Tilak Jo’ra. Ikki kitob: Saylanma & Ruhiyat & Ibrohim Haqqul. Haqiqatga sig’inish & Tilak Jo’ra hayoti va ijodiga bag’ishlangan «Bedorlik» radiodasturi

09      Тилак Жўра ҳам устоз Миртемир изидан борган, ўзбаки юрагини тингган шоир. Унинг шеърларига Юрак овози самимият бағишлаб туради.

ҲАҚИҚАТГА СИҒИНИШ
Иброҳим Ҳаққул
филология фанлари доктори

055

Ҳақиқат қаршисида шоир доимо ўзини кучсиз сезади. Мана, бир мисол. Шоир яшайдиган уй – дунёнинг чорраҳасидаги уй. Бу уй “дунёнинг қувончини қучиб”, оламнинг ҳасратини ичса-да, шоирнинг нафасидан гоҳ титрайди, гоҳ чўчийди. Лекин шу уй шоирнинг таҳликаларига ҳам гувоҳ.

Суқланди тун бўйи менга
Болорга босилган вассалар.
Боқолмайман тикилиб ахир
Кўзларимни қоплар ғуссалар, –

дейди шоир. У милтиллаб турган чироқдан кўзини олиб қочади. Вужуддаги ҳазин титроқдан “тўрт девор ҳам эзилар зимдан”. У гўё тунга ҳақ гапни айта олмагани учун “оппоқ чойшабни” ғижимлайди ва яна шундай фикрни айтади:

Айтолмасдан тунга ҳақ гапни
Мен тонг оттиришдан қўрқаман…

Ҳақиқат олдидаги қўрқув чин шоирни сўнгги нафасгача таъқиб этади. Аммо у ҳар бир шеърида қўрқувни енгади. Шеър – имконсизликда яралган имкондир. Садосиз сўзларнинг ўктам садосига айланмаган қофияли сатрлар тизими шеър эмас. Шеър маъюс кўнгилни нур бўлиб ёритмаса, руҳда бир дард ғивирлаганда “Ёмғир каби ғамгин шивирлаб” хотирага таскин бермаса, илк учрашувдаёқ у билан ора очиқ.

Шеърият тушкунлик водийси эмас. Алишер Навоий “Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни”, деган. Ҳақ гап. Некбинликни шиор қилиб олган шоирлар оломонга қуруқ ақл ўргатишдан нарига ўтолмайдилар. Шоир табиатан ғам чекишга маҳкум. У некбин тушкунлигини бой берса, гап ва чидаб бўлмас овоз “студияси” ходимига ўхшаб қолади. Шеърият, аввало, Руҳдир. Шунинг учун ҳам шоирда соф гўзалликка муҳаббат ва мутлақ ҳақиқатга сиғиниш эътиқоди шаклланган бўлиши шарт. Мутлақ ҳақиқатга ишонч ўткинчи ҳақиқатларга ишончни ҳасдай супуриб ташлайди. Соф гўзаллик эҳтироси шоир қалбини самовий ҳисларга ошно этадики, бунингсиз ҳар қандай ғоявий кенглик чекланганликдир.

Оҳанглар оғушида қолажак менинг умрим,
Гўзаллик товушида қолажак менинг умрим.

Бундан ўзга яна қандай мазмунли умр керак шоирга? Оҳанглар оғуши нақадар туғёнли бўлса, гўзаллик товуши шу қадар умидбахш, суявчандир.

Умрида тўрт қибла яратди,
Тўрт устун кўтарди рўйи жаҳона.
Кимни кулдирди-ю кимни йиғлатди,
Тўрт уфқли кичик майхона.

Шу шеър ҳам аслида гўзаллик моҳиятини очади. Тўртликнинг сарлавҳаси – “тўрт қибла”, “Тўрт устун”, “тўрт уфқли кичик майхона” – буларнинг барчаси, бор-йўғи тўрт сатрли шеър, яъни Умар Хайём яратган рубоийлар. Улуғ шоир “кичик майхона”сининг чор уфқидан ҳам “Эй, инсон, нечоғли тангдилсан, калтабинсан, руҳингни чеклама!” – деган бир садо эшитилиб туради.

