Ibrohim Haqqul. Cho’lpon haqida ikki maqola

002
Бугун Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир ва жуда кўп шоиру ёзувчиларимизнинг қонли тақдирларини эслайдиган хотира куни. Бу ижодкорлар ёвузлик қурбони бўлишган. Лекин уларнинг «кўкрак қафасида» сўнгги нафасгача «Буюк муҳаббатнинг қонли нишони» ловуллаб турган. Улар ўлимни тан олмаганлар, Ватан ва халқ барҳаёт экан:

Ёлғиз, бир ўчиб… бир сўниш бордир!
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор…

деб билганлар. Бу ёниш – Эътиқод ва Виждон ёлқини эди. Бу ёниш –»Мен юртимнинг пок истакли кучиман» деган ишончдан оловланган эди.

007
АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН ҲАҚИДА ИККИ МАҚОЛА
Иброҳим Ҳаққул
007

ҚАЛБ ЁЛҚИНИ – СЎНМАС ЁЛҚИН

Мен юртимнинг пок истакли кучиман.
Чўлпон

Рауф Парфининг «Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон» шеърида «Нечук қисмат эрур, шоир қисмати?» деган саволга ўзига хос жавоблар бор. Мана, ўша шеърдаги айрим сатрлар:

Йўлсизлик йўлдоши,толеи нигун,
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу – халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Бари бир, у халқнинг номидан сўзлар…

Ушбу сатрлар беихтиёр Қодирий, Усмон Носир, Фитрат каби шоиру ёзувчиларимизнинг қонли тақдирларини эслатади. Бу ижодкорлар ёвузлик қурбони бўлишган. Лекин уларнинг «кўкрак қафасида» сўнгги нафасгача «Буюк муҳаббатнинг қонли нишони» ловуллаб турган. Булар ўлимни тан олмаганлар, Ватан ва халқ барҳаёт экан:

Ёлғиз, бир ўчиб… бир сўниш бордир!
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор…

деб билганлар. Бу ёниш – Эътиқод ва Виждон ёлқини эди. Бу ёниш –»Мен юртимнинг пок истакли кучиман» деган ишончдан оловланган эди. Биз на Фитрат, на Чўлпонни эътиқодсизликда айблай оламиз. Улар хато қилган бўлсалар: «Ўз эътиқодимга содиқ қоламан», – деб хато қилганлар.

01Чўлпон шеърияти «қўпол мияларга сиғмаган ҳур виждон» учун куйиб-ёнишлар билан нурли. Чўлпон дунёқараши ва ижодиёти қанчалик мураккаб, нечоғлик зиддиятли бўлмасин, санъаткорона яратган асарлари адабиётимизнинг энг ёрқин саҳифаларини ташкил қилади. Бундан кўз юмсак, буюк Чўлпонни эмас, адабиётни, қолаверса ўзимизни камситган бўламиз.

Тўғри, Чўлпон Хаёлнинг туманли ўрмонларида кўп кезган, ноумид юракдан тўкилган маҳзун фикру туйғуларидан мисралар тизган. У баъзан “эски жароҳатли қалб”ини “сатрларнииг наштари-ла” тиладики, бундан Сўз сийрати азоб ва оғриққа тўлади. Чўлпон дунё ҳасратлари билан гоҳ тиллашиб, гоҳо баҳслашиб, некбинликка етишган шоирдир. Адолат юзасидан шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, маълум вақтлар Чўлпон қалбида ҳоким бўлган тушкунлик ёлғиз унгагина хос эмасди. У даврнинг ўзидек мураккаб, қисмати зиддиятли ижодкорлардан бири эди. Шунинг учун у қарама-қаршиликларга бой ижодий изланишлари билан О.Мандельштам, Анна Ахматова, Ҳусайн Жовид сингари ўнлаб санъаткорлар қаторида туради. Мандельштам, Ахматова, М.Цветаеваларнинг китоблари аллақачон қайта-қайта босилган. Озарбайжонда Ҳусайн Жовид асарларининг тўрт томлиги ва у ҳақдаги хотиралар тўплами чоп этилди. Бироқ бизнинг Чўлпон ва Фитратга қайтишимиз қийин бўлди. Ошкоралик шарофати ила уларнинг ижод намуналари билан таниша бошладикки, бу – қувончли, албатта.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1893 йилда Андижонда савдогар зиёли оиласида дунёга келган. Бошланғич мактабни битиргач, рус-тузем мактабида ўқиган ва рус тилини қунт билан ўрганган. Андижон ва Тошкентдаги мадрасаларда таҳсил олган чоғларида у араб, форс, турк тилларини ўрганган. Чўлпон маданий савияси юксак санъаткор. Шунинг учун у Шарқ адабиётининг улкан билимдони даражасига кўтарилган. Фирдавсий «Шоҳнома»сининг туркча таржимасига бағишланган мақоланинг ўзиёқ Чўлпоннинг форс тили ва Ҳофиз, Саъдий, Абдураҳмон Жомий каби буюк даҳолар яратган адабиётни нақадар чуқур билганлигидан далолатдир. Унинг янги турк шеъриятига эътибори ҳам теран. Чўлпон шеърияти – миллий замини жуда мустаҳкам шеърият. Шоир шеърларининг умумий руҳи, оҳанг ва образларида Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Машраб анъаналарининг таъсири ўз аксини топган.

Чўлпоннинг дастлабки асарлари “Садои Фарғона”, “Садои Туркистон”, “Туркистон вилоятининг газети”да босилиб турган. Олимлар Чўлпоннинг инқилобдан олдин ёзилган шеърий ва насрий асарларида жадид адибларнинг таъсири бўлганлигини қайд қилишган. Кейин эса у газета ва журнал саҳифаларида кўплаб шеърларини чоп эттирган. Чўлпоннинг учта шсърлар тўплами босилиб чиққан. Булар – “Уйғониш”, “Булоқлар”, “Тонг сирлари” номли китобларидир.

Чўлпонда чин шоирга хос муҳим фазилатларнинг барчаси мужассам эди. Шулардан баъзиларини таъкидлаб ўтайлик. У, аввало, Дард одами. Демакки, бедардлик, юзакилик ва руҳий саёзлик билан муроса қилмаган. Шоир, «Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман, Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман», деганида ҳассос қалбли кишиларнинг нуқтаи назарларини ёқлаган. Ҳар қандай шароитда ҳам шоирлик қийин иш. Ўзининг жонини ўзи қийнай билмаган шоир ўзгаларнинг дарду ғамларига чора излолмайди. Алишер Навоийнинг шундай байти бор:

Навоий назми рангину равон эрса ажаб эрмас,
Ки, махлут ўлди кўз ёши била хуни жигар анга.

Байтдаги фикрнинг соддароқ баёни бундай: «Навоий шеърлари рангину равон эканлигидан ажабланиб, сен бунга сабаб ахтарма. Чунки уларга кўз ёши билан жигар қонлари қўшилгандир». Чўлпон ҳам шоирнинг жигар қонидан рангланмаган шеърни – шеър ҳисобламаган. У шеърда жон ва қон жаранги янграши мумкин деб инонган, бунга эришган ҳам. Чўлпондаги иккинчи бир фазилат– руҳий самимият, маъно ва тасвирдаги табиийлик. Энг «эзувчи» шеърларида ҳам унинг қандайдир акс таъсир кўрсатувчи бир қувват мавжудлигининг сабаби шунда бўлса керак. Булардан мавқеи паст бўлмаган навбатдаги хусусият: ҳуррият завқи. Эрк ва озодлик – Чўлпон учун ҳамма нарса. Унингча, «зулм олдида ҳар бир нарса эҳтимолки бўйин эгар». «Агар зулм авжга келса», “кўк боши” ҳам ерга тегажаги ажабланарлимас. Аммо бўйин эгмас, эгдириб бўлмас бир қудрат бор дунёда – эркин виждон.

Фақат эркин виждонларга
Эга бўлмоқ – мумкин эмас.

Шоир мазлумлар учун кишанлар ясовчи “усталар”, “Бошқаларни тубанлар деб атовчи хўжалар”, «чиқадирган қуёшни» «этак билан тўсмоқ»қа тиришган жоҳилу гумроҳларга қарши шунақа фикрлар битган:

Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган.
Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга қистаган.
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди…

Бу сўзлар томирида «қўзғалишнинг ваҳший қони» кўпирган, эски фикр ва анъаналарни парчалашга тайёр мазлумлар тилидан ёзилгандир.

