Ibrohim Haqqul. Sen fikrni shaxs bilgil…

033    2016  йил-  Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги

    Миллатнинг оғирини енгил, мушкулини осон айлашга куч бағишлаш адабиётнинг виждон иши. Чунки ҳеч бир адабиёт ҳеч бир шароитда миллат тақдирига тепадан қаролмайди. Ҳар бир адабиётнинг ўз халқи, ўзининг жонажон ватани бор. Шу боисдан ҳам улкан истеъдодлар «Санъат-санъат учун. Адабиётда адабиётдан бошқа бир ғоя ахтариш санъатни хароб этишдир» деган назарияларни қабул қилишмаган. Ва бундай назариялардан адабиёт номи ила миллатнинг номуси, ҳаёти, мавжудлигига қарши бетайин асарлар дунёга келади, аллақандай «бахтномалар» яратилади деб билишган.

“СЕН ФИКРНИ ШАХС БИЛГИЛ…”
Навоийшунос  олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат
Суҳбатдош — Фахриёр
045

034ФАХРИЁР: – Иброҳим ака, адабиёт зиммасига ҳар ким ўзича вазифа юклайди. Кимдир уни миллатнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиши керак деса, бошқа биров адабиёт нафис санъат тури бўлгани учун ҳар нарсага аралашавермагани маъқул, деб ҳисоблайди. Агар адабий тафаккур ҳам ижтимоий тафаккурнинг бир тури деб қаралса-аслида шундай бўлиши ҳам шарт-унинг ҳозирги ижтимоий-сиёсий жараёнларга суст муносабатини қандай тушуниш мумкин? Бу кескин бурилиш палласида ўзи талпиниб келган улуғ идеалларнинг чилпарчин бўлиши билан боғлиқ довдирашми ёки мавжуд жараёнларнинг пўртана оқими тиниб, ўзани муайянлашишини кутиб туришми?

011Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Миллатнинг оғирини енгил, мушкулини осон айлашга куч бағишлаш адабиётнинг виждон иши. Чунки ҳеч бир адабиёт ҳеч бир шароитда миллат тақдирига тепадан қаролмайди. Ҳар бир адабиётнинг ўз халқи, ўзининг жонажон ватани бор. Шу боисдан ҳам улкан истеъдодлар «Санъат-санъат учун. Адабиётда адабиётдан бошқа бир ғоя ахтариш санъатни хароб этишдир» деган назарияларни қабул қилишмаган. Ва бундай назариялардан адабиёт номи ила миллатнинг номуси, ҳаёти, мавжудлигига қарши бетайин асарлар дунёга келади, аллақандай «бахтномалар» яратилади деб билишган. Тўғри, кўп соҳаларда бўлганидек шарқликлар кейинги асрларда адабиётда ҳам ортда қолиб, ғарбликлар илгарилаб кетишган. Уларнинг адабиётидан санъат ва санъаткорлик маъносида истаганча фойдаланиш мумкин. Лекин бошқа бир миллат адабиётини мамлакатга ҳоким бўлишига эрк бермаслик лозим. Биз эса шўро мафкураси таъсиридан тўла-тўкис халос бўлиб билмаганимиздек, хорижий адабиёт ҳукмронлигидан ҳам қутилганимиз йўқ. Бундан ташқари, тўрт-беш ижодкорни айтмаса, аксарият ёзувчи ва шоирлар учун мустақиллик, истиқлол идеали умуман бегона нарса эди. Адабиётдаги сунъийлик, саёзлик, китобийлик офатининг бир сабаби ана шунда…

Ф.: – Адабий жараёндаги парокандалик ижтимоий ҳаётга салбий таъсир этмайдими? Адабиётнинг вазифаси ўқувчини ортидан эргаштира олмаса, ҳеч бўлмаганда, уни бадиий тўқиманинг кучи воситасида ўзи олдинга сураётган гуманистик ғояларга ишонтириш орқали эстетик туйғуни тарбиялаш эмасми?

И.Ҳ.: – Албатта, ёмон таъсир кўрсатади. Ижод аҳли халқнинг илғор, пешқадам вакиллари. Шуларки, бир-бирини тушуниб, ўзаро тил топишолмаса, юксак бир умумий мақсад ва маслак атрофида бирлашиб билмаса, уларнинг айтган сўзи ёки ёзганига ким ишонади? Адабий жараёндаги шахсий тортма-торт ва худкомликлар наинки адабиёт, балки халқ, юрт тақдирига ҳам жуда катта зиён етказиб, ўртамиёна, талантсиз қаламкашларнинг олдинга чиқишига, юзлаб яроқсиз китобларнинг пайдо бўлишига йўл очган. Бундай ҳолатда адабиёт ўқувчини эргаштириш қувватига соҳиб бўлолмайди – нари борса уни шунчаки қизиқтиради, фикрсизлик кўникмасининг ортишига ёрдам беради.

«Эстетик туйғуни тарбиялаш» деган гап унча тўғри гап эмас. Гўзаллик туйғуси уйғотилади. Агар одам табиатида шу туйғунинг «уруғ»и бўлмаса, тарбия, тажриба бир чақа ҳам фойда бермайди. Адабиётнинг таъсир имконлари айрим даққи олимлар ўйлаган даражада кенг эмас. Шунинг учун бадиий ижодда ифодаланган ҳақиқатлар ҳамманинг ҳам қалбида акс садо беравермайди.

Ф: – Назаримда, мумтоз адабиётга ҳам синфий ёки коммунистик (атеистик) мафкура нуқтаи назаридан муносабат улкан йўқотишларга сабаб бўлди. Диний клерикал адабиёт тамғаси билан босилган кўплаб шоирларнинг ижоди ўрганилмай қолиб кетди. Умуман олганда, мумтоз адабиётни ўрганишнинг бугунги аҳволи сизни қониқтирадими?

И.Ҳ.: – Албатта, адабиётга синфий ва партиявий ёндошишининг зиёни катта бўлган. Мустақилликдан сўнг эса мумтоз адабиётни янгидан ва янгича нигоҳ билан тадқиқ этиш бўйича анча-мунча ишлар қилинди. Кўпчиликнинг диққат-эътиборини жалб қила олган китоблар чиқди. Аммо мени қаноатлантирмайдиган жиҳат, адабиётшуносликдаги умумий савиянинг пастлигидир. Авом орасида бўлганидек, олимлар жамоасида ҳам бефаҳм, нодон ва аҳмоқлар етарли. Шундай зотларнинг «кашфиёт»лари билан танишганда, тилга «афсус ёки эсиз…»дан бошқа бир калима келмайди. Менинг бутун умидим ёшлардан…

Ф.: – Қачон биз ҳам турк ёзувчиси Ўрхон Памуққа ўхшаб жаҳон адабиётининг етук тажрибалари билан тасаввуфни ўзаро синтез қилиб, гўзал романлар яратар даражага етамиз?

