Halima Xudoyberdieva: «Men tunda qanot yozaman…»

002

Шундай пайтда Чарли Чаплиннинг қизига ёзган мактублари ёдимга тушади. У қизига шундай ёзади: «Қизалоғим, сен жаҳонни ларзага соладиган актрисасан. Кун келиб бундан ҳам юқори марраларни забт этасан. Аммо ўшанда ҳам эсингдан чиқарма, сен саҳнада ўйнасанг, чекка-чекка қишлоқларда, тупроқ кўчаларни чангитиб юрган қизларнинг орасида сендан ҳам чиройли роль ўйнайдиганлари бўлади. Сен саҳнада ўйнасанг, улар ялангоёқ ой нурида ўйнайди. Сендан чиройлироқ ўйнайдиган шу қизлар, тақдир сабаб, одамлар назаридан четда бўлади».

07
Ҳалима Худойбердиева
МЕН ТУНДА ҚАНОТ ЁЗАМАН
Гўзалой Матёқубова суҳбатлашди
01

021Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Хўрлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (Сайланма, 1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996), «Сайланма» (2000), «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. Т. Миннуллиннинг «Алла» пьесаси шоиранинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек миллий драма театри саҳнасида кўйилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

01

— Шеър — бу сир, — дейди шоира. — Ўзим шеър нима эканини билганимда ёзмаган бўлармидим, балки. Шеър мен учун сирлигича қолгани сабаб ҳам умр бўйи унга талпиниб яшаётгандирман, эҳтимол. Гоҳида шеърни изоҳлаб беринг, дейишади. Шеърни изоҳлаб бўлмайди. У қалб қўридан яралади ва тўғри юракка етиб боради. Демак, шеърни юракда ҳис этиш керак, холос.

— Эшитишимча, шеърларингизни асосан тунда ёзар экансиз…

— Бир умр тунда ижод қилганман. Назаримда, руҳ тунда покиза бўлади. Тун ва руҳ билан юзма-юз қоласан, ана шунда сатрлар дилдан тўкилади. Бу пайтда қанот ёзгандек бўламан.

— Ижодкорнинг эринчоқлигига қандай қарайсиз?

— Дангасалик ишда бўлади, ижодда эмас. Бундай одам умр бўйи шоир деган залворли номни кўтариб юради, аслида эса шоир бўлмайди. Чунки у ижодга мажбурий иш деб қарайди. Ижод эса, умуман бошқа ҳолат. У ҳаловатни ўғирлайди, ёзмасликнинг иложи қолмайди. Ижод бу — азоб. Қалб азоби. Ижодкор шу азобни бўйнига олсагина ижодкор. Гоҳида «фарзандларингиз ижодкор бўлишини истармидингиз?», дейишса, ўйланиб қоламан. Чунки фарзандларимга бу азобни раво кўрмайман, лекин тақдир инъом этган бўлса, ундан қочиб қутулиш мушкул.

— Инсон ҳаёт йўлини бир қур кузатганида, истайдими-йўқми, болалик хотиралари ёдга тушади…

— Энг покиза хотиралар болаликдан эсдаликдир. Боёвутнинг йўлидан бурилишим билан ҳатто, тераклар ҳам «Мени танияпсанми», деяётгандек бўлаверади. Мен ҳам уларга ичимда ўзимча жавоб бераман. Онам агроном эди. Тўқ кўк оти бўларди. «Олақашқа» эди, номи. Еттинчи синфда шу от тўғрисида шеър ёзганман. Энди ижод қилишни бошлаганимда онам келиб чироқни ўчириб кетарди. Чиқиб кетгач, яна туриб чироқни ёқардим. Онам ўчирардилар, мен ёқардим. Шу тариқа тонггача онам хонамга қатнарди.

— Устозларингиз ва шогирдларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Мактабда ўқитувчиларим жуда эътиборли эди. Кейинги таҳсилимда ҳам устозларнинг ёрдами жуда катта бўлган. Аслида, энг катта устоз бу — китоблар. Шунинг учун ҳам умрининг сўнггида Пушкин ўз китобларига қараб «Алвидо, дўстларим!» деган экан.

