Isajon Sulton. Boqiy darbadar. Roman & Ahmadjon Meliboyev. Rizq daraxti

Ashampoo_Snap_2016.11.25_18h08m51s_005_.png    Истеъдодли ёзувчи Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романини ўқишимга муаллифнинг яқинда эълон қилинган, дунё адабиётида бор, аммо миллий романчилигимизда унча урф бўлмаган мураккаб ифодали “Озод” асари туртки берди. Бадиий асарга баҳо беришда анча талабчан ёш танқидчи олдида “Озод”дан гап очган эдим, у мамнун оҳангда: “Сиз “Боқий дарбадар”ни ўқинг, жуда баланд, жуда. Уни Умарали ака қандай баҳолаганини эшитган бўлсангиз керак”, деди.  Ўша куниёқ муаллифнинг ўзига мурожаат қилиб, китобни дастхат билан олдим-да, ўқишни бошладим.

Аҳмаджон Мелибоев
РИЗҚ   ДАРАХТИ
Ўзим учун қайдлар
002

Истеъдодли ёзувчи Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романини ўқишимга муаллифнинг яқинда эълон қилинган, дунё адабиётида бор, аммо миллий романчилигимизда унча урф бўлмаган мураккаб ифодали “Озод” асари туртки берди. Бадиий асарга баҳо беришда анча талабчан ёш танқидчи олдида “Озод”дан гап очган эдим, у мамнун оҳангда: “Сиз “Боқий дарбадар”ни ўқинг, жуда баланд, жуда. Уни Умарали ака қандай баҳолаганини эшитган бўлсангиз керак”, деди.

Ўша куниёқ муаллифнинг ўзига мурожаат қилиб, китобни дастхат билан олдим-да, ўқишни бошладим. Аввалига “жуда баландлиги” асар сюжетининг ўта мураккаблигида бўлса керак, деб ҳам ўйладим. Асарда рамз ва рамзий ишоралар, тарихий-мантиқий хулосалар, нафис адабиётда “ҳақиқатнинг кўприги” дейиладиган, баъзан эса “ҳақиқатнинг зидди” маъносида келадиган мажоз ҳаддан ташқари кўп ва хўб келтирилган. Мирзо Кенжабек “Навоий девонининг фазилатлари” мақоласида улуғ мутафаккирнинг “шеъриятнинг зоҳирий жиҳатларига пок назар билан қараш зарурлиги” тўғрисидаги муҳим фикрни келтириб, ҳазратнинг ўзидан мисол айтади: “Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдур деманг, Ким назар пок айлагач, айни ҳақиқатдур мажоз”. “Боқий дарбадар”да мажозлар китобхонни муаллифнинг безовта қалби, ички дунёси томон етаклайди. Бунинг устига, унда билим хазинамизда асли бор, бироқ ҳаётий икир-чикирлар таъсирида хотирамизда хиралаша бошлаган муҳим мушоҳадалар ҳам етарли (“Ҳатто саҳродаги саноқсиз қум зарраларининг ҳар бирининг ўз қисмати бор. Худди сизнинг ва менинг қисматим каби”, “Қалбида мудҳиш безовталик ва қўрқув ҳукм сурган одам учун кимнидир севиш, оила қуриш, бола-чақа кўриш каби инсоний неъматларнинг аҳамияти қолармикин?”). Адабиётимизда шундай бақувват, ўқиладиган ва ўйлантирадиган зарур асар пайдо бўлганидан хурсанд бўлдим. Умарали Норматовни саволга тутаман. У киши жўшиб дейдилар: “Қани энди, бизларда шундай асарларни қойиллатиб рус, инглиз тилларига ўгирадиган моҳир таржимонлар бўлса…”.

Асарни қайтадан ўқишга тутинаман. Аммо, очиғини айтай, “Боқий дарбадар”ни ўқувчилик йилларим адабиёт ўқитувчимиздан эшитган бир танбеҳга (“Китобга чизма”) мутлақо амал қилмай, китобхонлик маданиятини бузиб (йиртиб эмас), саҳифаларнинг ҳошияларини хитоб, сўроқ аломатлари, тўлқинли чизиқчалар, бутун бошли жумлалар, қайдлару ажабтовур белгилар билан тўлдириб ўқидим. Бу ҳам майли, беш-ўн саҳифа ўқийман ва… орқага қайтаман — ниманидир аниқлаб олишимга тўғри келади. Қўл телефоним жиринглаб қолса, эшик тугмачасини кимдир босса ёки телевизорнинг овози бироз баландлаб кетса бас, хаёлим бўлинади, воқеалар тизгинини йўқотаман.

