Ibrohim Haqqul. Yassaviy

064

    Хожа Аҳмад Яссавий фақат янги тариқат яратувчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф шеъриятининг биринчи ижодкори сифатида ҳам қайтарилмас ва унутилмас тарихий вазифани амалга оширган эди. Туркий тил ҳам гўзал, ҳам қудратли, ҳам бағри кенг тилдир. Бу тилда қадим замонларда Буддизм ва Моний динига доир матнлар шарҳланган. Бу тилда яна бошқа динларнинг тушунчаларини ифодаловчи шеърлар ёзилган. Аммо Аҳмад Яссавий ўз она тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарди. Шунинг учун унинг шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир.

011

ЯССАВИЙ
Иброҳим Ҳаққул

I

    Туркий халқлар тарихида кенг шуҳрат топган ва юксак маънавий нуфузга эришган улуғ зотлар кўп бўлган, лекин Хожа Аҳамад Яссавийга ўхшаб асрлар мобайнида туркий қавмлар руҳоний ҳаётига раҳнамолик қилган ва шу кунларга қадар тасаввуф, адабиёт, маданият, ҳатто сиёсат жабҳасида таъсирини ўтказиб келган буюк сиймолар бармоқ билан санарли.

«Яссавий – Исломга киришнинг охирги ва Исломиятнинг илк шоири – идеологи эдики, худди шу маънода буюк Шарқ реннесансининг юзага чиқишида Дантега ўхшаб иш кўрмак унинг қисматига тушди», — дейди профессор Яшар Қораев. Дарҳақиқат, Аҳмад Яссавий фақат янги тариқат яратувчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф шеъриятининг биринчи ижодкори сифатида ҳам қайтарилмас ва унутилмас тарихий вазифани амалга оширган эди. Туркий тил ҳам гўзал, ҳам қудратли, ҳам бағри кенг тилдир. Бу тилда қадим замонларда Буддизм ва Моний динига доир матнлар шарҳланган. Бу тилда яна бошқа динларнинг тушунчаларини ифодаловчи шеърлар ёзилган. Аммо Аҳмад Яссавий ўз она тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарди. Шунинг учун унинг шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир.

Аҳмад Яссавийнинг туркий адабиётдаги тарихий хизмати фақат ҳикматнавислик анъанасини бошлаб берганлиги билан чегараланмайди, албатта. «Девони ҳикмат»да муножат, қасида, мунозара жанри талабларига мувофиқ келадиган шеърлари билан бир қаторда, «Меърожнома» ҳам ўрин олган. Яссавийнинг Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом мадҳ этилган манзумалари яратилиш даврларидан бошлаб то ҳанузгача ўқувчи кўнглини илҳомлантириб келган ва ҳар қандай ижодкорга таъсир кўрсатишга қодир асарлардир.

Алишер Навоий бу улуғ турк пири ҳақида шундай сўзларни битиб қолдирган: «Аҳмад Яссавий – Туркистон мулкининг шайхул машойихидир. Мақомоти олий ва машҳур, каромати матаволий ва номахсур эрди. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонасида ниҳоятсиз эрмиш».
Шунча эъзоз, шунча шуҳрат ва машҳурликка қарамасдан, Хожа Аҳамад Яссавийнинг таржимаи ҳоли, ижодиёти ва авлодларининг тақдири ҳақида, афсуски бизгача етарли даражада маълумотлар етиб келмаган. Лекин, бир қатор илмий, адабий, маноқибий китоблар борки, улар Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти, ижоди ва тариқат қонун-қоидаларини ёритишда алоҳида аҳамият касб этади. Булар: Сулаймон Боқирғонийнинг «Боқирғон китоби», Мавлоно Сафийуддин Қўйлиқийнинг «Насабнома»си, Кошифийнинг «Рашаҳоти айнул ҳаёт»и, Фазлуллоҳ Исфаҳонийнинг «Меҳмонномаи Бухоро»си, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавохир ул-аброр мин амвожил биҳор»и, Шайх Муҳаммад Олим Сиддиқнинг «Ламаҳот мин нафаҳот ул-қудс»и, Муҳаммад Фуод Купрулизоданинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» каби асарлардир.

II

Хожа Аҳмад Яссавий Ўрта Осиёнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим мавқега эга бўлган, ҳозирги Туркистон, олдинги Ясси яқинидаги Сайрам шаҳрида таваллуд топган. Яссавийнинг вафот тарихи илмий адабиётларда 1166-67 йил деб белгиланганки, бунда олимларнинг фикр-қарашларида деярли ихтилоф йўқ.

Яссавий қачон туғилган? Қанча умр кечирган? Бу саволларга жавоблар эса бир-бирига тўғри келмайди.
Аҳмад Яссавийнинг таваллуд санасини Шаҳобиддин Яссавий 1103 йил деб кўрсатган. Қозоқ олимаси С.Тақибоева китобида 1105 йил деб белгиланган. Тилшунос Ҳ.Неъматовга кўра, Яссавий 1197 милодий йилда дунёга келган. Бир қатор тадқиқотчилар Яссавий 63 йил умр кечирган дейишса, бошқа бирлари 73 ва 85 йил яшаган, деган қарорга келишган.

Атоқли яссавийшунос Муҳаммад Фуод Купрулизоданинг айтишича, Яссавий 120 ёш яшаб ҳаётдан кўз юмган. Рус олими В.А.Гордилевский бу рақамни яна беш йилга кўпайтириб, Яссавий 125 йил яшаган, дейди. Албатта, олим «Девони ҳикмат»даги:

Ёронлардан файз ва футуҳ ололмадим,
Юз йигирма бешга кирдим билолмадим,

деган фикрлари асосида шундай фикрга келганлиги шубҳасиздир. Агар Яссавийнинг вафот тарихини 1166 йил ўлароқ қабул қилиб, унинг «Юз йигирма бешга кирдим билолмадим» деган эътирофи эътиборга олинса, унда Яссавийнинг туғилган санаси милодий 1041 йилга тўғри келади.

Тасаввуф тарихига назар ташланса, кўп улуғ шайх ва мутасаввифларнинг анча узоқ умр кечирганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Шунга қармасдан, Яссавий ҳаётининг 125 йилга чўзилганлигига ишониш қийин. Биринчидан, «Девони ҳикмат»даги «Юз йигирма бешга кирдим билолмадим», деган сўзлар тарихий ҳақиқатдан кўра, маноқибий мазмунга эга. Иккинчидан, 125 йиллик узоқ умрнинг ярмидан кўпини «ер ости»да («Олтмиш учда ер остига кирдим мано», дейди Яссавий) ўтказиш ақл бовар этмас бир ҳодиса. Бизнингча, Яссавийнинг яшаш вақтини 75-85 атрофида белгилаган олимларнинг тахминлари хақиқатга яқин келса-да, аниқ ҳужжат ва далилларга асосланмагунча бундай тахминлар тахмин бўлиб қолаверади. Хуллас, Хожа Аҳмад Яссавий XI асрнинг биринчи ярмида, Сайрамдаги энг нуфузли оилалардан бири, маърифат ва жавонмардликка ихлос-эътиқоди билан шуҳрат таратган Шайх Иброҳим оиласида туғилган. Онаси эса Шайх Иброҳимнинг халифаси Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун эди. Бу оилада аввал бир қиз туғилади. Унга Гавҳари Шаҳноз деб ном қўйишади. Аҳмад таваллуд топгач, кўп ўтмай онаси вафот этади. Етти ёшида эса отасидан ажралади ва унинг тарбияси опаси Гавҳари Шаҳноз зиммасига тушади. Кейин улар Ясси шаҳрига кўчиб боришади. Ёш Аҳмад Яссида биринчи устози Арслон боб билан учрашади. Шу тарзда ундан илк таҳсилини олади. Ясси Аҳмаднинг маънавий-руҳоний камолотига доялик қилган, унинг дастлабки кашфу кароматларига гувоҳ бўлган ва Султонут тариқа, бурҳонул ҳақиқат, зубдатул орифин, шамсул авлиё сифатида бутун мусулмон оламига шуҳрат эшигини очган муқаддас заминдир. Хожа Аҳмаднинг Яссавий тахаллусини олиши ҳақида икки хил қараш мавжуд. Биринчиси, унинг Яссида яшаганлиги ва шу ерда янги бир тариқатга асос солишга таянилган қараш. Иккинчиси – бир қадар ривоят мазмунига эга қараш. Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр» асарида нақл қилинишича, Мовароуннаҳрда Яссавий номли подшоҳ бўлган экан. У қишни Самарқандда ўтказиб, ёз ойларини Туркистон тоғ этакларида ўтказар экан. Бир ёз ойида шаҳаншоҳ Қорачуқ тоғига овга чиқибди. Лекин иши юришмабди. Шикордан қуруқ қайтишдан ғазабланган ҳукмдор тоғни бутунлай йўқотишни ният қилиб, барча машҳур Шайх ва пирларни ҳузурига чорлабди. Лекин улардан ҳеч бири бу ишни уддалай олмабди. Шунда у яна ким назардан четда қолганлигини суриштирибди. «Сайрамда Аҳмад отлиғ бир бола бор…», — дейишибди. «Чорланг!» — дебди шоҳ. Аҳмадга чопар боргач, у опаси билан маслаҳатлашибди. Гавҳари Шаҳноз унга дебди: «Падари бузрукворимиз риҳлат замонида васият қилиб айтган эдиларки, фарзанди аржумандимиз Аҳмаднинг зуҳурига вақт етишса, аломати улдурки, маъбадим ичида бир суфра бордир, у шул суфрани очишга қодир бўлар…»

Хуллас, суфра очилибди. Уни олиб, Аҳмад анжумани авлиёуллоҳга қатнашиш учун Яссига қараб равона бўлибди. Дастурхон ёзиб бир парча нонни «тўқсон тўққиз минг авлиё ва сипоҳу подшоҳ»га тарқатганда, ҳамманинг қорни тўйиб, ундан яна ортиб қолибди. Бу каромату баракотни кўриб ҳамма қойил қолибди. Сўнг отасининг хирқасини ёпиниб дуо ўқиганда чор атрофга ёмғир қуйилиб, ердаги бутун борлиқ селга ғарқ бўлар ҳолга етибди. Ниҳоят, Аҳмаддан ёмғирни тўхтатишни ёлвориб сўрашибди. У хирқадан боишини чиқаргани замон ёмғир, сел тўфонлари ҳам тинибди. Карашса, Қорачуқ тоғидан ҳам ному нишон кўринмасмиш. Бу «ҳолати ғариба ва каромати олияни мушоҳада» этган подшоҳ Хожа Аҳмадга: «Оламда ҳар ким бизни севса бундан сўнг сенинг номингни қўшиб ёд айласин», — дебди. Шу кундан бошлаб Хожа Аҳмад Яссавий тахаллусига эришган экан. Бу ривоят Аҳмад Яссавийнинг болалик чоғларидаёқ кашфу каромат соҳиби бўлганлигини исботлаш жиҳатидан ҳам аҳамиятли, албатта.

III

Ўн тўққизинчи асрларнинг охирларида қадимшунос олим Абубакр Диваев халқ бахшиларидан шундай сатрларни ёзиб олган экан:

Туркистонда ўн минг боб,
Сизлардан мадад тиларман.
Сайрамдаги сонсиз боб,
Ўтрордаги ўттиз боб,
Энг буюги Арслон боб
Сизлардан мадад тиларман.

«Боб» арабчада «эшик» маъносини ифодалайдиган сўз бўлиб, туркчада эса бу калима ислом дини тарғиби учун фидойилик кўрсатганларга берилган бир лақаб бўлган.
Алишер Навоий Фарғонада «улуғ машойихни Боб дерлар», дейди. Шунингдек, «боб» ва «бобо» сўзи шайх, пир, валийларга нисбатан ҳам қўлланилган. Аҳмад Яссавий Туркистондаги бобларнинг энг буюги, дея эътироф этилган Арслонбобдан таҳсил олган.