И.Ҳ.: – Унгача ҳали узоқ. Биз тасаввуф ҳақида ўзимиз билганимизча гапириб нималарнидир ёзаётирмиз. Тасаввуф моҳиятини тўла-тўкис тушуниб, тасаввуфий ҳаёт талабларига риоя қилган ҳолда қалам тебратаётган ўзбек ижодкори борлигини мен билмайман. Деярли ҳамма иш ҳаваскорлик даражасида. Шу учун гап бошқа, ҳол бошқа. Тасаввуфдан баҳс юритиб, сўфий ёки мутасаввиф қиёфасида ном қозониш даъвоси янги ҳодиса эмас. Қадим даврлардаёқ бу бир «мода»га айланган. Бундан ташқари, тасаввуфдан мафкуравий кураш қуроли сифатида фойдаланишни кўзлаётганлар бор. Кимлар учундир тасаввуф дунё миқёсидаги «бизнес» манбаи бўлиб қолганлигини билмаслик ё сезмаслик мумкинми? Сўфийликнинг тамали шунчаки гўзаллик эмас, балки энг олий гўзалликни излашдир. Ана шунга қараб сўфийларнинг йўл ва изланишлари ҳам бир-биридан фарқланиб, хилма-хиллик касб этган. Шу сабабли бир араб олими тасаввуфни авомнинг тасаввуфи, фақиҳ ва обиднинг тасаввуфи, мутасаввиф ёки файласуфнинг тасаввуфи дея бир неча гуруҳга ажратиб таърифлайди. Хилма-хиллик ва фарқланишлар, аслида, бундан ҳам кўпдир. Чунки сўфийлик авомдан зиёлиларга, ижодкор, олим ва мутафаккирларга боргунига қадар ниҳоятда кўп ўзгариш, янгиланиш, эришиш ва йўқотишларни бошдан кечирган. Буларни чуқур билмай, мақсад ва эҳтиёжни аниқ тасаввур қилмасдан туриб, Сиз орзу қилган даражага эришишнинг ҳеч иложи йўқдир. Яна бир гапни айтай. Адабиёт ва тасаввуф ўзаро «синтез» қилинган энг мукаммал асарлар мумтоз адабиётимизда бор-ку. Нега уларни ўрганиш савияси қувонарли эмас? Буни ҳам жиддий ўйлаш зарур.

Ф.: – Баъзи бир Ғарб файласуфларининг инсонни илоҳийлаштиришга бўлган уринишлари ва муайян қарашларга дўниб, миллий тафаккурларнинг бир четини эгаллагани, кейинчалик XX асрга келиб эса, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган ёвуз мафкураларга айланганини кўрамиз. Қизиғи шундаки, бундай мафкуралар Шарқдаги комил инсон тушунчасидан келиб чиққан деган фикрлар ҳам бор…

И.Ҳ.: – Шарқдаги комил инсон тушунчасининг Сиз назарда тутган ёвуз мафкураларга зарра қадар алоқаси ҳам, таъсири ҳам йўқ. Тўғри, Шарқда инсон илоҳийлаштирилган. Аммо ҳеч қачон, ҳеч бир мутафаккир томонидан у Оллоҳга қарши қўйилмаган. Ғарб одами Оллоҳга фано бўлиш ёки Ҳақ иродасига идеал ирода ўлароқ таяниш нималигини билмайди, аксарият ҳолларда тасаввур ҳам этолмайди. Чунки уларда нафс ва нафсни енгишга доир қараш ҳам, тажриба ҳам бутунлай бошқача. Акс ҳолда қанчадан-қанча олим, мутафаккир, ижодкорлар дин ўрнини илм-фан эгаллай олади, инсон куч-қудрати ва мавқеи Оллоҳникидан юқоридир деган нуқтаи назарни қўллаб-қувватламасди. Марксизм таълимоти осмондан тушмаган, Нитше жаноблари азбаройи хасталиги туфайли «худо ўлди» демаган. Фаранг материалистларининг даҳрийлик хуружлари ўз-ўзидан авж олмаган. Ҳатто ғарблик файласуфлардан бири «Инсонсеварлик дини» деган бир дин жорий этган. Унинг қонун-қоидалари орасида аёлга кунига уч маротаба эркак кишининг қай тарзда ибодат қилиши кераклиги ҳам кўрсатиб берилган. Ва одамларни метафизик алоқалардан бутунлай қутилиб, инсондан ўзга тангри йўқ деб яшашга ундаган. Буларнинг бариси биз мафтун бўлиб гапириб келган Ғарб гуманизми ғояси бағридан ўсиб чиққан. Нега Аттор, Румий, Жомий сингари буюк Шарқ мутасаввифлари юнон фалсафасини танқид қилишган. Бу масалалар хусусида холис мулоҳаза юритиб, тўғри ва ҳаққоний хулосалар ўртага ташланмаса, миллат шуури ва дунёқарашини янгилаш кўнгилдагидек силжимайди. Покистоннинг мутафаккир шоири Муҳаммад Иқбол бир шеърида, Шарқ Ҳақни таниди-ю, воқеликдан четлашди, Ғарб ҳаёт ва яшаш завқини топди-ю, Оллоҳдан узоқлашди, деб тўғри айтган. Ҳаёт ва воқелик муаммоларини ҳал қилишда Ғарбдан ўрганиб, ўрнак олавериш керак. Бироқ динга, Оллоҳга муносабатда унинг оғули фикр ва ғояларидан онгу идрокни тозалашга эътибор бериш зарур, деб ўйлайман.

Ф.: – Экзистенциализм ва тасаввуф фалсафалари бир-бирига нечоғли мос келади? Назаримда, атеистик экзистенциализмни истисно қилсак, унинг диний кўриниши тасаввуф фалсафасидан унчалик фарқ қилмайдигандек…

И.Ҳ.: – Экзистенциализм, битта ибора билан айтганда, мавжудлик фалсафаси. У бир жиҳатдан инсон ҳоли ва ҳисларининг башарий алоқаларига таяниб, мутлақ борлиқ ёки мутлақ қудрат тушунчаларини инкор этади. Экзистенциализм, асосан, ёлғизлик, умидсизликдан туғилган ҳис-туйғулар билан қизиққан. Унинг завқ ва мушоҳада «манба»лари тасаввуфга нисбатан тамоман ўзгача. Тасаввуф дунёсига чуқурроқ кириб борган киши ахлоқ, ишқ, ҳуррият, комиллик масаласида экзистенциализм билан келишиб бўлмаслигини тез пайқайди. Шунингдек, фикрни, руҳни тарбиялаш йўл ва усуллари ислом тасаввуфида, барибир, бошқача-гўзал ва фавқулодда илҳомбахшдир. Мен экзистенциализм фалсафасидан таъсирланиб шеърлар ёзган тенгдошларимни биламан. Бугун уларнинг фикр-қарашлари тубдан ўзгарди. Нима учун? Чунки экзистенциализм бошқа ижтимоий-маданий муҳит, бизга ёт психология маҳсули. Унга ёпишиш сунъийлик, зўракиликни юзага чиқаради, холос.
Майли, ким нимага қизиқса қизиқаверсин. Ким нимани ўрганса, марҳамат, ўрганаверсин. Вақт – энг холис ҳакам: ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Демоқчиманки, «мана бу-янгилик, мана бу-эскилик. Униси-ундоқ, буниси-бундоқ», дея талашиб-тортишиб, шовқин-сурон солмаслик керак. Ахир, тўрт-беш ижодкорнинг дунёқараши ва характери ҳамма нарсани белгиламаган, белгиламайди ҳам…

Ф.: – Баъзи бир кишилар тасаввуф фалсафаси ҳозирги кунга тўғри келмайди, чунки пиру мурид муносабатлари, яъни муриднинг муршидга тобеъ бўлиши инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблайди. Аммо чет эллик тасаввуф тадқиқотчилари тасаввуф анъаналари ҳозир ҳам давом этаётгани, у ҳатто Ўзбекистонда ҳам мавжуд эканини қайд этади. Умуман, тасаввуф диний-фалсафий қарашлар ва унга мутаносиб равишдаги амаллар системаси сифатида бугун ҳам мавжудми?

И.Ҳ.: – Ҳужвирийнинг «Кашфуъл маҳжуб» китобида ёзилишича, тасаввуф аҳли «тажрид, тамкин ва шиддат ила фақр ҳолига етишишда» ҳазрат Абу Бакрни ўзларига раҳнамо деб билишган. Хирқа кийиш, диний салобатда эса ҳазрат Умардан ўрнак олишган. Улар учун мол ва жонни фидо айлаш, сабр-бардош ва ибодатда ҳазрат Усмон намуна бўлган. Сўз ва иборалардаги ҳақиқатлар, ишоратлардаги нозиклик, дунёнинг моддий бойликларига қизиқмаслик, тақдирга ишонч-бунда ҳазрат Алига эргашганлар.