Анчадан бери бундай аҳволга тушмагандим. Тасаввур қилинг: бир жойга меҳмонга боришингиз керак, аммо манзилни аниқ билмайсиз — даҳаси маълум, кўчаси, уйнинг рақами ёдингизда эмас. Машинада бўлсангиз, сўраб-суриштиришингиз осон кечади, тез топасиз. Пиёда бўлсангиз, ҳали у кўчага кирасиз, ҳали бу чорраҳага буриласиз. Беэътибор ўтиб кетган жойингизга яна қайтиб келасиз ва ҳоказо. “Боқий дарбадар”ни ўқиётиб, бир кўчага икки-уч бор кириб чиққан пиёда аҳволига тушдим.

Тагсарлавҳада айтиб қўйибман — тақриз ёзмоқчи эмасман, булар — ўзим учун қайдлар. Ҳар қандай асарни, токи уни қўлга олиб, вақтимизни сарфлаб, кўнгил эҳтиёжи учун ундан бир нималар қидириб, топиб, муаллифнинг бизга асар баҳона уқдираётган қарашларига гоҳ қўшилиб, гоҳ қўшилмай, баъзи ўринларда у билан астойдил тортишиб, енгиб-енгилиб мутолаа қилаётган эканмиз, кўнгилдан ўтган баъзи мушоҳадаларни хотирамизга яхшироқ муҳрлаб қўйсак ёмон бўлмас. Шундоқ деб тушунишингизни истайман.

Асарнинг бош мавзуси нима? Мен китобхон сифатида “Мақсад ҳақида” деган бўлардим. Инсон бешикдан қабргача илм излаши, билиши, англаши, яхшини ёмондан, оқни қорадан, ҳақиқатни ёлғондан фарқлаши ва, энг муҳими, илмига, фаҳм-фаросатига асосланиб, Ўзини топиши лозим. Бунингсиз унинг бу дунёда туришидан маъно йўқ. Аммо илмий салоҳияти ва шу салоҳиятдан ғурурланиш асносида пайдо бўлган мақсад-муддаоси имони, виждони, бандалиги, бу ёруғ оламга шунчаки меҳмонлиги билан тўқнаш келиб қолмасин, ҳаёт карвонидан олислаб кетиб, адашиб-янглишиб, дайди-дарбадар ҳолига тушмасин. Азалият қонунларини уларнинг яратувчисидан бошқа ҳеч ким ва ҳеч вақт таҳрир қила олмаслигини вақтида тушуниб етсин. Кечиккан таассуфдан, хатоларни жуда кеч, бўрон авжига миниб, еру кўкни чирпирак қилиб айлантираётган, йўлида дуч келган нарсани — одамми, ҳайвонми, қурт-қумурсқами, ўт-ўланми, ризқ-насибами — фарқламай мижиқлаб-мажақлаётган, ҳаёт ўрмонида ҳўлу қуруқ баравар ёнаётгандаги афсус-надоматдан фойда йўқ. Асар қаҳрамони, мукаммал сунъий инсонни яратиш формуласини яратиб қўйиб, энди бошини тошга уришга тайёр профессор Зиёнинг виждон азобидан, ўғилнинг олим отага мактубидан, бемор ёзувчи Маркеснинг видо хитобидан, эзгу ниятда сафарга чиққан лўлилар карвони ҳақидаги ривоятдан ва, буниси жуда муҳим, илмий маҳсул бўлмиш сунъий жонзотнинг олам аҳлига мурожаатидан мана шу буюк хулоса келиб чиқади.

“…Карвонбоши чол набирасига дейди: “Парвардигорнинг даргоҳи кенг, у кўп нарсаларни сирлар пардасига яширган. Одамлар уларнинг баъзиларини биладилар, баъзиларини билмайдилар Одам боласидан бошқа ҳамма (жонзотлар) бир тилда гаплашади, ўғлим… Аслида, бундай сирларни қанча кўп англаганинг сайин шунча чуқур сукутга толасан. Чунки баъзи билимлар ҳатто ҳалокатли бўлади, болам”.

Ҳалокатли билим. Буни тасаввур қилиш қийинми? Таассуфки, қийин эмас. Одамзотнинг билим уфқи бугун жуда кенг, чўққиси жуда баланд. Аммо бу билимдонлик фақат яратишга, эзгуликка хизмат қилаётгани йўқ. Дунёдаги фавқулодда истеъдодли олимларнинг ҳар тўртинчиси бугун оммавий қирғин қуролларини такомиллаштириш, янада самаралиларини ўйлаб топиш — ўлдириш, ёндириш устида ишламоқда. Ихтиролари учун моддий рағбат олишмоқда, мартаба пиллапояларидан юқорилашмоқда. Инсон ўз қиёмат кунини ўзи белгилайди, деган гап шу эмасми?! Шу бўлса, билимдан бало ҳам келиб чиқса (Грибоедов), балким билиш ва англаш йўлига тўсиқ қўйиш керакдир? Лекин ким қўяди бу тўсиқни?

