Cho’lpon Ergash. She’rlaridan namunalar & Ibrohim Haqqul. Zulmatlarga qo’sin tortar qo’shig’im…

075  Атоқли шоир Чўлпон Эргаш таваллудининг 85 йиллиги олдидан

Чўлпон Эргашнинг сайланмасини ўқиш – шоирлик қисмати қанчалик мураккаб ва шарафли эканини англашга, истиқлол ва мустақиллик моҳиятини янада теран мушоҳада этишга ҳамда дунёга очиқ кўз билан қарашга ёрдам кўрсатиши шак-шубҳасиздир.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ЗУЛМАТЛАРГА ҚЎШИН ТОРТАР ҚЎШИҒИМ…
Чўлпон Эргаш «Сайланма»сига ёзилган сўзбоши

Шоир юрагида очилмаган гул,
Шоир юрагида собит интиқом.

Рауф Парфи

07Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан эътиборан ўзбек шеъриятида соф миллий руҳ ва ҳақиқий эркинлик тушунчаси қайта қанот ёзганди. Бу жабҳада холис заҳмат чекиб шоирлик бурчини оқлай олганлардан бири Чўлпон Эргаш эди. Шеъриятда Абдулҳамид Чўлпон бошлаган йўл ва йўналишнинг ҳам содиқ, ҳам собит давомчиси десак уни, ҳеч хато бўлмайди. Шунинг учун то истиқлол кунларига етгунча у ўзини мувоффақиятга эмас, “мағлубият”га, илдизсиз қувонч ва шодликларга эмас, балки аччиқ, аммо ҳаётбахш қайғу ва ғамларга чоғлаб яшаган.

Дунёнинг катта-кичик ёлғону алдовларига Эргаш Чўлпон қатъият-ла қарши туриб, айтарли ҳар бир сўзию ҳар бир шеърини бой берилган ҳурриятнинг қайтишига бағишлаган. Унинг шоирлик маслагидаги тозалик, тўғрилик ва самимиятнинг бир асоси ҳам мана шунда.

Ростини айтганда, табиатидаги маънавий, руҳий ўзига хослик, қайсарлик ва ички ишонч жиҳатидан Чўлпон Эргашни бошқаларга қиёслаб бўлмасди. Таъмакорлик, хушомад, адабий тилёғламалик каби офатлардан у жуда йироқ эди. Унга отилган туҳамт ва асоссиз танқид тошларини эса эътиқодга эътиқодсизликнинг, содиқликка ожизлик ва сотқинликнинг ҳужумлари дейиш мумкин.

Айрим мунаққид ва адабиётшунослар бор, шеър тўғрисида анча асосли, чиройли фикр-мулоҳазаларни ёзишади. Ўқиб ҳатто қойил қолишингиз ҳам мумкин. Аммо таҳлилга тортилган мисоллар ва улар аторфида тўқилган гапларни кўриб, шеършунослик билан даллоллик ёхуд хушомадгўйлик мутлақо бошқа-бошқа иш эмасми, деган хаёлга борасиз. Бирор мисраними, сўз ё тимсолними илиб олиб, шеърга айтарли алоқасиз нарсаларни осмонларга кўтариб мақташ, таъкидлаш жоизки, манфаат юзасидан адабиётни таҳқирлашдан ўзга бир нарса эмас. Шўро замонида бу ҳолат айб саналмас, айб саналмаганлиги учун ҳам истеъдодсиз қаламкашларнинг ўткинчи, лекин “долзарб” мавзуларга бағишланган бўш ва яроқсиз асарларини “илмий” тилда мадҳ айлаш умумий мусобақа даражасига кўтарилган эди. Олим ва мунаққиднинг оддий кишидан бир фарқи шундаки, қилинажак ишининг масъулятини олдиндан аниқ англаши, ёзилган ҳар бир нарсаси учун жавоб беришга ҳамиша тайёр бўлиши, кўпчиликка кеча бир қиёфада, эрта ё индин бошқа бир қиёфада кўринишдан уялиши керак. Чунки ҳар қанақа фазилат ва хислат сингари, ҳар қандай ахлоқий нуқсон ва маънавий иллат ҳам одамнинг ўзидан бошланиб, ўзида тугайди. “Бошқалар қатори мен ҳам…” дея айбни ўзидан соқит қилишга уриниш юзсизликдан ўзга нарса эмас. Шу нуқтаи назардан баҳолаганда, хусусан, адабий танқиднинг кейинги аср саксонинчи йилларида ҳам миллий шуури очиқ, эътиқоди мустаҳкам шоирларнинг тажрибаларга паст назар билан боқиб, очиқчасига тиш қайрашлари ачинарли ҳолдир. Олтмишинчи, етмишинчи йиллар шеъриятида ишорат, киноя, мажоз усулларидан унумли фойдаланилган. Чўлпон Эргаш шеърларида ҳам бу кузатилади. Ўғли Абдулҳамидга бағишланган шеърида шоир элнинг умумий аҳволига ишорат этувчи шундай сатрларни битган:

