Har so’zning rosti bitilgay («Boburnoma»ni o’qib)

067    “Бобурнома”даги ўша давр ҳаётининг Бобурга хос талқини билан танишганда, энг аввало, бир жиҳат – муаллиф шахси ўқувчи эътиборини тортади. Томирларида Соҳибқирон Амир Темур қони оққан аслзода Бобур кўз ўнгимизда холис, адолатли адиб сифатида намоён бўлади ва асарда қаламга олинган ҳар бир воқеа ва шахс тасвири ортида бобурона муносабат, бобурона қараш турганини яққол ҳис этиш мумкин…

“ҲАР СЎЗНИНГ РОСТИ БИТИЛГАЙ…”
Хуршида Абдуллаева
033

Ўзбек мумтоз адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги йирик вакили, ҳассос ва ҳақгўй ижодкор Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросидаги энг мўътабар асар, шубҳасиз, “Бобурнома”дир. Муаллифнинг ўзи эътироф этганидек, умр китоби саналмиш ушбу асар бадиий, тарихий, этнографик, жуғрофий жиҳатдан қимматли манба ҳисобланади.

Асардаги ўша давр ҳаётининг Бобурга хос талқини билан танишганда, энг аввало, бир жиҳат – муаллиф шахси ўқувчи эътиборини тортади. Томирларида Соҳибқирон Амир Темур қони оққан аслзода Бобур кўз ўнгимизда холис, адолатли адиб сифатида намоён бўлади ва асарда қаламга олинган ҳар бир воқеа ва шахс тасвири ортида бобурона муносабат, бобурона қараш турганини яққол ҳис этиш мумкин. Бу муносабат-қараш эса ҳаётнинг ёзилмаган, аммо адолатли қонуниятларини чуқур англай билиш, тақдири барҳақ ҳукмига розиликнинг натижаси ўлароқ шаклланган бўлса, ажаб эмас.

Бобур ўзи кўрган ёки эшитган, бевосита гувоҳи бўлган воқеа-ҳодисаларга холис позицияда туриб ёндашишга ҳаракат қилади, яқинлари, дўст-душманининг яхши ва ёмон ишларини бир хилда – ҳалоллик билан баҳолайди, ҳатто ўзининг хато ва камчиликларини ҳам очиқ-ойдин қаламга олади. Тасвирда ортиқча такаллуф ёки муболағага йўл қўймайди. Бунинг боиси “Бобурнома”да шундай изоҳланади:

“…Бу мастур бўлғонлардин мақсуд ўзнинг таърифи эмас, баёни воқеи бу эдиким, таҳрир этибдурмен. Чун бу тарихда андоқ илтизом қилибтурким, ҳар сўзнинг ростини битилгай ва ҳар ишнинг баёни воқеини таҳрир этилгай. Ложарам ота-оғадин ҳар яхшилиқ ва ямонлиғким шое эди, тақрир қилдим ва қариндош ва бегонадин ҳар айб ва ҳурарким баёни воқе эди, таҳрир айладим. Ўқуғувчи маъзур тутсун, эшитгувчи таарруз мақомидин ўтсун…” Яъни, муаллиф буларни ёзишдан мақсади ўзини таърифлаш эмас, балки ҳақиқий воқеа баёнини келтириш эканини, асарни рост ёзишга, ҳар бир воқеани ҳақиқий, холис тасвирлашга қарор қилганини айтади. Ота-оғаларидан қандай яхши ёки ёмон иш ўтган, қариндош ё бегонада қандай айб ва фазилатлар кўрган бўлса, борини ёзганини айтиб, ўқувчининг кечиришини, эшитувчининг ўзига эътироз билдирмаслигини сўрайди. Тақдир синовларини кўп ва хўп кўрган Бобур ўзига нисбатан қилинган ёмонликларга яраша жавоб қайтариш қўлидан келса-да, бундай қилмаганини, балки ҳаётнинг адолатли ҳукмига ҳавола қилганини асар давомида кўп бора таъкидлайди.