Шоир кўнглида юз очган туйғулар – меҳнаткаш эл, зўр курашларга ҳам қодир азамат халқ туйғуси. Халқ – мислсиз куч. «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир. Халқ исёндир, халқ офатдир, халқ ўчдир… Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатса, Қувват йўқким халқ истагин йўқ этсун…» Чўлпон «бутун кучни халқ ичидан» олиб, «қучоқ очиб халқ»қа томон бормоқ, халқ дарду қувончларини ифодалашга тарғиб қилганди.

Чўлпон шеъриятида сир кўп, хаёл кўп. У «Хаёлнинг кўзлари билан” инсон ички ҳолатларидаги ўзгаришлар, руҳ ҳаётидаги туғёнларни кўриш ва «борлиқнинг сўзлари» орқали шеърхонга гавдалантириб беришни бағоят хушлайди. Хаёл унинг кўнглида гоҳи «Ошиқдек ястаниб ётиб оладир…».

Шу чоқда қийналиш бошланар менда,
Чунки хаёлимнинг кўзлари билан
Бир гўзал ҳолатни кўриб тураман,
Лаззатга ғарқ бўлиб, ўлиб тураман…
Шундай гўзалликни! Аттанг, агар мен
Рассом бўлсам эди чизиб берардим, –

дейди шоир. Чўлпон барибир хаёл мусаввири. Хаёли унинг гўзал манзаралар яратади. Шеърларида у борлиқ-оламдан нусха кўчирмайди. Балки табиат манзараларидан табиат шеърларини яратади. Унинг шеърларида «томчилар – кўкларнинг сўзлари», «Қор парчалари тўкилган садаф», «Юлдузнинг кўзи, ҳафиф жимиллаб» термулиб туради. «Эрта саҳарларда тонг шабадаси Ўрик гулларини ўпиб” сармаст елади. «Дарахтлар ҳам соғлом, тетик боладай Ҳар кун эмас, ҳар нафасда ўсади». Дарахт новдаларида болалик сурурига ошно баргчалар секингина ўрмалаб қанотчаларини ёзади: «Баргчаларда болаликнинг сурури… Енгил-енгил қалинлашиб ўйнайлар». Баргчаларнинг қалтирашларида қўрқувдан кўра орзу устун, улар хотиржамлик, нашъали ва осуда ҳаёт тилайдилар:

Ҳар баргчанинг табиатдан тилаги:
Шу яшашнинг томирини узмаслик,
Шу нашъани, шу роҳатни бузмаслик.

Чўлпон тасвирларида “Ариқда сувларнинг ўйноқи қўшиғи”, «Шохларда ухлаган баргларни уйғотади». «Айниқса шамолнинг» «юмшоқ шўхлиги”дан баргларда эркинлик қувончлари юз очади. «Ҳар нарса кўкарган, ҳар нарса яшнаган» фараҳли чоғларда: «Олтинли қўнғизни болалар ушлашиб, Ип билан кўкларга учириб ўйнайлар…».

Бу «ўйин» шоир диққатини «қулликни севмаган йўқсил» тақдирига тортади: «Қулликни севмаган йўқсилни кўплашиб, Нимага ўзининг эркига қўймайлар?» Бироқ кечаги муте йўқсил энди исёнкор: «Кенг юракда тураолмай, сиғолмай, Тошиб кетган: йўқсилдаги имондир…».

«Кўклам келадир» шеъри «Қўклам ойим йўлга чиққан, кўклам ойим қўзғолган” мисраси билан бошланади. Тиниқ ҳаво… Кўк юзида оппоқ –ҳарир парда янглиғ булутлар. Ҳаракатларида уларнинг қандайдир паришонлик. Кун тиғлари эса аёвсиз ўткирлашмоқда. «Қип-яланғоч дарахтлар ҳам қучоқ очиб», «кўк кўйлакнинг битиши», яъни баҳорнинг кучга киришини кутмоқдалар. «Сезгиларни уйғотувчи, ҳидли гуллар» тўпланишиб: «Биз ҳам йўлга чиқдик», – дея чопар юборишган. «Гул ҳидидан» ризқ ва завқ эмувчи “жониворлар” «боғчалар, чаманлар» сафарига тайёрланишаётир.
Хуллас:

Кўклам ойнинг ипак кўйлак этаклари судралиб,
Қора ернинг бошларини силаб-сийпаб келадир.

Сўзлардаги хаёлий майинликни кўринг. «Кўклам ойнинг» силаб-сийпашларидан “қора ернинг”мас, тошда ҳам ҳаракат қўзғалгудай. Табиатдаги шу яшариш, шундай бедорликни шоир ватандошлари қалбида ҳам кўрмоқ истайди: «Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳидин берсайди, Дилларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди…”.

«Яна кўклам» юқоридаги шеърнинг узвий давоми каби ўқилади: «Яна мен сенга қайтдим, эй кўклам, Чунки борган сари юзинг очилиб, Чунки борган сари ҳидинг сочилиб, Сил кўнгилларга бахш этар малҳам”. Лирик қаҳрамон «Дунёга бир келин каби чиққан» турли тусдаги чечакларни тонг отар чоқда қаршиламоқ билан қаноатланмайди. У “кун қон сочиб ботар чоқда”, “сўнгги нур ўйнаган” терак япроқларининг “шаббода қиз” ила қувлашиб ўйнашларини ҳам кўрмоқни истайди. Шеър сўнгида «жувон толдаги қуруқ бир шох” қуп-қуруқ гавдасини елга тутиб, қайси кўкламни йўқлаши ва йўқлов ҳасратини кимга ҳам англата олиши тўғрисида сўзланади. Шубҳа йўқки, бу фикр қачонлардир кимларга қалтис эши-тилган. Аммо шоирнниг шеърдаги нияти холис. Қуруқ бир шох образи орқали у муҳит ва воқелик ҳавосидан баҳра топмаган, шу сабабдан онги янгича куртакланмаган кимсалар аҳволини шарҳлаган. Шеър муҳит ва инсон муносабатидаги мураккаблик ҳақида ўйлатиши билан эътиборли.

Чўлпон шеърияти поэтик образларга бойдир. Бу образларнинг кўпчилиги табиат оламидан олинган. Булар: Ой, Қуёш, Дарё, Дарахт, Гул ва ҳ.к. Лекин Юлдуз шоир ишлатган фаол образлардан бири. У тахаллусини ҳам Чўлпон – Тонг юлдузи деб танлагани бежизмас. Шоир юрагига яқини ёруғ юлдуз, «Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб» у «энг ёруғ юлдуздан» тақдир маъбудасини сўроқлайди.

Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: «Мен уни тушда кўрганман.
Тушимда кўраман: шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!»

Шоирнинг лирик қаҳрамони – фикр ва мушоҳада кишиси. Унинг тафаккур йўллари кенг. У фикрдан ҳақиқатга, ҳақиқатдан ҳурриятга интилади. Бир ўринда Ёруғ юлдуздан ўтмиш хусусида ҳақ гапларни тингламоқ мақсадида у дейди:

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла.
Оталарнинг тарихдаги хатосин…

Шунда унинг кўз ўнгида юрт учун «жонлар бериб, қонлар тўккан» мардларнинг сиймолари жонланади. Ўтгандаги турмушнинг «бутун қонли», «шонли ерларин» мукаммал билмоқ истагида у юлдузга мурожаат қилади: «Майли! Майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам, Тўғри сўзни яширмасдан сўйлайбер, Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса, Ботир бўлиб секингина куйлайбер».

Тарих ҳақида юлдуз нима дея оларди? Албатта, ҳеч нима! Лекин шоир шу йўл билан тарих тўғрисида «тўғри сўзни яширмасдан» сўзлашни тарғиб этади. Мозий хатоларини хаспўшлаш хосиятсизлигини шоир яхши тушунган. Уларнинг очилишидан чўчимаган. Балки ўтмишнинг юзига бутунлай қора суркаб, халқ хотирасини буткул булғаш ғаразидаги манқуртлардан ҳазар қилган. У “ҳар қанчалар юрак ёрғич» гаплар бўлса ҳам билишни эрк ва истиқбол учун зарур ҳисоблаган.

Кўнглига яқин «нарсани излаб кеча-кундуз» ҳар ёққа боқаркан, шоир яна тонгда нур таратувчи юлдузга юзланади:

Мен унга ишонмоқчи бўлиб ўйнатаман кўз
Ул ҳам кула бошлар,–

дейди у. Лекин «Шул чоқда деворлар ичидан қайғули бир қиз йиғлаб кела бошлар». Ва шоир дилини мана шу қиз – “Ер юлдузи”нинг қайғулари қуршаб олади. У «Кўнглимга яқин… бошқа эмас, сен, «Ер юлдузи» деганида «бу сўзни эшиткач» кўкдаги юлдуз аразлаб қочади. Чўлпоннинг қатор шеърларида деворлар ичида қамалган ҳуқуқсиз, ҳурликка илҳақ ўзбек хотин-қизларининг ҳасратлари битилган:

Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар, инграган менман,
Эрк эртакларин эшитган бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглаган менман.

Бу сўзларда «айвон қаторида саналган» чорасизларнинг фиғону фарёдлари аксини топган. “Неча юз йил кишанларда энтиккан” тутқун Шарқ қизи Чўлпон шеърларида “сиқиқ қафасларда» яйрай олмагани, жаннат боғлари бўла туриб улардан айро тушгани, тану жони «хаёл» уясига айланиб, «билгисиз овчининг» қасдидан қўрқиб нафас олишини айтиб ҳасратлар чекади. Чўлпон тутқин аёл тимсоли орқали қуллик офатларига гирифтор юрт аҳволини ҳам моҳирлик ила тасвирлашга муваффақ бўлгандир.

Чўлпон кенг қамровли талант соҳиби. У шоир, драматург, Шекспирнинг “Ҳамлет», М. Горькийнинг «Она» асарларини ўзбек тилига ўгирган моҳир таржимон, ўнлаб проза намуналарини яратган носирдир. Чўлпон қисса ва ҳикоялардан ташқари, «Кеча ва кундуз» номли роман ҳам ёзган. Унинг «Кеча» қисми 1936 йилда босилган.

Чўлпон бир шеърида:

Узоқ…. Оғир йўлга чиққан йўлчи ман…
Мен юртимнинг пок истакли кучиман, –

деганди. Бу Йўлчининг бадиий ижоддаги йўли енгил ва силлиқ кечмади. У баъзан, ўзи эътироф қилганидек, «Асабий, шиквали ва ғамли» «достончи руҳиға» кириб шеърлар ёзади. «Шафқат билмас исён»дан руҳи ортиқ тўлғонди, ғамга чўмди. Бироқ у шоир эди. Шунинг учун охир-оқибатда юрти ва халқининг пок истакларига хиёнат қилолмади: “Фақат Мажнун бўлиб элни суяман, Унга ҳурмат билан бўйинсунаман”.

Шундай ошиқ шоирнинг оқ исмига «қора занжир» илмоққа қасд қилганлардан фарқли ўлароқ, биз унинг мураккаб ва машаққатли ижод йўли, юрак қони ила битилган асарларини холис баҳолаб, халққа қайтармоғимиз шарт.

Манба: Чўлпон. Баҳорни соғиндим. Тошкент: Юлдузча, 1988.

ЧЎЛПОН ШЕЪРЛАРИ

Йигирманчи аср ўзбек адабиёти – бошидан жуда кўп қийинчилик, ҳақсизлик ва ҳар турли таслимият ҳамда энг оғир йўқотишларни ўтказган адабиёт. Бундай ҳодисалар собиқ СССР давлати таркибидаги деярли барча жумҳуриятлар адабиётида ҳам бўлган, албатта. Лекин бизнинг адабиётимиздаги миллий, мафкуравий забунлик ва эрксизликнинг миқёси ниҳоятда кенг ва нисбатан ғоятда қайғулидир.

Шунга қарамасдан, бу адабиёт истеъдод йўналиши ва даражаси ҳар хил бўлган кўп ижодкорларни вояга етказди. Бу ижодкорлар орасида Сўзнинг илоҳий куч-қуввати, миллат тақдиридаги роли ва адабиётнинг асл моҳиятини тўғри ва теран англай олганлар бор эди. Лекин уларнинг сони анча озчиликни ташкил этарди. Шунинг учун узоқ йиллар мобайнида ёлғон ва алдовлардан «ҳақиқат» тўқиш, Эрк ва Истиқлолни эмас, қуллик ва мутеликни тарғиб қилиш тамойили етакчилик қилиб келди. Чунки миллий мафкурадан йироқлашган, фикрни эҳтиёт ва қўрқув бошқарган, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон каби ҳур виждонли буюк санъаткорлар бошлаган ғоявий-бадиий анъаналардан алоқаси узилган адабиётнинг маънавий-руҳий қиёфаси бошқача бўлиши мумкин эмасди.

Албатта, совет даврида ҳам ўзбек адабиёти бир жойда тўхтаб қолгани йўқ – имкон даражасида у ўсди, илгарилади. Аммо у ҳамма вақт ҳам ҳақиқат, диёнат ва миллат манфаатларига тўла содиқ тура олгани йўқ. Унинг давлат ва расмий сиёсатга тўла тобелашуви, чинакам адабиётга хос бўлган Исён руҳини бой берганлиги мана шундандир. Бу фожиаларнинг илдизини аниқ билиш ва оқибатларини аниқ башорат қилиш маъносида ҳам Фитрат, Чўлпон ва Абдулла Қодирийнинг ижод тажрибалари ҳақиқий сабоқ мактаби эди. Буларнинг адабий Шахсияти Ватан озодлигини орзу этган, кўнглида миллат Эркини сақалаган ҳар бир миллиятчи учун ўрнак бўлиб келгандир.

005 Зеро, бадиий ижодда бу санъаткорларимиз эришган Ҳақиқат мақоми – абадул абад дахлсиз ва муқаддас мақом бўлиб қолажак. Ва уларнинг номини – Туркистон деб аталмиш улуғ номдан, тақдирини – Туркистон тақдиридан ҳеч вақт ажратиш мумкин эмасдир. Октябрь тўнтаришидан сўнг Туркистонни қамраб олган қарамлик, қуллик, парокандалик ва таслимият ҳасратларини Чўлпон қадар тўлиқ идрок этган, инсон эрки ва истиқлол ғоясини рамзий-мажозий образларда маҳорат билан тасвирлай олган иккинчи бир шоирни топиш қийин. Бу – мақтов эмас, балки бутун турк дунёсида тан олинган бир ҳақиқатдир. Чўлпон шеърияти шоирнинг ўз она юртида таҳқирланиб, «эрк эртакларини» тинглаб яшашга маҳкум қилинган жафокаш халқ эътиборидан четлаштирилиб қўйилган замонларда ҳам қондош ва қариндошларимиз ватани – Туркияда унинг шеърлари севиб ўқилган, илм аҳли томонидан ўрганилиб, таҳлил этилган эди. Турк олими доктор Ҳусайн Ўзбойнинг «Чўлпон шеърлари», деб номланган китобини ана шу ҳаракатнинг таҳсинга лойиқ бир натижаси дейиш керак.

«Бу китобни, 1929-1938 йиллар орасида шаҳид этилган мингларча туркистонлик ойдинларнинг руҳи ила бугунги мустақил Ўзбекистоннинг буюк келажагига бағишлайман», – дейди муаллиф. Эътироф этиш лозимки, мазкур китоб ушбу бағишловга муносиб, жуда мазмундор ва ибратли асардир. Бу китоб икки қисмдан таркиб топган: биринчиси – тадқиқот, иккинчиси – шеърий матн ва таржималардир.

Сўз бошидан кейин берилган «Кириш» ҳам икки қисмдан иборат: 1.Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг адабий шахсияти; 2.Чўлпоннинг асарлари. Буларда шоирнинг ҳаёти, ижодий фаолиятининг шаклланиши, адабий шахсиятининг камол топиши, шеърий, насрий ва драматик асарлари тўғрисида мухтасар маълумот берилган. Ҳусайн Ўзбой Чўлпоннинг ҳаёти ва ижодига доир бир қанча янги фикр-мулоҳазаларни илгари сурган. У бир ўринда ёзади: «Чўлпон 1917-1918 йилларда Оренбургда Бошқирдистон миллий жумҳурияти раисининг котиби вазифасида ишлаган. Шу орада у Қўқон шаҳрида истиқлол қурултойида иштирок этади. Қўқонни қизил армия тўпга тутгандан кейин Чўлпон ярадорларни даволаш учун «Қизилой» хастахонасида кўнгилли ўлароқ фаолият кўрсатади» (14-бет).

Худди шу даврлардан эътиборан Чўлпоннинг адабий-ижодий фаолияти ҳам бевосита миллий истиқлол ва Ватан мустақиллиги курашига сафарбар этилган эди. Унинг шеърларида келгинди ва босқинчиларга қарши туриш, қатъиян қаршилик кўрсатиш, уларнинг ёлғон ва алдовларини туб моҳияти билан инкор қилиш тамойили кундан-кун кучайиб борганди.

Чўлпон – улуғ ғоя ва покиза маслак шоири. Ёлғизлик ва иложсизлик азоблари кўнглини қамраб олган чоғларда ҳам Чўлпон Туркистонни озод ва мустақил кўриш, она Ватани узра ҳуррият ва эрк байроғини баланд кўтариш ғояси билан нафас олгандир. У миллий ғоя ва мафкурага нечоғлик содиқ, шу йўлда қанчалик собит бўлмасин, шеър, энг аввало, санъат асари, санъаткорлик иши эканлигини назардан соқит қилмаган эди. Шунинг учун ҳам Чўлпон ўзбек шеъриятида шеърий шаклга янгича сайқал берган, вазн, қофия, радиф қўллашда бир қатор янгиликларга эришган шоир сифатида тан олинган эди. У бармоқда нақадар эркин, илҳом билан қалам тебратган бўлса, аруз ва сарбаст вазнларидан ҳам ўшанча усталик билан фойдаланган. Турк олими Чўлпон шеърларини шакл нуқтаи назаридан тадқиқ қилар экан, шакл унсурларини шунчаки қайд этмайди, балки вазндан вазнга ўтиш сабаблари, маъно, оҳанг ва образлардаги табиийлик, хилма-хиллик хусусида баҳс юритади. Унга кўра, «Чўлпоннинг 1920 йиллардан кейин арузда анча кўп ёзишига бир сабаб унинг Танзимат ва Сарвати Фунун адабиётлари билан жуда кенг танишуви ва улардан таъсирланиши эди» (39-бет).

Чўлпон шеърларининг маъно ва мазмунларини тадқиқ этиш, асосий ғоявий-бадиий хусусиятларини очиш бўйича кейинги йилларда ўзбек адабиётшунослигида бирмунча ишлар амалга оширилди. Бу ишларнинг бир қанчаси билан Ҳусайн Ўзбой яхши таниш. Аммо унинг тадқиқотида шоир шеърларини ғоявийлик мезонида баҳолаш жуда изчил, жуда кенг ва ўзига хос тарзда амалга оширилгандир. Биринчидан, у маъно ва мазмун характерига қараб шеърларни тематик тасниф қилади. Иккинчидан, Чўлпон шеърларида лирик ишқий туйғулардан табиат фалсафасига, хусусий тушунчалардан умуминсоний фикрларга, қайғу ва ҳазинликдан шодлик ва сурурга, жаҳолат, нодонлик, қарамликни қоралашдан маърифат ва ҳур фикрни ёқлашга, замондан тарихга, таслимиятдан исёнга, шахс эркидан Ватан ва миллат истиқлолига ўтиш йўлларини ҳаққоний кўрсатиб беради. Унинг бир хулосаси бўйича, Чўлпон шеърларида «ич табиат» умумият-ла «ташқи табиат»га ҳокимдир. «Шоир «ботин»дан «зоҳир»га ишоратлар йўллайди. Саслар, калималар, жумлалар объектив оламнинг ифодасига қараганда, кўпроқ шоирнинг субъектив оламини акс эттиради».

«Хуррият, истиқлол ва кураш шеърлари» бўлимининг бир қисми «Туркистоннинг хароб ҳолини англатган шеърлар», дея номланган. Унда «Бузулган ўлкага», «Ёнғин», «Амалнинг ўлими», «Ёруғ юлдузга» сингари шеърлар таҳлили берилган. Бу таҳлиллар ишонтириш қуввати, шеърий матн таркибидаги ички маъноларни ҳассослик билан ёритилиши жиҳатидан ҳам, шеърий образ ва рамзлар бағридаги тарихий воқеа-ҳодисаларга доир ишоратларни аниқ илғаш эътибори билан ҳам қизиқарлидир.

Маълумки, Чўлпоннинг шеърдаги янгилиги, хусусан, тил ва услубда ёрқин намоён бўлиб, кенг довруғ топган эди. Тадқиқотчи шу нуқтаи назардан ҳам шоир шеърларига жиддий ёндашади. У Чўлпон шеърларининг тил хусусиятлари, ифода тарзидаги ўзига хосликларни атрофлича текшириб, кейин услуб хусусида баҳс юритади. Ва Чўлпон шеърий услубини, моҳият эътибори билан янги, тоза, содда, самимий ва ҳаракатга йўналган бир услуб сифатида таърифлайди. Унингча, «Бу услубнинг муҳим фазилатиларидан бири тасвирларда ашё ва ҳодисани ҳаракатдаги ҳолатларда идрок этиб, гавдалантириш»дан иборатдир. Шунингдек, «ўхшатиш, истиора, ташхис каби метафорага уйғун санъатлар, хусусан, барча шеърларида оз ёки кўп кўзга ташланадиган ҳар турли такрор унсурлари ҳам Чўлпон услубида ҳоким мавқега эга»лиги қайд этилган (276-бет).

Ҳар қандай шоирнинг шоирлиги ва маҳорати, унинг дунёни образли идрок қила олиши, оламнинг хилма-хил ва мураккаб ботиний ҳақиқатларини руҳий чизгилар воситасида кашф этиши, фикр-туйғуни рамз, тимсол ёки бадиий санъатлар орқали нечоғлик ёрқин ҳамда таъсирли оҳангларда тасвирлай олишида намоён бўлади. Бу жиҳатдан Чўлпон катта мактаб яратган шоир эди.

Айниқса, унинг символизми, яъни рамзий ва мажозий тимсоллардан фойдаланиши, шеъриятда юксак манзилларни кўзлаган ҳар бир шоир учун ўрнакдир. Чўлпоннинг символистик тасвирлари шеърни сўзбозлик, яланғочлик, фикрий қашшоқликдан халос айлашга хизмат қилгандир. Ҳусайн Ўзбой Чўлпон татбиқ қилган символларни «очиқ» ва «яширин» символларга ажратиш билан чегараланмаган, балки, уларнинг «ҳам шеър воситаси, ҳам даврнинг хусусий талабларига тегишли бир мажбурият ўлароқ» шеърдан ўрин олганлигини асослайди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Чўлпон шеърларининг образли системаси тадқиқ қилинганда, мажозий ёки рамзий образларни юзага чиқарган ғоявий замин ёҳуд асосий мақсад-муддао эътибордан четда қолмаган. Масалан, «Шарқ», «Ғарб», «қафас», «тун», «ёв», «кишан», «ой», «юлдуз» кабилар «ижтимоий характердаги фикр-қарашларга тобе символлар», деб белгиланганки, бу ишонарли ва асосли хулосадир.

Китобнинг иккинчи бўлимида Чўлпоннинг «Уйғониш», «Тонг сирлари», «Булоқлар» китобларидаги ва унинг «Ёш ўзбек шоирлари» мажмуасидан ўрин олган шеърлари жамланган. «Илова шеърлар» қисмида эса қайта қуриш ва ошкоралик шарофати туфайли Тошкентда босилган «Баҳорни соғиндим» тўпламидан олинган шеърлар берилган. Китобга киритилган ҳамма шеърларнинг усмонли туркчадаги таржимаси мавжуд.
Хуллас, истеъдодли турк олими Ҳусайн Ўзбой жуда диққатга молик, ғоятда шарафли бир муҳим ишни бажарган. Унинг «Чўлпон шеърлари» асарини, ҳеч иккиланмасдан, «чўлпоншуносликдаги янги қадам, намуна бўларли катта ютуқ», деб баҳолаш мумкиндир. Чунки ҳам шеърхонларни, ҳам илм аҳлини теппа-тенг қаноатлантира оладиган китобларни нашр эттириш ҳамма олимга насиб этиши қийин.

Манба: Ўзбек тили ва адабиёти, 1995 йил 2-сон.

09

(Tashriflar: umumiy 330, bugungi 1)

Izoh qoldiring