Ibrohim Haqqul. Maishatman kayfu safo bir yoqda…

033
Дарҳақиқат, биз мозийга юзланганимизда, энг аввало, инсон ҳаётига, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволи бир-бирига ўхшамайдиган, баъзан эса ниҳоятда кескин фарклангувчи шарт-шароитларда умр ўтказган инсонлар қисматига қизиқамиз. Ана шу қизиқиш қанча кучайса, мушоҳада ўлароқ қанча чуқурлашса, фақат биз тарихни эмас, балки тарих ҳам бизни ўшанча яхши тушунади. Тарихни билиш – бу энг муҳим ва энг асосий тарихий воқеа-ҳодисларни шакллантирган ва юзага чиқарган сабабларни билиш демак. Бунинг учун эса хар бир халқ ва миллат ўзининг реалистик тарихига соҳиб бўлмоғи лозим.

01
Иброҳим Ҳаққул
«МАИШАТМАН КАЙФУ САФО БИР ЁҚДА…»

I

077   Атоқли тарихчи олимлардан бири «Тарих мавзуи табиий фанларнинг мавзуларига ўхшаб ўтлар, дарахтлар, тошлар эмасдир: унинг мавзуси жонли ва хилма-хил кайфият, майл, ҳис-туйғуларга молик инсон жамоасидир…» – дейди.

Дарҳақиқат, биз мозийга юзланганимизда, энг аввало, инсон ҳаётига, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволи бир-бирига ўхшамайдиган, баъзан эса ниҳоятда кескин фарклангувчи шарт-шароитларда умр ўтказган инсонлар қисматига қизиқамиз. Ана шу қизиқиш қанча кучайса, мушоҳада ўлароқ қанча чуқурлашса, фақат биз тарихни эмас, балки тарих ҳам бизни ўшанча яхши тушунади. Тарихни билиш – бу энг муҳим ва энг асосий тарихий воқеа-ҳодисларни шакллантирган ва юзага чиқарган сабабларни билиш демак. Бунинг учун эса хар бир халқ ва миллат ўзининг реалистик тарихига соҳиб бўлмоғи лозим.

XX асргача бизда юрт, халқ ва давлат ҳаётидан баҳс юритувчи бундай тарих ёзилмаган. Подшоҳ ва алоҳида ҳукмдорларга бағишлаб битилган тарихий асарларнинг аксарияти мадҳ, воқеа ҳамда ривоят тўқиш усулига асосланганлиги боис оддий меҳнаткашларнинг ҳаёти, қувончу қайғуси, дарду кулфатларини тўғри, ҳаққоний гавдалантириб беролмайди.
Холбуки, элу дин ҳомийси, адолат, инсоф, саховат ва инсонпарварлик тимсоли даражасига кўтарилган ўша «олампаноҳ»ларнинг деярли барчаси мазлумни алдаш, қашшоқлик домида сақлаш, қуллик ва мутелик кўникмасини чуқурлаштиришни ўйлаганлар. Замонлар шундай кечган, насллар шундай яшаб ўтган. Атоқли бахши бобомиз Эргаш Жуманбулбул ушбу аччиқ ҳақиқатни аниқ ва тиниқ тарзда ифодалаб, деган эди:

Бу чоққача қанча замонлар ўтди,
Қанча подшо, амир ҳам хонлар ўтди.
Йўқ-юқа, камбағал билан иши йўқ,
Элни вайрон қилиб ҳоқонлар ўтди.
Оқ ит билан қора ит – бари бир ит,
Ўз кайфини суриб султонлар ўтди.

Бундай замонларда, албатта, ҳар қишлоқда, ҳар шаҳарда ўлик сукунат – руҳсизлик, умидсизлик ҳокимлик қилади. Бахши айтмоқчи: Оч-ориқдан хабар олмас бир киши, Бир эр чиқиб, айтолмайди: – «Бу нима?»

