Ibrohim G’afurov, Xurshid Do’stmuhammad. Tarjima muhabbati va ohanrabosi.

099

     Бизнинг беғубор болалик оламларимизга кириб келган Геклберри Финн, Том Сойер, Том тоғанинг кулбаси, Робинзон Крузо, Гулливер, Мултатули, Денгиз заҳматкашлари, Мартин Иден, Денгиз бўрилари, Минг бир кеча, Манас, Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон, Калила ва Димналар мурғак юракларимизни саргузашт, олижаноблик, жўмардлик, валломатлик, мубталолик нурлари билан тўлдирган. Бизни шакллантирган ҳодисалар ичида шулар ва яна шулар каби бошқа кўп нарсалар бор, сира хотирамиздан ўчмайди. Талабаларим қошига кирганда булардан сўз очаман… кўзлари пирпираган, тиллар лол, сезаманки, бу каби воқеалар уларга нотаниш, таъсирдан четда қолган… Юрагим увишади.
Худо ўз Пайғамбарига илоҳий мурожаатларидан бирида: “Алам нашрах лака садрок” – деб хитоб қилади: “Биз кўкрагингни очмадикми!” Яъни мурғак кўксингга бепоён олам ҳақиқатларини олиб кириб сени маърифатли қилмадикми! Шу бепоён фикрга, иқтибосан олсак, таржималар қадимда ҳам, ҳозир ҳам инсон кўксини маърифат, илм-фан, дид- фаросат, фасоҳат оламларига очади.

9t

Иброҳим Ғафуров  &  Хуршид Дўстмуҳаммад
ТАРЖИМА МУҲАББАТИ ВА ОҲАНРАБОСИ

Хуршид Дўстмуҳаммад: – “Шу кунгача файласуфлар ҳамма нарсани ажратиб келдилар, ҳамма нарсадан ажралиш қидирдилар. Ягона Худо ўнлаб динларга ажралди. Булар инсоният тарихида ҳеч тўхтамаган қон тўкишлар билан борди. Одамзот синфлар, тоифалар, чегараларга ажралди ва булар ҳам тинимсиз қон тўкишларда давом этди…”
Иброҳим ака, бу сўзларни Сизнинг матбуотда чоп этилган суҳбатингиздан олдим. Ҳақиқатан ҳам инсоният тарихини бирлашишлар ва парча- ланишлар тарихидан иборат десак хато бўлмас. Одамлар, халқларни бирлаштириш учун не-не яратувчилик ишлари қилинган бўлса, парчалаш мақсадида ҳам шунча бузғунчиликлар ўйлаб топилган. Инсониятни бирлаштириш йўлида энг таъсирчан воситалардан бири адабиёт, санъат, маданият эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу борада, айниқса, таржимачиликнинг аҳамияти ҳақида истаганча гапириш мумкин, шундай эмасми? Қолаверса, ҳозирги глобаллашув даврида дунё халқларининг бирлашиш имкониятлари ҳар қачонгидан ҳам ортиб кетди. Интеграция шу қадар авжига чиқдики, ҳеч бир муносабату мулоқот жараёнини адабий таржимасиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Одамлар, халқлар бир-бирларини яхшироқ, тўла-тўкисроқ билишлари учун эса бадиий асарлар муҳим аҳамият касб этади. Шундай шароитда бадиий таржиманинг аҳамияти ва вазифасига доир қарашларингиз билан ўртоқлашсангиз?

