ён қўшниси Анвар уни вилоят марказидаги стадионда бўладиган футболга олиб борди. Ўшанда Эгамберди “Шунча жойга бориб, зарил кепдими…” дея тараддудланганида, Анвар: “Эй ошна, Тошкентдан “Пахтакор” ўртоқлик ўйини ўтказгани келади. “Пахтакор”нинг тиригини кўрганмисан ўзи. Абдураимовни кўрамиз! Юрсангчи”, – деб қистаган эди. Улар шаҳарга етиб борганларида стадион аллақачон “лиқ” тўлган, мелисалар ҳеч кимни киришга яқинлаштирмас эдилар. Анвар билар экан, стадионнинг орқа тарафидаги деворига жуда яқин ўрнатилган симёғоч бор экан. Уч-тўртта ўзлари тенги йигитчалар унга тирмашиб чиқиб, бир-бирларининг қўлидан тортиб деворга ўтар ва яна бир-бирларига ёрдамлашиб, ўйингоҳ ичига тушиб олар эдилар. Анвар ўртоғининг биринчи бор келишини ҳисобга олибми, уни ўзидан олдинга ўтказди. Елкаси билан йўлаб симёғочга чиқарди. Олдиндаги нотаниш йигит Эгамбердининг қўлидан тортиб девор устига ўтишига ёрдамлашиб юборди. У ана шу девор устида ростакам стадионни, чизиқлари ва тўрлари таранг тортилган оппоқ устунли дарвозалар ўрнатилган ям-яшил майсали майдонни, ўнг мингдан ортиқ томошабинни илк бор кўриб, оғзи “ланг” очилиб қолди. Ортидан симёғочга тирмашиб чиқаётган Анварнинг: “Эгам! Қўлимдан торт”, – деб бақиришига қарамасдан, пастга бир сакрадию, томошабинлар ичига қараб югуриб кетди.Оқ ва қизил рангдаги чиройли формалар кийган футболчиларнинг ўйин пайтидаги шаштлари, минглаб ишқибозларнинг ҳайқириқлари юрагини ларзага солди. Кейинчалик Анвар “Сен одаммас экансан”, — деб синфдошидан аразлаб юрди. Эгамберди эса шу-шу бу ўйиннинг ашаддий ишқибозига айланди.

У ўрнидан турди-да, “Ишқилиб чироқ ёндимикан”, –деб эшик ёнидаги ёндиргични босиб кўрди. Йўқ экан. Барча ҳамқишлоқлари каби қишда электр токининг бир-икки соатгагина берилишига кўникиб кетган бўлишига қарамасдан, “Онангни…”, – деб сўкинганча ўчоқ бошига қараб юрди. Қозон қопқоғини кўтариб кўрди. Сув тўлдириб қўйилган экан. Тунги совуқда четларини юпқа муз қоплабди. Ўчоқ ёнидаги ғўзапояни уч-тўртта қилиб, оёғи билан босиб синдира бошлади. Одатда ярим боғ ғўзапоя билан қозондаги сув исийди, қайнайди. Уни мустаҳабга, таҳоратга ва чой дамлаш учун ишлатадилар. Ғўзапоя чўғидан бир-икки оловкурак олиб сандал ичидаги тунука тоғорага соладилар. Чўғ солингандан сўнг сандал ҳақиқий оромижонга айланади. Кеча Дилбархон ёпган иккита қалин нон, ўз ҳовлиларида етилган беш-олтита чақилган ёнғоқ ва шакар билан нонушта қилдилар. Иссиқ сандал, қайноқ чой ва буғдой нон тезда ўз кучини кўрсатиб, тунд юзлар ёришгандай бўлди. Нонуштага дуо қилишдан олдин Эгамберди хотинига қараб гап бошлади: “Бугун шомдан кейин уч-тўртта ўртоқларим киришади, футбол кўрамиз, сал у ёқ – бу ёққа қараб қўйинглар”, – деди. Хотини билан катта қизи дарҳол тумшайишди.

– “Свет” йўқ-ку… ёнармикан ишқилиб”, – деди Дилбархон норози оҳангда.

– “Ёнади. Ёнмаса движокни ёқамиз, – деди Эгамберди, – Аввалги икки сафар Султонмуродникида, кейин Анварникида кўрганмиз. Бу сафар менинг навбатим. “Йўқ” десам бўлмайди, уят бўлади!”

– Майли, ўзингиз биласиз-да, – ҳар доимгидек тез таслим бўлди Дилбархон. Ҳали уйқуси тўла очилмаган Шоҳжахон, – движокнинг бензини йўқ, дада, — деб тўнғиллади.

– Биламан, — деди Эгамберди, 3-4 литр топиб келамизда. Униям нархи ошиб кетибди, аблаҳ.

– Қанақа овқат қиламиз, –деди Малика, ўзига топшириладиган ишларни хаёл қилиб.

– Ош-да!.. Ош қила қолинглар. Совуқнинг кунида ош яхши. Гўштинглар борми, ишқилиб? – деб сўради онаси, гарчи бир ҳафтадан бери гўшт йўқлигини билса ҳам. Савол атайин берилгани учун Дилбархон қайнонасига ер остидан қараб қўйди.

– Опкеламан, ярим кило бўлса ҳам олиб келаман. Беш-олтита тухум ҳам қайнатинглар, ошнинг бетига босамиз, – деди ва онасига қараб дуога қўл очди…

Эгамберди чўнтагидан пулини олиб, худди кўпайиб қоладигандай яна бир бор санади. “Етади, етворса керак”, – деб кўнглидан ўтказди. Ярим кило гўшт, иккита ароқ олишни мўлжаллади. Меҳмонларнинг олдига ош билан бирга қўйиладиган егуликларни хаёлига келтирди: “турпдан икки хил салат қилса бўлади, сузма бор…, хотини ва қизи қиш учун тайёрлаган тузлама ва компотдан ҳам бўлса керак. Амалласа бўлар экан!” Кўнгли бироз тинчиди. Бўлмаса, Анвар-директордан яна қарз олишга тўғри келар эди. Россияда ишлайдиган катта ўғли Жаҳонгирдан келиб турадиган пул мана уч ойдирки, нимагадир тўхтаб қолди. Тинч бўлсин-да, ишқилиб. Унгаям қийин, мусофирликда ишлаб пул топиб юриш осон эмас. Ўзининг бошидан ўтган.

Аслида Жаҳонгирни “Новосибир”га унинг ўзи қўйиб келган эди, Эгамберди мактабни битириб, Анварнинг маслаҳати билан шаҳардаги Қурилиш техникумида ўқиди. У пайтлари техникумни битирганларга ҳам қурилишларда анча-мунча иш топилиб турарди. Қурилишларда ишчи, бригадир, базада таъминотчи, омборда мудир бўлиб ишлади. Фарзандлари катта бўла бошлаганида… омборда камомад бўлди!.. Иккита қишлоқдошига қўшилиб Россияга кетиб юборди. Биринчи борганида икки йил, кейинги сафар уч йил ишлаб келди. Рус қишида доим шамоллаб, йўталиб юрган Эгамбердини кўриб, бир куни ўрис бошлиқ Валерий чақирдида: — Слущай Игам, ты лучще уезжай отсюда. А то, умреш здесь! – деди ва охирида ҳазиллашиб, –“понимаещ, совсем мертвым будеш” – деди жилмайиб. Бу унинг қадрдон бўлиб кетган меҳнаткаш ўзбекка нисбатан хайрихоҳлик билан айтилган кўнгил кўтариши эди. У Валерий билан келишиб, коллежни битираётган ўғлини ўз ўрнига ишга чақириб олди. Бунга ҳам мана икки ярим йил бўлибди. Бошинг тошдан бўлгур, шундан бери ҳар ой маошидан уйга жўнатиб туради. Ота-онасининг бундан бошқа тирикчилиги йўқлигини билади…

У аввал ароқ олиб, кейин пулининг ортганига гўшт олишни мўлжаллаб, бекат ёнидаги дўконга қараб юриб кетди. Ҳар бир маҳаллада уйининг кўча деразасини дўконча қилиб олганлар бўлса ҳам Эгамберди кириб келган Ҳолмирзанинг дўкони энг каттаси ва асосийси. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ, хисоб. “Футбол-экспресс” газетасини учинчи марта қайта ўқиётган дўкончи йигит кўнглидаги суҳбатдош кирганидан хурсанд бўлиб кетди: — Э..э..Эгам ака! Бормисиз?! Ўзимам, чиқиб қолсангиз керак, деб турувдим. Қалай… тайёргарлик бўляпдими? – деб икки қўллаб сўрашди. Эгамберди унинг “Классико”га ишора қилаётганини дарҳол тушунса ҳам, Ҳолмирза “Реалчи”лиги учун индамай қўя қолди. Вилоят марказидан жудаям узоқ бўлмаган Жонободда футбол ишқибозлари кўп ёки кўпга ўхшайди. Чунки асли ишқибоз бўлмаганлар ҳам кўча-кўйда бўлиб турадиган гап-сўзлару ҳангомаларга аралашиб туриш учун ҳам юртининг футбол жамоаларини билмасалар ҳам ўзларини ё “Реал”нинг ё “Барселона”нинг ишқибози қилиб кўрсатишни яхши кўришади. Бундай ишқибозлик уларнинг дунёдан хабардорлигининг, замонавийлигининг белгиси бўлиб туюлади. Улар қишлоғидаги ўзлари ёқтирган бирон кимса қайси жамоага ишқибозлик қилса, ўшанинг томонига ўтиб кетаверадилар. Шунинг учун қишлоқдагилар ким “Реал” нинг, ким “Барселона” нинг ишқибози эканлигини яхши билишади. Учрашиб қолганларида футболдан гап кетса, бир-бирларини калака қилишга, пастга уришга ҳаракат қилишади. Масхаралашлар таҳқирга, кейин эса жанжал ва муштлашишга айланган кунлар ҳам бўлган. Холмирза унинг индамаганидан фойдаланиб, ёши кичик бўлишига қарамасдан аввалроқ “хужум” га ўтди: “ Бугун камандези яна пачағини чиқарамиз-да, Эгам ака! Роналду иккита, Бейл билан Бензема биттадан ургандаям 4:0 бўлади! Шошманг, Модрич ҳам гол урмасдан кетмаса керак”, – деб атайин Эгамбердининг тилини қичитди.

– Ҳов бола, ғашимга тегма, — деди у, — “Реалинг” тўртта гол уриши учун “бизникилар” ўйнамасдан тескари қараб туриши керак, билдингми?!

Холмирза “Ҳее … ака …” – дея жавобга шайланган эди, Эгамберди “Тўхта” дегандек ўнг кафтини дўкончининг юзига қарата кўтариб, қатъий гапирди: — яхшиликча тўхта, асабимни бузсанг, хафа қилиб қўйишим мумкин. Оладиган нарсамни ҳам олмасдан кетвораман.

– Хўп ака, ҳазиллашдим-да, — деди у савдогарлиги эсига тушиб.
– Тенг-тўшинг билан ҳазиллаш, ука!

– Хўп, хўп ака, нима керак, нима берай? – деди Ҳолмирза, семиз юзлари қизариб. Зумда ялтираган пешонасини қўли билан артиб, қуён телпагини ҳозиргина пештахта ортида ўзи ўтирган курсига зарда билан ирғитди..

– Иккита нол бешлик ароқ бер…
– Қаерники бўлсин, Тошкентникими, Анжанникими?
– Қаерники бўлсаям, арзонроғини бер!

Эгамберди дўкондан чиққанида туман хийлагина кўтарилган эди. Шунга қарамасдан, ҳаво совуқ, изғирин шамол йўл четидаги яланғоч теракларнинг шохларини “шиқирлатиб” тебратади, бир неча кундан бери кўринмаётган қуёш кўтарилаётган туман аро базўр кўринса ҳам, атрофни ҳар ҳолда кўринарли қилган эди. У икки қўйнидаги шишаларнинг кўриниб қолмаслиги учун пальтосининг охирги тугмаларини ҳам қадаб олдида сал нарироқдаги қассобхона томон юрди. Унинг ёнидаги Холмирзанинг магазини очилганидан сўнг ишлатилмасдан ёпиб қўйилган, панердан қилинган эски баққоллик дўконининг олдида совқотган қўлларини қора тўнларининг енгига тиқиб олган тўрт киши гурунглашиб турар эдилар.Уларнинг бири ана шу баққоллик дўконини узоқ йиллар юргизган, қорасидан оқи кўп соқоли ўзига ярашган, Анжан дўпписига нақшинкор кўк “поплин” чорсини чамбарак қилиб ўраган Турғунбой бува бўлса, иккинчи ва учинчилари бугунги футбол томошасига кеча таклиф этиб қўйилган, бир хил телпакларини қулоқларига бостириб кийган Эгамбердининг ошналари дурадгор уста Султонмурод билан тракторти Абдуносир эди. Тўртинчи одам, даврадагилардан фарқли ўлароқ жигарранг дублёнка пўстин, қулоқчинини тушириб олгани учун хеч кимга ярашмайдиган ўрис шапка кийган, кўп гапирганлиги учун кўпчилик унча ёқтирмайдиган Санжар эди. Эгамберди ҳали кўришиб улгурмасдан Санжар гап отди: – “Ҳа, бой, бугунги ошга бизниям айтасизми? Айтсангиз биз ҳам қуруқ кирмас эдик…” Эгамберди кутилмаган саволдан бироз довдиради. “Унга нега айтдинглар”, – дегандай ошналарига совуқ қараб қўйди. – Қанақа ош? – деди талмовсираб.

Санжар Эгамберди ва унинг ошналаридан икки ёш кичик, улардан икки синф пастда ўқиган. Мактаб пайтида “ака” деб юрарди. Кейинчалик, нима жин урди-ю, ўзидан икки-уч ёш катталарни ҳам, ҳеч тап тортмасдан тўғридан-тўғри отини айтадиган бўлиб қолди. Унинг бу қилиғига аччиқ қилиб юрганлар ҳам бўлди-ю, узоқ йиллар Россияда юриб келганига, “пули кўпайиб қолганига” йўйишди-да, кўникиб кетишди.

Эгамберди “сир” очилиб қолганини пайқаб, унинг бемулозамат гапига беихтиёр мулозамат билан: – “Майли, қуруқ бўлса ҳам кирсанг киравер… ҳамма нарсамиз бор, –деди, унинг “бой” деб калака қилгани юрагига текканлиги учун: – фақат “Реал”ни мақтаб жонга тегмасанг бўлди”, – деб қўшиб қўйди.

–Ие… нима деяпсан, – деди Санжар ингичка бўйнини чўзиб, – “Реал” ни мақтамай, ўйнашни билмайдиган “Барсанг”ни мақтайми?.. Биласан-у, ёшлигимдан “Реал” га “балет” қиламан…

– Сен ёшлигингда “Реал” тугул “Пахтакор”ниям билмасдинг, – деб гапга аралашди чўрткесар Султонмурод, бу билан у Санжарнинг ёши кичиклигига ҳам шама қилиб қўйди.

– Йўқ… билар эди, – деб, гапни илиб кетди Абдуносир, – фақат “Пахтакор”нинг “р”сини айтолмасдан “Пахтакой”ми, “Пахтаой”ми дерди, – деб Санжарнинг тилида озгина қусури борлигига ишора қилди. “Гув” этиб кулги кўтарилди. Ҳатто Турғунбой бува ҳам кулиб юборди. Шу билан улар ўртасидаги ҳисоб 1:1 бўлган эди-ю, изза бўлган Санжар яна “ҳужум” бошлади: – Ҳа..а.. Учовинг бир бўлиб менга ташланишяпсанми?… Кўрамиз, ҳали, ҳамманг оёқларингнинг орасидан биттадан гол ўтказиб юборганингдан кейин, эртага кўчада юришларингни, томоша қиламиз, –деб “хо-хо” лаб кулиб юборди. “Барсачилардан” бўлган Эгамберди, Султонмурод, Абдуносирнинг кулгулари тинди. Уларга қараб Турғунбой бува ҳам тўхтади.

– Ҳа, ҳаммангни “даминг” чиқиб кетдими?Ҳали бундан баттар бўлишасан, – деди Санжар.

– Эй…, йўқ, нарсага нега қуруқланасан, – деди Абдуносир тракторчи, – ҳали ўйинни кўрайликчи…

– Сенлар кўрсанг ҳам, кўрмасанг ҳам бугун “Реал” ютади. “Реал” зўр! – деди Санжар ғолибона.

Эгамберди муштини тугиб, ранги бўзариб деди: – “Зўрдан зўр чиққанда нима қилишни биласанми, ишқилиб”. У яна гапини давом эттирмоқчи эди, Турғунбой бува пўписа қилганча уни тўхтатди: – Бўлди – ей, кап-катта одамлар уялишмайсанми?… Нимани талашишасан ўзи?.. Эртага биринг ўғил уйлантирадиган, биринг қиз чиқарадиган бўлдинг, ахир. Бунинг ўрнига борларинг тирикчилигингни қил, рўзғорингга қара! Ҳе, ишқибоз бўл, эвида бўл-да! Бизам кўрганмиз ўша футболни. Абдурайимов, Тўлаган Исақов бўлсаям, Миржалолми, ўзимизи Бахтигўл бўлсаям майли эди!.. “Реал – Барсанг” ким? Сенларга нима?”. Чолдан бунақа гапни кутмагандилар, довдираб қолишди. Шу пайт узун тим қора пальтосининг ичидаги оппоқ ёқали кўйлагига ярашимли тўқ қизил галстуг таққан, бошига қандай жониворнинг терисидан эканлигини биров айтолмайдиган шапка кийган Анвар – директор тез-тез юриб келиб қолди. У шу қишлоқнинг ҳокими ҳисоб, айтгани айтган, дегани деган. Уч мартадан қайтариб қўйилган мактабига директорликдан ташқари қишлоқдаги барча ишлар унинг маслаҳати билан ҳал бўлади. Мабодо, Анварнинг гапига кирмаган тақдирда ҳам ҳеч ким унга “терс” гапирмайди.