II

Абдулҳамид Чўлпонда «Ҳайвон қаторида саналган менман», деган сатр бор. Бу – инсоний қадр-қиймати ва ҳақ-ҳуқуқи буткул поймол этилган мазлумлар номидан айтилган бир гап. Айни пайтда, тарихий ҳақиқат ҳам. Одамни ҳайвонга яқинлаштириш ёки ҳайвон қаторига қўшишнинг йўл ва усуллари жуда кўп. Лекин асосийси – зулм ва қўрқув. Золим ҳукмдорлар вақти келиб ўрин алмашаверган. Бир амалдор ўрнини бошқа бириси эгаллаган, аммо омма кўнглини қўрқув ва таҳликага чулғаш ишларида сустликка асло имкон берилмаган.
Масалага кенгроқ миқёсда қараладиган бўлса, одам бўлиб туғилиб, ҳуқуқсизлик, зулм ва зўравонлик, қашшоқлигу чорасизлик дастидан одамдай яшаб билмаслик башарият учун умумий фожиа, азалий қисмат эканига ҳеч иштибоҳ қолмайди. Одамлар билан одамлар, миллатлар билан миллатлар орасидаги кўп ихтилоф, тўқнашув ва қонли олишувлар худди шундай пайдо бўлган. Бироқ ширин ва осуда ҳаёт кечириш орзуси, ижтимоий-иқтисодий хору зорлик ва қашшоқлик кишанларидан қутулиб, бахтли, хотиржам яшаш идеали оддий халқ қалбини ҳеч қачон тарк этмаган. Бунинг турли-туман шаклдаги ифодаси ўлароқ, афсона-ю ривоятлар тўқилган, не-не достон ва эртаклар яратилган.

Классик мифологияда «олтин аср» деб аталган тушунча бўлган. Ушбу аср – одамлар меҳнат-машаққат, ранжу азоб, зулм ва бедодликдан бутунлай узоқ, ниҳоятда осойишта, ҳамма нарса тўкин-сочин саодат асри сифатида таърифланган. Яшаган даври жуда узоқ тарихга томон узайиб борадиган халқ – шумерлардан олтин аср ҳақидаги дастлабки бир миф матни сакланиб қолган экан. Унда айтилишича:

«Ўтган қадим замонларда илонлар йўқ эди, чаёнлар йўқ эди.
Сиртлонлар йўқ эди, йўлбарслар йўқ эди.
Кучуклар ва тулкилар йўқ эди.
Кўрқув ва ваҳима йўқ эди».

Инсон қавми қўрқув билмай, таҳлика ва ваҳимага берилмай кун кечирган давр ё замонлар бўлганми? Тасаввур қилиш қийин. Юқорида келтирилган парчадаги «йўқ эди, йўқ эди», деган таъкидлар одам қиёфасидаги илону чаёнлар, тулки-ю сиртлонлар кўпайиб кетгани ва улардан қочиш, охир-оқибатда эса йиртқичликдан, бераҳмликдан қутулиш буюк орзуга айланганини акс эттиради.

III

Тарихга назар ташлаш – юракка игна санчишдай бир нарса дейишади. Агар кўзни каттароқ очиб, халқимиз ўтмишига қаралса, юракка найза санчилади. Чунки ғам, алам, кулфат ва тенгсизлик шу қадар кўп. Шу қадар чўнгдир. Буни билган билади. Билмаган эса Эргаш Жуманбулбул англаб айтган мана бу сўзларни «Ҳа, энди бу ҳам бир гап-да», дейишдан нарига ўтолмайди:

Маишатман кайфу сафо бир ёқда,
Ҳеч сони йўқ мунгликларнинг азасин,
Базму ишрат, созу наво бир ёқда…

Бу манзара – мозийнинг бирмас, неча бир асрлик моҳиятини очувчи ва равшан кўрсатувчи шафқатсиз манзара. «Ҳеч сони йўқ мунгликларнинг азасин», деган «хабар» одамнинг кўнглини тилка-пора қилади. «Бахт, давлат золим бойлар қўлида» бўлгандан кейин камбағални улар одам билиб, одам сонига қўшармиди?

Йўқ-юқани дим қўшмайди ҳисобга,
Биттаси айтмас: «Гадойлар яшасин».