Чекланган одам истеъдодли бўлиши мумкин. У таъсирчанлиги, чечанлиги билан эҳтимолки сизни мафтун этар. У сизга дили уммон зотга ўхшаб туюлар. Унинг кўнглига теранроқ кириб боришни хоҳларсиз. Бироқ кутилмаганда у “уммон”нинг қаъри ҳам, қирғоғи ҳам кўриниб қолади. Худди шундай, кутилмаган ҳолатда ундан ҳафсалангиз пир бўлади. Чунки ундай истеъдодларнинг маънавий-руҳий чуқурлиги – саёзликдан ўзга нарсани англатмайди. Алишер Навоийда “Шоҳ агар дарвешваш эса, шаҳдур, Шоҳу дарвеш ишидин огаҳдур”, деган байт бор. Мен шу фикрга таяниб, “Шоир агар дарвешваш эса шоирдур” дегим келади. Ўтмиш асрларда шундай дейиш бефаҳмлик ҳисобланарди. Негаки, дунёга қараб бир этак силкий олмаган шоирнинг шоирлигига шубҳа билан қаралган. Энди-чи? Кўпдан-кўп шоирларда юксак маънодаги дарвешлик етишмайди. Умуман, дарвешлик сийрати шоирга нечоғли зарур ва нималар беришини англашдан “илгарилаб” кетишган.

Узоқ йиллар, кўп узоқ йилар
Алдаб келдим ўзимни-ўзим –
Меники деб, бу қизил гуллар,
Меники деб, ҳар айтган сўзим.
Тўғри, гуллар меники эрур,
Меникидир ҳар айтган сўзим.
Нима қилай, ахир уларни –
Ўзимники бўлмасам ўзим!…

Бу – “ўз ҳолига саргашта-ю ҳайрон” кўнгилнинг ҳукми. Китоб ўқиб, китобий шеърлар ёзиб, бундай ҳолатга етиб бўлмайди. Бунинг учун чини билан мажнунона холислик ва идрок кенглиги зарурдир.
“Ғала-ғовур катта шаҳарда Қизиб кетган йўлдир юрагим…”, дейди шоир. Ана шу юрак йўли шеърхонни тўппа-тўғри қишлоққа томон олиб боради. Оддий ва сокин қишлоқ манзаралари кишини ҳам шодлантиради, ҳам маҳзун қилиб қўяди. “Симёғочга қўнган қуш тумшуғида” “тилладай нурланиб” турган бошоқни кўриб, албатта, кўз қувнайди. Боғ-роғлар кўркига ким ҳам яйраб боқмайди дейсиз? “Сўлим-сўлим майсазор аро” чигирткалар гўё най чалишади.

Офтоб оғушида керганча қулоч,
Попишак овозин қумсайди тутлар.
Ҳовузларга қанот урар қалдирғоч,
Муздай парчаланар мудроқ сукутлар…

Қарангки, манзаралар ўзгаргани сайин юракда безовталик ва кадар кучая бошлайди. Ёз оқшоми. Узун тортилган дор. Шу дордан:
Қушлар каби учиб кетади катта-кичик кўйлаклар…
Дорга сут тўла оғир бир челак ҳам осилади. Бу ҳали тугал манзара эмас:

Раҳми келиб эгилган дорга,
Дор тортилган айришох толга
Чиқиб олар яна тердан ҳўл оғир кўйлаклар…

“Тердан ҳўл” шу оғир кўйлаклар деҳқон қисмати тўғрисида тасаввур берадиган тимсолдир. Бу тердан ҳўл кўйлакларнинг эгалари қачон эркин нафас олишади? Буни ўйлаганда дилда оғирликмас, оғриқ пайдо бўлади.

Мана, “кичик кўйлак” соҳиби бир болакай “кўнгли қабариб” чопиб келаётир. У келиб остонада тўхтади, “қуёши йўқ кундуздай” ўксик юрак билан ичкарига мўлтиллаб қаради. Унда негадир остонадан ичкари кирмоққа журъат йўқ. Ичкарида нима гап?

Ичкарида тунд, беғам –
Катталар қурур суҳбат…

Улар шу қадар тунд ва беғамки, остонада “ўкинчин” тишлаб турган болакайнинг на ҳасратини, на севинчини фаҳмлашади. Нега шундай?

Ишлар битсин, хотин!
Янги қавиган кўрпангда оёқни чўзи-и-б,
Маза қилиб ётаман…

Содда деҳқоннинг ҳар кун айтадиган гапи мана шу. У “Ишлар битсин”, деб тонг оттирган. Турмушда рўшнолик кўрмаган шўрлик хотини ҳам, дами ичида эзилганича “қорайиб кетган капгир”ни қозонда тиқиллатиб, яхши кунлар келишини кутаверган.

Оғир-оғир, жуда ҳам оғир,
Ўз юртингда хўрланиб яшаш,
Руҳинг бўлар доимо сағир,
Умринг бўлса, тилингни чайнаш…

Темур Бобожон отлиғ киши саҳрода деҳқончилик қилади. Айни маҳал. Ғўзалар энди қад ростлаган пайт. Қуюн кўтарилади. У шундай қуюнки, ғўзалар билан қўшиб Темур Бобожоннинг орзуи-ю ширин тушларини ҳам учириб кетади. Қора тўзондай чеҳраси қорайган Темур Бобожон, “Бахтимни олиб қайга қочасан, Ризқимни олиб қайга қочасан, Тўхта”, – деб ҳайқиради. Қуюн тўхтармиди! Хуллас, уч туп ғўза омон қолади…

Бу шеър мажозий мазмунга эга. Қуюн – образ. У турғунлик даврларидаги давлат ва сиёсат, зўравонлик ва диёнатсизлик қуюни эканлигини бугун қайд этиш мумкин. Бу “қуюн” Темур Бобожонга ўхшаш минг-минглаб кишиларнинг бахти, насибаси, инсоний қадр-қимматини қандай домига тортганлиги энди ҳаммага аён-ку!

Яна бир рамзий шеър. Аллакимнинг тобути елкадан-елкага ўтади. Тобут кўтарган оломон сўнгсиз саҳро сари илгарилайди. Осмондан беомон оташ ёғилаётир. Гармсел юзларга “човут” солади. Осмон ҳам, гармсел ҳам қандайдир бедодликка қаршилик кўрасатаётгандай.

Халойиқ юради саҳро сари жим,
Нурли бир чеҳрага қора шол тортиб.

Бундай пайтда жимлик ҳоким бўлиши, табиий. “Нурли бир чеҳрага қора шол” тортилиши ҳам одатий ҳолдай. Ўша нурли чеҳра кимнинг чеҳраси? Шеърда бу тўғрида гап йўқ. Лекин “қора шол” аллақандай қора иш содир бўлганидан далолат беради. Негадир оломон хотиржам:

Дилида на қувонч ва на қайғу ҳоким,
Барини тобутга қўйгандай ортиб!

Қувончу қайғудан маҳрум бу оломон яна нималарни тобутга солган? Нурли бир чеҳрага қўшиб нималарни дафн қилмоқчи у? “Барини”. Бу сўз шеър таркибида мажозий моҳият мавжудлигини ҳам таъкидлайди. Шундан эътиборан “нурли чеҳра” бошқача маъно касб этади. Бу дунёда оломон қандай жиноятларга бош қўшмаган. Даъват қилинса, эрк учун ўлган билан бирга эркни кўмишга ҳам у тайёр турган.

Ушбу шеърда тарихий дард қалқиб ётгандай. У мозий манзараларини гавдалантиради. Аммо ҳамма ўқувчининг тасаввурига ҳам бир хилда таъсир ўтказмайди.

Томоғимга тиқилди ҳасрат,
Кўзларимда чақнади умид,
Армон билан курашдим ҳар вақт –
Салом сенга – юз ўгирган бахт!

Юз ўгирган бахтга пешвоз чиққан бу шоир Тилак Жўра. Шу тўртликда Тилак Жўра шеърларининг мундарижасини белгилайдиган бош сўзлар ёзилган. Булар: ҲАСРАТ, УМИД, АРМОН, КУРАШ, БАХТ. Тилак – деҳқон шоир. У ҳасрат ва умиднинг деҳқони. Унинг томирларида заҳматкаш деҳқон қони оқади. У чин фарзандлик меҳри билан деҳқон дарду армонларини шеърга кўчиради. Тилак табиат ошиғи. Қишлоқ табиатига хос манзараларни у жуда руҳланиб, ранг ва оҳанглари билан тасвирлай олади. Мен унинг тиниқ ва маъюс ҳаяжон билан битилган шеърларини яхши кўраман. Тилакда “Тутдек тўкилди юрагим”, деган сатр бор. Унинг дилидаги ғаму шодликлар шеърга тутдай тўкилади. Шоирнинг Эрк ишқидан туғилган сўзларига ушбу қиёс янада мос келади. Тилак Жўра дунёни образли мушоҳада қилгани учун фикрни асосан образ тилида акс эттиради. Унинг ютуғи мана шунда. Ўзбек шеърияти ҳар қачонгидан ҳам бугун образли тасвирларга жуда муҳтож. Шу ўринда бунинг бир сабабини айтиш керакка ўхшайди.

Турғунлик деган тушунча, нисбий тушунча. Нима бўлганда ҳам, шеъриятимизнинг турғунлик замонларидан нолишга унча ҳақи йўқ. Масалан, Абдулла Ориповни олайлик. Энг зўр шеърлари қачон яратилган? Рауф Парфининг шеъриятидаги кўтарилиш-чи? Ўша даврларда! Худди ўша турғунлик пайтларида ўнлаб истеъдодли шоирларимиз шеъриятни образли тафаккур сифатида илгарига ҳаракатлантиришган.

Қайта қуриш сўз эркинлигини берди. Ошкоралик шарофати туфайли ҳар қандай фикрни айтишга йўл очилди. Хўш, қайта қуриш даври шеъриятимизнинг умумий аҳволи қандай? Айрим шоирларнинг тажрибаларини истисно қилганда, шеър қофияли публицистикага айланиб қолди. Юзлаб шеърларни кўздан кечиринг, бирорта шоҳ байт, оригинал ташбиҳ, гўзал образ топмайсиз. Руҳий манзараларни айтмай қўя қолайлик. Газета ва журналларда анча муддат беш-ўнта йирик масала ҳар хил сўз ва ифодаларда қайта-қайта чайналди. Фақат назм эмас, насрнинг ҳозирги ғоявий йўналиши ҳам адабиёт тараққиёти учун улкан самаралар бермайди. Яқин ўртада мавзунинг “муҳим”лигига қараб бадиий қуввати заиф дард ва маҳоратдан маҳрум ўткинчи асарларни мақташ яна қоидага айланадики, бу турғунлик замонидаги хатоларнинг янгидан такрорланишидир. Биз фолбинлик қилаётганимиз йўқ. Бу фикр матбуотни изчил кузатаётган зукко ўқувчининг кўнглидан аллақачон ўтган бўлиши керак.

Мени қувонтирган нарса шуки, Тилак Жўранинг “Сандувоч” тўпламидаги аксарият шеърлар тавсиф, баёнчилик, тантанаворликдан йироқ. Бундай шоирлар одатда ўз қалбига яшириниш, ўз хаёл ва ҳиссиётларидан ҳузурланишни ёқтиришади. Улар “Бу ёруғ дунёда Аламлар бекинар, Армонлар бекинар, Дармонлар бекинар”, аммо Юрак бекинмаслиги керак, деб билишади. Чунки Юрак – Ватан. Ватанда яшириниш мумкин. Бироқ Ватанни яшириб бўлмайди. Шоир бир шеърида ёзади:

Юрагини тинглар эди устоз Миртемир:
“Менинг ўзбаки юрагим!”.

Тилак Жўра ҳам устоз Миртемир изидан борган, ўзбаки юрагини тингган шоир. Унинг шеърларига Юрак овози самимият бағишлаб туради.

Манба: Ўзбекистон адабиёти ва санъати,  1989 йил, 29 декабрь.

    Tilak Jo’ra ham ustoz Mirtemir izidan borgan, o’zbaki yuragini tinggan shoir. Uning she’rlariga Yurak ovozi samimiyat bag’ishlab turadi.

HAQIQATGA SIG’INISH
Ibrohim Haqqul
filologiya fanlari doktori

055

Haqiqat qarshisida shoir doimo o’zini kuchsiz sezadi. Mana, bir misol. Shoir yashaydigan uy – dunyoning chorrahasidagi uy. Bu uy “dunyoning quvonchini quchib”, olamning hasratini ichsa-da, shoirning nafasidan goh titraydi, goh cho’chiydi. Lekin shu uy shoirning tahlikalariga ham guvoh.

Suqlandi tun bo’yi menga
Bolorga bosilgan vassalar.
Boqolmayman tikilib axir
Ko’zlarimni qoplar g’ussalar, –

deydi shoir. U miltillab turgan chiroqdan ko’zini olib qochadi. Vujuddagi hazin titroqdan “to’rt devor ham ezilar zimdan”. U go’yo tunga haq gapni ayta olmagani uchun “oppoq choyshabni” g’ijimlaydi va yana shunday fikrni aytadi:

Aytolmasdan tunga haq gapni
Men tong ottirishdan qo’rqaman…

Haqiqat oldidagi qo’rquv chin shoirni so’nggi nafasgacha ta’qib etadi. Ammo u har bir she’rida qo’rquvni yengadi. She’r – imkonsizlikda yaralgan imkondir. Sadosiz so’zlarning o’ktam sadosiga aylanmagan qofiyali satrlar tizimi she’r emas. She’r ma’yus ko’ngilni nur bo’lib yoritmasa, ruhda bir dard g’ivirlaganda “Yomg’ir kabi g’amgin shivirlab” xotiraga taskin bermasa, ilk uchrashuvdayoq u bilan ora ochiq.

She’riyat tushkunlik vodiysi emas. Alisher Navoiy “Junun vodiysig’a moyil ko’rarmen joni zorimni”, degan. Haq gap. Nekbinlikni shior qilib olgan shoirlar olomonga quruq aql o’rgatishdan nariga o’tolmaydilar. Shoir tabiatan g’am chekishga mahkum. U nekbin tushkunligini boy bersa, gap va chidab bo’lmas ovoz “studiyasi” xodimiga o’xshab qoladi. She’riyat, avvalo, Ruhdir. Shuning uchun ham shoirda sof go’zallikka muhabbat va mutlaq haqiqatga sig’inish e’tiqodi shakllangan bo’lishi shart. Mutlaq haqiqatga ishonch o’tkinchi haqiqatlarga ishonchni hasday supurib tashlaydi. Sof go’zallik ehtirosi shoir qalbini samoviy hislarga oshno etadiki, buningsiz har qanday g’oyaviy kenglik cheklanganlikdir.

Ohanglar og’ushida qolajak mening umrim,
Go’zallik tovushida qolajak mening umrim.

Bundan o’zga yana qanday mazmunli umr kerak shoirga? Ohanglar og’ushi naqadar tug’yonli bo’lsa, go’zallik tovushi shu qadar umidbaxsh, suyavchandir.

Umrida to’rt qibla yaratdi,
To’rt ustun ko’tardi ro’yi jahona.
Kimni kuldirdi-yu kimni yig’latdi,
To’rt ufqli kichik mayxona.

Shu she’r ham aslida go’zallik mohiyatini ochadi. To’rtlikning sarlavhasi – “to’rt qibla”, “To’rt ustun”, “to’rt ufqli kichik mayxona” – bularning barchasi, bor-yo’g’i to’rt satrli she’r, ya’ni Umar Xayyom yaratgan ruboiylar. Ulug’ shoir “kichik mayxona”sining chor ufqidan ham “Ey, inson, nechog’li tangdilsan, kaltabinsan, ruhingni cheklama!” – degan bir sado eshitilib turadi.

021

Cheklangan odam iste’dodli bo’lishi mumkin. U ta’sirchanligi, chechanligi bilan ehtimolki sizni maftun etar. U sizga dili ummon zotga o’xshab tuyular. Uning ko’ngliga teranroq kirib borishni xohlarsiz. Biroq kutilmaganda u “ummon”ning qa’ri ham, qirg’og’i ham ko’rinib qoladi. Xuddi shunday, kutilmagan holatda undan hafsalangiz pir bo’ladi. Chunki unday iste’dodlarning ma’naviy-ruhiy chuqurligi – sayozlikdan o’zga narsani anglatmaydi. Alisher Navoiyda “Shoh agar darveshvash esa, shahdur, Shohu darvesh ishidin ogahdur”, degan bayt bor. Men shu fikrga tayanib, “Shoir agar darveshvash esa shoirdur” degim keladi. O’tmish asrlarda shunday deyish befahmlik hisoblanardi. Negaki, dunyoga qarab bir etak silkiy olmagan shoirning shoirligiga shubha bilan qaralgan. Endi-chi? Ko’pdan-ko’p shoirlarda yuksak ma’nodagi darveshlik yetishmaydi. Umuman, darveshlik siyrati shoirga nechog’li zarur va nimalar berishini anglashdan “ilgarilab” ketishgan.

Uzoq yillar, ko’p uzoq yilar
Aldab keldim o’zimni-o’zim –
Meniki deb, bu qizil gullar,
Meniki deb, har aytgan so’zim.
To’g’ri, gullar meniki erur,
Menikidir har aytgan so’zim.
Nima qilay, axir ularni –
O’zimniki bo’lmasam o’zim!…

Bu – “o’z holiga sargashta-yu hayron” ko’ngilning hukmi. Kitob o’qib, kitobiy she’rlar yozib, bunday holatga yetib bo’lmaydi. Buning uchun chini bilan majnunona xolislik va idrok kengligi zarurdir.
“G’ala-g’ovur katta shaharda Qizib ketgan yo’ldir yuragim…”, deydi shoir. Ana shu yurak yo’li she’rxonni to’ppa-to’g’ri qishloqqa tomon olib boradi. Oddiy va sokin qishloq manzaralari kishini ham shodlantiradi, ham mahzun qilib qo’yadi. “Simyog’ochga qo’ngan qush tumshug’ida” “tilladay nurlanib” turgan boshoqni ko’rib, albatta, ko’z quvnaydi. Bog’-rog’lar ko’rkiga kim ham yayrab boqmaydi deysiz? “So’lim-so’lim maysazor aro” chigirtkalar go’yo nay chalishadi.

Oftob og’ushida kergancha quloch,
Popishak ovozin qumsaydi tutlar.
Hovuzlarga qanot urar qaldirg’och,
Muzday parchalanar mudroq sukutlar…

Qarangki, manzaralar o’zgargani sayin yurakda bezovtalik va kadar kuchaya boshlaydi. Yoz oqshomi. Uzun tortilgan dor. Shu dordan:
Qushlar kabi uchib ketadi katta-kichik ko’ylaklar…
Dorga sut to’la og’ir bir chelak ham osiladi. Bu hali tugal manzara emas:

Rahmi kelib egilgan dorga,
Dor tortilgan ayrishox tolga
Chiqib olar yana terdan ho’l og’ir ko’ylaklar…

“Terdan ho’l” shu og’ir ko’ylaklar dehqon qismati to’g’risida tasavvur beradigan timsoldir. Bu terdan ho’l ko’ylaklarning egalari qachon erkin nafas olishadi? Buni o’ylaganda dilda og’irlikmas, og’riq paydo bo’ladi.

Mana, “kichik ko’ylak” sohibi bir bolakay “ko’ngli qabarib” chopib kelayotir. U kelib ostonada to’xtadi, “quyoshi yo’q kunduzday” o’ksik yurak bilan ichkariga mo’ltillab qaradi. Unda negadir ostonadan ichkari kirmoqqa jur’at yo’q. Ichkarida nima gap?

Ichkarida tund, beg’am –
Kattalar qurur suhbat…

Ular shu qadar tund va beg’amki, ostonada “o’kinchin” tishlab turgan bolakayning na hasratini, na sevinchini fahmlashadi. Nega shunday?

Ishlar bitsin, xotin!
Yangi qavigan ko’rpangda oyoqni cho’zi-i-b,
Maza qilib yotaman…

Sodda dehqonning har kun aytadigan gapi mana shu. U “Ishlar bitsin”, deb tong ottirgan. Turmushda ro’shnolik ko’rmagan sho’rlik xotini ham, dami ichida ezilganicha “qorayib ketgan kapgir”ni qozonda tiqillatib, yaxshi kunlar kelishini kutavergan.

Og’ir-og’ir, juda ham og’ir,
O’z yurtingda xo’rlanib yashash,
Ruhing bo’lar doimo sag’ir,
Umring bo’lsa, tilingni chaynash…

Temur Bobojon otlig’ kishi sahroda dehqonchilik qiladi. Ayni mahal. G’o’zalar endi qad rostlagan payt. Quyun ko’tariladi. U shunday quyunki, g’o’zalar bilan qo’shib Temur Bobojonning orzui-yu shirin tushlarini ham uchirib ketadi. Qora to’zonday chehrasi qoraygan Temur Bobojon, “Baxtimni olib qayga qochasan, Rizqimni olib qayga qochasan, To’xta”, – deb hayqiradi. Quyun to’xtarmidi! Xullas, uch tup g’o’za omon qoladi…

Bu she’r majoziy mazmunga ega. Quyun – obraz. U turg’unlik davrlaridagi davlat va siyosat, zo’ravonlik va diyonatsizlik quyuni ekanligini bugun qayd etish mumkin. Bu “quyun” Temur Bobojonga o’xshash ming-minglab kishilarning baxti, nasibasi, insoniy qadr-qimmatini qanday domiga tortganligi endi hammaga ayon-ku!

Yana bir ramziy she’r. Allakimning tobuti yelkadan-yelkaga o’tadi. Tobut ko’targan olomon so’ngsiz sahro sari ilgarilaydi. Osmondan beomon otash yog’ilayotir. Garmsel yuzlarga “chovut” soladi. Osmon ham, garmsel ham qandaydir bedodlikka qarshilik ko’rasatayotganday.

Xaloyiq yuradi sahro sari jim,
Nurli bir chehraga qora shol tortib.

Bunday paytda jimlik hokim bo’lishi, tabiiy. “Nurli bir chehraga qora shol” tortilishi ham odatiy holday. O’sha nurli chehra kimning chehrasi? She’rda bu to’g’rida gap yo’q. Lekin “qora shol” allaqanday qora ish sodir bo’lganidan dalolat beradi. Negadir olomon xotirjam:

Dilida na quvonch va na qayg’u hokim,
Barini tobutga qo’yganday ortib!

Quvonchu qayg’udan mahrum bu olomon yana nimalarni tobutga solgan? Nurli bir chehraga qo’shib nimalarni dafn qilmoqchi u? “Barini”. Bu so’z she’r tarkibida majoziy mohiyat mavjudligini ham ta’kidlaydi. Shundan e’tiboran “nurli chehra” boshqacha ma’no kasb etadi. Bu dunyoda olomon qanday jinoyatlarga bosh qo’shmagan. Da’vat qilinsa, erk uchun o’lgan bilan birga erkni ko’mishga ham u tayyor turgan.

Ushbu she’rda tarixiy dard qalqib yotganday. U moziy manzaralarini gavdalantiradi. Ammo hamma o’quvchining tasavvuriga ham bir xilda ta’sir o’tkazmaydi.

Tomog’imga tiqildi hasrat,
Ko’zlarimda chaqnadi umid,
Armon bilan kurashdim har vaqt –
Salom senga – yuz o’girgan baxt!

Yuz o’girgan baxtga peshvoz chiqqan bu shoir Tilak Jo’ra. Shu to’rtlikda Tilak Jo’ra she’rlarining mundarijasini belgilaydigan bosh so’zlar yozilgan. Bular: HASRAT, UMID, ARMON, KURASH, BAXT. Tilak – dehqon shoir. U hasrat va umidning dehqoni. Uning tomirlarida zahmatkash dehqon qoni oqadi. U chin farzandlik mehri bilan dehqon dardu armonlarini she’rga ko’chiradi. Tilak tabiat oshig’i. Qishloq tabiatiga xos manzaralarni u juda ruhlanib, rang va ohanglari bilan tasvirlay oladi. Men uning tiniq va ma’yus hayajon bilan bitilgan she’rlarini yaxshi ko’raman. Tilakda “Tutdek to’kildi yuragim”, degan satr bor. Uning dilidagi g’amu shodliklar she’rga tutday to’kiladi. Shoirning Erk ishqidan tug’ilgan so’zlariga ushbu qiyos yanada mos keladi. Tilak Jo’ra dunyoni obrazli mushohada qilgani uchun fikrni asosan obraz tilida aks ettiradi. Uning yutug’i mana shunda. O’zbek she’riyati har qachongidan ham bugun obrazli tasvirlarga juda muhtoj. Shu o’rinda buning bir sababini aytish kerakka o’xshaydi.

Turg’unlik degan tushuncha, nisbiy tushuncha. Nima bo’lganda ham, she’riyatimizning turg’unlik zamonlaridan nolishga uncha haqi yo’q. Masalan, Abdulla Oripovni olaylik. Eng zo’r she’rlari qachon yaratilgan? Rauf Parfining she’riyatidagi ko’tarilish-chi? O’sha davrlarda! Xuddi o’sha turg’unlik paytlarida o’nlab iste’dodli shoirlarimiz she’riyatni obrazli tafakkur sifatida ilgariga harakatlantirishgan.

Qayta qurish so’z erkinligini berdi. Oshkoralik sharofati tufayli har qanday fikrni aytishga yo’l ochildi. Xo’sh, qayta qurish davri she’riyatimizning umumiy ahvoli qanday? Ayrim shoirlarning tajribalarini istisno qilganda, she’r qofiyali publitsistikaga aylanib qoldi. Yuzlab she’rlarni ko’zdan kechiring, birorta shoh bayt, original tashbih, go’zal obraz topmaysiz. Ruhiy manzaralarni aytmay qo’ya qolaylik. Gazeta va jurnallarda ancha muddat besh-o’nta yirik masala har xil so’z va ifodalarda qayta-qayta chaynaldi. Faqat nazm emas, nasrning hozirgi g’oyaviy yo’nalishi ham adabiyot taraqqiyoti uchun ulkan samaralar bermaydi. Yaqin o’rtada mavzuning “muhim”ligiga qarab badiiy quvvati zaif dard va mahoratdan mahrum o’tkinchi asarlarni maqtash yana qoidaga aylanadiki, bu turg’unlik zamonidagi xatolarning yangidan takrorlanishidir. Biz folbinlik qilayotganimiz yo’q. Bu fikr matbuotni izchil kuzatayotgan zukko o’quvchining ko’nglidan allaqachon o’tgan bo’lishi kerak.

Meni quvontirgan narsa shuki, Tilak Jo’raning “Sanduvoch” to’plamidagi aksariyat she’rlar tavsif, bayonchilik, tantanavorlikdan yiroq. Bunday shoirlar odatda o’z qalbiga yashirinish, o’z xayol va hissiyotlaridan huzurlanishni yoqtirishadi. Ular “Bu yorug’ dunyoda Alamlar bekinar, Armonlar bekinar, Darmonlar bekinar”, ammo Yurak bekinmasligi kerak, deb bilishadi. Chunki Yurak – Vatan. Vatanda yashirinish mumkin. Biroq Vatanni yashirib bo’lmaydi. Shoir bir she’rida yozadi:

Yuragini tinglar edi ustoz Mirtemir:
“Mening o’zbaki yuragim!”.

Tilak Jo’ra ham ustoz Mirtemir izidan borgan, o’zbaki yuragini tinggan shoir. Uning she’rlariga Yurak ovozi samimiyat bag’ishlab turadi.

Manba: O’zbekiston adabiyoti va san’ati, 1989 yil, 29 dekabr`.

022

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 1)

Izoh qoldiring