Ibrohim Haqqul. O’lmas ohanglar (Furqat haqida).

012
Саҳифа тараққийпарвар шоир Фурқат таваллудининг 155 йиллигига бағишланади

Фурқат қачон ва қандай шароитда бўлмасин, халқ бахти-саодатини кўзлаган халқпарвар, ватанпарвар шоир эди. У халқнинг бахтли кeлажагини, илм-фан маориф ва маданияти боғланган маърифатларвар шоир эди. Фурқат ўз Ватанининг мустамлака кишанларидан озод бўлишини, янада гуллаб-яшнашини бутун вужуди билан истаган, лeкин бу ватандан тириклигида абадий жудо бўлган ижодкордир.

003
ЎЛМАС ОҲАНГЛАР
Иброҳим Ҳаққул
007

Улуғ форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомийнинг «Хирадномайи Искандарий»сида шундай ҳикоят бор: дунёни эгаллашга қасд қилган Искандар, ниҳоят, бир шаҳарга етиб келади. Бу шаҳар – тенг ҳуқуқли, олижаноб фазилатли одамлар шаҳри. У ердаги аҳолининг феълу атвори иттифоқо жаҳонгирни ҳайратга солади. Одамлар тубан кимсаларга хос бутун иллатлардан йироқ. Ғийбат нима, бўҳтон нима – билишмайди. Ҳамма фақат яхшилик ва эзгуликка сиғиниб яшайди. Унда «на бой бор, на гадо». Оғир меҳнатдан бели букилганлар учрамайди. Давлат йўқ. Султон йўқ. Халқ озод. Эркин. Искандарнинг руҳан эркин, донишманд бир шахс билан бўлган мулоқоти янада характерли. Бу собир зот инсон ғурури, қадри ва қонеълик ҳақидаги мулоҳазалари билан зобит шоҳни лол қолдиради. Шаҳар халқига Искандар уни подшоҳ этиб тайинлашни таклиф қилганида, у: «Ман марди озодаам. Ба роҳи ҳавас пой нанҳодаам… Надорам тамаъ ганжу симу зарат, Чу мор, аз чй ҳалқа занам бар дарат?» – яъни: «Мен озод кишиман. Ҳою-ҳавас йўлига қадам қўймадим… Ганжу сим, шуҳрату зар тамаъм йўқ, Нега даргоҳингда илонга ўхшаб халқаланиб тўлғанишим керак?» – дея рад жавобини беради.

Албатта, бу идеал ғоя, орзудан яралган қаҳрамон ҳақиқати. Лекин дунё то ҳануз турли халқлар, элатлар толеидаги қуллик, ҳали юраклардан қон силқитаётган тенгсизлик, забунликларга чора ахтараётган экан, ҳали мукаммал инсон тушунчаси хаёлий бир тушунча бўлиб қолаётган экан, Жомий тасвиридаги бундай ғоя ва қаҳрамон эътиқоди ҳаётий кучга эга ва умидбахшдир. Бугина эмас. Шарқнинг энг истеъдодли, инсонпарвар шоирлари қалбида доимий бир дард ҳокимлик қилган. Бу – шахс ички ҳаёти, маънавий эркинлигини ҳимоя қилиш, инсон ўзлигини англаш йўлидаги ҳур қарашларни кучайтириш дарди. Айни шу ғоявий йўналишда гуманист санъаткорларнинг мақсад ва эътиқодлари бирлик топган, зулм ва ёвузликнинг ҳар қандай кўринишига қарши шеъриятнинг ягона кураш пафосини акс эттирган. Шунинг учун ҳам ўзбек демократик адабиётининг улкан вакили, лирик шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат поэзиясидаги баъзи фикру туйғулар, айтайлик, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби даҳоларнинг нуқтаи назарларига яқин, ҳамоҳанг бўлиши асло тасодифий эмас. Фурқатнинг мана бу мисраларидаги маъноларнинг Жомий талқинидаги ўша идеал қаҳрамон тушунчаларига уйғунлигини кўринг:

Биз истиғно эли қичқирмоғон маъвоға бормасмиз,
Агар чинданки, хирман айласа дунёға бормасмиз.
Агар лаб ташна қолсак филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса мавж уран дарёға бормасмиз.