Тасаввуфни ўрганувчиларга шуларни бугун «ахлоқ нормаси» деб белгилаш мумкинми? Бу дунёда ҳамма нарса ўзгаради, янгиланиб боради. Бу гап тасаввуфга ҳам тегишли. Унда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ва тамоман эскирган жиҳатлар бор. Кўп нарсада бўлганидек, тасаввуфга ҳам алдов, риё, макр ва манфаатпарастлик суқилиб кирган. Ризқ, бойлик учун елиб-югурган сўфийларга «азроқ сўфийлари» дейилган. Дарвеш ё қаландарлар орасида қанчадан-қанчаси маслак ва эътиқодига тескари ёки нолойиқ ишларга бош қўшган. Сохта шайх ёки каззоб муршидларни айтмайсизми? Умуман, тариқат тарбиясида бир шайхга неча юзлаб муридларининг иродасини таслим этиш, шунча кишини биргина зотнинг оғзига қаратиб, ҳукм юритиш, менимча, ҳамиша ҳам ўзини оқламаган. Халқимиз қонида ҳамон чарх уриб ётган мутелик, фикрсизлик ва қулликнинг бир жиҳати ана шу тажрибаларга ҳам бориб боғланади. Ёки ҳамма ҳам дарвешликни ихтиёр этиб узлатга чекинса, кентма-кент, шаҳарма-шаҳар кезиш, Ҳақ хаёлида яшашдан ўзгасини назарга илмаса – унда юрт, миллат тақдири нима бўлади? Биз тасаввуфдан воз кечолмаймиз. Айни пайтда, унинг ислоҳи, бугун манфаати тегмайдиган томонлари борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз. Шу маънода усмонли турк олими Э.Гункўрнинг мана бу сўзлари эътиборлидир: «Ҳар ҳолда мозийдаги тасаввуф ҳаракатларининг энг кўзга ташланадиган жиҳатларидан бир қанчаси, масалан, ҳаддан ортиқ парҳезкорлик, инзиво, шайхга хизмат кабилар бугун учун кераксиздир. Шунингдек, ўтмишдаги тасаввуф ташкилотининг муҳим томонлари билан бир қаторда, унинг бир қанча ботил эътиқодлари – шайхларга нисбат берилган ва ҳеч қандай диний асоси бўлмаган турли кароматлар ҳамда буларнинг ажралмас қисмига айланган хурофотлар бугунги одамлар учун эски инонтирувчи қувватини бой бериб бўлган…»

Ф.: – Тасаввуфда алоҳида эътибор қилинадиган нарсалардан бири нафсни тийишдир. Инглиз каломшунос олими, шайх Тимоти Уинтер-Абдулҳаким Мурод ҳозирги консюмеризм-нафсни қондиришга асосланган Ғарб жамиятларини инқироздан фақат нафсни тийишгина сақлаб қолиши мумкин, деган фикрни ўртага ташлайди. Аммо шу билан бирга, Ғарбда ҳар бир нарсага рационал муносабат устуворлигини ҳам тан олмасдан бўлмайди.

И.Ҳ.: – Ибн Арабийга кўра, тасаввуф йўлига кирган киши ҳикмат, яъни ўзни билиш илмига соҳиб файласуф бўлмоғи шартдир. Бўлмаса тасаввуфдан унга ҳеч қандай фойда етмайди. Чунки тасаввуф ҳикматдир, гўзал ахлоқ ва қалб тасфиясидир. Инсондаги иллат ва тубан иддаоларнинг қарийб тўқсон фоизи нафсга дахлдор, уларнинг на ақл ва на вужудга боғлиқлиги йўқ. Бас, шундоқ экан, нафс ва нафсоний ҳаётни ислоҳ қилмасдан «мен»даги гушналик, риёкорлик ва йиртқичликларни бартараф этиб бўлмайди. Нафс ҳукми-ҳайвонлик ва шайтонлик ҳукми. Унга бўйинсунмасликнинг бош чораси ўша Абдулҳаким Мурод тавсия қилган тажриба – нафс мужодаласи. Ахир, Навоий бобомиз бежиз «Нафсингга хилоф иш қилғилки, тинғайсан», демаганлар.

Ф.: – Ғарб билан Шарқнинг кўп ўринларда бир-бирини инкор қилиши бошқа-бошқа динлар таъсирида шаклланган дунёқараш билан боғлиқ эмасмикан? Ғарбу Шарқ деган чегара, аслида, динлар чегараси эмасмикан? Агар америкалик таниқли сиёсатшунос Сэмюэл Ҳантингтоннинг фикрига қўшиладиган бўлсак, тамаддунлар аро зиддияту можаролар айнан шу чегараларда рўй беради. Бир тарафдан Фаробий, Ибн Сино, Ибн Рушдий, Ибн Арабий, Ибн Халдун, Жалолиддин Румий сингари буюк мусулмон файласуф ва уламоларининг асарлари ва қарашларини ўзлаштириб, қолган дунёни ортидан эргаштирар ва уни мустамлака қилар даражадаги улкан тамаддунга асос солиш, бошқа тарафдан эса ўша тамаддунни мутаассибликда айблаш, камситиш… Наҳотки, бугунги Шарқнинг, айниқса, ислом дунёсининг қўлида ўша камситишларга қарши экстремизму терроризмдан бошқа восита бўлмаса?.. Сизнингча, бизнинг маърифий жавобимиз қандай бўлиши керак?

И.Ҳ.: – Мутасаввифлардан бири «энг яхши ибодат динни тўғри тушунишдир», дейди. Дунёдаги кўп муноқаша ва зиддиятлар диннинг туб моҳияти ва ҳақиқатларини теран англамаслик ёки диндан сиёсий мақсадлар учун фойдаланиш ғаразидан келиб чиққан. Ойга, қуёш ва юлдузларга ҳукмронлик қилиш даъвоси ила ўзаро урушлар бўлганини эшитганмисиз? Ҳамма ғавғо, барча низо-ю адоват заминда. Чунки инсон қавми деярли ҳамма нарсани, жумладан, динни ҳам ўзининг маҳдуд, ўткинчи фикр-қарашларига мослаштиришдан тортинмайди. Тортиниш нари турсин-уялмайди ҳам. Тасаввуфда хавф ва ражо, яъни қўрқув ва умид деган тушунча бор. Эҳтимол, дунёда Ҳақ ҳиммати ва саховатидан умидвор бандалар жуда кўпдир. Лекин Оллоҳ қўрқувига соҳиб одамлар ниҳоятда кам. Шу учун фикрий, ахлоқий бузғунлик, руҳий, маънавий таназзул йилдан йилга авж олиб бораётир. Тамаддунлар аро зиддияту можаро дейиш, биласизми, бол ёхуд шакардан одам заҳарланди, дейишдай бир гап. Демак, у тараққиёт ҳам, тамаддун ҳам эмас-пойдевори бўш, моҳияти омонат ва ўткинчи бир нарса. Бунга динни айбдор қилиб кўрсатиш инсофданмас. Биз етмиш йилдан зиёд вақт мобайнида динга қарши курашиб, Оллоҳ амру фармойишларидан йироқ яшадик. Хўш, нимага эришдик? Менинг билишимча, инсоният аҳил ва хотиржам, табиий тараққиёт оғушида яшашни истаса, дин йўли муқаддас, покиза йўл эканига ҳеч иштибоҳсиз иқрор бўлиши, ҳеч қандай ижтимоий, сиёсий, ҳарбий, илмий-маданий иддаоларини илоҳий маслакка қориштирмаслиги зарур. Ислом динига келсак, чиндан ҳам у ҳақ ва ҳақиқат, куч ва қудрат дини. Афсуски, айнан мусулмонлар орасида умрни нимага бағишлаш, қандай самовий завққа кўнгил ва руҳни таслим айлаб, қанақа маърифий мақомга кўтарилишни билмайдиганлар ниҳоятда кўпдир. Умуман, илм-маърифат, замонавий шуур, холис ниятдан йироқ маҳдуд диндорлик қўрқинчли. Ҳар балони ундан кутиш мумкин. Пайғамбарлик тариқи нурли ва шукуҳлидир. Пайғамбарлик ва пайғамбарлар оламига қанча яқин борилса, жаҳолат, зўравонлик, ҳақсизлик кулфатларидан ўшанча йироқлашилади. Бунга мен тўла ишонаман.

Ф.: – Ўзбек миллий фалсафаси, фалсафий тафаккури мавжудми? Ҳозирги қийинчиликларни енгиб ўтиш чўзилиб кетаётганига сабаб немис, рус ёки бошқа халқлардаги сингари миллий фалсафий тафаккурнинг йўқлиги сабаб эмасмикан? Назаримда, биз, кўпинча, юртимиздаги мутлақо ўзига хос шароитни бошқа тил, тафаккур ва мезонлар билан ўлчаётгандаймиз…

И.Ҳ.: – Фахриёр, сиз менга шунақа саволлар бераётирсизки, ҳар бири бир китобга мавзу бўларли. Қани эди, кутилмаганда зўр бир файласуф чиқса-ю, ўзбек миллий фалсафаси ва тафаккурининг кечган асрдаги аҳволини бизга шарҳлаб берса. Кўнгил кўтарилармиди? Албатта, кўтарилмасди. Ғарб дунёси Фаробий, Ибн Сино, Ибн Рушд, Ибн Арабий каби алломаларнинг асарларини ўқиб-ўрганиб ва улардан илҳомланиб, фалсафа жабҳасида қандоқ илгарилаганини сиз яхши биласиз. Бизда-чи? Бунинг акси. Хусусан, йигирманчи асрда юртимиздан бирорта ҳам улкан файласуф етишиб чиқмади. Нимага? Бунинг илк сабаби қуллик ва қарамликдадир. Абу Наср Фаробийнинг таъкидлаб ёзишича, «Ҳақиқатни тўғри англаб, англаганини амалга ошириш иродасига соҳиб одам ҳурдир. Тўғри тушунишдан йироқ, иродасиз кимса эса қул. Илм ва фалсафа билан машғул одамларнинг кўпчилиги қулликда ана ўша қуллардан ортда қолмайдилар. Бундай олим ва файласуфларнинг илмидан ҳеч қандай фойда етмаганидек, уларнинг шахслари ҳам илм аҳлига фақат уят келтиради». Ҳақиқатни тўғри англаш ва уни ифодалаш иродасини мувофиқлаштиришга қодир олим ва ижодкор бугунги кунда ҳам камёб. Тўғри фикрлайдиганида кучли ирода йўқ, иродалироқларида эса дид ва савия чатоқ ёки журъат омонат. Ахир, ғулдираш ва латтачайнарлик билан олимлик ўртасида фарқ борми, йўқми? Токайгача воқелик бир ёнда қолиб, жонсиз китоблар «бўстони»да ғимирлаб юриш мумкин?

Ф.: – Менимча, адабиётимиздаги шеърий тафаккур устуворлиги миллат очиқкўнгиллигининг бир ифодаси бўлиб кўринади, аммо, шу билан бирга, мулоҳазакорлик сустлиги аломати эмасмикан, деган истиҳола ҳам туғдиради. Қачонгача «Ўтган кунлар»ни байроқ қилиб юрамиз? Наҳотки, ундан-да бақувватроқ романлар яратиш вақти келмаган бўлса?

И.Ҳ.: – Аввал менга Абдулла Қодирий шахсияти ва санъатига яқинлайдиган ёзувчи пайдо бўлганлигини айтинг, ана ундан кейин ушбу саволингизга билганим қадар жавоб бераман.

Ф.: – Шахс масаласига муносабатингизни билмоқчи эдим. Адабиётга ўқувчини эргаштирадиган қаҳрамонлар керак деймиз. Лекин ижодкор шахси-чи?

И.Ҳ.: Менимча, шахс муаммоси бугун адабиёт учун ҳам, миллат тақдири учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Ҳозир худди Суқротга ўхшаб кундуз куни чироқ кўтариб юртни кезиб чиқсангиз ҳам, ҳар жиҳатдан ибрат бўладиган беш-ўн бутун Одамни топа олмайсиз. Шахс дегани шу даражада майдалашиб, парчаланиб кетган. Бу фожиа шўро тўнтаришидан анча олдин бошланмаганда эди, халқимизнинг йигирманчи асрдаги ҳаёти ва маънавий руҳий аҳволи мутлақо бошқача бўлурди. Шахснинг муҳим бир белгиси қўрқув ва мутеликдан қутулиш, ғурурсизлик ва ҳар қандай ялтоқланишдан уялишдир. Ору номуснинг сусайиши – бу шахснинг заволи демак. Бу – моддий манфаатни ҳамма нарсадан устун кўриш дегани. Мавлоно Жалолиддин Румий «Сен фикрни шахс бил, эй жонажон», дейдилар. Ҳақ гап. Агар фикр ва тафаккурда янгиланишга эришилмаса, у ёки бу бадиий асар ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатларига тўла инонтира олмаса, минг урининг, адабиёт қаҳрамонлари ортидан ўқувчини эргаштиролмайсиз. Адабиётга ишонч-ижодкор шахсига ишонч билан мустаҳкам боғлиқ. Китобхон ҳозир қайси машҳур ёзувчи ё шоир шахсининг куч-қувватига ҳеч иштибоҳсиз ишонади деб ўйлайсиз? Бу хусусда жиддий бош қотириш керак. Шунда адабий шахсият тушунчасининг бўш ва яроқсиз жойлари бирин-кетин очилиб боради…

Ф.: – Яқинда бир шоир дўстимиз ўзбек адабиётини дунёга монийча муносабат, яъни нарсаларга яхши ёки ёмон, оқ ёки қора деб баҳо беришдан нарига ўтолмайди, дея баҳо берди. Буни унинг ҳозирги ўзбек адабиётида кечаётган жараёнлардан бехабарлиги деб тушуниш керакми ёки биз тан олгимиз келмаётган ҳақиқий аҳвол шундайми?

И.Ҳ.: – Бизнинг адабиётимиз дунё ва ҳаёт ҳодисотларига «яхши ва ёмон, оқ ёки қора» деб баҳо беришдан аллақачон илгарилаб кетган. Бу адабиётнинг ками-камчиликлари бор, албатта. Лекин ютуқ ва зафарлари ҳам оз эмас. Шу билан бирга, адабиётнинг ҳозирги ҳолати бир қадар ташвишланарли эканини ҳам айтиш керак. Яқин ўртада адабиёт талантсиз, корчалон ва лўттибозлар майдонига дўнмаса деб чўчийман. Мен яқинда бир вилоятга борганимда, марказдаги дўконларда терилиб ётган китобларни кўриб ғалати ҳолатга тушдим. Ва беихтиёр Х.Л.Борхеснинг мана бу сўзлари эсга келди: «Истеъдодсизликни истеъдод ўлароқ қабул қилган адабиёт ўқувчини адабиётдан бездиради; шуни унутмангки, адабиётнинг кушандаси адабиётдир, бошқа бирон нарса эмас”. Ана шу ҳақиқатни эътиборга тутиш лозим. Истеъдодсизларнинг олдинга чиқиши, яъни адабиётнинг кушандаси адабиёт бўлишига лоқайд қолмаслик керак. Қолгани ўз-ўзидан илгарилаб, адабиётда ўзгариш ва янгиланиш давом топиб бораверади.

