Iqbol Qo’shshayeva. Yuragini meros qoldirgan inson & Botir Zokirov. Fors taronalari & Botir Zokirov tavalludining 85 yilligiga bag’ishlan ‘Bugun’ radiodasturi (26.04.2021)

08

     Эртага — 26 апрель куни бетакрор санъаткор Ботир Зокиров таваллуд топган кун 

Ботир Зокиров!… Қиёси йўқ ва ҳеч қачон бўлинмайдиган, яхлит олам… Қанийди санъаткорнинг ҳақиқат рўпарасида қанчалик хоксор бўлса, жаҳолат қаршисида ўшанчалик мағрур қалбини тушунолсанг… Хаёлпараст «Кичкина шаҳзода»сининг орзуларини, дардларини ҳис қилган кўнгли ҳақида ўйлаб, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаган, ҳар қандай оғир дақиқаларда ҳам уни тарк этмаган, ҳеч кимникига ўхшамаган юрагига қулоқ солгим келади.

ЮРАГИНИ МЕРОС ҚОЛДИРГАН ИНСОН
Иқбол Қўшшаева

08

055    Ботир Зокиров!… Қиёси йўқ ва ҳеч қачон бўлинмайдиган, яхлит олам… Қанийди санъаткорнинг ҳақиқат рўпарасида қанчалик хоксор бўлса, жаҳолат қаршисида ўшанчалик мағрур қалбини тушунолсанг… Хаёлпараст «Кичкина шаҳзода»сининг орзуларини, дардларини ҳис қилган кўнгли ҳақида ўйлаб, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаган, ҳар қандай оғир дақиқаларда ҳам уни тарк этмаган, ҳеч кимникига ўхшамаган юрагига қулоқ солгим келади.

Негаки, унинг бу Юраги менга ҳамиша баланд дор устида муаллақ турган дорбоз қисматини эслатади. Жамиятнинг минг бир пайконлари аввало шу юракда акс-садо бериб, ўз оғриқлари билан тирнаб ўтади.

Унинг қўшиқларини тинглаганда руҳиятимда ажиб бир ўзгаришларни ҳис қиламан. Гўёки, руҳ қанот қоқиб тор вужудни тарк этганча юксакларга парвоз этаётгандек бўлади. Беихтиёр ўзингни бошқа дунёда ҳис қиласан. Шундай лаҳзалардагина мен учун ҳаёт ўзининг бетидаги қалин чимматини кўтариб бор гўзаллигини намойиш этадигандек. Менимча, қиймаланиб кетган юраккина ҳақиқий санъаткорнинг қисматини англашга қодир. Назаримда, санъаткор ҳаёти заминга фақат гўзаллик излаб яшаш учун ҳайдалган буюк қул тақдирига ўхшайди. У бир умр гўзаллик рўпарасида тиз чўкиб «мана шу бахтни менга беринг» деб ялинаётган Инсон. Бу дамдан сархуш бўлган, бебаҳо лаҳзаларнинг гувоҳига айланган одам беихтиёр ўзини ўраб турган борлиқдан-да баланд бўлган бошқа бир олам — Улуғ Ҳақиқат борлигини эслайди. Ва чексиз азоб билан қўмсайди. Гўзаллик сари интилишдан туғилган туйғулар қалбни сўзсиз ибодатга келтириб, ўзлигингни англатгандагина Санъат аталмиш буюк эзгулик Инсон қавмига тушунарли бўлади.

Чунки «Чўли ироқ» куйи, Бетховен мусиқалари, Жо Дассен ёки Ботир Зокиров қўшиқларини ўзбек, франтсуз ёки немис бўлиб эшитмайсан. Санъаткор юрагидаги дардларидан томчи-томчи сиқиб асарларига қўшаркан, уларни умуминсоният дардига айлантиради. Унинг ноласи дунёнинг етти бурчагига акс-садо берганлиги учун ҳам, асрлар давомида одамзот Санъаткор қиёфасида ўзининг биродарини, қисматдошини кўриб келади. Табиийки бу жараёнда, миллат деган азалий тушунча ҳам Санъат — Гўзалликнинг қудрати олдида ўз-ўзидан чекинади. Бунда тил халқлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамаганидек, қалблар учун ҳам тўсиқ бўла олмайди. Бу оҳанглар таъсирида олам билан мутлақо алоқаси бўлмаган оламдан-да баландроқ бўлган ажиб ҳис-ҳайратнинг асирига айланасан.

Ҳайрат — самимиятнинг, ҳис-ҳаяжоннинг энг олий нуқтага кўтарилиши. Таъбир жоиз бўлса, гўзаллик билан гўзалликнинг висоли, туйғулар, изтироблар уйғунлиги. Ҳайрат туфайлигина «инсон ўзининг бир вақтлар нақадар юксакликдан қулаганини», ўша илк «машъум гуноҳ» ҳамиша таъқиб этиб келаётганини, аслида ўзининг само фарзанди эканлигини идрок этади.

Гоҳида бирор-бир шеър ёки қўшиқ тинглаганимизда ҳаммаси жойидадек, сўзлар, мусиқа, овоз, тажриба бор, лекин нимадир етишмайди. У сизнинг юрагингизга етиб келмайди. Руҳ жойидан «қилт» этмайди. Нари борса, ўша лаҳзада шунчаки, завқланарсан. Ҳайратдан, эҳтиросдан асар ҳам йўқ. Юрак сезилмайди. У тарк этиб кетган. Нега бундай? Ҳайрат йиллар давомида ўрганиладиган ёки ўзлаштириладиган нарса эмас, аксинча у, лоқайд лаҳзалар эвазига бой берилиши мумкин. Ахир бола қалбининг ўзи олам-олам ҳис-ҳаяжон-ку! У қачон одамни тарк этади? Қачонки юрагингга қарши борганингда. Бир неча бор юрагимизга қарши бориш натижасида у биздан воз кечади. Фаровон турмуш илинжида, даврнинг табиатимизга, аслимизга ёт бўлган талаблари билан муроса қилмоқчи бўламиз, шунда юрак биздан қандай юз ўгирганини билмай қоламиз. Бундан кўпроқ оламнинг таянчига айланаёзган қадриятлар озор чекади. Хиёнатлар аввалида, яъни илдизида инсоннинг ўз-ўзига, юрагига хиёнати ётади.

