Ibrohim Haqqul. Abdulla Qahhor jasorati & Ozod Sharafiddinov. Fikr erkinligi — zarur ehtiyoj. Ibrohim Haqqulga ochiq xat & Abdulla Qahhor tavalludining 115 yilligiga bag’ishlangan ‘Bugun’ radiodasturi. 17.09.2022

kun-hikmati_013.jpg    Абдулла Қаҳҳор босиб ўтган ҳаёт йўли ҳам, ижод йўли ҳам виждон йўли эди. У сўнгги нафасигача миллат дарди билан яшади. Шунинг учун ҳам унга оғир бўлган. Мамлакатда тоза фикрлайдиган одамлар камайиб кетгани, шулар ҳам иқтидорини янги ҳақиқат излашга эмас, эскиларини такрорлашга сарф айлаганига қарамай, Абдулла Қаҳҳор доимо озод фикр, янги ҳақиқатлар учун курашган — ёлғизланиш, танқиду таъқибларни писанд қилмасдан курашган. Абдулла Қаҳҳорнинг ижодий нафасидан номардлик, ҳар қандай ғирромлик титраган, тубанлик ўзини панага тортган. Унга тиш қайраганлар эса юзларига ниқоб тортишга мажбур бўлишган. Унинг борлиги миллатнинг ҳам давлати, ҳам сарвати, ҳам шавкати бўлган. Муболағасиз шундай!

Иброҳим Ҳаққул
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ЖАСОРАТИ
Эссе
077

I

kun-hikmati_013a.jpgГапнинг индаллосини айтсак, адабиётимизнинг мустақилликдан кейинги қиёфасини мен бошқача тасаввур қилганман. Истиқлол адабиёти — ҳақиқат адабиёти, шижоат адабиёти, ҳавасга арзигулик ҳуррият ва маърифат адабиёти ўлароқ шаклланади деб ўйлаганман. Юрти озод, тили, дили эркин ижодкор нега мутелик ва ожизликка кўнсин? Ёлғон ва тилёғламаликка не ҳожат? Саёзлик, маддоҳлик, офаринбозликдан ижод аҳли ҳар қалай халос бўлар деб умид қилганман. Истеъдодсиз ижодкорлар, яроқсиз асарларнинг йўли тўсилишига ишонч бўлган менда. Қарангки, хаёл бошқа — ҳаёт бошқа экан…

Адабиёт тақдири юрт ва миллат тақдири билан узвий боғлиқ. Миллат руҳи бутун мураккаблиги ва зиддиятлари билан аввало адабиётда акс этмоғи лозим. Миллатнинг қалб дардларига ҳам дастлаб адабиёт малҳам топади. Чунки халқнинг яшаш завқи сусайса — ғайрати сусаяди. Маънавий-руҳий ғайрат пасайса — фикр ва ташаббус тўхтайди. Бунга биринчи навбатда адабиёт масъул. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, «Адабиёт атомдан кучли…» Агар унинг кучи «ўтин ёриш»га сарф қилинмаса, адабиёт покиза ва муқаддас иш бўлиб қолса, ҳеч шак-шубҳа йўқки, бадиий сўзнинг куч-қуввати ортиб боради.

Мустақиллик арафасида, маълум бир муддат ундан кейин ҳам ўафур ўулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби буюк адиблар ижодига бир оз беписанд, шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди. Уларнинг ижодий ютуқлари, миллий адабиётнинг ҳақиқий адабиёт бўлиши учун чеккан заҳмат ва азобларини назарга илмаганлар ҳам майдонга чиқа бошлади. Аммо бундай нотўғри муносабат натижасида адабиётимиз ривожланиб қолгани йўқ. Аксинча, икки жумла фикрни эплаб ёзолмайдиган, ижод моҳиятини ниҳоятда юзаки тушуниб қоғоз қоралайдиганлар сафи кенгайиб кетди. Ўқувчилар олдида адабиётнинг қадр-қиммати, ёзувчининг обрў-эътибори пасайди. Агар бадиий ижодга Абдулла Қаҳҳор ёки Ойбек нигоҳи билан қараб, уларнинг бадиият мактабидан таълим олиб, тажрибаларидан хулосалар чиқарилганида шундай бўлармиди? Менимча, аҳвол нисбатан бошқача бўлур эди. Эътибор берган бўлсангиз, кейинги вақтларда ёзувчилар янги асарлари неча саҳифадан иборат эканидан ҳам ғурурланиб гапирадиган бўлиб қолди: «Мен фалон бетлик ҳикоя ёздим, юз эллик бетлик эссемни тугатдим» ва ҳоказо. Ёзувчининг асар бадиияти ҳақида эмас, ҳажми тўғрисида сўзлаши нимани англатади? Беихтиёр Абдулла Қаҳҳорнинг сўзлари хотирга келади: «Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак. Лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур нарсанигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак». Таассуфки, ҳозирги пайтда инсофли истеъдодлар кам, истеъдодсиз беинсофлар кўпроқ. Айтишларича, Миртемир домлага бир тавсиянома зарур бўлиб қолганида Абдулла Қаҳҳорга мурожаат қилган экан. Шунда Абдулла Қаҳҳор Миртемирга «Зиёд ва Адиба» каби бадиий жиҳатдан бўш асарларга муҳаррирлик қилганини эслатиб, тавсиянома бермаслигини билдирган экан. Ўзингиз айтинг, Абдулла Қаҳҳор адабиёт манфаатини ҳатто истеъдодли ижодкор манфаатидан ҳам юксак қўймаганида, Миртемирдай шоирнинг раъйини қайтарармиди? Ёки беғаразлик, бағрикенглик Абдулла Қаҳҳорнинг бош фазилати бўлмаганида, Миртемирнинг аслида ўша ишидан пушаймон эканини билгач, уни ҳузурига чорлаб тавсиянома берармиди?

Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат» китоби Саид Аҳмаднинг «Тортиқ» номли ҳикоялар тўпламига бағишланган танқидий мақола билан бошланади. Мақола 1940 йилда ёзилган. Абдулла Қаҳҳорнинг шундан кейинги адабий-танқидий фикр-мулоҳазалари ҳам бири биридан ўткир, бири биридан аҳамиятли ва қимматлидир. «Ёзувчининг вазифаси яхши асарлар ёзиш, халқ дилининг таржимони бўлиш билангина чекланмайди, унинг вазифасига адабиётни ҳар қандай бало-қазодан қўриқлаш, адабиётнинг сергак, жасур посбони бўлиш ҳам киради» деган сўзларига ўзи қандай амал қилганини билиш учун мунаққид-ёзувчи Абдулла Қаҳҳор фаолияти билан танишиш кифоя.

II

Талабалик йилларимда Абдулла Қаҳҳорни яқиндан кўриш, икки оғиз гапини эшитишни орзу қилганман. Аммо бу орзум амалга ошмаган. Абдулла Қаҳҳорни фақат телевизорда икки маротаба кўриб, сўзларини эшитганман. Иккаласи ҳам менда кучли таассурот уйғотган.

Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Пахта яккаҳокимлиги авжига чиқаётган кезлар. Ўзбекнинг етти ёшидан етмиш ёшигача пахта даласида. Ёшу қари гўё эгатларга сочилиб кетган. Қилча бўлсин, норозилик билдириш мумкин эмас. Масковдан белгиланган йиллик режани бажармагунча на қиз-жувон, на болаларда тиним бор. Кузнинг вужудни жунжиктирувчи изғирин ва совуқларини енгиб, ниҳоят, вилоятлар бирин-кетин кўзланган марраларни эгаллай бошлайди. Қўлга киритилган улкан ғалаба билан пахтакорларни қутлаб ёзувчи, шоир ва олимлар ҳам телевизорга чиқади. Табрик сўзлари ниҳоятда кўтаринки, бири биридан силлиқ ва ялтироқ. Иттифоқо, Абдулла Қаҳҳор ҳам юртдошлари — Фарғона меҳнаткашларини телевизор орқали қутлайди. Лекин унинг қутлови ҳеч кимникига ўхшамасди: сўз ҳам, гап ҳам жуда оддий ва табиий. Деҳқоннинг қувончига шерик бўлиш, кўнглини кўтариш ниятида айтилаётган фикрлар ҳам тошдай оғир. Мен ўша даврда пахтакорни табриклаш учун радио ёки телевизорга чиққан бирон бир ижодкорнинг журъат билан «Машина пахтакорнинг меҳнатини нақадар енгиллатган, уни машаққатдан нақадар қутқарган бўлса ҳам, ҳануз қиз-жувонларимизнинг ҳусн-латофати пахтазор жўякларида қолиб бораётипти, студентларимиз ҳануз тўлиқ таҳсил кўрмаётипти, қишлоқ болалари ҳануз мактабдан чаламулла бўлиб чиқаётипти» деганини эслай олмайман…

Ёв қочса, ботир кўпаяр, деганларидек, қайта қуриш ва ошкоралик замонларида қўлига қалам ушлаган зот борки, пахтакорнинг аҳволига қайғурадиган, пахта ишининг оғирлигидан бонг урадиган бўлиб қолди. Бу «қалтис» масалада шу қадар кўп гапирилдики, охири тинглашга ҳам тоқат қолмади. Айниқса, айрим журналист ва ёзувчиларнинг бийронлиги, чечанлиги андишасизликкача етиб борди. Ҳолбуки, ғамкашлик ва муҳофизлик кайфиятидаги ўша фикр-мулоҳазаларни бир жойга жамласангиз, уларнинг маъно салмоғи Абдулла Қаҳҳорнинг юқоридаги уч жумласига яқин ҳам йўламайди.

III

Абдулла Қаҳҳор ҳаётда ҳам, бадиий ижодда ҳам ўз ҳақиқатларини топган, шу ҳақиқатлар учун сабот билан курашган санъаткордир. Бу ҳақиқатлар уни қаттиқ қийнаган, қалбида оғир-оғир тебраниш ва тортишувлар пайдо қилган. Аммо у онгли ҳаёти ва истеъдод қувватини айнан шу ҳақиқатларга бағишлаган. Кўнглини нурафшон айлаган шу ҳақиқатларга суяниб, Абдулла Қаҳҳор маънан улғайган, маънан улғайган сайин эса шу ҳақиқатларнинг боқийлигидан илҳомланган. Абдулла Қаҳҳорнинг чўнг меҳнат ва заргарлик билан яратилган ҳар бир асарида боқий ҳақиқат муҳри ва шукуҳи бор. Абдулла Қаҳҳорнинг ижодий шахсияти беҳад бой ва фавқулодда саховатли. Шунинг учун, рус олимаси И.Баролина тўғри қайд этганидек, «Абдулла Қаҳҳор ижодига қизиқиш унинг шахсиятига, инсоний моҳиятига қизиқиш билан бевосита боғланган. Унинг шахсий фазилатлари — фикрлаш тарзи, характери, ғайрат-шижоати, маънавий дунёси асарларида шу қадар ёрқин акс этганки, ёзувчи Абдулла Қаҳҳор билан унинг шахси ичдан ажралмас алоқада бўлиб кўринади».

Бу ҳаммага насиб этадиган ва ҳамма ёзувчидан талаб қилса бўладиган хусусият эмас. Барча буюк ёзувчилардек, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳам шахси — ижодига, ижоди — шахсига бир кўзгудир. Адиб ижодини севганлар албатта унинг шахсига мафтун бўлади, шахсини билганлар эса — унинг ижодидан айри яшаёлмайди.

1967 йили Абдулла Қаҳҳор олтмиш ёшга тўлган эди. Ўша санага бағишлаб сентябрь ойида Тошкентда ўтказилган катта анжуман телевизорда бутун жумҳуриятга намойиш этилди. Бу адабий йиғинни кўриш талабалик давримнинг асло ўчмайдиган хотираларидан бири бўлиб қолган. Буюк адибнинг қордай оппоқ сочлари, нуроний чеҳраси, вазмин ва салобатли қадду қомати, ўзига ярашиқли бир оҳангда сўзлашлари тасаввуримда ҳали-ҳануз тез-тез жонланиб туради.

Абдулла Қаҳҳорга хос сокинлик, мулоҳазакорлик ва теранликка етишмоқ учун қанча билим, мушоҳада, қанча ҳаётий тажриба ва дард зарурлигини кейинроқ — анча вақт ўтгач англадим. Мана, ёш ҳам элликдан ўтиб олтмишга қараб чопаётир. Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён пойтахтда яшайман. Қанча-қанча ёзувчи, шоир, санъаткор ва олимлар билан учрашдим, яқиндан танишдим, мулоқотда бўлдим. Айримларининг юбилей тантаналарида иштирок этдим. Аммо улар орасида Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб ўзининг Сўзига ўзи ҳоким бўлган, ҳар қандай вазиятда ҳам мустақил фикрлайдиган ижодкор инсонни кам учратдим. Ҳақ ва ҳақиқат қаршисида тили қисиқ, юзи шувут бўлмаган ёзувчи борки, барчаси ўз сўзига ўзи ҳокимдир. Абдулла Қаҳҳор шундай беназир ёзувчи эди.

IV

Оламнинг ўзгариши — одамнинг ўзгаришига боғлиқ. Одамнинг онги, фикр-қарашлари янгиланмас экан, ҳеч қачон олам янгиланмайди. Абдулла Қаҳҳор мустабид хонлар, султонлар ҳукмронлик қилган эски замон инсоннинг қўл-оёғи билан бирга онги, ақли ва қалбини ҳам кишанлаб ташлаганини болалигидаёқ кўрган, ўша чиркин қуллик муҳитида яшаб улғайган эди. Абдулла Қаҳҳорнинг ўнлаб асарлари, хусусан, «Ўтмишдан эртаклар» қиссасида тасвирланган воқеа-ҳодиса ва ижтимоий манзаралар — асрлар мобайнида халқни янчиб, таъқиб этиб келган мусибат, ғам-андуҳ ва фожиаларнинг ўзига хос ҳаққоний талқинидир. «Халқнинг кўзи боғланса, қулоғига қўрғошин қуйилса, тақдир ҳукми ўлимдек ҳақ, деган ақидани унинг зеҳнига сингдириш осонроқ бўлади». Бу фикр — халқнинг кўзи боғланиб, қулоғига қўрғошин қуйилганда унинг оғир алам ва ситамларга йўлиқишига бевосита гувоҳ бўлган, бу ҳаётда инсон тасаввурига сиғмайдиган бало-қазолар қўпишини ўз кўзи билан кўрган, кўнглидан ўтказган ёзувчининг, яъни Абдулла Қаҳҳорнинг фикри. Тўғри, адиб октябрь инқилоби халқимизнинг кўзини, қулоғи ва онгини очади, энди тақдир ҳукмига ўлимга ишонгандек ишонишлар барҳам топади, деб умид қилган, давлат ва партия белгилаган мафкуравий чизиқлардан четга чиқмаслик нияти билан яшаб, ижод этган. Шу маънода Абдулла Қаҳҳорни айблашга ёки қоралашга далил бўладиган фикр-мулоҳазаларни унинг асарларидан кўчирма олиб, қаторлаштириш қийин эмас. Аммо бунинг билан Абдулла Қаҳҳорнинг асл бадиий олами, ёзувчилик қиёфаси хиралашиб қолмаганидек, санъаткорлик мақоми ҳам пасаймайди.

Абдулла Қаҳҳор бир суҳбатида «Мен адабиётга унинг моҳиятини билмасдан, адабиёт пропаганда қуроли эканини юзаки, жуда ҳам юзаки тушуниб кирганман», дейди. Таваллудига олтмиш йил тўлганда эса «Мен қирқ йиллик ижодий фаолиятим давомида кўп иш қилганим йўқ, чунки бу қирқ йилнинг кўпини тажриба орттиришга сарф қилдим», деган эди. Табиийки, адабиётнинг моҳиятини билмасдан қилинган иш — адабиёт намунаси сифатида яшай олмайди. Абдулла Қаҳҳор бундай асарларини кўп жилдлигига киритмаган. Ва бу иши билан ҳақиқий ёзувчи наинки бошқаларнинг, балки ўзининг ижодига ҳам танқидчи кўзи билан холисона қарашга қодирлигини исботлаган. Демоқчимизки, агар Абдулла Қаҳҳорнинг шўро давлати ва коммунистик партияга муносабати оддий одамлар ишончидан фарқ қилмаса эди, ўзини сиёсат ва адабиёт раҳнамоси деб билган «доҳий» ва «доҳийча»ларни ваҳимага солган ўша машҳур фикрни у ҳеч вақт айтмаган бўларди.
Устоз Озод Шарафиддинов бундай ҳикоя қилади: «Баъзан дўстларим — дейди Абдулла Қаҳҳор юбилей кечасидаги нутқида, менга таъна қилиб, «катта»ларга честь бериб турмайсан, дейишади. Мен честь беролмайман. Чунки мен партиянинг оддий солдати эмас, онгли аъзосиман». Аввало шуни айтиш керакки, бу гаплар бирдан, мажлис вақтидаёқ ёзувчининг эсига келиб қолган, ҳаяжон ичида оғзидан чиқиб кетган гаплар эмас, Абдулла Қаҳҳор беш кун аввал икки-уч шогирдига тантанали кечада гапирадиган гапини ўқиб берган эди. Шунда шогирдлари юқоридаги иборани айтмасликни, агар бу ибора айтиладиган бўлса, адабий муҳитга ёмон таъсир қилишини таъкидлашди…»

Шогирдлар ҳам оддий кишилар бўлмаган, албатта. Уларнинг ҳар бири эл-юртга танилган, ҳаётнинг паст-баландини яхши билгувчи истеъдод соҳиблари эди. Шунга қарамасдан, Абдулла Қаҳҳор шогирдларининг фикрини олмасдан, гапириши шарт деб ўйлаган гапини айтган. Унга муносабат кескин ўзгаришини билса-да, «Мен партиянинг оддий солдати эмас, онгли аъзосиман» дейишдан ўзини чеклай олмаган. Чунки замонасозлик, хушомадгўйлик, мадҳиябозлик авж олган ва партияга ялтоқланиш, унинг ҳар бир даъватига «лаббай» дея жавоб қайтариш умумий удумга айланган муҳитда «онгли аъзолик» ҳуқуқи ҳам катта гап ҳисобланган. Онгли аъзо бўлмоқ — ҳеч бир нарсага кўр-кўрона сиғинмаслик, бўлар-бўлмасга садоқат изҳорига берилмаслик, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг ақл-идроки ва салоҳиятига суяна билиш деганидир. Онг ва фикр мустақиллигига эришган киши — қалби ва руҳонияти ҳур инсон бўлади. Фақат шундай инсонгина умумий бетамизлик, ҳеч кимдан ҳисоб талаб этилавермайдиган «улгуржи» риёкорликка бош қўшмайди.

Абдулла Қаҳҳор одамнинг Одам бўлиб кун кечиришини, инсон ўз аҳволини билишда адашмаслигини, тош чайнаса ҳам ҳақиқатга хиёнат қилмаслигини истаган. Агар ўтмишда қуллик, қарамлик, забунлик ҳукм сурган бўлса, келажакда эркинлик, тенглик, бахтиёрлик қарор топади, деб умид қилган Абдулла Қаҳҳор. Агар мозийда меҳнаткаш халқ кўзидан қонли ёшлар оқиб, аждодларимизнинг боши мусибат ва кулфатдан чиқмаган бўлса, шўро замонида йиғи — шодликка, кулфат — қувонч ва хотиржамликка ўрин бўшатар деб ишонган Абдулла Қаҳҳор. Вақт ўтиши билан буюк адиб бу ишонч аслида улкан адашиш, алданиш эканини билган, ширин орзу ва умидлар бағридан умидсизлик ва дилни чўктиргувчи иштибоҳлар улғаяётганига иқрор бўлган.

Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини ўқигансиз. Унинг қаҳрамонларини яхши биласиз. Уларнинг орасида ибрат олиш ва намуна этиб кўрсатишга арзийдиган нечта эркак бор? Хаёлан бир жойга уларни тўпланг: фикри, савияси, мақсади, муносабати ва ҳолини бирма-бир таҳлилдан ўтказинг. Кўнглингиз чўкиб кетади. Лекин Абдулла Қаҳҳорнинг реалистлигидан, жонли образ яратиш санъати ва самимиятидан дил равшанлашади. Абдулла Қаҳҳор нуқтаи назарида ижобий қаҳрамон — ясама қаҳрамон эмас. У образ яратишда сунъийлик ва сохтакорликка тоқат қилолмаган. Шунинг учун ҳикояларидаги ҳар бир деталь, ҳар бир бадиий тўқима ҳаёт ҳақиқатига ўта мос ва улар инсон тақдирини ҳаққоний шаклда ёритишга хизмат эттирилган. Абдулла Қаҳҳор оддий инсонни севган, унинг аҳвол-руҳиясини теран тушунган, қисматига куйинган. Адиб оддий одамлар тўғрисида ёлғон ёзишдан, уларни сохта ва ясама қиёфада кўрсатишдан ҳазар қилган. Бундан ташқари, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини ўқисангиз, жасурлик ва матонат нафақат эркакларга, балки аёлга ҳам хос эканига тан берасиз. Нега шундай? Бу ҳақда ҳар ким ўзича ўйласа, ўзича бир хулосага келса, менимча, фойдадан холи бўлмайди. Мен бу ўринда фақат бир нарсага — Абдулла Қаҳҳорнинг қаҳрамон танлаш ва характерни типиклаштиришдаги талабига эътибор қаратишни истар эдим. Ёзувчи асарларида ибратли образ ва қаҳрамон бор, лекин идеал образ ҳам, қаҳрамон ҳам йўқ. Бу санъаткорнинг том маънодаги реалист ижодкорлиги ва ҳақпарастлиги ҳам, йўқни — бор демагани, сохта ва сўхтаси совуқ китобий қаҳрамонларни бино қилиб сиёсат «тегирмони»га сув қуймагани, китобхонни алдамаганида яққол намоён бўлади.

