Ikrom Iskandar. She’rlar.

099

Икром Искандар 1972 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. «Ойнинг ичидаги олам», «Баҳорни излайман» шеърий тўпламлари, «Бугунги нақллар» рисоласи эълон қипинган. Шоирнинг шеърлари қисқа ва лўндалиги, самимийлиги ва фикрий тиниқлиги билан диққатни тортади.

021

Икром Искандар
ШЕЪРЛАР

БАҲОРДА

Гуллар киприк қоқмай
осмонга боқар,
осмонни тўлдириб
учар
эди
қанотлари синиқ қуш
овози.

* * *

Баҳор. Терак баргларин
ҳаловатсиз, ҳаёли,
туйғуларни тўлғотган
шитирлаган нолиши
теваракка таралар,
тағин тўзғир хаёли —
азоблар бу тун беор
эллар бипан қолиши.

Баҳор. Терак баргларин
салтанати тинтилган,
тағин осмон пойида
туйғулари янчилар —
ёш ва кўркам теракнинг
вужудига интилган
ёмғир ҳирси баргларга
ханжар каби санчилар.

Баҳор. Терак баргларин
шитирлаган нолиши…

КАПАЛАК

Ҳовлида хуш ҳавода
кун нурига бўй чўзган,
озоддил турналар-ла
лак-лак фалакка палак
отган гуллар бўйини
тўтиё айлаб кўзга,
қўшиқларин тинглаган
ўйин тушган капалак,
ўйингга ҳам олмайсан
осмонсизлик қаърида
ҳатто бир титроқ шамнинг
қуёш каби ёнишин,
тингламассан ҳув пастак
деразадан нарида
тувакдаги гулларнинг
хонанишин хонишин…

Ўйнаб учар капалак.

* * *

Қайғу кезган,
Бахт сезмаган
Бир ўлкада
Шамол эсар.
Дарахтларнинг япроқпари тўкилади.
Харсанглар гунг,
Кўзларида на севинч бор,
на ҳасрат, мунг.
Фақат эсноқ тасаввури
Ўйларига уринади—
Дарахтларнинг фарёдлари
Бахтга ўхшаб кўринади.
Шамол эса,
фақат, эсар…

ҚИРДА

Майсалар назарида:
Биз бахтли яшаяпмиз.
Биз бахтли яшаяпмиз майсалар назарида
Майсалар назарида:
Биздан бахтли одам йўқ.
Биздан бахтли одам йўқ майсалар назарида.
Масрур кездик майсаларнинг
ям-яшил назарини…
Бизга кўкламга гўша майсаларнинг назари.

* * *

Кўнглимга йўл топмоқ бўлиб ўксинма,
йиғлама,
тушун, қанча ожиз бу ирмоқ-кўзёш…
Йўлига ғов бўлиб ётар кўксимда
юрак ҳажмича келадиган улкан Тош

АВГУСТ

Тоғларнинг кўксига суянади кўк.
Хаёлдай сокин
жилганинг машқи суст—
кўклам каби кўм-кўк
ва жимжит жимирлаш
юзида юзади…
Жилға (ўзандай ўрамиш ҳасратлар)
тип-тиниқ ва ҳолсиз осмонни кузатиб,
ўйлар: «Ўйлар осмоннинг туби…
ў, баҳор, ишқ каби сачратар —
танини тошларга уради жилға,
гулларнинг юзида жилғанинг тани…
Бутун олам муштоқ — кўк буни илғаб,
гулдирос ва шаррос куйлаганида…
Баҳорги шарқираб ўйнашлар қани!»
Осмон кексанинг ақлидай тиниқ
ва яна… ва яна… ва яна…
(наҳот шул мўйсафид кўкламги оқин?)
тоғларнинг кўксига ҳолсиз суянар…
Баҳорни туш кўриб ичи қизиган
тош каби
жилға
жимирлайди хаёлдай сокин.
Август.
Ёмғир ёғар
Қулоқларга қочиб киради
шитирлаб, ёмғирда ивиб кетган
бир Товуш.

ЧУМОЛИ ҲАҚИДА ШЕЪР

Донсиз кетаётган Чумоли
Мақтанчоқ бўлади:
«Ер шарини юмапатиб кетаяпман»,
Деб ўйлайди у.

ҲОЛАТ

Кўнглим
Кўнгил
Ларзага
Тушар
Даражада
Хотиржам.

* * *

Ташқарида оппоқ қор,
қиш кечаси узундир.
Соғинчли суҳбатимиз
кечадан ҳам узундир.
Печда гуруллар олов,
соғинч ёнар юзингда —
қизиб борар томирим,
қароғингга чўғ ингган…

Ҳеч ким ҳалал бермагай,
туман бизга саркарда —
деразага ташидан
тортади қалин парда.

ТОШОХУР ШАМОЛИ

Бир жуфт садақайрағоч
шохларини қизларнинг
сочидай тараганда
кўринади камоли
тоғдан қуюлиб келган
худди чақмоқдай илдам,
ўжар ва ўйинқароқ
Тошохурнинг шамоли.

Уловларнинг ортидан
чанг кўтариб югурар
қишлоқ кўчаларида
тўзғитади изларни,
қизлар танига чиппа
ёпишар кўйлаклари —
Тошохурнинг шамоли
қаттиқ қучар қизларни.

Кечалари висолга
ошиққанча ошиқлар
шўх ҳуштак чалганича
девордан мўраларкан,
бир дардга чалинганми
Тошохурнинг шамоли
мунча ғамгин бир куйни
чалади мўрилардан.

Севармидим мен уни
хаёлимдай, тушимдай
ҳад билмас вақт қаътида
бетиним елмасайди,
Тошохурнинг шамоли
боладай ўжар ва ғўр,
мен каби жаҳонгашта,
сарсону телба, дайди…

Ғаллаорол ва Бахмал туманлари чегарасидаги қишлоқларда қишин-ёзин бетиним эсгувчи Тошохур шамоли тепа Оқчўғол тоғида охур шаклли улкан тошдан тушиб келади, дейишади.

* * *

Асов отда ўтиб борар
кузнинг бир парча куни
ҳилпираган этаклари
бирров тегар юзимга,
қуруқшаган шохга мезон
илинади юкуниб,
хазонлар жон қадар иссиқ
кўринади кўзимга.

Бу тўрт кунлик дунёсида
сенсиз бир он яшашдан
тополмасдан ҳеч бир маъни
кўнглим ер ич-этини.
Бешафқат Вақт беозордай
кўринсада ташидан,
очиқ тақвимнинг бетини
варақлайди бетиним.
Интиқ юрак хатто бир сўз
айтишга ҳайиқади,
айрилиқнинг денгизида
суза олмасанг ёмон.
Шамол сувни тўлқинлатар
ва ҳайдайди қайгадир,
мавжлантириб дилни соғинч
бошлаб кетар сен томон.

АЗА

Итимнинг оти
Қайғу эди…
Қайғусиз одам каби
Ўлик энди
Занжир.

БАҲОРДА

Гуллар киприк қоқмай осмонга боқар,
осмонни тўлдириб учар эди
қанотлари синиқ қуш овози.

* * *

Қоним жўш уради. Қоним
хасдай оқизади танимни.
Бовурига яширди кимни
қалқиб бораётган жоним?

Дарахт каби тек қотдинг нега,
кўрдингми чап кўксингнинг тошин?
Тағин чимрилмоқда қошинг,
ў, муттасил ақлимни еган
ҳусн… Сен-чун қовоқ уйгулик,
ўзим учун мислсиз, ғоят
ортиқ даражада жиноят
қилдимми ё тағин, суйгулим?

Дарё каби оқар қоним-да,
Гулим, гарчи хас каби танман,
мен ҳамиша сени севганман —
сени яширганман жонимда.

* * *

Ёмғир ёғар…
Қулоқларга қочиб киради шитирлаб
ёмғирда ивиб кетган бир
Товуш.

* * *

Улкан тошдай қотди-ку одам.
Мени эсламайсан, эсмайсан сарин,
тун — узоқ чўзилган уйқумни,
кўзларим тубига чўккан қуйқумни —
тушларимни тўзғитмоқ сари
сарсари елмайсан, шаббодам.
Бир тош каби қотди-ку одам.

Кел, макони қай бир кунжикдир,
ёпинганча юпқа «уҳ»имни
ухлаётган бир норасида —
жисмимдами, дил орасида
танг, қунишиб ётган руҳимни
тонг салқини каби жунжиктир!

Эсла мени, мен сари эсгил,
сарсари ел сарин шаббодам!

ҲОЛАТ

Кўнглим
Кўнгил
Ларзага
Тушар
Даражада
Хотиржам.

* * *

Бутун умрим сенинг ёнингдан ўтдим.
Хаёлинг олишга етмади умрим —
бир оний лавҳадай ёдингдан ўтдим.

* * *

Ташқарида оппоқ қор,
қиш кечаси узундир.
Соғинчли суҳбатимиз
кечадан ҳам узундир.
Печда гуруллар олов,
соғинч ёнар юзингда —
қизиб борар томирим,
қароғингга чўғ ингган…

Ҳеч ким ҳалал бермагай,
туман бизга саркарда —
деразага ташидан
тортади қалин парда.