– Ҳа, бекорчи хўжалар, нима гап? – деди Анвар, учала синфдоши билан қадрдонча, Турғунбой бува билан қўшқўллаб, Санжар билан бир қўллаб кўришар экан.

– Ҳей, буларингга бир насиҳат қилиб қўй, — деди бува, — бўлмаса бир-бирларининг гўштини еб юборишади.

– Унчаликмас бува, – деди тракторчи Абдуносир, – нима қилайлик, иш йўғида шу билан сал овунамизда. Бу ерларда кино, театр, концерт деган нарсалар бўлмаса.Телевизор кўрайлик, десак кечаси-ю кундузи “свет” ўчгани ўчган.

– Ҳа, яна “Реал – Барса” бўлишяпсанми? Неча марта айтаман сенларга бекорчи нарсани талашишма, деб… Бу ерда “Реалчи” яккалик қилиб қолибди-да-а?! – деди Санжарга қараб кулимсираб.

– Ҳа, учаласи битта менга ташланишди, сиз билан тўртта бўлдинглар,- деди Санжар Анварга ҳам дафъ қилиб. Директор вазиятни юмшата бошлади.

– Энди биз синфдошлармизда Санжарбек, ҳафа бўлма, сениям “Реалчи” синфдошларинг бор-ку! Менга-ку аслида барибир. “Ўзбекистон” ўйнаса, “Пахтакор” ўйнаса майли эди. Бўпти, ўйин бошлангунча мен шаҳарга бориб келай, яна мажлис бор экан, – дедида туманга қарши чироқларини ҳали ҳам ўчирмасдан келаётган йўловчи машинага қўлини кўтарди. Кетаётиб қўшиб қўйди: “Испанлар бизга ким бўлибди. Улар дунёда биздака ўзбекларнинг борлигини билишмаса ҳам керак…”

Даҳшатли “Эль-классико” нинг бошланишига саноқли соатлар қолган эди.

***

“Барселона-Мадрид” тезюрар поезди манзилга шитоб билан яқинлашиб келаётганида ҳар бир ўриндиқнинг орқасига ўрнатилган монитордаги испан эстрадасининг концертига қараб турган Карлеснинг хаёли она шаҳрининг кўчаларида қолган эди.

Ниҳоят референдум ҳам ўтди. Бутун Каталония мустақиллик учун овоз берди. Кутилганидек, Испания ҳукумати референдумни ҳам, унинг натижаларини ҳам тан олмади ва уни “ноқонуний” деб эълон қилди. Мухторият бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди. Мадрид намойишларни бостириш, тартибни сақлаш учун ҳарбийлаштирилган полиция қисмларини жўнатди. “Келгинди полициячилар” билан намойишчиларнинг тўқнашувлари ва жароҳатланганлар тўғрисида турли бир-бирига қарама-қарши хабарлар тарқала бошлади. Мадридпараст либералларидан бўлган Карлес испан полициясининг Барселонадаги бедодликлари туфайли ўзини “хоинлик” да айблаб, сепаратчилар томонига ўта бошлаган эди. У мамлакат яхлитлигини ёқлаб кўплаб мақолалар ёзган, репортажлар тайёрлаган бўлса ҳам, кейинги кунларда фикри ўзгарган, у ҳам Мадриддаги ҳукуматни “талончилик” да айблаб, барча испанларга совуқ қарай бошлаган эди. Мустақиллик ёки мухторият ўртасидаги икки ўт орасида қолган Карлес ниҳоят Антонио иккиси ўртасидаги анъаналарни бузмасликка аҳд қилди. Ҳамкасбларини ҳам ҳайрон қолдирганча пойтахтга қараб йўлга чиқди. Унинг бу сафарида бугунги “Эль-классико” атрофидаги “шов-шув”лар ва рекламалар ҳам рўл ўйнаган бўлиши мумкин. Матбуот ва телевидение ўз жамоасини ёлғизлатиб қўймасликка тинимсиз даъват қилаётган эди.

Карлес ўзига қадрдон бўлиб кетган шаҳарга қадам қўяр экан, соғинчга ўхшаш бир ҳисдан энтикиб қўйган бўлса ҳам уни кулимсираб қарши олган дўсти билан одатдагидан кўра тундроқ кўришди. Дўстлар Карлеснинг илтимосига кўра ҳар қадамда Рождество байрамининг нафаси сезилиб турган кундузлари ҳам порлаб турган ранг-баранг чироқлар билан безатилган шаҳар кўчалари бўйлаб яйов юриб кетишди.

– Кафега кириб овқатланамизда кейин стадионга кетамиз. Биласан-ку эртароқ кириб олмасак бўлмайди. Қалбаки чипталар ҳам чиқиб қолган. Элиза бормайди, у бизни ўйиндан сўнг “Marina Ventura” ресторанида кутади. Биз сени янгича усулда пишириладиган Мадрид рагуси ва Галисий десерти билан меҳмон қилмоқчимиз.

Карлес Антонио ва Элиза билан тез-тез “қўнғироқлашиб”турганлиги учун синглисининг бугунги “Эль-классико”га бормаслигини эшитган эди. Элиза Антониога турмушга чиқишидан аввал коллежда ўқиб юрган кезлари “Барселона”нинг ўз майдонидаги ўйинларига кириб турар, “Эль-классико”нику қолдирмас эди. Ўтган йили Мадриддаги учрашувга кирганларида ноқулай аҳволга тушиб қолди. Ўйиннинг иккинчи ярми бошларида “Барса” мезбонлар дарвозасига “гол” урди! “Реал”нинг мухлислари орасида эрининг елкасига бошини қўйиб ўтирган Элиза одати бўйича беихтиёр ўрнидан туриб хурсандлигидан қийқира бошлади. Ғазабланиб турган ишқибозлардан бир нечаси Элизани ҳақоратлаб сўка бошладилар. Антонио минглаб ғазабнок оломон ўртасида бўлишига қарамасдан, уларнинг бир нечаси билан ёқалашиб улгурди ва хотинини ўйин тугамасидан аввал стадиондан олиб чиқиб кетди. Антонио ҳеч нарса демаган бўлса ҳам Элиза эрини ноқулай аҳволга солиб қўйганидан хижолат бўлиб юрди ва бундан сўнг “Эль-классико”га бормасликка аҳд қилди.

Улар “Сантьяго Бернабеу” метросига яқин бўлган Пикассо майдонидаги чоғроқ, лекин киши кайфиятини кўтарадиган файзли кафега киришди. Денгиз махсулотлари қўшиб тайёрланадиган “паэль” буюришди.

– Кайфиятинг яхши эмаску, – деди Антонио ҳазиллашиб, – “Барса” нинг мағлуб бўлишини олдиндан сезяпсанми, дейман.
Ҳали ҳам ўз хаёллари билан бўлиб паришонроқ ўтирган Карлес ниҳоят тилга кирди: – Улар тинч намойишчиларни, бегуноҳ одамларни калтаклашди. Қариялар ва аёлларни ҳам аяб ўтиришмади.

Гап нимада эканлигини Антонио энди пайқади, – Биламан, ҳаммасидан хабарим бор, – деди ҳомуш бўлиб.

– Биз мақтанадиган демократиянинг аҳволи шуми?! – деди Карлес қизишиб, – тағин ўзларича бутун дунёга ақл ўргатишади, қандай яшамоқни ўқитмоқчи бўлишади. Брюссель ҳам томошабин бўлиб, жим турибди. Қўшма штатлар ҳам жим. Агар уларнинг манфаатлари тўқнаш келмайдиган бошқа давлатда шундай бўлса борми, дарҳол “шов-шув” кўтарилиб, турли санкциялар қўлланган бўлар эди.

– Мамлакатнинг бутунлиги, яхлитлиги ҳамма нарсадан устун эканлигини унутма, дўстим, – деди Антонио, – ахир ўзинг ҳам бу ҳақда ёзгансанку.

– “Ҳа, ёзганман, лекин бутун бир халқнинг овозини шундай зўравонлик билан ўчириб бўларканми?!”

Антонио атрофга бир аланглаб олиб, овозини пасайтириб деди:

– Ўзи уларга нима керак эди? Даромади, тинчлиги, фаровонлиги, ривожланиши анча-мунча дунё давлатларидан яхши-ку! Мустақил бўлсак бундан ҳам яхши бўлади, – деб ўйлашади, шекилли. Мен яқинда Ўрта Осиё давлатларидаги сайловларни ёритиш учун сафарга бориб келдим. Улардаги аҳволни кўриб жуда ҳайратландим. Бизнинг одамлар улардан ўрганиши кераклигини англадим.

– Хўш, – деди Карлес, – нима, сен уларни биз билан тенглаштирмоқчимисан?! Репортажларингни ўқидим. Ёзилмаганларидан гапир, улардан нимани ўрганиш мумкин?..

– Сабрни… Шукр қилиб яшашни! Аҳолисининг ярмидан кўпи зўрға кун кўради. Лекин кунининг тинч ўтганига қувониб яшайди. Ўзларини “бахтли”деб ҳисоблашади. Ҳеч ким уларга зуғум ўтказмаса ҳам сайловларда яна ўша ҳукуматларини ёқлаб овоз беришади. Балки шу нарса уларни ривожлантириб юборар. Бир пайтлар бизда ҳам шундай бўлганку!

– Бее… қандай ривожлансин?! – деди Карлес. Уларда омманинг фикри йўқ. Ҳукуматга рақобатчилар йўқ. Бўлган тақдирда ҳам аввал уларнинг овози ўчирилади. Оломон эса уларни ҳимоя қилмайди, тўғрироғи буни тушунмайди ҳам. Сен ўзингнинг гапингга ўзинг ҳам ишонмайсан. Чунки сен ҳам ўшаларнинг бирисан, “лаънати Франкочи!” Карлес Антонио билан тортишган кезларида дўстини ана шундай “ҳақорат” қилар эди.

– Бўпти, майли овқатингни, е, – “Эль-классико” га кеч қолмайлик, – деди Антонио ва беозоргина қўшиб қўйди, – “ярамас сепаратчи”! Булар сен билан мен ҳал қиладиган ишлар эмас…

… Монклоа саройининг иккинчи қаватидаги бош министрнинг муҳташам кабинетида фақат Қирол ва унинг оиласи учун ажратилган, биринчи рақамли телефон куй “чалганида” ҳукумат раиси қироллик харитасига тикилганича ҳомуш турарди. Ўзига хос вазминлик ва сергаклик билан гўшакни олди: – Саломатлик тилайман ҳазрати олийлари!

– Саломатмисиз, жаноб раис, – қиролнинг янада хотиржам овози эшитилди. – Отам йигитларимизнинг аҳволи билан қизиқяпти, хабар олдингизми?

– “Ҳа, албатта, кеча-ю кундуз мулоқотдамиз, – деди бош министр, – лекин жароҳат олганлар ҳам бор. Уларга қурол бермаганимиз яхши бўлган экан. Акс ҳолда қурбонлар бўлиши муқаррар эди”. Бу билан у жума кунги Конгресс йиғилишида Каталониядаги референдум билан боғлиқ баҳсда бежизга ғолиб чиқмаганлигини билдириб қўяётган эди.

– “Жаноб раис, – деб бош министрнинг гапини бўлди қирол, – биз футболчиларимизни, бугунги “Эль-Классико” ни назарда тутяпмиз.

Қиролнинг бу гапидан бош министрнинг шунчалик энсаси қотдики, бурун катаклари кенгайиб, пешонаси тиришди. Шундай бўлсада ўзини босиб, – ҳа…, ҳа…, улардан ҳабар олишади…, – деб жавоб қайтарди. Хаёлидан “Мен нима ғамда-ю, булар нима ғамда. Бошқа ташвиши йўқда буларнинг”, – деган фикр ўтди.

– Референдумга келсак, – деди қирол, – аввал бошдан сиз кўнгилчанлик қилмаганингизда бундай ноҳушликлар бўлмас эди. Яхшики, ўз вақтида тўғриладингиз (қирол “хатоингизни” деган сўзни атайин ишлатмади), акс ҳолда бу воқеалар бошқа вилоятларимизга ҳам таъсир этиши мумкин эди. Хайр, жаноб бош министр, – деб қирол гўшакни қўйди.

Қирол билан суҳбатдан сўнг, бош министр ғазабини босолмай қатта хонани икки марта айланиб чиқди. Кейинги ҳафталардаги воқеаларни, уйқусиз тунларини, қанча-қанча сиёсатчилар, давлат арбоблари, банкирлар, сармоядорлар ва яна аллақанча мамлакатда обрў-эътиборга эга бўлган кишилар билан учрашувлари, баҳс, мунозара-ю музокаралари кўз олдидан ўтди. Мухтор вилоятлар вакиллари билан бўлган учрашувлар, айниқса, оғир бўлди. Аввал ўйлаб ҳам кўрилмаган ён беришларга тўғри келди. Кимларнингдир хатолари туфайли муаммолар тиқилиб колган бўлса унда нима гуноҳ?! Билади, муддати тугаяпти… барча хатоларни унга ағдармоқчи бўлишяпти… Йўқ! У мамлакат парчаланиб кетишининг олдини ололмаган ҳукумат раҳбари сифатида тарихда қолишни ҳеч қачон истамайди. Маъсулияти ҳам, ваколати ҳам чекланган Қирол қаттиққўллик ва зўравонликни талаб қилса қилаверсин. XXI асрда, Европанинг марказида намойишчиларнинг қирғин қилинишига ҳам йўл қўёлмайди. Худо олдида, тарих олдида жавоб бериш ҳам бор!
Телефон қўнғироғи уни хаёлларидан узди. Қўнғироқ яна биринчи рақамли аппаратдан эканлиги уни ҳайратлантирган эди. Чунки қирол одатда бир кунда икки марта қўнғироқ қилмас эди. Шубҳаланиб гўшакни кўтарди-ю жим қолди. “Хириллаган” таниш овоз келди:

– Яхшимисан Марио! – бу ота қирол эди.

– Саломатлик тилайман, ҳазрати олийлари! Эшитаман! – дея расмий саломлашди бош министр.

Кекса қирол тахтни ўғлига топширгандан сўнг улар аҳён-аҳёндагина гаплашадилар. Ҳолбуки, улар бир-бири билан яқин бўлиб, унинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишида қиролнинг ҳам ҳиссаси бор эди. Ҳозир унинг қўнғироқ қилиши бош министр учун кутилмаган ҳол бўлди. Собиқ қирол авваллари ҳам Мансанарес дарёси бўйидаги қирол қароргоҳи бўлган Мадриднинг ғарбий қисмида жойлашган Шарқий саройга фақат расмий маросимлардагина ташриф буюрар, ўзи оиласи билан шаҳар ортидаги мўъжазроқ вилласида яшашни маъқул кўрар эди.Қўнғироғига қараганда саройга келган кўринади.

– Қирол билан гаплашдингми.
– Худди шундай, ҳазрати олийлари!

– Сен йигитларнинг ёнига ўзинг бор! Руҳларини кўтар. Бугун, албатта, ютишлари шарт! Бунинг сиёсий томони ҳам бор. Бизнинг ютуқ омманинг кайфиятига ҳам таъсир қилиши мумкин. Пересга тайинла каттароқ мукофот ваъда қилсин.

– Тушундим ҳазрати олийлари, – деди бош министр, энсаси қотаётганини сездирмасликка ҳаракат қилиб. “Нима жин урган буларни! Нима қиласан футболни сиёсатга аралаштириб. Ютса ютиб, ютқазса ютқазиб кетавермайдими! Ўйин кунидаги хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларку унинг ҳиқилдоғига келган. Уларга кетаётган шунча маблағ иқтисодга, қишлоқ хўжалигига ташланса борми!!! Ўхў… қанча ривожланиш бўлар эди-я. Лекин бунинг иложи йўқ…Шунчаки бир ўйин бутун бошли мамлакатнинг рамзига айланиб турибди-ку!..

Бош министр клубга барибир бормади. Ёрдамчисини юборди. Уни мудофаа ва ички ишлар министрлари иштирокидаги муҳим мажлис кутиб турар эди… “Эл-классико” бошланадиган вақт келган эди…

***

Қишлоқни яна куюқ туман ва шом рутубати босди. Кун бўйи ёнмаган чироқ кеч кирса ҳам ёнмади. Эгамберди движокнинг ипини узилиб кетишидан эҳтиёт қилиб, олтинчи марта тортганида “тариллаб” ишлаб кетди. Моторга зўр келмасин, деб иккита уйнинг чироғини ёқдилар. Сандалга ёпилган кўрпа устига дастурхон ёзилди. Ўғли телевизорни ёқиб, текшириб қўйди. Движок ҳамманикида ҳам бор эмаслиги учун Эгамбердининг уйи зулмат қўйнидаги қишлоқда алоҳида ажралиб кўринди.