Маълумки, Арслон халқ тасаввурида куч-қудрат, енгилмас журъат ва жасорат тимсоли бўлган. Лекин у фақат жисмоний куч соҳиблари учун қўлланиладиган тимсол бўлмасдан, маънавий-руҳоний куч соҳиблари ҳам арслонга ўхшатилган. Нақл этилишича, қадимий туркларда дин пешволарига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишнинг ифодаси ўлароқ, уларга асрлон суврати тасвирланган олтин бир тахт ясаб бериларкан. Бизнинг назаримизда, Арслон бобнинг номида ҳам шунга яқин бир ишорат яширинган.
Аҳмад Яссавий бу буюк шайх билан учрашганда етти ёшда эди:

Етти ёшда Арслон бобом излаб топди,
Ҳар сир кўриб парда бирла букиб ёпди.

Арслон бобнинг «етти ёшда» Яссавийни излаб топиши ҳам тасодифий ҳодиса бўлмаган, албатта.
Ривоятга кўра, Ҳазрати пайғамбар сардорлик қилаётган бир уруш чоғида асҳоби киром ул зотнинг ёнларига келиб оч қолганликларини айтишибди. Пайғамбарнинг дуолари туфайли Жибрили амин жаннатдан бир лаган хурмо олиб келибди. Шунда хурмолардан бир донаси ерга тушибди. Жаброил «Бу хурмо сизнинг умматингиздан Аҳмад Яссавий отлиғ бир буюкнинг насибасидур», дебди. Ҳар омонатни ўз соҳибига етказишга қатъий амал этгувчи Ҳазрати пайғамбар асҳоблардан кимдир бу вазифани зиммасига олишни таклиф қилибдилар. Аммо улардан ҳеч биридан садо чиқмагач, Арслон бобо бу ишни ўз зиммасига олибди. Пайғамбар (а.с) хурмо донасини Арслон бобнинг оғзига ирғитгани замон бир парда зоҳир бўлибди. Ва ҳазрати пайғамбар унга Аҳмад Яссавий қандай киши бўлишини таърифлаб, унинг тарбияси билан машғул бўлишни амр айлабди.
«Девони ҳикмат»даги бир қатор тўртликларда гўё ривоятдан кейинги ҳақиқатлар ифодасини топгандир:

Етти ёшда Арслон бобом бердим салом,
Ҳақ Мустафо омонатин қилди инъом.
Ўшал вақтда минг бир зикрин қилдим тамом,
Нафсим ўлиб ломаконга ошдим мано.

Хурмо бериб, бошим силаб, назар қилди,
Бир фурсатда уқбо сори сафар қилди,
Алвидо деб бу оламдан гузар қилди,
Мактаб бориб, қайнаб, тўлиб тошдим мано.

Арслон боб тириклигидаёқ Аҳмад Яссавийни Бухорога бориб таҳсилни давом эттиришга даъват этган эди. Устозининг вафотидан сўнг Яссавий билимини ошириш учун Бухорои Шариф томонга йўл олади.
Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мовароуннаҳрдаги нуфузли марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар йиғилишган. Аҳмад Яссавий Бухорода, энг аввало, диний ва тасаввуфий илм сирларини чуқур эгаллашга киришади. Араб тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал ўзлаштиради. У худди шу муборак заминда форсийда яратиган тасаввуфий адабиёт билан танишишда зўр рағбат кўрсатди. М.Ф.Купрулизода ҳаққоний таъкидлаганидек, «Аҳмад Яссавий, ҳеч бир жиҳатдан Ислом илмлари ва Эрон адабиётига бегона эмасди. Таҳсил ва сулук ҳаётининг катта бир қисмини Ислом – Ажам фикр марказларида ўтказганлиги учун қадимги буюк Ажам мутасаввиф шоирларининг тасаввуфий асрларини бағоят чуқур биларди».

Аҳмад Яссавийнинг ҳаётидаги фавқулодда ҳодисалардан яна бири – унинг Бухорода замонасининг пешқадам олими ва сўфийси Шайх Юсуф Ҳамадонийга мурид бўлганлиги эди.
Абдухолиқ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» рисоласидан англашилишича, Ҳамадонийнинг кўнгли бутун махлуқотга муҳаббат тимсоли бўлган. У бағоят собит зот, орифликни ниҳоятда улуғлаган. Яссавий қисқа замонда шайхнинг эътиборини қозониб, ундан олгани файз ила камол мартабасига юксалган ва Ҳамадонийнинг учинчи халифалигига эришган. Шундан сўнг, яъни «иршод ва даъват мақоми» қўлга киритилгач, «Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон сори азимат» (Навоий) айлаб янги бир тариқатга асос солади. Яссавийлик номи билан донг таратган бу тариқат бир турк машойихи томонидан туркий халқлар орасида бунёд этилган илк тасаввуф тариқати эди.

IV

Аҳмад Яссавий Бухородан Яссига қайтгач, тез шуҳрат таратган ва қисқа муддатларда кўп ўлкаларга тарқалган янги тариқатни яратди. Яссавийгача ҳам сўфиёна шеър иршод учун бир восита ўлароқ қабул этилган эди. Яссавий, энг аввало, ана шу учун шеърга мурожаат қилди.
Диний-тасаввуфий маънолар муридларидан ташқари кенг халқ оммаси онги ва қалбида осон ўрин топишини таъминлаш ниятида шер имкониятларидан ҳам моҳирлик ила фойдалана олди.

Аҳмад Яссавий асос солган яссавийлик тариқати тасаввуфдаги бошқа тариқатлардан одоб ва аркон жиҳатдан фарқларга эга бўлса-да, туб моҳиятда улардан фарқи йўқ. Ўша давр тариқатларида бўлганидек, Яссавийликда ҳам тавҳид ишончи ҳокимдир. Имом Ғаззолийнинг шарҳлашича, «тавҳиднинг асл маъноси восита сабабларини эътиборга олмасдан ҳамма нарсани Оллоҳдан билмакдир. Тавҳид аҳли хайр ва шаррни Оллоҳда билур, уларни Оллоҳ яратганига имон келтирур. Бу шундай шарафли мақомдурки, таваккул, ризо, Оллоҳ ҳукмига таслимият ҳоллари ҳам айни шу мартабанинг меваларидир».

Абдулло Ансорийга кўра, тавҳид бирликда сўзламоқ, бирликда кўрмоқ ва якто бўлмоқдур. Аҳмад Яссавийнинг тавҳидга доир қарашлари ана шундай мақом ва бирликка асосланган. Умуман, Яссавий тариқат билан шариатни ўзаро ич-ичидан уйғунлаширганлиги учун ҳам Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр мин амвожил биҳор» номли асарида яссавийликнинг асослари: 1.Тавҳидга асосланган тасаввуфий тушунчалар. 2.Шариат ва Ҳазрати пайғамбарнинг суннатига мутлақ боғлиқлиқ. 3.Шариатга таянган тариқат. 4.Риёзат ва мужоҳада. 5.Хилват ва зикр, деб кўрсатилган. Бу тариқатнинг аҳкомлари эса қуйидагилардан иборат: 1.Маърифати Ҳақ. 2.Саховати мутлақ. 3.Сидқу маҳаққақ. 4.Яқину мустағрақ. 5.Таваккули ризқу муаллақ. 6.Тафаккури мудаққиқ.
Яссавий тариқатининг ўзидан аввалги бошқа тариқатлардан фарқланувчи жиҳати тилдадир. Унда исломий тасаввуф ғоялари илк мартаба туркийда талқин этилган эди. Яссавиянинг иккинчи бир ўзига хос ва муҳим томони, унинг ислом дини, шу диннинг бош китоби «Қуръон»ни таянч манба билиб, форсий тилдаги тасаввуф тажрибаларидан ижодий фойдаланиш билан бир қаторда туркий аҳлоқ, қадимий туркий дунёқараш ва ишончлардан йироқлашмаганлигидир.

Бадиий ижодда ватандан жудолик, ғурбат, айрилиқ, юрт соғинчи хусусида кенг баҳс юритилганлиги маълум. Ўзбек тасаввуф шеъриятида эса «ғурбат» ва «ғариблик» масаласини махсус талқин этиш бевосита Яссавий тажрибалари билан боғлиқ. Улуғ шайхнинг эътирофлари бўйича:

Ғурбат тегса пухта қилур кўп хомларни,
Дон қилур, ҳам хос қилур кўп омларни.

Чунки ҳатто пайғамбару саҳобалар ҳам ғурбат оташида тобланмишлар:

Ғурбат тегди Мустафодек Эранларга,
Ўттиз уч минг саҳоба ҳам ёронларга.

Аҳмад Яссавий ғурбат ва ғариблик дардларини талқин қиларкан, албатта, ўз қисмати, айрилиқда кўнглидан туғилган ҳолатларга ҳам асосланган эди:

Хуросону Шому Ироқ ният қилиб,
Ғарибликни кўп қадрини билдим мано.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Яссавий ҳикматларида ғурбат тушунчаси кўпроқ илоҳий маънода қўлланган бўлиб, унда азалий ватанга интилгувчи руҳ айрилиғи акс эттирилган.

Умуман олганда, тасаввуфда ватанпарастлик ақидаси йўқ. Тасаввуфий таълимот бўйича, инсоннинг асл ватани мутлақ Борлиқ. Инсон шу борлиқда пайдо бўлган, боқий «Диёр» — ўша муқаддас Борлиққа қайтажак. Шу боис, ҳақиқий сўфий ҳеч вақт «Менинг Арабистоним», «Менинг Эроним» ёки «Менинг Туркистоним» демайди ва демаслиги керак. Чунки бундай маслак илоҳий ишқ матлабига зиддир. Шунга қарамасдан Аҳмад Яссавий ҳикматларида Ватан ва ватанпарастлик ҳиссиётлари аксини топган. Зеро, Яссавий дин ва тасаввуфга тарғиб қилишни кўзлаган таркий қавмлар қалбига тўла-тўкис таъсир ўтказиш учун миллий идрок ва миллий ғурур, унинг тамали ҳисобланмиш Ватаний ахлоқ ва юрт севгисини эътиборга олмоғи зарур эди. Мана шунинг учун Яссавий ҳеч иккиланмасдан тасаввуф шеъриятига Ватан мавзусини олиб кирган. Яссавийлик юрт ишқи, Ватан ҳимояси ва равнақи учун курашга чорлайдиган тариқат. Афсуски, бу ҳақиқат узоқ йиллар давомида нотўғри ва тескари томондан тушунтирилиб келинди. Яссавий ва яссавийликка алоқасиз сиёсий танқидлар тўқилди.
Яссавийлик тариқати мафкураси учун, ҳеч шубҳасизки, ожизлик ва қарамликка кўниш, зулм ва золимликка ён бериш, нафс ҳирсида олий туйғуларни қурбон айлаш, маҳдудлик ва ақидапарастлик майллари бегона эди. Шунинг учун ҳам бу тариқат Ўрта Осиёда, Хоразм, Кавказ ва Ўрта Волганинг татар ўлкасида кўп сонли намояндаларига эга бўлган, Хуросон, Эрон ва Онадўлида Яссавийга издош гуруҳлар фаолият кўрсатишган эди. XVII аср татар шоири Мавло Қули:

Сўфийлик мевалари пишиб кетмиш,
Ман ондин бирин-бирин тотсам эрди.
Ул меванинг лаззатидин маст бўлибон,
Ўздин кечиб, беғам бўлиб ётсам эрди, —

дейди. Мавло Қули бунда, биринчи навбатда, Хожа Аҳмад Яссавийнинг улуғ шахсияти ва тариқатини назарда тутганлиги шубҳасиздир. Чунки профессор Исмоил Ёқут айтганидек, «Хожа Аҳмад Яссавий бўлмаса эди, бугун туркларнинг қандай бир диний ҳуввиятга соҳиб бўлишини ва ўртада қандай бир тасаввуф тушунчаси тузилишини тасаввур этиш кўп қийин бўлурди». Шунингдек, Яссавий ҳикмат номини бергани тасаввуфий шеър анъанасига асос солмаганида, умуман туркий адабиётда ирфоний мавзу, ғоя ва тимсолларнинг тарихи ёки тақдири қандай кечишини аниқ кўрсатиш ҳам мушкуллашарди. Яссавий туркий тасаввуф адабиёти тамалини яратиб, кейинги давр тасаввуфий шеъриятнинг инкишофига кучли таъсир ўтказгандир.