«Биз мансуб бўлган миллат, — дейди Америка ёзувчиси Ролф Эмерсон, — оломонга айланиб қолди. Биз ҳанузгача комил инсонни кўра олганимиз йўқ. Унинг маънавий-руҳий ҳолатини ҳам ҳали тўғри тасаввур этолмаймиз. Комил шахсни фақат орзу қиламиз. Лекин у ҳақидаги хабардан нари ўтолмаймиз. Унга хос бўлган қувват ва сеҳрли қобилият биз учун мубҳам ва номаълумдир…»
Тахминан мана шундай фикр Абдулла Қаҳҳорнинг қалбида ҳам зилдек армон бўлиб чўкиб ётган. У ҳаётда учратмагани — комил шахсни тасаввурда ёки хаёл кучи билан бино қилишга умуман рағбат сезмаган деса, хато бўлмайди.

Абдулла Орипов Абдулла Қаҳҳорга бағишланган хотираларида «Абдулла аканинг лафзидан учган сўзлар нечоғлиқ шафқатсиз бўлмасин, унинг кўзларида доимо қандайдир бир мунг яшириниб ётарди», дейди. Эҳтимол, бу мунг — ҳасрат ва армон мунги бўлган. Эҳтимол, бу — англаш азоби ва чорасизлик ҳисси бўлгандир. Эҳтимол, бошқа нарсадир. Нима бўлганда ҳам, ўша хосиятли Мунгда кучли Шахс соғинчи яширинганига шахсан мен шубҳа қилмайман.

V

«Ватандош бўлмаса, ватан бўлмайди», дейди Ибн Арабий. Демак, ҳар қандай ватаннинг тарихи, бугуни ва келажаги ватандошлик туйғусининг қандай шакллангани, нечоғлиқ куч-қудратга эга эканига боғлиқ. Ҳақиқий ватандошликдан доимо маслакдошлик туғилади. Бундай маслакдошлик эса ўзни англаш ва ўзига ишонишга, ҳеч нарсадан чўчимай, қўрқмай яшашга руҳлантиради. Ҳар қандай ўткинчи ҳислар, ғаразли муддао ва даъволар ватандошлик туйғуси таъсирида жуда хунук ва паст, бағоят сўник кўринади. Чинакам ватандошлик туйғусигина кўнгилдан кўнгилга йўл очади, эл-юрт дардини виждон дардига, ҳуррият ишқини ҳаёт мазмунига айлантиради. Мана шунга эришилмаса, ватандошлик ҳисси қуруқ гап бўлиб қолаверади. Натижада авомлик, нодонлик ва сохтакорликлар авж олади.

Авом ким? Одамдай эркин фикр юритиш, эркин яшаш шавқидан маҳрум кимса. Қорни тўқ, уст-боши бут бўлса, оромини ҳеч ким бузмаса — авомнинг «озодлиги» ана шу бўлади. Авомлик бу — гушналик, лақмалик, кўр-кўрона эргашиш, ихтиёрий равишда қулликка чидаш деганидир. Шунинг учун авомни алдаш, лақиллатиш осон. Унинг ҳақиқати қорнидан бошланиб, бўғзида тугайди. Айниқса, мустамлакачилик шароитида, босқинчилик мафкураси қиличга айланган замонларда авомни уйғотиш, оломонни ҳурриятга бошлаш бошни кундага қўйиш билан тенг бўлади. Чунки донишманд Абдулла Қаҳҳор ҳаққоний таърифлаганидек, «Мустамлакачилик фақат мамлакатни ғорат қилмайди, ундан ҳам ёмонроғи — одамларни, халқни руҳан ғорат қилади, шундай қиладики, қул ҳаётини кечираётган, инсонга номуносиб ҳаёт кечираётган одамда шу ҳаётга қарши норозилик, исён руҳи буткул сўнади».

Абдулла Қаҳҳор бу гапни ҳинд мустамлакачилигини назарда тутиб айтган. Лекин юртимизда юз йилдан зиёд давом этган мустамлакачилик биринчи галда халқимизнинг руҳини, жасоратини ғорат қилиб, турли ҳийла-найранглар билан уни кишанда, қуллик қафасларида сақлашга уринмаганмиди? Элимизни динидан, тили ва тарихидан ажратиб ташлаш учун бор куч, бор имкониятини сарфламаганмиди?

Ўзини қайси дин, қайси мазҳабга мансуб билмасин ва ўзини ким деб ҳисобламасин, барибир авомнинг дини, мустаҳкам эътиқоди бўлмайди. У Худодан эмас, бошида қилич қайраб турган бандасидан қўрқади. Холиқни шарафлаб, махлуқнинг пойига бош эгади. Унинг қошу қабоғи ва ҳукмига қараб югуради, елади. Мамлакат бошига босқин офати, мазлумлик кулфатлари ёғилганда, номусу ор учун майдонга чиқиш зарурати юзага келганда нодон диндор ҳам, ғофил даҳрий ҳам адолатни эмас — зулмни, одилликни эмас — золимликни, ҳақиқатни эмас — ёлғон ва қаллобликни ёқлайди. Чор босқини замонларида ҳам худди шундай бўлган. Келгиндиларга юртимизнинг қўл-оёғини боғлаб беришда пешқадамлик қилганлар кимлар? Пешво бўлганлар ким? Фақат сиёсат арбоби ва амалдорларми?..

Озарбойжоннинг буюк фарзанди ва мутафаккири Ҳусайн Жовид масжид ва минбарларда жамоатни жаннат ҳузур-ҳаловати ила алдаб, авом мусулмонларга охират саодатини ваъда қилиб, уларни ғафлат, кулфат ва бахтсизликларга кўниктиришга жон-жаҳди билан уринган шариат соҳибларининг қилмишларидан баҳс юритиб, бундай деб ёзган эди:

Агар мусулмонлик будурки, бизим мусулмонда бор,
Вой унинг эртасигаки, бу куннинг ортидан келур.

Туркистондаги диний маҳдудлик ва ғофиллик эса Кавказдагига нисбатан минг карра зиёдроқ ва аянчлироқ бўлганини тарихий мисоллардан яхши биламиз. Қулликни — ҳурлик дея фатво бериш, халқни бош эгиш, ҳайвонникидан ҳам ёмонроқ ҳаётга кўниктиришда баъзи шариат намояндалари яловбардорлик қилган. Шу туфайли эркин фикр қафасга солинган, инсондаги табиий майллар аёвсиз таъқиб этилган. Исломнинг илғор, ниҳоятда ҳаётий ва инсонпарвар дин эканига шубҳа қилмаган ҳолда, Абдулла Қаҳҳор дин билан диндорлик айни бир тушунча эмаслигини ёритишга интилган. У бир ўринда ёзади: «Инглиз мустамлакаларида нима қилган бўлса, ҳаммаси қон сўриладиган найчалардан иборат бўлган: темир йўл, ҳар хил иморатлар, хомашё ишланадиган корхоналар, динга ривож, одамларда қуллик рафтори ва психологияси. Дин ҳам шу найчалардан бири…»

Бу ҳукм бир оз кескин эмасми? Куфр ва даҳрийлик майли сезилмайдими унда? Менимча, коса тагидаги нимкосани пайқаган киши адибнинг хулосасига қўшилади. Ахир, эътиқод эркинлиги чекланган ва тақиқланган муҳитда, қолоқлик, саводсизлик ва гумроҳлик тантана қилган шароитда диннинг маъно-моҳияти қаттиқ «таҳрир»га учраши, қонун-қоидалар эса анча-мунча замонавийлаштирилиши мумкин, албатта. Модомики шундай экан, маълум даврларда диндан ҳам «қон сўриладиган бир найча» ўрнида фойдаланилганини асло инкор этиб бўлмайди.

Дин номи билан дунёда жуда кўп яхши ва хайрли ишлар қилинган. Шу билан бирга, дунёдаги кўпдан-кўп ёмон ишлар, ақл бовар этмас қабоҳат ва ёвузликлар ҳам бир замонлар дин ва шариат номи остида амалга оширилганини инкор этиб бўлмайди. Буни унутмаслик ва бундан зинҳор-базинҳор кўз юммаслик керак. Мен Абдулла Қаҳхорнинг динга муносабатини, дин ва диндорлик хусусида илгари сурган фикр-мулоҳазаларини тўла-тўкис ёқламайман. Шунингдек, адибнинг дин ва жамият ривожи, дин ва инсон эрки, дин ва шахс камолига доир фикрларининг бугунги кунда аҳамияти қолмади, деган гапларга ҳам асло қўшилмайман.

VI

Улкан ёзувчи, агар ҳақиқатан ҳам санъаткор бўлса, майда ҳиссиётларга берилмайди. Бунга жаҳон адабиётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мана, буюк рус адиби Лев Толстойни олайлик. Унинг бой-бадавлат киши бўлганини ҳамма билади. Лекин ёзувчининг атрофидаги қашшоқлик, камбағаллик унга беҳад ёмон таъсир ўтказган, унинг кўнглини эзиб, руҳини янчган. Эллик ёшларида Толстой онгида кутилмаган эврилиш содир бўлади: у ҳаётидан, қилаётган ижодий ишларидан қониқмай қолади. Атроф-муҳитни ақлга сиғмас кулфат, бахтсизлик қуршаб ётган бир замонда ўтириб олиб роман ёзиш — ғирт бемаънилик, деган қарорга келади. Ва бадиий ижодни вақтинча тўхтатиб, халқнинг оғир аҳволи ҳақида оташин публицистик мақолалар ёза бошлайди. Бу мақолалар жамиятдаги ижтимоий адолатсизликка нисбатан нафрат ва ғазаб ҳисси билан тўлиқ эди.

Абдулла Қаҳҳор «Толстой санъаткор сифатида биз учун битмас-туганмас маҳорат хазинаси, мактаб, бутун бошли бир академиядир» деганида бу буюк сиймодан халқ тақдири, шахс эрки учун кураш жасоратини ўрганишни ҳам назарда тутган. Ахир, тоғдай талантга Оллоҳ тариқдек шижоатни раво кўрмаса — бу ҳам бир толесизлик. Бунақа истеъдод ҳавасга арзимайди: у ёниб-ёнолмайди, куйиб куёлмайди, эҳтиёткорлик «қонун-қоида»ларини четлаб, мардона қадам ташлаёлмайди. Одатда бундай ижодкорлар ўзларининг ички кучига эмас, аллақандай ташқи кучга таслим бўлиб яшайди.
Биз истаймизми, истамаймизми, ҳақиқий ёзувчининг шахсияти — очиқ шахсият. Шунинг учун у ҳар қандай ёпиқ жамият билан чиқишолмайди. У ҳамма нарсада очиқлик, аниқлик бўлишини хоҳлайди. Бундай ижодкор ҳатто ортидан болта кўтариб югурганларида ҳам ўз сўзи ва журъатига содиқ қолади. Шу ҳақда сўз очилганда Абдулла Қаҳҳорни хотирламасдан бўладими?
Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг мардлиги ибрат бўлиб қолган. Жамол Камол «Абдулла Қаҳҳор хотирасига» шеърида хаёлан устозга мурожаат этиб бундай дейди:

Ким ҳам кия олур энди тўнингни,
Ким ҳам боғлай олур сенинг белбоғинг?

Абдулла Қаҳҳор елкасига олган «қўқоний тўн»ни кийиш осонми? Абдулла Қаҳҳорнинг «белбоғи»ни белга боғлашга кимнинг қудрати етадию ким журъат топади?

Замон синовларидан ўтган, эътиқод ва иродаси мустаҳкам ижодкорларимиз бор. Эҳтимол шулар ҳам курашчанлик ва матонатда, ҳақгўйлик ва жасоратда Абдулла Қаҳҳорга ҳавас қилса ажаб эмас. Лекин унга тенглашишни хаёлга келтирмасалар керак. Таниқли рус адиби Константин Симоновнинг ёзишича, у Қаҳҳор билан танишмасидан олдин «Сароб» романини ўқиган. Ва китоб муаллифининг ҳаёт, унинг мураккабликларию зиддиятлари ҳақида теран, дадил фикрлай олишига тан берган. Шахсан танишувдан сўнг эса, «Мен нафақат теран ва доно инсонга, балки ҳаракатлари мардонавор, қатъиятли, мулоҳазалари кескин, ҳатто дағалга ўхшаб кетадиган, хижолат бўлар даражада кескин бир инсонга тўқнаш келдим», дейди у.

Хўш, Қаҳҳорнинг жасорати нимадан озиқланган? Аввало, тўғрилик ва ҳақиқатдан. Тўғрилик ва ростлик Абдулла Қаҳҳорнинг тарбиячиси, йўлбошчиси бўлган. Шунинг учун унинг оҳиста ва вазмин фикрлари ҳам ўзгаларни чўчитган, таҳликага солган. Ўзларини адабиёт пешволари деб билган, ҳақиқатга юзма-юз келишдан қочиб яшайдиган фармонбардорларнинг фикр ва талабларини Абдулла Қаҳҳор эътиборга лойиқ кўрмаган. Ва ҳеч иккиланмай уларга қарши сўзини айтган. Бу сўзлар ёзувчи шаъни ва мартабасини муҳофаза этиш жиҳатидан ҳамон қимматлидир.

«Культ давридаги ваҳимачиликдан ҳануз қутулмаган шубҳа бандалари, — деб ёзади Абдулла Қаҳҳор бир мақоласида, — тухумдан тук қидиради, майдонга келган ҳар бир асарни тирноқлаб, ҳидлаб, иложи бўлса ёзувчининг бошига чертиб кўришни, булардан албатта нуқсон топишни, лоақал асарни шубҳа остида қолдирадиган ҳар хил имо-ишоралар қилишни, чала-ярим гаплар айтиб, миш-мишларга озиқ беришни ўзининг касби ҳисоблайди». Маълумки, ваҳима ва шубҳабозликдан адабиётимиз катта зарар кўрган. Бу иллат қулай шароит туғилиши билан дарров ўзининг жирканч башарасини намоён этиб келган. Узоққа бормасдан, саксонинчи йилларнинг ўрталарини хотирлайлик. Ўшанда қатор ёш истеъдодлардан ғоявий хатолар топиш учун асарлари «тирноқлаб» ҳам, «ҳидлаб» ҳам ўқилди. Кимлардир «тухумдан тук» қидириб, палағда иддао билан адабий жамоатчиликни чалғитишга, ижодида миллий руҳ кучли бўлган ёшларнинг китобларига миллатчилик тамғасини босишга уринди. Хайриятки, замон нафаси ўзгарди, хайриятки, Қодирий ва Қаҳҳор каби улуғларимизнинг руҳлари адабиётимизнинг навқирон авлодини қўллади — ёвузлик, зўравонлик мақсадига эришолмади. Қўрқоқлик нақадар жирканч нарса эканига, ёзувчи учун қўрқувдан ортиқ тавқилаънат бўлмаслигига мен ўшанда аниқ ишонч ҳосил қилганман.

Қўрқув ҳаётнинг оддий муаммоси эмас, жуда катта — баҳайбат муаммоси экан. Ҳинд файласуфларидан бири айтганидек, қўрқувга тобе, қўрқув домида қолган ақл шубҳа ва зиддият ичида яшар экан. «Ана шунинг учун бундай ақл бузуқ ва тажовузкор, зўравонликка мойил бўлади». Демак, қандай юксак тоғни кўзлаб, қандай маъбудга сиғинмайлик, шўро даврида қон-қонимизга сингдирилган қўрқувдан қутулмасак, ҳаётимизни, журъат ва жасоратимизни емирадиган, мажруҳ айлайдиган даҳшатли офатдан ҳеч вақт халос бўла олмаймиз. Ёвузлик, жаҳолат ва зулмни қораловчи қаламкашлар ҳар қадамда учрайди. Бу ишни қоғозда бажариш осон. Қийини — ёвузлик ва адолатсизликни камайтиришга амалий ҳисса қўшишдир. Шу маънода Абдулла Қаҳҳорнинг сўзи билан амали орасида тафовут йўқ эди. К. Симонов буни жуда яхши англаган, яхшигина изоҳлаб ҳам берган. У ёзади: «Абдулла Қаҳҳор ёвузлик, жаҳолат, разиллик ёнидан хотиржам ўтиб кетаверадиган одам эмасди, афтидан, бу ҳол уни қайғуга соларди, худди мана шу қайғу унинг ақлли кўзларида ҳамиша сезилиб турарди… бундан ўзгача муносабатда бўлиш унинг қўлидан келмасди, у бошқача муносабатда бўлишга интилмасди ҳам». «Тобутдан товуш» ёзилганидан буён порахўрлик, юлғичлик шу қадар кенг ва чуқур илдиз ёзиб, ривож топдики, жамиятни тубидан кемириб, емириб ётган бу офатга қарши курашиш мумкинлигига эндиликда одамларни ишонтириш ҳам осон бўлмай қолди. Ҳолбуки, мазкур асар эълон қилинган вақтда баъзи ёзувчилар Абдулла Қаҳҳорнинг бу масалада ҳақлигига шубҳа билдирган, адабиётшунос ва мунаққидлар эса уни воқеликни бузиб кўрсатишда айблаган эди.

Одамнинг эркин яшаши, эркин фикрлаб, эркин сўзлаши қийин бўлган, чор атрофда ҳадик, қўрқув, ваҳима шарпаси ўрмалаб юрган таҳликали бир шароитда ҳақгўй, курашчан шахс қандай озод, қандай мардона яшаган бўлса, Абдулла Қаҳҳор ҳам шундай умр кечиргани ҳайратланарлидир. Миллати, юрти, адабиёти равнақига бир улкан адиб нечоғлиқ беғараз ҳисса қўшган бўлса, Абдулла Қаҳҳор ҳам шундай меҳнат қилгани, ўзини аямасдан ўлмас асарлар яратишга эришгани ҳам ҳавас қилишга муносибдир.

VII

Истеъдодли ижодкор истеъдодсизлик билан асло чиқиша олмайди. Чунки ҳақиқий истеъдод — адабиётнинг сергак посбони. Адабиётни истеъдодсизлар хуружидан истеъдод соҳиблари муҳофаза этмаса, бошқа ҳеч ким ҳимоя қилолмайди.

abdulla_qahhor.jpgБизнинг назаримизда, ўтган асрда яшаб ижод қилган ҳеч бир ўзбек ижодкори адабиётимизнинг тақдири, тозалиги ва дахлсизлиги учун Абдулла Қаҳҳор каби қатъият билан курашмаган, бу йўлда Абдулла Қаҳҳорчалик азият ҳам чекмаган. Инсоф юзасидан буни тан олиш лозим.

Абдулла Қаҳҳорнинг борлиги — тириклигининг ўзи ўртамиёначилик, истеъдодсизлик, китобхонни назар-писанд этмасликка қарши бир қалқон бўлган. Фақат яхши асар ёзишни эмас, ғоявий ночор, бадиий яроқсиз асарларга йўл бермасликни у ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисоблаган. Унга кўра, ёзувчи адабиётга икки хил йўл билан — бири тутаб, иккинчиси яшнаб кириб келади. «Тутаб кирган ёзувчи узоқ тутайди, кўнглидан чиқариб эмас, қорнидан чиқариб асар ёзади, ёзувчилик умрининг охиригача тутайди… Ёзувчиликка чўғдай яшнаб кирган ижодкор асардан-асарга яшнай беради, охирда абадий сўнмас ўтга айланади».

Яна бир тоифа қаламкашлар бўладики, улар адабиётга «ўғри мушукдай туйнукдан» тушади. Булар учун адабиёт санъат эмас — касб, тирикчилик манбаи. Адабиётга тутаб ёки ўғри мушукдай туйнукдан кирадиган ёзувчиларнинг энг олий аъмоли маҳаллий ва «маҳалла классиклари» бўлишдир. Адабиёт шуларнинг дастидан жабр кўради. Шулар бадиий сўз, образли фикр завқидан китобхонни бенасиб этиш билан машғул бўлади. Ҳозирги кунда ёзиш-чизишга бўлган ҳавасни истеъдод деб ўйлайдиганларнинг сони шу қадар кўпайиб кетдики, улар адабиётда ўзларини сувдаги балиқдай эркин сезадиган бўлиб қолди.