Дастлаб Султонмурод билан Абдуносир келишди. Келасолиб оёқ қўлларини сандал ичига тиқдилар. “Оҳ-оҳ” мазза-ку”, – деб мезбоннинг кўнглини олгандай бўлишди.

Эгамберди айвонга чиқиб, қўшни девор оша чақирди: – Анваржон… ҳў… Анвар!

Девор ортидан аёл кишининг – Келгани йўқ, – деган овози келди.
– Айтиб қўйинг келиши билан чиқсин…

– Анварнинг келишини кутмаймиз, – деди Эгамберди уйга кириб, – ошни дамлаб қўйган. Юз граммдан олволайлик, гуручнинг тагида қолиб кетсин…

Косаларда паррак қилиб кесилган ва қирғичдан ўтказилган турп, тузланган бодринг ва помидор, битта ликопда сузма, Дилбархоннинг қалин нонидан иккита қўйилган эди, дастурхон тўлди-қолди. Уч литрлик банкадаги компотни тўкилмасин, деб ёнларига – палос устига қўйдилар. Эгамберди пиёлаларга ярим-ярим қилиб ароқ қуя бошлади. Икки пиёладан ичишганда поясидан тўрва қилинган коптокдек қовунни кўтариб Анвар кириб келди: – Ҳа, “пиёнисталар” отволдингларми?… Бошланмадими? – деди телевизорга қараб…

– Озгина вақт қолди, – деди Эгамберди, – бошлангунча ошни еб олайлик, бемалол кўрамиз. Бўлмаса ошни егандай, футболни кўргандай бўлмаймиз.

– Ихтиёринг, сен мезбонсан, еб олсак яхши бўларди. Мажлисда ўтиравериб, қорним очди, – деди Анвар, – тушлик қилганим йўқ, – деб қўшиб ҳам қўйди.

– Аввал анави зормандангдан қуй, тугатиб қўяйлик, – деди Султонмурод.

– Анварга “штрафной” қилиб қуй, кеч қолганига, – деди Абдуносир кўзини қисиб.

– Эй, “трактор!” Ичишни ташлаганимга “юз йил” бўлди-ку, биласан. Биласану яна ғашимга тегасан-да. Ичишсанг ичавер, сенларга барибир гап таъсир қилмайди.

Одатда қадрдон синфдошлар бир-бирларининг гапларини ҳам, ҳазил-мазахларини ҳам кўтариб кетишаверарди. Бу сафар Султонмуроднинг бироз ори келгандай бўлди:

– Биз ҳам ҳар куни ичмаймиз-ку, директор. Бугун бир байрам қилайлик, – дедик-да.

– Туманнинг қалинлигини, ҳавонинг совуқлигини қара, ичмаган одамнинг ҳам ичгиси келиб кетади, – деди Эгамберди.

– Сенга-ку барибир, совуқ бўлса ҳам, иссиқ бўлса ҳам ичасан, – деб таъна қилди Анвар, кейин одатдагидек барибир ўртоқларига ён босди: – майли кўпайтирмаларинг, Мунис холанинг олдида ҳижолат бўлиб қолмайлик.Унинг ўрнига ана, ошдан кейин еймиз, деб қовун олиб чиқдим.

– Овора бўлибсанда, оғайни, –деди Эгамберди, – Хижолат бўлмасдан, бемалол ўтиринглар. Нима сизлар бегонамидинглар. Бунинг устига бугун байрам!

– Ҳа, ишқилиб, “Барса” ютиб, байрам бўлсин-да, – деди Абдуносир.
– Нима ҳали бунга шубҳанг борми?! – деди Эгамберди мастона кўзлари чақнаб.

Шу пайт Шоҳжахон катта сопол лаганда дева қилиб солинган паловни кўтариб кириб келди. Яна бир пиёладан ичишиб, кимдир турп, кимдир сузмадан газак қилиб, ошга қўл узатишган ҳам эдики, остонада Санжар пайдо бўлди:

– Движокнинг овозида чақирсам эшитишмадинг! Шунинг учун кириб келавердим, – деди хижолат бўлгандай. “Ошга пашша тушган” бўлса ҳам ошналар сездирмасликка ҳаракат қилиб, мулозамат қилдилар. Пойгакда ўтирган Эгамберди сурилиб, ўнг ёнидан жой берди. Санжар оёғини сандалга тиқар экан, “дублёнка”сининг ички чўнтагидан бир шиша ароқ олиб, Эгамбердига узатди! – Айтдимку, қуруқ кирмайман, деб, – нимагадир қисқа “хо-хо” лаб кулди. Унинг кайфи борлигини сезишиб, ошналар бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.

– Менинг движогим ишламай қолибди, энағар, – деди Санжар – Барибир йиғилиб бирга кўришингларни биламан. Сенлар “Барсачи” бўлсаларинг ҳам келавердим. Якка ўзим бўлсам ҳам, барибир ютаман, – деб яна “хо-хо” лаб кулди. Эгамберди унга “ола” қараган эди. Анвар кескинликнинг олдини олди:

– Бўлди, кўп гапирма, қани ошна ол, совимасин.

– Сен – “қишлоқилар” қўлда ейишасан. Мен қошиқда ейман, – деб Санжар турп солинган косадаги қошиқни олди. Ошни оғзига солар экан: – қани, куймайсанми, – деди Эгамбердига қараб. Эгамберди яримлаб қолган иккинчи шишадаги ароқни қуяётган эди Санжар уни тўхтатди:

– Уни қўй, мен олиб келганимни оч. Бу бошқача, сенлар бунақасини ичишмагансан, – дея яна “хо-хо”лади. Эгамберди ўзини босиб, ароқ қуйилган пиёлаларни узатди. Санжарга бошқаларга қараганда кўпроқ қуйиб, узатмасдан унинг олдига қўйди. Санжар мезбоннинг мулозаматсизлигини сезмагандай бўлиб: – Қани олдик, “Реал”нинг ғалабаси учун! – деб, “қаҳ-қаҳ” отди-ю ароқни симирди. Тузланган бодрингни бутун олиб “қарс” этиб тишлар экан, ёнида ўтирган Абдуносирга гап отди: – ҳўв… мунча заҳар ичгандек афтингни буриштирасан. Бу тоза ароқ, билдингми!

– Нима қипти, – деди Абдуносир турпни тишлар экан,– ароқни ароққа ўхшатиб ичиш керакда, сенга бу компотмиди..

Шу пайт телевизордан таниш оҳанг янгради. – Ана бошланяпти! – деди Анвар. Ҳамма ойнаи жаҳонга ўгирилди.

“Эль-классико” бошланадиган вақт келган эди…

***

“Сантьяго Бернабеу” стадионининг фазилатларидан бири – томошабин қайси қаторда, қайси жойда ўтиришидан қатъий назар ўйин майдонининг ҳар бир қаричини бемалол кузата олади.Вақт кечга яқинлашган сайин қиш салқини совуққа айлана бошлаган бўлса ҳам ҳар бир ўриндиқ остидан пуркаб турилган иссиқ ҳаво совуқ заҳрини сездирмайди. Мусобақа бошланишига анча-мунча вақт борлигига қарамасдан саксон минглик ўйингоҳ аллақачон “лиммо-лим” тўлиб бўлган. Томошабинларнинг аксарияти “Реал” мухлислари бўлганлиги учун улар одатда “Реал” ғалабасидан сўнг айтиладиган суюкли жамоаларининг махсус “қичқириқлари” ва мадҳиясини айта бошлагандилар:

Бизлар энг ашаддий ишқибоз,
Бизлар энг вафодор ишқибоз.
Сенинг учун яшаймиз ҳар он,
Сенинг учун бўламиз қурбон.

Стадионнинг ғарбий қисмидаги дарвоза ортидан бошлаб яна икки секторда меҳмонлар – “Барселона” муҳлислари жойлашганлар. Улар ҳам мезбонлардан қолишмасликка ҳаракат қилиб, Каталония байроқларини силкитганча ўз мадҳияларини баралла айтишмоқда. Мезбонлар ва меҳмонларнинг қўшиқлари ҳавода тўқнашиб, улкан ари уясидан келаётган даҳшатли овоздай бўлиб туюлади. Айниқса, стадион ташқарисида қолган одам бу ҳайқириқлардан кўпроқ ларзага тушади. Қизиқки, ичкарида ёнма-ён ўтирган томошабин бир-бирлари билан бемалол суҳбатлашиши мумкинки, бу Европадаги энг машҳур стадионнинг яна бир ажойиб фазилатларидан бири эди. Бир муддат атрофидаги оломон билан бирга қийқиришган Антонио ва Карлес бироз ўтгач, ҳовурларидан тушиб, ўз хаёлларига берилдилар. Стадиондаги “ғала-ғовур” кучайганда Карлес елкаси билан дўстининг елкасига туртиб: – Ишқилиб, тўполон бўлиб кетмасинда, бизникилар билан сизникилар муштлашиб кетса, нима қиламиз?! Биз ҳам муштлашамизми? – деди, келганидан бери биринчи марта жилмайиб.

–Бемаъни ҳазилингни қўй, Худо сақласин, – деди Антонио, – бундай бўлмайди. Ҳар ҳолда бизнинг одамларимиз ёввойилардан эмас. Биласанку ҳар сафар ўйиндан сўнг мадридликлар кафеларда каталонияликларни меҳмон қилишади. Меҳмонлар эса испанларни ўзларининг винолари билан сийлашади. Бу анъналаримизни ҳеч қачон йўқотмаслигимиз керак.

– Йўқотмаслик кераклигини мен ҳам истайман. Лекин ҳозирги вазият бошқача, Антонио.

–Вазиятнинг кескинлашиб кетишига биз ҳам сабабчи бўлдик.

– Бу нима деганинг, — деди Карлес ажабланиб.

– Биз, деб, журналистларни – прессани назарда тутяпман. Матбуот иқтисодий муаммоларни миллий низога айлантирди. Биз, журналистларнинг ҳар хил “шов-шув” ларга ўчлигимиз ҳам бунга сабаб бўлди, деб ўйлайман.

–Гапингда жон бор, лекин ҳамма гап бизда эмас. Бунга узоқни кўролмайдиган сиёсатчилар, фойдасининг ғамида юрадиган, пойтахтда ўтириб олган министрлар сабабчи. Улар ҳамма вақт бизнинг Католониямиз ҳисобига бойиб келишган.

– Сен анча ўзгарибсан, Карлес? – деди Антонио. – Гапларингдан айирмачиликнинг ҳиди келиб турибди. Қўйиб берса, мана бу ўйинни ҳам сиёсатга буриб юборасан.

–Ҳа, мен ўзгардим… Ўзлигимни тополмай қолдим. Бир томонда, болалигимдан онгимга сингган яхлит, кучли, севимли мамлакат. Ҳамиша мени тушунгувчи, қўллагувчи, инжиқлигимни ҳам, мақтанчоқлигимни индамай кўтаргувчи, фазилатимга йўйгувчи, сен – ардоқли дўстим! Сенинг жуфтинг бўлган арзанда синглим Элиза! Иккинчи томонда, худди айнан мендан мадад кутаётгандай, менга таъна билан қараб тургандай бўлаётган – жонажон халқим. Қолаверса, уларнинг бир қисми бўлган ота-онам! Мадрид борган сари уларнинг эркини, озодлигини бўғиб бораётгандай. Мен эсам, мана шу улкан стадиондаги минглаб оломон орасига шўнғиб кетиб, ўзлигини тополмаётган ночор одамга ўхшайман.

– Ўҳ-хў… гапинг йиғилиб қолибдику, оғайни, — деди Антонио дўстига меҳр билан боқаркан , гапининг тусига атайин ҳазил тоифасини берди: – Сен билан ўйиндан кейин анча гаплашамиз шекилли.

– Ҳа, бу ҳаммаси эмас… Биласанми, мен кетмоқчиман! – деди Карлес ўйингоҳга тикилганча.

Антонио Карлесга уни худди энди кўраётгандек тикилиб қаради. Бу қарашда ҳайрат ҳам, савол ҳам бор эди. Карлес саволни уқиб, жавоб қилди:

– Венесуэлага! Биласанми ҳозир Каракасда шундай ишлар бўляптики… Сезиб турибман, у ердаги тўполонларни ҳам, тахчилликни ҳам сунъий йўл билан атайин келтириб чиқаришяпти. Уларни ўз кўзим билан кўриб, улар билан бирга яшаб, ичида туриб ёзмоқчиман. Сен ҳам Ўрта Осиёликларнинг меҳмондўстлигини эмас, муаммоларини ёзсанг ёмон бўлмасди.

– Сен менга таъна қилма! Мен кўрганларимни ёздим. Муаммо ҳамиша бор. Инсоният яралгандан буён ҳеч қачон тўла эркин ва озод бўлган эмас. Эрк ва озодлик ҳам бошқа тушунчалар каби нисбийдир…

Икки дўстнинг одатий баҳсини атрофдаги оломон, албатта, эшитмас, барчанинг нигоҳи “Реал” ва “Барселона” кийимлари билан ясанган болакай ва қизалоқларнинг қўлларидан етаклаганча чиқиб келаётган футболчиларда эди.

…Ўйинчилар кийиниш хонасидан чиқиш йўлаги томон бораётганларида томошабинлар кўрмайдиган ажойиб ҳолат юз бердики, бу воқеани агар улар ёки журналистлар кўрганларида борми, бутун дунёда катта шов-шув кўтарилиши мумкин эди… Лео кийиниш хонасининг эшигини очиб йўлакка қадам қўйиши билан қарама-қарши эшикдан Криштиану чиқиб келди. Кўзлар тўқнашдилар. Икки азалий рақиб ўйиндан ташқари ҳолатда бир-бирларига рўбарў келгандилар. Лео шартта бурилиб кетмоқчи эди, кутилмаганда Криштиану қўл узатиб қолди. Кўп бор бир-бирларини инкор қилган қўллар бирлашдилар.

Лионель ҳайратини яшира олмади. Рўпарасида турган ўзидан новчароқ, олифта йигитга разм солар экан, “қаёқдан кун чиқди”, — деди ичида.

– Қалайсан, Лео, – деди Криштиану, –Сен газеталардаги гапларга кўп ҳам эътибор берма! Журналистлар бизнинг душманлигимизни “шов-шув” қилиб, пул топишади. Афсуски, бутун дунёнинг кўз олдида сен “яхши бола” бўлиб, мен “ёмон бола” имиджида қолганим чатоқ бўлди-да. Сен ҳам гоҳида “ёмон бола” бўлсангчи… Лекин сен ҳақиқатдан зўр ўйинчисан Лео!

Душманининг “одам бўлиб қолганидан” ҳалиям ҳайрати кетмаган Лео:

– Бизнинг шундай гаплашиб турганимизни анови менеджерлар кўриб қолса борми, ё ўзлари ишдан кетишади, ё бизнинг маошимизни кесишади, — деди деярли шивирлаб.Рақиблар сездирмаслик учун бир-бирларига қарамасдан гаплаша бошладилар.

– Менга барибир, тўғрисини айтсам, бугунги ўйинда биз ютамизми, сизларми, бу ҳам барибир. Бир гал сизлар ютсанглар, бир гал биз ютамиз. Биз майдонга тушиб, ўз ишимизни қиламиз холос, – деди Криштиану хотиржам оҳангда.

– Тўғри айтасан, нима осмон узилиб ерга тушармиди. Лекин ишқибозларнинг бизни деб бир-бирларининг гўштларини ейишлари қизиқ, — деди Лео гедрисини тортиб тўғриларкан ва рақибига меҳри ийиб қўшиб қўйди: – Сен ҳам зўрсан, Криштиан…

– Албатта, зўрман! Омадингни берсин Лео!

Криштианунинг самимий тилагига жавобан Лео унга қараб кўзини қисиб қўйди. “Эль-классико” бошланадиган вақт келган эди…

***

Ароқни кўп ичганлариданми, ёки футбол томошаси билан андармон бўлибми ҳар ҳолда катта лагандаги ош охиригача ейилмади. Телевизорда ажойиб футбол спектакли давом этар, ўйин қизигандан қизиб, гоҳ у томон, гоҳ бу томон шиддатли ҳужумга ўтар эди. “Реал” ўйинчилари ҳужумга ўтганда ширакайф Санжар ўтирган жойида қалқиб қўяр, овозини борича: “Бос! Бос, уларни! Буларнинг энасини кўрсатиб қўй”, — деб бақирар, атрофдагиларга парво ҳам қилмас эди. “Барсачи” синфдошлар эса жиғибийронлари чиқса ҳам, Анвардан ҳайиқибми, мезбон ўрнида бўлганликлари учунми “тишларини тишларига қўйиб” ўтиришди. Анвар икки бор Санжарга бефойда танбеҳ ҳам берди. Биринчи тайм тугаётганда Жаҳонгир кириб “– дада, чироқ ёнди”, – деб ҳабар бериб чиқиб кетди. Санжарнинг қилиқларидан сиқилиб ўтирган Эгамберди ўрнидан турмоқчи бўлдию, дарҳол фикридан қайтди: – Ҳозир, биринчи тайм тугасин, кейин движокни ўчириб, “счётчик”ни ёқамиз. Энағар, йигирма соат деганда ёнди-я, лаънати, – деб ғудраниб қўйди.