Шогирдлар ҳақида гапирсам, Гулжамол Асқарова қалбни уйғотувчи шеърлар ёзади. Гоҳида иш сени ютиб кетяпти, деб койийман. У бўлса, «устознинг изидан боряпмиз-да», деб қўя қолади. Аммо ишини ҳам, ижодни ҳам эплаяпти.
Баъзан эндигина ижодга кириб келаётган ёшлар ҳам биттагина шеъри билан чақнайди. Шундай пайтда Чарли Чаплиннинг қизига ёзган мактублари ёдимга тушади. У қизига шундай ёзади: «Қизалоғим, сен жаҳонни ларзага соладиган актрисасан. Кун келиб бундан ҳам юқори марраларни забт этасан. Аммо ўшанда ҳам эсингдан чиқарма, сен саҳнада ўйнасанг, чекка-чекка қишлоқларда, тупроқ кўчаларни чангитиб юрган қизларнинг орасида сендан ҳам чиройли роль ўйнайдиганлари бўлади. Сен саҳнада ўйнасанг, улар ялангоёқ ой нурида ўйнайди. Сендан чиройлироқ ўйнайдиган шу қизлар, тақдир сабаб, одамлар назаридан четда бўлади».
Ҳа, биз билмаган истеъдодлар, иқтидорлар юртимизнинг чекка-чекка жойларида минглаб топилади, десам, муболаға қилмаган бўламан.

— Шеъриятга қадам қўяётган ижодкорларни ҳар доим қўллаш керак, демоқчисиз-да?

— Аёнсан, лек парво қилмайди олам,
Хавотир бундан ҳар айём олурман,

— дейди Бедил. Адабиётда ҳам қанчалик аёнлигингизни кўрсатманг, парво қилишмаса ҳаммаси бекор. Шундай экан, чарақлаб чиқаётган ҳар бир ёш ижодкорга эътиборли бўлиш, қучоқ очиб кутиб олиш даркор. Аксинча, шашти қайтарилса, бошқа қўлига қалам олмаслиги мумкин. Биз шундан эҳтиёт бўлишимиз керак.

— Аммо бугун устоз-шогирдлик анъаналари бироз сусайгандек, назаримда.

— Мен устоз-шогирдлик муносабати ҳақида ўйлаганимда Румий ва Табризий ўртасидаги муносабат эсимга тушади. Устоз-шогирд бир-бирига шундай муҳаббат қўйишган эдики, уларнинг муносабатига ғайирлиги келганлар душманлик йўлига ўтишади ва охир-оқибат Табризийни ўлдиришади. Румий эса бунга чидай олмайди. У шогирдининг хотирасини абадийлаштириш учун севимли шогирдининг номидан ғазаллар битади. Ҳар ерда Табризийнинг номини такрорлайди. Албатта, уларнинг муносабатлари устоз-шогирдликнинг энг юқори чўққиси эди.
Бугунги устоз-шогирдлик муносабатларига келсак, анъанага дарз етгани рост. Балки, бунга сабаб ўзимиздир, балки ҳаёт ҳақиқатларининг ўзгаришидир. Яна ҳам билмадим…

— Бугунги кунда шеъриятда қизлар фаолроқдек, аммо барибир, бу даргоҳда, менимча, йигитлар қолишади.

— Қизларда йигитларга нисбатан туйғу тез туғилади. Бироқ ижод азобини кўрсатгач, кўпчилик бунга дош беролмайди. Юк енгил бўлмагани учун оила ва ижодни бирдай эплашолмайди. Шунинг учун, қизларга маслаҳатим, бошидан эплай оладиган ишининг бошини тутса, жамиятга, оиласига, ўзига кўпроқ фойдаси тегади. Ўртамиёна ижодкор бўлгандан кўра, бу яхшироқ.

— Сизнингча, бугунги ва илгариги авлод ижодкорлари ўртасида фарқ кўринадими?

