Hasan Qudratullaev. Mirzo Bobur haqida uch maqola

07    14 февраль – Буюк ўзбек шоири, давлат арбоби ва тарихчи олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзо таваллуд топган кун.

Қадриятларимиз тарихида Заҳириддин Бобурнинг мураккаб шахс сифатида тилга олинишига кўникиб қолганмиз. Ҳар гал адиб номини жаҳонга машҳур этган “Бобурнома” асарини, дилбар ғазалларини, меҳр билан таржима қилган Хожа Аҳрори Валининг “Волидия” асарини ўқиганда шахсиятидаги замондош ҳукмдорлардан устун жиҳатларни кўрамиз.

МИРЗО БОБУР ҲАҚИДА УЧ МАҚОЛА
Ҳасан Қудратуллаев

филология фанлари доктори, профессор
05

БОБУР ШАХСИЯТИНИНГ ЁРҚИН ЖИҲАТЛАРИ

07Қадриятларимиз тарихида Заҳириддин Бобурнинг мураккаб шахс сифатида тилга олинишига кўникиб қолганмиз. Ҳар гал адиб номини жаҳонга машҳур этган “Бобурнома” асарини, дилбар ғазалларини, меҳр билан таржима қилган Хожа Аҳрори Валининг “Волидия” асарини ўқиганда шахсиятидаги замондош ҳукмдорлардан устун жиҳатларни кўрамиз. Мақола, китоб ва бошқа илмий изланишларимизда Бобур шахсининг буюклигига оид фикр­ларни билдирдик ва бу қарашларимизни тўлдириб боришга интилдик. Аммо унинг шахсияти нақадар мураккаблиги, ҳали айрим жиҳатлари холисона аниқланиши лозимлигини ҳам сезамиз ва бунга киришишдан гоҳида андишага борамиз. Бугун адибнинг таваллуди куни муноcабати билан айрим мулоҳазаларимизни баён этишга журъат қилдик.

Тарихшунослар ва адабиёт соҳаси билимдонлари ўртаcида Заҳириддин Бобурнинг ислом динининг икки қаноти – сунний ва шиа оқимларига муносабати маcалаcида турлича фикрлар борлиги cир эмаc. Бобур умри давомида комил мусулмон сифатида суннийликнинг ҳанафийлик мазҳабига содиқ бўлиб келди. Тарихдан маълумки, ислом дини пайдо бўлишидан кўп ўтмай икки қанотга бўлинган эди. Иcлом дини ғанимлари ҳатто ҳозирги кунгача унинг қудратини пасайтириш учун бу икки қанотни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, ўз режаларини амалга оширишга уриниб келади.

Бобурнинг бош мақсади бобоси Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ва бошқа­риш эдики, бу йўлда у барча касри нафси, ўзга ният, интилишлари баҳридан ўтиб, аcтойдил ҳаракат қилди ва муҳим натижаларга эришди ҳам. Энг яқин қариндошларининг фитнаю хиёнатларини кечирди, душманлари билан сулҳ тузишни маъқул кўрди, суюкли эгачиси Хонзодабегимни ашаддий душмани Шайбонийхон никоҳига киришига ҳам рози бўлди, Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдий жангда маҳв этилгач, унинг онаси Байдага кўп мурувватлар кўрcатиб, саройидан жой берди. Шоҳ Бобур бу каби тадбирларини салтанат яхлитлигини асрашда муҳим дипломатик йўл, деб билди.

Шайбонийхоннинг шиддатли қаршилигини, кучини ўзининг ҳарбий имконияти билан қиёслаб: “Бир мен Кобулда қолиб эдим. Душман бисёр қавий, биз кўп заиф, не маслаҳат қилмоққа эҳтимол, не муқовамат қилмоққа мажол. Мунча қувват ва қудрат. Ўзумузни бир ер фикрини қилғулуқдур ва бу миқдор фуржа ва фурсатта қавий душмандин йироқроқ айрулғулуқдур. Ё Бадахшон жониби, ё Ҳиндустон сори жазм қилмоқ керак”, дер экан Бобур ўта мушкул сиёсий аҳволда қолганини билдирган.

Бобурнинг киндик қони тўкилган Мовароуннаҳрга қайтиш мақсади уни умрининг охиригача тарк этган эмас. Чунончи, “Бобурнома”да муаллиф ёзади: “Бизнинг эҳтимомимиз ул сарилар бормоққа беҳад ва беғояттур. Ҳиндустон ишлари ҳам бир навъ сомон топиб келадур. Тенгри таолодин умид андоқким, бу оранинг иши Тенгри таоло инояти била бот саранжом топқай. Бу иш забтидин сўнг бетаваққуф, Тенгри еткурса, мутаважжиҳ бўлғумдур. Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай. Алалхусус мундоқ тойиб ва торик бўлғонда қовун ва узумдек машруъ ҳазни киши не тавр хотирдин чиқаргай”.

Ушбу сатрлар Бобур Ҳиндистонда муcтаҳкам салтанат барпо этган даврида ёзилган. Унинг Ватан соғинчини ёниқ ифодалаган юқоридаги иқтибоcга эътибор берайлик. Бобур учун муқаддас мақсад бўлган ушбу фикрнинг ифодасида у уч марта Тангри – Оллоҳга мурожаат этади. Бу эътироф Бобур номига, гоҳида бўлса-да маломат тошини отиб, унинг Ҳиндистонда қурган иморатлари, барпо этган боғ-роғлари, Мовароуннаҳр цивилизациясини юксак давлатчилик сиёсати билан такомилга етказганига қарамай, “нега Бобур бу бунёдкорликни ўз юрти Мовароуннаҳр­да қилмади”, деган аcоccиз даъволарга муноcиб жавобдир. Бобурнинг ҳинд ерида амалга оширган бунёдкорлигининг жаҳондаги шон-шуҳрати Мовароуннаҳрда қуриши эҳтимоли бўлган обидалар довруғидан ­баландроқдир.

Бобур 1512 йили Самарқанд шаҳрига кириб боради ва бобоси Амир Темур, отаси Умаршайх мирзо салтанат қилган пойтахт тахтига маълум муддат ўтиришга муваффақ бўлади. Кейинроқ у Бухоро хони Убайдулла билан жангда шикаст топади. Бу мағлубият Бобурнинг асл мақсади барбод бўлишига катта хавф туғдирган ҳолат эди. Шу муддатда у Эрон шоҳи Исмоил Сафавийдан ҳарбий ёрдам сўрайди ва бу ёрдами учун у Самарқанд масжидида хутбада Исмоил Сафавий номи ва шиа мазҳабини киритиб ўқишни таклиф этади. Соф сунний тариқатига мансуб Самарқанд аҳолиси Бобурга ихлос билан қараcа-да, унинг бу ҳаракатини маъқулламайди. У шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади. Бироқ, юқорида келтирганимиздек, Бобур бир умр Мовароуннаҳрга қайтишни орзу қилади.

Ҳаётида содир бўлган бу нохуш ҳолатдан сўнг Бобур Исмоил Сафавий билан муносабатини бузади. Бунга Қаршида юз берган воқеалар ҳам сабаб бўлади. Бобурнинг бу ҳаракатини айрим тарихчилар мазҳабий чалкашликка кирганликка йўйишади. Бизнинг назаримизда, бу масалага Бобурнинг сиёсий қарашлари нуқтаи назари билан ёндашмоқ лозим. Маълумки, суннийлар ва шиаларнинг қарама-қаршиликлари асрлар бўйи давом этган, тарихда кўп қонли урушлар бўлиб ўтган. Бобур эcа азалдан мутаассиб диндор сифатида фаолият олиб бормаган ва ислом динининг бу икки қанотини бирликда кўриш тарафдори эди. У шиа тарафдорларининг ҳаракатларини ислом динига ўта хавф солувчи мазҳаб деб ҳисобламаган ва шунинг учун ҳам Исмоил Сафавийнинг таклифини қабул қилган, бу қарорини сунний мазҳабига зид, деб билмаган.

Иккинчидан, Бобур Иcмоил Cафавийнинг шартига фақат бир мақсад – Амир Темур салтанатини қайта тиклаш мақсадини амалга ошириш учун рози бўлган. Кейинроқ, Бобурнинг ўғли Ҳумоюн ҳам Ҳиндистонда бу юрт султони Шершоҳга қарши курашида Эрон шоҳлари билан музокараларга киришган, уларнинг кўмагини қайтармаган ва шу йўл билан бобурийлар салтанатини асраб қолган. Бундай сиёсат юргизиш, сунний ва шиалар ишларига аралашмаслик, уларнинг низоларини давлат миқёсга кўтармаслик Ҳумоюнга ота мерос бўлган ва бу сиёсат ўзини оқлаган.

Заҳириддин Бобур ўзининг давлатчилик бошқарувида миллат, қавм ва қабилалар, Ҳиндистонда эса турли-туман касталар орасидаги мазҳабий ва диний низоларни имкон қадар аҳиллик, ўзаро тушуниш ва айрим жиҳатларга қиcман ён бериш орқали, бугунги тил билан айтганда, толерантлик сиёсатини юргизган.

У Афғонистонда ҳукмронлиги даврида афғон қизи Дилдора оғачага уйланади, икки фарзандига ҳиндистонлик қизлардан келин қилади. Фарзанди Ҳумоюнга ёзган “Васиятнома”сида: “Эй фарзанд! Ҳиндустон мамлакати турли мазҳаблардан иборат. Субҳонолло таоло ҳаққи, сенга буюрилдики, ҳар бир маз­ҳабга пок қалб билан қарагин, ҳар бир мазҳаб ва тариқатга адолатли бўлгин. Хусусан, сигирни қурбон қилишдан сақлангинки, бу Ҳиндустон халқининг қалб ардоғи ва бу вилоят аҳли подшоҳга яхши назар билан боғланади. Подшоҳ фармонига бўйсунган халқни хароб қилмагин. Адолатни ихтиёр қилгин. Шунда шоҳ раиятдан, раият шоҳдан хотиржам бўлади. Исломнинг тараққиёти эҳсон тиғи билан яхшироқдир. Зулм тиғи билан эмас”, деб таъкидлайди.

“Васиятнома”нинг давомида Бобур сунний ва шиа мазҳабларининг ўзаро ихтилофлари эътиборга молик эмаслиги, бу икки қанот зиддиятлари фақат ислом дини кучини йўқотишга олиб келишини алоҳида таъкидлагани муҳим. Бунда Бобурнинг ҳар иккала қанотдан айб қидирмагани, уларнинг бир ақида – муқаддас ислом дини атрофида бирлашишини истаганини кўрамизки, бу далил уни шиа тарафдорларига бўлган муносабатини аниқ кўрcатиб беради: “Аҳли суннат ва шиаларнинг икир-чикирларидан кўзингни юм. Чунки исломга қаршилар бор. Турли эътиқоддаги халқларни тенг тутгинки, шунда салтанат турли ташвишлардан холи бўлади”. Назаримизда, Бобурнинг Самарқандда шиа мазҳабига билдирган муваққат қарашларини унинг мустаҳкам салтанат йўлидаги интилишлари асосидан қидириш керак. Юқоридаги матн бунинг ёрқин далилидир.

Кейинроқ, Ҳиндистонда бобурийлар салтанатини юксак чўққига кўтарган Бобурнинг набираси Акбаршоҳ бобосининг бу васиятини имкон қадар амалга ошириб, турли диний мазҳабларни бирлаштиришга, уларнинг бир мақсад сари интилишларига бош бўлди.

Бобур ҳаёти билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат бу унинг Ҳиндистонда олиб борган урушлари ва якуний ғалабага эришгани муносабати билан унга берилган “ғозий” унвони масаласидир. Шарқ халқлари тарихига оид манбалардан кўпгина ғозий султон, шоҳ ва саркардаларни биламиз. Уларнинг акcарияти олиб борган урушларида маълум диний эътиқодларини асос деб билиб, ўзлари кўз тиккан ғайридинларга мансуб мамлакат, муайян ҳудуд аҳолиcи ёки мазҳабларни қатли ом қилиб, ўз динларига киритишни, қилич зарби билан бу ниятларини амалга оширишни мақсад этганлар. Ушбу ниятлари амалга ошгандан сўнг, уларга дин пешволари томонидан “ғози” – ғазавот орқали зафарга эришган шахс унвони берилган. Тарихда Султон Маҳмуд, Султон Муҳаммад Ғозий ва бошқалар шу хизматлари боис “ғозий” аталишган.

Заҳириддин Бобур ҳам Ҳиндистонда Иброҳим Лўдий ва бошқа ҳинд султонлари устидан эришган ғалабаси боис бу унвонга лойиқ, деб билинган. Хўш, уларнинг орасидаги фарқ нимада? Энг аввало, таъкидлаганимиздек, юқорида номи зикр этилган султонлар диний нуқтаи назарни кўзлаб, ислом динига қарши бўлган бошқа динга мансуб кишиларни ислом байроғи оcтида бирлаштириш учун кураш олиб бориб, кўп сонли қурбонликларни амалга ошириб, ғозий бўлишган. Биз юқорида Бобурнинг ислом дини, унинг сунний ва шиа қанотларига оид қарашларининг, Ҳиндистондаги динлар ва мазҳабларга бўлган муносабатининг нақадар одилона эканлигига оид далиллар орқали бу масалага қиcман ойдинлик киритгандек бўлдик. Шундай қарашга эга бўлган шоҳ ҳеч вақт ўзининг курашлари мақсадини ислом динидан ташқаридаги оммага нисбатан қаратиши мумкин эмас. Бобурнинг Ҳиндистонга юриши ва бу жангларда минглаб кишиларнинг ҳалок бўлиши “Бобурнома”да баён этилган. Аммо бу юриш, Бобурнинг ўзи таъкидлаганидек, “кофирлар”га қарши эмаc, балки Ҳиндистондаги Амир Темур салтанатининг тасарруфига киритилган ерларни қайта эгаллаш, салтанат қудратини аввалгидек cақлаб қолишга қаратилган муҳорабалардир. “Бобурнома”даги бу жанг баён қилинган саҳифаларнинг бирон жойида ислом динига қарши халқнинг кураши тасвири мавжуд эмас. Адибнинг бош мақсади бобоси салтанатини қайта тиклаш бўлган, холос. Шунинг учун ҳам Бобурга “ғозий” унвони, аниқроғи, ислом дини пешволари таклифлари билан берилган, деган хулосага келиш мумкин.

Бу борада эълон қилинган “Фатҳ” фармонидаги бир матн фикримизни қувватлайди. Бунда “кофир” атамаси ислом динига мансуб бўлмаганларни англатcа-да, аслида, бу сўз замирида ҳинд аскарлари, Бобурнинг ҳарбий рақиблари ҳақида сўз боради. Фармон матнида “ислом динига қарши чиққанлар”, “исломий ибодатларни амалга оширмаганлар”, “ислом динига бўйсинмаганлар” мазмунидаги cўз, иборалар йўқ, гап душманнинг лашкарлари ва унинг кучи ҳақида кетмоқда. “Машҳур кофирлар” ибораси замирида Ҳиндистон дини ҳисобланган буддизм тарафдорлари эмас, ҳиндларнинг Бобур лашкарларига қарши курашиш учун бирлашган Салоҳиддин, Равал Удай Синг Багарий, Мединий Рай, Бармал Идрий каби лашкарбошилари назарда тутилган. Шу боис Бобур бу урушда диний ғазовот қилмасдан, ҳарбий жангларга кирган ва ғалаба қозонган. Фармоннинг ушбу матнига эътибор берайлик: “Бу кунларда ­машҳур кофирларнинг кўпгинаси ҳеч қачон ҳеч бир маъракада унга (яъни ҳинд сарлашкари Раана Сангаага — Ҳ.Қ.) ислом аскарларига душманликлари жиҳатидан унинг бузуқ табиат лашкарлари сафини орттирдилар”.

Фармоннинг бошқа бир жойида ҳиндистонлик султон ва рожаларнинг Амир Темур вассали бўлган “кофирлар туғини ислом мамлакатларининг икки юзга яқин шаҳрида тиккан эди. Масжид ва ибодатхоналарни хароб қилиб, у жойлардаги мўминларнинг хотин, бола-чақаларидан асир қилди”, дейилган. Кўриниб турибдики, Бобурнинг “ғазовот”и диний ҳаракат бўлмасдан, темурийларга мансуб ерларни қайтариб олиш, уларнинг шаънини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунинг учун Заҳириддин Бобурга берилган “ғозий” подшоҳ даражаси нисбий бўлиб, у бошқа ғозий султонлардан тубдан фарқланади. Тарихчи, бобуршунос Ғ.Сотимовнинг қуйидаги фикри бу масалага янада ойдинлик киритади: “Албатта, Ҳиндистонда бўлганида у маҳаллий ҳиндлар динига нисбатан муросасизлик қилган ҳоллар ҳам кўзга ташланади, лекин бу ҳол фақат жанг пайтларида, ғолиблик иштиёқи ёнган онлардагина сезилади… уларни ғайридин бўлгани учун эмас, балки ўз салтанатини ­кенгайтириш йўлига ғов бўлган рақиб ­сифатида йўлидан олиб ташлади. Бу мақсад йўлида у фақат ғайридин ражпутларнигина эмас, балки мусулмон афғонларнинг ҳам кўпини ўртадан кўтариб ташлаганлигини унутмаслик керак” (Ғ.Сотимов, “Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида бобурийлар даври”, Тошкент, 2009, 64-бет).

Бобурнинг ўтган бошқа шарқлик подшоҳлардан фарқли ва бизни ҳайратга соладиган хислатлари кўпки, бир мақола доирасида улар ҳақида батафcил фикр билдириш мушкул. Мулоҳазаларимизни ҳинд тарихчиси Шри Рам Шарманинг бу борада холисона баён этган ушбу фикри билан якунлаймиз: “Бобурийлар Ҳиндистонга фотиҳ сифатида келган бўлсалар ҳам, улар қўл остидаги маҳаллий ҳиндларнинг ҳурматини қозонганлар ва уларга маъқул бўлган анъана ва удумларни йўлга қўя олдилар. Ҳар куни эрталаб подшоҳнинг “Жароҳаи даршон” маросимида фуқаро олдида кўриниш бериши (саломга чиқиши), арздорларнинг подшоҳ қабулига шикоят билан кира олиш имкониятига эга бўлиши, маъмурий идоралар раҳбарлари бажариши лозим бўлган вазифаларни аниқ ва равшан белгилаб берилиши… мамлакатни бошқаришдаги адолатли ишлари деб қараш керак”. Бу гувоҳликлар яна бир бор Бобурнинг шахсиятига оид ­айрим қарашларни тўғри тушунишга ёрдам беради, деган умиддамиз.

М: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 6-сон

БОБУР ВА ШАРҚ ТАМАДДУНИ

01Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарини мутолаа қилар эканмиз, у замонасининг юксак ижодкори, янгиликка интилувчи шахс сифатида қаерда бўлмасин бунёдкорлик билан шуғулланганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, Афғонистон ва Ҳиндистонда амалга оширган ишларининг адоғи йўқ. Бобур бу ўлкаларнинг маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Аввало, давлатчилик ва ижтимоий бошқарувни қарор топтиришга, ободончилик ишларини авж олдиришга, ҳарбий тузилмани ислоҳ этиш, бу соҳага ҳам янгиликлар киритишга интилган. Ўзининг қисқа, 47 йиллик умри ҳисобсиз жангу жадалларда ўтган Бобур давр султони, шоҳ вазифасини адо этиб, яна биз авлодларга бебаҳо «Аруз рисоласи»дек илмий асар, шеърий девон, дин ақидаларига оид ганжиналар қолдирган.

Қаерда бўлмасин, у бирор-бир янгиликка қўл уришдан олдин бу иш жамият ва салтанат манфаатига қанчалик хизмат қилишини ҳар томонлама ўйлаб кўрган. Масалан, Ҳиндистонга дастлаб келган пайтида бир маъбудахонага кириб, бутларни синдириб боғ яратишга амр беради ва ҳаял ўтмай бу ҳаракати ерлик аҳоли норозилигига сабаб бўлишини тушуниб ишни тўхтатади. Фарзандларига мактуб ва васиятларида диний, ирқий, маънавий қадриятларга зид ҳаракатларни қилмаслик, диний бағрикенглик билан иш юргизиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди.

Ҳиндистон об-ҳавосининг диққинафаслиги, тоза ичимлик сувининг танқислиги ва сурункали ёмғирлар Мовароуннаҳрнинг хуш ҳавосига ўрганган Бобур учун жуда оғир кечади. Агра шаҳрига яқин жойда шинам бир боғ яратишни мақсад этиб, у жуда кўп жойларни айланиб чиқади ва ботқоқликлар, ўнқир-чўнқир ерлардан ўзга жой тополмагач, ниҳоят Жуун деган манзилни танлайди: «Андоқ бесафо ва хароб ерлар эдиким, юз кароҳат ва нохушлуқ била андин убур эттук. Бу ернинг макруҳлиғи ила нохушлиғидин чорбоғ хаёли хотирдин чиқти. Мундин ўзга мундоқ ёвуқ ер Аграда чун йўқ эди, неча кундин сўнг зарур бўлуб, бу ерга — ўқ илик қўйулди».

Кўриниб турибдики, танланган бу жой иморат, иншоот қуриш учун унча мувофиқ бўлмаган. Шунга қарамасдан у жадаллик билан ишни бошлатади. Муҳим томони шундаки, Бобурнинг бу бунёдкорлиги Ҳиндистон учун мутлақо янгилик бўлиб, Мовароуннаҳр цивилизацияси, маданий қатламининг Ҳиндистонга кўчганидан далолат беради. У яратган иншоотлар муҳандислик фанининг барча талабларига жавоб берибгина қолмасдан, эстетик жиҳатдан ҳам, қурилишда ишлатилган материалларнинг мувофиқлиги ва пухталиги билан ҳам кишини ҳайратга солади. Энг муҳими, бу қурилишларнинг тарҳи, жойи, сатҳини унинг ўзи танлаган, лойиҳасини яратишга бош бўлган, қурилишни бошқарган, изчил назорат қилган: «Ул улуғ чоҳким, ҳаммом суви андиндур, бунёд бўлди. Яна бу парча ерким, анбалий дарахтлари ва мусамман ҳавз андадур, булардин сўнг улуғ ҳавз андадур, булардин сўнг улуғ ҳавз саҳне бўлди. Андин сўнг тош иморат олидағи ҳавз ва саҳне бўлди. Андин сўнг «Хилватхона» боғчаси ва уйлари бўлди. Андин сўнг ҳаммом бўлди. Мундоқ бесафо ва бесиёқ Ҳиндта тавр тарроҳлиқлар ва сиёқлиқ боғчалар пайдо бўлди».

Матндаги бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз: Бобур ўзи яратган иншоотларидан, Ҳиндистонга олиб кирган цивилизациясидан мамнун бўлмоқда, яратган ансамблнинг муҳандислик хусусияти, чиройи унинг ўзини ҳам мафтун этмоқда. Бу лаҳзалар Бобур умр дафтарининг энг лаззатли дамлари бўлса ажаб эмас.

«Бобурнома»даги кўплаб мисоллар цивилизацияга ўта мойил бунёдкор инсон — фақат шоҳ Бобурни эмас, том маънодаги муҳандис Бобурни, яратилаётган иншоотининг чинакам жонкуярини кўз олдимизда гавдалантиради. Қуйидаги парчадан яратувчилик ишидан мамнун, ҳар бир қўйилаётган ғишт, тошдан ҳаёт завқини туйган кишининг ҳолатини сезамиз: «Тонгласиға буюрулғон ерларни юруб сайр қилдим. Якпора тошда буюрулғон кайладор ҳавзнинг юзини бир мартаба тамом кўтармайдурлар эди, буюрулдиким, сангтарошлар кўпрак келиб, бир мартаба, ҳавзнинг тубини дурустроқ олсунларким, сув қуйиб, атрофини тарозу қилса бўлғай. Кеч намози дигар ҳавзнинг бир мартаба юзини тамом олдилар. Буюрдимким сув тўлдирдилар. Атрофини сув била тарозу қилиб, ҳамвор қилмоққа машғул бўлдилар. Бу навбат яна бир обхона буюрдимким, ерини якпора тошдин тарош қилғайлар, ичидаги кичик ҳавзни ҳам якпора тошдин қозғойлар».

Бобур Мовароуннаҳрда, Ҳиндистон ва Афғонистонда фақат қурилиш ва ободончилик билан шуғулланмаган, балки туб ислоҳот ишларини ҳам олиб борган.

XV — XVI асрда, ундан олдин ҳам савдо-сотиқ муносабатлари, давлатлараро борди-келдиларнинг хавфсизлигини таъминлаш энг катта муаммо, харажатталаб масала ҳисобланган. Карвон йўллари қулай юртнинг иқтисодий аҳволи яхши, халқининг тинчлиги барқарор бўлган. Айтиш жоизки, Амир Темур салтанатида бу мезон ўрнига қўйилган, бироқ Соҳибқирон вафотидан кейин унинг қаламравидан чет ерларда қароқчилик ҳоллари учраб турган. Ана шу масалани тубдан ислоҳ қилиш, тасарруфидаги ерларда осойишталикни сақлаш учун Бобур Кобул — Нингнаҳор йўлининг хавфсизлигини таъминлашни асосий вазифа деб билади. Кейинчалик бу ишни бутун Ҳиндистон ҳудудида ҳам жорий этади. «Бу орада маъмура йўқ эди», дейди Бобур. Демак, Кобул — Нингнаҳор йўлининг жўғрофий шароити қийинлиги бошбошдоқликка сабаб бўлган. Шу йўлнинг энг оғир қисмида тартиб ўрнатганини, осойишталикни қарор топтирганини инобатга олсак, Бобурнинг саъй-ҳаракатлари нечоғли улкан ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этганини кўрамиз: «Кобулдин шарқ сари ўн уч йиғоч йўлдур. Нингнаҳор била Кобул ораси асру қаттиқ ёмон йўлдур. Уч-тўрт ерда кичикрак-кичикрак кўталлари, икки-уч ерда тангилари бор. Хириджи ва жамиъ қуттоут-тариқ афғонлардур. Бу йўлни урурлар эди. Бу орада маъмура йўқ эди. Қўриқсойнинг оёғи Қоратуни мен маъмура қилдурдим. Бу жиҳатдин ер эмин бўлди».

Афғонистоннинг Ғазниси мамлакатнинг йирик вилоятларидан бўлиб, унда тарихий обидалар, исломгача бўлган Будда маданий ёдгорликлари талайгина. Жумладан, султон Маҳмуд Ғазнавий мақбараси, ғазнавийлар саройи қолдиқлари ҳозиргача сақланган. Шу билан бирга, бу ерда Маҳмуд Ғазнавий фармони билан катта сув тўғони қурилган. Тўғон Чингизхон истилоси даврида бузиб ташланган. Заҳириддин Бобур Ғазнида бўлганида бу тўғоннинг ҳолатини кўриб, уни қайта қуришга амр беради: «Султон (Маҳмуд) замонида уч тўрт банд бор экандур, бир банд ушбу Ғазни суйида, Ғазнидин шимол сари уч ёғоч сув юққори Султон бир улуғ банде солибтур, бу банднинг баландлиғи қирқ-эллик қари бўлғай, узунлиги тахминан уч юз қари бўлғай, сувни анда заҳира қилиб, бақадри эҳтиёж экинга сув очарлар эркандур… Ҳиндустонни фатҳ қилғон йил бу бандни ясамоқ учун Хожа Калондин ярмоқ йиборилди. Тенгри иноятидин умид борким, бу банд ободон бўлғай».

Камина бир неча йил Афғонистонда, жумладан, Ғазнида ҳам бўлдим. У ердаги кишилар билан суҳбатларимизда ерли аҳоли Бобур даврида ана шу тўғонда жиддий таъмир ишлари олиб борилганини, шундан сўнг ўнлаб йиллар давомида қақраб ётган ерларга сув чиққанини гапириб бердилар. Ҳатто биз бориб кўрган банди Султоннинг қайси қисми ўша даврда Бобур амри билан таъмирланганини маҳаллий муҳандис бизга аниқ кўрсатди. Бу оддий халқнинг Бобурга эҳтироми рамзи эди.

Ҳиндистонни тасарруфига киритган Бобур, биринчи галда, бу юртнинг архитектурасига, обидалари, бутхона ва муқаддас биноларига эътиборини қаратади, уни Мовароуннаҳр ва Хуросон обидалари билан чоғиштиради, ижобий томонларини зикр этиш билан бирга уларга танқидий ёндошади. Хусусан, Гвалийардаги иморатлар билан қизиқиб, ичига кириб томоша қилади: «Ман Сингнинг ва Бикрамажитнинг иморатларини тамом юруб, сайр қилдим, ғариб иморатлардур. Агарчи бўлук-бўлук ва бесиёқдур, тамом санги тарошидадиндур. Агарчи ҳиндустоний такаллуфлар қилибтурлар, вале беҳавороқ ерлардур».

Бобурга Ҳинд архитектураси ҳамма вақт ҳам маъқул бўлмаган. Шу боис, у Ҳиндистонда ўз юрти Мовароуннаҳрни эслатиб турадиган кошоналарни яратишга киришади, уларни қуришга амр беради. Ушбу мисол фикримизга далилдир. Раҳимдод исмли шахс ҳинд элида қурган «кичикроқ толорғина» — кичик айвон ва боғча Бобурга ўзи туғилиб ўсган Мовароуннаҳрни эслатади. Зеро, бу иморат айнан Бикрамажитнинг бесўнақай иморатларининг ёнгинасида, гўё таққослаш учун бунёд этилгандек: «…Ушбу улуғ гумбазнинг устида Раҳимдод бир кичикрак толорғина қилибтур. Раҳимдод ушбу Бикрамажитнинг иморатларида ўлтурубтур. Бу иморатларни сайр қилиб, отланиб Раҳимдод солғон мадрасани кезиб, қўрғоннинг жанубий тарафида бир улуқ ҳавзнинг ёқасида Раҳимдод солғон боғчани тафарруж қилиб, кеч ўрду тушган чорбоққа келдук. Бу боғчада хейли гуллар тикибтур. Хушранг қизил канейр боғчада хейли бор. Бу ерларнинг канейри қип-қизил хушранг канейрлардур. Бир пора қизил канейрни Гвалейардин Агра боғларига келтуруб эктирдум».

Бобур Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритгач, биринчи навбатда, Хуросон, Афғонистон ва Мовароуннаҳр билан алоқани тиклаш, маълумот ва хабарларни имкон қадар тезликда етказишни ўйлайди, алоқа хизматини йўлга қўйишга жазм этади. «Бобурнома»да ўқиймиз: «Ҳар тўққиз куруҳ манор қўпорғайларким, манорнинг баландлиғи ўн икки қари бўлғай. Устида бир чордара қўпорғайлар. Ҳар ўн секкиз куруҳда олти ём оти боғлағайлар. Ёмчи ва сайисға улуфа ва отларға алиқ таъйин бўлғай. Андоқ фармон бўлдиким, бу ём оти боғлатур ер агар бир холисаға ёвуқ бўлса, бу мазкур бўлғонларни андин саранжом қилсунлар, йўқ эрса, ҳар бекнинг парганасига воқиъ бўлса анинг уҳдасига қилсунлар. Ушбу кун Чақмоқ била Шоҳий Аградин чиқтилар. Бу куруҳларни мил била мувофиқ таъйин қилилди».

Юқоридаги парчадан Бобурнинг Шарқда мавжуд бўлмаган алоқа тизимини ишлаб чиққанини кўрамиз. Бунда ўша даврдаёқ алоқанинг барча жиҳатлари: маълум масофада қанча ва қайси сифатдаги отлар боғланиб, парваришланиши, уларнинг озуқаси, отбоқарлар, уларга сарфланадиган сарф-харажатлар миқдори назарда тутилган. Харажатлар Бобурнинг ҳукмронлиги остидаги ҳудудда бўлса ўша жойнинг беклари ҳисобидан, агар ўзга ҳудудда бўлса ҳақ тўлаш йўли билан амалга оширилишигача инобатга олинган.

Ўша даврда узоқ масофа асосан «куруҳ» ўлчови билан белгиланган. Бобур Ҳиндистондалиги боис «бу куруҳларни мил била мувофиқ таъйин қилилди», дейди. Шунинг ўзи ҳам маҳаллий шароитга мослашиш, у ерда қабул қилинган умумий ўлчовлардан фойдаланиш — зулм орқали ўз тартибини ўрнатмаслик сиёсатини олиб борган Бобурнинг олийҳимматлигидан далолат беради.
Бобур томонидан Ҳиндистонда масофани ўлчаш, хазина миқдорини белгилашда қулай, ўзига хос арифметик атама ва ҳисоблаш услуби янгилик сифатида киритилган, жанг тактикасига оид кўплаб атамалар жорий этилганки, буларнинг барчасини ўрганиш бугунги авлодларни қадим маънавиятимиз ютуқларидан хабардор этади, уларда юксак ифтихор ҳиссини уйғотади. Масалан, Бобур Афғонистонда ўз салтанатини барқарор этаркан, аскарларга амр ва фармонларни аниқ, мазмунли етиб бориши учун жуда кўп афғонча, арабча амр сўзларини туркчага ўзгартиради. Буни Бобурнинг ўзи катта бунёдкорлик деб билади. Бугунги армиямизда ҳам уларни қўллай бошлашимизни мустақиллик йилларидаги қадриятларимизга юксак эҳтиром сифатида қабул қилиш мумкин.

Заҳириддин Бобур Ҳиндистонда Мовароуннаҳрни эслатувчи ҳар қандай янгиликка астойдил қўл урган, уни амалга оширишга ҳаракат қилган. Бу ишларни унинг оддий ҳаваси, десак янглишамиз. Улар Ватанга бўлган юксак эҳтиромнинг, муҳими, келажакка умид билан қараб иш тутишнинг Бобур қалбида ҳамиша ғолиб бўлганини кўрсатади. Қуйидаги мисолга назар солайлик: у Мовароуннаҳрда ўсадиган, бироқ Ҳиндистонда бўлмаган дарахт, полиз ва боғдорчиликка оид набототни янгилик сифатида жорий этиб, хурсанд бўлганини ошкора баён этади, бу ютуқларни интилишларининг меваси деб билади: «Балхий полизкорни қовун эккали қўюлуб эди. Бир неча қовун сахлағон экандур, келтурди. Хейли яхшиғина қовунлар эди. Бир икки бута ток «Ҳашт беҳишт» боғида эктуруб эдим, анинг ҳам яхшиғина узумлари бўлуб эди. Шайх Гуран ҳам бир сабад узум йибориб эди, ёмон эмас эди. Ҳиндустонда қовун, узумнинг мунча бўлуридин филжумла хурсандлиғе бўлди».

Ҳумоюнга ёзган мактубида Бобурнинг нақадар бағрикенг бунёдкор шоҳлигига гувоҳ бўламиз. Ҳиндистонда туриб ёзган бу мактубида у ўзининг жуда кенг салтанатига бир хилда қараган: бунёдкорлик ишлари хоҳ Мовароуннаҳр, хоҳ Хуросон ва Афғонистон ёки Ҳиндистон ўлкасида бўлсин, уларнинг барчасига Бобур бир хилда қайғурган. Мактубни Бобур умрининг охирларида, сурункали бетоб пайтида ёзганини эсласак, шу ҳолатда ҳам унинг юрак дарди, салтанат шуҳрати ва ободончилик учун куйиб-ёнганини кўрамиз: «Корвонсаро ва ҳаммомларнинг мараммати, яна аркта Устод Ҳасан Али қилғон пишиқ хишт била нимкора иморатнинг итмоми, бу иморатни Устод Султон Муҳаммад била машварат қилиб, муносиб тарҳ била буюрулсун. Агар Устод Ҳасан Али тортқон бурунғи тарҳ бордур, худ ўшандоқ — ўқ тамом қилсун, йўқ эрса, иттифоқ била бир ширин тархлиқ иморат солсун. Андоқким, саҳни девонхона саҳни била баробар бўлғай. Яна Хурд Кобулнинг бандиким, тангининг Хурд Кобул сари чиқарида Бутҳоқ суйиға боғлағулуқтур. Яна Ғазнининг бандининг мараммати, яна Боғи Хиёбон ва хиёбон. Яна бу боғнинг суйи оздур, мунга бир тегирмон суйи сотқун олиб, келтурмак керак. Яна Хожа Бастанинг ғарби-жануб тарафида Тутум дара сувини бир пушта устига келтуруб, ҳавз қилиб, ниҳоллар тиктуруб эдим…».

Хуллас, барча замонларда бунёдкорлик эъзозланган. Қурилган муҳташам иморатлар, равон йўллар асрлар ўтиб ўша давр сарварининг эзгу ниятлари, чеккан ташвишлар ва орзу умидларидан далолат бериб турган, инсоният томонидан қадрланган Заҳириддин Бобур, шубҳасиз, шундай юксак ардоққа лойиқ. Унинг бунёдкорлиги ҳаёт пайтидаёқ унга мислсиз шуҳрат келтирган эди. Бугунги кунда эса, бу эзгу ишлари янада салобат, кўркамлик касб этиб, Шарқ тамаддунининг ифтихорига айланди.

М: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 27-сони

МИРЗО БОБУРНИНГ ҲАРБИЙ МАҲОРАТИ

08Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483 — 1530) жаҳонга машҳур «Бобурнома» асари, дилбар ғазалларини жамлаган шеърий девони, арузга оид «Мухтасар»и ва яна бир неча асарлари билан шуҳрат топган улуғ шахс. Албатта, унинг ҳарбий юришлари, ғалаба ва мағлубиятлари ҳақида ҳам тарихчи олимларимиз анчагина фикрлар билдиришган.
«Бобурнома»ни синчиклаб мутолаа этарканмиз, бу темурийзоданинг ёшлигидан бобоси Амир Темур империясини қайта тиклашда, кенг миқёсдаги ҳудудда ягона, мустаҳкам сиёсатни юргизишга интилишида, орзуларини маълум даражада рўёбга чиқаришда нималарга асослангани ҳақида ўйладик. Биз бу ечимни Бобурнинг изчил шахсий жасорати, ўткир тафаккури, ҳарбий маҳоратида кўрдик.

Таҳлилимизни 1495 — 96-йиллар воқеалари — Бобур 13 ёшда пайтида Хуросон, хусусан, Ҳисорда қандай ҳолат ҳукмрон бўлганидан бошлаймиз. Бу даврда темурий шаҳзодалар ва беклар юрт олишга ошиққан. Султон Ҳусайн Бойқаро тасарруфидаги Ҳисорда Султон Маҳмуд мирзонинг беки Хисравшоҳ бош кўтариб, Бойқаро билан урушиб, икки марта унинг устидан ғолиб келади. Бобур бу ҳолатга шундай баҳо беради: «Хисравшоҳнинг мунча улғаймоғиға ва мунча ҳадди етмас ишларни қилмоғиға Султон Ҳусайн мирзонинг икки қатла келиб ола олмай ёнмоғи сабаб бўлди».

Бобур Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўғли Бадиуззамоннинг Хисравшоҳ, укаси Вали ҳамда тарафдорларига қарши муҳорабасини чуқур таҳлил этади. Ҳусайн Бойқаро ва лашкарларининг муҳораба сирларидан огоҳ эмасликлари, аввало, ғаним ҳақида кам маълумотга эгалиги, душманни босиш, янчиш ўрнига иккиламчи ишларга берилишганини ёзади. У Ҳусайн Бойқаронинг икки ойлик ҳаракати маккор Хисравшоҳнинг оддий ҳийласи — Ҳусайн аскарлари жойлашган қўрғон, уйларга қалъа тешигидан тутун киритиб, уларнинг устидан осонгина ғолиб келганини афсус билан ёзади: «Алар тўшукни беркитган била тутун юққори қўрғон элига ўқ ёниб, қўрғон эли ўлум ичи бўлиб, қочиб чиқтилар».

«Бобурнома»да Ҳусайн Бойқарони ўткир саркарда, қиличбозликда беназирлиги эътироф этилса-да, рақиб билан муҳорабада ҳужумдан кўра мудофаага кўпроқ эътибор бериши танқид қилинган. Юқоридаги ҳолатда ҳам Ҳусайн йигитлари тутундан диққинафас бўлган лашкарни кўриб ҳужумга ўтишга рухсат сўраганда у кеч бўлгани, қоронғу тушаётганлигини сабаб билиб, рухсат бермайди. Бобур Султоннинг бу амрини мазкур муҳорабадаги қаттиқ янглишиш сифатида баҳолайди: «баъзи йигитлар тезлик қилиб урушға рухсат тиладилар. «Кечадур» деб Мирзо рухсат бермади».

Бобур уруш манзараларини тасвирларкан, ғалаба ва мағлубиятни ҳарбий куч, аскар ва зобитлар сони, ҳарбий восита, қуроллар кучи ва ўлчови билан белгилайди, қиёслайди, солиштиради. Унингча, ғалабага эришиш учун рақибдан аскар сонига кўра устун бўлиш шарт эмас. Зотан, Хисравшоҳнинг муҳораба тажрибаси устунлик қилган. Ҳусайн Бойқаронинг душман кучи, уруш мавқеи, вақтини («баҳор ёғинлари жиҳатидин…») аниқ инобатга олмагани уни мағлубиятга олиб келган. Энг ачинарли томони, бу муҳорабада Ҳусайн лашкари сон жиҳатидан устун бўлган («Булар мунча мирзолар ва мунча сардор беклар, бовужудким кишилари икки Хисравшоҳнинг кишисича бўлмаса, бир ярим ончада, худ не сўз…»). Яна ачинарлиси, Ҳусайн тарафдорларининг ғалабага ишончсизлиги, урушишга жазмлари йўқлиги уларни икки ой кавлаган хандақларидан ташқарига чиқмай ёв билан олишишларига монелик қилган («…жазм риояти қилиб, хандақдин чиқмадилар»).

Бобур темурийлар салтанатига ташқаридан бўладиган таҳдид ва ҳужумларни биргалашиб бартараф этишга ўта жиддий ёндошган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Шайбонийхон томонидан Ҳиротнинг босиб олингани Бобур томонидан қандай таҳлил қилинганини кўриб чиқайлик.

Тарихдан маълумки, Ҳирот шаҳрига Ҳусайн Бойқаронинг икки ўғли — Бадиуззамон мирзо ва Музаффар мирзо «баширкат» — шерикликда ҳоким этиб тайинланган. Бобур бу ҳолатни салбий баҳолаган. Қудратли Шайбонийхоннинг Ҳиротга яқинлашиши билан ҳар иккала султонзода мирзолар «…не урушмоққа озим эдилар, не қўрғон беркитмакка жозим, ҳеч ишни мушаххас қилмай, ҳеч ишнинг қилурин муҳаққақ билмай саросимавор ўлтуруб эдилар».

Иккала шаҳзодага икки етук бек соҳибихтиёр сифатида тайинланган эди (Музаффар мирзога Муҳаммад Бурундуқбек, Бадиуззамон мирзога Зуннун арғун). Бобур бу икки бекнинг ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий-стратегик қарашларини, уларнинг салтанат тақдирини ҳал этувчи жангга муносабатларини чуқур таҳлил этиб, ўз хулосаларини билдиради. «Муҳаммад Бурундуқбек ҳисоб билур киши эди» дер экан, Бобур биринчи навбатда унинг ҳимоя, ҳужум, лозим бўлганда, шикастсиз чекинишга доир мўлжалдаги режасига асосланади. Муҳаммад Бурундуқнинг тавсиясида барча кучларни бирлаштириш, саркардалар орасида якдилликка эришиш, асосий кучни тоғли ҳудудга олиб чиқиш назарда тутилган. Бу вазифани Бадиуззамон ва Зуннун Арғун бажаришлари, Ҳирот мудофааси билан эса ўзи ва Музаффар мирзо шуғулланишлари лозим эди.

Бобур нега Бурундуқнинг бу таклифини маъқулламоқда? Масала шундаки, бекнинг бу таклифи Бобурнинг ҳарбий назариясига ҳамоҳанг бўлиб, унга кўра, барча кучларни бир мақсад атрофида бирлаштириш (ҳатто Ҳирот мудофаасида ҳам шу назарда тутилган), душман ҳужумидан лашкарнинг ёппасига зарар кўриши олдини олиш, қолаверса, тоққа лашкар кўчириб, зарур вазиятда такрор ҳужумга ўтиш каби стратегик режалар кўзда тутиларди.

Бироқ Бадиуззамон мирзога Бурундуқ таклифини қабул қилмасликни маслаҳат берган Зуннун арғун фақат ўз шахсий манфаатидан келиб чиқади ва Бадиуззамон унинг найрангига учади. Бобур темурийзодаларнинг Ҳиротда Шайбонийхонга енгилишларининг бош сабабини кўпроқ шу хиёнатда деб билади. Унинг назарида, бу уруш хуросонлик темурийзодаларнинг ҳарбий саводсизлиги, муҳораба сирларини билмасликлари, калтабинлик, шахсий манфаатларга берилганликлари оқибатида ютқизилган.

Мазкур масалани янада ойдинлаштириш учун далил сифатида «Бобурнома»дан бир парчани келтиришни лозим деб билдик. Чунки Бобурнинг муҳораба санъати мазкур парчада аниқроқ кўзга ташланади. «Зуннун арғун агарчи мардона киши эди, вале хасис ва молдўст ва раъй ва ҳисобдин йироқроқ ва кавокрак ва телбарак киши эди. Бу фурсатлардаким, Ҳирида оға-ини ширкат била подшоҳ эдилар (яъни Бадиуззамон ва Музаффар мирзолар — Ҳ.Қ.). Бадиуззамон мирзо қошида бу соҳибихтиёр эди, нечукким мазкур бўлди, молдўстлиғи жиҳатидин Муҳаммад Бурундуқнинг шаҳарда турмоғиға рози бўлмади, ўзи шаҳарда турар хаёл қилди, ани ҳам ўхшата олмади. Анинг гўллук ва телбалиғиға ҳеч нима мундин яхшироқ далил бўлурмиким, зарроқ ва таммоъ элнинг ёлғон ва хушомадин қабул қилиб, ўзини фазиҳат ва расво қилди».

Бунда Бобурга энг алам қилган жиҳат шуки, Зуннун арғун ғанимларнинг ҳийлаларини асос сифатида қабул қилган («бир неча шайх ва мулло анга келиб дерларким, Қутб бизнинг била ихтилот қиладур, санга «ҳизабруллоҳ» лақаб (унвон) бўлди, сен ўзбакни олғунгдур»). Бобур Зуннун арғундек неча жангу жадал кўрган шахснинг сохта унвонга учиб иш кўришини ғирт аҳмақона амал, деб билади. У муллаларнинг, сен Шайбонийхонни албатта енгасан, чунки сенга шу унвонни бердик, деганига ишониб, «қирқ-эллик минг ўзбакнинг ўтрусида юз-юз элликча кишиси била ўқ олиб тебрарлар. Зуннунни олиб ўлтуруб, бошини кестилар.» Ҳаял ўтмай Шайбонийхон енгилгина Ҳиротни эгаллаб, ўз мақсадига эришади.

1502 — 1503-йиллар, яъни Заҳириддин Бобур темурийзодаларнинг ўзаро низо ва курашларидан озор чекиб, енгилиб, борар ерини билмай, Тошкентдаги хон додалари, қариндошлари томон отланган пайт. Шунда ҳам у Андижон ёки Самарқандни эгаллаб олишни эмас, энди-энди бош кўтараётган Шайбонийхонга қарши курашишни бош мақсад деб билган. Бироқ султонзодаларга унинг бу борадаги фикри бориб етмаганидан афсусланади ва бу қарашига Саъдий Шерозийнинг рубоийси билан урғу беради: «Шайбоқхондек ғаним пайдо бўлибтур, мунинг зарари туркка ва мўғулға мусовидур. Мунинг фикрини ҳололиқтаким, улусни ҳануз яхши босмайдур ва кўп улғаймайдур, қилмоқлик вожибдур. Нечукким, дебдурлар:

Имрўз бикуш чу метавон кушт,
Оташ чу баланд шуд жаҳон сўхт.
Магзорки зиҳ кунад камонро,
Душман чу ба тир метавон дўхт».

(Мазмуни: Кучинг етар экан, оловни вақтидаёқ ўчир. Агар аланга олса, жаҳонни куйдиради. Душманни ўқ билан уришга қодир экансан, уни камон керишига қўйма).

Заҳириддин Бобурнинг бу қараши ҳаял ўтмай ўз исботини топа бошлайди. Бобур бу ҳийлакор, кучли ғанимидан ҳадиксирамади. У иккинчи марта Самарқандни эгаллаганида Шайбонийхон шаҳар қалъасини қамал қилиб, ичкарига киришга уринади. Қамалда қолган Самарқанд аҳли Бобурга ёрдам беради. Бобур Ҳусайн Бойқаро ва темурийзодалардан кўмак кутади, уларни бирликка чақиради, аммо «Султон Ҳусайн мирзодек мардона ва соҳиб тажриба подшоҳ бизга (яъни Бобурга — Ҳ.Қ.) мадад қилмай, бизга кўнгул кўмаклар бериб, элчи йибормай, Шайбоқхонга Камолиддин Ҳусайн Гозиргоҳийни муҳосара вақтида элчиликка» юборади.

Бу эса Заҳириддин Бобурга қаттиқ таъсир қилади. Бир томондан, қамалда қолган Самарқанд аҳлининг ночор аҳволи, иккинчи томондан, Бобур сафдошларининг номардлиги муҳораба майдонида ғолиб келишга бўлган барча интилишларни пучга чиқаради. Бунинг устига Шайбонийхондан ташқари, Бобурни таъқиб этиб юрган Аҳмад Танбал Андижондан Пскентга келган. Бироқ унга қарши турадиган Султон Маҳмудхон «уруш кишиси эмас эди». Бобурнинг бу шахсга берган баҳосида ўзининг ҳарбий маҳоратга муносабати акс этган. Унингча, бек, аскар жангда душмандан қўрқса, уларнинг қадри йўқ. Кураш — мардлар майдони: «Султон Маҳмудхон уруш кишиси эмас эди. Синоҳийликдин бисёр орий эди. Танбал била ўтру бўлғон чоғ хондин бедилона аҳвол ва афъол зоҳир бўлур. Аҳмадбек турк киши эди (Бобур қарашида «турк киши» ибораси қишлоқлик қўрқмас, дангалчи, яхши сарбоз маъноларини ҳам билдиради — Ҳ.Қ.), вале мардона ва давлатхоҳ эди. Ғариб дурушт айтур, дерким, бу Танбал не миқдор кишидурким, мунча дағдаға ва тараддуд тортарсиз. Агар кўзунгиз қўрқса, кўзунгизни боғлаб юруб рўбарў бўлалинг».

Бу фактларда Бобурнинг уруш олиб бориш услубига хос бир шакл кўзга ташланади. Унингча, киши қанчалик моҳир бўлмасин, ёв билан олишишда аниқ мақсади, юракдан интилиши билан бирга, албатта, атрофдагиларнинг садоқати, кўмаги зарур. Яъни юксак ҳарбий маҳоратни рўёбга чиқариш учун аниқ фикр, қараш, концепция лозим: «Бурунғилар дебтурларким, қўрғон беркитмакликка бош керак, икки қўл керак, икки бут керак: бош сардор бўлғай. Икки қўл икки тарафтин келур кўмак ва мадад бўлғай. Икки бут қўрғоннинг суйи била заҳираси бўлғай. Биз бу атроф ва жавонибдағилардин кўмак ва мадад кўз тутарбиз, булар худ ҳар қайси бир ўзга хаёлда».

Заҳириддин Бобур ўзининг ҳисобсиз муҳорабалари давомида ушбу ҳарбий назариясига амал қилган. У хоҳ Хуросон, хоҳ Афғонистон ёки Ҳиндистондаги вилоятлар, қишлоқ ва шаҳарларни ўз тасарруфига киритаркан, кейинги юришлари, юрт олишларида юқоридаги қарашига содиқ қолган. Бу унинг буюк аждодларидан олган сабоғи эди. Унинг иқрорича, агар темурий шаҳзодаларда бирлик ҳукм сурганда, Шайбонийга Самарқандни қолдирмас, у билан ўзи истамаган сулҳга рози бўлмас эди («агар бир тарафдан умидворлиқ бўлса эди, ё заҳира бўлса, сулҳ сўзига ким қулоқ солар эди»).

Биз Бобурнинг ҳарбий қарашларини кўриб чиқиш учун атайин унинг Шайбонийхонга бўлган муносабатини асос қилиб олдик, нисбатан кенг тўхталдик. Худди шу муносабат — Бобурнинг ҳарбий концепциясини ташкил этади, десак хато қилмасмиз. Бобур ҳарбий юришлари давомида қўрқмаслик, жонфидолик, лашкарни ўзига эргаштириш, уруш майдонида шахсий мардлик кўрсатиш, хиёнатга нафрат, оддий аскар жасоратини қадрлаш, ҳар бир муҳорабага янгича ёндашиш, бой берилган жангдан андуҳга тушмасдан сабоқ олиш каби хислатларни ўзида тарбиялади, шуларга амал қилди. У ўзга юртларни эгаллаб, мол-мулкка, бойликка эгалик қилар, бўйсунмаганларга қақшатқич зарба бериш билан бирга, ҳар бир муҳорабани уруш қонунияти, тартибига мос олиб боришга интилган. Масалан, у афғон ва ҳинд ўлкаларини бирин-кетин эгаллаб, туркийлар тасарруфидаги юртларга кирганида, лашкарларига бу юрт аҳолисининг ҳатто «ип учи, игна синуғлариға»ча тегмасликни ҳукм этган. Иборага эътибор беринг. Одатда, игна билан кийим тикаётганда ип узилиб, озгина қисми игнанинг тешигида қоладики, уни олиб ташлайдилар, яъни бу узуқ парча яроқсиз. Игна синса ҳам шундай яроқсиз бўлиб қолади. Демак, Бобур туркий қавм яшаб турган, темурийлар тасарруфига кирган юртлардан ҳатто шундай мутлақо яроқсиз нарсани ҳам олишни ман этиб, ўз фикрини образли ифодалаган.

Бобурнинг бу ҳарбий сиёсати фақат мол-мулкка дахлдор бўлмай, балки бу ўлка одамлари билан яхши муомала қилишни «вожиб ва лозим», деб билганида ҳам кўринади: «Чун ҳамиша Ҳиндустон олмоқ хотирда эди, бу бир неча вилоятларким, Бҳайра ва Хушоб ва Чиноб ва Чанут бўлғай, неча маҳал турк тасарруфида эди, буларни худ мулкимиздек тасаввур қилур эдук. Зўр била ё сулҳ била ўзимизнинг мутасарриф бўлурумизға мутаяққин эдук. Бу жиҳатдин бу тоғ эли била яхши маош қилмоқ вожиб ва лозим эди. Фармон бўлдиким, ҳеч ким буларнинг гала-қоралариға, балки ип учи, игна синуғлариға атроф ва навоҳида зарар ва нуқсон еткурмасун».

Албатта, Бобурнинг бу дастлабки адолати айрим жойда салбий натижа берган бўлса ҳам, кейинроқ тартибсизликка чек қўйган.

Бобур Мовароуннаҳрда, Ҳисорда олиб борган жангларда Султон Маҳмуд мирзонинг машҳур беки Хисравшоҳ билан кўп тўқнашган. «Бобурнома»да муаллиф бу шахс ҳақида анча батафсил маълумот берган. Толе унга рост келиб, лашкарлари сони 20-30 мингдан ошганини таъкидлаган Бобур, Хисравшоҳда муҳораба саводининг чалалиги, уруш вазиятини саркарда сифатида яхши билмаслиги боис шармандаларча шикаст топганини ёзади. Бунгача у Хисравшоҳ шахсиятига баҳо берар экан, уни шахс сифатида ҳам, лашкарбоши сифатида ҳам салбий баҳолайди («агарчи намози қилур эди ва таомда парҳиз қилур эди вале тийра ва фосиқ эди, гавдан ва бефаҳм ва бевафо ва ҳаромнамак киши эди…») Шайбонийхон Ҳиротни эгаллагач, Қундузда макон топган Хисравшоҳни ҳам таъқиб этади. Хисравшоҳ Бобур пойтахт этган Кобулга қараб юриш қиларкан, ўзининг паст ахлоқлиги, зулми боис лашкарлари мол-мулкларини кўтариб уй-уйларига кетишади, кўпчилиги Бобур томон ўтади. Бундай вазиятда Бобур иқтидорли лашкарбоши сифатида иш кўради: Ҳиротдан бирга қайтаётган кам сонли аскарлари билан Ҳиндукуш тоғидан қийинчилик билан ошганига қарамай, Души водийсидаги Андароб дарёси ёқасида ҳарбий жиҳатдан кучли, аммо айни пайтда забунликка юз тутаётган ғаними Хисравшоҳ билан учрашади. Ўзи оғир ҳолатда, Шайбонийхон таъқибидан Қандаҳордан Кобулга чекинаётган бўлса-да, юксак мардлик, шижоат, ўзига ишонч билан минглаб лашкарли Хисравшоҳни сулҳга мажбур этади. Унинг бу ҳарбий тактикаси кейинроқ унга Ҳиндистонда кам сонли лашкар билан кўп сонли ғаним устидан ғолиб чиқишида яхши тажриба сифатида жуда қўл келади.

Дастлаб Бобурни «бир лак, балки икки лак» (юз минг, балки икки юз минг) лашкари, икки мингдан ортиқ жанговар фили ва қанчадан-қанча ҳарбий восита ва қуроли бўлган ҳинд саркардаси Иброҳим Лўдийга қарши курашиш ваҳимаси босади. Бироқ кўплаб муҳорабаларни кўрган, Хисравшоҳдек донгдор саркардани идрок ва уруш саводи билан енгган Бобур, аввало, Лўдий қаламравидаги ҳолатни ўрганади. Ҳиндистондаги номувофиқ сиёсий ҳолат, рожаларнинг тарқоқлиги, уларнинг Иброҳим Лўдий ҳукмронлигидан безгани Бобурнинг бу ўлкага кириши учун қулай шароит туғдиради.

Бобур Панипат жангида, бугунги кун тили билан айтганда, разведкадан кенг фойдаланган. У жойларга ўз кишиларини юбориб, маълумот йиғган («Ул юрттин дарё ёқалай қуйиға боқа икки кўч кўчулуб эдиким, тил тута борғонлардин Ҳайдарқули хабар келтирдиким, Довудхон Ҳайтимхонни беш-олти минг киши била миёни Дуоб сари кечурубтур. Уч-тўрт куруҳ Иброҳимнинг доирасидин берирак доира уруб ўлтурубтур»; «Хожа Калоннинг навкари Ҳайдарқулини тил тута юборилди»). «Бобурнома»да Бобурнинг разведка хизматидан кенг фойдалангани ҳақида кўпгина далиллар борки, бу унинг ҳарб маҳоратини таҳлил этишда алоҳида мавзу бўлиб, махсус тадқиқотни тақозо этади.

Бобур, аввало, рақиби Иброҳим Лўдий характерининг нозик жиҳатларигача, оила аъзолари, онаси, хуллас, керакли деб ҳисоблаган жамики маълумотларга эга бўлганидан сўнггина унга қарши курашга киради. Масалан, Иброҳим Лўдий қанчалик бой бўлмасин, табиатида мумсиклик ғолиблигини билган Бобур Ҳиндистонни забт этгандан сўнг Иброҳим қўл остидагиларни ўзига тобе этиб, ер, мулк, катта инъомлар беради.

Иброҳим Лўдий ҳақида батафсил маълумотга эга бўлган Бобур унинг хусусиятларини қуйидагича қисқа, аниқ баён этади: «Тенгри рост келтурди, не йигитини рози қила олди, не хазинасини улаша олди. Қайдин йигитини ризо қила олурким, табиатиға имсок кўп ғолиб эди. Ўзи ярмоқ йиғиштирмоққа беҳад толиб, бетажриба йигит эди. Не келиши саранжомлиқ эди, не туриши, не юруши эҳтимомлиқ эди, не уруши». Ушбу парчадаги охирги иборага эътибор берайлик. Унда Лўдийнинг урушга лаёқати йўқлиги барча камчиликларидан сўнг ифода этилган. Бу билан Бобур уруш майдонидаги ютуқ, муҳораба илми, аввало, саркарданинг юксак инсоний хусусияти, қўл остидагиларга одилона муносабати, шахсий намуна кўрсатиши билан боғлиқлигини билдирмоқда. Буни биз юқорида муаллифнинг Хисравшоҳ, Шайбонийхон, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа бекларга берган баҳоларида ҳам кўрдик.

Бобур рақиби Иброҳим Лўдий билан боғлиқ ҳинд ўлкасига оид барча маълумотларга эга бўлгач, урушга тайёрланишга киришади: хабарчилари (разведка) орқали етказилган маълумотларини жамлайди, умумлаштиради, хулосалар чиқаради. Разведка маълумотларида душманнинг қадам-бақадам ҳаракати, сони, қайси маҳалда қўним топганигача аниқликда берилган. Иброҳим кучини аниқ тасаввур этиш учун «тил» қўлга олиш ҳам режалаштирилган: «Иброҳим ўрдусидин ҳам мутавотир хабарлар кела бошладиким, бир куруҳ-икки куруҳ кўчуб ҳар юртта икки-уч кун мақом қила-қила келадур. Биз ҳам мутаважжиҳ бўлуб, Шоҳободдин ора икки қўнуб, Жуун дарёсининг ёқосиға Сарсава тўғриси келиб туштук. Хожа Калоннинг навкари Ҳайдарқулини тил тута юборилди». Бобур жангга киришишдан олдин бу ернинг иқлимидан тортиб, географик шароитигача инобатга олган.

Ана шу тадбирлар маромига етгандан сўнг урушни олиб боришга ҳозирлик кўрилади. Бунда Бобур аввалги муҳорабаларда орттирган тажрибасидан келиб чиқиб, қурол-аслаҳасига ўзгартишлар киритади, «Рум дастури била» ҳарбий аробаларни урушга мослайди. Бу иш анча вақтни олса-да, сабр билан кутади: «Рум дастури била аробаларнинг орасида занжир ўрнига хомидин арғамчилар эшиб, бир-бирига боғлайдилар. Ҳар икки ароба орасида олти-етти тўра бўлғай. Туфангандозлар бу ароба ва тўраларнинг кейнида туруб, туфанг отқайлар. Бу асбобнинг тартиби жиҳатидин беш-олти кун бу юртта таваққуф бўлди».

«Бобурнома»дан келтирилган юқоридаги парча ҳарбий санъатимиз тарихига оид дарсликка киритилиб, таҳлил этилиб, бугунги ёш зобиту аскарларга дастур сифатида тақдим этилиши лозим. Эътибор берсак, бунда Бобур муҳораба майдонида ўз лашкарларининг жанг асносида омон қолишини ўйлаб, туфангчилардан сўнг пиёда ва бошқа кучларни жойлаштирганига гувоҳ бўламиз. У моҳир саркарда сифатида ғалабага элтувчи бу режаси битмагунча душман сари интилишни маъқул кўрмаган. «Бобурнома»да ҳарбий қўлланма ва дарсликларга киритиш мумкин бўлган бундай мисоллар сероб.

Иброҳим Лўдийнинг икки мингга яқин урушқоқ фили Бобурни кўп ўйлантиради. Бунинг устига, жанговар кемалари ҳам душманнинг куч жиҳатдан устунлигини таъминлаган. Шу боис, у жанговар тўп ясаш устида жиддий ишлайди. Унинг Уста Алиқули билан бирга олиб борган узоқ изланишлари ўзининг юксак натижасини беради: мисли кўрилмаган, 1500 — 2000 метргача бўлган нишонни уришга қодир тўплар яратилади. Бу аслаҳадан Иброҳим Лўдийнинг тўпни кўрмаган аскарлари ваҳимага тушади, тўплардан ғанимнинг кемаларига қаттиқ зарбалар берилади: «Бир неча кун кўпрук боғлагунча устод Алиқули яхшилар тош отти. Аввалғи кун секкиз тош отти, иккинчи кун ўн олти тош отти».

Бобур урушга тўла-тўкис ҳозирлик кўргандан сўнг, охирги масалага ўтади, яъни бўлажак муҳорабани барча бек, султон ва аскарлари билан маслаҳатлашиб олади. «Бобурнома»даги далиллар шундан гувоҳлик берадики, Бобур қайси муҳораба, жанг ва тўқнашувга бормасин, ўз қўл остидагиларининг маслаҳатисиз иш кўрмаган. Бугунги ибора билан айтганда, ҳарб ишини демократик асосда олиб борган. Айрим ҳолатларда у ўзи, ҳеч кимнинг фикрини қабул қилмай ҳукм чиқарган. Масалан, Ҳиндистондаги юришларидан бирини бошлаш арафасида мунажжими уни жангга киришдан тўхтатмоқчи бўлади. Бироқ ўз кучи, аскарлари шижоатига ишонган Бобур жасорат кўрсатиб, муҳорабани бошлайди ва ғалабага эришади: «Муҳаммад Шариф мунажжим шумнафас агарчи манга (яъни Бобурга — Ҳ.Қ.) айтур ёроси йўқ эди, ҳар кимга йўлиқса муболағалар била айтур эдиким: «Бу айёмда Миррих ғарб соридур, ҳар ким бу тарафдин урушса мағлуб бўлур»… Анинг бу паришон сўзлариға гўш қилмай, қилур ишларимизни тикилмай, уруш ишида бажид ва масоф қилмоққа мустаид бўлдук».

Унинг қўл остидагилари билан бамаслаҳат иш кўриши кўпинча яхши натижалар билан тугаган, лашкарбоши сифатидаги обрўсининг юксалишига сабаб бўлган. Масалан, у Аҳмад Танбал билан олиб борган урушнинг энг мураккаб лаҳзасида ўз қарорини беклари билан ҳамфикрликда ҳал қилишни маъқул кўради: «Урушқа таъйин бўлғонларни ерлик — ерига турғузуб, машварат қилмоққа отамнинг гўрхонасига келиб тушуб, Жаҳонгир Мирзони ҳам тиладим. Муҳаммад Дўст ёнди, Шайх Боязид била Қанбар Алибек келдилар. Мақбаранинг жанубий айвонида машварат қилмоқда эдук…»

Хуллас, Иброҳим Лўдийга қарши уруш бошлашдан олдин Бобур ҳамманинг ризолигини олади, бўлажак қаттиқ уруш шароити билан бекларини таништириб, уруш режасини ўртага қўяди: «Ва бу асбоб ва олот тайёр ва мукаммал бўлғондан сўнг, тамом бекларни ва сўз билур ўбдон йигитларни дағи кенгашига тилаб, ом кенгаш қилиб, раъйлар мунга қарор топтиким, Панипат шаҳредур, маҳаллот ва уйлари қалин, ҳар тараф маҳаллот ва уйлар бўлур, яна атрофини ароба ва тўра била беркитиб, туфангандоз ва яёқни ароба ва тўра орқасида таъйин қилмоқ керак».

«Бобурнома»да Панипат жанги батафсил баён этилган. Унда тадбиркор, ишбилармон, моҳир саркарда, қўрқмас жангчи Бобурнинг ички кечинмалари билан бирга, юксак ҳарбий жасорати, муҳораба маҳорати турли қирраларда ўз аксини топган. Бу қонли, нисбатан узоқ муҳораба ҳар иккала томон учун ҳам ҳисобсиз қурбонликларни «ҳадя» этган.

Уруш Бобур фойдасига ҳал бўлиб, у жуда кам сонли лашкари билан қарийб икки юз минг жангчи, кучли ҳарбий аслаҳа ва воситаларга эга Иброҳим Лўдий устидан ғалаба қозонади. Муҳорабада ғолиб келиш учун лашкар сони муҳим эмаслигини, ҳарбий савод, мардлик ва жасорат, идрок ва ижодкорлик билан бирга саркарданинг юксак инсоний фазилатлари, хиёнатга муросасизлигини бош омил деб ҳисоблаган Заҳириддин Бобур бу дафъа ҳам ҳақ бўлиб чиқади — унинг ҳарбий назарий қарашлари яна бир карра исботини топади.

Биз юқорида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳарбий маҳоратининг айрим қирраларини ёритишга уриндик, холос. Буюк саркарданинг ҳарбий истеъдодига оид синчиклаб ўрганиладиган жиҳатлар кўп. Урушнинг салбий оқибати, бек ва зобитларнинг хиёнаткорлиги, мақсадсиз уруш — умр заволи эканлиги, ҳарбий сафарбарлик сирлари, оддий аскар жасорати ва унга Бобурнинг муносабати, қалъа қуриш санъати ва уни беркитиш муаммоси, қўрғоннинг жойини танлаш сирлари, муҳораба олиб боришда жойнинг стратегик аҳамияти, армия ва озиқа заҳираси, асирга муносабат, ҳарбий ҳийлалар ва уни ўрнида қўллаш, разведка ва парол, муҳорабани бошқаришда шахснинг мавқеи, давлат бошлиғининг юрт бошқариш лаёқати ва бошқа масалалар шулар жумласидан. Булар орасида энг диққатга лойиқ жиҳат — бу Заҳириддин Бобурнинг жанг майдонидаги шахсий жасорати мавзуидир.

М: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004-йил 7-сони

067

MIRZO BOBUR HAQIDA UCH MAQOLA
Hasan Qudratullaev

filologiya fanlari doktori, professor
05

BOBUR SHAXSIYATINING YORQIN JIHATLARI

07Qadriyatlarimiz tarixida Zahiriddin Boburning murakkab shaxs sifatida tilga olinishiga ko’nikib qolganmiz. Har gal adib nomini jahonga mashhur etgan “Boburnoma” asarini, dilbar g’azallarini, mehr bilan tarjima qilgan Xoja Ahrori Valining “Volidiya” asarini o’qiganda shaxsiyatidagi zamondosh hukmdorlardan ustun jihatlarni ko’ramiz. Maqola, kitob va boshqa ilmiy izlanishlarimizda Bobur shaxsining buyukligiga oid fikr­larni bildirdik va bu qarashlarimizni to’ldirib borishga intildik. Ammo uning shaxsiyati naqadar murakkabligi, hali ayrim jihatlari xolisona aniqlanishi lozimligini ham sezamiz va bunga kirishishdan gohida andishaga boramiz. Bugun adibning tavalludi kuni munocabati bilan ayrim mulohazalarimizni bayon etishga jur’at qildik.

Tarixshunoslar va adabiyot sohasi bilimdonlari o’rtacida Zahiriddin Boburning islom dinining ikki qanoti – sunniy va shia oqimlariga munosabati macalacida turlicha fikrlar borligi cir emac. Bobur umri davomida komil musulmon sifatida sunniylikning hanafiylik mazhabiga sodiq bo’lib keldi. Tarixdan ma’lumki, islom dini paydo bo’lishidan ko’p o’tmay ikki qanotga bo’lingan edi. Iclom dini g’animlari hatto hozirgi kungacha uning qudratini pasaytirish uchun bu ikki qanotni bir-biriga qarama-qarshi qo’yib, o’z rejalarini amalga oshirishga urinib keladi.

Boburning bosh maqsadi bobosi Amir Temur saltanatini qayta tiklash va boshqa­rish ediki, bu yo’lda u barcha kasri nafsi, o’zga niyat, intilishlari bahridan o’tib, actoydil harakat qildi va muhim natijalarga erishdi ham. Eng yaqin qarindoshlarining fitnayu xiyonatlarini kechirdi, dushmanlari bilan sulh tuzishni ma’qul ko’rdi, suyukli egachisi Xonzodabegimni ashaddiy dushmani Shayboniyxon nikohiga kirishiga ham rozi bo’ldi, Hindiston sultoni Ibrohim Lo’diy jangda mahv etilgach, uning onasi Baydaga ko’p muruvvatlar ko’rcatib, saroyidan joy berdi. Shoh Bobur bu kabi tadbirlarini saltanat yaxlitligini asrashda muhim diplomatik yo’l, deb bildi.

Shayboniyxonning shiddatli qarshiligini, kuchini o’zining harbiy imkoniyati bilan qiyoslab: “Bir men Kobulda qolib edim. Dushman bisyor qaviy, biz ko’p zaif, ne maslahat qilmoqqa ehtimol, ne muqovamat qilmoqqa majol. Muncha quvvat va qudrat. O’zumuzni bir yer fikrini qilg’uluqdur va bu miqdor furja va fursatta qaviy dushmandin yiroqroq ayrulg’uluqdur. YO Badaxshon jonibi, yo Hinduston sori jazm qilmoq kerak”, der ekan Bobur o’ta mushkul siyosiy ahvolda qolganini bildirgan.

Boburning kindik qoni to’kilgan Movarounnahrga qaytish maqsadi uni umrining oxirigacha tark etgan emas. Chunonchi, “Boburnoma”da muallif yozadi: “Bizning ehtimomimiz ul sarilar bormoqqa behad va beg’oyattur. Hinduston ishlari ham bir nav’ somon topib keladur. Tengri taolodin umid andoqkim, bu oraning ishi Tengri taolo inoyati bila bot saranjom topqay. Bu ish zabtidin so’ng betavaqquf, Tengri yetkursa, mutavajjih bo’lg’umdur. Ul viloyatlarning latofatlarini kishi nechuk unutqay. Alalxusus mundoq toyib va torik bo’lg’onda qovun va uzumdek mashru’ hazni kishi ne tavr xotirdin chiqargay”.

Ushbu satrlar Bobur Hindistonda muctahkam saltanat barpo etgan davrida yozilgan. Uning Vatan sog’inchini yoniq ifodalagan yuqoridagi iqtibocga e’tibor beraylik. Bobur uchun muqaddas maqsad bo’lgan ushbu fikrning ifodasida u uch marta Tangri – Ollohga murojaat etadi. Bu e’tirof Bobur nomiga, gohida bo’lsa-da malomat toshini otib, uning Hindistonda qurgan imoratlari, barpo etgan bog’-rog’lari, Movarounnahr sivilizatsiyasini yuksak davlatchilik siyosati bilan takomilga yetkazganiga qaramay, “nega Bobur bu bunyodkorlikni o’z yurti Movarounnahr­da qilmadi”, degan acocciz da’volarga munocib javobdir. Boburning hind yerida amalga oshirgan bunyodkorligining jahondagi shon-shuhrati Movarounnahrda qurishi ehtimoli bo’lgan obidalar dovrug’idan ­balandroqdir.

Bobur 1512 yili Samarqand shahriga kirib boradi va bobosi Amir Temur, otasi Umarshayx mirzo saltanat qilgan poytaxt taxtiga ma’lum muddat o’tirishga muvaffaq bo’ladi. Keyinroq u Buxoro xoni Ubaydulla bilan jangda shikast topadi. Bu mag’lubiyat Boburning asl maqsadi barbod bo’lishiga katta xavf tug’dirgan holat edi. Shu muddatda u Eron shohi Ismoil Safaviydan harbiy yordam so’raydi va bu yordami uchun u Samarqand masjidida xutbada Ismoil Safaviy nomi va shia mazhabini kiritib o’qishni taklif etadi. Sof sunniy tariqatiga mansub Samarqand aholisi Boburga ixlos bilan qaraca-da, uning bu harakatini ma’qullamaydi. U shaharni tark etishga majbur bo’ladi. Biroq, yuqorida keltirganimizdek, Bobur bir umr Movarounnahrga qaytishni orzu qiladi.

Hayotida sodir bo’lgan bu noxush holatdan so’ng Bobur Ismoil Safaviy bilan munosabatini buzadi. Bunga Qarshida yuz bergan voqealar ham sabab bo’ladi. Boburning bu harakatini ayrim tarixchilar mazhabiy chalkashlikka kirganlikka yo’yishadi. Bizning nazarimizda, bu masalaga Boburning siyosiy qarashlari nuqtai nazari bilan yondashmoq lozim. Ma’lumki, sunniylar va shialarning qarama-qarshiliklari asrlar bo’yi davom etgan, tarixda ko’p qonli urushlar bo’lib o’tgan. Bobur eca azaldan mutaassib dindor sifatida faoliyat olib bormagan va islom dinining bu ikki qanotini birlikda ko’rish tarafdori edi. U shia tarafdorlarining harakatlarini islom diniga o’ta xavf soluvchi mazhab deb hisoblamagan va shuning uchun ham Ismoil Safaviyning taklifini qabul qilgan, bu qarorini sunniy mazhabiga zid, deb bilmagan.

Ikkinchidan, Bobur Icmoil Cafaviyning shartiga faqat bir maqsad – Amir Temur saltanatini qayta tiklash maqsadini amalga oshirish uchun rozi bo’lgan. Keyinroq, Boburning o’g’li Humoyun ham Hindistonda bu yurt sultoni Shershohga qarshi kurashida Eron shohlari bilan muzokaralarga kirishgan, ularning ko’magini qaytarmagan va shu yo’l bilan boburiylar saltanatini asrab qolgan. Bunday siyosat yurgizish, sunniy va shialar ishlariga aralashmaslik, ularning nizolarini davlat miqyosga ko’tarmaslik Humoyunga ota meros bo’lgan va bu siyosat o’zini oqlagan.

Zahiriddin Bobur o’zining davlatchilik boshqaruvida millat, qavm va qabilalar, Hindistonda esa turli-tuman kastalar orasidagi mazhabiy va diniy nizolarni imkon qadar ahillik, o’zaro tushunish va ayrim jihatlarga qicman yon berish orqali, bugungi til bilan aytganda, tolerantlik siyosatini yurgizgan.

U Afg’onistonda hukmronligi davrida afg’on qizi Dildora og’achaga uylanadi, ikki farzandiga hindistonlik qizlardan kelin qiladi. Farzandi Humoyunga yozgan “Vasiyatnoma”sida: “Ey farzand! Hinduston mamlakati turli mazhablardan iborat. Subhonollo taolo haqqi, senga buyurildiki, har bir maz­habga pok qalb bilan qaragin, har bir mazhab va tariqatga adolatli bo’lgin. Xususan, sigirni qurbon qilishdan saqlanginki, bu Hinduston xalqining qalb ardog’i va bu viloyat ahli podshohga yaxshi nazar bilan bog’lanadi. Podshoh farmoniga bo’ysungan xalqni xarob qilmagin. Adolatni ixtiyor qilgin. Shunda shoh raiyatdan, raiyat shohdan xotirjam bo’ladi. Islomning taraqqiyoti ehson tig’i bilan yaxshiroqdir. Zulm tig’i bilan emas”, deb ta’kidlaydi.

“Vasiyatnoma”ning davomida Bobur sunniy va shia mazhablarining o’zaro ixtiloflari e’tiborga molik emasligi, bu ikki qanot ziddiyatlari faqat islom dini kuchini yo’qotishga olib kelishini alohida ta’kidlagani muhim. Bunda Boburning har ikkala qanotdan ayb qidirmagani, ularning bir aqida – muqaddas islom dini atrofida birlashishini istaganini ko’ramizki, bu dalil uni shia tarafdorlariga bo’lgan munosabatini aniq ko’rcatib beradi: “Ahli sunnat va shialarning ikir-chikirlaridan ko’zingni yum. Chunki islomga qarshilar bor. Turli e’tiqoddagi xalqlarni teng tutginki, shunda saltanat turli tashvishlardan xoli bo’ladi”. Nazarimizda, Boburning Samarqandda shia mazhabiga bildirgan muvaqqat qarashlarini uning mustahkam saltanat yo’lidagi intilishlari asosidan qidirish kerak. Yuqoridagi matn buning yorqin dalilidir.

Keyinroq, Hindistonda boburiylar saltanatini yuksak cho’qqiga ko’targan Boburning nabirasi Akbarshoh bobosining bu vasiyatini imkon qadar amalga oshirib, turli diniy mazhablarni birlashtirishga, ularning bir maqsad sari intilishlariga bosh bo’ldi.

Bobur hayoti bilan bog’liq yana bir muhim jihat bu uning Hindistonda olib borgan urushlari va yakuniy g’alabaga erishgani munosabati bilan unga berilgan “g’oziy” unvoni masalasidir. Sharq xalqlari tarixiga oid manbalardan ko’pgina g’oziy sulton, shoh va sarkardalarni bilamiz. Ularning akcariyati olib borgan urushlarida ma’lum diniy e’tiqodlarini asos deb bilib, o’zlari ko’z tikkan g’ayridinlarga mansub mamlakat, muayyan hudud aholici yoki mazhablarni qatli om qilib, o’z dinlariga kiritishni, qilich zarbi bilan bu niyatlarini amalga oshirishni maqsad etganlar. Ushbu niyatlari amalga oshgandan so’ng, ularga din peshvolari tomonidan “g’ozi” – g’azavot orqali zafarga erishgan shaxs unvoni berilgan. Tarixda Sulton Mahmud, Sulton Muhammad G’oziy va boshqalar shu xizmatlari bois “g’oziy” atalishgan.

Zahiriddin Bobur ham Hindistonda Ibrohim Lo’diy va boshqa hind sultonlari ustidan erishgan g’alabasi bois bu unvonga loyiq, deb bilingan. Xo’sh, ularning orasidagi farq nimada? Eng avvalo, ta’kidlaganimizdek, yuqorida nomi zikr etilgan sultonlar diniy nuqtai nazarni ko’zlab, islom diniga qarshi bo’lgan boshqa dinga mansub kishilarni islom bayrog’i octida birlashtirish uchun kurash olib borib, ko’p sonli qurbonliklarni amalga oshirib, g’oziy bo’lishgan. Biz yuqorida Boburning islom dini, uning sunniy va shia qanotlariga oid qarashlarining, Hindistondagi dinlar va mazhablarga bo’lgan munosabatining naqadar odilona ekanligiga oid dalillar orqali bu masalaga qicman oydinlik kiritgandek bo’ldik. Shunday qarashga ega bo’lgan shoh hech vaqt o’zining kurashlari maqsadini islom dinidan tashqaridagi ommaga nisbatan qaratishi mumkin emas. Boburning Hindistonga yurishi va bu janglarda minglab
kishilarning halok bo’lishi “Boburnoma”da bayon etilgan. Ammo bu yurish, Boburning o’zi ta’kidlaganidek, “kofirlar”ga qarshi emac, balki Hindistondagi Amir Temur saltanatining tasarrufiga kiritilgan yerlarni qayta egallash, saltanat qudratini avvalgidek caqlab qolishga qaratilgan muhorabalardir. “Boburnoma”dagi bu jang bayon qilingan sahifalarning biron joyida islom diniga qarshi xalqning kurashi tasviri mavjud emas. Adibning bosh maqsadi bobosi saltanatini qayta tiklash bo’lgan, xolos. Shuning uchun ham Boburga “g’oziy” unvoni, aniqrog’i, islom dini peshvolari takliflari bilan berilgan, degan xulosaga kelish mumkin.

Bu borada e’lon qilingan “Fath” farmonidagi bir matn fikrimizni quvvatlaydi. Bunda “kofir” atamasi islom diniga mansub bo’lmaganlarni anglatca-da, aslida, bu so’z zamirida hind askarlari, Boburning harbiy raqiblari haqida so’z boradi. Farmon matnida “islom diniga qarshi chiqqanlar”, “islomiy ibodatlarni amalga oshirmaganlar”, “islom diniga bo’ysinmaganlar” mazmunidagi co’z, iboralar yo’q, gap dushmanning lashkarlari va uning kuchi haqida ketmoqda. “Mashhur kofirlar” iborasi zamirida Hindiston dini hisoblangan buddizm tarafdorlari emas, hindlarning Bobur lashkarlariga qarshi kurashish uchun birlashgan Salohiddin, Raval Uday Sing Bagariy, Mediniy Ray, Barmal Idriy kabi lashkarboshilari nazarda tutilgan. Shu bois Bobur bu urushda diniy g’azovot qilmasdan, harbiy janglarga kirgan va g’alaba qozongan. Farmonning ushbu matniga e’tibor beraylik: “Bu kunlarda ­mashhur kofirlarning ko’pginasi hech qachon hech bir ma’rakada unga (ya’ni hind sarlashkari Raana Sangaaga — H.Q.) islom askarlariga dushmanliklari jihatidan uning buzuq tabiat lashkarlari safini orttirdilar”.

Farmonning boshqa bir joyida hindistonlik sulton va rojalarning Amir Temur vassali bo’lgan “kofirlar tug’ini islom mamlakatlarining ikki yuzga yaqin shahrida tikkan edi. Masjid va ibodatxonalarni xarob qilib, u joylardagi mo’minlarning xotin, bola-chaqalaridan asir qildi”, deyilgan. Ko’rinib turibdiki, Boburning “g’azovot”i diniy harakat bo’lmasdan, temuriylarga mansub yerlarni qaytarib olish, ularning sha’nini himoya qilishga qaratilgan. Shuning uchun Zahiriddin Boburga berilgan “g’oziy” podshoh darajasi nisbiy bo’lib, u boshqa g’oziy sultonlardan tubdan farqlanadi. Tarixchi, boburshunos G’.Sotimovning quyidagi fikri bu masalaga yanada oydinlik kiritadi: “Albatta, Hindistonda bo’lganida u mahalliy hindlar diniga nisbatan murosasizlik qilgan hollar ham ko’zga tashlanadi, lekin bu hol faqat jang paytlarida, g’oliblik ishtiyoqi yongan onlardagina seziladi… ularni g’ayridin bo’lgani uchun emas, balki o’z saltanatini ­kengaytirish yo’liga g’ov bo’lgan raqib ­sifatida yo’lidan olib tashladi. Bu maqsad yo’lida u faqat g’ayridin rajputlarnigina emas, balki musulmon afg’onlarning ham ko’pini o’rtadan ko’tarib tashlaganligini unutmaslik kerak” (G’.Sotimov, “Markaziy Osiyo va Hindiston tarixida boburiylar davri”, Toshkent, 2009, 64-bet).

Boburning o’tgan boshqa sharqlik podshohlardan farqli va bizni hayratga soladigan xislatlari ko’pki, bir maqola doirasida ular haqida batafcil fikr bildirish mushkul. Mulohazalarimizni hind tarixchisi Shri Ram Sharmaning bu borada xolisona bayon etgan ushbu fikri bilan yakunlaymiz: “Boburiylar Hindistonga fotih sifatida kelgan bo’lsalar ham, ular qo’l ostidagi mahalliy hindlarning hurmatini qozonganlar va ularga ma’qul bo’lgan an’ana va udumlarni yo’lga qo’ya oldilar. Har kuni ertalab podshohning “Jarohai darshon” marosimida fuqaro oldida ko’rinish berishi (salomga chiqishi), arzdorlarning podshoh qabuliga shikoyat bilan kira olish imkoniyatiga ega bo’lishi, ma’muriy idoralar rahbarlari bajarishi lozim bo’lgan vazifalarni aniq va ravshan belgilab berilishi… mamlakatni boshqarishdagi adolatli ishlari deb qarash kerak”. Bu guvohliklar yana bir bor Boburning shaxsiyatiga oid ­ayrim qarashlarni to’g’ri tushunishga yordam beradi, degan umiddamiz.

M: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2012 yil, 6-son

BOBUR VA SHARQ TAMADDUNI

01Zahiriddin Muhammad Boburning «Boburnoma» asarini mutolaa qilar ekanmiz, u zamonasining yuksak ijodkori, yangilikka intiluvchi shaxs sifatida qaerda bo’lmasin bunyodkorlik bilan shug’ullanganiga guvoh bo’lamiz. Ayniqsa, Afg’oniston va Hindistonda amalga oshirgan ishlarining adog’i yo’q. Bobur bu o’lkalarning madaniyati rivojiga ulkan hissa qo’shgan. Avvalo, davlatchilik va ijtimoiy boshqaruvni qaror toptirishga, obodonchilik ishlarini avj oldirishga, harbiy tuzilmani isloh etish, bu sohaga ham yangiliklar kiritishga intilgan. O’zining qisqa, 47 yillik umri hisobsiz jangu jadallarda o’tgan Bobur davr sultoni, shoh vazifasini ado etib, yana biz avlodlarga bebaho «Aruz risolasi»dek ilmiy asar, she’riy devon, din aqidalariga oid ganjinalar qoldirgan.

Qaerda bo’lmasin, u biror-bir yangilikka qo’l urishdan oldin bu ish jamiyat va saltanat manfaatiga qanchalik xizmat qilishini har tomonlama o’ylab ko’rgan. Masalan, Hindistonga dastlab kelgan paytida bir ma’budaxonaga kirib, butlarni sindirib bog’ yaratishga amr beradi va hayal o’tmay bu harakati yerlik aholi noroziligiga sabab bo’lishini tushunib ishni to’xtatadi. Farzandlariga maktub va vasiyatlarida diniy, irqiy, ma’naviy qadriyatlarga zid harakatlarni qilmaslik, diniy bag’rikenglik bilan ish yurgizish zarurligini alohida ta’kidlaydi.

Hindiston ob-havosining diqqinafasligi, toza ichimlik suvining tanqisligi va surunkali yomg’irlar Movarounnahrning xush havosiga o’rgangan Bobur uchun juda og’ir kechadi. Agra shahriga yaqin joyda shinam bir bog’ yaratishni maqsad etib, u juda ko’p joylarni aylanib chiqadi va botqoqliklar, o’nqir-cho’nqir yerlardan o’zga joy topolmagach, nihoyat Juun degan manzilni tanlaydi: «Andoq besafo va xarob yerlar edikim, yuz karohat va noxushluq bila andin ubur ettuk. Bu yerning makruhlig’i ila noxushlig’idin chorbog’ xayoli xotirdin chiqti. Mundin o’zga mundoq yovuq yer Agrada chun yo’q edi, necha kundin so’ng zarur bo’lub, bu yerga — o’q ilik qo’yuldi».

Ko’rinib turibdiki, tanlangan bu joy imorat, inshoot qurish uchun uncha muvofiq bo’lmagan. Shunga qaramasdan u jadallik bilan ishni boshlatadi. Muhim tomoni shundaki, Boburning bu bunyodkorligi Hindiston uchun mutlaqo yangilik bo’lib, Movarounnahr sivilizatsiyasi, madaniy qatlamining Hindistonga ko’chganidan dalolat beradi. U yaratgan inshootlar muhandislik fanining barcha talablariga javob beribgina qolmasdan, estetik jihatdan ham, qurilishda ishlatilgan materiallarning muvofiqligi va puxtaligi bilan ham kishini hayratga soladi. Eng muhimi, bu qurilishlarning tarhi, joyi, sathini uning o’zi tanlagan, loyihasini yaratishga bosh bo’lgan, qurilishni
boshqargan, izchil nazorat qilgan: «Ul ulug’ chohkim, hammom suvi andindur, bunyod bo’ldi. Yana bu parcha yerkim, anbaliy daraxtlari va musamman havz andadur, bulardin so’ng ulug’ havz andadur, bulardin so’ng ulug’ havz sahne bo’ldi. Andin so’ng tosh imorat olidag’i havz va sahne bo’ldi. Andin so’ng «Xilvatxona» bog’chasi va uylari bo’ldi. Andin so’ng hammom bo’ldi. Mundoq besafo va besiyoq Hindta tavr tarrohliqlar va siyoqliq bog’chalar paydo bo’ldi».

Matndagi bir jihatga e’tiboringizni qaratmoqchimiz: Bobur o’zi yaratgan inshootlaridan, Hindistonga olib kirgan sivilizatsiyasidan mamnun bo’lmoqda, yaratgan ansamblning muhandislik xususiyati, chiroyi uning o’zini ham maftun etmoqda. Bu lahzalar Bobur umr daftarining eng lazzatli damlari bo’lsa ajab emas.

«Boburnoma»dagi ko’plab misollar sivilizatsiyaga o’ta moyil bunyodkor inson — faqat shoh Boburni emas, tom ma’nodagi muhandis Boburni, yaratilayotgan inshootining chinakam jonkuyarini ko’z oldimizda gavdalantiradi. Quyidagi parchadan yaratuvchilik ishidan mamnun, har bir qo’yilayotgan g’isht, toshdan hayot zavqini tuygan kishining holatini sezamiz: «Tonglasig’a buyurulg’on yerlarni yurub sayr qildim. Yakpora toshda buyurulg’on kaylador havzning yuzini bir martaba tamom ko’tarmaydurlar edi, buyuruldikim, sangtaroshlar ko’prak kelib, bir martaba, havzning tubini durustroq olsunlarkim, suv quyib, atrofini tarozu qilsa bo’lg’ay. Kech namozi digar havzning bir martaba yuzini tamom oldilar. Buyurdimkim suv to’ldirdilar. Atrofini suv bila tarozu qilib, hamvor qilmoqqa mashg’ul bo’ldilar. Bu navbat yana bir obxona buyurdimkim, yerini yakpora toshdin tarosh qilg’aylar, ichidagi kichik havzni ham yakpora toshdin qozg’oylar».

Bobur Movarounnahrda, Hindiston va Afg’onistonda faqat qurilish va obodonchilik bilan shug’ullanmagan, balki tub islohot ishlarini ham olib borgan.

XV — XVI asrda, undan oldin ham savdo-sotiq munosabatlari, davlatlararo bordi-keldilarning xavfsizligini ta’minlash eng katta muammo, xarajattalab masala hisoblangan. Karvon yo’llari qulay yurtning iqtisodiy ahvoli yaxshi, xalqining tinchligi barqaror bo’lgan. Aytish joizki, Amir Temur saltanatida bu mezon o’rniga qo’yilgan, biroq Sohibqiron vafotidan keyin uning qalamravidan chet yerlarda qaroqchilik hollari uchrab turgan. Ana shu masalani tubdan isloh qilish, tasarrufidagi yerlarda osoyishtalikni saqlash uchun Bobur Kobul — Ningnahor yo’lining xavfsizligini ta’minlashni asosiy vazifa deb biladi. Keyinchalik bu ishni butun Hindiston hududida
ham joriy etadi. «Bu orada ma’mura yo’q edi», deydi Bobur. Demak, Kobul — Ningnahor yo’lining jo’g’rofiy sharoiti qiyinligi boshboshdoqlikka sabab bo’lgan. Shu yo’lning eng og’ir qismida tartib o’rnatganini, osoyishtalikni qaror toptirganini inobatga olsak, Boburning sa’y-harakatlari nechog’li ulkan ijtimoiy-siyosiy ahamiyat kasb etganini ko’ramiz: «Kobuldin sharq sari o’n uch yig’och yo’ldur. Ningnahor bila Kobul orasi asru qattiq yomon yo’ldur. Uch-to’rt yerda kichikrak-kichikrak ko’tallari, ikki-uch yerda tangilari bor. Xiridji va jami’ quttout-tariq afg’onlardur. Bu yo’lni ururlar edi. Bu orada ma’mura yo’q edi. Qo’riqsoyning oyog’i Qoratuni men ma’mura qildurdim. Bu jihatdin yer emin bo’ldi».

Afg’onistonning G’aznisi mamlakatning yirik viloyatlaridan bo’lib, unda tarixiy obidalar, islomgacha bo’lgan Budda madaniy yodgorliklari talaygina. Jumladan, sulton Mahmud G’aznaviy maqbarasi, g’aznaviylar saroyi qoldiqlari hozirgacha saqlangan. Shu bilan birga, bu yerda Mahmud G’aznaviy farmoni bilan katta suv to’g’oni qurilgan. To’g’on Chingizxon istilosi davrida buzib tashlangan. Zahiriddin Bobur G’aznida bo’lganida bu to’g’onning holatini ko’rib, uni qayta qurishga amr beradi: «Sulton (Mahmud) zamonida uch to’rt band bor ekandur, bir band ushbu G’azni suyida, G’aznidin shimol sari uch yog’och suv yuqqori Sulton bir ulug’ bande solibtur, bu bandning balandlig’i qirq-ellik qari bo’lg’ay, uzunligi taxminan uch yuz qari bo’lg’ay, suvni anda zahira qilib, baqadri ehtiyoj ekinga suv ocharlar erkandur… Hindustonni fath qilg’on yil bu bandni yasamoq uchun Xoja Kalondin yarmoq yiborildi. Tengri inoyatidin umid borkim, bu band obodon bo’lg’ay».

Kamina bir necha yil Afg’onistonda, jumladan, G’aznida ham bo’ldim. U yerdagi kishilar bilan suhbatlarimizda yerli aholi Bobur davrida ana shu to’g’onda jiddiy ta’mir ishlari olib borilganini, shundan so’ng o’nlab yillar davomida qaqrab yotgan yerlarga suv chiqqanini gapirib berdilar. Hatto biz borib ko’rgan bandi Sultonning qaysi qismi o’sha davrda Bobur amri bilan ta’mirlanganini mahalliy muhandis bizga aniq ko’rsatdi. Bu oddiy xalqning Boburga ehtiromi ramzi edi.

Hindistonni tasarrufiga kiritgan Bobur, birinchi galda, bu yurtning arxitekturasiga, obidalari, butxona va muqaddas binolariga e’tiborini qaratadi, uni Movarounnahr va Xuroson obidalari bilan chog’ishtiradi, ijobiy tomonlarini zikr etish bilan birga ularga tanqidiy yondoshadi. Xususan, Gvaliyardagi imoratlar bilan qiziqib, ichiga kirib tomosha qiladi: «Man Singning va Bikramajitning imoratlarini tamom yurub, sayr qildim, g’arib imoratlardur. Agarchi bo’luk-bo’luk va besiyoqdur, tamom sangi taroshidadindur. Agarchi hindustoniy takalluflar qilibturlar, vale behavoroq yerlardur».

Boburga Hind arxitekturasi hamma vaqt ham ma’qul bo’lmagan. Shu bois, u Hindistonda o’z yurti Movarounnahrni eslatib turadigan koshonalarni yaratishga kirishadi, ularni qurishga amr beradi. Ushbu misol fikrimizga dalildir. Rahimdod ismli shaxs hind elida qurgan «kichikroq tolorg’ina» — kichik ayvon va bog’cha Boburga o’zi tug’ilib o’sgan Movarounnahrni eslatadi. Zero, bu imorat aynan Bikramajitning beso’naqay imoratlarining yonginasida, go’yo taqqoslash uchun bunyod etilgandek: «…Ushbu ulug’ gumbazning ustida Rahimdod bir kichikrak tolorg’ina qilibtur. Rahimdod ushbu Bikramajitning imoratlarida o’lturubtur. Bu imoratlarni sayr qilib, otlanib Rahimdod solg’on madrasani kezib, qo’rg’onning janubiy tarafida bir uluq havzning yoqasida Rahimdod solg’on bog’chani tafarruj qilib, kech o’rdu tushgan chorboqqa kelduk. Bu bog’chada xeyli gullar tikibtur. Xushrang qizil kaneyr bog’chada xeyli bor. Bu yerlarning kaneyri qip-qizil xushrang kaneyrlardur. Bir pora qizil kaneyrni Gvaleyardin Agra bog’lariga kelturub ektirdum».

Bobur Hindistonni o’z tasarrufiga kiritgach, birinchi navbatda, Xuroson, Afg’oniston va Movarounnahr bilan aloqani tiklash, ma’lumot va xabarlarni imkon qadar tezlikda yetkazishni o’ylaydi, aloqa xizmatini yo’lga qo’yishga jazm etadi. «Boburnoma»da o’qiymiz: «Har to’qqiz kuruh manor qo’porg’aylarkim, manorning balandlig’i o’n ikki qari bo’lg’ay. Ustida bir chordara qo’porg’aylar. Har o’n sekkiz kuruhda olti yom oti bog’lag’aylar. Yomchi va sayisg’a ulufa va otlarg’a aliq ta’yin bo’lg’ay. Andoq farmon bo’ldikim, bu yom oti bog’latur yer agar bir xolisag’a yovuq bo’lsa, bu mazkur bo’lg’onlarni andin saranjom qilsunlar, yo’q ersa, har bekning parganasiga voqi’ bo’lsa aning uhdasiga qilsunlar. Ushbu kun Chaqmoq bila Shohiy Agradin chiqtilar. Bu kuruhlarni mil bila muvofiq ta’yin qilildi».

Yuqoridagi parchadan Boburning Sharqda mavjud bo’lmagan aloqa tizimini ishlab chiqqanini ko’ramiz. Bunda o’sha davrdayoq aloqaning barcha jihatlari: ma’lum masofada qancha va qaysi sifatdagi otlar bog’lanib, parvarishlanishi, ularning ozuqasi, otboqarlar, ularga sarflanadigan sarf-xarajatlar miqdori nazarda tutilgan. Xarajatlar Boburning hukmronligi ostidagi hududda bo’lsa o’sha joyning beklari hisobidan, agar o’zga hududda bo’lsa haq to’lash yo’li bilan amalga oshirilishigacha inobatga olingan.

O’sha davrda uzoq masofa asosan «kuruh» o’lchovi bilan belgilangan. Bobur Hindistondaligi bois «bu kuruhlarni mil bila muvofiq ta’yin qilildi», deydi. Shuning o’zi ham mahalliy sharoitga moslashish, u yerda qabul qilingan umumiy o’lchovlardan foydalanish — zulm orqali o’z tartibini o’rnatmaslik siyosatini olib borgan Boburning oliyhimmatligidan dalolat beradi.
Bobur tomonidan Hindistonda masofani o’lchash, xazina miqdorini belgilashda qulay, o’ziga xos arifmetik atama va hisoblash uslubi yangilik sifatida kiritilgan, jang taktikasiga oid ko’plab atamalar joriy etilganki, bularning barchasini o’rganish bugungi avlodlarni qadim ma’naviyatimiz yutuqlaridan xabardor etadi, ularda yuksak iftixor hissini uyg’otadi. Masalan, Bobur Afg’onistonda o’z saltanatini barqaror etarkan, askarlarga amr va farmonlarni aniq, mazmunli yetib borishi uchun juda ko’p afg’oncha, arabcha amr so’zlarini turkchaga o’zgartiradi. Buni Boburning o’zi katta bunyodkorlik deb biladi. Bugungi armiyamizda ham ularni qo’llay boshlashimizni mustaqillik yillaridagi qadriyatlarimizga yuksak ehtirom sifatida qabul qilish mumkin.

Zahiriddin Bobur Hindistonda Movarounnahrni eslatuvchi har qanday yangilikka astoydil qo’l urgan, uni amalga oshirishga harakat qilgan. Bu ishlarni uning oddiy havasi, desak yanglishamiz. Ular Vatanga bo’lgan yuksak ehtiromning, muhimi, kelajakka umid bilan qarab ish tutishning Bobur qalbida hamisha g’olib bo’lganini ko’rsatadi. Quyidagi misolga nazar solaylik: u Movarounnahrda o’sadigan, biroq Hindistonda bo’lmagan daraxt, poliz va bog’dorchilikka oid nabototni yangilik sifatida joriy etib, xursand bo’lganini oshkora bayon etadi, bu yutuqlarni intilishlarining mevasi deb biladi: «Balxiy polizkorni qovun ekkali qo’yulub edi. Bir necha qovun saxlag’on ekandur, kelturdi. Xeyli yaxshig’ina qovunlar edi. Bir ikki buta tok «Hasht behisht» bog’ida ekturub edim, aning ham yaxshig’ina uzumlari bo’lub edi. Shayx Guran ham bir sabad uzum yiborib edi, yomon emas edi. Hindustonda qovun, uzumning muncha bo’luridin filjumla xursandlig’e bo’ldi».

Humoyunga yozgan maktubida Boburning naqadar bag’rikeng bunyodkor shohligiga guvoh bo’lamiz. Hindistonda turib yozgan bu maktubida u o’zining juda keng saltanatiga bir xilda qaragan: bunyodkorlik ishlari xoh Movarounnahr, xoh Xuroson va Afg’oniston yoki Hindiston o’lkasida bo’lsin, ularning barchasiga Bobur bir xilda qayg’urgan. Maktubni Bobur umrining oxirlarida, surunkali betob paytida yozganini eslasak, shu holatda ham uning yurak dardi, saltanat shuhrati va obodonchilik uchun kuyib-yonganini ko’ramiz: «Korvonsaro va hammomlarning marammati, yana arkta Ustod Hasan Ali qilg’on pishiq xisht bila nimkora imoratning itmomi, bu imoratni Ustod Sulton Muhammad bila mashvarat qilib, munosib tarh bila buyurulsun. Agar Ustod Hasan Ali tortqon burung’i tarh bordur, xud o’shandoq — o’q tamom qilsun, yo’q ersa, ittifoq bila bir shirin tarxliq imorat solsun. Andoqkim, sahni devonxona sahni bila barobar bo’lg’ay. Yana Xurd Kobulning bandikim, tangining Xurd Kobul sari chiqarida Buthoq suyig’a bog’lag’uluqtur. Yana G’aznining bandining marammati, yana Bog’i Xiyobon va xiyobon. Yana bu bog’ning suyi ozdur, munga bir tegirmon suyi sotqun olib, kelturmak kerak. Yana Xoja Bastaning g’arbi-janub tarafida Tutum dara suvini bir pushta ustiga kelturub, havz qilib, nihollar tikturub edim…».

Xullas, barcha zamonlarda bunyodkorlik e’zozlangan. Qurilgan muhtasham imoratlar, ravon yo’llar asrlar o’tib o’sha davr sarvarining ezgu niyatlari, chekkan tashvishlar va orzu umidlaridan dalolat berib turgan, insoniyat tomonidan qadrlangan Zahiriddin Bobur, shubhasiz, shunday yuksak ardoqqa loyiq. Uning bunyodkorligi hayot paytidayoq unga mislsiz shuhrat keltirgan edi. Bugungi kunda esa, bu ezgu ishlari yanada salobat, ko’rkamlik kasb etib, Sharq tamaddunining iftixoriga aylandi.

M: «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2005 yil 27-soni

MIRZO BOBURNING HARBIY MAHORATI

08Zahiriddin Muhammad Bobur (1483 — 1530) jahonga mashhur «Boburnoma» asari, dilbar g’azallarini jamlagan she’riy devoni, aruzga oid «Muxtasar»i va yana bir necha asarlari bilan shuhrat topgan ulug’ shaxs. Albatta, uning harbiy yurishlari, g’alaba va mag’lubiyatlari haqida ham tarixchi olimlarimiz anchagina fikrlar bildirishgan.
«Boburnoma»ni sinchiklab mutolaa etarkanmiz, bu temuriyzodaning yoshligidan bobosi Amir Temur imperiyasini qayta tiklashda, keng miqyosdagi hududda yagona, mustahkam siyosatni yurgizishga intilishida, orzularini ma’lum darajada ro’yobga chiqarishda nimalarga asoslangani haqida o’yladik. Biz bu yechimni Boburning izchil shaxsiy jasorati, o’tkir tafakkuri, harbiy mahoratida ko’rdik.

Tahlilimizni 1495 — 96-yillar voqealari — Bobur 13 yoshda paytida Xuroson, xususan, Hisorda qanday holat hukmron bo’lganidan boshlaymiz. Bu davrda temuriy shahzodalar va beklar yurt olishga oshiqqan. Sulton Husayn Boyqaro tasarrufidagi Hisorda Sulton Mahmud mirzoning beki Xisravshoh bosh ko’tarib, Boyqaro bilan urushib, ikki marta uning ustidan g’olib keladi. Bobur bu holatga shunday baho beradi: «Xisravshohning muncha ulg’aymog’ig’a va muncha haddi yetmas ishlarni qilmog’ig’a Sulton Husayn mirzoning ikki qatla kelib ola olmay yonmog’i sabab bo’ldi».

Bobur Husayn Boyqaro va uning o’g’li Badiuzzamonning Xisravshoh, ukasi Vali hamda tarafdorlariga qarshi muhorabasini chuqur tahlil etadi. Husayn Boyqaro va lashkarlarining muhoraba sirlaridan ogoh emasliklari, avvalo, g’anim haqida kam ma’lumotga egaligi, dushmanni bosish, yanchish o’rniga ikkilamchi ishlarga berilishganini yozadi. U Husayn Boyqaroning ikki oylik harakati makkor Xisravshohning oddiy hiylasi — Husayn askarlari joylashgan qo’rg’on, uylarga qal’a teshigidan tutun kiritib, ularning ustidan osongina g’olib kelganini afsus bilan yozadi: «Alar to’shukni berkitgan bila tutun yuqqori qo’rg’on eliga o’q yonib, qo’rg’on eli o’lum ichi bo’lib, qochib chiqtilar».

«Boburnoma»da Husayn Boyqaroni o’tkir sarkarda, qilichbozlikda benazirligi e’tirof etilsa-da, raqib bilan muhorabada hujumdan ko’ra mudofaaga ko’proq e’tibor berishi tanqid
qilingan. Yuqoridagi holatda ham Husayn yigitlari tutundan diqqinafas bo’lgan lashkarni ko’rib hujumga o’tishga ruxsat so’raganda u kech bo’lgani, qorong’u tushayotganligini sabab bilib, ruxsat bermaydi. Bobur Sultonning bu amrini mazkur muhorabadagi qattiq yanglishish sifatida baholaydi: «ba’zi yigitlar tezlik qilib urushg’a ruxsat tiladilar. «Kechadur» deb Mirzo ruxsat bermadi».

Bobur urush manzaralarini tasvirlarkan, g’alaba va mag’lubiyatni harbiy kuch, askar va zobitlar soni, harbiy vosita, qurollar kuchi va o’lchovi bilan belgilaydi, qiyoslaydi, solishtiradi. Uningcha, g’alabaga erishish uchun raqibdan askar soniga ko’ra ustun bo’lish shart emas. Zotan, Xisravshohning muhoraba tajribasi ustunlik qilgan. Husayn Boyqaroning dushman kuchi, urush mavqei, vaqtini («bahor yog’inlari jihatidin…») aniq inobatga olmagani uni mag’lubiyatga olib kelgan. Eng achinarli tomoni, bu muhorabada Husayn lashkari son jihatidan ustun bo’lgan («Bular muncha mirzolar va muncha sardor beklar, bovujudkim kishilari ikki Xisravshohning kishisicha bo’lmasa, bir yarim onchada, xud ne so’z…»). Yana achinarlisi, Husayn tarafdorlarining g’alabaga ishonchsizligi, urushishga jazmlari yo’qligi ularni ikki oy kavlagan xandaqlaridan tashqariga chiqmay yov bilan olishishlariga monelik qilgan («…jazm rioyati qilib, xandaqdin chiqmadilar»).

Bobur temuriylar saltanatiga tashqaridan bo’ladigan tahdid va hujumlarni birgalashib bartaraf etishga o’ta jiddiy yondoshgan. Bunga ishonch hosil qilish uchun Shayboniyxon tomonidan Hirotning bosib olingani Bobur tomonidan qanday tahlil qilinganini ko’rib chiqaylik.

Tarixdan ma’lumki, Hirot shahriga Husayn Boyqaroning ikki o’g’li — Badiuzzamon mirzo va Muzaffar mirzo «bashirkat» — sheriklikda hokim etib tayinlangan. Bobur bu holatni salbiy baholagan. Qudratli Shayboniyxonning Hirotga yaqinlashishi bilan har ikkala sultonzoda mirzolar «…ne urushmoqqa ozim edilar, ne qo’rg’on berkitmakka jozim, hech ishni mushaxxas qilmay, hech ishning qilurin muhaqqaq bilmay sarosimavor o’lturub edilar».

Ikkala shahzodaga ikki yetuk bek sohibixtiyor sifatida tayinlangan edi (Muzaffar mirzoga Muhammad Burunduqbek, Badiuzzamon mirzoga Zunnun arg’un). Bobur bu ikki bekning ham siyosiy, ham harbiy-strategik qarashlarini, ularning saltanat taqdirini hal etuvchi jangga munosabatlarini chuqur tahlil etib, o’z xulosalarini bildiradi. «Muhammad Burunduqbek hisob bilur kishi edi» der ekan, Bobur birinchi navbatda uning himoya, hujum, lozim bo’lganda, shikastsiz chekinishga doir mo’ljaldagi rejasiga asoslanadi. Muhammad Burunduqning tavsiyasida barcha kuchlarni birlashtirish, sarkardalar orasida yakdillikka erishish, asosiy kuchni tog’li hududga olib chiqish nazarda tutilgan. Bu vazifani Badiuzzamon va Zunnun Arg’un bajarishlari, Hirot mudofaasi bilan esa o’zi va Muzaffar mirzo shug’ullanishlari lozim edi.

Bobur nega Burunduqning bu taklifini ma’qullamoqda? Masala shundaki, bekning bu taklifi Boburning harbiy nazariyasiga hamohang bo’lib, unga ko’ra, barcha kuchlarni bir maqsad atrofida birlashtirish (hatto Hirot mudofaasida ham shu nazarda tutilgan), dushman hujumidan lashkarning yoppasiga zarar ko’rishi oldini olish, qolaversa, toqqa lashkar ko’chirib, zarur vaziyatda takror hujumga o’tish kabi strategik rejalar ko’zda tutilardi.

Biroq Badiuzzamon mirzoga Burunduq taklifini qabul qilmaslikni maslahat bergan Zunnun arg’un faqat o’z shaxsiy manfaatidan kelib chiqadi va Badiuzzamon uning nayrangiga uchadi. Bobur temuriyzodalarning Hirotda Shayboniyxonga yengilishlarining bosh sababini ko’proq shu xiyonatda deb biladi. Uning nazarida, bu urush xurosonlik temuriyzodalarning harbiy savodsizligi, muhoraba sirlarini bilmasliklari, kaltabinlik, shaxsiy manfaatlarga berilganliklari oqibatida yutqizilgan.

Mazkur masalani yanada oydinlashtirish uchun dalil sifatida «Boburnoma»dan bir parchani keltirishni lozim deb bildik. Chunki Boburning muhoraba san’ati mazkur parchada aniqroq ko’zga
tashlanadi. «Zunnun arg’un agarchi mardona kishi edi, vale xasis va moldo’st va ra’y va hisobdin yiroqroq va kavokrak va telbarak kishi edi. Bu fursatlardakim, Hirida og’a-ini shirkat bila podshoh edilar (ya’ni Badiuzzamon va Muzaffar mirzolar
— H.Q.). Badiuzzamon mirzo qoshida bu sohibixtiyor edi, nechukkim mazkur bo’ldi, moldo’stlig’i jihatidin Muhammad Burunduqning shaharda turmog’ig’a rozi bo’lmadi, o’zi shaharda turar xayol qildi, ani ham o’xshata olmadi. Aning go’lluk va telbalig’ig’a hech nima mundin yaxshiroq dalil bo’lurmikim, zarroq va tammo’ elning yolg’on va xushomadin qabul qilib, o’zini fazihat va rasvo qildi».

Bunda Boburga eng alam qilgan jihat shuki, Zunnun arg’un g’animlarning hiylalarini asos sifatida qabul qilgan («bir necha shayx va mullo anga kelib derlarkim, Qutb bizning bila ixtilot qiladur, sanga «hizabrulloh» laqab (unvon) bo’ldi, sen o’zbakni olg’ungdur»). Bobur Zunnun arg’undek necha jangu jadal ko’rgan shaxsning soxta unvonga uchib ish ko’rishini g’irt ahmaqona amal, deb biladi. U mullalarning, sen Shayboniyxonni albatta yengasan, chunki senga shu unvonni berdik, deganiga ishonib, «qirq-ellik ming o’zbakning o’trusida yuz-yuz ellikcha kishisi bila o’q olib tebrarlar. Zunnunni olib o’lturub, boshini kestilar.» Hayal o’tmay Shayboniyxon yengilgina Hirotni egallab, o’z maqsadiga erishadi.

1502 — 1503-yillar, ya’ni Zahiriddin Bobur temuriyzodalarning o’zaro nizo va kurashlaridan ozor chekib, yengilib, borar yerini bilmay, Toshkentdagi xon dodalari, qarindoshlari tomon otlangan payt. Shunda ham u Andijon yoki Samarqandni egallab olishni emas, endi-endi bosh ko’tarayotgan Shayboniyxonga qarshi kurashishni bosh maqsad deb bilgan. Biroq sultonzodalarga uning bu boradagi fikri borib yetmaganidan afsuslanadi va bu qarashiga Sa’diy Sheroziyning ruboiysi bilan urg’u beradi: «Shayboqxondek g’anim paydo bo’libtur, muning zarari turkka va mo’g’ulg’a musovidur. Muning fikrini hololiqtakim, ulusni hanuz yaxshi bosmaydur va ko’p ulg’aymaydur, qilmoqlik vojibdur. Nechukkim, debdurlar:

Imro’z bikush chu metavon kusht,
Otash chu baland shud jahon so’xt.
Magzorki zih kunad kamonro,
Dushman chu ba tir metavon do’xt».

(Mazmuni: Kuching yetar ekan, olovni vaqtidayoq o’chir. Agar alanga olsa, jahonni kuydiradi. Dushmanni o’q bilan urishga qodir ekansan, uni kamon kerishiga qo’yma).

Zahiriddin Boburning bu qarashi hayal o’tmay o’z isbotini topa boshlaydi. Bobur bu hiylakor, kuchli g’animidan hadiksiramadi. U ikkinchi marta Samarqandni egallaganida Shayboniyxon shahar qal’asini qamal qilib, ichkariga kirishga urinadi. Qamalda qolgan Samarqand ahli Boburga yordam beradi. Bobur Husayn Boyqaro va temuriyzodalardan ko’mak kutadi, ularni birlikka chaqiradi, ammo «Sulton Husayn mirzodek mardona va sohib tajriba podshoh bizga (ya’ni Boburga — H.Q.) madad qilmay, bizga ko’ngul ko’maklar berib, elchi yibormay, Shayboqxonga Kamoliddin Husayn Gozirgohiyni muhosara vaqtida elchilikka» yuboradi.

Bu esa Zahiriddin Boburga qattiq ta’sir qiladi. Bir tomondan, qamalda qolgan Samarqand ahlining nochor ahvoli, ikkinchi tomondan, Bobur safdoshlarining nomardligi muhoraba maydonida g’olib kelishga bo’lgan barcha intilishlarni puchga chiqaradi. Buning ustiga Shayboniyxondan tashqari, Boburni ta’qib etib yurgan Ahmad Tanbal Andijondan Pskentga kelgan. Biroq unga qarshi turadigan Sulton Mahmudxon «urush kishisi emas edi». Boburning bu shaxsga bergan bahosida o’zining harbiy mahoratga munosabati aks etgan. Uningcha, bek, askar jangda dushmandan qo’rqsa, ularning qadri yo’q. Kurash — mardlar maydoni: «Sulton Mahmudxon urush kishisi emas edi. Sinohiylikdin bisyor oriy edi. Tanbal bila o’tru bo’lg’on chog’ xondin bedilona ahvol va af’ol zohir bo’lur. Ahmadbek turk kishi edi (Bobur qarashida «turk kishi» iborasi qishloqlik qo’rqmas, dangalchi, yaxshi sarboz ma’nolarini ham bildiradi — H.Q.), vale mardona va davlatxoh edi. G’arib durusht aytur, derkim, bu Tanbal ne miqdor kishidurkim, muncha dag’dag’a va taraddud tortarsiz. Agar ko’zungiz qo’rqsa, ko’zungizni bog’lab yurub ro’baro’ bo’laling».

Bu faktlarda Boburning urush olib borish uslubiga xos bir shakl ko’zga tashlanadi. Uningcha, kishi qanchalik mohir bo’lmasin, yov bilan olishishda aniq maqsadi, yurakdan intilishi bilan birga, albatta, atrofdagilarning sadoqati, ko’magi zarur. Ya’ni yuksak harbiy mahoratni ro’yobga chiqarish uchun aniq fikr, qarash, kontseptsiya lozim: «Burung’ilar debturlarkim, qo’rg’on berkitmaklikka bosh kerak, ikki qo’l kerak, ikki but kerak: bosh sardor bo’lg’ay. Ikki qo’l ikki taraftin kelur ko’mak va madad bo’lg’ay. Ikki but qo’rg’onning suyi bila zahirasi bo’lg’ay. Biz bu atrof va javonibdag’ilardin ko’mak va madad ko’z tutarbiz, bular xud har qaysi bir o’zga xayolda».

Zahiriddin Bobur o’zining hisobsiz muhorabalari davomida ushbu harbiy nazariyasiga amal qilgan. U xoh Xuroson, xoh Afg’oniston yoki Hindistondagi viloyatlar, qishloq va shaharlarni o’z tasarrufiga kiritarkan, keyingi yurishlari, yurt olishlarida yuqoridagi qarashiga sodiq qolgan. Bu uning buyuk ajdodlaridan olgan sabog’i edi. Uning iqroricha, agar temuriy shahzodalarda birlik hukm surganda, Shayboniyga Samarqandni qoldirmas, u bilan o’zi istamagan sulhga rozi bo’lmas edi («agar bir tarafdan umidvorliq bo’lsa edi, yo zahira bo’lsa, sulh so’ziga kim quloq solar edi»).

Biz Boburning harbiy qarashlarini ko’rib chiqish uchun atayin uning Shayboniyxonga bo’lgan munosabatini asos qilib oldik, nisbatan keng to’xtaldik. Xuddi shu munosabat — Boburning harbiy kontseptsiyasini tashkil etadi, desak xato qilmasmiz. Bobur harbiy yurishlari davomida qo’rqmaslik, jonfidolik, lashkarni o’ziga ergashtirish, urush maydonida shaxsiy mardlik ko’rsatish, xiyonatga nafrat, oddiy askar jasoratini qadrlash, har bir muhorabaga yangicha yondashish, boy berilgan jangdan anduhga tushmasdan saboq olish kabi xislatlarni o’zida tarbiyaladi, shularga amal qildi. U o’zga yurtlarni egallab, mol-mulkka, boylikka egalik qilar, bo’ysunmaganlarga qaqshatqich zarba berish bilan birga, har bir muhorabani urush qonuniyati, tartibiga mos olib borishga intilgan. Masalan, u afg’on va hind o’lkalarini birin-ketin egallab, turkiylar tasarrufidagi yurtlarga kirganida, lashkarlariga bu yurt aholisining hatto «ip uchi, igna sinug’larig’a»cha tegmaslikni hukm etgan. Iboraga e’tibor bering. Odatda, igna bilan kiyim tikayotganda ip uzilib, ozgina qismi ignaning teshigida qoladiki, uni olib tashlaydilar, ya’ni bu uzuq parcha yaroqsiz. Igna sinsa ham shunday yaroqsiz bo’lib qoladi. Demak, Bobur turkiy qavm yashab turgan, temuriylar tasarrufiga kirgan yurtlardan hatto shunday mutlaqo yaroqsiz narsani ham olishni man etib, o’z fikrini obrazli ifodalagan.

Boburning bu harbiy siyosati faqat mol-mulkka daxldor bo’lmay, balki bu o’lka odamlari bilan yaxshi muomala qilishni «vojib va lozim», deb bilganida ham ko’rinadi: «Chun hamisha Hinduston olmoq xotirda edi, bu bir necha viloyatlarkim, Bhayra va Xushob va Chinob va Chanut bo’lg’ay, necha mahal turk tasarrufida edi, bularni xud mulkimizdek tasavvur qilur eduk. Zo’r bila yo sulh bila o’zimizning mutasarrif bo’lurumizg’a mutayaqqin eduk. Bu jihatdin bu tog’ eli bila yaxshi maosh qilmoq vojib va lozim edi. Farmon bo’ldikim, hech kim bularning gala-qoralarig’a, balki ip uchi, igna sinug’larig’a atrof va navohida zarar va nuqson yetkurmasun».

Albatta, Boburning bu dastlabki adolati ayrim joyda salbiy natija bergan bo’lsa ham, keyinroq tartibsizlikka chek qo’ygan.

Bobur Movarounnahrda, Hisorda olib borgan janglarda Sulton Mahmud mirzoning mashhur beki Xisravshoh bilan ko’p to’qnashgan. «Boburnoma»da muallif bu shaxs haqida ancha batafsil ma’lumot bergan. Tole unga rost kelib, lashkarlari soni 20-30 mingdan oshganini ta’kidlagan Bobur, Xisravshohda muhoraba savodining chalaligi, urush vaziyatini sarkarda sifatida yaxshi bilmasligi bois sharmandalarcha shikast topganini yozadi. Bungacha u Xisravshohshaxsiyatiga baho berar ekan, uni shaxs sifatida ham, lashkarboshi sifatida ham salbiy baholaydi («agarchi namozi qilur edi va taomda parhiz qilur edi vale tiyra va fosiq edi, gavdan va befahm va bevafo va haromnamak kishi edi…») Shayboniyxon Hirotni egallagach, Qunduzda makon topgan Xisravshohni ham ta’qib etadi. Xisravshoh Bobur poytaxt etgan Kobulga qarab yurish qilarkan, o’zining past axloqligi, zulmi bois lashkarlari mol-mulklarini ko’tarib uy-uylariga ketishadi, ko’pchiligi Bobur tomon o’tadi. Bunday vaziyatda Bobur iqtidorli lashkarboshi sifatida ish ko’radi: Hirotdan birga qaytayotgan kam sonli askarlari bilan Hindukush tog’idan qiyinchilik bilan oshganiga qaramay, Dushi vodiysidagi Andarob daryosi yoqasida harbiy jihatdan kuchli, ammo ayni paytda zabunlikka yuz tutayotgan g’animi Xisravshoh bilan uchrashadi. O’zi og’ir holatda, Shayboniyxon ta’qibidan Qandahordan Kobulga chekinayotgan bo’lsa-da, yuksak mardlik, shijoat, o’ziga ishonch bilan minglab lashkarli Xisravshohni sulhga majbur etadi. Uning bu harbiy taktikasi keyinroq unga Hindistonda kam sonli lashkar bilan ko’p sonli g’anim ustidan g’olib chiqishida yaxshi tajriba sifatida juda qo’l keladi.

Dastlab Boburni «bir lak, balki ikki lak» (yuz ming, balki ikki yuz ming) lashkari, ikki mingdan ortiq jangovar fili va qanchadan-qancha harbiy vosita va quroli bo’lgan hind sarkardasi Ibrohim Lo’diyga qarshi kurashish vahimasi bosadi. Biroq ko’plab muhorabalarni ko’rgan, Xisravshohdek dongdor sarkardani idrok va urush savodi bilan yenggan Bobur, avvalo, Lo’diy qalamravidagi holatni o’rganadi. Hindistondagi nomuvofiq siyosiy holat, rojalarning tarqoqligi, ularning Ibrohim Lo’diy hukmronligidan bezgani Boburning bu o’lkaga kirishi uchun qulay sharoit tug’diradi.

Bobur Panipat jangida, bugungi kun tili bilan aytganda, razvedkadan keng foydalangan. U joylarga o’z kishilarini yuborib, ma’lumot yig’gan («Ul yurttin daryo yoqalay quyig’a boqa ikki ko’ch ko’chulub edikim, til tuta borg’onlardin Haydarquli xabar keltirdikim, Dovudxon Haytimxonni besh-olti ming kishi bila miyoni Duob sari kechurubtur. Uch-to’rt kuruh Ibrohimning doirasidin berirak doira urub o’lturubtur»; «Xoja Kalonning navkari Haydarqulini til tuta yuborildi»). «Boburnoma»da Boburning razvedka xizmatidan keng foydalangani haqida ko’pgina dalillar borki, bu uning harb mahoratini tahlil etishda alohida mavzu bo’lib, maxsus tadqiqotni taqozo etadi.

Bobur, avvalo, raqibi Ibrohim Lo’diy xarakterining nozik jihatlarigacha, oila a’zolari, onasi, xullas, kerakli deb hisoblagan jamiki ma’lumotlarga ega bo’lganidan so’nggina unga qarshi kurashga kiradi. Masalan, Ibrohim Lo’diy qanchalik boy bo’lmasin, tabiatida mumsiklik g’olibligini bilgan Bobur Hindistonni zabt etgandan so’ng Ibrohim qo’l ostidagilarni o’ziga tobe etib, yer, mulk, katta in’omlar beradi.

Ibrohim Lo’diy haqida batafsil ma’lumotga ega bo’lgan Bobur uning xususiyatlarini quyidagicha qisqa, aniq bayon etadi: «Tengri rost kelturdi, ne yigitini rozi qila oldi, ne xazinasini ulasha oldi. Qaydin yigitini rizo qila olurkim, tabiatig’a imsok ko’p g’olib edi. O’zi yarmoq yig’ishtirmoqqa behad tolib, betajriba yigit edi. Ne kelishi saranjomliq edi, ne turishi, ne yurushi ehtimomliq edi, ne urushi». Ushbu parchadagi oxirgi iboraga e’tibor beraylik. Unda Lo’diyning urushga layoqati yo’qligi barcha kamchiliklaridan so’ng ifoda etilgan. Bu bilan Bobur urush maydonidagi yutuq, muhoraba ilmi, avvalo, sarkardaning yuksak insoniy xususiyati, qo’l ostidagilarga odilona
munosabati, shaxsiy namuna ko’rsatishi bilan bog’liqligini bildirmoqda. Buni biz yuqorida muallifning Xisravshoh, Shayboniyxon, Husayn Boyqaro va boshqa beklarga bergan baholarida ham ko’rdik.

Bobur raqibi Ibrohim Lo’diy bilan bog’liq hind o’lkasiga oid barcha ma’lumotlarga ega bo’lgach, urushga tayyorlanishga kirishadi: xabarchilari (razvedka) orqali yetkazilgan ma’lumotlarini jamlaydi, umumlashtiradi, xulosalar chiqaradi. Razvedka ma’lumotlarida dushmanning qadam-baqadam harakati, soni, qaysi mahalda qo’nim topganigacha aniqlikda berilgan. Ibrohim kuchini aniq tasavvur etish uchun «til» qo’lga olish ham rejalashtirilgan: «Ibrohim o’rdusidin ham mutavotir xabarlar kela boshladikim, bir kuruh-ikki kuruh ko’chub har yurtta ikki-uch kun maqom qila-qila keladur. Biz ham mutavajjih bo’lub, Shohoboddin ora ikki qo’nub, Juun daryosining yoqosig’a Sarsava to’g’risi kelib tushtuk. Xoja Kalonning navkari Haydarqulini til tuta yuborildi». Bobur jangga kirishishdan oldin bu yerning iqlimidan tortib, geografik sharoitigacha inobatga olgan.

Ana shu tadbirlar maromiga yetgandan so’ng urushni olib borishga hozirlik ko’riladi. Bunda Bobur avvalgi muhorabalarda orttirgan tajribasidan kelib chiqib, qurol-aslahasiga o’zgartishlar kiritadi, «Rum dasturi bila» harbiy arobalarni urushga moslaydi. Bu ish ancha vaqtni olsa-da, sabr bilan kutadi: «Rum dasturi bila arobalarning orasida zanjir o’rniga xomidin arg’amchilar eshib, bir-biriga bog’laydilar. Har ikki aroba orasida olti-yetti to’ra bo’lg’ay. Tufangandozlar bu aroba va to’ralarning keynida turub, tufang otqaylar. Bu asbobning tartibi jihatidin besh-olti kun bu yurtta tavaqquf bo’ldi».

«Boburnoma»dan keltirilgan yuqoridagi parcha harbiy san’atimiz tarixiga oid darslikka kiritilib, tahlil etilib, bugungi yosh zobitu askarlarga dastur sifatida taqdim etilishi lozim. E’tibor bersak, bunda Bobur muhoraba maydonida o’z lashkarlarining jang asnosida omon qolishini o’ylab, tufangchilardan so’ng piyoda va boshqa kuchlarni joylashtirganiga guvoh bo’lamiz. U mohir sarkarda sifatida g’alabaga eltuvchi bu rejasi bitmaguncha dushman sari intilishni ma’qul ko’rmagan. «Boburnoma»da harbiy qo’llanma va darsliklarga kiritish mumkin bo’lgan bunday misollar serob.

Ibrohim Lo’diyning ikki mingga yaqin urushqoq fili Boburni ko’p o’ylantiradi. Buning ustiga, jangovar kemalari ham dushmanning kuch jihatdan ustunligini ta’minlagan. Shu bois, u jangovar to’p yasash ustida jiddiy ishlaydi. Uning Usta Aliquli bilan birga olib borgan uzoq izlanishlari o’zining yuksak natijasini beradi: misli ko’rilmagan, 1500 — 2000 metrgacha bo’lgan nishonni urishga qodir to’plar yaratiladi. Bu aslahadan Ibrohim Lo’diyning to’pni ko’rmagan askarlari vahimaga tushadi, to’plardan g’animning kemalariga qattiq zarbalar beriladi: «Bir necha kun ko’pruk bog’laguncha ustod Aliquli yaxshilar tosh otti. Avvalg’i kun sekkiz tosh otti, ikkinchi kun o’n olti tosh otti».

Bobur urushga to’la-to’kis hozirlik ko’rgandan so’ng, oxirgi masalaga o’tadi, ya’ni bo’lajak muhorabani barcha bek, sulton va askarlari bilan maslahatlashib oladi. «Boburnoma»dagi dalillar shundan guvohlik beradiki, Bobur qaysi muhoraba, jang va to’qnashuvga bormasin, o’z qo’l ostidagilarining maslahatisiz ish ko’rmagan. Bugungi ibora bilan aytganda, harb ishini demokratik asosda olib borgan. Ayrim holatlarda u o’zi, hech
kimning fikrini qabul qilmay hukm chiqargan. Masalan, Hindistondagi yurishlaridan birini boshlash arafasida munajjimi uni jangga kirishdan to’xtatmoqchi bo’ladi. Biroq o’z kuchi, askarlari shijoatiga ishongan Bobur jasorat ko’rsatib, muhorabani boshlaydi va g’alabaga erishadi: «Muhammad Sharif munajjim shumnafas agarchi manga (ya’ni Boburga — H.Q.) aytur yorosi yo’q edi, har kimga yo’liqsa mubolag’alar bila aytur edikim: «Bu ayyomda Mirrix g’arb soridur, har kim bu tarafdin urushsa mag’lub bo’lur»… Aning bu parishon so’zlarig’a go’sh qilmay, qilur ishlarimizni tikilmay, urush ishida bajid va masof qilmoqqa mustaid bo’lduk».

Uning qo’l ostidagilari bilan bamaslahat ish ko’rishi ko’pincha yaxshi natijalar bilan tugagan, lashkarboshi sifatidagi obro’sining yuksalishiga sabab bo’lgan. Masalan, u Ahmad Tanbal bilan olib borgan urushning eng murakkab lahzasida o’z qarorini beklari bilan hamfikrlikda hal qilishni ma’qul ko’radi: «Urushqa ta’yin bo’lg’onlarni yerlik — yeriga turg’uzub, mashvarat qilmoqqa otamning go’rxonasiga kelib tushub, Jahongir Mirzoni ham tiladim. Muhammad Do’st yondi, Shayx Boyazid bila Qanbar Alibek keldilar. Maqbaraning janubiy ayvonida mashvarat qilmoqda eduk…»

Xullas, Ibrohim Lo’diyga qarshi urush boshlashdan oldin Bobur hammaning rizoligini oladi, bo’lajak qattiq urush sharoiti bilan beklarini tanishtirib, urush rejasini o’rtaga qo’yadi: «Va bu asbob va olot tayyor va mukammal bo’lg’ondan so’ng, tamom beklarni va so’z bilur o’bdon yigitlarni dag’i kengashiga tilab, om kengash qilib, ra’ylar munga qaror toptikim, Panipat shahredur, mahallot va uylari qalin, har taraf mahallot va uylar
bo’lur, yana atrofini aroba va to’ra bila berkitib, tufangandoz va yayoqni aroba va to’ra orqasida ta’yin qilmoq kerak».

«Boburnoma»da Panipat jangi batafsil bayon etilgan. Unda tadbirkor, ishbilarmon, mohir sarkarda, qo’rqmas jangchi Boburning ichki kechinmalari bilan birga, yuksak harbiy jasorati, muhoraba mahorati turli qirralarda o’z aksini topgan. Bu qonli, nisbatan uzoq muhoraba har ikkala tomon uchun ham hisobsiz qurbonliklarni «hadya» etgan.

Urush Bobur foydasiga hal bo’lib, u juda kam sonli lashkari bilan qariyb ikki yuz ming jangchi, kuchli harbiy aslaha va vositalarga ega Ibrohim Lo’diy ustidan g’alaba qozonadi. Muhorabada g’olib kelish uchun lashkar soni muhim emasligini, harbiy savod, mardlik va jasorat, idrok va ijodkorlik bilan birga sarkardaning yuksak insoniy fazilatlari, xiyonatga murosasizligini bosh omil deb hisoblagan Zahiriddin Bobur bu daf’a ham haq bo’lib chiqadi — uning harbiy nazariy qarashlari yana bir karra isbotini topadi.

Biz yuqorida Zahiriddin Muhammad Bobur harbiy mahoratining ayrim qirralarini yoritishga urindik, xolos. Buyuk sarkardaning harbiy iste’dodiga oid sinchiklab o’rganiladigan jihatlar ko’p. Urushning salbiy oqibati, bek va zobitlarning xiyonatkorligi, maqsadsiz urush — umr zavoli ekanligi, harbiy safarbarlik sirlari, oddiy askar jasorati va unga Boburning munosabati, qal’a qurish san’ati va uni berkitish muammosi, qo’rg’onning joyini tanlash sirlari, muhoraba olib borishda joyning strategik ahamiyati, armiya va oziqa zahirasi, asirga munosabat, harbiy hiylalar va uni o’rnida qo’llash, razvedka va parol, muhorabani boshqarishda shaxsning mavqei, davlat boshlig’ining yurt boshqarish layoqati va boshqa masalalar shular jumlasidan. Bular orasida eng diqqatga loyiq jihat — bu Zahiriddin Boburning jang maydonidagi shaxsiy jasorati mavzuidir.

M: «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2004-yil 7-soni

067

(Tashriflar: umumiy 218, bugungi 1)

Izoh qoldiring