V

Ҳижрий XI асрда Ҳаким Саноий, Фаридуддин Аттор ижодлари билан Эрон адабиётида буюк мутасаввуф ижодкорлар даври бошланди. Жалолиддин Румий шеърияти билан тасаввуф адабиёти мисли кўрилмаган юксакликларни ишғол этди. Бу улуғ шоирлар тариқат қонун-қоидаларига қатъий амал қилгувчи бир сўфий каби яшамаган бўлсалар-да, асарларида сўфийлик ахлоқи ва таълимотига доир фикр-мулоҳазаларни илҳом-ла илгари сурганлар.

Тасаввуф маслаги инсоннинг басират кўзини Руҳ ва Кўнгил оламига қаратди. Нафсни таниш ва енгиш орқали гўзал ахлоққа эришиш тажрибасини ўргатди. Ва руҳоният тарбияси учун узлуксиз ғамхўрлик қилиш усулларини кўрсатди. Булар шеъриятнинг мақсад ва қизиқишларига мувофиқ келадиган ҳақиқат ва ҳолатлар эди. Тариқатга мансуб шоирлар фикр-қарашларининг тарғиби учун дастлабки даврларда кичик шаклларга, хусусан рубоий жанрига мурожаат этган бўлсалар, тасаввуф таълимоти қулоч ёзгани сайин бошқа шеърий шакллардан ҳам унумли фойдаландилар. Бунда ўзига хос бир манфаатдорлик тамойили мавжуд эди. Чунончи: тариқат ва хонақоҳ аҳли шеърга таъсирбахш тарғибот воситаси деб қараган бўлишса, шеърият вакиллари учун тасаввуф янги ғоялар, фалсафий мушоҳадалар, гўзал самовий туйғулар, эркин ва порлоқ орзулар манбаига айлангандир. Айниқса, илоҳий мавзуидаги шеърларда рамз, мажоз ва тимсоллар алоҳида мавқега эришганди.
Форс-тожик шеъриятида ҳам, туркий адабиётда ҳам халқ орасида сўфийлик асосларини талқин этиш ва тарғиб қилиш мақсадида бир неча буюк асарлар яратилдики, шундай асрлардан бири Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»идир.

Тасаввуф бадиий ижодни янги ғоя, тушунча ва туйғулар билангина эмас, ориф, дарвеш, фақр, абдол, эран сингари қаҳрамонлар билан ҳам бойитди ва уларни комил инсон идеали  атрофида бирлаштирди.
Аҳмад Яссавийда «Ҳар не қилсанг ошиқ қилгил, парвардигор», деган фикр бор. Аҳмад Яссавий учун бу жуда муҳим, айтиш мумкинки, бош орзу эди. Чунки, Аҳмад Яссавий «Девони ҳикмат»ни яратар экан, ўзини шоир эмас, чин ошиқ қиёфасида тасаввур этган. Зеро, тасаввуф аҳлининг ишонч-эътиқоди бўйича фақат ошиқнинг шеъри Оллоҳ каломининг тафсири ҳисобланган. Негаки, бундай шеърлар оддий шоирникидан фарқли ўлароқ ҳайрат ва мастлик маҳсуллари сифатида эъзозланган. Бундай шеърларнинг илк намуналари Мансур Ҳаллож, мисрлик шоир Умар бин Форид томонидан яратилган. Ана шу сабабга кўра ҳам Аҳмад Яссавий Мансур Ҳалложнинг сакр ҳолатида айтгани «Анал-Ҳақ» таъбирини тўлиқ қўллаб-қувватлаган.

VI

Аҳмад Яссавий шеърларини ўз ичига олган мажмуа «Девони ҳикмат» деб аталган. «Девони ҳикмат» иcлом дини асосларидан баҳс этувчи, шариатнинг аҳкоми ва аҳли суннатнинг ақидаларидан сабоқ берувчи, тасаввуф сирлари ва тариқатнинг одобу аркони ёритилган қомусий характердаги бир асар. Унда илоҳий ишқ ғояси ва дидактик мавзуи йўналиши етакчилик қилади. Абдурауф Фитратнинг айтишича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда ва халқ шоирларимизнинг тутғон йўлларидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар» юрган.

Яссавий «турк шоирларининг доҳийларидан», деб таърифлаган Абдураҳмон Саъдий ёзади: «Яссавий турк қавмларининг ҳақиқий маъноси билан чин шоирларидан (лирик) ва классик шоирларидандир. Ул ғоят ҳассос, илҳом ва хаёли ғоят табиий ва енгил ўқишли бир шоирдир. Яссавийнинг юраги бутун умрига руҳий ва маънавий ишқ билан ловуллаб ёнатурғон шеърий бир ўтдир».

М.Ф.Купрулизоданинг Аҳмад Яссавий шоирлик фаолиятга назари ва муносабати нисабатан бошқача. Унга кўра, Яссавий араб ва форс тилларидаги тасаввуфий асарларни ўқий олмайдиган туркларга маърифат тарқатиш ва муридларига тасаввуфий ҳақиқатларни талқин этиш мақсадида шеър ёзган.
Форс-тожик тасаввуф шеъриятини янги ва юксак босқичга кўтарган Саноий, Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румий сингари мутасаввиф шоирларнинг ижод намуналари билан киёслаганда, албатта, «Девони ҳикмат»даги лирик тамойил ўзгача маъно касб этади.

Аҳмад Яссавий биринчи бўлиб ҳикматнавислик анъанасини бошлаб берган ижодкор. Яссавий ҳикматларининг бош фазилат ва хосияти шундаки, улар, энг аввало, шеърхонни Бирлик Кучига иқрор айлайди ва илоҳий Бирлик Шавқи билан кўнгилни поклайди. Яссавий ҳикматларини ўқиганда киши гўзал ахлоқ ва яхши амал, юксак орзу муҳибига айланади, аста-секинлик билан бўлса-да ўткинчи дунё даъволаридан йироқлашиб маъно ва моҳиятга юз буради. Чунки Аҳмад Яссавий кўзлаган бош мақсад орифона мақсад бўлган. Шунинг учун у ўз ижод намуналарига ҳикмат номини берган.

М.Ф.Купрулизода диний-тасаввуфий манзумалар X асрдан эътиборан «ҳикмат» деб аталганини ёзган. Мутасаввиф шоирлар, жумладан Аҳмад Яссавий учун ҳам «ҳикмат ладуний моҳиятга эгадир. Форобийнинг таъкидлашича, ҳикмат «бешиги» файласуфларнинг онги эмас, пайғамбарларнинг кўнглидадир. «Қуръон»нинг Бақара сурасида (269-оят) бундай дейилган: «У, яъни фазлу карми кенг Оллоҳ ўзи истаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди». Луқмон сурасининг 12-оятида, «Аниқки, биз Луқмонга ҳикмат ато этдик», дейилган. Шу маънода кўп мутасввифларга Луқмон ҳаким ўрнак бўлгандир. Юнус Эмронинг «Ўқиб ҳикмат илмини Луқмон ўлайин бир замон», дейиши шунчаки орзу бўлмаган, албатта. Аҳмад Яссавийда ҳам ҳикмат – «илми ладуний», яъни илми ғайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф этмоқ ва ифодаламоқ мазмунига тенг. Бу ҳақиқатни Сулаймон Боқирғоний:

Боқса Каъба кўрунгон, босса ерлар тирилгон,
Ладун илми верилғон шайхим Аҳмад Яссавий,

дея таъкидлаган.
Лекин тасаввуфда илми ладуний ҳам икки қисмга ажратилган. Биринчиси – раҳмоний, иккинчиси – шайтоний. Буларнинг фарқлари ваҳий келишига боғлиқ. Фахри Коинотдан (Муҳаммад алайҳиссаломдан) сўнг эса ваҳий тўхтагандир. «Илми ладунийи раҳмоний Хақ таолога тоат ва убудият, пайғамбаримизга муҳаббатдан ҳосил бўлурки, китоби илоҳ ва китоби расулиллоҳ у орқали англашилур».

Дарҳақиқат, фаҳм ва идрок, зеҳн ва ҳиссиётда Оллоҳ баъзиларни беҳад устун эканлиги учун ҳам тасаввуф аҳли илоҳий илҳомдан туғилган маърифат – илми ладуний завқи билан нафас олганлар. Оллоҳ ҳикмат кўнгил соҳиблари томонидан англашиларкан, дил ҳикмат йўли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тасаввуф адабиётида муршиди комилнинг кўнгли кўпинча «ҳимат бешиги»га ўхшатилади. Аҳмад Яссавий ҳикматларида «илми ботин», «илми ҳунар», «оби ҳайвон» иборалари ҳам илми ладун, аниқроғи сўфийликка муқобил мазмунни акс эттиради.
Аҳмад Яссавий бир тўртликда:

Саккизимда саккиз ёндин йўл очилди,
Ҳикмат айт деб бошларимга нур сочилди, —

дейди. Демак, Яссавийда ҳикмат айтиш истаги илоҳий-руҳий эҳтиёж туфайли пайдо бўлган дейиш мумкин. Лекин у бошқа бир ўринда:

Ўттиз тўртда олим бўлиб, доно бўлдим,
Ҳикмат айт деб субҳон айди, гўё бўлдим,

дейдики, унинг «ичи-тоши ҳақ нурига» тўлган айни ўша вақтларда илоҳий маъно ва туйғулар ҳикматига айланганлиги эҳтимолдан йироқ эмас.
Сиртдан қаралганда, Ясавий ҳикматларининг тил ва ифодаси сингари маънолари ҳам содда ва осон англашиларлидек кўринади. Аммо зоҳирий маъно пардаси билан ёпилган улардаги ботиний – асосий маъноларни тўлиғ англаш, тимсол ва ташбиҳларнинг мундарижасини тўғри белгилаш анча мушкулдирки, бу нарса «Девони ҳикмат»даги дастлабки тўртликни ўқишданоқ сезилади:

Бисмиллоҳ деб баён айлай ҳикмат айтиб,
Толибларга дурри гуҳар сочдим мано.
Риёзатни қаттиқ тортиб қонлар ютиб,
Мен дафтари соний сўзин очдим мано…

Мусулмончилик эътиқоди ва одоби бўйича «Бисмиллоҳ» ҳар хайрнинг боши. Аҳли илм бу муборак калимани ислом нишони билгани каби, бутун мавжудотнинг «лисони ҳол ила вирди забонидир», дея эътироф этишган.
«Бисмиллоҳ»да туганмас бир қувват, доимий бир баракат борлигини ориф зотлар, жумладан, Аҳмад Ясавий ҳам теран идрок қилган. Дин ва тасаввуф вакиллари ўртасида «Бошда «Бисмиллоҳ» зикрдир, охирида «Алҳамдулиллоҳ» шукрдир, Аҳад, Самаднинг мўъжизаси қудрати ва ҳидояти раҳмати тйфайли ато этилган неъматларни тушунмоқ фикрдир», — деган ақида бор. Яссавийнинг «Бисмиллоҳ»ида «зикр», «шукр», «фикр»га йўл очгандир.