Иброҳим Ғафуров: – Таржима соф маънода алоқа воситаси. У ер юзидаги турли маданиятларни яқинлаштиради, миллий маданиятларни тўхтовсиз ўзаро тажриба ва кашфиётлар билан бойитиб боради. Маданият – маданиятлардан узилиб қолса, ҳалокатга учрайди. Инсоният тарихидан бунга мисоллар анчагина топилади. Йўқолиб кетган маданиятларнинг барчаси бошқалардан ажралиб қолганди.
Таржима алоқа воситаси бўлиш билан бирга у ажойиб-ғаройиб равишда инсоният учун ривожланиш омилидир. Мисол учун, Россияда XIX асрнинг авваллариданоқ бутун дунё адабиётларини шитоб билан таржима қилишга киришдилар. Бунда Россия Европадан улги олди. Гоголь, Пушкин, Достоевский, Толстой, Тургенев, Чехов, Горький сингари жуда кўп буюкдан-буюк намояндаларнинг майдонга чиқишида бадиий, илмий таржималар етакчи роль ўйнади. Таъсир ниҳоятда баракали бўлди ва у ҳозиргача самарали давом этиб келмоқда. ХХ асрнинг 30-йилларидан Ўзбекистонда таржимачиликда динамик, инқилобий силжиш рўй берди. Бутун янги миллий маданият, унинг улкан намояндалари, чунончи, Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Айний, Ҳамза, Ойбек, Ғафур Ғулом, Уйғун, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Зулфия, Миркарим Осим, Мирзакалон Исмоилий ва улардан кейин изма-из адабиёт майдонига кириб келган намояндалар, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповгача – ижодий шаклланиш ва дунё адабиёти сари бўй чўзишларида илмий, бадиий таржималарнинг ўрни беқиёс катта ва самарали бўлди. Адабиётимизда олдин кузатилмаган турфа шакллар, турли жанрлар, ранг-баранг ёрқин поэтик тасвир ифода воситалари улар ижодини ғоятда жозибали қилди. Булар ижоди орқали ўзбек адабиётига Данте, Шекспир, Байрон, Саъдий, Ҳофиз, Гёте, Пушкин, Толстой, Достоевский… нигоҳи тушди. Абдулла Қаҳҳор ҳатто “Чеховнинг кўзойнагини тақиб” олди. Есенинча, Маяковскийча оҳанглар момақалдироқдек янгради.
Бизнинг беғубор болалик оламларимизга кириб келган Геклберри Финн, Том Сойер, Том тоғанинг кулбаси, Робинзон Крузо, Гулливер, Мултатули, Денгиз заҳматкашлари, Мартин Иден, Денгиз бўрилари, Минг бир кеча, Манас, Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон, Калила ва Димналар мурғак юракларимизни саргузашт, олижаноблик, жўмардлик, валломатлик, мубталолик нурлари билан тўлдирган. Бизни шакллантирган ҳодисалар ичида шулар ва яна шулар каби бошқа кўп нарсалар бор, сира хотирамиздан ўчмайди. Талабаларим қошига кирганда булардан сўз очаман… кўзлари пирпираган, тиллар лол, сезаманки, бу каби воқеалар уларга нотаниш, таъсирдан четда қолган… Юрагим увишади.
Худо ўз Пайғамбарига илоҳий мурожаатларидан бирида: “Алам нашрах лака садрок” – деб хитоб қилади: “Биз кўкрагингни очмадикми!” Яъни мурғак кўксингга бепоён олам ҳақиқатларини олиб кириб сени маърифатли қилмадикми! Шу бепоён фикрга, иқтибосан олсак, таржималар қадимда ҳам, ҳозир ҳам инсон кўксини маърифат, илм-фан, дид- фаросат, фасоҳат оламларига очади. Нашр сўзи таржима сўзи билан туташиб туради. Бир-биридан айрилмайди. Биргаликда гўзаллик маърифатини яратади. Ҳёте “Элегия” деган бир шеърида хўб айтади (маъноси:)

Дўстларим, хайрлашайлик.
Замин тўқайлари, ваҳший қоялар ичра мен ёлғиз қолдим.
Лекин, сиз борингиз улкан дунёга дадил –
Қучсин сизни – улуғвор ва дарахшон борлиқ.
Ўрганингиз барини – бу осмон, ер, сувлар,
Ўтинг қаватма-қават, бўғинма-бўғин
То етгайсиз табиат қаърларига…

Таржимада ҳам шу буюк инсоний чорлов моҳияти мужассам: у билиш, таниш, қадрқиммат топиш руҳини олиб киради. Шу маънода таржима – маданиятлар кислороди…