Шундай аҳволга Абдулла Қаҳҳор чидармиди? Лоқайд қарай олармиди? Душман орттириш ёки қандайдир имтиёзлардан айрилиб қолишдан чўчирмиди? Келинг, унинг ўлими олдидан содиқ шогирди Шуҳратга айтган мана бу сўзларини ўқийлик: «Одамлар мени душмани кўп деб ўйлайди. Ваҳоланки, менинг душманим йўқ. Мен ҳеч кимга душманлик қилган эмасман. Мабодо бирор одамга қаттиқ гапирган ёки у ҳақда ёзган бўлсам, адабиётимизнинг равнақини кўзлаб, жоним ачиганидан, ўша одамнинг талантсизлиги ёки ёмон асар ёзгани учун шундай қилганман…» Бундай дейишга Абдулла Қаҳҳор ҳақли эди. Бундай қийин ишни бажаришга Абдулла Қаҳҳор қодир эди. Вафотидан кейиноқ ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам унинг ўрни билинди. Абдулла Қаҳҳордан кейинги адабиётимиз тўғрисида ўйлаб, бундай мулоҳазалар пайдо бўлади: албатта, Абдулла Қаҳҳор бўлиш қийин. У танлаган йўлдан одим ташлаб, катта адабиёт дарди билан яшаш бундан-да душвор. Биз Абдулла Қаҳҳорни севамиз, деймиз. Унинг асарларини эъзозлаб, кўзга суртиб ўқиймиз, деймиз. Издош ва шогирдлари хусусида энди бемалол гапирамиз. Дўппи тор келганда, «Мен Абдулла Қаҳҳорга сафдошман, холос…» дея шогирдликдан тонишлар ҳам унутилди. Лекин айтинг: ҳақиқат ва адабиёт истиқболи учун Абдулла Қаҳҳор тортган машаққатларнинг, борингки, ўндан бирини елкасида кўтара оладиган бирор ёзувчининг номини нега дадил тилга ололмаймиз? Абдулла Қаҳҳорга ишонгандек ишонадиган, унга суянгандек суянадиган адабий шахсият қаерда? Ишончим комилки, обрў-эътиборли қайси бир ижодкорга ҳозир «Сиз — адабиётимизнинг Қаҳҳорисиз, яъни посбонисиз», деб сўзламанг, у ё ноқулайлик сезади ёки «Қўйсангиз-чи…»дея эътироз билдиради. Аслида, ҳолатларнинг иккаласи ҳам тўғри. Шунинг учун ҳам бизда Абдулла Қаҳҳорни соғиниш, ич-ичдан қўмсаш ҳисси бор. Юксак чўққиларни кўзлаган йўлчи муаззам тоққа суянгандек, биз ҳам бугун Абдулла Қаҳҳорга суянамиз, ҳаётга, адабиётга, истеъдодга устоз нигоҳи ила қарай олсак, ижод оламидаги офаринбозлик, сохта даҳочилик, майдакашлик ва дидсизлик иллатларидан халос бўлиш муқаррарлигига ишонгимиз келади.

Абдулла Қаҳҳор олтмишинчи йилларнинг бошларида ёзилган «Шижоат ҳақида» номли мақоласида бундай деган эди: «Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир».

Ёзувчи ҳалол бўлмоғи учун, биринчи галда, истеъдодли бўлиши шарт. Чунки қитмирлик, бахиллик, писмиқлик — бундай ноқисликларнинг бари истеъдодсизликнинг ҳосиласидир. Истеъдод ва шижоат эса қарийб эгизак тушунчалардирки, талант шижоатни, шижоат талантни қўллабгина қолмасдан, бири иккинчисини қаноатлантириб боради. Бунинг энг ёрқин мисоли Абдулла Қаҳҳорнинг истеъдоди ва шунга муносиб шижоатидир. Мен гапни айлантириб бирон бир ёзувчи ёки шоирнинг шижоатсизлигини писанда қилмоқчи эмасман. Бу — бесамар иш. Бесамарлиги шундаки, таъна, танқид ёки маломат билан олчоқни оқил, қўрқоқни жасурга айлантириб бўлмайди. Маломатда саломат бор, деганларидек, ижодкор ўзини ўзи маломат қилишни жуда яхши билмоғи керак. Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб шафқатсизликни ўзидан бошламоғи лозим. Ана шундагина у ўзини алдамаслиги, ўзига ўзи чап бериб яшамаслиги мумкин.

Тирикликдаги синовлар камлик қилганидек, ҳаёт Абдулла Қаҳҳорни ўлимидан кейин ҳам синовдан ўтказди. Адибнинг юраги уришдан тўхташи ҳамон бир қанча шогирдлар қалбида «жўш урган» меҳр, садоқат, эътиқод ҳам гўё маълум бир муддат тўхтади. Адабий йиғин ва анжуманларда унинг номи ва хизматлари камдан-кам тилга олинадиган бўлди. Қаҳҳоршунос сифатида танилган баъзи олимлар тадқиқот мавзуларини бутунлай ўзгартирди… Адибнинг етмиш йиллик юбилейи хўжакўрсинга – жуда совуқ бир муносабат билан ўтказилди. Бунинг сабаблари кейинчалик айрим китоб ва мақолаларда изоҳлаб ҳам берилди.

Вақт чопавераркан. Ҳаётда ўзгаришлар бўлавераркан. Ана-мана дегунча Абдулла Қаҳҳор таваллудига 80 йил ҳам тўлди. Ушбу санага бағишлаб ёзилган мақола, хотира ва чиқишларни олдинги юбилейники билан умуман қиёслаб бўлмасди. Мана, иззат ва эҳтиром. Мана, содиқлик ва ҳақгўйлик. Бундан кимлардир ҳайратланди. Кимлардир ажабланди. «Шунча гап бор экан, нечун шу пайтгача сир сақланди?» дегувчилар ҳам бўлди. Чунки кўп мулоҳазалар уйдирма-ёлғоннинг юзини пардозлаш учун тўқилган эди. Хўш, Абдулла Қаҳҳорнинг асл қиёфасини сохталаштириш ва ҳақиқатни бузиб-бежаб кўрсатишдан муддао нима эди? Ёзувчи Тоҳир Малик сўзларини эшитинг: «Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг 80 йиллиги муносабати билан айрим одамлар уни хорлик кўрган, жабр чеккан, таъқиб этилган бир бечорага чиқариб қўйдилар. Уялмай-нетмай, «Абдулла Қаҳҳор ҳақида гапириш мумкин эмас эди», деб даъво қилдилар. Улар ўзларининг қўрқоқлигини, таъмагирлигини яшириш учун шундай гаплар тарқатдилар. Абдулла Қаҳҳор — бечора одам эмас, КУРАШЧИ(!) эди. Ўзининг шахсий фикри бор эди ва бу фикрни ҳимоя қила оларди. У бировнинг фикри билан яшамаган, бировга қуллуқ қилмаган, бирон ниманинг таъмаида юрмаган. Уни бечорага чиқариб қўйганлар, аксинча, Абдулла Қаҳҳорни мақтасам фалончи акамга маъқул келмаса-чи, ҳозир катта унвонга, катта мукофотга навбатда турибман, яна навбатдан чиқариб ташламасинлар», деб қўрқиб яшашган. Ана энди, «Абдулла Қаҳҳор устозингиз экан, нима учун шунча йил индамадингиз?» деган саволга мана шундай даъволар тўқиб чиқаришди…»

Бу сўзлар юқорида ўртага ташлаган саволимизга тўғри ва энг одил жавобдир. Ҳақиқат «таъқиби»да яшаган ижодкор бора-бора одамлар таъқибига парво қилмайдиган бўлади. Ташқи зўравонлик, бедодлик ва найрангбозликлар уни қийнаши мумкин, лекин руҳини сўндиролмайди. Негаки, ҳеч вақт унинг МОҲИЯТИГА етиб бориб бўлмайди. Моҳияти теран ШАХСга ачиниш керак эмас — ундан ўрганиш, ибрат олиш лозим. Чунки маҳрумият ва мағлубият унинг қисматида зоҳиран нечоғлиқ кенг қулоч ёзмасин, барибир у ҳақ ва ғолибдир. Шунинг учун унинг дарди, ғам-ғуссалари ва кўз ёшларидан шодлик, некбинлик, ишонч чечаклари униб чиқади…

VIII

Ёзувчининг таянадиган тоғи, ишонадиган боғи уни сўзлашга, ўйлаш ва дунёни англашга ўргатган она тилидир. Миллий тилининг гўзаллигини идрок қилолмаган ижодкор бошқа ҳеч бир гўзалликни теран идрок этолмайди. Нафосат туйғуси — тил туйғусидан бошланади. Она тилининг табиатини яхши билган киши ўз миллатининг табиати, миллий завқини ҳам яхши англайди. Тилнинг руҳи — халқнинг руҳи экани буюк боболаримиз томонидан бежиз таъкидланмаган. Ижодкорни саёз фикрлаш, бачкана ҳис-туйғуларни қоғозга кўчиришдан энг аввало тил муҳофаза қилади. Тилга жавобгарлик — сўз, тасвир, услубга жавобгарлик демак. Бир маънода истеъдод — сўзга жон бағишлаш, ўлик сўзни ҳам тирилтиришдир. Истеъдодсизлик эса бунинг акси — ҳатто тирик сўзни ҳам ўлдириш.

Абдулла Қаҳҳорни нега бунча эъзозлаймиз? Маҳоратига нечун бунчалик таҳсин ўқиймиз? У сўз билан мўъжиза ярата билган, тил меҳнатини заргарлик санъати даражасида юксалтира олган ёзувчи эди. Абдулла Қаҳҳор ҳикоя ва қиссаларидаги ҳар бир сўз, ҳар бир иборанинг ўрни шу қадар муқим ва мустаҳкамки, уларни бошқа сўз, бошқа ибора ёхуд жумла билан ўзгартириш деярли имконсиз.
«Мен тажриба учун, — дейди Саид Аҳмад, — устознинг «Ўғри», «Бемор», «Анор» ҳикояларидан баъзи сўзларни олиб ташлаб кўрдим. Бўлмади. Ҳикоя бир устуни олиб ташланган айвонга ўхшаб лапанглаб қолди».

Ахир, ҳар бир саҳифа ўрта ҳисобда 15-16 марта кўчирилса, ҳар сафар жумлаларга сайқал берилса, боз устига бир саҳифадаги гапни бир жумлага, ўн саҳифа мазмунини биргина саҳифага сиғдириш учун қунт ва илҳом ила меҳнат қилинса — сўз нари турсин, тиниш белгисини ҳам қимирлатиб бўлмайди.

Азиз биродар, она тилимизнинг хотираси тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Тилимиз хотирасида нималар сақланиб қолгани ва нималар бизгача етиб келганини билишга уринганмисиз? Ўзбек тили дунёдаги хотираси энг бой тиллардан. Унинг хотирасида жуда қадим бир дунё бор — ана шу дунёнинг қайғуси, алами ва армонлари жойлашиб қолган унда. Бу тилдаги кўп сўзлар курашлар гувоҳи, мағлублик ва ғолиблик, йўқотиш ва айрилиқларнинг хабарчиси эрур. Уларнинг ботинида ғусса ва ҳасрат, мусибат ва надомат пинҳон ётибди. Абдулла Қаҳҳор — мана шундай сўзларнинг сирларини кашф этган ёзувчи. Шунинг учун ҳам унга сўз билан юзма-юз келиш, сўз хотирасидан таралган садоларни тинглаш қийин бўлган. Умуман, у сўзнинг юрагига қулоқ тутишни ҳам, уйғоқ сўз билан иш юритишни ҳам ниҳоятда теран эгаллаган.

Бир донишманд олим «Сўзнинг томирларида қон оқса, юраги уриб турса, кўзи кўриб, қулоғи эшитса — сўз тирикдир», дейди. Фақат шундай сўзларгина бадиий матнда тириклик руҳини акс эттиради, ўқувчини ҳақиқатга иқрор қилади, ҳаётнинг очилмаган зиддиятлари, бири биридан мураккаб ҳодисотлари сирини очади.

Абдулла Қаҳҳорнинг сўзга муносабати, сўз қўллаш санъати кўпчиликка маълум: у сўзга беҳад хасис. Сўзни ҳаддан зиёд танлаб, чертиб-чертиб ишлатади. Ундан бизга мерос қолган  асарларнинг аксарияти томирида қон югураётган, кўзи, қулоғи, шуури очиқ сўзлардан яралгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

IX

Маълумки, Абдулла Қаҳҳор маҳоратининг илдизлари нафақат миллий адабиётимиз замини, балки мумтоз рус адабиёти намояндалари — Толстой, Тургенев, Гоголь, энг аввало, Чехов ижодий тажрибалари билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Сирасини айтганда, Абдулла Қаҳҳор жаҳон адабиётидаги ютуқларни имкон даражасида ижодий ўзлаштириб, миллий насримизда янги саҳифалар очган. Бу саҳифаларда муҳрланган сўзлар, туйғу ва характерларга такрор-такрор нигоҳ ташлаган сайин инсоннинг сўз воситасида мўъжиза яратиш салоҳиятига бўлган ишонч шунча ортади.
Мен, барча тенгдошларим қатори, Абдулла Қаҳҳор асарларини ўқишни болаликда — мактаб дарсликларидан бошлаганман. Абдулла Қаҳҳорнинг мени дастлаб жуда қизиқтирган асари «Анор» ҳикояси эди. Шу ҳикоядан кейин бирин-кетин адибнинг юпқа-қалин китобларини топиб ўқишга киришиб кетганман. Болалик олисларда қолди. Йигитлик шамолдай ўтди-кетди… Лекин мен ҳамон қаҳҳорхонликдан тўхтаганим йўқ. Ўқиш иштиёқи ҳам, таассурот ва мушоҳада ҳам энди нисбатан ўзгача. Бултур «Сароб»ни қайта ўқидим. Қандай ажойиб роман! Йигирма уч ёшли ўспирин йигит шундай кўркам, шундай бақувват китоб ёзганига ақл бовар қилмайди.

«Сароб»да сирли-сеҳрли бир руҳ бор. Ана шу руҳ асар қаҳрамонлари тақдирига бирёқлама қарашга имкон бермайди. Илк ўқишда романнинг туб моҳиятини етарли даражада тушунмаганман. Лекин Саидий ҳам, Мунисхон ҳам менга ёққан. Негадир уларни айблашга, душман дейишга тилим бормаган. Бошқа образларга нисбатан Саидий, Мунисхон ва Муродхўжа домла характерлари жуда пишиқ ишлангандай туюлган. Маълумки, «Сароб» шўро тузуми душманлари — ўзини миллат ҳомийси, миллатчи деб атаган гуруҳга қарши, «буржуа миллатчилигининг синфий моҳиятини фош этиш» мақсадида ёзилган. Адибнинг эътирофи бўйича, у «Сароб»да болалигида қалбини яралаган ўтмиш ҳаётни «қайтаришга бел боғлаган душманларнинг бошига» қалбидаги «ғазаб ўтини ёғдиришга» тиришган. Аммо нечундир романда ғазаб ўти сезилмайди: унинг саҳифаларидан холислик шуъласи таралиб туради. Салимхон, Мунис, Саидий, Муродхўжа каби образлар, албатта, салбий типлар. Ёзувчи уларнинг ҳаёт тарзи, фикр-қараши, психологияси ва дунёқарашини ич-ичидан инкор этади. Уларнинг наинки маиший ҳаёти, балки маънавий оламига ҳам дадил кириб боради. Ўқувчи мутолаа жараёнида уларнинг ҳар бири гўл, лақма ва анойи кишилар эмаслигини сезиб, шунга иқрор бўлиб боради. Шўро мафкураси «кўзгу»сида қараладиган бўлса, бу қаҳрамонлар ҳақиқатан ҳам адашган, худбин, маккор ва ғаним, бир сўз билан айтганда, зараркунанда кимсалар. Бироқ уларга адолат ва холислик мезони билан баҳо берилса-чи?

Инига чўп суқилса, ари ҳам одамга ёпишади, талайди. Юрт босиб олинса, вайрон этилса, элнинг қони тўкилса, ҳокимият зўравонликка, қарамликка асосланса, одам фарзанди ари қадар қаршилик кўрсатмасинми?! Аричалик ҳам қаҳри йўқми унинг?! Ҳа, Саидий худбин, мешчан ва шуҳратпараст. У миллатчи ва шўро сиёсатининг душмани. Нима қилиб бўлса ҳам одамларни «большевизм зулмидан дод» дегизишни кўзлайди. Бошқа давр, бошқа бир замон бўлганда, эҳтимолки, унинг қисмати бутунлай ўзгача бўлар, «ички ҳаёти билан ташқи ҳаёти орасидаги кундан-кун ўсиб борган қарама-қаршилик» жонига қасд қиларли даражага етмасди. Саидий бадиий ижодда катта бир муваффақиятларга эришмаган бўлса-да, умрининг охирларигача ёзув-чизувдан ўзини чеклай олмайди. Агар у дўсти Эҳсоннинг «Сиз ўзбек адабиётини бутун дунё кўрадиган юксакликка кўтаришда қатнашасиз. Бу фаолиятни сиз шўро ҳукуматини нима мустаҳкамласа, нима социализм қурилишига ёрдам берса, шу «менинг мавзуим» деб бошланг…» деган фикрларини қабул айлаб, амалда шуни кўрсатишга жаҳд этса, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам қандайдир ютуқларни қўлга киритармиди? Шубҳасиз, шундай бўларди. Унда у — Саидий эмас, ихтиёрий равишда шўро босқини ва қирғинларини қўллаб-қувватлаган ижодкорга айланарди.

Романнинг саккизинчи қисмида бир лавҳа бор. Саидий илк бор Салимхонларникига келганида Мунисхон роялда унга бир куй чалиб бермоқчи бўлади ва дейди: «Бу жуда кекса машқ. Ҳарбий машқ… Араблар Ундулусни олганда чалинган машқ. Кишини шундай ғайратлантирадики, буни эшитганда ўлик ҳам тирилиб жангга отланади. Эшитинг, Раҳимжон…
Машқни эшитганда Саидийнинг кўз олдига гижинглаган араб отлари, найза, қалқонлар келиб, қулоғига кураш ва қондан хабар берувчи товушлар эшитилиб кетди».

Аввало, Мунисхон кишини ғайратлантирувчи, ўлик ҳам тирилиб, курашга отланадиган қадимий бир ғалаба куйини Саидийга бежиз чалиб бергани йўқ. Иккинчидан, уни тинглаган Саидийнинг кўз олдига гижинглаган араб отлари, найза, қалқонлар гавдаланиб, қулоғига кураш ва қон товушлари эшитилгандай бўлиши мутлақо тасодифий эмас. Бунда қизил байроқ баланд кўтарилган бир юртдаги мағлубиятга ҳам, айни пайтда, ҳали сўниб битмаган умид, омонсиз кураш ва жангларда туғилажак ғалабага ҳам ишорат бор. Саидий «эрк эртаклари»га ишонмайди ва ишонишни ҳам истамайди. У «ўз доирасидаги кишиларнинг ҳаммасини ақлли, ҳаммасининг мия механизмлари бут» ва «тушунадиган одамлар» деб билгани боис бошқа бир «эртак»нинг қурбони бўлади. Саидий ва атрофидагиларнинг фожиаси — фақат адашиш фожиаси эмас, курашиш фожиаси ҳам.

Муродхўжа хонадонидаги ўзаро бир суҳбатда келажагига билдирилган ишончга жавобан Саидий: «Адиблик менинг касбим бўлишига ишонаман, домла… Архимед: «Менга таянч нуқтасини берингиз, ричагим билан ерни кўтараман», деган. Мен ҳам ерни кўтараман, домла, менга ҳам таянч нуқтаси керак, бу — шароит», дейди. На турмушда, на сиёсий ҳаракатда, на ижодда «таянч нуқтаси»ни топиш шўрлик Саидийга насиб этмайди. «Норозиликдан кўра келажакда рози бўлиш умидининг» кундан-кунга йўқолиб бориши уни толиқтиради, ақл-идрокини кишанлайди, ичкиликка ғарқ этади, ҳалокат ёқасига судрайди. Саидийни маслаксизлик ёки эътиқодсизликда айблаб бўлмайди. Шу гапни унинг Салимхон, Муродхўжа, Аббосхон ва бошқа даврадошларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Одам таниш, илм-маданиятни қадрлаш, халқдан кучли шахслар чиқишини орзу этиш, кишидаги заковат ва қобилиятни англаш, тадбиркорлик ва уддабуронликда Муродхўжа домла Салимхондан илгариласа илгарилайдики, ортда қолмайди.

Шўро салтанатини қулатиб, янги бир давлат барпо этиш мақсадида тузилган ташкилот аъзолари йиғинида асосий мавзу бир четда қолиб изҳори ҳасрат бошланганда Муродхўжа домла қатъиян норозилик билдириб бундай дейди: «Ҳаммаларинг ўз дардларингни айтасизлар. Бундай ҳол жами халқнинг бошида бор. Шундан қутулиш йўли тўғрисида гапиринглар-да! Бу ерга наҳот ҳасрат қилгани тўпланган бўлсак! Ҳар қайсимиз буюк бир ғоянинг эгаси. Бу нима майдагаплик!»