“Руҳлар исёни” достонидаги (Эркин Воҳидов) кўр кўзларни очган табибни оловда куйдиришгани, кўзлари очилиб, бу дунёда мавжуд жамики нопокликларни ўз кўзи билан кўрган собиқ ожизнинг гулханга бошқалардан кўра кўп ўтин олиб келганини эсланг. Табиб ўз билимдонлиги боис бундай даҳшатли жазога тортилди. Атомнинг сирини очган, водород бомбасини ихтиро қилган аллома олимларнинг пушаймонлари оламни тутгани сир эмас.

Бу дунёнинг маъно-моҳиятини тўла англамоқчи бўлган алломаларни санаб улгуриш қийин. Улардан бири ўлимга чап беришдан кўра уни мағрур қабул қилишни афзал кўрган донишманд Суқрот, иккинчиси ўз ҳаётида англаган билим ва таффаккуридан келиб чиқадиган энг оддий саволларга жавоб топа олмай уйини тарк этган Лев Толстой эди. “Ғалати манзара, — деб ёзади улуғ адиб “Иқрорнома”да, — одамлар диний эътиқодларга сиғиниб, уларга зид тарзда ҳаёт кечирганларини кўрганимда шу эътиқодлардан безиб кетгандим. Аммо одамлар худди шу эътиқодларнинг ўзига амал қилиб яшаганларини кўрганимда, улар менга ғоятда жозибадор ва оқилона кўринди. Шунда мен нега бир вақтлар бу эътиқодлардан безганимни, нега уларни маъносиз деб ҳисоблаганимни, эндиликда эса нима сабабдан уларни қабул қилганимни… тушундим. Мен адашганимни ва қандай қилиб адашганимни тушундим. Мен нотўғри фикр юритганим учун адашган эмас эканман, балки гуноҳкорона ҳаёт кечирганим учун адашган эканман. Мен англаб етганим — ҳақиқат юзини мендан яширган нарса — фикрларимдаги хатолик бўлмаган экан, балки фавқулодда ишратбозлик, маишатпарастлик шароитида, балои нафсни қондириш йўлида ўтказган ҳаётим бўлган экан”.

“Иқрорнома”дан англашиладиган хулоса шуки, нотўғри фикрлаш — айб эмас, ҳақиқат излаётган инсон адашиб, янглишиб, ўзининг бу ҳолатларини идрок этибгина кўзлаган мақсадига эришади. Бунгача у, адиб уқдирганидай, ҳаётнинг номаълум соҳиллари томон қайиқда, шиддатли оқим билан ёлғиз қолдирилган ҳолда, тажрибасиз қўллари билан эшкак эшади, оқим уни манзилдан бошқа томонга аёвсиз равишда судрайди, йўл-йўлакай ўзи каби оқим ихтиёрига тушиб қолган, қўлларидан эшкаклари тушиб кетган йўловчиларни учратади, ва яна, у олислаб сузиб борар экан, оқимни менсимайдиган ҳайбатли кемаларга, шовваларга урилиб, дабдаласи чиққан қайиқларга дуч келади. Бундай ҳолатга тушган адиб, ниҳоят, хулоса қилади: “Соҳил — Худо эди, йўналиш — ривоят эди, эшкаклар — менга берилган эрк эди. Мен уларнинг ёрдамида соҳилга — Худонинг жамолига эришмоққа сузмоғим керак эди”.

Суқрот “Ҳақиқат излаган донишманд” эди. Устоз Озод Шарафиддинов мақоласининг сарлавҳасидаги бу уч сўзни ўнгдан чап томонга қараб ўқисак “Донишманд излаган ҳақиқат” бўлади. Суқрот билими ва тафаккури билан ўзи бир умр излаган ана шу ҳақиқатни топди ва ундан юз ўгирмади.

“Қиёмат” романи (Чингиз Айтматов) қаҳрамонларидан бири Авдий Каллистратов ўзининг содда, пок, эзгу ниятлари учун ҳалок бўлади. У бор-йўғи дунёни мантиқан қайта идрок этмоқчи бўлганди, холос. Авдий руҳоний отага дейди: “Маъзур тутинг, тақсир. Ўзимиздан чиқаётган нарсаларни илоҳий кучларга нисбат бериб ўтирмайлик. Нега бўлмаса, У бизни бу қадар ожиз ва нотугал қилиб яратди?.. Нега Ўзи бизни бунчалар шак-шубҳалар, иллатларга гирифтор қилиб қўйди? Нега одамлар бунчалар маккор? Худонинг ўзига мурожаат қилганларида ҳам маккорликдан ўзларини тийиб тура олмайдилар?”.