Х.Д.: – Ўткир ака Ҳошимов “Бир нарсага ишонаман: Иброҳим ака ўзини ҳайратлантирмаган, ларзага солмаган асар ҳақида ҳеч нима ёзган эмас” деган эди. Мен бу таърифни кўпроқ таржима асарларингизга нисбат берган бўлур эдим. Республикамиз адабий жамоатчилиги, кенг китобхонлар оммаси Сизни ғоятда нозик дидли зиёли инсон, зукко олим, адиб ва таржимон сифатида ҳурмат қилишади ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини танлаганингизни эътироф этишади. Сиз таржима учун асар танлашда нималарга эътибор берасиз? Қандай мақсадлардан келиб чиқасиз? Руҳий ҳолатингиз, кайфиятингиздан келиб чиқасизми ёки бошқа омиллар таъсир кўрсатадими? Дейлик, “Азизим”, “Жиноят ва жазо”, “Чол ва денгиз” асарлари таржимасига киришган пайт- ларингизни биргаликда ёдга олайлик?

И.Ғ.: – Сиз таржима учун асар танлаш ҳақида савол қўйиб бу соҳанинг жуда нозик масаласини тилга олдингиз. Таржима жараёнлари назариясида таржимага асар танлаш, худди таржимага тайёргарлик кўриш каби – масалаларнинг масаласи. Таржиманинг муваффақиятли чиқиши, ўқувчилар уни қизиқиб жон-дилдан қабул қилиши, кутиб олиши, муносабат билдириши, ҳаётида ҳаракатга киритиши, миллий мулк ва хазинага айланишида асос худди шу танлаш ҳодисасидан бошланади. Танлаш ҳақида гап кетганда, “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири Эркин Аъзамнинг бир сирини очай. Эркин Аъзам журналда жаҳон адабиётининг сара намуналарини ёритиб боради. У таржимага асар танлашга қаттиқ талабчанлик билан қарайди. Узоқ қидириб асар танлайди. Буни ўзи якка ҳал қилмай мутахассислар билан маслаҳатлашади. Уларнинг фикрини сўрайди ва инобатга олади. У таржимага асарни журнал йўналиши, руҳи, ўқувчилар доираси, улар савияси, дунёқарашини ҳисобга олиб танлайди. Асар журналхонларга қандай таъсир кўрсатиши, қандай фикрлар ва ҳиссиётлар уйғотишини чамалайди. Шунинг учун ойлаб жаҳон ҳикояларини ўқийди. Бу катта адабий меҳнат. Бу меҳнатнинг акс садоси ҳам катта ва узоқ давом этади. Илгари Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов таржимага асар танлаш – нимани таржима қилишга катта аҳамият берардилар, унга жиддий ижодий иш деб қараб ҳеч қачон эътибордан соқит қилмасдилар.
Узоқ йиллар бадиий таржима билан шуғулланиб, университетда талабалар билан машғулотлар ўтказиб, таржима лабораториясига ранг-баранг материаллар асосида кириб, бу соҳада таржима жараёнлари деб аталадиган назарий соҳага чуқур кириш, унга теран илмий асосда қараш бениҳоят катта аҳамиятга эга эканлигига тўла ишонч ҳосил қилдим. Таржима жараёни – тилларни бир-бирига қиёсан мукаммал ўрганиш, тиллар муҳити ва стихиясига эгалик қилиш, муайян таржимага сидқидилдан тайёргарлик кўриш – турли илмий адабиётлар, маълумотномалар, ранг-баранг луғатлар билан ишлаш, мамлакатлар, уларнинг маданиятлари, адабиётларини яхши билиш – бунда олтин малака ва кўникма ҳосил қилиш – таржима жараёнида ҳозиргача назариётчилар ҳам, амалиётчилар ҳам айтарли эътибор бермаган, ҳисобга олмаган – изчиллик ва муттасиллик мавжудлигини кўрсатади. Барчасига изчил, муттасил, яъни узлуксиз риоя қилингандагина, орадаги жараён ҳалқаларидан биронтаси ҳам эътиборсиз қолиб кетмагандагина жараён юксак маърифатли тус олади, таржима муваффақиятлар гаровига айланади.
Бирон асарни чала-чулпа ўқиб, муаллиф, миллий адабиёт муҳитини, унинг миллий заминда ўқувчилар томонидан қандай қабул қилингани, қандай фикрлар билдирилиб келинаётгани, бу асар башқа халқлар адабиётига қандай таъсир кўрсатгани, бошқа мил- лий адабиётлар билан алоқаларини муттасиллик ва узлуксизликда ўрганмай туриб, ҳар қандай истеъдод бўлганда ҳам, бу таржимадан муваффақият кутиш қийин. Таржимага жуда осон иш, ҳатто тўртинчи синф ўқувчиси ҳам таржима қилаверади, деб ўта жўн қараш – таржимани тушунмаслик, англамасликдан бошқа нарса эмас. Аслият матни устида қунт ва сабот билан иш олиб бормай туриб, асарнинг ўзига яраша иборалари, фразеологизмлари, образли ифодаларига дахлдор махсус луғатлар ва изоҳлар тузмай туриб, қораламалар қилмай туриб, таржимага киришиб бўлмайди. Ҳар қадамда қоқиласиз ва ҳар қадамда нотўғри таржима қиласиз. Бу жараёнга илмий-ижодий ёндошиб, аслиятнинг бадиий услубига йўл топасиз, зарур ритмика, жумлаларнинг оҳангларини англай бошлайсиз. Муттасиллик ва узлуксизлик, изчиллик – таржима жараёнларида жуда улуғ амалий аҳамиятга эга ғоя! У таржима маърифати ва маданиятида биринчи ўринда туради.
Таржимага асар танлаганда, бу асар ўзбек миллий маданияти учун қандай янгилик бўлади, деган принципдан келиб чиқаман. Менинг таржималарим ҳаммаси янгиликка ташна юрагимнинг инқилоби. Юрагимга шу инқилоб ҳаракат бағишлайди. Эртами, кечми, ўқувчилар юракларига ҳам бу маърифий инқилоб албатта кириб боради.