Воқеалар баёнини ўқирканмиз, ҳар бир ишнинг жавоби борлиги ва одил ҳаёт жазони ўзи беришини Бобур ўз атрофидаги кишилар – укаси Жаҳонгир мирзо билан ораларига нифоқ солган Аҳмад Танбал, Кобулда унга қарши фитна қўзғаган поччаси Муҳаммад Ҳусайн мирзо ва Мирзохон, Ҳисор ҳукмдори Хисравшоҳ, Боқи Чағониёний ва яна бир неча кишилар мисолида келтириб ўтади. Кобулни ўз қаламравига олган Бобур Шайбонийхонга қарши бирлашиш умидида Хуросонга – Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари ёнига кетганида, Кобулни эгаллашга уринган Муҳаммад Ҳусайн мирзонинг бу гуноҳини (гарчи оғир айб саналса-да) азбаройи холаси Хўб Нигорхонимнинг ҳурмати юзасидан кечиради, унга мурувват кўрсатади ва Хуросонга кетишига рухсат беради. Лекин тақдирнинг ўзи бу кимсани оғирроқ жазога мустаҳиқ қилади. Шайбонийхон тарафига ўтган Муҳаммад Ҳусайн унинг қўлида ўлим топади…

Бу воқеани ҳикоя қилгач, муаллиф хулосани “Сен ўзингга ёмонлик қилганни ҳаёт измига топшир, бил, ҳаёт қасоскор мулозимингдир”, мазмунидаги форсий байт билан тугатади. Шунинг баробарида, Бобур ўз қадр-қимматини яхши биладиган, вақти келганида дадил ҳаракат билан ўз шаънини ҳимоя қила оладиган, иззат-нафси баланд шахс ҳамдир. Бу хислат унинг мағрур, ўзига ҳаддан зиёда ишонган қондоши — Бадиуззамон мирзо билан муносабатларида яққол кўзга ташланади. Бобур мирзо ўзига нисбатан шаҳзода томонидан муносиб одоб-ҳурмат кўрсатилмаганида, ўз эътирозини беклар орқали айттиради ва мантиқ кучи билан Бадиуззамон мирзони ўз айбини тан олишга мажбур эта олади. “Бобурнома”да ўқиймиз:

“…Иккинчи навбат келганда Бадиуззамон мирзо бурунғидек таъзим қилмади. Муҳаммад Бурундуқбекка ва Зуннунбекка айттурдимким, агарчи ёшим кичиктур, вале тўрим улуғдур, ота тахтидаким, Самарқанд бўлғай, икки навбат зарби рост олиб ўлтурубдурмен. Бу хонавода учун ёт-ёғи билаким мунча жанг ва жадал қилибтурмен, менинг таъзимимда таъхир беважҳдур. Бу сўз мазкур бўлғоч, чун маъқул эди, муътариф бўлуб, таъзимни хотирхоҳ қилдилар…”

Бобур Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари орасида иттифоқ, иноқликнинг йўқлигини, ака-укалар бир-бирларига ёв эканлигини куюниб тилга олади. Ота ўлимидан кейин Бадиуззамон мирзо билан Музаффар мирзоларнинг тахтни шерикликда бошқарганларини таассуф билан ёзади. Яна бир ўғил Кепак мирзонинг Музаффар мирзо тахтда ўтиргани учун аччиқ қилиб, Шайбонийхонга қарши бирлашиш учун чақирилганида, Машҳаддан келмаганини эса номардлик деб баҳолайди. Ҳусайн Бойқаронинг ўн тўрт ўғлидан фақатгина биттаси – Муҳаммад Замон мирзо тирик қолганининг боисини оға-инилар ўртасида аҳиллик йўқлигидан деб билади (Ушбу мақолага коммент ёзган Ботир йўлдошевнинг тузатишича «МУҲАММАД ЗАМОН МИРЗО ЎН ТЎРТ ЎҒИЛНИНГ БИРИ ЭМАС, БАЛКИ НАБИРАСИДИР. КЕЙИНЧАЛИК БОБУРНИНГ КУЁВИ БЎЛАДИ.) .

Албатта, Бобур бу каби ҳаётий сабоқлардан тўғри хулоса чиқаради. Ҳар икки иниси – Жаҳонгир мирзо ва Носир мирзоларни ҳамиша ўз қаноти остида асрайди, беклари Жаҳонгир мирзони кўздан нарироқ тутишни қайта-қайта маслаҳат берсалар ҳам қатъиян рад этади. Укалари ва қариндошларига оқибатсизлик қилиш ўзининг шаънига ярашмаслигини айтади:

“…Чун менинг шаънимда бу эмас эдиким, оға-ини ва уруқ-қаёштин ҳар неча изойлиқ воқе бўлса, мендин мутанаффир бўлғайлар…”

Иниларининг айрим ўзбошимчаликлари ва аразларини акаларча бағрикенглик билан кечирган, ютуқларидан севинган, бир сўз билан айтганда, уларга оталарча ғамхўр бўлган Бобур ўғли Ҳумоюнни ҳам шу йўсинда тарбиялайди. “Бобурнома” саҳифаларидан жой олган Ҳумоюн мирзога йўлланган мактубда шу хусусда сўз боради:

“…Яна ининг била яхши маош қилғайсан. Улуқлар кўтаримлик керак, умидим борки, сен ҳам яхши ихтилот қилғайсан…”

Бобур нафақат ўзгаларнинг табиатидаги қусур ва хислатларни кузатиб, ўз баҳосини беради, балки ўзи томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳам рўй-рост айтиб ўтади, улардан одилона хулоса ясайди. У – мард, танти, довюрак темурийзода. Ҳар қандай чигал вазиятда ҳам ўзига ишонч, жасорат билан ҳаракат қилади, шаънига доғ туширмайди. Ёшлиги, тажрибасизлиги боис мағлубият аламини тортган фурсатларда ҳам, Даҳкатда сарсон-саргардон юрганида ҳам, ҳатто тарафдорларидан айро тушиб, жангдан сўнг ёлғиз ўзи чекинишга мажбур бўлган дамларда ҳам бирдай жасур, мардона инсон бўлиб қолаверади. Энг муҳими, шундай пайтларда чеккан хавотир ва қўрқувини у яшириб ўтирмайди, балки ўқувчи билан баҳам кўради. Андижон учун жанг бораётган дамларда Бобурнинг инилари ёв қўлига тушадилар, ўзи озгина одами билан уруша-уруша чекинади. Отлар ҳориган, содиқ беклар ўзлари ҳимояда қолиб, Бобурни хавфсизроқ ерга кетишга ундайдилар. Аввалига одамларини ташлаб кетишга кўнмаган мирзо кейинроқ вазиятнинг қалтислигини ҳисобга олиб, рози бўлади. Бундан хабар топган Танбалнинг икки одами ҳийла йўли билан уни қўлга туширишга уринишади ва Бобурга садоқат изҳор қилиб, бир чорбоғда тўхташга кўндирадилар. Уларнинг асл ниятини сезган Бобур бу қалтис вазиятда кўнглидан ўтганларини шундай ифодалайди:

“…Муни дегач, манга ғариб ҳолате бўлди. Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш… Ўзумда бетоқатлиғе фаҳм қилдим. Қўптум, боғ гўшасиға бордим. Ўзум била андиша қилдим. Дедимким, киши агар юз, агар минг яшаса охир ўлмак керак… Ўзумни ўлумга қарор бердим…”

Ўз қисматини мардона қарши олишга тайёр турган мирзони тақдир қўллайди ва тарафдорлари етиб келадилар…

Асарда инсоннинг ички ҳолати, руҳиятининг турфа қирралари рўй-рост ифодаланган ўринлар анчагина. Уларни мутолаа қилиш жараёнида муаллифни гўё ҳозир, ўзингиз билан ёнма-ён яшаётгандай ҳис қиласиз.

“Бобурнома” латофатининг сири унинг услубида эканини бобуршунос олимлар кўп бора таъкидлаганлар. Дарҳақиқат, аввало рост, холис ёндашув асарнинг қийматини оширган бўлса, бош қаҳрамон – Бобур шахсиятининг бетакрор қирралари ҳар саҳифада жилваланиб туриши бу нодир манбанинг ўқувчи учун севимли асарга айланишида муҳим роль ўйнайди, қайта-қайта мутолаа қилишга ундайди.

Манба: «Қашқадарё» газетаси

045

“HAR SO’ZNING ROSTI BITILGAY…”
Xurshida Abdullayeva
033

O’zbek mumtoz adabiyotining Alisher Navoiydan keyingi yirik vakili, hassos va haqgo’y ijodkor Zahiriddin Muhammad Bobur adabiy merosidagi eng mo»tabar asar, shubhasiz, “Boburnoma”dir. Muallifning o’zi e’tirof etganidek, umr kitobi sanalmish ushbu asar badiiy, tarixiy, etnografik, jug’rofiy jihatdan qimmatli manba hisoblanadi.

Asardagi o’sha davr hayotining Boburga xos talqini bilan tanishganda, eng avvalo, bir jihat – muallif shaxsi o’quvchi e’tiborini tortadi. Tomirlarida Sohibqiron Amir Temur qoni oqqan aslzoda Bobur ko’z o’ngimizda xolis, adolatli adib sifatida namoyon bo’ladi va asarda qalamga olingan har bir voqea va shaxs tasviri ortida boburona munosabat, boburona qarash turganini yaqqol his etish mumkin. Bu munosabat-qarash esa hayotning yozilmagan, ammo adolatli qonuniyatlarini chuqur anglay bilish, taqdiri barhaq hukmiga rozilikning natijasi o’laroq shakllangan bo’lsa, ajab emas.

Bobur o’zi ko’rgan yoki eshitgan, bevosita guvohi bo’lgan voqea-hodisalarga xolis pozitsiyada turib yondashishga harakat qiladi, yaqinlari, do’st-dushmanining yaxshi va yomon ishlarini bir xilda
– halollik bilan baholaydi, hatto o’zining xato va kamchiliklarini ham ochiq-oydin qalamga oladi. Tasvirda ortiqcha takalluf yoki mubolag’aga yo’l qo’ymaydi. Buning boisi “Boburnoma”da shunday izohlanadi:

“…Bu mastur bo’lg’onlardin maqsud o’zning ta’rifi emas, bayoni voqei bu edikim, tahrir etibdurmen. Chun bu tarixda andoq iltizom qilibturkim, har so’zning rostini bitilgay va har ishning bayoni voqeini tahrir etilgay. Lojaram ota-og’adin har yaxshiliq va yamonlig’kim shoe edi, taqrir qildim va qarindosh va begonadin har ayb va hurarkim bayoni voqe edi, tahrir ayladim. O’qug’uvchi ma’zur tutsun, eshitguvchi taarruz maqomidin o’tsun…” Ya’ni, muallif bularni yozishdan maqsadi o’zini ta’riflash emas, balki haqiqiy voqea bayonini keltirish ekanini, asarni rost yozishga, har bir voqeani haqiqiy, xolis tasvirlashga qaror qilganini aytadi. Ota-og’alaridan qanday yaxshi yoki yomon ish o’tgan, qarindosh yo begonada qanday ayb va fazilatlar ko’rgan bo’lsa, borini yozganini aytib, o’quvchining kechirishini, eshituvchining o’ziga e’tiroz bildirmasligini so’raydi. Taqdir sinovlarini ko’p va xo’p ko’rgan Bobur o’ziga nisbatan qilingan yomonliklarga yarasha javob qaytarish qo’lidan kelsa-da, bunday qilmaganini, balki hayotning adolatli hukmiga havola qilganini asar davomida ko’p bora ta’kidlaydi.

Voqealar bayonini o’qirkanmiz, har bir ishning javobi borligi va odil hayot jazoni o’zi berishini Bobur o’z atrofidagi kishilar – ukasi Jahongir mirzo bilan oralariga nifoq solgan Ahmad Tanbal, Kobulda unga qarshi fitna qo’zg’agan pochchasi Muhammad Husayn mirzo va Mirzoxon, Hisor hukmdori Xisravshoh, Boqi Chag’oniyoniy va yana bir necha kishilar misolida keltirib o’tadi. Kobulni o’z qalamraviga olgan Bobur Shayboniyxonga qarshi birlashish umidida Xurosonga – Sulton Husayn Boyqaroning o’g’illari yoniga ketganida, Kobulni egallashga uringan Muhammad Husayn mirzoning bu gunohini (garchi og’ir ayb sanalsa-da) azbaroyi xolasi Xo’b Nigorxonimning hurmati yuzasidan kechiradi, unga muruvvat ko’rsatadi va Xurosonga ketishiga ruxsat beradi. Lekin taqdirning o’zi bu kimsani og’irroq jazoga mustahiq qiladi. Shayboniyxon tarafiga o’tgan Muhammad Husayn uning qo’lida o’lim topadi…

Bu voqeani hikoya qilgach, muallif xulosani “Sen o’zingga yomonlik qilganni hayot izmiga topshir, bil, hayot qasoskor mulozimingdir”, mazmunidagi forsiy bayt bilan tugatadi. Shuning barobarida, Bobur o’z qadr-qimmatini yaxshi biladigan, vaqti kelganida dadil harakat bilan o’z sha’nini himoya qila oladigan, izzat-nafsi baland shaxs hamdir. Bu xislat uning mag’rur, o’ziga haddan ziyoda ishongan qondoshi — Badiuzzamon mirzo bilan munosabatlarida yaqqol ko’zga tashlanadi. Bobur mirzo o’ziga nisbatan shahzoda tomonidan munosib odob-hurmat ko’rsatilmaganida, o’z e’tirozini beklar orqali ayttiradi va mantiq kuchi bilan Badiuzzamon mirzoni o’z aybini tan olishga majbur eta oladi. “Boburnoma”da o’qiymiz:

“…Ikkinchi navbat kelganda Badiuzzamon mirzo burung’idek ta’zim qilmadi. Muhammad Burunduqbekka va Zunnunbekka aytturdimkim, agarchi yoshim kichiktur, vale to’rim ulug’dur, ota taxtidakim, Samarqand bo’lg’ay, ikki navbat zarbi rost olib o’lturubdurmen. Bu xonavoda uchun yot-yog’i bilakim muncha jang va jadal qilibturmen, mening ta’zimimda ta’xir bevajhdur. Bu so’z mazkur bo’lg’och, chun ma’qul edi, mu’tarif bo’lub, ta’zimni xotirxoh qildilar…”

Bobur Sulton Husayn Boyqaroning o’g’illari orasida ittifoq, inoqlikning yo’qligini, aka-ukalar bir-birlariga yov ekanligini kuyunib tilga oladi. Ota o’limidan keyin Badiuzzamon mirzo bilan Muzaffar mirzolarning taxtni sheriklikda boshqarganlarini taassuf bilan yozadi. Yana bir o’g’il Kepak mirzoning Muzaffar mirzo taxtda o’tirgani uchun achchiq qilib, Shayboniyxonga qarshi birlashish uchun chaqirilganida, Mashhaddan kelmaganini esa nomardlik deb baholaydi. Husayn Boyqaroning o’n to’rt o’g’lidan faqatgina bittasi – Muhammad Zamon mirzo tirik qolganining boisini og’a-inilar o’rtasida ahillik yo’qligidan deb biladi (Ushbu maqolaga komment yozgan Botir yo’ldoshevning tuzatishicha «MUHAMMAD ZAMON MIRZO O’N TO’RT O’G’ILNING BIRI EMAS, BALKI NABIRASIDIR. KEYINCHALIK BOBURNING KUYOVI BO’LADI.) .

Albatta, Bobur bu kabi hayotiy saboqlardan to’g’ri xulosa chiqaradi. Har ikki inisi – Jahongir mirzo va Nosir mirzolarni hamisha o’z qanoti ostida asraydi, beklari Jahongir mirzoni ko’zdan nariroq tutishni qayta-qayta maslahat bersalar ham qat’iyan rad etadi. Ukalari va qarindoshlariga oqibatsizlik qilish o’zining sha’niga yarashmasligini aytadi:

“…Chun mening sha’nimda bu emas edikim, og’a-ini va uruq-qayoshtin har necha izoyliq voqe bo’lsa, mendin mutanaffir bo’lg’aylar…”

Inilarining ayrim o’zboshimchaliklari va arazlarini akalarcha bag’rikenglik bilan kechirgan, yutuqlaridan sevingan, bir so’z bilan aytganda, ularga otalarcha g’amxo’r bo’lgan Bobur o’g’li Humoyunni ham shu yo’sinda tarbiyalaydi. “Boburnoma” sahifalaridan joy olgan Humoyun mirzoga yo’llangan maktubda shu xususda so’z boradi:

“…Yana ining bila yaxshi maosh qilg’aysan. Uluqlar ko’tarimlik kerak, umidim borki, sen ham yaxshi ixtilot qilg’aysan…”

Bobur nafaqat o’zgalarning tabiatidagi qusur va xislatlarni kuzatib, o’z bahosini beradi, balki o’zi tomonidan yo’l qo’yilgan xato va kamchiliklarni ham ro’y-rost aytib o’tadi, ulardan odilona xulosa yasaydi. U – mard, tanti, dovyurak temuriyzoda. Har qanday chigal vaziyatda ham o’ziga ishonch, jasorat bilan harakat qiladi, sha’niga dog’ tushirmaydi. Yoshligi, tajribasizligi bois mag’lubiyat alamini tortgan fursatlarda ham, Dahkatda sarson-sargardon yurganida ham, hatto tarafdorlaridan ayro tushib, jangdan so’ng yolg’iz o’zi chekinishga majbur bo’lgan damlarda ham birday jasur, mardona inson bo’lib qolaveradi. Eng muhimi, shunday paytlarda chekkan xavotir va qo’rquvini u yashirib o’tirmaydi, balki o’quvchi bilan baham ko’radi. Andijon uchun jang borayotgan damlarda Boburning inilari yov qo’liga tushadilar, o’zi ozgina odami bilan urusha-urusha chekinadi. Otlar horigan, sodiq beklar o’zlari himoyada qolib, Boburni xavfsizroq yerga ketishga undaydilar. Avvaliga odamlarini tashlab ketishga ko’nmagan mirzo keyinroq vaziyatning qaltisligini hisobga olib, rozi bo’ladi. Bundan xabar topgan Tanbalning ikki odami hiyla yo’li bilan uni qo’lga tushirishga urinishadi va Boburga sadoqat izhor qilib, bir chorbog’da to’xtashga ko’ndiradilar. Ularning asl niyatini sezgan Bobur bu qaltis vaziyatda ko’nglidan o’tganlarini shunday ifodalaydi:

“…Muni degach, manga g’arib holate bo’ldi. Olamda jon vahmidin yomonroq nima bo’lmas emish… O’zumda betoqatlig’e fahm qildim. Qo’ptum, bog’ go’shasig’a bordim. O’zum bila andisha qildim. Dedimkim, kishi agar yuz, agar ming yashasa oxir o’lmak kerak… O’zumni o’lumga qaror berdim…”

O’z qismatini mardona qarshi olishga tayyor turgan mirzoni taqdir qo’llaydi va tarafdorlari yetib keladilar…

Asarda insonning ichki holati, ruhiyatining turfa qirralari ro’y-rost ifodalangan o’rinlar anchagina. Ularni mutolaa qilish jarayonida muallifni go’yo hozir, o’zingiz bilan yonma-yon yashayotganday his qilasiz.

“Boburnoma” latofatining siri uning uslubida ekanini boburshunos olimlar ko’p bora ta’kidlaganlar. Darhaqiqat, avvalo rost, xolis yondashuv asarning qiymatini oshirgan bo’lsa, bosh qahramon – Bobur shaxsiyatining betakror qirralari har sahifada jilvalanib turishi bu nodir manbaning o’quvchi uchun sevimli asarga aylanishida muhim rol` o’ynaydi, qayta-qayta mutolaa qilishga undaydi.

045

(Tashriflar: umumiy 526, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мақолада хато бор:
    Ҳусайн Бойқаронинг ўн тўрт ўғлидан фақатгина биттаси – Муҳаммад Замон мирзо тирик қолганининг боисини оға-инилар ўртасида аҳиллик йўқлигидан деб билади.

    МУҲАММАД ЗАМОН МИРЗО ЎН ТЎРТ ЎҒИЛНИНГ БИРИ ЭМАС, БАЛКИ НАБИРАСИ. КЕЙИНЧАЛИК БОБУРНИНГ КУЁВИ БЎЛАДИ.

Izoh qoldiring