Бу сўзлар ўз қадрини ҳар нарсадан баланд кўрган, «ғурури порлоқ», «саҳройи оламда» лаб ташна қолганда ҳам, заррача бўлсин, руҳий ҳурлигига малолат чўктирмайдиган? иродаси мустаҳкам зотлар тилидан битилган. Табиатан тоза, нияти холис, юксак фазилатларга ишончи зўр эл вакилигина, «Агарчи мис эрурмиз қиммати тиллоға бормасмиз», – дейиши ва «ҳаво лойиға ботган моумонлик», маҳдудлик, худбинликлардан юз ўгирганлигини дадил изҳор этиши мумкин. Шеър давомида ўқиймиз:

Биз эллар – фақр элимиз, парча нонга сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз.

Ҳақиқий шоир учун руҳни, кўнгилни суяйдиган шундай ғурур керак. Ўшандагина унинг тафаккури ҳақиқат маъволарига кўтарилади. Ўшандагина у ҳуқуқсиз, бироқ эрксевар одамларнинг дил изтиробини поэтик сўзда тасвирлай олади. Фурқат шеъриятинииг ибратли жиҳатларидан бири мана шу.

Фурқат ижодиётида «Уч хароботий эрурмиз» сўзлари билан бошланадиган бир мусаддас бор. Шоир унда уч шахс номидан сўзлайди ва уларни аввал «сокини майхона», «уч хароботий» кейин «уч аламкаш», «уч қаландар», «уч биродар», «уч мусофир», «уч адойи», «уч навоий», яъни навокаш, «уч ғарибий», «уч вафойи», «уч балокаш», «уч мукаддар», ниҳоят яна “уч хароботий” ҳолатида шеърхонга таништиради.
Мусаддаснинг ҳар банди охирида:

Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак йўқ эрур армонимиз, –

сатрлари изчил такрорланади. Хўш, бу қандай жафосиз ёр, армонлардан фориғ қанақа даврон? Жаҳон кезиб, «офоқни сарбасар», “вафодин аҳли оламни беасар” кўрган, сухан айлаб «ҳаманинг кўзи кўру қулоғи кар»лигига шубҳаланмаган ва:

Тамом сайр қилиб рўзғор боғини,
Мурод нахлини топдиму бесамар кўрдим, –

деган шоир, нега ушбу мусаддасида ғоявий позициясидан бир қадар чекинди экан? Фурқатшунос олимлар бу мусаддаснинг шоир шеърий меросидаги бошқа асарлардан ажралиб туришини ўринли таъкид этганлар. Масалан, устод Мақсуд Шайхзода уни шоир лирикасининг «шоҳ асари саналишга лойиқ» деб баҳолаган эди.
Сўфиёна шеърларда татбиқ қилинадиган сўз, ибора, анъанавий образлар мусаддасда анчагина. Лекин улар бошқачароқ мақсадга хизмат қилади. Шоир «уч қаландармиз, қаландархонада ҳамхонамиз» ёки «хонақоҳ кунжиға бориб ёки тоат айлалук» деган ўринларда шунчаки лутф оҳангида гапиради. Ахир, тоат-ибодатга ихлоси зўр кишилар «ёки тоат айлалук», дея маъно юкини бу тарзда енгиллаштирмайди. Демоқчимизки, бундай вазиятларда сўзлагувчининг сўзига эмас, ҳолига боқ деган ҳикматга риоя қилишга тўғри келади. Мана ўшандагина руҳий моҳият очилади. Мусаддасда эса бош ҳақиқат – руҳ ҳақиқати. Унда эркинликдан «нашъа пайдо» қилган озод руҳ овози ва хаёлий манзаралари порлоқ рангларда жонлантирилган. Мана, эшитинг:

Уч навоиймиз, келинглар, азми гулшан айлали,
Андалибга қўшулуб ул ерни маскан айлали.
Куйдуруб гул, шоху яфроғини гулхан айлали,
Чилтанни на этармиз, ўзни чор тан айлали:
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак йўқ эрур армонимиз.