Кимлардир баланд туйғулар, орзулар билан санъат оламига кириб келади… Лекин ўз ўрнини топиш мақсадида худо берган истеъдодни суиистеъмол қила бошлайди. Мана шу ердан уларнинг бахтсизлиги бошланади. Чунки барча саъй-ҳаракатлар кимларнингдир назарига тушишга қаратилади. «Шундан ўтиб олсам бўлди, яна ҳаммаси илгаригидек ўз ўрнига тушиб кетади. Бундан осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳар ким ўзи учун курашиши керак-ку, ахир». Фожиа шундаки, улар руҳни бир муддатга ўлдириб бўлса-да, шамолларга дош беролмайдиган жамиятдаги ялтироқ мавқеини тикламоқчи бўлишади, афсуски, руҳ фақат бир муддатгагина тарк этишга ожиз… Ҳар қандай маҳорат ҳам ҳувиллаб ётган бу бўшлиқнинг ўрнини тўлдира олмайди.

Бошқаларни эса тантиқ хоҳишлар бошқараркан. Бундайлар асосан саҳнани намойиш майдони деб билишади. Бора-бора намойиш майдонидан кураш майдонига айлантиришади. Бу жараёнда одамлар табиати мажруҳланади. Улар одамзот туйғуларини тутдай тўкканларидек, йиллар шамоли ҳам уларнинг ҳаммасини ер юзидан супуриб ташлайди. Бундайлар учун санъат лаҳзалик кайфият, кўнгилхушлик холос. Мавлоно Румийнинг «Мусиқа хотин кишига ўхшайди. Уни чўри деб истифода этаркансан, ўзингда инсонни ухлатиб, ҳайвонни уйғотасан» деган ҳикмати айнан шуларга тегишлидек.

Мана шу улуғ ҳақиқатни унутмаган бизнинг санъаткоримиз Ботир Зокиров учун эса санъат қисмат эди. Бундай зотлар асрлар давомида бир келади. Ўша бир келганида инсониятнинг маданий тараққиётида ўз муҳрини босиб кетишга улгуради. Афсуски, бу борлиқ кўпроқ уларнинг изтиробларидан, кўз ёшларидан озиқланаркан, ютаркан. Ботир Зокировни бедаво дард болалик дунёси ҳали тарк этиб улгурмаган палладан умрининг охиригача, яъни ўттиз беш йил таъқиб этди. Бутун умр оғриқларни енгиб куйлагани унинг муҳиблари учун сир эмас. Нафақат танадаги санчиқлар, балки жамият жароҳатлари ва одамларнинг дидсизлиги ҳам уни қийнар, булардан ўзини ёлғиз ҳис этар, лекин бу ҳолатларнинг бари, кўзлар қоронғуликдагина ўткирлашганидек, унинг шуурини янада ёритарди. Шулар ҳақида ўйларканман беихтиёр дунёни қутқаришни гўзалликка юклаган Достоевскийнинг «Кенг фикрли, қалби теран одамлар учун азоб ва дард чекиш шарт доимо. Менимча, чинакам буюк одамлар ёруғ дунёга келиб улуғ бир азоб туйсалар ажабмас», деб ёзган ҳақиқати ёдимга тушади. Балки ўзи ҳамиша азоб билан айтган, қатлга олиб кетилаётган ошиқнинг сўнгги видоси — «Маробебус» («Видо бўсаси») ёки ҳижрон қўшиғи «Эй, сарбон»ни тинглаётганлар орасидан маъносиз, ҳиссиз нигоҳларни кўриб қолишдан чўчиб, саҳнадан пастга қарашга юраги дов бермай яшаганининг сабаби шундандир. Наинки санъат балки умри давомида жоҳиллик билан тўқнашиб яшаш ҳам унинг заминдаги ёзуғига айланган экан. Миллат маданиятини жаҳонга танитиш мақсадида не-не машаққатлар, йўқотишлар эвазига ташкил қилган, ўзга юртларда қадрланиб, ўз юртида етарлича қадр топмаган, санъаткор орзуларининг инъикоси «Мюзик холл»нинг тарқалиб кетиши унинг учун тақдирнинг яна бир шафқатсиз синови эди. Мамлакат жиловини қўлида тутган нуфузлардан бирининг бебош нафси санъаткор орзуларининг саробга айланишига сабаб бўлади.

044…Ботир Зокиров шунинг учун ҳам ҳеч қачон бўлинмайдиган, қиёси йўқ бус-бутун оламки, санъаткор сифатидаги мавқеини деб, инсонлик аъмолидан, ўзлигидан, эътиқодидан воз кечолмасди. Бадиий раҳбар сифатида у учун гуруҳидаги аёллар шунчаки ижрочи эмас, ўз тақдирига эга шахс бўлганлиги учун ҳам ишдаги умумий манфаатларни деб уларнинг туйғуларини эрмак қилишларига бефарқ қарай олмас эди. Айнан мана шу жараёнда яёв юрганидан товонлари шилиниб кетган ШАХСнинг тоғдек ғурури билан от устида турган, кўзларини шира босган ўткинчи кимсанинг очкўз майли тўқнашади. Бунақа бемаъни тўқнашувлар уни шахс сифатида ҳарқанча тобламасин, у оддий инсон сифатида кўп азоб чекар, толиқиб кетган шикаста вужуднинг дош бериши эса ҳамиша қийин кечарди… Ўзининг аҳмоқона «мен»идан бир бармоқ бўлса-да кўтарила олмайдиган нуфузлар Санъаткор туйғуларини ҳазм қила олмаса-да уларнинг хоҳиши учун у ўзининг бебаҳо Юрагига оёқ босолмасди.

Башарият тарихининг гувоҳлик беришича, бундай Инсонлар бу дунёга нима учун келганларини турфа тиканлару дўнгликлардан иборат қисқа умридаёқ исботлаб, инсониятга ўз қўшиғини қолдириб кетишаркан. … Моцарт, Бетховен, Жо Дассен, Висотский, Ботир Зокиров… Бу номлар ортида миллатлар кечмиши, халқларнинг муваффақиятлари билан биргаликда, афсуски, мағлубиятлари ҳам ётади. Шунинг учун ҳам улар адоғи йўқ бу телба оламнинг шўрлик арзандасига айланиб бўлишган. Қўшиқчининг бу оламга бўлган чексиз эҳтироми-ю, унга айтадиган дардларини юрагидан фақат сўзларгина олиб чиқа оларди. Шу боис ҳам ҳар бир сўз унга қўшиқ қалбини янада чуқурроқ очишга ёрдам берган. Мен ҳам хонанда қалбига етишишим учун унинг кундалигидаги қайдларни ўқиб ўзимдан ўтказа бошлайман. «Театр директори менинг ишимдаги энг муҳим нарса молиявий ишлаб чиқариш эканлигига ишонтирди. «Нимани ва қандай куйлашингдан қатъи назар, нима қилиб бўлса-да режани бажар. Бошқа йўл йўқ». Бир нарсани тушунолмайман қандай қилиб режали хўжалик ва санъатни қовуштириш мумкин. Бу иккови мутлақо фарқли тушунча, ҳеч қачон бир-бирига яқинлаша олмайди». Ёки «Ҳукумат дала ҳовлисида: идиш- товоқларнинг тарақлаши ва чапиллашлар орасида Навоий, Пушкин шеърларига бағишланган мусиқа оқади. Мен шу пайтгача ҳеч қачон ўзимни хўрланган ҳис қилмаган эдим. Эй, худойим, нақадар ёввойилик ва маданиятсизлик… Кимдир пишиллаганча товуқнинг оёғини чайнаб ўтирган бўлса, қандай қилиб қўшиқ айтиш мумкин. Мен лоқайдликнинг ўтиб бўлмас деворига ўзимни ураяпман».

Санъаткорни, ўзимча, бугуннинг нафаси билан уқий бошлайман. Тўю базму жамшидлар омма йиғиладиган жой. Истайсанми-йўқми сархуш оломоннинг кайфияти билан ҳисоблашасан, муроса қиласан. Хонанданинг чаккасига турли қўллар тегиб, чўнтагига кирганидан санъатнинг сири очилиб, жозибасига шикаст етиб, бор ҳайратни сездирмасдан емира бошлайди. Омма ҳофизнинг эмас, ҳофиз уларнинг чилдирмасига «бирров»га бўлса-да ўйнашга маҳкум. Аччиқ ҳақиқат шуки, ашулачи у даврада санъаткор ҳам эмас. Ахир бунақа томошалар қанчадан-қанча истеъдодларни маҳв этиб келмаяптими?! Ботир Зокировдаги маданий аслзодалик ҳатто овқатланаётган маҳалда ҳам куйлашга йўл қўймайди. Мулоҳазаларимни айни пайтда жиддий хонанда сифатида ниҳоятда машҳур, ҳатто Машраб ижодига мурожаат қилиб турадиган эстрада йўналишидаги қўшиқчига айтганимда у «Ҳозир жаҳон юлдузлари ҳам тўйга чиқяпти. Ботир Зокиров бошқа даврнинг фарзанди, шунинг учун ҳам унинг қарашлари ўзгача. Даврлар ўзгариб кетди. Қарашлар ҳам. Бугун хонанда тўйга чиқмаса, катта саҳнага ҳам чиқа олмайди. Ҳолбуки, ҳаммаси санъаткорнинг ўзига боғлиқ. Шундай қилингки, одамлар беихтиёр қўлидаги қошиқни стол устига қўйишсин. Аксинча тўйлар артистни чархлайди», деб жавоб берди. Ўзини санъаткорман дея «ижод машаққатлари»дан гапираётган бугунги ашулачиларнинг репертуари асосан тўй қўшиқларидан иборат эканлигининг сабаби ҳам шунда бўлса керак. Унинг гапларини сўзма-сўз таҳлил қилмоқчи эмасман, лекин бир ҳақиқатни биламанки, Ботир Зокиров қўшиқлари омманинг шовқини етадиган жойлардан анча баландда… На «Араб тангоси»ни, на «Раъно»ни ва на «Мажнун монологи» ёки деярли умр шомида куйлаган «Хаёлимда бўлдинг узун кун»ни бирортасини шовқин сурондан иборат, маст давраларда тинглаб бўлади. Наинки, базмларда ҳаттоки йўл-йўлакай, шунчаки эшитиш ҳам бу қўшиқларни, ундаги туйғуларни увол қилишдир. Ахир уларда шаффоф юракнинг нидоси, чинқириғи бор.

Балки даврлар туфайли қарашлар ҳам ўзгарар, лекин асрлар давомида оламнинг меҳварини ўз ҳақиқати билан ушлаб келаётган шундай қадриятлар борки, ҳатто замонлар тўфони улар олдида ожиз. Мана шулар туфайлигина абадият денгизи ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Шуларгина азим ва асов дарёларнинг асл ўзани қаердалигини эслатиб туради. Ботир Зокиров феномени катталашгандан катталашиб фақат орзу бўлиб қолишининг, қўшиқлари соғинчли армонга айланишининг сирини шунда деб ўйлайман.

Бертолд Брехт драматургиясини доимо кузатиб, унга тегишли асарларни мутолаа қилиб юрадиган хонанда режиссёрларнинг саҳналаштириш учун жиддий асарлар йўқ деган баҳонасини тушунмас эди. Ваҳоланки драматург ўз асарларида катта мақсадлар бўлмаган даврда катта санъат ҳам яратиб бўлмайди деган катта ҳақиқатни айтиб кетган. Яъни мақсадлар майдалашган сари, санъатнинг ҳам бачканалашиб боришини табиий ҳол деб қараган экан. Назаримда, бугун санъаткорлик даъвосида юрган, дунёни фақат манфаатлару билакдаги кучлар бошқаришига астойдил ишонаётган «шоу бизнес» аталмиш шафқатсиз ўйиннинг ижрочиларидан, аниқроғи қуролларидан ҳайрат кутишнинг ўзида мантиқсизлик ётадигандек. Ахир, уларнинг ўзи бу оламнинг асосида муҳаббат ётишига шубҳа билан қарашади-ку. Табиийки, бу ҳолатларда омманинг қичқириғидан, беҳаё ҳуштакларидан бир зум бўлса-да озод бўла олмайсан. Шундай пайтларда Санъаткоримизнинг бу ғала-ғовур телба дунёнинг томошабинига ёки иштирокчисига айланмасдан эрта тарк этганининг ўзида ҳам қандайдир сирли ҳикмат бордек туюлади. Бу ҳам бир Уни аяш мақсадида Оллоҳнинг севган ва ночор бандасига берган сўнгги имконидир. Афсуски, кўҳна шарқ ҳикматларида айтилганидек, найнинг дилўртар овози кўпинча дўмбиранинг шовқини остида қолиб кетаркан.

063   Юрагидаги қайноқ ҳароратини оҳангларга кўчирган қўшиқчимнинг сурати… Паришон сочлар… Кенг пешона остидан чақнаб турган ҳайрат тўла нигоҳига сингиб кетаман. Бу тим қора катта кўзлар оламга шу қадар катта муҳаббат билан тикиладики, «ҳай-ҳай» демасанг дунёни кўзлари билан қучоқлаб олса. Ўзи ҳайратланган бу ҳаётга наинки қўшиқлари, балки кўзлари билан ҳам ҳайрат улашмоқчи бўлади. У Ватанини ҳам мана шу тийрак нигоҳи билан, кўзларини катта-катта очганча дард билан севди. Чунки У юмилган кўз билан Ватанни севиб бўлмаслигини яхши биларди. Владимир Висотский ва Иосиф Кобзон унинг қадрдонлари эди. Улар бир-бирини тушунишарди. Лекин у дўстларидан фарқли ўлароқ, на сарой қўшиқчиси бўла олди, на бўғзини йиртганча қўшиқлари орқали исён қила олди. У фақат «Қайдасан бахт, қайда сенинг ёруғ қиёфанг?» дея бахт ҳақида, Инсон ҳақида ёниб куйлади. Вужуди чўғга айлангача, юрагини аямасдан куйлади. ўзининг миллатдошларини улуғ миллат вакили сифатида кўргиси келарди.

Шунинг учун ҳам «Менинг мамлакатим ўзининг бир тусдаги мусиқаси билан нақадар камбағал. Ёки уни тушунмаган бизлар қашшоқмизми? Миллатидан қатъий назар ҳар қандай одамга тушунарли бўлган қўшиқлар хазинасининг калитини қаердан топсам бўлади» деб изланди. Ва мана шу калитни топиш йўлида, катта-кичик қулфларга дуч келаверганидан «… Мен уларга тоқат қилолмайман, ҳатто салом-алик қилишни ҳам хоҳламайман. Ахир бу амалдорларнинг калтабинлиги, ўтмас диди, маълум бир даражага кўтарилади, мезонга айланади. О, бу қандай нотавонлик… Лекин шундай бўлса-да Икромдан (компазитор Акбаров- И.Қ.) фарқли равишда, республикадан кетиш ниятим йўқ, кучим сабр-тоқатим, асабларим қанчага дош бергунча, ўзимнинг ишимни қилавераман», деб изтироб чекканча Юраги етаклаган йўлдан кетди.

Санъаткорнинг гўзал шахсияти билан боғлиқ хаёлларим ҳамроҳлигида йўлга отланарканман кўзим каттакон афишадаги яна бир кўзга тушади. Бироқ бу мен учун мутлақо бегона, ўгай кўз. У оламга шу қадар алам, қаҳр билан ҳаёсизларча санчилиб қарайдики, беихтиёр юрагинг орқага тортиб кетади. Қўйиб берсанг дунёни эртаклардаги ялмоғиз кампирдек икки ямлаб бир ютса… Йўқ, бу аянчли кўзлар, вайрона қалб билан қўшиқ айтиб бўлмайди. Бу кўзлар билан Инсон ҳақида, унинг орзулари ҳақида куйлаш гуноҳ… Фақат бу кўзлар билан одамларни алдаш, чалғитиш ва туйғуларни таҳқирлаш мумкин. Албатта бу менинг шахсий фикрим. Лекин менга мана шу ҳақиқатни мен таниган бебаҳо Ботир Зокировнинг бой дунёси англатди.

«Сеҳрли мусиқани тинглаб ўзингни нечанчи осмонда ҳис этасан. Алам ва оғриқлардан нишон ҳам йўқ, фақат ва фақат оҳанглар, оҳанглар, оҳанглар… Улар қанотингга айланади ва сени замин бўйлаб шафақнинг зарҳал ипи чўзилиб кетган уфққа қараб олиб кетади. Оҳанглар учар қушлар мисоли сени юксак-юксакларга, офтоб сари элтади. Мана сен унинг иссиғини, ёруғини ҳис этяпсан. Кўнглингдаги барча кирлар, ғуборлар кўтарилиб кетган… Аламлар ва оғриқлар ушбу бепоёнликка сингиб кетган. Мана бирдан скрипка йиғлаб юборди ва сен кўзларингдан сизаётган ёшни сезасан. У кўнглингнинг шундай теранликларида туғиладики, сен буларни шу кунгача хаёлингга ҳам келтирмагансан. Шоир «Ғамим менинг ёруғ», деб аниқ айтганидек ифодалай олмайсан».

Унинг дардларидан яна бири шундаки, ўзи кўзлаган манзилга ета олмаслигини ҳамиша ҳис қилиб турарди. «Бугун «Алишер Навоий» спектаклини томоша қилдим ва яна ҳаётдан менинг мақсадим нима деган савол устида ўйлаб қолдим. Ҳаммасининг мақсадсиз ва маънисизлиги тўғрисида ўйлай бошласам қўрқиб кетаман. Куйлаш — қўшиқлар. Ахир улар эртаси куниёқ унутилади-ку. Хўш, мендан кейин одамларга нима қолади? ўзингдан одамлар учун жуда керакли нарса қолдириш учун нима қилиш зарур. Мана мен учун улкан ва ечиб бўлмас саволлар…» У «одамларга нима қолдиришим мумкин» деб изтироб чекади. Бетховен даҳосидан хабардор инсон унинг «Ҳақиқий санъаткор мағрурликдан нари туради, чунки у санъатнинг чексизлигини кўриб туради… мақсади жуда узоқлигини ҳис қилади» деган иқрорини эсласа санъаткор оғриқларини, ўзидан кўнгли тўлмаслигининг сабабини тушунади. Шунинг учун ҳам санъаткор фақат шу оламнинггина фарзанди бўлиб қололмайди.

Ботир Зокиров қисқа умри билан Инсон руҳиятининг чек-чегараси йўқлигини, хаста вужуд озод ва исёнкор Руҳ учун қафас бўла олмаслигини, талант маълум бир қариччалар билангина баҳоланмаслигини, ўлчанмаслигини, ҳақиқий истеъдод замонанинг турли қолипларига сиғиб, мослашиб кета олмаслигини исботлади. Ва келажакка бутун дунё қурбон бўлишга арзийдиган улкан Юракни мерос қолдирди. Бу Юрак унинг қўшиқларида, чизган суратларида, шеър-ҳикояларида ва кундалигида, таржималари-ю кинотасмаларда муҳрланиб қолган қиёфасида акс этган.

