Ibrohim Haqqul. Ogahiyning shaxsiyati va she’riyati xususida & Ogahiy. Devon

045  Илм-фан, санъат ва адабиётнинг қадим масканларидан бўлган Хоразмнинг улуғ шоиру олимларидан гап кетганда серқирра истеъдод соҳиби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг муборак номи, албатта, тилга олиниб, шеърият, таржима, тарихнавислик жабҳасидаги фаолияти фахр билан эътироф этилади.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ОГАҲИЙНИНГ ШАХСИЯТИ ВА
ШЕЪРИЯТИ ХУСУСИДА

02

08Китобий ва такрорий фикр-мулоҳазаларни қалаштирмай, гапнинг индаллосини айтганда, шеъриятда ҳам, наср ва драматургияда ҳам ўзига хос тафаккур ва руҳоний шижоатга соҳиб Шахс пайдо бўлмаса, умуман бадиий ижодда на янгилик, на эътирофга лойиқ янгиланиш бўлади. Халқ ва адабиёт манфаати учун бирдай аҳамиятга молик ниҳоятда долзарб ушбу масалага ўзбек адабиётшунослигида ҳанузгача жиддий эътибор қаратилганмас. Бунинг ўзига яраша сабаб ва қийинчиликлари ҳам мавжуддир. Биринчиси, адабиётга равнақ бағишлаб, шу йўл билан миллат дунёқараши ва маънавий ҳаётига таъсир ўтказишга қодир чинакам истеъдодларнинг жуда камлиги, иккинчиси, анъанавий ғоя, образ, тасвир воситаларининг шуур ва идроки турғун, ҳатто ботинан қашшоқ қалам аҳлининг кўпайишига изн берган. Бундай аҳволда ҳаёт билан боғланиш, воқеликка журъат нигоҳи билан қараб, энг зарур ҳақиқатларни ёритиш ҳиссиёти асло жонланмайди. Бу эса назмбозлик, ўртамиёначилик ривожига кенг йўл очилиши демак. Шунақа ижод намуналарини сиёсат талаби, синфийлик ва партиявийлик мафкураси бўйича тадқиқу таҳлил қилган адабиётшуносликдан холислик ёки янгилик кутиш соддалик бўлади, албатта. Шарқ мумтоз шоирлари адабий мероси ўрганилган илмий ишлардаги ўхшашлик гўё икки томчи сувдай бир-биридан фарқланмасликнинг туб замини мана шу. Шахсияти юксак мутафаккир ва мутасаввиф шоир ижодини ўқиб-ўрганиш, тадқиқу талқинига вақт сарфлаш ҳамиша кўнгилда завқ уйғотади. Илм-фан, санъат ва адабиётнинг қадим масканларидан бўлган Хоразмнинг улуғ шоиру олимларидан гап кетганда серқирра истеъдод соҳиби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг муборак номи, албатта, тилга олиниб, шеърият, таржима, тарихнавислик жабҳасидаги фаолияти фахр билан эътироф этилади. Унинг шеърий, тарихий ва таржима асарларига кимлар мурожаат қилиб, қандай фикр-мулоҳазаларни ўртага ташламаган, дейсиз? Огаҳий ҳар қандай баланд эътибор ва эҳтиромга лойиқ санъаткор. Унинг ижодиётига бир боғланса, қайтиб ажралиб бўлмайдиган даҳолардан эканлигини ўз тажрибам орқали ҳам мен биламан. Минг тўққиз юз тўқсонинчи йил нашр этилган “Шеърият – руҳий муносабат” номли китобимда “Огаҳий бадиий ижод қонуниятлари ҳақида” номли бир мақола чиққанди. Шундан буён ўттиз йилга яқин вақт ўтди. Шу муддат мобайнида Огаҳий шеърияти ва маҳорати мавзусида яна бир неча мақолалар ёздим. Улардан тўрттаси шу йил чоп бўлган “Ҳаёт, адабиёт ва абадият” деб аталган китобимдан ўрин олган. Бу маълумотни эслатишдан мақсад эса мана бундай: шунақа қаламкашлар бўладики, бир бора ўқиб ёки кўздан кечириб чиққандан сўнг уларнинг китобини қайта ўқишга ҳеч эҳтиёж сезилмайди. Чунки барчаси аниқ ва одатий талабларга кўра амалга оширилган. Ўтмишда яшаб ижод этган ўнлаб шоирлар ва уларнинг издошлари тажрибасида бу ҳол бекаму кўс тарзда кузатилади. Адабий жараёндаги ана шу ҳодисага Огаҳий қарши турган, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўзлигини тўла кўрсата билган, инсоний қиёфаси сингари адабий шахсияти ҳам такрорланмас даҳо шоирдир. Ўзбек мумтоз адабиётида, хусусан, Хоразм адабий муҳитида Огаҳий яратган ижод қасри шунчалик муҳташам ва нақшинкорки, унинг кўрки, ранги, маъно моҳиятини ҳанузгача ҳеч ким тўла таърифу тавсиф этиб бера олгани йўқ. Негаки Огаҳийни ўзигача ва ўзидан кейинги шоирлардан ажратиб турувчи ўзлик имконияти, шахсий фазилатлари, айниқса, Руҳ ва руҳоният олами билан махсус қизиқилган эмас. Бу шоирнинг шеърияти сингари шахсиятини ҳам тасаввуф ва тасаввуфий ахлоқдан ажралган ҳолда тасаввур этиш Огаҳийнинг тарихий қиёфасини бузиш ёхуд бузиб гавдалантириш билан теппа-тенгдир. Огаҳийда кубравийлик тариқати асосчиси Нажмиддин Кубро, жавонмардлик таълимоти ва ҳақиқатларининг толмас куйчиси Паҳлавон Маҳмуд билан маънавий-руҳоний вобасталик бўлгани боис унда қалб тасфияси ва дунё воқеа-ҳодисаларига басират кўзи билан боқиш лаёқати бошқача бўлган.

Муҳаммад Фузулий форсий девонига ёзган дебочасида уч тоифа кимсалардан жуда нолийди. Улардан бир гуруҳи “табъи номавзун” – ҳозирги тил билан айтганда, тўнка табиатлари ила сатрлар тузиб, шеър ва шоирлик қадрини ерга қориштирган назмбозлар. Буларни Фузулий муташоир деб атайди. Дарвоқе, муташоирлик бошқа, шоирлик бошқа. Буни фарқламаслик қадимда айб ва авомлик саналган. Зеро, назмбозлик чайналганни чайнаш, аённи баён айлашга ўргатади. Шоир эса юрак, руҳ ва тафаккурни шижоатлантиради. Муташоирлар журъату жасорат, мардлигу матонатни сўндиради. Огаҳийнинг нуқтаи назарида зулм ва нафосат, қабиҳлик ва шеър, шоирлик ва ҳақсизлик, санъат ва хушомад – сира-сира ўзаро мувофиқ келмайди. У бир ғазалида бизнинг кейинги чорак аср оралиғидаги ҳаётимиз ва аҳволимизни кўриб баҳо бергандай:

Эътибору иззат истар кимсага олам аро,
Ё керак бисёр зар, йўқ эса пургуфтор тил,

-дейди. “Пургуфтор тил” – ёлғон ва алдовдан ҳазар этмайдиган, хушомад ва ялтоқланиш, товламачилик ва фитнаю фасодда моҳир шайтоний тилдир. Миллат заволининг ёрқин бир тимсоли мана шу тил саналади. Огаҳийнинг исёнкор издоши Аваз Ўтар “Халқ” деб номланган шеърида “Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ, дея фарёд чекади. Аслида давр ва замон ижтимоий, сиёсий, ахлоқий ва маънавий ожизлигу ночорликларга Хоразмда кенг қамровда диққатни тортган шоир Огаҳий эди.