IV

Яшириш ёки хаспўшлашга ҳожат йўқ: лекин собиқ шўро давлати ҳақида адабиётимизда жуда кўп асарлар яратилган. Уларнинг кўпчилиги чин дилдан, меҳр ва миннатдорлик туйғулари ила битилган. Мустақилликдан сўнг бу асарларнинг умри тугади. Лекин тирик одам «қалови»ни топар экан. Баъзи ижодкорлар Ленин, партия, шўро каби сўз, ном ва тушунчаларни ўзгартириб, эътиқод, садоқат, озодлик ва кураш ифодаси бўлмиш ўша нарсаларини нашр эттирдилар. Буни янги бир ижодий тажриба деб бўлмайди, албатта. Чунки бир пайтлар Сталиннинг сиёсий фаолияти ва шахсига сиғиниш қоралангандан кейин ҳам худди шундай қилинган. Ўша «таҳрир» ва ўзгаришлар қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлган, ижодкорлик бурчи, масъулияти ва виждонига нечоғли мувофиқ ёки номувофиқ келган – бу бошқа масала. Аммо айрим асарлар борки, уларда пролетар доҳийлар образига ҳам, сиёсий ғоя ва ҳақиқатларга хам бир восита ўлароқ таянилган. Агар улардаги ном, баъзи сўз ва парчалардан кечилса, яшашда бемалол давом этавериши мумкин. Менимча, Эргаш Жуманбулбулнинг «Ўртоқ Ленин» достони шунақа ижод намуналаридандир. Мана бу мисраларга дикқат қилинг:

Кўп ўқиди Ленин, кўп мулло бўлди,
Муллолар ичида кўп аъло бўлди.
Илмдан кўп нафлар топиб ёронлар,
Гўёки бир булбулигўё бўлди.

Ленин қаёнда-ю муллолик қаёнда? Шарқ шоирлари ва бахшиларининг онгида давлат тепасига чиққан киши, энг аввало, илмни чуқур эгаллаши керак ва давлатни илм-маърифат билан билан бошқариш зарур, деган қараш ўспиринлигидаёқ томир ёзган. Балки шу боисдан ҳам мазмунан Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги мисраларга ўхшаб кетадиган куйидаги сўзлар Ленинни эмас, Фарҳод типидаги бир подшоҳни эслатмайдими?

Кўп ўқиди дўстлар, илмни топди,
Илмдан беадад билимни топди.
Илмдан илм ҳосил қилиб ёронлар,
Неча илмсизнинг обрўйин ёпди.

Ҳамма илмни билди, илм қолмади,
Бу одам билмаган илм бўлмади.
Ёшлигидан олим бўлиб ҳаммага,
Дунёни бирорта кўзга илмади.

Комил бўлиб, элга кўп аралашди,
Иш ўргатиб нечага ёрлашди.
Оч-ориқнинг ҳолин кўриб, раҳм этиб
Камбағалга, муҳтожга ҳамдамлашди.

Эргаш Жуманбулбул яқин бориб Ленинни кўрмаган. Унинг бирор асарини қўлига олиб ўқимаган. Аммо «доҳий» ҳақида тўқилган мақтовларни эшитиб, халқ турмушида қандайдир ўзгариш, янгиланиш бўлишига умид боғласа-да, «йўқлик кўкатин кесган» оч-ориқ, камбағал, муҳтож ва хўрланган элининг аҳволини бўяб-бежамасдан талқин қилади:

Ким йўқ бўлса унда ҳузур қолмади,
Камбағалга ҳем ким ҳомий бўлмади,
Иззат, ҳурмат, обрў – бари пулдорга,
Йўқларни ҳеч кимса кўзга илмади.

Достонда шундай мисра ва байтлар мавжудки, уларнинг ҳар бирини алоҳида мушоҳада қилиб, хулосага келиш керак. Масалан, бир ўринда бераҳм юлғич бойлар «юртнинг шайтони бўлди» – дея таъкидланади.
Ёки:

Камбағалнинг тани бойларнинг иши,
Лекин уни одам демас бой киши.

Кўзини ёғ босган ва бойлик қутуртирган айрим сармоядорлар камбағални ҳозир ҳам одам демайди. Бозори тугул, мозорига ҳам камбағалнинг қадами етмаслигини истайди.
Ҳалол молин кўпайтирган бой қани?! Бугунги қайси ва қанча бой бу саволга аниқ ва мардона жавоб бера олади? Айтиш ноқулай.

V

XX асрнинг ёвуз ва энг қонхўр ҳукмдорларидан бири бундай деган экан: «Омма – ҳирсига мағлуб ҳайвонга ўхшайди. У фикрламайди ва муҳокама ҳам юритолмайди… Омманинг дунёни идрок этиши ибтидоий бўлиши мумкин, аммо барча табиий майллар сингари у мустаҳкам ва изчилдир. Оммавий тафаккур ва идрок схемаси жуда оддий. Ана шу схемага нима мувофиқ келмаса, оломонда норозилик уйғотади…».

Оч-наҳор, юпун ва саводсиз халойиқни йўлдан оздириш, ерда «жаннат» яратиш ваъдаси ила эргаштириш унча қийин эмас. Бунда ҳамма нарсадан аввал қорин-қурсоқ муаммосини ҳал қилишга уринмоқ керак. «Оммавий тафаккур ва идрок схемаси»нинг таянч нуқтаси ана шу. Акс ҳолда, ҳар қандай сиёсий зафар, мафкуравий таъсир ва тушунча ёки кўникма барбод бўлиши муқаррар. Ленинг буни деярли бехато англаган. Ва йўқсил ишчи-деҳқон ҳокимияти номи билан босқинлик ҳамда қулликнинг мисли кўрилмаган тизимини жорий қилган.
«Бойнинг ҳушин бошдан олгандир Ленин», – дейди Жуманбулбул. Бу тўғри гап. Маҳаллий бой ва амалдорлар ўз миллатдошларини қандай эзиб талаган бўлса, шўро давлати ундан минг чандон ортиқ зўравонлик ва бераҳмлик билан бой-бадавлатларнинг молу жонига қирон солган. Боз устига, юрт вайрон этилиб, қондош, жондош эл фарзандлари орасида ғанимлик ва адоват оловини алангалатган. Бунга ким айбдор? Биринчи галда, халқнинг чин овозини эшитишни билмаган, ижтимоий-иқтисодий аҳволни ҳаққоний баҳолашдан йироқ олий мартабали зотлар, албатта. Шулар хушомад, маишат ва кайфу сафо ботқоғига ботмаганида, бой ва бойваччаларнинг таҳқиру зўравонликларига авом чурқ қилмай чидаб юраверармиди?

Ҳар қаерда камбағалнинг куни йўқ,
Рост гапирса, айтар: «Битта чини йўқ».
Ана шундай хўрлаган бой йўқларни,
На сурат бор, на ҳиммат бор, сини йўқ.

Ҳақиқат ва адолатдан умид узган халқ тирик нафас олиб юришдан бошқа ҳамма нарсадан умидини узади. Шунинг учун бахши бобомизнинг «хазон бўлиб, жамоли сўлган» минг-минглаб одамлар ҳолини акс эттирувчи «Вой демоққа келмас мажоли», деган гапини муболағага йўймаслик керак, деб ўйлайман.
Тарих фақат зулм ва зулмат, хўрлик ва кулфатдан иборат эмас. Унинг ўзига хос нурли, ибратли, фахр ва ифтихорга молик томонлари ҳам бисёр. Лекин Ватан осмонида Мустақиллик байроғи хилпирагунча халқимиз чеккан азоб-уқубатлар, ҳақсизлик ва мусибатлар бирма-бир саналса, тошлар эриб, тоғлар фарёд айлаши ҳеч гап эмасдир. Ана шуни унутмаслик зарур.

Манба: “Ҳаёт”,2007 йил октябрь

02

(Tashriflar: umumiy 43, bugungi 1)

Izoh qoldiring