Ertaga — 26 aprelь kuni betakror san’atkor Botir Zokirov tavallud topgan kun  

Botir Zokirov!… Qiyosi yo‘q va hech qachon bo‘linmaydigan, yaxlit olam… Qaniydi san’atkorning haqiqat ro‘parasida qanchalik xoksor bo‘lsa, jaholat qarshisida o‘shanchalik mag‘rur qalbini tushunolsang… Xayolparast «Kichkina shahzoda»cining orzularini, dardlarini his qilgan ko‘ngli haqida o‘ylab, unga hech qachon xiyonat qilmagan, har qanday og‘ir daqiqalarda ham uni tark etmagan, hech kimnikiga o‘xshamagan yuragiga quloq solgim keladi.

YURAGINI MEROS QOLDIRGAN INSON
Iqbol Qo’shshaeva

08

077 Botir Zokirov!… Qiyosi yo‘q va hech qachon bo‘linmaydigan, yaxlit olam… Qaniydi san’atkorning haqiqat ro‘parasida qanchalik xoksor bo‘lsa, jaholat qarshisida o‘shanchalik mag‘rur qalbini tushunolsang… Xayolparast «Kichkina shahzoda»cining orzularini, dardlarini his qilgan ko‘ngli haqida o‘ylab, unga hech qachon xiyonat qilmagan, har qanday og‘ir daqiqalarda ham uni tark etmagan, hech kimnikiga o‘xshamagan yuragiga quloq solgim keladi.

Negaki, uning bu Yuragi menga hamisha baland dor ustida muallaq turgan dorboz qismatini eslatadi. Jamiyatning ming bir paykonlari avvalo shu yurakda aks-sado berib, o‘z og‘riqlari bilan tirnab o‘tadi.

Uning qo‘shiqlarini tinglaganda ruhiyatimda ajib bir o‘zgarishlarni his qilaman. Go‘yoki, ruh qanot qoqib tor vujudni tark etgancha yuksaklarga parvoz etayotgandek bo‘ladi. Beixtiyor o‘zingni boshqa dunyoda his qilasan. Shunday lahzalardagina men uchun hayot o‘zining betidagi qalin chimmatini ko‘tarib bor go‘zalligini namoyish etadigandek. Menimcha, qiymalanib ketgan yurakkina haqiqiy san’atkorning qismatini anglashga qodir. Nazarimda, san’atkor hayoti zaminga faqat go‘zallik izlab yashash uchun haydalgan buyuk qul taqdiriga o‘xshaydi. U bir umr go‘zallik ro‘parasida tiz cho‘kib «mana shu baxtni menga bering» deb yalinayotgan Inson. Bu damdan sarxush bo‘lgan, bebaho lahzalarning guvohiga aylangan odam beixtiyor o‘zini o‘rab turgan borliqdan-da baland bo‘lgan boshqa bir olam — Ulug‘ Haqiqat borligini eslaydi. Va cheksiz azob bilan qo‘msaydi. Go‘zallik sari intilishdan tug‘ilgan tuyg‘ular qalbni so‘zsiz ibodatga keltirib, o‘zligingni anglatgandagina San’at atalmish buyuk ezgulik Inson qavmiga tushunarli bo‘ladi. Chunki «Cho‘li iroq» kuyi, Betxoven musiqalari, Jo Dassen yoki Botir Zokirov qo‘shiqlarini o‘zbek, frantsuz yoki nemis bo‘lib eshitmaysan. San’atkor yuragidagi dardlaridan tomchi-tomchi siqib asarlariga qo‘sharkan, ularni umuminsoniyat dardiga aylantiradi. Uning nolasi dunyoning yetti burchagiga aks-sado berganligi uchun ham, asrlar davomida odamzot San’atkor qiyofasida o‘zining birodarini, qismatdoshini ko‘rib keladi. Tabiiyki bu jarayonda, millat degan azaliy tushuncha ham San’at — Go‘zallikning qudrati oldida o‘z-o‘zidan chekinadi. Bunda til xalqlar o‘rtasida ko‘prik vazifasini o‘tamaganidek, qalblar uchun ham to‘siq bo‘la olmaydi. Bu ohanglar ta’sirida olam bilan mutlaqo aloqasi bo‘lmagan olamdan-da balandroq bo‘lgan ajib his — hayratning asiriga aylanasan.

Hayrat — samimiyatning, his-hayajonning eng oliy nuqtaga ko‘tarilishi. Ta’bir joiz bo‘lsa, go‘zallik bilan go‘zallikning visoli, tuyg‘ular, iztiroblar uyg‘unligi. Hayrat tufayligina «inson o‘zining bir vaqtlar naqadar yuksaklikdan qulaganini», o‘sha ilk «mash’um gunoh» hamisha ta’qib etib kelayotganini, aslida o‘zining samo farzandi ekanligini idrok etadi.

Gohida biror-bir she’r yoki qo‘shiq tinglaganimizda hammasi joyidadek, so‘zlar, musiqa, ovoz, tajriba bor, lekin nimadir yetishmaydi. U sizning yuragingizga yetib kelmaydi. Ruh joyidan «qilt» etmaydi. Nari borsa, o‘sha lahzada shunchaki, zavqlanarsan. Hayratdan, ehtirosdan asar ham yo‘q. Yurak sezilmaydi. U tark etib ketgan. Nega bunday? Hayrat yillar davomida o‘rganiladigan yoki o‘zlashtiriladigan narsa emas, aksincha u, loqayd lahzalar evaziga boy berilishi mumkin. Axir bola qalbining o‘zi olam-olam his-hayajon-ku! U qachon odamni tark etadi? Qachonki yuragingga qarshi borganingda. Bir necha bor yuragimizga qarshi borish natijasida u bizdan voz kechadi. Farovon turmush ilinjida, davrning tabiatimizga, aslimizga yot bo‘lgan talablari bilan murosa qilmoqchi bo‘lamiz, shunda yurak bizdan qanday yuz o‘girganini bilmay qolamiz. Bundan ko‘proq olamning tayanchiga aylanayozgan qadriyatlar ozor chekadi. Xiyonatlar avvalida, ya’ni ildizida insonning o‘z-o‘ziga, yuragiga xiyonati yotadi.

Kimlardir baland tuyg‘ular, orzular bilan san’at olamiga kirib keladi… Lekin o‘z o‘rnini topish maqsadida xudo bergan iste’dodni suiiste’mol qila boshlaydi. Mana shu yerdan ularning baxtsizligi boshlanadi. Chunki barcha sa’y-harakatlar kimlarningdir nazariga tushishga qaratiladi. «Shundan o‘tib olsam bo‘ldi, yana hammasi ilgarigidek o‘z o‘rniga tushib ketadi. Bundan osmon uzilib yerga tushmaydi. Har kim o‘zi uchun kurashishi kerak-ku, axir». Fojia shundaki, ular ruhni bir muddatga o‘ldirib bo‘lsa-da, shamollarga dosh berolmaydigan jamiyatdagi yaltiroq mavqeini tiklamoqchi bo‘lishadi, afsuski, ruh faqat bir muddatgagina tark etishga ojiz… Har qanday mahorat ham huvillab yotgan bu bo‘shliqning o‘rnini to‘ldira olmaydi.

Boshqalarni esa tantiq xohishlar boshqararkan. Bundaylar asosan sahnani namoyish maydoni deb bilishadi. Bora-bora namoyish maydonidan kurash maydoniga aylantirishadi. Bu jarayonda odamlar tabiati majruhlanadi. Ular odamzot tuyg‘ularini tutday to‘kkanlaridek, yillar shamoli ham ularning hammasini yer yuzidan supurib tashlaydi. Bundaylar uchun san’at lahzalik kayfiyat, ko‘ngilxushlik xolos. Mavlono Rumiyning «Musiqiy xotin kishiga o‘xshaydi. Uni cho‘ri deb istifoda etarkansan, o‘zingda insonni uxlatib, hayvonni uyg‘otasan» degan hikmati aynan shularga tegishlidek.

09Mana shu ulug‘ haqiqatni unutmagan bizning san’atkorimiz Botir Zokirov uchun esa san’at qismat edi. Bunday zotlar asrlar davomida bir keladi. O‘sha bir kelganida insoniyatning madaniy taraqqiyotida o‘z muhrini bosib ketishga ulguradi. Afsuski, bu borliq ko‘proq ularning iztiroblaridan, ko‘z yoshlaridan oziqlanarkan, yutarkan. Botir Zokirovni bedavo dard bolalik dunyosi hali tark etib ulgurmagan palladan umrining oxirigacha, ya’ni o‘ttiz besh yil ta’qib etdi. Butun umr og‘riqlarni yengib kuylagani uning muhiblari uchun sir emas. Nafaqat tanadagi sanchiqlar, balki jamiyat jarohatlari va odamlarning didsizligi ham uni qiynar, bulardan o‘zini yolg‘iz his etar, lekin bu holatlarning bari, ko‘zlar qorong‘ulikdagina o‘tkirlashganidek, uning shuurini yanada yoritardi. Shular haqida o‘ylarkanman beixtiyor dunyoni qutqarishni go‘zallikka yuklagan Dostoevskiyning «Keng fikrli, qalbi teran odamlar uchun azob va dard chekish shart doimo. Menimcha, chinakam buyuk odamlar yorug‘ dunyoga kelib ulug‘ bir azob tuysalar ajabmas», deb yozgan haqiqati yodimga tushadi. Balki o‘zi hamisha azob bilan aytgan, qatlga olib ketilayotgan oshiqning so‘nggi vidosi — «Marobebus» («Vido bo‘sasi») yoki hijron qo‘shig‘i «Ey, sarbon»ni tinglayotganlar orasidan ma’nosiz, hissiz nigohlarni ko‘rib qolishdan cho‘chib, sahnadan pastga qarashga yuragi dov bermay yashaganining sababi shundandir. Nainki san’at balki umri davomida johillik bilan to‘qnashib yashash ham uning zamindagi yozug‘iga aylangan ekan. Millat madaniyatini jahonga tanitish maqsadida ne-ne mashaqqatlar, yo‘qotishlar evaziga tashkil qilgan, o‘zga yurtlarda qadrlanib, o‘z yurtida yetarlicha qadr topmagan, san’atkor orzularining in’ikosi «Myuzik xoll»ning tarqalib ketishi uning uchun taqdirning yana bir shafqatsiz sinovi edi. Mamlakat jilovini qo‘lida tutgan nufuzlardan birining bebosh nafsi san’atkor orzularining sarobga aylanishiga sabab bo‘ladi.

…Botir Zokirov shuning uchun ham hech qachon bo‘linmaydigan, qiyosi yo‘q bus-butun olamki, san’atkor sifatidagi mavqeini deb, insonlik a’molidan, o‘zligidan, e’tiqodidan voz kecholmasdi. Badiiy rahbar sifatida u uchun guruhidagi ayollar shunchaki ijrochi emas, o‘z taqdiriga ega shaxs bo‘lganligi uchun ham ishdagi umumiy manfaatlarni deb ularning tuyg‘ularini ermak qilishlariga befarq qaray olmas edi. Aynan mana shu jarayonda yayov yurganidan tovonlari shilinib ketgan ShAXSning tog‘dek g‘ururi bilan ot ustida turgan, ko‘zlarini shira bosgan o‘tkinchi kimsaning ochko‘z mayli to‘qnashadi. Bunaqa bema’ni to‘qnashuvlar uni shaxs sifatida harqancha toblamasin, u oddiy inson sifatida ko‘p azob chekar, toliqib ketgan shikasta vujudning dosh berishi esa hamisha qiyin kechardi… o‘zining ahmoqona «men»idan bir barmoq bo‘lsa-da ko‘tarila olmaydigan nufuzlar San’atkor tuyg‘ularini hazm qila olmasa-da ularning xohishi uchun u o‘zining bebaho Yuragiga oyoq bosolmasdi.

Bashariyat tarixining guvohlik berishicha, bunday Insonlar bu dunyoga nima uchun kelganlarini turfa tikanlaru, do‘ngliklardan iborat qisqa umridayoq isbotlab, insoniyatga o‘z qo‘shig‘ini qoldirib ketisharkan. … Motsart, Betxoven, Jo Dassen, Visotskiy, Botir Zokirov… Bu nomlar ortida millatlar kechmishi, xalqlarning muvaffaqiyatlari bilan birgalikda, afsuski, mag‘lubiyatlari ham yotadi. Shuning uchun ham ular adog‘i yo‘q bu telba olamning sho‘rlik arzandasiga aylanib bo‘lishgan. Qo‘shiqchining bu olamga bo‘lgan cheksiz ehtiromi-yu, unga aytadigan dardlarini yuragidan faqat so‘zlargina olib chiqa olardi. Shu bois ham har bir so‘z unga qo‘shiq qalbini yanada chuqurroq ochishga yordam bergan. Men ham xonanda qalbiga yetishishim uchun uning kundaligidagi qaydlarni o‘qib o‘zimdan o‘tkaza boshlayman. «Teatr direktori mening ishimdagi eng muhim narsa moliyaviy ishlab chiqarish ekanligiga ishontirdi. «Nimani va qanday kuylashingdan qat’i nazar, nima qilib bo‘lsa-da rejani bajar. Boshqa yo‘l yo‘q». Bir narsani tushunolmayman qanday qilib rejali xo‘jalik va san’atni qovushtirish mumkin. Bu ikkovi mutlaqo farqli tushuncha, hech qachon bir-biriga yaqinlasha olmaydi». Yoki «Hukumat dala hovlisida: idish- tovoqlarning taraqlashi va chapillashlar orasida Navoiy, Pushkin she’rlariga bag‘ishlangan musiqa oqadi. Men shu paytgacha hech qachon o‘zimni xo‘rlangan his qilmagan edim. Ey, xudoyim, naqadar yovvoyilik va madaniyatsizlik… Kimdir pishillagancha tovuqning oyog‘ini chaynab o‘tirgan bo‘lsa, qanday qilib qo‘shiq aytish mumkin. Men loqaydlikning o‘tib bo‘lmas devoriga o‘zimni urayapman».