Чироқ бир ўчиб ёнди. Жаҳонгир движокни ўчириб, “счётчик”ни улаган эди. Движок билан уй анча ёришиб турган экан, “давлатнинг свети” билан уй ичи хиралашди. Лекин тариллаган овоздан қутулдилар.

– Танаффус пайтида қовунни сўяйлик, – деди Султонмурод.

– Ўғлингга айт, пичоқ олиб кирсин, – деди Абдуносир мезбонга қараб. Эгамберди ўғлини чақирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдики, Санжар қўлини баланд кўтариб уни тўхтатди: – Пичоқнинг зўри менда бўлади, билиб қўй, – деди-да қўйнидан аскарларнинг ханжарига ўхшаш қайиш қинлик катта пичоқни дастурхонга ташлади. Абдуносир пичоқни қўлига олиб, қинидан ярим чиқариб томоша қилаётган эди. Санжар шартта тортиб олди: – Ўвв, “трактор!” Ақлинг етмаган нарсага аралашма. Сен бунақасини кўрмагансан, буниям наригиёқдан олиб келганман, – деб боши билан ишора қилди ва Эгамбердининг қўлига тутқазди: – Ма, қовунингни сўй, ўзиям сариёғни кесгандай кесади, – деб кўкрагини кериб қўйди. Эгамберди ширакайф бўлса ҳам ҳар ҳолда мезбонлик қилиб, тилини тийиб ўтирган эди. Шу пайт гап топилиб қолди: – Сариёғдай кесса, “Реал” ни кесгандай бўларкан-да, – деди.

– Ўвв, бу нима деганинг, нега “Реал”га тил теккизяпсан, – деди Санжар Эгамбердига ўқрайиб.

– Нима билмайсанми, “Реал” футболчиларининг лақаби “сариёғлилар” ку, – деди Анвар. “Барса”чи синфдошлар маза қилиб кулишди. Санжарнинг изза бўлгани қолди. Бу иззалик ароқнинг “жини”га қўшилиб, унинг тилига чиқди: – Ўвв… эҳтиёт бўлларинг, бу сариёғ иккинчи таймда орқаларингга кириб кетмасин, яна!

– Бўлди, ўзингдан кетма, ҳой бола, – деди боядан бери индамай ўтирган Султонмурод.
– Ўзимдан кетсам нима қилардинг? – деди Санжар хезланиб.

– Бўлди, бас қилларинг! – деди Анвар жаҳли чиқиб, – Қани, қовунни сўй, – деди Эгамбердига. Ўртага нохуш ва ғалати совуқлик тушди.

Бу орада иккинчи тайм ҳам бошланди. Анвар “уйдан хабар олиб чиқаман”, – деб чиқиб кетди. “Тезроқ чиқ”, – деб қолишди жўралар. Асабийлашганиданми, ароқнинг кучиданми қизариб кетган Эгамберди қовунни Жаҳонгир олиб кирган лаганга карч қилиб кесиб тўлдирди. Бир карчдан ейишган ҳам эдики, “Барселона” ҳисобни очди! Синфдошлар “Гол!”, дея қийқиришиб, бир-бирлари билан “қарс-қарс” этказиб кафт уриштиришди ва атайин Санжарни мазаҳ қилишиб, “қаҳ-қаҳ” отиб кула бошлашди. Шу пайт Санжар уларга қараб ўшқириб қолди: – Ҳа, мунча ҳовлиқишасан, энангга тўй келдими, сенларни…

– Эй, мақтанчоқ, тўй энди бўлади, – деди Абдуносир оғзининг таноби қочиб.

– Қанақа тўй?! Қараб турларинг, ҳозир Роналду ҳалиги сариёғларингни орқангга чаплайди, – деди Санжар бўш келмай.

– Ўвв, сен!… Яхшиликча қисиб ўтир! – деди Эгамберди қўрқинчли овоз билан, – ўша “голубой” Роналдонг сариёғини ўзига чапласин!

– Ким “голубой”? – деди Санжар ёнида муштини қисиб ўтирган Эгамбердига қараб, –тўрттанг бир бўлиб, бир кишига ташланаётган сенлар “голубой” билдингми?! Уйингда ўтирганимга қарамайман… Керак бўлса, ҳозир чиқиб, хотин, бола-чақангга ҳам айтаман,… Сен “голубой”!…

Буёғи… кўз очиб юмгунча рўй берди…

Эгамберди олдида турган Санжарнинг ҳанжар-пичоғини шартта олдию қараб ҳам ўтирмасдан зарб билан орқага бир силтади…

Иссиқ қон сандал устига ёзилган дастурхондаги қовунга Эгамбердининг қўли аралаш сачради…

Эгамберди оппоқ қовун устидаги қонга тикилганча, Султонмурод ва Абдуносир шундоқ кекирдагига ботирилган пичоқни иккала қўли билан ушлаганча кўзлари ола-кула бўлиб, орқасига йиқилаётган Санжарга қараганча қотиб қолишган эди…
Телевизорда эса Месси иккинчи голни ҳам уриб, қулочларини ёзганча майдон марказига чопарди…

***

Каталония ва бошқа мухтор вилоятларда халқнинг фикрини билдириш учун ўтказиладиган референдумлар Испания Конгресси томонидан таъқиқланди…

“Реал”нинг ўз майдонидаги мағлубияти билан якунланган “Эль-классико”дан сўнг бош вазир ёрдамчисини ўз кабинетига чақирганида, у ўйин ҳақидаги тафсилотларга тайёрланиб кирган эди, раис бутунлай бошқа топшириқлар берди. Ҳатто ҳисобни ҳам сўрамади…

Собиқ қирол-ота одатига кўра Шарқий саройда узоқ қолмади. Унинг индамасдан ўз вилласига кетиб қолганини қирол ҳам сезмай қолди…

Карлес Барселонага қайтиб, уч кундан сўнг Каракасга учиб кетди…

Антонио “Эль-классико” дан бир ҳафта ўтиб Ўрта Осиёга навбатдаги сайловларни ёритиш учун жўнади…

Лионель ҳам, Криштиану ҳам икки кундан кейин ўтган кунги “даҳшатли” ўйинни буткул унутишди ва навбатдаги турга тайёргарлик қўра бошлашди…

Ўзбек қишлоғидаги қабристонда яна бир қабр мунғайганча дўмпайди…

Эгамберди, Султонмурод ва Абдуносирни вилоят марказидаги изоляторга олиб кетишганидан бери қайтишмади. Ҳали суд бўлгани йўқ…

Анвар нимагадир ҳар куни шаҳарга қатнаяпти…

Эгамбердининг бўйи етиб қолган қизи Маликанинг сочига бир кечада оқ тушди..

Россияда ишлаётган ўғли Шоҳжаҳондан ҳалигача дарак бўлмади…

Жонободда ҳануз совуқ, туман ҳам кўтарилгани йўқ.

25 декабрь 2017 йил – 7 февраль 2018 йил Андижон.

098 Kutubxonamizning faol ishtirokchisi bo‘lmish adabiyotshunos Iskandar Madg‘oziyev tavsiyasi bilan andijonlik ijodkor Halim Karimning hikoyasini taqdim etamiz.

Halim Karim
“EL-KLASSIKO”
98

03 Halim Karim (Halimjon Karimov) 1960 yilda Andijon shahrida tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining (hozirgi O‘zMU) filologiya fakultetini 1982 yilda tamomlagan. Uning “Mana, men borman”, “Yurak bilan so‘zlashuv”, “Ko‘ngil halovat istaydi” nomli she’rlar, “Tuyg‘ular talqini”, “Andijondan esgan sabolar” nomli adabiy-tanqidiy maqolalar to‘plamlari, “Tarixiy shaxs va badiiy obraz” nomli monografiyasi, ellikka yaqin ilmiy, adabiy tanqidiy, ijtimoiy – siyosiy mavzulardagi maqolalari nashr etilgan.
U filologiya fanlari nomzodi, dotsent. Hozirda Andijon davlati universiteti O‘zbek tili va adabiyoti kafedrasi mudiri bo‘lib ishlab kelmoqda.

98

Dekabrning so‘nggi haftasi bo‘lishiga qaramasdan, bugun ertalabdan Madridda havo yaxshi. Qish quyoshining nim iliq nurlari shaharning qoq markazidagi to‘qqiz qavatli uyning yettinchi qavatidagi juda did bilan bezatilgan xonaga ham mo‘raladi. Oftob nurlaridan bezovtalangan shekilli Antonio uyqudan ko‘zini ochar ekan, tura solib balkon eshigi tomon yurdi. Uni ochmasdan harir pardalarni xiyol surib tashqarini bema’no kuzatdi. Odatda va, ayniqsa, dam olish kunlari yanada kechroq uyg‘onadigan ulkan shaharda hayot allaqachon qizg‘in tusga kirgan. Quyosh charaqlab chiqqani uchunmi, buningsiz ham qishi yumshoq keladigan Madrid ko‘chalarining xona ichidan qaraganda yozdagidan farqi yo‘qdek. Zavqidan g‘ayrati jo‘shgan Antonio eshikni ochib, balkonga chiqdi. Qishning salqin havosi dimog‘iga urildi. Ona shahrining ozoda va serhasham, keng va gavjum ko‘chalariga, mahobatli binolarga kamdan kam hollardagina tuyadigan iftixor bilan boqdi. Shaharning eng baland binosi bo‘lgan “Torre de Cristal” deb nomlanuvchi olisroqdagi oynali minora bilan beriroqdagi haybatli “Pikasso minorasi” oralig‘ida xuddi darvozadan kirayotganday havoda ikki qora nuqta paydo bo‘lib, yaqinlashgan sayin kattalasha boshladi. Antonio politsiya vertolyotlarining yilning asosiy futbol uchrashuvi kunida ertalabdan kechgacha “tarillab” aylanib uchib yurishini esladi. Nigohlari bilan stadionni izladi. Uzoqdan “Santyago Bernabeu”ning oxirgi qavatlari va tomi ko‘zga tashlanadi. Stadion zarg‘aldoq tusli bo‘lgani uchun quyosh nurlarining sehri bilan oltinday jilolanib, yanada sirli va mahobatli ko‘rinadi. Bugun “El-klassiko”! Bo‘lajak o‘yinni xayolidan o‘tkazgan yigitning yuragi bir qalqib qo‘ydi. Balkonga yupun chiqqani uchun qish salqinidan eti uvushdi. Xonaga qaytib, eshikni zich yopar ekan, issiqqina o‘rniga qaytib yotgisi keldi. Xotini Eliza hali uxlab yotar, tim qora sochlari oppoq parqu yostiqlarni istilo etgan, ochilib qolgan yalang‘och chiroyli yelkasi va nozik oyoqlari yigitning mehr bilan boqqan ko‘zlarini yashnatar, qonini junbushga keltirardi. Antonio sevgilisining yelkasini silamoqchi bo‘ldiyu, qo‘lining sovuqligini his qilib, choyshabni sekingina tortib qo‘ya qoldi. Hushyor uxlaydigan Eliza erining sovqotgan qo‘liga issiq kaftini bosib qo‘ydi. Bu uning uyqu aralash bo‘lsa ham yoriga minnatdorlik belgisi edi. Yigit odatiga xilof ravishda shoshilibroq dushda cho‘mildi. Yoqimli issiq suv va gelning muattar hidi a’zoyi badanini yashnatib, ko‘nglini ravshan qildi. Katta va yumshoq sochig‘iga burkangancha oshxonaga o‘tib, xotini ikkoviga nonushta tayyorlamoqchi bo‘ldi. Muzlatgich yegulikka tiqilib yotgan bo‘lsa ham,bir muddat taraddudlanib qoldi. Kecha oqshom “El Pais” dagi hamkasblari bilan bo‘lgan o‘tirishda biroz ko‘proq vino ichganligi uchun ichi achishib, ochiqqanligini his qildi. Hammasining yeyilmasligini bilsa ham olovga qo‘yilishi bilan tayyor bo‘ladigan oq vino bilan yumshatilgan quyon go‘shtli sho‘rva, barra buzoq go‘shti va qo‘ziqorin qo‘shib tayyorlangan omlet hamda golland pishlog‘ining kichik bo‘lagini tanladi.

Kuyov-qayliq bir-birlarining yanoqlaridan bo‘sa olishgach, nonushta qilishdi. Ishtahani qitiqlovchi zarhalli oppoq chinnilarga sho‘rva quyulgan bo‘lishiga qaramasdan Eliza “BraUn” dan hozirgina chiqarilgan apelsin sharbati bilan cheklandi. Nonushta chog‘ida ikkovlon Elizaning akasi Karlesning bir necha soatdan so‘ng Barselonadan Madridga yetib kelishi, uni kutib olish, bugun tushdan keyin “Santyago Bernabeu”da bo‘ladigan “El-klassiko” va kechki ovqatni qaysi restoranda qilishlari to‘g‘risida gaplashishdi.

Antonio va Karlesning “Real” va “Barselona” o‘rtasidagi to‘qnashuvni birga ko‘rishlari ularning Komplutense universitetida birga o‘qib yurgan kezlarida boshlangan. O‘qishni tugatganlariga yetti yil bo‘libdiki, hali bu an’ana buzilgani yo‘q. Qaddi-bastlari kelishgan, yuz-ko‘zidanoq aql va odob chaqnab turadigan bu ikki yigit dastlab ko‘rishganlaridanoq yaqin bo‘lib, keyinchalik do‘stlashib ketishgan. Po‘rim kiyimlari baland bo‘ylariga yarashgan, ancha-muncha tannoz xonimlarning ham ko‘zini kuydiradigan yigitlarning farqi ularning sochlarida xolos. Ispan zodagonlarining avlodlaridan bo‘lgan Antonioning sochlari oltinday tovlanadi. Jamalagi esa uni yanada ko‘rkam qilgan. Karlesning ham sochlari jingalak, faqat ular qo‘ng‘irga moyil qora. U oddiy oiladan bo‘lsa ham, o‘zining katalon ekanligidan faxrlanishini, ona shahri Barselonaning dunyoning eng yaxshisi va go‘zali ekanligini aytib maqtanishni yaxshi ko‘radi. Antonio do‘stining bu qilig‘ini xushlamasa ham, unga e’tibor bermaslikka harakat qiladi. Hatto uni fazilatga yo‘yib qo‘yar, Madrid va Barselona haqidagi har qanday fikrni bildirishdan o‘zini tiyadi. Antonio Barselonaga uchinchi kursda o‘qib yurgan paytida bordi. Uni Karles navbatdagi “El-klassiko” ni birgalikda ko‘rish uchun qo‘yarda-qo‘ymay olib ketdi. O‘shanda “Barsa” o‘z maydonida azaliy raqibini yutolmagan bo‘lsa-da, Karles do‘stini o‘zlarining shahar chekkasidagi ota-onasi va singlisi bilan birga yashaydigan kottedjlariga olib ketdi. Oldi sahniga hafsala bilan parvarish qilingan turfa gullar fayz berib turuvchi o‘rtahol kataloniyaliklarnikiga xos bo‘lgan bu ikki qavatli kottedj xiylagina dimog‘dor bo‘lgan Antonioning qalbidan o‘rin oldi. U Elizani birinchi marta shu yerda ko‘rgan edi! O‘shanda qiz kollej bitiruvchisi bo‘lib, imtihonlarga tayyorlanar, akasining uyga mehmon olib kelishini eshitib, og‘ringan edi. Karles va Antonioning kelishi sabab kechki ovqatlanish ko‘chirilgan katta mehmonxonada mehmon yigit qizning katta va chiroyli ko‘zlariga beixtiyor tikilib qolgan edi. Ota-ona esa shaddod qizlarining bir zumda muloyimlashgan, hayajondan qizargan yuzlariga qarab, bir-birlariga ma’noli nigoh tashlagan edilar. Ovqatlanishdan oldingi ibodat chog‘ida qiz bilan bir-birlarining qo‘llarini tutgach, kaftida g‘alat taftni sezgan Antonioning yuragi umrida hech qachon tuymagan sirli tuyg‘uga dosh berolmay “gursillab” urgan edi.

Antonioning onasi Merlin xonim sobiq qirol Xuan Karlos I ning uzoq qarindoshlaridan bo‘lib, umrida bir martagina qirolning goh-gohida o‘tkazib turadigan qabul marosimiga taklifnoma olgan va bu bilan tinimsiz maqtangani maqtangan edi. U yolg‘iz o‘g‘lining zodagonlardan bo‘la turib qandaydir katalon qiziga uylanishiga tish-tirnog‘i bilan qarshi bo‘ldi. Hatto obro‘li kishilar tashrif buyuradigan “Los Montes de Calicia”restoranida uyushtirilgan tanishtiruv marosimida ham bo‘lg‘usi kelinni hushlamayotganini yashirib o‘tirmadi. Uch marta foyega chiqib o‘tirib olib, Antonioni rosa hijolat qildi. Bir gal yuvosh va oliyjanob eri Arturoni chaqirib ham oldi. Tilla suvi yugurtirilgan mushtugiga sigaret ulab tutatar ekan, erini atayin zodagonchasiga “siz”lab gapirdi: “Bu qizning sochlarining qop-qoraligini ko‘rdingizmi, janob Arturos?! Nima balo, lo‘limiyey?… Siz ham bir nima desangizchi, axir”.