Бу – эркин ва самовий бир руҳий ҳолат. Буни ҳис қилолмаган киши юрак ҳуррияти нималигини англолмайди. Фурқат эса ана шунга қарши.

Умуман олганда, мусаддасда риндона ҳиссиёт ва кайфиятлар етакчига ўхшайди. «Уч аламкаш» – гоҳо уч ҳақиқий ошиқ, уч исёнкор, гоҳо дин ҳомийларига ён бермас уч шаккок сиймосида ҳам кўзга ташланади. Буларнинг ҳаммасини инобатга олган ҳолда айтиш керакки, ушбу шеърнинг бош ва белгиловчи ҳақиқати – эрксеварлик. Шеърда гуноҳкор замин, бўғиқ замон, гумроҳликларга кўмилган жамият, бир-биридан баттар ақидапараст кимсалар, хуллас, нобакор оламдан беҳад юқори бир эрк муҳити яратилган. Шунинг учун уни ўқиган киши қалбини, албатта, юксак сезади, руҳ дунёдаги энг озод куч эканлигига тўла инонади. Агар мусаддасдаги «Ҳолимиз дунё ғамидин фориғи кошонамиз», «На ҳирси домдурмиз, на асри донамиз», «Боқмадук дунё юзиға, то анго ноз айлалук» каби шеър қаҳрамонлари характер мантиқларини таъкидловчи мисралар мазмуни ўша поэтик муҳитдан ажратилиб тушунилса, унда ҳур фикр бу уч биродар таркидунёчилик тарғиботчисига айланиб қолиши эҳтимол. Ҳолбуки, уларнинг қалб истаги, асосий орзуси ҳижрон қафасидан қутулиб, ёр висолига эришмоқдир:

Уч вафойимиз, келинглар, азми гулзор айлали,
Боргали ёр олдиға ўзни сабукбор айлали,
Ёрни уйқусидин бир лаҳза бедор айлали,
Хоҳ беҳуд бўлоли, хоҳ ўзни ҳушёр айлали…

Бизнингча, мусаддасда анъанавий ёр ва ошиқ образлари Фурқат учун кўпроқ восита бўлган. Шу воситада шоир замонасидаги ўз-ўзича ғолиб, эрксеварликда бағоят ҳушёр, дарвешликда ниҳоятда оқил кишиларнинг юрак оҳанглари, маънавий-руҳий интилашларини поэтиклаштирган.

Маълумки, табиатни севмаган, коинотга бағрини кенг очмаган шоир, борлиққа шуурсиз, сўник нигоҳ ташлайди. Бу ҳам ўзига хос тутқунлик. Чин шоирда коинот билан қалбан сирлашадиган тил, фазовий кенгликларда парвоз этадиган руҳий юксалиш бўлиши керак. Машрабнинг «Руҳи жоним аршға етди, мен ўзим осмониман», дейиши шунчаки гап бўлмаган. Фурқат ҳам ижтимоий муҳитдан топмаган эркинликни инсон табиати бағридан топишига ишонган.

Қадимги ҳинд эпоси «Маҳабҳарата» ҳикоятларидаги, бўғиқ муҳит толиқтирган, ёвузликлардан қалблари зада баъзи қаҳрамонлар табиат бағрига қочишлари, эркинлик истаб ўзларини табиат қучоғига ташлашлари бежизмас. Қизиғи шундаки, улар ҳатто росмана кийимларини ҳам ўзгартириб, тоғ, ўрмон, дашт ўтларидан тўқилган кўйлаклар кийиб юришади. Бунда рамз борлиги, шубҳасиз. Аслида инсон табиатни эмас, табиат инсонни оқ ювиб, оқ тарайди. Табиатнинг турфа ранг либосларидан «кўйлак киймаган» юрак яланғоч файзсиз бўлиб қолаверади. Инсонни мана шу бадбахтликдан муҳофаза қиладиган, шу бахтсизликка қарши тинимсиз курашадиган Қаҳрамонлардан энг фаоли – Шеърият. Фурқат поэзиясида ҳам табиат ва инсон, инсон ва табиат муносабатлари анча кенг ва жонли ифодаларини топган. Фурқат ўзига хос мусаввир шоир. Бир қатор шеърларида у табиат юрт манзараларини яратган. Сиз уларда субҳидам шабнамлари тизилган сабзаларни кўрасиз; найсонлардан тўкилаётган томчилар сасини тинглагандай бўласиз; қумриларнинг хонишини эшитасиз…

Бир саҳар эдим уйғоқ: ўт тутошди оламға,
Тоғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.

Фурқатнинг бундай байтларида сўз табиат унсурлари тимсолига кўчади. Шоир «Навбаҳор айёми бўлди, келинг, эй аҳбоблар»; «Фасли навбаҳор ўлди кетибон зимистонлар» мисралари билан бошланадиган ғазалларида одамларни фақат табиатдан завқланиш, ҳаётдан баҳра олишгамас, балки эркинликка, ҳур яшашга ҳам чорлайди. Шуни ҳам қайд қилмоқ лозимки, инсон эркинглиги ва табиат, коинот ва шахс озодлиги Фурқат дунёқарашида айтарли битта тушунча. «Гулшан», «чаман», хусусан, «саҳро» образининг шоир лирикасида фаол қўлланиши сабаби ҳам шунда. Жамият тараққиёти қонуниятлари, озодликнинг ижтимоий-сиёсий йўлларини атрофлича билишгача бориб етмаган Фурқат шеърларида эрксеварлик мотивлари у ё бу шаклда асосан она табиатга боғланади. Шоирнинг зулм ва зўравонликка қаҳр ҳислари билан йўғрилган, эрк ва озодлик ғояси фавқулодда таъсирчан оҳангда ифодаланган машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд» мусаддасини эсланг. Оҳу унда – тутқунлик, ҳуқуқсиз, хўрланган кишилар тимсоли. Шоир оҳунинг золим ва ситамкор сайёд бандидан халос бўлиб, озод яшашини тилайди. Бу эркинлик қандай зоҳир бўлиши мумкин! Муаллиф тасаввурига кўра: тоғларга чиқиб у ёри билан пайваста кезганда, «ёмғир суви тўлганда, тоғ лолани жом» қилганида ва ҳоказо.

Фурқат шеърияти – инсоннинг ўз-ўзини чеклайдиган ички қуллик, фикрий кишанлардан халос қилишга ҳисса қўшадиган шеърият. Заминнинг қайси бурчагидаки, ҳақсизликдан мардумнинг дарди ичига сиғмаётган бўлса, демак Фурқат эрк сайёдларини лаънатлаётир. Демак, унинг шеърларидан бахтсиз кишиларнинг қайғу ва армон сўзлари эшитилмоқда. Шу маънода Фурқат ўтмишнинггина эмас, бугуннинг ҳам шоиридир.

Манба: Шеърият – 86. Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1987.

007

077Фурқат (тахаллуси; асл исм шарифи Зокиржон Мулло Ҳолмуҳаммад ўғли) (1859, Қўқон—1909,Ёркенд) — тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публитсист. Маҳалласидаги мактабда савод чиқарган, мударрис ва котиблардан хаттотлик, араб тилини ўрганган. Мадрасада ўқиган (1873—76). Алишер Навоий ижодини, форс адабиёти намояндалари меросини чуқур ўрганган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган.   Фурқат Янги Марғилонда ижодкор сифатида тўла шаклланди, ўз ғазалларига «Фурқат» тахаллусини қўйиб, шуҳрат қозона бошлади. Бу ерда ўтказилган йиллар Фурқатнинг халқчил дунёқараши, илғор адабиестетик тушунчаларининг шаклланишида ҳам муҳим бир босқич бўлди.
80-йилларнинг бошларида Фурқат Қўқонга қайтиб, оила қуради ва, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Муқимий ва Муҳйи етакчи бўлган Завқий, Нодим, Нисбат, Муҳаййир каби ижодкорлар гуруҳи билан бевосита мулоқотда бўлади, улар уюштириб турадиган адабий мажлислар, шеърият кечаларининг фаол иштирокчисига айланади.
Қўқон хонлигининг узилкесил тугатилиб, батамом мустамлакага айлантирилиши воқеасига боғлиқ ҳолда яратилган: «Демиш хон бир куниким, давру давронлар қаён қолди?» мисраси билан бошланувчи мухаммаси ҳам Фурқатнинг шу даврдаги ижоди маҳсулидир. Тожу тахтдан, шаъну шавкат ва аъёнлардан махрум бўлган Худоёрхон номидан битилган бу асар ҳам шоир ижодида замонавий ижтимоий мавзу кенг ўрин эгаллаганининт исботидир.
Фурқат шеъриятида мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, жорий адолатсизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, нодонларнинг замонада эътибор топиб, доноларнинг хорзор этилишидан норозилик эсда қоларли бадиий бўёқларда тасвирланган.

«Чархи кажрафторнинг бир шевасидан доғмен:
Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур»

каби баркамол мисралар шоир ижодидаги ижтимоий йўналишни акс эттиради. «Бормасмиз» радифли шеърида эса ўзбек миллий руҳияти бадиий ифодаланган. Машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд…» мусаддасида эса шоир шахснинг эркин яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилади, зулм ва истибдодни қатъий қоралайди.
Фурқат тахминан 1886—87 йилларда Марғилонга бориб, у ердаги Масжиди жоме ҳужрасида истиқомат қилган, ёру биродарлари кўмагида кичик дўкон очган бўлсада, асосан, шеърият билан шуғулланган, шаҳарнинг зиёлилари, жумладан, Хўжажон Рожий, Муҳаммад Умар Умидий-Ҳавоий, Мулла Тошболту Ройиқ каби ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурган. Фурқат илк бор газета билан танишиб, унинг «Тошкент шаҳрида босма бўлғон»лигини шу ерда билади. Янгиликка чанқоқ, тараққийпарвар шоирда ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришларга, секинаста ёйила бораётган фан ва техника намуналарига қизиқиш уйғонади, янгиликлар билан бевосита танишиш, ўз кўзи билан кўриш иштиёқи зўраяди. 1889 йил бошларида Тошкент сафарига чиқади, Хўжандда тўхтаб, Тошхўжа Асирий бошлиқ шоирлар, адабиёт мухлислари билан учрашади, адабий кечаларда иштирок этади. Ниҳоят, 1889 йилнинг июнида Тошкентга келади.
Фурқат Тошкентда рус зиёлилари, европача ҳаёт тарзи билан танишди. Чор маъмурлари шоирнинг театр, гимназияга, турли контсертларга киритишни уюштирдилар, кўргазмаларга олиб бордилар. Янги тарихий шароит туфайли юз берган ўзгаришларни мушоҳада этиш натижасида Фурқат дунёқарашида жиддий ўзгариш бўлади ва бу ҳол унинг ижодида ўз бадиий ифодасини топади — маърифатпарварлик, европача илм-маданият, фан-техникага хайрихоҳлик шоир шеърларининг етакчи ғоясига айлана боради. Бу эса Фурқатнинт кўп асрли ўзбек адабиётига янги мавзулар, янги ғоялар олиб киришига замин бўлди. Тошкентда очилган эрлар гимназияси, маориф муассасалари, маданият ва санъат ўчоқларини, тобора кўпроқ кириб келаётган фантехника янгиликларини кузатиш оқибатида унинг «Илм хосияти», «Гимназия», «Виставка хусусида», «Акт мажлиси хусусида», «Тошкент шахрида бўлғон нағма базми хусусида», «Суворов» ва бошқа асарлари майдонга келди ва уларнинг барчаси 1890 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да чоп қилинди.
Бу туркум асарларида Фурқат янгилик ва тараққиётнинг, илм-фан ва европача маориф-маданиятнинг тарғиботчиси сифатида намоён бўлади; ўз ватандошларини замонавий билимларни пухта эгаллашга ва илғор халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади.
Фурқат ҳакли равишда ўзбек публицистикасининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Фурқатнинг публицист сифатидаги фаолияти 1890 йилдан бошланди. «Туркистон вилоятининг газети»га расман ишга кирди, газетани тайёрлашда бевосита катнашди. Бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида Сатторхон каби илғор маърифатпарварлар билан ҳамкорликда ишлаб, газета саҳифаларида ўз мақолаларини эълон қилди. 1891 йил майда Самарқандга борди, осори-атиқалар билан танишди, газетага хабарлар йўллади, кейин Бухорода бўлди. Июлда эса чет эл саёҳатига чиқди. Унинг чет элга саёҳати ҳақида турли тахминлар бор. Айрим маълумотларга қараганда, у атайин кейтиб келмайдиган қилиб ўз юртидан чиқариб юборилган. Хуллас, 1891 йилнинг июлида Марв —Ашхобод—Боку—Батуми орқали Истанбулга борди.
Фурқат Истанбулдан Булғория ва Юнонистонга ўгди. Болқон ярим оролининг қатор шаҳарларида бўлди. 1892 йилнинг мартида Истанбулдан Ўрта денгиз орқали Арабистонга — Макка, Жидда, Мадина шаҳарларига борди. Маккадаги ҳаж зиёрати муносабати билан «Ҳажнома» асарини яратди. Сўнг Бомбайга келди, Ҳиндистоннинг қатор вилоятларига саёҳат қилди. Унинг бу даврда ёзган насрий ва назмий мактубларида тушкунлик, она юрт соғинчи ва изтироблари акс этган. 1893 йил мартида Фурқат Кашмир ва Тибет орқали Шарқий Туркистонга бориб, Ёркендда турғун яшаб қолди. Оила қурди. Табибликдан хабардор бўлган шоир доривор ўсимликлар билан савдо қилувчи дўкон очди, ижодий иш ва хаттотлик билан шуғулланди. Фурқат доимо Ватанига қайтиш умиди билан яшади Фурқат ўзбек матбуоти тарихида фелетон жанрини бошлаб берди («Ҳинд найрангбози Ёркендда», 1905).
Баркамол лирикаси, жозибали насри ва гублитсистикаси билан 19-аср охири ва 20-аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қушган Фурқат она ватанидан узоқда вафот этди ва Ёркенднинг Донгдор қабристонига кўмилган. 1990 йил шоир қабри устига мақбара қурилган.

Абдурашид Абдуғафуров,
Бегали Қосимов

07
ФУРҚАТ
ҒАЗАЛЛАР,МУХАММАСЛАР
08

БАҲОР АЙЁМИДА

Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса,
Қилурга шарҳи ҳол, аҳли муҳаббат икки тан бўлса.

Хазон айёмида ул тавба қилган бўлса ҳам майдин,
Етиб майхораликнинг мавсуми, паймоншикан бўлса.

Булут қатра фишону, руҳафзо сабзалар хандон,
Ариғларнинг лабида сабзакори бир чаман бўлса.

Ҳаво ҳам мў‘тадил, ҳавзи мусаффо, суффаи дилкаш,
Оқар сув ғалт уриб, себарга узра мавжзан бўлса.

Сабуи лаъл бирлан шишаи байзоу олтун жом
Ўшал мажлисда соқий бир нигори сиймтан бўлса.

Гул узра андалибу, сарвнинг бошида қумрилар
Юзу қад ҳасратидин оҳу фарёд айлаган бўлса.

Киши тўбию кавсар, жаннату ризвонни не қилсун?
Жаҳон айвонида ҳосил бу янглиғ анжуман бўлса.

Суруру шодликни даҳр боғида нечук кўргай?
Камина Фурқатийнинг маскани байтул-ҳазан бўлса.

УМР ХУШ ЎТМАС

Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса,
Лолазор ичра бисоти айш барпо бўлмаса.

Ҳосил ўлмас бодау жом ила мийнодин мурод,
Жилвагар то соқийи гулчеҳра андо бўлмаса.

Базм аҳли бўлсалар майхоралар анда зариф —
Дарди йўқ ағёр ўшал мажлисда асло бўлмаса.

Даҳр гулзорида хушдир яхши таъмири бисот,
Гар хазондин гарди ҳодис анда пайдо бўлмаса.