Шеъри ўзига, ўзи моҳиятига, моҳияти бадиий закосини ёлқинлантиражак олий ҳақиқатларга уйғун келиб, шахсияти эса сир, ирфон, фазилат махзани бўлиб қолаверадиган истеъдод соҳиблари бу дунёда сийрак учрайди. Муҳаммад Ризо Огаҳий ана шундай зотларнинг ҳам пешволаридан. Ўз замонасидаёқ эътироф этилганидек, у огоҳларнинг огоҳи, ҳақгўйларнинг сарбони, орифларнинг шоиридир.

Аллоҳу таоло шеърга мунособатда пайғамбар билан уммати орасида фарқ пайдо этиб, пайғамбар комил бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ унга шеър ўргатишни лозим кўрмаган. Оддий инсон эса ноқис ва камчиликлардан холи бўлмаганлиги боис шеърга муҳтожлик сезиб яшайди. Шеър ўқиб, шеър зиёси ила руҳини мунаввар айлаб камолот мақомларига юксалишга ҳаракат қилади. Шарқда шеъриятга алоҳида аҳамият берилиши ва шеър кучига фавқулодда ишонч ила қаралишининг туб сабабларидан биттаси мана шу. Шунинг учун шеър асрлар мобайнида фақат инсон руҳи, қалби ва тафаккурининг эмас, балки ахлоқининг кўзгуси ўлароқ қадрланиб келинади.

“Холиқ”, “Махлуқ”, “Хулқ”, “Ахлоқ” – бу калималар моҳиятан бир-бири билан боғлиқ. Бу сўзларнинг яралишини ҳам, мазмун-моҳиятини ҳам бир-биридан ажратиб бўлмайди. Хулқ ёки Ахлоқ десангиз, беихтиёр Халқ ё Махлуқ сўзи ёдга тушади. Халқ ҳақида ўйлаганда, албатта, Холиқ хотирга келади.

Ахлоқ хулқ сўзининг кўплиги бўлиб, шахсий ва ижтимоий ҳодисадир. Ахлоқ дейилганда, инсонга хос хусусият ва хислатлар англашилади.
Ҳар бир шахс ахлоқи ўша шахс ички ҳаётининг бир ойнаси. Чунки ахлоқнинг илдизи инсоннинг ичида. Инсоннинг ботини тузалмагунча ахлоқи тузалмайди. Ахлоқ ичда ва ичдан шаклланиб камол топмас экан, ҳеч қачон жамият ҳаёти учун фойда етказадиган ижтимоий куч ёки ҳодисага айланмайди. Зеро, жамият, муҳит, замон ва давр кулфатлари оқибатда ахлоқ ноқислиги ва ахлоқий емирилишларга бориб тақалади. Ахлоқан кучсизланган миллат ўзини-ўзи ожизлик ва забунликка маҳкум қилади. Ахлоқий эркини муҳофаза эта билмаган халқ – инсонлик ғурури ва шарафини амалда ҳимоя қилолмайдиган оломон. Адолат, диёнат, шижоат, ҳуррият, хуллас, халқ ҳаёти учун сув ва ҳаводай зарур қандай фазилат ёки тушунчалар бўлса, ҳамма-ҳаммасининг асоси ахлоқ. Шунинг учун улкан санъаткор борки, жамиятда кўзга ташланган ахлоқий иллатларга ўз муносабатини билдирган. Огаҳий ғазалларидан бирида:

Оҳким, аҳли замон олида одам ул дурур,
Ким эса ҳайвон каби нодону хўрду хоблиғ,  –

дейди. Ҳайвонсифатликнинг қадр топиши ва ҳайвонтаъб кимсаларнинг “аҳли замон” томонидан эъзозланиши шунчаки ҳодиса эмас. Бу – ахлоқий, маънавий қадриятларнинг қадрсизланиши эди. Бу – моддиётга таянган қўпол, шафқатсиз кучнинг ақлу донишдан устун келиши демак. Бу руҳдан йироқлашиб, нафсга таслимиятдурки, Огаҳий ахлоқий таназзулдан қутилишнинг бош чорасини кўрсатиб дейди:

Бегона қил гар одам эсанг ўзни нафсдин,
Ихлос ила мудом ўлубон ошнойи руҳ.

Огаҳий фикр қамрови жуда кенг, мушоҳада иқтидори ўткир, табиатан хокисор, руҳан бедор ва огоҳ шоирдир. Унинг руҳий олами ҳақиқатга таянади. Шоир назарида бу олам кўҳна бир “ҳасратхона”. Барча улуғ шоирлардагидек, Огаҳийда ҳам дард ва ҳасрат кўп. У ошиқ сифатида толеъсизлиги, замоннинг кажрафторлиги, одамларнинг оқибатсизлиги ва бағритошлиги, адолатнинг қўли қисқалиги, доно ва оқилларнинг хор-зорлиги – хуллас, кўп нарсалардан ҳасрат чекади, қалби дардга тўлганлигидан зорланади. Лекин Огаҳийда ҳасратга, кулфат ва ғуссага қуллик йўқ. Аксинча, ҳасрат унинг маслагига тобе, ғусса унинг идрок ва ҳиссиётига қарамдир. Чунки Огаҳийда тафаккур ва тахайюл мақоми баланд. У хаёлнинг кенглигига қанча ишонса, фикрнинг куч-қувватига ҳам ўшанча инонади. У ботинан тўхтаб қолмаслик ва янгиланиб боришни нозик идрок этади. Самовий ҳиссиётларга эрк бериш фурсатларини назардан соқит қилмайди. Унинг:

Огаҳий, жаҳд эт мусоҳиб бўл ҳақиқат аҳлиға,
Тобакай бўлғай мажоз аҳли била улфат санга…

-деган фикрлари ҳам айни шу эҳтиёждан туғилгандир.

Мана шу ва бошқа бир қатор сабабларга кўра, Огаҳийнинг фикр-қарашларида зўракилик, қуруқлик ва маҳдудлик йўқ. Шунинг учун Огаҳий руҳ ва тахайюл кучига инонган санъаткор сифатида воқелик билан юзма-юз келишдан чўчимайди. Яъни “Ҳар тоифанинг ҳолиға лойиқ ва ҳар жамоанинг афъолиға мувофиқ” сўз айтиш салоҳиятини намойиш эта олади.

Бизнинг назаримизда, шоирнинг:

Мулку миллатға амин ўлса агар огоҳлар,
Икки олам обрўйин ҳосил эткай шоҳлар…

байти билан бошланадиган ғазали ҳар бир авлод қайта-қайта ўқийдиган ва ўзича мулоҳаза юритадиган шеърдир.

Ўзини таниган, ўзининг инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилишга қодир одам борки, “мулку миллат” тақдири ва келажагига бефарқ бўла олмайди. У истасин-истамасин, юрти ва миллати учун кўнгилдан масъуллик сезади. Миллат борки, давлат ва ҳокимият бўлади. Ҳокимият ва салтанат мавжуд экан унинг тепасида ҳукмдор, ҳукмдор атрофида эса амалдорлар бўлмоғи шарт. Инсониятнинг энг олий орзуларидан бири — бу одил шоҳ орзусидир. Башарият асрлар мобайнида адолатли, эркин ва маърифатли жамият ҳақидаги орзу-умидларини биринчи галда, одил шоҳ тимсолида тасаввур этиб келган. Шу орзу эҳтиёжи ила қанчадан-қанча эртак ва афсоналар тўқилган, қанчадан-қанча шеърий ва насрий асарлар ёзилган. Замонасининг пешқадам фарзанди ва ижодкори бўлган Огаҳий ҳам шу масалада кўп бош қотирган. Бироқ хаёл ва орзу – бошқа, ҳаёт – бошқа. Ҳаёт гоҳо шундай шафқатсизки, ҳар қандай юксак орзу ва истакнинг қанотларини ҳам қайириб ташлаши мумкин. Аммо ҳақпараст шоирни шунда ҳам адолатдан зулмнинг қўли устун булмоғига иқрор эта олмайди.