Тасаввуф аҳли уч табақага ажратилган. Биринчиси – мурид. Мурид бўлмоқ – бу тариқатнинг иккинчи мақоми. Мурид уч турлидир: 1.Мутлақ мурид. 2.Мажозий мурид. 3.Муртад мурид. Мутлақ мурид ҳар қандай ҳол ва вазиятда ҳам шайхидан ҳеч қанақа далил ва исбот талаб этмайди ва унга тўла бўйсунади. Зоҳирда шайхи истагандай кўриниб, ботинда ўзи истаган кишига айланиши – бу мажозий муридлик. Муртад мурид шайхнинг маълум бир ҳолини кўргани замон ундан юз бурувчидир.
Аҳмад Яссавий «Толибларга дурри гуҳар сочдим мано» деганида, албатта, биринчи табақага мансуб аҳли сулукни эътиборга олган.

Тасаввуфда «илму ҳунар» қиймат эътибори билан кўпинча «гавҳар»га қиёсланади. «Миръоти ушшоқ»да гуҳар – соликни сўз инжусига молик айлайдиган маънийи ҳақиқий, деб шарҳланган. Умуман, «гавҳар» дин ва тасаввуфда жуда чуқур мазмунга эга бир тимсолдирки, бу жиҳатдан «Маноқиби Хожа Каъбул-ахбор» рисоласидаги бир ҳикоят диққатга моликдир. Нақл этилишича, Муҳаммад алайҳиссалом меърожга кўтарилиш кечаси, Жаброилдан «Эй биродар Жаброил, Худои таоло барча ашёдан аввал нимани яратган эди?» — деб сўраганда, у: «Раббул иззат дастлаб гавҳарни яратганди. Қудрат назари ила ул гавҳарга нигоҳ ташалагач, гавҳар сув бўлиб мавж ура бошлади. Ва етти қат осмон пайдо бўлди… Шундан сўнг Оллоҳ яна ўша гавҳарга боқди. Етти қат ер бунёд бўлди», — деган экан.

Аҳмад Яссавий «Риёзатни қаттиқ тортиб қонлар» ютишни «Толибларга дурри гуҳар» сочиши билан бирга, «дафтари соний» сўзини очишга ҳам нисбат берган.
Дафтари соний – иккинчи дафтар демак. Ҳикматларда бу ибора бир неча бора тилга олинган. Хўш, «дафтари соний» замиридаги ҳақиқат нима? У нимага ишора қилади?

Маълумки, Яссавийга эргашиб ҳикмат айтган шоирларнинг сафи анча кенг бўлиб, уларнинг асарлари шакл, маъно, ифода жиҳатидан Яссавий ҳикматларидан унча фарқ қилмаган.
М.Ф.Купрулизода «дафтари соний» — тилга олинган ушбу шоирлардан бирортасиники бўлиб, «Девони ҳикмат»га киритилган деган тахминни илгари сурган. Унингча, Яссавий издошлари ўзларининг ҳикмат тўпламларини «иккинчи дафтар», деб ҳисоблаганлар. Яссавийнинг «То тириксан ишқ дафтари адо бўлмас» сатрига асосланиб, Камол Эраслон шундай изоҳ беради: «Бу мисрадан «Девони ҳикмат»нинг илоҳий ишқни ифода ва талқин этган бир дафтар эканлиги маълум бўлур. Диний-тасаввуфий ҳикматлардан иборат бўлган «Девони ҳикмат»да илоҳий ишққа кенг ўрин берилганлиги ҳам ушбу даъвонинг тўғрилигини тасдиқлайди».
Унда биринчи дафтар нима? Камол Эраслонга кўра, биринчи дафтар – «Лавҳи маҳфуз»дир . У «Девони ҳикмат»ни «Лавҳи маҳфуз» — «Азал дафтари» ёки «Дафтари аъмол» — «Амаллар дафтари»дан кейинги «иккинчи дафтар» сифатида қабул қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Имом Ғаззолийнинг ёзишича, «Қалбда оламнинг ҳақиқат ва сувратининг ҳосил бўлиши, баъзан туйғулардан, баъзан эса лавҳи маҳфуздан юзага чиқур… Шу нуқтаи назардан қалб ила лавҳи маҳфуз орасидаги парда кўтарилгани замон, лавҳи маҳфуздаги ашё равшанлашур ва лавҳи маҳфуздан қалбга қараб илм тўғри оқмоққа бошлар. Шундай қилиб, туйғуларнинг ботиний оламлардан илмларни иқтибол этмоққа эҳтиёжи қолмас ва бундай бир қалб қаттиқ ернинг қаъридан қайнаб чиққан булоққа ўхшар».

Демак, Яссавий «Дафтари соний сўзин очдим мано», деганида лавҳи маҳфуздан қалбга оқиб кирган илоҳий илмдан туғилган ҳақиқатлар ифодасини ҳам назарда тутган бўлиши мумкин. «Девони ҳикмат» асосан тасаввуф ҳақиқатларидан баҳс этгани учун «иккинчи дафтар»дан мурод эҳтимол «илми ҳол» ёки тариқат илми бўлгандир. Эҳтимол, иккинчи «дафтар»дан олдин «Девони ҳикмат»нинг биринчи «дафтари» юзага келгандир. Лекин булар хусусида фақат тахмин қилиш мумкин. Қатъий ҳукм чиқаришга эса ҳозирча мустаҳкам асос йўқ.

Аҳмад Яссавийнинг мафкураси туркий-исломий мафкура. Буни унинг қуйидаги сатрларидан ҳам англаш мумкин:

Хушламайдур олимлар бизни айтғон туркини,
Орифлардан эшитсанг, очар кўнгил мулкини…
Оят, ҳадис маъноси турки бўлса мувофиқ,
Маъносига етганлар ерга қўяр бўркини.

Шу жиҳатдан Яссавий ҳикматлари ҳақида баҳс юритганда, улар маъно ва моҳият эътибори билан Қуръони Карим ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларига ниҳоятда чуқур боғлиқ эканлигига алоҳида аҳамият бермоқ зарур. Саҳл ат-Тустарийнинг айтишича, «Оллоҳни севишнинг аломати, Қуръонни севмак. Қуръонни севишнинг аломати, пайғамбарни севмак, пайғамбарни севишниннг аломати эса, унинг суннатига муносиб бўлмоқдир». Мана шунинг учун тасаввуф аҳли, инсон ўзини Қуръон ила тарбия топтирмоғи ва синовдан ўткармоғи, Оллоҳ ишқини Қуръон ишқи билан узвий алоқадорликда камол топтириш лозимлигини ёқлаганлар.

Яссавий учун Қуръондаги ҳар бир сўз ва ҳар бир тушунча – бу «Ҳақ фармони». У ҳам зоҳиран, ҳам ботинан шу фармонларга тўла таслим бўлмоқ ва шу фармонлар бўйича амал қилмоқни инсон зиммасидаги энг олий вазифа ва бурч, деб ҳисоблайди. Зеро, унинг:

Саҳарларда Қуръон ўқиб сано қилсам,
Ҳазратига қўл кўтариб дуо қилсам.
Зори қилиб, бу жонимни фидо қилсам,
Саҳарларда қўпуб тоат қилгум келур, —

дейиши ҳам юзаки бир истак бўлмагандир.
Тасаввуфда тафаккурнинг энг муҳташам, энг завқли ва энг ҳосилдор майдони илм ва маърифат. Яссавий таъкидлаганидек:

Маърифатни минбарига минмагунча,
Шариатни ишларини билса бўлмас.

Маърифатнинг минбарини эгаллаш осон иш эмас. Акс ҳолда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, «тавҳид сиррига етса бўлур. Аммо маърифат сиррига етмоқ душвордир», — демаган бўлурди. Ҳақиқатда ҳам тавҳид маърифатнинг юқори, аммо битта «тармоғи»дир. Ҳожи Бектоши Валининг образли ифодаси бўйича, «Маърифат шундай бир дарахтдурки, унинг боши – тавҳид, танаси – имон, япроқлари – ислом, туби – яқинлик, илдизи – таваккул, бутоқлари – наҳйи мункар, суви – рижо ва хавф, меваси – илм, тупроғи – комил инсоннинг кўнглидир. Боши аршдан ҳам баланд бу Дарахтнинг беш навдасидан бири – шавқ, иккинчиси – муҳаббат, учинчиси – иноят, тўртинчиси – иродат, бешинчиси эса – қурбиятдир».

Демак, маърифат соҳиби бўлмоқ учун ана шунча ҳақиқат ва фазилатларнинг соҳиби бўлмоқ, маърифат сиррига етмоқ учун ана шунча ҳақиқат ва хусусиятларнинг асроридан огоҳ бўлмоқ лозим. Маърифат инсон онги ёки кўнглига ташқаридан олиб кириладиган, яъни зоҳирий бир неъмат ёки қудрат эмас, балки инсоннинг илоҳий мавжудлигидан юзага келадиган фикрий ва руҳий қудратдир. Маърифат – энг аввало, қалб мужоҳадаси ва ўзни англамоқ демак.

Тасаввуф таълимоти, маълум бир маънода, нубувват таълимоти ва маърифатга содиқликдир. Шу жиҳатдан Жунайд Бағдодийнинг тасаввуфнинг асосларини Ҳазрат Иброҳимнинг саховати, Исмоилнинг таслимияти, Айюб алайҳиссаломнинг сабри, Зикриё пайғамбарнинг сукути, Ҳазрати Яҳёнинг ғариблиги, Исо Руҳуллоҳнинг тарки ва Муҳаммад Мустафонинг фақр маслаги ташкил қилади, деган фикрини қувватлаш мумкин. Айниқса, «Девони Ҳикмат»да номлари қайд этилган ушбу пайғамбарлар ҳақидаги фикрлар билан танишган киши Жунайд Бағдодийнинг ҳукмини тўла маъқуллаши шубҳасиздир. Масалан, бир ҳикматдаги:

Зикриётек бу бошимга арра қўйсам,
Айюбтек бу танимга қуртни қўйсам,-

деган гап тўғридан-тўғри Ҳазрати Зикриёнинг кофирлар вужудига арра тортганда ҳам сукут этиши ва Айюб пайғамбарнинг сабрига ишоратдир. Ёки:

Аллоҳ дебон ўтқа кирди Халилуллоҳ,
Ўшал ўтни бўстон қилди, кўрунг Аллоҳ, —

талмеҳи Иброҳим алайҳиссаломнинг саховатини таъкидлайди.
Фазилат ва даража эътибори билан пайғамбарлар ўртасида фарқлар бўлганлигини Қуръондаги мана бу сўзлардан ҳам билиб олиш мумкин: «Ушбу пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Оллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг айримлари)ни (Оллоҳ) юксак даражаларга кўтардик» (Бақара: 253).

«Пайғамбарларнинг энг устуни, — дейди Имом Ғаззолий, — пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафодирлар. Чунки Оллоҳ таоло, унинг билан динни камолга ва пайғамбарликни охирга етказган». Имом Ғаззолийнинг таъкидлашига кўра, пайғамбаримизнинг бошқа пайғамбарлардан устунлигининг бир ҳикмати, унинг «дин ва дунё ишларини ўз қўлида бирлаштиргани эди. Оллоҳу таоло унинг ила инсонларни ҳам дин, ҳам дунёларидаги салоҳларини камолга эриштирмишдир. Ундан бошқа ҳеч бир пайғамбарга ҳар икки вазифа бирданига берилган эмас».