Манба: “Жаннатмакон”, 2008 йил, июл.

021

“SEN FIKRNI SHAXS BILGIL…”
Navoiyshunos olim Ibrohim Haqqul bilan suhbat
Suhbatdosh — Faxriyor
045

FAXRIYOR: – Ibrohim aka, adabiyot zimmasiga har kim o’zicha vazifa yuklaydi. Kimdir uni millatning og’irini yengil, mushkulini oson qilishi kerak desa, boshqa birov adabiyot nafis san’at turi bo’lgani uchun har narsaga aralashavermagani ma’qul, deb hisoblaydi. Agar adabiy tafakkur ham ijtimoiy tafakkurning bir turi deb qaralsa-aslida shunday bo’lishi ham shart-uning hozirgi ijtimoiy-siyosiy jarayonlarga sust munosabatini qanday tushunish mumkin? Bu keskin burilish pallasida o’zi talpinib kelgan ulug’ ideallarning chilparchin bo’lishi bilan bog’liq dovdirashmi yoki mavjud jarayonlarning po’rtana oqimi tinib, o’zani muayyanlashishini kutib turishmi?

Ibrohim HAQQUL: – Millatning og’irini yengil, mushkulini oson aylashga kuch bag’ishlash adabiyotning vijdon ishi. Chunki hech bir adabiyot hech bir sharoitda millat taqdiriga tepadan qarolmaydi. Har bir adabiyotning o’z xalqi, o’zining jonajon vatani bor. Shu boisdan ham ulkan iste’dodlar «San’at-san’at uchun. Adabiyotda adabiyotdan boshqa bir g’oya axtarish san’atni xarob etishdir» degan nazariyalarni qabul qilishmagan. Va bunday nazariyalardan adabiyot nomi ila millatning nomusi, hayoti, mavjudligiga qarshi betayin asarlar dunyoga keladi, allaqanday «baxtnomalar» yaratiladi deb bilishgan. To’g’ri, ko’p sohalarda bo’lganidek sharqliklar keyingi asrlarda adabiyotda ham ortda qolib, g’arbliklar ilgarilab ketishgan. Ularning adabiyotidan san’at va san’atkorlik ma’nosida istagancha foydalanish mumkin. Lekin boshqa bir millat adabiyotini mamlakatga hokim bo’lishiga erk bermaslik lozim. Biz esa sho’ro mafkurasi ta’siridan to’la-to’kis xalos bo’lib bilmaganimizdek, xorijiy adabiyot hukmronligidan ham qutilganimiz yo’q. Bundan tashqari, to’rt-besh ijodkorni aytmasa, aksariyat yozuvchi va shoirlar uchun mustaqillik, istiqlol ideali umuman begona narsa edi. Adabiyotdagi sun’iylik, sayozlik, kitobiylik ofatining bir sababi ana shunda…

F.: – Adabiy jarayondagi parokandalik ijtimoiy hayotga salbiy ta’sir etmaydimi? Adabiyotning vazifasi o’quvchini ortidan ergashtira olmasa, hech bo’lmaganda, uni badiiy to’qimaning kuchi vositasida o’zi oldinga surayotgan gumanistik g’oyalarga ishontirish orqali estetik tuyg’uni tarbiyalash emasmi?

I.H.: – Albatta, yomon ta’sir ko’rsatadi. Ijod ahli xalqning ilg’or, peshqadam vakillari. Shularki, bir-birini tushunib, o’zaro til topisholmasa, yuksak bir umumiy maqsad va maslak atrofida birlashib bilmasa, ularning aytgan so’zi yoki yozganiga kim ishonadi? Adabiy jarayondagi shaxsiy tortma-tort va xudkomliklar nainki adabiyot, balki xalq, yurt taqdiriga ham juda katta ziyon yetkazib, o’rtamiyona, talantsiz qalamkashlarning oldinga chiqishiga, yuzlab yaroqsiz kitoblarning paydo bo’lishiga yo’l ochgan. Bunday holatda adabiyot o’quvchini ergashtirish quvvatiga sohib bo’lolmaydi – nari borsa uni shunchaki qiziqtiradi, fikrsizlik ko’nikmasining ortishiga yordam beradi.

«Estetik tuyg’uni tarbiyalash» degan gap uncha to’g’ri gap emas. Go’zallik tuyg’usi uyg’otiladi. Agar odam tabiatida shu tuyg’uning «urug’»i bo’lmasa, tarbiya, tajriba bir chaqa ham foyda bermaydi. Adabiyotning ta’sir imkonlari ayrim daqqi olimlar o’ylagan darajada keng emas. Shuning uchun badiiy ijodda ifodalangan haqiqatlar hammaning ham qalbida aks sado beravermaydi.

F: – Nazarimda, mumtoz adabiyotga ham sinfiy yoki kommunistik (ateistik) mafkura nuqtai nazaridan munosabat ulkan yo’qotishlarga sabab bo’ldi. Diniy klerikal adabiyot tamg’asi bilan bosilgan ko’plab shoirlarning ijodi o’rganilmay qolib ketdi. Umuman olganda, mumtoz adabiyotni o’rganishning bugungi ahvoli sizni qoniqtiradimi?

I.H.: – Albatta, adabiyotga sinfiy va partiyaviy yondoshishining ziyoni katta bo’lgan. Mustaqillikdan so’ng esa mumtoz adabiyotni yangidan va yangicha nigoh bilan tadqiq etish bo’yicha ancha-muncha ishlar qilindi. Ko’pchilikning diqqat-e’tiborini jalb qila olgan kitoblar chiqdi. Ammo meni qanoatlantirmaydigan jihat, adabiyotshunoslikdagi umumiy saviyaning pastligidir. Avom orasida bo’lganidek, olimlar jamoasida ham befahm, nodon va ahmoqlar yetarli. Shunday zotlarning «kashfiyot»lari bilan tanishganda, tilga «afsus yoki esiz…»dan boshqa bir kalima kelmaydi. Mening butun umidim yoshlardan…

F.: – Qachon biz ham turk yozuvchisi O’rxon Pamuqqa o’xshab jahon adabiyotining yetuk tajribalari bilan tasavvufni o’zaro sintez qilib, go’zal romanlar yaratar darajaga yetamiz?

I.H.: – Ungacha hali uzoq. Biz tasavvuf haqida o’zimiz bilganimizcha gapirib nimalarnidir yozayotirmiz. Tasavvuf mohiyatini to’la-to’kis tushunib, tasavvufiy hayot talablariga rioya qilgan holda qalam tebratayotgan o’zbek ijodkori borligini men bilmayman. Deyarli hamma ish havaskorlik darajasida. Shu uchun gap boshqa, hol boshqa. Tasavvufdan bahs yuritib, so’fiy yoki mutasavvif qiyofasida nom qozonish da’vosi yangi hodisa emas. Qadim davrlardayoq bu bir «moda»ga aylangan. Bundan tashqari, tasavvufdan mafkuraviy kurash quroli sifatida foydalanishni ko’zlayotganlar bor. Kimlar uchundir tasavvuf dunyo miqyosidagi «biznes» manbai bo’lib qolganligini bilmaslik yo sezmaslik mumkinmi? So’fiylikning tamali shunchaki go’zallik emas, balki eng oliy go’zallikni izlashdir. Ana shunga qarab so’fiylarning yo’l va izlanishlari ham bir-biridan farqlanib, xilma-xillik kasb etgan. Shu sababli bir arab olimi tasavvufni avomning tasavvufi, faqih va obidning tasavvufi, mutasavvif yoki faylasufning tasavvufi deya bir necha guruhga ajratib ta’riflaydi. Xilma-xillik va farqlanishlar, aslida, bundan ham ko’pdir. Chunki so’fiylik avomdan ziyolilarga, ijodkor, olim va mutafakkirlarga borguniga qadar nihoyatda ko’p o’zgarish, yangilanish, erishish va yo’qotishlarni boshdan kechirgan. Bularni chuqur bilmay, maqsad va ehtiyojni aniq tasavvur qilmasdan turib, Siz orzu qilgan darajaga erishishning hech iloji yo’qdir. Yana bir gapni aytay. Adabiyot va tasavvuf o’zaro «sintez» qilingan eng mukammal asarlar mumtoz adabiyotimizda bor-ku. Nega ularni o’rganish saviyasi quvonarli emas? Buni ham jiddiy o’ylash zarur.