— Олдинги болаларнинг умри далаларда, боғларда, қирларда кечган. Техника асри эса ҳиссиётларнинг сайқалланишини ортга суряпти. Ёшлар жонли табиат билан муносабатда бўлиш ўрнига компьютер олдига михланиб қолган.

— Модерн шеърият тўғрисида турли фикрлар билдиришади. Кўпчилик бу йўналишдан чекиниб, анъанавий услубни маъқул кўришади…

— Ҳамма ўзини истаган услубида синаб кўриши мумкин, фақат фикрини етказиб берса бас. Ҳар томонга шох ташлаб ҳам ўқувчига нима демоқчилигини етказа олмаётганлар хавотир уйғотади, аслида. Мақсад эса битта — юракда кечаётган туйғуни ўқувчига чиройли тарзда етказа олиш.

ШЕЪРЛАР
01

Ватан байроғи

Юрт байроғин ҳар жойгамас,
Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.
Ишлов бергин, юмшатиб тур
Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.

То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб.
Токи ғаним — ватанхўрлар,
Ололмасинлар суғуриб.

Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермоқ осон кечар бўлсин.

Cув узатар томирим

(Амир Темур юбилейи кунларида ёзилган)

Тоғлар энгашиб келар,
Боғлар эргашиб келар,
Қушлар энгашиб келар,
Рост бўлдими, бобожон,
Юртга қайтаётганинг!

Бизни кўзга илмаслар
Илиб қайтаётирлар,
Бизга қовоқ уйганлар
Кулиб қайтаётирлар,
Бўйларини бизга тенг
Қилиб қайтаётирлар.

Инсонни ҳам, элни ҳам
Тоғлари бўлсин экан.
Ҳар қандай кунда умид
Боғлари бўлсин экан.
Сен кетиб тоғсиз қолиб,
Изғиринда изғидик.
Япроқлардек бенажот
Поймол бўлдик, тўзғидик.

Ҳай дегани ҳажи йўқ
Болаларинг қирдилар.
Боши бирикмас, оғзи
Олаларинг қирдилар.
Териб-териб қирдилар,
Эриб-эриб қирдилар,
Сени кетказиб, ҳалқни
Жон-жойига урдилар.

Шундай урдилар ҳануз
Ўзига келолмайди.
Тортилиб қолган тили
Сўзига келолмайди.
Кўз ёши кўкрагидан
Кўзига келолмайди.

Турк туёғи шу тахлит
Ботқоқларга ботибди.
Шундай кунда шоҳ Амир
Юртга қайтаётибди!..

Қайтар турк дарахтимга
Сув узатар томирим.
Энди кўкаражакмиз,
Гуллагаймиз, Амирим.

* * *

Инсон аслан буюк, аслан бечора…
Оҳим дилингизга йўл топса зора.
Қўлингиздан келса қилманг овора,
Шул ёлғиз инсонни туҳматга берманг!

Бир-бирини селу тошқин қўллайди,
Қайда бўлса етиб, шошқин қўллайди.
Бир-бирини бўри, қашқир қўллайди,
Сиз уни синовга, муҳлатга берманг!

Кўпдир замонларнинг қимор ўйини,
Қирқадир одамнинг эни-бўйини —
Қўлингиздан келса кўринг тўйини,
Уни ҳар қандай дор, хилқатга берманг.

Ўчмас деб ишонинг босган изига,
Паноҳ деб ишонинг ўғил, қизига.
Ўзига ишонинг, фақат ўзига,
Тушунтириш хати, тилхатга берманг!

Нопок дунёсидан кетмасин тўйиб
Десангиз юрагин ғижимлаб, ўйиб,
Йиллар бўйи ўтмас пичоқда сўйиб
Қадрсизлик деган калхатга берманг!
Инсон аслан буюк, аслан бечора.