Уларнинг ҳам сеникидек кичкина қорни,
Тилларингдек тили чиқмаган.
Қўллари сеникидек калта,
Сеникидек боғлиқ,
фақат бешикда эмас!
Оёқлари яна тушоғлиқ…

Бундай фикрларни шарҳ ёки талқин қилиш нари турсин, мақбул кўрувчилар ҳам ижодкорлар орасида камчил бўлганлиги бугун сир эмас.

Ҳуллас, шеъриятнинг холис ва тозалиги, юксак ва дахлсизлиги учун туриб берган кам сонли шоирларнинг пешволаридан бири ҳам Чўлпон Эргаш эди. Шеър ва шоирликни у бозор юмушига айлантирмаганидек, обрў, мавқе, мартаба, унвону мукофотни кўзлаб қўлига қалам ҳам олмаган. Чўлпон Эргаш шеъриятининг диққат-эътибордан ҳеч четлашмас томони эса миллатимизнинг асрий идеали ва жафокаш халиқмизнинг миллий манфаатларига тўла мувофиқ келишидир. Қўл-оёғи кишанланган юрт, қуллик ва қарамликка маҳкум элнинг шоири қандай бўлиши ва қандай дард билан нафас олиши лозимлигини Чўлпон Эргаш чуқур ҳис қилар, қалбига, аҳвол-руҳиясига мос ва мувофиқ гапдан бошқасини ёзмасди. Буни бир шеъридаги “Шодликнинг кўксига бошимни қўйиб, Ўксиниб-ўксиниб йиғлагим келар…” сўзларидан ҳам англаш қийин эмас.

Чўлпон Эргашнинг 1986 йилда чиққан “Энг баланд қаср” китоби унинг “Тонг юлдузи”, “Бизнинг уйимиз”, “Муборак кунлар”, “Умид чироғи”, “Баҳор орзулари”, “Тонготар садолари” каби тўпламларидан саралаб олинган шеър ва шеърий туркумлардан таркиб топган бир мажмуа эди. Қайта қуриш ва ошкоралик шамоллари бизнинг диёрда эса бошлаган бўлса-да, ўшанда негадир соф миллиятчи, эрксевар шоирларга қаршилик ҳамда ҳужум кучайтириб юборилган эди. Улардан деярли ҳар бирининг чоп этилажак китобларига салбий ички тақризлар (“қора тақриз” ҳам дейлади) уюштирилган. “Ғоя посбонлари”нинг ғазабига учраган шоирлардан бири албатта Чўлпон Эргаш эди. Бағоят сиёсий ҳушёрлик билан қаралган китоб қўлёзмасини нашриёт ходими қайта тақриз учун менга берди. Каттагина ҳажмдаги ички тақриз ёзилди. Нокамтарлик бўлса ҳамки, ундаги айрим фикрларга эътиборингизни қаратмоқчиман:

“Шеър ёзиш – фақулодда юксак бир руҳий оламга чиқиш санъатидир. Аммо бу юксалиш ҳамиша машаққат ва азобли эрур. Шеърнинг оғир ва қийноқли йўларидан юришга қодир шоир қалбида Изтроб ҳамиша улуғ ҳақиқат, сўнмас ва собит тилакларга доялик қилади. Истеъдодсиз ва ўртамиёна қофиякашлар эса нари борса азобсотарлардир… Шоир фақат энг илғор, зийрак, шуури соғлом кишилар билан алоқа боғлашни кўзлаши лозим. Шунда унинг ўз даври ва замонидан юқорилаши, жамиятдан маънан ўзиши хусусида қайғуришга ҳеч ҳожат қолмайди. Бу фикрнинг ёрқин бир исботи Чўлпон Эргаш шахсияти ва ижодиётидир.

Қуёш ва шеър томиримда сурар от,
Кўксим узра бош урадир вулқонлар.
Қўшиқ айтгум тонг номига мен бугун,
Сатрларим – саф тортишган қўшиним,
Тонг пойида эзилади тун – қузғун,
Зулматларга қўшин тортар қўшиғим.