F.: – Ba’zi bir G’arb faylasuflarining insonni ilohiylashtirishga bo’lgan urinishlari va muayyan qarashlarga do’nib, milliy tafakkurlarning bir chetini egallagani, keyinchalik XX asrga kelib esa, millionlab odamlarning yostig’ini quritgan yovuz mafkuralarga aylanganini ko’ramiz. Qizig’i shundaki, bunday mafkuralar Sharqdagi komil inson tushunchasidan kelib chiqqan degan fikrlar ham bor…

I.H.: – Sharqdagi komil inson tushunchasining Siz nazarda tutgan yovuz mafkuralarga zarra qadar aloqasi ham, ta’siri ham yo’q. To’g’ri, Sharqda inson ilohiylashtirilgan. Ammo hech qachon, hech bir mutafakkir tomonidan u Ollohga qarshi qo’yilmagan. G’arb odami Ollohga fano bo’lish yoki Haq irodasiga ideal iroda o’laroq tayanish nimaligini bilmaydi, aksariyat hollarda tasavvur ham etolmaydi. Chunki ularda nafs va nafsni yengishga doir qarash ham, tajriba ham butunlay boshqacha. Aks holda qanchadan-qancha olim, mutafakkir, ijodkorlar din o’rnini ilm-fan egallay oladi, inson kuch-qudrati va mavqei Ollohnikidan yuqoridir degan nuqtai nazarni qo’llab-quvvatlamasdi. Marksizm ta’limoti osmondan tushmagan, Nitshe janoblari azbaroyi xastaligi tufayli «xudo o’ldi» demagan. Farang materialistlarining dahriylik xurujlari o’z-o’zidan avj olmagan. Hatto g’arblik faylasuflardan biri «Insonsevarlik dini» degan bir din joriy etgan. Uning qonun-qoidalari orasida ayolga kuniga uch marotaba erkak kishining qay tarzda ibodat qilishi kerakligi ham ko’rsatib berilgan. Va odamlarni metafizik aloqalardan butunlay qutilib, insondan o’zga tangri yo’q deb yashashga undagan. Bularning barisi biz maftun bo’lib gapirib kelgan G’arb gumanizmi g’oyasi bag’ridan o’sib chiqqan. Nega Attor, Rumiy, Jomiy singari buyuk Sharq mutasavviflari yunon falsafasini tanqid qilishgan. Bu masalalar xususida xolis mulohaza yuritib, to’g’ri va haqqoniy xulosalar o’rtaga tashlanmasa, millat shuuri va dunyoqarashini yangilash ko’ngildagidek siljimaydi. Pokistonning mutafakkir shoiri Muhammad Iqbol bir she’rida, Sharq Haqni tanidi-yu, voqelikdan chetlashdi, G’arb hayot va yashash zavqini topdi-yu, Ollohdan uzoqlashdi, deb to’g’ri aytgan. Hayot va voqelik muammolarini hal qilishda G’arbdan o’rganib, o’rnak olaverish kerak. Biroq dinga, Ollohga munosabatda uning og’uli fikr va g’oyalaridan ongu idrokni tozalashga e’tibor berish zarur, deb o’ylayman.

F.: – Ekzistentsializm va tasavvuf falsafalari bir-biriga nechog’li mos keladi? Nazarimda, ateistik ekzistentsializmni istisno qilsak, uning diniy ko’rinishi tasavvuf falsafasidan unchalik farq qilmaydigandek…

I.H.: – Ekzistentsializm, bitta ibora bilan aytganda, mavjudlik falsafasi. U bir jihatdan inson holi va hislarining bashariy aloqalariga tayanib, mutlaq borliq yoki mutlaq qudrat tushunchalarini inkor etadi. Ekzistentsializm, asosan, yolg’izlik, umidsizlikdan tug’ilgan his-tuyg’ular bilan qiziqqan. Uning zavq va mushohada «manba»lari tasavvufga nisbatan tamoman o’zgacha. Tasavvuf dunyosiga chuqurroq kirib borgan kishi axloq, ishq, hurriyat, komillik masalasida ekzistentsializm bilan kelishib bo’lmasligini tez payqaydi. Shuningdek, fikrni, ruhni tarbiyalash yo’l va usullari islom tasavvufida, baribir, boshqacha-go’zal va favqulodda ilhombaxshdir. Men
ekzistentsializm falsafasidan ta’sirlanib she’rlar yozgan tengdoshlarimni bilaman. Bugun ularning fikr-qarashlari tubdan o’zgardi. Nima uchun? Chunki ekzistentsializm boshqa ijtimoiy-madaniy muhit, bizga yot psixologiya mahsuli. Unga yopishish sun’iylik, zo’rakilikni yuzaga chiqaradi, xolos.

Mayli, kim nimaga qiziqsa qiziqaversin. Kim nimani o’rgansa, marhamat, o’rganaversin. Vaqt – eng xolis hakam: hamma narsani joy-joyiga qo’yadi. Demoqchimanki, «mana bu-yangilik, mana bu-eskilik. Unisi-undoq, bunisi-bundoq», deya talashib-tortishib, shovqin-suron solmaslik kerak. Axir, to’rt-besh ijodkorning dunyoqarashi va xarakteri hamma narsani belgilamagan, belgilamaydi ham…

F.: – Ba’zi bir kishilar tasavvuf falsafasi hozirgi kunga to’g’ri kelmaydi, chunki piru murid munosabatlari, ya’ni muridning murshidga tobe’ bo’lishi inson huquqlariga zid deb hisoblaydi. Ammo chet ellik tasavvuf tadqiqotchilari tasavvuf an’analari hozir ham davom etayotgani, u hatto O’zbekistonda ham mavjud ekanini qayd etadi. Umuman, tasavvuf diniy-falsafiy qarashlar va unga mutanosib ravishdagi amallar sistemasi sifatida bugun ham mavjudmi?

I.H.: – Hujviriyning «Kashfu’l mahjub» kitobida yozilishicha, tasavvuf ahli «tajrid, tamkin va shiddat ila faqr holiga yetishishda» hazrat Abu Bakrni o’zlariga rahnamo deb bilishgan. Xirqa kiyish, diniy salobatda esa hazrat Umardan o’rnak olishgan. Ular uchun mol va jonni fido aylash, sabr-bardosh va ibodatda hazrat Usmon namuna bo’lgan. So’z va iboralardagi haqiqatlar, ishoratlardagi noziklik, dunyoning moddiy boyliklariga qiziqmaslik, taqdirga ishonch-bunda hazrat Aliga ergashganlar.

Tasavvufni o’rganuvchilarga shularni bugun «axloq normasi» deb belgilash mumkinmi? Bu dunyoda hamma narsa o’zgaradi, yangilanib boradi. Bu gap tasavvufga ham tegishli. Unda ham o’z ahamiyatini yo’qotmaydigan va tamoman eskirgan jihatlar bor. Ko’p narsada bo’lganidek, tasavvufga ham aldov, riyo, makr va manfaatparastlik suqilib kirgan. Rizq, boylik uchun yelib-yugurgan so’fiylarga «azroq so’fiylari» deyilgan. Darvesh yo qalandarlar orasida qanchadan-qanchasi maslak va e’tiqodiga teskari yoki noloyiq ishlarga bosh qo’shgan. Soxta shayx yoki kazzob murshidlarni aytmaysizmi? Umuman, tariqat tarbiyasida bir shayxga necha yuzlab muridlarining irodasini taslim etish, shuncha kishini birgina zotning og’ziga qaratib, hukm yuritish, menimcha, hamisha ham o’zini oqlamagan. Xalqimiz qonida hamon charx urib yotgan mutelik, fikrsizlik va qullikning bir jihati ana shu tajribalarga ham borib bog’lanadi. Yoki hamma ham darveshlikni ixtiyor etib uzlatga chekinsa, kentma-kent, shaharma-shahar kezish, Haq xayolida yashashdan o’zgasini nazarga ilmasa – unda yurt, millat taqdiri nima bo’ladi? Biz tasavvufdan voz kecholmaymiz. Ayni paytda, uning islohi, bugun manfaati tegmaydigan tomonlari borligidan ham ko’z yumolmaymiz. Shu ma’noda usmonli turk olimi E.Gunko’rning mana bu so’zlari e’tiborlidir: «Har holda moziydagi tasavvuf harakatlarining eng ko’zga tashlanadigan jihatlaridan bir qanchasi, masalan, haddan ortiq parhezkorlik, inzivo, shayxga xizmat kabilar bugun uchun keraksizdir. Shuningdek, o’tmishdagi tasavvuf tashkilotining muhim tomonlari bilan bir qatorda, uning bir qancha botil e’tiqodlari – shayxlarga nisbat berilgan va hech qanday diniy asosi bo’lmagan turli karomatlar hamda bularning ajralmas qismiga aylangan xurofotlar bugungi odamlar uchun eski inontiruvchi quvvatini boy berib bo’lgan…»

F.: – Tasavvufda alohida e’tibor qilinadigan narsalardan biri nafsni tiyishdir. Ingliz kalomshunos olimi, shayx Timoti Uinter-Abdulhakim Murod hozirgi konsyumerizm-nafsni qondirishga asoslangan G’arb jamiyatlarini inqirozdan faqat nafsni tiyishgina saqlab qolishi mumkin, degan fikrni o’rtaga tashlaydi. Ammo shu bilan birga, G’arbda har bir narsaga ratsional munosabat ustuvorligini ham tan olmasdan bo’lmaydi.

I.H.: – Ibn Arabiyga ko’ra, tasavvuf yo’liga kirgan kishi hikmat, ya’ni o’zni bilish ilmiga sohib faylasuf bo’lmog’i shartdir. Bo’lmasa tasavvufdan unga hech qanday foyda yetmaydi. Chunki tasavvuf hikmatdir, go’zal axloq va qalb tasfiyasidir. Insondagi illat va tuban iddaolarning qariyb to’qson foizi nafsga daxldor, ularning na aql va na vujudga bog’liqligi yo’q. Bas, shundoq ekan, nafs va nafsoniy hayotni isloh qilmasdan «men»dagi gushnalik, riyokorlik va yirtqichliklarni bartaraf etib bo’lmaydi. Nafs hukmi-hayvonlik va shaytonlik hukmi. Unga bo’yinsunmaslikning bosh chorasi o’sha Abdulhakim Murod tavsiya qilgan tajriba – nafs mujodalasi. Axir, Navoiy bobomiz bejiz «Nafsingga xilof ish qilg’ilki, ting’aysan», demaganlar.

F.: – G’arb bilan Sharqning ko’p o’rinlarda bir-birini inkor qilishi boshqa-boshqa dinlar ta’sirida shakllangan dunyoqarash bilan bog’liq emasmikan? G’arbu Sharq degan chegara, aslida, dinlar chegarasi emasmikan? Agar amerikalik taniqli siyosatshunos Semyuel Hantingtonning fikriga qo’shiladigan bo’lsak, tamaddunlar aro ziddiyatu mojarolar aynan shu chegaralarda ro’y beradi. Bir tarafdan Farobiy, Ibn Sino, Ibn Rushdiy, Ibn Arabiy, Ibn Xaldun, Jaloliddin Rumiy singari buyuk musulmon faylasuf va ulamolarining asarlari va qarashlarini o’zlashtirib, qolgan dunyoni ortidan ergashtirar va uni mustamlaka qilar darajadagi ulkan tamaddunga asos solish, boshqa tarafdan esa o’sha tamaddunni mutaassiblikda ayblash, kamsitish… Nahotki, bugungi Sharqning, ayniqsa, islom dunyosining qo’lida o’sha kamsitishlarga qarshi ekstremizmu terrorizmdan boshqa vosita bo’lmasa?.. Sizningcha, bizning ma’rifiy javobimiz qanday bo’lishi kerak?

I.H.: – Mutasavviflardan biri «eng yaxshi ibodat dinni to’g’ri tushunishdir», deydi. Dunyodagi ko’p munoqasha va ziddiyatlar dinning tub mohiyati va haqiqatlarini teran anglamaslik yoki dindan siyosiy maqsadlar uchun foydalanish g’arazidan kelib chiqqan. Oyga, quyosh va yulduzlarga hukmronlik qilish da’vosi ila o’zaro urushlar bo’lganini eshitganmisiz? Hamma g’avg’o, barcha nizo-yu adovat zaminda. Chunki inson qavmi deyarli hamma narsani, jumladan, dinni ham o’zining mahdud, o’tkinchi fikr-qarashlariga moslashtirishdan tortinmaydi. Tortinish nari tursin-uyalmaydi ham. Tasavvufda xavf va rajo, ya’ni qo’rquv va umid degan tushuncha bor. Ehtimol, dunyoda Haq himmati va saxovatidan umidvor bandalar juda ko’pdir. Lekin Olloh qo’rquviga sohib odamlar nihoyatda kam. Shu uchun fikriy, axloqiy buzg’unlik, ruhiy, ma’naviy tanazzul yildan yilga avj olib borayotir. Tamaddunlar aro ziddiyatu mojaro deyish, bilasizmi, bol yoxud shakardan odam zaharlandi, deyishday bir gap. Demak, u taraqqiyot ham, tamaddun ham emas-poydevori bo’sh, mohiyati omonat va o’tkinchi bir narsa. Bunga dinni aybdor qilib ko’rsatish insofdanmas. Biz yetmish yildan ziyod vaqt mobaynida dinga qarshi kurashib, Olloh amru farmoyishlaridan yiroq yashadik. Xo’sh, nimaga erishdik? Mening bilishimcha, insoniyat ahil va xotirjam, tabiiy taraqqiyot og’ushida yashashni istasa, din yo’li muqaddas, pokiza yo’l ekaniga hech ishtibohsiz iqror bo’lishi, hech qanday ijtimoiy, siyosiy, harbiy, ilmiy-madaniy iddaolarini ilohiy maslakka qorishtirmasligi zarur. Islom diniga kelsak, chindan ham u haq va haqiqat, kuch va qudrat dini. Afsuski, aynan musulmonlar orasida umrni nimaga bag’ishlash, qanday samoviy zavqqa ko’ngil va ruhni taslim aylab, qanaqa ma’rifiy maqomga ko’tarilishni bilmaydiganlar nihoyatda ko’pdir. Umuman, ilm-ma’rifat, zamonaviy shuur, xolis niyatdan yiroq mahdud dindorlik qo’rqinchli. Har baloni undan kutish mumkin. Payg’ambarlik tariqi nurli va shukuhlidir. Payg’ambarlik va payg’ambarlar olamiga qancha yaqin borilsa, jaholat, zo’ravonlik, haqsizlik kulfatlaridan o’shancha yiroqlashiladi. Bunga men to’la ishonaman.