Х.Д.: – Алишер Навоийга бағишланган тадқиқотларингиздан бирида, “Унда ҳамма нарсага қудратли ҳиссий муносабат ҳоким” деган топилмангиз бор. “Пафос – санъатнинг чинакам салтанатидир” деган сўзингиз топилмага янада аниқлик киритгандек. Буёғини айтадиган бўлсам, Сизнинг барча ижод намуналарингизда, жумладан таржималарингизда фақат ўзингизга хос бўлган кўтаринки ҳиссий муносабат, яъни пафосни илғаб олиш қийин эмас. Энди Сиз таржимон сифатида мурожаат қилган адибларни эслайлик: Тургенев, Мопассан, Хемингуэй, Фолкнер, Достоевский, Маркес, Айтматов, Жойс… Буларнинг ҳар бири ўзгача ҳиссий муносабат, бўлакча пафос мужассам топган услуб соҳиблари! Савол туғилади: Иброҳим Ғафуров – таржимон ҳиссий муносабатлари билан номлари келтирилган сўз даҳоларининг ҳиссий муносабатлари ўртасидаги “тил топишиш” жараёни қандай кечган? Ва у таржиманинг сифатига таъсир кўрсатмаганми?

И.Ғ.: – Мен буни муҳаббат жараёни деб атаган бўлардим. Эркин Воҳидов “Есенин акамдай бўлиб қолди”, дейди. Шунинг учун унинг таржималарида сеҳрли қондошлик, жондошлик уфуриб туради. Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Чўлпон ҳам аслият билан шундай туғишганликни ҳис қилардилар. Туғишганлик муҳаббатигина таржималарни ширадор, мағиздор ва аслиятга ўта яқин қилади. Муҳаббатни мен интуиция деб биламан. Бадиий таржимада шу муҳаббат интуицияси уни аслият даражасига кўтаради.

Х.Д.: – Ижодий лабораториянгизга ғойибона назар ташлаб юриб, баъзи тахминлар кўнгилдан кечади. Улардан бирини айтишга рухсат берсангиз. Иброҳим ака, Сиз кўнгилга тугилган ижодий режани хаёлан пишитиб юрасиз, ўзингизни шайлайсиз, ва ниҳоят руҳингизда керакли кўтаринки ҳиссий муносабат шаклланган лаҳзаларда Озод Шарафиддинов айтган Сиздаги ички бақувват ғурур қад ростлайди, шундан сўнг қўлингизга қалам оласиз ва шиддат билан ишга киришасиз. Тахминимиз қанчалик асосли?

И.Ғ.: – Навоийнинг “Мантиқ ут-тайр”ни эллик йилдан ортиқ юрагида кўтариб юргани ва “Насойим…” ни йигирма йилдан ортиқ таржимасига тайёргарлик кўргани ҳайратга солади. Навоийнинг ўзи бунга қойил гувоҳлик бермаса, инсоният маданияти тарихидаги бундай ноёб ва нодир воқеага ишониб бўлмасди. Араб, форс, қадимги туркий тилларни мукаммал билган даҳо истеъдоднинг ўз таланти миқёсига маҳлиё бўлмай умр бўйи ва йигирма йил таржимага тайёргарлик кўргани ва шундан кейингина умр поёнида ишга киришгани кишига чексиз илҳом ва қилаётган ишингга ишонч бағишлайди.

Х.Д.: – Мансураларингиздан бирида шундай мисралар ўқигандим:

ўзим ҳам шундай, аниқ биламан: яшайман иқтибослар орасида мингларча, миллионларча иқтибос!

Бири-биридан доно-мутафаккир адибларнинг асарларини таржима қилиш жараёнида озмунча теша тегмаган ҳикматлар, жумлалар, ўхшатишу тимсоллар учрайдими! Уларни йиғиб қўймайсизми? Таржима чоғида таржимон асар воқеалари ичида, асар қаҳрамонлари орасида яшайди, асл нусха муаллифининг бадиий дунёси кенгликларида нафас олади, ана шунда беҳисоб ғоялар, мавзулар туғилиши ҳам табиий. Тўғри, улар шахсан Сизнинг ижодий меҳнат чоғида топган маънавий бисотингиз, лекин улар китобхонларнинг, халқнинг маънавий мулкига айлантирилса чандон гўзал иш қилинган бўлмайдими?

И.Ғ.: – Ҳозирги ва келаси замон ўқувчилари яратилаётган бадиий санъат асарларини, жумладан, юксак бадиий савияда маҳорат билан яратилган таржима асарларни махзан – ўлмас хазина каби қабул қилишлари ва хазинага қарагандай қарашларини нақадар истардим. Жойсда, Нитшеда, “Панчатантра” да руҳоний оламларнинг сирлари, кашфиётлари устма-уст қалашиб ётибди. Улардан наҳот баҳра олмай ўтамиз?

Х.Д.: – Замонавий ўзбек насрининг барча ютуқларини эътироф этган ҳолда, миллий адабиётимизнинг энг сара намуналарини Сиз таржима қилган асарлар қиёсида таҳлил қилиб кўрайлик. “Азизим”, “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Чол ва денгиз”, “Алвидо, қурол”, “Бузрукнинг кузи”, “Улисс”… марҳамат, Иброҳим ака, ушбу рўйхатнинг давомига ўзимиздан бирорта асарни жаҳон адабиёти уммонига қўшиб юбора оламизми? Эҳтимол, масалани бу тарзда қўйилишини маслаҳат бермассиз, шундай бўлса-да, кези келганда ўзимни кўп қийнайдиган бир саволни ўртага ташласам. Назаримда, ҳар бир таржимангиз замирида “Дунёда мана шундай асарлар ҳам бор”, “Романни мана бунақасига ёзиш керак”, “Манавиндан бир ибрат олиб қўйсанглар-чи, азизлар!” деганга ўхшаш маънодор пинҳон таънами, дашномми ётгандек туюлади. Башарти шундай бўлган тақдирда ҳам уни тўғри қабул қилмоқ керак. Ахир жаҳон адабиёти дурдоналарининг ҳар бири улкан ижод мактаби вазифасини ўтайди, бадиийлик мезонлари биз маъқул кўриб юрган миқёслардан анча юқорида эканлигини бот-бот эслатиб туради. Мен бадиий тафаккур кенглиги, чуқурлиги ва ижодий маҳорат миқёсларини белгилаб берадиган бу сингари мўъжизакор қалам аҳллари қандай шароитларда, қандай ички-ташқи таъсирлар остида туғилган, вояга етган ва “ҳосил” берганлиги ҳақидаги мулоҳазаларингизга “Жаҳон адабиёти” муштарийлари ҳам қизиқишларига аминман.

И.Ғ.: – Бу савол-мулоҳаза эҳтимол, лабиринтга олиб киради-ю, аммо ундан олиб чиқмайди. Қиёслар учун миқёслар зарур. Ҳар ким ўз қўшиғини айтади. Ҳозир ўзбек адабиёти аста-секинлик билан жаҳон адабиёти жараёнлари билан туташиб бораётир.
Эътиборга лойиқ экспериментлар бораётгани (ахир ҳали биз уларнинг ҳаммасини ҳам ўқиб ёки нашр қилиб улгураётганимиз йўқ) жараён ўз қонуниятлари асосида кетаётган- лигини кўрсатади. Кўкрак очиқ бўлса, бас.

Х.Д. – Бир пайтлар ўзаро суҳбат асносида Жойснинг “Улисс”и таржимасига киришиш ниятингиз борлигини айтганингизда, таажжубланган, бу асарни ўзбекчага ўгириш мумкинлигига кўзим етмаганини яширмаган эдим. Кўз қўрқоқ – қўл ботир деганларидек, ўзбек адабиёти “Улисс” таржима қилинган адабиётлар сафига қўшилди. Бошқача айтганда, ўзбек жойсианасига асос солинди. Жаҳон адабиётидаги энг мураккаб асар тар- жимасини ҳақиқий маънода маънавий жасорат десак муболаға бўлмас. Ж.Жойс, “Улисс саргузаштлари” ва унинг таржимасига бағишланган бир қатор мақолалар эълон қилинди. Мунозарали мулоҳазалар билдирилди. Бу жуда табиий ҳол, зеро, “Улисс” энг кўп баҳс- мунозараларга мавзу бўлган асар. У юзасидан ким қандай фикр айтиш-айтмаслиги ҳар кимнинг ихтиёри, лекин биз ва адабиётимиз учун энг фойдали жойи – мубоҳасалар асносида бадиий асарни тушуниш, уқиш малакаси сайқал топади, таҳлил-тақриз қилиш маданияти янада шаклланади. Иброҳим ака, “Улисс”нинг яна қайси ҳикматларини қўшимча қилган бўлур эдингиз?

И.Ғ.: – Жойснинг руҳий (психик) ва поэтик (бадиий) кашфиётлари магнити туганмас. Уни ўқиган одам ҳеч зерикмайди. Ҳар ўқиганда, яна янгидан-янги нарсалар очилаверади. Одамнинг бунчалар поёнсиз узлуксиз кашфиётларни қабул қилиши осонмас. Тасаввур қобилиятимиз дастлаб бу фусунсоз издиҳомга ўрганмаганлик боисидан дош беролмайди. Биз Достоевский асарларидаги шундай туганмас, поёнсиз инсон мубталоликларига дош беролмаймиз. Бу мубталоликлардан юрак ёрилиб кетадигандек бўлади. Лекин мубталолик интиҳога бораётганда бир ҳиссий, ақлий инқилоб рўй беради. Энг юксак тоғларнинг энг юксак тоза ҳаволари кўксингизга урилади ва мубтало дардларга малҳам қўяди. Достоевский жумлаларига мен поғонама-поғона осилиб бораман, поғоналарга оёқ қўймайман, уларга том маънода икки қўлим ва миямнинг қуввати билан осиламан, осилиб бир поғонадан иккинчи поғонага ўтаман, ажаб бир ҳолатки, бунда адибнинг ўзи тўхтовсиз мадад бераётгандай, қўлтиқлаб навбатдаги поғонага кўтарилишга мадад бераётгандай бўлади. “Қўрқма. Ёзавер. Мен ўзбекчада шундай ёзган бўлардим”, деб умда қилаётгандай туюлади. Бу ҳис мени ҳеч тарк этмайди.

Х.Д.: – Мустақиллик йилларида, айниқса, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилгач, мамлакатимизда таржимачилик анча жонланди. Ёзувчилар уюшмасида махсус кенгаш фаолият юритмоқда, ёш таржимонларни етиштиришга эътибор ортди. Бир сўз билан айтганда, амалиёт жонланди-ю, бу жараённинг назарий асослари, йўналишлари, истиқболларини ўрганиш, тадқиқ этиш бирмунча сусайгандек. Атоқли амалиётчи таржимонлар орасида биринчи бўлиб Сиз таржима назариясига бағишланган асар яратдингиз. “Таржимонлик мутахассислигига кириш” деб номланган ўқув қўлланмасининг мундарижаси анчагина бой. Унда бадиий таржиманинг муҳим масалалари кўриб чиқилган. Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Эркин Воҳидов таржималари таҳлилига бағишланган фасллар таржима санъатига ошно бўлиш истагидаги талабалар, қолаверса мутахассис ва таржи- машунослар учун айниқса қимматли. Таржимон маҳорати, услубига доир саҳифалар эса ҳам назарий, ҳам амалий фаолиятда дастуриламал вазифасини ўташи муқаррар. Иброҳим ака, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таржимашунослик факультети талабаларига сабоқ бермоқдасиз. Сиздан устоз ва мураббий сифатида таҳсил олмоқдалар. Талаба ёшларимизнинг таржима ишига, таржима илмига бўлган қизиқишлари, муносабатлари хусусида икки оғиз сўзлаб берсангиз.

И.Ғ.: – Талабаларимнинг жараён эгаси бўлишларини, комил мутахассис даражасига етишлари ва олтин малака ҳосил қилишларини истайман. Менинг истакларим уларнинг ҳам истакларига жўр бўлсайди дейман.

Х.Д.: – Хабарим бор, жаҳон адабиётида кечаётган ҳозирги жараёнларни мунтазам кузатиб борасиз. Айни пайтда қайси асарлар ўзбек китобхонларига тортиқ этилиши зарурроқ ва муҳимроқ деб ҳисоблайсиз?

И.Ғ.: – Оҳ! Қилинадиган ишларнинг поёни йўқ. Ҳали нимани таржима қилиб улгурибмиз! Танлаш, саралаш, нима кераклигини чуқур англаш тамойилларини ишлаб чиқайлик аввал! Америка, Россия, Европа, Хитой, Япония нималарни қандай таржима қиляпти? Қаранг, Озод Шарафиддиновнинг таржималари жамланган “Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида” деган юксак эътиборли мажмуа нашр этилди. Унда Ҳерман Ҳессенинг “Жаҳон адабиёти кутубхонаси”, Жон Голсуорсининг “Адабиёт ва ҳаёт”, Ирвинг Стоуннинг “Биографик қисса ҳақида” деган катта ақл ва билим билан ёзилган эссе мақолалари бор. Устоз хўбам бу асарларни сиз ва биз учун таржима қилиб қолдириб кетган! Машъаладай порлаб турибди! Нега шулардан улги олмайлик. Нега бошқа мамлакатлар таржима журналларининг тажрибалари заминида фикр алмашмайлик. Ҳозирги замон адабиётларини таржима қилишда ҳам ижодий принциплар ва йилларни қамраб оладиган режалар тузмайлик. Нега?
Ҳёте “Ғарбу Шарқ девони”да ўз қаҳрамони Зулайҳо тилидан: “Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо”, дейди. Умуминсоний аҳамиятга эга таржима ишига шу гўзал сўзни татбиқ қилсак бўлармикин? Ахир у ҳам, ҳақиқатан, муҳаббатдан муҳаббат яратади-ку.

Манбаъ: «Jahon adabiyoti» журнали,2012,12-сон

(Tashriflar: umumiy 80, bugungi 1)

Izoh qoldiring