Муҳаммад пайғамбар таълимотининг мусулмон маданияти, адабиёти ва фанининг қуёшига айланишининг бош сабабларидан бири ҳам ана шунда. Расулуллоҳ учун диннинг камоли, энг аввало, ахлоқнинг камоли эди. Бир киши пайғамбардан яхши ахлоқ хусусида сўраганда, унга жавоб тарзида қуйидаги оятни ўқиган эканлар: «(Эй муҳаммад) марҳаматли (кечиримли) бўлинг! Яхшиликни амр этиб, жоҳиллардан юз буринг!» (Аъроф: 199). Бир зот Расулуллоҳнинг ёнига келиб: «Эй Оллоҳнинг Расули! Дин нимадир?» — дея сўраганда, пайғамбар: «Дин гўзал ахлоқдир», — деб жавоб берибди. Ўша одам пайғамбарнинг ўнг ёнига ўтиб, яна «Эй Расули Оллоҳ! Дин нимадир?» — деб сўрабди. Пайғамбар эса: «Дин гўзал ахлоқдир», — дебди. Сўнг ҳалиги кимса пайғамбарнинг орқасига ўтиб, «Эй Оллоҳнинг Расули! Дин недур?» — деган экан, пайғамбар: «Англамасмисан, дин ғазабланмасликдир», -деган экан.

Аҳмад Яссавийнинг:

Икки олам шоҳи турур бир яхши хулқ,
Хулқларидан ҳақ Мустафо бўлди улуғ,-

дейиши оддий эътироф эмасди. Яссавий тариқатда ҳам, тасаввуфий маъно ва ҳолатлар акс эттирилган «Девони ҳикмат»ида ҳам пайғамбарнинг диний-аҳлоқий қарашлари ва тушунчаларига асосланган эди. Шунинг учун ҳикматларда «Расулуллоҳ сўзин айтдим кони гавҳар», «Аё дўстлар, Мустафодин баён айлай…», «Ариғ Расул айтконлари эмди етти», «Ғарибларга раҳм қилмоқ Расул иши…», «Уммат учун Расул доим қайғу еди», «Ғурбат тегди Мустафодек эранларга» сингари изоҳ ва таъкид характеридаги мисраларга тез-тез дуч келинади. Умуман, «ўн саккиз минг оламга сарвар» бўлмиш Муҳаммад Мустафо Яссавий учун фақат шариатда эмас, Тариқат, Маърифат ва Ҳақиқатда ҳам раҳнамо ва раҳбар бўлгандир. Ҳатто хилват борасида ҳам Яссавий пайғамбардан ибрат олган эди.

Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр»даги «Эй дарвиш, билгилки, Хожа Аҳмад Яссавийнинг хирқати ва ривожи Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам, хирқаи меърожиндин ва хосияти меърожи хурмои латифларидан эрур», деган сўзлари ҳам ушбу фикрни тўла тасдиқлайди.

VII

Инсон бу фоний дунёга дўстлик ва муҳаббат учун келади. Инсон дўтлик ва муҳаббатнинг маъно-моҳиятини англамаса, ҳеч бир нарсанинг сир ва ҳақиқатини тўғри тушуна олмайди. Ва жаҳлга қул бўлиб, ғафлатга ён бериб, дўсликни ҳам, муҳаббатни ҳам инкор айлаши мумкин. Тарихда бундай воқеалар жуда кўп бўлган. Хусусан, инсоннинг Оллоҳга дўстлиги ва муҳаббатини инкор қилганлиги учун Жаъд бин Дирҳамга ўхшаш кимсалар энг оғир жазога ҳукм этилганлар.

Ишқ калимаси Қуръони Каримда учрамаслиги учун илк зоҳидлар муҳаббат сўзини ишлатганлар.
Ишқ сўзини бир тасаввуфий истилоҳ ўлароқ биринчи бора Абу Ҳусайн Нурий қўллаган экан. Оллоҳ ишқи хусусида кенг тўхталган илк сўфий Робиятул Адвиядир. Аммо бу мавзунинг тасаввуф ва тасаввуф адабиётидан кенг ўрин ишғол этиши ҳам осон кечмаган. Ва ишқ тушунчасини ёқлаган буюк зотлар доимий равишда у ёки бу тарзда қаршиликка учраганлар. Мана алоҳида эътиборга молик бир мисол: Бағдодда Ғулом Халил номли фитнакор бир кимса яшар экан. У тиш- тирноғи билан тасаввуф аҳлига қарши бўлиб, улар тўғрисида оддий халқ орасида иғво ва фасод гапларни тарқатиш билан қаноатланмасдан, ҳукумат одамлари, биринчи галда Бағдод халифасининг кўнглида сўфий ва мутасаввифларга нисбатан ғазаб қўзғашга ҳам эришган. Натижада, фақат ўз замонасининг эмас, балки барча замонларнинг фахри мавқеига етишган буюк ақл соҳиби ва «Товус ул-уламо» унвони ила шарафланмиш Жунайд Бағдодийдек зот ҳам кофирлик ва зиндиқликда айбланган. Жунайд эса азбаройи фиқҳ илмини жуда чуқур билганлигидан ўзини ўлимдан омон сақлай олган. Ўшанда кўп мутасаввифлар илоҳий ишқдан баҳс юритганликлари учун таъқибга учраб, ҳар турли жазога маҳкум этилганлар. Чунки айрим дин арбоблари ҳам илоҳий ишқ тушунчасини умуман инкор қилишган.

Ғулом Халилга кўра, «севги фақат махлуқотга хос бир сифат эрур, яратувчига хос сифат эмас. Шу боис ҳеч кимсанинг «Ман Оллоҳга ошиқман, Оллоҳ манга ошиқ», дейишга ҳаққи йўқ».
Абу Абдуллоҳ Ҳафиф Шерозий эса очиқ-ойдин қилиб, «Оллоҳга ишқ калимасини изофа этишни тарк этмоқ эътиқод қилганимиз ишлардандир», — дейди. Унингча, ишқдаги ҳатто энг кичик бир нарса ҳам бидъат ва залолатдир. Қушайрий бошқа бир шайхнинг мана бу фикрларига диққатни қаратган: «Ишқ севгида чегарадан ўтмоқдир. Ҳақ Субҳонаҳу ишқ-ла васфланмас, чунки У ҳаддан ошиш сифатига эга эмас. Бас шундай, қул Оллоҳ севгисида ҳаддан ошди, дейилиши мумкин эмас… Хуллас, Оллоҳ ишқдан беридир, на Ҳақнинг қули учун, на қулнинг Ҳақ учун ишқ сифатини беришга ҳаққи йўқдир».

Тасаввуф аҳли, албатта, бундай эътирозларни қабул қилмаганлар ва ишқнинг моҳияти, ҳақиқати ва қудратини кенг миқёсларда исботлашга эришганлар. Уларга кўра, биринчидан, ишқ бўлмаса эди, инсондаги барча фазилатлар яширин қолиб ошкор бўлмасди. Ишқ одам ва олам сирларининг шаффоф кўзгусидир. Инсон қаердан келди, қандай яшади ва қаёнга кетади? Бу саволга тўғри жавоб топишнинг холис йўли ишқдир. Тўғри, Нажмиддин Кубро Ҳазратлари айтганларидек, «Ишқ инсоннинг юрак-бағрини ёндиргувчи бир оташдир. У ақлни шоширтирар, кўзни кўр, қулоқни кар айлар. Аммо у энг улкан  қўрқувларни ҳам кичрайтирар. Бутун диққатни маъшуқага жалб этар…». Шу сабабдан инсон оламда Унинг гўзаллигин кўрар ва шу гўзалликни севар. Олам эса, Оллоҳнинг гўззалигидир. Агар Оллоҳни ким айни шу нуқтаи назар ила севса, оламни Оллоҳ севгиси билан севган бўлур.

Тасаввуфий маслакда ишқ – севгининг энг охирги даражаси ва мукаммал кўриниши. Ишқ мақомига кўтарилгунга қадар ошиқ яна етти даражада қалб ва руҳни камолга эриштириши керак.
Аҳмад Яссавийнинг тарихий хизматларидан бири шундаки, у туркий тасаввуф адабиётида биринчи бўлиб ишқнинг маъно-моҳияти, сири ва инсон қисматидаги оламшумул аҳамиятини ҳар томонлама чуқур ва ёлқинли оҳангларда талқин қилиб берди. Бу – ҳали ишқни тан олмайдиган ва ишққа қарши турган кишилар мавжуд замонлар учун ўзига хос жасорат эди. Аҳмад Яссавий намуна қилиб кўрсатган ошиқ, аввало, руҳи ва кўнгли «бўйи Худо» билан тўлган дард ва ҳасрат кишиси. Унинг учун дарддан маҳрум одам одам саналмаганидек, ишқсизлар ҳам бамисоли ҳайвондир:

Дардсиз одам одам эмас, муни англанг,
Ишқсиз одам ҳайвон жинси, муни тингланг.

Ишқ фақат дард ва қувонч, изтироб ва умид, садоқат ва фидойилик эмас, балки доимий бир маънавий-руҳий ҳаракат ҳамдир. Ҳаракатдан наинки одам, олам ҳам ўзгариб, янгиланиб боради. Шунга кўра ошиқ дунёга бошқача қарайди ва дунёни бутунлай бошқача идрок этади.

Мутасаввифларнинг «халқин жадид» (янгидан яратилиш) деган бир назарий тушунчалари бор. Унинг асоси шундай: борлиқ ҳар лаҳза янгиланиб, ўзгариб боради. Ҳар он янги бир яратилиш юзага келади. Ана шу янгиланиш борлиқнинг тамали ҳисобланади. Бу янгиланиш ҳаракатининг асоси эса, бир бор бўлиш – бақо ва бир йўқ бўлиш – фанодан иборат. Зеро, доимий тарзда ва силсилавий ўлароқ борлиқ бир онда бир бор бўлиш ва йўқ бўлишни бошдан кечирар. Бу лаҳзалик бор бўлиш ва йўқ бўлиш шаклидаги ҳаракат, айни замонда борлиққа янгилик олиб келади. Коинотда ҳеч қанақа такрор йўқ. Яъни бир бор бўлиш бошқа бирининг такрори эмас. Йўқолиш (фано) они шу қадар қисқаки, унинг тугаши билан дарҳол бошқаси унинг ўрнини эгаллар. Ана шунинг учун оддий инсонлар ушбу жараённи унча фарқлай олмайдилар. Бу ҳақда Мавлоно Румий «Маснавий»нинг илк жилдида «Ҳар он олам янгиланмоқда, Ва биз турғун қолганлигимиз учун унинг ўзгаришини илғай олмаймиз», дейди. Мутасаввифлар борлиқнинг ҳар он ўлиб янгидан тирилишининг ва ҳар тирилишнинг янги бир борлиқ ўлароқ юзага чиқишини илоҳий ишқ нури билан боғлаганлар. Чунончи, Оллоҳ ҳар тажаллий этишида борлиқни янгилар, янги-янги борлиқлар майдонга келтирар. Бизнинг кўриб, кўникканимиз эски борлиқлар ҳам аслида тинимсиз равишда янгиланишга маҳкумдир. Бу жараёнга «Тажаллий» номи ҳам берилган. Аҳмад Яссавий «Тажаллийнинг мақомидир улуғ мақом», деганда «ошиқ қуллар»нинг басират кўзи билан борлиқни доимий янгиланиш ва ўзгаришда кўришларини назарда тутган. Умуман, борлиқни асл ҳолида, яъни барча ўзгариш, янгиланишлар билан кўриш ҳам, Ҳақни таниш ҳам, комиллик мартабаларига соҳиб бўлиш ҳам Яссавийнинг қатъий қарорига кўра ишқ ва ишқ шарофати туфайли воқе бўлур:

Ишққа қадам қўйғонлар Ҳақ дийдорин кўрарлар,
Мусо сифат маҳшарда Ҳақдин савол сўрарлар.

Ишқ бозори – улуғ бозор. Бироқ унда «савдо ҳаром». Чин ошиқлар учун маъшуқа васлидан бошқа ҳамма-ҳаммаси ўткинчидир. Ёлғиз ишқ инсонга илоҳий ҳуррият эшикларини очиб уни моддий ва нафсоний дунё тобелигидан халос айлай олур:

Ишқ бозори улуғ бозор, савдо ҳаром,
Ошиқларга сендин ўзга ғавғо ҳаром.
Ишқ йўлига кирганларга дунё ҳаром,
Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил, Парвардигор.