057San’atkorni, o‘zimcha, bugunning nafasi bilan uqiy boshlayman. To‘yu bazmu jamshidlar omma yig‘iladigan joy. Istaysanmi-yo‘qmi sarxush olomonning kayfiyati bilan hisoblashasan, murosa qilasan. Xonandaning chakkasiga turli qo‘llar tegib, cho‘ntagiga kirganidan san’atning siri ochilib, jozibasiga shikast yetib, bor hayratni sezdirmasdan yemira boshlaydi. Omma hofizning emas, hofiz ularning childirmasiga «birrov»ga bo‘lsa-da o‘ynashga mahkum. Achchiq haqiqat shuki, ashulachi u davrada san’atkor ham emas. Axir bunaqa tomoshalar qanchadan-qancha iste’dodlarni mahv etib kelmayaptimi?! Botir Zokirovdagi madaniy aslzodalik hatto ovqatlanayotgan mahalda ham kuylashga yo‘l qo‘ymaydi. Mulohazalarimni ayni paytda jiddiy xonanda sifatida nihoyatda mashhur, hatto Mashrab ijodiga murojaat qilib turadigan estrada yo‘nalishidagi qo‘shiqchiga aytganimda u «Hozir jahon yulduzlari ham to‘yga chiqyapti. Botir Zokirov boshqa davrning farzandi, shuning uchun ham uning qarashlari o‘zgacha. Davrlar o‘zgarib ketdi. Qarashlar ham. Bugun xonanda to‘yga chiqmasa, katta sahnaga ham chiqa olmaydi. Holbuki, hammasi san’atkorning o‘ziga bog‘liq. Shunday qilingki, odamlar beixtiyor qo‘lidagi qoshiqni stol ustiga qo‘yishsin. Aksincha to‘ylar artistni charxlaydi», deb javob berdi. o‘zini san’atkorman deya «ijod mashaqqatlari»dan gapirayotgan bugungi ashulachilarning repertuari asosan to‘y qo‘shiqlaridan iborat ekanligining sababi ham shunda bo‘lsa kerak. Uning gaplarini so‘zma-so‘z tahlil qilmoqchi emasman, lekin bir haqiqatni bilamanki, Botir Zokirov qo‘shiqlari ommaning shovqini yetadigan joylardan ancha balandda… Na «Arab tangosi»ni, na «Ra’no»ni va na «Majnun monologi» yoki deyarli umr shomida kuylagan «Xayolimda bo‘lding uzun kun»ni birortasini shovqin surondan iborat, mast davralarda tinglab bo‘ladi. Nainki, bazmlarda hattoki yo‘l-yo‘lakay, shunchaki eshitish ham bu qo‘shiqlarni, undagi tuyg‘ularni uvol qilishdir. Axir ularda shaffof yurakning nidosi, chinqirig‘i bor.

Balki davrlar tufayli qarashlar ham o‘zgarar, lekin asrlar davomida olamning mehvarini o‘z haqiqati bilan ushlab kelayotgan shunday qadriyatlar borki, hatto zamonlar to‘foni ular oldida ojiz. Mana shular tufayligina abadiyat dengizi hech qachon to‘xtab qolmaydi. Shulargina azim va asov daryolarning asl o‘zani qaerdaligini eslatib turadi. Botir Zokirov fenomeni kattalashgandan kattalashib faqat orzu bo‘lib qolishining, qo‘shiqlari sog‘inchli armonga aylanishining sirini shunda deb o‘ylayman.

Bertold Brext dramaturgiyasini doimo kuzatib, unga tegishli asarlarni mutolaa qilib yuradigan xonanda rejissyorlarning sahnalashtirish uchun jiddiy asarlar yo‘q degan bahonasini tushunmas edi. Vaholanki dramaturg o‘z asarlarida katta maqsadlar bo‘lmagan davrda katta san’at ham yaratib bo‘lmaydi degan katta haqiqatni aytib ketgan. Ya’ni maqsadlar maydalashgan sari, san’atning ham bachkanalashib borishini tabiiy hol deb qaragan ekan. Nazarimda, bugun san’atkorlik da’vosida yurgan, dunyoni faqat manfaatlar-u bilakdagi kuchlar boshqarishiga astoydil ishonayotgan «shou biznes» atalmish shafqatsiz o‘yinning ijrochilaridan, aniqrog‘i qurollaridan hayrat kutishning o‘zida mantiqsizlik yotadigandek. Axir, ularning o‘zi bu olamning asosida muhabbat yotishiga shubha bilan qarashadi-ku. Tabiiyki, bu holatlarda ommaning qichqirig‘idan, behayo hushtaklaridan bir zum bo‘lsa-da ozod bo‘la olmaysan. Shunday paytlarda San’atkorimizning bu g‘ala-g‘ovur telba dunyoning tomoshabiniga yoki ishtirokchisiga aylanmasdan erta tark etganining o‘zida ham qandaydir sirli hikmat bordek tuyuladi. Bu ham bir Uni ayash maqsadida Ollohning sevgan va nochor bandasiga bergan so‘nggi imkonidir. Afsuski, ko‘hna sharq hikmatlarida aytilganidek, nayning dilo‘rtar ovozi ko‘pincha do‘mbiraning shovquni ostida qolib ketarkan.

