Imonim deganlar, Vatan deganlar…

1993
…Шоирлик касб эмас, шеър ҳам ботмон-ботмон ёзилавермайди, ёзилиш сабаби бор, вақти-соати бор. Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади. Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади.

999

ИМОНИМ ДЕГАНЛАР,ВАТАН ДЕГАНЛАР…
Асқар Маҳкамнинг Шавкат Раҳмон билан суҳбати
(Қисқартирилиб берилмоқда)

011

– Шавкат ака, анчандан буён матбуотда кўринмайсиз. Келинг, бугунги имкониятдан фойдаланиб бир суҳбатлашайлик. Суҳбат жараёнида ўзингизни қийнаб қўядиган саволларга жавоб бермаслигингиз мумкин.

– Кўринишимдан шоирдан кўра кўпроқ ҳарбийга ўхшасам-да, табиатан анча тортинчоқ кишиман. Уч-тўрт шеър ё мақолани қўлтиқлаб газета-журналларга бораверадиган одатим йўқ.

Назаримда, мамлакатда содир бўлган сиёсий ва иқтисодий жараёнлар руҳиятимизгаям таъсир қилмасдан қолмади. Руҳияти, истеъдод даражаси, иш қобилияти билан бир-бирига яқинроқ турадиган ижодкорлар аввал гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўполонлардан узоқлаша бошлади. Кейинроқ бу гуруҳлар орасидаям парчаланиш рўй берди.

Айниқса, СССР емирилгандан кейин бутун ижоди қаршилик (противостояние) заминида турган ижодкорлар узлатга кетди. Хуллас, совет идеологиясига астойдил хизмат қилганлар ҳам, астойдил хизмат қилмаганлар ҳам муҳитдан чеккага чиқди. Айримларга паноҳ қалъаси, айримларга истибдод қўрғони бўлиб кўринган буюк империя вайроналарида кўнгилни айнитар даражадаги манзара пайдо бўлди…

Бир неча йил ёзувчиларга мутлақо алоқаси бўлмаган ташкилотларда хизмат қилдим, шеърларимда баён қилинган қарашларимни амалга сингдиришга уриндим. Қолаверса, шоирлик касб эмас, шеър ҳам ботмон-ботмон ёзилавермайди, ёзилиш сабаби бор, вақти-соати бор. Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади. Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър баҳтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш эса ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир. Турли-туман расмий давраларда ёши бир жойга бориб қолган невара-чеварали кишиларнинг муҳаббат тўғрисидаги шеърларидан безганмиз.

Тугмачадек оғизларини ўйнатиб, “севгилим мен сени ташлаб кетаман” деб ҳайқирган безбетгина “луччак” ойимқизларнинг фироғидан куйганмиз. Ё тавба! Ҳазрат Навоий ҳам невараси тенг қизалоқларни бир жойга йиғиб, “Муҳаббат боғида судралиб юрдим” деб шеър ўқиганмикин? Ҳамма ёмон кўрган феодализм даврида, аёллар, аёл шоирларимиз “севгилим” сўзини ишлатганмикин? Бизларнинг шеър тўғрисидаги, шоир тўғрисидаги тасаввуримиз бузилмаганми, шеърий санъат йўқолмаганми, азалдан заҳар ва асал омухтаси бўлган тилимиз кўча тилига, бозор тилига айланиб қолмаганми?

Бу гапларни айтаётганим боисини англадингиз. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа. Дард бошқа, оғриқ бошқа. Ишқсизларга ишқингиздан гапирманг, дардсизларга дардингиздан гапирманг. Фойдаси йўқ. Бундан ўн йиллар аввал миллатимиз фожиаларини шеърларимизда сирқиратиб бериш санъатини ўзлаштираётганимизда бизларни талатганлар кўз ўнгимизда “ашаддий қизиллардан” “ашадий демократлар” га айланиб, шундай уввос тортиб йиғладиларки, қизиллар бошига шундай аҳлатларни тўкдиларки, раҳмимиз келди. Келинглар, Худонинг шу бандалариям муроду мақсадларига етсин, деб ўзимизни тағинам четроққа тортганимизни билмай қолибмиз.

– Гапларингизни эшитяпману, янги мафкура тўғрисида матбуотда билдирилаётган мулоҳазалар ҳақида ўйлаяпман, сиз бу хусусда нима дейсиз?