* * *

Лаҳзалар асрдай қолдиргай асар —
васлингни юз йиллаб кутганим ҳаққи,
кўрганда ҳам сенга бир сўз айтолмай
хатто кўз ташлолмай ўтганим ҳаққи
мен сенга мактублар ёза бошладим —
ниҳоят кўнглимда соғиниб тўзган
фикр сўз ҳажмида шаклга кирар,
соғинч сўз шаклида кўринар кўзга.
Истило этилди истиҳола ҳам,
журъат остонада устин киймоқда.
Ҳисларнинг жиловин бўш қўйиб мана,
мен ўзни тияяпман ўзни тиймоқдан.

ИХТИРО

Мен «йўқ» дан «қўй» қилдим,
«йўқ» сўзини тескари ўқиб.
«Овсар» — «расво» бўлди.
«Нодон» эса…
Барибир «нодон»лигича қолди.

БИР САҲАР

Бу гулшан не янглиғ боғ эди,
қайсики, бир саҳар чоғ эди,
хаётш бунда йўқотмишман,
ногоҳ бир тош каби қотмишман.
Боғ ичра бир пари-пайкардир,
унга сара гуллар навкардир –
бош эгиб этмиш бардор-бардор,
ул ҳусн мулкида тантанавор,
етти иқлим аро яктодир,
не якто, гули нур, дур нодир.
Бу гулнинг ким экан боғбони,
қай тарз ўстирмиш чароғбони.
Билмам, бу ё жонбахш мусиқа,
ёки жон олғучи васиқа –
илкида чолғу, куй таралгай,
не наво, бир олам яралгай.
Бўлсайдим қўлида чолғудай,
оҳ уриб, оламни олгудай
ва ё чолғусининг бир тори,
бир тори демаким бор тори,
зораким, кўнглим бўшатгайдим,
кўнглидан бўлак ушатгайдим.
Бағрига олса ул шикаста,
сиймин бўйига мен ҳавасда.
Менга дил очса ул созим деб,
мен дилим куйласам розим деб,
булбуллар тинглаб лол бу розни,
таниса дард тўла овозни.
Ҳам жўшиб-тинглаб ул тўймаса,
қўймаса, бағридан қўймаса…
Аммо бу бариси хаёлдир,
ёнига бормоқ ҳам маҳолдир,
беҳуда ўй суриб ётмишман,
қотмишшан, тош каби қотмишман.

ЮЗИНГНИ КЎРГАЛИ

Юзингни кўргали ой уёлмишдир.
Сўзларинг инжу, лабларинг болмишдир.
Агарки ҳусн мулкида баҳс этсалар,
Лайлию Ширин пойингда қолмишдир.

Бу не ҳолмишдир, васлинг умидида
кўзларим йўлларинг пойлаб толмишдир.
Орзум рўёби рўё, неча вақтким
бетин вақт каби тинчим йўқолмишдир.

Бу не лашкар каби оҳ эмиш, мудом
айрилиқ кўксима лак-лак солмишдир,
ким, ҳажрингда гар бир оҳ урса Икром
Искандар каби дунёни олмишдир.

* * *

Сен томон борар бўлсам,
Йўллар ўзи йўл бошлар,
гирдида пояндоз гул
шаклига кирган тошлар.
Семиргайман симирган
сарим — саррин ҳаволар.
Дарахтларнинг мавжида
авжланади наволар –
чамамда, дарахтлар ҳам
сен ҳақда ўилагайдир.
шохларида жон қуши
васфингни куйлагайдир.
Яқинлашар олислар,
бир ғубор йўқ орада.
Олам чиройга, нурга,
сирга тўлиб боради.
Шабаданинг қатида
чорловинг илғаюрман.
Юрагимни шабнамнинг
сувларига чаюрман.
Кўкайимни соғинчлар
селдай ювар гулдираб,
оқиб кетар ғам-қайғу,
йўқолади кудурат.

Кўзида қуёш кулган,
сочи тун, қоши қамар,
сенсан борар манзилим,
ошиқман, ошиқаман…

***

Ойпарчам, гулистарам,
нафаси ялпиз ислим.
Сочлари тарам-тарам,
ўйноқи ирмоқ мислим.
Туғён бордир тинида,
боқишидан нур олай –
кипригинг эпкинида
соялар жуфт қуралай.
Гуллаётган боғларнинг
қувнаётган жаранги
юрагимга боғланди –
оппоқ кулгунгнинг ранги.
Теграмда намойишсан,
кўксимдаги ғулуву
ҳайратимга боиссан,
тарчечак, кунсулувим.

* * *

Ёз оқшоми осмоннинг
оқаришиб дараси,
далаларга қуйилар
юлдузлар шаршараси.
Ёришади кўнглим ҳам,
ё шундай туюлади,
хаёлинг юлдузлардай
шовуллаб қуйилади.
Менга шунинг ўзи бас,
Шунинг ўзи бахт кабир,
фақат оқимга қарши
сакраган балиқ каби
ўйинг билан қонмаган
соғинч ўртар ғоҳида…

Ўйинқароқ бир юлдуз
сакрар терак шохида.

* * *

Севмасингни айтдингми,
келмасингни айтдингми,
ёки кўзгуга қараб
айтаяпсанми ҳамон –
боқиб бирор тешикдан
овозингни эшитган,
хар қалай, бир нимани
билиб олган бу шамол.

Ўлай сени севгунча,
севай сени ўлгунча,
одам дегани шунча
қийнарми ошиғини…
Кўча-кўйда увиллар,
увиллар том бошида.
Дил ҳувиллар эшитиб
шамолнинг қўшиғини.

* * *

Сени бир бор кўрдиму,
мен айрилдим ҳушдан, гул,
осмонлардан юракни
поклаш учун тушган гул.
Эй, эгнида либоси
юракдан ранг олган гул,
гулзор эмас, мен билан
саҳроларда қолган гул,
сени севиб қалбимдан
ардоқлашни қўймадим,
ҳар дам ёнимдасан, лек
висолингга тўймадим.

Эй, юзлари фаришта,
эй, маъсуму бийрон гул,
сен кўкда ой, мен ерда
гунгу лолу ҳайрон, гул.
Эй, қалбимга бахт берган,
ҳам айирган ҳушдан, гул,
осмонлардан юракни
поклаш учун тушган гул,
сени ўйлаб дилимни
бир савол эзар карахт:
меи сен билан бахтлиман,
сен топдингми мендан бахт?

ҲАНУЗ

Қалбинг — қоядаги мустаҳкам қалъа.
Ҳануз чоғланурман забт этмоқ сари.
Шахдам қадам ташлаб, саф бўлиб
ўтиб борар Вақтнинг лашкари.

* * *

Тўкилади лак-лак юлдуз,
бўшар қора кўк элаги.
Чекинади жунжикиб тун
янги кун ҳавосидан.
Саҳарни боғ узра соҳир
овоз етаклаб келади –
уйғонади гирд-теварак
булбулнинг навосидан.

Неча вақтки кутиб-кутиб,
муштоқ юрагим англаган
бир ҳақиқат шу бўлди ва
мен ишондим, не тонгким,
куним, булбулзабоним-ай,
оҳанг каби жаранглаган
сўзларингсиз ёришмаскан,
ўзинг экансан тонгим.

Кутаман минг таъма билан —
кун чиқарми… Дилда санчиқ,
ўзимнинг-ку сенинг сари
ҳаддим сиғмас боришга…
«Келдим » деган сўзинг танқис,
«Севдим » деган сўзинг тансиқ.
Кутилган сўз тилга чиқса —
изидан кун ёришгай.

* * *

Хаёлимда чорласам гар,
эшитмагин ноламни,
чунки менга сенинг ўйинг,
хаёл ҳам бир оламдир.
Бу оламда сенинг расминг
парилардан қолишмас.
Бу бир лоф ё муболаға,
гапни катта олишмас,
хаёлимда сен бир ҳилол,
нур таратиб тургайсан,
малакларга малоҳатдан
сабоқ бериб юргайсан.
Сўзларимни симиллатиб
соғинчларинг балқиса,
томиримга мадор кирар
ҳар ўйингдан. Алқисса,
хаёлимда чорласам гар,
келиб қўйма тағинай,
сени тўйиб ўйлаб олай,
мазза қилиб соғинай.

* * *

Саҳардан кечга довур
қувончга тўлиб-тошган
ташна вужуди билан
баҳра олар қуёшдан.
Қуёш билан бирга у
осмонларда сайр этар –
тонгда тутганча қўлин,
кунботар қадар кетар,
чопқиллайди, бу висол
юрагига завқ солар,
унга ҳеч ғала-ғовур
ва тиқилинч автолар.
Кун ботганда қоронғу
Ўйлар ўртаб кўксини,
катта кўча бўйидан
қайтар экан ўксиниб,
таққа қотар ва ногоҳ
тасаввурга қоришар –
кун акси кўз ўнгида
чироқ каби ёришар…

Сен кетганда соғинчинг
қадалгандай юракка,
шаҳарнинг чироқлари
уйқу бермас теракка.

«Ёшлик» журналидан ва интернетдаги манбалардан олинди.

(Tashriflar: umumiy 137, bugungi 1)

Izoh qoldiring