Yuragidagi qaynoq haroratini ohanglarga ko‘chirgan qo‘shiqchimning surati… Parishon sochlar… Keng peshona ostidan chaqnab turgan hayrat to‘la nigohiga singib ketaman. Bu tim qora katta ko‘zlar olamga shu qadar katta muhabbat bilan tikiladiki, «hay-hay» demasang dunyoni ko‘zlari bilan quchoqlab olsa. o‘zi hayratlangan bu hayotga nainki qo‘shiqlari, balki ko‘zlari bilan ham hayrat ulashmoqchi bo‘ladi. U Vatanini ham mana shu tiyrak nigohi bilan, ko‘zlarini katta-katta ochgancha dard bilan sevdi. Chunki U yumilgan ko‘z bilan Vatanni sevib bo‘lmasligini yaxshi bilardi. Vladimir Visotskiy va Iosif Kobzon uning qadrdonlari edi. Ular bir-birini tushunishardi. Lekin u do‘stlaridan farqli o‘laroq na saroy qo‘shiqchisi bo‘la oldi, na bo‘g‘zini yirtgancha qo‘shiqlari orqali isyon qila oldi. U faqat «Qaydasan baxt, qayda sening yorug‘ qiyofang?» deya baxt haqida, Inson haqida yonib kuyladi. Vujudi cho‘g‘ga aylangacha, yuragini ayamasdan kuyladi. o‘zining millatdoshlarini ulug‘ millat vakili sifatida ko‘rgisi kelardi. Shuning uchun ham «Mening mamlakatim o‘zining bir tusdagi musiqasi bilan naqadar kambag‘al. Yoki uni tushunmagan bizlar qashshoqmizmi? Millatidan qat’iy nazar har qanday odamga tushunarli bo‘lgan qo‘shiqlar xazinasining kalitini qaerdan topsam bo‘ladi» deb izlandi. Va mana shu kalitni topish yo‘lida, katta-kichik qulflarga duch kelaverganidan «… Men ularga toqat qilolmayman, hatto salom-alik qilishni ham xohlamayman. Axir bu amaldorlarning kaltabinligi, o‘tmas didi, ma’lum bir darajaga ko‘tariladi, mezonga aylanadi. O, bu qanday notavonlik… Lekin shunday bo‘lsa-da Ikromdan (kompazitor Akbarov- I.Q.) farqli ravishda, respublikadan ketish niyatim yo‘q, kuchim sabr-toqatim, asablarim qanchaga dosh berguncha, o‘zimning ishimni qilaveraman», deb iztirob chekkancha Yuragi yetaklagan yo‘ldan ketdi.

04San’atkorning go‘zal shaxsiyati bilan bog‘liq xayollarim hamrohligida yo‘lga otlanarkanman ko‘zim kattakon afishadagi yana bir ko‘zga tushadi. Biroq bu men uchun mutlaqo begona, o‘gay ko‘z. U olamga shu qadar alam, qahr bilan hayosizlarcha sanchilib qaraydiki, beixtiyor yuraging orqaga tortib ketadi. Qo‘yib bersang dunyoni ertaklardagi yalmog‘iz kampirdek ikki yamlab bir yutsa… Yo‘q, bu ayanchli ko‘zlar, vayrona qalb bilan qo‘shiq aytib bo‘lmaydi. Bu ko‘zlar bilan Inson haqida, uning orzulari haqida kuylash gunoh… Faqat bu ko‘zlar bilan odamlarni aldash, chalg‘itish va tuyg‘ularni tahqirlash mumkin. Albatta bu mening shaxsiy fikrim. Lekin menga mana shu haqiqatni men tanigan bebaho Botir Zokirovning boy dunyosi anglatdi.

«Sehrli musiqani tinglab o‘zingni nechanchi osmonda his etasan. Alam va og‘riqlardan nishon ham yo‘q, faqat va faqat ohanglar, ohanglar, ohanglar… Ular qanotingga aylanadi va seni zamin bo‘ylab shafaqning zarhal ipi cho‘zilib ketgan ufqqa qarab olib ketadi. Ohanglar uchar qushlar misoli seni yuksak-yuksaklarga, oftob sari eltadi. Mana sen uning issig‘ini, yorug‘ini his etyapsan. Ko‘nglingdagi barcha kirlar, g‘uborlar ko‘tarilib ketgan… Alamlar va og‘riqlar ushbu bepoyonlikka singib ketgan. Mana birdan skripka yig‘lab yubordi va sen ko‘zlaringdan sizayotgan yoshni sezasan. U ko‘nglingning shunday teranliklarida tug‘iladiki, sen bularni shu kungacha xayolingga ham keltirmagansan. Shoir «G‘amim mening yorug‘», deb aniq aytganidek ifodalay olmaysan».

Uning dardlaridan yana biri shundaki, o‘zi ko‘zlagan manzilga yeta olmasligini hamisha his qilib turardi. «Bugun «Alisher Navoiy» spektaklini tomosha qildim va yana hayotdan mening maqsadim nima degan savol ustida o‘ylab qoldim. Hammasining maqsadsiz va ma’nisizligi to‘g‘risida o‘ylay boshlasam qo‘rqib ketaman. Kuylash — qo‘shiqlar. Axir ular ertasi kuniyoq unutiladi-ku. Xo‘sh, mendan keyin odamlarga nima qoladi? o‘zingdan odamlar uchun juda kerakli narsa qoldirish uchun nima qilish zarur. Mana men uchun ulkan va yechib bo‘lmas savollar…» U «odamlarga nima qoldirishim mumkin» deb iztirob chekadi. Betxoven dahosidan xabardor inson uning «Haqiqiy san’atkor mag‘rurlikdan nari turadi, chunki u san’atning cheksizligini ko‘rib turadi… maqsadi juda uzoqligini his qiladi» degan iqrorini eslasa san’atkor og‘riqlarini, o‘zidan ko‘ngli to‘lmasligining sababini tushunadi. Shuning uchun ham san’atkor faqat shu olamninggina farzandi bo‘lib qololmaydi.

Botir Zokirov qisqa umri bilan Inson ruhiyatining chek-chegarasi yo‘qligini, xasta vujud ozod va isyonkor Ruh uchun qafas bo‘la olmasligini, talant ma’lum bir qarichchalar bilangina baholanmasligini, o‘lchanmasligini, haqiqiy iste’dod zamonaning turli qoliplariga sig‘ib, moslashib keta olmasligini isbotladi. Va kelajakka butun dunyo qurbon bo‘lishga arziydigan ulkan Yurakni meros qoldirdi. Bu Yurak uning qo‘shiqlarida, chizgan suratlarida, she’r-hikoyalarida va kundaligida, tarjimalari-yu kinotasmalarda muhrlanib qolgan qiyofasida aks etgan.

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 007, bugungi 1)

Izoh qoldiring