Нақл этилишича, буюк маломатий Ҳамдун Қассор илмда юқори бир даражага эришгач, Нишопурнинг имомлари ва улуғлари келиб унга: «Сўзларинг кўнгулларга бориб етиши ва фойда етказиши учун минбарга чиқиб ҳалққа насиҳат айлашинг керак», — дейишибди. «Бунга ҳожат йўқдур», — дебди Қассор. «Нечун?». У жавоб берибди: «Чунки меннинг кўнглим дунё ва дунё мавқеига боғлиқдир. Шунинг учун сўзимдан фойда бўлмас ва кўнгулларга таъсир ўтказмас…». «Жавоҳир ул-аброр»да Аҳмад Яссавийнинг тўрт турли кишилардан йироқ бўлиши хусусидаги фикрлари келтирилганки, булардан бири дунёпараст ва аҳли ҳаводир.

Яссавий барча хатоларнинг боши ва давоми дунё севгиси, яъни дунёпарастликда деб билади. Ва инсоннинг олий камолоти тўғрисидаги хулосасини шундай ифодалайди:

Дунёпараст ножинслардан бўюн товла,
Бўюн товлаб дарё бўлиб тошдим мано.

Яссавий ҳикматларининг қалбга чуқур таъсир ўтказиш сирларидан бири ҳам ана шунда. Улар Кўнгил аталмиш ишқ дарёсининг энг покиза дур ва гавҳарларидир.

VIII

Кунлардан бир кун субҳидамда Будда бир қишлоққа келибди. Буни эшитган бир одам унинг ёнига келиб, «Мен қудрати олийга ишонадиган бандаман. Аммо марҳамат қилиб менга айтгил: «Худо борми, йўқми?» — дебди. Бу гапни эшитган Будда қатъий оҳангда, «Сен қанақа бўлмағур хаёлларни кўтариб юрибсан. Ҳеч қанақа Худо йўқ», — дея жавоб қайтарибди. Буддадан бундай гапни эшитган ҳалиги кимсанинг кўнгли ларзага келиб, ишончи парчаланиб кетибди.

Шу куни тушга яқин бошқа биров келиб Буддадан сўрабди: «Мен даҳрийман. Худога ишонмайман. Аммо сенинг фикрингни билмоқчиман, айтгил «Худо борми?» «Албатта Худо бор. Худодан бошқа ҳеч қанақа қудратли куч йўқдир», — дебди Будда. Ниҳоят кечки пайт яна бир киши унга мурожаат қилибди: «Мен диндор ҳам, даҳрий ҳам эмасман. Мен агностикман. Менга аниғини айтгил: Худо борми, йўқми?». Бу гал Будда ҳеч нима демасдан сукут сақлабди. Лекин бу сукутнинг таъсири сўздан ҳам ортиқроқ бўлибди. Ушбу савол-жавобларни эшитган Будданинг муриди ва доимий мусоҳиби Ананднинг ҳаяжони эса ҳамманикидан ортибди. Ва устозига дебди: «Ухлаш олдидан менинг бир саволимга жавоб берсангиз. Ахир сиз менинг хотиржамлигимни барбод этдингиз. Бир-бирига зид ва мутлақо қовушмайдиган жавобларингиз билан нима демоқчи бўлдингиз?» «У гаплар, — дебди Будда, — Сен эшитадиган гаплар эмасди. Нега эшитдинг! Ким савол берган бўлса, мен айнан ўша одамга жавоб қайтардим. Агар ўша гаплар дилингга қадалиб ўтган бўлса – бу яхши. Мана, Сенга жавобим».

Албатта, ҳолат яратиш усул ва йўллари ҳамма динларда бир хил бўлмаган. Лекин инсоннинг ҳолини ўзгартирмасдан, ҳар кимнинг фикр-савиясини инобатга олиб, энг аввало, ҳолат яратмасдан одам фарзандини Оллоҳга тўла-тўкис таслим айлаш мушкуллиги деярли барча динларда назардан соқит этилмаган.
Ҳолат яратиш, ҳол ва ҳолат таъсири орқали кўзланган натижага эришиш хусусан маломат аҳлининг энг севган усулларидан бўлган. Бунда улар нафс ва нафсдан юзага келган ҳолатлардан баҳс юритишдан чарчашмаган.
Турк олими Аҳмад Яшар Учоқ Яссавийнинг илк устози Арслон бобнинг маломатий бўлганлигини ёзади. Агар бу фикр ҳақиқат бўлса, Яссавий ёшлигидаёқ маломатийлик сирларидан яхши хабар топгани ва маломатийликка қизиқиш пайдо қилганлигига шубҳа қолмайди. Яссавийнинг маломатийлик билан муносабатини билиш ва «Девони ҳикмат»даги қатор ҳикматларнинг маъно моҳиятини тўғри англаш учун, оз бўлса-да, маломатийлик ҳақида тасаввурга эга бўлиш зарур.

Тарихдан маълумки, зоҳидлик – дунёпарастлик ва ақидапарастликка, тасаввуф – зоҳидлик ва охиратпарастликка, маломатийлик эса маълум маъноларда тасаввуфга қарши бир тушунча ёхуд маслак оқими ўлароқ майдонга келган. Ҳатто айрим олимлар маломатийликни «Тариқат эмас, балки бир аксил-амал», яъни тасаввуф ва тариқатларга қисман мухолифдаги фикр ва тажриба ҳаракати деб ҳам таърифлашган. Аслида зуҳдни – исломдан, тасаввуфни зоҳидликдан ажратиб қараш мумкин бўлмаганидек, маломатийликни ҳам тасаввуфдан айри ҳолда тасаввур айлаш тўғри эмасдир. Маломат аҳлининг сўфийликдаги айрим шаклий ва моддий унсурлар, одат ва талабларга салбий муносабатда бўлишига қарамасдан, маломатийликнинг юзага чиқиши, энг аввало, тасаввуф билан боғлиқ. Мана шунинг учун ҳам машҳур руҳшунос Абу Ҳусайн Нурий мутасаввифларнинг бирчаси ўн икки фирқага ажралиши, уларнинг иккитаси мардуд ва ботил, қолган ўнтаси мақбул эканлиги ҳақида гапириб, Ҳамдун Қассор асос солган маломатийликни «мақбул ва мўътабар» тариқатлар қаторида иккинчи тилга олади. Масаланинг бошқа бир жуда муҳим томони ҳам бор.

Ислом оламида ўнга яқин тариқат ва тариқат тармоқлари маломатийликдан қувват олиб ёки унинг таъсирида бунёд этилгандир. Нажмиддин Кубро асос солган кубравийлик ана шулардан бири эди. Алишер Навоий мансуб бўлган нақшбандийлик тариқатида зикри хуфия усулининг танланиши бевосита маломатийлик билан боғлиқлиги илмда аллақачон қайд этиб ўтилган.

«Маломат» арабча сўз бўлиб, қийнаш, қийнамоқ мазмунидаги «лавм» ўзагидан пайдо бўлган калимадир. Маломатийлик маслаги эса, асосан нафсни қийнаш, ўз нафсига ранж етказиш, бошқаларнинг таъна-маломатларини қувонч-ла қаршилаш маъноларини акс эттиради.

Сочу соқол хўб оқарди кўнглум қаро,
Рўзи маҳшар раҳм этмасанг ҳолим табоҳ.
Сенга аён амалсизман, кўпдир гуноҳ,
Жумла малак ёзуқларим билди, дўстлар.

Яссавийнинг ушбу ҳикматидаги сўзлар чинакам маломатийга хос бир эътирофдир. Нафсни назорат айлаш, нафсга қарши кураш туйғуси Яссавийнинг деярли ҳар бир тўртлигида сезилиб туради. Аммо у нафсдан ғолиблик ҳақида эмас, мағлубликдан сўзлайди:

Нафсим мани йўлдин уриб хор айлади,
Термултириб халққа мани зор айлади…

Хўш, бундай очиқлик ва ошкораликнинг сири нимада?
Маломатий, улуғликдан, даъводан, ўзини кўз-кўз қилишлардан, халқнинг олқиш ва эҳтиромини қозониш тарзидан кечган, каромат иддаосидан йироқ, бошқаларни ўзидан устун кўрган, халқдан ҳеч бир тарзда ажралмаган, зикрга, важдга берилиб бақириб-чақириш ила ўзини кўрсатишга интилмаган, ҳалол меҳнат ила топгани билан кун ўтказган, ботинан Ҳақ ила, зоҳиран халқ ила бўлган кишидир (А.Гулпинарли, Туркияда мазҳаблар ва тариқатлар, 246-248-бетлар).

Суҳравардийнинг эътирофи бўйича, «ҳақиқий маломатий томирларида ихлос завқи жўшган, том маъноси ила сидқ ва садоқатга эришган бир кишидир». Лекин маломатий нечоғлик сидқ ва ихлос юксаклигига етишмасин, у ўзининг яхши ҳоли ва сифатларини қатъиян халқдан яширган. «Маломатийнинг ҳолини бошқалардан яширин тутиши икки шаклда бўлур, — дейди Суҳравардий. – Биринчиси, амал ва ҳолида ихлос ва садоқатни барқарор этишга ғайрати, иккинчиси эса ўзига хос қизғанчиқлик ила ҳолини бошқалардан пинҳон сақлашга иштиёқдир».
Халқнинг қийнаши, бошқалар тилидан бошларига маломат тошларининг ёғиши маломатийларнинг орзусига айланган. «Бошқалар халқ наздида мақбул бўлишдан нақадар хушлансалар, маломатийлар, бунинг акси ўлароқ, халқнинг мардуди бўлишдан шу қадар севинмишлар («Кашф ул-маҳжуб», 145-бет).
Ана шунинг учун ҳам Яссавий:

Борон сифат маломатнинг ўқи тегди,
Пайкон олиб юрак бағрим тешдим мано, —

дейди.
Ҳужвирийнинг таснифи бўйича, маломатнинг уч шакли бордир: 1.Истиқоматда бўлмоқ. 2.Қасд. 3.Тарк.
«Истиқоматда бўлмоқ»ни Ҳужвирий шундай шарҳлайди: «Маломат йўлига кирган, мунофиқлик, иккиюзламачилик, хушомад офатидан ўзини халос этган ва риёдан сақлаган шахслар халқнинг қийноқларидан қўрқмаслар, ҳар ҳол ва шарт ичида Ҳақ йўлида юрурлар, халқнинг уларга берган ном, унвон ва лақаблари не бўлса бўлсин, улар учун мутлақо аҳамиятсиздир» (Ўша аср, 146-бет).

Маломатийлар қилган ишлари, эришган ютуқларига эмас, бурчга ва ўз бурчларининг ниҳоятда оғирлигига аҳамият берганлар. Шунинг учун ўзининг қилган ишига, ҳолига диққатни тортган кимсани ғофил ва амалга оширган ишларидан қувонган ёки мамнуният сезганларни риёкор ҳисоблаганлар. Суламийнинг «Рисолаи маломатия»сида маломатийларнинг фикр-қарашлари, ўзларига хос хусусият ва амалий ҳаракатлари атрофлича талқин этиб берилган. Шу рисоладаги сўз ва ҳукмларга асосланиб айтиладиган бўлса, маломатийлар учун энг муҳим, энг аҳамиятли нарса бу – Қалб ва Вақт. Ўзларидан бир талаблари, «инсонларнинг қусур ва камчиликларини кўриш машғулиятига барҳам бериб, нафснинг иллат ва қабоҳатларини йўқотиш билан шуғулланиш».

