Ibrohim Haqqul. Bokudan maktublar.

88

Сизга тақдим этилаётган мактублар муаллифи – адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул. Тўғриси, уларни эълон қилиш учун олимнинг оиласидан розилик олишимиз осон кечмади. Чунки “Одатда мактубу кундаликлар одам ўзи ҳаётлигидаёқ эълон қилинмайди-да”, деган андиша бор эди. Лекин мўйсафид ВАҚТ қаршисида инсон умри – бир лаҳза. Кўнгил билан боғлиқ ҳолатлар, туйғуларимиз эса мана шу лаҳза қаърига шўнғиб кетган онлардир. Бу номалар тутқич бермас ҳиссиётларни, самимиятни ўзида муҳрлаб қолгани билан қадрли. Аёвсиз руҳ тугунларини очиши мумкин бўлган рост сўз соғинчи ҳар қанақанги одатлардан кўз юмишга ундади. Қўлимизга айрим хатларни тутқазаркан, олимнинг фарзанди Камола Ҳаққулова шундай деди: “Барибир, фарзандмиз-да, бир куни онамдан оғриниб: “Дадам ҳеч нарсани яширмасдан очиқ ёзганлар, олдинданоқ огоҳлантирганлар, бунга кўникиш оғир-ку”, деб сўраганимда, “Бир умр руҳимга яқин одамни ахтарганман. Даданг менга, мен дадангга кўп томонлама мос келмасмиз, лекин биз руҳан бир манзилга қараб интилувчи одамлармиз. Ўзи ҳам эплолмайдиган руҳи учун жонимни беришга ҳамиша тайёр турганман. Дадангни мендан олдинлаб кетса кетадиган, лекин ортда қолмайдиган дўст, суҳбатдош деб танлаганман. Бундан сизлар қанчалар рози ёки норози бўлманг, мен ўзимга муносиб умр йўлдош, сизларга суяниш, фахрланиш мумкин бўлган отани топганман”, деб жавоб бергандилар. Бу хатларда дадамнинг онам ёқтирган руҳий олами қандай бўлса, шундайлигича очиб ташланган. Унинг онам оғир бетоб бўлиб қолганда кимгадир “Хотиндан кўпи йўқ, лекин мен ўзим учун суҳбатдош хотинни тополмайман. У хотинимдан кўра кўпроқ суҳбатдош дўстимга ўхшайди”, деганини эшитиб қолгандим. Одам ўзига тенг деб билмаган одамни ички оламига ҳеч қачон олиб кирмайди. Ички ҳаётга кириш бахти камдан-кам одамнинг қўлидан келади”. Шубҳасиз, Камола ҳақ.

71

“CЕНИНГ ҲАР ХАЁЛИНГ ИБОДАТИМДУР…”

сеператор

Нома

…Олдин ёзган мактубим ҳали қўлингга етиб бормагандир. Аммо мактуб-мулоқотдан ўзга чора йўқлиги учун ҳар кун хат ёзишга мажбурман. Хўш, аҳволингиз нечук? Кайфиятингиз? Сезишимча, руҳингиз аллане ҳолатларда, икки кечадан буён қандайдир тушлар кўраман. Бачкана туш. Барибир кўнгилни хира қилишга қодир. Нима бўлганда ҳам, парво қилманг. Ҳамма-ҳаммаси бир чақа – ҳеч нарсага арзимайди.

…Кутубхоналарда ишлаш учун хатлар олдим. Энди кутубхонада ўтираман. Ўқийман. Зарур нарсаларни ахтараман. Кеча шаҳар айланиб тирикчилик учун зарур чойнак-пиёла дегандай, у-бу нарсаларни олдим. Китоб дўконларига кирдим. Беш-ўнта яхши китоб топдим. Самад Вурғуннинг иккинчи жилдидаги шеърларидан бирида “Сенинг ҳар хаёлинг ибодатимдир…” деган мисра бор экан. Қаранг, қандоқ самимий, қандоқ зўр. Ёки дил қулфини очадиган мана бу байтни ўқинг:

Ман тиларам қучоғинда жон берсам,
Заҳмат чекиб, бу диёра ёр келсун.