“Боқий дарбадар”да асосий воқеалар олимларнинг махсус лабораторияда узоқ йиллар тажриба ўтказиб, ҳар жиҳатдан мукаммал, “Тангрининг иродасига исён ўлароқ, яъни у белгилаб берган ҳаёт-мамот ва тақдир чегараларидан жасурона сакраб ўтиб, ҳалокатли барча таъсирларга чидамли ва жароҳатланган аъзосини тезда тузата оладиган, боз устига, ақлу тафаккур жиҳатидан сизу биздан бир неча баравар устун” турадиган қўлбола сунъий инсонни дунёга келтириш ҳаракатлари атрофида кечади. Олимлар жуда кўп уринишлар охирида бунга эришадилар ҳам. Аммо кутилмаганда…

Кутилмаганда бу геном — одам қиёфасидаги мукаммал сунъий жонзот, минг йил, миллион йил — то рўзи маҳшарга қадар таралла бедод қилиб яшай оладиган бу йиғма маҳсулот бутун ер юзи ўзига бўйсунаётганини, табиатда у каби тафаккур қобилиятига эга бошқа ҳеч ким йўқлигини билса-да, махфий лабораторияни тарк этади. Мангу дарбадарлик саҳросига жўнаш олдидан оламдаги барча тафаккур қилувчи жонзотларга мурожаат ёзиб қолдиради: “Дунё — мислсиз эврилишлар, ўзгаришлар ва огоҳлантиришлар маконидир. Ҳар нарса, ҳар ҳодиса бир огоҳлантириш, бир тимсол бўлиб хитоб қилмоқдадир. Бунчалар қувватли тартиб берилган ва қатъий қоидалар асосида ҳаракатланаётган табиат бизсиз ҳам мукаммал равишда ўз ҳаётида давом этмоқда, ўзгартиришларимизга ва кашфиётларимизга муҳтожлиги йўқ…”.

Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” асарини варақлайман. Биолог олим Крилцов илмий изланишлар борасида ақл бовар қилмайдиган даражага етишади, чорва молларини сунъий қочиришга ўхшаш, сунъий уруғлантириш йўли билан ота-оналари, насл-насаби номаълум одамларни яратиш мумкинлигини исботлайди. Кўп ўтмай олимнинг бу ёвуз тажрибалари партия марказқўмини, бошқа тегишли ташкилотларни қизиқтириб қолади. “Сизнинг кашфиётингиз, таъбир жоиз бўлса, қўлбола биологиянинг кашфиётлари — бу одам табиатига чуқур кириб бориш, аслида эса, инсон шахсини қайта қуриш, шахснинг келиб чиқишини, жамиятдаги ўрни ва ролини ўзгартириш, кейинчалик эса сунъий туғиладиганлар матрицасига асосан бутун инсониятни қайтадан яратиш имконияти демакдир…”, дейишади унга ва топшириқни тушунтиришади:

— Бутун дунёда коммунизм ғалаба қозониши учун бизга ота-онаси номаълум, сунъий етиштирилган иксзурриётлар керак. Иксзурриётлар феномени сиёсий жиҳатдан ҳайрон қоларли даражада порлоқ истиқболга эга. Бу шундай ўткир куч бўладики, у биздан фарқли ўлароқ, орқа-олдига қарамасдан, қўрқинч ва шубҳа нима эканини билмасдан бутун дунёда коммунизм ғалабаси учун курашади. Оила ва бошқа қариндошлик алоқаларини эски, зўравонлик дунёсининг қолдиқлари сифатида худди ана шу иксзурриётлар тарих ахлатхонасига улоқтиради… Болалар сунъий йўл билан, ота-оналарсиз бунёд этилади, тегишлича тарбия қилинади…

Олим ўзи иштирокида уюштириладиган мудҳиш фитнага аралашиб қолганини англаб етади. Аммо эътироз билдира олмайди. Чунки бутун ҳаёти давомида энг юқори доираларнинг, тегишли ташкилотларнинг ҳомийлигида ўз тажрибаларини ўтказиб келди, уларнинг моддий ва маънавий кўмагига суянди. Энди эса орқага чекинишга имкони ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ! Демак, ишга киришиши керак. Шундай бўлади ҳам. Турли жиноятлари учун узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумалардан танлаб олиниб, иксзурриётларни етиштириш иши бошлаб юборилади.

Олим шундан кейин халқаро экспедиция таркибида космосга парвоз қилади, илмий кузатувлар дастури якунлангач, ерга қайтишдан бош тортади. Чунки олис фазода туриб ўзининг нима иш қилиб қўйганини тасаввур қилади. Вақт-соати етиб, иксзурриётлар ўзларига оид бор ҳақиқатни англаб етишлари, ёруғ оламга нима мақсадда, ким томонидан ва қай тарзда келтирилганликларини тушуниб қолишлари мумкин. Ана ўшанда бу насл-насабсиз авлодда исён руҳи уйғониб “бу тўнғиз қўпгур” дунёга ўт қўйиш истаги пайдо бўлиши мумкин.

Ўз ихтироси яратган Эгамнинг иродасига қарши чиқиш, тирикликнинг мангу барқарорлигига раҳна солиш эканини тушуниб етган олим орбитал станциядаги барча ҳужжатларни, тадқиқот натижаларини, кассандра-эмбрионлар сирини йўқ қилиб, Ер билан ўтказган телемулоқоти сўнгида очиқ фазога сакраб, мангу бўшлиққа сингиб кетади. У ўзига мана шундай интиҳо ҳукмини ўқийди.

Ҳар иккала тақдир — фожиа, аммо кимнинг ва ниманинг фожиаси?

Яна “Қиёмат”га қайтайлик: “…ўйлар ичида энг сўнгги ўй доимо мусаффо ва ҳаддан зиёда самимийдир. Унинг турган-битгани ҳақиқатдир, муғамбирликдан холидир”.

“Боқий дарбадар”дан иқтибос: “Тангрим… бир қулини меърожга, яъни фазо бўшлиқларига эмас, ундан ҳам юксакка — ўзининг аршига кўтаради. Унга “Дунёда истаганингча қол”, дейди, қул эса бор-йўғи олтмиш уч йилгина яшашни афзал кўради. Бирига бутун бойликларини берадики, бирини сувда ёки ҳавода ҳаракатлана оладиган қилиб қўяди, бошқаси бир вақтнинг ўзида қирқ жойда ҳозир бўла олади, яна бири қудрат фаришталари билан, яъни зилзила ҳосил қилувчи, бўрон кўтарувчи, тошларни ёрадиган ўсимликларни қулоғидан тортиб чиқарувчи, шамоллар уфурувчи, сайёралар ва юлдузларни маҳкам ушлаб турувчи бандалари билан суҳбат қуради, бирига мангулик билан қўшиб ҳеч кимга ато этмаган билимларини беради ҳамда ўзининг пайғамбарларидан бирини у билан учраштирадики, барҳаёт бандасининг борлигидан одамзот фақат шундагина хабар топади…”.

Газеталардан бирида эълон қилинган хабар: “Уч ёшли бола китобни катталардай шариллатиб, жуда тез ва ҳайратланарли даражада ифодали ўқигани учун Гиннес китобига киритилди. Тўққиз ёшли бола уч юз саҳифали китобни муқоваси билан бирга йиртиб, икки бўлакка ажратгани учун шундай юксак шарафга муяссар бўлди”.

Энди дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрайлик: “…жуда чуқур кетманглар” деган буюк ишора ёдимиздами? Илмга қўл уришда нима бирламчи — илм чўққисига кўтарилишми, ё инсон зотига хос худбинлик, манманликми?

Ҳар иккала романда даҳшатли бўрон талқини бор. “Боқий дарбадар”да: “Ичида хас-хашаклару шох-шаббалар майда-чуйда чўл жонзотларига қўшилиб чирпирак бўлиб айланаётган, гирдоблари улкан жонли илонлар каби ердан кўкка чўзилган бўрон, саҳронинг ҳар бир қадамини ғоятда синчковлик билан “титиб” чиқиб, ҳозир нишонини “йўқотиб” қўйган ва бир-бирига ташланишга шай турган ҳарбий учоқлар томон шиддат билан яқинлашиб бормоқда эди.., “қанотсиз қолган учоқ… ерга келиб урилди. Бу ҳалокатда бировнинг тирик қолганини тахмин қилиб бўлмасди — қулаш чоғидаёқ кўпчиликнинг юраги ёрилиб кетган, бақувватроқлар эса урилиш чоғида жон таслим қилган эдилар. Тиёншон ёнбағридаги ғорда истиқомат қиладиган авлиё ҳам қўрқувга тушган эди. Парвардигори олам куч-қудратининг бир тимсоли бўлган бу офатнинг нима эканини у яхши биларди. …Бир оздан сўнг урилган янада шиддатлироқ эпкин ғор оғзида ўсган анжирни — ризқ дарахтини таг-томири билан суғуриб олди ва пастликка қараб хасдай учириб кетди…”.

Анжир — ризқ дарахти. Фақат ризқми? “Қасас ул-анбиё”да ўқиймиз (Зулхумор Кенжабоева таржимаси): “Одам алайҳиссалом ва Ҳавво буғдойни егач, иккалалари яланғоч ҳолда бўлдилар. Жаннат япроғидан бошқа ёпинадиган нарса топа олмадилар. Жаннат дарахтларининг япроғидан олмоқчи бўлдилар, барча дарахтлар улардан бош тортди. Анжир дарахтининг олдига бориб, ундан япроқ сўрадилар. Анжир дарахти бошини эгиб деди: “Хузу минний варақан”, яъни: “Мендан япроқ олиб, авратларингизни ёпинглар”. Анжирдан япроқ олиб, авратларини ёпдилар…”.

“Қиёмат”даги бўрон: “Ҳаммаси бир зум ичида рўй берди. Юзлаб, минглаб қўрқиб кетган сайғоқлар серкаларини йўқотиб, кўзлари ола-кула бўлиб, ўзларини бошолмон ҳар томонга ура бошладилар. Беозор махлуқлар кўкдан тушган темир балога тоқат қилолмадилар. Вертолётларга худди шунинг ўзи керак эди… Ҳеч қачон бундай офатга дуч келмаган, тўз-тўз бўлиб кетган минглаб чўл кийиклари у ёқдан-бу ёққа югуришар, Мўйинқумда бамисоли жаҳанннам қўпганга ўхшарди… Бошвоғини йўқотган, ўзини мутлақо идора қилолмай қолган бу подалар мисоли жонли сел каби ваҳшат солиб келарди. Бўрилар қадамларини секинлатмай ва, аксинча, ваҳиманинг кучи билан янада зўр бериб қоча бошлаганлари учун ҳам омон қолдилар. Лекин энди улар ҳам ақл бовар қилмас мана шу буюк қочқинда сиртмоққа тушган эдилар. Аёвсиз ваҳший оқим уларни суриб кетгандан суриб кетди. Энди улар ўзлари боягина қувғин қилиб, қирғинбаротга солиб, этини бир бурдадан қилиб ташламоқчи бўлганлари сайғоқлар — азал қурбонлари билан умумий ёвуз хатардан биргаликда, ёнма-ён жонларини ҳовучлаб қочишар эди…”.

Бўрон турса, ер тебранса, тошқин жамики жонзотни, уй-жой, қимматбаҳо машина, тилла тақинчоқлару болаларнинг қўғирчоқларидан самолёту кемаларгача аёвсиз комига тортаётганини телевидение орқали кўрсак, сув бетида жон талвасасида пала-партиш ҳаракат қилаётган, дўстими, душманими — фарқига бормай, бири иккинчисининг қўлидан, оёғидан тортаётган ва шунда ҳам ўз “мен”ини унутмаган одамларни кўриб, беихтиёр: “Ў, қиёмат қойим бўлибди-ку, жаҳаннам қўпибди-ку” деймиз. Аммо бу “қойим”нинг сабаблари ҳақида ўйламаймиз. Қиёмат инсоннинг имонидан бошланиши мумкин чоғи, деган фикр ўтмайди хаёлимиздан. Газеталар ёзишмоқда: ғарб давлатларида ёш соғлом болаларни ўғирлаб, тана аъзоларини сотиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар бор. Ҳукуматлар бир жинсли оилаларга рухсат бермоқда. Аёллар туғишдан кўра туғилган болаларга оналик қилишни афзал кўришмоқда. Мулкка эгалик қилиш, бойиш истаги, айш-ишрат иштаҳалари очилган бугун. Довосда ўтадиган иқтисодий анжуманда бу йил биринчи марта (!) капиталнинг (пулнинг, бойликнинг) ёвузлашиб бораётган манфур қиёфаси ҳақида гап борди. Охиратнинг белгилари эмасми булар?!

Ёшликдан хотирангга ўрнашган, оиладаги тарбия туфайли онг-шуурингга сингган нарсалар бир умр ёдингда қолади. “Сувга тупурма, нонни исроф қилма, ахлатни дуч келган жойга ташлама” деган ўгитларга шу боисдан ҳам бир умр амал қиламиз. Ота-боболарнинг бу сўзлари ёдидан кўтарилиб, мағзавани ариққа оқизаётган, нон бўлакларини ташлаб юбораётган, ахлатни қоғозга ўраб, ғира-ширада балкондан пастга отаётган кишилардан ранжиймиз.