Обиҳайвон бирла умри жовидонни не қилай
Бир хати Хизру лаби лаъли Масиҳо бўлмаса.

Хок бўлсун ул танеким, ишқ ўтида куймаса,
Зерипо бўлсун сареким, анда савдо бўлмаса.

Фурқат айлар орзу бу анжумаини ҳар баҳор,
Одам эрмас ҳар кишида бу таманно бўлмаса.

ОҲИСТА-ОҲИСТА

Вафо айлаб йироқдин ошкор оҳиста-оҳиста,
Бир ишқим айладинг, жоно, ҳазор оҳиста-оҳиста.

На яхши марҳаматлар айламишсан номада изҳор;
«Муҳаббат расми қилғил» деб шиор оҳиста-оҳиста.

Жадал бирла киши мақсудиға етган эмас, оре,
Бўлур вақти билан ҳар навъ кор оҳиста-оҳиста.

Нечук тоқат қилайким, бора-бора зўр этиб ишқинг,
Кўнгулдин олди сабр ила қарор оҳиста-оҳиста.

Бериб таскин кўнгулға: васлига бир кун етарман деб
Ўзимни ўргатай ҳажрингга, ёр, оҳиста-оҳиста.

Паришон ўлмайин то хотирингни жамъи қил, жоно,
Сўраб ҳолимни хат бирлан бирор оҳиста-оҳиста.

Нечук осойиш айлай, эй кўнгул оромиким, сенсиз
Бўлуб борур жаҳон кўзимға тор оҳиста-оҳиста.

Ўшал кун бир кўриб қолганда қилган новаки ғамзанг
Ҳануз айлаб келур кўксим фигор оҳиста-оҳиста.

Висолинг бодасидин қилмасанг шодоб Фурқатни,
Хабар айлар ани ҳажру хумор оҳиста-оҳиста.

РУХСОРИ АҲМАР УСТИДА

Терму тоби бодадин рухсори аҳмар устида?
Қатра-қатра ёки шабнамдур гули тар устида?

Ўсмалиқ қошларму ё шамшир қондин занглиқ?
Ёки пистоқи тўкулмиш ранги аҳзар устида.

Юз уза кокулмидур ҳар сори печутоб ила?
Ганжи ҳуснингму ётур ё икки аждар устида?

Чеҳра очтингму бу тадбир-ла чаманда толдилар,
Хаста булбул гул уза, қумри сановбар устида?

Хоки пойингни талошур кўзга эл сурмоқ учун,
Оре, ҳар ерда ҳужум айлар гадо зар устида.

Икки жоду наргисинг солғай жаҳонға фитналар,
Бўлмаса урён қошингдин икки ханжар устида.

Нозанин, сен ташла истиғнони, худ бори гарон,
Ноз дебоси назокат хулқ пайкар устида.

Фурқатий қошу кўзингдин фитналар кўрди бале!
Шўриш ўлмоқ расмдур ой туғса ахтар устида.

КАШМИРДА

Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,
Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда.

Зарра-зарра зар сочар бошиға ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи иксирда.

Бир кўриб чоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков,
Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.

Ламъаи қийғоч кўзидин анинг барқи нигоҳ,
Тезлик жавҳарлари гар бўлса ҳар шамширда.

Қоши узра холининг асроридин бир нуқтадур,
Сураи Нун ўқудим пайваста ҳар тафсирда.

Фориғ эрмас ҳеч ким ул дилрабонинг ишқидин,
Зулфига дилбасталиғ ҳар бир жувону пирда.

Айдим: «Эй, жон офати, зулфингга бўлмишман асир!
Айди: «Бу савдони қўй, умринг ўтар занжирда!»

«Нуқта лаб устида бежодур»,— дедим, айди кулиб:
«Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда».

Айди: «Эй бечора, қилдинг на учун тарки ватан?»
Ман дедим: «Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда!»

КАВЛАМА
(Машраб ғазалига мухаммас)

Ошиқи дилдодадурман дилбаримни кавлама,
Ахгар ўлди ғам ўтида пайкаримни кавлама,
Сайр қилдим баҳру бар хушку таримни кавлама,
Эй сабо, ғамзодадурман, бистаримни кавлама,
Чун шафақ олудаман хокисторимни кавлама!