«Буюк ғоя… буюк ғоя…» дейишдан мурод ҳосил бўлмайди. Пана-пастқамларда тўпланиб ҳасрат тўкиш билан, буюк ғояни ҳаётга жорий қилиш ва олий бир натижаларга эришиш орасидаги фарқ ердан осмон қадардир. Хуллас, шўро давлатининг тотли ваъдаларига ишониб, унинг ортидан эргашган омма алданишга маҳкум бўлганидек, нажот маркази хорижда, дея ўз миллатининг куч-қуввати, миллий руҳи, ижтимоий-сиёсий талаб ва имкониятларини тўғри баҳолай олмасдан, янги давлат қуришга уринган мулкдорлар, зиёлилар, дин ва шариат намояндалари ҳам ожизлик ботқоғига ботган эдилар. Бу ботқоқ уларни бирин-кетин домига тортарди. Аммо улар ҳам «кишан киймай, бўйин эгмай», ғайриинсоний сиёсат оёқлантирган зўравонлик ва қўрқувлар домига тушмай яшаши, хатолардан кечиши, фикрий чалғишлардан қутулиши мумкин эди-ку! Уларнинг ҳаёти, тақдирини шўро давлати бир чақага ҳам арзитмагани рост. Аммо ўзининг ўқимишлилиги, ҳушёр, зийрак ва камтарлик каби фазилатлари билан хотирада яшаб қоладиган Саидий ҳам, ташқи гўзаллиги билангина эмас, фаросати, диди, ички латифлиги билан кишини мафтун айлайдиган Мунисхондек дилбар бир қиз ҳам шу миллатнинг фарзанди эмасмиди? Мунисхон жонига қасд қилади — тўппонча билан ўзини отади. У нимага ўзини отганини кўплар билмайди. Жумладан, Саидий ҳам. Мунисхон — ишқ ва гўзаллик тантанаси учун туғилган қиз. У ишқсиз ва бахтсиз яшашга кўниколмайди. Тақдир унга Саидийни нега рўбарў қилганини кейин англайди. Кечикиб бўлса-да, хатосини тушунади. Бахтсизлиги учун оламга лаънат ёғдирмайди. Ўлим олдидан битиб қолдирган хатини «Олам тўла бахт, фақат мен бахтсиз эдим», деб тугатади.

Тақдир драмасини ҳаққоний ёритиш, мураккаб қисматли шахс фожиасини холис тасвирлашда, менимча, адабиётимизда «Сароб» билан беллашадиган асар йўқ. «Сароб»ни ўқиганда кўнгилда бир сергаклик уйғонади. Тарих жафокаш халқимизга нечун бундай бўлиниш, тоқат қилиб бўлмас парчаланишни раво кўрди, деб ўйлайсиз. Кеча айтилмаган бўлса, энди бугун, келинг, салбий деб атаганимиз, душман деб билганимиз «Сароб»даги қаҳрамонларни оқламасак ҳам, қораламайлик, мақтамасак ҳамки, таҳқирламайлик. Уларни тушунмоққа ҳаракат қилайлик. Мулкидан ажралиш, эркини бой бериб, она тупроғида сиғинди бўлиб, қўрқиб, бегона одамдай яшаш қандоқ азоб, қандоқ кулфат бу! Бугунги баъзи мулкдор ва бойларнинг фикр даражаси, мақсад-муддаосини ҳам кўриб турибмиз-ку! Улар юзлаб салимхон ва мухторхонларни доғда қолдириши, диёнат, инсоф ва савияда улардан юз чандон тубан туришига нима дейсиз!..

Не ёзиқки, мулк даъвоси, бойлик тўплаш психологияси ҳарислик, манманлик, худбинлик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ҳирслари билан чамбарчас боғлиқ экан!

Одам ҳаётни билиши учун, энг аввало, ўзининг ҳақиқий аҳволини билиши керак. Ўзининг аҳволини билиш — ўз миллатининг ҳақиқий аҳволини билиш йўлидаги олтин ҳалқадир. «Сароб»ни ўқишдан туғилажак бир ҳикматли хулоса ана шу!

X

Одатда ҳақиқат сустлик ва сокинликни ёқтирмайди. Ҳақиқат кўнглидан чуқур жой олган одам-чи? У албатта сокинлашади. Бу сокинлик, бугун бўлмаса эртага, уни дунё ортидан ҳаллослаётган, билиб-билмай тирикчилик тегирмонида янчилаётганлардан ажралишга, ҳаёт ҳодисотларига жуда холис ва ҳаққоний қарашга мажбур қилади. Агар ижодкор шундай сокинлик қадрини билмаса, катта билим ва мушоҳада ила уни шакллантира олмаса, шошқалоқлик, ҳавойилик, ўзни кўз-кўз қилиш майлларидан ҳеч қачон қутула олмайди. Бу майллар охир-оқибатда уни худди қўғирчоқдек ўйнатади. Ҳақиқий санъаткорнинг сокинлиги ҳақдан файз етган орифнинг хотиржамлигига бағоят яқин бўлади. Қалбида фикр тўфони қўзғалиб, эҳтирос аланга олса ҳам у жўшмайди — сукут ва сокинлигига содиқ қолаверади. Қадрини билган, камтар ва андишали ҳар бир ижодкорда шу ҳолни кузатиш мумкин. Мен Абдулла Қаҳҳор шахсини кўкларга кўтариб, идеаллаштириш фикридан бутунлай йироқман. У ҳам фаришта эмас, шу заминда яшаб ўтган бир инсон эди. У ҳақиқат юкини кўтариш бутун бир жамиятга оғирлик қилган мураккаб замонларда яшаган. Унда ҳам ўзига хос камчиликлар, чекиниш ва чалғишлар бўлган. Гап шундаки, шулар ҳам Абдулла Қаҳҳорни маънан улғайтириши, қалбидаги маънавий-руҳий теранликни кучайтиришга хизмат қилган. Бир кун келиб адабиётда виждон тимсолига айланишни Абдулла Қаҳҳор, эҳтимол, хаёлига ҳам келтирмагандир. Лекин у адабиётимизнинг бедор Виждони бўлиб тарихда қолди.

Абдулла Қаҳҳорнинг адабий-танқидий мақолаларини ўқиб, суҳбатларидаги фикрларнинг маънисини мулоҳаза қилиб кўрган бўлсангиз, демак, адабий танқид нима, ҳақиқий танқидчи ким, унинг фаолияти қандай бўлиши ҳақида тўғри тасаввурга эгасиз.

Танқидчилик билан шуғулланиш ҳавасида юрган кезларимда мен қайси мунаққиднинг асари қўлимга тушса ўқийверганман. Баъзиларини жиддий ҳафсала билан мутолаа қилганман. Айримларини ўқишга қийналганман: ифода ғализ, аксарият жумлалар тушунарсиз, илмий атамалар қалаштириб ташланган, муаллифнинг шахси ва ижодий қиёфасини аниқ тасаввур этиш қийин, ночор китоблар ҳам мақталган, таъриф ва тавсифлар далил-исботсиз ва ҳоказо.

Мен ҳам нимадир ёзгим, қай бир китобларга муносабат билдиргим келар, аммо ёзишга қийналардим, бордию ёзсам ҳам қониқмасдим. Шунда Абдулла Қаҳҳорнинг бир неча бор ўқиганим «Ёшлар билан суҳбат» ва олти жилдлигининг охиргисидаги ўзимга жуда ёққан мақолаларни кўчириб ёзишга киришдим… Шундан сўнг наинки танқид — адабиёт, бадиийлик, истеъдод ва ҳақиқат тўғрисидаги фикрларим ҳам тиниқлашди. Шунда мен Абдулла Қаҳҳор танқидчиларнинг ҳам донишманд устози эканини, унинг сабоқларига риоя қилиш, ғоявий-эстетик талабларини бажариш бағоят қийинлигини билдим. Абдулла Қаҳҳор дейдики, «Танқид ёмон асар билан китобхон орасида даллол, ширинкомага виждонини сотадиган юраксиз даллол бўлмаслиги керак». Қани бунақа танқид? Ёмон асар билан китобхон ўртасида даллоллик қилмаган мунаққид топиладими ўзи? Топилса, неча киши улар? Гапириш ноқулай.

Дид, савия, жасорат бобда танқидчи ва адабиётшунос, ёзувчи ёки шоирдан илдамлаб кетмаса ҳам, кейинда юрмаслиги зарур. Танқидчи аввалбошдан «Ўқувчининг қалбига таъсир қилмаган нарсанинг адабиётга ҳеч алоқаси йўқ»лигини билиши керак. Гўзаллик туйғуси сўнган мунаққид ана шу масалада ўзини фош этади: адабиётга алоқаси йўқ асарларни киприк қоқмасдан мақташга ё мавзунинг долзарблигини дастак қилиб, таҳлил этишга киришиб кетади. Билмайди ва билолмайдики, «Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди — мева тугмайди. Кўнгил рози бўлган асаргина китобхоннинг кўнглига йўл топади…»

Ўзбек танқидчилигида ноқислик тамали нима дейилса икки сўз билан жавоб берса бўлади: савия ва журъат. Ҳолбуки, Абдулла Қаҳҳор мунаққиднинг савияси ва журъати масаласида жон куйдириб сўзлаган. Дардсиз ва эҳтироссиз ёзилган асарларни мақтайдиган савиясиз танқидчилар ҳақида у бундай деган эди: «Бу тоифа танқидчилар ўқиб бўлмайдиган, бадиий жиҳатдан ғоятда ғариб бўлса ҳам рўй-рост «ғоявий хатоси» йўқ китобларни ахтариб юриб, улар тўғрисида мадҳиялар ёзиб ўрганган, шуни касб қилиб олган».

Танқидчида билим, савия, дунёқараш, маслак қанча теран бўлса, у адабиётни қанча кенг ҳис қилса, ҳеч бир масалага тарафкашлик ва ғараз билан ёндашмаса, асарни ўшанча холис таҳлил эта олади. Акс ҳолда, ташхисда адашган табибга ўхшаб, қилаётган ишида фақат тахмин ва ғалатга асосланади. Бундан на ёзувчи, на адабиёт, на китобхонга фойда тегади. Бадиий-эстетик идроки пачоқ танқидчи-адабиётшунос жавобгарлик ва жонкуярликни жангарилик ёки ботирлик деб тушунади. Қалам ўрнига найза, болта кўтариб ёзувчига ҳамла қилади. Абдулла Қаҳҳор «Сароб»дан бошлаб то охирги асарларигача шундай ташланиш ва адолатсиз танқидларга дуч келган. Бу ҳақда баҳс юритган Озод Шарафиддинов, «Ҳозир адибнинг бутун умри давомида танқиддан еган даккиларини ўйлар эканман, унинг рўпарадан ҳам, орқаваротдан ҳам қилган ҳужумларини даф этишга кўп кучи сарфланганини тасаввур қилар эканман, бу одамнинг саботига, тоғдай бардошига қойил қоламан», дейди. Бунда Абдулла Қаҳҳорни суяб, муҳофаза айлаган куч, бир томондан, ўзининг ҳақлиги, холислигига ишонч бўлса, иккинчидан, ҳақиқий танқид илмининг вазифаси, ҳуқуқ ва хусусиятларини англаши эди. Шунинг учун у мунаққид истеъдодини ёзувчи истеъдодидан кам деб билмаган.

Ҳозирги пайтда адабий танқиднинг қиёфаси кундан-кунга мавҳумлашиб бораётир. Унинг майдони гавжумлашиш ўрнига тобора сийраклашиб, бўшаб қолмоқда. Адабий танқиднинг бир замонлардаги обрў-эътибори ва нуфузи йўқ энди. Абдулла Қаҳҳор бошқа ишга ярамай ўзини танқидчиликка урганларни «ҳар нарсадан чўчиб шақилдоқ чалаверади»ган қўрқоқ қоровулга ўхшатган эди. «Шақилдоқ»бозликнинг ўрнини ҳам ҳайбаракаллачилик, мадҳиягўйлик эгаллади. Лекин аҳвол бундай давом этиши мумкин эмас. Ўзбек танқидчилиги қайта қад ростлашни, неча ўн йиллардан буён мерос бўлиб келаётган замонасозлик, эҳтиёткорлик, даллоллик сингари иллатлардан халос бўлиб, шахдам одим ташлашни истаса, Абдулла Қаҳҳор талаб қилганидек, энг аввало, «адабиётимизга катта адабиёт чўққисидан» қарашга бел боғлаши керак. Ана шунда унинг ўзи ҳам янги чўққиларни забт этиши мумкин.

ХI

Абдулла Қаҳҳор асарлари бир мўъжиза эканини кўпчилик эътироф этган. Жумладан, атоқли адиб Шукур Холмирзаев «Ўзбек адабиётида ана шундай мўъжизаларни яратиб, қолдириб кетган инсонга топиниш мумкин», дейди. Мен ақлимни таниганимдан буён Абдулла Қаҳҳорнинг шахсини ҳам, асарларини ҳам яхши кўрганман. Қолаверса, чинакам буюк адибга топинишнинг нимаси айб? Лекин ҳозир бошқа бир гапни айтишим лозим деб ўйлайман.

Етмишинчи йилларнинг охирларида Абдулла Қаҳҳорга менинг муносабатим бир оз ўзгарган эди. Бунга Тошкентга келиб яшай бошлаганимдан кейин айрим адабий давра ва суҳбатларда Қаҳҳор ҳақида муросасизлик ила айтилган танқидий мулоҳазаларни эшитишим ҳам сабаб бўлгандир. Энди Қаҳҳорга мухолиф кайфиятдаги ёш ижодкорларга ҳам дуч келиш мумкин эди. Улардан баъзилари Қаҳҳорни «сочидан тирноғигача шўро ёзувчиси» экани учун қораласа, бошқа бирлари унинг Чўлпон тўғрисида айтган икки жумла гапини дастак қилиб айбнома тўқир эди. Хуллас, Қаҳҳорнинг ҳатто ҳикоянависликдаги ютуқлари ҳам назарга илинмас, унинг энг сара, энг ўқишли ҳикоялари ҳам паст баҳоланарди. Кунлардан бир кун икки-уч яхши ҳикояси билан танилиб қолган ёзувчи биродарларимиздан бири бундай деган эди: «Абдулла Қаҳҳор ҳикоя яратмайди — тўқийди. Ҳикоя ясайди. Ўтмиш мавзуидаги ҳикоялари эса тарихни айблаш, тарихга қора чаплаш учун қилинган ишлардир…» Охирги, ўтмишга тегишли жумлалар менда ҳам эътироз туғдирмаган. Чунки Қаҳҳорнинг асарларини ўқиб, тарихдан фахрланолмайсиз, тарихга суянолмайсиз, тарихдан руҳий мадад ололмайсиз. Уларнинг деярли барчасида мозий жуда нурсиз, сурурсиз ва қоп-қора бўёқларда – қалбни ғам-ғуссага чулғайдиган манзараларда намоён бўлади.

Абдулла Қаҳҳорнинг ўттизинчи йилларда ёзилган «Бемор», «Ўғри», «Анор», «Миллатчилар» каби ҳикоялари менга ёққан. Уларни ўқиб, «Хайрият, шафқатсиз, адолатсиз, ўша тенгсизлик замонлари барҳам топган. Хайрият, халқимиз ўша кулфат, мусибат, сон-саноқсиз бахтсизликлардан халос бўлган», деб ўйлаганман. Аммо бир кун келиб, «Наинки, ҳўкизидан айрилган мусибатдийда бир мўйсафидга ҳеч ким раҳм қилмаса, ахир амалдор ҳам одам-ку!.. Наинки, бемор хотинга гўдакнинг саҳарлари қиладиган дуосидан бошқа даво топилмаса; наинки, соғ-саломат йигит бошқоронғи хотинига икки донагина анор олиб беролмаса…» қабилидаги эътирозлар менда ҳам пайдо бўлишини ўйламаганман. Аммо шунда ҳам негадир Қаҳҳорни ўқишдан ўзимни тўхтатолмаганман. Ҳикояларини бўлмаса, қиссаларини, қиссаларини бўлмаса, бошқа асарларини қайта-қайта ўқийверганман. Шуни ҳам айтишим керакки, мен қаҳҳоршунос бўламан, шу соҳада бирор илмий тадқиқот яратаман деб Абдулла Қаҳҳор ижодиётига боғланиб қолганим йўқ. Аммо Абдулла Қаҳҳор ижодиёти сир-асрорларидан воқиф бўлиш ниятида кўп олимларнинг, хусусан, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Умарали Норматов каби адабиётшуносларнинг тадқиқотлари билан ҳам танишганман.

Абдулла Қаҳҳорни саксонинчи йилларда ўзимча янгидан кашф қилдим десам хато бўлмас. «Сароб»да Саидийнинг «Муваффақиятли чиққан бир ҳикоядаги типни мамлакатнинг ҳар бурчидан юзлаб, минглаб топиш мумкин» деган фикри бор. Қизиғи шундаки, бундай типлар кўп учрашидан ташқари, уларнинг умри ҳам узоқ бўларкан. Замон, макон, вақт тушунчаларини улар кўпда тан олавермас экан. Мен ана шунда «Ўғри» ҳикоясидаги Қобил бобо биздан анча олис даврларда яшаб, ўтиб кетган бўлса-да, «қобилбобочилик» ўзига хос тарзда давом қилаётганини англадим.

Абдулла Қаҳҳорнинг ўндан ортиқ ҳикоясини битта ном — «Бошсиз одам» номи остида бирлаштириш мумкин… Тўлиқ маънода Фахриддинга монанд, унингдек лақма, иродасиз, мустақил фикрдан маҳрум гўл кимсани,эҳтимол, ҳаётда учратиш қийиндир. Аммо атрофга синчковлик билан кўз ташлаб, мушоҳада этилса-чи? Ҳайронлар қоласиз… Беихтиёр, «бошсиз одам» бунча кўп-а, дейсиз.
Абдулла Қаҳҳор ўтмиш мавзуига бежиз қизиқмаган экан. Мозийнинг замон билан доимо боғланадиган нозик ришта ва ҳалқаларини топиб, фақат тарих бағрида қолиб кетмайдиган ҳаёт ҳақиқатлари ва фожиаларини куйиб-ёниб тасвирлаган экан. Абдулла Қаҳҳор ижодидаги шафқатсиз реализмнинг туб илдизи ҳам балки ана шундадир.

Cўнгги йилларда айрим ёзувчи, олим жўраларимиз билан Абдулла Қаҳҳор тўғрисида кўп гурунглашиб, фикр алмашдик. Энди ўйласам, «Абдулла Қаҳҳор наинки адабиётнинг, юрт ва миллатнинг ҳам виждони» деган моҳиятга мен алоҳида урғу берган эканман. Дарвоқе, марҳум адибимиз Ўлмас Умарбеков ҳам устозни миллат виждонини тамсил этган ёзувчилардан деб таърифлаган. Ҳа, Абдулла Қаҳҳор босиб ўтган ҳаёт йўли ҳам, ижод йўли ҳам виждон йўли эди. У сўнгги нафасигача миллат дарди билан яшади. Шунинг учун ҳам унга оғир бўлган. Мамлакатда тоза фикрлайдиган одамлар камайиб кетгани, шулар ҳам иқтидорини янги ҳақиқат излашга эмас, эскиларини такрорлашга сарф айлаганига қарамай, Абдулла Қаҳҳор доимо озод фикр, янги ҳақиқатлар учун курашган — ёлғизланиш, танқиду таъқибларни писанд қилмасдан курашган. Абдулла Қаҳҳорнинг ижодий нафасидан номардлик, ҳар қандай ғирромлик титраган, тубанлик ўзини панага тортган. Унга тиш қайраганлар эса юзларига ниқоб тортишга мажбур бўлишган. Унинг борлиги миллатнинг ҳам давлати, ҳам сарвати, ҳам шавкати бўлган. Муболағасиз шундай!

Константин Станиславскийнинг «Санъатдаги ҳаётим» китобида Л. Толстой ҳақида айтилган бундай бир гап бор: «Унинг ҳаётлигида биз «Толстой билан бир замонда яшаш қандай бахт!» дер эдик. Юрагимиз ғам-ғуссага тўлиб-тошганда, ҳаётда қийналганда ёки кишилар кўзимизга йиртқич бўлиб кўринганда «Ясная Полянада Толстой бор-ку!» деган фикр билан ўзимизга тасалли берардик…»
Худди шу каби, Абдулла Қаҳҳор тириклигида ўзбек зиёлиларида ҳам шундай бир қаноат ва тасалли бор эди. Лекин, ишончим комилки, «Бизнинг Абдулла Қаҳҳордек беназир ёзувчимиз бўлган, у ўзининг боқий асарлари ва ўлмас жасорати ила доимо биз билан бирга яшаётир…» деган ғурур-ифтихор туйғуси бугун ҳам ижод аҳлининг маҳзун қалбига умид ва жасорат бағишлаб туради.

Matn «Tafakkur» jurnalidan olindi

Abdulla Qahhor bosib oʻtgan hayot yoʻli ham, ijod yoʻli ham vijdon yoʻli edi. U soʻnggi nafasigacha millat dardi bilan yashadi. Shuning uchun ham unga ogʻir boʻlgan. Mamlakatda toza fikrlaydigan odamlar kamayib ketgani, shular ham iqtidorini yangi haqiqat izlashga emas, eskilarini takrorlashga sarf aylaganiga qaramay, Abdulla Qahhor doimo ozod fikr, yangi haqiqatlar uchun kurashgan — yolgʻizlanish, tanqidu taʼqiblarni pisand qilmasdan kurashgan. Abdulla Qahhorning ijodiy nafasidan nomardlik, har qanday gʻirromlik titragan, tubanlik oʻzini panaga tortgan. Unga tish qayraganlar esa yuzlariga niqob tortishga majbur boʻlishgan. Uning borligi millatning ham davlati, ham sarvati, ham shavkati boʻlgan. Mubolagʻasiz shunday!