Фан-техниканинг мислсиз ривожланиши, саноат корхоналарининг тобора кенгайиб бораётган фаолияти боис атроф-муҳитга, ер ва сув заҳираларига жуда катта зарар етказилмоқда, бунинг аянчли оқибатларини фактлар, рақамлар, касалликларнинг хуружи, янги вирусларнинг пайдо бўлиши, дарё ва кўлларнинг қуриши, сув тошқинлари, мислсиз тўфонлар, ер силкинишлари, ногаҳоний ўпирилишларда кўриш мумкин. Дунё олимлари бу фалокатларнинг бевосита ва билвосита сабабларини илмий жиҳатдан ўрганиб, ташвишли хулосага келмоқдалар. Яъни, машъум “Катрина” тўфони, Бали ороллари ёки Японияни ларзага келтирган ер силкиниши, бошқа бир минтақадаги аёвсиз қурғоқчилик каби фалокатларда инсоннинг бевосита айби бор. Буни асло рад этиб бўлмайди.

Бир хонада ушбу жумлаларни қоғозга тушираётибман, қўшни хонадаги телевизорда Россиянинг Нижнегородск вилоятида ёш физиклар танловининг ғолибларига бағишланган кўрсатув намойиш этилмоқда. Ғолиблар вилоятдаги анча кескин иқтисодий аҳволни яхшилашга доир бирор муҳим лойиҳа яратишган бўлса керак, деб ўйларсиз. Йўқ, улар терма-ядро синтези бўйича ўз малакаларини намойиш этиб, мамлакатнинг ядрочи олимлари ва мутахассисларини қойил қолдиришибди.

“Боқий дарбадар”нинг Лувр саҳнасида (демакки Парижда) милодий 1312 йили астролог Гвидо Бонатти қаламига мансуб “Мангу дарбадар” пьесасининг намойиши тасвирланган бобига қайтайлик. Саҳнага узун бўйли, сочлари елкасига тушган бир одам (овози фавқулодда ўткир ва ҳаётий): “Мен Парвардигорнинг имонли бир бандасиман”, дея чиқиб келади. Пьесанинг бироз сархуш муаллифи уни таний олмайди. У эса монологини бошлайди:

“…Сиз Тангри таолонинг қудрати ва илми нима эканини қайдан била қолдингизки, барча нарсани ўраб-чирмаб, бошқа бир нарсанинг ичига тиқиб ташлашидан ёки истаса, бутун шу кўклару самоларни сиқиб-ғижимлаб, майда қум шаклига келтириб қўя қолишидан чўчимадингиз? Бир қурт келиб, кўз ўнгингизда кафанга киряпти, ҳамда вақти келганида кафанидан капалакка айланиб қандай учиб чиқишини сизга кўрсатиб-намоён қиляпти-ку! Ер бағридан олов отилиб чиқиб, атрофини эриган маъданга тўлдириб оқиб турибди-ку! Сиз Тангри таолонинг жазоси нима эканини қайдан била қолдингиз? Оловли ёниш деган нарсани фақатгина ўзингиз таом пишириб-исинадиган олов деб ўйладингиз-у, У сизнинг гуноҳларингизни тўксин деб яратгани — касалликларининг бири боис иситма хуруж қилганида, сиз билган оловдан кўра фарқли табиатга эга бошқа бир олов ич-ичингизни ёндираётганига шоҳид бўлатуриб шундай деяпсизми?…”.

Шу бобнинг якунида Гвидо — пьеса муаллифи кўп ичиб, мастлик уйқусига чўмади ва (тушида бўлса керак) самовий буржларнинг ғаройиб бир тарзда учбурчак ҳосил қилганини кўради: “етти юлдуз бир ерда ғуж бўлиб, саккизинчи юлдузни ер эдилар…”.

Қайдларим шу ерга келганида фикрим тамомила чувалашиб кетди, романнинг ўзак маъносидан чалғигандай бўлиб турганимда адабиётшунос олим Раҳимжон Раҳмат ёрдамга келди. Олимнинг китобга ёзган сўнгсўзини қизиқиш билан ўқиб чиқдим.