– Аслида, иқтисодий қонунлар устуворлик қилиши керак бўлган ҳозирги даврда жамиятнинг барча соҳалари мафкурадан тозаланиши керак. Аммо бор-йўғи икки йил аввал мустақил бўлган Ўзбекистон шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, агар айни пайтда маънавиятимизда мавжуд фазилатлардан кўра йўқотилган, бузилган фазилатлар кўпроқ эканини назарда тутсак, мафкура керак, мағзида миллий-ижтимоий ғоялар устун турадиган мафкура керак.

Фақат миллий ижтимоият ғояларини фаолиятимизнинг асосий дастури сифатида қабул қилишга ўзимиз тайёрмизми? Ҳамма гап мана шунда. Миллатнинг англаш тарзи, миллатнинг ҳис қилиш тарзи, миллатнинг ифода йўсинлари, миллат тили… Бир Халқаро ташкилотда ишлаб турганимда мусулмон аёллардай оқ рўмол ўраб олган бир ўқимишли опа тез-тез келиб: “аризамнинг судьбаси нима бўлди?” деб сўрагувчи эди. Эсласам, ҳозиргача кулишимни ҳам, куйишимни ҳам билмайман.

Энг аввало, ўтмишдаги ўтмиш фожиалари кўламини аниқлайлик, қолаверса миллатимизга қиладиган хизматларимиз жамланадиган фаолият дастуримизда акс этадиган ҳимматимиз кўламини аниқлайлик. Кейин ушбу буюк вазифани эътиқодли, ватанпарвар биродарларимизга қўш-қўллаб топширайлик. Зеро ҳар қандай жамиятни эътиқодлилар тузади, эътиқодсизлар бузади. Ҳар қандай сиёсатни юксалтирадиган ҳам, ер билан яксон қиладиган ҳам одам эканини унутмайлик. Эътиқодли, имонли кишиларимизни асраб-авайлашни ўрганайлик.

– Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунёга танилди. Сиз бу тарихий воқеани қандай баҳолайсиз? Мустақиллик байрами арафасида қандай тилакларингиз бор?

– Ўзбекистон мустақиллиги осонликча қўлга кирилмади.  Бугунга келиб Ўзбекистон мустақиллигини 150 дан ортиқ давлат тан олди, 50 дан ортиқ мамлакат билан дипломатик алоқа ўрнатди, жаҳондаги барча сиёсий ва иқтисодий ташкилотларга муносиб аъзо бўлди, тинчликсевар сиёсати билан жаҳондаги энг илғор мамлакатлар даражасига чиқди. Агар Ўзбекистондаги бугунги вазиятни қон ва аланга гирдобидаги Молдова, Арманистон, Озарбайжон, Гуржистон, Тожикистондаги аҳволга солиштирсак ёки икки ҳокимият исканжасида тилка-пора бўлаётган Россияга қиёсласак, кимнинг сиёсати нотўғрилиги ойдинлашади.

Шубҳасиз, Ўзбекистон кучли давлат бўлади. Эндиликда мустақилликни мустаҳкамлашга халақит бераётган жамики иллатлардан тезроқ халос бўлишни жадаллаштиришимиз, давлат ва фуқаролар орасидаги муносабатларни эътиборли даражага кўтаришни янада чуқурлаштириш йўлидан бормоғимиз керак. Эҳтиёт бўлайлик, иноқ бўлайлик, ҳали осойишталик билан ривожланаётган республикамизнинг бошини бирор жанжалга тиқиб қўйиб, жаҳон афкор оммасига: «мана, кўрдингларми, бу ўзбекларни фақат биз тинчитиб турган эдик, мустақиллик буларга ярашмайди, булар бир-бирининг гўштини ейди» деб бизларни тағин ўзларининг буюк давлатлари қаватига қўшиб олиш умидида пайт пойлаб турганлар борлигини унутиб қўймайлик…

– Сизни инсон сифатида, шоир сифатида яхши биламиз, аммо фарзандларингиз тўғрисида сира гапирмагансиз, тирикчилик қийнаб қўймадими? Хурсанд бўлган пайтларингнзда «Ўшдай шаҳар дунёда йўқ» деб хиргойи қиладиган одатингиз бор, Ўшга кўчиб кетиш ниятингиз бўлганми?

– Бир ўғлимиз, тўрт қизимиз бор, каттаси Нодирабегим, Жаҳон тиллари университетида инглиз тили куллиётининг 1-курсини тугатди, аълочи қиз; кейингиси Шоирабону, бу йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро ҳуқуқ куллиётига имтиҳон топширди, ўғлимиз Шохруҳбек 8-синфни, қизимиз Камолахон 6-синфни тамомлади, энг кичиги Гулруҳбегим бизнинг асал қизимиз, кўзларимизни яшнатадиган илоҳий гулимиз. Тирикчилигимиз ёмон эмас, шахсан ўзим қийинчиликка отдай чидамли одамман, бундан 15 йил аввал ёзилган бир шеъримда шундай сатрлар бор эди: “Кўзларимдан кўра ҳаётни елкаларим кўрипти кўпроқ….”

Ўшдан кетганимга 23 йил, Москвадан Тошкентга келганимга 18 йил бўлибди. “Ўшдай шаҳар дунёда йўқ” деб хиргойи қилишимнинг боиси Ўшнинг шарқий жанубида ҳовлимиз бор, дарвоза тиқ этса, «ана, келишди» деб ўрнидан қўзғоладиган аямиз бор, ҳовлимиздан бир чақирим наридаги Ойиммозорда дадамизнинг қабрлари бор, Ўшнинг бошқа тарафида суюкли қайинотамизнинг қабрлари…
Аввало фарзандларимизни миллатимиз суянса бўладиган ўқимишли, инсофли кишилар қилиб вояга еткизайлик, тани жонимиз соғ бўлса, нарёғини ҳам кўрайлик. Кейин бир гап бўлар… Ҳар ҳолда, бутун умр Ўшга кўчиб кетиш орзуси билан яшасак керак. Тағин худо пошшо…

Манбаъ: “Ватан” газетаси 1993 йил 32-сон.

999

IMONIM DEGANLAR,VATAN DEGANLAR…
Asqar Mahkamning Shavkat Rahmon bilan suhbati
(Qisqartirilib berilmoqda)

011

– Shavkat aka anchandan buyon matbuotda ko’rinmaysiz. Keling, bugungi imkoniyatdan foydalanib bir suhbatlashaylik. Suhbat jarayonida o’zingizni qiynab qo’yadigan savollarga javob bermasligingiz mumkin.

– Ko’rinishimdan shoirdan ko’ra ko’proq harbiyga o’xshasam-da, tabiatan ancha tortinchoq kishiman. Uch-to’rt she’r yo maqolani qo’ltiqlab gazeta-jurnallarga boraveradigan odatim yo’q.
Nazarimda, mamlakatda sodir bo’lgan siyosiy va iqtisodiy jarayonlar ruhiyatimizgayam ta’sir qilmasdan qolmadi. Ruhiyati, iste’dod darajasi, ish qobiliyati bilan bir-biriga yaqinroq turadigan ijodkorlar avval guruh-guruh bo’lib to’polonlardan uzoqlasha boshladi. Keyinroq bu guruhlar orasidayam parchalanish ro’y berdi. Ayniqsa, SSSR yemirilgandan keyin butun ijodi qarshilik (protivostoyanie) zaminida turgan ijodkorlar uzlatga ketdi.

Xullas, sovet ideologiyasiga  astoydil xizmat qilganlar ham, astoydil xizmat qilmaganlar ham muhitdan chekkaga chiqdi. Ayrimlarga panoh qal’asi, ayrimlarga istibdod qo’rg’oni bo’lib ko’ringan buyuk imperiya vayronalarida ko’ngilni aynitar darajadagi manzara paydo bo’ldi… Bir necha yil yozuvchilarga mutlaqo aloqasi bo’lmagan tashkilotlarda xizmat qildim, she’rlarimda bayon qilingan qarashlarimni amalga singdirishga urindim. Qolaversa, shoirlik kasb emas, she’r ham botmon-botmon yozilavermaydi, yozilish sababi bor, vaqti-soati bor. She’r buyuk sevinchdan yoki buyuk fojiadan dunyoga keladi, tanholikda yaraladi, tanholikda o’qiladi. Bashar fojiasini, millat fojiasini o’z fojiasi bilib o’rtangan shoir haqiqiy she’r bahtiga muyassar bo’ladi. She’r yozish esa o’lim bilan yuzma-yuz turib gaplashgan bilan barobardir.