Огаҳийнинг ғазали “Агар мулку миллатга ҳар жиҳатдан билағон, яъни огоҳ кишилар саркорлик қилсалар ва таянч бўлсалар, шоҳлар бу дунёнинг ҳам, у дунёнинг ҳам обруйига мушарраф бўлурлар”, деган насиҳатнома бир истак билан бошланади. Айни пайтда шу байт ғазалнинг маъно йўналишини белгилаб беради. Яъни ғазалхон навбатдаги мисраларни ўқимасданоқ, шоир назарда тутгани огоҳларга зид кимсалар туғрисида гапирмоқчилигини дарҳол пайқайди. Бироқ “мулку миллат” “юки”ни кўтаришга ожиз бу кимсалар кимлар эканлигини аниқ тасаввур эта олмайди Шоир эса гўё шуни билгандай асл мақсадга кўчади:

Ваҳ нечук маҳкам бўлур ул шоҳға давлат қасриким,
Бўлмаса аркони онинг кўҳна давлатхоҳлар…

Шоирнинг фикрича, “давлат қасри”нинг маҳкам ва мустаҳкамлиги бевосита шоҳ ёнида “кўҳна давлатхоҳлар”нинг фаолият кўрсатишига боғлиқ. Ушбу фикр бир жиҳатдан эътироз қўзғатиши мумкин: нега энди амал курсиларини доимо “кўҳна давлатхоҳлар” эгаллаб туриши керак? Нега янгиланишни қаршилик билан қаршилаш лозим? Кейинги байт бундай эътирозли саволларга ўрин қолдирмайди. Чунончи, шоир олий мартабали доноларнинг ўринларини ҳиммати паст жоҳиллар эгаллаб олганидан норозидир:

Паст ҳимматжоҳили навъ давлат ўлмас дастёр,
Шоҳга лозимдур неча донойи олий жоҳлар.

“Амалида жаҳд ва ғайрат кўрсатмоқ, – дейди Имом Ғаззолий, — зоҳирни ботинга, ботинни зоҳирга мувофиқлаштирмоқ эрур. Ташқи ҳаракат ичида йўқ бир фаолиятга далолат қилмаслиги, яъни қилинажак ҳар қандай иш тўла-тўкис хулқ ва кўнгилдан юзага чиқмоғи зарур… Баъзи одамлар вазминлик ва виқор ичида юришсада, аслида ботинларида виқор ва доноликдан асар йўқдир. Бундайлар иш ва амалларида содиқ бўла олмаслар”.

Огаҳий зоҳири ботинига, ботини эса зоҳирига мос келмайдиган кимсаларнинг давлат дастёри бўлганликларига қарши гапирмоқда. Бу фақат шоирнинг шахсий фикрлари эдими? Йўқ, албатта. Шоир шеърида ўз давридаги халқпарвар ва илғор тушунчали шахсларнинг фикр-қарашларини умумлаштирган, деса хато бўлмайди.

Шоҳ ҳар қанча кучли, зийрак ва қаттиққўл бўлмасин унинг атрофини жоҳил, калтабин, амалпараст кимсалар ўраб олса, салтанатнинг устивор қонунлари ўшанча кучсизланади. Баланд-баланд мансаб курсиларини қаллоб ҳам, қассоб ҳам, жувозкаш ҳам, аттор ҳам эгаллашига кенг имкон очилаверади. Огаҳий бу аччиқ ҳақиқатга кўпчиликнинг диққатини қаратиб дейди:

Мулк умурининг низомин билгуси аҳли сипоҳ,
Не билур ассорлар, атторлар, жўлоҳлар.

Нақлга кўра, одил халифа Умар бин Абдулазиз машҳур шайх Ҳасан Басрийга мактуб йўллаб, “Аллоҳ амрида менга ёрдамчи бўла оладиган олимларни маълум қилғил”, дебди. Басрий жавоб хатида демиш: “Чин олимлар сенинг ёнингда бўлмоғни истамайдилар. Дунёнараст ва шуҳратсевар олимларни сен хоҳламайсан. Сенга берадиган бир маслаҳатим шуки, насаб жиҳатидан шарафли бўлганларни излаб топ. Чунки улар ўз шарафларини хиёнат ила кирлатмаслар”.

Огаҳий Ҳасан Басрийнинг насиҳат сўзларига яқин гапни шеърий тарзда акс эттираркан, шараф соҳибларини арслонга, пасткаш ва тубан табиатли кишиларни ит жинсидан бир жонзотга қиёслайди:

Истама арзолдин ашрофнинг афъолини,
Ким қила олмас ҳузбар эткан ишни рубоҳлар.

Ана шундан сўнг шоир «рубоҳлар»нинг афъоли ва қилмишларини энг характерли чизгиларида кўрсатиб беради. Қизиғи шундаки, Огаҳий ўз замонасидаги “жоҳилу худбин” амалдор қиёфасини очар экан, қанча давр ва замон ўтмасин, бу қиёфанинг ичдан деярли ўзгармаслиги, истак ва интилишларнинг айни зайлда давом топиши кишини бир қадар ҳайрон қолдиради. Шоир ёзади:

Жоҳилу худбин кўра олмас ўзидин ўзгани,
Лойиқи давлат эмасдур ҳар назар кўтоҳлар.

Дунёда жоҳилу худбин, албатта, бисёр. Бундай кимсалар ўзича яшаб, кўпчиликнинг ҳаёт ва фаолиятларига аралаша олмайдиган пайтларда, балки қўлларидан кўп иш келавермас. Аммо каттароқ мансабга лойиқ кўрилганда-чи? Улар ҳеч нарсадан қайтмайдиган ҳақиқий йиртқичга дўнишади. Ва энг фароғатли ишлари халқни алдаш, талаш ва бойлик тўплаш бўлади. Ўғрилик, тамагирлик, каззоблик ила йиғилган ҳаром бойликлар эса ҳашаматли ва нақшинкор кўшк-айвонлар тарзида қад ростлайди.

Сарф этиб эл молин ўз нафси учун қилғай мудом,
Зийнату тожу турнубу сиффаю бингоҳлар,

сўзларини айни шу маъноларда қабул этмоқ лозимдир.

Ғазалнинг учинчи байтидан бошлаб шоир кетма-кет тазод усулини тадбиқ қилади. Шу боис шеърхон ўзини икки қарама-қарши гуруҳ қуршовида тургандай ҳис этади. Чунончи, бир ёнда – “пастҳиммат жоҳили навъ давлат”лар, иккинчи томонда – “донойи олий жоҳлар”. Бир тоифа давлат бошқаришнинг тартиб-интизомини пухта эгаллаган амалдорлар бўлса, иккинчиси – “ассорлар, атторлар, жўлоҳлар”. Улардан бирлари шараф соҳиблари бўлса, бошқалари ўзидан ўзгани кўришга яроқсиз “назари кўтоҳ” жоҳилу худбинлар. Лекин бу зиддияг мулк саҳнида кечаётган зиддият, қолаверса, бу зиддият огоҳ, доно ва ашрофларнинг эмас, ўз нафси учун ҳеч нимадан қайтмайдиган жоҳилу худбинлар фойдасига ҳал булаётир. Бас, шундай экан, бундай “давлатхона”да туришга ким чидайди? Огаҳий бу саволни ҳам жавобсиз қолдирмаган:

Ўйла давлатхона турғой нечук номуским,
Бўлса соҳиб ихтиёр онда ғулому доҳлар…

Дарҳақиқат, нафс ва амал қулларига тобеликдан ортиқроқ номуссизлик бўлмайди. Ор-номуси баланд кишиларни ғурури паст, беномусликни номус деб ҳисоблайдиган кимсаларга қарам айлаш – халқ ва салтанат истиқболи учун энг зарарли ишларнинг зарарлисидир. Чунки мансаб ва мартаба учун одам танлаш муҳим. Ҳар нафасда турланиб, тусланишга тайёр, иродаси суст, маккор ижрочилар ҳамиша ва ҳамма замонларда давлатнинг кучсизланиши ва ичдан емирилишига ҳисса қўшиб келганлар.

Давлат маҳкамаларига одамларда қачон ишонч шаклланади? Қачонки, ўша жойларни тўғри, ҳалол, тўла маънода эркин ва шижоатли шахслар эгаллашса. Бироқ ҳеч бир даврда, ҳеч бир халқнинг давлатчилик тарихида бундай бўлмаган. Ҳатто юқоридаги байтда таъкидланган ҳодиса, яъни табиатан қул ва худбин кимса юқори кўтарилганда мартабадан кечиш мардлиги ҳам ҳаётда ниҳоятда сийрак учрайди. Аксинча, Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганларидек, “Халқ мақом ва рутба учун тубанликларга бардош этар, ярамас ҳолларга тушар, юксаклик умиди ила хорлиқдан лаззат олар, таҳқирланишдан хушланар” (“Маснавий”, Туркча таржима, II-жилд, 1103, 04-байтлар).

Огаҳийнинг ғазали – ижтимоий, сиёсий, ахлоқий-фалсафий маъноларнинг мужассамлашувидан яралган воқеабанд ғазал. Шоир ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий ҳодисот “занжир”ларини бир-бирига шундай моҳирлик билан боғлайдики, натижада ўқувчи жоҳил ва худбин мансабдорлардан мулк, миллат ва юрт бошига қандай офатлар ёғилишини жонли манзаралар билан англаш имконига эришади. Ва унинг:

Қолмағай амният осори агар топса ривож,
Шаҳраро авбошлар, бебоклар, бероҳлар,

-деган сўзларига иқрор бўлибгина қолмасдан, юртда бетайин, беҳаё ва йўлдан адашган кимсаларнинг кўпайиши сабабига олдингидан кўра кенгроқ ва чуқурроқ назар ташлайди. Лекин шоирнинг бош мақсади, шеърнинг ёзилишига асос бўлган фожиалардан фақат эл-улусни эмас, биринчи навбатда шоҳни огоҳ этиш эди. Чунки шоҳ ўз амалдорлари аҳволидан ғофил қолганда оғир кулфатларга юзма-юз келишини тарих қайта-қайта намоён этгандурки:

Ғофил ўлса шоҳ агар мулку сипоҳ аҳволидин,
Бошга иш тушганда суд этмас фиғону оҳлар…

Афсуски, давлатчилик тарихимизда донишманд шоирнинг бу фикрларини тасдиқлайдиган ҳодисалар кўп бўлган.

Охирги байтни ўқиймиз:

Огаҳий, қил шоҳи огоҳинг дуоий давлатин
Ки, онга аркони давлатдур ҳама огоҳлар.

Огаҳий подшоҳнинг ҳушёр ва ҳамма нарсадан огоҳлигини эътироф этганда, эҳтимол, самимий бўлгандир. Балки шоҳ саройидаги аркони давлатнинг барчаси ҳам назари очиқ, мулки миллатига содиқ кишилар бўлгандир. Агар шундай бўлганида шоир ички бир ҳасрат билан қўлига қалам олмасди. Ва бошқа бир ўринда:

Ростравлик, Огаҳий, рухдек сени солмиш йироқ,
Қурби шоҳ топғай эдинг кажрав эсанг фарзин каби…

дея шоҳга яқинлик – бу тўғрилик йўли билан эришилавериладиган иш эмаслигини алоҳида таъкид ила гапирмасди. Умуман олганда, мақтаъдаги фикр ўзидан олдинги фикрлар билан моҳиятан тўла мувофиқ келмайди.

Албатта, аркони давлатга тегишли кескин танқид нечоғлик тўғри бўлмасин, қай бир томондан шоҳга мақбул келмаслиги мумкин. Оддий инсон ҳам англайдиган ушбу ҳақиқатни донишманд ва мутафаккир бир шоир ҳар томонлама ҳисобга олмаслигига ақл бовар этмайди. Шунинг учун охирги байтдаги ҳукмни ўқувчи киноядан йироқ, эҳтиёт мазмунида билдирилган ҳукм ўлароқ қабул қилади.

Бундан ташқари, ғазалда илгари сурилган танқидий маънони қайси бир даражада шоҳ холис қабул айлашига шоирда ишонч бўлган. Акс ҳолда бу қадар журъат ва эркинлик билан қалам тебрата олмасди.

Дарвоқе, кенг миқёсдаги шодлик, хурсандлик, қувонч мусулмон халқлари учун бир умрлик орзу, эришилмас чўнг армон бўлиб келган. Бахт ва шодликка етишилди, дея мақталган замонларга келсак, улар ҳам ёлғон ва алдов маҳсули бўлган. Шу боис ҳақгўй бир шоир шеърларидан бирида “Шодликни кўксига бошимни қўйиб, ўксиниб-ўксиниб йиғлагим келар”, деб ёзганди. Қайси бир жамиятда тафаккур меҳнати сустлашиб, ҳақиқат ҳиссиёти ўтмаслашса, шодлик, хуррамлик, дилхушлик, ҳузур-ҳаловат ва некбинликка доир қараш ва мулоҳазалар ҳам, албатта, бузулиб, табиий сиёқини йўқотади. Огаҳийнинг “Таъвиз ул ошиқин” девонидан жой олган “шодлиғ” радифли ғазалида ана шу фожиадан баҳс юритилган. Ғазалдаги:

Ногоҳон гар шодлиғ топсанг, анга алданмағил,
Ким очиб юмғунча кўз йўқтур бақойи шодлиғ…

Шодлиғ ҳирси балоларға солибтур барчани,
Воқиф ўл, эй Огаҳий, чекма балойи шодлиғ,

деган сўзларини ўқиб, мутафаккир шоир нақадар узоқни кўра олганлиги, мутасаввифлар “макруҳ шодлик” деган ҳавойи, балойи кулфат, ожизлик ва мусибат манбаи бўлган сохта қувончни у нақадар аниқ тавсифу таъриф қилганига қойил қоласан. Бир шеърида талантсиз, демакки, юзсиз ва уятсиз қофиябозларга қарата у:

Сен чун назмингга шеър қўйдинг от,
Сенга йўқдурму шеър элидин уёт?

— дейди. Бундай ғирромлик ва уятсизлик бугунга келиб, наинки урф, мусобақага айланиб кетди.

034Адабиётни ҳеч вақт замон ва даврдан ажратиб бўлмайди. Бироқ адабиётни замон ва даврга тобе қиёфада тасаввур этиш ҳам нотўғри. Ўз-ўзича замоннинг ҳам, даврнинг ҳам адабиётга унча қизиғи йўқ. Ҳақиқий адабиёт – инсонни давр ва замон кўзгусида эмас, балки замон ва давр қиёфасини инсон тақдири ойнасида акс эттириш санъатидир.

Адабиётнинг мутлақ ҳақиқат ва абадиятга дахлдор тушунчалари ана шунда тараққий топади. Адабиётга хос ана шу талаб ва қонуниятни Огаҳий ниҳоятда теран англаб ижод қилган. Огаҳий учун шеър “Жаҳонда то қиёмат ёдгор” бўлиб қоладиган кашф ва илҳом ҳосиласи эди. Буюк шоирнинг девонида умри боқий шеърларининг кўплиги ҳам шу фикрнинг тасдиғидир.

Ilm-fan, san’at va adabiyotning qadim maskanlaridan bo’lgan Xorazmning ulug’ shoiru olimlaridan gap ketganda serqirra iste’dod sohibi Muhammad Rizo Erniyozbek o’g’li Ogahiyning muborak nomi, albatta, tilga olinib, she’riyat, tarjima, tarixnavislik jabhasidagi faoliyati faxr bilan e’tirof etiladi.

Ibrohim HAQQUL
OGAHIYNING SHAXSIYATI
VA SHE’RIYATI XUSUSIDA
021

05Kitobiy va takroriy fikr-mulohazalarni qalashtirmay, gapning indallosini aytganda, she’riyatda ham, nasr va dramaturgiyada ham o’ziga xos tafakkur va ruhoniy shijoatga sohib Shaxs paydo bo’lmasa, umuman badiiy ijodda na yangilik, na e’tirofga loyiq yangilanish bo’ladi. Xalq va adabiyot manfaati uchun birday ahamiyatga molik nihoyatda dolzarb ushbu masalaga o’zbek adabiyotshunosligida hanuzgacha jiddiy e’tibor qaratilganmas. Buning o’ziga yarasha sabab va qiyinchiliklari ham mavjuddir. Birinchisi, adabiyotga ravnaq bag’ishlab, shu yo’l bilan millat dunyoqarashi va ma’naviy hayotiga ta’sir o’tkazishga qodir chinakam iste’dodlarning juda kamligi, ikkinchisi, an’anaviy g’oya, obraz, tasvir vositalarining shuur va idroki turg’un, hatto botinan qashshoq qalam ahlining ko’payishiga izn bergan. Bunday ahvolda hayot bilan bog’lanish, voqelikka jur’at nigohi bilan qarab, eng zarur haqiqatlarni yoritish hissiyoti aslo jonlanmaydi. Bu esa nazmbozlik, o’rtamiyonachilik rivojiga keng yo’l ochilishi demak. Shunaqa ijod namunalarini siyosat talabi, sinfiylik va partiyaviylik mafkurasi bo’yicha tadqiqu tahlil qilgan adabiyotshunoslikdan xolislik yoki yangilik kutish soddalik bo’ladi, albatta. Sharq mumtoz shoirlari adabiy merosi o’rganilgan ilmiy ishlardagi o’xshashlik go’yo ikki tomchi suvday bir-biridan farqlanmaslikning tub zamini mana shu. Shaxsiyati yuksak mutafakkir va mutasavvif shoir ijodini o’qib-o’rganish, tadqiqu talqiniga vaqt sarflash hamisha ko’ngilda zavq uyg’otadi. Ilm-fan, san’at va adabiyotning qadim maskanlaridan bo’lgan Xorazmning ulug’ shoiru olimlaridan gap ketganda serqirra iste’dod sohibi Muhammad Rizo Erniyozbek o’g’li Ogahiyning muborak nomi, albatta, tilga olinib, she’riyat, tarjima, tarixnavislik jabhasidagi faoliyati faxr bilan e’tirof etiladi. Uning she’riy, tarixiy va tarjima asarlariga kimlar murojaat qilib, qanday fikr-mulohazalarni o’rtaga tashlamagan, deysiz? Ogahiy har qanday baland e’tibor va ehtiromga loyiq san’atkor. Uning ijodiyotiga bir bog’lansa, qaytib ajralib bo’lmaydigan daholardan ekanligini o’z tajribam orqali ham men bilaman. Ming to’qqiz yuz to’qsoninchi yil nashr etilgan “She’riyat – ruhiy munosabat” nomli kitobimda “Ogahiy badiiy ijod qonuniyatlari haqida” nomli bir maqola chiqqandi. Shundan buyon o’ttiz yilga yaqin vaqt o’tdi. Shu muddat mobaynida Ogahiy she’riyati va mahorati mavzusida yana bir necha maqolalar yozdim. Ulardan to’rttasi shu yil chop bo’lgan “Hayot, adabiyot va abadiyat” deb atalgan kitobimdan o’rin olgan. Bu ma’lumotni eslatishdan maqsad esa mana bunday: shunaqa qalamkashlar bo’ladiki, bir bora o’qib yoki ko’zdan kechirib chiqqandan so’ng ularning kitobini qayta o’qishga hech ehtiyoj sezilmaydi. Chunki barchasi aniq va odatiy talablarga ko’ra amalga oshirilgan. O’tmishda yashab ijod etgan o’nlab shoirlar va ularning izdoshlari tajribasida bu hol bekamu ko’s tarzda kuzatiladi. Adabiy jarayondagi ana shu hodisaga Ogahiy qarshi turgan, hayotda ham, ijodda ham o’zligini to’la ko’rsata bilgan, insoniy qiyofasi singari adabiy shaxsiyati ham takrorlanmas daho shoirdir. O’zbek mumtoz adabiyotida, xususan, Xorazm adabiy muhitida Ogahiy yaratgan ijod qasri shunchalik muhtasham va naqshinkorki, uning ko’rki, rangi, ma’no mohiyatini hanuzgacha hech kim to’la ta’rifu tavsif etib bera olgani yo’q. Negaki Ogahiyni o’zigacha va o’zidan keyingi shoirlardan ajratib turuvchi o’zlik imkoniyati, shaxsiy fazilatlari, ayniqsa, Ruh va ruhoniyat olami bilan maxsus qiziqilgan emas. Bu shoirning she’riyati singari shaxsiyatini ham tasavvuf va tasavvufiy axloqdan ajralgan holda tasavvur etish Ogahiyning tarixiy qiyofasini buzish yoxud buzib gavdalantirish bilan teppa-tengdir. Ogahiyda kubraviylik tariqati asoschisi Najmiddin Kubro, javonmardlik ta’limoti va haqiqatlarining tolmas kuychisi Pahlavon Mahmud bilan ma’naviy-ruhoniy vobastalik bo’lgani bois unda qalb tasfiyasi va dunyo voqea-hodisalariga basirat ko’zi bilan boqish layoqati boshqacha bo’lgan.

Muhammad Fuzuliy forsiy devoniga yozgan debochasida uch toifa kimsalardan juda noliydi. Ulardan bir guruhi “tab’i nomavzun” – hozirgi til bilan aytganda, to’nka tabiatlari ila satrlar tuzib, she’r va shoirlik qadrini yerga qorishtirgan nazmbozlar. Bularni Fuzuliy mutashoir deb ataydi. Darvoqe, mutashoirlik boshqa, shoirlik boshqa. Buni farqlamaslik qadimda ayb va avomlik sanalgan. Zero, nazmbozlik chaynalganni chaynash, ayonni bayon aylashga o’rgatadi. Shoir esa yurak, ruh va tafakkurni shijoatlantiradi. Mutashoirlar jur’atu jasorat, mardligu matonatni so’ndiradi. Ogahiyning nuqtai nazarida zulm va nafosat, qabihlik va she’r, shoirlik va haqsizlik, san’at va xushomad – sira-sira o’zaro muvofiq kelmaydi. U bir g’azalida bizning keyingi chorak asr oralig’idagi hayotimiz va ahvolimizni ko’rib baho berganday:

E’tiboru izzat istar kimsaga olam aro,
Yo kerak bisyor zar, yo’q esa purguftor til,

-deydi. “Purguftor til” – yolg’on va aldovdan hazar etmaydigan, xushomad va yaltoqlanish, tovlamachilik va fitnayu fasodda mohir shaytoniy tildir. Millat zavolining yorqin bir timsoli mana shu til sanaladi. Ogahiyning isyonkor izdoshi Avaz O’tar “Xalq” deb nomlangan she’rida “Yo’q jahon mulkida bizdek ojizu bechora xalq, deya faryod chekadi. Aslida davr va zamon ijtimoiy, siyosiy, axloqiy va ma’naviy ojizligu nochorliklarga Xorazmda keng qamrovda diqqatni tortgan shoir Ogahiy edi.

She’ri o’ziga, o’zi mohiyatiga, mohiyati badiiy zakosini yolqinlantirajak oliy haqiqatlarga uyg’un kelib, shaxsiyati esa sir, irfon, fazilat maxzani bo’lib qolaveradigan iste’dod sohiblari bu dunyoda siyrak uchraydi. Muhammad Rizo Ogahiy ana shunday zotlarning ham peshvolaridan. O’z zamonasidayoq e’tirof etilganidek, u ogohlarning ogohi, haqgo’ylarning sarboni, oriflarning shoiridir.

Allohu taolo she’rga munosobatda payg’ambar bilan ummati orasida farq paydo etib, payg’ambar komil bo’lganligi uchun ham Alloh unga she’r o’rgatishni lozim ko’rmagan. Oddiy inson esa noqis va kamchiliklardan xoli bo’lmaganligi bois she’rga muhtojlik sezib yashaydi. She’r o’qib, she’r ziyosi ila ruhini munavvar aylab kamolot maqomlariga yuksalishga harakat qiladi. Sharqda she’riyatga alohida ahamiyat berilishi va she’r kuchiga favqulodda ishonch ila qaralishining tub sabablaridan bittasi mana shu. Shuning uchun she’r asrlar mobaynida faqat inson ruhi, qalbi va tafakkurining emas, balki axloqining ko’zgusi o’laroq qadrlanib kelinadi.

“Xoliq”, “Maxluq”, “Xulq”, “Axloq” – bu kalimalar mohiyatan bir-biri bilan bog’liq. Bu so’zlarning yaralishini ham, mazmun-mohiyatini ham bir-biridan ajratib bo’lmaydi. Xulq yoki Axloq desangiz, beixtiyor Xalq yo Maxluq so’zi yodga tushadi. Xalq haqida o’ylaganda, albatta, Xoliq xotirga keladi.

Axloq xulq so’zining ko’pligi bo’lib, shaxsiy va ijtimoiy hodisadir. Axloq deyilganda, insonga xos xususiyat va xislatlar anglashiladi.
Har bir shaxs axloqi o’sha shaxs ichki hayotining bir oynasi. Chunki axloqning ildizi insonning ichida. Insonning botini tuzalmaguncha axloqi tuzalmaydi. Axloq ichda va ichdan shakllanib kamol topmas ekan, hech qachon jamiyat hayoti uchun foyda yetkazadigan ijtimoiy kuch yoki hodisaga aylanmaydi. Zero, jamiyat, muhit, zamon va davr kulfatlari oqibatda axloq noqisligi va axloqiy yemirilishlarga borib taqaladi. Axloqan kuchsizlangan millat o’zini-o’zi ojizlik va zabunlikka mahkum qiladi. Axloqiy erkini muhofaza eta bilmagan xalq – insonlik g’ururi va sharafini amalda himoya qilolmaydigan olomon. Adolat, diyonat, shijoat, hurriyat, xullas, xalq hayoti uchun suv va havoday zarur qanday fazilat yoki tushunchalar bo’lsa, hamma-hammasining asosi axloq. Shuning uchun ulkan san’atkor borki, jamiyatda ko’zga tashlangan axloqiy illatlarga o’z munosabatini bildirgan. Ogahiy g’azallaridan birida:

Ohkim, ahli zamon olida odam ul durur,
Kim esa hayvon kabi nodonu xo’rdu xoblig’,  –

deydi. Hayvonsifatlikning qadr topishi va hayvonta’b kimsalarning “ahli zamon” tomonidan e’zozlanishi shunchaki hodisa emas. Bu – axloqiy, ma’naviy qadriyatlarning qadrsizlanishi edi. Bu – moddiyotga tayangan qo’pol, shafqatsiz kuchning aqlu donishdan ustun kelishi demak. Bu ruhdan yiroqlashib, nafsga taslimiyatdurki, Ogahiy axloqiy tanazzuldan qutilishning bosh chorasini ko’rsatib deydi:

Begona qil gar odam esang o’zni nafsdin,
Ixlos ila mudom o’lubon oshnoyi ruh.

Ogahiy fikr qamrovi juda keng, mushohada iqtidori o’tkir, tabiatan xokisor, ruhan bedor va ogoh shoirdir. Uning ruhiy olami haqiqatga tayanadi. Shoir nazarida bu olam ko’hna bir “hasratxona”. Barcha ulug’ shoirlardagidek, Ogahiyda ham dard va hasrat ko’p. U oshiq sifatida tole’sizligi, zamonning kajraftorligi, odamlarning oqibatsizligi va bag’ritoshligi, adolatning qo’li qisqaligi, dono va oqillarning xor-zorligi – xullas, ko’p narsalardan hasrat chekadi, qalbi dardga to’lganligidan zorlanadi. Lekin Ogahiyda hasratga, kulfat va g’ussaga qullik yo’q. Aksincha, hasrat uning maslagiga tobe, g’ussa uning idrok va hissiyotiga qaramdir. Chunki Ogahiyda tafakkur va taxayyul maqomi baland. U xayolning kengligiga qancha ishonsa, fikrning kuch-quvvatiga ham o’shancha inonadi. U botinan to’xtab qolmaslik va yangilanib borishni nozik idrok etadi. Samoviy hissiyotlarga erk berish fursatlarini nazardan soqit qilmaydi. Uning:

Ogahiy, jahd et musohib bo’l haqiqat ahlig’a,
Tobakay bo’lg’ay majoz ahli bila ulfat sanga…

-degan fikrlari ham ayni shu ehtiyojdan tug’ilgandir.

Mana shu va boshqa bir qator sabablarga ko’ra, Ogahiyning fikr-qarashlarida zo’rakilik, quruqlik va mahdudlik yo’q. Shuning uchun Ogahiy ruh va taxayyul kuchiga inongan san’atkor sifatida voqelik bilan yuzma-yuz kelishdan cho’chimaydi. Ya’ni “Har toifaning holig’a loyiq va har jamoaning af’olig’a muvofiq” so’z aytish salohiyatini namoyish eta oladi.

Bizning nazarimizda, shoirning:

Mulku millatg’a amin o’lsa agar ogohlar,
Ikki olam obro’yin hosil etkay shohlar…

bayti bilan boshlanadigan g’azali har bir avlod qayta-qayta o’qiydigan va o’zicha mulohaza yuritadigan she’rdir.

O’zini tanigan, o’zining insoniy qadr-qimmatini hurmat qilishga qodir odam borki, “mulku millat” taqdiri va kelajagiga befarq bo’la olmaydi. U istasin-istamasin, yurti va millati uchun ko’ngildan mas’ullik sezadi. Millat borki, davlat va hokimiyat bo’ladi. Hokimiyat va saltanat mavjud ekan uning tepasida hukmdor, hukmdor atrofida esa amaldorlar bo’lmog’i shart. Insoniyatning eng oliy orzularidan biri — bu odil shoh orzusidir. Bashariyat asrlar mobaynida adolatli, erkin va ma’rifatli jamiyat haqidagi orzu-umidlarini birinchi galda, odil shoh timsolida tasavvur etib kelgan. Shu orzu ehtiyoji ila qanchadan-qancha ertak va afsonalar to’qilgan, qanchadan-qancha she’riy va nasriy asarlar yozilgan. Zamonasining peshqadam farzandi va ijodkori bo’lgan Ogahiy ham shu masalada ko’p bosh qotirgan. Biroq xayol va orzu – boshqa, hayot – boshqa. Hayot goho shunday shafqatsizki, har qanday yuksak orzu va istakning qanotlarini ham qayirib tashlashi mumkin. Ammo haqparast shoirni shunda ham adolatdan zulmning qo’li ustun bulmog’iga iqror eta olmaydi.

Ogahiyning g’azali “Agar mulku millatga har jihatdan bilag’on, ya’ni ogoh kishilar sarkorlik qilsalar va tayanch bo’lsalar, shohlar bu dunyoning ham, u dunyoning ham obruyiga musharraf bo’lurlar”, degan nasihatnoma bir istak bilan boshlanadi. Ayni paytda shu bayt g’azalning ma’no yo’nalishini belgilab beradi. Ya’ni g’azalxon navbatdagi misralarni o’qimasdanoq, shoir nazarda tutgani ogohlarga zid kimsalar tug’risida gapirmoqchiligini darhol payqaydi. Biroq “mulku millat” “yuki”ni ko’tarishga ojiz bu kimsalar kimlar ekanligini aniq tasavvur eta olmaydi Shoir esa go’yo shuni bilganday asl maqsadga ko’chadi:

Vah nechuk mahkam bo’lur ul shohg’a davlat qasrikim,
Bo’lmasa arkoni oning ko’hna davlatxohlar…

Shoirning fikricha, “davlat qasri”ning mahkam va mustahkamligi bevosita shoh yonida “ko’hna davlatxohlar”ning faoliyat ko’rsatishiga bog’liq. Ushbu fikr bir jihatdan e’tiroz qo’zg’atishi mumkin: nega endi amal kursilarini doimo “ko’hna davlatxohlar” egallab turishi kerak? Nega yangilanishni qarshilik bilan qarshilash lozim? Keyingi bayt bunday e’tirozli savollarga o’rin qoldirmaydi. Chunonchi, shoir oliy martabali donolarning o’rinlarini himmati past johillar egallab olganidan norozidir:

Past himmatjohili nav’ davlat o’lmas dastyor,
Shohga lozimdur necha donoyi oliy johlar.

“Amalida jahd va g’ayrat ko’rsatmoq, – deydi Imom G’azzoliy, — zohirni botinga, botinni zohirga muvofiqlashtirmoq erur. Tashqi harakat ichida yo’q bir faoliyatga dalolat qilmasligi, ya’ni qilinajak har qanday ish to’la-to’kis xulq va ko’ngildan yuzaga chiqmog’i zarur… Ba’zi odamlar vazminlik va viqor ichida yurishsada, aslida botinlarida viqor va donolikdan asar yo’qdir. Bundaylar ish va amallarida sodiq bo’la olmaslar”.

Ogahiy zohiri botiniga, botini esa zohiriga mos kelmaydigan kimsalarning davlat dastyori bo’lganliklariga qarshi gapirmoqda. Bu faqat shoirning shaxsiy fikrlari edimi? Yo’q, albatta. Shoir she’rida o’z davridagi xalqparvar va ilg’or tushunchali shaxslarning fikr-qarashlarini umumlashtirgan, desa xato bo’lmaydi.

Shoh har qancha kuchli, ziyrak va qattiqqo’l bo’lmasin uning atrofini johil, kaltabin, amalparast kimsalar o’rab olsa, saltanatning ustivor qonunlari o’shancha kuchsizlanadi. Baland-baland mansab kursilarini qallob ham, qassob ham, juvozkash ham, attor ham egallashiga keng imkon ochilaveradi. Ogahiy bu achchiq haqiqatga ko’pchilikning diqqatini qaratib deydi:

Mulk umurining nizomin bilgusi ahli sipoh,
Ne bilur assorlar, attorlar, jo’lohlar.

Naqlga ko’ra, odil xalifa Umar bin Abdulaziz mashhur shayx Hasan Basriyga maktub yo’llab, “Alloh amrida menga yordamchi bo’la oladigan olimlarni ma’lum qilg’il”, debdi. Basriy javob xatida demish: “Chin olimlar sening yoningda bo’lmog’ni istamaydilar. Dunyonarast va shuhratsevar olimlarni sen xohlamaysan. Senga beradigan bir maslahatim shuki, nasab jihatidan sharafli bo’lganlarni izlab top. Chunki ular o’z sharaflarini xiyonat ila kirlatmaslar”.

Ogahiy Hasan Basriyning nasihat so’zlariga yaqin gapni she’riy tarzda aks ettirarkan, sharaf sohiblarini arslonga, pastkash va tuban tabiatli kishilarni it jinsidan bir jonzotga qiyoslaydi:

Istama arzoldin ashrofning af’olini,
Kim qila olmas huzbar etkan ishni rubohlar.

Ana shundan so’ng shoir «rubohlar»ning af’oli va qilmishlarini eng xarakterli chizgilarida ko’rsatib beradi. Qizig’i shundaki, Ogahiy o’z zamonasidagi “johilu xudbin” amaldor qiyofasini ochar ekan, qancha davr va zamon o’tmasin, bu qiyofaning ichdan deyarli o’zgarmasligi, istak va intilishlarning ayni zaylda davom topishi kishini bir qadar hayron qoldiradi. Shoir yozadi:

Johilu xudbin ko’ra olmas o’zidin o’zgani,
Loyiqi davlat emasdur har nazar ko’tohlar.

Dunyoda johilu xudbin, albatta, bisyor. Bunday kimsalar o’zicha yashab, ko’pchilikning hayot va faoliyatlariga aralasha olmaydigan paytlarda, balki qo’llaridan ko’p ish kelavermas. Ammo kattaroq mansabga loyiq ko’rilganda-chi? Ular hech narsadan qaytmaydigan haqiqiy yirtqichga do’nishadi. Va eng farog’atli ishlari xalqni aldash, talash va boylik to’plash bo’ladi. O’g’rilik, tamagirlik, kazzoblik ila yig’ilgan harom boyliklar esa hashamatli va naqshinkor ko’shk-ayvonlar tarzida qad rostlaydi.

Sarf etib el molin o’z nafsi uchun qilg’ay mudom,
Ziynatu toju turnubu siffayu bingohlar,

so’zlarini ayni shu ma’nolarda qabul etmoq lozimdir.

G’azalning uchinchi baytidan boshlab shoir ketma-ket tazod usulini tadbiq qiladi. Shu bois she’rxon o’zini ikki qarama-qarshi guruh qurshovida turganday his etadi. Chunonchi, bir yonda – “pasthimmat johili nav’ davlat”lar, ikkinchi tomonda – “donoyi oliy johlar”. Bir toifa davlat boshqarishning tartib-intizomini puxta egallagan amaldorlar bo’lsa, ikkinchisi – “assorlar, attorlar, jo’lohlar”. Ulardan birlari sharaf sohiblari bo’lsa, boshqalari o’zidan o’zgani ko’rishga yaroqsiz “nazari ko’toh” johilu xudbinlar. Lekin bu ziddiyag mulk sahnida kechayotgan ziddiyat, qolaversa, bu ziddiyat ogoh, dono va ashroflarning emas, o’z nafsi uchun hech nimadan qaytmaydigan johilu xudbinlar foydasiga hal bulayotir. Bas, shunday ekan, bunday “davlatxona”da turishga kim chidaydi? Ogahiy bu savolni ham javobsiz qoldirmagan:

O’yla davlatxona turg’oy nechuk nomuskim,
Bo’lsa sohib ixtiyor onda g’ulomu dohlar…

Darhaqiqat, nafs va amal qullariga tobelikdan ortiqroq nomussizlik bo’lmaydi. Or-nomusi baland kishilarni g’ururi past, benomuslikni nomus deb hisoblaydigan kimsalarga qaram aylash – xalq va saltanat istiqboli uchun eng zararli ishlarning zararlisidir. Chunki mansab va martaba uchun odam tanlash muhim. Har nafasda turlanib, tuslanishga tayyor, irodasi sust, makkor ijrochilar hamisha va hamma zamonlarda davlatning kuchsizlanishi va ichdan yemirilishiga hissa qo’shib kelganlar.