Олим дейдики, имонни (ўзликни, инсонийликни) бой бериш ҳисобига қўлга киритилган жамики ғалабаларнинг ҳаммаси алал-оқибат ҳалокатга маҳкум. Романдан англашиладиган муҳим хулоса шу. Ўйламай, фикрламай қилган бир хатоси — Муборак зотдан деворини қизғонгани учун то қиёмат қадар дайди ва дарбадарликка маҳкум этилган этикдўзнинг қисмати бугун, не ажабки, жуда кўплар учун идеал мақсадга айланиб бораётир. Яратган эгамга тенглашиш, балки, ундан-да ўтиб кетиш, Олам сарварини ҳайратда қолдириш учун янгидан Бобил минорасини қуришмоқда, янги жонзотлар яратиш устида бир махлуқни иккинчи махлуққа (масалан, бўрини итга), бир мевани иккинчисига чатиштиришмоқда. Яратиб қўйилган ризқ-рўзнинг генетикаси ўзгартирилмоқда. Телевизорда ҳозир айтишди: олимлар сунъий гўшт етиштиришга муяссар бўлишибди. Коммунистик тузум ўз умрини яшаб бўлган бўлса-да, иксзурриётлар ҳақида ўйлаётганлар ҳамон бор. Инсон фаолияти боис, еру осмон, сув ва ҳаво тобора булғаниб, муз тоғлари эриб, мудҳиш “қора туйнуклар” ҳосил бўлаётир, мисли кўрилмаган тўфонлар кўтарилмоқда. Худбинлигимиз космик фазога ҳам етиб борди — у ерда бугун 20 мингдан ортиқ ҳалокат келтирувчи катта-кичик металл парчалари, ахлат уюмлари, турли зарарли чиқиндилар (балким “прокладка”лар ҳам) учиб юрибди. Олимлар уларни йиғиштириб олиш устида бош қотиришмоқда. “Асаларичилик” деган журналда ўқиганман: асалари қиш мавсумида уч-тўрт ой ташқарига учиб чиқмайди, аммо ахлатини яшаётган уя ичига ташлашни ўзига эп кўрмай сабр қилади. Қиш чўзилиб кетса, қорни шишиб, ҳатто ҳалок бўлади ҳам. Одам боласи-чи?

Одам боласи мангуликка, даҳоликка, худоликка давогар бўлиб турибди. Қудуққа тушиб кетган киши ташқарига чиқиб олиши учун, ҳеч бўлмаганда, қудуқ тагини кавламай туриши керак-ку, ахир. Бу оддий ҳақиқатни тушуниб олишимиз учун бизга имкон берилармикин? Вақт бормикин?

Бас, шу ерда қайдларимни тугаллайман. Фақат, битта қўшимча.

Анжир экиб, кўкартирганмисиз? Мен кўкартирганман. Бир киши икки туп кўчат берган эди. Уйимиз олдига экиб қўйдик. Узоқ кутдик. Миқ этмай тураверди. Бир куни биттасининг тагини ковладим — ҳаракат йўқ. Кўчат берган кишига айтдим. “Тегманг, қўл теккизманг, тураверсин, фақат қоғоздан бошига қалпоқ кийизиб қўйинг”, деди у киши. Шундай қилдим. Куз бошларида чақалоқнинг тирноқчасидай барг кўринди, кейин эса улғайиб, иккинчи қаватгача кўтарилиб, то биринчи қаватимизга бир ажнабий тадбиркор кўчиб келгунича тинимсиз мева берди.

Тиёншон ёнбағридаги ғор оғзидан бўрон учириб кетган ўша халоскор анжир — ризқ дарахти осмонда хўб чарх уриб, охири бир жойга тушган бўлса, илдизлари қум билан ёпилиб, биров қўл теккизмаган бўлса япроқ ёза бошлаган бўлиши ҳам мумкин-ку…

Чингиз оға “Оқ кема”ни шундай якунлайди: “Энди шуни айтишим керакки, сенинг гўдак қалбинг нимани нохуш кўрган бўлса, ҳаммасини рад этдинг. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Яшин эса осмонда кукунланиб кетади. Осмон эса абадийдир. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Инсондаги гўдаклик виждони худди уруғдаги илк куртакнинг ўзгинаси — куртаксиз уруғ униб чиқмайди. Биз оламга келмасдан илгариёқ, токи туғилиш ва ўлиш бор экан, ҳақиқат тантана қилиб келмоқда.

Анжир дарахти — инсоннинг ризқи менинг овунчим. У ҳаётнинг ибтидосидаёқ одамнинг уят жойларини яширишдан ор қилмаган ризқ.

Isajon Sulton. Boqiy darbadar. Roman.pdf by Khurshid Davron on Scribd

хдк

(Tashriflar: umumiy 4 686, bugungi 1)

2 izoh

  1. Bu asarni o’qir ekansiz «Boqiy darbadar» kim ekanligiga qiziqa boshlaysiz insonni chuqur o’yga oldiruvchi bu asarni yakunlar ekansiz qaysidir ma’noda o’zimini topamiz. Hayotda bizga hamroh tuyg’lar bizni o’zimizning boshlanishimiz , fikrlarimiz esa hamma ishlarning boshlanishi. Aslida darbadar o’zimiz emasmi?!

Izoh qoldiring