– O‘zingizni bosing, xonim, — dedi eri ham atayin “siz” lab, — Xudo haqqi, men hali bunday go‘zal qizni uchratgan emasman, buning ustiga aqli ham, odobi ham chiroyli ekanligi ko‘rinib turibdi.

– Sizning ham o‘g‘lingiz kabi didingiz yaxshi emas ekan, — dedi Merlin xonim, burnini jiyirib.

– To‘g‘ri aytasiz, xonim, — degan edi eri kulimsirab, — bu qusurimni o‘zim ham tan olganimga ancha yil bo‘lgan!

Gap qayoqqa qarab ketayotganini kechroq tushungan xonim “Bu bilan nima demoqchisan?!” – degan edi eriga jahl bilan. Ota-onasining dahanaki jangini parda ortidan eshitib turgan Antonio kulgidan o‘zini to‘xtatib turolmagan edi.

To‘y ikki yarim yil avval, yozning issiq kunlarida Madriddagi “Sasa de Campo”parkida barpo qilingan katta sun’iy ko‘lning qoq o‘rtasidagi atrofi xushmanzara daraxtlar va turfa gullar bilan o‘ralgan, yozgi “Chiringuitos”(kafe)da noz-ne’matlar bilan to‘ldirilgan “shvedcha stol” atrofida qizg‘in o‘yin-kulgu bilan bo‘lib o‘tdi.To‘yda ham chimirilgan qoshlari yoyilmagan Merlin xonim “lo‘li”ning xiylagina muhtasham va ko‘rkam o‘z villasida birga yashashini istamadi. Lekin eri bilan birga Antonio va Eliza uchun shahar markazidagi katta-katta xonalari ancha-muncha kottedjlarnikidan qolishmaydigan besh xonali uyni ijaraga olishga ko‘maklashib yubordiki, bu yosh kelin-kuyovlar uchun ayni muddao bo‘lgan edi.

Shunday qilib, Madridda chiqadigan dongdor “El-Pais”gazetasining kichik muharriri Antonio Mariya Borxes Kataloniya muxtor viloyatining markazi Barselonada chiqadigan yanada dongdor “La Vanguardia” gazetasining kichik muharriri do‘sti va qaynag‘asi Karles Palmeronni kutib olish uchun Atocha temir yo‘l vokzaliga chiqqanida, faqatgina Saragosada to‘xtab o‘tadigan tezyurar poyezdning kelishiga o‘n daqiqa qolgan edi. Karles an’anaga ko‘ra olti yuz kilometrdan ortiq yo‘l bosib, “Real” va “Barselona” o‘rtasidagi futbol o‘yinini ko‘rish uchun kelyapti.

Dahshatli “El-klassiko”ning boshlanishiga sanoqli soatlar qolgan edi…

***

Jonobod Qoradaryo bo‘ylarida joylashgani uchunmi dekabr oyining o‘rtalaridan boshlab, deyarli har kuni qishloqni quyuq tuman qoplab oladi. Uning ichidan o‘tadigan ko‘plab ariq va zovurlar yozda bu yerlarni qanchalik so‘lim va xushmanzara etsa, qishda shunchalik fayzsiz qilib yuboradiganday. Qishloqni yonboshlab o‘tadigan asfaltyo‘ldan mashinada atrofni kuzatib ketar ekansiz, haliyam g‘o‘zapoyalari yulib ulgurilmagan dalalar tuman ichida xira ko‘rinib, tashqaridagi qora sovuqni ichingizga olib kirganday bo‘ladi. Katta yo‘ldan goh-gohida o‘tib turadigan mashinalarning uzuq-yuluq ovozini hisobga olmasa qishloqda hayot to‘xtab qolganday.

Soat sakkizlarga borib Jonobodda ham tong otganday bo‘ldi. Uyqusirab sandal ichidagi tog‘oraga oyog‘ini urgan Egamberdi erinibgina ko‘zini chala ochdi. Oyoqlarini kecha oqshom solingan g‘o‘zapoya aralash ko‘mir cho‘g‘idan so‘ng allaqachon sovib qolgan tog‘oradan ehtiyot qilib, o‘ng tomoniga asta yonboshladi. To‘rida boshini ko‘rpa ichiga tiqib olgan 8-sinfda o‘qiydigan o‘g‘li Shohjahon uxlaydi. Quyirog‘iga sandal o‘rnatilib, ustiga katta qalin ko‘rpa yopilgan bu xona – dahliz. Eshigi yarim yopilgan katta uyda xotini Dilbarxon kichik qizi Shahnoza bilan birga yotadi. Egamberdi oldi ayvonli bu ikki uyni Rossiyaga avvalgi safar borib kelgandan so‘ng ko‘cha eshik tarafga yonbosh qilib, eski uylariga tutashtirib qurgan edi. Eskisi ham bir uy, bir dahliz, oldi ayvonli. Uylar tutashtirilgan bo‘lishiga qaramasdan alohidaligi – eski va yangiligi bilinib turadi. Cho‘yan pechka qurilgan eski uyda Egamberdining onasi Munis xola uning katta qizi Malika bilan birga tunaydi. Olti sotixli hovlining uylarga qarshi tomoni ro‘zg‘orbop ekinlar ekiladigan tomorqa, uning o‘ngroq etagida qachonlardir Egamberdining otasi qurgan bostirma. Uning ostidagi ikki qo‘rada sigir va buzoq, ikki sovliq qo‘y odamning rahmini keltirib, sovuqda izillaydi. Qo‘raning keyinida bir odam zo‘rg‘a sig‘adigan darcha eshik bo‘lib, u “oq oltini”dan yetim qolib ko‘zga xunuk ko‘rinadigan g‘o‘zapoyalar va quyuq tuman bilan qoplanib sovqotib yotgan keng paxta dalalariga olib chiqadi.

Egamberdi oyog‘ini sandaldan chiqarmasdan, boshidagi bolishni oqlanmagan qumsuvoq devorga tirab, unga suyandi. Ko‘rpaga burkangan o‘g‘liga qarab “Maktabga bormabdi-ku”, — deb ko‘nglidan o‘tkazdi. – Mayli, shanba o‘zi qisqa kun, buning ustiga sovuq. Maktabi ham o‘tin-ko‘mirlarni jamg‘arishganiga qaramasdan sovuq bo‘lsa kerak. Hammasi ham mayli, bugun orziqib kutilgan “El-klassiko”!..

Egamberdi yoshlik paytlarida futbolga ko‘pam qiziqavermas edi. Sinfdoshlari uncha to‘g‘ri o‘smagan teraklardan “P” shaklida yasalgan maktabning to‘rsiz darvozali stadionida terlab-pishib to‘p tepayotganlarida u chekkaroqdagi g‘o‘la ustida pista chaqib o‘tirardi. O‘ninchi sinfda o‘qiyotganlarida hozir maktabning direktori bo‘lib ishlaydigan sinfdoshi ham yon qo‘shnisi Anvar uni viloyat markazidagi stadionda bo‘ladigan futbolga olib bordi. O‘shanda Egamberdi “Shuncha joyga borib, zaril kepdimi…” deya taraddudlanganida, Anvar: “Ey oshna, Toshkentdan “Paxtakor” o‘rtoqlik o‘yini o‘tkazgani keladi. “Paxtakor”ning tirigini ko‘rganmisan o‘zi. Abduraimovni ko‘ramiz! Yursangchi”, – deb qistagan edi. Ular shaharga yetib borganlarida stadion allaqachon “liq” to‘lgan, melisalar hech kimni kirishga yaqinlashtirmas edilar. Anvar bilar ekan, stadionning orqa tarafidagi devoriga juda yaqin o‘rnatilgan simyog‘och bor ekan. Uch-to‘rtta o‘zlari tengi yigitchalar unga tirmashib chiqib, bir-birlarining qo‘lidan tortib devorga o‘tar va yana bir-birlariga yordamlashib, o‘yingoh ichiga tushib olar edilar. Anvar o‘rtog‘ining birinchi bor kelishini hisobga olibmi, uni o‘zidan oldinga o‘tkazdi. Yelkasi bilan yo‘lab simyog‘ochga chiqardi. Oldindagi notanish yigit Egamberdining qo‘lidan tortib devor ustiga o‘tishiga yordamlashib yubordi. U ana shu devor ustida rostakam stadionni, chiziqlari va to‘rlari tarang tortilgan oppoq ustunli darvozalar o‘rnatilgan yam-yashil maysali maydonni, o‘ng mingdan ortiq tomoshabinni ilk bor ko‘rib, og‘zi “lang” ochilib qoldi. Ortidan simyog‘ochga tirmashib chiqayotgan Anvarning: “Egam! Qo‘limdan tort”, – deb baqirishiga qaramasdan, pastga bir sakradiyu, tomoshabinlar ichiga qarab yugurib ketdi.Oq va qizil rangdagi chiroyli formalar kiygan futbolchilarning o‘yin paytidagi shashtlari, minglab ishqibozlarning hayqiriqlari yuragini larzaga soldi. Keyinchalik Anvar “Sen odammas ekansan”, — deb sinfdoshidan arazlab yurdi. Egamberdi esa shu-shu bu o‘yinning ashaddiy ishqiboziga aylandi.

U o‘rnidan turdi-da, “Ishqilib chiroq yondimikan”, –deb eshik yonidagi yondirgichni bosib ko‘rdi. Yo‘q ekan. Barcha hamqishloqlari kabi qishda elektr tokining bir-ikki soatgagina berilishiga ko‘nikib ketgan bo‘lishiga qaramasdan, “Onangni…”, – deb so‘kingancha o‘choq boshiga qarab yurdi. Qozon qopqog‘ini ko‘tarib ko‘rdi. Suv to‘ldirib qo‘yilgan ekan. Tungi sovuqda chetlarini yupqa muz qoplabdi. O‘choq yonidagi g‘o‘zapoyani uch-to‘rtta qilib, oyog‘i bilan bosib sindira boshladi. Odatda yarim bog‘ g‘o‘zapoya bilan qozondagi suv isiydi, qaynaydi. Uni mustahabga, tahoratga va choy damlash uchun ishlatadilar. G‘o‘zapoya cho‘g‘idan bir-ikki olovkurak olib sandal ichidagi tunuka tog‘oraga soladilar. Cho‘g‘ solingandan so‘ng sandal haqiqiy oromijonga aylanadi. Kecha Dilbarxon yopgan ikkita qalin non, o‘z hovlilarida yetilgan besh-oltita chaqilgan yong‘oq va shakar bilan nonushta qildilar. Issiq sandal, qaynoq choy va bug‘doy non tezda o‘z kuchini ko‘rsatib, tund yuzlar yorishganday bo‘ldi. Nonushtaga duo qilishdan oldin Egamberdi xotiniga qarab gap boshladi: “Bugun shomdan keyin uch-to‘rtta o‘rtoqlarim kirishadi, futbol ko‘ramiz, sal u yoq – bu yoqqa qarab qo‘yinglar”, – dedi. Xotini bilan katta qizi darhol tumshayishdi.

– “Svet” yo‘q-ku… yonarmikan ishqilib”, – dedi Dilbarxon norozi ohangda.

– “Yonadi. Yonmasa dvijokni yoqamiz, – dedi Egamberdi, – Avvalgi ikki safar Sultonmurodnikida, keyin Anvarnikida ko‘rganmiz. Bu safar mening navbatim. “Yo‘q” desam bo‘lmaydi, uyat bo‘ladi!”

– Mayli, o‘zingiz bilasiz-da, – har doimgidek tez taslim bo‘ldi Dilbarxon. Hali uyqusi to‘la ochilmagan Shohjaxon, – dvijokning benzini yo‘q, dada, — deb to‘ng‘illadi.

– Bilaman, — dedi Egamberdi, 3-4 litr topib kelamizda. Uniyam narxi oshib ketibdi, ablah.

– Qanaqa ovqat qilamiz, –dedi Malika, o‘ziga topshiriladigan ishlarni xayol qilib.

– Osh-da!.. Osh qila qolinglar. Sovuqning kunida osh yaxshi. Go‘shtinglar bormi, ishqilib? – deb so‘radi onasi, garchi bir haftadan beri go‘sht yo‘qligini bilsa ham. Savol atayin berilgani uchun Dilbarxon qaynonasiga yer ostidan qarab qo‘ydi.

– Opkelaman, yarim kilo bo‘lsa ham olib kelaman. Besh-oltita tuxum ham qaynatinglar, oshning betiga bosamiz, – dedi va onasiga qarab duoga qo‘l ochdi…

Egamberdi cho‘ntagidan pulini olib, xuddi ko‘payib qoladiganday yana bir bor sanadi. “Yetadi, yetvorsa kerak”, – deb ko‘nglidan o‘tkazdi. Yarim kilo go‘sht, ikkita aroq olishni mo‘ljalladi. Mehmonlarning oldiga osh bilan birga qo‘yiladigan yeguliklarni xayoliga keltirdi: “turpdan ikki xil salat qilsa bo‘ladi, suzma bor…, xotini va qizi qish uchun tayyorlagan tuzlama va kompotdan ham bo‘lsa kerak. Amallasa bo‘lar ekan!” Ko‘ngli biroz tinchidi. Bo‘lmasa, Anvar-direktordan yana qarz olishga to‘g‘ri kelar edi. Rossiyada ishlaydigan katta o‘g‘li Jahongirdan kelib turadigan pul mana uch oydirki, nimagadir to‘xtab qoldi. Tinch bo‘lsin-da, ishqilib. Ungayam qiyin, musofirlikda ishlab pul topib yurish oson emas. O‘zining boshidan o‘tgan.

Aslida Jahongirni “Novosibir”ga uning o‘zi qo‘yib kelgan edi, Egamberdi maktabni bitirib, Anvarning maslahati bilan shahardagi Qurilish texnikumida o‘qidi. U paytlari texnikumni bitirganlarga ham qurilishlarda ancha-muncha ish topilib turardi. Qurilishlarda ishchi, brigadir, bazada ta’minotchi, omborda mudir bo‘lib ishladi. Farzandlari katta bo‘la boshlaganida… omborda kamomad bo‘ldi!.. Ikkita qishloqdoshiga qo‘shilib Rossiyaga ketib yubordi. Birinchi borganida ikki yil, keyingi safar uch yil ishlab keldi. Rus qishida doim shamollab, yo‘talib yurgan Egamberdini ko‘rib, bir kuni o‘ris boshliq Valeriy chaqirdida: — Sluщay Igam, tы luchщye uyezjay otsyuda. A to, umresh zdes! – dedi va oxirida hazillashib, –“ponimayeщ, sovsem mertvыm budesh” – dedi jilmayib. Bu uning qadrdon bo‘lib ketgan mehnatkash o‘zbekka nisbatan xayrixohlik bilan aytilgan ko‘ngil ko‘tarishi edi. U Valeriy bilan kelishib, kollejni bitirayotgan o‘g‘lini o‘z o‘rniga ishga chaqirib oldi. Bunga ham mana ikki yarim yil bo‘libdi. Boshing toshdan bo‘lgur, shundan beri har oy maoshidan uyga jo‘natib turadi. Ota-onasining bundan boshqa tirikchiligi yo‘qligini biladi…

U avval aroq olib, keyin pulining ortganiga go‘sht olishni mo‘ljallab, bekat yonidagi do‘konga qarab yurib ketdi. Har bir mahallada uyining ko‘cha derazasini do‘koncha qilib olganlar bo‘lsa ham Egamberdi kirib kelgan Holmirzaning do‘koni eng kattasi va asosiysi. Bu yerda yo‘q narsaning o‘zi yo‘q, xisob. “Futbol-ekspress” gazetasini uchinchi marta qayta o‘qiyotgan do‘konchi yigit ko‘nglidagi suhbatdosh kirganidan xursand bo‘lib ketdi: — E..e..Egam aka! Bormisiz?! O‘zimam, chiqib qolsangiz kerak, deb turuvdim. Qalay… tayyorgarlik bo‘lyapdimi? – deb ikki qo‘llab so‘rashdi. Egamberdi uning “Klassiko”ga ishora qilayotganini darhol tushunsa ham, Holmirza “Realchi”ligi uchun indamay qo‘ya qoldi. Viloyat markazidan judayam uzoq bo‘lmagan Jonobodda futbol ishqibozlari ko‘p yoki ko‘pga o‘xshaydi. Chunki asli ishqiboz bo‘lmaganlar ham ko‘cha-ko‘yda bo‘lib turadigan gap-so‘zlaru hangomalarga aralashib turish uchun ham yurtining futbol jamoalarini bilmasalar ham o‘zlarini yo “Real”ning yo “Barselona”ning ishqibozi qilib ko‘rsatishni yaxshi ko‘rishadi. Bunday ishqibozlik ularning dunyodan xabardorligining, zamonaviyligining belgisi bo‘lib tuyuladi. Ular qishlog‘idagi o‘zlari yoqtirgan biron kimsa qaysi jamoaga ishqibozlik qilsa, o‘shaning tomoniga o‘tib ketaveradilar. Shuning uchun qishloqdagilar kim “Real” ning, kim “Barselona” ning ishqibozi ekanligini yaxshi bilishadi. Uchrashib qolganlarida futboldan gap ketsa, bir-birlarini kalaka qilishga, pastga urishga harakat qilishadi. Masxaralashlar tahqirga, keyin esa janjal va mushtlashishga aylangan kunlar ham bo‘lgan. Xolmirza uning indamaganidan foydalanib, yoshi kichik bo‘lishiga qaramasdan avvalroq “xujum” ga o‘tdi: “ Bugun kamandezi yana pachag‘ini chiqaramiz-da, Egam aka! Ronaldu ikkita, Beyl bilan Benzema bittadan urgandayam 4:0 bo‘ladi! Shoshmang, Modrich ham gol urmasdan ketmasa kerak”, – deb atayin Egamberdining tilini qichitdi.

– Hov bola, g‘ashimga tegma, — dedi u, — “Realing” to‘rtta gol urishi uchun “biznikilar” o‘ynamasdan teskari qarab turishi kerak, bildingmi?!

Xolmirza “Heye … aka …” – deya javobga shaylangan edi, Egamberdi “To‘xta” degandek o‘ng kaftini do‘konchining yuziga qarata ko‘tarib, qat’iy gapirdi: — yaxshilikcha to‘xta, asabimni buzsang, xafa qilib qo‘yishim mumkin. Oladigan narsamni ham olmasdan ketvoraman.

– Xo‘p aka, hazillashdim-da, — dedi u savdogarligi esiga tushib.
– Teng-to‘shing bilan hazillash, uka!

– Xo‘p, xo‘p aka, nima kerak, nima beray? – dedi Holmirza, semiz yuzlari qizarib. Zumda yaltiragan peshonasini qo‘li bilan artib, quyon telpagini hozirgina peshtaxta ortida o‘zi o‘tirgan kursiga zarda bilan irg‘itdi..

– Ikkita nol beshlik aroq ber…
– Qayerniki bo‘lsin, Toshkentnikimi, Anjannikimi?
– Qayerniki bo‘lsayam, arzonrog‘ini ber!

Egamberdi do‘kondan chiqqanida tuman xiylagina ko‘tarilgan edi. Shunga qaramasdan, havo sovuq, izg‘irin shamol yo‘l chetidagi yalang‘och teraklarning shoxlarini “shiqirlatib” tebratadi, bir necha kundan beri ko‘rinmayotgan quyosh ko‘tarilayotgan tuman aro bazo‘r ko‘rinsa ham, atrofni har holda ko‘rinarli qilgan edi. U ikki qo‘ynidagi shishalarning ko‘rinib qolmasligi uchun paltosining oxirgi tugmalarini ham qadab oldida sal nariroqdagi qassobxona tomon yurdi. Uning yonidagi Xolmirzaning magazini ochilganidan so‘ng ishlatilmasdan yopib qo‘yilgan, panerdan qilingan eski baqqollik do‘konining oldida sovqotgan qo‘llarini qora to‘nlarining yengiga tiqib olgan to‘rt kishi gurunglashib turar edilar.Ularning biri ana shu baqqollik do‘konini uzoq yillar yurgizgan, qorasidan oqi ko‘p soqoli o‘ziga yarashgan, Anjan do‘ppisiga naqshinkor ko‘k “poplin” chorsini chambarak qilib o‘ragan Turg‘unboy buva bo‘lsa, ikkinchi va uchinchilari bugungi futbol tomoshasiga kecha taklif etib qo‘yilgan, bir xil telpaklarini quloqlariga bostirib kiygan Egamberdining oshnalari duradgor usta Sultonmurod bilan traktorti Abdunosir edi. To‘rtinchi odam, davradagilardan farqli o‘laroq jigarrang dublyonka po‘stin, quloqchinini tushirib olgani uchun xech kimga yarashmaydigan o‘ris shapka kiygan, ko‘p gapirganligi uchun ko‘pchilik uncha yoqtirmaydigan Sanjar edi. Egamberdi hali ko‘rishib ulgurmasdan Sanjar gap otdi: – “Ha, boy, bugungi oshga bizniyam aytasizmi? Aytsangiz biz ham quruq kirmas edik…” Egamberdi kutilmagan savoldan biroz dovdiradi. “Unga nega aytdinglar”, – deganday oshnalariga sovuq qarab qo‘ydi. – Qanaqa osh? – dedi talmovsirab.

Sanjar Egamberdi va uning oshnalaridan ikki yosh kichik, ulardan ikki sinf pastda o‘qigan. Maktab paytida “aka” deb yurardi. Keyinchalik, nima jin urdi-yu, o‘zidan ikki-uch yosh kattalarni ham, hech tap tortmasdan to‘g‘ridan-to‘g‘ri otini aytadigan bo‘lib qoldi. Uning bu qilig‘iga achchiq qilib yurganlar ham bo‘ldi-yu, uzoq yillar Rossiyada yurib kelganiga, “puli ko‘payib qolganiga” yo‘yishdi-da, ko‘nikib ketishdi.

Egamberdi “sir” ochilib qolganini payqab, uning bemulozamat gapiga beixtiyor mulozamat bilan: – “Mayli, quruq bo‘lsa ham kirsang kiraver… hamma narsamiz bor, –dedi, uning “boy” deb kalaka qilgani yuragiga tekkanligi uchun: – faqat “Real”ni maqtab jonga tegmasang bo‘ldi”, – deb qo‘shib qo‘ydi.

–Ie… nima deyapsan, – dedi Sanjar ingichka bo‘ynini cho‘zib, – “Real” ni maqtamay, o‘ynashni bilmaydigan “Barsang”ni maqtaymi?.. Bilasan-u, yoshligimdan “Real” ga “balet” qilaman…

– Sen yoshligingda “Real” tugul “Paxtakor”niyam bilmasding, – deb gapga aralashdi cho‘rtkesar Sultonmurod, bu bilan u Sanjarning yoshi kichikligiga ham shama qilib qo‘ydi.

– Yo‘q… bilar edi, – deb, gapni ilib ketdi Abdunosir, – faqat “Paxtakor”ning “r”sini aytolmasdan “Paxtakoy”mi, “Paxtaoy”mi derdi, – deb Sanjarning tilida ozgina qusuri borligiga ishora qildi. “Guv” etib kulgi ko‘tarildi. Hatto Turg‘unboy buva ham kulib yubordi. Shu bilan ular o‘rtasidagi hisob 1:1 bo‘lgan edi-yu, izza bo‘lgan Sanjar yana “hujum” boshladi: – Ha..a.. Uchoving bir bo‘lib menga tashlanishyapsanmi?… Ko‘ramiz, hali, hammang oyoqlaringning orasidan bittadan gol o‘tkazib yuborganingdan keyin, ertaga ko‘chada yurishlaringni, tomosha qilamiz, –deb “xo-xo” lab kulib yubordi. “Barsachilardan” bo‘lgan Egamberdi, Sultonmurod, Abdunosirning kulgulari tindi. Ularga qarab Turg‘unboy buva ham to‘xtadi.

– Ha, hammangni “daming” chiqib ketdimi?Hali bundan battar bo‘lishasan, – dedi Sanjar.

– Ey…, yo‘q, narsaga nega quruqlanasan, – dedi Abdunosir traktorchi, – hali o‘yinni ko‘raylikchi…

– Senlar ko‘rsang ham, ko‘rmasang ham bugun “Real” yutadi. “Real” zo‘r! – dedi Sanjar g‘olibona.

Egamberdi mushtini tugib, rangi bo‘zarib dedi: – “Zo‘rdan zo‘r chiqqanda nima qilishni bilasanmi, ishqilib”. U yana gapini davom ettirmoqchi edi, Turg‘unboy buva po‘pisa qilgancha uni to‘xtatdi: – Bo‘ldi – yey, kap-katta odamlar uyalishmaysanmi?… Nimani talashishasan o‘zi?.. Ertaga biring o‘g‘il uylantiradigan, biring qiz chiqaradigan bo‘lding, axir. Buning o‘rniga borlaring tirikchiligingni qil, ro‘zg‘oringga qara! He, ishqiboz bo‘l, evida bo‘l-da! Bizam ko‘rganmiz o‘sha futbolni. Abdurayimov, To‘lagan Isaqov bo‘lsayam, Mirjalolmi, o‘zimizi Baxtigo‘l bo‘lsayam mayli edi!.. “Real – Barsang” kim? Senlarga nima?”. Choldan bunaqa gapni kutmagandilar, dovdirab qolishdi. Shu payt uzun tim qora paltosining ichidagi oppoq yoqali ko‘ylagiga yarashimli to‘q qizil galstug taqqan, boshiga qanday jonivorning terisidan ekanligini birov aytolmaydigan shapka kiygan Anvar – direktor tez-tez yurib kelib qoldi. U shu qishloqning hokimi hisob, aytgani aytgan, degani degan. Uch martadan qaytarib qo‘yilgan maktabiga direktorlikdan tashqari qishloqdagi barcha ishlar uning maslahati bilan hal bo‘ladi. Mabodo, Anvarning gapiga kirmagan taqdirda ham hech kim unga “ters” gapirmaydi.

– Ha, bekorchi xo‘jalar, nima gap? – dedi Anvar, uchala sinfdoshi bilan qadrdoncha, Turg‘unboy buva bilan qo‘shqo‘llab, Sanjar bilan bir qo‘llab ko‘rishar ekan.

– Hey, bularingga bir nasihat qilib qo‘y, — dedi buva, — bo‘lmasa bir-birlarining go‘shtini yeb yuborishadi.

– Unchalikmas buva, – dedi traktorchi Abdunosir, – nima qilaylik, ish yo‘g‘ida shu bilan sal ovunamizda. Bu yerlarda kino, teatr, konsert degan narsalar bo‘lmasa.Televizor ko‘raylik, desak kechasi-yu kunduzi “svet” o‘chgani o‘chgan.

– Ha, yana “Real – Barsa” bo‘lishyapsanmi? Necha marta aytaman senlarga bekorchi narsani talashishma, deb… Bu yerda “Realchi” yakkalik qilib qolibdi-da-a?! – dedi Sanjarga qarab kulimsirab.

– Ha, uchalasi bitta menga tashlanishdi, siz bilan to‘rtta bo‘ldinglar,- dedi Sanjar Anvarga ham daf’ qilib. Direktor vaziyatni yumshata boshladi.

– Endi biz sinfdoshlarmizda Sanjarbek, hafa bo‘lma, seniyam “Realchi” sinfdoshlaring bor-ku! Menga-ku aslida baribir. “O‘zbekiston” o‘ynasa, “Paxtakor” o‘ynasa mayli edi. Bo‘pti, o‘yin boshlanguncha men shaharga borib kelay, yana majlis bor ekan, – dedida tumanga qarshi chiroqlarini hali ham o‘chirmasdan kelayotgan yo‘lovchi mashinaga qo‘lini ko‘tardi. Ketayotib qo‘shib qo‘ydi: “Ispanlar bizga kim bo‘libdi. Ular dunyoda bizdaka o‘zbeklarning borligini bilishmasa ham kerak…”

Dahshatli “El-klassiko” ning boshlanishiga sanoqli soatlar qolgan edi.

***

“Barselona-Madrid” tezyurar poyezdi manzilga shitob bilan yaqinlashib kelayotganida har bir o‘rindiqning orqasiga o‘rnatilgan monitordagi ispan estradasining konsertiga qarab turgan Karlesning xayoli ona shahrining ko‘chalarida qolgan edi.

Nihoyat referendum ham o‘tdi. Butun Kataloniya mustaqillik uchun ovoz berdi. Kutilganidek, Ispaniya hukumati referendumni ham, uning natijalarini ham tan olmadi va uni “noqonuniy” deb e’lon qildi. Muxtoriyat bo‘ylab norozilik namoyishlari boshlanib ketdi. Madrid namoyishlarni bostirish, tartibni saqlash uchun harbiylashtirilgan politsiya qismlarini jo‘natdi. “Kelgindi politsiyachilar” bilan namoyishchilarning to‘qnashuvlari va jarohatlanganlar to‘g‘risida turli bir-biriga qarama-qarshi xabarlar tarqala boshladi. Madridparast liberallaridan bo‘lgan Karles ispan politsiyasining Barselonadagi bedodliklari tufayli o‘zini “xoinlik” da ayblab, separatchilar tomoniga o‘ta boshlagan edi. U mamlakat yaxlitligini yoqlab ko‘plab maqolalar yozgan, reportajlar tayyorlagan bo‘lsa ham, keyingi kunlarda fikri o‘zgargan, u ham Madriddagi hukumatni “talonchilik” da ayblab, barcha ispanlarga sovuq qaray boshlagan edi. Mustaqillik yoki muxtoriyat o‘rtasidagi ikki o‘t orasida qolgan Karles nihoyat Antonio ikkisi o‘rtasidagi an’analarni buzmaslikka ahd qildi. Hamkasblarini ham hayron qoldirgancha poytaxtga qarab yo‘lga chiqdi. Uning bu safarida bugungi “El-klassiko” atrofidagi “shov-shuv”lar va reklamalar ham ro‘l o‘ynagan bo‘lishi mumkin. Matbuot va televideniye o‘z jamoasini yolg‘izlatib qo‘ymaslikka tinimsiz da’vat qilayotgan edi.

Karles o‘ziga qadrdon bo‘lib ketgan shaharga qadam qo‘yar ekan, sog‘inchga o‘xshash bir hisdan entikib qo‘ygan bo‘lsa ham uni kulimsirab qarshi olgan do‘sti bilan odatdagidan ko‘ra tundroq ko‘rishdi. Do‘stlar Karlesning iltimosiga ko‘ra har qadamda Rojdestvo bayramining nafasi sezilib turgan kunduzlari ham porlab turgan rang-barang chiroqlar bilan bezatilgan shahar ko‘chalari bo‘ylab yayov yurib ketishdi.

– Kafega kirib ovqatlanamizda keyin stadionga ketamiz. Bilasan-ku ertaroq kirib olmasak bo‘lmaydi. Qalbaki chiptalar ham chiqib qolgan. Eliza bormaydi, u bizni o‘yindan so‘ng “Marina Ventura” restoranida kutadi. Biz seni yangicha usulda pishiriladigan Madrid ragusi va Galisiy deserti bilan mehmon qilmoqchimiz.

Karles Antonio va Eliza bilan tez-tez “qo‘ng‘iroqlashib”turganligi uchun singlisining bugungi “El-klassiko”ga bormasligini eshitgan edi. Eliza Antonioga turmushga chiqishidan avval kollejda o‘qib yurgan kezlari “Barselona”ning o‘z maydonidagi o‘yinlariga kirib turar, “El-klassiko”niku qoldirmas edi. O‘tgan yili Madriddagi uchrashuvga kirganlarida noqulay ahvolga tushib qoldi. O‘yinning ikkinchi yarmi boshlarida “Barsa” mezbonlar darvozasiga “gol” urdi! “Real”ning muxlislari orasida erining yelkasiga boshini qo‘yib o‘tirgan Eliza odati bo‘yicha beixtiyor o‘rnidan turib xursandligidan qiyqira boshladi. G‘azablanib turgan ishqibozlardan bir nechasi Elizani haqoratlab so‘ka boshladilar. Antonio minglab g‘azabnok olomon o‘rtasida bo‘lishiga qaramasdan, ularning bir nechasi bilan yoqalashib ulgurdi va xotinini o‘yin tugamasidan avval stadiondan olib chiqib ketdi. Antonio hech narsa demagan bo‘lsa ham Eliza erini noqulay ahvolga solib qo‘yganidan xijolat bo‘lib yurdi va bundan so‘ng “El-klassiko”ga bormaslikka ahd qildi.

Ular “Santyago Bernabeu” metrosiga yaqin bo‘lgan Pikasso maydonidagi chog‘roq, lekin kishi kayfiyatini ko‘taradigan fayzli kafega kirishdi. Dengiz maxsulotlari qo‘shib tayyorlanadigan “pael” buyurishdi.

– Kayfiyating yaxshi emasku, – dedi Antonio hazillashib, – “Barsa” ning mag‘lub bo‘lishini oldindan sezyapsanmi, deyman.
Hali ham o‘z xayollari bilan bo‘lib parishonroq o‘tirgan Karles nihoyat tilga kirdi: – Ular tinch namoyishchilarni, begunoh odamlarni kaltaklashdi. Qariyalar va ayollarni ham ayab o‘tirishmadi.

Gap nimada ekanligini Antonio endi payqadi, – Bilaman, hammasidan xabarim bor, – dedi homush bo‘lib.

– Biz maqtanadigan demokratiyaning ahvoli shumi?! – dedi Karles qizishib, – tag‘in o‘zlaricha butun dunyoga aql o‘rgatishadi, qanday yashamoqni o‘qitmoqchi bo‘lishadi. Bryussel ham tomoshabin bo‘lib, jim turibdi. Qo‘shma shtatlar ham jim. Agar ularning manfaatlari to‘qnash kelmaydigan boshqa davlatda shunday bo‘lsa bormi, darhol “shov-shuv” ko‘tarilib, turli sanksiyalar qo‘llangan bo‘lar edi.

– Mamlakatning butunligi, yaxlitligi hamma narsadan ustun ekanligini unutma, do‘stim, – dedi Antonio, – axir o‘zing ham bu haqda yozgansanku.

– “Ha, yozganman, lekin butun bir xalqning ovozini shunday zo‘ravonlik bilan o‘chirib bo‘larkanmi?!”

Antonio atrofga bir alanglab olib, ovozini pasaytirib dedi:

– O‘zi ularga nima kerak edi? Daromadi, tinchligi, farovonligi, rivojlanishi ancha-muncha dunyo davlatlaridan yaxshi-ku! Mustaqil bo‘lsak bundan ham yaxshi bo‘ladi, – deb o‘ylashadi, shekilli. Men yaqinda O‘rta Osiyo davlatlaridagi saylovlarni yoritish uchun safarga borib keldim. Ulardagi ahvolni ko‘rib juda hayratlandim. Bizning odamlar ulardan o‘rganishi kerakligini angladim.

– Xo‘sh, – dedi Karles, – nima, sen ularni biz bilan tenglashtirmoqchimisan?! Reportajlaringni o‘qidim. Yozilmaganlaridan gapir, ulardan nimani o‘rganish mumkin?..

– Sabrni… Shukr qilib yashashni! Aholisining yarmidan ko‘pi zo‘rg‘a kun ko‘radi. Lekin kunining tinch o‘tganiga quvonib yashaydi. O‘zlarini “baxtli”deb hisoblashadi. Hech kim ularga zug‘um o‘tkazmasa ham saylovlarda yana o‘sha hukumatlarini yoqlab ovoz berishadi. Balki shu narsa ularni rivojlantirib yuborar. Bir paytlar bizda ham shunday bo‘lganku!

– Beye… qanday rivojlansin?! – dedi Karles. Ularda ommaning fikri yo‘q. Hukumatga raqobatchilar yo‘q. Bo‘lgan taqdirda ham avval ularning ovozi o‘chiriladi. Olomon esa ularni himoya qilmaydi, to‘g‘rirog‘i buni tushunmaydi ham. Sen o‘zingning gapingga o‘zing ham ishonmaysan. Chunki sen ham o‘shalarning birisan, “la’nati Frankochi!” Karles Antonio bilan tortishgan kezlarida do‘stini ana shunday “haqorat” qilar edi.

– Bo‘pti, mayli ovqatingni, ye, – “El-klassiko” ga kech qolmaylik, – dedi Antonio va beozorgina qo‘shib qo‘ydi, – “yaramas separatchi”! Bular sen bilan men hal qiladigan ishlar emas…

… Monkloa saroyining ikkinchi qavatidagi bosh ministrning muhtasham kabinetida faqat Qirol va uning oilasi uchun ajratilgan, birinchi raqamli telefon kuy “chalganida” hukumat raisi qirollik xaritasiga tikilganicha homush turardi. O‘ziga xos vazminlik va sergaklik bilan go‘shakni oldi: – Salomatlik tilayman hazrati oliylari!

– Salomatmisiz, janob rais, – qirolning yanada xotirjam ovozi eshitildi. – Otam yigitlarimizning ahvoli bilan qiziqyapti, xabar oldingizmi?

– “Ha, albatta, kecha-yu kunduz muloqotdamiz, – dedi bosh ministr, – lekin jarohat olganlar ham bor. Ularga qurol bermaganimiz yaxshi bo‘lgan ekan. Aks holda qurbonlar bo‘lishi muqarrar edi”. Bu bilan u juma kungi Kongress yig‘ilishida Kataloniyadagi referendum bilan bog‘liq bahsda bejizga g‘olib chiqmaganligini bildirib qo‘yayotgan edi.

– “Janob rais, – deb bosh ministrning gapini bo‘ldi qirol, – biz futbolchilarimizni, bugungi “El-Klassiko” ni nazarda tutyapmiz.

Qirolning bu gapidan bosh ministrning shunchalik ensasi qotdiki, burun kataklari kengayib, peshonasi tirishdi. Shunday bo‘lsada o‘zini bosib, – ha…, ha…, ulardan habar olishadi…, – deb javob qaytardi. Xayolidan “Men nima g‘amda-yu, bular nima g‘amda. Boshqa tashvishi yo‘qda bularning”, – degan fikr o‘tdi.

– Referendumga kelsak, – dedi qirol, – avval boshdan siz ko‘ngilchanlik qilmaganingizda bunday nohushliklar bo‘lmas edi. Yaxshiki, o‘z vaqtida to‘g‘riladingiz (qirol “xatoingizni” degan so‘zni atayin ishlatmadi), aks holda bu voqealar boshqa viloyatlarimizga ham ta’sir etishi mumkin edi. Xayr, janob bosh ministr, – deb qirol go‘shakni qo‘ydi.

Qirol bilan suhbatdan so‘ng, bosh ministr g‘azabini bosolmay qatta xonani ikki marta aylanib chiqdi. Keyingi haftalardagi voqealarni, uyqusiz tunlarini, qancha-qancha siyosatchilar, davlat arboblari, bankirlar, sarmoyadorlar va yana allaqancha mamlakatda obro‘-e’tiborga ega bo‘lgan kishilar bilan uchrashuvlari, bahs, munozara-yu muzokaralari ko‘z oldidan o‘tdi. Muxtor viloyatlar vakillari bilan bo‘lgan uchrashuvlar, ayniqsa, og‘ir bo‘ldi. Avval o‘ylab ham ko‘rilmagan yon berishlarga to‘g‘ri keldi. Kimlarningdir xatolari tufayli muammolar tiqilib kolgan bo‘lsa unda nima gunoh?! Biladi, muddati tugayapti… barcha xatolarni unga ag‘darmoqchi bo‘lishyapti… Yo‘q! U mamlakat parchalanib ketishining oldini ololmagan hukumat rahbari sifatida tarixda qolishni hech qachon istamaydi. Ma’suliyati ham, vakolati ham cheklangan Qirol qattiqqo‘llik va zo‘ravonlikni talab qilsa qilaversin. XXI asrda, Yevropaning markazida namoyishchilarning qirg‘in qilinishiga ham yo‘l qo‘yolmaydi. Xudo oldida, tarix oldida javob berish ham bor!
Telefon qo‘ng‘irog‘i uni xayollaridan uzdi. Qo‘ng‘iroq yana birinchi raqamli apparatdan ekanligi uni hayratlantirgan edi. Chunki qirol odatda bir kunda ikki marta qo‘ng‘iroq qilmas edi. Shubhalanib go‘shakni ko‘tardi-yu jim qoldi. “Xirillagan” tanish ovoz keldi:

– Yaxshimisan Mario! – bu ota qirol edi.

– Salomatlik tilayman, hazrati oliylari! Eshitaman! – deya rasmiy salomlashdi bosh ministr.

Keksa qirol taxtni o‘g‘liga topshirgandan so‘ng ular ahyon-ahyondagina gaplashadilar. Holbuki, ular bir-biri bilan yaqin bo‘lib, uning mansab pillapoyalaridan ko‘tarilishida qirolning ham hissasi bor edi. Hozir uning qo‘ng‘iroq qilishi bosh ministr uchun kutilmagan hol bo‘ldi. Sobiq qirol avvallari ham Mansanares daryosi bo‘yidagi qirol qarorgohi bo‘lgan Madridning g‘arbiy qismida joylashgan Sharqiy saroyga faqat rasmiy marosimlardagina tashrif buyurar, o‘zi oilasi bilan shahar ortidagi mo‘jazroq villasida yashashni ma’qul ko‘rar edi.Qo‘ng‘irog‘iga qaraganda saroyga kelgan ko‘rinadi.

– Qirol bilan gaplashdingmi.
– Xuddi shunday, hazrati oliylari!

– Sen yigitlarning yoniga o‘zing bor! Ruhlarini ko‘tar. Bugun, albatta, yutishlari shart! Buning siyosiy tomoni ham bor. Bizning yutuq ommaning kayfiyatiga ham ta’sir qilishi mumkin. Peresga tayinla kattaroq mukofot va’da qilsin.

– Tushundim hazrati oliylari, – dedi bosh ministr, ensasi qotayotganini sezdirmaslikka harakat qilib. “Nima jin urgan bularni! Nima qilasan futbolni siyosatga aralashtirib. Yutsa yutib, yutqazsa yutqazib ketavermaydimi! O‘yin kunidagi xavfsizlik bilan bog‘liq muammolarku uning hiqildog‘iga kelgan. Ularga ketayotgan shuncha mablag‘ iqtisodga, qishloq xo‘jaligiga tashlansa bormi!!! O‘xo‘… qancha rivojlanish bo‘lar edi-ya. Lekin buning iloji yo‘q…Shunchaki bir o‘yin butun boshli mamlakatning ramziga aylanib turibdi-ku!..

Bosh ministr klubga baribir bormadi. Yordamchisini yubordi. Uni mudofaa va ichki ishlar ministrlari ishtirokidagi muhim majlis kutib turar edi… “El-klassiko” boshlanadigan vaqt kelgan edi…

***

Qishloqni yana kuyuq tuman va shom rutubati bosdi. Kun bo‘yi yonmagan chiroq kech kirsa ham yonmadi. Egamberdi dvijokning ipini uzilib ketishidan ehtiyot qilib, oltinchi marta tortganida “tarillab” ishlab ketdi. Motorga zo‘r kelmasin, deb ikkita uyning chirog‘ini yoqdilar. Sandalga yopilgan ko‘rpa ustiga dasturxon yozildi. O‘g‘li televizorni yoqib, tekshirib qo‘ydi. Dvijok hammanikida ham bor emasligi uchun Egamberdining uyi zulmat qo‘ynidagi qishloqda alohida ajralib ko‘rindi.

Dastlab Sultonmurod bilan Abdunosir kelishdi. Kelasolib oyoq qo‘llarini sandal ichiga tiqdilar. “Oh-oh” mazza-ku”, – deb mezbonning ko‘nglini olganday bo‘lishdi.

Egamberdi ayvonga chiqib, qo‘shni devor osha chaqirdi: – Anvarjon… ho‘… Anvar!

Devor ortidan ayol kishining – Kelgani yo‘q, – degan ovozi keldi.
– Aytib qo‘ying kelishi bilan chiqsin…

– Anvarning kelishini kutmaymiz, – dedi Egamberdi uyga kirib, – oshni damlab qo‘ygan. Yuz grammdan olvolaylik, guruchning tagida qolib ketsin…

Kosalarda parrak qilib kesilgan va qirg‘ichdan o‘tkazilgan turp, tuzlangan bodring va pomidor, bitta likopda suzma, Dilbarxonning qalin nonidan ikkita qo‘yilgan edi, dasturxon to‘ldi-qoldi. Uch litrlik bankadagi kompotni to‘kilmasin, deb yonlariga – palos ustiga qo‘ydilar. Egamberdi piyolalarga yarim-yarim qilib aroq quya boshladi. Ikki piyoladan ichishganda poyasidan to‘rva qilingan koptokdek qovunni ko‘tarib Anvar kirib keldi: – Ha, “piyonistalar” otvoldinglarmi?… Boshlanmadimi? – dedi televizorga qarab…

– Ozgina vaqt qoldi, – dedi Egamberdi, – boshlanguncha oshni yeb olaylik, bemalol ko‘ramiz. Bo‘lmasa oshni yeganday, futbolni ko‘rganday bo‘lmaymiz.

– Ixtiyoring, sen mezbonsan, yeb olsak yaxshi bo‘lardi. Majlisda o‘tiraverib, qornim ochdi, – dedi Anvar, – tushlik qilganim yo‘q, – deb qo‘shib ham qo‘ydi.

– Avval anavi zormandangdan quy, tugatib qo‘yaylik, – dedi Sultonmurod.

– Anvarga “shtrafnoy” qilib quy, kech qolganiga, – dedi Abdunosir ko‘zini qisib.

– Ey, “traktor!” Ichishni tashlaganimga “yuz yil” bo‘ldi-ku, bilasan. Bilasanu yana g‘ashimga tegasan-da. Ichishsang ichaver, senlarga baribir gap ta’sir qilmaydi.

Odatda qadrdon sinfdoshlar bir-birlarining gaplarini ham, hazil-mazaxlarini ham ko‘tarib ketishaverardi. Bu safar Sultonmurodning biroz ori kelganday bo‘ldi:

– Biz ham har kuni ichmaymiz-ku, direktor. Bugun bir bayram qilaylik, – dedik-da.

– Tumanning qalinligini, havoning sovuqligini qara, ichmagan odamning ham ichgisi kelib ketadi, – dedi Egamberdi.

– Senga-ku baribir, sovuq bo‘lsa ham, issiq bo‘lsa ham ichasan, – deb ta’na qildi Anvar, keyin odatdagidek baribir o‘rtoqlariga yon bosdi: – mayli ko‘paytirmalaring, Munis xolaning oldida hijolat bo‘lib qolmaylik.Uning o‘rniga ana, oshdan keyin yeymiz, deb qovun olib chiqdim.

– Ovora bo‘libsanda, og‘ayni, –dedi Egamberdi, – Xijolat bo‘lmasdan, bemalol o‘tiringlar. Nima sizlar begonamidinglar. Buning ustiga bugun bayram!

– Ha, ishqilib, “Barsa” yutib, bayram bo‘lsin-da, – dedi Abdunosir.
– Nima hali bunga shubhang bormi?! – dedi Egamberdi mastona ko‘zlari chaqnab.

Shu payt Shohjaxon katta sopol laganda deva qilib solingan palovni ko‘tarib kirib keldi. Yana bir piyoladan ichishib, kimdir turp, kimdir suzmadan gazak qilib, oshga qo‘l uzatishgan ham ediki, ostonada Sanjar paydo bo‘ldi:

– Dvijokning ovozida chaqirsam eshitishmading! Shuning uchun kirib kelaverdim, – dedi xijolat bo‘lganday. “Oshga pashsha tushgan” bo‘lsa ham oshnalar sezdirmaslikka harakat qilib, mulozamat qildilar. Poygakda o‘tirgan Egamberdi surilib, o‘ng yonidan joy berdi. Sanjar oyog‘ini sandalga tiqar ekan, “dublyonka”sining ichki cho‘ntagidan bir shisha aroq olib, Egamberdiga uzatdi! – Aytdimku, quruq kirmayman, deb, – nimagadir qisqa “xo-xo” lab kuldi. Uning kayfi borligini sezishib, oshnalar bir-birlariga ma’noli qarab qo‘yishdi.

– Mening dvijogim ishlamay qolibdi, enag‘ar, – dedi Sanjar – Baribir yig‘ilib birga ko‘rishinglarni bilaman. Senlar “Barsachi” bo‘lsalaring ham kelaverdim. Yakka o‘zim bo‘lsam ham, baribir yutaman, – deb yana “xo-xo” lab kuldi. Egamberdi unga “ola” qaragan edi. Anvar keskinlikning oldini oldi:

– Bo‘ldi, ko‘p gapirma, qani oshna ol, sovimasin.

– Sen – “qishloqilar” qo‘lda yeyishasan. Men qoshiqda yeyman, – deb Sanjar turp solingan kosadagi qoshiqni oldi. Oshni og‘ziga solar ekan: – qani, kuymaysanmi, – dedi Egamberdiga qarab. Egamberdi yarimlab qolgan ikkinchi shishadagi aroqni quyayotgan edi Sanjar uni to‘xtatdi:

– Uni qo‘y, men olib kelganimni och. Bu boshqacha, senlar bunaqasini ichishmagansan, – deya yana “xo-xo”ladi. Egamberdi o‘zini bosib, aroq quyilgan piyolalarni uzatdi. Sanjarga boshqalarga qaraganda ko‘proq quyib, uzatmasdan uning oldiga qo‘ydi. Sanjar mezbonning mulozamatsizligini sezmaganday bo‘lib: – Qani oldik, “Real”ning g‘alabasi uchun! – deb, “qah-qah” otdi-yu aroqni simirdi. Tuzlangan bodringni butun olib “qars” etib tishlar ekan, yonida o‘tirgan Abdunosirga gap otdi: – ho‘v… muncha zahar ichgandek aftingni burishtirasan. Bu toza aroq, bildingmi!

– Nima qipti, – dedi Abdunosir turpni tishlar ekan,– aroqni aroqqa o‘xshatib ichish kerakda, senga bu kompotmidi..

Shu payt televizordan tanish ohang yangradi. – Ana boshlanyapti! – dedi Anvar. Hamma oynai jahonga o‘girildi.

“El-klassiko” boshlanadigan vaqt kelgan edi…

***

“Santyago Bernabeu” stadionining fazilatlaridan biri – tomoshabin qaysi qatorda, qaysi joyda o‘tirishidan qat’iy nazar o‘yin maydonining har bir qarichini bemalol kuzata oladi.Vaqt kechga yaqinlashgan sayin qish salqini sovuqqa aylana boshlagan bo‘lsa ham har bir o‘rindiq ostidan purkab turilgan issiq havo sovuq zahrini sezdirmaydi. Musobaqa boshlanishiga ancha-muncha vaqt borligiga qaramasdan sakson minglik o‘yingoh allaqachon “limmo-lim” to‘lib bo‘lgan. Tomoshabinlarning aksariyati “Real” muxlislari bo‘lganligi uchun ular odatda “Real” g‘alabasidan so‘ng aytiladigan suyukli jamoalarining maxsus “qichqiriqlari” va madhiyasini ayta boshlagandilar:

Bizlar eng ashaddiy ishqiboz,
Bizlar eng vafodor ishqiboz.
Sening uchun yashaymiz har on,
Sening uchun bo‘lamiz qurbon.

Stadionning g‘arbiy qismidagi darvoza ortidan boshlab yana ikki sektorda mehmonlar – “Barselona” muhlislari joylashganlar. Ular ham mezbonlardan qolishmaslikka harakat qilib, Kataloniya bayroqlarini silkitgancha o‘z madhiyalarini baralla aytishmoqda. Mezbonlar va mehmonlarning qo‘shiqlari havoda to‘qnashib, ulkan ari uyasidan kelayotgan dahshatli ovozday bo‘lib tuyuladi. Ayniqsa, stadion tashqarisida qolgan odam bu hayqiriqlardan ko‘proq larzaga tushadi. Qiziqki, ichkarida yonma-yon o‘tirgan tomoshabin bir-birlari bilan bemalol suhbatlashishi mumkinki, bu Yevropadagi eng mashhur stadionning yana bir ajoyib fazilatlaridan biri edi. Bir muddat atrofidagi olomon bilan birga qiyqirishgan Antonio va Karles biroz o‘tgach, hovurlaridan tushib, o‘z xayollariga berildilar. Stadiondagi “g‘ala-g‘ovur” kuchayganda Karles yelkasi bilan do‘stining yelkasiga turtib: – Ishqilib, to‘polon bo‘lib ketmasinda, biznikilar bilan siznikilar mushtlashib ketsa, nima qilamiz?! Biz ham mushtlashamizmi? – dedi, kelganidan beri birinchi marta jilmayib.

–Bema’ni hazilingni qo‘y, Xudo saqlasin, – dedi Antonio, – bunday bo‘lmaydi. Har holda bizning odamlarimiz yovvoyilardan emas. Bilasanku har safar o‘yindan so‘ng madridliklar kafelarda kataloniyaliklarni mehmon qilishadi. Mehmonlar esa ispanlarni o‘zlarining vinolari bilan siylashadi. Bu an’nalarimizni hech qachon yo‘qotmasligimiz kerak.

– Yo‘qotmaslik kerakligini men ham istayman. Lekin hozirgi vaziyat boshqacha, Antonio.

–Vaziyatning keskinlashib ketishiga biz ham sababchi bo‘ldik.

– Bu nima deganing, — dedi Karles ajablanib.

– Biz, deb, jurnalistlarni – pressani nazarda tutyapman. Matbuot iqtisodiy muammolarni milliy nizoga aylantirdi. Biz, jurnalistlarning har xil “shov-shuv” larga o‘chligimiz ham bunga sabab bo‘ldi, deb o‘ylayman.

–Gapingda jon bor, lekin hamma gap bizda emas. Bunga uzoqni ko‘rolmaydigan siyosatchilar, foydasining g‘amida yuradigan, poytaxtda o‘tirib olgan ministrlar sababchi. Ular hamma vaqt bizning Katoloniyamiz hisobiga boyib kelishgan.

– Sen ancha o‘zgaribsan, Karles? – dedi Antonio. – Gaplaringdan ayirmachilikning hidi kelib turibdi. Qo‘yib bersa, mana bu o‘yinni ham siyosatga burib yuborasan.

–Ha, men o‘zgardim… O‘zligimni topolmay qoldim. Bir tomonda, bolaligimdan ongimga singgan yaxlit, kuchli, sevimli mamlakat. Hamisha meni tushunguvchi, qo‘llaguvchi, injiqligimni ham, maqtanchoqligimni indamay ko‘targuvchi, fazilatimga yo‘yguvchi, sen – ardoqli do‘stim! Sening jufting bo‘lgan arzanda singlim Eliza! Ikkinchi tomonda, xuddi aynan mendan madad kutayotganday, menga ta’na bilan qarab turganday bo‘layotgan – jonajon xalqim. Qolaversa, ularning bir qismi bo‘lgan ota-onam! Madrid borgan sari ularning erkini, ozodligini bo‘g‘ib borayotganday. Men esam, mana shu ulkan stadiondagi minglab olomon orasiga sho‘ng‘ib ketib, o‘zligini topolmayotgan nochor odamga o‘xshayman.

– O‘h-xo‘… gaping yig‘ilib qolibdiku, og‘ayni, — dedi Antonio do‘stiga mehr bilan boqarkan , gapining tusiga atayin hazil toifasini berdi: – Sen bilan o‘yindan keyin ancha gaplashamiz shekilli.

– Ha, bu hammasi emas… Bilasanmi, men ketmoqchiman! – dedi Karles o‘yingohga tikilgancha.

Antonio Karlesga uni xuddi endi ko‘rayotgandek tikilib qaradi. Bu qarashda hayrat ham, savol ham bor edi. Karles savolni uqib, javob qildi:

– Venesuelaga! Bilasanmi hozir Karakasda shunday ishlar bo‘lyaptiki… Sezib turibman, u yerdagi to‘polonlarni ham, taxchillikni ham sun’iy yo‘l bilan atayin keltirib chiqarishyapti. Ularni o‘z ko‘zim bilan ko‘rib, ular bilan birga yashab, ichida turib yozmoqchiman. Sen ham O‘rta Osiyoliklarning mehmondo‘stligini emas, muammolarini yozsang yomon bo‘lmasdi.

– Sen menga ta’na qilma! Men ko‘rganlarimni yozdim. Muammo hamisha bor. Insoniyat yaralgandan buyon hech qachon to‘la erkin va ozod bo‘lgan emas. Erk va ozodlik ham boshqa tushunchalar kabi nisbiydir…

Ikki do‘stning odatiy bahsini atrofdagi olomon, albatta, eshitmas, barchaning nigohi “Real” va “Barselona” kiyimlari bilan yasangan bolakay va qizaloqlarning qo‘llaridan yetaklagancha chiqib kelayotgan futbolchilarda edi.

…O‘yinchilar kiyinish xonasidan chiqish yo‘lagi tomon borayotganlarida tomoshabinlar ko‘rmaydigan ajoyib holat yuz berdiki, bu voqeani agar ular yoki jurnalistlar ko‘rganlarida bormi, butun dunyoda katta shov-shuv ko‘tarilishi mumkin edi… Leo kiyinish xonasining eshigini ochib yo‘lakka qadam qo‘yishi bilan qarama-qarshi eshikdan Krishtianu chiqib keldi. Ko‘zlar to‘qnashdilar. Ikki azaliy raqib o‘yindan tashqari holatda bir-birlariga ro‘baro‘ kelgandilar. Leo shartta burilib ketmoqchi edi, kutilmaganda Krishtianu qo‘l uzatib qoldi. Ko‘p bor bir-birlarini inkor qilgan qo‘llar birlashdilar.

Lionel hayratini yashira olmadi. Ro‘parasida turgan o‘zidan novcharoq, olifta yigitga razm solar ekan, “qayoqdan kun chiqdi”, — dedi ichida.

– Qalaysan, Leo, – dedi Krishtianu, –Sen gazetalardagi gaplarga ko‘p ham e’tibor berma! Jurnalistlar bizning dushmanligimizni “shov-shuv” qilib, pul topishadi. Afsuski, butun dunyoning ko‘z oldida sen “yaxshi bola” bo‘lib, men “yomon bola” imidjida qolganim chatoq bo‘ldi-da. Sen ham gohida “yomon bola” bo‘lsangchi… Lekin sen haqiqatdan zo‘r o‘yinchisan Leo!

Dushmanining “odam bo‘lib qolganidan” haliyam hayrati ketmagan Leo:

– Bizning shunday gaplashib turganimizni anovi menedjerlar ko‘rib qolsa bormi, yo o‘zlari ishdan ketishadi, yo bizning maoshimizni kesishadi, — dedi deyarli shivirlab.Raqiblar sezdirmaslik uchun bir-birlariga qaramasdan gaplasha boshladilar.

– Menga baribir, to‘g‘risini aytsam, bugungi o‘yinda biz yutamizmi, sizlarmi, bu ham baribir. Bir gal sizlar yutsanglar, bir gal biz yutamiz. Biz maydonga tushib, o‘z ishimizni qilamiz xolos, – dedi Krishtianu xotirjam ohangda.

– To‘g‘ri aytasan, nima osmon uzilib yerga tusharmidi. Lekin ishqibozlarning bizni deb bir-birlarining go‘shtlarini yeyishlari qiziq, — dedi Leo gedrisini tortib to‘g‘rilarkan va raqibiga mehri iyib qo‘shib qo‘ydi: – Sen ham zo‘rsan, Krishtian…

– Albatta, zo‘rman! Omadingni bersin Leo!

Krishtianuning samimiy tilagiga javoban Leo unga qarab ko‘zini qisib qo‘ydi. “El-klassiko” boshlanadigan vaqt kelgan edi…

***

Aroqni ko‘p ichganlaridanmi, yoki futbol tomoshasi bilan andarmon bo‘libmi har holda katta lagandagi osh oxirigacha yeyilmadi. Televizorda ajoyib futbol spektakli davom etar, o‘yin qizigandan qizib, goh u tomon, goh bu tomon shiddatli hujumga o‘tar edi. “Real” o‘yinchilari hujumga o‘tganda shirakayf Sanjar o‘tirgan joyida qalqib qo‘yar, ovozini boricha: “Bos! Bos, ularni! Bularning enasini ko‘rsatib qo‘y”, — deb baqirar, atrofdagilarga parvo ham qilmas edi. “Barsachi” sinfdoshlar esa jig‘ibiyronlari chiqsa ham, Anvardan hayiqibmi, mezbon o‘rnida bo‘lganliklari uchunmi “tishlarini tishlariga qo‘yib” o‘tirishdi. Anvar ikki bor Sanjarga befoyda tanbeh ham berdi. Birinchi taym tugayotganda Jahongir kirib “– dada, chiroq yondi”, – deb habar berib chiqib ketdi. Sanjarning qiliqlaridan siqilib o‘tirgan Egamberdi o‘rnidan turmoqchi bo‘ldiyu, darhol fikridan qaytdi: – Hozir, birinchi taym tugasin, keyin dvijokni o‘chirib, “schyotchik”ni yoqamiz. Enag‘ar, yigirma soat deganda yondi-ya, la’nati, – deb g‘udranib qo‘ydi.

Chiroq bir o‘chib yondi. Jahongir dvijokni o‘chirib, “schyotchik”ni ulagan edi. Dvijok bilan uy ancha yorishib turgan ekan, “davlatning sveti” bilan uy ichi xiralashdi. Lekin tarillagan ovozdan qutuldilar.

– Tanaffus paytida qovunni so‘yaylik, – dedi Sultonmurod.

– O‘g‘lingga ayt, pichoq olib kirsin, – dedi Abdunosir mezbonga qarab. Egamberdi o‘g‘lini chaqirmoqchi bo‘lib og‘iz juftlagan ham ediki, Sanjar qo‘lini baland ko‘tarib uni to‘xtatdi: – Pichoqning zo‘ri menda bo‘ladi, bilib qo‘y, – dedi-da qo‘ynidan askarlarning xanjariga o‘xshash qayish qinlik katta pichoqni dasturxonga tashladi. Abdunosir pichoqni qo‘liga olib, qinidan yarim chiqarib tomosha qilayotgan edi. Sanjar shartta tortib oldi: – O‘vv, “traktor!” Aqling yetmagan narsaga aralashma. Sen bunaqasini ko‘rmagansan, buniyam narigiyoqdan olib kelganman, – deb boshi bilan ishora qildi va Egamberdining qo‘liga tutqazdi: – Ma, qovuningni so‘y, o‘ziyam sariyog‘ni kesganday kesadi, – deb ko‘kragini kerib qo‘ydi. Egamberdi shirakayf bo‘lsa ham har holda mezbonlik qilib, tilini tiyib o‘tirgan edi. Shu payt gap topilib qoldi: – Sariyog‘day kessa, “Real” ni kesganday bo‘larkan-da, – dedi.

– O‘vv, bu nima deganing, nega “Real”ga til tekkizyapsan, – dedi Sanjar Egamberdiga o‘qrayib.

– Nima bilmaysanmi, “Real” futbolchilarining laqabi “sariyog‘lilar” ku, – dedi Anvar. “Barsa”chi sinfdoshlar maza qilib kulishdi. Sanjarning izza bo‘lgani qoldi. Bu izzalik aroqning “jini”ga qo‘shilib, uning tiliga chiqdi: – O‘vv… ehtiyot bo‘llaring, bu sariyog‘ ikkinchi taymda orqalaringga kirib ketmasin, yana!

– Bo‘ldi, o‘zingdan ketma, hoy bola, – dedi boyadan beri indamay o‘tirgan Sultonmurod.
– O‘zimdan ketsam nima qilarding? – dedi Sanjar xezlanib.

– Bo‘ldi, bas qillaring! – dedi Anvar jahli chiqib, – Qani, qovunni so‘y, – dedi Egamberdiga. O‘rtaga noxush va g‘alati sovuqlik tushdi.

Bu orada ikkinchi taym ham boshlandi. Anvar “uydan xabar olib chiqaman”, – deb chiqib ketdi. “Tezroq chiq”, – deb qolishdi jo‘ralar. Asabiylashganidanmi, aroqning kuchidanmi qizarib ketgan Egamberdi qovunni Jahongir olib kirgan laganga karch qilib kesib to‘ldirdi. Bir karchdan yeyishgan ham ediki, “Barselona” hisobni ochdi! Sinfdoshlar “Gol!”, deya qiyqirishib, bir-birlari bilan “qars-qars” etkazib kaft urishtirishdi va atayin Sanjarni mazah qilishib, “qah-qah” otib kula boshlashdi. Shu payt Sanjar ularga qarab o‘shqirib qoldi: – Ha, muncha hovliqishasan, enangga to‘y keldimi, senlarni…

– Ey, maqtanchoq, to‘y endi bo‘ladi, – dedi Abdunosir og‘zining tanobi qochib.

– Qanaqa to‘y?! Qarab turlaring, hozir Ronaldu haligi sariyog‘laringni orqangga chaplaydi, – dedi Sanjar bo‘sh kelmay.

– O‘vv, sen!… Yaxshilikcha qisib o‘tir! – dedi Egamberdi qo‘rqinchli ovoz bilan, – o‘sha “goluboy” Ronaldong sariyog‘ini o‘ziga chaplasin!

– Kim “goluboy”? – dedi Sanjar yonida mushtini qisib o‘tirgan Egamberdiga qarab, –to‘rttang bir bo‘lib, bir kishiga tashlanayotgan senlar “goluboy” bildingmi?! Uyingda o‘tirganimga qaramayman… Kerak bo‘lsa, hozir chiqib, xotin, bola-chaqangga ham aytaman,… Sen “goluboy”!…

Buyog‘i… ko‘z ochib yumguncha ro‘y berdi…

Egamberdi oldida turgan Sanjarning hanjar-pichog‘ini shartta oldiyu qarab ham o‘tirmasdan zarb bilan orqaga bir siltadi…

Issiq qon sandal ustiga yozilgan dasturxondagi qovunga Egamberdining qo‘li aralash sachradi…

Egamberdi oppoq qovun ustidagi qonga tikilgancha, Sultonmurod va Abdunosir shundoq kekirdagiga botirilgan pichoqni ikkala qo‘li bilan ushlagancha ko‘zlari ola-kula bo‘lib, orqasiga yiqilayotgan Sanjarga qaragancha qotib qolishgan edi…
Televizorda esa Messi ikkinchi golni ham urib, qulochlarini yozgancha maydon markaziga chopardi…

***

Kataloniya va boshqa muxtor viloyatlarda xalqning fikrini bildirish uchun o‘tkaziladigan referendumlar Ispaniya Kongressi tomonidan ta’qiqlandi…

“Real”ning o‘z maydonidagi mag‘lubiyati bilan yakunlangan “El-klassiko”dan so‘ng bosh vazir yordamchisini o‘z kabinetiga chaqirganida, u o‘yin haqidagi tafsilotlarga tayyorlanib kirgan edi, rais butunlay boshqa topshiriqlar berdi. Hatto hisobni ham so‘ramadi…

Sobiq qirol-ota odatiga ko‘ra Sharqiy saroyda uzoq qolmadi. Uning indamasdan o‘z villasiga ketib qolganini qirol ham sezmay qoldi…

Karles Barselonaga qaytib, uch kundan so‘ng Karakasga uchib ketdi…

Antonio “El-klassiko” dan bir hafta o‘tib O‘rta Osiyoga navbatdagi saylovlarni yoritish uchun jo‘nadi…

Lionel ham, Krishtianu ham ikki kundan keyin o‘tgan kungi “dahshatli” o‘yinni butkul unutishdi va navbatdagi turga tayyorgarlik qo‘ra boshlashdi…

O‘zbek qishlog‘idagi qabristonda yana bir qabr mung‘aygancha do‘mpaydi…

Egamberdi, Sultonmurod va Abdunosirni viloyat markazidagi izolyatorga olib ketishganidan beri qaytishmadi. Hali sud bo‘lgani yo‘q…

Anvar nimagadir har kuni shaharga qatnayapti…

Egamberdining bo‘yi yetib qolgan qizi Malikaning sochiga bir kechada oq tushdi..

Rossiyada ishlayotgan o‘g‘li Shohjahondan haligacha darak bo‘lmadi…

Jonobodda hanuz sovuq, tuman ham ko‘tarilgani yo‘q.

25 dekabr 2017 yil – 7 fevral 2018 yil Andijon.

021

(Tashriflar: umumiy 434, bugungi 1)

Izoh qoldiring