Султон ул-орифин Ҳазратлари бу жабҳада катта натижаларга эриша олганликлари учун ҳам:

Маломатни бошга олиб жонин берган,
Ошиқлари ўлмас бурун ўлар эмиш -,

демишлар.
Яссавийнинг ҳикматларини ўқиш осон. Бироқ уларнинг асл мазмун-моҳиятини англаш ва тўғри талқин қилиш қийин. «Ўлмас бурун ўлиш» — бу нима дегани? Бугунги шеърхон уни қандай қабул қилади? Умуман, қабул эта оладими? Агар масаланинг илдизи инобатга олинмаса, албатта, ҳеч натижа бўлмайди.

Тасаввуф маслагининг шаклланиши ва кенг тараққий топишида Муҳаммад пайғамбарнинг бир қанча ҳадислари ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган. Сўфийлик тушунчасининг тамалини ташкил этган «Муту қабла ан тамуту», яъни «Ўлмасдан бурун ўлинг» — ана ўша ҳадислардан бири. Сўфий, ориф, эран, абдол – хуллас Ҳақ ошиқлари учун бу ҳадис ахлоқий бир дастур ва амалий ҳаёт низомига айлангандир. Шу боис Аҳмад Яссавийнинг айрим ҳикматлари шу ҳадиснинг шеърий «тафсири» ўлароқ яратилган бўлса, баъзи ҳикматларда ундан айни шаклда фойдаланилган:

«Муту қабла ан тамуту» хок бўлмаклик,
Ошиқлари ўлмас бурун ўлар эмиш.

«Ўлмас бурун ўлинг» — ҳадисининг мазмуни хусусида кўп тадқиқотчилар баҳс юритишган. Ҳинд пайғамбари Буддага ҳам уни нисбат беришган. Озарбайжон файласуфи Мирзо Фатали Охундовнинг ёзишича, «Ҳинд файласуфларининг ишончларига кўра муҳтарам пайғамбар (яъни Будда – И.Ҳ.) «Ўлмасдан бурун ўлинг» — дегандир. Пайғамбарнинг ўзи, эҳтимол, бу таъбирнинг маъносини билган. Бироқ бошқа кишиларга уни англаш душвор, хусусан, унда ўлим ҳақидаги иккала сўз ҳам тўғри маънода татбиқ этилган бўлса».

Ислом файлсуфларининг деярли барчаси мазкур ҳадисни Муҳаммад алайҳиссаломга нисбат беришган. Лекин унинг маъносини англаш ва шарҳлашда ўртада фарқ ва тафовутлар мавжуд.
Қуръоннинг «Ваш-шамс» сурасида айтилишича, «Дарҳақиқат уни (яъни нафсини – жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топади» (9-оят). «Фуссилат» сурасида эса «Уларга оятларимизни офоқда (ташқи дунёда) ва анфусда (нафсда) зуҳурлантирамиз» (43-оят) дейилган. Тасаввуф тафсирларида Қуръон оятларининг офоқ ва анфусда кўрсатилиши «ўлим» тарзида талқин этилиб, ўлим умумий ва хусусий ўлароқ иккига ажратилган. Биринчиси – нафс ва шаҳватларнинг ўлими. Иккинчиси – бутун мавжудотга Ҳақ назари билан боқмоқ, борлиқдан кечиб, Оллоҳга кўз тикмоқ, тавҳидга етмоқ, қулнинг ҳолдан ҳолга юксалиб ашёни Ҳақда фоний кўрмоғи.

Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида ёзади: «Сўфий Пири Сесадсола – Дарвеш Ҳусайннинг набирасидур. Ва Мавлоно Муҳаммад Чоҳуннинг ўғлидир. Сўфийликка табобатни зам қилибтур, гўё мараз риёзатин тортқон соликларга «муту қабла ан тамуту» иршодин қилур». Демак, сўфий Пири Сесадсола сўфийликка табобатни қўшаркан, нафсни енгиш, яъни соликларга руҳоний ҳаёт ва завқу шавқ ила яшаш сирларини кўрсатган.

Хўш, пайғамбаримизнинг бу ҳадисдан назарда тутган туб мақсадлари нима эди? Бу саволга Мавлоно Жалолиддин Румий «Маснавий»сининг тўртинчи дафтаридан жавоб топиш мумкин: «Пайғамбар нурни англатаркан… дедики: Нур қалбни мунаввар қилдими, бунинг натижаси шудир: инсон ёлғон дунёдан йироқлашур нашъалар диёри бўлмиш охиратдан кечар». Пайғамбарнинг «Нур қалбга киргани замон қалб севинар ва кенгаяр», деган ҳадисларини эшитганлар «Бунинг аломати недур?» – дея сўрашганда Расулуллоҳ, «Алданиш, ғурур, мунофиқликдан тозаланмоқ, ўлмасдан бурун ўлиш ҳолини камол топтирмоқ», деб жавоб қайтарган эканлар. Дарҳақиқат, «ўлмасдан бурун ўлиш» сифати ва ҳолини камолга етказмасдан на тасаввуфий ҳаёт ва ахлоқда, на ишқу ошиқликда олий мақсад ва мақомларга юксалиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Имом Раббоний, «…ўлмасдан бурун ўлиш ҳақиқатга айланмагунча, муқаддас зотга етишмак мумкин бўлмас… бу фано ҳоли валоят (валийлик) мартабаларига ташланадиган илк одимлар ва ишнинг ибтидосида ҳосил бўладиган бир камол даражаси эрур», — деган.

Демак, Яссавий «Ошиқлари ўлмас бурун ўлур эмиш», деганида худди шу камол даражасидан баҳс юритган. Қабр азобиданмас.
Маломатийлик инсоннинг қусур ва камчиликлари, ожизлик ва ахлоқий ноқисликлари ҳақида кенг мушоҳада қилиш ва буларни ҳеч хаспўшламасдан очиқ-ойдин баён айлашга чорлаган.
Аммо бу чорловнинг замирида тўла маънода комилликка эришиш ва безавол инсоний фазилатлар учун курашиш нияти яширингандир. Шу маънода Яссавийнинг маломатийлик ҳиссиёти ила яратилган ҳикматлари инсоннинг ҳам ўзи, ҳам Оллоҳ олдидаги масъулиятини чуқур англашга ўргатади.

***

Тарихдан маълумки, ислом динига яхши назар билан қарамаган қорахитойлар XIII асрнинг 30-40-йилларида Ўрта Осиёнинг маълум қисмини, жумладан, Яссини ҳам забт этган. Аҳмад Яссавийнинг янги тариқат асосчиси сифатидаги фаолияти ана шу қийин ва мураккаб шароитга тўғри келди. Яссавий турк ҳукмронлари — қорахонийлар билан қорахитойлар ўртасидаги урушлар ва уларнинг даҳшатли оқибатларига гувоҳ эди. У халқ ҳаётидаги ижтимоий, маънавий-ахлоқий буҳронларни жуда оғир қабул қилар ва уларга муносабатини ҳикматларида ҳаққоний ифода ҳам этганди. Чунки у Абдураҳмон Саъдий айтганидек, «расмий ва одатий ибодат кишиси эмас», балки уйғоқ виждон соҳиби эди. Яссавий ҳикматларидаги инкорлар ҳам, айблов ва насиҳатлар ҳам дардли Виждон фарёдлари эди. Яссавий ҳаётдаги кулфат ва фожиаларнинг илдизин одамлар ботинида кўрганди. Шу учун Яссавий қайси масаладан баҳс этмасин, одамларнинг эътиборини асосан шундай мақсадга қаратишга интиларди: бу мутлоқ ҳақиқатни билиш, Ҳақни севиш. Чунки «Ҳақни суйган»лар йўлдан озиб, нафсу дунё учун имонсотарлик қилмайдилар:

Тўғри юрган ошиқлардин Худо рози,
Ошиқ иши осон эмас, қилма бози,
Ёлғончилар ошиқ мен дер, Оллоҳ қози,
Имонини пучак пулга сотар эрмиш.

Аҳмад Яссавий ҳикматларини ўқиганда беихтиёр шундай хулосаларга келинади: Инсон – Худо борлиғининг энг олий зуҳуроти. Худо дилда яшайди. Бу дил илоҳий жозиба касб этмоғи учун Оллоҳ инояти-ла тубдан янгиланади. Мана шунда қалбда эврилиш содир бўлади. Бу – ҳақиқий Ишқ. Ишқдаги балоғатга қараб одамнинг одамлигини аниқлаш мумкин. У руҳдан мутлақо эркинликка эришиши, ҳар қандай қарамликдан қутилиши лозим. Агар кишида Ишқ бўлмаса, ҳатто салтанат соҳиби сифатида довруғ таратганда ҳам у қуруқ жасаддир. Чунки «Ишқсизларни ҳам жони йўқ, ҳам имони йўқ».

Ҳар қанақа иллат ва қабоҳатнинг илдизи одамнинг онгида қуриб битиши керак. Ана ўшанда ҳеч қандай ғайриинсоний майл ва ноқисликлар одамлараро муомала-муносабатларда кўкариб турмайди. Бунинг улуғ чораси – маърифат, дейди Яссавий ҳикматларининг мантиғи. Чунки, биринчидан, «Тўғри юрган ошиқлардин худо рози». Иккинчидан, муҳаббат шавқидан хабардор киши «Ҳаром-ҳариш йиғиш молга» қувонмоқдан бутунлай ҳазар қилади. Ниҳоят, «Нафс илгида хароб, адо» бўлмоғидан ўзни қутқариш изтироблари билан яшайди. Шу зайлда «муҳаббатсиз халойиқдин» қочган ошиқ ҳатто дўстидан ажралганда ҳам ҳеч нима йўқотмайди. Балки юксак Руҳ эҳтиросидан маҳрум ожиз дўстдан кўра инончли ва қудратли Дўстга қалбдан қаттиқроқ боғланади. Ва бундай юрак табиий равишда ғафлату иллатлардан тозалана боради. Бу тушунчалар эса ҳар бир сўфий ижодкорнинг матлаби. «Эътиқодингни кундалик турмуш ташвишларидан баланд қўй, лаҳзалиқ ёки ўткинчи лаззату фароғатларга илоҳий ҳиссиётларингни қурбон этма!» — дейди сўфий шоир.
Худога муҳаббат, охирги нафасгача шу севги ғами билан кун кечириш, тоат-ибодат, тавбаю тазарру, сабру тоқат ва маънавий шижоат, ёлғизликдаги хаёл ва тасаввур камолоти, тўғрилик ва самимият, нафсдан ғолиблик, фақру фано – булар тасаввуфдаги бош масала ҳамда талаблардир. Аҳмад Яссавий кўп ҳикматларининг мавзу мундарижаси худди шу ғоя ва масалалар талқинидан таркиб топгандир. Ва ўқувчилар тасаввурида комил инсон қиёфасини гавдалантиради. Комил инсон ким?

Инсони комил тушунчаси динда мавжуд бўлмаган. У илк сўфийларда ҳам кўзга ташланмаган. Унинг маълум жиҳатлари Боязид Бистомий, Мансур Ќаллож қарашларида ўз ифодасини топган бўлса-да, Ибн Арабийдан кейин барқарор ва яхлит бир тушунчага айланган. Бу тушунчанинг туб моҳияти эса мана бундай: Машҳур бир ҳадисга кўра, Оллоҳ яширин бир хазина эди, ўзини зоҳир айлаш учун дунёни яратди. Демак, энди биладиган, тушунадиган бир мавжудлик зарур эди. Ана шу мавжудлик Инсони комил эрур. Зеро, у ҳақиқатни билгувчи, ҳақиқатларни асл моҳиятини тушунувчи зотдир. Инсон бўлмоқ эса ҳақиқатларнинг тажаллийгоҳи бўлмоқ маъносини акс эттиради.

Ибн Арабийга кўра, олам дастлаб руҳсиз бир қоронғулик шаклида эди. У жилосиз бир ойнага ўхшарди. Бу ойнани жилолантириш учун одам яратилди. У шу ойнанинг ҳам кўрки, ҳам руҳи бўлди. Инсони комил олами акбарнинг (Оллоҳнинг) барча комилликларини ўзида мужассамлаштиргани учун олами асғардир.