Turli-tuman rasmiy davralarda yoshi bir joyga borib qolgan nevara-chevarali kishilarning muhabbat to’g’risidagi she’rlaridan bezganmiz. Tugmachadek og’izlarini o’ynatib, “sevgilim men seni tashlab ketaman” deb hayqirgan bezbetgina “luchchak” oyimqizlarning firog’idan kuyganmiz. YO tavba! Hazrat Navoiy ham nevarasi teng qizaloqlarni bir joyga yig’ib, “Muhabbat bog’ida sudralib yurdim” deb she’r o’qiganmikin? Hamma yomon ko’rgan feodalizm davrida, ayollar, ayol shoirlarimiz “sevgilim” so’zini ishlatganmikin? Bizlarning she’r to’g’risidagi, shoir to’g’risidagi tasavvurimiz buzilmaganmi, she’riy san’at yo’qolmaganmi, azaldan zahar va asal omuxtasi bo’lgan tilimiz ko’cha tiliga, bozor tiliga aylanib qolmaganmi?

Bu gaplarni aytayotganim boisini angladingiz. Ishq boshqa, havas boshqa. Dard boshqa, og’riq boshqa. Ishqsizlarga ishqingizdan gapirmang, dardsizlarga dardingizdan gapirmang. Foydasi yo’q. Bundan o’n yillar avval millatimiz fojialarini she’rlarimizda sirqiratib berish san’atini o’zlashtirayotganimizda bizlarni talatganlar ko’z o’ngimizda “ashaddiy qizillardan” “ashadiy demokratlar” ga aylanib, shunday uvvos tortib yig’ladilarki, qizillar boshiga shunday   ahlatlarni to’kdilarki, rahmimiz keldi. Kelinglar, Xudoning shu bandalariyam murodu maqsadlariga yetsin, deb o’zimizni tag’inam chetroqqa tortganimizni bilmay qolibmiz.

– Gaplaringizni eshityapmanu, yangi mafkura to’g’risida matbuotda bildirilayotgan mulohazalar haqida o’ylayapman, siz bu xususda nima deysiz?

– Aslida, iqtisodiy qonunlar ustuvorlik qilishi kerak bo’lgan hozirgi davrda jamiyatning barcha sohalari mafkuradan tozalanishi kerak. Ammo bor-yo’g’i ikki yil avval mustaqil bo’lgan O’zbekiston sharoitidan kelib chiqadigan bo’lsak, agar ayni paytda ma’naviyatimizda mavjud fazilatlardan ko’ra yo’qotilgan, buzilgan fazilatlar ko’proq ekanini nazarda tutsak, mafkura kerak, mag’zida milliy-ijtimoiy g’oyalar ustun turadigan mafkura kerak. Faqat milliy ijtimoiyat g’oyalarini faoliyatimizning asosiy dasturi sifatida qabul qilishga o’zimiz tayyormizmi? Hamma gap mana shunda. Millatning anglash tarzi, millatning his qilish tarzi, millatning ifoda yo’sinlari, millat tili… Bir Xalqaro tashkilotda ishlab turganimda musulmon ayollarday oq ro’mol o’rab olgan bir o’qimishli opa tez-tez kelib: “arizamning sud`basi nima bo’ldi?” deb so’raguvchi edi. Eslasam, hozirgacha kulishimni ham, kuyishimni ham bilmayman.

Eng avvalo, o’tmishdagi o’tmish fojialari ko’lamini aniqlaylik, qolaversa millatimizga qiladigan xizmatlarimiz jamlanadigan faoliyat dasturimizda aks etadigan himmatimiz ko’lamini aniqlaylik. Keyin ushbu buyuk vazifani e’tiqodli, vatanparvar birodarlarimizga qo’sh-qo’llab topshiraylik. Zero har qanday jamiyatni e’tiqodlilar tuzadi, e’tiqodsizlar buzadi. Har qanday siyosatni yuksaltiradigan ham, yer bilan yakson qiladigan ham odam ekanini unutmaylik.  E’tiqodli, imonli kishilarimizni asrab-avaylashni o’rganaylik.

– O’zbekiston mustaqil davlat sifatida dunyoga tanildi. Siz bu tarixiy voqeani qanday baholaysiz? Mustaqillik bayrami arafasida qanday tilaklaringiz bor?

– O’zbekiston mustaqilligi osonlikcha qo’lga kirilmadi. Bugunga kelib O’zbekiston mustaqilligini 150 dan ortiq davlat tan oldi, 50 dan ortiq mamlakat bilan diplomatik aloqa o’rnatdi, jahondagi barcha siyosiy va iqtisodiy tashkilotlarga munosib a’zo bo’ldi, tinchliksevar siyosati bilan jahondagi eng ilg’or mamlakatlar darajasiga chiqdi. Agar O’zbekistondagi bugungi vaziyatni qon va alanga girdobidagi Moldova, Armaniston, Ozarbayjon, Gurjiston, Tojikistondagi   ahvolga solishtirsak yoki ikki hokimiyat iskanjasida tilka-pora bo’layotgan Rossiyaga qiyoslasak, kimning siyosati noto’g’riligi oydinlashadi.

Shubhasiz, O’zbekiston kuchli davlat bo’ladi. Endilikda mustaqillikni mustahkamlashga xalaqit berayotgan jamiki illatlardan tezroq xalos bo’lishni jadallashtirishimiz, davlat va fuqarolar orasidagi munosabatlarni e’tiborli darajaga ko’tarishni yanada chuqurlashtirish yo’lidan bormog’imiz kerak. Ehtiyot bo’laylik, inoq bo’laylik, hali osoyishtalik bilan rivojlanayotgan respublikamizning boshini biror janjalga tiqib qo’yib, jahon afkor ommasiga: «mana, ko’rdinglarmi, bu o’zbeklarni faqat biz tinchitib turgan edik, mustaqillik bularga yarashmaydi, bular bir-birining go’shtini yeydi» deb bizlarni tag’in o’zlarining buyuk davlatlari qavatiga qo’shib olish umidida payt poylab turganlar borligini unutib qo’ymaylik…

– Sizni inson sifatida, shoir sifatida yaxshi bilamiz, ammo farzandlaringiz to’g’risida sira gapirmagansiz, tirikchilik qiynab qo’ymadimi? Xursand bo’lgan paytlaringnzda «O’shday shahar dunyoda yo’q» deb xirgoyi qiladigan odatingiz bor, O’shga ko’chib ketish niyatingiz bo’lganmi?

– Bir o’g’limiz, to’rt qizimiz bor, kattasi Nodirabegim, Jahon tillari universitetida ingliz tili kulliyotining 1-kursini tugatdi, a’lochi qiz; keyingisi Shoirabonu, bu yil Jahon iqtisodiyoti va diplomatiya universitetining xalqaro huquq kulliyotiga imtihon topshirdi, o’g’limiz Shoxruhbek 8-sinfni, qizimiz Kamolaxon 6-sinfni tamomladi, eng kichigi Gulruhbegim bizning asal qizimiz, ko’zlarimizni yashnatadigan ilohiy gulimiz. Tirikchiligimiz yomon emas, shaxsan  o’zim qiyinchilikka otday chidamli odamman, bundan 15 yil avval yozilgan bir she’rimda shunday satrlar bor edi: “Ko’zlarimdan ko’ra hayotni yelkalarim ko’ripti ko’proq….”

O’shdan ketganimga 23 yil, Moskvadan Toshkentga kelganimga 18 yil bo’libdi. “O’shday shahar dunyoda yo’q” deb xirgoyi qilishimning boisi O’shning sharqiy janubida hovlimiz bor, darvoza tiq etsa, «ana, kelishdi» deb o’rnidan qo’zg’oladigan ayamiz bor, hovlimizdan bir chaqirim naridagi Oyimmozorda dadamizning qabrlari bor, O’shning boshqa tarafida suyukli qayinotamizning qabrlari…

Avvalo farzandlarimizni millatimiz suyansa bo’ladigan o’qimishli, insofli kishilar qilib voyaga yetkizaylik, tani jonimiz sog’ bo’lsa, naryog’ini ham ko’raylik.
Keyin bir gap bo’lar… Har holda, butun umr O’shga ko’chib ketish orzusi bilan yashasak kerak. Tag’in xudo poshsho…

Manba’: “Vatan” gazetasi 1993 yil 32-son.

26.11.2012 й.

XDK

(Tashriflar: umumiy 90, bugungi 1)

Izoh qoldiring