Ibrohim Haqqul
ABDULLA QAHHOR JASORATI
Esse
077

I

Gapning indallosini aytsak, adabiyotimizning mustaqillikdan keyingi qiyofasini men boshqacha tasavvur qilganman. Istiqlol adabiyoti — haqiqat adabiyoti, shijoat adabiyoti, havasga arzigulik hurriyat va ma’rifat adabiyoti o’laroq shakllanadi deb o’ylaganman. Yurti ozod, tili, dili erkin ijodkor nega mutelik va ojizlikka ko’nsin? Yolg’on va tilyog’lamalikka ne hojat? Sayozlik, maddohlik, ofarinbozlikdan ijod ahli har qalay xalos bo’lar deb umid qilganman. Iste’dodsiz ijodkorlar, yaroqsiz asarlarning yo’li to’silishiga ishonch bo’lgan menda. Qarangki, xayol boshqa — hayot boshqa ekan…

Adabiyot taqdiri yurt va millat taqdiri bilan uzviy bog’liq. Millat ruhi butun murakkabligi va ziddiyatlari bilan avvalo adabiyotda aks etmog’i lozim. Millatning qalb dardlariga ham dastlab adabiyot malham topadi. Chunki xalqning yashash zavqi susaysa — g’ayrati susayadi. Ma’naviy-ruhiy g’ayrat pasaysa — fikr va tashabbus to’xtaydi. Bunga birinchi navbatda adabiyot mas’ul. Abdulla Qahhor aytganidek, «Adabiyot atomdan kuchli…» Agar uning kuchi «o’tin yorish»ga sarf qilinmasa, adabiyot pokiza va muqaddas ish bo’lib qolsa, hech shak-shubha yo’qki, badiiy so’zning kuch-quvvati ortib boradi.

Mustaqillik arafasida, ma’lum bir muddat undan keyin ham o’afur o’ulom, Oybek, Abdulla Qahhor kabi buyuk adiblar ijodiga bir oz bepisand, shubha bilan qaraganlar ham bo’ldi. Ularning ijodiy yutuqlari, milliy adabiyotning haqiqiy adabiyot bo’lishi uchun chekkan zahmat va azoblarini nazarga ilmaganlar ham maydonga chiqa boshladi. Ammo bunday noto’g’ri munosabat natijasida adabiyotimiz rivojlanib qolgani yo’q. Aksincha, ikki jumla fikrni eplab yozolmaydigan, ijod mohiyatini nihoyatda yuzaki tushunib qog’oz qoralaydiganlar safi kengayib ketdi. O’quvchilar oldida adabiyotning qadr-qimmati, yozuvchining obro’-e’tibori pasaydi. Agar badiiy ijodga Abdulla Qahhor yoki Oybek nigohi bilan qarab, ularning badiiyat maktabidan ta’lim olib, tajribalaridan xulosalar chiqarilganida shunday bo’larmidi? Menimcha, ahvol nisbatan boshqacha bo’lur edi. E’tibor bergan bo’lsangiz, keyingi vaqtlarda yozuvchilar yangi asarlari necha sahifadan iborat ekanidan ham g’ururlanib gapiradigan bo’lib qoldi: «Men falon betlik hikoya yozdim, yuz ellik betlik essemni tugatdim» va hokazo. Yozuvchining asar badiiyati haqida emas, hajmi to’g’risida so’zlashi nimani anglatadi? Beixtiyor Abdulla Qahhorning so’zlari xotirga keladi: «Adabiy asar yozish uchun, hech shubhasiz, talant kerak. Lekin yozilgan narsani o’chirish, kitobxonga zarur narsanigina qoldirish uchun talantning o’zigina kifoya qilmaydi, insof ham kerak». Taassufki, hozirgi paytda insofli iste’dodlar kam, iste’dodsiz beinsoflar ko’proq. Aytishlaricha, Mirtemir domlaga bir tavsiyanoma zarur bo’lib qolganida Abdulla Qahhorga murojaat qilgan ekan. Shunda Abdulla Qahhor Mirtemirga «Ziyod va Adiba» kabi badiiy jihatdan bo’sh asarlarga muharrirlik qilganini eslatib, tavsiyanoma bermasligini bildirgan ekan. O’zingiz ayting, Abdulla Qahhor adabiyot manfaatini hatto iste’dodli ijodkor manfaatidan ham yuksak qo’ymaganida, Mirtemirday shoirning ra’yini qaytararmidi? Yoki beg’arazlik, bag’rikenglik Abdulla Qahhorning bosh fazilati bo’lmaganida, Mirtemirning aslida o’sha ishidan pushaymon ekanini bilgach, uni huzuriga chorlab tavsiyanoma berarmidi?

Abdulla Qahhorning «Yoshlar bilan suhbat» kitobi Said Ahmadning «Tortiq» nomli hikoyalar to’plamiga bag’ishlangan tanqidiy maqola bilan boshlanadi. Maqola 1940 yilda yozilgan. Abdulla Qahhorning shundan keyingi adabiy-tanqidiy fikr-mulohazalari ham biri biridan o’tkir, biri biridan ahamiyatli va qimmatlidir. «Yozuvchining vazifasi yaxshi asarlar yozish, xalq dilining tarjimoni bo’lish bilangina cheklanmaydi, uning vazifasiga adabiyotni har qanday balo-qazodan qo’riqlash, adabiyotning sergak, jasur posboni bo’lish ham kiradi» degan so’zlariga o’zi qanday amal qilganini bilish uchun munaqqid-yozuvchi Abdulla Qahhor faoliyati bilan tanishish kifoya.

II

6388dad05f90ffc528fd5c450b0b00c6.jpgTalabalik yillarimda Abdulla Qahhorni yaqindan ko’rish, ikki og’iz gapini eshitishni orzu qilganman. Ammo bu orzum amalga oshmagan. Abdulla Qahhorni faqat televizorda ikki marotaba ko’rib, so’zlarini eshitganman. Ikkalasi ham menda kuchli taassurot uyg’otgan.

Oltmishinchi yillarning o’rtalari. Paxta yakkahokimligi avjiga chiqayotgan kezlar. O’zbekning yetti yoshidan yetmish yoshigacha paxta dalasida. Yoshu qari go’yo egatlarga sochilib ketgan. Qilcha bo’lsin, norozilik bildirish mumkin emas. Maskovdan belgilangan yillik rejani bajarmaguncha na qiz-juvon, na bolalarda tinim bor. Kuzning vujudni junjiktiruvchi izg’irin va sovuqlarini yengib, nihoyat, viloyatlar birin-ketin ko’zlangan marralarni egallay boshlaydi. Qo’lga kiritilgan ulkan g’alaba bilan paxtakorlarni qutlab yozuvchi, shoir va olimlar ham televizorga chiqadi. Tabrik so’zlari nihoyatda ko’tarinki, biri biridan silliq va yaltiroq. Ittifoqo, Abdulla Qahhor ham yurtdoshlari — Farg’ona mehnatkashlarini televizor orqali qutlaydi. Lekin uning qutlovi hech kimnikiga o’xshamasdi: so’z ham, gap ham juda oddiy va tabiiy. Dehqonning quvonchiga sherik bo’lish, ko’nglini ko’tarish niyatida aytilayotgan fikrlar ham toshday og’ir. Men o’sha davrda paxtakorni tabriklash uchun radio yoki televizorga chiqqan biron bir ijodkorning jur’at bilan «Mashina paxtakorning mehnatini naqadar yengillatgan, uni mashaqqatdan naqadar qutqargan bo’lsa ham, hanuz qiz-juvonlarimizning husn-latofati paxtazor jo’yaklarida qolib borayotipti, studentlarimiz hanuz to’liq tahsil ko’rmayotipti, qishloq bolalari hanuz maktabdan chalamulla bo’lib chiqayotipti» deganini eslay olmayman…

Yov qochsa, botir ko’payar, deganlaridek, qayta qurish va oshkoralik zamonlarida qo’liga qalam ushlagan zot borki, paxtakorning ahvoliga qayg’uradigan, paxta ishining og’irligidan bong uradigan bo’lib qoldi. Bu «qaltis» masalada shu qadar ko’p gapirildiki, oxiri tinglashga ham toqat qolmadi. Ayniqsa, ayrim jurnalist va yozuvchilarning biyronligi, chechanligi andishasizlikkacha yetib bordi. Holbuki, g’amkashlik va muhofizlik kayfiyatidagi o’sha fikr-mulohazalarni bir joyga jamlasangiz, ularning ma’no salmog’i Abdulla Qahhorning yuqoridagi uch jumlasiga yaqin ham yo’lamaydi.

III

Abdulla Qahhor hayotda ham, badiiy ijodda ham o’z haqiqatlarini topgan, shu haqiqatlar uchun sabot bilan kurashgan san’atkordir. Bu haqiqatlar uni qattiq qiynagan, qalbida og’ir-og’ir tebranish va tortishuvlar paydo qilgan. Ammo u ongli hayoti va iste’dod quvvatini aynan shu haqiqatlarga bag’ishlagan. Ko’nglini nurafshon aylagan shu haqiqatlarga suyanib, Abdulla Qahhor ma’nan ulg’aygan, ma’nan ulg’aygan sayin esa shu haqiqatlarning boqiyligidan ilhomlangan. Abdulla Qahhorning cho’ng mehnat va zargarlik bilan yaratilgan har bir asarida boqiy haqiqat muhri va shukuhi bor. Abdulla Qahhorning ijodiy shaxsiyati behad boy va favqulodda saxovatli. Shuning uchun, rus olimasi I.Barolina to’g’ri qayd etganidek, «Abdulla Qahhor ijodiga qiziqish uning shaxsiyatiga, insoniy mohiyatiga qiziqish bilan bevosita bog’langan. Uning shaxsiy fazilatlari — fikrlash tarzi, xarakteri, g’ayrat-shijoati, ma’naviy dunyosi asarlarida shu qadar yorqin aks etganki, yozuvchi Abdulla Qahhor bilan uning shaxsi ichdan ajralmas aloqada bo’lib ko’rinadi».

Bu hammaga nasib etadigan va hamma yozuvchidan talab qilsa bo’ladigan xususiyat emas. Barcha buyuk yozuvchilardek, Abdulla Qahhorning ham shaxsi — ijodiga, ijodi — shaxsiga bir ko’zgudir. Adib ijodini sevganlar albatta uning shaxsiga maftun bo’ladi, shaxsini bilganlar esa — uning ijodidan ayri yashayolmaydi.

1967 yili Abdulla Qahhor oltmish yoshga to’lgan edi. O’sha sanaga bag’ishlab sentyabr` oyida Toshkentda o’tkazilgan katta anjuman televizorda butun jumhuriyatga namoyish etildi. Bu adabiy yig’inni ko’rish talabalik davrimning aslo o’chmaydigan xotiralaridan biri bo’lib qolgan. Buyuk adibning qorday oppoq sochlari, nuroniy chehrasi, vazmin va salobatli qaddu qomati, o’ziga yarashiqli bir ohangda so’zlashlari tasavvurimda hali-hanuz tez-tez jonlanib turadi.

Abdulla Qahhorga xos sokinlik, mulohazakorlik va teranlikka yetishmoq uchun qancha bilim, mushohada, qancha hayotiy tajriba va dard zarurligini keyinroq — ancha vaqt o’tgach angladim. Mana, yosh ham ellikdan o’tib oltmishga qarab chopayotir. O’ttiz yildan ortiq vaqtdan buyon poytaxtda yashayman. Qancha-qancha yozuvchi, shoir, san’atkor va olimlar bilan uchrashdim, yaqindan tanishdim, muloqotda bo’ldim. Ayrimlarining yubiley tantanalarida ishtirok etdim. Ammo ular orasida Abdulla Qahhorga o’xshab o’zining So’ziga o’zi hokim bo’lgan, har qanday vaziyatda ham mustaqil fikrlaydigan ijodkor insonni kam uchratdim. Haq va haqiqat qarshisida tili qisiq, yuzi shuvut bo’lmagan yozuvchi borki, barchasi o’z so’ziga o’zi hokimdir. Abdulla Qahhor shunday benazir yozuvchi edi.

IV

Olamning o’zgarishi — odamning o’zgarishiga bog’liq. Odamning ongi, fikr-qarashlari yangilanmas ekan, hech qachon olam yangilanmaydi. Abdulla Qahhor mustabid xonlar, sultonlar hukmronlik qilgan eski zamon insonning qo’l-oyog’i bilan birga ongi, aqli va qalbini ham kishanlab tashlaganini bolaligidayoq ko’rgan, o’sha chirkin qullik muhitida yashab ulg’aygan edi. Abdulla Qahhorning o’nlab asarlari, xususan, «O’tmishdan ertaklar» qissasida tasvirlangan voqea-hodisa va ijtimoiy manzaralar — asrlar mobaynida xalqni yanchib, ta’qib etib kelgan musibat, g’am-anduh va fojialarning o’ziga xos haqqoniy talqinidir. «Xalqning ko’zi bog’lansa, qulog’iga qo’rg’oshin quyilsa, taqdir hukmi o’limdek haq, degan aqidani uning zehniga singdirish osonroq bo’ladi». Bu fikr — xalqning ko’zi bog’lanib, qulog’iga qo’rg’oshin quyilganda uning og’ir alam va sitamlarga yo’liqishiga bevosita guvoh bo’lgan, bu hayotda inson tasavvuriga sig’maydigan balo-qazolar qo’pishini o’z ko’zi bilan ko’rgan, ko’nglidan o’tkazgan yozuvchining, ya’ni Abdulla Qahhorning fikri. To’g’ri, adib oktyabr` inqilobi xalqimizning ko’zini, qulog’i va ongini ochadi, endi taqdir hukmiga o’limga ishongandek ishonishlar barham topadi, deb umid qilgan, davlat va partiya belgilagan mafkuraviy chiziqlardan chetga chiqmaslik niyati bilan yashab, ijod etgan. Shu ma’noda Abdulla Qahhorni ayblashga yoki qoralashga dalil bo’ladigan fikr-mulohazalarni uning asarlaridan ko’chirma olib, qatorlashtirish qiyin emas. Ammo buning bilan Abdulla Qahhorning asl badiiy olami, yozuvchilik qiyofasi xiralashib qolmaganidek, san’atkorlik maqomi ham pasaymaydi.

Abdulla Qahhor bir suhbatida «Men adabiyotga uning mohiyatini bilmasdan, adabiyot propaganda quroli ekanini yuzaki, juda ham yuzaki tushunib kirganman», deydi. Tavalludiga oltmish yil to’lganda esa «Men qirq yillik ijodiy faoliyatim davomida ko’p ish qilganim yo’q, chunki bu qirq yilning ko’pini tajriba orttirishga sarf qildim», degan edi. Tabiiyki, adabiyotning mohiyatini bilmasdan qilingan ish — adabiyot namunasi sifatida yashay olmaydi. Abdulla Qahhor bunday asarlarini ko’p jildligiga kiritmagan. Va bu ishi bilan haqiqiy yozuvchi nainki boshqalarning, balki o’zining ijodiga ham tanqidchi ko’zi bilan xolisona qarashga qodirligini isbotlagan. Demoqchimizki, agar Abdulla Qahhorning sho’ro davlati va kommunistik partiyaga munosabati oddiy odamlar ishonchidan farq qilmasa edi, o’zini siyosat va adabiyot rahnamosi deb bilgan «dohiy» va «dohiycha»larni vahimaga solgan o’sha mashhur fikrni u hech vaqt aytmagan bo’lardi.
Ustoz Ozod Sharafiddinov bunday hikoya qiladi: «Ba’zan do’stlarim — deydi Abdulla Qahhor yubiley kechasidagi nutqida, menga ta’na qilib, «katta»larga chest` berib turmaysan, deyishadi. Men chest` berolmayman. Chunki men partiyaning oddiy soldati emas, ongli a’zosiman». Avvalo shuni aytish kerakki, bu gaplar birdan, majlis vaqtidayoq yozuvchining esiga kelib qolgan, hayajon ichida og’zidan chiqib ketgan gaplar emas, Abdulla Qahhor besh kun avval ikki-uch shogirdiga tantanali kechada gapiradigan gapini o’qib bergan edi. Shunda shogirdlari yuqoridagi iborani aytmaslikni, agar bu ibora aytiladigan bo’lsa, adabiy muhitga yomon ta’sir qilishini ta’kidlashdi…»

Shogirdlar ham oddiy kishilar bo’lmagan, albatta. Ularning har biri el-yurtga tanilgan, hayotning past-balandini yaxshi bilguvchi iste’dod sohiblari edi. Shunga qaramasdan, Abdulla Qahhor shogirdlarining fikrini olmasdan, gapirishi shart deb o’ylagan gapini aytgan. Unga munosabat keskin o’zgarishini bilsa-da, «Men partiyaning oddiy soldati emas, ongli a’zosiman» deyishdan o’zini cheklay olmagan. Chunki zamonasozlik, xushomadgo’ylik, madhiyabozlik avj olgan va partiyaga yaltoqlanish, uning har bir da’vatiga «labbay» deya javob qaytarish umumiy udumga aylangan muhitda «ongli a’zolik» huquqi ham katta gap hisoblangan. Ongli a’zo bo’lmoq — hech bir narsaga ko’r-ko’rona sig’inmaslik, bo’lar-bo’lmasga sadoqat izhoriga berilmaslik, har qanday vaziyatda ham o’zining aql-idroki va salohiyatiga suyana bilish deganidir. Ong va fikr mustaqilligiga erishgan kishi — qalbi va ruhoniyati hur inson bo’ladi. Faqat shunday insongina umumiy betamizlik, hech kimdan hisob talab etilavermaydigan «ulgurji» riyokorlikka bosh qo’shmaydi.

Abdulla Qahhor odamning Odam bo’lib kun kechirishini, inson o’z ahvolini bilishda adashmasligini, tosh chaynasa ham haqiqatga xiyonat qilmasligini istagan. Agar o’tmishda qullik, qaramlik, zabunlik hukm surgan bo’lsa, kelajakda erkinlik, tenglik, baxtiyorlik qaror topadi, deb umid qilgan Abdulla Qahhor. Agar moziyda mehnatkash xalq ko’zidan qonli yoshlar oqib, ajdodlarimizning boshi musibat va kulfatdan chiqmagan bo’lsa, sho’ro zamonida yig’i — shodlikka, kulfat — quvonch va xotirjamlikka o’rin bo’shatar deb ishongan Abdulla Qahhor. Vaqt o’tishi bilan buyuk adib bu ishonch aslida ulkan adashish, aldanish ekanini bilgan, shirin orzu va umidlar bag’ridan umidsizlik va dilni cho’ktirguvchi ishtibohlar ulg’ayayotganiga iqror bo’lgan.

Abdulla Qahhorning hikoyalarini o’qigansiz. Uning qahramonlarini yaxshi bilasiz. Ularning orasida ibrat olish va namuna etib ko’rsatishga arziydigan nechta erkak bor? Xayolan bir joyga ularni to’plang: fikri, saviyasi, maqsadi, munosabati va holini birma-bir tahlildan o’tkazing. Ko’nglingiz cho’kib ketadi. Lekin Abdulla Qahhorning realistligidan, jonli obraz yaratish san’ati va samimiyatidan dil ravshanlashadi. Abdulla Qahhor nuqtai nazarida ijobiy qahramon — yasama qahramon emas. U obraz yaratishda sun’iylik va soxtakorlikka toqat qilolmagan. Shuning uchun hikoyalaridagi har bir detal`, har bir badiiy to’qima hayot haqiqatiga o’ta mos va ular inson taqdirini haqqoniy shaklda yoritishga xizmat ettirilgan. Abdulla Qahhor oddiy insonni sevgan, uning ahvol-ruhiyasini teran tushungan, qismatiga kuyingan. Adib oddiy odamlar to’g’risida yolg’on yozishdan, ularni soxta va yasama qiyofada ko’rsatishdan hazar qilgan. Bundan tashqari, Abdulla Qahhor hikoyalarini o’qisangiz, jasurlik va matonat nafaqat erkaklarga, balki ayolga ham xos ekaniga tan berasiz. Nega shunday? Bu haqda har kim o’zicha o’ylasa, o’zicha bir xulosaga kelsa, menimcha, foydadan xoli bo’lmaydi. Men bu o’rinda faqat bir narsaga — Abdulla Qahhorning qahramon tanlash va xarakterni tipiklashtirishdagi talabiga e’tibor qaratishni istar edim. Yozuvchi asarlarida ibratli obraz va qahramon bor, lekin ideal obraz ham, qahramon ham yo’q. Bu san’atkorning tom ma’nodagi realist ijodkorligi va haqparastligi ham, yo’qni — bor demagani, soxta va so’xtasi sovuq kitobiy qahramonlarni bino qilib siyosat «tegirmoni»ga suv quymagani, kitobxonni aldamaganida yaqqol namoyon bo’ladi.

«Biz mansub bo’lgan millat, — deydi Amerika yozuvchisi Rolf Emerson, — olomonga aylanib qoldi. Biz hanuzgacha komil insonni ko’ra olganimiz yo’q. Uning ma’naviy-ruhiy holatini ham hali to’g’ri tasavvur etolmaymiz. Komil shaxsni faqat orzu qilamiz. Lekin u haqidagi xabardan nari o’tolmaymiz. Unga xos bo’lgan quvvat va sehrli qobiliyat biz uchun mubham va noma’lumdir…»
Taxminan mana shunday fikr Abdulla Qahhorning qalbida ham zildek armon bo’lib cho’kib yotgan. U hayotda uchratmagani — komil shaxsni tasavvurda yoki xayol kuchi bilan bino qilishga umuman rag’bat sezmagan desa, xato bo’lmaydi.

Abdulla Oripov Abdulla Qahhorga bag’ishlangan xotiralarida «Abdulla akaning lafzidan uchgan so’zlar nechog’liq shafqatsiz bo’lmasin, uning ko’zlarida doimo qandaydir bir mung yashirinib yotardi», deydi. Ehtimol, bu mung — hasrat va armon mungi bo’lgan. Ehtimol, bu — anglash azobi va chorasizlik hissi bo’lgandir. Ehtimol, boshqa narsadir. Nima bo’lganda ham, o’sha xosiyatli Mungda kuchli Shaxs sog’inchi yashiringaniga shaxsan men shubha qilmayman.

V

«Vatandosh bo’lmasa, vatan bo’lmaydi», deydi Ibn Arabiy. Demak, har qanday vatanning tarixi, buguni va kelajagi vatandoshlik tuyg’usining qanday shakllangani, nechog’liq kuch-qudratga ega ekaniga bog’liq. Haqiqiy vatandoshlikdan doimo maslakdoshlik tug’iladi. Bunday maslakdoshlik esa o’zni anglash va o’ziga ishonishga, hech narsadan cho’chimay, qo’rqmay yashashga ruhlantiradi. Har qanday o’tkinchi hislar, g’arazli muddao va da’volar vatandoshlik tuyg’usi ta’sirida juda xunuk va past, bag’oyat so’nik ko’rinadi. Chinakam vatandoshlik tuyg’usigina ko’ngildan ko’ngilga yo’l ochadi, el-yurt dardini vijdon dardiga, hurriyat ishqini hayot mazmuniga aylantiradi. Mana shunga erishilmasa, vatandoshlik hissi quruq gap bo’lib qolaveradi. Natijada avomlik, nodonlik va soxtakorliklar avj oladi.

Avom kim? Odamday erkin fikr yuritish, erkin yashash shavqidan mahrum kimsa. Qorni to’q, ust-boshi but bo’lsa, oromini hech kim buzmasa — avomning «ozodligi» ana shu bo’ladi. Avomlik bu — gushnalik, laqmalik, ko’r-ko’rona ergashish, ixtiyoriy ravishda qullikka chidash deganidir. Shuning uchun avomni aldash, laqillatish oson. Uning haqiqati qornidan boshlanib, bo’g’zida tugaydi. Ayniqsa, mustamlakachilik sharoitida, bosqinchilik mafkurasi qilichga aylangan zamonlarda avomni uyg’otish, olomonni hurriyatga boshlash boshni kundaga qo’yish bilan teng bo’ladi. Chunki donishmand Abdulla Qahhor haqqoniy ta’riflaganidek, «Mustamlakachilik faqat mamlakatni g’orat qilmaydi, undan ham yomonrog’i — odamlarni, xalqni ruhan g’orat qiladi, shunday qiladiki, qul hayotini kechirayotgan, insonga nomunosib hayot kechirayotgan odamda shu hayotga qarshi norozilik, isyon ruhi butkul so’nadi».

Abdulla Qahhor bu gapni hind mustamlakachiligini nazarda tutib aytgan. Lekin yurtimizda yuz yildan ziyod davom etgan mustamlakachilik birinchi galda xalqimizning ruhini, jasoratini g’orat qilib, turli hiyla-nayranglar bilan uni kishanda, qullik qafaslarida saqlashga urinmaganmidi? Elimizni dinidan, tili va tarixidan ajratib tashlash uchun bor kuch, bor imkoniyatini sarflamaganmidi?

O’zini qaysi din, qaysi mazhabga mansub bilmasin va o’zini kim deb hisoblamasin, baribir avomning dini, mustahkam e’tiqodi bo’lmaydi. U Xudodan emas, boshida qilich qayrab turgan bandasidan qo’rqadi. Xoliqni sharaflab, maxluqning poyiga bosh egadi. Uning qoshu qabog’i va hukmiga qarab yuguradi, yeladi. Mamlakat boshiga bosqin ofati, mazlumlik kulfatlari yog’ilganda, nomusu or uchun maydonga chiqish zarurati yuzaga kelganda nodon dindor ham, g’ofil dahriy ham adolatni emas — zulmni, odillikni emas — zolimlikni, haqiqatni emas — yolg’on va qalloblikni yoqlaydi. Chor bosqini zamonlarida ham xuddi shunday bo’lgan. Kelgindilarga yurtimizning qo’l-oyog’ini bog’lab berishda peshqadamlik qilganlar kimlar? Peshvo bo’lganlar kim? Faqat siyosat arbobi va amaldorlarmi?..

Ozarboyjonning buyuk farzandi va mutafakkiri Husayn Jovid masjid va minbarlarda jamoatni jannat huzur-halovati ila aldab, avom musulmonlarga oxirat saodatini va’da qilib, ularni g’aflat, kulfat va baxtsizliklarga ko’niktirishga jon-jahdi bilan uringan shariat sohiblarining qilmishlaridan bahs yuritib, bunday deb yozgan edi:

Agar musulmonlik budurki, bizim musulmonda bor,Voy uning ertasigaki, bu kunning ortidan kelur.

Turkistondagi diniy mahdudlik va g’ofillik esa Kavkazdagiga nisbatan ming karra ziyodroq va ayanchliroq bo’lganini tarixiy misollardan yaxshi bilamiz. Qullikni — hurlik deya fatvo berish, xalqni bosh egish, hayvonnikidan ham yomonroq hayotga ko’niktirishda ba’zi shariat namoyandalari yalovbardorlik qilgan. Shu tufayli erkin fikr qafasga solingan, insondagi tabiiy mayllar ayovsiz ta’qib etilgan. Islomning ilg’or, nihoyatda hayotiy va insonparvar din ekaniga shubha qilmagan holda, Abdulla Qahhor din bilan dindorlik ayni bir tushuncha emasligini yoritishga intilgan. U bir o’rinda yozadi: «Ingliz mustamlakalarida nima qilgan bo’lsa, hammasi qon so’riladigan naychalardan iborat bo’lgan: temir yo’l, har xil imoratlar, xomashyo ishlanadigan korxonalar, dinga rivoj, odamlarda qullik raftori va psixologiyasi. Din ham shu naychalardan biri…»

Bu hukm bir oz keskin emasmi? Kufr va dahriylik mayli sezilmaydimi unda? Menimcha, kosa tagidagi nimkosani payqagan kishi adibning xulosasiga qo’shiladi. Axir, e’tiqod erkinligi cheklangan va taqiqlangan muhitda, qoloqlik, savodsizlik va gumrohlik tantana qilgan sharoitda dinning ma’no-mohiyati qattiq «tahrir»ga uchrashi, qonun-qoidalar esa ancha-muncha zamonaviylashtirilishi mumkin, albatta. Modomiki shunday ekan, ma’lum davrlarda dindan ham «qon so’riladigan bir naycha» o’rnida foydalanilganini aslo inkor etib bo’lmaydi.

Din nomi bilan dunyoda juda ko’p yaxshi va xayrli ishlar qilingan. Shu bilan birga, dunyodagi ko’pdan-ko’p yomon ishlar, aql bovar etmas qabohat va yovuzliklar ham bir zamonlar din va shariat nomi ostida amalga oshirilganini inkor etib bo’lmaydi. Buni unutmaslik va bundan zinhor-bazinhor ko’z yummaslik kerak. Men Abdulla Qahxorning dinga munosabatini, din va dindorlik xususida ilgari surgan fikr-mulohazalarini to’la-to’kis yoqlamayman. Shuningdek, adibning din va jamiyat rivoji, din va inson erki, din va shaxs kamoliga doir fikrlarining bugungi kunda ahamiyati qolmadi, degan gaplarga ham aslo qo’shilmayman.

VI

Ulkan yozuvchi, agar haqiqatan ham san’atkor bo’lsa, mayda hissiyotlarga berilmaydi. Bunga jahon adabiyotidan ko’plab misollar keltirish mumkin. Mana, buyuk rus adibi Lev Tolstoyni olaylik. Uning boy-badavlat kishi bo’lganini hamma biladi. Lekin yozuvchining atrofidagi qashshoqlik, kambag’allik unga behad yomon ta’sir o’tkazgan, uning ko’nglini ezib, ruhini yanchgan. Ellik yoshlarida Tolstoy ongida kutilmagan evrilish sodir bo’ladi: u hayotidan, qilayotgan ijodiy ishlaridan qoniqmay qoladi. Atrof-muhitni aqlga sig’mas kulfat, baxtsizlik qurshab yotgan bir zamonda o’tirib olib roman yozish — g’irt bema’nilik, degan qarorga keladi. Va badiiy ijodni vaqtincha to’xtatib, xalqning og’ir ahvoli haqida otashin publitsistik maqolalar yoza boshlaydi. Bu maqolalar jamiyatdagi ijtimoiy adolatsizlikka nisbatan nafrat va g’azab hissi bilan to’liq edi.

Abdulla Qahhor «Tolstoy san’atkor sifatida biz uchun bitmas-tuganmas mahorat xazinasi, maktab, butun boshli bir akademiyadir» deganida bu buyuk siymodan xalq taqdiri, shaxs erki uchun kurash jasoratini o’rganishni ham nazarda tutgan. Axir, tog’day talantga Olloh tariqdek shijoatni ravo ko’rmasa — bu ham bir tolesizlik. Bunaqa iste’dod havasga arzimaydi: u yonib-yonolmaydi, kuyib kuyolmaydi, ehtiyotkorlik «qonun-qoida»larini chetlab, mardona qadam tashlayolmaydi. Odatda bunday ijodkorlar o’zlarining ichki kuchiga emas, allaqanday tashqi kuchga taslim bo’lib yashaydi.
Biz istaymizmi, istamaymizmi, haqiqiy yozuvchining shaxsiyati — ochiq shaxsiyat. Shuning uchun u har qanday yopiq jamiyat bilan chiqisholmaydi. U hamma narsada ochiqlik, aniqlik bo’lishini xohlaydi. Bunday ijodkor hatto ortidan bolta ko’tarib yugurganlarida ham o’z so’zi va jur’atiga sodiq qoladi. Shu haqda so’z ochilganda Abdulla Qahhorni xotirlamasdan bo’ladimi?
Hayotda ham, ijodda ham Abdulla Qahhorning mardligi ibrat bo’lib qolgan. Jamol Kamol «Abdulla Qahhor xotirasiga» she’rida xayolan ustozga murojaat etib bunday deydi:

Kim ham kiya olur endi to’ningni,
Kim ham bog’lay olur sening belbog’ing?

Abdulla Qahhor yelkasiga olgan «qo’qoniy to’n»ni kiyish osonmi? Abdulla Qahhorning «belbog’i»ni belga bog’lashga kimning qudrati yetadiyu kim jur’at topadi?

Zamon sinovlaridan o’tgan, e’tiqod va irodasi mustahkam ijodkorlarimiz bor. Ehtimol shular ham kurashchanlik va matonatda, haqgo’ylik va jasoratda Abdulla Qahhorga havas qilsa ajab emas. Lekin unga tenglashishni xayolga keltirmasalar kerak. Taniqli rus adibi Konstantin Simonovning yozishicha, u Qahhor bilan tanishmasidan oldin «Sarob» romanini o’qigan. Va kitob muallifining hayot, uning murakkabliklariyu ziddiyatlari haqida teran, dadil fikrlay olishiga tan bergan. Shaxsan tanishuvdan so’ng esa, «Men nafaqat teran va dono insonga, balki harakatlari mardonavor, qat’iyatli, mulohazalari keskin, hatto dag’alga o’xshab ketadigan, xijolat bo’lar darajada keskin bir insonga to’qnash keldim», deydi u.

Xo’sh, Qahhorning jasorati nimadan oziqlangan? Avvalo, to’g’rilik va haqiqatdan. To’g’rilik va rostlik Abdulla Qahhorning tarbiyachisi, yo’lboshchisi bo’lgan. Shuning uchun uning ohista va vazmin fikrlari ham o’zgalarni cho’chitgan, tahlikaga solgan. O’zlarini adabiyot peshvolari deb bilgan, haqiqatga yuzma-yuz kelishdan qochib yashaydigan farmonbardorlarning fikr va talablarini Abdulla Qahhor e’tiborga loyiq ko’rmagan. Va hech ikkilanmay ularga qarshi so’zini aytgan. Bu so’zlar yozuvchi sha’ni va martabasini muhofaza etish jihatidan hamon qimmatlidir.

«Kul`t davridagi vahimachilikdan hanuz qutulmagan shubha bandalari, — deb yozadi Abdulla Qahhor bir maqolasida, — tuxumdan tuk qidiradi, maydonga kelgan har bir asarni tirnoqlab, hidlab, iloji bo’lsa yozuvchining boshiga chertib ko’rishni, bulardan albatta nuqson topishni, loaqal asarni shubha ostida qoldiradigan har xil imo-ishoralar qilishni, chala-yarim gaplar aytib, mish-mishlarga oziq berishni o’zining kasbi hisoblaydi». Ma’lumki, vahima va shubhabozlikdan adabiyotimiz katta zarar ko’rgan. Bu illat qulay sharoit tug’ilishi bilan darrov o’zining jirkanch basharasini namoyon etib kelgan. Uzoqqa bormasdan, saksoninchi yillarning o’rtalarini xotirlaylik. O’shanda qator yosh iste’dodlardan g’oyaviy xatolar topish uchun asarlari «tirnoqlab» ham, «hidlab» ham o’qildi. Kimlardir «tuxumdan tuk» qidirib, palag’da iddao bilan adabiy jamoatchilikni chalg’itishga, ijodida milliy ruh kuchli bo’lgan yoshlarning kitoblariga millatchilik tamg’asini bosishga urindi. Xayriyatki, zamon nafasi o’zgardi, xayriyatki, Qodiriy va Qahhor kabi ulug’larimizning ruhlari adabiyotimizning navqiron avlodini qo’lladi — yovuzlik, zo’ravonlik maqsadiga erisholmadi. Qo’rqoqlik naqadar jirkanch narsa ekaniga, yozuvchi uchun qo’rquvdan ortiq tavqila’nat bo’lmasligiga men o’shanda aniq ishonch hosil qilganman.

Qo’rquv hayotning oddiy muammosi emas, juda katta — bahaybat muammosi ekan. Hind faylasuflaridan biri aytganidek, qo’rquvga tobe, qo’rquv domida qolgan aql shubha va ziddiyat ichida yashar ekan. «Ana shuning uchun bunday aql buzuq va tajovuzkor, zo’ravonlikka moyil bo’ladi». Demak, qanday yuksak tog’ni ko’zlab, qanday ma’budga sig’inmaylik, sho’ro davrida qon-qonimizga singdirilgan qo’rquvdan qutulmasak, hayotimizni, jur’at va jasoratimizni yemiradigan, majruh aylaydigan dahshatli ofatdan hech vaqt xalos bo’la olmaymiz. Yovuzlik, jaholat va zulmni qoralovchi qalamkashlar har qadamda uchraydi. Bu ishni qog’ozda bajarish oson. Qiyini — yovuzlik va adolatsizlikni kamaytirishga amaliy hissa qo’shishdir. Shu ma’noda Abdulla Qahhorning so’zi bilan amali orasida tafovut yo’q edi. K. Simonov buni juda yaxshi anglagan, yaxshigina izohlab ham bergan. U yozadi: «Abdulla Qahhor yovuzlik, jaholat, razillik yonidan xotirjam o’tib ketaveradigan odam emasdi, aftidan, bu hol uni qayg’uga solardi, xuddi mana shu qayg’u uning aqlli ko’zlarida hamisha sezilib turardi… bundan o’zgacha munosabatda bo’lish uning qo’lidan kelmasdi, u boshqacha munosabatda bo’lishga intilmasdi ham». «Tobutdan tovush» yozilganidan buyon poraxo’rlik, yulg’ichlik shu qadar keng va chuqur ildiz yozib, rivoj topdiki, jamiyatni tubidan kemirib, yemirib yotgan bu ofatga qarshi kurashish mumkinligiga endilikda odamlarni ishontirish ham oson bo’lmay qoldi. Holbuki, mazkur asar e’lon qilingan vaqtda ba’zi yozuvchilar Abdulla Qahhorning bu masalada haqligiga shubha bildirgan, adabiyotshunos va munaqqidlar esa uni voqelikni buzib ko’rsatishda ayblagan edi.

Odamning erkin yashashi, erkin fikrlab, erkin so’zlashi qiyin bo’lgan, chor atrofda hadik, qo’rquv, vahima sharpasi o’rmalab yurgan tahlikali bir sharoitda haqgo’y, kurashchan shaxs qanday ozod, qanday mardona yashagan bo’lsa, Abdulla Qahhor ham shunday umr kechirgani hayratlanarlidir. Millati, yurti, adabiyoti ravnaqiga bir ulkan adib nechog’liq beg’araz hissa qo’shgan bo’lsa, Abdulla Qahhor ham shunday mehnat qilgani, o’zini ayamasdan o’lmas asarlar yaratishga erishgani ham havas qilishga munosibdir.

VII

Iste’dodli ijodkor iste’dodsizlik bilan aslo chiqisha olmaydi. Chunki haqiqiy iste’dod — adabiyotning sergak posboni. Adabiyotni iste’dodsizlar xurujidan iste’dod sohiblari muhofaza etmasa, boshqa hech kim himoya qilolmaydi.

Bizning nazarimizda, o’tgan asrda yashab ijod qilgan hech bir o’zbek ijodkori adabiyotimizning taqdiri, tozaligi va daxlsizligi uchun Abdulla Qahhor kabi qat’iyat bilan kurashmagan, bu yo’lda Abdulla Qahhorchalik aziyat ham chekmagan. Insof yuzasidan buni tan olish lozim.

Abdulla Qahhorning borligi — tirikligining o’zi o’rtamiyonachilik, iste’dodsizlik, kitobxonni nazar-pisand etmaslikka qarshi bir qalqon bo’lgan. Faqat yaxshi asar yozishni emas, g’oyaviy nochor, badiiy yaroqsiz asarlarga yo’l bermaslikni u o’zining muqaddas burchi deb hisoblagan. Unga ko’ra, yozuvchi adabiyotga ikki xil yo’l bilan — biri tutab, ikkinchisi yashnab kirib keladi. «Tutab kirgan yozuvchi uzoq tutaydi, ko’nglidan chiqarib emas, qornidan chiqarib asar yozadi, yozuvchilik umrining oxirigacha tutaydi… Yozuvchilikka cho’g’day yashnab kirgan ijodkor asardan-asarga yashnay beradi, oxirda abadiy so’nmas o’tga aylanadi».

Yana bir toifa qalamkashlar bo’ladiki, ular adabiyotga «o’g’ri mushukday tuynukdan» tushadi. Bular uchun adabiyot san’at emas — kasb, tirikchilik manbai. Adabiyotga tutab yoki o’g’ri mushukday tuynukdan kiradigan yozuvchilarning eng oliy a’moli mahalliy va «mahalla klassiklari» bo’lishdir. Adabiyot shularning dastidan jabr ko’radi. Shular badiiy so’z, obrazli fikr zavqidan kitobxonni benasib etish bilan mashg’ul bo’ladi. Hozirgi kunda yozish-chizishga bo’lgan havasni iste’dod deb o’ylaydiganlarning soni shu qadar ko’payib ketdiki, ular adabiyotda o’zlarini suvdagi baliqday erkin sezadigan bo’lib qoldi.

Shunday ahvolga Abdulla Qahhor chidarmidi? Loqayd qaray olarmidi? Dushman orttirish yoki qandaydir imtiyozlardan ayrilib qolishdan cho’chirmidi? Keling, uning o’limi oldidan sodiq shogirdi Shuhratga aytgan mana bu so’zlarini o’qiylik: «Odamlar meni dushmani ko’p deb o’ylaydi. Vaholanki, mening dushmanim yo’q. Men hech kimga dushmanlik qilgan emasman. Mabodo biror odamga qattiq gapirgan yoki u haqda yozgan bo’lsam, adabiyotimizning ravnaqini ko’zlab, jonim achiganidan, o’sha odamning talantsizligi yoki yomon asar yozgani uchun shunday qilganman…» Bunday deyishga Abdulla Qahhor haqli edi. Bunday qiyin ishni bajarishga Abdulla Qahhor qodir edi. Vafotidan keyinoq hayotda ham, adabiyotda ham uning o’rni bilindi. Abdulla Qahhordan keyingi adabiyotimiz to’g’risida o’ylab, bunday mulohazalar paydo bo’ladi: albatta, Abdulla Qahhor bo’lish qiyin. U tanlagan yo’ldan odim tashlab, katta adabiyot dardi bilan yashash bundan-da dushvor. Biz Abdulla Qahhorni sevamiz, deymiz. Uning asarlarini e’zozlab, ko’zga surtib o’qiymiz, deymiz. Izdosh va shogirdlari xususida endi bemalol gapiramiz. Do’ppi tor kelganda, «Men Abdulla Qahhorga safdoshman, xolos…» deya shogirdlikdan tonishlar ham unutildi. Lekin ayting: haqiqat va adabiyot istiqboli uchun Abdulla Qahhor tortgan mashaqqatlarning, boringki, o’ndan birini yelkasida ko’tara oladigan biror yozuvchining nomini nega dadil tilga ololmaymiz? Abdulla Qahhorga ishongandek ishonadigan, unga suyangandek suyanadigan adabiy shaxsiyat qaerda? Ishonchim komilki, obro’-e’tiborli qaysi bir ijodkorga hozir «Siz — adabiyotimizning Qahhorisiz, ya’ni posbonisiz», deb so’zlamang, u yo noqulaylik sezadi yoki «Qo’ysangiz-chi…»deya e’tiroz bildiradi. Aslida, holatlarning ikkalasi ham to’g’ri. Shuning uchun ham bizda Abdulla Qahhorni sog’inish, ich-ichdan qo’msash hissi bor. Yuksak cho’qqilarni ko’zlagan yo’lchi muazzam toqqa suyangandek, biz ham bugun Abdulla Qahhorga suyanamiz, hayotga, adabiyotga, iste’dodga ustoz nigohi ila qaray olsak, ijod olamidagi ofarinbozlik, soxta dahochilik, maydakashlik va didsizlik illatlaridan xalos bo’lish muqarrarligiga ishongimiz keladi.

Abdulla Qahhor oltmishinchi yillarning boshlarida yozilgan «Shijoat haqida» nomli maqolasida bunday degan edi: «Agar yozuvchining axloq kodeksi tuziladigan bo’lsa, men halollik bilan shijoatni birinchi modda qilib qo’yar edim, chunki yozuvchining boshqa hamma xislatlari uning qay darajada halol, naqadar shijoatli zehniga bog’liqdir».

Yozuvchi halol bo’lmog’i uchun, birinchi galda, iste’dodli bo’lishi shart. Chunki qitmirlik, baxillik, pismiqlik — bunday noqisliklarning bari iste’dodsizlikning hosilasidir. Iste’dod va shijoat esa qariyb egizak tushunchalardirki, talant shijoatni, shijoat talantni qo’llabgina qolmasdan, biri ikkinchisini qanoatlantirib boradi. Buning eng yorqin misoli Abdulla Qahhorning iste’dodi va shunga munosib shijoatidir. Men gapni aylantirib biron bir yozuvchi yoki shoirning shijoatsizligini pisanda qilmoqchi emasman. Bu — besamar ish. Besamarligi shundaki, ta’na, tanqid yoki malomat bilan olchoqni oqil, qo’rqoqni jasurga aylantirib bo’lmaydi. Malomatda salomat bor, deganlaridek, ijodkor o’zini o’zi malomat qilishni juda yaxshi bilmog’i kerak. Abdulla Qahhorga o’xshab shafqatsizlikni o’zidan boshlamog’i lozim. Ana shundagina u o’zini aldamasligi, o’ziga o’zi chap berib yashamasligi mumkin.

Tiriklikdagi sinovlar kamlik qilganidek, hayot Abdulla Qahhorni o’limidan keyin ham sinovdan o’tkazdi. Adibning yuragi urishdan to’xtashi hamon bir qancha shogirdlar qalbida «jo’sh urgan» mehr, sadoqat, e’tiqod ham go’yo ma’lum bir muddat to’xtadi. Adabiy yig’in va anjumanlarda uning nomi va xizmatlari kamdan-kam tilga olinadigan bo’ldi. Qahhorshunos sifatida tanilgan ba’zi olimlar tadqiqot mavzularini butunlay o’zgartirdi… Adibning yetmish yillik yubileyi xo’jako’rsinga – juda sovuq bir munosabat bilan o’tkazildi. Buning sabablari keyinchalik ayrim kitob va maqolalarda izohlab ham berildi.

Vaqt chopaverarkan. Hayotda o’zgarishlar bo’laverarkan. Ana-mana deguncha Abdulla Qahhor tavalludiga 80 yil ham to’ldi. Ushbu sanaga bag’ishlab yozilgan maqola, xotira va chiqishlarni oldingi yubileyniki bilan umuman qiyoslab bo’lmasdi. Mana, izzat va ehtirom. Mana, sodiqlik va haqgo’ylik. Bundan kimlardir hayratlandi. Kimlardir ajablandi. «Shuncha gap bor ekan, nechun shu paytgacha sir saqlandi?» deguvchilar ham bo’ldi. Chunki ko’p mulohazalar uydirma-yolg’onning yuzini pardozlash uchun to’qilgan edi. Xo’sh, Abdulla Qahhorning asl qiyofasini soxtalashtirish va haqiqatni buzib-bejab ko’rsatishdan muddao nima edi? Yozuvchi Tohir Malik so’zlarini eshiting: «Atoqli adib Abdulla Qahhorning 80 yilligi munosabati bilan ayrim odamlar uni xorlik ko’rgan, jabr chekkan, ta’qib etilgan bir bechoraga chiqarib qo’ydilar. Uyalmay-netmay, «Abdulla Qahhor haqida gapirish mumkin emas edi», deb da’vo qildilar. Ular o’zlarining qo’rqoqligini, ta’magirligini yashirish uchun shunday gaplar tarqatdilar. Abdulla Qahhor — bechora odam emas, KURASHCHI(!) edi. O’zining shaxsiy fikri bor edi va bu fikrni himoya qila olardi. U birovning fikri bilan yashamagan, birovga qulluq qilmagan, biron nimaning ta’maida yurmagan. Uni bechoraga chiqarib qo’yganlar, aksincha, Abdulla Qahhorni maqtasam falonchi akamga ma’qul kelmasa-chi, hozir katta unvonga, katta mukofotga navbatda turibman, yana navbatdan chiqarib tashlamasinlar», deb qo’rqib yashashgan. Ana endi, «Abdulla Qahhor ustozingiz ekan, nima uchun shuncha yil indamadingiz?» degan savolga mana shunday da’volar to’qib chiqarishdi…»

Bu so’zlar yuqorida o’rtaga tashlagan savolimizga to’g’ri va eng odil javobdir. Haqiqat «ta’qibi»da yashagan ijodkor bora-bora odamlar ta’qibiga parvo qilmaydigan bo’ladi. Tashqi zo’ravonlik, bedodlik va nayrangbozliklar uni qiynashi mumkin, lekin ruhini so’ndirolmaydi. Negaki, hech vaqt uning MOHIYATIGA yetib borib bo’lmaydi. Mohiyati teran SHAXSga achinish kerak emas — undan o’rganish, ibrat olish lozim. Chunki mahrumiyat va mag’lubiyat uning qismatida zohiran nechog’liq keng quloch yozmasin, baribir u haq va g’olibdir. Shuning uchun uning dardi, g’am-g’ussalari va ko’z yoshlaridan shodlik, nekbinlik, ishonch chechaklari unib chiqadi…

VIII

Yozuvchining tayanadigan tog’i, ishonadigan bog’i uni so’zlashga, o’ylash va dunyoni anglashga o’rgatgan ona tilidir. Milliy tilining go’zalligini idrok qilolmagan ijodkor boshqa hech bir go’zallikni teran idrok etolmaydi. Nafosat tuyg’usi — til tuyg’usidan boshlanadi. Ona tilining tabiatini yaxshi bilgan kishi o’z millatining tabiati, milliy zavqini ham yaxshi anglaydi. Tilning ruhi — xalqning ruhi ekani buyuk bobolarimiz tomonidan bejiz ta’kidlanmagan. Ijodkorni sayoz fikrlash, bachkana his-tuyg’ularni qog’ozga ko’chirishdan eng avvalo til muhofaza qiladi. Tilga javobgarlik — so’z, tasvir, uslubga javobgarlik demak. Bir ma’noda iste’dod — so’zga jon bag’ishlash, o’lik so’zni ham tiriltirishdir. Iste’dodsizlik esa buning aksi — hatto tirik so’zni ham o’ldirish.

Abdulla Qahhorni nega buncha e’zozlaymiz? Mahoratiga nechun bunchalik tahsin o’qiymiz? U so’z bilan mo»jiza yarata bilgan, til mehnatini zargarlik san’ati darajasida yuksaltira olgan yozuvchi edi. Abdulla Qahhor hikoya va qissalaridagi har bir so’z, har bir iboraning o’rni shu qadar muqim va mustahkamki, ularni boshqa so’z, boshqa ibora yoxud jumla bilan o’zgartirish deyarli imkonsiz.
«Men tajriba uchun, — deydi Said Ahmad, — ustozning «O’g’ri», «Bemor», «Anor» hikoyalaridan ba’zi so’zlarni olib tashlab ko’rdim. Bo’lmadi. Hikoya bir ustuni olib tashlangan ayvonga o’xshab lapanglab qoldi».

Axir, har bir sahifa o’rta hisobda 15-16 marta ko’chirilsa, har safar jumlalarga sayqal berilsa, boz ustiga bir sahifadagi gapni bir jumlaga, o’n sahifa mazmunini birgina sahifaga sig’dirish uchun qunt va ilhom ila mehnat qilinsa — so’z nari tursin, tinish belgisini ham qimirlatib bo’lmaydi.

Aziz birodar, ona tilimizning xotirasi to’g’risida hech o’ylab ko’rganmisiz? Tilimiz xotirasida nimalar saqlanib qolgani va nimalar bizgacha yetib kelganini bilishga uringanmisiz? O’zbek tili dunyodagi xotirasi eng boy tillardan. Uning xotirasida juda qadim bir dunyo bor — ana shu dunyoning qayg’usi, alami va armonlari joylashib qolgan unda. Bu tildagi ko’p so’zlar kurashlar guvohi, mag’lublik va g’oliblik, yo’qotish va ayriliqlarning xabarchisi erur. Ularning botinida g’ussa va hasrat, musibat va nadomat pinhon yotibdi. Abdulla Qahhor — mana shunday so’zlarning sirlarini kashf etgan yozuvchi. Shuning uchun ham unga so’z bilan yuzma-yuz kelish, so’z xotirasidan taralgan sadolarni tinglash qiyin bo’lgan. Umuman, u so’zning yuragiga quloq tutishni ham, uyg’oq so’z bilan ish yuritishni ham nihoyatda teran egallagan.

Bir donishmand olim «So’zning tomirlarida qon oqsa, yuragi urib tursa, ko’zi ko’rib, qulog’i eshitsa — so’z tirikdir», deydi. Faqat shunday so’zlargina badiiy matnda tiriklik ruhini aks ettiradi, o’quvchini haqiqatga iqror qiladi, hayotning ochilmagan ziddiyatlari, biri biridan murakkab hodisotlari sirini ochadi.

Abdulla Qahhorning so’zga munosabati, so’z qo’llash san’ati ko’pchilikka ma’lum: u so’zga behad xasis. So’zni haddan ziyod tanlab, chertib-chertib ishlatadi. Undan bizga meros qolgan asarlarning aksariyati tomirida qon yugurayotgan, ko’zi, qulog’i, shuuri ochiq so’zlardan yaralgani bilan ham alohida ahamiyatga ega.

IX

Ma’lumki, Abdulla Qahhor mahoratining ildizlari nafaqat milliy adabiyotimiz zamini, balki mumtoz rus adabiyoti namoyandalari — Tolstoy, Turgenev, Gogol`, eng avvalo, Chexov ijodiy tajribalari bilan ham chambarchas bog’liq. Sirasini aytganda, Abdulla Qahhor jahon adabiyotidagi yutuqlarni imkon darajasida ijodiy o’zlashtirib, milliy nasrimizda yangi sahifalar ochgan. Bu sahifalarda muhrlangan so’zlar, tuyg’u va xarakterlarga takror-takror nigoh tashlagan sayin insonning so’z vositasida mo»jiza yaratish salohiyatiga bo’lgan ishonch shuncha ortadi.
Men, barcha tengdoshlarim qatori, Abdulla Qahhor asarlarini o’qishni bolalikda — maktab darsliklaridan boshlaganman. Abdulla Qahhorning meni dastlab juda qiziqtirgan asari «Anor» hikoyasi edi. Shu hikoyadan keyin birin-ketin adibning yupqa-qalin kitoblarini topib o’qishga kirishib ketganman. Bolalik olislarda qoldi. Yigitlik shamolday o’tdi-ketdi… Lekin men hamon qahhorxonlikdan to’xtaganim yo’q. O’qish ishtiyoqi ham, taassurot va mushohada ham endi nisbatan o’zgacha. Bultur «Sarob»ni qayta o’qidim. Qanday ajoyib roman! Yigirma uch yoshli o’spirin yigit shunday ko’rkam, shunday baquvvat kitob yozganiga aql bovar qilmaydi.

«Sarob»da sirli-sehrli bir ruh bor. Ana shu ruh asar qahramonlari taqdiriga biryoqlama qarashga imkon bermaydi. Ilk o’qishda romanning tub mohiyatini yetarli darajada tushunmaganman. Lekin Saidiy ham, Munisxon ham menga yoqqan. Negadir ularni ayblashga, dushman deyishga tilim bormagan. Boshqa obrazlarga nisbatan Saidiy, Munisxon va Murodxo’ja domla xarakterlari juda pishiq ishlanganday tuyulgan. Ma’lumki, «Sarob» sho’ro tuzumi dushmanlari — o’zini millat homiysi, millatchi deb atagan guruhga qarshi, «burjua millatchiligining sinfiy mohiyatini fosh etish» maqsadida yozilgan. Adibning e’tirofi bo’yicha, u «Sarob»da bolaligida qalbini yaralagan o’tmish hayotni «qaytarishga bel bog’lagan dushmanlarning boshiga» qalbidagi «g’azab o’tini yog’dirishga» tirishgan. Ammo nechundir romanda g’azab o’ti sezilmaydi: uning sahifalaridan xolislik shu’lasi taralib turadi. Salimxon, Munis, Saidiy, Murodxo’ja kabi obrazlar, albatta, salbiy tiplar. Yozuvchi ularning hayot tarzi, fikr-qarashi, psixologiyasi va dunyoqarashini ich-ichidan inkor etadi. Ularning nainki maishiy hayoti, balki ma’naviy olamiga ham dadil kirib boradi. O’quvchi mutolaa jarayonida ularning har biri go’l, laqma va anoyi kishilar emasligini sezib, shunga iqror bo’lib boradi. Sho’ro mafkurasi «ko’zgu»sida qaraladigan bo’lsa, bu qahramonlar haqiqatan ham adashgan, xudbin, makkor va g’anim, bir so’z bilan aytganda, zararkunanda kimsalar. Biroq ularga adolat va xolislik mezoni bilan baho berilsa-chi?

Iniga cho’p suqilsa, ari ham odamga yopishadi, talaydi. Yurt bosib olinsa, vayron etilsa, elning qoni to’kilsa, hokimiyat zo’ravonlikka, qaramlikka asoslansa, odam farzandi ari qadar qarshilik ko’rsatmasinmi?! Arichalik ham qahri yo’qmi uning?! Ha, Saidiy xudbin, meshchan va shuhratparast. U millatchi va sho’ro siyosatining dushmani. Nima qilib bo’lsa ham odamlarni «bol`shevizm zulmidan dod» degizishni ko’zlaydi. Boshqa davr, boshqa bir zamon bo’lganda, ehtimolki, uning qismati butunlay o’zgacha bo’lar, «ichki hayoti bilan tashqi hayoti orasidagi kundan-kun o’sib borgan qarama-qarshilik» joniga qasd qilarli darajaga yetmasdi. Saidiy badiiy ijodda katta bir muvaffaqiyatlarga erishmagan bo’lsa-da, umrining oxirlarigacha yozuv-chizuvdan o’zini cheklay olmaydi. Agar u do’sti Ehsonning «Siz o’zbek adabiyotini butun dunyo ko’radigan yuksaklikka ko’tarishda qatnashasiz. Bu faoliyatni siz sho’ro hukumatini nima mustahkamlasa, nima sotsializm qurilishiga yordam bersa, shu «mening mavzuim» deb boshlang…» degan fikrlarini qabul aylab, amalda shuni ko’rsatishga jahd etsa, hayotda ham, ijodda ham qandaydir yutuqlarni qo’lga kiritarmidi? Shubhasiz, shunday bo’lardi. Unda u — Saidiy emas, ixtiyoriy ravishda sho’ro bosqini va qirg’inlarini qo’llab-quvvatlagan ijodkorga aylanardi.

Romanning sakkizinchi qismida bir lavha bor. Saidiy ilk bor Salimxonlarnikiga kelganida Munisxon royalda unga bir kuy chalib bermoqchi bo’ladi va deydi: «Bu juda keksa mashq. Harbiy mashq… Arablar Undulusni olganda chalingan mashq. Kishini shunday g’ayratlantiradiki, buni eshitganda o’lik ham tirilib jangga otlanadi. Eshiting, Rahimjon…
Mashqni eshitganda Saidiyning ko’z oldiga gijinglagan arab otlari, nayza, qalqonlar kelib, qulog’iga kurash va qondan xabar beruvchi tovushlar eshitilib ketdi».

Avvalo, Munisxon kishini g’ayratlantiruvchi, o’lik ham tirilib, kurashga otlanadigan qadimiy bir g’alaba kuyini Saidiyga bejiz chalib bergani yo’q. Ikkinchidan, uni tinglagan Saidiyning ko’z oldigagijinglagan arab otlari, nayza, qalqonlar gavdalanib, qulog’iga kurash va qon tovushlari eshitilganday bo’lishi mutlaqo tasodifiy emas. Bunda qizil bayroq baland ko’tarilgan bir yurtdagi mag’lubiyatga ham, ayni paytda, hali so’nib bitmagan umid, omonsiz kurash va janglarda tug’ilajak g’alabaga ham ishorat bor. Saidiy «erk ertaklari»ga ishonmaydi va ishonishni ham istamaydi. U «o’z doirasidagi kishilarning hammasini aqlli, hammasining miya mexanizmlari but» va «tushunadigan odamlar» deb bilgani bois boshqa bir «ertak»ning qurboni bo’ladi. Saidiy va atrofidagilarning fojiasi — faqat adashish fojiasi emas, kurashish fojiasi ham.

Murodxo’ja xonadonidagi o’zaro bir suhbatda kelajagiga bildirilgan ishonchga javoban Saidiy: «Adiblik mening kasbim bo’lishiga ishonaman, domla… Arximed: «Menga tayanch nuqtasini beringiz, richagim bilan yerni ko’taraman», degan. Men ham yerni ko’taraman, domla, menga ham tayanch nuqtasi kerak, bu — sharoit», deydi. Na turmushda, na siyosiy harakatda, na ijodda «tayanch nuqtasi»ni topish sho’rlik Saidiyga nasib etmaydi. «Norozilikdan ko’ra kelajakda rozi bo’lish umidining» kundan-kunga yo’qolib borishi uni toliqtiradi, aql-idrokini kishanlaydi, ichkilikka g’arq etadi, halokat yoqasiga sudraydi. Saidiyni maslaksizlik yoki e’tiqodsizlikda ayblab bo’lmaydi. Shu gapni uning Salimxon, Murodxo’ja, Abbosxon va boshqa davradoshlariga nisbatan ham aytish mumkin. Odam tanish, ilm-madaniyatni qadrlash, xalqdan kuchli shaxslar chiqishini orzu etish, kishidagi zakovat va qobiliyatni anglash, tadbirkorlik va uddaburonlikda Murodxo’ja domla Salimxondan ilgarilasa ilgarilaydiki, ortda qolmaydi.

Sho’ro saltanatini qulatib, yangi bir davlat barpo etish maqsadida tuzilgan tashkilot a’zolari yig’inida asosiy mavzu bir chetda qolib izhori hasrat boshlanganda Murodxo’ja domla qat’iyan norozilik bildirib bunday deydi: «Hammalaring o’z dardlaringni aytasizlar. Bunday hol jami xalqning boshida bor. Shundan qutulish yo’li to’g’risida gapiringlar-da! Bu yerga nahot hasrat qilgani to’plangan bo’lsak! Har qaysimiz buyuk bir g’oyaning egasi. Bu nima maydagaplik!»