Манба:«Оила даврасида» газетаси

03

07
Halima Xudoyberdieva
MEN TUNDA QANOT YOZAMAN
Go’zaloy Matyoqubova suhbatlashdi
01

081Halima Xudoyberdieva 1947 yil 17 mayda Sirdaryo viloyatining Boyovut tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (1992). ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1972). «Ilk muhabbat» (1968), «Oq olmalar» (1973), «Chaman» (1974), «Suyanch tog’larim» (1976), «Bobo quyosh» (1977), «Issiq qor» (1979), «Sadoqat» (1983), «Muqaddas ayol» (1987), «Yuragimning og’riq nuqtalari» (1991), «Xo’rlik o’ti» (1993), «Bu kunlarga yetganlar bor» (Saylanma, 1994), «To’marisning aytgani» (1996), «Saylanma» (2000), «Yo’ldadirman» (2005) va boshqa she’riy kitoblari nashr etilgan. T. Minnullinning «Alla» p`esasi shoiraning avtorlashtirilgan tarjimasida O’zbek milliy drama teatri sahnasida ko’yilgan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1990).

01

— She’r — bu sir, — deydi shoira. — O’zim she’r nima ekanini bilganimda yozmagan bo’larmidim, balki. She’r men uchun sirligicha qolgani sabab ham umr bo’yi unga talpinib yashayotgandirman, ehtimol. Gohida she’rni izohlab bering, deyishadi. She’rni izohlab bo’lmaydi. U qalb qo’ridan yaraladi va to’g’ri yurakka yetib boradi. Demak, she’rni yurakda his etish kerak, xolos.

— Eshitishimcha, she’rlaringizni asosan tunda yozar ekansiz…

— Bir umr tunda ijod qilganman. Nazarimda, ruh tunda pokiza bo’ladi. Tun va ruh bilan yuzma-yuz qolasan, ana shunda satrlar dildan to’kiladi. Bu paytda qanot yozgandek bo’laman.

— Ijodkorning erinchoqligiga qanday qaraysiz?

— Dangasalik ishda bo’ladi, ijodda emas. Bunday odam umr bo’yi shoir degan zalvorli nomni ko’tarib yuradi, aslida esa shoir bo’lmaydi. Chunki u ijodga majburiy ish deb qaraydi. Ijod esa, umuman boshqa holat. U halovatni o’g’irlaydi, yozmaslikning iloji qolmaydi. Ijod bu — azob. Qalb azobi. Ijodkor shu azobni bo’yniga olsagina ijodkor. Gohida «farzandlaringiz ijodkor bo’lishini istarmidingiz?», deyishsa, o’ylanib qolaman. Chunki farzandlarimga bu azobni ravo ko’rmayman, lekin taqdir in’om etgan bo’lsa, undan qochib qutulish mushkul.

— Inson hayot yo’lini bir qur kuzatganida, istaydimi-yo’qmi, bolalik xotiralari yodga tushadi…

— Eng pokiza xotiralar bolalikdan esdalikdir. Boyovutning yo’lidan burilishim bilan hatto, teraklar ham «Meni taniyapsanmi», deyayotgandek bo’laveradi. Men ham ularga ichimda o’zimcha javob beraman. Onam agronom edi. To’q ko’k oti bo’lardi. «Olaqashqa» edi, nomi. Yettinchi sinfda shu ot to’g’risida she’r yozganman. Endi ijod qilishni boshlaganimda onam kelib chiroqni o’chirib ketardi. Chiqib ketgach, yana turib chiroqni yoqardim. Onam o’chirardilar, men yoqardim. Shu tariqa tonggacha onam xonamga qatnardi.

— Ustozlaringiz va shogirdlaringiz haqida ham gapirib bersangiz.

— Maktabda o’qituvchilarim juda e’tiborli edi. Keyingi tahsilimda ham ustozlarning yordami juda katta bo’lgan. Aslida, eng katta ustoz bu — kitoblar. Shuning uchun ham umrining so’nggida Pushkin o’z kitoblariga qarab «Alvido, do’stlarim!» degan ekan.

Shogirdlar haqida gapirsam, Guljamol Asqarova qalbni uyg’otuvchi she’rlar yozadi. Gohida ish seni yutib ketyapti, deb koyiyman. U bo’lsa, «ustozning izidan boryapmiz-da», deb qo’ya qoladi. Ammo ishini ham, ijodni ham eplayapti.
Ba’zan endigina ijodga kirib kelayotgan yoshlar ham bittagina she’ri bilan chaqnaydi. Shunday paytda Charli Chaplinning qiziga yozgan maktublari yodimga tushadi. U qiziga shunday yozadi: «Qizalog’im, sen jahonni larzaga soladigan aktrisasan. Kun kelib bundan ham yuqori marralarni zabt etasan. Ammo o’shanda ham esingdan chiqarma, sen sahnada o’ynasang, chekka-chekka qishloqlarda, tuproq ko’chalarni changitib yurgan qizlarning orasida sendan ham chiroyli rol` o’ynaydiganlari bo’ladi. Sen sahnada o’ynasang, ular yalangoyoq oy nurida o’ynaydi. Sendan chiroyliroq o’ynaydigan shu qizlar, taqdir sabab, odamlar nazaridan chetda bo’ladi».
Ha, biz bilmagan iste’dodlar, iqtidorlar yurtimizning chekka-chekka joylarida minglab topiladi, desam, mubolag’a qilmagan bo’laman.

— She’riyatga qadam qo’yayotgan ijodkorlarni har doim qo’llash kerak, demoqchisiz-da?

— Ayonsan, lek parvo qilmaydi olam,
Xavotir bundan har ayyom olurman,

— deydi Bedil. Adabiyotda ham qanchalik ayonligingizni ko’rsatmang, parvo qilishmasa hammasi bekor.
Shunday ekan, charaqlab chiqayotgan har bir yosh ijodkorga e’tiborli bo’lish, quchoq ochib kutib olish darkor. Aksincha, shashti qaytarilsa, boshqa qo’liga qalam olmasligi mumkin. Biz shundan ehtiyot bo’lishimiz kerak.

— Ammo bugun ustoz-shogirdlik an’analari biroz susaygandek, nazarimda.

— Men ustoz-shogirdlik munosabati haqida o’ylaganimda Rumiy va Tabriziy o’rtasidagi munosabat esimga tushadi. Ustoz-shogird bir-biriga shunday muhabbat qo’yishgan ediki, ularning munosabatiga g’ayirligi kelganlar dushmanlik yo’liga o’tishadi va oxir-oqibat Tabriziyni o’ldirishadi. Rumiy esa bunga chiday olmaydi. U shogirdining xotirasini abadiylashtirish uchun sevimli shogirdining nomidan g’azallar bitadi. Har yerda Tabriziyning nomini takrorlaydi. Albatta, ularning munosabatlari ustoz-shogirdlikning eng yuqori cho’qqisi edi.
Bugungi ustoz-shogirdlik munosabatlariga kelsak, an’anaga darz yetgani rost. Balki, bunga sabab o’zimizdir, balki hayot haqiqatlarining o’zgarishidir. Yana ham bilmadim…

— Bugungi kunda she’riyatda qizlar faolroqdek, ammo baribir, bu dargohda, menimcha, yigitlar qolishadi.

— Qizlarda yigitlarga nisbatan tuyg’u tez tug’iladi. Biroq ijod azobini ko’rsatgach, ko’pchilik bunga dosh berolmaydi. Yuk yengil bo’lmagani uchun oila va ijodni birday eplasholmaydi. Shuning uchun, qizlarga maslahatim, boshidan eplay oladigan ishining boshini tutsa, jamiyatga, oilasiga, o’ziga ko’proq foydasi tegadi. O’rtamiyona ijodkor bo’lgandan ko’ra, bu yaxshiroq.

— Sizningcha, bugungi va ilgarigi avlod ijodkorlari o’rtasida farq ko’rinadimi?

— Oldingi bolalarning umri dalalarda, bog’larda, qirlarda kechgan. Texnika asri esa hissiyotlarning sayqallanishini ortga suryapti. Yoshlar jonli tabiat bilan munosabatda bo’lish o’rniga komp`yuter oldiga mixlanib qolgan.

— Modern she’riyat to’g’risida turli fikrlar bildirishadi. Ko’pchilik bu yo’nalishdan chekinib, an’anaviy uslubni ma’qul ko’rishadi…

— Hamma o’zini istagan uslubida sinab ko’rishi mumkin, faqat fikrini yetkazib bersa bas. Har tomonga shox tashlab ham o’quvchiga nima demoqchiligini yetkaza olmayotganlar xavotir uyg’otadi, aslida. Maqsad esa bitta — yurakda kechayotgan tuyg’uni o’quvchiga chiroyli tarzda yetkaza olish.

SHE’RLAR
01

Vatan bayrog’i

Yurt bayrog’in har joygamas,
Ko’nglingga ek. Ko’ksingni o’y.
Ishlov bergin, yumshatib tur
Ildiz otsin, ko’rsatsin bo’y.

To bu bayroq, Vatan, nurlar
Ich-ichingga ketsin kirib.
Toki g’anim — vatanxo’rlar,
Ololmasinlar sug’urib.

Shunday o’rgat qulni, xonni,
Uchmas qush ham uchar bo’lsin.
To bayroqdan oldin jonni
Bermoq oson kechar bo’lsin.

Cuv uzatar tomirim

(Amir Temur yubileyi kunlarida yozilgan)

Tog’lar engashib kelar,
Bog’lar ergashib kelar,
Qushlar engashib kelar,
Rost bo’ldimi, bobojon,
Yurtga qaytayotganing!

Bizni ko’zga ilmaslar
Ilib qaytayotirlar,
Bizga qovoq uyganlar
Kulib qaytayotirlar,
Bo’ylarini bizga teng
Qilib qaytayotirlar.

Insonni ham, elni ham
Tog’lari bo’lsin ekan.
Har qanday kunda umid
Bog’lari bo’lsin ekan.
Sen ketib tog’siz qolib,
Izg’irinda izg’idik.
Yaproqlardek benajot
Poymol bo’ldik, to’zg’idik.

Hay degani haji yo’q
Bolalaring qirdilar.
Boshi birikmas, og’zi
Olalaring qirdilar.
Terib-terib qirdilar,
Erib-erib qirdilar,
Seni ketkazib, halqni
Jon-joyiga urdilar.

Shunday urdilar hanuz
O’ziga kelolmaydi.
Tortilib qolgan tili
So’ziga kelolmaydi.
Ko’z yoshi ko’kragidan
Ko’ziga kelolmaydi.

Turk tuyog’i shu taxlit
Botqoqlarga botibdi.
Shunday kunda shoh Amir
Yurtga qaytayotibdi!..

Qaytar turk daraxtimga
Suv uzatar tomirim.
Endi ko’karajakmiz,
Gullagaymiz, Amirim.

* * *

Inson aslan buyuk, aslan bechora…
Ohim dilingizga yo’l topsa zora.
Qo’lingizdan kelsa qilmang ovora,
Shul yolg’iz insonni tuhmatga bermang!

Bir-birini selu toshqin qo’llaydi,
Qayda bo’lsa yetib, shoshqin qo’llaydi.
Bir-birini bo’ri, qashqir qo’llaydi,
Siz uni sinovga, muhlatga bermang!

Ko’pdir zamonlarning qimor o’yini,
Qirqadir odamning eni-bo’yini —
Qo’lingizdan kelsa ko’ring to’yini,
Uni har qanday dor, xilqatga bermang.

O’chmas deb ishoning bosgan iziga,
Panoh deb ishoning o’g’il, qiziga.
O’ziga ishoning, faqat o’ziga,
Tushuntirish xati, tilxatga bermang!

Nopok dunyosidan ketmasin to’yib
Desangiz yuragin g’ijimlab, o’yib,
Yillar bo’yi o’tmas pichoqda so’yib
Qadrsizlik degan kalxatga bermang!
Inson aslan buyuk, aslan bechora.

Manba:«Oila davrasida» gazetasi

011

(Tashriflar: umumiy 175, bugungi 1)

Izoh qoldiring