Чархи кажрафтордин беҳад аломатлар келур,
Бу сабаб кўздин юза ашки надоматлар келур,
Гар юракни қўзғасам ширин ҳикоятлар келур,
Ҳар замоне Лайлидин менга китобатлар келур,
Санки Мажнун бўлмасанг сардафтаримни кавлама!

Ғамдин озода билур озодаларни ҳолини,
Йўқса мискин на билур шаҳзодаларни ҳолини
Хурдадонлар билмадилар соддаларни ҳолини,
Хонавайронлар билур афтодаларни ҳолини.
Эйки маҳрам бўлмасанг чашми таримни кавлама!

Ишқ савдоси тушуб бошимға, аҳволим хароб,
Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб,
Таъна қилма, зоҳидо, кўнглумда ғамлар беҳисоб,
То кишиға дард тегмай бўлмади багри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама!

Неча кунлар ҳамдам ўзга ваҳшию тайр айладим,
Билмадим бу йўлда шаръ қилдим ваё хайр айладим
Ғам ҳужум этти анинг-чун масканим дайр айладим,
Ломаконни шаҳрини бир ҳу била сайр айладим,
Жабраили ишқман, болу паримни кавлама!

Гаҳ ўзимни сувға урдум, гоҳ ўтга дам-бадам,
Бўлмади даврон сафоси лаҳзаэ бошимға кам,
То шариатни тутуб қўйдум тариқатга қадам,
Баҳри раҳматга кприб қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсен, гавҳаримни кавлама!

Чун қадам қўйдунг бу йўлға бўлма бематлаб вале,
Фахри зиллат бўл, талашма ғурбати мансаб вале,
Фурқатий, саргашта бўлсанг, йиғлагил ҳар шаб вале,
Дурри дарёйи маоний бўлду чун Машраб вале,
Дийда бино бўлмасанг кўб жавҳаримни кавлама!

САЙДИНГ ҚЎЯБEР, САЙЁД

Сайдннг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Ол домипи бўйнидин, бечора экан мендек,
Ўз ёрини топмасдан овора экан мендек,
Иқболи нигун, бахти ҳам қора экан мендек,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Кес риштаниким, қилсун чаппаклар отиб жаста,
Ҳажрида алам тортиб, бўлди жигари хаста.
Тоғларға чиқиб бўлсун ёри била пайваста,
Кел, қўйма бало доми бирла они по баста,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендск,
Куйган жигари багри садпора экан мендек.

Беш кун сени даврингда бечора хиром этсун,
Оҳулар ила ўйнаб, айшини мудом этсун,
Ёмғур суви тўлганда, тоғ лолани жом этсун,
Ҳаққингға дуо айлаб, умрини тамом этсун,
Ҳижрон ўқиднн жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жпгари багри садпора экан мендек.

Саргашта бу водийда бнр бошнға раҳм эткил,
Йўқ тоқати бандингга, бардошига раҳм эткил,
Йиғлаб сенга термулур, кўз ёшига раҳм эткил,
Раҳм этмасанг ўзига, йўлдошига раҳм эткил,
Ҳижрон ўқидип жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садиора экан мендек.

Тоғда очилиб лола, ер сабза баҳор ўлса,
Ахир бу нечук бедод, олам анга тор ўлса?
Чиқмай деса жойидин, узлатда фигор ўлса,
Гар чиқса баногоҳи домеға дучор ўлса,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Бечорани зулм айлаб, қўл-бўйнини боғлабсан,
Ҳар сори чекиб-судраб, ўлдиргали чоғлабсан,
Кўксини жафо бирла лола каби доғлабсан,
Сот менга, агар қасдинг олғувчи сўроғлабсан,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Йўқ ҳуши, пари теккан девонаға ўхшайдур,
Кўз ёши яна тўлган паймонаға ўхшайдур,
Ғам сели билан кўнгли вайронаға ўхшайдур,
Фурқатда бу Саъдулло ҳайронаға ўхшайдур,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра зкан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

09

(Tashriflar: umumiy 2 685, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring