Ibrohim G’afurov. Qodiriy siymosi. Badia

04   Адиб Қодирийнинг ҳаёти, асарлари, жуда катта миқёсда олиб борган ижтимоий-маданий фаолияти тўғрисида олимларнинг аллақанча тадқиқот китоблари, замондошларининг баҳарнав хотиралари битилган, аксар ўқувчиларимиз улардан имкон қадар хабардорлар, бунинг устига ўтган асрнинг то йигирманчи йилларининг бошларидан бери ҳали ҳанузгача бу улуғ адиб ижодиётининг қирралари ва хусусиятлари борасида адабиётшуносликда ранг-баранг баҳслар ҳам тугаган эмас, чўғи сўнган эмас, алангалар дам кўтарилиб, дам паса­йиб туради, лекин ҳозирги адабиётшуносликнинг илғор намояндалари бўлиб ўтган баҳс­ларни сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб, ўз одил баҳосини беришга муяссар бўлди.

007
Иброҳим Ғафуров
ҚОДИРИЙ СИЙМОСИ
008

Бизни қўйиб йироққа сабаб чопиб кетмишлар,
Ташлаб азми фироққа ажаб қочиб кетмишлар.
Маҳатма

077Бу Тошкентнинг энг пухта-пишиқ, режали, илдизи узоқ тарихий замонлар ва маконларга бориб тақалган хонадонларидан эди. Эл-юрт, маҳалла-кўй ўртасида катта обрў-эътибор қозонганди; албатта, обрў-эътиборга ҳеч қачон пуч ерда эришиб бўлмайди.

Хонадон аъзоларидан дев қоматли сарбозлар, саркардалар, бинокорлик ва ёғочсозлик усталари, давлатманд деҳқонлар, боғбонлар, дўкондорлар, савдогарлар, карвонбошилар, эл-юртнинг оқсоқоллари етишиб чиқардилар. Улар адолатсизликка йўл қўймайдиган, иймон-эътиқоддан оғишмайдиган, яхшиликка доим қайишадиган, қизиққон, ҳатто тажанг, чўрткесар одамлар эдилар. Қўллари ҳар ҳунарга келишар, диллари ҳам яхшиликларга пайваста эди, эл-юртга йўл кўрсатиш, тўғри маслаҳат беришга қодир эдилар.

Қодирмуҳаммад бобо даврининг ғоятда жўмард кишиларидан эди. Ўсмирлик ва йигитлик чоғларида бошидан жуда кўп саргузаштларни ўтказганди. Тошкент бекларининг энг атовли сарбозларидан бўлиб етишганди. Беклар энг мушкул, уқув ва идрок, довюраклик талаб қиладиган иш-юмушларни унга ишонишарди, ўтдан-сувдан ҳар доим бутун ва қуруқ чиқадиган йигит эди. Кези келса, дарёга узала ётиб отлиқ-пиёда шерикларини устидан нариги қир­ғоққа дам чиқармай, сув теккизмай ўтказарди, валлоҳу аълам.

Фавқулодда азамат одам бўлганлигига ёрқин битта мисол – у Абдуллани етмиш икки ёшга кирган чоғида кўрганди. Абдулла деб ўғлига исм қўйишига эса бошқа бир ғаройиб воқеа сабаб бўлганди.

Қодирмуҳаммад бобо бир куни илиқ кузакда офтобрўя айвонда аср намозидан сўнг Қуръон тиловат қилиб ўтирарди. У илгарилардан Қуръоннинг Марям сурасини севар ва бот-бот ўқирди. Мана бугун ҳам Марямга Худонинг хабари келганда .у қалби ийиб кўзёшларини тиёлмади, ҳиқиллаганча ўқийверди, “қола инни Абдуллоҳи отониял Китоба ва жаъалани набиян ва жаъалани муборакан…” оятига келганда бирдан сергакланди ва ўқишдан тўхтаб ўйланганча тек қотди.

“Мен Аллоҳ бандасиман, у менга китоб ато этти ва менга хабар етказди, яна мени барокатли қилди”(Марям, 30-31). Отам Ҳожимуҳаммад раҳматли менга Қодирмуҳаммад деб от қўйди… Аллоҳ мени сийлади, қадрли қилди. Хайриятки, Жосият бу кунларда пишиб турибдир… Худо хоҳласа ўғил туғади… қудратингдан ўргилай… мана исм… ул ўғилнинг исмини Аллоҳдан сўрагайман… ҳа, Абдулла бўлгай, мен битиролмаган ишларни ул аржуманди замона битиргай, иншоаллоҳ! У тиззасидаги китобни жигарранг сахтиён жилдга солди-да, пешонасига босиб сўнг ортидаги токчага қўйди.

Кузак қуёши афсонавий сарбозлардай мунтазам саф тортган адл тераклар ортига ботиб борарди, Қодир бобо яна боғ юмушларини давом эттиргали ўрнидан қўзғалди. Аммо оят оҳанрабоси ҳеч қулоғидан кетмас, бу таассурот узоқ давом этди. Башорат ичида яшайдиган поктийнат одам эмасми, кўп ўтмаёқ унинг этагига янги туғилган чақалоқни солишди ва падар унга Абдулла деб от қўйди. Қуръон ўзи башорат қилиб тургандан сўнг амрини адо этмасинми? Қодирмуҳаммад бобо анчагача суюниб, “Китоб ато этти, Китоб ато этти”, деб такрорлаб юрди. Ўғлининг тақдири ўшанда Қодирмуҳаммад бобога худди ойнада кўрингандай бўлган экан…

… Адиб Қодирийнинг ҳаёти, асарлари, жуда катта миқёсда олиб борган ижтимоий-маданий фаолияти тўғрисида олимларнинг аллақанча тадқиқот китоблари, замондошларининг баҳарнав хотиралари битилган, аксар ўқувчиларимиз улардан имкон қадар хабардорлар, бунинг устига ўтган асрнинг то йигирманчи йилларининг бошларидан бери ҳали ҳанузгача бу улуғ адиб ижодиётининг қирралари ва хусусиятлари борасида адабиётшуносликда ранг-баранг баҳслар ҳам тугаган эмас, чўғи сўнган эмас, алангалар дам кўтарилиб, дам паса­йиб туради, лекин ҳозирги адабиётшуносликнинг илғор намояндалари бўлиб ўтган баҳс­ларни сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб, ўз одил баҳосини беришга муяссар бўлди. Адолатни тиклади ва жойига қўйди. Бу жиҳатдан улуғ адибнинг муносиб фарзанди ёзувчи Ҳабибулла Қодирийнинг жуда катта ва узоқ изланишлари натижасида юзага чиққан хотира китоби, Умарали Норматов, Собир Мирвалиев, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Тоҳир Малик, Шуҳрат Ризаев, Хондамир сингари синчков, ҳалол адиб-тадқиқотчиларнинг илмий-бадиий асарлари, асл матнларни тиклаш, зарур изоҳлар билан таъминлаган ҳолда нашр қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама таҳсинга лойиқдир.

Бир қатор Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султон каби адибларнинг адибона таҳлиллари, талқинларини ўқиганда улуғ ёзувчи маҳоратининг такрорланмас қирралари ҳақида кутилмаган тасаввурлар ҳосил қиламиз, инсоний хусусиятларининг чўнг қатламларига янада чуқурроқ кириб боргандай бўламиз. Аммо Абдулла Қодирий адиб, инсон, жамоат арбоби, маърифатпарвар ҳамда тараққийпарвар сифатида мисоли шундайин бир қитъаким, бу қитъа олдида, унинг азимдан-азим ландшафти ичкариларида биз ўзимизни худди Робинзон каби сезамиз, Робинзон каби улуғ қитъа соҳилига қадам қўйиб даҳватан ақлимиз шошади, сўнг талафотда вайрон бўлган кемамизнинг эндиги ҳаётимизга ярайдиган, эндиги тириклигимиз учун асқотадиган заҳиралари, ускуналари, асбоб-ашқолларини соҳилимизга ташиб келтира бошлаймиз, ахир уларсиз тириклик–ҳаётни сақлаб туришликнинг сира ҳам иложи йўқ-да! Қодирий ҳақида ХХ асрнинг то 60-йилларигача бўлиб ўтган беҳад шармандаларча баҳсу мунозараларнинг мараз вайроналари узра янги озод, жасорат сўраб ўтирмайдиган, балки виждон-иймон амри билан далил ишлайверадиганлар бадиий-илмий тафаккурнинг том ориф қасрларини яратаверадилар деб тоза умидлана турамиз, албатта! Қодирий қиёфасига чизгилар! Қанчалар улуғ масъулият кўринади бу сўзларда!

Биз янги замонларнинг кишилари учун Абдулла Қодирий таржимайи ҳолининг жуда кўп томонлари, саҳифалари номаълум. Мисолига болалик чоғларида у маҳаллий эски мактабда бошланғич таълимни олганлигини манбалардан ўқиб билганмиз. Аммо у ўша эски маҳалла гузаридаги мактабда қандай ўқиганлиги, нималарни ўқиганлиги, илмга қандай қизиқишлари туғилганлиги ва шаклланганлиги, мактабга бирга қатнаган ёр-биродарлари, уни ўқитган домласи, хуллас, Қодирий маҳаллий мактабда қандай равишу ҳолда бўлганлигини мутлақо билмаймиз. Кейинроқ унинг рус-тузем деб аталмиш ярим европача усулдаги мактабда, ундан сўнг, ҳаммадан муҳимроғи, мадрасаларда, хусусан, Абулқосим мадрасасида қандай таҳсил олганлиги, кимлар унга устозлик қилганию қандай уфқлар кўз ўнгида гавдалана бошлагани ва яна унинг ҳаётининг худди мана шу даври доирасида кечган воқеалардан ҳеч хабаримиз йўқ. Гувоҳликлар йўқ, далолатлар қолмаган. Аммо одамнинг билгиси келади, ибратлар олгиси келади, улуғ инсон ва адиб, афсонавор курашчи ҳақидаги тасаввурларимизни бойитгимиз келади. Улуғ ибратли одамларимиз ҳақида жуда-жуда оз нарсаларни биламиз. Қаердан ўрнашган бизга бу эътиборсизлик! Инсоннинг шахсий тарихига менсимай қарашлик, ўта-ўта ҳафсаласизлик, парвосизлик!

Ҳабибулла Қодирийнинг “Отамдан хотира” китобида рус-тузем мактабида болакай Абдуллани айрим фанлардан ўқитган икки муаллимининг номлари ўша замон кишиларининг гувоҳликларида келтирилади. Ёш Абдулла жуда тийрак ва ўта қизиқувчан бўлганлиги, китоблар ўқишга ўчлиги ҳақида бир қанча маълумотлар бор. Жосият бибининг айтишларига қараганда, ёш Абдулланинг қўлидан қоғоз-қалам тушмас, кичкина бўла туриб катта-катта китобларни қўлтиқлаб юрар, кўчаларнинг деворлари, эшик-дарвозаларига ҳам ёзиб-чизиб машқ қилаверарди. У шундай қўлтиқлаб юрадиган катта китоблар орасида Навоий, Саъдий, Ҳофиз, Машраб, Ҳувайдо, Сўфи Оллоёр, “Ҳурилиқо”, “Чор дарвеш”, “Рустами достон”, “Жамшид”, “Искандарнома” сингарилар бўларди. Ёш Қодирийнинг юрагига китоб ишқи мустаҳкам ўрнашганди. У ёш чоғларидан Қуръон ва ҳадисларни шариллатиб ўқийверар, хотираси ғоятда кучли, зеҳни ўткир, саҳифа-саҳифа сўзларни ёд айтаверарди. Рус-тузем мактабида унинг хотираси янада чиниқди, турли-туман луғатлар билан ошно тутинди. Хотиранинг чиниқиши, ҳажмининг кенгайиши унда шу билан маҳкам боғлиқ бошқа бир қимматли хусусиятнинг куча­йишига олиб келди. У таажжубланарли даражада тез фикрларди. Русча, арабча, форсча сўзларнинг бадалларини тез ва аниқ топар, бу унга ғоятда завқли, қизиқ туюлар, ранг-баранг сўзлар дунё­си уни ўзига мафтун қилар, сўзларнинг маъноларини чақишга жуда ишқивоз эди.

Ёш Қодирийда ким аввало адабиёт, бадиий адабиёт, гўзал сўзга, илм-фанга, қадим жафокаш Туркистон тарихига қизиқиш уйғотдийкин? Ҳабибулла Қодирий тилга олган маълумотларга қараганда, ўша пайтлардаги Тошканд маданий-маърифий ҳаётида сезиларли ўрин ҳамда мавқе, обрў-эътиборга эга Тавалло, Камий, Мискин, Хислат сингари шоирлар Қодирийлар хонадони билан ёр-биродар, қариндош-уруғчилик ришталари билан боғлангандилар. Улар Қодирмуҳаммад бобони тарихий бир шахс, ҳатто қаҳрамон деб билар ва ҳурматини жойига қўяр, тез-тез уни кўргани келар, суҳбатларини соғинишар ва эъзозлардилар.

Уйдирмалар иш эмас. Кимга керак уйдирмалар! Аммо ёзувчилар уйдирмалар ичида ҳам яшайдилар, Пушкин каби уйдирмалар устида кўзёшларини ҳам тўкиб ўтирадилар. Во ажабо! Ёзувчилик бениҳоя ғаройиб бир ҳунар-да! Аммо биз Қодирий ҳақида уйдирмалар тўқимоқчи эмасмиз асло! Фақат айрим ҳолларда фараз усулидан фойдаланмоқчимиз. Коинотни тушунтиришда эҳтимоллик назариясидан муваффақият билан фойдаланишади-ку ахир. Ҳа, эҳтимолликдан келиб чиқиб фараз қилмоқчимиз. Фараз керак! Рост, фараз ҳақиқат бўлолмайди. Аммо ҳақиқатнинг манзилини анча яқинлаштиради. Бутунлай номаълумликдан ҳар қалай фараз яхшироқ.

Фараз ҳуқуқидан фойдаланиб, биз ёш Қодирийда адабиётга ҳавасни шу уч нажиб зот – Тавалло, Камий, Мискин уйғотишган, унинг илк машқларини кў­ришган, йўл-йўриқлар кўрсатишган ва ҳатто матбуот дунё­сига олиб киришган, Беҳбудий, Мунавварқори ҳазратлари, Убайдулла Асадуллахўжаев, Авлоний ва бошқа таниқли кишилар, уларнинг нашрлари билан таништиришган эдилар. Ажаб эмаски, ёш Қодирийнинг илк шеърлари Камий ва айниқса, Таваллонинг шеърларига ғоятда ҳамоҳанг, усул ва мавзу, уларнинг ечимларига кўра ғоятда ўхшаш ҳамда яқин. Булар ёш Қодирийга устозлик қилдилар деб баралла айтиш мумкин. Шулар файзидандирки, ёш Қодирий ўша пайтлар чиқиб турган рус, татар, ўзбек газета-журналларини ўқишни ўрганди, миясининг тархлари очилиб кетди. Айниқса, Беҳбудийнинг мақолаларига ошуфта бўлди, уларни ёд олди. Шундай нарсалар ҳақида, шундай қилиб ёзишга тоза ҳавасланди. Бу нарса айниқса, 20-йилларнинг кучли суронлари ва баҳслари бошланганда ва Қодирий бутун кучини журналистикага, ҳар куни минг турланиб ўзгариб турадиган, замон ва унинг талотумлари саҳифаларидан Амударё сувидай қирғоқларни ўпириб, ашаддий лойқаланиб оқиб ўтадиган матбуотга бағишлаганда, алангали фельетонлар, илгари ҳеч мисли кўрилмаган кулги-ҳажв асарлар ёзишга ва ҳажв асарлари билан жамиятдаги турли ҳодисаларга фаол таъсир кўрсатиш, ислоҳотларни жадаллаштиришга ғайрат қилганда, жуда асқотди.

У Беҳбудийнинг луғат бойлигига эргашди, унинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотчилик фикрлари ҳамда ғояларини қўллаб-қувватлаб, энг яхши маънода давом эттирди. У рус-тузем мактабида ўқиб юрганидаёқ ўша пайтларда чиқадиган газета ва журналларни қизиқиб ўқий бошлаган, отасининг мактабга кетаётганда аста киссасига солиб қўядиган танга-чақага Чорсудаги Шариф Охунднинг китоб-газета дўконидан янги чиққан турли газеталарни сотиб олар, сўнг боғда, сариқ-қора толлар тагидаги кўкалам сўрида мук тушиб ўқирди. Газеталарнинг мақолаларидан у жуда қаттиқ ҳаяжонга тушар, газеталар ўқувчиларни ўз саҳифаларида қатнашиб туришга доимий чақириб туришганидан фикрлари жунбушга келар, кўксида аллақандай ёзишга тўхтатиб бўлмас бир ғалати иштиёқ уйғонар, даъватларга дарров ва пайдарпай жавоб бергиси келарди. У анча яхшигина саводхон бўлиб мактабни мақтовларга сазовор ҳолда битиргач, кумуш соат билан тақдирланди-да, кўп ўтмай, Расулмуҳаммадбой деган катта саховатпеша читфурушнинг қўлида гумашта-приказчик бўлиб хизматга киришди. У Расулмуҳаммадбойнинг барча савдо-сотиққа тааллуқли ҳисоб-китоб­ларини тайёрлар, унинг Чорсудаги читфурушлик рас­тасидаги дўконида савдо билан боғлиқ турли-туман юмушларни бажарарди.