Абдулла Ориповнинг “Ел — тоғларнинг арвоҳи” маъносидаги ўхшатиши бор. Биласизми, бу арвоҳ — Шамол Бокуда ҳаддан зиёд дилни хуфтон этаркан. Айниқса, тунлари. Шунақа, ёқимсиз ўкирадики, туни билан ухлолмай чиқасиз. Хона эшик-деразаларига келиб бош ургани урган. Бу Ҳазорнинг тўлғанишлари билан боғлиқдир. Ҳазорнинг арвоҳи ғоятда фарёдли. Серғулу.

Ҳали музейларга бормадим. Кинога кирмадим. Биринчидан, об-ҳаво билан уст-бошим орасида “ихтилоф” бор. Иккинчидан, қатъий хоҳиш уйғонганича йўқ. Кеча тонгга яқин “Простор” журналидан Ф.М.Достоевскийга бағишланган “Ҳаёт ҳаёт учун” деган асарни ўқидим. Қизиқарли ёзилган. Кўп фикр уйғотади. Кейинроқ, сиз ҳам ўқисангиз, зарар қилмайди.

Нима ишлар қилаяпсиз? Қанақа фикру хаёллар билан бандсиз? Батафсил ёзинг. Агар бунга уқувингиз етмаса, эзмаликни мендан ўрганинг. Аммо мен қанча кўп ёзсангиз, шунча хурсанд бўламан. Нега, ўшанда мен билан суратга тушмадингиз?..

13.03. 86, Боку

сеператор

Соғинчнома

…Мана бугун шанба. Тошкентда биз деярли кўп пайт учрашадиган кун. Аммо бу галги шанба унақа эмас, йироқлик – Сиз йироқда. Мен йироқда… Сиз учун яхшидир? Эсингиздами “Ишлашим керак, кўчага чиқолмайман”, деганларингиз. Хўш, мириқиб, “қафас”ингизда мазза қилиб ишлаяпсизми? Руҳиятингиз хотиржамми? Соғлиқ-чи? Мен кечадан бошлаб кутубхонада ўтиришни бошладим. Анча-мунча китобларни рўйхатга олдим, авторефератларни кўздан кечириб чиқдим. Сизнинг ишингизга тегишли адабиётлар ҳам бор экан. Масалан, 1900 йили чиққан П.Мизинов деган олимнинг “История и поэзия” китобини душанба кунга буюртма қилдим, аз рўйи эҳтиёж зарур бўлса, нусха кўчиртириб оламан.

Бугун анча кеч уйғондим, қарасам, зерикиш шундоқ хонамда турибди. Энди у эшикдан мен билан бирга кириб, бирга чиқаверса керак. На илож! Сизга етиб бормаган ҳисларнинг аҳволи нима бўлишини тасаввур қилаверинг. Яхшиям, кундалик дафтар олиб берган экансиз, баъзан ўшанга нималарнидир ёзиб чиқаман.

Озарбойжон олимларининг бир нечаси билан яқиндан танишдим. Кеча мен бириктирилган бўлимнинг бошлиғи Ғаффор Кентли билан анча суҳбатлашдик. Ҳаммаси шунчаки гап. Теранлик, тафаккур, азоб илм аҳлини бу ерда ҳам аллақачон тарк этганга ўхшайди… Шу илм дегани нима, нимага керак?

Яна бошим гангиди. Кеча тушдан сўнг ўз-ўзимдан норозилик, аллақандай ғашлик туйғуси бўғзимгача келди. Бундай пайтда, биласизки, халоскор дўст – китоб. Бир китобда шундай дейилган экан: “Выбор женшины — выбор самого себя. Человеку нужна не место, не успех, а найти и осознать себя” («Аёлни топиш – ўзини, ўзликни топиш. Одамга на жой, на муваффақият керак, у ўзини топиши ва англаши зарур»). Маънили гап. Сизни билмадим-ку, лекин бу ҳақиқатнинг тўғрилигини сувратингиз тасдиқлади. Ёки менга шундай туюлдимикан? Балким, адашгандирман. Балким мен учун бугунги нигоҳ керакдир. Билмадим! …бўм-бўш, ҳувиллаган бу ёлғон дунё ичида ёлғиз суянч, юракнинг ягона илинжи Сиз борсиз. Бошқа ҳаммаси – бошқа, ўз йўлида.