Дарҳақиқат, Чўлпон Эргашнинг ёрқин, эҳтиросга бой мисралари жанговор қўшин аскарларидай шижоатли ва курашга чанқоқ. Уларда чиндан ҳам инсон ботинида уйғонган бир вулқон, собит бир туғён бор… Ёвузлик, разолат, башар толеи ва одамлар онгидаги зулматларни бартараф этмоқ учун шоир ҳатто хаёлни ҳам яроғлантиради:

Сен, эй менинг хаёларим, қўлларингга ол яроқ,
Ярақласин яроқларинг зулматларни йиқароқ…

Чўлпон Эргаш айтарли ҳар бир шеърида поэтик образлар, ташбиҳ ва рамзлар тилида сўзлайди. Бу образ ва ташбиҳларнинг кўпчилиги табиатга ва унинг ой, қуёш, юлдуз, тоғ, дарё, булоқ каби унсурларга алоқадор. Шоирнинг яна бир ютуғи бор; бу – шеърда сўз, маъно ва руҳ уйғунлигини таъминлашидир.

Ёш қалбимда битмас жароҳат,
Қасос сўраб айланар қоним,
Ота юртга бўлган садоқат,
Қўлим етмас буюк армоним.”

Муҳтарам китобхон! Сизнинг диққатигизга ҳавола этилаётган бу китоб шоирнинг ўзи томонидан тайёрланган сайланмадир. Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай гапларни ҳам битиб қолдирган: “бугун ёшим бир нуқтага бориб, баъзан ёлғиз қолиб, ўша тўпламларимни кўздан кечирар эканман, улардан салча бўлсин ичим ёришмоғи тугул, авваллардан баттар дилим хуфтон бўлиб, фақат Устозимнинг нурли сиймоси эмас, бош устимда юк босиб, девалаб турган буюк ҳакам – ўқувчи қаршисида номусдан ерга қарайман. Тўпламларимдан жой олган машқларимни, тилим тишлаб, дадил: “Улар меники эмас!..” дея олмай, каловланаман. Тўғри, бошида уларни мен ўзим ёзганман. Аммо замона зуғуми остида, муҳаррирларим мени “эҳтиёт” қилишиб, қош-кўзларинигина эмас, уларнинг орзу-армонларини ҳам “тузатишиб”, ўз фарзандимни ўзим ҳам таний олмайдиган бир қиёфага келтирганларки, ўзгаларгина эмас, унчалар кўркам бўлмаса-да, ўз умр йўлдошим – ижодимга ўзим ҳам шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолганман. Ўзимдан ҳам ўтган: тезроқ китобларим чиқишини яхши кўрар эдим.”

Чўлпон Эргаш ижодига мана шундай муросасизлик билан қараганки, унинг сайланмасини ўқиш – шоирлик қисмати қанчалик мураккаб ва шарафли эканини англашга, истиқлол ва мустақиллик моҳиятини янада теран мушоҳада этишга ҳамда дунёга очиқ кўз билан қарашга ёрдам кўрсатиши шак-шубҳасиздир. Ватанга, миллат ва адабиётга содиқликни худди ана шундай шоирлардан ўрганмоқ зарур.

024

ЧЎЛПОН ЭРГАШ
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

МЕН

Сочларимнинг учларидан то
Оёқларим тирноғигача –
Меники, деб айтаман, ҳатто
Бутун умрим, нарёғигача…

Устун келиб кимдандир, дадил
Дейман доим: «Бу – менинг сўзим!..»
Менлигимга аммо ким кафил,
Қани ўша «Мен» деган ўзим?

Аллақандай йўқ бир «Мен – ҳоким»
Овоз бериб йўқ ердан «гур-гур»,
Қандай даҳшат: «Бу – менинг халқим…
Ватан!..» дея жар солса, мафур!

Яширмайман, рост, бу – қўлларим,
Менинг қорним, оғзим, юз-кўзим.
Анов узун, силлиқ – йўлларим,
Аммо, айтинг, қани мен ўзим?!

Оҳ, табиат, нечун бу суврат,
Эл-юрт, бойлик, доно сўзлигим?
Керак эмас бу бахт, бу қудрат,
Бергин аввал менга ўзлигим!

МАШРАБНИНГ ДОР ОСТИДА АЙТГАНЛАРИ

Тамошо қилгучи эрсанг, мозоримни тамошо қил.
Машраб

Мендек мотамсаро йўқ,
Ёвларимга қазо йўқ.
Нолиб шундай бесамар,
Мен кўрмаган бало йўқ.