«Buyuk g’oya… buyuk g’oya…» deyishdan murod hosil bo’lmaydi. Pana-pastqamlarda to’planib hasrat to’kish bilan, buyuk g’oyani hayotga joriy qilish va oliy bir natijalarga erishish orasidagi farq yerdan osmon qadardir. Xullas, sho’ro davlatining totli va’dalariga ishonib, uning ortidan ergashgan omma aldanishga mahkum bo’lganidek, najot markazi xorijda, deya o’z millatining kuch-quvvati, milliy ruhi, ijtimoiy-siyosiy talab va imkoniyatlarini to’g’ri baholay olmasdan, yangi davlat qurishga uringan mulkdorlar, ziyolilar, din va shariat namoyandalari ham ojizlik botqog’iga botgan edilar. Bu botqoq ularni birin-ketin domiga tortardi. Ammo ular ham «kishan kiymay, bo’yin egmay», g’ayriinsoniy siyosat oyoqlantirgan zo’ravonlik va qo’rquvlar domiga tushmay yashashi, xatolardan kechishi, fikriy chalg’ishlardan qutulishi mumkin edi-ku! Ularning hayoti, taqdirini sho’ro davlati bir chaqaga ham arzitmagani rost. Ammo o’zining o’qimishliligi, hushyor, ziyrak va kamtarlik kabi fazilatlari bilan xotirada yashab qoladigan Saidiy ham, tashqi go’zalligi bilangina emas, farosati, didi, ichki latifligi bilan kishini maftun aylaydigan Munisxondek dilbar bir qiz ham shu millatning farzandi emasmidi? Munisxon joniga qasd qiladi — to’pponcha bilan o’zini otadi. U nimaga o’zini otganini ko’plar bilmaydi. Jumladan, Saidiy ham. Munisxon — ishq va go’zallik tantanasi uchun tug’ilgan qiz. U ishqsiz va baxtsiz yashashga ko’nikolmaydi. Taqdir unga Saidiyni nega ro’baro’ qilganini keyin anglaydi. Kechikib bo’lsa-da, xatosini tushunadi. Baxtsizligi uchun olamga la’nat yog’dirmaydi. O’lim oldidan bitib qoldirgan xatini «Olam to’la baxt, faqat men baxtsiz edim», deb tugatadi.

Taqdir dramasini haqqoniy yoritish, murakkab qismatli shaxs fojiasini xolis tasvirlashda, menimcha, adabiyotimizda «Sarob» bilan bellashadigan asar yo’q. «Sarob»ni o’qiganda ko’ngilda bir sergaklik uyg’onadi. Tarix jafokash xalqimizga nechun bunday bo’linish, toqat qilib bo’lmas parchalanishni ravo ko’rdi, deb o’ylaysiz. Kecha aytilmagan bo’lsa, endi bugun, keling, salbiy deb ataganimiz, dushman deb bilganimiz «Sarob»dagi qahramonlarni oqlamasak ham, qoralamaylik, maqtamasak hamki, tahqirlamaylik. Ularni tushunmoqqa harakat qilaylik. Mulkidan ajralish, erkini boy berib, ona tuprog’ida sig’indi bo’lib, qo’rqib, begona odamday yashash qandoq azob, qandoq kulfat bu! Bugungi ba’zi mulkdor va boylarning fikr darajasi, maqsad-muddaosini ham ko’rib turibmiz-ku! Ular yuzlab salimxon va muxtorxonlarni dog’da qoldirishi, diyonat, insof va saviyada ulardan yuz chandon tuban turishiga nima deysiz!..

Ne yoziqki, mulk da’vosi, boylik to’plash psixologiyasi harislik, manmanlik, xudbinlik, shuhratparastlik, dabdababozlik hirslari bilan chambarchas bog’liq ekan!

Odam hayotni bilishi uchun, eng avvalo, o’zining haqiqiy ahvolini bilishi kerak. O’zining ahvolini bilish — o’z millatining haqiqiy ahvolini bilish yo’lidagi oltin halqadir. «Sarob»ni o’qishdan tug’ilajak bir hikmatli xulosa ana shu!

X

Odatda haqiqat sustlik va sokinlikni yoqtirmaydi. Haqiqat ko’nglidan chuqur joy olgan odam-chi? U albatta sokinlashadi. Bu sokinlik, bugun bo’lmasa ertaga, uni dunyo ortidan halloslayotgan, bilib-bilmay tirikchilik tegirmonida yanchilayotganlardan ajralishga, hayot hodisotlariga juda xolis va haqqoniy qarashga majbur qiladi. Agar ijodkor shunday sokinlik qadrini bilmasa, katta bilim va mushohada ila uni shakllantira olmasa, shoshqaloqlik, havoyilik, o’zni ko’z-ko’z qilish mayllaridan hech qachon qutula olmaydi. Bu mayllar oxir-oqibatda uni xuddi qo’g’irchoqdek o’ynatadi. Haqiqiy san’atkorning sokinligi haqdan fayz yetgan orifning xotirjamligiga bag’oyat yaqin bo’ladi. Qalbida fikr to’foni qo’zg’alib, ehtiros alanga olsa ham u jo’shmaydi — sukut va sokinligiga sodiq qolaveradi. Qadrini bilgan, kamtar va andishali har bir ijodkorda shu holni kuzatish mumkin. Men Abdulla Qahhor shaxsini ko’klarga ko’tarib, ideallashtirish fikridan butunlay yiroqman. U ham farishta emas, shu zaminda yashab o’tgan bir inson edi. U haqiqat yukini ko’tarish butun bir jamiyatga og’irlik qilgan murakkab zamonlarda yashagan. Unda ham o’ziga xos kamchiliklar, chekinish va chalg’ishlar bo’lgan. Gap shundaki, shular ham Abdulla Qahhorni ma’nan ulg’aytirishi, qalbidagi ma’naviy-ruhiy teranlikni kuchaytirishga xizmat qilgan. Bir kun kelib adabiyotda vijdon timsoliga aylanishni Abdulla Qahhor, ehtimol, xayoliga ham keltirmagandir. Lekin u adabiyotimizning bedor Vijdoni bo’lib tarixda qoldi.

Abdulla Qahhorning adabiy-tanqidiy maqolalarini o’qib, suhbatlaridagi fikrlarning ma’nisini mulohaza qilib ko’rgan bo’lsangiz, demak, adabiy tanqid nima, haqiqiy tanqidchi kim, uning faoliyati qanday bo’lishi haqida to’g’ri tasavvurga egasiz.

Tanqidchilik bilan shug’ullanish havasida yurgan kezlarimda men qaysi munaqqidning asari qo’limga tushsa o’qiyverganman. Ba’zilarini jiddiy hafsala bilan mutolaa qilganman. Ayrimlarini o’qishga qiynalganman: ifoda g’aliz, aksariyat jumlalar tushunarsiz, ilmiy atamalar qalashtirib tashlangan, muallifning shaxsi va ijodiy qiyofasini aniq tasavvur etish qiyin, nochor kitoblar ham maqtalgan, ta’rif va tavsiflar dalil-isbotsiz va hokazo.

Men ham nimadir yozgim, qay bir kitoblarga munosabat bildirgim kelar, ammo yozishga qiynalardim, bordiyu yozsam ham qoniqmasdim. Shunda Abdulla Qahhorning bir necha bor o’qiganim «Yoshlar bilan suhbat» va olti jildligining oxirgisidagi o’zimga juda yoqqan maqolalarni ko’chirib yozishga kirishdim… Shundan so’ng nainki tanqid — adabiyot, badiiylik, iste’dod va haqiqat to’g’risidagi fikrlarim ham tiniqlashdi. Shunda men Abdulla Qahhor tanqidchilarning ham donishmand ustozi ekanini, uning saboqlariga rioya qilish, g’oyaviy-estetik talablarini bajarish bag’oyat qiyinligini bildim. Abdulla Qahhor deydiki, «Tanqid yomon asar bilan kitobxon orasida dallol, shirinkomaga vijdonini sotadigan yuraksiz dallol bo’lmasligi kerak». Qani bunaqa tanqid? Yomon asar bilan kitobxon o’rtasida dallollik qilmagan munaqqid topiladimi o’zi? Topilsa, necha kishi ular? Gapirish noqulay.

Did, saviya, jasorat bobda tanqidchi va adabiyotshunos, yozuvchi yoki shoirdan ildamlab ketmasa ham, keyinda yurmasligi zarur. Tanqidchi avvalboshdan «O’quvchining qalbiga ta’sir qilmagan narsaning adabiyotga hech aloqasi yo’q»ligini bilishi kerak. Go’zallik tuyg’usi so’ngan munaqqid ana shu masalada o’zini fosh etadi: adabiyotga aloqasi yo’q asarlarni kiprik qoqmasdan maqtashga yo mavzuning dolzarbligini dastak qilib, tahlil etishga kirishib ketadi. Bilmaydi va bilolmaydiki, «Tuyg’usiz, ilhomsiz yozilgan asar changlanmagan gulga o’xshaydi — meva tugmaydi. Ko’ngil rozi bo’lgan asargina kitobxonning ko’ngliga yo’l topadi…»

O’zbek tanqidchiligida noqislik tamali nima deyilsa ikki so’z bilan javob bersa bo’ladi: saviya va jur’at. Holbuki, Abdulla Qahhor munaqqidning saviyasi va jur’ati masalasida jon kuydirib so’zlagan. Dardsiz va ehtirossiz yozilgan asarlarni maqtaydigan saviyasiz tanqidchilar haqida u bunday degan edi: «Bu toifa tanqidchilar o’qib bo’lmaydigan, badiiy jihatdan g’oyatda g’arib bo’lsa ham ro’y-rost «g’oyaviy xatosi» yo’q kitoblarni axtarib yurib, ular to’g’risida madhiyalar yozib o’rgangan, shuni kasb qilib olgan».

Tanqidchida bilim, saviya, dunyoqarash, maslak qancha teran bo’lsa, u adabiyotni qancha keng his qilsa, hech bir masalaga tarafkashlik va g’araz bilan yondashmasa, asarni o’shancha xolis tahlil eta oladi. Aks holda, tashxisda adashgan tabibga o’xshab, qilayotgan ishida faqat taxmin va g’alatga asoslanadi. Bundan na yozuvchi, na adabiyot, na kitobxonga foyda tegadi. Badiiy-estetik idroki pachoq tanqidchi-adabiyotshunos javobgarlik va jonkuyarlikni jangarilik yoki botirlik deb tushunadi. Qalam o’rniga nayza, bolta ko’tarib yozuvchiga hamla qiladi. Abdulla Qahhor «Sarob»dan boshlab to oxirgi asarlarigacha shunday tashlanish va adolatsiz tanqidlarga duch kelgan. Bu haqda bahs yuritgan Ozod Sharafiddinov, «Hozir adibning butun umri davomida tanqiddan yegan dakkilarini o’ylar ekanman, uning ro’paradan ham, orqavarotdan ham qilgan hujumlarini daf etishga ko’p kuchi sarflanganini tasavvur qilar ekanman, bu odamning sabotiga, tog’day bardoshiga qoyil qolaman», deydi. Bunda Abdulla Qahhorni suyab, muhofaza aylagan kuch, bir tomondan, o’zining haqligi, xolisligiga ishonch bo’lsa, ikkinchidan, haqiqiy tanqid ilmining vazifasi, huquq va xususiyatlarini anglashi edi. Shuning uchun u munaqqid iste’dodini yozuvchi iste’dodidan kam deb bilmagan.

Hozirgi paytda adabiy tanqidning qiyofasi kundan-kunga mavhumlashib borayotir. Uning maydoni gavjumlashish o’rniga tobora siyraklashib, bo’shab qolmoqda. Adabiy tanqidning bir zamonlardagi obro’-e’tibori va nufuzi yo’q endi. Abdulla Qahhor boshqa ishga yaramay o’zini tanqidchilikka urganlarni «har narsadan cho’chib shaqildoq chalaveradi»gan qo’rqoq qorovulga o’xshatgan edi. «Shaqildoq»bozlikning o’rnini ham haybarakallachilik, madhiyago’ylik egalladi. Lekin ahvol bunday davom etishi mumkin emas. O’zbek tanqidchiligi qayta qad rostlashni, necha o’n yillardan buyon meros bo’lib kelayotgan zamonasozlik, ehtiyotkorlik, dallollik singari illatlardan xalos bo’lib, shaxdam odim tashlashni istasa, Abdulla Qahhor talab qilganidek, eng avvalo, «adabiyotimizga katta adabiyot cho’qqisidan» qarashga bel bog’lashi kerak. Ana shunda uning o’zi ham yangi cho’qqilarni zabt etishi mumkin.

XI

Abdulla Qahhor asarlari bir mo»jiza ekanini ko’pchilik e’tirof etgan. Jumladan, atoqli adib Shukur Xolmirzaev «O’zbek adabiyotida ana shunday mo»jizalarni yaratib, qoldirib ketgan insonga topinish mumkin», deydi. Men aqlimni taniganimdan buyon Abdulla Qahhorning shaxsini ham, asarlarini ham yaxshi ko’rganman. Qolaversa, chinakam buyuk adibga topinishning nimasi ayb? Lekin hozir boshqa bir gapni aytishim lozim deb o’ylayman.

Yetmishinchi yillarning oxirlarida Abdulla Qahhorga mening munosabatim bir oz o’zgargan edi. Bunga Toshkentga kelib yashay boshlaganimdan keyin ayrim adabiy davra va suhbatlarda Qahhor haqida murosasizlik ila aytilgan tanqidiy mulohazalarni eshitishim ham sabab bo’lgandir. Endi Qahhorga muxolif kayfiyatdagi yosh ijodkorlarga ham duch kelish mumkin edi. Ulardan ba’zilari Qahhorni «sochidan tirnog’igacha sho’ro yozuvchisi» ekani uchun qoralasa, boshqa birlari uning Cho’lpon to’g’risida aytgan ikki jumla gapini dastak qilib aybnoma to’qir edi. Xullas, Qahhorning hatto hikoyanavislikdagi yutuqlari ham nazarga ilinmas, uning eng sara, eng o’qishli hikoyalari ham past baholanardi. Kunlardan bir kun ikki-uch yaxshi hikoyasi bilan tanilib qolgan yozuvchi birodarlarimizdan biri bunday degan edi: «Abdulla Qahhor hikoya yaratmaydi — to’qiydi. Hikoya yasaydi. O’tmish mavzuidagi hikoyalari esa tarixni ayblash, tarixga qora chaplash uchun qilingan ishlardir…» Oxirgi, o’tmishga tegishli jumlalar menda ham e’tiroz tug’dirmagan. Chunki Qahhorning asarlarini o’qib, tarixdan faxrlanolmaysiz, tarixga suyanolmaysiz, tarixdan ruhiy madad ololmaysiz. Ularning deyarli barchasida moziy juda nursiz, surursiz va qop-qora bo’yoqlarda – qalbni g’am-g’ussaga chulg’aydigan manzaralarda namoyon bo’ladi.

Abdulla Qahhorning o’ttizinchi yillarda yozilgan «Bemor», «O’g’ri», «Anor», «Millatchilar» kabi hikoyalari menga yoqqan. Ularni o’qib, «Xayriyat, shafqatsiz, adolatsiz, o’sha tengsizlik zamonlari barham topgan. Xayriyat, xalqimiz o’sha kulfat, musibat, son-sanoqsiz baxtsizliklardan xalos bo’lgan», deb o’ylaganman. Ammo bir kun kelib, «Nainki, ho’kizidan ayrilgan musibatdiyda bir mo’ysafidga hech kim rahm qilmasa, axir amaldor ham odam-ku!.. Nainki, bemor xotinga go’dakning saharlari qiladigan duosidan boshqa davo topilmasa; nainki, sog’-salomat yigit boshqorong’i xotiniga ikki donagina anor olib berolmasa…» qabilidagi e’tirozlar menda ham paydo bo’lishini o’ylamaganman. Ammo shunda ham negadir Qahhorni o’qishdan o’zimni to’xtatolmaganman. Hikoyalarini bo’lmasa, qissalarini, qissalarini bo’lmasa, boshqa asarlarini qayta-qayta o’qiyverganman. Shuni ham aytishim kerakki, men qahhorshunos bo’laman, shu sohada biror ilmiy tadqiqot yarataman deb Abdulla Qahhor ijodiyotiga bog’lanib qolganim yo’q. Ammo Abdulla Qahhor ijodiyoti sir-asrorlaridan voqif bo’lish niyatida ko’p olimlarning, xususan, Ozod Sharafiddinov, Matyoqub Qo’shjonov, Umarali Normatov kabi adabiyotshunoslarning tadqiqotlari bilan ham tanishganman.

Abdulla Qahhorni saksoninchi yillarda o’zimcha yangidan kashf qildim desam xato bo’lmas. «Sarob»da Saidiyning «Muvaffaqiyatli chiqqan bir hikoyadagi tipni mamlakatning har burchidan yuzlab, minglab topish mumkin» degan fikri bor. Qizig’i shundaki, bunday tiplar ko’p uchrashidan tashqari, ularning umri ham uzoq bo’larkan. Zamon, makon, vaqt tushunchalarini ular ko’pda tan olavermas ekan. Men ana shunda «O’g’ri» hikoyasidagi Qobil bobo bizdan ancha olis davrlarda yashab, o’tib ketgan bo’lsa-da, «qobilbobochilik» o’ziga xos tarzda davom qilayotganini angladim.

Abdulla Qahhorning o’ndan ortiq hikoyasini bitta nom — «Boshsiz odam» nomi ostida birlashtirish mumkin… To’liq ma’noda Faxriddinga monand, uningdek laqma, irodasiz, mustaqil fikrdan mahrum go’l kimsani,ehtimol, hayotda uchratish qiyindir. Ammo atrofga sinchkovlik bilan ko’z tashlab, mushohada etilsa-chi? Hayronlar qolasiz… Beixtiyor, «boshsiz odam» buncha ko’p-a, deysiz.
Abdulla Qahhor o’tmish mavzuiga bejiz qiziqmagan ekan. Moziyning zamon bilan doimo bog’lanadigan nozik rishta va halqalarini topib, faqat tarix bag’rida qolib ketmaydigan hayot haqiqatlari va fojialarini kuyib-yonib tasvirlagan ekan. Abdulla Qahhor ijodidagi shafqatsiz realizmning tub ildizi ham balki ana shundadir.

Co’nggi yillarda ayrim yozuvchi, olim jo’ralarimiz bilan Abdulla Qahhor to’g’risida ko’p gurunglashib, fikr almashdik. Endi o’ylasam, «Abdulla Qahhor nainki adabiyotning, yurt va millatning ham vijdoni» degan mohiyatga men alohida urg’u bergan ekanman. Darvoqe, marhum adibimiz O’lmas Umarbekov ham ustozni millat vijdonini tamsil etgan yozuvchilardan deb ta’riflagan. Ha, Abdulla Qahhor bosib o’tgan hayot yo’li ham, ijod yo’li ham vijdon yo’li edi. U so’nggi nafasigacha millat dardi bilan yashadi. Shuning uchun ham unga og’ir bo’lgan. Mamlakatda toza fikrlaydigan odamlar kamayib ketgani, shular ham iqtidorini yangi haqiqat izlashga emas, eskilarini takrorlashga sarf aylaganiga qaramay, Abdulla Qahhor doimo ozod fikr, yangi haqiqatlar uchun kurashgan — yolg’izlanish, tanqidu ta’qiblarni pisand qilmasdan kurashgan. Abdulla Qahhorning ijodiy nafasidan nomardlik, har qanday g’irromlik titragan, tubanlik o’zini panaga tortgan. Unga tish qayraganlar esa yuzlariga niqob tortishga majbur bo’lishgan. Uning borligi millatning ham davlati, ham sarvati, ham shavkati bo’lgan. Mubolag’asiz shunday!

Konstantin Stanislavskiyning «San’atdagi hayotim» kitobida L. Tolstoy haqida aytilgan bunday bir gap bor: «Uning hayotligida biz «Tolstoy bilan bir zamonda yashash qanday baxt!» der edik. Yuragimiz g’am-g’ussaga to’lib-toshganda, hayotda qiynalganda yoki kishilar ko’zimizga yirtqich bo’lib ko’ringanda «Yasnaya Polyanada Tolstoy bor-ku!» degan fikr bilan o’zimizga tasalli berardik…»
Xuddi shu kabi, Abdulla Qahhor tirikligida o’zbek ziyolilarida ham shunday bir qanoat va tasalli bor edi. Lekin, ishonchim komilki, «Bizning Abdulla Qahhordek benazir yozuvchimiz bo’lgan, u o’zining boqiy asarlari va o’lmas jasorati ila doimo biz bilan birga yashayotir…» degan g’urur-iftixor tuyg’usi bugun ham ijod ahlining mahzun qalbiga umid va jasorat bag’ishlab turadi.

Matn «Tafakkur» jurnalidan olindi

08

(Tashriflar: umumiy 11 164, bugungi 1)

1 izoh

  1. Сайт ходимларига ташаккур.Соғинчли қалбимизга малҳам қўйганингиз учун.

    «Бизнинг Абдулла Қаҳҳордек беназир ёзувчимиз бўлган, у ўзининг боқий асарлари ва ўлмас жасорати ила доимо биз билан бирга яшаётир…»
    Устознинг мақолаларидаги бу сўзлар юрагимга ҳазинлик солди. Бир кун келиб Иброҳим Ҳаққулни соғинганлар ҳам «Бизнинг Иброҳим Ҳаққулдек беназир олимимиз бўлган, у ўзининг китоблари, ҳақиқатга садоқати, ҳақ сўзи билан қалбимизда мудом ТИРИК» деган сўзларни битишини билганмиканлар…

Izoh qoldiring