F.: – O’zbek milliy falsafasi, falsafiy tafakkuri mavjudmi? Hozirgi qiyinchiliklarni yengib o’tish cho’zilib ketayotganiga sabab nemis, rus yoki boshqa xalqlardagi singari milliy falsafiy tafakkurning yo’qligi sabab emasmikan? Nazarimda, biz, ko’pincha, yurtimizdagi mutlaqo o’ziga xos sharoitni boshqa til, tafakkur va mezonlar bilan o’lchayotgandaymiz…

I.H.: – Faxriyor, siz menga shunaqa savollar berayotirsizki, har biri bir kitobga mavzu bo’larli. Qani edi, kutilmaganda zo’r bir faylasuf chiqsa-yu, o’zbek milliy falsafasi va tafakkurining kechgan asrdagi ahvolini bizga sharhlab bersa. Ko’ngil ko’tarilarmidi? Albatta, ko’tarilmasdi. G’arb dunyosi Farobiy, Ibn Sino, Ibn Rushd, Ibn Arabiy kabi allomalarning asarlarini o’qib-o’rganib va ulardan ilhomlanib, falsafa jabhasida qandoq ilgarilaganini siz yaxshi bilasiz. Bizda-chi? Buning aksi. Xususan, yigirmanchi asrda yurtimizdan birorta ham ulkan faylasuf yetishib chiqmadi. Nimaga? Buning ilk sababi qullik va qaramlikdadir. Abu Nasr Farobiyning ta’kidlab yozishicha, «Haqiqatni to’g’ri anglab, anglaganini amalga oshirish irodasiga sohib odam hurdir. To’g’ri tushunishdan yiroq, irodasiz kimsa esa qul. Ilm va falsafa bilan mashg’ul odamlarning ko’pchiligi qullikda ana o’sha qullardan ortda qolmaydilar. Bunday olim va faylasuflarning ilmidan hech qanday foyda yetmaganidek, ularning shaxslari ham ilm ahliga faqat uyat keltiradi». Haqiqatni to’g’ri anglash va uni ifodalash irodasini muvofiqlashtirishga qodir olim va ijodkor bugungi kunda ham kamyob. To’g’ri fikrlaydiganida kuchli iroda yo’q, irodaliroqlarida esa did va saviya chatoq yoki jur’at omonat. Axir, g’uldirash va lattachaynarlik bilan olimlik o’rtasida farq bormi, yo’qmi? Tokaygacha voqelik bir yonda qolib, jonsiz kitoblar «bo’stoni»da g’imirlab yurish mumkin?

F.: – Menimcha, adabiyotimizdagi she’riy tafakkur ustuvorligi millat ochiqko’ngilligining bir ifodasi bo’lib ko’rinadi, ammo, shu bilan birga, mulohazakorlik sustligi alomati emasmikan, degan istihola ham tug’diradi. Qachongacha «O’tgan kunlar»ni bayroq qilib yuramiz? Nahotki, undan-da baquvvatroq romanlar yaratish vaqti kelmagan bo’lsa?

I.H.: – Avval menga Abdulla Qodiriy shaxsiyati va san’atiga yaqinlaydigan yozuvchi paydo bo’lganligini ayting, ana undan keyin ushbu savolingizga bilganim qadar javob beraman.

F.: – Shaxs masalasiga munosabatingizni bilmoqchi edim. Adabiyotga o’quvchini ergashtiradigan qahramonlar kerak deymiz. Lekin ijodkor shaxsi-chi?

I.H.: Menimcha, shaxs muammosi bugun adabiyot uchun ham, millat taqdiri uchun ham nihoyatda muhimdir. Hozir xuddi Suqrotga o’xshab kunduz kuni chiroq ko’tarib yurtni kezib chiqsangiz ham, har jihatdan ibrat bo’ladigan besh-o’n butun Odamni topa olmaysiz. Shaxs degani shu darajada maydalashib, parchalanib ketgan. Bu fojia sho’ro to’ntarishidan ancha oldin boshlanmaganda edi, xalqimizning yigirmanchi asrdagi hayoti va ma’naviy ruhiy ahvoli mutlaqo boshqacha bo’lurdi. Shaxsning muhim bir belgisi qo’rquv va mutelikdan qutulish, g’urursizlik va har qanday yaltoqlanishdan uyalishdir. Oru nomusning susayishi – bu shaxsning zavoli demak. Bu – moddiy manfaatni hamma narsadan ustun ko’rish degani. Mavlono Jaloliddin Rumiy «Sen fikrni shaxs bil, ey jonajon», deydilar. Haq gap. Agar fikr va tafakkurda yangilanishga erishilmasa, u yoki bu badiiy asar hayotning shafqatsiz haqiqatlariga to’la inontira olmasa, ming urining, adabiyot qahramonlari ortidan o’quvchini ergashtirolmaysiz. Adabiyotga ishonch-ijodkor shaxsiga ishonch bilan mustahkam bog’liq. Kitobxon hozir qaysi mashhur yozuvchi yo shoir shaxsining kuch-quvvatiga hech ishtibohsiz ishonadi deb o’ylaysiz? Bu xususda jiddiy bosh qotirish kerak. Shunda adabiy shaxsiyat tushunchasining bo’sh va yaroqsiz joylari birin-ketin ochilib boradi…

F.: – Yaqinda bir shoir do’stimiz o’zbek adabiyotini dunyoga moniycha munosabat, ya’ni narsalarga yaxshi yoki yomon, oq yoki qora deb baho berishdan nariga o’tolmaydi, deya baho berdi. Buni uning hozirgi o’zbek adabiyotida kechayotgan jarayonlardan bexabarligi deb tushunish kerakmi yoki biz tan olgimiz kelmayotgan haqiqiy ahvol shundaymi?

I.H.: – Bizning adabiyotimiz dunyo va hayot hodisotlariga «yaxshi va yomon, oq yoki qora» deb baho berishdan allaqachon ilgarilab ketgan. Bu adabiyotning kami-kamchiliklari bor, albatta. Lekin yutuq va zafarlari ham oz emas. Shu bilan birga, adabiyotning hozirgi holati bir qadar tashvishlanarli ekanini ham aytish kerak. Yaqin o’rtada adabiyot talantsiz, korchalon va lo’ttibozlar maydoniga do’nmasa deb cho’chiyman. Men yaqinda bir viloyatga borganimda, markazdagi do’konlarda terilib yotgan kitoblarni ko’rib g’alati holatga tushdim. Va beixtiyor X.L.Borxesning mana bu so’zlari esga keldi: «Iste’dodsizlikni iste’dod o’laroq qabul qilgan adabiyot o’quvchini adabiyotdan bezdiradi; shuni unutmangki, adabiyotning kushandasi adabiyotdir, boshqa biron narsa emas”. Ana shu haqiqatni e’tiborga tutish lozim. Iste’dodsizlarning oldinga chiqishi, ya’ni adabiyotning kushandasi adabiyot bo’lishiga loqayd qolmaslik kerak. Qolgani o’z-o’zidan ilgarilab, adabiyotda o’zgarish va yangilanish davom topib boraveradi.

Manba: “Jannatmakon”, 2008 yil, iyul.

021

(Tashriflar: umumiy 118, bugungi 1)

Izoh qoldiring