Ёлғиз паноҳ нафсимиз,
Ҳам бу ҳаром лафзимиз.
Ҳақгўй одам – жавобгар,
Қасамхўрга жазо йўқ.

Етим қиздек бедаво,
Кулги бўлди шарм-ҳаё.
Орсиз кетди – тавоқда,
Таърифига имло йўқ.

Ҳалол нони – миннатли,
Қилган иши иллатли.
Ўғри тўрда – мўҳтаво*
Ҳеч гапида хато йўқ.

Ақли куллар* – девона,
Ўз элида бегона.
Юрт оғаси – сотқинлар,
Хоиндан зўр даҳо йўқ.

Ғару каззоб, қароқчи
Юртимизга пойлоқчи.
Эл-улус деб куйганлар
Ўлиб кетса, даъво йўқ.

Талаб мол-мулк, жонимиз,
Юрар ялло ҳар иблис.
Еб-ютмаган бизни ҳеч
Яъжуж-маъжуж, тарсо* йўқ.

Олди тўймай сарварим
Ҳатто бор-йўқ жавҳарим.
Оппоқ Хўжам қўллари
Етмаган жой – ҳало йўқ.

Тилларида мадҳ-сано,
Чаноғида* ҳеч вақо.
Дарвешлар биз беватан,
Қўлимизда асо йўқ.

Бас энди, ос, эй жаллод,
Мангумас ҳеч истибдод!
Келмаса у қасос кун,
Мен келурман, фано йўқ!

____________
* Мўҳтаво – эъзозли
* Ақли кул – буюк ақл
* Тарсо – ғайри дин
* Чаноқ – дарвешлар ёнига осиб юрадиган (одам бош чаноғидан ясалган) кашкул.

ЖАВЗО КЕЧАСИ

Дераза пардалари учади.
Дераза пардалари
кўтарилиб тушади.
Ойнадан бошимни чиқариб,
Оқаётган булутларга қараб қоламан.
Муздек шамол урар кўкрагимга.
Кўксим кўтарилиб тушади.
Дераза пардалари учади.
Ёмон иссиқ бўлди кун бўйи,
Доим шунақа:
Булут босар кўкни шамол билан,
Бирдан совиб қолар ҳаво кечга бориб,
Ёмгир бўлар,
Довул бўлар кучли
шундай иссиқдан кейин.
Миқ этмай турарди боягина
қоққан қозиқдек, Энди қара,
Яйрашини қара дарахтларнинг!
Улар ҳам гўё
Пешиндаги иссиқ ёдига тушиб,
Бошини тебратар шамолда.
Доим шунақа…
Бир шамол турсами,
Сел қуйиб берсами довул билан…
Онасининг келар пайти етган
семург боласидай Энтикаман,
юрагим ҳовлиқа.
Қайдадир осмоннинг четида
Нимадир ярқ этди,
Гумбурлади кейин.
Дераза пардалари учади қаттиқ,
Кўтарилиб тушади.
Оқаётган булутларга қараб турибман,
бир илинж билан.
Юлдузлар худди
Сой тошларидек
Гоҳ кўринар, гоҳо кўмилар.
Булутларнинг ихтиёри кимда экан?
Булутларнинг ихтиёри шамолдамикан?
Шамолларнинг ихтиёри кимда экан?..
Эҳ… қўлим калта-да, қўлим калта-да!..
Негадир юрагим ҳовлиқар.
Кўксим кўтарилиб тушади,
Дераза пардалари учади…

ЧИГИРТКАЛАР

Айланади чархпалак,-
Кеча-кундуз чир-чир,
Кечар не-не савдолар
Бошимизда гир-гир.

Ризқимизни териб жим,
Юргандай биз – ғир-ғир,
Ҳар қадам хавф-хатардан
Қақшар юрак зир-зир.

Ана бири – йиртқичлар,
Бир тулки деб, хирр-хир,
Йиртиб-йиртди типглашиб
Бир-бирини ширр-шир.

Томоқлари таккиллаб,
Даррандалар “чирр-чир”,
Пойлаб юрар бизни ҳам
Оғиз очиб қирр-қир…

Сал бошимиз кўтарсак,
Учиб келиб пирр-пир,
Чангал урар оч арвоҳ,
Паррандалар бирр-бир.

Ўт, ушоқ еб, яланғоч,
Ўрнимиз лой, кирр-кир.
Оёқ ости умримиз,
Айтишамиз жирр-жир.

Бош бўлмаса бир бошда,
Юрсак титраб дирр-дир,
Босиб ўтар ҳар ҳайвон,
Темирлар ҳам “тирр-тир”.

Нур товланар бир, ана,
Бу не бало сиррсир?..
Жонинг бўлса, қочиб қол,
Ин-инигга кирр-кир!..

05Atoqli shoir Cho’lpon Ergash tavalludining 85 yilligi oldidan

Cho’lpon Ergashning saylanmasini o’qish – shoirlik qismati qanchalik murakkab va sharafli ekanini anglashga, istiqlol va mustaqillik mohiyatini yanada teran mushohada etishga hamda dunyoga ochiq ko’z bilan qarashga yordam ko’rsatishi shak-shubhasizdir.

Ibrohim HAQQUL
ZULMATLARGA QO’SHIN TORTAR QO’SHIG’IM…
Shoir «Saylanma»siga yozilgan so’zboshi


Shoir yuragida ochilmagan gul,
Shoir yuragida sobit intiqom.

Rauf Parfi

84O’tgan asrning oltmishinchi yillaridan e’tiboran o’zbek she’riyatida sof milliy ruh va haqiqiy erkinlik tushunchasi qayta qanot yozgandi. Bu jabhada xolis zahmat chekib shoirlik burchini oqlay olganlardan biri Cho’lpon Ergash edi. She’riyatda Abdulhamid Cho’lpon boshlagan yo’l va yo’nalishning ham sodiq, ham sobit davomchisi desak uni, hech xato bo’lmaydi. Shuning uchun to istiqlol kunlariga yetguncha u o’zini muvoffaqiyatga emas, “mag’lubiyat”ga, ildizsiz quvonch va shodliklarga emas, balki achchiq, ammo hayotbaxsh qayg’u va g’amlarga chog’lab yashagan.

Dunyoning katta-kichik yolg’onu aldovlariga Ergash Cho’lpon qat’iyat-la qarshi turib, aytarli har bir so’ziyu har bir she’rini boy berilgan hurriyatning qaytishiga bag’ishlagan. Uning shoirlik maslagidagi tozalik, to’g’rilik va samimiyatning bir asosi ham mana shunda.

Rostini aytganda, tabiatidagi ma’naviy, ruhiy o’ziga xoslik, qaysarlik va ichki ishonch jihatidan Cho’lpon Ergashni boshqalarga qiyoslab bo’lmasdi. Ta’makorlik, xushomad, adabiy tilyog’lamalik kabi ofatlardan u juda yiroq edi. Unga otilgan tuhamt va asossiz tanqid toshlarini esa e’tiqodga e’tiqodsizlikning, sodiqlikka ojizlik va sotqinlikning hujumlari deyish mumkin.

Ayrim munaqqid va adabiyotshunoslar bor, she’r to’g’risida ancha asosli, chiroyli fikr-mulohazalarni yozishadi. O’qib hatto qoyil qolishingiz ham mumkin. Ammo tahlilga tortilgan misollar va ular atorfida to’qilgan gaplarni ko’rib, she’rshunoslik bilan dallollik yoxud xushomadgo’ylik mutlaqo boshqa-boshqa ish emasmi, degan xayolga borasiz. Biror misranimi, so’z yo timsolnimi ilib olib, she’rga aytarli aloqasiz narsalarni osmonlarga ko’tarib maqtash, ta’kidlash joizki, manfaat yuzasidan adabiyotni tahqirlashdan o’zga bir narsa emas. Sho’ro zamonida bu holat ayb sanalmas, ayb sanalmaganligi uchun ham iste’dodsiz qalamkashlarning o’tkinchi, lekin “dolzarb” mavzularga bag’ishlangan bo’sh va yaroqsiz asarlarini “ilmiy” tilda madh aylash umumiy musobaqa darajasiga ko’tarilgan edi. Olim va munaqqidning oddiy kishidan bir farqi shundaki, qilinajak ishining mas’ulyatini oldindan aniq anglashi, yozilgan har bir narsasi uchun javob berishga hamisha tayyor bo’lishi, ko’pchilikka kecha bir qiyofada, erta yo indin boshqa bir qiyofada ko’rinishdan uyalishi kerak. Chunki har qanaqa fazilat va xislat singari, har qanday axloqiy nuqson va ma’naviy illat ham odamning o’zidan boshlanib, o’zida tugaydi. “Boshqalar qatori men ham…” deya aybni o’zidan soqit qilishga urinish yuzsizlikdan o’zga narsa emas. Shu nuqtai nazardan baholaganda, xususan, adabiy tanqidning keyingi asr saksoninchi yillarida ham milliy shuuri ochiq, e’tiqodi mustahkam shoirlarning tajribalarga past nazar bilan boqib, ochiqchasiga tish qayrashlari achinarli holdir. Oltmishinchi, yetmishinchi yillar she’riyatida ishorat, kinoya, majoz usullaridan unumli foydalanilgan. Cho’lpon Ergash she’rlarida ham bu kuzatiladi. O’g’li Abdulhamidga bag’ishlangan she’rida shoir elning umumiy ahvoliga ishorat etuvchi shunday satrlarni bitgan:

Ularning ham senikidek kichkina qorni,
Tillaringdek tili chiqmagan.
Qo’llari senikidek kalta,
Senikidek bog’liq,
faqat beshikda emas!
Oyoqlari yana tushog’liq…

Bunday fikrlarni sharh yoki talqin qilish nari tursin, maqbul ko’ruvchilar ham ijodkorlar orasida kamchil bo’lganligi bugun sir emas.

Hullas, she’riyatning xolis va tozaligi, yuksak va daxlsizligi uchun turib bergan kam sonli shoirlarning peshvolaridan biri ham Cho’lpon Ergash edi. She’r va shoirlikni u bozor yumushiga aylantirmaganidek, obro’, mavqe, martaba, unvonu mukofotni ko’zlab qo’liga qalam ham olmagan. Cho’lpon Ergash she’riyatining diqqat-e’tibordan hech chetlashmas tomoni esa millatimizning asriy ideali va jafokash xaliqmizning milliy manfaatlariga to’la muvofiq kelishidir. Qo’l-oyog’i kishanlangan yurt, qullik va qaramlikka mahkum elning shoiri qanday bo’lishi va qanday dard bilan nafas olishi lozimligini Cho’lpon Ergash chuqur his qilar, qalbiga, ahvol-ruhiyasiga mos va muvofiq gapdan boshqasini yozmasdi. Buni bir she’ridagi “Shodlikning ko’ksiga boshimni qo’yib, O’ksinib-o’ksinib yig’lagim kelar…” so’zlaridan ham anglash qiyin emas.

Cho’lpon Ergashning 1986 yilda chiqqan “Eng baland qasr” kitobi uning “Tong yulduzi”, “Bizning uyimiz”, “Muborak kunlar”, “Umid chirog’i”, “Bahor orzulari”, “Tongotar sadolari” kabi to’plamlaridan saralab olingan she’r va she’riy turkumlardan tarkib topgan bir majmua edi. Qayta qurish va oshkoralik shamollari bizning diyorda esa boshlagan bo’lsa-da, o’shanda negadir sof milliyatchi, erksevar shoirlarga qarshilik hamda hujum kuchaytirib yuborilgan edi. Ulardan deyarli har birining chop etilajak kitoblariga salbiy ichki taqrizlar (“qora taqriz” ham deyladi) uyushtirilgan. “G’oya posbonlari”ning g’azabiga uchragan shoirlardan biri albatta Cho’lpon Ergash edi. Bag’oyat siyosiy hushyorlik bilan qaralgan kitob qo’lyozmasini nashriyot xodimi qayta taqriz uchun menga berdi. Kattagina hajmdagi ichki taqriz yozildi. Nokamtarlik bo’lsa hamki, undagi ayrim fikrlarga e’tiboringizni qaratmoqchiman:

“She’r yozish – faqulodda yuksak bir ruhiy olamga chiqish san’atidir. Ammo bu yuksalish hamisha mashaqqat va azobli erur. She’rning og’ir va qiynoqli yo’laridan yurishga qodir shoir qalbida Iztrob hamisha ulug’ haqiqat, so’nmas va sobit tilaklarga doyalik qiladi. Iste’dodsiz va o’rtamiyona qofiyakashlar esa nari borsa azobsotarlardir… Shoir faqat eng ilg’or, ziyrak, shuuri sog’lom kishilar bilan aloqa bog’lashni ko’zlashi lozim. Shunda uning o’z davri va zamonidan yuqorilashi, jamiyatdan ma’nan o’zishi xususida qayg’urishga hech hojat qolmaydi. Bu fikrning yorqin bir isboti Cho’lpon Ergash shaxsiyati va ijodiyotidir.

Quyosh va she’r tomirimda surar ot,
Ko’ksim uzra bosh uradir vulqonlar.
Qo’shiq aytgum tong nomiga men bugun,
Satrlarim – saf tortishgan qo’shinim,
Tong poyida eziladi tun – quzg’un,
Zulmatlarga qo’shin tortar qo’shig’im.

Darhaqiqat, Cho’lpon Ergashning yorqin, ehtirosga boy misralari jangovor qo’shin askarlariday shijoatli va kurashga chanqoq. Ularda chindan ham inson botinida uyg’ongan bir vulqon, sobit bir tug’yon bor… Yovuzlik, razolat, bashar tolei va odamlar ongidagi zulmatlarni bartaraf etmoq uchun shoir hatto xayolni ham yarog’lantiradi:

Sen, ey mening xayolarim, qo’llaringga ol yaroq,
Yaraqlasin yaroqlaring zulmatlarni yiqaroq…

Cho’lpon Ergash aytarli har bir she’rida poetik obrazlar, tashbih va ramzlar tilida so’zlaydi. Bu obraz va tashbihlarning ko’pchiligi tabiatga va uning oy, quyosh, yulduz, tog’, daryo, buloq kabi unsurlarga aloqador. Shoirning yana bir yutug’i bor; bu – she’rda so’z, ma’no va ruh uyg’unligini ta’minlashidir.

Yosh qalbimda bitmas jarohat,
Qasos so’rab aylanar qonim,
Ota yurtga bo’lgan sadoqat,
Qo’lim yetmas buyuk armonim.”

Muhtaram kitobxon! Sizning diqqatigizga havola etilayotgan bu kitob shoirning o’zi tomonidan tayyorlangan saylanmadir. Bu haqda shoirning o’zi shunday gaplarni ham bitib qoldirgan: “bugun yoshim bir nuqtaga borib, ba’zan yolg’iz qolib, o’sha to’plamlarimni ko’zdan kechirar ekanman, ulardan salcha bo’lsin ichim yorishmog’i tugul, avvallardan battar dilim xufton bo’lib, faqat Ustozimning nurli siymosi emas, bosh ustimda yuk bosib, devalab turgan buyuk hakam – o’quvchi qarshisida nomusdan yerga qarayman. To’plamlarimdan joy olgan mashqlarimni, tilim tishlab, dadil: “Ular meniki emas!..” deya olmay, kalovlanaman. To’g’ri, boshida ularni men o’zim yozganman. Ammo zamona zug’umi ostida, muharrirlarim meni “ehtiyot” qilishib, qosh-ko’zlarinigina emas, ularning orzu-armonlarini ham “tuzatishib”, o’z farzandimni o’zim ham taniy olmaydigan bir qiyofaga keltirganlarki, o’zgalargina emas, unchalar ko’rkam bo’lmasa-da, o’z umr yo’ldoshim – ijodimga o’zim ham shubha bilan qaraydigan bo’lib qolganman. O’zimdan ham o’tgan: tezroq kitoblarim chiqishini yaxshi ko’rar edim.”

Cho’lpon Ergash ijodiga mana shunday murosasizlik bilan qaraganki, uning saylanmasini o’qish – shoirlik qismati qanchalik murakkab va sharafli ekanini anglashga, istiqlol va mustaqillik mohiyatini yanada teran mushohada etishga hamda dunyoga ochiq ko’z bilan qarashga yordam ko’rsatishi shak-shubhasizdir. Vatanga, millat va adabiyotga sodiqlikni xuddi ana shunday shoirlardan o’rganmoq zarur.

CHO’LPON ERGASH
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR


MEN

Sochlarimning uchlaridan to
Oyoqlarim tirnog’igacha –
Meniki, deb aytaman, hatto
Butun umrim, naryog’igacha…

Ustun kelib kimdandir, dadil
Deyman doim: «Bu – mening so’zim!..»
Menligimga ammo kim kafil,
Qani o’sha «Men» degan o’zim?

Allaqanday yo’q bir «Men – hokim»
Ovoz berib yo’q yerdan «gur-gur»,
Qanday dahshat: «Bu – mening xalqim…
Vatan!..» deya jar solsa, mafur!

Yashirmayman, rost, bu – qo’llarim,
Mening qornim, og’zim, yuz-ko’zim.
Anov uzun, silliq – yo’llarim,
Ammo, ayting, qani men o’zim?!

Oh, tabiat, nechun bu suvrat,
El-yurt, boylik, dono so’zligim?
Kerak emas bu baxt, bu qudrat,
Bergin avval menga o’zligim!

MASHRABNING DOR OSTIDA AYTGANLARI

Tamosho qilguchi ersang, mozorimni tamosho qil.
Mashrab

Mendek motamsaro yo’q,
Yovlarimga qazo yo’q.
Nolib shunday besamar,
Men ko’rmagan balo yo’q.

Yolg’iz panoh nafsimiz,
Ham bu harom lafzimiz.
Haqgo’y odam – javobgar,
Qasamxo’rga jazo yo’q.