Дўконга Камий, Мискин, Хислат, Тавалло ва яна бошқа кўп ўқимишли, саводхон кишилар кириб туришар, бир пиёла чой устидаги гурунглар ғоятда қизғин ва мароқли ўтар, дунё хабарлари, жаҳон муҳорабаси, жадидларнинг маориф соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, шу кунларда Чорсу бозорига қайси ўлкадан, шаҳарлардан қандай товарлар тушгани, нарх-наволар қандай бўлаётгани, жаҳон урушининг Тошканд ва умуман жамики Туркистон билоди турмушига таъсири, қайси газетада қандай мақола чиққани, қайси мамлакатдан қандай китоблар, газета ва журналлар карвонлар орқали келгани, Таваллонинг “Равнақ ул-ислом” китоби қандай ўқилаётгани, уламоларнинг бундай китоб­лардан норози бўлиб, уларда ифодаланган фикрлар ва ғояларга қарши чиқишаётгани устида муноқаша ўтарди.

   Мавлоно Тавалло, Мискин ва ўзга шеър аҳбоблари йиғилганларни дам йиғлатиб, дам кулдириб шу кеча-кундузда битган байту ғазалларини ажиб қироат билан ўқишарди. Оҳ-воҳлар, бўғотларни бузиб туширгудек қаҳ-қаҳалар дам-бадам янграрди.

Кеча Чорсу майдонидаги дор ўйинлари ва гавжум беш сада қайрағоч тагидаги чойхонада ҳофизларнинг мусобақаси бўлгани, унда бир турк ҳофизи улоқни олгани, унинг: “ кандими кандима душман эттингиз, сиза сўйланажак сўзим йўқолти…”деган жонларни куйдирувчи сўзларини эслашар ва аксар кўз ёшларини тийишолмасди.

  Шундай ҳар куни бўладиган гурунгларда ёш Қодирийнинг қулоғига “жадид”, “маориф”, “истибдод”, “тенглик”, “озодлик”, “тараққий”, “миллат”, “миллатпарварлик”, “маърифат” ва “маърифатпарварлик”, “инқилоб” сингари сўзлар, тушунчалар ўрнашди. Қодирий мана шундай гурунгларда савдо аҳли, шуаро, муаллим ва мастеровойлар дунё янгиликларига ўч бўлишларини билди. Савдонинг равнақи, одамларнинг қизиқишлари дунёнинг аҳволига чамбарчас боғлиқ экан-да. Шундай дўкондаги суҳбатлардан ва қолаверса, газеталар хабарларидан у Колизей деган театрда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг “Падаркуш” деган пиесаси ўйналаётганини билди ва бу пиесани бир қанча яқин тенг-тўшлари билан бирга томоша қилди. Унинг ўзи ҳам, дўстлари ҳам томошадан қаттиқ мутаассир бўлдилар, ёш Қодирийнинг мияси ағдар-тўнтар бўлиб кетди рости. Улар бундай ғаройиботга биринчи марта дуч келишлари эди.

Албатта, театру деган томоша борлиги ҳақида илгари ҳам ўқишган, эшитишган эди, лекин театру бунчалар ғаройиб бўлишини асло хаёлларига ҳам келтиришмаган эди. Улар ҳаммалари театрда худди туш кўраётгандай бўлиб ўтирдилар.

Ёш Қодирий жойида ўтиролмай қолди: унинг хаёлида ўзи ҳаётда шу кунларда ҳам ҳар қадамда учратиб турган турли фожиали воқеалар ғужғон ўйнаб чарх урар, худди кўз ўнгида рўй бераётгандек гавдаланарди. Театрдан сўнг улар камоли оҳ-воҳ қилишиб, Чорсуга пиёдалаб қайтишди, кўчама-кўча баланд қилиб тунги Тошканд осмонини жаранглатиб ашулалар айтиб боришди. Улар ўзларини зарғалдоқ қушдай енгил сезишар, учиб кетаётгандек эдилар. Ёш Қодирий бу пайтда ҳали йигирмага кирган ё кирмаганди.

У эрталаб нонуштада ота-онасига театру таассуротларини ҳикоя қилиб берди. Ҳали тетик ва бақувват чол-кампир эшитиб оғизлари очилиб қолди: “Вой, Абди тушмагур-ей, вой паранг болам-ей”, дейишарди улар. Маорифга, янгиликка бағирлари очиқ одамлар эди улар. Шунча ёшга кирганларига қарамай, уларни сира эски қари одамлар деб бўлмасди. Ёш Қодирий ота-онасининг салиқалари тийрак, соғлом фикр тарафдори эканликларидан жуда завқланарди, яхшиям мана шундай ота-онадан худо мени дунёга келтирган, деб қувонарди. У ғоятда ўз фикрли, мустақил сажияли бўлиб тарбияланган эди-ю, шунинг билан бирга ҳамиша ота-онасига суянар, улар билан ўзини қалъадор деб ҳис қиларди. “Падаркуш”нинг ҳаяжонлари таъсирида у бир ҳафта ўтириб биринчи драмаси “Бахтсиз куёв”­ни ёзди. Бундан шундай завқландики, ҳеч нари-бериси йўқ. Ёзиб бўлгач, катта ёшли дўст-раҳнамолари Авлоний, Тавалло, Мискин, Хислатларга янги асарини томоғига бир нарса тиқилгандай бўлиб ўқиб берди. Раҳнамо дўстлар ҳайратланиб тасаннолар айт­дилар, фақат пиесада битта замонавий янгича фикрлайдиган, халққа тўғри йўл кўрсатоладиган одам ҳам бўлсин, хусусан маҳалла оқсоқоли элликбоши шундай яхши насиҳат беришга қодир киши бўла олди, дедилар. Бу фикр ёш муаллифга мойдай ёқди: маслаҳат ўринлагач, бу пьесани жонлантирди, маърифатчиликка урғу берди, одамлар кўнглида турган, шу кунларда ҳавода кезиб юрган гаплар акс-садосини топди. Пьесани тезда театруда қўйиш, бу ишни қандай ва кимлар билан бажаришни батафсил келишиб олдилар.

Тараққийчилар ғоятда ғайратли иш одамлари бўлганликлари боис пиеса узоққа бормай саҳнада ўйналди ва ёш Қодирийга катта шуҳрат келтирди; унинг номи Тошканддагина эмас, Туркистонда ва бошқа ўлкаларда ҳам танилди. Қодирий ўшанда “энди мусанниф бўлдим-ов”, деб ўйлаб суюнган эди. “Бахтсиз куёв”нинг тили ғоят ширали, ёқимли ва энг муҳими, оддий кишиларга тушунарли эди. Уларнинг ўзлари шунда тилда сўзлашар ва шунинг учун юракларига жуда яқин олардилар. Унда кўтарилган маиший, ахлоқий, миллий масалалар ўша вақтларда ҳақиқатан одамларга яқин, уларни қаттиқ ўйлатарди. Қодирийнинг бирин-кетин чиққан “Жувонбоз”, “Улоқда”, “Жинлар базми” ҳикоялари жамоатчиликнинг эътиборига тушди. Ўша пайтнинг одамлари уларни астойдил қидириб ўқидилар.

Бир нарсани таъкидлаб ўтайликки, ушбу илк реалистик-маърифий асарларнинг воқеалари, қаҳрамонлари дам сайин ишонтириб, ўз борлиғига жазб этиб боради. Ўтган аср­да Андре Стиль деган француз носир адиби адабиёт нима фойда келтиради деган саволга жавоб бераркан, “биз одамларга гўзал тонг ваъда қилолмаймиз, аммо уларни барвақт уйғотишимиз мумкин”, деб айтган эди. Албатта бадиий адабиёт одамларнинг қўйнини пуч ёнғоқ билан тўлдирмаслиги керак, одамларни ҳавойи орзулар, ҳавойи сўзлар билан лақиллатишдан ўзини тийиши керак. Ҳақиқатан, унинг энг олижаноб вазифаларидан бири одамларни ҳаётга ундаш – барвақт уйғотиш. Ўтган аср арафаси ва бошида бизнинг маорифчи тараққийпарварларимиз колониализмнинг янги халқаро шароитида истибдод остида қолган мазлум халқни ўз иллатларини таниб олиш, ўз олдига янги йирик ижтимоий сиёсий, маърифий, маданий, ахлоқий мақсад ҳамда вазифалар қўйиши, яъни ўзини ва аъмолларини охир-оқибат тугал англаб олишга эришишни энг катта ва муҳим ижтимоий-сиёсий иш деб қараган, бутун куч-қудратлари, салоҳиятларини ана шунга сафарбар қилган эдилар. Қодирий ўн саккиз ёшга кирганда мана шуларни тўла ўз маслаги этиб танлади. Сал ўтмай бу маслак тараққийпарварлик ҳамда миллатпарварлик билан бойиб, эътиқод ва онгли дунёқараш тусини олди. ХХ асрнинг 17-йилларидан сўнг ушбу ортга қайтмас эътиқод ҳамда дунёқараш мағзига замон тақозоси билан социалистик ва демократизм ғоялари кириб келиб, мустаҳкам ўрнашди.

Ёзувчилар кўпинча ўткир кузатувчи бўладилар. Ёзувчи бўлишлари учун кўпинча уларга шу кузатувчиликнинг ўзи кифоя қилади. Кузатувчи ёзувчилар одатда воқеликка фаол аралашмайдилар. Аммо Абдулла Қодирий ва унинг теварагидаги маслакдошлари фақат кузатувчи эмасдилар. Ҳолбуки, Абдулла Қодирий табиатан теран кузатувчанлик салоҳиятига эга эди. Лекин ҳеч қачон фақат кузатувчанлик билан чекланиб юрмасди. У муборизнинг муносиб фарзанди – ҳаёт жабҳаларининг фаол иштирокчиси ва фаол таъсир кўрсатувчиси, таъсир юргизувчиси эди. Ўша давр ҳаётининг қайси бир томонини олиб қараманг, у жамият, халқ ҳаёти марраларида жон куйдирувчилик билан иштирок этганлигини кўрамиз. Сарбознинг ўғлида ғайрат ва шижоат туғма эди.

Бунинг устига тақдир унга тайёрлаган нарсаларни кўринг. Қисқа бир вақт ичида метрополияда 1905, 1917 йил февраль, октябрь инқилоблари рўй берди, шу давр ичида биринчи жаҳон уруши бошланиб кетди ва бунда Россия ҳам қон кечишга мажбур бўлди. Бу Қодирийнинг ўн икки – йигирма уч ёшлари: маҳалла-гузар мактаби, рус-тузем мактаби, мадраса таълими: рус, араб, форс, турк, қадимги туркий тилни қунт билан ўрганиш ва ҳар томонлама эгаллаш даври. Ўз даврининг барча матбуотини диққат билан кузатиш, Россия, Туркия, Қрим, Озарбойжон, Эрон, Ҳиндис­тон, Татаристондан келаётган нашрларни битта қўй­май ўқиш, ўлка тарихи қатламларига қизиқиш, Тошканднинг барча китоб­дорлари билан танишиш, улар билан яқиндан ошначилик, ҳамкорлик, ҳар куни шаҳарнинг барча эски ва янги китоб дўконлари, расталарини канда қилмай кезиш ва қадим Тошкандни синчиклаб ўрганиш – мана ёш Қодирийни 1905 – 1917 йиллар орасида қаттиқ қовурган, пишитган, чиниқтирган, қатлам-қатлам билимлар келтирган, ижтимоий-инсоний-маданий қовурган муҳит! Мана шуларга кўра биз Қодирийни гарчи русники бўлса ҳам, уч инқилобнинг маҳсули, натижаси, таъбир жоиз бўлса, фарзанди деб айта оламиз. Ҳатто ғойибона эса-да, биринчи жаҳон муҳорабасида ҳам қатнашди дея оламиз, зеро, бу жасур йигитнинг хаёли қонли жанглар кетаётган майдонларда эди. Бу хаёллар кейинчалик маш­ҳур Обид кетмоннинг тақдир чизиқларида ҳам маълум даражада ўз аксини топди. Қодирийнинг характеридан келиб чиқадиган бўлсак, у ўтмиш ота-боболар тарихига қаттиқ қизиқаркан, тарихий китобларни мук тушиб ўқиш билан бир вақтда у Тошканднинг етти улуғвор тепаларини айланиб чиқди, бу тепаларда қадимлар қоровул қўрғонлари бўлар, улар шаҳар ҳимоясида сергак турардилар. Сирдарё, Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари бўйларини уларнинг ҳар иккала соҳиллари бўйлаб пойи пиёда ўтди, қадим шаҳристонлар харобаларини кўрди, улар вайроналарида узоқ-узоқ хаёлга ботиб ўтирди: булардан мақсад ота юрт ғояси, руҳини шимириш, баданига сингдириш эди.

У гоҳ ёлғиз, гоҳ аҳли дил дўстлари билан Тошканднинг чин қон томири бўлган Бўзсув, Бўржар, Салор, Дархон, Анҳор, Кайковуз (халқ тилида Калковуз), Заҳариқ, Золариқларни бошдан-оёқ пиёда босиб ўтди, хонлар замонларидан қолган қадим мевазор боғлар, шаҳарликларнинг Тошканд теварагида, Чимкат, Сайрам, Авлиёота, Пискент, Паркент, Хўжакент, Хондайлиқ, Хумсон, Оҳангарон, Олмалиқ сингари обод ва кентларда барпо қилган бепоён боғлари, экинзорлари, истироҳатгоҳлари, отчопарлари, жанггоҳларини, бозорларини ҳормай-толмай айланди: шунда яхлит юрт туйғуси жону бағрида пайдо бўлди. Шунда у ота-боболар юрти муҳаббати нималигини аён билди ва аён ҳис қилди: ўқиган турли тарих китоблари ва айниқса “Мунтаҳаб…” ва “Тарихи жадидаи Тошканд” янада тушунарли бўлди. (Муҳаммадҳакимхон тўра ҳамда Муҳаммад Солиҳнинг машҳур тарихий асарлари). Ёш адибда тарих ва юрт туйғуси туғёнга келди!

Инқилоблар даврлари адиблари алғов-далғовлар ичида муттасил яшаганлари учунмикин, халқнинг ҳолини чуқурроқ тушунадилар, ижтимоий тўлқинларда фаолроқ қатнашадилар, ранг-баранг ғояларни илгари сурувчан, баҳсларга берилувчанроқ ва ўз фикр-аъмолларида қатъиятлироқ, жанговар позицияларда саботлироқ турадилар. ХIХ аср авваллари француз инқилоблари даврида ижодлари гуркираган Александр Дюма, Виктор Ҳюго, Стендалда мана шундай кенг миқёсларда қанотларини уфқларга ёзиб, маданият ва адабиёт яратиш ҳодисаларини кўриш мумкин. Улар француз инқилоблари замонларида жамият ва тарихга кучли таъсир кўрсатадиган улуғвор эпопеялар яратган эдилар. Франция албатта эркин қироллик мамлакати эди; Ўзбекистон эса истибдод занжирида яшарди. Дюманинг эркин парвозлари билан, қолаверса “Уч сарбоз” билан , ёки Ҳюгонинг “93-йил”и билан истибдод исканжасидаги, фикрлари ва ихтиёри занжирланган Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ё “Меҳробдан чаён”ни тўлақонли чоғиштириш қийин.Талантларнинг табиатида қариндошлик, яқинлик бор эса-да, лекин барибир бадиий ёндошувларнинг миқёслари тугал бошқача. Аммо миллатнинг шаклланишидаги, ўзини тарихан англаб етишдаги ролига, аҳамиятига кўра, инқилоблар вақтининг ёдгорликлари бўлганига кўра бу асарлар жаҳон адабиёти саҳнасида ёнма-ён туради. Бу асарлар мабодо саодатли тасодиф билан француз тилига айтайлик, улуғ Айтматовнинг “Жамила”си ёки “Биринчи муаллим”и сифати даражасида ёрқин ва ҳаққоний таржима қилиниб, нашр этилганда, айтайлик, Луи Арагон миқё­сидаги адиб француз ўқувчиларининг эътиборини уларга қаратганда эди, балки, Қодирий асарлари ҳам “Уч сарбоз” каби ҳали ҳанузгача зўр қизиқиш билан ўқиб келинган бўларди…

Аммо бу ҳам бир адабий фараз-да…Ўрнига ва вақтига қараб эҳтимолдан узоқ бўлмаган фикрни айтиш айб эмасдир, балким. Хусусан мен Қодирий романларини ҳаётимнинг турли фаслларида қандай муккамдан кетиб ўқиган бўл­сам, “Уч сарбоз”, “ Қизил ва қора”, “Парма ибодатхонаси”, ё Валтер Скоттнинг “Қора валломат” ё “Квентин Дорвард” сингари улуғ романларини шундай бош кўтармай, мутолаа қилганман. Мана шу қизиқиб, мук тушиб ўқиш бу асарларни яқинлаштирмайдими, тенглаштирмайдими? Аммо миллат тақдирида ўйнаган ролининг миқёсига қараганда “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” улардан кўра анча юксакроқ, адабиётнинг ижтимоий қимматига кўр­камроқ жавоб беради.

Ҳа, Абдулла Қодирий ҳақиқатан ҳам, уч рус инқилоби юзага чиқарган, уч инқилоб ёзувчиси. Шунинг учун унинг юрагида социалистик ғоя­ларнинг анча чуқур ўрнашганлигига табиий инқилобий ҳол деб қарамоқ жо­йиз. Унинг тақдирида уч инқилоб юзага чиқарган бир қатор рус адиблари (мисол учун Михаил Булгаков, Михаил Зошченко…) тақдирларида ҳам ўхшашликлар кузатилади… Буларни ва жумладан Қодирийни шу инқилоблар ёзувчи қилиб етиштирди.

084

007
Ibrohim G’afurov
QODIRIY SIYMOSI
008

Bizni qo’yib yiroqqa sabab chopib ketmishlar,
Tashlab azmi firoqqa ajab qochib ketmishlar.
Mahatma

088Bu Toshkentning eng puxta-pishiq, rejali, ildizi uzoq tarixiy zamonlar va makonlarga borib taqalgan xonadonlaridan edi. El-yurt, mahalla-ko’y o’rtasida katta obro’-e’tibor qozongandi; albatta, obro’-e’tiborga hech qachon puch yerda erishib bo’lmaydi.

Xonadon a’zolaridan dev qomatli sarbozlar, sarkardalar, binokorlik va yog’ochsozlik ustalari, davlatmand dehqonlar, bog’bonlar, do’kondorlar, savdogarlar, karvonboshilar, el-yurtning oqsoqollari yetishib chiqardilar. Ular adolatsizlikka yo’l qo’ymaydigan, iymon-e’tiqoddan og’ishmaydigan, yaxshilikka doim qayishadigan, qiziqqon, hatto tajang, cho’rtkesar odamlar edilar. Qo’llari har hunarga kelishar, dillari ham yaxshiliklarga payvasta edi, el-yurtga yo’l ko’rsatish, to’g’ri maslahat berishga qodir edilar.

Qodirmuhammad bobo davrining g’oyatda jo’mard kishilaridan edi. O’smirlik va yigitlik chog’larida boshidan juda ko’p sarguzashtlarni o’tkazgandi. Toshkent beklarining eng atovli sarbozlaridan bo’lib yetishgandi. Beklar eng mushkul, uquv va idrok, dovyuraklik talab qiladigan ish-yumushlarni unga ishonishardi, o’tdan-suvdan har doim butun va quruq chiqadigan yigit edi. Kezi kelsa, daryoga uzala yotib otliq-piyoda sheriklarini ustidan narigi qir­g’oqqa dam chiqarmay, suv tekkizmay o’tkazardi, vallohu a’lam.

Favqulodda azamat odam bo’lganligiga yorqin bitta misol – u Abdullani yetmish ikki yoshga kirgan chog’ida ko’rgandi. Abdulla deb o’g’liga ism qo’yishiga esa boshqa bir
g’aroyib voqea sabab bo’lgandi.

Qodirmuhammad bobo bir kuni iliq kuzakda oftobro’ya ayvonda asr namozidan so’ng Qur’on tilovat qilib o’tirardi. U ilgarilardan Qur’onning Maryam surasini sevar va bot-bot o’qirdi. Mana bugun ham Maryamga Xudoning xabari kelganda .u qalbi iyib ko’zyoshlarini tiyolmadi, hiqillagancha o’qiyverdi, “qola inni Abdullohi otoniyal Kitoba va ja’alani nabiyan va ja’alani muborakan…” oyatiga kelganda birdan sergaklandi va o’qishdan to’xtab o’ylangancha tek qotdi.

“Men Alloh bandasiman, u menga kitob ato etti va menga xabar yetkazdi, yana meni barokatli qildi”(Maryam, 30-31). Otam Hojimuhammad rahmatli menga Qodirmuhammad deb ot qo’ydi… Alloh meni siyladi, qadrli qildi. Xayriyatki, Josiyat bu kunlarda pishib turibdir… Xudo xohlasa o’g’il tug’adi… qudratingdan o’rgilay… mana ism… ul o’g’ilning ismini Allohdan so’ragayman… ha, Abdulla bo’lgay, men bitirolmagan ishlarni ul arjumandi zamona bitirgay, inshoalloh! U tizzasidagi kitobni jigarrang saxtiyon jildga soldi-da, peshonasiga bosib so’ng ortidagi tokchaga qo’ydi.

Kuzak quyoshi afsonaviy sarbozlarday muntazam saf tortgan adl teraklar ortiga botib borardi, Qodir bobo yana bog’ yumushlarini davom ettirgali o’rnidan qo’zg’aldi. Ammo oyat ohanrabosi hech qulog’idan ketmas, bu taassurot uzoq davom etdi. Bashorat ichida yashaydigan poktiynat odam emasmi, ko’p o’tmayoq uning etagiga yangi tug’ilgan chaqaloqni solishdi va padar unga Abdulla deb ot qo’ydi. Qur’on o’zi bashorat qilib turgandan so’ng amrini ado etmasinmi? Qodirmuhammad bobo anchagacha suyunib, “Kitob ato etti, Kitob ato etti”, deb takrorlab yurdi. O’g’lining taqdiri o’shanda Qodirmuhammad boboga xuddi oynada ko’ringanday bo’lgan ekan…

… Adib Qodiriyning hayoti, asarlari, juda katta miqyosda olib borgan ijtimoiy-madaniy faoliyati to’g’risida olimlarning allaqancha tadqiqot kitoblari, zamondoshlarining baharnav xotiralari bitilgan, aksar o’quvchilarimiz ulardan imkon qadar xabardorlar, buning ustiga o’tgan asrning to yigirmanchi yillarining boshlaridan beri hali hanuzgacha bu ulug’ adib ijodiyotining qirralari va xususiyatlari borasida adabiyotshunoslikda rang-barang bahslar ham tugagan emas, cho’g’i so’ngan emas, alangalar dam ko’tarilib, dam pasa­yib turadi, lekin hozirgi adabiyotshunoslikning ilg’or namoyandalari bo’lib o’tgan bahs­larni saragini sarakka, puchagini puchakka ajratib, o’z odil bahosini berishga muyassar bo’ldi. Adolatni tikladi va joyiga qo’ydi. Bu jihatdan ulug’ adibning munosib farzandi yozuvchi Habibulla Qodiriyning juda katta va uzoq izlanishlari natijasida yuzaga chiqqan xotira kitobi, Umarali Normatov, Sobir Mirvaliev, Naim Karimov, Begali Qosimov, Tohir Malik, Shuhrat Rizaev, Xondamir singari sinchkov, halol adib — tadqiqotchilarning ilmiy-badiiy asarlari, asl matnlarni tiklash, zarur izohlar bilan ta’minlagan holda nashr qilish yo’lidagi sa’y-harakatlari har tomonlama tahsinga loyiqdir.

Bir qator O’tkir Hoshimov, Xayriddin Sulton kabi adiblarning adibona tahlillari, talqinlarini o’qiganda ulug’ yozuvchi mahoratining takrorlanmas qirralari haqida kutilmagan tasavvurlar hosil qilamiz, insoniy xususiyatlarining cho’ng qatlamlariga yanada chuqurroq kirib borganday bo’lamiz. Ammo Abdulla Qodiriy adib, inson, jamoat arbobi, ma’rifatparvar hamda taraqqiyparvar sifatida misoli shundayin bir qit’akim, bu qit’a oldida, uning azimdan-azim landshafti ichkarilarida biz o’zimizni xuddi Robinzon kabi sezamiz, Robinzon kabi ulug’ qit’a sohiliga qadam qo’yib dahvatan aqlimiz shoshadi, so’ng talafotda vayron bo’lgan kemamizning endigi hayotimizga yaraydigan, endigi tirikligimiz uchun asqotadigan zahiralari, uskunalari, asbob-ashqollarini sohilimizga tashib keltira boshlaymiz, axir ularsiz tiriklik–hayotni saqlab turishlikning sira ham iloji yo’q-da! Qodiriy haqida XX asrning to 60-yillarigacha bo’lib o’tgan behad sharmandalarcha bahsu munozaralarning maraz vayronalari uzra yangi ozod, jasorat so’rab o’tirmaydigan, balki vijdon-iymon amri bilan dalil ishlayveradiganlar badiiy-ilmiy tafakkurning tom orif qasrlarini yarataveradilar deb toza umidlana turamiz, albatta! Qodiriy qiyofasiga chizgilar! Qanchalar ulug’ mas’uliyat ko’rinadi bu so’zlarda!

Biz yangi zamonlarning kishilari uchun Abdulla Qodiriy tarjimayi holining juda ko’p tomonlari, sahifalari noma’lum. Misoliga bolalik chog’larida u mahalliy eski maktabda boshlang’ich ta’limni olganligini manbalardan o’qib bilganmiz. Ammo u o’sha eski mahalla guzaridagi maktabda qanday o’qiganligi, nimalarni o’qiganligi, ilmga qanday qiziqishlari tug’ilganligi va shakllanganligi, maktabga birga qatnagan yor-birodarlari, uni o’qitgan domlasi, xullas, Qodiriy mahalliy maktabda qanday ravishu holda bo’lganligini mutlaqo bilmaymiz. Keyinroq uning rus-tuzem deb atalmish yarim yevropacha usuldagi maktabda, undan so’ng, hammadan muhimrog’i, madrasalarda, xususan, Abulqosim madrasasida qanday tahsil olganligi, kimlar unga ustozlik qilganiyu qanday ufqlar ko’z o’ngida gavdalana boshlagani va yana uning hayotining xuddi mana shu davri doirasida kechgan voqealardan hech xabarimiz yo’q. Guvohliklar yo’q, dalolatlar qolmagan. Ammo odamning bilgisi keladi, ibratlar olgisi keladi, ulug’ inson va adib, afsonavor kurashchi haqidagi tasavvurlarimizni boyitgimiz keladi. Ulug’ ibratli odamlarimiz haqida juda-juda oz narsalarni bilamiz. Qaerdan o’rnashgan bizga bu e’tiborsizlik! Insonning shaxsiy tarixiga mensimay qarashlik, o’ta-o’ta hafsalasizlik, parvosizlik!

Habibulla Qodiriyning “Otamdan xotira” kitobida rus-tuzem maktabida bolakay Abdullani ayrim fanlardan o’qitgan ikki muallimining nomlari o’sha zamon kishilarining guvohliklarida keltiriladi. Yosh Abdulla juda tiyrak va o’ta qiziquvchan bo’lganligi, kitoblar o’qishga o’chligi haqida bir qancha ma’lumotlar bor. Josiyat bibining aytishlariga qaraganda, yosh Abdullaning qo’lidan qog’oz-qalam tushmas, kichkina bo’la turib katta-katta kitoblarni qo’ltiqlab yurar, ko’chalarning devorlari, eshik-darvozalariga ham yozib-chizib mashq qilaverardi. U shunday qo’ltiqlab yuradigan katta kitoblar orasida Navoiy, Sa’diy, Hofiz, Mashrab, Huvaydo, So’fi Olloyor, “Huriliqo”, “Chor darvesh”, “Rustami doston”, “Jamshid”, “Iskandarnoma” singarilar bo’lardi. Yosh Qodiriyning yuragiga kitob ishqi mustahkam o’rnashgandi. U yosh chog’laridan Qur’on va hadislarni sharillatib o’qiyverar, xotirasi g’oyatda kuchli, zehni o’tkir, sahifa-sahifa so’zlarni yod aytaverardi. Rus-tuzem maktabida uning xotirasi yanada chiniqdi, turli-tuman lug’atlar bilan oshno tutindi. Xotiraning chiniqishi, hajmining kengayishi unda shu bilan mahkam bog’liq boshqa bir qimmatli xususiyatning kucha­yishiga olib keldi. U taajjublanarli darajada tez fikrlardi. Ruscha, arabcha, forscha so’zlarning badallarini tez va aniq topar, bu unga g’oyatda zavqli, qiziq tuyular, rang-barang so’zlar dunyo­si uni o’ziga maftun qilar, so’zlarning ma’nolarini chaqishga juda ishqivoz edi.

Yosh Qodiriyda kim avvalo adabiyot, badiiy adabiyot, go’zal so’zga, ilm-fanga, qadim jafokash Turkiston tarixiga qiziqish uyg’otdiykin? Habibulla Qodiriy tilga olgan ma’lumotlarga qaraganda, o’sha paytlardagi Toshkand madaniy-ma’rifiy hayotida sezilarli o’rin hamda mavqe, obro’-e’tiborga ega Tavallo, Kamiy, Miskin, Xislat singari shoirlar Qodiriylar xonadoni bilan yor-birodar, qarindosh-urug’chilik rishtalari bilan bog’langandilar. Ular Qodirmuhammad boboni tarixiy bir shaxs, hatto qahramon deb bilar va hurmatini joyiga qo’yar, tez-tez uni ko’rgani kelar, suhbatlarini sog’inishar va e’zozlardilar.

Uydirmalar ish emas. Kimga kerak uydirmalar! Ammo yozuvchilar uydirmalar ichida ham yashaydilar, Pushkin kabi uydirmalar ustida ko’zyoshlarini ham to’kib o’tiradilar. Vo ajabo! Yozuvchilik benihoya g’aroyib bir hunar-da! Ammo biz Qodiriy haqida uydirmalar to’qimoqchi emasmiz aslo! Faqat ayrim hollarda faraz usulidan foydalanmoqchimiz. Koinotni tushuntirishda ehtimollik nazariyasidan muvaffaqiyat bilan foydalanishadi-ku axir. Ha, ehtimollikdan kelib chiqib faraz qilmoqchimiz. Faraz kerak! Rost, faraz haqiqat bo’lolmaydi. Ammo haqiqatning manzilini ancha yaqinlashtiradi. Butunlay noma’lumlikdan har qalay faraz yaxshiroq.

Faraz huquqidan foydalanib, biz yosh Qodiriyda adabiyotga havasni shu uch najib zot – Tavallo, Kamiy, Miskin uyg’otishgan, uning ilk mashqlarini ko’­rishgan, yo’l-yo’riqlar ko’rsatishgan va hatto matbuot dunyo­siga olib kirishgan, Behbudiy, Munavvarqori hazratlari, Ubaydulla Asadullaxo’jaev, Avloniy va boshqa taniqli kishilar, ularning nashrlari bilan tanishtirishgan edilar. Ajab emaski, yosh Qodiriyning ilk she’rlari Kamiy va ayniqsa, Tavalloning she’rlariga g’oyatda hamohang, usul va mavzu, ularning yechimlariga ko’ra g’oyatda o’xshash hamda yaqin. Bular yosh Qodiriyga ustozlik qildilar deb baralla aytish mumkin. Shular fayzidandirki, yosh Qodiriy o’sha paytlar chiqib turgan rus, tatar, o’zbek gazeta-jurnallarini o’qishni o’rgandi, miyasining tarxlari ochilib ketdi. Ayniqsa, Behbudiyning maqolalariga oshufta bo’ldi, ularni yod oldi. Shunday narsalar haqida, shunday qilib yozishga toza havaslandi. Bu narsa ayniqsa, 20-yillarning kuchli suronlari va bahslari boshlanganda va Qodiriy butun kuchini jurnalistikaga, har kuni ming turlanib o’zgarib turadigan, zamon va uning talotumlari sahifalaridan Amudaryo suviday qirg’oqlarni o’pirib, ashaddiy loyqalanib oqib o’tadigan matbuotga bag’ishlaganda, alangali fel`etonlar, ilgari hech misli ko’rilmagan kulgi-hajv asarlar yozishga va hajv asarlari bilan jamiyatdagi turli hodisalarga faol ta’sir ko’rsatish, islohotlarni jadallashtirishga g’ayrat qilganda, juda asqotdi.

U Behbudiyning lug’at boyligiga ergashdi, uning ijtimoiy-siyosiy islohotchilik fikrlari hamda g’oyalarini qo’llab-quvvatlab, eng yaxshi ma’noda davom ettirdi. U rus-tuzem maktabida o’qib yurganidayoq o’sha paytlarda chiqadigan gazeta va jurnallarni qiziqib o’qiy boshlagan, otasining maktabga ketayotganda asta kissasiga solib qo’yadigan tanga-chaqaga Chorsudagi Sharif Oxundning kitob-gazeta do’konidan yangi chiqqan turli gazetalarni sotib olar, so’ng bog’da, sariq-qora tollar tagidagi ko’kalam so’rida muk tushib o’qirdi. Gazetalarning maqolalaridan u juda qattiq hayajonga tushar, gazetalar o’quvchilarni o’z sahifalarida qatnashib turishga doimiy chaqirib turishganidan fikrlari junbushga kelar, ko’ksida allaqanday yozishga to’xtatib bo’lmas bir g’alati ishtiyoq uyg’onar, da’vatlarga darrov va paydarpay javob bergisi kelardi. U ancha yaxshigina savodxon bo’lib maktabni maqtovlarga sazovor holda bitirgach, kumush soat bilan taqdirlandi-da, ko’p o’tmay, Rasulmuhammadboy degan katta saxovatpesha chitfurushning qo’lida gumashta-prikazchik bo’lib xizmatga kirishdi. U Rasulmuhammadboyning barcha savdo-sotiqqa taalluqli hisob-kitob­larini tayyorlar, uning Chorsudagi chitfurushlik ras­tasidagi do’konida savdo bilan bog’liq turli-tuman yumushlarni bajarardi.

Do’konga Kamiy, Miskin, Xislat, Tavallo va yana boshqa ko’p o’qimishli, savodxon kishilar kirib turishar, bir piyola choy ustidagi gurunglar g’oyatda qizg’in va maroqli o’tar, dunyo xabarlari, jahon muhorabasi, jadidlarning maorif sohasidagi sa’y-harakatlari, shu kunlarda Chorsu bozoriga qaysi o’lkadan, shaharlardan qanday tovarlar tushgani, narx-navolar qanday bo’layotgani, jahon urushining Toshkand va umuman jamiki Turkiston bilodi turmushiga ta’siri, qaysi gazetada qanday maqola chiqqani, qaysi mamlakatdan qanday kitoblar, gazeta va jurnallar karvonlar orqali kelgani, Tavalloning “Ravnaq ul-islom” kitobi qanday o’qilayotgani, ulamolarning bunday kitob­lardan norozi bo’lib, ularda ifodalangan fikrlar va g’oyalarga qarshi chiqishayotgani ustida munoqasha o’tardi.

Mavlono Tavallo, Miskin va o’zga she’r ahboblari yig’ilganlarni dam yig’latib, dam kuldirib shu kecha-kunduzda bitgan baytu g’azallarini ajib qiroat bilan o’qishardi. Oh-vohlar, bo’g’otlarni buzib tushirgudek qah-qahalar dam-badam yangrardi.

Kecha Chorsu maydonidagi dor o’yinlari va gavjum besh sada qayrag’och tagidagi choyxonada hofizlarning musobaqasi bo’lgani, unda bir turk hofizi uloqni olgani, uning: “ kandimi kandima dushman ettingiz, siza so’ylanajak so’zim yo’qolti…”degan jonlarni kuydiruvchi so’zlarini eslashar va aksar ko’z yoshlarini tiyisholmasdi.

Shunday har kuni bo’ladigan gurunglarda yosh Qodiriyning qulog’iga “jadid”, “maorif”, “istibdod”, “tenglik”, “ozodlik”, “taraqqiy”, “millat”, “millatparvarlik”, “ma’rifat” va “ma’rifatparvarlik”, “inqilob” singari so’zlar, tushunchalar o’rnashdi. Qodiriy mana shunday gurunglarda savdo ahli, shuaro, muallim va masterovoylar dunyo yangiliklariga o’ch bo’lishlarini bildi. Savdoning ravnaqi, odamlarning qiziqishlari dunyoning ahvoliga chambarchas bog’liq ekan-da. Shunday do’kondagi suhbatlardan va qolaversa, gazetalar xabarlaridan u Kolizey degan teatrda Mahmudxo’ja Behbudiy hazratlarining “Padarkush” degan piesasi o’ynalayotganini bildi va bu piesani bir qancha yaqin teng-to’shlari bilan birga tomosha qildi. Uning o’zi ham, do’stlari ham tomoshadan qattiq mutaassir bo’ldilar, yosh Qodiriyning miyasi ag’dar-to’ntar bo’lib ketdi rosti. Ular bunday g’aroyibotga birinchi marta duch kelishlari edi.

Albatta, teatru degan tomosha borligi haqida ilgari ham o’qishgan, eshitishgan edi, lekin teatru bunchalar g’aroyib bo’lishini aslo xayollariga ham keltirishmagan edi. Ular hammalari teatrda xuddi tush ko’rayotganday bo’lib o’tirdilar.

Yosh Qodiriy joyida o’tirolmay qoldi: uning xayolida o’zi hayotda shu kunlarda ham har qadamda uchratib turgan turli fojiali voqealar g’ujg’on o’ynab charx urar, xuddi ko’z o’ngida ro’y berayotgandek gavdalanardi. Teatrdan so’ng ular kamoli oh-voh qilishib, Chorsuga piyodalab qaytishdi, ko’chama-ko’cha baland qilib tungi Toshkand osmonini jaranglatib ashulalar aytib borishdi. Ular o’zlarini zarg’aldoq qushday yengil sezishar, uchib ketayotgandek edilar. Yosh Qodiriy bu paytda hali yigirmaga kirgan yo kirmagandi.

U ertalab nonushtada ota-onasiga teatru taassurotlarini hikoya qilib berdi. Hali tetik va baquvvat chol-kampir eshitib og’izlari ochilib qoldi: “Voy, Abdi tushmagur-yey, voy parang bolam-yey”, deyishardi ular. Maorifga, yangilikka bag’irlari ochiq odamlar edi ular. Shuncha yoshga kirganlariga qaramay, ularni sira eski qari odamlar deb bo’lmasdi. Yosh Qodiriy ota-onasining saliqalari tiyrak, sog’lom fikr tarafdori ekanliklaridan juda zavqlanardi, yaxshiyam mana shunday ota-onadan xudo meni dunyoga keltirgan, deb quvonardi. U g’oyatda o’z fikrli, mustaqil sajiyali bo’lib tarbiyalangan edi-yu, shuning bilan birga hamisha ota-onasiga suyanar, ular bilan o’zini qal’ador deb his qilardi. “Padarkush”ning hayajonlari ta’sirida u bir hafta o’tirib birinchi dramasi “Baxtsiz kuyov”­ni yozdi. Bundan shunday zavqlandiki, hech nari-berisi yo’q. Yozib bo’lgach, katta yoshli do’st-rahnamolari Avloniy, Tavallo, Miskin, Xislatlarga yangi asarini tomog’iga bir narsa tiqilganday bo’lib o’qib berdi. Rahnamo do’stlar hayratlanib tasannolar ayt­dilar, faqat piesada bitta zamonaviy yangicha fikrlaydigan, xalqqa to’g’ri yo’l ko’rsatoladigan odam ham bo’lsin, xususan mahalla oqsoqoli ellikboshi shunday yaxshi nasihat berishga qodir kishi bo’la oldi, dedilar. Bu fikr yosh muallifga moyday yoqdi: maslahat o’rinlagach, bu p`esani jonlantirdi, ma’rifatchilikka urg’u berdi, odamlar ko’nglida turgan, shu kunlarda havoda kezib yurgan gaplar aks-sadosini topdi. P`esani tezda teatruda qo’yish, bu ishni qanday va kimlar bilan bajarishni batafsil kelishib oldilar.

Taraqqiychilar g’oyatda g’ayratli ish odamlari bo’lganliklari bois piesa uzoqqa bormay sahnada o’ynaldi va yosh Qodiriyga katta shuhrat keltirdi; uning nomi Toshkanddagina emas, Turkistonda va boshqa o’lkalarda ham tanildi. Qodiriy o’shanda “endi musannif bo’ldim-ov”, deb o’ylab suyungan edi. “Baxtsiz kuyov”ning tili g’oyat shirali, yoqimli va eng muhimi, oddiy kishilarga tushunarli edi. Ularning o’zlari shunda tilda so’zlashar va shuning uchun yuraklariga juda yaqin olardilar. Unda ko’tarilgan maishiy, axloqiy, milliy masalalar o’sha vaqtlarda haqiqatan odamlarga yaqin, ularni qattiq o’ylatardi. Qodiriyning birin-ketin chiqqan “Juvonboz”, “Uloqda”, “Jinlar bazmi” hikoyalari jamoatchilikning e’tiboriga tushdi. O’sha paytning odamlari ularni astoydil qidirib o’qidilar.

Bir narsani ta’kidlab o’taylikki, ushbu ilk realistik-ma’rifiy asarlarning voqealari, qahramonlari dam sayin ishontirib, o’z borlig’iga jazb etib boradi. O’tgan asr­da Andre Stil degan frantsuz nosir adibi adabiyot nima foyda keltiradi degan savolga javob berarkan, “biz odamlarga go’zal tong va’da qilolmaymiz, ammo ularni barvaqt uyg’otishimiz mumkin”, deb aytgan edi. Albatta badiiy adabiyot odamlarning qo’ynini puch yong’oq bilan to’ldirmasligi kerak, odamlarni havoyi orzular, havoyi so’zlar bilan laqillatishdan o’zini tiyishi kerak. Haqiqatan, uning eng olijanob vazifalaridan biri odamlarni hayotga undash – barvaqt uyg’otish. O’tgan asr arafasi va boshida bizning maorifchi taraqqiyparvarlarimiz kolonializmning yangi xalqaro sharoitida istibdod ostida qolgan mazlum xalqni o’z illatlarini tanib olish, o’z oldiga yangi yirik ijtimoiy siyosiy, ma’rifiy, madaniy, axloqiy maqsad hamda vazifalar qo’yishi, ya’ni o’zini va a’mollarini oxir-oqibat tugal anglab olishga erishishni eng katta va muhim ijtimoiy-siyosiy ish deb qaragan, butun kuch-qudratlari, salohiyatlarini ana shunga safarbar qilgan edilar. Qodiriy o’n sakkiz yoshga kirganda mana shularni to’la o’z maslagi etib tanladi. Sal o’tmay bu maslak taraqqiyparvarlik hamda millatparvarlik bilan boyib, e’tiqod va ongli dunyoqarash tusini oldi. XX asrning 17-yillaridan so’ng ushbu ortga qaytmas e’tiqod hamda dunyoqarash mag’ziga zamon taqozosi bilan sotsialistik va demokratizm g’oyalari kirib kelib, mustahkam o’rnashdi.

Yozuvchilar ko’pincha o’tkir kuzatuvchi bo’ladilar. Yozuvchi bo’lishlari uchun ko’pincha ularga shu kuzatuvchilikning o’zi kifoya qiladi. Kuzatuvchi yozuvchilar odatda voqelikka faol aralashmaydilar. Ammo Abdulla Qodiriy va uning tevaragidagi maslakdoshlari faqat kuzatuvchi emasdilar. Holbuki, Abdulla Qodiriy tabiatan teran kuzatuvchanlik salohiyatiga ega edi. Lekin hech qachon faqat kuzatuvchanlik bilan cheklanib yurmasdi. U muborizning munosib farzandi – hayot jabhalarining faol ishtirokchisi va faol ta’sir ko’rsatuvchisi, ta’sir yurgizuvchisi edi. O’sha davr hayotining qaysi bir tomonini olib qaramang, u jamiyat, xalq hayoti marralarida jon kuydiruvchilik bilan ishtirok etganligini ko’ramiz. Sarbozning o’g’lida g’ayrat va shijoat tug’ma edi.

Buning ustiga taqdir unga tayyorlagan narsalarni ko’ring. Qisqa bir vaqt ichida metropoliyada 1905, 1917 yil fevral`, oktyabr` inqiloblari ro’y berdi, shu davr ichida birinchi jahon urushi boshlanib ketdi va bunda Rossiya ham qon kechishga majbur bo’ldi. Bu Qodiriyning o’n ikki – yigirma uch yoshlari: mahalla-guzar maktabi, rus-tuzem maktabi, madrasa ta’limi: rus, arab, fors, turk, qadimgi turkiy tilni qunt bilan o’rganish va har tomonlama egallash davri. O’z davrining barcha matbuotini diqqat bilan kuzatish, Rossiya, Turkiya, Qrim, Ozarboyjon, Eron, Hindis­ton, Tataristondan kelayotgan nashrlarni bitta qo’y­may o’qish, o’lka tarixi qatlamlariga qiziqish, Toshkandning barcha kitob­dorlari bilan tanishish, ular bilan yaqindan oshnachilik, hamkorlik, har kuni shaharning barcha eski va yangi kitob do’konlari, rastalarini kanda qilmay kezish va qadim Toshkandni sinchiklab o’rganish – mana yosh Qodiriyni 1905 – 1917 yillar orasida qattiq qovurgan, pishitgan, chiniqtirgan, qatlam-qatlam bilimlar keltirgan, ijtimoiy-insoniy-madaniy qovurgan muhit! Mana shularga ko’ra biz Qodiriyni garchi rusniki bo’lsa ham, uch inqilobning mahsuli, natijasi, ta’bir joiz bo’lsa, farzandi deb ayta olamiz. Hatto g’oyibona esa-da, birinchi jahon muhorabasida ham qatnashdi deya olamiz, zero, bu jasur yigitning xayoli qonli janglar ketayotgan maydonlarda edi. Bu xayollar keyinchalik mash­hur Obid ketmonning taqdir chiziqlarida ham ma’lum darajada o’z aksini topdi. Qodiriyning xarakteridan kelib chiqadigan bo’lsak, u o’tmish ota-bobolar tarixiga qattiq qiziqarkan, tarixiy kitoblarni muk tushib o’qish bilan bir vaqtda u Toshkandning yetti ulug’vor tepalarini aylanib chiqdi, bu tepalarda qadimlar qorovul qo’rg’onlari bo’lar, ular shahar himoyasida sergak turardilar. Sirdaryo, Chirchiq, Ohangaron daryolari bo’ylarini ularning har ikkala sohillari bo’ylab poyi piyoda o’tdi, qadim shahristonlar xarobalarini ko’rdi, ular vayronalarida uzoq-uzoq xayolga botib o’tirdi: bulardan maqsad ota yurt g’oyasi, ruhini shimirish, badaniga singdirish edi.

U goh yolg’iz, goh ahli dil do’stlari bilan Toshkandning chin qon tomiri bo’lgan Bo’zsuv, Bo’rjar, Salor, Darxon, Anhor, Kaykovuz (xalq tilida Kalkovuz), Zahariq, Zolariqlarni boshdan-oyoq piyoda bosib o’tdi, xonlar zamonlaridan qolgan qadim mevazor bog’lar, shaharliklarning Toshkand tevaragida, Chimkat, Sayram, Avliyoota, Piskent, Parkent, Xo’jakent, Xondayliq, Xumson, Ohangaron, Olmaliq singari obod va kentlarda barpo qilgan bepoyon bog’lari, ekinzorlari, istirohatgohlari, otchoparlari, janggohlarini, bozorlarini hormay-tolmay aylandi: shunda yaxlit yurt tuyg’usi jonu bag’rida paydo bo’ldi. Shunda u ota-bobolar yurti muhabbati nimaligini ayon bildi va ayon his qildi: o’qigan turli tarix kitoblari va ayniqsa “Muntahab…” va “Tarixi jadidai Toshkand” yanada tushunarli bo’ldi. (Muhammadhakimxon to’ra hamda Muhammad Solihning mashhur tarixiy asarlari). Yosh adibda tarix va yurt tuyg’usi tug’yonga keldi!

Inqiloblar davrlari adiblari alg’ov-dalg’ovlar ichida muttasil yashaganlari uchunmikin, xalqning holini chuqurroq tushunadilar, ijtimoiy to’lqinlarda faolroq qatnashadilar, rang-barang g’oyalarni ilgari suruvchan, bahslarga beriluvchanroq va o’z fikr-a’mollarida qat’iyatliroq, jangovar pozitsiyalarda sabotliroq turadilar. XIX asr avvallari frantsuz inqiloblari davrida ijodlari gurkiragan Aleksandr Dyuma, Viktor Hyugo, Stendalda mana shunday keng miqyoslarda qanotlarini ufqlarga yozib, madaniyat va adabiyot yaratish hodisalarini ko’rish mumkin. Ular frantsuz inqiloblari zamonlarida jamiyat va tarixga kuchli ta’sir ko’rsatadigan ulug’vor epopeyalar yaratgan edilar. Frantsiya albatta erkin qirollik mamlakati edi; O’zbekiston esa istibdod zanjirida yashardi. Dyumaning erkin parvozlari bilan, qolaversa “Uch sarboz” bilan , yoki Hyugoning “93-yil”i bilan istibdod iskanjasidagi, fikrlari va ixtiyori zanjirlangan Qodiriyning “O’tkan kunlar” yo “Mehrobdan chayon”ni to’laqonli chog’ishtirish qiyin.Talantlarning tabiatida qarindoshlik, yaqinlik bor esa-da, lekin baribir badiiy yondoshuvlarning miqyoslari tugal boshqacha. Ammo millatning shakllanishidagi, o’zini tarixan anglab yetishdagi roliga, ahamiyatiga ko’ra, inqiloblar vaqtining yodgorliklari bo’lganiga ko’ra bu asarlar jahon adabiyoti sahnasida yonma-yon turadi. Bu asarlar mabodo saodatli tasodif bilan frantsuz tiliga aytaylik, ulug’ Aytmatovning “Jamila”si yoki “Birinchi muallim”i sifati darajasida yorqin va haqqoniy tarjima qilinib, nashr etilganda, aytaylik, Lui Aragon miqyo­sidagi adib frantsuz o’quvchilarining e’tiborini ularga qaratganda edi, balki, Qodiriy asarlari ham “Uch sarboz” kabi hali hanuzgacha zo’r qiziqish bilan o’qib kelingan bo’lardi…

Ammo bu ham bir adabiy faraz-da…O’rniga va vaqtiga qarab ehtimoldan uzoq bo’lmagan fikrni aytish ayb emasdir, balkim. Xususan men Qodiriy romanlarini hayotimning turli fasllarida qanday mukkamdan ketib o’qigan bo’l­sam, “Uch sarboz”, “ Qizil va qora”, “Parma ibodatxonasi”, yo Valter Skottning “Qora vallomat” yo “Kventin Dorvard” singari ulug’ romanlarini shunday bosh ko’tarmay, mutolaa qilganman. Mana shu qiziqib, muk tushib o’qish bu asarlarni yaqinlashtirmaydimi, tenglashtirmaydimi? Ammo millat taqdirida o’ynagan rolining miqyosiga qaraganda “O’tkan kunlar” va “Mehrobdan chayon” ulardan ko’ra ancha yuksakroq, adabiyotning ijtimoiy qimmatiga ko’r­kamroq javob beradi.

Ha, Abdulla Qodiriy haqiqatan ham, uch rus inqilobi yuzaga chiqargan, uch inqilob yozuvchisi. Shuning uchun uning yuragida sotsialistik g’oya­larning ancha chuqur o’rnashganligiga tabiiy inqilobiy hol deb qaramoq jo­yiz. Uning taqdirida uch inqilob yuzaga chiqargan bir qator rus adiblari (misol uchun Mixail Bulgakov, Mixail Zoshchenko…) taqdirlarida ham o’xshashliklar kuzatiladi… Bularni va jumladan Qodiriyni shu inqiloblar yozuvchi qilib yetishtirdi.

066

(Tashriflar: umumiy 175, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бўлғуси журналист ва публицистлар учун жуда яхши маҳорат мактаби бўладиган ушбу бадиа муаллифига ҳамда уни амалдаги иккита алифбомизда тақдим этган ушбу сайт ижодкорларига ЎзМУ Журналистика факультети «Уч илдиз» маҳорат мактаби жамоаси номидан самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
    Тўлқин ЭШБЕК,
    Маҳорат мактаби раҳбари

Izoh qoldiring