…Сиз мени кутишга чиқишни, гаплашган ўша кунимизда чин дилдан истамаган экансиз. Нега дерсиз? Негаки, олдинги хатда самолётнинг бориш вақтини Сизга нотўғри ёзган эканман. Бу ердагилардан суриштириб билдим. Мен учадиган вақт Бокуда тунги соат 1:30га тўғри келаркан, демак, мен Тошкентга тонг пайти беш яримларда етиб бораман. Унда Сиз ноз уйқуда бўласиз. Яхшиси, келишувга мувофиқ соат 12да кўприк олдига келаверинг. Кейин узоғи билан 20 мартдан сўнг хат ёзманг, олишга улгурмайман. Аммо бу фақирул ҳақирингиз Сизнинг чидам билан ўқишингизни Аллоҳдан тилаб, ёзишни канда қилмайдур. Вақтингиз кетса ҳам, кунора почтага бир киринг.

Боку. 15.03.86

сеператор

Салом, маним малагим!

Мени кутгил, ва мен қайтарман,
Айрилиқни қолдириб доғда…

Таҳлика суврат қилиб ёзган мактубингни олдим. Олдинда қаршилик бордай эмас, БОР. Баҳайбат, феъли жунжуктириб ташлайдиган қаршилик, қандайдир баҳайбат махлуқдай лабларини ялаб бизни кутиб ётибди. Эрта ҳақида бир нарса дейиш қийин, дебсан. Дейиш жуда осон. Мен эртадан сира яхшилик кутмайман, яхшилик ҳатто бахт қушига ўхшаб кўринса ҳам бошимга камзул ёпиб қочаман ундан. Мана, эрта ҳақида мен айтишим мумкин бўлган “бор нарса”: Агар йўқотишга арзийдиган нимаики бўлса, йўқолгани маъқул!

Мени Сендан кечишим масаласига келсак, агар буни сен қаттиқ истайдиган бўлсанг, бамаслаҳат бир қарорга келамиз, кўзингни кўриб, кўзингга қараб турмагунимча бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. Ишхонадан кетишни истасанг кет! Қолсанг, ишлайвер. Лекин буни минғирлаш пластинкасига айлантирма. Бир Шарқ файласуфи “Озод бўлмагунча банди бўлиб бўлмайди”, деган экан. Бу чуқур гап. Кўзим кўр бўлди-ю, дунёни кўра бошладим, деган Рудакийнинг фикридай ҳикматли сўз. Мен бугун озодман, шунинг учун балки сенга бандилигимни одамга ўхшаб сезарман. Бандиман, шунинг учун ажраладиган ҳеч нарсам йўқ! Менга фақат майда гаплар, майда ташвишлар “кресло”сига ўтириб чидаш, муносабат қилиш, йўл ахтариш оғир. Мени мана шулар ейди. Бошқаси – бир пул. Ҳа, дарвоқе қанақа мактублар, нима ёзмоқчисан, тушунмадим. Ўша ерда бўлсам, албатта, овқат қилиб берардим. Сен учун. Сен билан боғлиқ ишлар менга ҳозирча маъқул, оғир бўлганда буни ҳам айтаман!

Мен келганимга икки ой бўлай деб қолди. Шунча вақтдан буён редакцияма-редакция изғиб, энди бир одам билан танишдингми? Нечоғлик ҳафсаласиз одамсан-а? Ҳойнаҳой, ёзадиган нарсанг ҳам ахлоқ-одоб ҳақида бўлса керак. Ўзбекистонда сендан бўлак одобшунос, ахлоқ алломаси топилмагани мени фақат ва фақат “хурсанд” қилади. Ахир, мен галварс ўзимни билмасам — бу мен учун шарафмасми?.. Яша, бошим кўкларга етди. Яна нима ёзсам экан? Бўлди, менимча!

Мен 1 август эрталаб – тонготар Тошкентда бўламан. Билет чўнтакда. Уйда бўлурсан деган умидим бор, албатта. Аҳмоқ одам бефаҳм бўлади. Битта адресни эплаб ёзиб юбормаганингдан мен аҳмоқ сиқилиб юрибман. Сени у ёқда давлат аҳамиятидаги ишлар билан бандлигингни билишга қани фаҳм менда?

Июль, 1986 йил. Боку

сеператор

Салом, менинг соғинчим…
Соғлиғинг яхшилигини эшитиб хурсанд бўлдим. Лекин чўчиганимдан, янада, янада тузалишингни худодан тиладим. Сўрадим эмас, тиладим. Ҳарқалай, бирданига олтита хат олмаган бўлсам-да, иккита мактубингни олдим. Мактабдан иш топмаган бўлсанг, боғчадан ахтар. Агар у ҳам бўлмаса кейин маслаҳатлашармиз. “Лит.газ”дан кўчириб юборган икки парчанг ҳам менга ёқди. Хусусан, Вересаев ҳақидагиси негадир ичимни яшнатди. …шоир ҳақидаги фикрларингнинг ҳаммаси тўғри. Лекин мен ўзимнинг ўша нотўғри фикримда қоламан. Ва нега шундайлигини бирор кун ёзган нарсамдан билиб оларсан. Кейин, ҳў дунёнинг чеккасида ўтириб олиб, менга буйруқ қилаверма. Мен хатларингни йиртиб ташлайманми-йўқми – ўзим биламан. Сен ёзишни бил!
Сенинг қисқа-қисқа ёзилган хатларинг менинг “дунёқараш”им, “услуб” ва “метод”имга ёмон таъсир кўрсатди, яъни Сендан ёмон таъсирландим. Нуқул гапни калта қилиш, қисқа хат ёзиш тўғрисида ўйлайдиган бўлиб қолдим.
Ёлғоннинг ҳам ҳавосини олибсан. Қандай қилиб: “Бокуда қолсангиз бораман”, деб ёздинг? Абадулабад қолиб кетсам ҳам келмайсан-ку!
Сенга фақат кеча хат ёзмадим. Лекин ишдан ҳориб-чарчаб каравотга чўзилганимда Сен ёнимда, шивирлаётгандинг…
Рости, Сени кўриш истаклари туғёнкорлик қилмаса, мен юраверарканман. Иш ҳар ҳолда бўлаяпти. Оҳ, бу ёлғизликнинг роҳати, оҳ, бу ички хотиржамлик. Ишқилиб, худо шунақа шароитни менга кўп-кўп ато этса, ўлим кейин мени унча қийнай олмаса керак, деб ўйлайман! Сен, ҳарқалай, ўша кандидатлик деган дардисарни қилсанг, бир амаллаб ҳимоя қилсанг бўларди.

Мен ҳеч кимга керакмасман (сенга ҳам даргумон). Менга ҳам Сендан бўлак вақт сарфлашга арзийдиган жонзот йўқ ҳисоби. Нима қиламан! Ёлғизликда ўтириб олиб ишлайман-да, ёлғизим! Сен менинг ёлғизимсан! Биласанми, танҳомсан! Бу сўзлар қанчалик парвозли, ёлғон туюлмасин, барибир шундай. Сен бирор кун масту аласт бўлиб қотиб қолганимда, ҳеч бўлмаса, бошингни суқиб қара ичимга, шунда кўрасан, биласан кўп нарсани.

Хатим барибир узайди. Ҳозирча хайр (ёмон кўраман “хайр” сўзини). Келмасанг ҳамки, дунёнинг аллақайси жойларида хору саргардон юрган итим бор деб ўйла-да, хабардорлик маъносида тез-тез хат ёз!

Боку, 30.06.86

сеператор

Қайднома

Ҳар дардки бор Мажнун олди
Маълуммудурур, сенга не қолди?..

…Одам фарзандининг табиати ўзи шунақа бўлади! Қанақа дейсизми? Ўтган машойихлар ибораси билан айтганда: кўздин йироқ – кўнгилдин йироқ… Мени тўғри тушун. Бу бандаи мўминни кўнглингга яқин олиб юр, деб тавалло қилмоқчи эмасман. Йўқ, мутлақо! Демоқчиманки, бирдан ҳувиллаб қолган дилингдан атайин сўз ахтариб, қандайдир бемаъни гапларнинг эга-кесимини жойига қўяман деб сиқилиб юрма!..

Сенинг сўнгги хатингни олганимдан сўнг Бокуда ҳаво кескин ўзгарди. Мана, икки кундирки, ёқимсиз шамол. Салқин. Орада ёмғир ҳам ёғди. Мен хатингни ўқиш биланоқ нимадир бўлгани ёки бўлишини сезган эдим. Бир серия сезгим алдамади. Кейингиси ҳозирча номаълум…

…Сен мени нимадан аяйсан? Негадир кейинги кунларда мени аяган, қандайдир маънода менга шафқат қилган одамга ўхшаб туюлаверасан. Рости, бу мени кескин асабийлаштира бошлади. Буни қаердан англадинг дерсан? Кейинги хатингнинг руҳи, лоқайд оҳангидан! Қанчалик ақлли, нечоғлик андишали ва доно бўлсанг-да, менга очиқ бўл! Қилт этган носамимий ҳаракат ҳеч бўлмаса сен билан бўлмасин. Мен шундай одамманки, Сенга минг йилдан сўнг маълум бўладиган тушунча ва қарашларнинг моҳиятини ҳозирдан аниқ кўраман…

Сенга “Хаёл қатралари”дан (шундай бир китоб ёзаётганимни айтганман) парчалар ёзиб юборяпман:

I

Мен афсона эшитишлардан қутулдим. Мен жамики афсона сўзлардан юз бурдим… Ахир, афсонларнинг афсонаси – ҳаёт, шу ҳаёт дарёсида хасдай оқаётган умрлар эмасми?..

II

Ницшенинг “Хавф-хатарда яша!” деган сўзларида улуғ донолик бор. Аммо у жасур одамларгагина қўл келади…

III

Шундай саволлар борки, кишини камида минг ёшга қаритади…

IV

“Ҳеч нимага, ҳеч нимага инонма, инонма…” Мандельштам ҳатто шу хитобида ҳам улуғ шоир.

V

Хотира ва таассуротларда ҳамиша қанақадир портловчи “модда”лар яширин ётиши шарт…

VI

“Ўлим бор дунёда, йўқ эрур мурод…” Покиза ҳақиқат мана шу. Қолган барчасида ёлғон бор, ёлғон…
Менимча, шу ёғи етар. Агар ўқиш эҳтиёжи туғилса, яна ёзиб юбораман.

Боку, 1986

сеператор

Сайёрамга!

Жаҳонда гарчи юз минг фитнолар бор,
Фироқингдек, вале, айни бало йўқ…

…Не ишлар билан машғулсан? Ғамнинг қувончи бўлгани сингари, айрилиқнинг висоли бўлади. Мен ўша жойларини топиб олганман. Сен-чи? Инсофинг бўлса, саёз сўз ўрнига бирор бир унсиз орзиқадиган теран калима топ! Қўй-чи, Сўз фазосига кўтарилиб кўрганмисан? Биласанми, у қанақа ғаройиб юксаклик, йўқ, БЎШЛИҚ! Ана ўша БЎШЛИҚдан Сўз ахтариш, Сўз топиш мумкин. Умуман, ғаройиб, ғалати бу олам.

Мана, қара, бугун кундалигимга мен нима ёзиб қўйдим: “Биздан кейин ёзган нарсаларимиз қолади, китобларимиз яшайди…” деган хотиржамликкача етиб олган “аллома”ларни мен биламан. Эҳ, шўрлик, бечора “илм” қуртлари…
Худога минг қатла шукрки, зулмат оралаб кезиниб юрган умид, ҳавосиз муҳитларда нафас олаётган армондан бўлак ҳеч нима йўқ менда, ҳеч нарса қолдирмайман…”
Олифталик сезилади, дейсанми? Сезилса, сезилар, бўлгани-да!
Мен бир кун келиб, Сени ўзимни севганимдай севаман, ана ўшанда ўзимдан безганимдай безаман ҳам. Ҳали анча йиллар мени шу “бахт”дан омон сақла! Шафқат юзасидан ҳам шундай қил! Хўпми? Мен негадир ўз ичини ўзи еб озиқланадиган махлуққа айланиб бораяпман! Оқибати войми? Ўн-ўн беш кун орасида Тафаккур тоғи бўлса – чиқсам, Фикр дарёси бўлса – чўмилсам, Туйғу дардлари бўлса – гул-чечакларга беланиб, буркансам… Йўқ, сўнг керакмас!

Сан анда доғ қолдинг,
Мен бунда зор бўлдим.

6.07.86

Манбаъ: JannatMakon журнали

(Tashriflar: umumiy 78, bugungi 1)

3 izoh

  1. Жуда яхши иш булибди. Ажойиб номалар!

Izoh qoldiring