Yetim qizdek bedavo,
Kulgi bo’ldi sharm-hayo.
Orsiz ketdi – tavoqda,
Ta’rifiga imlo yo’q.

Halol noni – minnatli,
Qilgan ishi illatli.
O’g’ri to’rda – mo’htavo*
Hech gapida xato yo’q.

Aqli kullar* – devona,
O’z elida begona.
Yurt og’asi – sotqinlar,
Xoindan zo’r daho yo’q.

G’aru kazzob, qaroqchi
Yurtimizga poyloqchi.
El-ulus deb kuyganlar
O’lib ketsa, da’vo yo’q.

Talab mol-mulk, jonimiz,
Yurar yallo har iblis.
Yeb-yutmagan bizni hech
Ya’juj-ma’juj, tarso* yo’q.

Oldi to’ymay sarvarim
Hatto bor-yo’q javharim.
Oppoq Xo’jam qo’llari
Yetmagan joy – halo yo’q.

Tillarida madh-sano,
Chanog’ida* hech vaqo.
Darveshlar biz bevatan,
Qo’limizda aso yo’q.

Bas endi, os, ey jallod,
Mangumas hech istibdod!
Kelmasa u qasos kun,
Men kelurman, fano yo’q!

____________
* Mo’htavo – e’zozli
* Aqli kul – buyuk aql
* Tarso – g’ayri din
* Chanoq – darveshlar yoniga osib yuradigan (odam bosh chanog’idan yasalgan) kashkul.

JAVZO KECHASI

Deraza pardalari uchadi.
Deraza pardalari
ko’tarilib tushadi.
Oynadan boshimni chiqarib,
Oqayotgan bulutlarga qarab qolaman.
Muzdek shamol urar ko’kragimga.
Ko’ksim ko’tarilib tushadi.
Deraza pardalari uchadi.
Yomon issiq bo’ldi kun bo’yi,
Doim shunaqa:
Bulut bosar ko’kni shamol bilan,
Birdan sovib qolar havo kechga borib,
Yomgir bo’lar,
Dovul bo’lar kuchli
shunday issiqdan keyin.
Miq etmay turardi boyagina
qoqqan qoziqdek, Endi qara,
Yayrashini qara daraxtlarning!
Ular ham go’yo
Peshindagi issiq yodiga tushib,
Boshini tebratar shamolda.
Doim shunaqa…
Bir shamol tursami,
Sel quyib bersami dovul bilan…
Onasining kelar payti yetgan
semurg bolasiday Entikaman,
yuragim hovliqa.
Qaydadir osmonning chetida
Nimadir yarq etdi,
Gumburladi keyin.
Deraza pardalari uchadi qattiq,
Ko’tarilib tushadi.
Oqayotgan bulutlarga qarab turibman,
bir ilinj bilan.
Yulduzlar xuddi
Soy toshlaridek
Goh ko’rinar, goho ko’milar.
Bulutlarning ixtiyori kimda ekan?
Bulutlarning ixtiyori shamoldamikan?
Shamollarning ixtiyori kimda ekan?..
Eh… qo’lim kalta-da, qo’lim kalta-da!..
Negadir yuragim hovliqar.
Ko’ksim ko’tarilib tushadi,
Deraza pardalari uchadi…

CHIGIRTKALAR

Aylanadi charxpalak,-
Kecha-kunduz chir-chir,
Kechar ne-ne savdolar
Boshimizda gir-gir.

Rizqimizni terib jim,
Yurganday biz – g’ir-g’ir,
Har qadam xavf-xatardan
Qaqshar yurak zir-zir.

Ana biri – yirtqichlar,
Bir tulki deb, xirr-xir,
Yirtib-yirtdi tipglashib
Bir-birini shirr-shir.

Tomoqlari takkillab,
Darrandalar “chirr-chir”,
Poylab yurar bizni ham
Og’iz ochib qirr-qir…

Sal boshimiz ko’tarsak,
Uchib kelib pirr-pir,
Changal urar och arvoh,
Parrandalar birr-bir.

O’t, ushoq yeb, yalang’och,
O’rnimiz loy, kirr-kir.
Oyoq osti umrimiz,
Aytishamiz jirr-jir.

Bosh bo’lmasa bir boshda,
Yursak titrab dirr-dir,
Bosib o’tar har hayvon,
Temirlar ham “tirr-tir”.

Nur tovlanar bir, ana,
Bu ne balo sirrsir?..
Joning bo’lsa, qochib qol,
In-inigga kirr-kir!..

099

(Tashriflar: umumiy 116, bugungi 1)

Izoh qoldiring