Davlat mahkamalariga odamlarda qachon ishonch shakllanadi? Qachonki, o’sha joylarni to’g’ri, halol, to’la ma’noda erkin va shijoatli shaxslar egallashsa. Biroq hech bir davrda, hech bir xalqning davlatchilik tarixida bunday bo’lmagan. Hatto yuqoridagi baytda ta’kidlangan hodisa, ya’ni tabiatan qul va xudbin kimsa yuqori ko’tarilganda martabadan kechish mardligi ham hayotda nihoyatda siyrak uchraydi. Aksincha, Mavlono Jaloliddin Rumiy hazratlari aytganlaridek, “Xalq maqom va rutba uchun tubanliklarga bardosh etar, yaramas hollarga tushar, yuksaklik umidi ila xorliqdan lazzat olar, tahqirlanishdan xushlanar” (“Masnaviy”, Turkcha tarjima, II-jild, 1103, 04-baytlar).

Ogahiyning g’azali – ijtimoiy, siyosiy, axloqiy-falsafiy ma’nolarning mujassamlashuvidan yaralgan voqeaband g’azal. Shoir ijtimoiy-siyosiy va axloqiy hodisot “zanjir”larini bir-biriga shunday mohirlik bilan bog’laydiki, natijada o’quvchi johil va xudbin mansabdorlardan mulk, millat va yurt boshiga qanday ofatlar yog’ilishini jonli manzaralar bilan anglash imkoniga erishadi. Va uning:

Qolmag’ay amniyat osori agar topsa rivoj,
Shahraro avboshlar, beboklar, berohlar,

-degan so’zlariga iqror bo’libgina qolmasdan, yurtda betayin, behayo va yo’ldan adashgan kimsalarning ko’payishi sababiga oldingidan ko’ra kengroq va chuqurroq nazar tashlaydi. Lekin shoirning bosh maqsadi, she’rning yozilishiga asos bo’lgan fojialardan faqat el-ulusni emas, birinchi navbatda shohni ogoh etish edi. Chunki shoh o’z amaldorlari ahvolidan g’ofil qolganda og’ir kulfatlarga yuzma-yuz kelishini tarix qayta-qayta namoyon etgandurki:

G’ofil o’lsa shoh agar mulku sipoh ahvolidin,
Boshga ish tushganda sud etmas fig’onu ohlar…

Afsuski, davlatchilik tariximizda donishmand shoirning bu fikrlarini tasdiqlaydigan hodisalar ko’p bo’lgan.

Oxirgi baytni o’qiymiz:

Ogahiy, qil shohi ogohing duoiy davlatin
Ki, onga arkoni davlatdur hama ogohlar.

Ogahiy podshohning hushyor va hamma narsadan ogohligini e’tirof etganda, ehtimol, samimiy bo’lgandir. Balki shoh saroyidagi arkoni davlatning barchasi ham nazari ochiq, mulki millatiga sodiq kishilar bo’lgandir. Agar shunday bo’lganida shoir ichki bir hasrat bilan qo’liga qalam olmasdi. Va boshqa bir o’rinda:

Rostravlik, Ogahiy, ruxdek seni solmish yiroq,
Qurbi shoh topg’ay eding kajrav esang farzin kabi…

deya shohga yaqinlik – bu to’g’rilik yo’li bilan erishilaveriladigan ish emasligini alohida ta’kid ila gapirmasdi. Umuman olganda, maqta’dagi fikr o’zidan oldingi fikrlar bilan mohiyatan to’la muvofiq kelmaydi.

Albatta, arkoni davlatga tegishli keskin tanqid nechog’lik to’g’ri bo’lmasin, qay bir tomondan shohga maqbul kelmasligi mumkin. Oddiy inson ham anglaydigan ushbu haqiqatni donishmand va mutafakkir bir shoir har tomonlama hisobga olmasligiga aql bovar etmaydi. Shuning uchun oxirgi baytdagi hukmni o’quvchi kinoyadan yiroq, ehtiyot mazmunida bildirilgan hukm o’laroq qabul qiladi.

Bundan tashqari, g’azalda ilgari surilgan tanqidiy ma’noni qaysi bir darajada shoh xolis qabul aylashiga shoirda ishonch bo’lgan. Aks holda bu qadar jur’at va erkinlik bilan qalam tebrata olmasdi.

Darvoqe, keng miqyosdagi shodlik, xursandlik, quvonch musulmon xalqlari uchun bir umrlik orzu, erishilmas cho’ng armon bo’lib kelgan. Baxt va shodlikka yetishildi, deya maqtalgan zamonlarga kelsak, ular ham yolg’on va aldov mahsuli bo’lgan. Shu bois haqgo’y bir shoir she’rlaridan birida “Shodlikni ko’ksiga boshimni qo’yib, o’ksinib-o’ksinib yig’lagim kelar”, deb yozgandi. Qaysi bir jamiyatda tafakkur mehnati sustlashib, haqiqat hissiyoti o’tmaslashsa, shodlik, xurramlik, dilxushlik, huzur-halovat va nekbinlikka doir qarash va mulohazalar ham, albatta, buzulib, tabiiy siyoqini yo’qotadi. Ogahiyning “Ta’viz ul oshiqin” devonidan joy olgan “shodlig’” radifli g’azalida ana shu fojiadan bahs yuritilgan. G’azaldagi:

Nogohon gar shodlig’ topsang, anga aldanmag’il,
Kim ochib yumg’uncha ko’z yo’qtur baqoyi shodlig’…

Shodlig’ hirsi balolarg’a solibtur barchani,
Voqif o’l, ey Ogahiy, chekma baloyi shodlig’,

degan so’zlarini o’qib, mutafakkir shoir naqadar uzoqni ko’ra olganligi, mutasavviflar “makruh shodlik” degan havoyi, baloyi kulfat, ojizlik va musibat manbai bo’lgan soxta quvonchni u naqadar aniq tavsifu ta’rif qilganiga qoyil qolasan. Bir she’rida talantsiz, demakki, yuzsiz va uyatsiz qofiyabozlarga qarata u:

Sen chun nazmingga she’r qo’yding ot,
Senga yo’qdurmu she’r elidin uyot?

— deydi. Bunday g’irromlik va uyatsizlik bugunga kelib, nainki urf, musobaqaga aylanib ketdi.

088Adabiyotni hech vaqt zamon va davrdan ajratib bo’lmaydi. Biroq adabiyotni zamon va davrga tobe qiyofada tasavvur etish ham noto’g’ri. O’z-o’zicha zamonning ham, davrning ham adabiyotga uncha qizig’i yo’q. Haqiqiy adabiyot – insonni davr va zamon ko’zgusida emas, balki zamon va davr qiyofasini inson taqdiri oynasida aks ettirish san’atidir.

Adabiyotning mutlaq haqiqat va abadiyatga daxldor tushunchalari ana shunda taraqqiy topadi. Adabiyotga xos ana shu talab va qonuniyatni Ogahiy nihoyatda teran anglab ijod qilgan. Ogahiy uchun she’r “Jahonda to qiyomat yodgor” bo’lib qoladigan kashf va ilhom hosilasi edi. Buyuk shoirning devonida umri boqiy she’rlarining ko’pligi ham shu fikrning tasdig’idir.

023

(Tashriflar: umumiy 4 793, bugungi 1)

Izoh qoldiring