Ибн Арабийнинг «Футуҳоти Маккия» асарида ёзилишича, оламда «комил инсондан мукаммал бир мавжудлик йўқдир. Бу дунёда камолга етишмаганлар бир ҳайвони нотиқа (сўзлашгувчи ҳайвон)дирлар…». Оллоҳнинг оламдаги ҳукми комил инсон туфайли зоҳир бўлганлиги учун «бу оламнинг низоми унинг-ла юзага келгандир». Бугина эмас, комил инсон қалб ва ахлоқ хасталикларининг табибидир. Ботиний иллат ва офатларнинг барҳам этилиши бевосита шундай зотларнинг таважжуҳларига боғлиқ. Зеро, комил инсоннинг сўзлари даво, назари шифодир…

Комил инсон сифати ва ҳақиқатларини кашф этишда зўр натижаларга эришган аломалардан бири улуғ юртдошимиз Шайх Азизиддн Насафийдир. Унингча, комил инсон шариат, тариқат ва ҳақиқатда балоғатга етишган шахсдир.

У ёзади: «Инсони комил жаҳонни акс эттиргувчи кўзгу, ўликни тирилтирадиган Исо, қушларнинг тилини билгувчи соҳиби салтанат Сулаймон, оби ҳаётдан қонган Хизр кабидир…»

Яссавий нуқтаи назарида ҳам бу дунё Инсони комил билан файзли ва барқарордир. Чунки ундан ҳеч нарса яширин қолмайди. У ашёни ва ашёнинг сирлари қандай бўлса, худди шундай ҳолатда билади. Халқда Ҳақни, Ҳақда халқни кўра олгани учун ҳам Ҳақнинг, ҳам халқнинг хизматини шараф ила адо айлайди.
Ҳамма давр, ҳамма замонлар учун ўрнак ва намуна бўлган Инсони комил Оллоҳнинг расули Ҳазрати Муҳаммад Пайғамбаримиздир. Лекин бунда баъзилар ўйлаганидек, ул муборак зотнинг тарихий шахсиятлари эмас, тасаввуфий манбаларда кўп карра таъкидланганидек, Одам алайҳиссаломнинг лойи қорилаётган чоқдаёқ пайғамбар бўлган Муҳаммад, яъни ҳақиқати Муҳаммадия назарга олинмоғи лозим.

Хуллас, комил инсонлар шундай бир жамоаки, асрлар мобайнида уларнинг ҳаёт ва фаолият тажрибалари одамларни фақат эзгуликка, фақат шафқат, мурувват ва саодатга йўллаган. Олам ва одам ҳақиқатларини чуқур билишга руҳлантирган. Комиллик мартабасига кўтарилиш учун, албатта, кўп заҳмат чекиш, чинакамига руҳоният ва маърифат соҳиби бўлиш керак. Аммо комиллик йўлидаги барча муваффақиятларнинг бош асоси битта – кўнгилни мосиводан халос қилиш. Бу ҳақда Яссавий ҳикматларидан бирида шундай дейилган:

Эй бехабар, Ҳаққа кўнгул югуртмадинг,
Дунё ҳаром, андин кўнгул совутмадинг.
Нафсдин кечиб Оллоҳ сари тўлғонмадинг,
Бу нафс учун зору ҳайрон бўлдим мано.

Шарқда комиллик саодатига эришган инсон борки, уларнинг ҳаммаси, қалб иллатлари орасида энг хавфли деб билганлари, дунё ва ташқи оламга кўнгилнинг гирифторлигидир. Зеро, бу гирифторлик ва боғлиқликдан тўла халос бўлмагунча, комилликка уринишдан ҳеч натижа чиқмайди. Чунки ҳамма таҳликали хатоларнинг дояси дунё севгисидир. Худди шунинг учун ҳам Султон Валаднинг «Маориф»ида мана бундай даъваткор фикрларни ўқиш мумкиндир: «Бу дунёни тарк айлаган киши бизнинг қадр-қимматимизни билур. Жаҳондан кечмак, демак, кўкка тирмашиб юқори кўтарилиш ёхуд саҳрою тоғларга бош олиб кетмак эмас…

Жаҳондан юз бурмоқ бўлсангиз, келинг, менинг сўзларимни тингланг ва англанг. Жаҳондан, ўзингиздан ва ўз дунёнгиздан ташқари чиқинг. Ул замон менинг қадримга етурсиз. Бу узун ва таҳликали йўлдан осон одимлайлик. Ер ва кўкни Исога ўхшаб тарк қилайлик. Ер борлиқдир, ғафлат бешигидир. Кўк илм ва маърифатдир. Агар бирор йўлтўсар олдимиздан чиқса, илм қиличи ила унинг бўйнини кесайлик. Шайтоннинг аскарлари бўлмиш қоронғу тушунчаларни Ҳақнинг аскарлари саналмиш руҳоний ва нурли тушунчалар-ла яксон қилайлик».

Ҳақиқатда ҳам, қоронғу тушунчалар, нурсиз, зиёсиз майл ва орзулар шайтон «аскарлари»дир. Яссавийга кўра таркидунё қилишнинг туб маъноси худди шу аскарлар ила муросасиз жанг қилиш ва уларни енгишдир. Акс ҳолда комиллик даъвоси ноқисликнинг ўзига хос исботига айланмоғи муқаррар.

Энди яна икки оғиз гап «Девони ҳикмат» ҳақида. Албатта, Аҳмад Яссавийнинг ўзи шундай ном билан бир китоб тартиб бермаган. Уни Яссавийнинг мурид ва издошлари тузишган. Яъни устозларининг ҳикматларини бир жойга жамлаб, унга «Девони ҳикмат» номини беришган. Ва бу китоб асрлар давомида севиб ўқилиб, бутун турк дунёсига кенг тарқалган. Сўфи Оллоёр Хожа Аҳмад Яссавий ҳақида фикр юритаркан:

Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур ул Эрдин китобе, —

дейди. Бу китоб ҳанузгача аҳли ирфон кўнглини завқлантириб келаётган тариқат, маърифат ва ҳақиқат сирлари ёритилган «Девони ҳикмат»дир.
Яссавийилик тариқатига кирганлар учун «Девони ҳикмат»даги шеърларни ўқиб ёд олиш, ҳатто қобилияти етадиганлар учун шундай шаклда шеърлар ёзиш ҳам тариқатнинг дахлсиз талабларидан ҳисобланарди. Шу боис яссавийлик тариқати кўплаб шоирларни етиштириб чиқаришда ўзига хос бир мактаб вазифасини бажарган.

«Девони ҳикмат»даги ҳамма шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унда Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Қайта-қайта таъкидланиб келинаётган бу хусусдаги фикрларни, албатта, эътиборга олиш керак. Аммо масаланинг маълум бир томонига ёпишиб олиб, алоҳида бир далиллар воситасида Яссавийнинг ижодкорлигини инкор қилишга уринмаслик лозим. Шўро даври адабиётшунослиги ва номдор олимларининг энг катта хатоси ҳам ана шу эди.

Яссавийдан узоқлашиш бизни, энг аввало, руҳониятдан, маърифат ва маънавиятдан йироқлаштиради. Яҳё Камол, «Аҳмад Яссавийни чуқур ўрганиш лозим. Бизнинг миллатимиз унда яшириндир», — деганда тўла ҳақдир. Зеро, Яссавий тариқати ва шеърияти ҳақиқатларини етарли даражада ўрганмасдан на руҳониятда, на маърифатда, на миллият ва маънавиятда юксакликларга кўтарилиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг ҳар бир улуғ фарзанди буни билган ва Яссавийдан сабоқ олишга, орифликда айнан Пири Туркистонга эргашишга даъват қилган. Акс ҳолда Мир Алишер Навоий:

Турк пири каби оламдин этакни силкинг,
Дўстдан ғайри таманнои висол айламангиз, —

демаган бўлурди. Навоийнинг бундай хулосани илгари суришида Яссавийнинг:

Ҳақ йўлига кириб бўлмас пок бўлмасанг,
Ломаконда Ҳақдин сабоқ олдим мано, —

деган сўзларига ҳам таянилганлиги шубҳасиздир. Чунки бевосита Ҳақнинг ўзидан сабоқ олиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган. Бу ладуний илм йўли бўлиб, худди шу йўл Яссавийни Мансур Ќаллож, Шиблий, Жунайд Бағдодий ва Боязид Бистомийларга маънан ва руҳан яқинлаштирган.

Аҳмад Яссавий туркий тасаввуф адабиётининг тамойилини яратиб, кейинги давр ирфоний шеъриятининг такомилига кучли таъсир ўтказди. Сулаймон Боқирғоний, Насимий, Навоий, Фузулий, Убайдий, Махтумқули каби даҳолар санъат дунёсининг инкишофида Яссавий поэтик анъаналари муҳим роль ўйнаган эди. Аҳмад Яссавий адабиётимизга биринчи маротаба ориф, дарвиш, фақир, мискин, эран каби қаҳрамонларни олиб кирди ва уларни комил инсон идеали атрофида бирлаштирди.

Хорижлик тадқиқотчилардан бири «Турк сайёҳи бўлган Саййид Али Раиснинг ҳикоятларидан Яссавий дарвишларининг Синд, Панжоб, Афғонистон, Мовароуннаҳр, Хуросон, Озарбайжон, хуллас, ислом оламининг ҳар тарафида мавжуд эканлигини билурмиз», — дейди. Яссавий дарвишларининг фаолиятларини ўрганиш ҳам унинг ислом маърифати ва маданияти тараққиётида кўрсатган таъсири нақадар буюк бўлганлигини намоён этади.

Хуллас, яссавийшуносликда бажарилиши зарур бўлган ишларнинг миқёси ниҳоятда кенг. Бироқ улар орасида, бизнинг назаримизда, биринчи галдаги вазифа «Девони ҳикмат»нинг аслиятга яқин ишончли бир нусхасини тиклашдир. Ана шунда Яссавийнинг ижоди, тариқати, ҳатто таржимаи ҳолига доир бир қатор мунозарали масалалар ўз-ўзидан равшанлашади.

З.В.Тўғон «Девони ҳикмат»нинг қадим нусхаларида мавжуд, кейин таҳрирга учраган, «Султон Сотуқ Буғрохон пиру муғон эмасму?», «Қорачуқни қишлағон, шунқор лочин ушлағон, Соҳиб уруж Ғози Арслон эмасму?» — мисраларига таяниб шундай хулосаларни илгари суради: «Бундан англашилурки, (юқоридаги сатрлардан – И.Ҳ.) Аҳмад Яссавийнинг буюк қорахонли Сотуқ Буғрохон (893-955) ва ўзининг замондоши Буғро Такин Арслон Қорахон ал-Ғози (1034-1047)га боғлиқлиги бўлган. Бундан ташқари, кейинги мисра мусулмон турклигининг энг буюк хоқони бўлмиш Буғро Такин Арслон Қорахонни Ўрта Сирдарёда Аҳмад Яссавийнинг мансуб бўлгани Ясси шаҳри атрофида туғилган ва шоҳин қушлар ила овчилик қилганлигини англатувчи бир тарихий қайддир».
Мустақиллик даври бошланиши билан Яссавий ижодиёти ва яссавийшуносликда ҳам янги давр бошланди. Узоқ муддатли танаффусдан сўнг халқимиз бу улуғ зотнинг асарларини бемалол ўқиб-ўрганиш имконига эришди. Яссавий шеъриятига бағишлаб қатор тадқиқотлар яратилди. Амалга оширилиш зарур ишлар эса ҳали олдинда. Уларни бажаришда, айниқса, ёш олимларимиз куч-ғайратларини аямасликлари лозим.

011

(Tashriflar: umumiy 880, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring