Isajon Sulton. Onaizorim. Qissa

056      Яна баҳор келди. Яна далалар, яйловлар, сен қадам қўйган йўлаклару сўқмоқлар узра чаппар уриб нозланди. Сен ҳам баҳор каби эмасмидинг, онам? Йўқ, сен тупроқ каби эдинг. Бағридан анвойи чечакларни ўстириб юборган ва теваракни гўзаллигу латофатга буркаган, инсонлар учун турли меваларни етиштириб ғарқ пиширган, болаларинг ҳамда яқинларингнинг хоки пойига ясланиб, ўзини инсонлар учун харж айлаб юборган хоксор тупроқ!

067
Исажон СУЛТОН
ОНАИЗОРИМ
Қисса
07

03   Исажон Султон (Султонов Исажон Абдураимович) 1967 йида Фарғона вилояти, Риштон туманининг Авазбой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлагач, турли адабий нашрлар ва ижтимоий соҳаларда фаолият кўрсатган. Адибнинг “Муножот” (1990), “Боқий дарбадар” (2010), “Озод” (2012) каби китоблари нашр этилган. “Боқий дарбадар” романи 2010-йилнинг сара асарлари қаторидан ўрин олган бўлса, “Озод” романи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Энг яхши насрий асар» мукофотига сазовор бўлган (2012).
Адибнинг асарлари инглиз, немис, рус ва турк тилларига таржима қилинган. Хусусан Санкт-Петербургда чоп этиладиган ҳамда дунёнинг Европа, Америка ва Австралия ўлкаларига тарқаладиган “Интеллигент” журнали ёзувчининг “Манзил” ҳикоясини “Странники” номи остида тақдим этган. Молдованинг “Русское поле” адабий журнали “Сувдаги коса” ҳикоясини, Туркиянинг “Kurgan Edebiyat” журнали “Қўриқчи” ҳикоясини турк тилида чоп этган.
Исажон Султон ҳинд мутафаккири Ж. Нерунинг “Ҳиндистон” асарининг Бобур Мирзога бағишланган қисмини, шунингдек, Р. Акутагава, Я. Кавабата, У.Сайфиддин каби адибларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган.

07

Ўлмасой опамнинг азиз хотирасига бағишлайман

Муқаддима

Баҳор тоғларнинг устларидан то нигоҳ етмас олислардаги яйловларгача ястаниб кетган бепоён кенгликларни саноқсиз рангу тус, шаклу қиёфадаги анвойи гул-чечаклар билан безайди, шамоллар қатида исларини, гулчангларини ва уруғларини кўтариб учиб, бошқа ерларга сочади, турли-туман қушлар у ризқлардан чўқиб, сайраб учишади. Гуркираб ўсган буталар бағрида қурту қушлар турлича сасланишади, чигирткалар сакрайди, чумолилар емиш илинжида ҳар ёққа тарқалишади.

Ҳаволарни алмаштирадиган ва табиатни жўштирадиган икки унсур бор бу ерда: шамол ва сув. Шамол куртакларни очади, гулкосаларни тўкади, ерни уйғотади. Сув тупроқ бағрида яшириниб ётган уруғларгача сингиб боради. Шу икковлон тупроқни илҳомлантиради, гўё қулоқ эшитмас, ақл бовар қилмас бир садо ила ҳар нарса бирданига ҳаракатга келади.

Бу ерларда шамоллар сурон солиб эсадилар: кунботардан кунчиқарга, кунчиқардан кунботарга…

Шамол забтида толлар, тутлар, тераклар чайқалади, қамишлар шовуллайди, буғдойзорлар шивирлайди, қовға попилтириқлари момақаймоқ укпарлари билан ҳар ён қўшилиб учади, ёввойи ўтлар атри экинлар ва дарахт гуллари иси билан қўшилиб ҳузурли, ғалати бўй ҳосил қилади.

Биринчи қисм

Қишлоқ томорқалари аро олинган сарғиш гувалак девор устига қуёш чиқмасидан ниначилар қўниб олишган. Улар турли-туман. Масалан, кичкина сариқ ниначи заиф бўлади, тез чарчаб қолади. Қизғиш тусли яна бир тури ҳам бор. Энг каттасини, кўк ранглисини от ниначи деймиз, у сира толиқмайди. Бошқалари тонгги шудрингда намланган қанотини гувалак ёки ердаги кесак устида қуритиб ўтиради, каттаси эса қаноти нам бўлсаям учаверади.

Томорқа адоғида баланд тераклар бўй чўзган. Остларида ўтлар гуркираб ўсган, печаклар оппоқ гуллаб,терак танасига чирмашиб, ҳатто учигача чиқиб кетган.

Раъно деган кўзлари чақнаб-чақнаб турадиган бир қизча мана шу ҳовлида дунёга келган.

У – шиддати, ғайрати ичига сиғмас қизалоқ. Ўзидан катта челакларни кўтариб, даранглатиб юриб қолади. Югуриб тинмайди, гулдор кўйлакларни яхши кўради, аммо ўйинга берилганидан кир қилиб қўяди, “кир бўпти-ку” дейишса, “вой ўлай” деб эгилиб этагини кўтариб қарайди.

Дарахтлар бениҳоя баҳайбат ва ажойиб, шохларидаги қушчалар Раънога анқайиб қарашади. Улкан соялар аро шунақанги тез чопадики! Наъматак буталари оппоқ гуллайди. Шафтоли пушти, ўрик оқиш, гилос қизғиш гул очади. Момақалдироқ гумбирлаб, жала қуйганида барининг гули тўкилиб, сувларда чайқалиб туради, шунда Раъно яланг оёқчалари билан сувларни сочиб ўйнайди.

Қўшни бир қизалоқ ҳам бор, исмиХосият. Хоси деб чақиради Раъно уни.

— Хоси, ўйнайсанми?

— Йўқ, онам иш буюрган.

— У ишни битириб қўйиб, кейин ўйнасак-чи?

— Майли.

Хосиятнинг онаси озғин, баланд бўйли, доим гули ўчган қўйлак кийиб юрадиган аёл.

Биргалашиб ичи қорайиб кетган ўчоқнинг кулини тозалашади. Кейин ариқда энкайиб, қоса-товоқ ювишади. Коса-товоқлар сополдан. Уйда оппоқ чинни идишлар ҳам бор, Хосиятнинг онаси уларни ҳеч кимга ишонмайди. Кундалик ишлатиладиган идиш-товоқларни кўпинча тандирдан ё ўчоқдан кул олиб, ишқаб-ишқаб ювишади. Гоҳо ўтларни юлиб, шу билан ҳам тозалашади.

Икковининг ҳам оёқчалари ингичка, товонлари қорайиб-қорайиб кетган, иккалови ҳам кўзлари чақнаб-чақнаб турадиган ёқимтой қизалоқлар.

Юмушлардан бўшаганларида биргалашиб ўйнашади. Кичкиналикларида қум ўйнашарди. Кейинроқ чўпга бир бўлак матони ип билан ўраб-чирмаб, аёл шаклини бериб, “меҳмон-меҳмон” ўйнайдиган бўлишди. Бу ўйиннинг хусусияти шундаки, гоҳ унисиникига, гоҳ бунисиникига “меҳмон” келиб қолади. Қизалоқлар меҳмонни кутиб олишиб, тўшак солиб ўтирғизишиб ҳол-аҳвол сўрашишади, кейин бир чеккага қозон-ўчоқ осиб, овқат пиширишиб, дастурхонга таом ҳам тортишади. Кейин қизалоқлардан бирини ё онаси чақириб қолади, ё ўзи:

— Вой ўлай, гаплашиб ўтираверганимни қаранг, ишларим қолиб кетяпти-ку, борақолай, – дея уйига “жўнайди”.

Ажаб, беш-олти яшар бу қизгиналарнинг “болалари” ҳам бор, уларни ўзларича койиб-уришишади:

— Бола бўлмай қол, мунча мени куйдирасан? Буюрган ишларимни қилмабсан-ку?

— Хоси, болаларинг нечта?

— Тўртта. Сеники-чи?

— Меникиям тўртта. Йўқ, бешта экан!

Қишлоқ қизгиналарининг ўйинларидан яна нималарни айтса бўлади? Баҳорда биринчи бўлиб тол оч-яшил тусда куртак ёзади. Тол пўстлоғи мўрт, енгил бураб туриб, ичидаги оқиш чивиғини чиқазиб ташлаб, попукли қисмини сочларига қўшиб ўриб олишади, буни толпопук дейдилар. Яшил толпопуклар чиройли кўринади-да. Ўғил болалар эса тол новдасидан сурнай ясаб, чийиллатиб чалиб юришади.

Ўйнаганларида қўшиқлар ҳам айтадилар:

Чумоли чумоли-я,
Майда чумоли-я,
Чумолини уяси,
Дошқозонни куяси,
Алли қиз, балли қиз,
Чиқақолсин Раъно қиз…

 

Қўшиқ айтар эканлар, майса пояларида ўрмалаб юрган чумолилар анграйиб қарашаётгандай туюлади, бундан Раънонинг кулгиси қистайди.

Бундай қўшиқлар кўп, Раъно ҳам анчагинасини ёд билади. Кеч кира бошлаганида дарвозахона олдидан болаларнинг жўр бўлиб айтган чорловлари эшитилади:

Ҳалинчаг-о ҳалинчак,
Уйдан чиқмаган келинчак!..

Ўйнай-ўйнай чарчашгач, бу қўшиқнинг терси айтилади:

Ҳалинчаг-о ҳалинчак,
Уйдан кирмаган келинчак!..

Потирлаб ҳамма уй-уйига тарқалиб кетади…

Шом тушганида кўкда юлдузлар жимирлай бошлайди. Узум токлари орасидан жуда ёруғ ой самога кўтарилади. Ишком остидаги сўрида овқатланиб ўтиришса, тўсатдан ғўнғиллаб дарахт қўнғизи ёки бузоқбоши учиб келиб қолади. Раъно бузоқбошидан қўрқади. Қўнғиз эса ягона шохини кўз-кўзлаб, дастурхонни тирмалайди. Ой янада ҳаволаб, кеча қоронғисида шитирлаётган тераклар учига етганида айвонга қаторасига жой солинади, боши ёстиққа тегиши билан донг қотиб, болаликнинг мусаффо уйқусига чўмади.

Туш ҳам кўрадими? Ҳа, лекин у тушлар эсда қолмаган.

Эсида қолгани – айвоннинг ораси очиқ тахталари, тепадаги вассажуфтлар ва ўша ердан мўралаб турадиган қалдирғоч болалари.

Ҳар ҳолда у жуда одобли ва ақлли қиз бўлиб ўсмоқда эди.

Ҳушёр нигоҳи билан теваракни кузатар эди.

Кишиларнинг бари оппоқ яхтак кийиб, белларини яшил ёки кўк ранг белбоғ билан боғлаб, маҳси-этик кийиб юришади, белбоғларида пичоқлари осиғлиқ туради. У жуда ўткир, айб иш қилса, катталар ўша пичоқ билан шўхроқ ўғил болаларнинг қулоғини кесиб олишлари мумкин. Қизларнинг қулоғини кесишмайди, қизалоқларни фақат хотинлар чимчилаб-койишади.

Дунё жўшиб ётади-да. Баҳорда ҳар нарса жунбишга келиб, теварак бирпасда турли-туман гул-чечакка бурканиб кетади. Ариқчадаги сув ҳам шўх-шодон оқа бошлайди: ранги бўтана тус олиб, у бўтана аро майда шохчалар, ўтларнинг барглари ва гуллари оқиб келади.

Гоҳ-гоҳ уйга бегона кишилар ҳам келишиб, илжайишиб “Ҳой қизча, отингиз нима?” деб сўрашади. Раъно уларга исмини айтгиси келмайди.“Бор-э” деб чопиб кетиб қолса ҳам биров уни койиб-уришмайди, кулиб қўяқолишади.

Ота

Ота баланд бўйли, кенг елкали киши бўлиб, Раъно уни жуда яхши кўради.

“Отанг келганида “Ассалому алайкум” деб, қўлингни кўксингга қўйиб, бурро-бурро қилиб салом берасан, – деб қулоғига қуяди она. – Салом берганингда бақрайиб қараб турмайсан, дарров қайтиб, ишингга уринасан.

Сен қиз боласан, тенгдошларингга салом бермасанг ҳам бўлаверади, лекин катталарга албатта салом берасан.

Катталар сенга салом беришса, алик олмайсан, худди эшитмагандай, шошиб ўзинг салом берасан.

Қизалоғим, ҳар муомиланингўз одоби бор. Меҳмон келса, дарров янги тўшаклардан опкелиб соласан, фотиҳа қилингач, дастурхон ёзасан.

Дастурхонни тескари ёзиб бўлмайди, хафа бўлади, юзимни тескари қилди деб. Келган киши саноғига қараб тўртта, олтита ёки саккизта нон, қанд-қурс, мева-туршак қўясан. Нонни тоқ қўйиб бўлмайди. Нонни тескари қўйсанг, у ҳам дастурхонга ўхшаб хафа бўлади. Меҳмон кутишнинг ўзига хос одоблари бор, қай тарзда ҳол-аҳвол сўрашишу қай тарзда хайрлашишгача аста-секин ўргатаман, аммо уйда ўзимиз ўтирганимизда ҳам одобга риоя қилишинг шарт. Масалан, кечагига ўхшаб сираям тўрга чиқиб кетмайсан, қиз боласан-ку, ахир? Ҳамма ўтирганида сен ош-овқат опкеласан. Кейин, икки оёғингни чапга букиб, одоб билан ўтирасан, ким чой ичкиси келса, пиёлага ярим қилиб қуясан, бармоғингни учи билан тутиб, назокат билан узатасан.

Агар кимдир чойни охиригача ичмасдан қайтиб узатса, билдирмасдан тўкасан, чой қолдиғи устига яна чой қуймайсан.

Чой дамлашниям ўз усуллари бор, чойнак ичи оппоқ бўлиши керак, қайноқ сув билан чайиб ташлаб, кейин қуруқчой соласан. Албатта дам едирасан.

Дастурхонда фотиҳадан олдин ўткир нарса турмаслиги керак. Ўткир нарса дуони кесади деганлари ёлғон, аслида тиғига дам берилгани ёки гўшт кесилгани учун олиб қўй дейилади. Ҳамма дуо қилгач, туриб коса-товоқларни йиғиштирасан, кейин дастурхонни “Савобини дунёдан ўтганларга бағишладим” деб қоқасан. Дастурхон одамлар оёқ ости қилмайдиган жойга қоқилади, увоқлари қурту қушларнинг ризқи бўлади, қурту қуш еса рўзғорга барака киради…”

Жамалаксочгина, шаддодгина Раъно мана шуларни кўра-кўра ўсади.

— Эркак кишиларга тик қарамагин, – дейди она.

— Нега?

— Одобсиз қизча экан дейишмасин-да. Эркак киши келаётганида йўл бўшат, қаққайиб турма. Ёнингга кепқолсаю таниш бўлса, ерга қараб салом бер, нотаниш бўлса гапирмаям, қарамаям.

Ҳовлию кўча супуришни азалдан ўрганиб олган. Ёзда сувлар ҳам сепади. Ҳамма жуда эрта тургани учун саҳарлар онаси “тур, қизалоғим” деганида кўзларини зўрға очади, уйқу жуда ширин. Она ҳаммадан эрта туриб, сув иситиб ҳам қўяди. Лекин Раънога ариқдаги сувда бет ювиш маъқул.

Чунки, жилдираб шўх-шодон оқувчи шу ариқча Раънонинг суҳбатдоши.

— Ариқча, оқяпсанми?

— Ҳа, оқяпман.

— Зўрға турдим, яна ухлаб қолгим келяпти.

— Меҳнат одамни ўлдирмаган, танангда жонинг бор экан, урин, қимирла, ўзингни юмушга ур, – дейди ариқча онасининг овози билан.

Шу тариқа яна бир кун бошланиб кетади.

Гоҳо Хоси иккаласи беҳи остида бир-бирларига сув сочиб чўмилишади. Лекин кунларнинг бирида чўмилишга бориб, беҳи шохига қўниб олган катта бир қушни кўришди. Қушнинг кўзлари сариқ, катта-катта, шохда қимир этмай ўтирарди. Қизалоқлар ҳайиқишиб, ортларига қайтиб кетишди.

— Нимага чўмилмадинг? – дея сўради она.

— Бир қуш бор экан, бақрайиб қараб тураверди, уялдим, – деди қизалоқ.

Она қизини ўзига тортиб, бағрига маҳкам босиб юз-кўзларидан ўпди, “Ишқилиб, омон-эсон катта бўлгин, онанг чўри”, деди сочларини силаб.

* * *

Яна бир чақалоқ туғилди.

У ҳеч нимани билмайдиган, гоҳ ўзича кулимсираб, гоҳ чириллаб йиғлайдиган қизиқ бир жонзот эди.

Онаси юмушга уннаб кетганида гоҳо Раънога “Укангга қараб тур” дер эди. Шунда Раъно қизиқсиниб унинг қўл-бетларини ушлаб кўрарди. Чақалоққа бу ёқмас, ғингширди.

Она аллалари ҳам ўчмас бўлиб ёдига муҳрланди:

Тилимни узуни-ё, алла.
Юзимни қизили-ё, алла,
Юрагимни тафтига-ё
Тандирлар қизийди-ё, алла…

…Отасининг давлати йўқ, алла-ё алла,
Онасининг роҳати йўқ, алла-ё алла…

Сўзларига эътибор берармиди? “Юзимнинг қизиллиги сен туфайли”, дермиди онаси? “Сен бўлмасанг сомондай сарғаярдим, худойим етказганига минг шукр” дермиди? “Тилимнинг дўсту душман орасида узун бўлишиям сендан ахир… Йўқса, орзу-армонларим мўл эди, энди эса юрагимда тафтига тандирлар қизийдиган даражада лаҳча чўғлар бор, жоним болам”, деб куйлармиди алласини онаизор?

Гоҳо хотинлар тўпланиб,чилдирма чалиб қўшиқ ҳам айтар эдилар:

Толеим бўлса эди, ёнган чироқ ўчармиди?

Мен суянган тоғларим ости билан кўчармиди?

Йиғлай-йиғлай тиниқиб, кейин яна чақчақлашиб ўтираверишарди. Қизгина улар кийган кўйлакларга,тақинчоқларга эътибор берар, тезроқ катта бўлгиси, мана шунақа гулдор кўйлаклар кийгиси, тақинчоқлар таққиси келар эди.

Чимчиловчи Ғалати Махлуқ

Бу ерларда шамоллар сурон солиб эсадилар: кунботардан кунчиқарга, кунчиқардан кунботарга…

Уйларнинг омонат томларини кўчириб, хас-хашакларни учириб, тик қадли теракларни чўрт узиб юборадиган мана шу қувватли шамоллар қатида девлар учиб келишарди.

Улар энанинг ёки онанинг эртакларидан пайдо бўлган хаёлий махлуқлар эдилар.

Баъзиларини эса Раънонинг ўзи ўйлаб-яратиб олган эди.

Шулардан бири – ғоят узун бўйли, баҳайбат, бутун вужуди ялтираб, кўзларининг соққаси тинмай айланиб турадиган Чимчиловчи Ғалати Махлуқ бўлиб, ҳамма ухлаган, ой ҳаволаган маҳалда томорқалар орасидан сездирмай чиқиб келар, мабодо ҳеч ким сезмаса, ўйиб-чимчилаб олиши мумкин эди. Пайдо бўлар маконию ғойиб бўлар жойи ҳам ноаниқ, қилар иши фақат Раънони кўрқитишдангина иборат бу махлуқ қайда яшашинию нима еб-ичишини ҳам билиб бўлмасди. Айвонда ётганида, ой ёғдуси нурли чанг сингари теваракни энлаб, сокинликка чўмдирган маҳалда дарахтлару жухоризорлар орасидан чиқиб келаверарди. У махлуқни фақатгина Раъно биларди, холос, бировга айтса кулгига қолишини ўйлаб индамасди. Аслида у Раънонинг тасаввуридагина бор эди, бироқ, қай тарздадир пайдо бўлиб, тепасига келиб ўйиб-чимчилаб олишидан қўрқарди-да.Ўйлаб қараса, шу маҳалгача бирор сўз айтмабди, қилар иши қизчада ваҳима уйғотиш бўлибди, холос.

Айёр Малла Тулки

Шунақа қўрқинчли жонзотлардан яна бири Айёр Малла Тулки бўлиб, у экинзорлар ва дарахтлар орасида пайт пойлаб яшириниб ётар, ёш болалар уйда ёлғиз қолган маҳалида тепасига келиб қитиқлар, кулдира-кулдира ўлдирар эди. Униям яшаш жойи ва нималар қилиб юриши номаълум эди, Бепоён томорқазорлар аро баъзан ёлғиз юрганида, қўралар ва жингуллар орасидан ўша тулки чиқиб келишидан қўрқиб юрди.

Бир куни баланд ўсган, барглари сарғая бошлаган жухорилар орасидаги йўлакдан бораётса, поялар қаттиқ шитирлаб, бир нима отилиб чиқиб келганида қўрққанидан жойида серрайиб қотиб қолди. Жажжи юракчаси қинидан чиққудай дук-дук урар, юзлари музлаб кетгандай эди. Қараса, шу атрофда санқиб юрадиган дайди мушук экан. Мушук ҳам рўпарасидаги қизчага анграйиб қараб тураверди.

— Бо-ор, йўқол! – деди Раъно ва йиғлаб юборди. Ердан кесак олиб отган эди, мушук ура қочди.

Кичкина Сариқ Қизча

У қизчанинг мавжудлигини Раъно ўртоғидан билиб олди.

Сариқ Қизча дарахтларнинг шохларида, қалин ва ғуж ўсган қаровсиз жингулзорларда оёқчасини осилтириб ўтирар, айтишларича, пичоқ ва қалампирдан жуда қўрқар, мабодо ёлғиз болаларга дуч келса, бошини айлантириб узоқ далаю яйловларга адаштиргани олиб кетарди.

Раъно мана шулардан қўрқарди.

Кечалари баъзан ўрнидан туриб, уйқусираганича бориб отасининг бағрига кириб кетар эди. Ота бағри улкан,тинч ва осойишта, у бағирда таърифсиз тинчлик ва фароғат қўйнига чўмар, сал ўтмай пишиллаб ухлаб қолар, уйқудан уйғонганида эса ўзини ўз жойида кўрар, шунда ота, у ухлаб қолгач, авайлаб кўтариб ўрнига олиб кетиб ётқизганига ақли етарди. Отасини шунинг учун ҳам яхши кўрарди, йўқса ота у билан жуда кам гаплашарди, чунки ишидан кеч келарди. Аммо келганида қизгинанинг қалби қувончгатўлиб кетарди, шуни онасига ҳам, отасига ҳам айтолмасди-да. Шамолларда, ёмғирларда она жаврай-жаврай супра ёйиб, хамир қорар, бир ёқда ука чириллаб йиғлаб, бир ёнда она юмушларига улгуролмай саннаганида, онамга ёрдам берақолай деб чопиб бориб кичкина муштчалари билан хамир қораркан, тезроқ отам келақолсайди деб орзу ҳам қилар эди. Ажабки, мана шундай пайтларда ота кириб келса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушар, ишлар ўз-ўзидан енгил битар, отам қандай зўр-а деган ўй мурғак дилига қувонч бахш этарди, “Отам ҳаммадан зўр” дея Хосиятга мақтанар ҳам эди.

* * *

— Ҳа, ариқча, оқяпсанми?

— Оқяпман.

— Отам ҳаммадан зўр-а?

— Ҳа, сенинг отанг ҳаммадан зўр!

Яна бир нималарни гапиришни истардию ичи тўла ҳис-туйғу бўлгани билан тилига сўз келмаётганини ўйлаб, ҳайрон бўларди.

Тунлари олисларда живирлаётган юлдузларга ҳам термилар, улар нима учун бу қадар олисдалигига ақли етмай, қайси бири менинг бахт юлдузим экан, деб ўйлар эди.

Бахт нима ўзи?

Бахт нималигини тузук-қуруқ тасаввур ҳам қила олмасди. Билгани шуки, бир куни улғайиб, чиройли, кўркли қизга айланади, кейин кимгадир турмушга чиқиб, эр-хотин бўлишади, ҳар ҳолда, боласи укасига ўхшаб йиғламайди, ўзиям онасидай жаврамайди, ҳамма ишларни дарров бажариб қўяди, ҳовли топ-тоза, идиш-товоқлар ювилган, ўчоқда ширин овқатлар пиширади, болачасини ухлатиш керак бўлса онасидан ёдлаб олган аллаларини айтади, ҳаёт сира тугамайди, ўзиям сира қаримайди… тасаввури етгани шу эди.

* * *

Улар яна “меҳмон-меҳмон”ўйнар эдилар.

Раъно узун бир чўпни олиб, унга ипдан белбоғ бойлади.

— Бу ким? – деди Хосият ҳайрон бўлиб.

— Отам,– деди Раъно. – Ишдан келди.

— Ҳа, яхши ўтирибсизларми? – дея кириб келди “ота”.

— Шукр. Яхши келяпсизми?

— Ҳаҳ, ишиям қурсин, чарчадим, – деди “ота”. – Чойингдан борми, опкелақол.

— Болангизни яна мазаси бўлмаяпти, – деди она, ўчоқ бошига кетаркан.

— Ия, нима қипти?

— Яна ичи ўтяпти.

— Ҳозир яхши қипқўяман.

Ота “бола”ни қўлига олди.

* * *

— Ҳа, ариқча, оқяпсанми?

— Оқяпман.

— Бугун укам ўлиб қолди.

— Вой, нима бўлди?

— Билмадим… Қўрқиб кетяпман, ариқча.

— Қўрқма…

— Яхши болача эди… Қўлчаларини ўйнатиб, чуғурлаб ётарэди. Илжайиб туриб, чувиллатиб сийиб ҳам қўярди…

— Ҳа, уканг яхши бола эди.

— Онам нима қилади энди?

— Бечорага қийин бўпти.

— Юпатаман деб, “Онажон, хафа бўлманг, яна битта укача туғиб оласиз” десам, роса йиғлади.

— Энди сен унга мадор бўл, хаёлини чалғит.

— Отам-чи?

— Отанг нима қиляпти?

— У ҳам йиғлаяпти. Аммо онамга ўхшаб эмас. Томорқаларни айланиб юради-да, кейин бошини дарахтларга, гувалак деворларга уриб-уриб йиғлайди.

* * *

Укачанинг ўлиб қолгани ёмон бўлса-да, вақт ўтгани сайин у мусибат унутила борди. Қариндош-уруғлар, маҳалланинг чоллари тез-тез кириб туришар эди, кейин камроқ йўқлайдиган бўлишди. Онаизор отанинг енгига осилиб “боламни олдига бораман” деб йиғлар, ота гоҳ уни уришар, гоҳ эса индамай қайларгадир – укачанинг олдига олиб кетар эди.

“Қора ерларда ётаверадими болам?” дея йиғлар эди бояқиш.

Селлар келганида болам қўрқмаяптимикин деб, куз ёмғирларида ётган ери намланиб кетмадимикин деб, қишларда музлаб-совқотмаяптимикин деб йиғларди-да, шўрлик.

— Боламни олдига бораман! – дея хархаша қиларди онаизор.

— Ҳой ақли паст, борганинг билан қўлингдан нима келади?

— Билмайман,бораман!

— …

— Ҳамманинг боласи бор, меники йўқ.

— …

— Ҳамма хотинлар ўсма-хинолар қўйиб, ясаниб юришибди. Мен эса жинниларга ўхшаб тентирайман, ит ҳам қарамайди. Болам бўлганида мен ҳам чиройли бўлардим…

* * *

Кичкина Раъно нима қиларинибилмас эди.

Худо нимага укачани олибқўйди?

“Нимага олиб қўйдинг” дебсўрар эди Худодан.

Худо жавоб бермас эди.

“Онам қийналиб кетди-ку? Отам сўрида бошини эгиб ўтириб қолмоқда-ку? Мен ҳам соғиниб-соғиниб кетяпман-ку?”

— Ариқча, Худо нимага укачамни олиб қўйди?

— Билмадим, ўртоқжон. Унақа нарсаларга менинг ақлим етмайди.

* * *

Баҳор келди.

Она кетмонни олиб, томорқа чопди. Ҳамма ишни отангга ташлаб қўйиб ўтираверишимиз инсофдан бўлмайди, деди у. Томорқалар бир-бирига туташиб кетган, нариги ҳовлиларда ҳам бола-чақаси билан ер чопаётган кишилар кўринар эди. Шунақа ишларни ҳам ўрганиб олақол, вақти келиб керак бўлиб қолади, деди онаизор. Ерни бир ярим кетмон чуқурлигида чопасан. Тагида унумдор қатлами бор, у қорамтирроқ бўлиб ажралиб туради,чопганингда олган тупроғингни ағдариб кетаверасан, шунда унумдор қатлам тепада бўлиб қолади, ана ўшанга уруғ қадалса, ҳосил яхши бўлади.

У оқ рўмол билан бошини бойлаб, оёғига этик кийиб олган эди. Она ёнида баравар ер чопа бошлади.

Кетмон ғувиллаб тушганида эски томирларни тиккасига кесиб юборар, ер остига ин қурган қурту қумурсқалар жонҳолатда ҳар тарафга қочар эдилар. Бўлиниб кетган чувалчанглар тўлғонарди.“Бориб товуқ катагини очиб юбор, бир мазза қилишсин” деди она, кулимсираб. Юзи қип-қизил бўлиб бўғриқиб кетган эди. Раъно чопиб бориб, сим илгагини тушириб, катак эшигини очган эди, товуқлар чопилган ер бўйлаб ёйилиб кетишди.

Қайдандир қушлар ҳам учиб келиб, учиб-қўниб ризқ излай бошлашди.

— Ўлсин-а меҳнати, – деди она, енги билан пешанасининг терини артиб. – Белим қотиб қолди.

Шу тобда у жудаям истарали эди. Раъно қараб туриб, маҳкам қучоқлаб олди.

— Сизни яхши кўриб кетяпман, – деди юзини кўйлагига ишқаб.

— Айланай жоним қизимдан, – деди она ҳам. – Бўлақол, ишимиз кўп.

Шу маҳал онанинг укалари – тоғалар ҳам етиб келишди-да, барчалари биргалашиб кечгача ер чопишди.

Шом маҳали кириб келган ота буни кўриб мамнун бўлди.

— Кечикиб кетяпти деб ташвишланиб юрувдим, яхши кипсизлар, – деди онага. – Бугун ўзим бир ош дамлаб берай сизларга.

Отанинг ош дамлаши қизиқ эди. Раъно унинг гўшт-ёғ қовуришини, туз-намагини тотиб кўришини анграйиб томоша қилди. Ия, отаси ҳам овқат пиширишни билар экан-да? Бир маҳал ош сузилди, жуда ширин бўпти, мақтаб-мақтаб ейишди.

— Овқат еяётган кишиларга маҳтал бўлиб туради, – деди она. – Уни мақтаб-мақтаб ейиш керак.

— Эркишини ўчоқ-қозонга яқинлаштирмайсан, – деди. – Бугун отанг ийиб кетиб, ўзи истаб ош қилиб берди, аммо қозон-ўчоқ хотинларнинг жойи.

Қозон тагида қирмочи қолган, она уни капгир учи билан кўчириб, косага солиб қўйган экан, Раънонинг егиси келди. Қараса, ширин экан, ҳаммасини еб қўйди.

— Қозон қирмочини есанг, тўйингда шамол эсиб, ёмғир ёғади, бошқа емагин, – деди она.

Эртасига жўяк олдилар.

“Қизим, жўяклар тўппа-тўғри қилиб олинади, суғорганингда сув тез оқиб кетмасин ё кўллаб ҳам қолмасин”, деди она. Жўяк олингач, сув очиб келишди. Сув кесакларни ивитиб, эгат ораларини аста-секин тўлдирди. Раъно майда ҳашаротларнинг жон ҳалпида қочишларини томоша қилиб ўтирди.

“Энди бир кун турса селгийди, тупроқ намни эмиб олади, – деди она. – Шундан кейин уруғ қадасак ҳам бўлади”.

Эртасига саҳарлаб туришди. Бодринг уруғи қовун уруғи билан бир хил экан. Тўртбурчак қилиб олинган полларгаэса пиёз, укроп, кашнич экишди.

“Ер чопиш қизиқроқ эди, экин экиш сира қизиқ эмас, бел оғриб қоларкан”, деб ўйлади Раъно. Полларнинг четига она гуллар қадади. Томорқанинг ҳовли билан туташган ерларига райҳон экилди.

“Райҳоннинг бир неча тури бор. Садарайҳон, оқ ва қора райҳон. Оқ деганлари сира оқ эмас, балки жуда оч яшилтоб тусда, баргчалари кичкина, қора ва садарайҳоннинг ҳиди ўткир бўлади”, деди она.

Ота саҳарлаб бозорга бориб, беш-олти туп кўчат олиб келди, уларни сувли чуқурчага солиб қўйишди. Кейин дарахтларни буташга тушди. Раъно отасининг ёнида юрарди.

— Ота, нимага шохларини кесяпсиз?

— Новдаси кўп бўлса, дарахтнинг кучи етмайди, қизим, – деди ота. – Мева қиладиган шохчаларини қолдириб, қолганларини кесиб оламиз.

Кейин кўрсатди:

— Қара, мана шу кесилган жойидан ён новдачалар ўсиб чиқади. Бу дарахт жуда итоаткор, биз қанақа шакл беришни истасак, ўша кўринишга киради. Тикка шохларини атай кесдим, она қизим ҳосил пишганида узиб олишга қийналмасин, деб.

Ота қуруқ шох билан нам шохни кўрсатди:

— Кўряпсанми, қуруғида ҳаёт асари йўқ. Нами эса тирик. Аслида бу дарахтларнинг бари тирик жонзотлар, болам. Дарахт ҳам одамга ўхшаб умр кечиради. Мана, ҳозир сен ҳам кўчат экасан.

— Ота, нимага сиз экмайсиз? – деб сўради у.

— Ой қизим, сендақа ёш болалар экса, барака мўл бўлади, – деди ота.

Шундай қилишди. Раъно кўчатларнинг нам новдасини ушлаб турди, ота эса “бисмилло” деб тупроқ билан илдиз қисмини кўмди. Шиббалаб, сув ҳам қуйдилар.

— Булар – сенинг дарахтларинг, – деди ота. – Ўзинг парвариш қил энди.

Кесилган шохлардан ҳали нам кетмаган, қўлга муздай тегарди. Энди булар қиш келганида ўтин бўлади, деди ота. Болта билан уриб-кесиб саржинлади, саранжомлаб, пўстлоқдан белдамчи ясаб бойлабҳам қўйди. Тўплаб, қўрага босишди.

— Ой қизим, роса меҳнат қилдик, – деди она. – Энди сенга янги гулли кўйлак обераман.

У шодланиб ухлаб қолди.Тушида ой жилмайиб турганмиш, у ҳам гулдор кўйлак кийиб олганмиш…

Иккинчи қисм

Раънонинг бўйи чўзила боргани сайин юмушлар ҳам орта борди. Ёзда ҳосилни тўплаб, иссиқда макка сўталарини қайириш, она билан бирга жухори ўриш, дасталаб бойлаш, илдизларини кўчириб томорқа адоғига тўплаш, қуригач, бостирма остига олиб бориб босиш каби юмушларнинг адоғи кўринмасди. Гоҳо Раъно онасига қўшилиб хамир ҳам қорарди. Хамирга хамиртуруш қўшарди, қўшни – Хосининг онасининг хамиртурушининг мағзи ширин, ўшандан опчиқарди. Вақт шомга яқинлашганида онасига қўшилиб овқат ҳам пиширарди.

Турли ўтинлар ёнганида турли ислар чиқарарди. Тут ўтини сарғиш-қўнғир учқунчалар ҳосил қилиб оч-яшилтоб тусда ёнса, ўрик ўтини шиддатли ёрқин тилларанг аланга ҳосил қиларди. Тера кшохи эса тез ўт олар ва дарровгина ёниб бита қоларди. Раънога ўрик ва тут ўтинининг иси ёқарди.

— Оз масаллиқ билан ширин овқат пиширишни ўрганишинг керак, қизалоғим, – дер эди она, қозонга ёғ солиб, жизиллатиб пиёз ташларкан. – Рўзғорда ҳар доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Тўкин-сочинлик бўлганидаям шу қоидага амал қилишинг шарт. Қара, отанг ҳамма майда-чуйдаларни уйга опкелди. Энди буларни бир ҳафтага етказишинг керак. Гўштни тузлаб, шамолли жойга осасан, шунда у қоқ гўштга айланиб, анча муддат бузилмай туради. Сабзиларни ерга кўмасан, ўрада салқинда турсин, пиёзни эса кўмиб бўлмайди, у “эгам мени экиб қўйди” деб ўйлаб ўсиб кетиши мумкин.

— Вой, шунақа деб ўйлайдими? – деб қиқир-қиқир кулди Раъно, пиёзнинг аҳмоқгарчилигиникўз олдига келтириб.

— Одамнинг қорни озгина нарсага ҳам тўяди. Шунинг учун кўп овқат пишириш шарт эмас. Ҳар пайшанба ва бозор кунлари палов пиширасан. Бошқа кунлари эса мастава, шавла, шўрва, нонпалов пиширсанг ҳам бўлаверади. Манти, чучвара кабилар кўп меҳнат талаб қиладиган нарсалар, уларни аҳён-аҳёнда, кўпинча меҳмон келганидаҳозирлайсан. Тушликка овқат пишириш шарт эмас, ҳамма уйда бўлган кунлари қайнатма ёки қовурма шўрва қилганинг маъқул, шўрвага мўл-кўл пиёз, кўкат соласан. Қовурманинг бир бўлак гўштини сарёғда қовуриб олсанг янаям ширин чиқади. Истасанг, пишишига бир-иккита тухум чақиб юборасан, сабаби – гўшт қиммат, тухум эса арзон нарса, уни сотиб олмасанг ҳам ўз товуқларимиз туғиб турибди, – дея ўгит берди она.

— Шўрвани тўлдириб қуймайсан. Ширин овқат пиширишнинг ўзи бўлмайди, уни чиройли қилиб сузишинг, қилган меҳнатингни кўрсата олишинг ҳам керак-ку.

Кеча қотган нонларни узунасига кесган эдик, эсингдами? Улар қуёшда роса қуриди, ўшаларни шўрвага қўшиб берсанг ҳам нон исроф бўлмайди, ҳам ширин бўлади. Нонни шамолда ё шабадада қолдирма, дастурхонга ўраб, нонқутига солиб қўй. Очиқда қолса, ноннинг сувини шабада қуритиб кетади.

Эна

Эна – қўллари ғадир-будир, ёноқ суяклари туртиб чиқиб турадиган илдам кампир эди.

Энаникида ҳам табиат жўшиб ётар, бир қарич бўш ер йўқ, аммо ҳавлининг тупроғи нимагадир шўрлашган, ёзда оппоқ оқариб ётарди. Эна доим бир хилда тўқ яшил тусли енги узун кўйлак кийиб,тоғанинг яхтагини ёпиниб олар, қизиғи шундаки, саватми-дастурхонми, бошига шундоқ қўйиб олиб кетаверарди. Шу нарсани кейинроқ онасида ҳам кўрди: кузда бепоён далаларга чиқиб, узундан-узоқ тутқаторлар тагида ўсган ўтларни ўришди, бир ғарам бўлгач, она маҳкам бойлади-да, бир зўриқиб бошига кўтариб, илдам кетаверди. Раъно ҳам озгина ўт ғарамини шундай қилиб кўрган эди, оғирлигидан йиқилиб тушгудай бўлди. Буни кўриб она кулди, ҳали ўрганмагансан-да, деди.

Буваси, яъни онаизорнинг отаси анча йил бурун ўтиб кетган, ҳозир тоғалари билан эди. Учта ўғил бирин-кетин етилиб келмоқда, қандай қилиб уйлаб-жойлаб оларканман, дея койинар эди эна. Гоҳо онаси Раънони энага ёрдамга жўнатар ҳам эди.

Энаникидаги ишлар ҳам ўз уйидаги каби эди. Томорқани сувда оқиб кетган уруғлар туфайли ўт босар, уларни юлиб тозалашар, хазонларни тўплаб, супуриб-сидиришар, уй “кўтаришар”, идиш-товоқларни саранжомлашар, фарқи шундаки, у хонадонда сигир-бузоқ ҳам бор эди. У – қўшиқни яхши кўрадиган ола сигир эди, бир нимани хиргойи қилиб турмаса, туёғи билан пақирни даранглатиб тепиб ағдарар, кўпириб турган оппоқ сутнинг бир қисми ерга тўкилар, шунда эна жони ачиб, сигирни уришиб-койирди.

— Ҳаҳ ўл, – дерди. – Сутингни қизғаняпсанми? Ана, бузоғинг эмиб олди-ку, энди мени болаларимгаям бергин-да?

* * *

“Қиз тушмагур, кўйлагинг дарров калта бўпқопти, ўсаверасанми?” дея ҳазиломуз койийдиган бўлди уни онаси.

Гапирадиган қушлару дарахтлар Раънони аллақачон қизиқтирмай қўйган, энди у ҳодисалар ўзининг тасаввури туфайли шундай туюлганини биларди. Беҳи ҳам гапирмас, аммо у билан суҳбатлашганлари Раънонинг эсида эди албатта. Шохчасига чиқиб олиб, шириндан-ширин меваларини егани учун ўзича миннатдор ҳам бўлган эди. Пахта беҳи деб атарди уни Раъно, чунки мевасининг сирти текис йилтироқ бу нав сувли ва жуда мазали бўлиб, нарироқдагиси тош беҳи, қизиғи шундаки, у Раъноларнинг беҳиси эмас, қўшниники бўлиб, болалар шохларига чиқиб меваларини ейишса ҳам у лом-мим демас,жилмайибгина қўяр эди. “Мевали дарахтнинг қўшни томонга эгилган шохи – қўшниники”, дер эдилар.

Болалигида Раънони қўрқитган нарсалар ҳам узоқлашган, жўнлашган, жингул шохларидаги ажиначалар аллақачон ўзлари чиқиб келган хаёлий маконларга жўнаб кетишган, бир маҳаллар қўрққанларини эсласа, уялар ҳам эди. Ажабки, у хаёлий махлуқлар бирон марта ҳам зарар етказмабди, яъни у, ўзи ўйлаб чиқарган нарсаларидан ўзи қўрқибди, холос. Қилич кўтарган қора киши, ўрама тўфонлар, ажинанинг уйи ва шунга ўхшаш болалик тасаввури ҳосилаларининг бари сезилар-сезилмас оддийлашиб, жўнлашиб,олислашиб… борар эди…

* * *

Бир куни она, холасининг касал бўлиб қолганини айтиб, “кўргани бориб келамиз”, деди.
Она тандирда нон ёпиб, сомса пиширди. Сомсага оқ пиёздан тўғрайсан, бироқ гўштини ўзинг чоп, деди. Учбурчак қилиб сомса ясашди. Сомсалар қип-қизариб пишди. Еб кўрса, жуда ширин чиқибди, яна егиси келдию аммо ўзини тийди.
“Ўзингни тиясан-да, болам, – деди она. – Жуда кўп нарсалардан тийилмасанг бўлмайди. Жон қизим, масалан, меҳмонга борсанг, егинг келган нарсалардан ҳам тийиласан. Чунки у одам бисотида борини олдингга қўйган бўлади”.
Кейин она қозон осди, тагига олов ёқиб, тухум аралаш гўшт қовурди.
“У ернинг овқати овқатми, уйникига нима етсин”, деди.
Таомни чинни косага солиб, гулли янги дастурхонга яхшилаб ўрашди. Сўнгра она-бола йўл ёқалаб касалхонага жўнашди.
Хола кўзлари киртайиб, озғин қуруқшоқ бармоқлари билан кўрпани чангаллаб ётган экан. Уларни кўриб хурсанд бўлди, “Мени кўргани жияним кепти” деб суюниб, Раънонинг бетларидан чўлп-чўлп ўпди. Ҳол-аҳвол сўрашишгач:
– Нима дард келақолди сенга? – дея сўради она.
– Билмасам, ичагим буралиб оғрийверди, ўтиб кетар десам, ўтмади. Дўхтирга келсам, ётқизиб қўйди, – деди хола.
– Қанақа дорилар ичяпсан?
– Қайдам, сўрабманми? – дея кулимсиради хола. – Ишқилиб, бир нималар беряпти. Ичяпман, хийла тузукман, шекилли.
– Ранг-рўйинг бинойидай, – деди она. – Сира касалга ўхшамайсан.
Раъно анграйиб қараб турарди. Ахир, холанинг ранг-рўйи сираям бинойидай эмас-ку? Авваллари унинг уйига бир-икки борган эди. Уй битмаган, аммо янги, кўчаси тошлоқ, томорқаси ҳам сариштамас, маккалар пишиб-сарғайиб кетган, ўриб олишга одам йўқдай, ариқ бўйидаги ялпизлар ҳам ўсиб, уруғ солиб юборишган экан. Бу хотин ўшандаям соғ эмас эди.
– Энди хафа бўлмайсан, қизим, чой қўйиб, дастурхон ёзай десам, аҳвол бу, – деди хола Раънога, ўнғайсизланиб, хижолат тортиб.
Уйга қайтаётганларида Раъно онасидан сўради:
– Холам бинойидай эмас-ку, нимага унақа дедингиз?
– Ҳа, анча путурдан кетиб қопсан, дейми? – деди она.
– Гапингизга ишониб қолса-чи? – деди Раъно, чопқиллаб борар экан.
– Одамнинг кўнглини шу икки оғиз ширин гап билан оласан-да, болам. Ҳамма ҳам шу икки оғиз сўзга зор. Айтган гапинг учун биров сендан бир нима сўрармиди, бор-йўғи, оғзингни бир четидан чиқадиган нафас, холос.
“Одамнинг кўнглини олиш учун ёлғон гапирса ҳам бўлаверармикин?”, деб ўйлади Раъно.
Энди у одамларнинг тутумларига диққат қила бошлаган эди. Бировнинг уйига борилса, дарвозадан ўтилади, аммо ичкарига кирилмайди. Дарвозахонадан туриб овоз бериб чақирилади. Келгувчи эркак бўлса, унга эркак киши пешвоз чиқади, уйда эркак йўқ бўлса, майда ўғил болалар чиқиши мумкин. Майда болалар ҳам йўқ бўлгандагина аёл чиқа олади, шундаям юзининг бир четини тўсиб туриб гапиради.
Келганлару кетганларнинг бари билан ширин муомала қилинади. Касал киши эркак бўлса “сира касалга ўхшамайсиз” деб, хотин киши бўлса “бир чиройли юрипсиз-ку” дея, касали оғирроқ бўлса “тезда тузалиб кетасиз, фалончи ҳам шунақа ётган эди, бир неча кунда оёққа туриб кетиб, ҳозир туппа-тузук юрибди” деб мисол ҳам келтириб қўйилади, хулласки, бир илож қилиб муҳтож одамнинг кўнглини кўтариш керак бўлади.
Одамнинг кўнглини синдириш гуноҳи азим, болам. Ҳатто шунчаларки, айтайлик, ким биландир гаплашиб турибсан, бошқа биров чақириб қолди дейлик. Биринчи кишига кескин қилиб “Сиз кутиб туринг, мен ҳозир…” демайсан, балки “Ҳозир-а…” дея, овозингни оҳанги билан ҳам ноқулай вазиятга тушганингнию шундан ўнғайсизланганингни ҳам билдириб қўясан.
“Баъзан “Ҳа” деган гапнинг маъноси “Йўқ” бўлади, баъзан эса “Йўқ” деганининг маъноси “Ҳа” ҳам бўлиши мумкин”, деди онаизор ва мисол келтирди. Эркакларнинг “Ҳа” дейиши билан хотинларнинг “Ҳа”си ўртасида анчагина фарқ бор. Эркак кишига ҳеч қачон “Ҳа” демайсан. Кун келиб оила қурарсан, қандайдир иш буюрса, индамай бажараверасан, нимадир сўрашса жавоб берасан, бўлмаса йўқ. Бирор жойга чақиришса, “Қани, кўрармиз” дейсан, йўқса сени меҳмонга чақирганлар “Ўл-а, кўзи учиб турган экан, дарров рози бўлди”, дейишлари мумкин. Билиб қўй, ҳамма сўзларнинг маънолари аслидагидай бўлавермайди. Айтдим-ку, одамнинг кўнглини синдириш гуноҳи азим деб. Масалан, кимдир қарз сўраб келди дейлик, ўшанда ҳам узил-кесил “йўқ” демайсан. “Бировда бироз пулим борийди, ўша қайтариб бериб қолса, майли”, дегандай жавоб қилинади, шу билан қарз берилишини ўша кимгадир боғлиқ қилиб қўйилади. Қолаверса, уйда пулинг йўқ бўлсаям бордай, зориққанимиз йўқ дегандай тасаввур ҳосил бўлсин. Билиб қўй, уйд
аги гапни кўчага чиқармайсан. Зориқиб ўлаёзган бўлсанг ҳам, ўзингни тўқ кўрсатасан. Янги оҳорли кийимларингни кўчага киясан, меҳмонхона билан уй ташқарисини чиройли қилиб бўяйсан. Энг қимматли, оҳорли дастурхонингни меҳмонга ишлатасан. Ўзингни қорнинг бир бурда нонга ҳам тўяди, токи келган киши хурсанд бўлиб кетақолсин. Ҳамма шунақа қилади, сен ҳам шундан ўтиб қайга борардинг?”
– Нега энг ширин нарсаларни ўзимиз емаймиз?
– Чунки меҳмон ҳаммасидан улуғ, болам. Меҳмон сенда йўқ нарсани сенга бериб кетади.
– Нима у?
– Меҳмон дуо қилади. Дуо кўзга кўринмас шаклда кўк тоқига кўтарилади. Фаришталар ҳам дуо қиладилар. Ўша ерда катта бир хазина ҳосил бўлади. Бир куни ўша ерга борганингда хазинангни кўрасан. Ширин таомингни бир ўзинг пишириб есанг маза қиласан, аммо қанчадир вақт ўтиб, яна қорнинг очқайди. Меҳмонга берганинг ўзингники, еганинг ерники, болам.
Раъно бу гапга чиппа-чин ишонди, боз устига, она айтдими, демак, албатта риоя қилиш керак. Керакмасдай ёки ҳатто зарарлидай туюлаётган қанча нарсалар бор, уларни Раъно фақат она айтгани учунгина бажарарди-ку? Масалан, ҳар куни тонг саҳарда туриб, кўча супуришни кимга кераги бор? Кўча чиннидай қилиб супурилиши, кейин сув ҳам сепилиши керак, токи саҳарлаб кўчадан ўтган кишилар дуо қилиб алқаб кетсинлар. Супуриндини тандирга ташлаш керак, хас-чўплар шунда ёниб кулга айланади. У кулни олиб идиш-товоқ ювишга ишлатса ҳам бўлаверади.
Томорқа ишлари ҳам бирдай давом этарди. Яна дала тозалаш, ғириллаб эсган шабадалар, чайқалган тераклар, қуруқшаган поялар.
– Макка пояси ширин бўларкан, шимийсанми? – деди Хоси.
– Йўғ-э, пўсти тилингни қирқиб юборади-ку?
– Эҳтиёт бўлиб шимасан, – деди Хоси.
Шундай қилдилар. Ҳақиқатан ҳам поя ичидаги сув мазали экан.
– Лекин жўхори поясининг суви ундан ҳам ширинроқ, – деди Раъно.
– Жуда қизиқ қизлармиз-да, – деб кулди Хоси. – Тентираб юриб-юриб, бир нималарни топиб еганимизга ҳайронман.
Пўкаклар ҳам ширин бўларкан. Теградаги дарахтларнинг танасида сирач каби ғалати елимсимон ғуддалар бўлар эди. Шуларни ҳам мазасини тотиб кўришди. Ўрикнинг елими ширин экан, буни билиб қолган она “Лекин шафтолининг елимини еб бўлмайди, жинни бўлиб қоласан”, дея уришди. Беҳиникини ҳам еб бўлмайди. “Аммо беҳи донаси ўтлар орасига тушиб чирийди, ҳолва каби жигарранг тус олади, ўшани яласанг жуда мазали бўлади”, деди Хоси.
Булутлар ўз-ўзидан сурилиб келар, майда ёмғир томчилари теваракни шитирларга тўлдириб юборар, булутларнинг пайдо бўлишларига ва ўтиб қайга кетишларига ҳам қизиқар эди-да.
Дунё қайдан бошланиб, қайда тугашини билгиси келарди.
– Ҳўв тоғларнинг ортида ҳам одамлар бормикин?
– У ёқда одамлар яшамайди, – дерди Хоси. – У ёқда девлар, аждарлар яшайди. Одамлар фақат биз томонда, холос.
– Яшаса ҳам бошқача одамлар бўлса керак, қоп-қора, юзи кўк, – деди Раъно.– Йўқ, у ёқларда лўлилар яшайди. Лўлилар келганида уйга кириб яшириниб олиш керак, бўлмаса опкетиб қолишади.
– Э, бизга нима, – деди Хоси.
– Телевизор кўрдингми? – деб сўради у.
– Отам рухсат бермайди, – деб жавоб қилди Раъно. – Атай бузиб қўйган. Лекин аввал бир-икки кўрганман. Ғалати кишиларни кўрсатади-ку? Кулишади, беўхшов гаплар гапиришади… ўзимизни одамларга сира ўхшашмайди.

Учинчи қисм

Хола тузалиб қолган экан, дастурхонига янги ёпган нонларидан ўраб, уларни кўргани келди.
– Қошингни қораси ювса кетарми? – деди уни қучиб. – Айланай сендан, кўз тегмасин, мунча чиройли бўлмасанг, ўлгур? Қалдирғочни қаноти-я, менга бермайсанми?
– Бермайман, – деди Раъно, кулиб.
– Қизғанасанми, а, қизғанасанми? – деди хола. – Унда билиб ол, менинг қошим сеникидан чандон қуюқ, қоп-қора эди.
– Унда қани ўша мақтаган қошларингиз?
– Болаларимга бўлиб бердим-да, – деди хола. – Бешта болани ҳар бирига бўлиб берсам, ўзимга нимаям қоларди?

* * *

– Боққа кирсам, бир олма роса қизариб пишибди, – деди она кулиб. – Бозорга олиб чиқиб сотиб юборақолсаммикин?
Ҳақиқатан ҳам боғнинг олмаси бир тарафи тарам-тарам қизғиш, бошқа тарафи оч-яшил бўлиб етилган, яқинига борса, бошни айлантирар ширин исиям гуркираб турарди.
Раъно энди айтилган гапнинг тагида бошқа гап бўлишини билиб олган эди.
– Сотиб нима қиласиз, – деди ғаши келиб. – Зарари тегяптими, бечорани?
– Вой, нимага зарари тегар экан? – деди она. – Мева етилса, узиб эгасига берасан-да! Ерга тўп этиб тушсинми бўлмаса?
– Тушса тушаверсин, – деди Раъно, зарда қилиб.
– Қўярмидим? – деб кулди она. – Халқни кўзига катта тўй қиламиз ҳали.
– Халқингиз билан нима ишим бор? – дея лаб бурди Раъно.
– Бекор айтибсан, билсанг, боринг ҳам, йўғинг ҳам шу эл, – деди она.
Шу эл сенга қиймат берса, қадринг ошади, қиймат бермаса, моховдан баттар бўлиб қоласан.
– Тўй қилсанг ҳам шу элга қиласан, бўлмаса кимгаям қилардинг?
Маросиминг бўлса ҳам шу халқ келиб қарайди.
Юкингни кўтаради, шодлигингга шерик бўлади, мусибатингни аритади.
Ўзингни юртингда ҳамма сенга қавму қариндош, ҳамма сенга жигар.
Бирор бегона жойга бориб кўр-чи, биров сенга “кел” дермикин?
Биров иккита нон кўтариб чиқармикин, тўй-тўйчиғида худди ўзингникидай ўйнаб-кулиб ўтира олармикинсан?

* * *

Ота хасталаниб ётиб қолди.
Куз келган эди. Беҳининг япроқлари олтин ранг олган, терак қирмизи тилларанг, ўтларнинг узун барглари тубидан оч-яшилтоб сарғайган, ариқ суви яшил тус олган эди. Ҳавода мезонлар уча бошлади. Эрталаблари ўтлоқлар шудрингдан жиққа ҳўл бўларди, экинзорларнинг кулранг тупроғи намдан қорайиб қоларди.
– Нима бўлди сизга? – деди она.
– Билмадим, – деди ота иҳраб. – Шу, биқиним санчийди. Анчадан бери санчиб-санчиб қўярди, ўтиб кетар деб юраверибман, энди кучайиб кетди.
– Вой ўлмасам, нима қиламиз?
– Мақсуд дўхтирни чақирақол, – деди ота.
Она қўшниникига чиқиб кетди. У ердан “Мақсуд дўхтирникига бориб келинг, болам, акангизни мазаси қочиб қолди”, дегани эшитилди.
Раъно отасининг ёнида не қиларини билмай ўтирарди. Бир нима деб кўнглини кўтаргиси келарди, ўйлаб туриб-туриб, ахийри:
– Чой дамлаб келайми, ота? – деб сўради.
Отанинг атрофи тиришларга тўла кўзида илиқ ифода пайдо бўлди.
“Жоним қизим”, деди овози алланечук ўзгариб. Яна бир нималар демоқчи бўлиб жим қолди, ўйлари кўзларидан билинар эди. Ҳар ҳолда, суйиб-алқаб анча гаплар айтгиси келган бўлиши мумкин. Кейин қийналиброқ бир ютинди-да:
– Майли, қизим, – деди.
Раъно отанинг айта олмаган гапларини тушунгандай эди. Ўша маҳалда нималар дегиси келган экан улкан гавдали барваста бу кишининг? Қалб сезиб-туғён кўтарар, ўзини ота бағрига отгиси, тўйиб-тўйиб юзларини ишқагиси, яна аллақанча номаълум истаклар бор ва ҳаммаси қизнинг отага улкан меҳридан бино бўлмоқда эди.
Лекин, ота ҳам бир нима демади, қиз ҳам.
Раъно айвонга борди-да, чой дамлашга тутинди.

Тўртинчи қисм

Бу ерларда шамоллар сурон солиб эсаверадилар: кунботардан кунчиқарга, кунчиқардан кунботарга…
Раъно ўн олтига тўлди.
Ишлар, юмушлар бир зайлда давом этар эди.
Она кўчага камроқ чиқишини тайинлади. Энди у ариқдан сув олгани ёки эрталаблари кўча супургани чиқарди, холос. Шу ўтган бир неча йил ичида деворнинг сувоғи анчайин шўрлашди, уваланиб кўчиб тушди, бир-икки жойида синчлари ҳам хиёл кўриниб қолди. Уваланган жойдан тушган тупроқни ҳам супуриб, тўплаб олар эди Раъно. Вассаларнинг кўчага чиққан тарафи қорайиб, ёрилиб-ёрилиб кетибди.
Шу ўтган бир неча йил ичида теваракда ҳам, кишиларда ҳам анча-мунча ўзгаришлар содир бўлди. У билган дарахтлар қувватга кириб мева тугди, баъзилари қартайди, масалан, этакдаги шафтоли бир тутам бўлиб қолди, шохлари қорайиб, бужури кўпайди, япроқлари ожиз, шу ҳолида ҳам аччиқ-тирсиқ мева солмоққа тиришар эди. Ота ҳам анча букчайди, юзидаги, бўйнидаги тиришлари кўпайди, она эса нимагадир тўлишиб, эт олди. Бир маҳаллар бежирим ва чиройли юзи кўпчигандай туюларди. Раъно эса янада дуркунлашди, сочлари ҳам қошлари каби қалин, қоп-қора, узун эди. Гоҳ ўзини ойнага солиб диққат билан разм соларкан, ҳуснидан кўнгли тўлмас, гоҳ юзи, гоҳ бурни, гоҳ қулоғи ўзига ёқмас ва ойнадан шарт бурилиб кетиб ҳам қоларди.
Ҳар ҳолда, сўраб-суриштирадиганлар кўпайиб қолган шекилли, она Раънодан мутлақ озодаликни талаб қила бошлади. Ҳовлининг кўз тушмайдиган энг чеккасида бўлса-да, бир хас қолмасин деди. Ҳаммаёқ озода бўлиши шарт. Қилмайман, деди тўрсайиб Раъно. Ўлсин, келадиган совчиларга ёқаман деб шунақа қиламанми? Озода бўлмасанг менга маломат опкеласан, қиз тушмагур, деди она. Сени биров маломат қилмайди, онаси тарбияламапти-да, дейдилар.
Келган-кетган кўп эди. Ниҳоят, бир куни она Раънога гап очди. Фалончининг бир ўғли бормиш. Келишган, ақлли, оғир-босиқмиш. Оиласи ҳам камсуқум, аммо топган-тутгани ўзларига бемалол етадиган бир рўзғор эгаси эканлар. Биттагина ўғилмиш, авлод-аждоди ҳам тузук одамлар ўтишган экан. Шулар сенга оғиз солишяпти, деди.
Отанг ҳам розидай, деди она.
Отанг кўча-кўйда таниш-билишларидан сўрабди, мен ҳам, амма-холаларинг ҳам “Қанақа йигит экан”, деб суриштирдик. Ҳамманинг бошидаги қисмат сенга ҳам етиб келди, хўп десанг, тайёргарчиликларимизни кўраверсак?
Раъно не деярини билмас эди.
Бир томондан мана шу эскигина, аммо озода-саришта ҳовлисидан сира кетгиси келмаса, бошқа томондан, ашёлари ловуллаб турган янги хонадон, келинларнинг оҳори мўл либослари, қошларига ўсмалар қўйиб юришлари қизиқтирар ҳам эди. Она айтган тутумларнинг биронтаси бу вазиятга мос келмаётган, “ҳа” деса ҳам, “йўқ” деса ҳам бўлмайдиган бир ҳолат ўртага чиққан эди.
Қолаверса, отаси “маъқул” дебдими, демак, ҳақиқатан ҳам яхши инсонлар бўлса керак, дея ўйларди. Ота сира адашмаган, ҳамма нарсани биладиган қудратли ва ғоят ақлли зот, модомики шундай деган бўлса, ортиқча гап-сўзга сира ҳожат йўқдай эди.

* * *

– Ариқча, оқяпсанми?
– Ҳа, қизгина, оқяпман.
– Отам эрга бераман деяпти, нима қилсам экан?
– Ҳамманинг бошида бор бир қисмат-да, кўнмай қайга борардинг?
– Қайдам… Қандай одам экан, қанақа хонадон бўлар экан, ўйлаб ўйимга етолмайман.
– Ташвиш қилма, Худо сендай қизни яратади-ю бахтингни бермайдими? Худо хоҳласа, ажойиб ҳаёт кечирасан, бир этак болаларинг ҳам бўлади.

* * *

Совчилар яна келишди. Энди уларга бериладиган жавоб аниқ эди.
– Саҳар келиб кўчангизни супуриб кетай десам, замон бошқа, аммо шу қизингиз учун йил бўйи ҳар куни супуришгаям розиман, – дея авради куёвнинг аммаси, семиз хотин.
Ўз амма-холалари ҳам шунда эдилар.
– Сиздай хушмуомала, ҳар нарсани ўйлаб иш тутадиган оилага бермасак, кимгаям берардик, – деди она. – Қошимни остида, кипригимни устида авайлаб ўстирган қизимга ўзимдан ҳам афзал она бўласиз-ку, сизниям, авлод-аждодингизни ҳам яхши биламан.
Бу бир ишора, замирида ўксикроқ ҳайиқиш сезилар, яъни, беришга берармизу аммо шунча йил заҳматлар билан катта қилган қизимга ўз болангиздай қарармикансиз деган илғар-илғанмас бир ўтинч ҳам бор эди.
Нон синдирилди, оқлик берилди. Келганларнинг эркакларига белбоғ, аёлларига рўмол, дастурхонларига нон ва қанд-қурс солинди. Совчилар хушҳол, юз-кўзлари севинчу мамнуниятдан порлаб, хайр-хўшлашиб жўнашди.
“Худо хоҳласа, энди қариндош бўлдик”, дейишди кетар олдидан.
“Оқлик ҳам берилди, энди бу ёғи тўй, қиз ўлгур”, деди холаси, Раънони биқинини чимдиб, севиб-суйиб.
“Ҳой қиз, энди кўчага чиққанингда қариндош-уруғларидан биронтаси ўтиб қолса қочгин, – деди она. – Йўлинг ўша томонга тушса, у кўчадан юрмагин.
Гапиришса гапирмайсан, кўришаман десаю қочгани иложинг қолмаса, ерга қараб турасан.
Элнинг кўзи сенда бўлади, буларнинг бари сенинг ҳаё-одобингни кўрсатадиган нарсалар, ҳушёр бўласан”.
Қўни-қўшнилар – кенг-мўл гулдор кўйлак кийган шаддод-шаддод хотинлар кўрпа-тўшак қавигани чиқишди.
Қоқ ерга каттакон палос солинди. Қўшнилар у ёқ-бу ёқдан гаплашиб, тўшак қавир эдилар.
– Қиз тушмагур, чой-пой дамлаб келсанг-чи, сенга кўрпа қавиймиз деб белларимиз қотиб кетди-ку, – деб ҳам қўйишарди.
– Керак бўлса ўзингиз дамлаб олаверинг, – дер эди Раъно.
– Зарда қилмай қол, – деб кулар эдилар қўшнилар.
Раъно одамлар кўзидан ҳам қочар бўлди. Чунки нафақат тенг-тўшлари, ҳатто кичкина болалар ҳам “Келин! Келин!” дея мазахлар эдилар.

* * *

Икки кундан кейин ўша кишилар, ёнларига яна бир-икки одам қўшилиб, қопларда гуруч, сабзи, саватда янги ёпилган патирлар, ширинликлар, келинга сидирға кўйлаклар олиб, оқ кийгани келишди.
Раъно уйдан чиқмай ўтирарди. Келгувчилар бир нималарни гаплашиб, кўпроқ ҳазиллашиб ўтиришди. Бугун саҳарлаб она ва хола тандирга сомса ёпиб, қатламалар пиширишган эди, келгувчиларнинг дастурхонига шу қатлама-сомсалардан солиб қайтаришди. Улар олиб кетган патирлару қанд-қурсларни қўшниларга тарқатиб чиқишди.
Яна бир неча кун ўтгач, “қозон оши” бўлди. Куёв томондан уч киши аравада иккита қўй, битта нимта, ёғ, икки қоп ун, гуруч ва сабзавотларгача опкелишди.
– Ана, сени сотиб бой бўлдик, – деб кулди она.
Қўйлар бостирмага бойланди, нимтадан эса шўрва ташлаб қўйишди, нонлар ёпилиб, юпқа пиширилди. Келгувчиларга тўн, белбоғ, яхтак, аёлларига қора чийбахмал ё банорас тўн берилди.
– Куёвимизга ҳам зиёфат юборсак арзир? – деди хола. У учун атай тикилган “майса беқасам” тўн, хонатлас қора белбоғ, қўй тўши пиширилиб, товоқда пистаю бодомлар билан бериб юборилди.
Тўй куни ҳам шу бугун белгиланақолди.
Тўйдан бир кун аввал “нон-патир” маросими бўлди. Юзталаб нон ёпилди, қатламалар пиширилди. Халққа “бугун фалончиникида “нон-патир”, эртага тўй” деб маълум қилинди.
Куёв томон яна иккита қўй, қопда ун-гуруч келтириб, никоҳ ўқилади деб, маълум қилиб кетишди.
Кечга яқин мулла келди. Куёв ўртоғи билан банорас тўнини ёпиниб келиб турган эди. Ичкари уйга кирилди. Куёв юқорироққа, Раъно эса пойгак томонга ўтирди. Орага бир коса ширин сув қўйилди, мулла бува ҳар икки томондан розиликларини сўради, куёв биринчи сўрашдаёқ “Ҳа” деб жавоб қилди, Раънодан сўралганида эса лом-мим демай ўтираверди. “Сукут – аломати ризо” деди мулла бува, дўриллаб. Хуллас, никоҳ ўқилди, ўртадаги никоҳ сувидан икковларига ҳам ичирилди.
Никоҳ ўқилаётган маҳал куёв устидан гуруч сепилиб, учи тугилмаган узун оқ ип ўтказилган игна билан тўнининг елка қисмидан тинимсиз тикиб туришди, умр йўллари шундайин оқ, шундайин узун бўлсин, дея.
Маҳр айтилди.
Кечга яқин Раънонинг тенг-тўшлари келишди. Зардўз сўзаналар, рўмолу рўмолчаларнинг учлари бойланиб, уй теграсига қаторасига осилди, куёвбола ўтирадиган жойга энг чиройли, энг нафис сўзана бойланди.
Бир маҳал “куёвнавкар келди” деган хабар таралди. Ҳамма шошиб қолди. Чилдирма дўп-дўпию карнай-сурнай садоси остида куёвнавкарлар ҳовлига кириб келишди, ишкомлар тагида туриб олиб, қуюндай бўлиб ўйнашди.
Куёвнавкар кирадиган уй остонасига туриб олган амма-холалар “Ҳо-о, кириб бўпсизлар, қани тўнгак пули?” деб туриб олишган эди, аммо йигитларнинг эпчилроқлари уларни елкалари билан суриб, ичкарига кириб кетишди.
Куёв зиёфати тезда ниҳоя топди. Куёв куёвнавкарлар даврасида тўн ёпиниб келиб, тўн ёпинганича чиқиб кетди. Раъно бу маҳал қўшнининг уйида эди, уни ўз уйига қайтиб олиб чиқдилар, исириқ тутатдилар, сочларига оқ пахтадан узун пиликлар бойлаб ўрдилар, оқ сурп кўйлак, маҳси-кавуш кийдириб, паранжи ёпинтиришиб, ота оёғига бош урдирдилар.

Ёр-ёрлар шунда авж олди.
Оқ милтиғ-о қора милтиқ отган отам…

Қолганлар жўр бўлишди:
Ёр ёр-о, отган отам…

Қиз уйидаги ёр-ёр садолари ишкомлар, томорқалар, тераклар узра қалқа-қалқа ҳаволанаверди:

Ўз қизини-ё бегонага сотган отам,
Ёр ёр-о, сотган отам…
Ажабки, бу ғалати ёр-ёрни айтаётганларнинг бари шод, бари хуррам эдилар:

Ўз қизини ўрнига-ё бодом эксин,
Бодом шохи титраса-ё болам десин…
Ёр-ёр-о, болам десин…

Дарвозахонага яқинроқда тўпланган эркаклар, қий-чув солаётган хотинлар, қувалашиб ўйнаб юрган майда болалар узра ёйилаверди тўй ёр-ёри:

Узун-узун арғамчи-ё, ҳалинчакка,
Оппоқ кўйлак ярашади келинчакка,
Оппоқ кўйлак енгига-ё тут қоқайлик,
Куёв бола бағрига-ё ўт ёқайлик.

Раъно ота оёқларини қучоқлаб, бошини уриб йиғлади, кетмайман деб дод солди. Ота кўзлари жиққа ёшга тўлиб, овози титраб, ҳўнграмоқдан бери бўлиб “Жоним болам, илоё, борган жойингда униб-ўсгин” деб дуо берди.
Шу тариқа, мана шу хонадонда чопқиллаб-чопқиллаб ўсган, юмушларини сира оғринмай адо этган, бўйи етган сайин эси кириб, ҳаммаёқни саранжом-саришталаган, аммо тақдир чархпалагининг бир айланишида шу қадрдон ҳовлисидан бошқа бир хонадонга тош каби отилиб кетаётган Раъно қизни ота уйидан олиб чиқдилар.
Борар жойингда тошдай бўлгин, дея дуо қилишди амма-холалар. Тошдай тушгину тошдай қолгин, қизгина.
Келин кетаркан, шўрлик онаизори ҳам қизининг сеп-суруғини, бўхчаларини кўтариб, орқасидан жўнади.
Боргунча ёр-ёр айтиб борилди. Гуриллаб ёнаётган олов атрофини уч айлангач, амма-холалар қизни келин уйига олиб киришди. Куёвнинг амма-холаси шу ерда экан, улар қаттиқ-қаттиқ гаплашишар, шарақлаб кулар эдилар. Раънога қатиққа шакар қўшиб ичиришди. Уй деворларининг шифтга яқин қисмига узун чилвирлар тортилиб, келиннинг сеплари осиб безатилди. Рўмоллари, кўйлаклари, дастурхону сочиқларигача осилди, чимилдиқ тутилди.
Ташқарида эски матолардан тўпчалар ясалиб, мойга ботириб осиб қўйилган эди, ўшалар ёқилгач, ҳовли чароғон бўлиб кетди. Тўй кўргани келганлар, бола-чақа, хуллас, ҳамма ўйин-кулги қилаверди.
Аста-аста эсиб турган шамол кечга яқин бирдан кучайди, кунботардан қора булутларни ҳайдаб олиб келди, тўсатдан шаррос жала қуйди. Шунда онаизорининг “Қозоннинг қирмочини емагин-а, қизим, тўйингда ёмғир ёғади” деганлари эсига тушди, “Вой, тавба қилдим, рост экан-да” дея ҳайратланди.
Ичкари келин билан бирга келган қизларга тўла эди. Катта ёшли аёллар келишмаган, даврада фақат ёш қиз-жувонлар эди. Улар уй ясатишди. Дастурхон ёзилди, еб-ичиб, ўйин-кулги қилиб ўтиришди.
Ташқаридаги ўйин-кулги тугагач, кетган кетиб, қолган қолаверди. Эрталаб ҳамма ўз уйи­га жўнади. Онаизор чойнак-пиёла, идиш-товоқларини олиб, хотинлар билан етиб келди, “юз очар” бўлди.
Оқ сурп мато билан Раънонинг юзини ёпдилар. “Келяпти, қайнонаси келяпти”, дейишди хотинлар. Бир маҳал қайнона қўлида супрасию уни билан кириб келди. Супрани ўртага ёйдилар, Раънога “Унни хамир қоргандай қилиб ғижимланг”, дейишди. Раъно чўнқайиб ўтириб, шундай қилди. “Маҳкам-маҳкам ғижимлайверинг, қизим, қўлингиз хамирдан чиқмасин, баракали бўлсин”, дейишди. Шундан кейин амма-холаси икки қўлтиғидан тутиб ташқарига опчиқишди, ўчоққа ўт ёқишиб, идишдаги ёғни уч марта оз-оздан қуйдиришди. “Қозонинг доим ёғли бўлсин, муҳтожлик кўрмагин”, дейишди.
Шундан сўнг куёв тарафнинг ёш болаларидан бири илжайиб туриб, мевали дарахтдан синдириб олинган кичкина чўп билан келиннинг юзидаги сурпни юлқаб олди. “Ҳой бола, олиб бориб онангга бер, сенгаям шунақа келин насиб қилсин” дейишган эди, бола уялиб, қочиб кетди.
“Юз очар” маросими мана шундай бўлиб ўтди.
Раънони ичкарига қайтиб опкиришди. Чимилдиқ кўтарилди, куёв томон келинга атаган нарсаларини олиб кира бошлашди: биров палос, биров гилам, бирови тўп мато кўтариб олган эди. Кирганларга тўн, белбоғ, сочиқ, қарироқларига тўшак-болишлар берилди.
Шундан сўнг ҳамма кетиб, янга қолди.
Шундан сўнг куёв кирар бўлди.
“Куёв бола кириб келганида бурчакда кутиб турасан, эгилиб уч марта салом берасан”, деб тайинлашди унга.
Тайинловлар мўл эди. Холалар гоҳ “қоғозга ўраб”, гоҳ очиқчасига шаддодлик билан ҳамма гапни айтиб бўлишган, айтгани бошқа гап қолдиришмаган эди.
Шу билан ҳаммаси поёнига етди. Раъно қиз – кеча ўз уйининг йўлакларида потирлаб, жайрондай чопиб юрган ўша қизалоқ бугун ойдай келин бўлди.
Шу бир куннинг ичида жуда кўп воқеалар қаторасига рўй берди.
Бу элда шамоллар сурон солиб эсадилар демаганмидик?
Эҳ-ҳе, шамол роса эсди, тўпчироқлар ёна-ёна ўчиб қолди, келин-куёв ётган уйнинг даҳлизида янгалар бор эдилар, айниқса биттаси жуда барваста ва шаддод экан, ўғри мушук тугул, чивинни ҳам яқинлаштирмади. Ҳушёр экан, тиқ этган товушга қулоқ солиб ётди. Жим ётиш ўрнига бир нималарни пичирлаб дуо ўқиб ётди, нималар деб пичирлаганини билиб бўлмади.
Бир маҳал тунги осмондаги булутлар супурилиб, озод-озод тўлин ой самода нур сочди. Бир малак бор эди, келин бўлди, бир жайрон бор эди, қафасга тушди, бир қиз бор эди, турмуш остонасига шу тариқа қадам қўйди. Ана ўша барваста хотин Раънонинг юрагидан кечган туйғулару ҳисларга ошноликка йўл қўймади, Раъно қиз шу кеч нималарни ўйлади – ҳеч ким билмади.

* * *

Саҳарлаб қуш уйқусида хиёл кўзи илинган Раънони холаси даҳлиздан овоз бериб уйғотди.
“Тур, қиз бўлмай қол, ҳовлиларни супур, ишларингни қил”, деди пичирлаб.
Раъно ўрнидан турди. Оҳорли келинлик либосларини кийди, у либослар ўзига ярашдими-йўқми, ойнага тузукроқ қарай олмади хам, аммо ранг-баранглиги, ислари ва янгилиги ёқар эди.
Ташқари чиқаркан, у ҳам пичирлаб, холадан:
– Супурги қайда экан? – дея сўради.
– Ҳаммасини топиб қўйганман, – деди хола. – Мен ҳам чиқаман, бўлақол.
Ҳовли кенггина эди. Тўй ўтгач, қолган қавму қариндош ҳаммаёқни саранжомлаб кетишган экан. Бир четда даста-даста пиёлаю лаганлар турар, райҳонлар остида Раъно янги супургини кўрди. Холасидан миннатдор бўлиб, ҳовли супуришга тутинди. Кўча эшик олдини икки тарафдаги қўшниларнинг дарвозахонасигача супуриб борди, сувлар сепди, ке­йин қайтиб кириб, нонушта тайёрлади, бу орада қайнота-қайнона ҳам туришди. Бир четга қумғонда сув ҳам иситиб қўйган эди, қайнота келинига қарамасдан, бориб таҳоратини олиб келди. У келгунига қадар Раъно шошилиб улар ётган уйга кириб, жойнамозини қиблага тўғрилаб солди. Қайнонага салом берганида, у нимагадир кўзёш қилиб, пешанасидан ўпди, елкасига бир сидирға кийимлик мато ташлади. Қайнота намозини ўқиб чиққач, унга ҳам уч бора эгилиб салом берди.
– Баракалла, қизим, Худойим бахтингни берсин, – деб қўйди қайнота ҳам.
– Ўғлингни уйғот, – деди кейин, қисқа қилиб.
Қайнона келинига қараган эди. Раъно “ҳозир” деди шоша-пиша. Кейин тез ўзининг уйига кирди. Куёвбола ухлаб ётар эди.
– Эй, туринг, – деди эрига. – Чақиришяпти.
Кейин қайтиб чиқди.
Юмушларни бажариб юрар экан, юз-қўлини ювиб келиб чойга ўтирган эрига сира қараёлмас эди. Худога шукур, деди кейин ичида. Бир тузуккина йигит экан-ку. Қийшиқ ё хунук бўлганида нима қилардим? Нимаям қилардим, кўнардим-да. Кўнгач, умрим бўйи шу билан яшар ҳам эдим. Худойимга шукур, дер эди.
Янги рўзғор мана шу эди. Ўз уйидагидан айтарли фарқи ҳам йўқ экан. Ҳовли адоғида тандир, ости товуқ катак. Берироқда ўчоқ. Устида узум валиши. Нариги томонда бостирма, молхона. Томорқа ҳам ўз уйидаги каби: маккалари ўриб олинган, адоғида нок, беҳи, олма ва шафтоли бор. Фарқи шундаки, қўшни билан туташ ерида тут ўсибди, ҳовли адоғида эса икки туп ўрик билан ёнғоқ бор экан, булар ўсиб-баҳайбатлашиб кетгани учун остида ўт-ўлан унмабди. Томорқа охирида ариқча оқиб ўтибди, қирғоғида турли ўтлар гуркираб ўсибди.
Куёвбола кўчага чиқиб кетган эди. “Шом тушгунча юрмагин, чиллалисан”, деди она унга. “Хўп-хўп, – деди. – Бир-икки ишим бор, битириб дарров келаман”. Чиллали дедилар, чилла уч кунда битар экан. Уч кунгача кечаси ташқарига чиқсанг ҳам бир ўзинг чиқма, мени уйғот, деди хола. Чилланг тугаганидан кейин билганингни қилаверасан. Аммо меҳнатдан қочма, муомалангни ширин қил, жилмайиб гаплаш. Ярим соат кам ухласанг ухлабсан, уйқуга ётишингдан аввал ҳаммаёқ чиннидай саранжом бўлсин. Энг ҳақир ишгаям эринма. Билиб қўй, ҳаммамиз бир қишлоқнинг одамлари бўлсак ҳам, куёв тарафнинг одами ҳар бир қадам олишингдан муомаланггача, тутумингдан фаросатинггача кузатиб ўтиради. Ҳар қилган тўғри ишинг ота-онангга раҳмат олиб келади, сал нотўғри иш қилсанг, маломат олиб келасан. Иложи борича кам гапир, бир нима сўрашсагина жавоб бер, чеҳрангни оч.
“Хўп”, деди Раъно.
Буларни барини адо этиш мушкул эди. Юмушларини бажариб юрар экан, қайнона ва битта-ярим келган қариндош сўрида бақрайиб ўтирар эдилар. Аслида-ку, ҳаммасини ўзи билганича саранжомлаб қўяди, аммо мана шу нигоҳлардан қутулиш қийин, шартта ишини ташлаб уйига кириб кетгиси келса-да, ўзини қўлга олиб, сезмагандай ишида давом этади. Туш маҳали бўлганида шўрва ичилди, улар билан бирга ўтириб, тушлик қилиш ҳам ноқулай бўлди, сувидан бир-икки ҳўплаб, яна ўрнидан туриб кетди. Коса-товоқларни жойлагач, қайнона ҳам, қайнота ҳам уйига кириб кетди, шунда устунга санчиб қўйилган ўроқни олиб томорқага ўтди, ариқ бўйидан анча ўт ўрди, кейин олиб бориб бир қисмини мол-қўйлар олдига солди, бир қисмини қуёшда қуриб қолмасин дея бостирма салқинига ғарамлаб қўйди. Навбат товуқларга келган эди, ўз уйида макка донидан берарди, ўз уйиники миннатсиз эди, “бу ерда ҳам берсам гапиришмасмикин” деб ўйлади.
Қавму қариндош, қўни-қўшни саломга келишда давом этар эдилар.
Кимдир бир бўлак гўшт солиб қовурма қилиб келар, ёнида албатта қирмизи тусда қатлама ҳам бўлар, кимдир манти, кимдир сомса пишириб келар, хуллас, келувчиларнинг охири кўринмасди. Уларнинг дастурхонига у-бу нарса солиб, идишини топ-тоза қилиб қайтариш, устига устак, ким нима опкелганини эсда сақлаб қолиш ҳам керак эди. Булар болалигида “меҳмон-меҳмон” ўйнаганларида билиб олган нарсалари эмасми, ҳаммасини уддалади. Югуриб-элиб хизмат қилар экан, келгувчиларни бари бақрайиб қарайверишар, гоҳо ўзига эшиттириб “келин чиройли экан” деб қўйишар, шу бир оғиз гапдан кўнгли кўтарилиб, мана шу ҳовли-хонадон сулоласига меҳр уйғонгандай ҳам бўларди. Ақли “энди сенинг уйинг шу, буларнинг бари энди қариндошларинг” деса-да, кўнгли саркашлик қилар, тан олмас, кўнгил овозини яна ўчиришга тўғри келарди.
Қайнота донишманд ва беозор киши бўлиб чиқди.
– Келининг билан рўзғорга барака келди, – деди қайнонага. – Ҳали қараб тургин, мўл-кўлчилик бўлади.
– Жуда мақтайверманг, талтайиб кетмасин, – дея мақтовни хушламаганини билдириб қўйди қайнона.
– Тавба, ғалати бир нарсани сездим, – деди бир куни қайнота. – Ўтган сафар сенга баракадан гапирганим эсингдами?
– Ҳа, эсимда.
– Қирқ йилдан бери новвойлик қиламан, – деди қайнота. – Шу ёшга кириб сезганим шуки, нон билан ноннинг фарқи бор экан.
– Қанақа экан? – дея қизиқсинди қайнона.
– Ниятга қараб экан, – деди қайнота. – Ҳар куни сотишга икки тандир нон ёпаман. Шулар кўпинча ё оқиб кетади, қийшаяди, ё яхши кўпчимайди. Аммо тўйга нон ёпадиган бўлсам, шунақа чиройли, ширин чиқадики, ўзим ҳам ҳайрон қоламан.
– Э, нонни жони бормиди? – деди қайнона. – Ўзингиз эпсиз бўлсангиз керак.
– Йўғ-э, – дея кулди қайнота. – Никоҳ тўйларини айтмаяпман, гумроҳ, гапни маънисига қарасанг-чи. Суннат тўйларига ёпадиган нонларни айтяпман.
– Шунақа демайсизми? – дея, бирданига гул-гул очилиб кетди қайнона ҳам. – Қайдан сезақолдингиз? Гапимизни қарға эшитмасин ё шамол опкетиб ёймасин дейман-да. Худо хоҳласа, тез орада ўшанақа нон ҳам ёпасиз, отаси.
– Худойим, ўзингга минг бор шукур, – деди қайнота ҳам. – Ўша кунга етказсин, илойим. Шунақа нонлар ёпай-ки!

* * *

Раънонинг ҳаётига бахт оралади.
Турмушга чиққан бўлса-да, хаёлида ҳалиям кичкина қизалоқ эди. Ҳалиям ўйнагиси келарди. Ҳалиям шўх эди.
Эрталаб кўнгли айниди. Ёмон нарса еб қўйдимми деб ўйлади, аммо ўқчиқ бошқача, меъда ўқчиғига ўхшамасди. Шу куни онаизор ҳам қизидан хабар олгани келиб қолди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, ичкари уйга кирганларида яна ўқчиқ тутган эди, она икки қўли билан икки билагидан тутиб, кўзларига тикилиб қараб:
– Ўлгур, нимага ўқчияпсан? – деб сўради.
– Билмасам, эрталабдан бери шунақаман, – деди Раъно.
– Бўйингда бўлмасин тағин?
Раънога бу гап ари чаққандай таъсир қилди. Анграйиб онасига қараб қолди.
– Йўғ-э, – деди ақли бовар қилмасдан. – Шунақамикин?
– Шунақа бўлмасинам-чи, – деди она, кейин уни қучоқлаб олиб, юзларидан чўлп-чўлп ўпди. – Айланай Раъно гулимдан, Худойим бахтингни бергани рост бўлсин. Ҳали паҳлавондай ўғилча туғволсанг борми?
Кейин ҳомиладорлик белгиларини, нималар қилиш кераклигини бирма-бир тушунтирди.
– Бунга айтсаммикин? – дея иккиланди Раъно.
Раъно эрининг исмини айтиб мурожаат қилмас, шунақа пайтларда “бу” ёки “у” деб қўяқоларди.
– Йўқ, ҳозирча айтмай тур. Ҳеч бўлмаса, орадан бир ой ўтсин. Тушундингми?
– Тушундим, – деди Раъно ҳам.
Ташқарига чиққанларида қайнонанинг ўткир нигоҳи Раънода содир бўлган ўзгаришни сезгандай эди. Бир нималарни пичирлаб, ўзини нималаргадир уринаётгандай кўрсатса ҳам, Раънога гоҳ-гоҳо ер остидан қараб қўярди.
Ҳа, Раъно қизга бахт кулиб боқди.
Вужудининг ич-ичида, етмиш икки томири туташган жойда жажжи ва мурғак бир жон пайдо бўлганини ва у кун сайин эмас, соат сайин ўсаётганини тасаввур қилиш қийин, аммо ёқимли эди. Шу игнанинг учидайгина нарса Раънонинг ҳаётини ўзгартириб юборди. “Ҳали дунёга келмасингданоқ менга шунча бахт олиб келдинг-а” дея мурожаат қиларди Раъно, гўдагига. Қанақа экансан? Ўғил боламикансан, қиз болами? Отангга ўхшаган бўйинг баланд, сочларинг қоп-қора, хушсурат бўлармикинсан? Ё ўзимга ўхшармикансан? Бир куни дунёга келсанг кулишларинг, қўлчаларинг, оёқчаларинг қанақа бўларкан? Дунёга келиш деган нарсани Раъно сира ўйлаб кўрмаган эди, тасаввурига шу ўй кириб келди. Юрагимнинг остида ҳозирча жимгина ўсяпсан, деди унга. Онанг бўлатуриб, бор-йўқлигингни ҳам билмайман, бор-йўғи мени ўқчитиб ўзингдан хабар бердинг, бошқа нарса ўқчитганида хавотирга тушган бўлардим, шу озорингдан ҳам қанчалар суюнганларимни билармикансан, жоним жаҳоним, шўхгина болажоним? Шу аломати
нгни ўзиёқ ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди-я, ҳеч нарсага қарагим келмай қолди, юрсам ҳам, турсам ҳам сени ўйлайверадиган бўлиб қолдим. Худойим менга сени бериб, шу бандамга бир раҳм қилай деди, бермаса нима қилардим? Тавба, шунгача қайларда бўлган экансан, худойимнинг даргоҳларида дунёга келишингни кута-кута, онам ким бўлар экан деб ўйлаганмикансан… Худоё тавба қилдим, ғалати хаёллар ақлимга келишини қара-я. Ишқилиб омон-эсон дунёга келиб ол, онангни кўзларини қувнатиб-қувнатиб юр, болажон.
Раънонинг пешанасидаги сочи қайсарроқ эди, доим тиккайиб қолавергани учун баъзан қайчи солиб кесар, кесилган сочни эса ўраб-чирмаб, девор кавакларига тиқиб қўярди. Кесилган сочни тандирга ташлаб бўлмайди, жуда иложи бўлмаса холироқ бир жойга ерга кўмиш керак, дея ўргатган эди она. Энди соч кесиб юрмагин-а тағин, деб уқтирди бу сафар. Шунақа иримимиз бор, болани умрини кесиб қўяди дейишади. Одамлар келганида олдига чиқаверма, кўҳликкинасан, суқ-назар тегмасин. Кўпроқ ҳаракат қил, йўқса боланг катта бўлиб кетиб, туғишга қийналасан. Хамир овқатлардан, янги ёпилган нонлардан ема, кўнглинг бўр ёки кесак тусаб қолса, менга айтсанг, тухумнинг пўстини келида майдалаб туйиб олиб келиб бераман, энди баъзи хил нарсалардан тийилиб турасан, дея ўргатди.

* * *

Қизиқ, Раъно эрини яхши кўрармиди? Эшитганлари, кўрганлари бошқа, ҳаёт бошқа эканини аввалдан биларди. Эри баланд бўйли, қорачадан келган йигит бўлиб, кўп ҳам гапиравермасди. Ҳар ҳолда бу оилада унга энг яқин кишиси эри бўлса-да, ўз туғишганлари каби яқин ва ўз-ўзиникидай туюлавермасди. Бунга ҳайрон ҳам бўлди, назарида анча-мунча нарсасидан айрилиб қолгандай, турмуш деган нарса ўшалардан жудо қилгандай туюлар, қалбини недир армон ва ғуссага чўмдирарди. Ҳа, бир маҳаллар ариқ бўйларида елдай учиб чопганлари, ўйнаганлари, кулганлари – бари ёруғ ва ғуссали бир армонга айланиб қолган эди. Етишилмаган орзулар армонга айланадилар. Аммо умрнинг яшаб ўтилган нурли лаҳзалари ҳам армонга айланар экан. Гоҳо ота уйига борганида ўша сўқмоқлар, томорқалар, ариқ бўйларини бир айланиб келарди, ўзи ўтқазган олма, шохларида ўтириб олиб, мевасининг сувини оқизиб-оқизиб еган беҳи… уларнинг бари кўзига ажиб қадрдондай ва суюмлидай кўринарди. Ёғочлари иссиқда ёрилиб-ёр
илиб кетган сўри ва ранги ўча бошлаган тўшакларгача суйимли, азиз бўлиб, гоҳо исларини ҳам қўмсаб қоларди.
Раъно мана шуларга бошқоронғи бўлди.
Она “яхшиям тансиқ нарсаларга бошқоронғи бўлмадинг” дея, ўша тўшак, ўша болишлардан уйига олиб келиб берди. Энди она уйнинг иси ўша тўшаклардан келиб турарди, йўқса уйда қанча янги тўшак, қанча янги болиш борийди-ю? Яхшиям узоққа тегиб кетмаганим, дея ўйлади шунда. Узоқроққа текканимда она уйимга боришга қийналардим, албатта. Ўз уйида яшаса-да, она уй тараф юрагининг бир четини илитиб, ўзига тортиб турар эди.
Раъно қиз тўлишди, юзларига доғ тушди.
Тавба, аёл киши иккиқат бўлганида юзига Худонинг аршидан бир нур инади дейишади, деди она. Юз-кўзингдан нур ёғилиб турибди-я, болам. Қараб турсам, кўзимга ўтдай кўриниб кетяпсан. Илоё шу нурдан бенасиб қилмасин Худойим.
У ғалати ёғдуни Раънонинг ўзи ҳам сезарди. Чунки қалби бемисл бир саодат-ла лиммо-лим тўлган, нуқул бахт ичида яшаётгандай сезарди ўзини.
Қайнона “бизлар сиздақалигимизда тиним билмасдик. Урининг-тиришинг, ҳеч нарса қилмайди”, дейишига қарамай, аввалига айтганларини бажариб юрди, кейин эса, қорни бир-икки пастга тортиб оғриганида бас қилди.
“Сенинг дунёга келишинг олдида у ишлар нима бўпти, болажоним”, деди хаёлан боласига. “Сени ўйласам, ўзимнинг борлиғим эсимдан чиқиб кетади-ю? Вужудимнинг ичида питирлашингни, қимирлашингни сезсам, кўзимга дунё чароғон бўлади. Юрганимниям, турганимниям билмайман, гўё эс-ҳушимдан айрилгандайман”.
“Қиз тушмагур, бўйингда бўлдингу шунақа очилиб кетдинг-ки, – дер эди она. – Ишқилиб, илойим кўз тегмасин, кўйлагингга кўзмунчоқ тақиб юр”.

* * *

Раъно паҳлавондай ўғил туғди.
Тўлғоқнинг қанақа қаттиқ азоб эканини ўшанда билди. Бутун вужуди ихтиёридан ташқари, ўз-ўзидан тиришиб, қорнидаги чақалоқни дунёга келтиришга уринар эди. У кучли оғриқ аро суякларининг сурилаётганини ҳам билди. Етмиш икки томирию олтмиш олти сўнгагининг бари ғайриихтиёрий ҳаракатга келди, Раъно ўлим нафасини яқиндан сезди.
Ажабки, чақалоқни олиб келиб берганларида ҳаммаси эсидан чиқиб кетди. Азоб-ку эсида, аммо азоб ҳиссиёти унутилди.
Исм танлашга кўп иккиландилар
“Вақтидан бироз ўтиб туғилди, Келдивой деб от қўяқолайлик”, деди эри.
“Йўқ”, деди Раъно, кескин.
Умуман, қишлоқда исм қўйишнинг ўзига хос расм-русумлари борийди.
Масалан, Келдивой деган исм бир оила узоқ вақт фарзанд кўрмай юриб, кейин болали бўлганида қўйилади. Исмларга қараб, у оиланинг фарзанд эҳтиёжмандлигини билиб олса бўлади.
Жуман ёки Жумавой – жума куни туғилган бола.
Она қорнида йиғлаган чақалоққа Машраб дейдилар.
Турғун – шу жўжиқ ҳаётда муқим қолсин, турғун бўлсин.
Сотволди – гўё “сотиб олинади”, яъни қўшнилардан ёки қариндошлардан бирининг боласидай қилиб, аёлнинг этагига бир юмалатиб олинади, кейин ўз онаси боласини маълум ҳақ эвазига “сотиб” олади.
Тўхтасин – бир оиланинг туғилаётган фарзандлари бирин-кетин вафот этаверса, шундай исм берилади, яъни тўхтаб қолсин, кетмасин деган маънода.
Худойберган – бу исмда ҳам маълум истаклар бор. Фарзандсиз оилалар қўядилар бу исмни.
Холи билан туғилган болага Холмуҳаммад, Холнисо, Холдорали, сафарда туғилса Сафарали, нори бўлса Нормуҳаммад, Анорхон, суннати билан дунёга келса Суннатвой дейдилар.
Айтилган барча исмлар Раънога хунукдай, боласига ярашмайдигандай туюлар, жуда чиройли, бўй-бастига мос исм танлагиси келар, аммо унақа исм тополмас эди.
Ниҳоят, Давлат дея исм қўйдилар.

Бешинчи қисм

Шу қишлоқнинг шамол эсадиган томонида эски бир кулбада яшовчи қора юзли бир суллоҳ одам ҳам бор эди.
У одамнинг юрган йўлларида ўт-ўланлар сўлиб, жизғинаги чиқиб қораяр, ҳашаротлар нобуд бўлар, ариқдан сув ичса ифлосланар, қўли теккан меваларнинг суви тахир бўлиб қолар, шу қисматидан яниб-яниб юрадиган озорли бир киши эди.
Кулбаси зах, теварагини замбуруғлар ва тушунарсиз оқиш нимжон ўтлар қоплаган, кулба деворлари остидан шўра ва ажриқлар бўй чўзган, томорқаси қаровсиз, бургану шўралар, супургилар бетартиб ўсиб ётарди.
Ана шу киши Раънога ғалати-ғалати қарашлар қилар эди.
Қишлоқда одам кўп, ҳамма ўз ташвиши билан овора. Боласини кўтариб Раъно дамчи хотинникига боришга мажбур, йўл эса ўша кулба ёнидан ўтади. У одам чопонини елвагай ташлаб, тоб ташлаган эшиги ёнига чиқади, Раънонинг келишидан кетишигача қаттиқ тикилиб туради. То муюлишга етгунича ортидан ўша бўлмағур нигоҳни сезиб боради, муюлишдан қайрилгачгина елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил нафас олади.
“Худога шукур, ўтиб олдик”, дейди боласига.
У одамнинг эса ҳеч кими йўқ. Қишлоқдаги ҳамманинг яқини, қариндош-уруғи бор. Одамлар уруғининг кўплиги билан мақтанишади. Унинг эса ҳеч кими йўқ. Раъно у ҳақда бировдан сўрагани ҳам ор қилади.
Фарзанд кўргач, Раъно ҳақиқатан ҳам гул-гул очилди. Қизлик гўзаллиги бу тароват олдида ҳеч нима бўлмай қолди. Гул эди, Худонинг қудрати билан оқи оққа, қизили қизилга ажралди. Чечак эди, барқ уриб очилди. Булут эди, ёмғирини аямай тўкди. Қуёш эди, ҳарорат-ла порлади. Ой эди, тўлишди. Кеча эди, бағри юлдузга тўлди. Қуш эди, жўшиб-жўшиб сайради. Зилол эди, шарқираб чунон оқди…
Болани бешикка бойладилар. Раънонинг юраги эзилди. Боласини бешикка бойлагиси келмади. Қайнона “Сиз нимани билардингиз” дея, бешикдан алас-алас қилиб ёмон нарсаларни ҳайдади, қовузини тўшади, тувагини қўйди, иликбоғи билан оёқчаларини, қўлбоғи билан қўлчаларини маҳкам сариб, гаврапўшини ёпди. Болачаси оёқларини қимирлатгиси келди, қимирлатолмади. Қўлчаларини ўйнатгиси келди, ўйнатолмади. Нима бўлганига тушунолмасдан қоп-қора кўзчаларини онасига тикди, озорланиб йиғламоқчи бўлди. Шунда қайнона бешикни у ёқ-бу ёққа дўпирлатиб тебратиб, алла айтмоққа бошлади. Боласининг боши чайқалди, у чайқалишлар лоҳас қилди, қайнонанинг овозига қўшилиб чарчатди.
“Бешик бўлмай ўл” деди Раъно, қайнона чиқиб кетиши билан боласини дарҳол ечиб олиб, бағрига босаркан. Келақол, жоним болам, қўлчаларингни, оёқчаларингни ўйнатақол. Ўлсин энанг ҳам, деди ёзғириб. Сени бойламоқчи бўлдими?
Сени девларга бойлатмаган, жинларга бойлатмаган, энангга бойлатиб қўярмидим?
Раъно боласига ўзи билган ҳамма эртакларинию достонларини айтиб берди. Уч ойлик бола уларни тушунармиди? Лекин тушунишига Раънонинг ишончи комил эди. Аммо сал ўтмай кичкина кўзчалари юмилиб-юмилиб, митти киприкчалари пирпираб-пирпираб ухлаб қолганида суйиб-суйиб олар ва шу суйим ороми аро ўзи ҳам ухлаб қоларди.
Раъно унга Алпомишни айтди, аммо “Алпомиш ким бўпти сенинг олдингда?” деди. Назарида, боласи Алпомишдан ҳам келбатли ва ҳайбатли бир баҳодир бўлиб улғаядигандай эди.
Унга Рустами достонни айтди, ақлли бўлсин дея Равшан достонни айтди, кулсин дея етти аҳмоқни айтди, меҳри тошсин дея Гулинигорни айтди. Лайли-Мажнунни, Юсуф ва Зулайҳони, Ёзи билан Зебони… неки билса, барини айтди. Фақат билмаган жойларини ўзидан қўшиб-чатиб, тўқиб айтди, шунинг учун достонларнинг мазмуни ўзгарди, уларнинг барида болакай бир куни ўсиб-улғайиб, ҳақиқий баҳодирга айланар, ёмонларнинг жазосини берар ва яхшиларга кўмаклашар, достон сўнггида эса ота-онаси билан бирга бахтли-саодатли ҳаёт кечирар эди.
Ўзининг тўй бўлганларини ҳам айтди.
Мен ҳам бир маҳаллар сендай гул эдим, деди. Кун келди, бўй етиб, турмушга чиқдим. Отанг билан бир чиройли келин-куёв бўлдик, ҳамма эси оғиб, ҳавасланиб-ҳавасланиб қаради. Мен сой чумчуғи бўлиб, сойларга қараб учдим, отанг тоғ каптари бўлиб ортимдан қувди. Мен тезучар лочин бўлиб чангал солсам, у мерган овчи бўлиб отиб олди. Мен боғда анор бўлиб қизариб пишиб турсам, у боғбон бўлиб битталаб узди. Боғда узум бўлиб сарғайиб етилсам, сариқ ари бўлиб учиб келди. Мен боғда гулнор бўлиб очилсам, у булбулигўё бўлиб сайраб шохимга қўнди… деди тўйни эслаб.
Ҳамма-ҳаммасини мана шу мурғак гўдаккинага айтиб берди. Ариқ бўйида чопганларинию беҳининг мазасигача айтди. “Болажон, бир нимани билмасанг, мендан сўрагин-а”, деди. Яқин орада алпанг-талпанг юра бошлайсан, шунда жон ҳалпида орқангдан чопарман? Сен кўп нарсани билмайсан-ку, ҳовлида ўйнаб юрсанг, ари чақиб олмасин дея хавотирланиб, қувиб ҳам юрарман?

* * *

Қайнона зориллади.
– Келин деган ўтиравермайди болага қараб. Чиқиб ишингизни қилсангиз бўлмайдими? Биз ҳам бола туққанмиз, нечтасини катта қилганмиз, ишимиз ўлда-жўлда қолиб кетмаган.
Раъно унинг кўнглини олишга чандон уринди, қайнона сира тинчимади. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деяверди.
– Ҳой, қўйсанг-чи, – деди қайнота.
Қайнона униям жеркиб ташлади.
Шунда эри орага кирди.
– Нима дейсан, она? – деди жаҳли чиқиб. – Қўли олти, оёғи етти бўлиб хизматингни қиляпти-ку?
– Сигирга сув бермапти, – деди қайнона. – Шу ёшга кириб онам сув ташисин десанг, ўл сен ҳам.
– Ўзим ташийман сигирингга сувни, – деди эр.
– Эркак бўлмай қол, энди сигирга қараб юрсанг, – деди қайнона. – Эркак деган кўчадан ризқ ташиб келади, уйда нима бор экан?
– Унақа дема, она, – деди ўғил. – Жонимни икки томонида иккаланг турибсан. Бир қўлимни тишласам, бошқаси оғриса? Ахир, тушунгин-да, она. У бошимни устида бўлса, сен кўзимни устида. Сен норози бўлсанг кўзим оғрийди, у хафа бўлса бошим.
Қайнона тўнғиллаб-тўнғиллаб нари кетди.
Шунда Раъно эр кишининг нима учун устун эканини тушунгандай бўлди. Эрнинг эрлиги келбатида, куч-қувватида эмас экан, деб ўйлади. Эрни эр қиладиган адолати экан. Ичида эридан миннатдор бўлди, бирданига яхши кўрди. Ундан фахрланди, болажоним, бошқаларнинг отаси сираям бунақа эмас, худойим икковимизнинг бошимизга бахт қушини қўндирди, дея севинди. Бола тўшаги устида чиройли кўзчаларини унга тикиб, бир нималар деб чуғурлар эди.
“Қара-я, қандай отанг бор”, деди севиниб.
Назарида, эри бошқа қиёфа олди. Ҳайбати ошди, уйини тўлдирди.
“Сен сабр қиптур, уйларни топ-тоза қилай”, деди.
Бола қўл-оёқчаларини ўйнатиб чуғурлаб ётаверди. Раъно ҳаммаёқни қайтадан тартибга келтирди, янги тўшаклардан солди, ўзига оро берди, кўрпа қатига яшириб қўйган атирдан сепди.
Бир қараса, ўғлон янги атлас тўшакларга чувиллатиб сийиб қўйипти.
Ўргилай болажонимдан-а, деди меҳри товланиб.

* * *

“Рўзғор юпун, еб ётаверсангиз тоғ ҳам чидамайди, – деди қайнона. – Ҳамманинг келинию қизи далага ўтоққа чиқади, ер чопади, меҳнат қилади. Биз ҳам шунақа эдик, меҳнат ўлдирмаган одамни”.
“Еган нонимни миннат қиляптими? – деди оғриниб Раъно. – Яримта нон ейманми-йўқми? Эшигида битта хизматкори бўлсаям мендан кўра кўпроқ нон ейди”.
“Жон болам, сабр қил, – деди онаизори. – Отанг билмасин, кўнақол. Улар ҳам туппа-тузук одам, ҳали олдинда қанча ташвиши бор, шунга куйинади-да, сени ёмон кўрармиди? Жонингни жиндай койитсанг, бир нима бўлиб қолмайсан, кўнақол, болам”.
“Хўп”, деди.
Кетмонини кўтариб далага чиқди. Қараса, ўзи цингарилар кўп экан. Ҳамма бошигаю оғзига оқ рўмол ўраб олган. Оёғига этик кийди, оғиз-бурнини рўмол билан бойлади. Паҳлавонини икки тол орасидаги беланчакка ётқизди, яхшилаб эмизди. Шу ердаги барваста семиз хотинга “боламга яхшилаб қаранг, опажон, ойлигим чиқса, сизга янги рўмол олиб бераман”, дея ялинди. Ортига қарай-қарай, чопиққа йўл олди.
Даланинг тупроғи оч кулранг, кесаклари кўп экан. Ўзи ўрганган иш эмасми, қийналмади. Иссиқ кучаяверди. Дала устида қалдирғочлар айлана-айлана учди. Анча-мунча хотин шу тариқа чопиқ қилар эдилар. Қуёш тиккага келай деганида кўкраги ийиди. Қараса, кўйлагининг бурмаси сутдан жиққа ҳўл бўлибди.
Ишини ташлаб, ортига юрди.
Ўша ерда ҳисобчи айланиб юрган экан. У ўша, Раъно дамчи кампирникига қатнаганида ёмон-ёмон қараган қора юзли киши бўлиб чиқди.
– Ҳа, қаёққа? – деди, бемаъни илжайиб.
– Болам очқаб кетди, – деди Раъно, қовоғини солиб.
– Ҳамманиям боласи очқаган, – деди ҳисобчи. – Қани, орқангга қайтиб, ишингни қил-чи.
– Сен ким бўлибсан? – деди Раъно, бирданига бургутдай қанот ёйиб. – Болам очқади демадимми сенга? Қоч йўлимдан, йўқса ҳозир кетмон билан чопиб ташлайман!
Ҳисобчи унинг важоҳатидан ҳайиқди. Тавба, бу хотин жинними дея осмонга ангра­йиб, булутларни томоша қилаётганга солди ўзини.
Раъно чопа-чопа шийпонга борди.
Узоқданоқ, гўдакларнинг йиғиси орасидан боласининг йиғисини таниди.
Шийпон толлари остида у барваста хотин кўринмайди. Беланчакка яқин шохчаларга қора қушлар қўниб, чағиллаб сайрашяпти. Бола қўрқибди. Болани қаровсиз қолдирсанг, майна келиб кўзини чўқиб олади деган гап эсига тушди-ю, “Вой ўлмасам”, деб елдай учди. Шоша-пиша боласини беланчакдан ечиб олди. Тагини ҳўл қилиб қўйибди, оёқчалари қийилиб кетибди. Бола онасини таниб, баттар йиғлаб талпинди, Раъно унга кўкрак тутди-да, ичидаги тўфон каби чирпирак қилаётган ташвиш, хавотир, яна алланималарнинг бари эриб йўқолгани, яна шу ажойиб оромга эришганидан кўнгли тўлиб, пиқиллаб йиғлаб юборди.
Бола тўйди. Раъно уни беланчагига ётқизиб, чириллаб йиғлаётган бошқа болани қўлига олди. Бир қўлига унисини, бир қўлига бунисини. Икковига ҳам кўкрак тутди. Очқаган болалар бегонасирашмади, миқ-миқ эмиб олишди.
Шу маҳал боғча хотин келиб қолди.
– Вой, Раъно қиз, хафа бўлма, – деди. – Қайнонам ўсал ётувди, югуриб бориб кўриб келақолай дебман-а, аттанг!
– Бу болалар энди сениям боланг бўлди, – деди кулиб. – Яхшиям келибман, йўқса ҳамма болаларни ўзингники қилиб оларкансан!
Ҳисобчи яна келди.
– Ўтираверасанми, эмизишни баҳона қилиб? – деди. – Тур, чопиғингни қил!
“Шийпонинг ҳам, чопиғинг ҳам бошингда қолсин”, деди Раъно. Тугунини қўлига олди, кетмонини елкага, боласини бағрига босди.
“Ишинг ҳам, ойлигинг ҳам бошингда қолсин”, дея қарғади у ҳисобчини.
“Боламга қарамаган кўзларинг оқиб тушсин”, дея қарғади барваста боғча хотинни.
“Ҳамманг дўзахда куйиб кул бўлгин”, дея қарғади боласини қўрқитган қушларни.
Шу кетишда уйига кириб борди. Ичкарига кириб, тўйиб-тўйиб йиғлади. Кейин эрининг келишини кутди. Эри келса ҳамма гапни айтиб бераман, мени тушунади деб интизор бўлди. Тиқ этса ташқарига қаради.
Эр келди. Айтадиган гаплари жуда кўп эди. Лекин тилига келмади.
– Ҳа, қайтиб кепқопсан? – деб сўради эри.
– Болангиз очқаб кетди, дала бўлмас экан, – деди.
– Очқаса эмиз-да, – деди эр.
Тушунтиролмадим деб ўйлади у, аммо эридан хафа бўлмади. Тушунтиролмагач, нимасидан хафа бўлади? Худо эмаски, ҳамма нарсани билиб турса? Йўриғи билан тушунтирарман деди, боласини ухлатиб ҳовлига чиқаркан.
– Ҳа, қайтиб кепсиз? – деди қайнона, бўзариб.
– Мазам бўлмади, – деди Раъно гапиргиси келмай.
– Баҳона қилади-я, ҳамма нарса битта ўзимга. Қирқта жоним бормиди, бола эмас, тош туғсам бўлмасмиди? – дея, қайнона ота ётган уйга кириб кетди. У ерда ҳам бир нималар дер эди, аммо гапларини тушуниб бўлмасди.

* * *

Амакилару тоғалар аҳён-аҳёндагина йўқлаб келишар, аммо қизлик уйига тез-тез келишларини, ота-онасидан уни сўраб туришларини билар эди Раъно. Сабаби, қиз томондан ҳар ким ҳадеб келаверса, гап-сўз чиқмасин дейишса керак, деб ўйлади у. Лекин келинлик хонадони ўз йиғин-маросимларига албатта уларни ҳам айтишар, ҳаммаларининг иззат-икромини жойига қўйишар эди.
Рўзғорнинг ишлари аста-секин Раънонинг қўлига ўта борди.
– Эркакнинг ризқи кўчада, – дер эди онаизори. – Хотиннинг иши уйда. Остонадан бу ёғи сеники, болам. Ҳар нарсага сен жавобгарсан. Отанг бир маҳаллар бир гап айтган эди. Бургутнинг эркаги овлашни биларкан-у, аммо овини майдалашни билмас экан. Ўшанчун ҳам нар бургут ўлжани келтириб инига ташларкан, модаси эса бўлаклаб, палапонларига тутаркан. Худойим ҳамма нарсани одам ибрат олсин деб яратиб қўйган, қараб ўзинг фикр қилиб олаверасан.
– Эр киши доим хотинига муҳтож бўлади, – деди яна. – Оилам, болам-чақам деб чеккан заҳматларини билишингни истайди. Умр бепоён, ризқу рўзғор деган ташвиш бетиним давом этяпти. Шу уринишлар аро эрингга икки оғиз яхши гап гапиришни ҳам билишинг керак. Шу бўлмаса, рўзғоринг икки бўлмайди, шу ишлаб дастурхонингга ризқ ташиб келади, устингни бутлайди, уйингни тузатади. Маҳалла-кўйда биров сени сўраса, фалончининг аёли дейишади, ўз исмингни айтишмайди-ку? Эрга теккунча сен отангнинг соясида, фалончининг қизи эдинг, энди эса эрингни соясидасан. Меҳнатини эътироф қилсанг, у руҳланади, оилам, қадримни ҳеч ким билмасаям бола-чақам билади, деб хурсанд бўлади. Буларга ўзингниям ақлинг етиб қолгандир, ёш бола эмассан-ку? Хотин оқила бўлса, рўзғор бут, беақл бўлса, рўзғор нобуд бўлади.
Шу ўтган икки йил ичида она янада кичрайган, озғинлашиб, ушоқдеккина бўлиб қолган эди. Гоҳо нон ёпса, қатлама-сомса пиширса ё бирор мева пишиб етилса, кўтариб келиб қоларди. Гоҳида эса беш-олтита тухум ҳам олиб келарди.
– Нима қилардингиз овора бўлиб?
– Қуруқ келмайин дедим-да, қизим. Уй товуғининг тухуми болангга жуда фойда.
Ундан-бундан гаплашиб ўтиришарди. Раъно мева, қатлама, тухум кабилар бари баҳона эканини, аслида онаизор боласини соғинганини билиб турарди. Лекин онаизор буни сездирмасликка уринарди.
Бир куни Раъно шуни сўраб кўрди.
– Вой, ҳа, соғинаман-да, ичимдан узилиб тушган парчамсан-ку, – деди она. – Аммо сениям меҳринг кучайиб, уйга тез-тез қатнаб қолишингдан қўрқаман. Бир кўчатни бошқа ерга ўтқазсанг, тутиб кетиши учун қанча нарса керак? Энди сени уйинг шу, қариндошларинг ҳам шулар, шу сабаб ҳам кўпам талпинавермагин дейман-да, – деб жавоб қилди она.
– Вой, хў-ўп, бормайман, – деди Раъно, онасидан аразлаб.

* * *

Орадан бир ҳафта чамаси ўтар-ўтмас, қайнота вафот этди.
Тонг саҳар эди. Қайнота-қайнона ётадиган уйдан “Войдод”, деган фарёд чиқди. Раъно сакраб туриб кетди. Эр ухлаб ётар эди. “Эй, туринг, бир нима бўлди”, деди саросима ичида, қаттиқ шивирлаб. Шу маҳал такрор фарёд овози эрининг қулоғига кириб, сапчиб турди-да, ўша томон югурди. Раъно ҳам унинг ортидан оёқяланг чопди.
– Вой бола-ам, отанг кетиб қолди, – дея бақириб йиғларди қайнона, гандираклаб, устунларни ушлаб-ушлаб ҳовлига чиқиб келаркан. – Отанг ўтиб қолди-ку, жон болам!
Эр ҳам, Раъно ҳам нима қиларини билмай довдираб турар эдилар. Ажабки, йиғи келмас эди.
Эр уйга кирдию ўша заҳоти қайтиб чиқди. Ранги бўзариб кетган, нигоҳи тентирар эди.
– Чоп, қўни-қўшнини чақир, – дер эди она. – Одамларга айт, отам ўтиб қолди де, болажоним!
Эр онасига эсипастларга ўхшаб қараб тураркан, ияклари қалтирар эди.
– Тўхта! – деди шунда қайнона, тўсатдан илгари кўрилмаган бир қатъият билан. Овози ҳам қатъий чиқди. – Ўзингни босиб ол! Бориб қўшниларга айт, одамларга хабар беришсин. Кейин тезда қайт!
Эр отилиб кўчага чиқиб кетди.
– Юринг, қизим, – деди қайнона.
Раъно нима қиларини билмай, унга эргашди.
– Ҳай отаси-я, – дер эди қайнона. – Индамай кетавердингиз-а? Рози-ризолик ҳам сўрамадингиз-а? Кетавердингиз-а шунақа қилиб, отаси?
Шунда Раъно қайнотасининг кўзи очиқ, ияги осилиб қолганини кўрди. Қайнона қозиқдан оқ рўмолча олиб иягини тортиб боғлади, кафти билан қовоғининг устини силаган эди, кўзи юмилди.
– Келинжон, – деди яна йиғлаб. – Бир бўлак тоза оқ мато йиртиб олинг, бошмалдоғини ҳам бойлайлик.
Раъно шундай қилди, аммо яқинлашишга юраги дов бермади. Қайнона майитнинг оёқларини ҳам бойлаётгани он эр-хотин ён қўшнилар кириб келишди.
– Вой ўлай, – дер эди қўшни хотин, талмовсираб. – Вой ўлай, кечагина юрувди-ю?
– Бўлди, хотинлар, чиқинглар, – деди қўшнининг эри, йўғон овозда. – Маҳтал қилманглар, сарпо-суруғини тайёрлайверинглар.
– Малоҳат, Сабоҳат, тезда ҳовли-кўчани супуринглар, – деди қўшни хотин қизларига.
Бирпасда анча халқ йиғилди, шунча одам қайдан етиб келганига ақл бовар қилмас эди. Хотинлар яна йиғи чиқаришди, узатилиб кетган қизлар ҳам кириб келишди, бири ўзини ташлаб юборди, ҳовлига оқ мато тутилиб, эркаклар ва хотинлар ораси айрилди.
– Келин, эрингизга обориб беринг, тўнини, дўпписини кийиб, белбоғини бойлаб олсин, – деди қайнона.
Раъно ичкари уйдан янги тўн, дўппи, белбоғ олиб чиқди. Эр хотинини кўриб, яна ҳўнграб йиғлаб юборди, Раъно: “Бўлди-бўлди, ўзингизни босинг”, дея қўлидагиларни унга кийдирди, белбоғини маҳкам боғлади, кейин яна изига қайтди.
Қайнона сандиқдан оқ суруп, янги банорас тўн, дўппи олди.
– У ёққа энди ўзингиз қарайсиз, қизим, – деди. – Буларни ғассолга беришсин. Тўнини, белбоғини тобут устига ёпишсин. Манавиниси кафанлиги, мана бу ип ўрами билан тикишсин, бу – замзам сувига ботириб олинган ип, фаришталар савоб айтиб туришади.
Тонг ёришиб улгурмаган пайт эди.
Ҳали Раънонинг бошига мусибат тушмаган эди. Тўсатдан рўй берган бу ҳодиса ҳаммани довдиратиб қўйди. Қайлардадир сокин ҳаёт давом этаётганига ақл бовар қилмасди. Ҳаял ўтмай қариндош-уруғлар ҳам етиб келишди, улар ҳам тўн кийиб олишган, эшикдан эркагу аёл бақириб йиғлаб кириб келар эди. Эркаклар дарвоза олдида бир-бирини қучоқлашиб йиғлашар, шунча эркакнинг йиғисини илк бора кўрмоқда эди Раъно. Аёлларнинг чуввос солишлари юракни эзарди. Мана шу улкан мусибат қалбига кириб борди-да, ўзи ҳам сезмаган ҳолда йиғлаб юборди. Йиғи ич-ичидан тошиб келарди, марсия келарди, ғусса ва ғам келарди.
Ғассол ишини тугатгач, жаноза эълон қилинди. Тобут деразадан чиқарилиб, ҳовли саҳнига қўйилди. Эркаклар саф тортишди. Хотинларга кимдир “жаноза ўқилади” дегач, йиғи-сиғи бирин-кетин тинди, аммо кимдир ҳануз пиқиллаб йиғларди. Имом бу дунёга келиш ҳам, кетиш ҳам ҳақлигини, қолганлар кетганларни ёд этиб туриши шартлигини айтиб, энди исми-расмини бажариб қўйсак, марҳумнинг ўғли мана шу, айтинг-чи, отангизнинг қарзлари бўлса, зиммангизга олдингизми, деб сўради. Ўғил бўғиқ овозда “Ҳа” дегач, марҳумдан қарзи борлар шу йигитга учрашсин, эшитганлар эшитмаганларга хабар берсин дейилиб, намоз ўқилди.
– Қани, кўтаринглар, – деган ўктам овоз келди кейин.
Қолгани жуда тез рўй берди. Кишилар тобутни қўлма-қўл кўтариб олиб чиқиб кета бошладилар. Ҳамма қий-чув кўтариб юборди, Раъно шу издиҳом орасида эрини кўриб қолди, кимдир учига оқ латта бойланган ҳасса тутқазиб қўйибди.
Бир одам бор эди, йўқ бўлди.
Боягина шу уйда беозор ухлаб ётган эди. Икки-уч соат ўтар-ўтмас кўмгани олиб кетишди. Бу ишнинг жуда тез рўй бергани ва шиддати ақлни шоширарди.
Раъно ҳам ҳамма қатори кўк кийди, рўмол ўради. Элнинг одати шу эди, яқинлардан кимдир оламдан ўтса, кўк кийилар, тўй-маросимларга борилмас, бир йилгача кўкдан чиқилмас эди. Қўни-қўшни ош-овқат пишириб, пақирларда чиқариб туришди, кимлардир чой дамлаб келди. Мусибатдаги кишиларнинг томоғидан овқат ўтармиди? Қишлоқнинг шаддод-шаддод хотинлари азадорларга қаттиқ-қаттиқ гапиришиб, овқат едиришди.

* * *

Орадан йил ўтди.
Ёзнинг иссиқ куни эди. Эр кўчадан ҳовлиқиб кириб келди-да:
– Одамларга ер бўлиб беряпти экан, – деди ўзида йўқ севиниб. Юз-кўзи кулар эди.
– Қанақа ер? – дея сўради Раъно, тушунмасдан.
– Чопиққа чиққан далаларинг бор-ку, ўшаларни ўлчаб, халққа томорқа қилиб беряпти экан. Бизга ҳам бор экан.
– Вой, – деди Раъно, хурсанд бўлиб. – Ростданми?
Кичкина шу қишлоқ тўс-тўполон бўлиб кетди. Фарзанди кўп, катта оилалар бор эди. Хонадонда неча оила борлигига қараб ер берармиш, деган гап чиқди.
– Ана, – деди қониқиш билан эри. – Одам ер билан тирик-да.
– У ерни биров тортиб олиб қўймасмикин? – деб сўради Раъно хавотир олиб.
– Йўғ-э, ҳаммага беряпти-ку? – деди эри. – Биров бир тийин сўрамаяпти ҳам.
Эртасига ерни кўргани бордилар. Қараса, ростдан ҳам ўша, ўзи ишлаган жойлар. Бепоён дала четида тутлар қаторлашиб, шабадада шовуллаб турибди. Эри қозиқ қоқилган жойларни айланиб чиқди.
– Суви яхши экан, – деди кейин. – Худонинг бергани шу-да. Ер одамни боқади, у-бу экиб бозорга опчиқиб сотсанг, ўҳ-ҳў, қанча пул бўлади. Камбағални елкасига офтоб тегди, десанг-чи.
– Меҳнатдан одам қочармиди, – деди Раъно. – Ишқилиб, қайтариб олиб қўймаса, бас.
– Олиб қўймас, – деди эри ҳам.
Ер тепасида анча ўтиришди. Эри ўзича бир нималарни режалаштириб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўтиб разм солар, тупроқни қўлига олиб, майдалаб эзиб кўрар эди.
– Уйда, томорқа адоғида тераклар етилиб қолган, – деди кейин. – Бу ерга ҳам айлантириб эксак, беш-олти йилда синчга яраб қолади, ҳам чегара бўптуради. Манави томонига бир уй-бир ошхона қилиб иморат солсак, ўғлингга уй ҳам тайёр-да. Гувалак билан айлантириб девор уриб чиқиш керак. Уч-тўрт кунда бу ерлар қайнаб-тошиб кетади ҳали, – деди кейин.
Кеч кирганда уйга қайтдилар. Икковлон ҳам хурсанд эдилар.
Одамлар ҳам хурсанд эди. Ҳамма ёқда шу гап-сўз: кимга қаердан томорқа тегди, суви қанақа, тупроғи қанақамиш, қўшниси киммиш… Бир-икки киши норози бўлиб, менга этакдан ё ичкаридан тегди деган экан, одамлар маломат қилиб ташлашибди. “Ҳой, ер йўқ эди, осмондан тушгандай эга бўлиб қолдинг, худо деб ўтирмайсанми?” десалар, ўша заҳоти уларнинг уни ўчиб кетарди.

* * *

Бир иш икки бўлди. Энди эр-хотин ҳам ўз уйларида, ҳам янги томорқада меҳнат қилар эдилар.
Янги томорқанинг тупроғи ҳосилдор чиқди.
Тепа-қуйи қишлоқлардан бирор инсофсиз келиб ўғирлаб кетмасин, дея атрофини омонат қўра билан ўраб, буғдой сочдилар. Теграсига айлантириб мош, ловия, макка ва жўхори экишди. Шоён меҳр билан қарашди, Раъно сув йўлига тушган кесакларни қўли билан олиб ташлади. Теракнинг ёш шохларини синдириб келиб, кеча сув қўйилган айлана жўякка қаторасига суқиб чиқишди. Ажаб, ҳаммаси бир текис ям-яшил нозик япроқча чиқариб, кейин бирданига гуркираб ўсди.
Давлатбекнинг мўйлови чиқди, сабза урди, ўтдай, қуюндай, шамолдай бола бўлди. Қўлига хивчин олиб, ўт-ўланларнинг бошини танасидан жудо қилиб ўтиб кетадиган одат чиқарди.
– Унақа қилмагин, жон болам, – дерди Раъно. – Униям жони бор, худо дейди-я.
– Ўтда жон нима қилсин?
– Уям мўмин-мусулмон бир нарса, – деди Раъно. – Жони бўлмаса ўсармиди?
Эри ўғлини ёнига олиб бирга тер тўкар экан, зурёдига ҳамма нарсани бирин-кетин тушунтирарди. Уларга қараб туриб, отаси билан кўчат қадаганлари, ҳосил ўрганлари келарди Раънонинг эсига.
Мош мўл-кўл етилди. Ловия қўзоқлари бўлиқлигидан ёрилиб-ёрилиб кетди. Маккалар узун-узун, тўлиқ-тўлиқ сўта солди. Жўхориларининг ҳар бири қовундай-қовундай бош тугди.
Ҳосилга чумчуқлар галаси ёпирилди.
Эри қайдандир узун ялтироқ тасмалар топиб келди. Экинзор устига узунасига бойладилар. Сал шабадада тасмалар қуёшда йилтираса, қушлар чўчиб қочар эди.
Эр уйдаги узум шохчаларидан кесиб олиб, тераклар остига қадаб чиқди. Ўзини сал тутиб олса бас, теракларга чирмашиб ўсаверади, деди қониқиш билан. Янаги йил улар ҳам бехато тутиб кетди. Ҳусайни, чиллаки, қора чарос ва тошюмалоқ деган тўрт хил нав эди.
Уч-тўрт йилда ҳосилга кириб қолади, деди эр.
У ёқларга оқма газ бормаган эди. Эр-хотин лойдан ва кесакдан ўчоқ қуришди, лой билан яхшилаб сувашди. Шабада ғириллаб эсадиган ажойиб ер бўлди-я, деди Раъно. Эски қумғонни, қозонни олиб келишди. Шу ерда ишлашди, шу ерда чой қайнатиб, шу ерда овқат пиширишди.
– Бир тандир қуриб берсангиз, нон ҳам ёпаман, – деди Раъно.
Қизчаси талпанглаб кесаклар оралаб юрди. Қушларга анграйиб қаради. Ариқ сувини сочиб-сочиб ўйнади. Ўтлар орасидаги капалакларни қувди. Ер ариси чақиб олганида чириллаб йиғлади. Раъно у қизчада ўзининг болалигини кўрди.
Эрта кузда эр ўз ҳовли-томорқасидаги теракларни қўни-қўшнилар билан биргалашиб кесди. Шохларини бутаб-саранжомлаб, қуритгани босиб қўйишди. Кейин ўғли билан эгик ўроқ олиб, пўстлоғини шилишди. Теракнинг пўстлоғи заиф бўлади, учидан тортилса, анча жойгача кўчади. Пўстлоқ нам, сувли эди. Шилиб олинган оппоқ терак ёғочларини ерга кўндаланг ташланган эски ходалар устига қуритгани қўйишди.
Остидан ҳаво ўтиб турса бир текис қурийди, тоб ташламайди, деди эр.
Янаги йили томорқамизга бир уй-бир даҳлиз кўтарамиз, ўшанда тандир ҳам қуриб бераман, дея ваъда қилди эр.
Ҳосил етилди. Раъно ҳосилни алқаб-алқаб, мақтаб-мақтаб ўрди. Буғдой бошоқларидаги донларни санаб чиқди. Бошоқларининг бари тўлиқ, йигирма тўрттадан ўттиз олтитагача дони бор экан.
Кузда янги томорқа топ-тозаланди. Кеч кузги арпа ҳам ўриб олинди. Эр қайтадан тупроғини ағдариб чиқди. Кейин “яхоб берамиз, энди тупроқ дам олақолсин”, деди.
– Ер ҳам биздақа эгаси борлигига суюнади, – деди эр.
Ернинг ҳам жони бор.
У ҳам мақташингга илҳақ бўлиб ётади.
Кўрдингми, бўлиқ тупроғи нимаики қадасанг, ҳаммасини гуркиратиб- жўштириб ташлади.
Ёввойи ўтлар ҳам тизза бўйи ўсди.
– Ҳа, кўрдим, – деди Раъно.
– Хурсанд бўлсанг-чи.
– Нега?
– Худо ризқни баракаси билан ошириб-тошириб берганининг аломати бу, – деди эр. – Барака бермаса, шундай бўлармиди?
– Йўқ, сира бўлмас эди.
Халқ бир бўлиб, мол-қўйини экинзорларга ҳайдади. Жониворлар қолган-қутган пояларни, майса-ўтларни ямлаб-ямлаб ейишди. Сигири тўйиб, терак остида кавш қайтариб ётди.

* * *

Бу ерларда шамоллар сурон солиб эсар эдилар: кунботардан кунчиқарга, кунчиқардан кунботарга…
– Узоқларда, тоғлар орасида катта очиқ жой бор, – деди эр. – Шамол ўша жойдан кириб келади.
Ҳаммаёқни бузиб эсиб ўтади-да, олисдаги тоғларга бориб урилиб, ўтолмасдан яна ортига қайтади.
Ортига қайтганида шиддати сусайиб, ўзи заифлашиб қолади.
Шунақа шамоллар йилига беш-олти марта эсади.
Биринчи эсадигани – дов-дарахтни, ўт-ўланни, экин-тикинни уйғотадиган шамол, деди у.
Тақир ерни, жонсиз шохларни эгиб-эгиб, уйғотади.
Иккинчиси – гул-куртак ёзадиган шамол. Уйғонган дарахтларнинг танасида сув юради. Шохларида майда-майда куртаклар бўртади. Шамол ўша куртакларни очади. Уни қалдирғоч шамоли ҳам дейдилар. Чунки қалдирғочлар ўша шамол қанотида учиб келишади.
Кейингиси эса гул тўкади. У камида уч марта эсади. Сабаби – гилос, ўрик, олма эрта гуллайди. Беҳи, шафтоли, нок эса кечроқ. Шуларнинг барининг гулини тўкиб ўтади, ана шунда гулкосасиз қолган куртак мевага зўр беради.
Кейингиси – эрта меваларни тўкадиган шамол. У икки марта эсади. Шундан кейин шамоллар мавсуми кузгача тўхтайди.
Шу шамол бўлмаса, табиат мана шундай гуркирамасди. Дов-дарахтни чанглантиради, уруғларини сочади.
Худонинг ишига ҳайрон бўлмай иложинг йўқ. Бу шамоллар ўз-ўзидан эсиб қолади деб ўйлайсанми?
Дов-дарахт ҳам жуфт-жуфт бўлиб умр кечиради. Шуларни биронтаси чангланмаса, мева солмайди.
“Шунча нарсани қайдан билади? – деб ўйлади Раъно, ҳайратланиб.
Мева тўкувчи шамол буғдойларни эгиб-қайириб ўтди. Бўлиқ-бўлиқ бошоқлар ерларга эгилиб, айқашиб кетди. Раъно уларга қараб туриб, шамолни қарғади.
“Секинроқ эссанг ўлармидинг”, деди.

* * *

Эр буғдойни қоплаб босиб қўйди.
“Энди ун деб хавотир олмайсан, – деди кулиб. – Чунки буғдойимиз бор. Ун керак бўлса, шартта иккита қопини оламану тегирмонга обориб, торттириб келаман”.
“Бизга пул-мул ҳам керакмас энди, – деди. – Тегирмончи хизмат ҳақига уч-тўрт кило унни олиб қолаверади. Чиқитини ҳам олиб келсам, сигирингга емиш бўлади. Ёғ зарур бўлса, бир қопини оламану дўконга обориб, ёғга алмаштириб келаман. Яна нима керак сенга, ҳой хотин?”
“Ҳеч нима, – деди Раъно ҳам кулиб. – Болалар соғ-омон, ўзимиз тинч, битта мўмин-мусулмонга яна нимаям керак бўларди?»

* * *

Баҳор ёмғирлари тугаб, кунлар қизий бошлаганида эр иморат бошлади.
Катта-катта дарё тошларидан олиб келдилар. Ерни ўйиб, тош билан уриб-уриб шиббаладилар. Сен энди аралашмайсан, бу ёғи эркакларнинг иши, деди эри Раънога. Қариндош-уруғлар, дўст-ёрлар келишди, катта қозонда шўрва, ош дамланди. Қишлоқда ҳар куни ҳашар эди. Кишилар ҳайё-ҳу ила, ҳазиллаша-ҳазиллаша бир уйнинг деворини бир кунда уриб қўяр эдилар. Раънонинг эри пойдевор кўтарди. Тежамли бўлсин дея, пойдеворга тош қаладилар. Шундан сўнг бултур кесилган теракларни олиб бориб синч кўтаришди. Раънонинг эри устачиликдан хабардор эди, ҳаммасини бир ўзи тиним билмай чумолидай ишлаб, аста-секин битириб олди. Синч ёз бўйи қуриб турди. Бу орада эр-хотин лой қориб, гувалак солишди. Гувалаклар ҳам ёз жазирамасида қуриди. Ёз тугагач, эл ҳашарга айтилди. Халқ келиб, кечгача уриб-кўтариб кетди. Раъно теварагида ва ичкарисида сомонли лой парчаларию гувалаклар қолиб кетган иморатга қараб, савлатли, кўркам уй бўлди деб, мамнун бўлди.
Эр тўқайдан қамиш кесиб келди. Томга терак шохларини кўндалангига териб, устидан ўша қамишларни босишди. Кейин эр сомон аралаштириб катта лой қилди, томга лой ҳам босилди.
– Шифир ҳам қиламизми? – деб сўради Раъно эридан.
– Шифирга пул йўқ-ку? – деди эр.
– Бизни уй ҳам чиройли бўлмасинми? – дея туриб олди Раъно.
Эр кўнди. Ниҳоят, кеч кузга борганда томни ёпиб олдилар.
– Ана, иш битди, – деди эр қувониб.
– Энди тахта полини қоқсак, сувоғини қилсак, эшик-ромини ўрнатсак, уй тайёр-да. Кириб, маза қилиб ўтираверасан.
– Ҳечам-да, – деди Раъно. – Шолча-палос, тўшак-парда деган нарсалар ҳам бор.
– У ёғи сени ишинг, – дея кулди эри.
Шунда Раънонинг эсига онасининг гапи тушди. Эрига ер остидан қаради, у хушфеъл кулиб турарди.
Сираям бургутга ўхшамасди.
Ўзи ҳам она бургутга ўхшамасди.
Бекор гап экан, деди. Мусичаларга ўхшамаймизми кўпроқ?
Мусича ҳам хас-хашакдан ин қуради, бировга зарари тегмайди, ку-кулаб хас-хашак, дон-дун ташиб юраверади.
Ёмони шундаки, ўша қора юзли киши улардан бир неча уй наридан томорқа олган экан. Қайтаётганларида томорқасида бир нималарни мўлжаллаб юрганини кўриб, Раънонинг юраги увушиб кетди. Бақрайиб қараб турганини кўриб: “Илоё, бетингни Худо тескари қилсин”, дея қарғаб ўтди.
Қўни-қўшнилар “Янги уй қутлуғ бўлсин”, дея ош-палов пишириб чиқишди.
– Эл барибирам яхши-да, – деди Раъно, суюниб. – Қаранг, бирпасда ҳаммаёқда иморат. Одамларимиз жуда инсофли-диёнатли-да.
– Ҳаммаям эмас, – деб эътироз билдирди эр. – Нариги кўчадаги Аҳмадни танийсан-ку? Кеча маст бўлиб, қўшнилари билан уришибди. Ёки тепа маҳалладаги Тошмат? Одамларни алдаб, пулини олиб қайтармай юради.
– Унда, ўша Аҳмад билан Тошмат ёмон, – деди Раъно. – Эл эса барибирам яхши.

* * *

Раъно яна кўк кийди.
Қисқа вақт ичида ота-онасидан айрилди.
Ҳар икковлон касал бўлмасдан, фаришталардай жон бергани юракни янада эзар эди.
Ўлим ҳақ! Ҳар ким ҳам бир куни бу оламдан кетади.
Яна бир ҳақиқат шуки, кетганлар сизу биз борадиган жойга бизлардан аввалроқ бориб турадилар.
Ўзингники ёмон бўлар экан. Раъно ёмон куйди. Ўзини ҳар томон урди. Ота излари қолган тупроқларга ўзини отиб йиғлади, у қурган иморатларга юзини босиб йиғлади.
“Вой отам, ҳамма нарсаларингиз ўз жойида турибди-ку, ўзингиз қайдасиз?” деб бўзлади.
“Уйингизга кирсам, исингиз димоғимга уриляпти-ку, жон отам?”
Касал бўлганларида “Жоним қизим” дея, у ёғини айта олмай ютинганларигача хаёлида жонланди.
Айтиб-айтиб йиғлади. Шундай йиғласа, юрагининг ичидаги тафти босилгандай бўлди.

Қатор-қатор уй солган,
Деворига гул солган,
Солган гули битмасдан
Гўристонга йўл олган,
Экса битмас майдоним,
Чақирсам келмас меҳмоним,
От кўтармас полвоним,
Уйимдаги султоним,
Орқамга тушган офтобим,
Устимга кийган кимхобим,
Қишлардаги қишловим,
Ёзлардаги яйловим,
Отажоним, жон отам,
Отажоним, вой отам…

Этигига, белбоғига, тўнига юзини босиб-босиб йиғлади Раъно қиз.
Ҳа, қизнинг куйиши ёмон бўлар экан. Қиз ўз-ўзини еб қўяр экан. Жонини аямас экан, қушдай потирлаб ўзини ҳар ён урар экан.
На қайнона юпата олди уни, на эр, на боласи.
Биттасигаям қулоқ солмади. Боласини бағрига маҳкам босиб, дарду армонларини айтиб бўзлайверди, бўзлайверди.
“Отажонимнинг беҳиси”, деб мурожаат қилди беҳига. “Наинки ўзини, балки қўлларининг изиниям тополмай қолдим-ку, энди сен ҳам кўзимга ўтдай кўриниб кетяпсан”, деди беҳининг ғадир-будур танасини сийпалаб.
“Индамайгина ўлиб қолаверди-я”, дер эди куйиниб.
“Ҳеч кимимиз қолмади-ку, болам”, дер эди қизчасига.
“Бу ёруғ оламда сену менгина қолдик, холос, жоним болам”.
Бола тўлпоқ қўлчаларини ўйнатиб, онасига тиниқ нигоҳини тикиб тураверди.
“Энди кимга керагимиз бор, болажон?
Бобонг ҳайитларда белбоғининг қатига қанд-қурс қистириб, сени-мени кўргани келарди-ку?
Энанг ҳар икки-уч кунда бир “нон ёпувдим, қип-қизариб пишди, иккитагинасини сенга илиндим”, деб потирлаб келаверар эди-ку?
Ҳаётида бирор рўшнолик кўрмасдан, мана, ўтди-кетди-ку?
Ўзи емади-ку? Ўзи ичмади-ку?..”
Шунда қизчасининг юзларига кўзёшлари томар, томар, томар… Раъно “болажоним, сениям қийнаб қўйдим-ку” деб, томчиларни рўмолининг учи билан артиб-артиб оларди.
Ҳатто эрига ҳам гапиргиси келмасди. Индамасдан йиғлай-йиғлай, юмушларини қилиб юраверарди.
Шундай кунларнинг бирида ёмғир ёғди.
Ёмғир тандир ёнига босиб қўйилган ғўзапояларни, макка боғларини, сарғайган ўт-ўланларнинг барини ҳўллаб, майдалаб ёғаверди. Бирпасда ҳаммаёқ шалаббо бўлди.
Чироқ аллақачон ўчиб қолган эди. Салқин этни жунжиктирар, уй бўғотларидан шаффоф томчилар чакилларди.
Раъно уйга кирди, шам ёқди.
– Қўй энди, куяверма. Болаларинг ҳам қийналиб кетишди, – деди эр меҳрибонлик билан.
Раъно индамади.
– Бунақада ўзингни бир нима қилиб қўясан.
Раъно яна индамади.
– Кел, қўй энди, – деди эр, овозида меҳри товланиб, ўзига тортиб. Шунда рўмоли сирғалиб елкасига тушди. Эр сочларини силамоқчи эди, Раъно четланиб, рўмолини қайта бойлади.
– Нега бойладинг, тураверсин? – деди эр.
– Йўқ, уят бўлади, – деди Раъно.
– Ўзимиз холосмиз-ку?
– Худо кўриб турибди, – деди Раъно.
Жим қолдилар.
– Айт-чи, – деди эр овози ўзгариб. – Мени сира яхши кўрганмидинг?
– Вой, нима деяпсиз? – дея ҳайрон боқди эрига. Бундай хаёл ақлига келганига ажаб­ланди.
– Ростдан?
Эр атай шу саволни берганига ақли етиб турарди.
– Ростини айт, – деди эр. – Балки, қиз болалигингда кимнидир ёқтиргандирсан?
– Нималар деяпсиз? – деди Раъно эрига рўй-рост жаҳли чиқиб қараб. Кейин шартта деди:
– Ўлсам ҳам бировга тегмас эдим!
Шу гап етарли эди. Эрнинг юз-кўзига фавқулодда жилмайиш инди. “Худойимга шукур”, деди илжайиб.

* * *

Кунлар ўтаверди. Томорқа тераклари жуда тез ўсди. Кўпчилик иморатини тиклаб ҳам олди. У ерга қараб туриб қачонлардир бепоён дала бўлганига одамнинг ақли шошар эди. Раъноларнинг иморати ҳам битди.
– Одамларнинг бахтиёр бўлиши учун қанчалар оз нарса кераклигини қара-я, – деди эр. – Ҳақиқатан ҳам, бир парча ер, озгина ризқ-рўз, тинчлик-хотиржамликдан бошқа яна нимаям керак бўларди? Худога шукур, ҳаммамиз соғ-саломат, халқ омон, болалар ўйнаб-кулиб катта бўлишяпти…
– Ҳа-я, – деди Раъно.
– Полвончанинг тўйиниям қилолмадик, – деди эр. – Аввал меникилар кетишди, ке­йин сеникилар. Уч йил кўкдан чиқмадинг. Энди элга ҳалоллаб қўйсак, нима дейсан?
Топган-тутганларини йиғиб-териб, оз-моз қарз ҳам олиб, полвонни “ҳалолладилар”.
Бўй-бастига муносиб кичкина тўнча, иси анқиб турган яп-янги дўппи кийдирилиб, белига белбоғ боғлаб қўйилган ўғилча нималар рўй бераётганига ақли етмасдан қўлида ўйинчоқлари ва ширинликлари билан ҳовлида ўйнаб юрар, ҳамманинг диққат-эътибори тўйболада, қиз томон куёвнинг ота-онасигаю ўзига бошдан-оёқ сарпо ҳадя қилган, тоғалар каттакон новвосни эл кўзида етаклаб олиб келиб, бостирма устунига бойлашгач, шохларигаю туёқларига арқон ташлаб, мана шу пилдираб юрган болакайнинг келажакда омон-эсон ўсиши учун қурбонлик ўлароқ сўйилиб, қони четроқда ерга қазилган чуқурчага оқизиб ҳам бўлинган, ҳозир беш-олти киши биргалашиб терисини шилар эдилар. Уста келганида Раъно ичкари уйга қочиб кириб, қулоқларини беркитиб ўтириб олди, боласининг озор чекишини ўйласа, вужуди дир-дир титрар эди.
Ташқаридаги эркаклар қаттиқ-қаттиқ гапиришиб, кулишарди.
Бир маҳал боласи чириллаб йиғлаганида Раъно ҳам йиғлаб юборди, сира ўзини босолмас эди. Аммо Худонинг раъйига, элнинг урфига қандай қарши борсин? Сал ўтиб, бола йиғиси босилганида, “Ана, энди катта йигит бўлди”, дея шод-хуррам турган кишилар орасига кириб бориб, чўмбири устига дўппи ёпиб, белбоғ ташлаб қўйилган, аммо ўзига берилган ўйинчоқларгаю кичкина пичоқчага алаҳсиб, қора киприкларида ҳалқа ёши титраганча жилмайиб ётган ўғлини кўрдию енгил тортди. “Хайрият”, деди. Ўғилнинг ҳам, қизнинг ҳам онасини куйдирадиган бир доғи бор, ишқилиб, болаларимга бошқа дард бермагин, берсанг ўзимга берақол, деб ёлворди.

* * *

Энди Раъно ота уйига борганида томорқа айланар, ариқча кичрайиб қолган, тубида озгина сув оқар эди, холос.
Қизгина энди ота экиб кетган беҳи билан сўзлашар эди.
“Отамнинг беҳиси, ўсяпсанми?”
“Ўсиш қайда, она қизим. Бир амаллаб жон сақлаб турибман. Кўряпсанми, мадорим қуриди. Майда шохчаларимнинг учлари ҳам қуриб бормоқда”.

* * *

Ўша тонгда зилзила рўй берди.
Зилзиладан бир неча сония аввал Раъно тўсатдан уйғониб кетди. Шу маҳал ер остидан жуда қудратли бир гулдурос эшитилди. Ҳаял ўтмай ҳаммаёқ силкинди. Деворлар қарсиллади, бир нима тарақлаб тушди, моллар бўкириб, итлар ангиллай кетишди, Раъно жон ҳолатида сапчиб, калима қайтара-қайтара, бир қўлига қизчаси ётган бешикни, бошқа қўлига иккала ўғилчасини кўтарганча ташқарига отилди.
Валишлар ҳам силкинар эди.
Ҳавода қизғиш туман сузар, бунақа ғалати туманни сира кўрмаган эди Раъно. Ёз кунида бунақа туман пайдо бўлиши қўрқинчли эди, ҳозир ер юзи ёниб кетса-я, деб қўрқди.
– Худоё, ўзинг сақла! Субҳоноллоҳ!
Тинмай шу сўзларни такрорлар эди.
Эр ҳам отилиб чиқди, шу фалокат вақтида ҳалиям қарсиллаб чайқалаётган иморатларига ола-кула кўзларини тикиб у бир ён, уч боласини бағрига босиб, тили калимага келмай турган Раъно бир ён… шу икки жон, эру хотин.
Салдан кейин зилзила тинди. Одамларнинг қичқириғи, мол-қўйларнинг маъраши ҳануз эшитилар эди.
– Қанақа қилиб опчиқдинг буларни? – деди эр ҳайрон бўлиб.
Раъно ўзиям билмади.
– Билмасам, – деди ҳайрон бўлиб.
Ҳақиқатан ҳам, кап-катта йигитга қўшиб қизалоқни ва бешикни бир вақтнинг ўзида уйдан олиб чиқиш ақлга сиғмас эди.
Кўча тўла одам эди. Ҳамма тўзғиб, уйларидан ташқарига отилиб чиқишган эди.
– Тинчмисизлар, тузукмисизлар? – дер эди ҳамма бир-бирига.
– Шукур-шукур, – дер эдилар қолганлар ҳам.
Ҳамма бир-биридан ҳол сўрар эди.
Қишлоқ ваҳимага тўлиб кетган эди. Кимнингдир сигир-қўйи бостирма тагида қолибди. Пастроқда, айниқса, шовур кучли эди. Кўзи ёмон қора киши бултур қўшниси билан девор талашиб уришган экан, зилзилада уни ўша девор босиб қолибди.
– Тавба, Худойим тинчликнинг қадрини кўрсатиб қўйди-я, – деди Раъно.

* * *

Эр телевизор олиб келди.
Томга симини чиқарди, қаеринидир бураган эди, липиллаб турли юртларни, турфа кишиларни, уруш-жанжалларни кўрсатди. Тўда-тўда бақироқ оломон уйларни ёқар, қичқириб-бақирар эди. Телевизор отасини ўлдирган болани, ўғлини уриб майиб қилган отани, номаълум сабабга кўра тўда-тўда бўлиб ўзини соҳилга уриб ҳалок қилган балиқлар галасини, тасодиф туфайли бойиб кетган ақлсиз кишини, онасини ёлғиз ташлаб қўйган ўғилни кўрсатди.
– Ўчиринг шуни, – деди Раъно кўнгли озорланиб. – Тавба, дунёда шунақа одамлар ҳам борлигига ишонгинг келмайди. Биронтасида ҳаё-инсоф деган нарса йўғ-а? Бир-бирини итдай ялаб-юлқайди, одамлар бор ҳам демайди. Ўлсин, нима қилардингиз шуни опкелиб?
– Болалар кўришсин, дедим-да.
– Болаларнинг бетини очиб нима қиласиз? – деди Раъно.

* * *

Бу ерларда шамоллар сурон солиб эсаверадилар, кунботардан кунчиқарга, кунчиқардан кунботарга…
Эрнинг сочларига оқ тушди. Гавдаси эгилди, юзи тиришларга тўлди. Ўзининг ҳам ажинлари кўпайди. Аввалги чаққонликлар қайда энди?
Юмушлар эса эсини таниганидан бери ўша-ўша: ҳануз ариқ бўйларидан, экинлар ораларидан ўт юлиб, сигирга солиш, томорқага қараш, ҳовли супуриш, хамир қориш, нон ёпиш, таом пишириш… Аммо бели дарров оғриб, чарчаб ётиб олгиси келар, вужудни қувват тарк этмоқда эди.
Ўғилни уйлар вақти юз кўрсатди.
Таниш-билишлар ким орқалидир кимнидир қизини рўпара қилар эдилар. Эмишки, фалончининг қизи сочи супургию қўли косов, оёғи олтию қўли етти, хуллас, жуда меҳнаткаш эмиш. Ҳар қанча ишласа ҳам чарчамасмиш. Ўзи ниҳоятда камсуқум, ғоятда одобли, гап сўрасангиз гапирмасмиш, ҳар иш қўлидан келармиш, келин бўлиб тушган хонадонини боғу бўстонга айлантириб юборармиш.
Шундай эса-да, Раъно ўғлини ҳеч кимга раво кўрмас эди.
Йўқса, ўғил кучга тўлди, кўркам, ажойиб йигит бўлди. Ота-боболардан қолган одат шу, йигит эр етилгач, уни йўлга соладиган хотини бўлади, дейдилар. Кўча-кўйда юраверсаям бўлмайди. Тезда бошини икки қилиб қўйсанг, қуюлади, ақли киради.
Ўғлига “Сени уйлантирамиз” дердию ич-ичи бир симиллаб оларди.
Ўғилнинг жилмайиб турганини кўриб, ғаши ҳам келар эди.
– Ҳаҳ, илжаймай қол, нимага мени куйдирасан? – дер эди. – Ҳали хотининг тарафга оғиб кетарсан ҳам?
– Менга барибир, хизматингизни қилса бўлди.
– Унақа дема, – деди Раъно. – Мени хизматим нимаям бўларди? Хотин киши рўзғорингни бутлайди.
– Бутласин-да, – дея жилмайди ўғил онасини қучоқлаб. – Лекин хизматингизниям бажарсин. Қанча меҳнатлар қилдингиз, қанча қаттиқ кунларни кўрдингиз, қават-қават тўшакларда мазза қилиб ўтиринг-да энди.

* * *

Йигирма йил аввалги ҳодисалар энди Раънонинг кўз ўнгида такроран рўй бермоқда эди.
Келин бўлмишнинг яқинлари кўча-кўйда кўриниб қолишса, эгилиброқ салом беришар, қуюқроқ ҳол-аҳвол сўрашишарди.
Ҳар икки хонадонда ҳам анча-мунча киши тўй тадориги билан овора.
Деворларнинг тўкилган сувоқлари қайтадан сувалган, бўялган, эл келса маломат қилмасин дея, ҳар тараф саришталанган.
Жўхорилар ўсиб ётган ерлар тозаланган.
Кишилар маҳалланинг дошқозонларини араваларда ташиган.
Келиннинг уйига қўй, нимта, ун-гуруч, гўшт-нон, сарпо-суруғ юборилган.
Раъно ўғлининг бўй-бастига қараб туриб, уни ҳануз қизғанар эди.
“Айланай қош-кўзингдан, бирам келишган йигит бўлдинг-ки”, дер эди.
“Эшигимдан кириб келган давлатимсан-ку, айланай”, дея суяр эди.
“Юзимнинг қизилиям, тилимнинг узуниям сенсан, болам”.
Маросимлар давом этар, тўй руҳи қишлоқнинг анча-мунча хонадонини эгаллаб олган эди.
Кичкина болачалар ҳам ўйнагани кириб келишса, “Тўйлар қутлуғ бўлсин, хола”, деб кетар эдилар.
Баковул кириб келди. Катта ўчоқларга ўтин қалади, кўк тутун кўкларга ўрлади. Баковул қизариб-қизариб, дошқозонларнинг бирида тўй шўрваси, бирида ош пиширди.
Маҳалланинг одами кириб келди, ҳовли издиҳомга тўлди. Ёш болалар ҳам маккаси ўриб олиниб тозаланган ерга ўтириб олиб, “мазза бўпти” деб шўрва ичар эдилар. Қарияларга ичкарига жой қилинган эди. Ош сузилди. Одамлар еб-ичишиб, келин-куёвга Худо бахту саодат берсин дея, фотиҳа қилиб кетишди.
Келган-кетган кўп эди. Ҳаммасининг дастурхонига бир-икки сиқим қанд-қурс, нон-қатлама, парча мато қўйиш керак эди.
Ҳовли яна иккига айрилди. Хотинлар тараф узун оқ сурп билан тўсиб қўйилди. Эркаклар дарвозахонада тўпланган эдилар. Хотинлар тараф қушлар сайрагани каби қий-чувга тўла, ҳаммаси баб-баравар гапираётгандай тасаввур уйғотарди.
Ёш-яланглар тўйхонани тайёрлаб бўлишган, уч-тўрттаси ток зангига катта қора қутиларини ҳам осишган, қўшиқчилар тайёр, нарироқда карнай-сурнайчи ҳам жамулжам… Раъно мана шу тўс-тўполон ичида пилдираб юрарди.
– Куёвнавкарлар тайёрми?
– Тайёр, тайёр.
Бир маҳал келин-куёвга ажратилган уйдан банорас тўни хуш қаддига чунон ярашган ўғли чиқиб келди. Қоп-қора сочлари дўппи остидан тошиб чиқиб турар, қора қошлари қалин, баланд бўйли, кўркам йигит бўлган эди.
Раъно истамаса ҳам қароқларига ёш келди. “Вой ўлай, тўй бўляпти-ю, йиғлагим келишини қара-я, уят-а”, деди.
“Бўй-бастингдан айланай, болам, деб, бағримга босай десам, бўйингга бўйим етмайди-я, онанг чўринг бўлгур!”
Қариндош-уруғлар, таниш-нотанишлар ҳам куёвнинг елкасидан олиб, юзларига фотиҳа тортар эдилар. Ҳамма ҳавас ила куёвболага қарашарди.
“Ҳу, кўзинг ўзингга теккур”, деди Раъно ичида, келганларнинг орасида биронтасининг кўзи бор бўлса-я, деб хавотирланиб.
Ҳа, Давлатбек куёвларнинг сарвари бўлган эди.
Куёвнавкарлар жўнаб кетишди.
– Ғўзапоя опчиқмайсизларми? – деб сўради Раъно.
– Йўқ, хола, энди ғўзапоя ёқилмайди, – деди йигитлардан бири.
– Вой, келин-куёв олов атрофида айланмайдими?
– У маросим бекор бўлган, – деди йигит.
Раъно у ишни жоиз эмаслигини билса-да, келин-куёвга зарар-зиён тегмасин дея, барибирам ўт атрофида айланишларини истар эди.
Ярим соатча вақт ўтгач, куёвнавкарларнинг қийқириғи, чилдирма дўп-дўпи эшитилди.
Келин келди!
Куёвларнинг сарвари Давлатбек келинни етаклаб даврага олиб кирди.
Раъно ана шунда ўзини тутолмай, теварагидагилардан ҳам уялмай, рўй-рост йиғлаб юборди.
– Ҳой, тузукроқ кўйлагингизни кийиб олмайсизми? – деди кимдир.
Раъно ўғлидан кўзини узгиси, бошқа кўйлак кийгани уйга киргиси келмай, кўзидан ёши оқиб қараб турарди. Ёр-ёр садолари остида болажони давра тўрига ўтиб ўтирди. Ўртакаш бир нималар деб жаврай бошлади, аммо гаплари Раънонинг қулоғига сира кирмас эди.

* * *

Орадан йил ўтар-ўтмас, қизни ҳам чиқардилар.
Қизалоғи отасига тортган, чўзинчоқ оқ юзли, қошлари пайваста, ойдай бўлиб турар эди.
Келинни олиб чиқиб кетар маҳали отани чорладилар.
Яна ўша, эски ёр-ёрлар айтилар эди.
Валишлар остида, қизалоқнинг қанча шўх-шодон кунлари ўтган шу қадрдон ҳовлининг тупроғига, ота оёғи остига янги палос тўшалди. Холалар қизни икки қўлтиғидан ушлаб, ота пойига олиб келишди. Қиз икки букилиб, “Отажон” дея таъзим қила-қила келди. Хотин-халаж, бола-бақра қий-чуви остида падар оёғига бош урди, бу бош уришда “Неча йиллар сув келса симириб, тош келса емириб ўстириб катта қилдингиз, энди мендан рози бўлинг”, деган нидо ҳам бор эди. Шунда ҳаётнинг пасту баландини кўравериб дийдаси анчайин қотиб кетган шу кишининг кўзларидан ҳам тирқираб ёш чиқиб, юзларига оқди, атрофидагилардан ҳеч тортинмай, баралла ҳўнграб юборди.
Қизнинг қалбида ҳам, отанинг юрагида ҳам айтилмаган қанча гаплар бор эди-я!
Бу йиғининг маъноси шундай эди:
“Дунёи дунда якка бир ўзим эдим, Худойим фариштадай бир қизалоқни – сени ҳадя қилиб юборди. Уйимда ўйнаб, чопқиллаб юришларинг ҳаётимни нурга тўлдирди. Чарчаб келсам, кичкина қўлчаларинг билан оёқларимни, елкаларимни уқаладинг, чойлар дамлаб келдинг… Отанг қурбонинг бўлсин, болам, уйимда меҳмоним эдингми? Шунча йил асраб-авайлаб катта қилдим, бағримдан сира чиқаргим келмайди, аммо найла­йин?”
Қизнинг айтар гапларини эса ҳеч ким билмади. Қиз ичидаги гапларини ўзи билан олиб кетаверди.
Келинни олиб чиқдилар.
Қий-чув билан хотинлар ҳам жўнашди. Ҳовли ҳувуллаб қолди. Отанинг бир-икки дўст-ёри бор экан, шулар жонга ора киришди, у ёқ-бу ёқдан гапириб, чалғитиб ўтиришди.
Тўйхона эса чароғон, ҳамма шод, бир гапириб ўн кулар эдилар.
Куёвлик сарполари ўзига ярашган куёв давра тўрида қўр тўкиб ўтирар эди.
Раънонинг юраги ийиди.
“Куёвжон”, дегиси келди.
“Кипригимнинг устида, қароғимнинг остида катта қилган қизимни ўзим опкелиб қўлингизга топширяпман.
Иложи бўлса эди, бағримдан чиқарармидим?
Жонимни ипини қўлингизга бериб қўйяпман, жон болам.
Қошингизда пилдираб юришларимдан, сизга музтар-музтар, ялиниб-ялиниб қарашларимдан сезмаяпсизми?
Жонимнинг шу битта парчаси энди сизга бойланган. Сиз кулсангиз, ичим ёришади, қовоқ уйсангиз, дунё қоронғи бўлади.
Илтимос, шунча йил қошу қароғимда олиб юриб, авайлаб катта қилган боламга озор берманг, чўрингиз бўлай!”
Бу гаплардан куёвнинг хабари бормиди? Билиш қийин. Куёвнавкарлар қаторида қўр тўкиб, Алпомишдай бўлиб жилмайиб турар эди.
Ўзининг иззатини ҳам, қадру қийматини ҳам билиб турар эди.

* * *

Шу тариқа кетма-кет тўйлар бўлди. Гўё бола-чақа ташвишидан қутилдилар.
Шамоллар ҳануз аввалгидек эсар эдилар: кунботардан кунчиқарга, кунчиқардан кунботарга…
Келгану кетган: “Ана, ўғилни уйлантириб, қизниям чиқариб олдингиз, катта ташвишдан қутилдингиз”, деб ҳавасланишар эди.
Аммо бола-чақасини уйлаб-жойлаган одам ҳам сира тинчимас экан.
Уйида ишларига уриниб юради-ю, аммо кўнглининг бир чети нариги маҳалладаги қизида, нима қиляпти экан, тузукмикин, дея. Яна бир чети бу қизида. Ўғли сал ҳаялласа, питирлаб жойида ўтиролмай қолади. Болалари катта бўлгач, одам боласининг кўнгли яримта бўлиб қолар экан, деган хулосага келди у. Яримта нимаси, парчаларга бўлиниб кетар экансан. Бир парчанг ўғлингга, бир парчанг қизингга тортиб тураверар экан.
Онаизорининг гапи ҳам эсига келди. Бир маҳаллар “Ичимдан узилиб тушган парчамсан-ку”, деб ёйилиб кулимсираганлари кўз олдида жонланди. Оддийгина у гапнинг шунақа чўнг маъноси бор экан-да, деди ҳайратланиб.
Тавба, тақдир деган кўзга кўринмас бир чархпалак, секин-аста айланмоқда.
Келин ҳовлида юмушларини бажариб юрипти. Бир нима дей деса, лоп этиб кўз олдига ўз қизи келади.
Келинчак ҳали жуда ёш, гоҳ тортиниб, гоҳ довдираб ўзича юмушларга уриниб юрибди, мана, ҳозиргина товуқларга жўхори донидан сепди… бир нима дей деса, у ёқда қайнонаси қизига худди шу гапларни айтишидан чўчийди.
Ўғли келиб қошида бироз ўтиради, кейин уйига кириб кетади.
Одам хотинига, боласига боғланиб қолар экан-да, деб ўйлайди. Ажабо, эри ҳам шунақамиди? Раҳматли қайнонаси ҳам шунақа деб ўйлаганмиди?
Шулар хаёлидан ўта-ўта, бир куни эрига:
– Отамиз-онамизга бир жонлиқ сўйиб ис чиқарсак, тушимга киришибди, – деди.
Эр мамнун бўлди.
Лекин бу ишларнинг барини битта яхлит ҳикмати бор эди.
Бу ёруғ дунёда неки қилсанг, ўзингга қайтар экан: яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам. Ҳатто гапирган гапинг ҳам бир айланиб ўзингга қайтиб келиб турар экан. Бировга “Фалончи нега бунақа-я”, деб гапириб ҳам бўлмас экан, чунки кун келиб ўшанинг аҳволига ўзинг тушар экансан. Ҳа, дунёи дунни бежиз чархпалак, демас эканлар. Чархпалак деганлари оҳиста айланиб, ариқларга сув қуяди, дунёи дун чархпалаги эса ўз қилмишларингни ўзингга қайтариб қуяр экан…

* * *

Баъзан ўйлаб ҳам қолардики, шунча йил яшабди, бировга сира ёмонлик қилмабди. Ажабланарлиси шундаки, ўзига ҳам бировдан ёмонлик етмабди. Ёмонликларнинг кўпи сўз туфайли бўлишига ҳам ақли етди. Ҳа, биров бировнинг молини ўғирлаши ёки ҳақини еб кетиши ҳар доим ҳам рўй беравермайди, аммо ҳар куни сонсиз-саноқсиз сўзлар айтамиз, кимларнидир гапирамиз, кимларнидир ёмонлаймиз, мана шу сўзларнинг бари эгасига етса озорланиши, ранжитиши ва гуноҳга айланиши турган гап.
Раъно кампирнинг ўйлари кўп эди. Бирининг ортидан бошқаси чувалашиб келаверар эди.
Тенг-тўшларининг, яқинларининг кўпи қишлоқнинг тепа тарафидаги жимжит маконга кўчиб кетишди. Бува-буви, ота-она, қайнота-қайнона кулгилари, гап-сўзлари оламни чароғон қилиб юрган яна аллақанча кишилар ўша ёққа абадиян жўнадилар. Ажабки, юрагининг бир чети ўша томонга ҳам тортиб турарди.
Бутун ўтган умрига разм солса, бир қушдан ортиқ бўлмапти. Ўзи кўрган қушларнинг бари ин қуриб палапон очишарди. Раъно ҳам бир ин қурибди, палапон очибди, ризқ ташибди…
Бу орада Давлат катта киши бўлди. Юрганида ер зириллади, гапирганида осмон. Уйга тўртбурчак катта бир нима кўтариб келди, уни деворга осиб, бир ерига босган эди, ғириллаб салқин ҳаво чиқара бошлади.
– Мана, она, маза қиласан, – деди Давлат. – Энди ёз иссиқларида, қишни совуқларида қийналмайсан.
– Бунақа нарсаларингни ўзинг ишлатақол, – деди. – Менга қишга битта сандал қуриб берсанг кифоя.
– Сандал ҳам қуриб бераман, – деди Давлат. – Роса меҳнатни қилдинг, энди оёғингни узатиб, бироз ором олсанг-чи?
Шунча йил заҳмат чекдинг, сира биринг икки бўлмади, бор топган-тутганингни боламга деб илиндинг.
Нима учун шунча уриниб-тиришиб меҳнат қилсанг ҳам бутун умр бўйи топганинг шу бир ую бир даҳлиз иморат бўлди, нега шундай деб ўйлаб ҳам кўрмадинг.
Ҳаёт шу экан-да, дединг, кўндинг-чидадинг.
Қўлларингни қадоғи ҳалиям кетмабди-ку, она?
Дунё ранг-баранг, қайлардадир кишилар етти ухлаб тушингга кирмаган роҳату ҳузурлар ичида яшаб юришибди, уларни билмадинг ҳам, кўрмадинг ҳам.
Энди, кел, дунёни кўрсатай десам, отанг билан биргалашиб қурган шу уйимдан кетмайман деб болаларча тихирлик қиласан. Уйимда невараларимни хотиржамгина ўйнатиб ўтирсам, сен ишингдан кечга қолмасдан вақтида келсанг, синглинг тумов-пучқоқ бўлмасдан уйида тинч бўлса бас, дейсан.
Ҳалиям нон увоқларини терасан, ҳамма нарсани тежайсан. Ҳалиям бир парча бўш ер қолса, тешачани олиб, инқиллаб-синқиллаб ўша жойга бир туп райҳон ё битта чечак қадаб қўясан.
Невараларингга бир боқсанг-чи. Сен яхши кўрган еримиздан Худо барака бериб жўштириб юборган ризқ цингари, булар ҳам шунақа жўшиб-тўлқинланиб етилиб келмоқдалар.
Олам ўзгариб кетган десам, қизиқмайсан ҳам. Ҳа, ишқилиб тинчлик бўлсин, деб қўясан.
Кейинги пайтлар “қаторимиздан хато бўлмасин”, деб дуо қилар бўлдинг.
Болалигимдан биламан-ку, авваллари қизиққанинг турли-туман кўйлаклар эди. Гоҳо ҳайитларда “болам, кўйлагим эскириб қолди, мени бозорга олиб бориб, янги кўйлак олиб берсанг”, дер эдинг.
Шуниям айтмай қўйдинг…
Лекин қўшнининг болаларидан биронтаси касал бўпқолса, дарров бир нима пиширасан-да, дастурхонга ўраб, ўшани кўриб келасан. Биров тўй қилса, келинингдан бир парча мато сўраб оласан, отамнинг кўйлагини бошингга ёпиниб, пилдираб ўша тўйга ҳам бориб келасан.
Она, ўғлинг куч-қувватга тўлди. Дунёда одамни ақли бовар қилмайдиган юртлар, мамлакатлар бор. Кўрсанг, эсинг оғадиган мўъжизалар бор. Юрақол, онажон, десам, худди кичкиналигимда бир нимани билмасдан сўраганимдаги каби бағрикенглик билан жилмаясан, ўзимни яна ўша маҳалдаги каби нималарнидир билмас ҳис қиламан. “Қўй, болам, менга шу эл кифоя, дунёнгни нимаям қилардим”, дейсан.
Бир куни қаттиқроқ туриб олдим, ўшандаям кўнмадинг.
“Ортиқча пулинг бўлса, рўзғорингдан ортса, ана, синглингга қараш”, дединг.
Бегона бир хонадонга узатилиб кетганида, сингил акага мўлтираб қолади, дединг.
Сингилни акага доим ичи ачийди, жони куяди, ҳар ерга борса “Акам ундоқ, акам мундоқ”, деб мақтанади.
Бўй-бастингни кўрса, хурсанд бўлиб кетаверади, мабодо уйига йўқлаб борсанг, ўша теваракдагиларни олдида кўкси тоғдай бўлади, гердайиб-гердайиб юради.
Кўзининг ёши бирпасда дувуллаб оқиб ҳам кетаверади, “Отамнинг ўрнига отам келди-я” деб, суюниб ҳам олади.
Сенинг келганингдан шодланиб, “Акам яхши кўради” деб, қўллари куя-куя қумғонда чой дамлайди.
Ўзида йўқ бўлса, “Акам келди!” деб, қўшнидан қаймоқ олиб чиқиб олдингга қўяди.
Эрининг олдида тили узун бўлади. “Мендай ғарибниям йўқлаб келар одамим бор”, деб суюнади.
Нима десанг ҳам оғзингга мўлтираб қараб туради.
Сингил райҳондай бўлади, жамбилдай бўлади…
Болам, дединг яна, ота уруғингдан хабар ол, она уруғингдан хабар ол.
Тоғаларинг қони сенда оқади. Она уруғинг қайишади, сени бир томиринг оғриса, унинг етти томири оғрийди. Билиб қўй, тоғаю хола онадай меҳрибон бўлади.
Амакиларингдан хабар ол. Ота уруғ сир-ҳайбат сақлаб туради. Ота уруғда отангнинг қони оқади. Отангдай вазмин, ҳайбатли бўлиб туради. Сенга бир гап бўлса, тег­рангни тоғлардай қуршаб олишади.
Сен кичкиналигингда улар куч-қувватга тўлиб, кўча-кўйларни тўлдириб юрган кишилар эдилар. Сен қувватга тўлганингда улар заифлашдилар. Эшигидан кириб борсанг, уларнинг кўнгли ҳам тоғдай бўлади.
Ота уруғинг хотини тарафга, она уруғинг эри тарафга мақтанади, кўрдингми, қариндошим келди, дея.
Болажон, сен жуда ақлли бўлиб улғайдинг, сенинг қувватли ақлинг етган жуда кўп нарсаларга менинг ақлим етмайди. Аммо шунча йил яшаб, билганим: шу келбатинг, фаросатинг, зеҳнинг билан ҳам ота уруғингни, ҳам она уруғингни бирлаштир.
Бирлашмасанг бўлмайди, болам, ҳаёт оғир, мураккаб, қийин, шу олатасир ичида бир-бирингга икки оғиз яхши гап айтишинг шарт. Ҳамманиям ризқи етиб турибди, ҳеч ким сенинг ризқингга зор эмас. Аммо одамлар икки оғиз меҳр сўзига жудаям зор…

* * *

Йиллар ўтаверди.
Қизиқ, умр гоҳ шитоб билан ўтаётгандай, гоҳ эса аста-секин оқаётгандай туюлади.
Отанинг беҳиси тамомила қартайди.
Томорқа оралаб ўтган ариқча кўмилаёзди. Чунки тепада кимдир сувни беркитди.
Ариқча қирғоғидаги ўтлар аввалгидай бўлиқ ўсмай қўйдилар.
Бу сув қишлоқнинг тепасидан, тоғлар бағридан келади, дерди. Туси оқиш, тошдан тошга урилиб, ҳар хил маъданларни эритиб жуда хуштаъм бўлиб келарди. Келмай қўйди-я…
Отам ўшанда нима учун беҳи эктирганини энди англагандайман, деб ўйлади у. Беҳи узоқ яшар экан. Нок, ёнғоқ, ўрик ҳам. Қолганларининг умри қисқа экан-да.
Қизалоғим умри бўйи шу мевадан тотиб юрсин, деган экан.
Лекин болаларимга шуни уқтиролмай жоним ҳалак.
Ҳой, уйинг буғдойга тўлгур, кўчат қадаб қўй. Қуш есаям, қурт есаям савоб. Ўйнаб юрган кичкина болачалар еса, яна савоб.
Сендан ош-нон сўрармиди? Бир-икки йил тагига сув қуйиб турсанг, бас. Илдизи намга етиб олгач, ўзи ўсиб, мева солаверади-ку? Йиғиб-териб олишга эринсанг, меваси сени кутиб қанчадир вақт шохида туради, кейин узилиб ерга ҳам тушади.
Худойим бутун оламни баҳор пайти одамнинг ақли етмайдиган тур, ис, шаклу қиёфада анвойи чечаклар билан безашини кўрмаяпсанми? Кузда ҳаммасини хасга айлантириб юборишидан ақлинг шошмаяптими? Ўша гўзалликларнинг барини хазонга айлантириб, лой-тупроққа қориштириб ташлаётганидан ҳайиқмаяпсанми?
Раъно кампирнинг тоби қочди.
Қизиқ, бир сабаб йўқ, бир жойи оғримайди, шу ёшга кириб бир марта касал бўлмаган одам, энди мадорсизланиб, вужудидан куч-қуввати кетиб ётиб қолди.
Шунча заҳматларни кўрган кўзлари энди юмуқ, бармоқлари, ияги ҳолсиз титрайди, ажин босган юзида, пешанасида тер кўринади… кенг-мўл ўринда бир тутамгина бўлиб ётади.
Гоҳ хаёллари орасига кириб кетиб, ўзини бир маҳаллар ариқ бўйида капалакларни қувиб юрганини кўради. Қизиғи шундаки, у капалаклар ҳам ўша кезлардаги каби, Раъно билан гаплашади.
– Юр, ўйнаймиз, – дея ҳилпираб учишади капалаклар.
Қушлар ҳануз тумшуғида бир нималар кўтариб инларига шошишади. Ҳануз у инлардан палапонлар чийиллаб, бошчаларини чиқариб қараб туришади.
– Ҳой, кўзингни оч, – дейди кимдир, эрининг товуши билан.
Раъно ўрнидан қўзғалмоқчи бўлади, кўзини аранг очиб, эрини кўради. Эрнинг қароқлари нам.
– Мени қўрқитмасанг-чи, – дейди ияги қалтираб.
– Ҳа, келдингизми?
– Келиш нимаси, бошингдан қимирламай ўтирибман-ку?
– Отаси… кетиб қолмасмикинман?
– Ҳар нимани гапираверадими одам деган? – деб зарда қилмоқчи бўлади эр, аммо овозида шиддат йўқ, қалтираб чиқади. – Кўзингни очсанг-чи.
– Озгина ором олай, – дейди Раъно кампир, ялинчоқ овозда. – Салгина холос, ке­йин тураман, отаси. Фақат…
– Гапирақол.
– Фақат… “розиман” деб қўйинг, отаси…
– Розиман, – дейди шунда ота, кўзининг ёшлари дув этиб оқиб. – Мингдан-минг розиман, онаси. Худойим сендай аёлни менга омонат қилиб берибди-ю, рози бўлмасмидим?
– Шукур… – дея пичирлайди Раъно ва бирданига тириш ажинлари ёйилиб, кулимсирайди.

* * *

Кулимсираган маҳали у ўзини яна улкан дарахтлар, шодон ариқча, гапирадиган гул-чечаклар орасида кўради.
– Ҳа, ариқча, оқяпсанми?
– Оққанда қандоқ? Шунақанги тўлиб-тошиб оқяпман-ки!
Сал нарида бепоён бир дарахтзор шовуллаб чайқалади.
Ой ҳаволаб нур сочармиш. Раъно ўша дарахтзорнинг бошланиш жойида, ой ёруғи чанг каби ёғдуланган ингичка сўқмоқ бошида турганмиш.
“Бу қанақа дарахтзор бўлди, илгари сира кўрмаган эканман-а”, деб ўйлармиш ҳайратланиб.
Ажабки, ўзи қизалоқлигидаги каби куч-қувватга тўлган, чаққон эмиш.
Теваракда ҳеч ким йўқлиги ҳам ҳайратга солармиш.
“Қўшни боланинг мазаси йўғийди-я”, – деб хаёлига келармиш. – Шуни бир кўриб чиқмадим-а, аттанг”.
Эри ҳам хаёлига келармиш.
“Яна анча-мунча ишлар бор, отаси, – дермиш хаёлан эрига, эшитиб турганига аниқ ишониб. – Найлайин, қисмат экан, мен энди шу ёқларга келиб қолдим. Сиз шошмай турақолинг, ҳаммасини битириб, кейинроқ келарсиз”.
Шу сўқмоқдан юрса, ортига қайта олмаслигини ҳам билармишу сўқмоқ қайга олиб борар экан деб, қизиқар ҳам эмиш.
Лекин ўша томонга боришиям шартмиш.
Сўқмоққа қадам босаман деган жойида, шундоққина йўл четида турган Чимчиловчи Ғалати Махлуқни кўриб қолди.
– Вой, – дермиш севиниб. – Бу ёқларда нима қилиб юрибсан? Эсингдами, болалигимда мени қўрқитганларинг?
Чимчиловчи Ғалати Махлуқнинг кўзлари маъюс эмиш.
– Нимага индамайсан? – дермиш Раъно.
Шунда:
– Алвидо, – дебди Чимчиловчи Ғалати Махлуқ маъюс, қайгадир бошқа томонларга қараб.
У қараган томонларда оппоқ булутлар сузар эмиш.
– Нимага унақа деяпсан? – деб сўрабди Раъно.
Чимчиловчи Ғалати Махлуқ жавоб бермасмиш.
Шундан кейин Раъно ўша сўқмоқдан илгарилаб бораверди. Юзига шамоллар урилди.
– Сиз ҳам шу ерда экансиз-да, – деди у яна суюниб. – Эсингиздами, сочларимдан юлқилар эдингиз? Сочларим қоп-қора, узун эди-да… Садоланишларингизни босаман деб қанча қичқирсам ҳам овозим ғувуллашларингизни босиб кетолмасди. Меваларни дувуллатиб тўкиб ўтардингиз, осмонда қат-қат булутларни тўдалаштириб ҳайдаб келардингиз. У булутлар ёмғирларни ёғдирар эди, ўша ёмғирлар остида чунон қичқириб ўйнар эдим-ки…
– Алвидо… – дейишди шамоллар, ортга қараб эсаркан.
Раъно янада ҳайратга чўмиб, сўқмоқда илгарилашда давом этармиш.
Буталар остида кичкина малла тулки ҳам турган экан.
– Вой ўлгур, сен ҳам шу ердамидинг? – деди Раъно унга.
– Худойимга шукур, ҳаммангиз шу ерда экансиз-ку, – деди миннатдор бўлиб. – Ҳозир шунақанги ажойиб бахту саодатни сезяпман-ки! Келинглар, ҳаммамиз биргалашиб ўйнаймиз.
– Алвидо, – дебди тулки ҳам, маъюс кўзчаларини пирпиратиб.
Уларнинг маъюс туришларидан ажабланган Раъно яна йўлида давом этган эди, салдан кейин ингичка, тевараги гулу чечаклар билан безалган, бир учи булутлар орасига кириб кетган ҳавойи сўқмоқ олдидан чиқиб қолди.
Сўқмоқнинг теграсида ўсган чечакларга эгилиб, уларнинг ўзи бир маҳаллар ўтқазган оқу қора райҳонлар ва чиннигуллар эканини кўрди.
Бу ерда ҳам печаклар, курмаклар, ажриқлар бор экан, улар йўл устини қоплаб, ям-яшил гиламча ҳосил қилишибди.
– Вой-бўй, – деди у сўқмоқ учига қараб. Ўша ерда улкан бир дарахт кўринар, остида ўйнаб ўтирган кичкина қизчалар кўзга ташланармиш.
– У Тўби дарахти, – дейишармиш чечаклар. Узоқ-узоқларда, янаям юксакда жуда улкан бир нима кўзни олгудай бўлиб ярақлаб товланармиш.
Сўқмоқ устидан қушлар учиб ўта бошлашди. Раъно уларнинг ҳам ўша, ўзи таниган қушлар эканини кўрди.
– Қаёққа кетяпсизлар? – деб сўради у қушлардан.
– Билмадик, юксаклардан жуда қудратли бир садо келди, – дейишди қушлар. – Ўз-ўзимиздан тўпланиб, ўша садога жавобан чағиллай бошладик. У тепаю пастдан, чапу ўнгдан, ич-ичимиздан баб-баравар келди. На емишга, на палапонларга қарадик. Дон-дунлар, учолмай қолган палапонлар ер бетида шундоқ қолиб кетаверди, тўлқин-тўлқин келаётган ўша қувватга истасак-истамасак бўйсундик. Шу учишда тоғлару чўллар, дарё­ю денгизлар узра учамиз, токи ўша садо “Етар, бас” демагунча.
– Палапонлар? Вой ўлай, мениям палапонларим бор эди-ку?
– Вақт-соати етганида улар ҳам ортингдан келишади, – дейишди қушлар. – Улар борадиган жойга сен сал аввалроқ бориб турақол. Зотан, умр бўйи шундай қилмадингми? Бўлақол, ўша ерга етиб олсак, ҳаммамиз биргалашиб ўйнаймиз.
– Хўп, – деди Раъно, уларга ишониб.
“Ҳақиқатан ҳам, энди қўлимдан нимаям келарди”, деб ўйлади.
“Умр бўйи эримнинг, болаларимнинг келишига овқат пишириб, чойларини дамлаб кутиб ўтирдим.
Уйимни саришта қилдим, ҳарому зиён-заҳмат оралатмадим, томорқаларда тер тўкиб уриниб-тиришдим.
Умрим бўйи бировга ёмонлик қилмадим, қўпол гапирмадим, билганим меҳнату ризолик бўлди.
Аслида, у жой ҳамманинг ҳам борар жойи эканини билиб турибман.
Модомики шундай экан, вақтни ўтказиб, болаларимга оғирим тушиб нима қилдим? Ҳа, борақолай, ҳали-замон отаси ҳам ортимдан келиб қолади, уни ўша ерда кутиб олақолай.
Назаримда, ўша ёқда ҳам шу қадрдон уйим, валишларим, тандир-ўчоғим бўладигандай.
Назаримда, анча-мунча кишилар ўша ёқдаям худди ўзимизнинг қишлоқдагидай яшашаётгандай.
Борсам, Худойим яна бир уй-жой ато этар, ахир? Супуриб-сидириб, озода қилиб кутиб ўтираман-да, қўлимдан яна бирор нима келармиди?
Қуриган-нетган жойи бўлса, гулу райҳон ҳам қадаб қўярман, сувлар ҳам сепарман.
Қара-я, ҳамма қўрқиб-ҳайиқиб юради, аммо сира унақа эмас экан-ку?
Шунақа, оддийгина экан-ку”, деб ўйлади.
“Тавба, одамнинг умрида ҳеч нима йўқолмас экан-да? Абадиян йўқотдим деган нарсаларимнинг бари худди ўшандагидай.
Одамлар билмайдиган бир ҳикматни билиб олдим, афсус, айтай десам иложим йўқ”.
Шундай деб ўйлади у.
Сўнг, худди боласи ёқимли бир иш қилганида кулимсирагани каби кулимсираб, булутлар сари ҳаволаниб кетган ўша сўқмоққа қадам қўйди.
Шу хотин, юзу кўзига аршу аълодан умри бўйи нур ёғилиб турган шу муштипар аёл…

Хотима

Яна баҳор келди. Яна далалар, яйловлар, сен қадам қўйган йўлаклару сўқмоқлар узра чаппар уриб нозланди.
Сен ҳам баҳор каби эмасмидинг, онам?
Йўқ, сен тупроқ каби эдинг. Бағридан анвойи чечакларни ўстириб юборган ва теваракни гўзаллигу латофатга буркаган, инсонлар учун турли меваларни етиштириб ғарқ пиширган, болаларинг ҳамда яқинларингнинг хоки пойига ясланиб, ўзини инсонлар учун харж айлаб юборган хоксор тупроқ!
Йўқ, сен сув каби эдинг-ку, онагинам? Умринг сувдай оқаркан, меҳринг, севгинг, бағрикенглигинг ила қалбларни яшиллантириб гулу чечаклар очтирган, жон томирларга ҳаёт мусаффолигини етказиб, ўзи ҳам бир дарёдай узоқ-узоқларга қайтмас бўлиб оқиб кетган…
Сен шамол каби эмасмидинг, она? Бошим узра ҳаётбахш эсиб, умр куртакларини очган, ҳаволарни алмаштириб, қанчадан-қанча гулларни яшнатган, унум келтирган ва шамоллар каби елиб-элиб ўтган…
Сен оташ ҳам эдинг, нуридийдам! Ҳароратинг бўлмаса эди, болангнинг бу жўшишлари, бу шиддати, бу ғурури қайдан ҳам келарди?
Қалбингнинг ичида нималарни сақлаганингнию нималарни олиб кетганингни мен билмасми эдим?
Изларинг қолган тупроқлардан кўзимдан ёшим оқиб бенаво кезар эканман, менинг шу кезишларим, кучу қувватим, шаъну шавкатим, бахту саодатим учун ўзингни қурбон қилиб юборганингни, қадрингга етолмаганимни ўйлаб изтиробларга чўммоқдаман.
Меҳнату заҳматлар аро қадоқ қўлларинг тафтига зорман, меҳр тўла бир қарашингни яна бир бор кўриш учун дунёларни сарфлаб юборишга ҳам тайёрман.
Уйимда юмушларга уриниб юришларингнинг ўзиёқ бир бебаҳо сарват экан-ку, хазинам менинг!
…Ахир, баҳор ҳам келди…
Сен қадаган гулу чечаклар яшнаган ҳовлида болаларим ўйнаб юришибди. Гоҳо ўйиндан тўхтаб, нарироқда ўз хаёлларига ғарқ бўлиб одимлаётган оталарига ҳайрон-ҳайрон боқмоқдалар.
Улар ҳали жуда кўп нарсаларни билишмайди. Вақт-соати келиб улғайганларида, мен ҳам сен кетган томонларга йўл олганимда… менинг ҳозирги аҳволимга тушсалар ҳам ажабмас… ахир, ўзинг айтар эдинг-ку, умр бир чархпалак дея?
Бироқ она уйининг ҳовлиси, дарахтлари, йўлаклари ва боғчалари аро кезиб юрган оталарини бу тарз эзгин қиёфада кўришларини истамайман. Кўзларининг олдида до­­имо чўнг, тоғ келбатли, мустаҳкам ва тадбирли Ота ўлароқ қолишни истайман.
…Кўзимнинг ёшини кафтимнинг орқаси билан артиб, истиқболимга чопиб келаётган болаларимга ҳам андуҳ, ҳам севинч ила жилмайиб юзланаман…
…худди бир маҳаллар ўзинг менга қараб, ёйилиб, беғубор жилмайганинг каби!

* * *

– Ариқча, оқяпсанми?
– Ҳа, оқяпман, эй Эгамнинг ўғли…

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-3-сонлар

05

067
Isajon SULTON
ONAIZORIM
Qissa
07

   Isajon Sulton (Sultonov Isajon Abduraimovich) 1967 yida Farg’ona viloyati, Rishton tumanining Avazboy qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetini tamomlagach, turli adabiy nashrlar va ijtimoiy sohalarda faoliyat ko’rsatgan. Adibning “Munojot” (1990), “Boqiy darbadar” (2010), “Ozod” (2012) kabi kitoblari nashr etilgan. “Boqiy darbadar” romani 2010-yilning sara asarlari qatoridan o’rin olgan bo’lsa, “Ozod” romani O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining «Eng yaxshi nasriy asar» mukofotiga sazovor bo’lgan (2012).Adibning asarlari ingliz, nemis, rus va turk tillariga tarjima qilingan. Xususan Sankt-Peterburgda chop etiladigan hamda dunyoning Yevropa, Amerika va Avstraliya o’lkalariga tarqaladigan “Intelligent” jurnali yozuvchining “Manzil” hikoyasini “Stranniki” nomi ostida taqdim etgan. Moldovaning “Russkoe pole” adabiy jurnali “Suvdagi kosa” hikoyasini, Turkiyaning “Kurgan Edebiyat” jurnali “Qo’riqchi” hikoyasini turk tilida chop etgan.
Isajon Sulton hind mutafakkiri J. Neruning “Hindiston” asarining Bobur Mirzoga bag’ishlangan qismini, shuningdek, R. Akutagava, YA. Kavabata, U.Sayfiddin kabi adiblarning asarlarini o’zbek tiliga o’girgan.

07

O‘lmasoy opamning aziz xotirasiga bag‘ishlayman

Muqaddima

Bahor tog‘larning ustlaridan to nigoh yetmas olislardagi yaylovlargacha yastanib ketgan bepoyon kengliklarni sanoqsiz rangu tus, shaklu qiyofadagi anvoyi gul-chechaklar bilan bezaydi, shamollar qatida islarini, gulchanglarini va urug‘larini ko‘tarib uchib, boshqa yerlarga sochadi, turli-tuman qushlar u rizqlardan cho‘qib sayrab yurishadi. Gurkirab o‘sgan butalar bag‘rida qurtu qushlar turlicha saslanishadi, chigirtkalar sak­raydi, chumolilar yemish ilinjida har yoqqa tarqalishadi.
Havolarni almashtiradigan va tabiatni jo‘shtiradigan ikki unsur bor bu yerda: shamol va suv. Shamol kurtaklarni ochadi, gulkosalarni to‘kadi, yerni uyg‘otadi. Suv tuproq bag‘rida yashirinib yotgan urug‘largacha singib boradi. Shu ikkovlon tuproqni ilhomlantiradi, go‘yo quloq eshitmas, aql bovar qilmas bir sado ila har narsa birdaniga harakatga keladi.
Bu yerlarda shamollar suron solib esadilar: kunbotardan kunchiqarga, kunchiqardan kunbotarga…
Shamol zabtida tollar, tutlar, teraklar chayqaladi, qamishlar shovullaydi, bug‘doyzorlar shitirlaydi, qovg‘a popiltiriqlari momaqaymoq ukparlari bilan har yon qo‘shilib uchadi, yovvoyi o‘tlar atri ekinlar va daraxt gullari isi bilan qo‘shilib huzurli, g‘alati bo‘y hosil qiladi.

Birinchi qism

Qishloq tomorqalari aro olingan sarg‘ish guvalak devor ustiga quyosh chiqmasidan ninachilar qo‘nib olishgan. Ular turli-tuman. Masalan, kichkina sariq ninachi zaif bo‘ladi, tez charchab qoladi. Qizg‘ish tusli yana bir turi ham bor. Eng kattasini, ko‘k ranglisini ot ninachi deymiz, u sira toliqmaydi. Boshqalari tonggi shudringda namlangan qanotini guvalak yoki yerdagi kesak ustida quritib o‘tiradi, kattasi esa qanoti nam bo‘lsayam uchaveradi.
Tomorqa adog‘ida baland teraklar bo‘y cho‘zgan. Ostlarida o‘tlar gurkirab o‘sgan, pechaklar oppoq gullab, terak tanasiga chirmashib, hatto uchigacha chiqib ketgan.
Ra’no degan ko‘zlari chaqnab-chaqnab turadigan bir qizcha mana shu hovlida dunyoga kelgan.
U – shiddati, g‘ayrati ichiga sig‘mas qizaloq. O‘zidan katta chelaklarni ko‘tarib, daranglatib yurib qoladi. Yugurib tinmaydi, guldor ko‘ylaklarni yaxshi ko‘radi, ammo o‘yinga berilganidan kir qilib qo‘yadi, “kir bo‘pti-ku” deyishsa, “voy o‘lay” deb egilib etagini ko‘tarib qaraydi.
Daraxtlar benihoya bahaybat va ajoyib, shoxlaridagi qushchalar Ra’noga anqayib qarashadi. Ulkan soyalar aro shunaqangi tez chopadiki! Na’matak butalari oppoq gullaydi. Shaftoli pushti, o‘rik oqish, gilos qizg‘ish gul ochadi. Momaqaldiroq gumburlab, jala quyganida barining guli to‘kilib, suvlarda chayqalib turadi, shunda Ra’no yalang oyoqchalari bilan suvlarni sochib o‘ynaydi.
Qo‘shni bir qizaloq ham bor, ismi Xosiyat. Xosi deb chaqiradi Ra’no uni.
– Xosi, o‘ynaysanmi?
– Yo‘q, onam ish buyurgan.
– U ishni bitirib qo‘yib, keyin o‘ynasak-chi?
– Mayli.
Xosiyatning onasi ozg‘in, baland bo‘yli, doim guli o‘chgan ko‘ylak kiyib yuradigan ayol.
Birgalashib ichi qorayib ketgan o‘choqning kulini tozalashadi. Keyin ariqda enkayib, kosa-tovoq yuvishadi. Kosa-tovoqlar sopoldan. Uyda oppoq chinni idishlar ham bor, Xosiyatning onasi ularni hech kimga ishonmaydi. Kundalik ishlatiladigan idish-tovoqlarni ko‘pincha tandirdan yo o‘choqdan kul olib, ishqab-ishqab yuvishadi. Goho o‘tlarni yulib, shu bilan ham tozalashadi.
Ikkovining ham oyoqchalari ingichka, tovonlari qorayib-qorayib ketgan, ikkalovi ham ko‘zlari chaqnab-chaqnab turadigan yoqimtoy qizaloqlar.
Yumushlardan bo‘shaganlarida birgalashib o‘ynashadi. Kichkinaliklarida qum o‘ynashardi. Keyinroq cho‘pga bir bo‘lak matoni ip bilan o‘rab-chirmab, ayol shaklini berib, “mehmon-mehmon” o‘ynaydigan bo‘lishdi. Bu o‘yinning xususiyati shundaki, goh unisinikiga, goh bunisinikiga “mehmon” kelib qoladi. Qizaloqlar mehmonni kutib olishib, to‘shak solib o‘tirg‘izishib hol-ahvol so‘rashishadi, keyin bir chekkaga qozon-o‘choq osib, ovqat pishirishib, dasturxonga taom ham tortishadi. Keyin qizaloqlardan birini yo onasi chaqirib qoladi, yo o‘zi:
– Voy o‘lay, gaplashib o‘tiraverganimni qarang, ishlarim qolib ketyapti-ku, boraqolay, – deya uyiga “jo‘naydi”.
Ajab, bu besh-olti yashar bu qizginalarning “bolalari” ham bor, ularni o‘zlaricha koyib-urishishadi:
– Bola bo‘lmay qol, muncha meni kuydirasan? Buyurgan ishlarimni qilmabsan-ku?
– Xosi, bolalaring nechta?
– To‘rtta. Seniki-chi?
– Menikiyam to‘rtta. Yo‘q, beshta ekan!
Qishloq qizginalarining o‘yinlaridan yana nimalarni aytsa bo‘ladi? Bahorda birinchi bo‘lib tol och-yashil tusda kurtak yozadi. Tol po‘stlog‘i mo‘rt, yengil burab turib, ichidagi oqish chivig‘ini chiqazib tashlab, popukli qismini sochlariga qo‘shib o‘rib olishadi, buni tolpopuk, deydilar. Yashil tolpopuklar chiroyli ko‘rinadi-da. O‘g‘il bolalar esa tol novdasidan surnay yasab, chiyillatib chalib yurishadi.
O‘ynaganlarida qo‘shiqlar ham aytadilar:

Chumoli chumoli-ya,
Mayda chumoli-ya,
Chumolini uyasi,
Doshqozonni kuyasi,
Alli qiz, balli qiz,
Chiqaqolsin Ra’no qiz…

Qo‘shiq aytar ekanlar, maysa poyalarida o‘rmalab yurgan chumolilar angrayib qarashayotganday tuyuladi, Ra’noning kulgisi qistaydi.
Bunday qo‘shiqlar ko‘p, Ra’no ham anchaginasini yod biladi. Kech kira boshlaganida darvozaxona oldidan bolalarning jo‘r bo‘lib aytgan chorlovlari eshitiladi:

Halinchag-o halinchak,
Uydan chiqmagan kelinchak!..

O‘ynay-o‘ynay charchashgach, bu qo‘shiqning tersi aytiladi:

Halinchag-o halinchak,
Uyiga kirmagan kelinchak!

Potirlab hamma uy-uyiga tarqalib ketadi…
Shom tushganida ko‘kda yulduzlar jimirlay boshlaydi. Uzum toklari orasidan juda yorug‘ oy samoga ko‘tariladi. Ishkom ostidagi so‘rida ovqatlanib o‘tirishsa, to‘satdan g‘o‘ng‘illab daraxt qo‘ng‘izi yoki buzoqboshi uchib kelib qoladi. Ra’no buzoqboshidan qo‘rqadi. Qo‘ng‘iz esa yagona shoxini ko‘z-ko‘zlab, dasturxonni tirmalaydi. Oy yanada havolab, kecha qorong‘isida shitirlayotgan teraklar uchiga yetganida ayvonga qatorasiga joy solinadi, boshi yostiqqa tegishi bilan dong qotib, bolalikning musaffo uyqusiga cho‘madi.
Tush ham ko‘radimi? Ha, lekin u tushlar esda qolmagan.
Esida qolgani – ayvonning orasi ochiq taxtalari, tepadagi vassajuftlar va o‘sha yerdan mo‘ralab turadigan qaldirg‘och bolalari.
Har holda, u juda odobli va aqlli qiz bo‘lib o‘smoqda edi.
Hushyor nigohi bilan tevarakni kuzatar edi.
Kishilarning bari oppoq yaxtak kiyib, bellarini yashil yoki ko‘k rang belbog‘ bilan bog‘lab, mahsi-etik kiyib yurishadi, belbog‘larida pichoqlari osig‘liq turadi. U juda o‘tkir, ayb ish qilsa, kattalar o‘sha pichoq bilan sho‘xroq o‘g‘il bolalarning qulog‘ini kesib olishlari mumkin. Qizlarning qulog‘ini kesishmaydi, qizaloqlarni faqat xotinlar chimchilab-koyishadi.
Dunyo jo‘shib yotadi-da. Bahorda har narsa junbishga kelib, tevarak birpasda turli-tuman gul-chechakka burkanib ketadi. Ariqchadagi suv ham sho‘x-shodon oqa boshlaydi: rangi bo‘tana tus olib, u bo‘tana aro mayda shoxchalar, o‘tlarning barglari va gullari oqib keladi.
Goh-goh uyga begona kishilar ham kelishib, iljayishib “Hoy qizcha, otingiz nima?” deb so‘rashadi. Ra’no ularga ismini aytgisi kelmaydi. “Bor-e” deb chopib ketib qolsa ham birov uni koyib-urishmaydi, kulib qo‘yaqolishadi.

Ota

Ota baland bo‘yli, keng yelkali kishi bo‘lib, Ra’no uni juda yaxshi ko‘radi.
“Otang kelganida “Assalomu alaykum” deb, qo‘lingni ko‘ksingga qo‘yib, burro-burro qilib salom berasan, – deb qulog‘iga quyadi ona. – Salom berganingda baqrayib qarab turmaysan, darrov qaytib, ishingga urinasan.
Sen qiz bolasan, tengdoshlaringga salom bermasang ham bo‘laveradi, lekin kattalarga albatta salom berasan.
Kattalar senga salom berishsa, alik olmaysan, xuddi eshitmaganday, shoshib o‘zing salom berasan.
Qizalog‘im, har muomalaning o‘z odobi bor. Mehmon kelsa, darrov yangi to‘shaklardan opkelib solasan, fotiha qilingach, dasturxon yozasan. Dasturxonni teskari yozib bo‘lmaydi, xafa bo‘ladi, yuzimni teskari qildi deb. Kelgan kishi sanog‘iga qarab to‘rtta, oltita yoki sakkizta non, qand-qurs, meva-turshak qo‘yasan. Nonni toq qo‘yib bo‘lmaydi. Nonni teskari qo‘ysang, u ham dasturxonga o‘xshab xafa bo‘ladi. Mehmon kutishning o‘ziga xos odoblari bor, qay tarzda hol-ahvol so‘rashishu qay tarzda xayrlashishgacha asta-sekin o‘rgataman, ammo uyda o‘zimiz o‘tirganimizda ham odobga rioya qilishing shart. Masalan, kechagiga o‘xshab sirayam to‘rga chiqib ketmaysan, qiz bolasan-ku, axir? Hamma o‘tirganida sen osh-ovqat opkelasan. Keyin, ikki oyog‘ingni chapga bukib, odob bilan o‘tirasan, kim choy ichkisi kelsa, piyolaga yarim qilib quyasan, barmog‘ingni uchi bilan tutib, nazokat bilan uzatasan.
Agar kimdir choyni oxirigacha ichmasdan qaytib uzatsa, bildirmasdan to‘kasan, choy qoldig‘i ustiga yana choy quymaysan.
Choy damlashniyam o‘z usullari bor, choynak ichi oppoq bo‘lishi kerak, qaynoq suv bilan chayib tashlab, keyin quruq choy solasan. Albatta, dam yedirasan.
Dasturxonda fotihadan oldin o‘tkir narsa turmasin. O‘tkir narsa duoni kesadi deganlari yolg‘on, aslida tig‘iga dam berilgani yoki go‘sht kesilgani uchun olib qo‘y deyiladi. Hamma duo qilgach, turib kosa-tovoqlarni yig‘ishtirasan, keyin dasturxonni “Savobini dun­­­yo­­­dan o‘tganlarga bag‘ishladim” deb qoqasan. Dasturxon odamlar oyoq osti qilmaydigan joyga qoqiladi, uvoqlari qurtu qushlarning rizqi bo‘ladi, qurtu qush yesa ro‘zg‘orga baraka kiradi…”
Jamalaksochgina, shaddodgina Ra’no mana shularni ko‘ra-ko‘ra o‘sadi.
– Erkak kishilarga tik qaramagin, – deydi ona.
– Nega?
– Odobsiz qizcha ekan deyishmasin-da. Erkak kishi kelayotganida yo‘l bo‘shat, qaqqayib turma. Yoningga kepqolsayu tanish bo‘lsa, yerga qarab salom ber, notanish bo‘lsa gapirmayam, qaramayam.
Hovliyu ko‘cha supurishni azaldan o‘rganib olgan. Yozda suvlar ham sepadi. Hamma juda erta turgani uchun saharlar onasi “tur, qizalog‘im” deganida ko‘zlarini zo‘rg‘a ochadi, uyqu juda shirin. Ona hammadan erta turib, suv isitib ham qo‘yadi. Lekin Ra’noga ariqdagi suvda bet yuvish ma’qul.
Chunki, jildirab sho‘x-shodon oquvchi shu ariqcha Ra’noning suhbatdoshi.
– Ariqcha, oqyapsanmi?
– Ha, oqyapman.
– Zo‘rg‘a turdim, yana uxlab qolgim kelyapti.
– Mehnat odamni o‘ldirmagan, tanangda joning bor ekan, urin, qimirla, o‘zingni yumushga ur, – deydi ariqcha onasining ovozi bilan.
Shu tariqa yana bir kun boshlanib ketadi.
Goho Xosi ikkalasi behi ostida bir-birlariga suv sochib cho‘milishadi. Lekin kunlarning birida cho‘milishga borib, behi shoxiga qo‘nib olgan katta bir qushni ko‘rishdi. Qushning ko‘zlari sariq, katta-katta, shoxda qimir etmay o‘tirardi. Qizaloqlar hayiqishib, ortlariga qaytib ketishdi.
– Nimaga cho‘milmading? – deya so‘radi ona.
– Bir qush bor ekan, baqrayib qarab turaverdi, uyaldim, – dedi qizaloq.
Ona qizini o‘ziga tortib, bag‘riga mahkam bosib yuz-ko‘zlaridan o‘pdi, “Ishqilib, omon-eson katta bo‘lgin, onang cho‘ri”, dedi sochlarini silab.

* * *

Yana bir chaqaloq tug‘ildi.
U hech nimani bilmaydigan, goh o‘zicha kulimsirab, goh chirillab yig‘laydigan qiziq bir jonzot edi.
Onasi yumushga unnab ketganida goho Ra’noga “Ukangga qarab tur”, der edi. Shunda Ra’no qiziqsinib uning qo‘l-betlarini ushlab ko‘rardi. Chaqaloqqa bu yoqmas, g‘ingshirdi.
Ona allalari ham o‘chmas bo‘lib yodiga muhrlandi:
Tilimning uzuni-yo, alla.
Yuzimning qizili-yo, alla,
Yuragimning taftiga-yo
Tandirlar qiziydi-yo, alla…
…Otasining davlati yo‘q, alla-yo alla,
Onasining rohati yo‘q, alla-yo alla…
So‘zlariga e’tibor berarmidi? “Yuzimning qizilligi sen tufayli”, dermidi onasi? “Sen bo‘lmasang somonday sarg‘ayardim, Xudoyim yetkazganiga ming shukur” dermidi? “Tilimning do‘stu dushman orasida uzun bo‘lishiyam sendan, axir… Yo‘qsa, orzu-armonlarim mo‘l edi, endi esa yuragimda taftiga tandirlar qiziydigan darajada lahcha cho‘g‘lar bor, jonim bolam”, deb kuylarmidi allasini onaizor?
Goho xotinlar to‘planib, childirma chalib qo‘shiq ham aytar edilar:
Toleim bo‘lsa edi, yongan chiroq o‘charmidi?
Men suyangan tog‘larim osti bilan ko‘charmidi?
Yig‘lay-yig‘lay tiniqib, keyin yana chaqchaqlashib o‘tiraverishardi. Qizgina ular kiygan ko‘ylaklarga, taqinchoqlarga e’tibor berar, tezroq katta bo‘lgisi, mana shunaqa guldor ko‘ylaklar kiygisi, taqinchoqlar taqqisi kelar edi.

Chimchilovchi g‘alati maxluq

Bu yerlarda shamollar suron solib esadilar: kunbotardan kunchiqarga, kunchiqardan kunbotarga…
Uylarning omonat tomlarni ko‘chirib, xas-xashaklarni uchirib, tik qadli teraklarni cho‘rt uzib yuboradigan mana shu quvvatli shamollar qatida devlar uchib kelishardi.
Ular buvining yoki onaning ertaklaridan paydo bo‘lgan xayoliy maxluqlar edilar.
Ba’zilarini esa Ra’noning o‘zi o‘ylab-yaratib olgan edi.
Shulardan biri – g‘oyat uzun bo‘yli, bahaybat, butun vujudi yaltirab, ko‘zlarining soqqasi tinmay aylanib turadigan chimchilovchi g‘alati maxluq bo‘lib, hamma uxlagan, oy havolagan mahalda tomorqalar orasidan sezdirmay chiqib kelar, mabodo hech kim sezmasa, o‘yib-chimchilab olishi mumkin edi. Paydo bo‘lar makoniyu g‘oyib bo‘lar joyi ham noaniq, qilar ishi faqat Ra’noni ko‘rqitishdangina iborat bu maxluq qayda yashashiniyu nima yeb-ichishini ham bilib bo‘lmasdi. Ayvonda yotganida, oy yog‘dusi nurli chang singari tevarakni enlab, sokinlikka cho‘mdirgan mahalda daraxtlaru jo‘xorizorlar orasidan chiqib kelaverardi. U maxluqni faqatgina Ra’no bilardi, xolos, birovga aytsa kulgiga qolishini o‘ylab indamasdi. Aslida u maxluq Ra’noning tasavvuridagina bor edi, biroq, qay tarzdadir paydo bo‘lib, tepasiga kelib o‘yib-chimchilab olishidan qo‘rqardi-da. O‘ylab qarasa, shu mahalgacha u maxluq biror so‘z aytmabdi, qilar ishi vahima uyg‘otish bo‘libdi, xolos.

Ayyor malla tulki

Shunaqa qo‘rqinchli jonzotlardan yana biri ayyor malla tulki bo‘lib, kishilarning gapiga qaraganda, ekinzorlar va daraxtlar orasida payt poylab yashirinib yotar, yosh bolalar uyda yolg‘iz qolgan mahalida tepasiga kelib qitiqlar, kuldira-kuldira o‘ldirar ekan. Uniyam yashash joyi va nimalar bilan mashg‘ulligi noma’lum edi. Bepoyon tomorqazorlar aro ba’zan yolg‘iz yurganida, qo‘ralar va jingullar orasidan o‘sha tulki chiqib kelishidan qo‘rqib yurdi. Bir kuni baland o‘sgan, barglari sarg‘aya boshlagan jo‘xorilar orasidagi yo‘lakdan borayotsa, poyalar qattiq shitirlab, bir nima otilib chiqib kelganida qo‘rqqanidan joyida serrayib qotib qoldi. Jajji yurakchasi qinidan chiqquday duk-duk urar, yuzlari muzlab ketganday edi. Qarasa, shu atrofda sanqib yuradigan daydi mushuk ekan. Mushuk ham ro‘parasidagi qizchaga angrayib qarab turaverdi.
– Bo-or, yo‘qol! – dedi Ra’no va yig‘lab yubordi. Yerdan kesak olib otgan edi, mushuk ura qochdi.

Kichkina sariq qizcha

U qizchaning mavjudligini Ra’no o‘rtog‘idan bilib oldi.
Sariq qizcha daraxtlarning shoxlarida, qalin va g‘uj o‘sgan qarovsiz jingulzorlarda oyoqchasini osiltirib o‘tirar, aytishlaricha, pichoq va qalampirdan juda qo‘rqar, mabodo yolg‘iz bolalarga duch kelsa, boshini aylantirib uzoq dalayu yaylovlarga adashtirgani olib ketardi.
Ra’no mana shulardan juda qo‘rqardi.
Kechalari ba’zan o‘rnidan turib, uyqusiraganicha borib otasining bag‘riga kirib ketardi. Ota bag‘ri ulkan, tinch va osoyishta, u bag‘irda ta’rifsiz tinchlik va farog‘at qo‘yniga cho‘mar, sal o‘tmay pishillab uxlab qolar, uyqudan uyg‘onganida esa o‘zini o‘z joyida ko‘rar, shunda ota, u uxlab qolgach, avaylab ko‘tarib o‘rniga olib ketib yotqizganiga aqli yetar edi. Otasini shuning uchun ham yaxshi ko‘rardi, yo‘qsa ota u bilan juda kam gaplashardi, chunki ishidan kech kelardi. Ammo kelganida qizginaning qalbi quvonchga to‘lib ketar, shuni onasiga ham, otasiga ham aytolmasdi-da. Shamollarda, yomg‘irlarda ona javray-javray supra yoyib, xamir qorar, bir yoqda uka chirillab yig‘lab, bir yonda ona yumushlariga ulgurolmay sannaganida, onamga yordam beraqolay deb chopib borib kichkina mushtchalari bilan xamir qorarkan, tezroq otam kepqolsaydi deb orzu ham qilar edi. Ajabki, mana shunday paytlarda ota kirib kelsa, hamma narsa o‘z o‘rniga tushar, ishlar o‘z-o‘zidan yengil bitar, otam qanday zo‘r-a degan o‘y uning murg‘ak diliga quvonch baxsh etardi, “Otam hammadan zo‘r” deya Xosiyatga maqtanar ham edi.

* * *

– Ha, ariqcha, oqyapsanmi?
– Oqyapman.
– Otam hammadan zo‘r-a?
– Ha, sening otang hammadan zo‘r!
Yana bir nimalarni gapirishni istardiyu ichi to‘la his-tuyg‘u bo‘lgani bilan tiliga so‘z kelmayotganini o‘ylab, hayron bo‘lardi.
Tunlari olislarda jivirlayotgan yulduzlarga ham termilar, ular nima uchun bu qadar olisdaligiga aqli yetmay, qaysi biri mening baxt yulduzim ekan, deb o‘ylar edi.
Baxt nima o‘zi?
Baxt nimaligini tuzuk-quruq tasavvur qila olmasdi. Bilgani shuki, bir kuni ulg‘ayib, chiroyli, ko‘rkli qizga aylanadi, keyin kimgadir turmushga chiqib, er-xotin bo‘lishadi, har holda, bolasi ukasiga o‘xshab yig‘lamaydi, o‘ziyam onasiday javramaydi, hamma ishlarni darrov bajarib qo‘yadi, hovli top-toza, idish-tovoqlar yuvilgan, o‘choqda shirin ovqatlar pishiradi, bolachasini uxlatish kerak bo‘lsa onasidan yodlab olgan allalarini aytadi, hayot sira tugamaydi, o‘ziyam sira qarimaydi… tasavvuri yetgani shu edi.

* * *

Ular yana “mehmon-mehmon” o‘ynar edilar.
Ra’no uzun bir cho‘pni olib, unga ipdan belbog‘ boyladi.
– Bu kim? – dedi Xosiyat, hayron bo‘lib.
– Otam, – dedi Ra’no. – Ishdan keldi.
– Ha, yaxshi o‘tiribsizlarmi? – deya kirib keldi “ota”.
– Shukur. Yaxshi kelyapsizmi?
– Hah, ishiyam qursin, charchadim, – dedi “ota”.
– Choyingdan bormi, opkelaqol.
– Bolangizni yana mazasi bo‘lmayapti, – dedi ona, o‘choq boshiga ketarkan.
– Iya, nima qipti?
– Yana ichi o‘tyapti.
– Hozir yaxshi qipqo‘yaman.
Ota “bola”ni qo‘liga oldi.

* * *

– Ha, ariqcha, oqyapsanmi?
– Oqyapman.
– Bugun ukam o‘lib qoldi.
– Voy, nima bo‘ldi?
– Bilmadim… Qo‘rqib ketyapman, ariqcha.
– Qo‘rqma…
– Yaxshi bolacha edi… Qo‘lchalarini o‘ynatib, chug‘urlab yotar edi. Iljayib turib, chuvillatib siyib ham qo‘yar edi…
– Ha, ukang yaxshi bola edi.
– Onam nima qiladi endi?
– Bechoraga qiyin bo‘pti.
– Yupataman deb, “Onajon, xafa bo‘lmang, yana bitta ukacha tug‘ib olasiz” desam, rosa yig‘ladi.
– Endi sen unga mador bo‘l, xayolini chalg‘it.
– Otam-chi?
– Otang nima qilyapti?
– U ham yig‘layapti. Ammo onamga o‘xshab emas. Tomorqalarni aylanib yuradi-da, keyin boshini daraxtlarga, guvalak devorlarga urib-urib yig‘laydi.

* * *

Ukachaning o‘lib qolgani yomon bo‘lsa-da, vaqt o‘tgani sayin u musibat unutila bordi. Qarindosh-urug‘lar, mahallaning chollari tez-tez kirib turishar edi, keyin kamroq yo‘qlaydigan bo‘lishdi. Onaizor otaning yengiga osilib “bolamni oldiga boraman” deb yig‘lar, ota goh uni urishar, goh esa indamay qaylargadir – ukachaning oldiga olib ketar edi.
“Qora yerlarda yotaveradimi bolam?” deya yig‘lar edi boyoqish.
Sellar kelganida bolam qo‘rqmayaptimikin deb, kuz yomg‘irlarida yotgan yeri namlanib ketmadimikin deb, qishlarda muzlab-sovqotmayaptimikin deb yig‘lardi-da, sho‘rlik.
– Bolamni oldiga boraman! – deya xarxasha qilardi onaizor.
– Hoy aqli past, borganing bilan qo‘lingdan nima keladi?
– Bilmayman, boraman!
– Hammaning bolasi bor, meniki yo‘q.
– Hamma xotinlar o‘sma-xinolar qo‘yib, yasanib yurishibdi. Men esa jinnilarga o‘xshab tentirayman, it ham qaramaydi. Bolam bo‘lganida men ham chiroyli bo‘lardim…

* * *

Kichkina Ra’no nima qilarini bilmas edi.
Xudo nimaga ukachani olib qo‘ydi?
“Nimaga olib qo‘yding” deb so‘rardi Xudodan.
Xudo javob bermas edi.
“Onam qiynalib ketdi-ku? Otam so‘rida boshini egib o‘tirib qolmoqda-ku? Men ham sog‘inib-sog‘inib ketyapman-ku?”
– Ariqcha, Xudo nimaga ukachamni olib qo‘ydi?
– Bilmadim, o‘rtoqjon. Unaqa narsalarga mening aqlim yetmaydi.

* * *

Bahor keldi.
Ona ketmonni olib, tomorqa chopdi. Hamma ishni otangga tashlab qo‘yib o‘tiraverishimiz insofdan bo‘lmaydi, dedi u. Tomorqalar bir-biriga tutashib ketgan, narigi hovlilarda ham bola-chaqasi bilan yer chopayotgan kishilar ko‘rinar edi. Shunaqa ishlarni ham o‘rganib olaqol, vaqti kelib kerak bo‘lib qoladi, dedi onaizor. Yerni bir yarim ketmon chuqurligida chopasan. Tagida unumdor qatlami bor, u qoramtirroq bo‘lib ajralib turadi, chopganingda olgan tuprog‘ingni ag‘darib ketaverasan, shunda unumdor qatlam tepada bo‘lib qoladi, ana o‘shanga urug‘ qadalsa, hosil yaxshi bo‘ladi.
U ro‘mol bilan boshini boylab, oyog‘iga etik kiyib olgan edi. Ona yonida baravar yer chopa boshladi.
Ketmon g‘uvullab tushganida eski tomirlarni tikkasiga kesib yuborar, yer ostiga in qurgan qurtu qumursqalar jonholatda har tarafga qochar edilar. Bo‘linib ketgan chuvalchang­lar to‘lg‘onardi. “Borib tovuq katagini ochib yubor, bir mazza qilishsin” dedi ona, kulimsirab. Yuzi qip-qizil bo‘lib bo‘g‘riqib ketgan edi. Ra’no chopib borib, sim ilgagini tushirib, katak eshigini ochgan edi, tovuqlar chopilgan yer bo‘ylab yoyilib ketishdi. Qaydandir qushlar ham uchib kelib, uchib-qo‘nib rizq izlay boshlashdi.
– O‘lsin-a mehnati, – dedi ona, ro‘moli bilan peshanasining terini artib. – Belim qotib qoldi.
Shu tobda u judayam istarali edi. Ra’no qarab turib, mahkam quchoqlab oldi.
– Sizni yaxshi ko‘rib ketyapman, – dedi yuzini ko‘ylagiga ishqab.
– Aylanay jonim qizimdan, – dedi ona ham. – Bo‘laqol, ishimiz ko‘p.
Shu mahal onaning ukalari – tog‘alar ham yetib kelishdi-da, barchalari birgalashib kechgacha yer chopishdi.
Shom mahali kirib kelgan ota buni ko‘rib mamnun bo‘ldi.
– Kechikib ketyapti deb tashvishlanib yuruvdim, yaxshi qipsizlar, – dedi onaga. – Bugun o‘zim bir osh damlab beray sizlarga.
Otaning osh damlashi qiziq edi. Ra’no uning go‘sht-yog‘ qovurishini, tuz-namagini totib ko‘rishini angrayib tomosha qildi. Iya, otasi ham ovqat pishirishni bilar ekan-da? Bir mahal osh suzildi, juda shirin bo‘pti, maqtab-maqtab yeyishdi.
– Ovqat yeyayotgan kishilarga mahtal bo‘lib turadi, – dedi ona. – Uni maqtab-maqtab yeyish kerak.
– Er kishini o‘choq-qozonga yaqinlashtirmaysan, – dedi. – Bugun otang iyib ketib, o‘zi istab osh qilib berdi, ammo qozon-o‘choq xotinlarning joyi.
Qozon tagida qirmochi qolgan, ona uni kapgir uchi bilan ko‘chirib, kosaga solib qo‘ygan ekan, Ra’noning yegisi keldi. Qarasa, shirin ekan, hammasini yeb qo‘ydi.
– Qozon qirmochini yesang, to‘yingda shamol esib, yomg‘ir yog‘adi, boshqa yemagin, – dedi ona.
Ertasiga jo‘yak oldilar.
“Qizim, jo‘yaklar to‘ppa-to‘g‘ri qilib olinadi, sug‘organingda suv tez oqib ketmasin yo ko‘llab ham qolmasin”, dedi ona. Jo‘yak olingach, suv ochib kelishdi. Suv kesaklarni ivitib, egat oralarini asta-sekin to‘ldirdi. Ra’no mayda hasharotlarning jon halpida qochishlarini tomosha qilib o‘tirdi.
“Endi bir kun tursa selgiydi, tuproq namni emib oladi, – dedi ona. – Shundan keyin urug‘ qadasak ham bo‘ladi”.
Ertasiga saharlab turishdi. Bodring urug‘i qovun urug‘i bilan bir xil ekan. To‘rtburchak qilib olingan pollarga esa piyoz, ukrop, kashnich ekishdi. “Yer chopish qiziqroq edi, ekin ekish sira qiziq emas, bel og‘rib qolarkan”, deb o‘yladi Ra’no. Pollarning chetiga ona gullar qadadi. Tomorqaning hovli bilan tutashgan yerlariga rayhon ekildi.
“Rayhonning bir necha turi bor. Sadarayhon, oq va qora rayhon. Oq deganlari sira oq emas, balki juda och yashiltob tusda, bargchalari kichkina, qora va sadarayhonning hidi o‘tkir bo‘ladi”, dedi ona.
Ota saharlab bozorga borib, besh-olti tup ko‘chat olib keldi, ularni suvli chuqurchaga solib qo‘yishdi. Keyin ota daraxtlarni butashga tushdi. Ra’no otasining yonida yurardi.
– Ota, nimaga shoxlarini kesyapsiz?
– Novdasi ko‘p bo‘lsa, daraxtning kuchi yetmaydi, qizim, – dedi ota. – Meva qiladigan shoxchalarini qoldirib, qolganlarini kesib olamiz.
Keyin ko‘rsatdi:
– Qara, mana shu kesilgan joyidan yon novdachalar o‘sib chiqadi. Bu daraxt juda itoatkor, biz qanaqa shakl berishni istasak, o‘sha qiyofaga kiradi. Tikka shoxlarini atay kesdim, ona qizim hosil pishganida uzib olishga qiynalmasin, deb.
Ota quruq shox bilan nam shoxni ko‘rsatdi:
– Ko‘ryapsanmi, qurug‘ida hayot asari yo‘q. Nami esa tirik. Aslida bu daraxtlarning bari jonli, bolam. Daraxt ham odamga o‘xshab umr kechiradi. Mana, hozir ko‘chat ekasan.
– Ota, nimaga siz ekmaysiz? – deb so‘radi u.
– Oy qizim, sendaqa yosh bolalar qadasa, baraka mo‘l bo‘ladi, – dedi ota.
Shunday qilishdi. Ra’no ko‘chatlarning nam novdasini ushlab turdi, ota esa “bismillo” deb tuproq bilan ildiz qismini ko‘mdi. Shibbalab, suv ham quydilar.
– Bular – sening daraxtlaring, – dedi ota. – O‘zing qarab tur endi.
Kesilgan shoxlardan hali nam ketmagan, qo‘lga muzday tegardi. Endi bular qish kelganida o‘tin bo‘ladi, dedi ota. Bolta bilan urib-kesib sarjinladi, saranjomlab, po‘stloqdan beldamchi yasab boylab ham qo‘ydi. To‘plab, qo‘raga bosishdi.
– Oy qizim, rosa mehnat qildik, – dedi ona. – Endi senga yangi gulli ko‘ylak oberaman.
U shodlanib uxlab qoldi. Tushida oy jilmayib turganmish, u ham guldor ko‘ylak kiyib olganmish.

* * *

Ekinzorni yovvoyi o‘t bosdi.
Bular ariqdagi suv bilan oqib kelgan o‘t urug‘lari edi. Nam joylarda semizo‘tlar o‘sa boshladi. Ra’no ularning hammasini diqqat bilan kuzatib chiqdi.
Jo‘yaklar orasida kurmaklar bo‘y cho‘zibdi. To‘q yashil uzun bargli, tez o‘suvchi bu o‘tni sigiru qo‘ylar yaxshi ko‘radi, dedi ona. Kurmak ular uchun jizzali nonday shirin tuyuladi. Kurmak ildizi pataksimon, oppoq bo‘ladi. Yerga qattiq o‘rnashmaydi, tortsang, salga qo‘porilib chiqadi. Sho‘ralar ham bor ekan, ular ikki tur – oddiy sho‘ra va makkasho‘ra. Oddiy sho‘ra baland o‘smaydi, ammo ildizi o‘q ildiz bo‘ladi, chuqur ketadi. Makkasho‘raning ham ildizi shunaqa, uning tanasiyu bargi qo‘pol, tukli. Kattalashib, butaday bo‘lib o‘sib ketishi mumkin. Eng zaif o‘rnashadigani semizo‘t, urug‘i doimo suvda oqib keladi, tanasi ham nuqul suvdan iborat. Quritgani oftobga qo‘ysang, qo‘ng‘ir tusli yengil xasga aylanib ketadi. Ajriq – eng ashaddiysi. Boshqa o‘tlarning tanasini egsang sinavermaydi, yumshoq bukiladi, ajriqning tanasi qattiq bo‘ladi, buksang, qirs etib sinadi. Har bo‘g‘inidan ildiz otaveradi, oftobda qolib qurigani ham nam tegsa, darrov sergaklanib, o‘sa boshlaydi. Ajriq bosgan yerni tozalash qiyin bo‘ladi. Shuning uchun yulingan ajriqlarni tuproq ustida qoldirish yaramaydi, bitta bo‘g‘imi qolsayam bir necha kundan keyin qarasang, ko‘payib ketgan bo‘ladi. Yana bangidevona bilan ituzum ham bor. Ituzum xuddi uzumga o‘xshaydi, ammo yeb bo‘lmaydi, uni itlar yeydi. Bangidevona katta-katta tikan soladi, ichida qop-qora, uchli urug‘lari bo‘ladi, mana shu urug‘ni mol yesa, aqldan ozib qoladi. Agar yulib tashlamasang, urug‘i yetilganida po‘sti quruqshab, oralari ochiladi, keyin urug‘larini yerga sochadi. Daraxtlar ostida va ekinzorda pechak hamda qoqio‘t-momaqaymoqlarni ham ko‘rasan. Pechak zaif narsa, ekinga chirmashgani yomon, momaqaymoq esa beozor, chunki u o‘z holicha ekinga zarar bermasdan o‘sadi, darrov oppoq popiltiriq chiqaradi, har popiltiriq ostida bittadan sarg‘ish urug‘i bo‘ladi. Shamol esganida u urug‘ni ko‘tarib ariqlar, ekinlar, tomorqalar uzra uchadi, qo‘ngan yerida o‘rnashib urchiyveradi.
– Shularning barini joni bor, o‘sib urug‘ solay deb urinishadi. Urinsa urinaversin, ammo o‘sib ketishsa, yerning kuchini so‘rib olib, senu mening rizqimizni yo‘qqa chiqarishadi. O‘shan-chun ham barini yulib tashlashimiz kerak, yulganlarimiz sigir-qo‘ylarga yemish bo‘ladi, keyin sigirimiz mo‘l sut beradi, qaymog‘i ham ko‘p bo‘ladi, – deb tushuntirdi onaizor.
Ra’no onasining yoniga tushib olib hafsala bilan o‘toq qilar edi.
“Mana senga”, deb jahl bilan yular edi begona o‘tlarni.
Oradan o‘n besh kunlar o‘tgach, “Endi jo‘xori bilan makka ekamiz”, dedi ona.
– Nimaga, ekinlar yetilmadi-ku?
– Jo‘xori bilan makka qadab chiqsak, hosil pishguncha bir-ikki qarich o‘sib ulgurishadi, – dedi ona. – Sabzavotlarni yig‘ishtirib olganimizdan keyin bemalol o‘saverishadi. Hosil pishganidan keyin eksak, o‘n-o‘n besh kun yutqizib qo‘yamiz.
Ra’no teshacha bilan chuqurcha qaziydi, kichkina kaftiga uch-to‘rtta makka donasini oladi-da, chuqurchaga tashlab, ustiga tuproq tortadi. “Oson ekan-ku” deydi qoniqish bilan. Ona unga suv izini ko‘rsatdi. Mana shu izdan tepaga ham, pastga ham ekma, dedi, chunki sug‘organimizda ildiziga suv yetib borishi kerak. Pastroqqa eksang, nam ko‘pligidan chirib qoladi, teparoqqa eksang, suv yetib bormay, quriydi…
U shunday qildi.
Makka doni katta, sariq, uch tarafi oqish, uchli edi. Jo‘xori doni esa kichkina, yumaloq. Ammo oradan besh-olti kun o‘tib, ekilganlar unib chiqqanida hayron qoldi: doni turlicha bo‘lsa-da, ungan nihollar bir-biriga o‘xshash ekan. Ona aytdiki, keyinroq bular o‘zgaradi, makka bargining chetida sariq hoshiya paydo bo‘ladi. Jo‘xorining bargi kambarroq, tukli, makkaniki esa enli, silliq bo‘ladi.
– Oy qizim, yer ishiga doim xotinlar qarab kelishgan, – dedi. – Hamma ishni otang qilaversa, charchab qoladi-ku? Ayolda baraka bor, deyishadi. O‘shan-chun kuch-quvvat kerak bo‘ladigan ishlarga otang, maydalariga sen bilan men qaraymiz. Otang saharlab uydan chiqib ketib kechgacha mehnat qiladi, shom mahali horib-charchab qaytadi, shu ishlarni bajarib qo‘ysak, xursand bo‘ladi. Jonim qizim, buni ro‘zg‘or deydilar. Hamma baravariga urinib-tirishmasa, ro‘zg‘or bo‘larmidi? Qara, ekin yerlarimiz saranjom-sarishta, hovlimiz top-toza. Ozgina bo‘sh yer qolgan bo‘lsa, darrov gulu rayhon qadab qo‘yamiz. Oqila ayol shunaqa bo‘ladi, qizim. Hali katta bo‘lgin, o‘zingni ro‘zg‘oring bo‘ladi, o‘shanda sen ham shunaqa qilasan.
– Ha, shunaqa qilaman, – dedi Ra’no, ishonch bilan. Ona qizini bag‘riga bosib, o‘pib-o‘pib oldi.
Behi ostidagi ariqcha hanuz jildirab, sho‘x-shan oqar edi. Tegrasidagi o‘tlar baland o‘sibdi, ajriqlar uchta yoki to‘rtta uchli ko‘kish gul ochibdi, kurmaklar esa gullamabdi, pechaklar oppoq, mayda, bangidevona to‘q naparmon hoshiyali katta karnaysimon gul yozibdi. Yana allaqancha otini bilmaydigan o‘tlar ham bor ekan, suv to‘la turli o‘tlarning urug‘i edi

* * *

– Ariqcha, oqyapsanmi?
– Ha, qizgina, oqyapman.
– Suving urug‘larga to‘lib ketibdi.
– U o‘tlar ayyor-da. Kelib yulib tashlashingni sezib, urug‘larini suvlarimga sochishdi. Oqib borib, boshqa xavfsiz joylarga o‘rnashishsin, deya.
– Men hammasini yulib tashladim. Endi ekinzorimiz top-toza.
– Yasha, qizgina. Juda aqlli qizsan-da.
– Bo‘pti, ariqcha, men ketdim. Xosi bilan o‘ynayman desam, Xosinikidayam ish ko‘p ekan.
– Mayli, qizaloq, yaxshi bor.

* * *

– Kun sayin o‘syapsan, tikishniyam o‘rganishing kerak, – dedi onasi. – Hali o‘nta bolang bo‘lsa, kiyim yetkaza olarmiding, bir joyi yirtilsa, o‘zing tikib berasan-da.
Ra’no ignaga ip o‘tkazib, keraksiz matolarni bir-biriga chatishtirib tikishni ham o‘rganib oldi. Tikish ikki tur bo‘larkan: oddiy, mahkamlamasdan o‘tkazib-o‘tkazib tikish, ikkinchisi o‘rmoqlab tikish. O‘rmoqlab tikilgan joy mustahkam bo‘lsa-da, egri-bugri bo‘lib do‘ppayib qolarkan, to‘g‘ri tikilganida esa chok tekis chiqsa-da, oson so‘kilarkan. Igna barmog‘iga kirib og‘ritdi, ona unga angishvona ishlatishni ham o‘rgatdi.

* * *

– Xosi-i! Huu-uv Xosi!
– Ha?
– O‘ynaysanmi?
– Yo‘q, o‘ynagim kelmayapti.
– Nimaga o‘ynamaysan?
– Chunki, yig‘lagim kelyapti.
– Nimaga?
– Otam onamni urdi, o‘shanga.
– Nimaga urdi?
– Bilmayman, o‘rtoqjon. Ko‘chada ichib kepti. Senlarni boqaman deb umrim zoe ketdi, bittang ham qadrimni bilmaysan deb rosa yig‘ladi, keyin onam bir nima degan edi, baqirib oldiga solib quvdi… Qo‘rqib ketganimdan yig‘lagim kelyapti. Ammo yig‘laganiyam qo‘rqyapman.
– Yig‘lashgayam qo‘rqadimi odam?
– Otam kelib, meniyam ursa-chi?
– Ha, unda yur, makkalar orasiga kirib olamiz, o‘sha yerda yig‘laysan.
Shu tariqa ikki qizaloq qo‘l ushlashib, yalangoyoqlari quyoshda qizigan sho‘r hovlida kuya-kuya, tomorqa adog‘iga yo‘l olishdi.
Ammo yig‘lashga imkon bo‘lmadi. To‘satdan katta bir qush paydo bo‘lib, shundoqqina uch qadam nariga qanotlarini potirlatib shovqin solib tushdi-da, bir nimani changallab yana tepaga ko‘tarilib ketdi.
– Jo‘ja o‘g‘risi! Voy, jo‘ja o‘g‘risi! – der edi hayajonlanib Xosi. Yig‘lamoqchi ekani ham allaqachon esidan chiqib ketgan edi. – Ko‘rdingmi qanotlarini yoyganini? Juda katta ekan-a?
– Ha-ha, – der edi Ra’no ham. – Nimani ko‘tarib ketdi?
– Bilmadim, borib qaraymizmi?
– Yana kepqolsa-ya?
– Kelmaydi, uzoqqa uchib ketdi-ku.
Borib qaragan joylarida hech nima yo‘q edi.
– Ishqilib, yeydigan bir nimani ko‘rdi-yu opketdi.
– Balki uniyam bolalari bordir? – dedi Xosi.
– Qushlarni bolalari daraxtda, savatchada o‘tirishadi, – dedi Ra’no. – Bultur men bolasini ko‘raman deb terakka chiqib, yiqilib tushganman. Polaponlari kichkina, tuklari tikkaygan bo‘ladi. Yaqiniga borsang, qo‘rqib chiy-chiy qilishadi. Yanayam yaqinlashsang, cho‘qib ham olishadi.
– Cho‘qisa og‘riydi, – dedi Xosi. – Uyda meni tovuq cho‘qib olgan.
– Tovug‘ing jo‘ja ochdimi?
– Ko‘rsataymi, oltita jo‘jasi bor.
– Yur!
Ikkovlon hamma narsa eslaridan chiqib, katta bo‘lib qolgan jo‘xori poyalari orasidagi yo‘lakchadan tovuq katagi tomon chopib ketishdi.

* * *

Qushlarning turlari ko‘p edi.
Chumchuqlar daraxt kavaklariga in qurishar, gala-gala bo‘lib uchishar, anchayin surbet edilar. Musichalar ayvonga in qurishardi, har bahorda ku-kulab, tumshug‘ida xas-xashak tashir, otasi uning epsizligidan kulardi. Qaldirg‘och loydan xaltachaga o‘xshatib in qurardi, otasi bu qush har loyni ham olavermaydi, yetib kelgunicha tumshug‘ida pishitib, yumaloqlab keladi derdi. Qarqunoq ham boriydi, ko‘rimsiz bu qush pishgan jo‘xorilar uzra yopirilgan chumchuqlar galasini haydar, havoda changal solardi. Ba’zan zag‘chalar paydo bo‘lishardi, bular yanada surbetroq bo‘lib, bir-birlari bilan chag‘illashib urishib ham qolardilar. Qizilishtonning esa ular bilan ishi yo‘q, kun issig‘idagi jimlik aro to‘satdan daraxt tanasini to‘qillatib teshayotgani eshitilib qolardi. Yana sassiqpopishak bilan sariqso‘fiyon degan qushlar bor edi, sariqso‘fiyon “Kuyov-kuyov, kimga kuyov” deya sayrardi.
Ba’zan ko‘m-ko‘k samoda qanotini yoyib bamaylixotir aylanib uchayotgan kalxat paydo bo‘ldi. Jo‘ja o‘g‘risi shu edi. Aylanib-aylanib zerikkach, uzoqlarga uchib ketar, Ra’no uning ortidan qarab qolardi.
Qisqasi, Ra’no yashab turgan mana shu kichkina hududning jonliyu jonsizi, tilliyu tilsizi, daraxtiyu tuprog‘i – hammasi bir bo‘lib, ana shu tarzda, qavmu qarindoshlar kabi hayot kechirar edilar.

Ikkinchi qism

Ra’noning bo‘yi cho‘zila borgani sayin yumushlar ham orta bordi. Yozda hosilni to‘plab, issiqda makka so‘talarini qayirish, ona bilan birga jo‘xori o‘rish, dastalab boylash, ildizlarini ko‘chirib tomorqa adog‘iga to‘plash, qurigach, bostirma ostiga olib borib bosish kabi yumushlarning adog‘i ko‘rinmasdi. Goho Ra’no onasiga qo‘shilib xamir ham qorardi. Xamirga xamirturush qo‘shardi, qo‘shni – Xosining onasining xamirturushining mag‘zi shirin, o‘shandan opchiqardi. Vaqt shomga yaqinlashganida onasiga qo‘shilib ovqat ham pishirardi.
Turli o‘tinlar yonganida turli islar chiqarardi. Tut o‘tini sarg‘ish-qo‘ng‘ir uchqunchalar hosil qilib och-yashiltob tusda yonsa, o‘rik o‘tini shiddatli yorqin tillarang alanga hosil qilardi. Terak shoxi esa tez o‘t olar va darrovgina yonib bita qolar, Ra’noga o‘rik va tut o‘tinining isi yoqardi.
– Oz masalliq bilan shirin ovqat pishirishni o‘rganishing kerak, qizalog‘im, – der edi ona, qozonga yog‘ solib, jizillatib piyoz tashlarkan. – Ro‘zg‘orda har doim ham to‘kin-sochinlik bo‘lavermaydi. To‘kin-sochinlik bo‘lganidayam shu qoidaga amal qilishing shart. Qara, ­ot­ang hamma mayda-chuydalarni uyga opkeldi. Endi bularni bir haftaga yetkazishing kerak. Go‘shtni tuzlab, shamolli joyga osasan, shunda u qoq go‘shtga aylanib, ancha muddat buzilmay turadi. Sabzilarni yerga ko‘masan, o‘rada salqinda tursin, piyozni esa ko‘mib bo‘lmaydi, u “Egam meni ekib qo‘ydi”, deb o‘ylab o‘sib ketishi mumkin.
– Voy, shunaqa deb o‘ylaydimi? – deb qiqir-qiqir kuldi Ra’no, piyozning ahmoqgarchiligini ko‘z oldiga keltirib.
– Odamning qorni ozgina narsaga ham to‘yadi. Shuning uchun ko‘p ovqat pishirish shart emas. Har payshanba va bozor kunlari palov pishirasan. Boshqa kunlari esa mastava, shavla, sho‘rva, nonpalov pishirsang ham bo‘laveradi. Manti, chuchvara kabilar ko‘p mehnat talab qiladigan narsalar, ularni ahyon-ahyonda, ko‘pincha mehmon kelganida hozirlaysan. Tushlikka ovqat pishirish shart emas, hamma uyda bo‘lgan kunlari qaynatma yoki qovurma sho‘rva qilganing ma’qul, sho‘rvaga mo‘l-ko‘l piyoz, ko‘kat solasan. Qovurmaning bir bo‘lak go‘shtini saryog‘da qovurib olsang yanayam shirin chiqadi. Istasang pishishiga bir-ikkita tuxum chaqib yuborasan, sababi – go‘sht qimmat, tuxum esa arzon narsa, uni sotib olmasang ham o‘z tovuqlarimiz tug‘ib turibdi, – deya o‘git berdi ona.
– Sho‘rvani to‘ldirib quymaysan. Shirin ovqat pishirishning o‘zi bo‘lmaydi, uni chiroyli qilib suzishing, qilgan mehnatingni ko‘rsata olishing ham kerak-ku.
Kecha qotgan nonlarni uzunasiga kesgan edik, esingdami? Ular quyoshda rosa quridi, o‘shalarni sho‘rvaga qo‘shib bersang, ham non isrof bo‘lmaydi, ham shirin bo‘ladi. Nonni shamolda yo shabadada qoldirma, nonqutiga solib, dasturxon bilan o‘rab qo‘y. Ochiqda qolsa, nonning suvini shabada quritib ketadi.

Ena

Ena – qo‘llari g‘adir-budir, yonoq suyaklari turtib chiqib turadigan ildam kampir edi.
Enanikida ham tabiat jo‘shib yotar, bir qarich bo‘sh yer yo‘q, ammo hovlining tuprog‘i nimagadir sho‘rlashgan, yozda oppoq oqarib yotardi. Ena doim bir xilda to‘q yashil tusli yengi uzun ko‘ylak kiyib, tog‘aning yaxtagini boshiga yopinib olar, qizig‘i shundaki, savatmi-dasturxonmi, boshiga shundoq qo‘yib olib ketaverardi. Shu narsani keyinroq onasida ham ko‘rdi: kuzda bepoyon dalalarga chiqib, uzundan-uzoq tutqatorlar tagida o‘sgan o‘tlarni o‘rishdi, bir g‘aram bo‘lgach, ona mahkam boyladi-da, bir zo‘riqib boshiga ko‘tarib, ildam ketaverdi. Ra’no ham ozgina o‘t g‘aramini shunday qilib ko‘rgan edi, og‘irligidan yiqilib tushguday bo‘ldi. Buni ko‘rib ona kuldi, hali o‘rganmagansan-da, dedi.
Buvasi, ya’ni onaizorning otasi ancha yil burun o‘tib ketgan, hozir tog‘alari bilan edi. Uchta o‘g‘il birin-ketin yetilib kelmoqda, qanday qilib uylab-joylab olarkanman, deya ko­yinar edi ena. Goho onasi Ra’noni enaga yordamga jo‘natar ham edi.
Enanikidagi ishlar ham o‘z uyidagi kabi edi. Tomorqani suvda oqib ketgan urug‘lar tufayli o‘t bosar, ularni yulib tozalashar, xazonlarni to‘plab, supurib-sidirishar, uy “ko‘tarishar”, idish-tovoqlarni saranjomlashar, farqi shundaki, u xonadonda sigir-buzoq ham bor edi. U – qo‘shiqni yaxshi ko‘radigan ola sigir edi, bir nimani xirgoyi qilib turmasa, tuyog‘i bilan paqirni daranglatib tepib ag‘darar, ko‘pirib turgan oppoq sutning bir qismi yerga to‘kilar, shunda ena joni achib, sigirni urishib-koyirdi.
– Hah o‘l, – derdi. – Sutingni qizg‘anyapsanmi? Ana, buzog‘ing emib oldi-ku, endi meni bolalarimgayam bergin-da?

* * *

“Qiz tushmagur, ko‘ylaging darrov kalta bo‘pqopti, o‘saverasanmi?” deya hazilomuz koyiydigan bo‘ldi uni onasi.
Gapiradigan qushlaru daraxtlar Ra’noni allaqachon qiziqtirmay qo‘ygan, endi u hodisalar o‘zining tasavvuri tufayli shunday tuyulganini bilardi. Behi ham gapirmas ekan, ammo u bilan suhbatlashganlari Ra’noning esida edi, albatta. Shoxchasiga chiqib olib, shirindan-shirin mevalarini yegani uchun o‘zicha minnatdor ham bo‘lgan edi. Paxta behi deb atardi uni Ra’no, chunki mevasining sirti tekis yiltiroq bu nav suvli va juda mazali bo‘lib, nariroqdagisi tosh behi, qizig‘i shundaki, u Ra’noniki emas, qo‘shniniki bo‘lib, bolalar shoxlariga chiqib mevalarini yeyishsa ham egasi lom-mim demas, jilmayibgina qo‘yardi. “Mevali daraxtning qo‘shni tomonga egilgan shoxi – qo‘shniniki”, der edilar.
Bolaligida Ra’noni qo‘rqitgan narsalar ham uzoqlashgan, jo‘nlashgan, jingul shoxlaridagi ajinachalar allaqachon o‘zlari chiqib kelgan xayoliy makonlarga jo‘nab ketishgan, bir mahallar qo‘rqqanlarini eslasa, uyalar ham edi. Ajabki, u xayoliy maxluqlar biron marta zarar yetkazmabdi, ya’ni u, o‘zi o‘ylab chiqargan narsalaridan o‘zi qo‘rqibdi, xolos. Qilich ko‘targan qora kishi, o‘rama to‘fonlar, ajinaning uyi va shunga o‘xshash bolalik tasavvuri hosilalarining bari sezilar-sezilmas oddiylashib, olislashib borar edi.

* * *

Bir kuni ona, xolasining kasal bo‘lib qolganini aytib, “ko‘rgani borib kelamiz”, dedi.
Ona tandirda non yopib, somsa pishirdi. Somsaga oq piyozdan to‘g‘raysan, biroq go‘shtini o‘zing chop, dedi. Uchburchak qilib somsa yasashdi. Somsalar qip-qizarib pishdi. Yeb ko‘rsa, juda shirin chiqibdi, yana yegisi keldiyu ammo o‘zini tiydi.
“O‘zingni tiyasan-da, bolam, – dedi ona. – Juda ko‘p narsalardan tiyilmasang bo‘lmaydi. Jon qizim, masalan, mehmonga borsang, yeging kelgan narsalardan ham tiyilasan. Chunki u odam bisotida borini oldingga qo‘ygan bo‘ladi”.
Keyin ona qozon osdi, tagiga olov yoqib, tuxum aralash go‘sht qovurdi.
“U yerning ovqati ovqatmi, uynikiga nima yetsin”, dedi.
Taomni chinni kosaga solib, gulli yangi dasturxonga yaxshilab o‘rashdi. So‘ngra ona-bola yo‘l yoqalab kasalxonaga jo‘nashdi.
Xola ko‘zlari kirtayib, ozg‘in quruqshoq barmoqlari bilan ko‘rpani changallab yotgan ekan. Ularni ko‘rib xursand bo‘ldi, “Meni ko‘rgani jiyanim kepti” deb suyunib, Ra’noning betlaridan cho‘lp-cho‘lp o‘pdi. Hol-ahvol so‘rashishgach:
– Nima dard kelaqoldi senga? – deya so‘radi ona.
– Bilmasam, ichagim buralib og‘riyverdi, o‘tib ketar desam, o‘tmadi. Do‘xtirga kelsam, yotqizib qo‘ydi, – dedi xola.
– Qanaqa dorilar ichyapsan?
– Qaydam, so‘rabmanmi? – deya kulimsiradi xola. – Ishqilib, bir nimalar beryapti. Ichyapman, xiyla tuzukman, shekilli.
– Rang-ro‘ying binoyiday, – dedi ona. – Sira kasalga o‘xshamaysan.
Ra’no angrayib qarab turardi. Axir, xolaning rang-ro‘yi sirayam binoyiday emas-ku? Avvallari uning uyiga bir-ikki borgan edi. Uy bitmagan, ammo yangi, ko‘chasi toshloq, tomorqasi ham sarishtamas, makkalar pishib-sarg‘ayib ketgan, o‘rib olishga odam yo‘qday, ariq bo‘yidagi yalpizlar ham o‘sib, urug‘ solib yuborishgan ekan. Bu xotin o‘shandayam sog‘ emas edi.
– Endi xafa bo‘lmaysan, qizim, choy qo‘yib, dasturxon yozay desam, ahvol bu, – dedi xola Ra’noga, o‘ng‘aysizlanib, xijolat tortib.
Uyga qaytayotganlarida Ra’no onasidan so‘radi:
– Xolam binoyiday emas-ku, nimaga unaqa dedingiz?
– Ha, ancha puturdan ketib qopsan, deymi? – dedi ona.
– Gapingizga ishonib qolsa-chi? – dedi Ra’no, chopqillab borar ekan.
– Odamning ko‘nglini shu ikki og‘iz shirin gap bilan olasan-da, bolam. Hamma ham shu ikki og‘iz so‘zga zor. Aytgan gaping uchun birov sendan bir nima so‘rarmidi, bor-yo‘g‘i, og‘zingni bir chetidan chiqadigan nafas, xolos.
“Odamning ko‘nglini olish uchun yolg‘on gapirsa ham bo‘laverarmikin?”, deb o‘yladi Ra’no.
Endi u odamlarning tutumlariga diqqat qila boshlagan edi. Birovning uyiga borilsa, darvozadan o‘tiladi, ammo ichkariga kirilmaydi. Darvozaxonadan turib ovoz berib chaqiriladi. Kelguvchi erkak bo‘lsa, unga erkak kishi peshvoz chiqadi, uyda erkak yo‘q bo‘lsa, mayda o‘g‘il bolalar chiqishi mumkin. Mayda bolalar ham yo‘q bo‘lgandagina ayol chiqa oladi, shundayam yuzining bir chetini to‘sib turib gapiradi.
Kelganlaru ketganlarning bari bilan shirin muomala qilinadi. Kasal kishi erkak bo‘lsa “sira kasalga o‘xshamaysiz” deb, xotin kishi bo‘lsa “bir chiroyli yuripsiz-ku” deya, kasali og‘irroq bo‘lsa “tezda tuzalib ketasiz, falonchi ham shunaqa yotgan edi, bir necha kunda oyoqqa turib ketib, hozir tuppa-tuzuk yuribdi” deb misol ham keltirib qo‘yiladi, xullaski, bir iloj qilib muhtoj odamning ko‘nglini ko‘tarish kerak bo‘ladi.
Odamning ko‘nglini sindirish gunohi azim, bolam. Hatto shunchalarki, aytaylik, kim bilandir gaplashib turibsan, boshqa birov chaqirib qoldi deylik. Birinchi kishiga keskin qilib “Siz kutib turing, men hozir…” demaysan, balki “Hozir-a…” deya, ovozingni ohangi bilan ham noqulay vaziyatga tushganingniyu shundan o‘ng‘aysizlanganingni ham bildirib qo‘yasan.
“Ba’zan “Ha” degan gapning ma’nosi “Yo‘q” bo‘ladi, ba’zan esa “Yo‘q” deganining ma’nosi “Ha” ham bo‘lishi mumkin”, dedi onaizor va misol keltirdi. Erkaklarning “Ha” deyishi bilan xotinlarning “Ha”si o‘rtasida anchagina farq bor. Erkak kishiga hech qachon “Ha” demaysan. Kun kelib oila qurarsan, qandaydir ish buyursa, indamay bajaraverasan, nimadir so‘rashsa javob berasan, bo‘lmasa yo‘q. Biror joyga chaqirishsa, “Qani, ko‘rarmiz” deysan, yo‘qsa seni mehmonga chaqirganlar “O‘l-a, ko‘zi uchib turgan ekan, darrov rozi bo‘ldi”, deyishlari mumkin. Bilib qo‘y, hamma so‘zlarning ma’nolari aslidagiday bo‘lavermaydi. Aytdim-ku, odamning ko‘nglini sindirish gunohi azim deb. Masalan, kimdir qarz so‘rab keldi deylik, o‘shanda ham uzil-kesil “yo‘q” demaysan. “Birovda biroz pulim boriydi, o‘sha qaytarib berib qolsa, mayli”, deganday javob qilinadi, shu bilan qarz berilishini o‘sha kimgadir bog‘liq qilib qo‘yiladi. Qolaversa, uyda puling yo‘q bo‘lsayam borday, zoriqqanimiz yo‘q deganday tasavvur hosil bo‘lsin. Bilib qo‘y, uydagi gapni ko‘chaga chiqarmaysan. Zoriqib o‘layozgan bo‘lsang ham, o‘zingni to‘q ko‘rsatasan. Yangi ohorli kiyimlaringni ko‘chaga kiyasan, mehmonxona bilan uy tashqarisini chiroyli qilib bo‘yaysan. Eng qimmatli, ohorli dasturxoningni mehmonga ishlatasan. O‘zingni qorning bir burda nonga ham to‘yadi, toki kelgan kishi xursand bo‘lib ketaqolsin. Hamma shunaqa qiladi, sen ham shundan o‘tib qayga borarding?”
– Nega eng shirin narsalarni o‘zimiz yemaymiz?
– Chunki mehmon hammasidan ulug‘, bolam. Mehmon senda yo‘q narsani senga berib ketadi.
– Nima u?
– Mehmon duo qiladi. Duo ko‘zga ko‘rinmas shaklda ko‘k toqiga ko‘tariladi. Farishtalar ham duo qiladilar. O‘sha yerda katta bir xazina hosil bo‘ladi. Bir kuni o‘sha yerga borganingda xazinangni ko‘rasan. Shirin taomingni bir o‘zing pishirib yesang maza qilasan, ammo qanchadir vaqt o‘tib, yana qorning ochqaydi. Mehmonga berganing o‘zingniki, yeganing yerniki, bolam.
Ra’no bu gapga chippa-chin ishondi, boz ustiga, ona aytdimi, demak, albatta rioya qilish kerak. Kerakmasday yoki hatto zararliday tuyulayotgan qancha narsalar bor, ularni Ra’no faqat ona aytgani uchungina bajarardi-ku? Masalan, har kuni tong saharda turib, ko‘cha supurishni kimga keragi bor? Ko‘cha chinniday qilib supurilishi, keyin suv ham sepilishi kerak, toki saharlab ko‘chadan o‘tgan kishilar duo qilib alqab ketsinlar. Supurindini tandirga tashlash kerak, xas-cho‘plar shunda yonib kulga aylanadi. U kulni olib idish-tovoq yuvishga ishlatsa ham bo‘laveradi.
Tomorqa ishlari ham birday davom etardi. Yana dala tozalash, g‘irillab esgan shabadalar, chayqalgan teraklar, quruqshagan poyalar.
– Makka poyasi shirin bo‘larkan, shimiysanmi? – dedi Xosi.
– Yo‘g‘-e, po‘sti tilingni qirqib yuboradi-ku?
– Ehtiyot bo‘lib shimasan, – dedi Xosi.
Shunday qildilar. Haqiqatan ham poya ichidagi suv mazali ekan.
– Lekin jo‘xori poyasining suvi undan ham shirinroq, – dedi Ra’no.
– Juda qiziq qizlarmiz-da, – deb kuldi Xosi. – Tentirab yurib-yurib, bir nimalarni topib yeganimizga hayronman.
Po‘kaklar ham shirin bo‘larkan. Tegradagi daraxtlarning tanasida sirach kabi g‘alati yelimsimon g‘uddalar bo‘lar edi. Shularni ham mazasini totib ko‘rishdi. O‘rikning yelimi shirin ekan, buni bilib qolgan ona “Lekin shaftolining yelimini yeb bo‘lmaydi, jinni bo‘lib qolasan”, deya urishdi. Behinikini ham yeb bo‘lmaydi. “Ammo behi donasi o‘tlar orasiga tushib chiriydi, holva kabi jigarrang tus oladi, o‘shani yalasang juda mazali bo‘ladi”, dedi Xosi.
Bulutlar o‘z-o‘zidan surilib kelar, mayda yomg‘ir tomchilari tevarakni shitirlarga to‘ldirib yuborar, bulutlarning paydo bo‘lishlariga va o‘tib qayga ketishlariga ham qiziqar edi-da.
Dunyo qaydan boshlanib, qayda tugashini bilgisi kelardi.
– Ho‘v tog‘larning ortida ham odamlar bormikin?
– U yoqda odamlar yashamaydi, – derdi Xosi. – U yoqda devlar, ajdarlar yashaydi. Odamlar faqat biz tomonda, xolos.
– Yashasa ham boshqacha odamlar bo‘lsa kerak, qop-qora, yuzi ko‘k, – dedi Ra’no.– Yo‘q, u yoqlarda lo‘lilar yashaydi. Lo‘lilar kelganida uyga kirib yashirinib olish kerak, bo‘lmasa opketib qolishadi.
– E, bizga nima, – dedi Xosi.
– Televizor ko‘rdingmi? – deb so‘radi u.
– Otam ruxsat bermaydi, – deb javob qildi Ra’no. – Atay buzib qo‘ygan. Lekin avval bir-ikki ko‘rganman. G‘alati kishilarni ko‘rsatadi-ku? Kulishadi, beo‘xshov gaplar gapirishadi… o‘zimizni odamlarga sira o‘xshashmaydi.

Uchinchi qism

Xola tuzalib qolgan ekan, dasturxoniga yangi yopgan nonlaridan o‘rab, ularni ko‘rgani keldi.
– Qoshingni qorasi yuvsa ketarmi? – dedi uni quchib. – Aylanay sendan, ko‘z tegmasin, muncha chiroyli bo‘lmasang, o‘lgur? Qaldirg‘ochni qanoti-ya, menga bermaysanmi?
– Bermayman, – dedi Ra’no, kulib.
– Qizg‘anasanmi, a, qizg‘anasanmi? – dedi xola. – Unda bilib ol, mening qoshim senikidan chandon quyuq, qop-qora edi.
– Unda qani o‘sha maqtagan qoshlaringiz?
– Bolalarimga bo‘lib berdim-da, – dedi xola. – Beshta bolani har biriga bo‘lib bersam, o‘zimga nimayam qolardi?

* * *

– Boqqa kirsam, bir olma rosa qizarib pishibdi, – dedi ona kulib. – Bozorga olib chiqib sotib yuboraqolsammikin?
Haqiqatan ham bog‘ning olmasi bir tarafi taram-taram qizg‘ish, boshqa tarafi och-yashil bo‘lib yetilgan, yaqiniga borsa, boshni aylantirar shirin isiyam gurkirab turardi.
Ra’no endi aytilgan gapning tagida boshqa gap bo‘lishini bilib olgan edi.
– Sotib nima qilasiz, – dedi g‘ashi kelib. – Zarari tegyaptimi, bechorani?
– Voy, nimaga zarari tegar ekan? – dedi ona. – Meva yetilsa, uzib egasiga berasan-da! Yerga to‘p etib tushsinmi bo‘lmasa?
– Tushsa tushaversin, – dedi Ra’no, zarda qilib.
– Qo‘yarmidim? – deb kuldi ona. – Xalqni ko‘ziga katta to‘y qilamiz hali.
– Xalqingiz bilan nima ishim bor? – deya lab burdi Ra’no.
– Bekor aytibsan, bilsang, boring ham, yo‘g‘ing ham shu el, – dedi ona.
Shu el senga qiymat bersa, qadring oshadi, qiymat bermasa, moxovdan battar bo‘lib qolasan.
– To‘y qilsang ham shu elga qilasan, bo‘lmasa kimgayam qilarding?
Marosiming bo‘lsa ham shu xalq kelib qaraydi.
Yukingni ko‘taradi, shodligingga sherik bo‘ladi, musibatingni aritadi.
O‘zingni yurtingda hamma senga qavmu qarindosh, hamma senga jigar.
Biror begona joyga borib ko‘r-chi, birov senga “kel” dermikin?
Birov ikkita non ko‘tarib chiqarmikin, to‘y-to‘ychig‘ida xuddi o‘zingnikiday o‘ynab-kulib o‘tira olarmikinsan?

* * *

Ota xastalanib yotib qoldi.
Kuz kelgan edi. Behining yaproqlari oltin rang olgan, terak qirmizi tillarang, o‘tlarning uzun barglari tubidan och-yashiltob sarg‘aygan, ariq suvi yashil tus olgan edi. Havoda mezonlar ucha boshladi. Ertalablari o‘tloqlar shudringdan jiqqa ho‘l bo‘lardi, ekinzorlarning kulrang tuprog‘i namdan qorayib qolardi.
– Nima bo‘ldi sizga? – dedi ona.
– Bilmadim, – dedi ota ihrab. – Shu, biqinim sanchiydi. Anchadan beri sanchib-sanchib qo‘yardi, o‘tib ketar deb yuraveribman, endi kuchayib ketdi.
– Voy o‘lmasam, nima qilamiz?
– Maqsud do‘xtirni chaqiraqol, – dedi ota.
Ona qo‘shninikiga chiqib ketdi. U yerdan “Maqsud do‘xtirnikiga borib keling, bolam, akangizni mazasi qochib qoldi”, degani eshitildi.
Ra’no otasining yonida ne qilarini bilmay o‘tirardi. Bir nima deb ko‘nglini ko‘targisi kelardi, o‘ylab turib-turib, axiyri:
– Choy damlab kelaymi, ota? – deb so‘radi.
Otaning atrofi tirishlarga to‘la ko‘zida iliq ifoda paydo bo‘ldi.
“Jonim qizim”, dedi ovozi allanechuk o‘zgarib. Yana bir nimalar demoqchi bo‘lib jim qoldi, o‘ylari ko‘zlaridan bilinar edi. Har holda, suyib-alqab ancha gaplar aytgisi kelgan bo‘lishi mumkin. Keyin qiynalibroq bir yutindi-da:
– Mayli, qizim, – dedi.
Ra’no otaning ayta olmagan gaplarini tushunganday edi. O‘sha mahalda nimalar degisi kelgan ekan ulkan gavdali barvasta bu kishining? Qalb sezib-tug‘yon ko‘tarar, o‘zini ota bag‘riga otgisi, to‘yib-to‘yib yuzlarini ishqagisi, yana allaqancha noma’lum istaklar bor va hammasi qizning otaga ulkan mehridan bino bo‘lmoqda edi.
Lekin, ota ham bir nima demadi, qiz ham.
Ra’no ayvonga bordi-da, choy damlashga tutindi.

To‘rtinchi qism

Bu yerlarda shamollar suron solib esaveradilar: kunbotardan kunchiqarga, kunchiqardan kunbotarga…
Ra’no o‘n oltiga to‘ldi.
Ishlar, yumushlar bir zaylda davom etar edi.
Ona ko‘chaga kamroq chiqishini tayinladi. Endi u ariqdan suv olgani yoki ertalablari ko‘cha supurgani chiqardi, xolos. Shu o‘tgan bir necha yil ichida devorning suvog‘i anchayin sho‘rlashdi, uvalanib ko‘chib tushdi, bir-ikki joyida sinchlari ham xiyol ko‘rinib qoldi. Uvalangan joydan tushgan tuproqni ham supurib, to‘plab olar edi Ra’no. Vassalarning ko‘chaga chiqqan tarafi qorayib, yorilib-yorilib ketibdi.
Shu o‘tgan bir necha yil ichida tevarakda ham, kishilarda ham ancha-muncha o‘zgarishlar sodir bo‘ldi. U bilgan daraxtlar quvvatga kirib meva tugdi, ba’zilari qartaydi, masalan, etakdagi shaftoli bir tutam bo‘lib qoldi, shoxlari qorayib, bujuri ko‘paydi, yaproqlari ojiz, shu holida ham achchiq-tirsiq meva solmoqqa tirishar edi. Ota ham ancha bukchaydi, yuzidagi, bo‘ynidagi tirishlari ko‘paydi, ona esa nimagadir to‘lishib, et oldi. Bir mahallar bejirim va chiroyli yuzi ko‘pchiganday tuyulardi. Ra’no esa yanada durkunlashdi, sochlari ham qoshlari kabi qalin, qop-qora, uzun edi. Goh o‘zini oynaga solib diqqat bilan razm solarkan, husnidan ko‘ngli to‘lmas, goh yuzi, goh burni, goh qulog‘i o‘ziga yoqmas va oynadan shart burilib ketib ham qolardi.
Har holda, so‘rab-surishtiradiganlar ko‘payib qolgan shekilli, ona Ra’nodan mutlaq ozodalikni talab qila boshladi. Hovlining ko‘z tushmaydigan eng chekkasida bo‘lsa-da, bir xas qolmasin dedi. Hammayoq ozoda bo‘lishi shart. Qilmayman, dedi to‘rsayib Ra’no. O‘lsin, keladigan sovchilarga yoqaman deb shunaqa qilamanmi? Ozoda bo‘lmasang menga malomat opkelasan, qiz tushmagur, dedi ona. Seni birov malomat qilmaydi, onasi tarbiyalamapti-da, deydilar.
Kelgan-ketgan ko‘p edi. Nihoyat, bir kuni ona Ra’noga gap ochdi. Falonchining bir o‘g‘li bormish. Kelishgan, aqlli, og‘ir-bosiqmish. Oilasi ham kamsuqum, ammo topgan-tutgani o‘zlariga bemalol yetadigan bir ro‘zg‘or egasi ekanlar. Bittagina o‘g‘ilmish, avlod-ajdodi ham tuzuk odamlar o‘tishgan ekan. Shular senga og‘iz solishyapti, dedi.
Otang ham roziday, dedi ona.
Otang ko‘cha-ko‘yda tanish-bilishlaridan so‘rabdi, men ham, amma-xolalaring ham “Qanaqa yigit ekan”, deb surishtirdik. Hammaning boshidagi qismat senga ham yetib keldi, xo‘p desang, tayyorgarchiliklarimizni ko‘raversak?
Ra’no ne deyarini bilmas edi.
Bir tomondan mana shu eskigina, ammo ozoda-sarishta hovlisidan sira ketgisi kelmasa, boshqa tomondan, ashyolari lovullab turgan yangi xonadon, kelinlarning ohori mo‘l liboslari, qoshlariga o‘smalar qo‘yib yurishlari qiziqtirar ham edi. Ona aytgan tutumlarning birontasi bu vaziyatga mos kelmayotgan, “ha” desa ham, “yo‘q” desa ham bo‘lmaydigan bir holat o‘rtaga chiqqan edi.
Qolaversa, otasi “ma’qul” debdimi, demak, haqiqatan ham yaxshi insonlar bo‘lsa kerak, deya o‘ylardi. Ota sira adashmagan, hamma narsani biladigan qudratli va g‘oyat aqlli zot, modomiki shunday degan bo‘lsa, ortiqcha gap-so‘zga sira hojat yo‘qday edi.

* * *

– Ariqcha, oqyapsanmi?
– Ha, qizgina, oqyapman.
– Otam erga beraman deyapti, nima qilsam ekan?
– Hammaning boshida bor bir qismat-da, ko‘nmay qayga borarding?
– Qaydam… Qanday odam ekan, qanaqa xonadon bo‘lar ekan, o‘ylab o‘yimga yetolmayman.
– Tashvish qilma, Xudo senday qizni yaratadi-yu baxtingni bermaydimi? Xudo xohlasa, ajoyib hayot kechirasan, bir etak bolalaring ham bo‘ladi.

* * *

Sovchilar yana kelishdi. Endi ularga beriladigan javob aniq edi.
– Sahar kelib ko‘changizni supurib ketay desam, zamon boshqa, ammo shu qizingiz uchun yil bo‘yi har kuni supurishgayam roziman, – deya avradi kuyovning ammasi, semiz xotin.
O‘z amma-xolalari ham shunda edilar.
– Sizday xushmuomala, har narsani o‘ylab ish tutadigan oilaga bermasak, kimgayam berardik, – dedi ona. – Qoshimni ostida, kiprigimni ustida avaylab o‘stirgan qizimga o‘zimdan ham afzal ona bo‘lasiz-ku, sizniyam, avlod-ajdodingizni ham yaxshi bilaman.
Bu bir ishora, zamirida o‘ksikroq hayiqish sezilar, ya’ni, berishga berarmizu ammo shuncha yil zahmatlar bilan katta qilgan qizimga o‘z bolangizday qararmikansiz degan ilg‘ar-ilg‘anmas bir o‘tinch ham bor edi.
Non sindirildi, oqlik berildi. Kelganlarning erkaklariga belbog‘, ayollariga ro‘mol, dasturxonlariga non va qand-qurs solindi. Sovchilar xushhol, yuz-ko‘zlari sevinchu mamnuniyatdan porlab, xayr-xo‘shlashib jo‘nashdi.
“Xudo xohlasa, endi qarindosh bo‘ldik”, deyishdi ketar oldidan.
“Oqlik ham berildi, endi bu yog‘i to‘y, qiz o‘lgur”, dedi xolasi, Ra’noni biqinini chimdib, sevib-suyib.
“Hoy qiz, endi ko‘chaga chiqqaningda qarindosh-urug‘laridan birontasi o‘tib qolsa qochgin, – dedi ona. – Yo‘ling o‘sha tomonga tushsa, u ko‘chadan yurmagin.
Gapirishsa gapirmaysan, ko‘rishaman desayu qochgani ilojing qolmasa, yerga qarab turasan.
Elning ko‘zi senda bo‘ladi, bularning bari sening hayo-odobingni ko‘rsatadigan narsalar, hushyor bo‘lasan”.
Qo‘ni-qo‘shnilar – keng-mo‘l guldor ko‘ylak kiygan shaddod-shaddod xotinlar ko‘rpa-to‘shak qavigani chiqishdi.
Qoq yerga kattakon palos solindi. Qo‘shnilar u yoq-bu yoqdan gaplashib, to‘shak qavir edilar.
– Qiz tushmagur, choy-poy damlab kelsang-chi, senga ko‘rpa qaviymiz deb bellarimiz qotib ketdi-ku, – deb ham qo‘yishardi.
– Kerak bo‘lsa o‘zingiz damlab olavering, – der edi Ra’no.
– Zarda qilmay qol, – deb kular edilar qo‘shnilar.
Ra’no odamlar ko‘zidan ham qochar bo‘ldi. Chunki nafaqat teng-to‘shlari, hatto kichkina bolalar ham “Kelin! Kelin!” deya mazaxlar edilar.

* * *

Ikki kundan keyin o‘sha kishilar, yonlariga yana bir-ikki odam qo‘shilib, qoplarda guruch, sabzi, savatda yangi yopilgan patirlar, shirinliklar, kelinga sidirg‘a ko‘ylaklar olib, oq kiygani kelishdi.
Ra’no uydan chiqmay o‘tirardi. Kelguvchilar bir nimalarni gaplashib, ko‘proq hazillashib o‘tirishdi. Bugun saharlab ona va xola tandirga somsa yopib, qatlamalar pishirishgan edi, kelguvchilarning dasturxoniga shu qatlama-somsalardan solib qaytarishdi. Ular olib ketgan patirlaru qand-qurslarni qo‘shnilarga tarqatib chiqishdi.
Yana bir necha kun o‘tgach, “qozon oshi” bo‘ldi. Kuyov tomondan uch kishi aravada ikkita qo‘y, bitta nimta, yog‘, ikki qop un, guruch va sabzavotlargacha opkelishdi.
– Ana, seni sotib boy bo‘ldik, – deb kuldi ona.
Qo‘ylar bostirmaga boylandi, nimtadan esa sho‘rva tashlab qo‘yishdi, nonlar yopilib, yupqa pishirildi. Kelguvchilarga to‘n, belbog‘, yaxtak, ayollariga qora chiybaxmal yo banoras to‘n berildi.
– Kuyovimizga ham ziyofat yuborsak arzir? – dedi xola. U uchun atay tikilgan “maysa beqasam” to‘n, xonatlas qora belbog‘, qo‘y to‘shi pishirilib, tovoqda pistayu bodomlar bilan berib yuborildi.
To‘y kuni ham shu bugun belgilanaqoldi.
To‘ydan bir kun avval “non-patir” marosimi bo‘ldi. Yuztalab non yopildi, qatlamalar pishirildi. Xalqqa “bugun falonchinikida “non-patir”, ertaga to‘y” deb ma’lum qilindi.
Kuyov tomon yana ikkita qo‘y, qopda un-guruch keltirib, nikoh o‘qiladi deb, ma’lum qilib ketishdi.
Kechga yaqin mulla keldi. Kuyov o‘rtog‘i bilan banoras to‘nini yopinib kelib turgan edi. Ichkari uyga kirildi. Kuyov yuqoriroqqa, Ra’no esa poygak tomonga o‘tirdi. Oraga bir kosa shirin suv qo‘yildi, mulla buva har ikki tomondan roziliklarini so‘radi, kuyov birinchi so‘rashdayoq “Ha” deb javob qildi, Ra’nodan so‘ralganida esa lom-mim demay o‘tiraverdi. “Sukut – alomati rizo” dedi mulla buva, do‘rillab. Xullas, nikoh o‘qildi, o‘rtadagi nikoh suvidan ikkovlariga ham ichirildi.
Nikoh o‘qilayotgan mahal kuyov ustidan guruch sepilib, uchi tugilmagan uzun oq ip o‘tkazilgan igna bilan to‘nining yelka qismidan tinimsiz tikib turishdi, umr yo‘llari shundayin oq, shundayin uzun bo‘lsin, deya.
Mahr aytildi.
Kechga yaqin Ra’noning teng-to‘shlari kelishdi. Zardo‘z so‘zanalar, ro‘molu ro‘molchalarning uchlari boylanib, uy tegrasiga qatorasiga osildi, kuyovbola o‘tiradigan joyga eng chiroyli, eng nafis so‘zana boylandi.
Bir mahal “kuyovnavkar keldi” degan xabar taraldi. Hamma shoshib qoldi. Childirma do‘p-do‘piyu karnay-surnay sadosi ostida kuyovnavkarlar hovliga kirib kelishdi, ishkomlar tagida turib olib, quyunday bo‘lib o‘ynashdi.
Kuyovnavkar kiradigan uy ostonasiga turib olgan amma-xolalar “Ho-o, kirib bo‘psizlar, qani to‘ngak puli?” deb turib olishgan edi, ammo yigitlarning epchilroqlari ularni yelkalari bilan surib, ichkariga kirib ketishdi.
Kuyov ziyofati tezda nihoya topdi. Kuyov kuyovnavkarlar davrasida to‘n yopinib kelib, to‘n yopinganicha chiqib ketdi. Ra’no bu mahal qo‘shnining uyida edi, uni o‘z uyiga qaytib olib chiqdilar, isiriq tutatdilar, sochlariga oq paxtadan uzun piliklar boylab o‘rdilar, oq surp ko‘ylak, mahsi-kavush kiydirib, paranji yopintirishib, ota oyog‘iga bosh urdirdilar.

Yor-yorlar shunda avj oldi.
Oq miltig‘-o qora miltiq otgan otam…

Qolganlar jo‘r bo‘lishdi:
Yor yor-o, otgan otam…

Qiz uyidagi yor-yor sadolari ishkomlar, tomorqalar, teraklar uzra qalqa-qalqa havolanaverdi:

O‘z qizini-yo begonaga sotgan otam,
Yor yor-o, sotgan otam…
Ajabki, bu g‘alati yor-yorni aytayotganlarning bari shod, bari xurram edilar:

O‘z qizini o‘rniga-yo bodom eksin,
Bodom shoxi titrasa-yo bolam desin…
Yor-yor-o, bolam desin…

Darvozaxonaga yaqinroqda to‘plangan erkaklar, qiy-chuv solayotgan xotinlar, quvalashib o‘ynab yurgan mayda bolalar uzra yoyilaverdi to‘y yor-yori:

Uzun-uzun arg‘amchi-yo, halinchakka,
Oppoq ko‘ylak yarashadi kelinchakka,
Oppoq ko‘ylak yengiga-yo tut qoqaylik,
Kuyov bola bag‘riga-yo o‘t yoqaylik.

Ra’no ota oyoqlarini quchoqlab, boshini urib yig‘ladi, ketmayman deb dod soldi. Ota ko‘zlari jiqqa yoshga to‘lib, ovozi titrab, ho‘ngramoqdan beri bo‘lib “Jonim bolam, iloyo, borgan joyingda unib-o‘sgin” deb duo berdi.
Shu tariqa, mana shu xonadonda chopqillab-chopqillab o‘sgan, yumushlarini sira og‘rinmay ado etgan, bo‘yi yetgan sayin esi kirib, hammayoqni saranjom-sarishtalagan, ammo taqdir charxpalagining bir aylanishida shu qadrdon hovlisidan boshqa bir xonadonga tosh kabi otilib ketayotgan Ra’no qizni ota uyidan olib chiqdilar.
Borar joyingda toshday bo‘lgin, deya duo qilishdi amma-xolalar. Toshday tushginu toshday qolgin, qizgina.
Kelin ketarkan, sho‘rlik onaizori ham qizining sep-surug‘ini, bo‘xchalarini ko‘tarib, orqasidan jo‘nadi.
Borguncha yor-yor aytib borildi. Gurillab yonayotgan olov atrofini uch aylangach, amma-xolalar qizni kelin uyiga olib kirishdi. Kuyovning amma-xolasi shu yerda ekan, ular qattiq-qattiq gaplashishar, sharaqlab kular edilar. Ra’noga qatiqqa shakar qo‘shib ichirishdi. Uy devorlarining shiftga yaqin qismiga uzun chilvirlar tortilib, kelinning seplari osib bezatildi. Ro‘mollari, ko‘ylaklari, dasturxonu sochiqlarigacha osildi, chimildiq tutildi.
Tashqarida eski matolardan to‘pchalar yasalib, moyga botirib osib qo‘yilgan edi, o‘shalar yoqilgach, hovli charog‘on bo‘lib ketdi. To‘y ko‘rgani kelganlar, bola-chaqa, xullas, hamma o‘yin-kulgi qilaverdi.
Asta-asta esib turgan shamol kechga yaqin birdan kuchaydi, kunbotardan qora bulutlarni haydab olib keldi, to‘satdan sharros jala quydi. Shunda onaizorining “Qozonning qirmochini yemagin-a, qizim, to‘yingda yomg‘ir yog‘adi” deganlari esiga tushdi, “Voy, tavba qildim, rost ekan-da” deya hayratlandi.
Ichkari kelin bilan birga kelgan qizlarga to‘la edi. Katta yoshli ayollar kelishmagan, davrada faqat yosh qiz-juvonlar edi. Ular uy yasatishdi. Dasturxon yozildi, yeb-ichib, o‘yin-kulgi qilib o‘tirishdi.
Tashqaridagi o‘yin-kulgi tugagach, ketgan ketib, qolgan qolaverdi. Ertalab hamma o‘z uyi­ga jo‘nadi. Onaizor choynak-piyola, idish-tovoqlarini olib, xotinlar bilan yetib keldi, “yuz ochar” bo‘ldi.
Oq surp mato bilan Ra’noning yuzini yopdilar. “Kelyapti, qaynonasi kelyapti”, deyishdi xotinlar. Bir mahal qaynona qo‘lida suprasiyu uni bilan kirib keldi. Suprani o‘rtaga yoydilar, Ra’noga “Unni xamir qorganday qilib g‘ijimlang”, deyishdi. Ra’no cho‘nqayib o‘tirib, shunday qildi. “Mahkam-mahkam g‘ijimlayvering, qizim, qo‘lingiz xamirdan chiqmasin, barakali bo‘lsin”, deyishdi. Shundan keyin amma-xolasi ikki qo‘ltig‘idan tutib tashqariga opchiqishdi, o‘choqqa o‘t yoqishib, idishdagi yog‘ni uch marta oz-ozdan quydirishdi. “Qozoning doim yog‘li bo‘lsin, muhtojlik ko‘rmagin”, deyishdi.
Shundan so‘ng kuyov tarafning yosh bolalaridan biri iljayib turib, mevali daraxtdan sindirib olingan kichkina cho‘p bilan kelinning yuzidagi surpni yulqab oldi. “Hoy bola, olib borib onangga ber, sengayam shunaqa kelin nasib qilsin” deyishgan edi, bola uyalib, qochib ketdi.
“Yuz ochar” marosimi mana shunday bo‘lib o‘tdi.
Ra’noni ichkariga qaytib opkirishdi. Chimildiq ko‘tarildi, kuyov tomon kelinga atagan narsalarini olib kira boshlashdi: birov palos, birov gilam, birovi to‘p mato ko‘tarib olgan edi. Kirganlarga to‘n, belbog‘, sochiq, qariroqlariga to‘shak-bolishlar berildi.
Shundan so‘ng hamma ketib, yanga qoldi.
Shundan so‘ng kuyov kirar bo‘ldi.
“Kuyov bola kirib kelganida burchakda kutib turasan, egilib uch marta salom berasan”, deb tayinlashdi unga.
Tayinlovlar mo‘l edi. Xolalar goh “qog‘ozga o‘rab”, goh ochiqchasiga shaddodlik bilan hamma gapni aytib bo‘lishgan, aytgani boshqa gap qoldirishmagan edi.
Shu bilan hammasi poyoniga yetdi. Ra’no qiz – kecha o‘z uyining yo‘laklarida potirlab, jayronday chopib yurgan o‘sha qizaloq bugun oyday kelin bo‘ldi.
Shu bir kunning ichida juda ko‘p voqealar qatorasiga ro‘y berdi.
Bu elda shamollar suron solib esadilar demaganmidik?
Eh-he, shamol rosa esdi, to‘pchiroqlar yona-yona o‘chib qoldi, kelin-kuyov yotgan uyning dahlizida yangalar bor edilar, ayniqsa bittasi juda barvasta va shaddod ekan, o‘g‘ri mushuk tugul, chivinni ham yaqinlashtirmadi. Hushyor ekan, tiq etgan tovushga quloq solib yotdi. Jim yotish o‘rniga bir nimalarni pichirlab duo o‘qib yotdi, nimalar deb pichirlaganini bilib bo‘lmadi.
Bir mahal tungi osmondagi bulutlar supurilib, ozod-ozod to‘lin oy samoda nur sochdi. Bir malak bor edi, kelin bo‘ldi, bir jayron bor edi, qafasga tushdi, bir qiz bor edi, turmush ostonasiga shu tariqa qadam qo‘ydi. Ana o‘sha barvasta xotin Ra’noning yuragidan kechgan tuyg‘ularu hislarga oshnolikka yo‘l qo‘ymadi, Ra’no qiz shu kech nimalarni o‘yladi – hech kim bilmadi.

* * *

Saharlab qush uyqusida xiyol ko‘zi ilingan Ra’noni xolasi dahlizdan ovoz berib uyg‘otdi.
“Tur, qiz bo‘lmay qol, hovlilarni supur, ishlaringni qil”, dedi pichirlab.
Ra’no o‘rnidan turdi. Ohorli kelinlik liboslarini kiydi, u liboslar o‘ziga yarashdimi-yo‘qmi, oynaga tuzukroq qaray olmadi xam, ammo rang-barangligi, islari va yangiligi yoqar edi.
Tashqari chiqarkan, u ham pichirlab, xoladan:
– Supurgi qayda ekan? – deya so‘radi.
– Hammasini topib qo‘yganman, – dedi xola. – Men ham chiqaman, bo‘laqol.
Hovli kenggina edi. To‘y o‘tgach, qolgan qavmu qarindosh hammayoqni saranjomlab ketishgan ekan. Bir chetda dasta-dasta piyolayu laganlar turar, rayhonlar ostida Ra’no yangi supurgini ko‘rdi. Xolasidan minnatdor bo‘lib, hovli supurishga tutindi. Ko‘cha eshik oldini ikki tarafdagi qo‘shnilarning darvozaxonasigacha supurib bordi, suvlar sepdi, ke­yin qaytib kirib, nonushta tayyorladi, bu orada qaynota-qaynona ham turishdi. Bir chetga qumg‘onda suv ham isitib qo‘ygan edi, qaynota keliniga qaramasdan, borib tahoratini olib keldi. U kelguniga qadar Ra’no shoshilib ular yotgan uyga kirib, joynamozini qiblaga to‘g‘rilab soldi. Qaynonaga salom berganida, u nimagadir ko‘zyosh qilib, peshanasidan o‘pdi, yelkasiga bir sidirg‘a kiyimlik mato tashladi. Qaynota namozini o‘qib chiqqach, unga ham uch bora egilib salom berdi.
– Barakalla, qizim, Xudoyim baxtingni bersin, – deb qo‘ydi qaynota ham.
– O‘g‘lingni uyg‘ot, – dedi keyin, qisqa qilib.
Qaynona keliniga qaragan edi. Ra’no “hozir” dedi shosha-pisha. Keyin tez o‘zining uyiga kirdi. Kuyovbola uxlab yotar edi.
– Ey, turing, – dedi eriga. – Chaqirishyapti.
Keyin qaytib chiqdi.
Yumushlarni bajarib yurar ekan, yuz-qo‘lini yuvib kelib choyga o‘tirgan eriga sira qarayolmas edi. Xudoga shukur, dedi keyin ichida. Bir tuzukkina yigit ekan-ku. Qiyshiq yo xunuk bo‘lganida nima qilardim? Nimayam qilardim, ko‘nardim-da. Ko‘ngach, umrim bo‘yi shu bilan yashar ham edim. Xudoyimga shukur, der edi.
Yangi ro‘zg‘or mana shu edi. O‘z uyidagidan aytarli farqi ham yo‘q ekan. Hovli adog‘ida tandir, osti tovuq katak. Beriroqda o‘choq. Ustida uzum valishi. Narigi tomonda bostirma, molxona. Tomorqa ham o‘z uyidagi kabi: makkalari o‘rib olingan, adog‘ida nok, behi, olma va shaftoli bor. Farqi shundaki, qo‘shni bilan tutash yerida tut o‘sibdi, hovli adog‘ida esa ikki tup o‘rik bilan yong‘oq bor ekan, bular o‘sib-bahaybatlashib ketgani uchun ostida o‘t-o‘lan unmabdi. Tomorqa oxirida ariqcha oqib o‘tibdi, qirg‘og‘ida turli o‘tlar gurkirab o‘sibdi.
Kuyovbola ko‘chaga chiqib ketgan edi. “Shom tushguncha yurmagin, chillalisan”, dedi ona unga. “Xo‘p-xo‘p, – dedi. – Bir-ikki ishim bor, bitirib darrov kelaman”. Chillali dedilar, chilla uch kunda bitar ekan. Uch kungacha kechasi tashqariga chiqsang ham bir o‘zing chiqma, meni uyg‘ot, dedi xola. Chillang tugaganidan keyin bilganingni qilaverasan. Ammo mehnatdan qochma, muomalangni shirin qil, jilmayib gaplash. Yarim soat kam uxlasang uxlabsan, uyquga yotishingdan avval hammayoq chinniday saranjom bo‘lsin. Eng haqir ishgayam erinma. Bilib qo‘y, hammamiz bir qishloqning odamlari bo‘lsak ham, kuyov tarafning odami har bir qadam olishingdan muomalanggacha, tutumingdan farosatinggacha kuzatib o‘tiradi. Har qilgan to‘g‘ri ishing ota-onangga rahmat olib keladi, sal noto‘g‘ri ish qilsang, malomat olib kelasan. Iloji boricha kam gapir, bir nima so‘rashsagina javob ber, chehrangni och.
“Xo‘p”, dedi Ra’no.
Bularni barini ado etish mushkul edi. Yumushlarini bajarib yurar ekan, qaynona va bitta-yarim kelgan qarindosh so‘rida baqrayib o‘tirar edilar. Aslida-ku, hammasini o‘zi bilganicha saranjomlab qo‘yadi, ammo mana shu nigohlardan qutulish qiyin, shartta ishini tashlab uyiga kirib ketgisi kelsa-da, o‘zini qo‘lga olib, sezmaganday ishida davom etadi. Tush mahali bo‘lganida sho‘rva ichildi, ular bilan birga o‘tirib, tushlik qilish ham noqulay bo‘ldi, suvidan bir-ikki ho‘plab, yana o‘rnidan turib ketdi. Kosa-tovoqlarni joylagach, qaynona ham, qaynota ham uyiga kirib ketdi, shunda ustunga sanchib qo‘yilgan o‘roqni olib tomorqaga o‘tdi, ariq bo‘yidan ancha o‘t o‘rdi, keyin olib borib bir qismini mol-qo‘ylar oldiga soldi, bir qismini quyoshda qurib qolmasin deya bostirma salqiniga g‘aramlab qo‘ydi. Navbat tovuqlarga kelgan edi, o‘z uyida makka donidan berardi, o‘z uyiniki minnatsiz edi, “bu yerda ham bersam gapirishmasmikin” deb o‘yladi.
Qavmu qarindosh, qo‘ni-qo‘shni salomga kelishda davom etar edilar.
Kimdir bir bo‘lak go‘sht solib qovurma qilib kelar, yonida albatta qirmizi tusda qatlama ham bo‘lar, kimdir manti, kimdir somsa pishirib kelar, xullas, keluvchilarning oxiri ko‘rinmasdi. Ularning dasturxoniga u-bu narsa solib, idishini top-toza qilib qaytarish, ustiga ustak, kim nima opkelganini esda saqlab qolish ham kerak edi. Bular bolaligida “mehmon-mehmon” o‘ynaganlarida bilib olgan narsalari emasmi, hammasini uddaladi. Yugurib-elib xizmat qilar ekan, kelguvchilarni bari baqrayib qarayverishar, goho o‘ziga eshittirib “kelin chiroyli ekan” deb qo‘yishar, shu bir og‘iz gapdan ko‘ngli ko‘tarilib, mana shu hovli-xonadon sulolasiga mehr uyg‘onganday ham bo‘lardi. Aqli “endi sening uying shu, bularning bari endi qarindoshlaring” desa-da, ko‘ngli sarkashlik qilar, tan olmas, ko‘ngil ovozini yana o‘chirishga to‘g‘ri kelardi.
Qaynota donishmand va beozor kishi bo‘lib chiqdi.
– Kelining bilan ro‘zg‘orga baraka keldi, – dedi qaynonaga. – Hali qarab turgin, mo‘l-ko‘lchilik bo‘ladi.
– Juda maqtayvermang, taltayib ketmasin, – deya maqtovni xushlamaganini bildirib qo‘ydi qaynona.
– Tavba, g‘alati bir narsani sezdim, – dedi bir kuni qaynota. – O‘tgan safar senga barakadan gapirganim esingdami?
– Ha, esimda.
– Qirq yildan beri novvoylik qilaman, – dedi qaynota. – Shu yoshga kirib sezganim shuki, non bilan nonning farqi bor ekan.
– Qanaqa ekan? – deya qiziqsindi qaynona.
– Niyatga qarab ekan, – dedi qaynota. – Har kuni sotishga ikki tandir non yopaman. Shular ko‘pincha yo oqib ketadi, qiyshayadi, yo yaxshi ko‘pchimaydi. Ammo to‘yga non yopadigan bo‘lsam, shunaqa chiroyli, shirin chiqadiki, o‘zim ham hayron qolaman.
– E, nonni joni bormidi? – dedi qaynona. – O‘zingiz epsiz bo‘lsangiz kerak.
– Yo‘g‘-e, – deya kuldi qaynota. – Nikoh to‘ylarini aytmayapman, gumroh, gapni ma’nisiga qarasang-chi. Sunnat to‘ylariga yopadigan nonlarni aytyapman.
– Shunaqa demaysizmi? – deya, birdaniga gul-gul ochilib ketdi qaynona ham. – Qaydan sezaqoldingiz? Gapimizni qarg‘a eshitmasin yo shamol opketib yoymasin deyman-da. Xudo xohlasa, tez orada o‘shanaqa non ham yopasiz, otasi.
– Xudoyim, o‘zingga ming bor shukur, – dedi qaynota ham. – O‘sha kunga yetkazsin, iloyim. Shunaqa nonlar yopay-ki!

* * *

Ra’noning hayotiga baxt oraladi.
Turmushga chiqqan bo‘lsa-da, xayolida haliyam kichkina qizaloq edi. Haliyam o‘ynagisi kelardi. Haliyam sho‘x edi.
Ertalab ko‘ngli aynidi. Yomon narsa yeb qo‘ydimmi deb o‘yladi, ammo o‘qchiq boshqacha, me’da o‘qchig‘iga o‘xshamasdi. Shu kuni onaizor ham qizidan xabar olgani kelib qoldi. Hol-ahvol so‘rashib, ichkari uyga kirganlarida yana o‘qchiq tutgan edi, ona ikki qo‘li bilan ikki bilagidan tutib, ko‘zlariga tikilib qarab:
– O‘lgur, nimaga o‘qchiyapsan? – deb so‘radi.
– Bilmasam, ertalabdan beri shunaqaman, – dedi Ra’no.
– Bo‘yingda bo‘lmasin tag‘in?
Ra’noga bu gap ari chaqqanday ta’sir qildi. Angrayib onasiga qarab qoldi.
– Yo‘g‘-e, – dedi aqli bovar qilmasdan. – Shunaqamikin?
– Shunaqa bo‘lmasinam-chi, – dedi ona, keyin uni quchoqlab olib, yuzlaridan cho‘lp-cho‘lp o‘pdi. – Aylanay Ra’no gulimdan, Xudoyim baxtingni bergani rost bo‘lsin. Hali pahlavonday o‘g‘ilcha tug‘volsang bormi?
Keyin homiladorlik belgilarini, nimalar qilish kerakligini birma-bir tushuntirdi.
– Bunga aytsammikin? – deya ikkilandi Ra’no.
Ra’no erining ismini aytib murojaat qilmas, shunaqa paytlarda “bu” yoki “u” deb qo‘yaqolardi.
– Yo‘q, hozircha aytmay tur. Hech bo‘lmasa, oradan bir oy o‘tsin. Tushundingmi?
– Tushundim, – dedi Ra’no ham.
Tashqariga chiqqanlarida qaynonaning o‘tkir nigohi Ra’noda sodir bo‘lgan o‘zgarishni sezganday edi. Bir nimalarni pichirlab, o‘zini nimalargadir urinayotganday ko‘rsatsa ham, Ra’noga goh-goho yer ostidan qarab qo‘yardi.
Ha, Ra’no qizga baxt kulib boqdi.
Vujudining ich-ichida, yetmish ikki tomiri tutashgan joyda jajji va murg‘ak bir jon paydo bo‘lganini va u kun sayin emas, soat sayin o‘sayotganini tasavvur qilish qiyin, ammo yoqimli edi. Shu ignaning uchidaygina narsa Ra’noning hayotini o‘zgartirib yubordi. “Hali dunyoga kelmasingdanoq menga shuncha baxt olib kelding-a” deya murojaat qilardi Ra’no, go‘dagiga. Qanaqa ekansan? O‘g‘il bolamikansan, qiz bolami? Otangga o‘xshagan bo‘ying baland, sochlaring qop-qora, xushsurat bo‘larmikinsan? Yo o‘zimga o‘xsharmikansan? Bir kuni dunyoga kelsang kulishlaring, qo‘lchalaring, oyoqchalaring qanaqa bo‘larkan? Dunyoga kelish degan narsani Ra’no sira o‘ylab ko‘rmagan edi, tasavvuriga shu o‘y kirib keldi. Yuragimning ostida hozircha jimgina o‘syapsan, dedi unga. Onang bo‘laturib, bor-yo‘qligingni ham bilmayman, bor-yo‘g‘i meni o‘qchitib o‘zingdan xabar berding, boshqa narsa o‘qchitganida xavotirga tushgan bo‘lardim, shu ozoringdan ham qanchalar suyunganlarimni bilarmikansan, jonim jahonim, sho‘xgina bolajonim? Shu alomatingni o‘ziyoq hayotimni butkul o‘zgartirib yubordi-ya, hech narsaga qaragim kelmay qoldi, yursam ham, tursam ham seni o‘ylayveradigan bo‘lib qoldim. Xudoyim menga seni berib, shu bandamga bir rahm qilay dedi, bermasa nima qilardim? Tavba, shungacha qaylarda bo‘lgan ekansan, xudoyimning dargohlarida dunyoga kelishingni kuta-kuta, onam kim bo‘lar ekan deb o‘ylaganmikansan… Xudoyo tavba qildim, g‘alati xayollar aqlimga kelishini qara-ya. Ishqilib omon-eson dunyoga kelib ol, onangni ko‘zlarini quvnatib-quvnatib yur, bolajon.
Ra’noning peshanasidagi sochi qaysarroq edi, doim tikkayib qolavergani uchun ba’zan qaychi solib kesar, kesilgan sochni esa o‘rab-chirmab, devor kavaklariga tiqib qo‘yardi. Kesilgan sochni tandirga tashlab bo‘lmaydi, juda iloji bo‘lmasa xoliroq bir joyga yerga ko‘mish kerak, deya o‘rgatgan edi ona. Endi soch kesib yurmagin-a tag‘in, deb uqtirdi bu safar. Shunaqa irimimiz bor, bolani umrini kesib qo‘yadi deyishadi. Odamlar kelganida oldiga chiqaverma, ko‘hlikkinasan, suq-nazar tegmasin. Ko‘proq harakat qil, yo‘qsa bolang katta bo‘lib ketib, tug‘ishga qiynalasan. Xamir ovqatlardan, yangi yopilgan nonlardan yema, ko‘ngling bo‘r yoki kesak tusab qolsa, menga aytsang, tuxumning po‘stini kelida maydalab tuyib olib kelib beraman, endi ba’zi xil narsalardan tiyilib turasan, deya o‘rgatdi.

* * *

Qiziq, Ra’no erini yaxshi ko‘rarmidi? Eshitganlari, ko‘rganlari boshqa, hayot boshqa ekanini avvaldan bilardi. Eri baland bo‘yli, qorachadan kelgan yigit bo‘lib, ko‘p ham gapiravermasdi. Har holda bu oilada unga eng yaqin kishisi eri bo‘lsa-da, o‘z tug‘ishganlari kabi yaqin va o‘z-o‘zinikiday tuyulavermasdi. Bunga hayron ham bo‘ldi, nazarida ancha-muncha narsasidan ayrilib qolganday, turmush degan narsa o‘shalardan judo qilganday tuyular, qalbini nedir armon va g‘ussaga cho‘mdirardi. Ha, bir mahallar ariq bo‘ylarida yelday uchib chopganlari, o‘ynaganlari, kulganlari – bari yorug‘ va g‘ussali bir armonga aylanib qolgan edi. Yetishilmagan orzular armonga aylanadilar. Ammo umrning yashab o‘tilgan nurli lahzalari ham armonga aylanar ekan. Goho ota uyiga borganida o‘sha so‘qmoqlar, tomorqalar, ariq bo‘ylarini bir aylanib kelardi, o‘zi o‘tqazgan olma, shoxlarida o‘tirib olib, mevasining suvini oqizib-oqizib yegan behi… ularning bari ko‘ziga ajib qadrdonday va suyumliday ko‘rinardi. Yog‘ochlari issiqda yorilib-yorilib ketgan so‘ri va rangi o‘cha boshlagan to‘shaklargacha suyimli, aziz bo‘lib, goho islarini ham qo‘msab qolardi.
Ra’no mana shularga boshqorong‘i bo‘ldi.
Ona “yaxshiyam tansiq narsalarga boshqorong‘i bo‘lmading” deya, o‘sha to‘shak, o‘sha bolishlardan uyiga olib kelib berdi. Endi ona uyning isi o‘sha to‘shaklardan kelib turardi, yo‘qsa uyda qancha yangi to‘shak, qancha yangi bolish boriydi-yu? Yaxshiyam uzoqqa tegib ketmaganim, deya o‘yladi shunda. Uzoqroqqa tekkanimda ona uyimga borishga qiynalardim, albatta. O‘z uyida yashasa-da, ona uy taraf yuragining bir chetini ilitib, o‘ziga tortib turar edi.
Ra’no qiz to‘lishdi, yuzlariga dog‘ tushdi.
Tavba, ayol kishi ikkiqat bo‘lganida yuziga Xudoning arshidan bir nur inadi deyishadi, dedi ona. Yuz-ko‘zingdan nur yog‘ilib turibdi-ya, bolam. Qarab tursam, ko‘zimga o‘tday ko‘rinib ketyapsan. Iloyo shu nurdan benasib qilmasin Xudoyim.
U g‘alati yog‘duni Ra’noning o‘zi ham sezardi. Chunki qalbi bemisl bir saodat-la limmo-lim to‘lgan, nuqul baxt ichida yashayotganday sezardi o‘zini.
Qaynona “bizlar sizdaqaligimizda tinim bilmasdik. Urining-tirishing, hech narsa qilmaydi”, deyishiga qaramay, avvaliga aytganlarini bajarib yurdi, keyin esa, qorni bir-ikki pastga tortib og‘riganida bas qildi.
“Sening dunyoga kelishing oldida u ishlar nima bo‘pti, bolajonim”, dedi xayolan bolasiga. “Seni o‘ylasam, o‘zimning borlig‘im esimdan chiqib ketadi-yu? Vujudimning ichida pitirlashingni, qimirlashingni sezsam, ko‘zimga dunyo charog‘on bo‘ladi. Yurganimniyam, turganimniyam bilmayman, go‘yo es-hushimdan ayrilgandayman”.
“Qiz tushmagur, bo‘yingda bo‘ldingu shunaqa ochilib ketding-ki, – der edi ona. – Ishqilib, iloyim ko‘z tegmasin, ko‘ylagingga ko‘zmunchoq taqib yur”.

* * *

Ra’no pahlavonday o‘g‘il tug‘di.
To‘lg‘oqning qanaqa qattiq azob ekanini o‘shanda bildi. Butun vujudi ixtiyoridan tashqari, o‘z-o‘zidan tirishib, qornidagi chaqaloqni dunyoga keltirishga urinar edi. U kuchli og‘riq aro suyaklarining surilayotganini ham bildi. Yetmish ikki tomiriyu oltmish olti so‘ngagining bari g‘ayriixtiyoriy harakatga keldi, Ra’no o‘lim nafasini yaqindan sezdi.
Ajabki, chaqaloqni olib kelib berganlarida hammasi esidan chiqib ketdi. Azob-ku esida, ammo azob hissiyoti unutildi.
Ism tanlashga ko‘p ikkilandilar
“Vaqtidan biroz o‘tib tug‘ildi, Keldivoy deb ot qo‘yaqolaylik”, dedi eri.
“Yo‘q”, dedi Ra’no, keskin.
Umuman, qishloqda ism qo‘yishning o‘ziga xos rasm-rusumlari boriydi.
Masalan, Keldivoy degan ism bir oila uzoq vaqt farzand ko‘rmay yurib, keyin bolali bo‘lganida qo‘yiladi. Ismlarga qarab, u oilaning farzand ehtiyojmandligini bilib olsa bo‘ladi.
Juman yoki Jumavoy – juma kuni tug‘ilgan bola.
Ona qornida yig‘lagan chaqaloqqa Mashrab deydilar.
Turg‘un – shu jo‘jiq hayotda muqim qolsin, turg‘un bo‘lsin.
Sotvoldi – go‘yo “sotib olinadi”, ya’ni qo‘shnilardan yoki qarindoshlardan birining bolasiday qilib, ayolning etagiga bir yumalatib olinadi, keyin o‘z onasi bolasini ma’lum haq evaziga “sotib” oladi.
To‘xtasin – bir oilaning tug‘ilayotgan farzandlari birin-ketin vafot etaversa, shunday ism beriladi, ya’ni to‘xtab qolsin, ketmasin degan ma’noda.
Xudoybergan – bu ismda ham ma’lum istaklar bor. Farzandsiz oilalar qo‘yadilar bu ismni.
Xoli bilan tug‘ilgan bolaga Xolmuhammad, Xolniso, Xoldorali, safarda tug‘ilsa Safarali, nori bo‘lsa Normuhammad, Anorxon, sunnati bilan dunyoga kelsa Sunnatvoy deydilar.
Aytilgan barcha ismlar Ra’noga xunukday, bolasiga yarashmaydiganday tuyular, juda chiroyli, bo‘y-bastiga mos ism tanlagisi kelar, ammo unaqa ism topolmas edi.
Nihoyat, Davlat deya ism qo‘ydilar.

Beshinchi qism

Shu qishloqning shamol esadigan tomonida eski bir kulbada yashovchi qora yuzli bir sulloh odam ham bor edi.
U odamning yurgan yo‘llarida o‘t-o‘lanlar so‘lib, jizg‘inagi chiqib qorayar, hasharotlar nobud bo‘lar, ariqdan suv ichsa ifloslanar, qo‘li tekkan mevalarning suvi taxir bo‘lib qolar, shu qismatidan yanib-yanib yuradigan ozorli bir kishi edi.
Kulbasi zax, tevaragini zamburug‘lar va tushunarsiz oqish nimjon o‘tlar qoplagan, kulba devorlari ostidan sho‘ra va ajriqlar bo‘y cho‘zgan, tomorqasi qarovsiz, burganu sho‘ralar, supurgilar betartib o‘sib yotardi.
Ana shu kishi Ra’noga g‘alati-g‘alati qarashlar qilar edi.
Qishloqda odam ko‘p, hamma o‘z tashvishi bilan ovora. Bolasini ko‘tarib Ra’no damchi xotinnikiga borishga majbur, yo‘l esa o‘sha kulba yonidan o‘tadi. U odam choponini yelvagay tashlab, tob tashlagan eshigi yoniga chiqadi, Ra’noning kelishidan ketishigacha qattiq tikilib turadi. To muyulishga yetgunicha ortidan o‘sha bo‘lmag‘ur nigohni sezib boradi, muyulishdan qayrilgachgina yelkasidan tog‘ ag‘darilganday yengil nafas oladi.
“Xudoga shukur, o‘tib oldik”, deydi bolasiga.
U odamning esa hech kimi yo‘q. Qishloqdagi hammaning yaqini, qarindosh-urug‘i bor. Odamlar urug‘ining ko‘pligi bilan maqtanishadi. Uning esa hech kimi yo‘q. Ra’no u haqda birovdan so‘ragani ham or qiladi.
Farzand ko‘rgach, Ra’no haqiqatan ham gul-gul ochildi. Qizlik go‘zalligi bu tarovat oldida hech nima bo‘lmay qoldi. Gul edi, Xudoning qudrati bilan oqi oqqa, qizili qizilga ajraldi. Chechak edi, barq urib ochildi. Bulut edi, yomg‘irini ayamay to‘kdi. Quyosh edi, harorat-la porladi. Oy edi, to‘lishdi. Kecha edi, bag‘ri yulduzga to‘ldi. Qush edi, jo‘shib-jo‘shib sayradi. Zilol edi, sharqirab chunon oqdi…
Bolani beshikka boyladilar. Ra’noning yuragi ezildi. Bolasini beshikka boylagisi kelmadi. Qaynona “Siz nimani bilardingiz” deya, beshikdan alas-alas qilib yomon narsalarni haydadi, qovuzini to‘shadi, tuvagini qo‘ydi, ilikbog‘i bilan oyoqchalarini, qo‘lbog‘i bilan qo‘lchalarini mahkam sarib, gavrapo‘shini yopdi. Bolachasi oyoqlarini qimirlatgisi keldi, qimirlatolmadi. Qo‘lchalarini o‘ynatgisi keldi, o‘ynatolmadi. Nima bo‘lganiga tushunolmasdan qop-qora ko‘zchalarini onasiga tikdi, ozorlanib yig‘lamoqchi bo‘ldi. Shunda qaynona beshikni u yoq-bu yoqqa do‘pirlatib tebratib, alla aytmoqqa boshladi. Bolasining boshi chayqaldi, u chayqalishlar lohas qildi, qaynonaning ovoziga qo‘shilib charchatdi.
“Beshik bo‘lmay o‘l” dedi Ra’no, qaynona chiqib ketishi bilan bolasini darhol yechib olib, bag‘riga bosarkan. Kelaqol, jonim bolam, qo‘lchalaringni, oyoqchalaringni o‘ynataqol. O‘lsin enang ham, dedi yozg‘irib. Seni boylamoqchi bo‘ldimi?
Seni devlarga boylatmagan, jinlarga boylatmagan, enangga boylatib qo‘yarmidim?
Ra’no bolasiga o‘zi bilgan hamma ertaklariniyu dostonlarini aytib berdi. Uch oylik bola ularni tushunarmidi? Lekin tushunishiga Ra’noning ishonchi komil edi. Ammo sal o‘tmay kichkina ko‘zchalari yumilib-yumilib, mitti kiprikchalari pirpirab-pirpirab uxlab qolganida suyib-suyib olar va shu suyim oromi aro o‘zi ham uxlab qolardi.
Ra’no unga Alpomishni aytdi, ammo “Alpomish kim bo‘pti sening oldingda?” dedi. Nazarida, bolasi Alpomishdan ham kelbatli va haybatli bir bahodir bo‘lib ulg‘ayadiganday edi.
Unga Rustami dostonni aytdi, aqlli bo‘lsin deya Ravshan dostonni aytdi, kulsin deya yetti ahmoqni aytdi, mehri toshsin deya Gulinigorni aytdi. Layli-Majnunni, Yusuf va Zulayhoni, Yozi bilan Zeboni… neki bilsa, barini aytdi. Faqat bilmagan joylarini o‘zidan qo‘shib-chatib, to‘qib aytdi, shuning uchun dostonlarning mazmuni o‘zgardi, ularning barida bolakay bir kuni o‘sib-ulg‘ayib, haqiqiy bahodirga aylanar, yomonlarning jazosini berar va yaxshilarga ko‘maklashar, doston so‘nggida esa ota-onasi bilan birga baxtli-saodatli hayot kechirar edi.
O‘zining to‘y bo‘lganlarini ham aytdi.
Men ham bir mahallar senday gul edim, dedi. Kun keldi, bo‘y yetib, turmushga chiqdim. Otang bilan bir chiroyli kelin-kuyov bo‘ldik, hamma esi og‘ib, havaslanib-havaslanib qaradi. Men soy chumchug‘i bo‘lib, soylarga qarab uchdim, otang tog‘ kaptari bo‘lib ortimdan quvdi. Men tezuchar lochin bo‘lib changal solsam, u mergan ovchi bo‘lib otib oldi. Men bog‘da anor bo‘lib qizarib pishib tursam, u bog‘bon bo‘lib bittalab uzdi. Bog‘da uzum bo‘lib sarg‘ayib yetilsam, sariq ari bo‘lib uchib keldi. Men bog‘da gulnor bo‘lib ochilsam, u bulbuligo‘yo bo‘lib sayrab shoximga qo‘ndi… dedi to‘yni eslab.
Hamma-hammasini mana shu murg‘ak go‘dakkinaga aytib berdi. Ariq bo‘yida chopganlariniyu behining mazasigacha aytdi. “Bolajon, bir nimani bilmasang, mendan so‘ragin-a”, dedi. Yaqin orada alpang-talpang yura boshlaysan, shunda jon halpida orqangdan choparman? Sen ko‘p narsani bilmaysan-ku, hovlida o‘ynab yursang, ari chaqib olmasin deya xavotirlanib, quvib ham yurarman?

* * *

Qaynona zorilladi.
– Kelin degan o‘tiravermaydi bolaga qarab. Chiqib ishingizni qilsangiz bo‘lmaydimi? Biz ham bola tuqqanmiz, nechtasini katta qilganmiz, ishimiz o‘lda-jo‘lda qolib ketmagan.
Ra’no uning ko‘nglini olishga chandon urindi, qaynona sira tinchimadi. O‘tirsa o‘poq, tursa so‘poq deyaverdi.
– Hoy, qo‘ysang-chi, – dedi qaynota.
Qaynona uniyam jerkib tashladi.
Shunda eri oraga kirdi.
– Nima deysan, ona? – dedi jahli chiqib. – Qo‘li olti, oyog‘i yetti bo‘lib xizmatingni qilyapti-ku?
– Sigirga suv bermapti, – dedi qaynona. – Shu yoshga kirib onam suv tashisin desang, o‘l sen ham.
– O‘zim tashiyman sigiringga suvni, – dedi er.
– Erkak bo‘lmay qol, endi sigirga qarab yursang, – dedi qaynona. – Erkak degan ko‘chadan rizq tashib keladi, uyda nima bor ekan?
– Unaqa dema, ona, – dedi o‘g‘il. – Jonimni ikki tomonida ikkalang turibsan. Bir qo‘limni tishlasam, boshqasi og‘risa? Axir, tushungin-da, ona. U boshimni ustida bo‘lsa, sen ko‘zimni ustida. Sen norozi bo‘lsang ko‘zim og‘riydi, u xafa bo‘lsa boshim.
Qaynona to‘ng‘illab-to‘ng‘illab nari ketdi.
Shunda Ra’no er kishining nima uchun ustun ekanini tushunganday bo‘ldi. Erning erligi kelbatida, kuch-quvvatida emas ekan, deb o‘yladi. Erni er qiladigan adolati ekan. Ichida eridan minnatdor bo‘ldi, birdaniga yaxshi ko‘rdi. Undan faxrlandi, bolajonim, boshqalarning otasi sirayam bunaqa emas, xudoyim ikkovimizning boshimizga baxt qushini qo‘ndirdi, deya sevindi. Bola to‘shagi ustida chiroyli ko‘zchalarini unga tikib, bir nimalar deb chug‘urlar edi.
“Qara-ya, qanday otang bor”, dedi sevinib.
Nazarida, eri boshqa qiyofa oldi. Haybati oshdi, uyini to‘ldirdi.
“Sen sabr qiptur, uylarni top-toza qilay”, dedi.
Bola qo‘l-oyoqchalarini o‘ynatib chug‘urlab yotaverdi. Ra’no hammayoqni qaytadan tartibga keltirdi, yangi to‘shaklardan soldi, o‘ziga oro berdi, ko‘rpa qatiga yashirib qo‘ygan atirdan sepdi.
Bir qarasa, o‘g‘lon yangi atlas to‘shaklarga chuvillatib siyib qo‘yipti.
O‘rgilay bolajonimdan-a, dedi mehri tovlanib.

* * *

“Ro‘zg‘or yupun, yeb yotaversangiz tog‘ ham chidamaydi, – dedi qaynona. – Hammaning keliniyu qizi dalaga o‘toqqa chiqadi, yer chopadi, mehnat qiladi. Biz ham shunaqa edik, mehnat o‘ldirmagan odamni”.
“Yegan nonimni minnat qilyaptimi? – dedi og‘rinib Ra’no. – Yarimta non yeymanmi-yo‘qmi? Eshigida bitta xizmatkori bo‘lsayam mendan ko‘ra ko‘proq non yeydi”.
“Jon bolam, sabr qil, – dedi onaizori. – Otang bilmasin, ko‘naqol. Ular ham tuppa-tuzuk odam, hali oldinda qancha tashvishi bor, shunga kuyinadi-da, seni yomon ko‘rarmidi? Joningni jinday koyitsang, bir nima bo‘lib qolmaysan, ko‘naqol, bolam”.
“Xo‘p”, dedi.
Ketmonini ko‘tarib dalaga chiqdi. Qarasa, o‘zi singarilar ko‘p ekan. Hamma boshigayu og‘ziga oq ro‘mol o‘rab olgan. Oyog‘iga etik kiydi, og‘iz-burnini ro‘mol bilan boyladi. Pahlavonini ikki tol orasidagi belanchakka yotqizdi, yaxshilab emizdi. Shu yerdagi barvasta semiz xotinga “bolamga yaxshilab qarang, opajon, oyligim chiqsa, sizga yangi ro‘mol olib beraman”, deya yalindi. Ortiga qaray-qaray, chopiqqa yo‘l oldi.
Dalaning tuprog‘i och kulrang, kesaklari ko‘p ekan. O‘zi o‘rgangan ish emasmi, qiynalmadi. Issiq kuchayaverdi. Dala ustida qaldirg‘ochlar aylana-aylana uchdi. Ancha-muncha xotin shu tariqa chopiq qilar edilar. Quyosh tikkaga kelay deganida ko‘kragi iyidi. Qarasa, ko‘ylagining burmasi sutdan jiqqa ho‘l bo‘libdi.
Ishini tashlab, ortiga yurdi.
O‘sha yerda hisobchi aylanib yurgan ekan. U o‘sha, Ra’no damchi kampirnikiga qatnaganida yomon-yomon qaragan qora yuzli kishi bo‘lib chiqdi.
– Ha, qayoqqa? – dedi, bema’ni iljayib.
– Bolam ochqab ketdi, – dedi Ra’no, qovog‘ini solib.
– Hammaniyam bolasi ochqagan, – dedi hisobchi. – Qani, orqangga qaytib, ishingni qil-chi.
– Sen kim bo‘libsan? – dedi Ra’no, birdaniga burgutday qanot yoyib. – Bolam ochqadi demadimmi senga? Qoch yo‘limdan, yo‘qsa hozir ketmon bilan chopib tashlayman!
Hisobchi uning vajohatidan hayiqdi. Tavba, bu xotin jinnimi deya osmonga angra­yib, bulutlarni tomosha qilayotganga soldi o‘zini.
Ra’no chopa-chopa shiyponga bordi.
Uzoqdanoq, go‘daklarning yig‘isi orasidan bolasining yig‘isini tanidi.
Shiypon tollari ostida u barvasta xotin ko‘rinmaydi. Belanchakka yaqin shoxchalarga qora qushlar qo‘nib, chag‘illab sayrashyapti. Bola qo‘rqibdi. Bolani qarovsiz qoldirsang, mayna kelib ko‘zini cho‘qib oladi degan gap esiga tushdi-yu, “Voy o‘lmasam”, deb yelday uchdi. Shosha-pisha bolasini belanchakdan yechib oldi. Tagini ho‘l qilib qo‘yibdi, oyoqchalari qiyilib ketibdi. Bola onasini tanib, battar yig‘lab talpindi, Ra’no unga ko‘krak tutdi-da, ichidagi to‘fon kabi chirpirak qilayotgan tashvish, xavotir, yana allanimalarning bari erib yo‘qolgani, yana shu ajoyib oromga erishganidan ko‘ngli to‘lib, piqillab yig‘lab yubordi.
Bola to‘ydi. Ra’no uni belanchagiga yotqizib, chirillab yig‘layotgan boshqa bolani qo‘liga oldi. Bir qo‘liga unisini, bir qo‘liga bunisini. Ikkoviga ham ko‘krak tutdi. Ochqagan bolalar begonasirashmadi, miq-miq emib olishdi.
Shu mahal bog‘cha xotin kelib qoldi.
– Voy, Ra’no qiz, xafa bo‘lma, – dedi. – Qaynonam o‘sal yotuvdi, yugurib borib ko‘rib kelaqolay debman-a, attang!
– Bu bolalar endi seniyam bolang bo‘ldi, – dedi kulib. – Yaxshiyam kelibman, yo‘qsa hamma bolalarni o‘zingniki qilib olarkansan!
Hisobchi yana keldi.
– O‘tiraverasanmi, emizishni bahona qilib? – dedi. – Tur, chopig‘ingni qil!
“Shiyponing ham, chopig‘ing ham boshingda qolsin”, dedi Ra’no. Tugunini qo‘liga oldi, ketmonini yelkaga, bolasini bag‘riga bosdi.
“Ishing ham, oyliging ham boshingda qolsin”, deya qarg‘adi u hisobchini.
“Bolamga qaramagan ko‘zlaring oqib tushsin”, deya qarg‘adi barvasta bog‘cha xotinni.
“Hammang do‘zaxda kuyib kul bo‘lgin”, deya qarg‘adi bolasini qo‘rqitgan qushlarni.
Shu ketishda uyiga kirib bordi. Ichkariga kirib, to‘yib-to‘yib yig‘ladi. Keyin erining kelishini kutdi. Eri kelsa hamma gapni aytib beraman, meni tushunadi deb intizor bo‘ldi. Tiq etsa tashqariga qaradi.
Er keldi. Aytadigan gaplari juda ko‘p edi. Lekin tiliga kelmadi.
– Ha, qaytib kepqopsan? – deb so‘radi eri.
– Bolangiz ochqab ketdi, dala bo‘lmas ekan, – dedi.
– Ochqasa emiz-da, – dedi er.
Tushuntirolmadim deb o‘yladi u, ammo eridan xafa bo‘lmadi. Tushuntirolmagach, nimasidan xafa bo‘ladi? Xudo emaski, hamma narsani bilib tursa? Yo‘rig‘i bilan tushuntirarman dedi, bolasini uxlatib hovliga chiqarkan.
– Ha, qaytib kepsiz? – dedi qaynona, bo‘zarib.
– Mazam bo‘lmadi, – dedi Ra’no gapirgisi kelmay.
– Bahona qiladi-ya, hamma narsa bitta o‘zimga. Qirqta jonim bormidi, bola emas, tosh tug‘sam bo‘lmasmidi? – deya, qaynona ota yotgan uyga kirib ketdi. U yerda ham bir nimalar der edi, ammo gaplarini tushunib bo‘lmasdi.

* * *

Amakilaru tog‘alar ahyon-ahyondagina yo‘qlab kelishar, ammo qizlik uyiga tez-tez kelishlarini, ota-onasidan uni so‘rab turishlarini bilar edi Ra’no. Sababi, qiz tomondan har kim hadeb kelaversa, gap-so‘z chiqmasin deyishsa kerak, deb o‘yladi u. Lekin kelinlik xonadoni o‘z yig‘in-marosimlariga albatta ularni ham aytishar, hammalarining izzat-ikromini joyiga qo‘yishar edi.
Ro‘zg‘orning ishlari asta-sekin Ra’noning qo‘liga o‘ta bordi.
– Erkakning rizqi ko‘chada, – der edi onaizori. – Xotinning ishi uyda. Ostonadan bu yog‘i seniki, bolam. Har narsaga sen javobgarsan. Otang bir mahallar bir gap aytgan edi. Burgutning erkagi ovlashni bilarkan-u, ammo ovini maydalashni bilmas ekan. O‘shanchun ham nar burgut o‘ljani keltirib iniga tashlarkan, modasi esa bo‘laklab, palaponlariga tutarkan. Xudoyim hamma narsani odam ibrat olsin deb yaratib qo‘ygan, qarab o‘zing fikr qilib olaverasan.
– Er kishi doim xotiniga muhtoj bo‘ladi, – dedi yana. – Oilam, bolam-chaqam deb chekkan zahmatlarini bilishingni istaydi. Umr bepoyon, rizqu ro‘zg‘or degan tashvish betinim davom etyapti. Shu urinishlar aro eringga ikki og‘iz yaxshi gap gapirishni ham bilishing kerak. Shu bo‘lmasa, ro‘zg‘oring ikki bo‘lmaydi, shu ishlab dasturxoningga rizq tashib keladi, ustingni butlaydi, uyingni tuzatadi. Mahalla-ko‘yda birov seni so‘rasa, falonchining ayoli deyishadi, o‘z ismingni aytishmaydi-ku? Erga tekkuncha sen otangning soyasida, falonchining qizi eding, endi esa eringni soyasidasan. Mehnatini e’tirof qilsang, u ruhlanadi, oilam, qadrimni hech kim bilmasayam bola-chaqam biladi, deb xursand bo‘ladi. Bularga o‘zingniyam aqling yetib qolgandir, yosh bola emassan-ku? Xotin oqila bo‘lsa, ro‘zg‘or but, beaql bo‘lsa, ro‘zg‘or nobud bo‘ladi.
Shu o‘tgan ikki yil ichida ona yanada kichraygan, ozg‘inlashib, ushoqdekkina bo‘lib qolgan edi. Goho non yopsa, qatlama-somsa pishirsa yo biror meva pishib yetilsa, ko‘tarib kelib qolardi. Gohida esa besh-oltita tuxum ham olib kelardi.
– Nima qilardingiz ovora bo‘lib?
– Quruq kelmayin dedim-da, qizim. Uy tovug‘ining tuxumi bolangga juda foyda.
Undan-bundan gaplashib o‘tirishardi. Ra’no meva, qatlama, tuxum kabilar bari bahona ekanini, aslida onaizor bolasini sog‘inganini bilib turardi. Lekin onaizor buni sezdirmaslikka urinardi.
Bir kuni Ra’no shuni so‘rab ko‘rdi.
– Voy, ha, sog‘inaman-da, ichimdan uzilib tushgan parchamsan-ku, – dedi ona. – Ammo seniyam mehring kuchayib, uyga tez-tez qatnab qolishingdan qo‘rqaman. Bir ko‘chatni boshqa yerga o‘tqazsang, tutib ketishi uchun qancha narsa kerak? Endi seni uying shu, qarindoshlaring ham shular, shu sabab ham ko‘pam talpinavermagin deyman-da, – deb javob qildi ona.
– Voy, xo‘-o‘p, bormayman, – dedi Ra’no, onasidan arazlab.

* * *

Oradan bir hafta chamasi o‘tar-o‘tmas, qaynota vafot etdi.
Tong sahar edi. Qaynota-qaynona yotadigan uydan “Voydod”, degan faryod chiqdi. Ra’no sakrab turib ketdi. Er uxlab yotar edi. “Ey, turing, bir nima bo‘ldi”, dedi sarosima ichida, qattiq shivirlab. Shu mahal takror faryod ovozi erining qulog‘iga kirib, sapchib turdi-da, o‘sha tomon yugurdi. Ra’no ham uning ortidan oyoqyalang chopdi.
– Voy bola-am, otang ketib qoldi, – deya baqirib yig‘lardi qaynona, gandiraklab, ustunlarni ushlab-ushlab hovliga chiqib kelarkan. – Otang o‘tib qoldi-ku, jon bolam!
Er ham, Ra’no ham nima qilarini bilmay dovdirab turar edilar. Ajabki, yig‘i kelmas edi.
Er uyga kirdiyu o‘sha zahoti qaytib chiqdi. Rangi bo‘zarib ketgan, nigohi tentirar edi.
– Chop, qo‘ni-qo‘shnini chaqir, – der edi ona. – Odamlarga ayt, otam o‘tib qoldi de, bolajonim!
Er onasiga esipastlarga o‘xshab qarab turarkan, iyaklari qaltirar edi.
– To‘xta! – dedi shunda qaynona, to‘satdan ilgari ko‘rilmagan bir qat’iyat bilan. Ovozi ham qat’iy chiqdi. – O‘zingni bosib ol! Borib qo‘shnilarga ayt, odamlarga xabar berishsin. Keyin tezda qayt!
Er otilib ko‘chaga chiqib ketdi.
– Yuring, qizim, – dedi qaynona.
Ra’no nima qilarini bilmay, unga ergashdi.
– Hay otasi-ya, – der edi qaynona. – Indamay ketaverdingiz-a? Rozi-rizolik ham so‘ramadingiz-a? Ketaverdingiz-a shunaqa qilib, otasi?
Shunda Ra’no qaynotasining ko‘zi ochiq, iyagi osilib qolganini ko‘rdi. Qaynona qoziqdan oq ro‘molcha olib iyagini tortib bog‘ladi, kafti bilan qovog‘ining ustini silagan edi, ko‘zi yumildi.
– Kelinjon, – dedi yana yig‘lab. – Bir bo‘lak toza oq mato yirtib oling, boshmaldog‘ini ham boylaylik.
Ra’no shunday qildi, ammo yaqinlashishga yuragi dov bermadi. Qaynona mayitning oyoqlarini ham boylayotgani on er-xotin yon qo‘shnilar kirib kelishdi.
– Voy o‘lay, – der edi qo‘shni xotin, talmovsirab. – Voy o‘lay, kechagina yuruvdi-yu?
– Bo‘ldi, xotinlar, chiqinglar, – dedi qo‘shnining eri, yo‘g‘on ovozda. – Mahtal qilmanglar, sarpo-surug‘ini tayyorlayveringlar.
– Malohat, Sabohat, tezda hovli-ko‘chani supuringlar, – dedi qo‘shni xotin qizlariga.
Birpasda ancha xalq yig‘ildi, shuncha odam qaydan yetib kelganiga aql bovar qilmas edi. Xotinlar yana yig‘i chiqarishdi, uzatilib ketgan qizlar ham kirib kelishdi, biri o‘zini tashlab yubordi, hovliga oq mato tutilib, erkaklar va xotinlar orasi ayrildi.
– Kelin, eringizga oborib bering, to‘nini, do‘ppisini kiyib, belbog‘ini boylab olsin, – dedi qaynona.
Ra’no ichkari uydan yangi to‘n, do‘ppi, belbog‘ olib chiqdi. Er xotinini ko‘rib, yana ho‘ngrab yig‘lab yubordi, Ra’no: “Bo‘ldi-bo‘ldi, o‘zingizni bosing”, deya qo‘lidagilarni unga kiydirdi, belbog‘ini mahkam bog‘ladi, keyin yana iziga qaytdi.
Qaynona sandiqdan oq surup, yangi banoras to‘n, do‘ppi oldi.
– U yoqqa endi o‘zingiz qaraysiz, qizim, – dedi. – Bularni g‘assolga berishsin. To‘nini, belbog‘ini tobut ustiga yopishsin. Manavinisi kafanligi, mana bu ip o‘rami bilan tikishsin, bu – zamzam suviga botirib olingan ip, farishtalar savob aytib turishadi.
Tong yorishib ulgurmagan payt edi.
Hali Ra’noning boshiga musibat tushmagan edi. To‘satdan ro‘y bergan bu hodisa hammani dovdiratib qo‘ydi. Qaylardadir sokin hayot davom etayotganiga aql bovar qilmasdi. Hayal o‘tmay qarindosh-urug‘lar ham yetib kelishdi, ular ham to‘n kiyib olishgan, eshikdan erkagu ayol baqirib yig‘lab kirib kelar edi. Erkaklar darvoza oldida bir-birini quchoqlashib yig‘lashar, shuncha erkakning yig‘isini ilk bora ko‘rmoqda edi Ra’no. Ayollarning chuvvos solishlari yurakni ezardi. Mana shu ulkan musibat qalbiga kirib bordi-da, o‘zi ham sezmagan holda yig‘lab yubordi. Yig‘i ich-ichidan toshib kelardi, marsiya kelardi, g‘ussa va g‘am kelardi.
G‘assol ishini tugatgach, janoza e’lon qilindi. Tobut derazadan chiqarilib, hovli sahniga qo‘yildi. Erkaklar saf tortishdi. Xotinlarga kimdir “janoza o‘qiladi” degach, yig‘i-sig‘i birin-ketin tindi, ammo kimdir hanuz piqillab yig‘lardi. Imom bu dunyoga kelish ham, ketish ham haqligini, qolganlar ketganlarni yod etib turishi shartligini aytib, endi ismi-rasmini bajarib qo‘ysak, marhumning o‘g‘li mana shu, ayting-chi, otangizning qarzlari bo‘lsa, zimmangizga oldingizmi, deb so‘radi. O‘g‘il bo‘g‘iq ovozda “Ha” degach, marhumdan qarzi borlar shu yigitga uchrashsin, eshitganlar eshitmaganlarga xabar bersin deyilib, namoz o‘qildi.
– Qani, ko‘taringlar, – degan o‘ktam ovoz keldi keyin.
Qolgani juda tez ro‘y berdi. Kishilar tobutni qo‘lma-qo‘l ko‘tarib olib chiqib keta boshladilar. Hamma qiy-chuv ko‘tarib yubordi, Ra’no shu izdihom orasida erini ko‘rib qoldi, kimdir uchiga oq latta boylangan hassa tutqazib qo‘yibdi.
Bir odam bor edi, yo‘q bo‘ldi.
Boyagina shu uyda beozor uxlab yotgan edi. Ikki-uch soat o‘tar-o‘tmas ko‘mgani olib ketishdi. Bu ishning juda tez ro‘y bergani va shiddati aqlni shoshirardi.
Ra’no ham hamma qatori ko‘k kiydi, ro‘mol o‘radi. Elning odati shu edi, yaqinlardan kimdir olamdan o‘tsa, ko‘k kiyilar, to‘y-marosimlarga borilmas, bir yilgacha ko‘kdan chiqilmas edi. Qo‘ni-qo‘shni osh-ovqat pishirib, paqirlarda chiqarib turishdi, kimlardir choy damlab keldi. Musibatdagi kishilarning tomog‘idan ovqat o‘tarmidi? Qishloqning shaddod-shaddod xotinlari azadorlarga qattiq-qattiq gapirishib, ovqat yedirishdi.

* * *

Oradan yil o‘tdi.
Yozning issiq kuni edi. Er ko‘chadan hovliqib kirib keldi-da:
– Odamlarga yer bo‘lib beryapti ekan, – dedi o‘zida yo‘q sevinib. Yuz-ko‘zi kular edi.
– Qanaqa yer? – deya so‘radi Ra’no, tushunmasdan.
– Chopiqqa chiqqan dalalaring bor-ku, o‘shalarni o‘lchab, xalqqa tomorqa qilib beryapti ekan. Bizga ham bor ekan.
– Voy, – dedi Ra’no, xursand bo‘lib. – Rostdanmi?
Kichkina shu qishloq to‘s-to‘polon bo‘lib ketdi. Farzandi ko‘p, katta oilalar bor edi. Xonadonda necha oila borligiga qarab yer berarmish, degan gap chiqdi.
– Ana, – dedi qoniqish bilan eri. – Odam yer bilan tirik-da.
– U yerni birov tortib olib qo‘ymasmikin? – deb so‘radi Ra’no xavotir olib.
– Yo‘g‘-e, hammaga beryapti-ku? – dedi eri. – Birov bir tiyin so‘ramayapti ham.
Ertasiga yerni ko‘rgani bordilar. Qarasa, rostdan ham o‘sha, o‘zi ishlagan joylar. Bepoyon dala chetida tutlar qatorlashib, shabadada shovullab turibdi. Eri qoziq qoqilgan joylarni aylanib chiqdi.
– Suvi yaxshi ekan, – dedi keyin. – Xudoning bergani shu-da. Yer odamni boqadi, u-bu ekib bozorga opchiqib sotsang, o‘h-ho‘, qancha pul bo‘ladi. Kambag‘alni yelkasiga oftob tegdi, desang-chi.
– Mehnatdan odam qocharmidi, – dedi Ra’no. – Ishqilib, qaytarib olib qo‘ymasa, bas.
– Olib qo‘ymas, – dedi eri ham.
Yer tepasida ancha o‘tirishdi. Eri o‘zicha bir nimalarni rejalashtirib, goh u yoqqa, goh bu yoqqa o‘tib razm solar, tuproqni qo‘liga olib, maydalab ezib ko‘rar edi.
– Uyda, tomorqa adog‘ida teraklar yetilib qolgan, – dedi keyin. – Bu yerga ham aylantirib eksak, besh-olti yilda sinchga yarab qoladi, ham chegara bo‘pturadi. Manavi tomoniga bir uy-bir oshxona qilib imorat solsak, o‘g‘lingga uy ham tayyor-da. Guvalak bilan aylantirib devor urib chiqish kerak. Uch-to‘rt kunda bu yerlar qaynab-toshib ketadi hali, – dedi keyin.
Kech kirganda uyga qaytdilar. Ikkovlon ham xursand edilar.
Odamlar ham xursand edi. Hamma yoqda shu gap-so‘z: kimga qaerdan tomorqa tegdi, suvi qanaqa, tuprog‘i qanaqamish, qo‘shnisi kimmish… Bir-ikki kishi norozi bo‘lib, menga etakdan yo ichkaridan tegdi degan ekan, odamlar malomat qilib tashlashibdi. “Hoy, yer yo‘q edi, osmondan tushganday ega bo‘lib qolding, xudo deb o‘tirmaysanmi?” desalar, o‘sha zahoti ularning uni o‘chib ketardi.

* * *

Bir ish ikki bo‘ldi. Endi er-xotin ham o‘z uylarida, ham yangi tomorqada mehnat qilar edilar.
Yangi tomorqaning tuprog‘i hosildor chiqdi.
Tepa-quyi qishloqlardan biror insofsiz kelib o‘g‘irlab ketmasin, deya atrofini omonat qo‘ra bilan o‘rab, bug‘doy sochdilar. Tegrasiga aylantirib mosh, loviya, makka va jo‘xori ekishdi. Shoyon mehr bilan qarashdi, Ra’no suv yo‘liga tushgan kesaklarni qo‘li bilan olib tashladi. Terakning yosh shoxlarini sindirib kelib, kecha suv qo‘yilgan aylana jo‘yakka qatorasiga suqib chiqishdi. Ajab, hammasi bir tekis yam-yashil nozik yaproqcha chiqarib, keyin birdaniga gurkirab o‘sdi.
Davlatbekning mo‘ylovi chiqdi, sabza urdi, o‘tday, quyunday, shamolday bola bo‘ldi. Qo‘liga xivchin olib, o‘t-o‘lanlarning boshini tanasidan judo qilib o‘tib ketadigan odat chiqardi.
– Unaqa qilmagin, jon bolam, – derdi Ra’no. – Uniyam joni bor, xudo deydi-ya.
– O‘tda jon nima qilsin?
– Uyam mo‘min-musulmon bir narsa, – dedi Ra’no. – Joni bo‘lmasa o‘sarmidi?
Eri o‘g‘lini yoniga olib birga ter to‘kar ekan, zuryodiga hamma narsani birin-ketin tushuntirardi. Ularga qarab turib, otasi bilan ko‘chat qadaganlari, hosil o‘rganlari kelardi Ra’noning esiga.
Mosh mo‘l-ko‘l yetildi. Loviya qo‘zoqlari bo‘liqligidan yorilib-yorilib ketdi. Makkalar uzun-uzun, to‘liq-to‘liq so‘ta soldi. Jo‘xorilarining har biri qovunday-qovunday bosh tugdi.
Hosilga chumchuqlar galasi yopirildi.
Eri qaydandir uzun yaltiroq tasmalar topib keldi. Ekinzor ustiga uzunasiga boyladilar. Sal shabadada tasmalar quyoshda yiltirasa, qushlar cho‘chib qochar edi.
Er uydagi uzum shoxchalaridan kesib olib, teraklar ostiga qadab chiqdi. O‘zini sal tutib olsa bas, teraklarga chirmashib o‘saveradi, dedi qoniqish bilan. Yanagi yil ular ham bexato tutib ketdi. Husayni, chillaki, qora charos va toshyumaloq degan to‘rt xil nav edi.
Uch-to‘rt yilda hosilga kirib qoladi, dedi er.
U yoqlarga oqma gaz bormagan edi. Er-xotin loydan va kesakdan o‘choq qurishdi, loy bilan yaxshilab suvashdi. Shabada g‘irillab esadigan ajoyib yer bo‘ldi-ya, dedi Ra’no. Eski qumg‘onni, qozonni olib kelishdi. Shu yerda ishlashdi, shu yerda choy qaynatib, shu yerda ovqat pishirishdi.
– Bir tandir qurib bersangiz, non ham yopaman, – dedi Ra’no.
Qizchasi talpanglab kesaklar oralab yurdi. Qushlarga angrayib qaradi. Ariq suvini sochib-sochib o‘ynadi. O‘tlar orasidagi kapalaklarni quvdi. Yer arisi chaqib olganida chirillab yig‘ladi. Ra’no u qizchada o‘zining bolaligini ko‘rdi.
Erta kuzda er o‘z hovli-tomorqasidagi teraklarni qo‘ni-qo‘shnilar bilan birgalashib kesdi. Shoxlarini butab-saranjomlab, quritgani bosib qo‘yishdi. Keyin o‘g‘li bilan egik o‘roq olib, po‘stlog‘ini shilishdi. Terakning po‘stlog‘i zaif bo‘ladi, uchidan tortilsa, ancha joygacha ko‘chadi. Po‘stloq nam, suvli edi. Shilib olingan oppoq terak yog‘ochlarini yerga ko‘ndalang tashlangan eski xodalar ustiga quritgani qo‘yishdi.
Ostidan havo o‘tib tursa bir tekis quriydi, tob tashlamaydi, dedi er.
Yanagi yili tomorqamizga bir uy-bir dahliz ko‘taramiz, o‘shanda tandir ham qurib beraman, deya va’da qildi er.
Hosil yetildi. Ra’no hosilni alqab-alqab, maqtab-maqtab o‘rdi. Bug‘doy boshoqlaridagi donlarni sanab chiqdi. Boshoqlarining bari to‘liq, yigirma to‘rttadan o‘ttiz oltitagacha doni bor ekan.
Kuzda yangi tomorqa top-tozalandi. Kech kuzgi arpa ham o‘rib olindi. Er qaytadan tuprog‘ini ag‘darib chiqdi. Keyin “yaxob beramiz, endi tuproq dam olaqolsin”, dedi.
– Yer ham bizdaqa egasi borligiga suyunadi, – dedi er.
Yerning ham joni bor.
U ham maqtashingga ilhaq bo‘lib yotadi.
Ko‘rdingmi, bo‘liq tuprog‘i nimaiki qadasang, hammasini gurkiratib- jo‘shtirib tashladi.
Yovvoyi o‘tlar ham tizza bo‘yi o‘sdi.
– Ha, ko‘rdim, – dedi Ra’no.
– Xursand bo‘lsang-chi.
– Nega?
– Xudo rizqni barakasi bilan oshirib-toshirib berganining alomati bu, – dedi er. – Baraka bermasa, shunday bo‘larmidi?
– Yo‘q, sira bo‘lmas edi.
Xalq bir bo‘lib, mol-qo‘yini ekinzorlarga haydadi. Jonivorlar qolgan-qutgan poyalarni, maysa-o‘tlarni yamlab-yamlab yeyishdi. Sigiri to‘yib, terak ostida kavsh qaytarib yotdi.

* * *

Bu yerlarda shamollar suron solib esar edilar: kunbotardan kunchiqarga, kunchiqardan kunbotarga…
– Uzoqlarda, tog‘lar orasida katta ochiq joy bor, – dedi er. – Shamol o‘sha joydan kirib keladi.
Hammayoqni buzib esib o‘tadi-da, olisdagi tog‘larga borib urilib, o‘tolmasdan yana ortiga qaytadi.
Ortiga qaytganida shiddati susayib, o‘zi zaiflashib qoladi.
Shunaqa shamollar yiliga besh-olti marta esadi.
Birinchi esadigani – dov-daraxtni, o‘t-o‘lanni, ekin-tikinni uyg‘otadigan shamol, dedi u.
Taqir yerni, jonsiz shoxlarni egib-egib, uyg‘otadi.
Ikkinchisi – gul-kurtak yozadigan shamol. Uyg‘ongan daraxtlarning tanasida suv yuradi. Shoxlarida mayda-mayda kurtaklar bo‘rtadi. Shamol o‘sha kurtaklarni ochadi. Uni qaldirg‘och shamoli ham deydilar. Chunki qaldirg‘ochlar o‘sha shamol qanotida uchib kelishadi.
Keyingisi esa gul to‘kadi. U kamida uch marta esadi. Sababi – gilos, o‘rik, olma erta gullaydi. Behi, shaftoli, nok esa kechroq. Shularning barining gulini to‘kib o‘tadi, ana shunda gulkosasiz qolgan kurtak mevaga zo‘r beradi.
Keyingisi – erta mevalarni to‘kadigan shamol. U ikki marta esadi. Shundan keyin shamollar mavsumi kuzgacha to‘xtaydi.
Shu shamol bo‘lmasa, tabiat mana shunday gurkiramasdi. Dov-daraxtni changlantiradi, urug‘larini sochadi.
Xudoning ishiga hayron bo‘lmay ilojing yo‘q. Bu shamollar o‘z-o‘zidan esib qoladi deb o‘ylaysanmi?
Dov-daraxt ham juft-juft bo‘lib umr kechiradi. Shularni birontasi changlanmasa, meva solmaydi.
“Shuncha narsani qaydan biladi? – deb o‘yladi Ra’no, hayratlanib.
Meva to‘kuvchi shamol bug‘doylarni egib-qayirib o‘tdi. Bo‘liq-bo‘liq boshoqlar yerlarga egilib, ayqashib ketdi. Ra’no ularga qarab turib, shamolni qarg‘adi.
“Sekinroq essang o‘larmiding”, dedi.

* * *

Er bug‘doyni qoplab bosib qo‘ydi.
“Endi un deb xavotir olmaysan, – dedi kulib. – Chunki bug‘doyimiz bor. Un kerak bo‘lsa, shartta ikkita qopini olamanu tegirmonga oborib, torttirib kelaman”.
“Bizga pul-mul ham kerakmas endi, – dedi. – Tegirmonchi xizmat haqiga uch-to‘rt kilo unni olib qolaveradi. Chiqitini ham olib kelsam, sigiringga yemish bo‘ladi. Yog‘ zarur bo‘lsa, bir qopini olamanu do‘konga oborib, yog‘ga almashtirib kelaman. Yana nima kerak senga, hoy xotin?”
“Hech nima, – dedi Ra’no ham kulib. – Bolalar sog‘-omon, o‘zimiz tinch, bitta mo‘min-musulmonga yana nimayam kerak bo‘lardi?»

* * *

Bahor yomg‘irlari tugab, kunlar qiziy boshlaganida er imorat boshladi.
Katta-katta daryo toshlaridan olib keldilar. Yerni o‘yib, tosh bilan urib-urib shibbaladilar. Sen endi aralashmaysan, bu yog‘i erkaklarning ishi, dedi eri Ra’noga. Qarindosh-urug‘lar, do‘st-yorlar kelishdi, katta qozonda sho‘rva, osh damlandi. Qishloqda har kuni hashar edi. Kishilar hayyo-hu ila, hazillasha-hazillasha bir uyning devorini bir kunda urib qo‘yar edilar. Ra’noning eri poydevor ko‘tardi. Tejamli bo‘lsin deya, poydevorga tosh qaladilar. Shundan so‘ng bultur kesilgan teraklarni olib borib sinch ko‘tarishdi. Ra’noning eri ustachilikdan xabardor edi, hammasini bir o‘zi tinim bilmay chumoliday ishlab, asta-sekin bitirib oldi. Sinch yoz bo‘yi qurib turdi. Bu orada er-xotin loy qorib, guvalak solishdi. Guvalaklar ham yoz jaziramasida quridi. Yoz tugagach, el hasharga aytildi. Xalq kelib, kechgacha urib-ko‘tarib ketdi. Ra’no tevaragida va ichkarisida somonli loy parchalariyu guvalaklar qolib ketgan imoratga qarab, savlatli, ko‘rkam uy bo‘ldi deb, mamnun bo‘ldi.
Er to‘qaydan qamish kesib keldi. Tomga terak shoxlarini ko‘ndalangiga terib, ustidan o‘sha qamishlarni bosishdi. Keyin er somon aralashtirib katta loy qildi, tomga loy ham bosildi.
– Shifir ham qilamizmi? – deb so‘radi Ra’no eridan.
– Shifirga pul yo‘q-ku? – dedi er.
– Bizni uy ham chiroyli bo‘lmasinmi? – deya turib oldi Ra’no.
Er ko‘ndi. Nihoyat, kech kuzga borganda tomni yopib oldilar.
– Ana, ish bitdi, – dedi er quvonib.
– Endi taxta polini qoqsak, suvog‘ini qilsak, eshik-romini o‘rnatsak, uy tayyor-da. Kirib, maza qilib o‘tiraverasan.
– Hecham-da, – dedi Ra’no. – Sholcha-palos, to‘shak-parda degan narsalar ham bor.
– U yog‘i seni ishing, – deya kuldi eri.
Shunda Ra’noning esiga onasining gapi tushdi. Eriga yer ostidan qaradi, u xushfe’l kulib turardi.
Sirayam burgutga o‘xshamasdi.
O‘zi ham ona burgutga o‘xshamasdi.
Bekor gap ekan, dedi. Musichalarga o‘xshamaymizmi ko‘proq?
Musicha ham xas-xashakdan in quradi, birovga zarari tegmaydi, ku-kulab xas-xashak, don-dun tashib yuraveradi.
Yomoni shundaki, o‘sha qora yuzli kishi ulardan bir necha uy naridan tomorqa olgan ekan. Qaytayotganlarida tomorqasida bir nimalarni mo‘ljallab yurganini ko‘rib, Ra’noning yuragi uvushib ketdi. Baqrayib qarab turganini ko‘rib: “Iloyo, betingni Xudo teskari qilsin”, deya qarg‘ab o‘tdi.
Qo‘ni-qo‘shnilar “Yangi uy qutlug‘ bo‘lsin”, deya osh-palov pishirib chiqishdi.
– El baribiram yaxshi-da, – dedi Ra’no, suyunib. – Qarang, birpasda hammayoqda imorat. Odamlarimiz juda insofli-diyonatli-da.
– Hammayam emas, – deb e’tiroz bildirdi er. – Narigi ko‘chadagi Ahmadni taniysan-ku? Kecha mast bo‘lib, qo‘shnilari bilan urishibdi. Yoki tepa mahalladagi Toshmat? Odamlarni aldab, pulini olib qaytarmay yuradi.
– Unda, o‘sha Ahmad bilan Toshmat yomon, – dedi Ra’no. – El esa baribiram yaxshi.

* * *

Ra’no yana ko‘k kiydi.
Qisqa vaqt ichida ota-onasidan ayrildi.
Har ikkovlon kasal bo‘lmasdan, farishtalarday jon bergani yurakni yanada ezar edi.
O‘lim haq! Har kim ham bir kuni bu olamdan ketadi.
Yana bir haqiqat shuki, ketganlar sizu biz boradigan joyga bizlardan avvalroq borib turadilar.
O‘zingniki yomon bo‘lar ekan. Ra’no yomon kuydi. O‘zini har tomon urdi. Ota izlari qolgan tuproqlarga o‘zini otib yig‘ladi, u qurgan imoratlarga yuzini bosib yig‘ladi.
“Voy otam, hamma narsalaringiz o‘z joyida turibdi-ku, o‘zingiz qaydasiz?” deb bo‘zladi.
“Uyingizga kirsam, isingiz dimog‘imga urilyapti-ku, jon otam?”
Kasal bo‘lganlarida “Jonim qizim” deya, u yog‘ini ayta olmay yutinganlarigacha xayolida jonlandi.
Aytib-aytib yig‘ladi. Shunday yig‘lasa, yuragining ichidagi tafti bosilganday bo‘ldi.

Qator-qator uy solgan,
Devoriga gul solgan,
Solgan guli bitmasdan
Go‘ristonga yo‘l olgan,
Eksa bitmas maydonim,
Chaqirsam kelmas mehmonim,
Ot ko‘tarmas polvonim,
Uyimdagi sultonim,
Orqamga tushgan oftobim,
Ustimga kiygan kimxobim,
Qishlardagi qishlovim,
Yozlardagi yaylovim,
Otajonim, jon otam,
Otajonim, voy otam…

Etigiga, belbog‘iga, to‘niga yuzini bosib-bosib yig‘ladi Ra’no qiz.
Ha, qizning kuyishi yomon bo‘lar ekan. Qiz o‘z-o‘zini yeb qo‘yar ekan. Jonini ayamas ekan, qushday potirlab o‘zini har yon urar ekan.
Na qaynona yupata oldi uni, na er, na bolasi.
Bittasigayam quloq solmadi. Bolasini bag‘riga mahkam bosib, dardu armonlarini aytib bo‘zlayverdi, bo‘zlayverdi.
“Otajonimning behisi”, deb murojaat qildi behiga. “Nainki o‘zini, balki qo‘llarining iziniyam topolmay qoldim-ku, endi sen ham ko‘zimga o‘tday ko‘rinib ketyapsan”, dedi behining g‘adir-budur tanasini siypalab.
“Indamaygina o‘lib qolaverdi-ya”, der edi kuyinib.
“Hech kimimiz qolmadi-ku, bolam”, der edi qizchasiga.
“Bu yorug‘ olamda senu mengina qoldik, xolos, jonim bolam”.
Bola to‘lpoq qo‘lchalarini o‘ynatib, onasiga tiniq nigohini tikib turaverdi.
“Endi kimga keragimiz bor, bolajon?
Bobong hayitlarda belbog‘ining qatiga qand-qurs qistirib, seni-meni ko‘rgani kelardi-ku?
Enang har ikki-uch kunda bir “non yopuvdim, qip-qizarib pishdi, ikkitaginasini senga ilindim”, deb potirlab kelaverar edi-ku?
Hayotida biror ro‘shnolik ko‘rmasdan, mana, o‘tdi-ketdi-ku?
O‘zi yemadi-ku? O‘zi ichmadi-ku?..”
Shunda qizchasining yuzlariga ko‘zyoshlari tomar, tomar, tomar… Ra’no “bolajonim, seniyam qiynab qo‘ydim-ku” deb, tomchilarni ro‘molining uchi bilan artib-artib olardi.
Hatto eriga ham gapirgisi kelmasdi. Indamasdan yig‘lay-yig‘lay, yumushlarini qilib yuraverardi.
Shunday kunlarning birida yomg‘ir yog‘di.
Yomg‘ir tandir yoniga bosib qo‘yilgan g‘o‘zapoyalarni, makka bog‘larini, sarg‘aygan o‘t-o‘lanlarning barini ho‘llab, maydalab yog‘averdi. Birpasda hammayoq shalabbo bo‘ldi.
Chiroq allaqachon o‘chib qolgan edi. Salqin etni junjiktirar, uy bo‘g‘otlaridan shaffof tomchilar chakillardi.
Ra’no uyga kirdi, sham yoqdi.
– Qo‘y endi, kuyaverma. Bolalaring ham qiynalib ketishdi, – dedi er mehribonlik bilan.
Ra’no indamadi.
– Bunaqada o‘zingni bir nima qilib qo‘yasan.
Ra’no yana indamadi.
– Kel, qo‘y endi, – dedi er, ovozida mehri tovlanib, o‘ziga tortib. Shunda ro‘moli sirg‘alib yelkasiga tushdi. Er sochlarini silamoqchi edi, Ra’no chetlanib, ro‘molini qayta boyladi.
– Nega boylading, turaversin? – dedi er.
– Yo‘q, uyat bo‘ladi, – dedi Ra’no.
– O‘zimiz xolosmiz-ku?
– Xudo ko‘rib turibdi, – dedi Ra’no.
Jim qoldilar.
– Ayt-chi, – dedi er ovozi o‘zgarib. – Meni sira yaxshi ko‘rganmiding?
– Voy, nima deyapsiz? – deya hayron boqdi eriga. Bunday xayol aqliga kelganiga ajab­landi.
– Rostdan?
Er atay shu savolni berganiga aqli yetib turardi.
– Rostini ayt, – dedi er. – Balki, qiz bolaligingda kimnidir yoqtirgandirsan?
– Nimalar deyapsiz? – dedi Ra’no eriga ro‘y-rost jahli chiqib qarab. Keyin shartta dedi:
– O‘lsam ham birovga tegmas edim!
Shu gap yetarli edi. Erning yuz-ko‘ziga favqulodda jilmayish indi. “Xudoyimga shukur”, dedi iljayib.

* * *

Kunlar o‘taverdi. Tomorqa teraklari juda tez o‘sdi. Ko‘pchilik imoratini tiklab ham oldi. U yerga qarab turib qachonlardir bepoyon dala bo‘lganiga odamning aqli shoshar edi. Ra’nolarning imorati ham bitdi.
– Odamlarning baxtiyor bo‘lishi uchun qanchalar oz narsa kerakligini qara-ya, – dedi er. – Haqiqatan ham, bir parcha yer, ozgina rizq-ro‘z, tinchlik-xotirjamlikdan boshqa yana nimayam kerak bo‘lardi? Xudoga shukur, hammamiz sog‘-salomat, xalq omon, bolalar o‘ynab-kulib katta bo‘lishyapti…
– Ha-ya, – dedi Ra’no.
– Polvonchaning to‘yiniyam qilolmadik, – dedi er. – Avval menikilar ketishdi, ke­yin senikilar. Uch yil ko‘kdan chiqmading. Endi elga halollab qo‘ysak, nima deysan?
Topgan-tutganlarini yig‘ib-terib, oz-moz qarz ham olib, polvonni “halolladilar”.
Bo‘y-bastiga munosib kichkina to‘ncha, isi anqib turgan yap-yangi do‘ppi kiydirilib, beliga belbog‘ bog‘lab qo‘yilgan o‘g‘ilcha nimalar ro‘y berayotganiga aqli yetmasdan qo‘lida o‘yinchoqlari va shirinliklari bilan hovlida o‘ynab yurar, hammaning diqqat-e’tibori to‘ybolada, qiz tomon kuyovning ota-onasigayu o‘ziga boshdan-oyoq sarpo hadya qilgan, tog‘alar kattakon novvosni el ko‘zida yetaklab olib kelib, bostirma ustuniga boylashgach, shoxlarigayu tuyoqlariga arqon tashlab, mana shu pildirab yurgan bolakayning kelajakda omon-eson o‘sishi uchun qurbonlik o‘laroq so‘yilib, qoni chetroqda yerga qazilgan chuqurchaga oqizib ham bo‘lingan, hozir besh-olti kishi birgalashib terisini shilar edilar. Usta kelganida Ra’no ichkari uyga qochib kirib, quloqlarini berkitib o‘tirib oldi, bolasining ozor chekishini o‘ylasa, vujudi dir-dir titrar edi.
Tashqaridagi erkaklar qattiq-qattiq gapirishib, kulishardi.
Bir mahal bolasi chirillab yig‘laganida Ra’no ham yig‘lab yubordi, sira o‘zini bosolmas edi. Ammo Xudoning ra’yiga, elning urfiga qanday qarshi borsin? Sal o‘tib, bola yig‘isi bosilganida, “Ana, endi katta yigit bo‘ldi”, deya shod-xurram turgan kishilar orasiga kirib borib, cho‘mbiri ustiga do‘ppi yopib, belbog‘ tashlab qo‘yilgan, ammo o‘ziga berilgan o‘yinchoqlargayu kichkina pichoqchaga alahsib, qora kipriklarida halqa yoshi titragancha jilmayib yotgan o‘g‘lini ko‘rdiyu yengil tortdi. “Xayriyat”, dedi. O‘g‘ilning ham, qizning ham onasini kuydiradigan bir dog‘i bor, ishqilib, bolalarimga boshqa dard bermagin, bersang o‘zimga beraqol, deb yolvordi.

* * *

Endi Ra’no ota uyiga borganida tomorqa aylanar, ariqcha kichrayib qolgan, tubida ozgina suv oqar edi, xolos.
Qizgina endi ota ekib ketgan behi bilan so‘zlashar edi.
“Otamning behisi, o‘syapsanmi?”
“O‘sish qayda, ona qizim. Bir amallab jon saqlab turibman. Ko‘ryapsanmi, madorim quridi. Mayda shoxchalarimning uchlari ham qurib bormoqda”.

* * *

O‘sha tongda zilzila ro‘y berdi.
Zilziladan bir necha soniya avval Ra’no to‘satdan uyg‘onib ketdi. Shu mahal yer ostidan juda qudratli bir gulduros eshitildi. Hayal o‘tmay hammayoq silkindi. Devorlar qarsilladi, bir nima taraqlab tushdi, mollar bo‘kirib, itlar angillay ketishdi, Ra’no jon holatida sapchib, kalima qaytara-qaytara, bir qo‘liga qizchasi yotgan beshikni, boshqa qo‘liga ikkala o‘g‘ilchasini ko‘targancha tashqariga otildi.
Valishlar ham silkinar edi.
Havoda qizg‘ish tuman suzar, bunaqa g‘alati tumanni sira ko‘rmagan edi Ra’no. Yoz kunida bunaqa tuman paydo bo‘lishi qo‘rqinchli edi, hozir yer yuzi yonib ketsa-ya, deb qo‘rqdi.
– Xudoyo, o‘zing saqla! Subhonolloh!
Tinmay shu so‘zlarni takrorlar edi.
Er ham otilib chiqdi, shu falokat vaqtida haliyam qarsillab chayqalayotgan imoratlariga ola-kula ko‘zlarini tikib u bir yon, uch bolasini bag‘riga bosib, tili kalimaga kelmay turgan Ra’no bir yon… shu ikki jon, eru xotin.
Saldan keyin zilzila tindi. Odamlarning qichqirig‘i, mol-qo‘ylarning ma’rashi hanuz eshitilar edi.
– Qanaqa qilib opchiqding bularni? – dedi er hayron bo‘lib.
Ra’no o‘ziyam bilmadi.
– Bilmasam, – dedi hayron bo‘lib.
Haqiqatan ham, kap-katta yigitga qo‘shib qizaloqni va beshikni bir vaqtning o‘zida uydan olib chiqish aqlga sig‘mas edi.
Ko‘cha to‘la odam edi. Hamma to‘zg‘ib, uylaridan tashqariga otilib chiqishgan edi.
– Tinchmisizlar, tuzukmisizlar? – der edi hamma bir-biriga.
– Shukur-shukur, – der edilar qolganlar ham.
Hamma bir-biridan hol so‘rar edi.
Qishloq vahimaga to‘lib ketgan edi. Kimningdir sigir-qo‘yi bostirma tagida qolibdi. Pastroqda, ayniqsa, shovur kuchli edi. Ko‘zi yomon qora kishi bultur qo‘shnisi bilan devor talashib urishgan ekan, zilzilada uni o‘sha devor bosib qolibdi.
– Tavba, Xudoyim tinchlikning qadrini ko‘rsatib qo‘ydi-ya, – dedi Ra’no.

* * *

Er televizor olib keldi.
Tomga simini chiqardi, qaerinidir buragan edi, lipillab turli yurtlarni, turfa kishilarni, urush-janjallarni ko‘rsatdi. To‘da-to‘da baqiroq olomon uylarni yoqar, qichqirib-baqirar edi. Televizor otasini o‘ldirgan bolani, o‘g‘lini urib mayib qilgan otani, noma’lum sababga ko‘ra to‘da-to‘da bo‘lib o‘zini sohilga urib halok qilgan baliqlar galasini, tasodif tufayli boyib ketgan aqlsiz kishini, onasini yolg‘iz tashlab qo‘ygan o‘g‘ilni ko‘rsatdi.
– O‘chiring shuni, – dedi Ra’no ko‘ngli ozorlanib. – Tavba, dunyoda shunaqa odamlar ham borligiga ishonging kelmaydi. Birontasida hayo-insof degan narsa yo‘g‘-a? Bir-birini itday yalab-yulqaydi, odamlar bor ham demaydi. O‘lsin, nima qilardingiz shuni opkelib?
– Bolalar ko‘rishsin, dedim-da.
– Bolalarning betini ochib nima qilasiz? – dedi Ra’no.

* * *

Bu yerlarda shamollar suron solib esaveradilar, kunbotardan kunchiqarga, kunchiqardan kunbotarga…
Erning sochlariga oq tushdi. Gavdasi egildi, yuzi tirishlarga to‘ldi. O‘zining ham ajinlari ko‘paydi. Avvalgi chaqqonliklar qayda endi?
Yumushlar esa esini taniganidan beri o‘sha-o‘sha: hanuz ariq bo‘ylaridan, ekinlar oralaridan o‘t yulib, sigirga solish, tomorqaga qarash, hovli supurish, xamir qorish, non yopish, taom pishirish… Ammo beli darrov og‘rib, charchab yotib olgisi kelar, vujudni quvvat tark etmoqda edi.
O‘g‘ilni uylar vaqti yuz ko‘rsatdi.
Tanish-bilishlar kim orqalidir kimnidir qizini ro‘para qilar edilar. Emishki, falonchining qizi sochi supurgiyu qo‘li kosov, oyog‘i oltiyu qo‘li yetti, xullas, juda mehnatkash emish. Har qancha ishlasa ham charchamasmish. O‘zi nihoyatda kamsuqum, g‘oyatda odobli, gap so‘rasangiz gapirmasmish, har ish qo‘lidan kelarmish, kelin bo‘lib tushgan xonadonini bog‘u bo‘stonga aylantirib yuborarmish.
Shunday esa-da, Ra’no o‘g‘lini hech kimga ravo ko‘rmas edi.
Yo‘qsa, o‘g‘il kuchga to‘ldi, ko‘rkam, ajoyib yigit bo‘ldi. Ota-bobolardan qolgan odat shu, yigit er yetilgach, uni yo‘lga soladigan xotini bo‘ladi, deydilar. Ko‘cha-ko‘yda yuraversayam bo‘lmaydi. Tezda boshini ikki qilib qo‘ysang, quyuladi, aqli kiradi.
O‘g‘liga “Seni uylantiramiz” derdiyu ich-ichi bir simillab olardi.
O‘g‘ilning jilmayib turganini ko‘rib, g‘ashi ham kelar edi.
– Hah, iljaymay qol, nimaga meni kuydirasan? – der edi. – Hali xotining tarafga og‘ib ketarsan ham?
– Menga baribir, xizmatingizni qilsa bo‘ldi.
– Unaqa dema, – dedi Ra’no. – Meni xizmatim nimayam bo‘lardi? Xotin kishi ro‘zg‘oringni butlaydi.
– Butlasin-da, – deya jilmaydi o‘g‘il onasini quchoqlab. – Lekin xizmatingizniyam bajarsin. Qancha mehnatlar qildingiz, qancha qattiq kunlarni ko‘rdingiz, qavat-qavat to‘shaklarda mazza qilib o‘tiring-da endi.

* * *

Yigirma yil avvalgi hodisalar endi Ra’noning ko‘z o‘ngida takroran ro‘y bermoqda edi.
Kelin bo‘lmishning yaqinlari ko‘cha-ko‘yda ko‘rinib qolishsa, egilibroq salom berishar, quyuqroq hol-ahvol so‘rashishardi.
Har ikki xonadonda ham ancha-muncha kishi to‘y tadorigi bilan ovora.
Devorlarning to‘kilgan suvoqlari qaytadan suvalgan, bo‘yalgan, el kelsa malomat qilmasin deya, har taraf sarishtalangan.
Jo‘xorilar o‘sib yotgan yerlar tozalangan.
Kishilar mahallaning doshqozonlarini aravalarda tashigan.
Kelinning uyiga qo‘y, nimta, un-guruch, go‘sht-non, sarpo-surug‘ yuborilgan.
Ra’no o‘g‘lining bo‘y-bastiga qarab turib, uni hanuz qizg‘anar edi.
“Aylanay qosh-ko‘zingdan, biram kelishgan yigit bo‘lding-ki”, der edi.
“Eshigimdan kirib kelgan davlatimsan-ku, aylanay”, deya suyar edi.
“Yuzimning qiziliyam, tilimning uzuniyam sensan, bolam”.
Marosimlar davom etar, to‘y ruhi qishloqning ancha-muncha xonadonini egallab olgan edi.
Kichkina bolachalar ham o‘ynagani kirib kelishsa, “To‘ylar qutlug‘ bo‘lsin, xola”, deb ketar edilar.
Bakovul kirib keldi. Katta o‘choqlarga o‘tin qaladi, ko‘k tutun ko‘klarga o‘rladi. Bakovul qizarib-qizarib, doshqozonlarning birida to‘y sho‘rvasi, birida osh pishirdi.
Mahallaning odami kirib keldi, hovli izdihomga to‘ldi. Yosh bolalar ham makkasi o‘rib olinib tozalangan yerga o‘tirib olib, “mazza bo‘pti” deb sho‘rva ichar edilar. Qariyalarga ichkariga joy qilingan edi. Osh suzildi. Odamlar yeb-ichishib, kelin-kuyovga Xudo baxtu saodat bersin deya, fotiha qilib ketishdi.
Kelgan-ketgan ko‘p edi. Hammasining dasturxoniga bir-ikki siqim qand-qurs, non-qatlama, parcha mato qo‘yish kerak edi.
Hovli yana ikkiga ayrildi. Xotinlar taraf uzun oq surp bilan to‘sib qo‘yildi. Erkaklar darvozaxonada to‘plangan edilar. Xotinlar taraf qushlar sayragani kabi qiy-chuvga to‘la, hammasi bab-baravar gapirayotganday tasavvur uyg‘otardi.
Yosh-yalanglar to‘yxonani tayyorlab bo‘lishgan, uch-to‘rttasi tok zangiga katta qora qutilarini ham osishgan, qo‘shiqchilar tayyor, nariroqda karnay-surnaychi ham jamuljam… Ra’no mana shu to‘s-to‘polon ichida pildirab yurardi.
– Kuyovnavkarlar tayyormi?
– Tayyor, tayyor.
Bir mahal kelin-kuyovga ajratilgan uydan banoras to‘ni xush qaddiga chunon yarashgan o‘g‘li chiqib keldi. Qop-qora sochlari do‘ppi ostidan toshib chiqib turar, qora qoshlari qalin, baland bo‘yli, ko‘rkam yigit bo‘lgan edi.
Ra’no istamasa ham qaroqlariga yosh keldi. “Voy o‘lay, to‘y bo‘lyapti-yu, yig‘lagim kelishini qara-ya, uyat-a”, dedi.
“Bo‘y-bastingdan aylanay, bolam, deb, bag‘rimga bosay desam, bo‘yingga bo‘yim yetmaydi-ya, onang cho‘ring bo‘lgur!”
Qarindosh-urug‘lar, tanish-notanishlar ham kuyovning yelkasidan olib, yuzlariga fotiha tortar edilar. Hamma havas ila kuyovbolaga qarashardi.
“Hu, ko‘zing o‘zingga tekkur”, dedi Ra’no ichida, kelganlarning orasida birontasining ko‘zi bor bo‘lsa-ya, deb xavotirlanib.
Ha, Davlatbek kuyovlarning sarvari bo‘lgan edi.
Kuyovnavkarlar jo‘nab ketishdi.
– G‘o‘zapoya opchiqmaysizlarmi? – deb so‘radi Ra’no.
– Yo‘q, xola, endi g‘o‘zapoya yoqilmaydi, – dedi yigitlardan biri.
– Voy, kelin-kuyov olov atrofida aylanmaydimi?
– U marosim bekor bo‘lgan, – dedi yigit.
Ra’no u ishni joiz emasligini bilsa-da, kelin-kuyovga zarar-ziyon tegmasin deya, baribiram o‘t atrofida aylanishlarini istar edi.
Yarim soatcha vaqt o‘tgach, kuyovnavkarlarning qiyqirig‘i, childirma do‘p-do‘pi eshitildi.
Kelin keldi!
Kuyovlarning sarvari Davlatbek kelinni yetaklab davraga olib kirdi.
Ra’no ana shunda o‘zini tutolmay, tevaragidagilardan ham uyalmay, ro‘y-rost yig‘lab yubordi.
– Hoy, tuzukroq ko‘ylagingizni kiyib olmaysizmi? – dedi kimdir.
Ra’no o‘g‘lidan ko‘zini uzgisi, boshqa ko‘ylak kiygani uyga kirgisi kelmay, ko‘zidan yoshi oqib qarab turardi. Yor-yor sadolari ostida bolajoni davra to‘riga o‘tib o‘tirdi. O‘rtakash bir nimalar deb javray boshladi, ammo gaplari Ra’noning qulog‘iga sira kirmas edi.

* * *

Oradan yil o‘tar-o‘tmas, qizni ham chiqardilar.
Qizalog‘i otasiga tortgan, cho‘zinchoq oq yuzli, qoshlari payvasta, oyday bo‘lib turar edi.
Kelinni olib chiqib ketar mahali otani chorladilar.
Yana o‘sha, eski yor-yorlar aytilar edi.
Valishlar ostida, qizaloqning qancha sho‘x-shodon kunlari o‘tgan shu qadrdon hovlining tuprog‘iga, ota oyog‘i ostiga yangi palos to‘shaldi. Xolalar qizni ikki qo‘ltig‘idan ushlab, ota poyiga olib kelishdi. Qiz ikki bukilib, “Otajon” deya ta’zim qila-qila keldi. Xotin-xalaj, bola-baqra qiy-chuvi ostida padar oyog‘iga bosh urdi, bu bosh urishda “Necha yillar suv kelsa simirib, tosh kelsa yemirib o‘stirib katta qildingiz, endi mendan rozi bo‘ling”, degan nido ham bor edi. Shunda hayotning pastu balandini ko‘raverib diydasi anchayin qotib ketgan shu kishining ko‘zlaridan ham tirqirab yosh chiqib, yuzlariga oqdi, atrofidagilardan hech tortinmay, baralla ho‘ngrab yubordi.
Qizning qalbida ham, otaning yuragida ham aytilmagan qancha gaplar bor edi-ya!
Bu yig‘ining ma’nosi shunday edi:
“Dunyoi dunda yakka bir o‘zim edim, Xudoyim farishtaday bir qizaloqni – seni hadya qilib yubordi. Uyimda o‘ynab, chopqillab yurishlaring hayotimni nurga to‘ldirdi. Charchab kelsam, kichkina qo‘lchalaring bilan oyoqlarimni, yelkalarimni uqalading, choylar damlab kelding… Otang qurboning bo‘lsin, bolam, uyimda mehmonim edingmi? Shuncha yil asrab-avaylab katta qildim, bag‘rimdan sira chiqargim kelmaydi, ammo nayla­yin?”
Qizning aytar gaplarini esa hech kim bilmadi. Qiz ichidagi gaplarini o‘zi bilan olib ketaverdi.
Kelinni olib chiqdilar.
Qiy-chuv bilan xotinlar ham jo‘nashdi. Hovli huvullab qoldi. Otaning bir-ikki do‘st-yori bor ekan, shular jonga ora kirishdi, u yoq-bu yoqdan gapirib, chalg‘itib o‘tirishdi.
To‘yxona esa charog‘on, hamma shod, bir gapirib o‘n kular edilar.
Kuyovlik sarpolari o‘ziga yarashgan kuyov davra to‘rida qo‘r to‘kib o‘tirar edi.
Ra’noning yuragi iyidi.
“Kuyovjon”, degisi keldi.
“Kiprigimning ustida, qarog‘imning ostida katta qilgan qizimni o‘zim opkelib qo‘lingizga topshiryapman.
Iloji bo‘lsa edi, bag‘rimdan chiqararmidim?
Jonimni ipini qo‘lingizga berib qo‘yyapman, jon bolam.
Qoshingizda pildirab yurishlarimdan, sizga muztar-muztar, yalinib-yalinib qarashlarimdan sezmayapsizmi?
Jonimning shu bitta parchasi endi sizga boylangan. Siz kulsangiz, ichim yorishadi, qovoq uysangiz, dunyo qorong‘i bo‘ladi.
Iltimos, shuncha yil qoshu qarog‘imda olib yurib, avaylab katta qilgan bolamga ozor bermang, cho‘ringiz bo‘lay!”
Bu gaplardan kuyovning xabari bormidi? Bilish qiyin. Kuyovnavkarlar qatorida qo‘r to‘kib, Alpomishday bo‘lib jilmayib turar edi.
O‘zining izzatini ham, qadru qiymatini ham bilib turar edi.

* * *

Shu tariqa ketma-ket to‘ylar bo‘ldi. Go‘yo bola-chaqa tashvishidan qutildilar.
Shamollar hanuz avvalgidek esar edilar: kunbotardan kunchiqarga, kunchiqardan kunbotarga…
Kelganu ketgan: “Ana, o‘g‘ilni uylantirib, qizniyam chiqarib oldingiz, katta tashvishdan qutildingiz”, deb havaslanishar edi.
Ammo bola-chaqasini uylab-joylagan odam ham sira tinchimas ekan.
Uyida ishlariga urinib yuradi-yu, ammo ko‘nglining bir cheti narigi mahalladagi qizida, nima qilyapti ekan, tuzukmikin, deya. Yana bir cheti bu qizida. O‘g‘li sal hayallasa, pitirlab joyida o‘tirolmay qoladi. Bolalari katta bo‘lgach, odam bolasining ko‘ngli yarimta bo‘lib qolar ekan, degan xulosaga keldi u. Yarimta nimasi, parchalarga bo‘linib ketar ekansan. Bir parchang o‘g‘lingga, bir parchang qizingga tortib turaverar ekan.
Onaizorining gapi ham esiga keldi. Bir mahallar “Ichimdan uzilib tushgan parchamsan-ku”, deb yoyilib kulimsiraganlari ko‘z oldida jonlandi. Oddiygina u gapning shunaqa cho‘ng ma’nosi bor ekan-da, dedi hayratlanib.
Tavba, taqdir degan ko‘zga ko‘rinmas bir charxpalak, sekin-asta aylanmoqda.
Kelin hovlida yumushlarini bajarib yuripti. Bir nima dey desa, lop etib ko‘z oldiga o‘z qizi keladi.
Kelinchak hali juda yosh, goh tortinib, goh dovdirab o‘zicha yumushlarga urinib yuribdi, mana, hozirgina tovuqlarga jo‘xori donidan sepdi… bir nima dey desa, u yoqda qaynonasi qiziga xuddi shu gaplarni aytishidan cho‘chiydi.
O‘g‘li kelib qoshida biroz o‘tiradi, keyin uyiga kirib ketadi.
Odam xotiniga, bolasiga bog‘lanib qolar ekan-da, deb o‘ylaydi. Ajabo, eri ham shunaqamidi? Rahmatli qaynonasi ham shunaqa deb o‘ylaganmidi?
Shular xayolidan o‘ta-o‘ta, bir kuni eriga:
– Otamiz-onamizga bir jonliq so‘yib is chiqarsak, tushimga kirishibdi, – dedi.
Er mamnun bo‘ldi.
Lekin bu ishlarning barini bitta yaxlit hikmati bor edi.
Bu yorug‘ dunyoda neki qilsang, o‘zingga qaytar ekan: yaxshilik ham, yomonlik ham. Hatto gapirgan gaping ham bir aylanib o‘zingga qaytib kelib turar ekan. Birovga “Falonchi nega bunaqa-ya”, deb gapirib ham bo‘lmas ekan, chunki kun kelib o‘shaning ahvoliga o‘zing tushar ekansan. Ha, dunyoi dunni bejiz charxpalak, demas ekanlar. Charxpalak deganlari ohista aylanib, ariqlarga suv quyadi, dunyoi dun charxpalagi esa o‘z qilmishlaringni o‘zingga qaytarib quyar ekan…

* * *

Ba’zan o‘ylab ham qolardiki, shuncha yil yashabdi, birovga sira yomonlik qilmabdi. Ajablanarlisi shundaki, o‘ziga ham birovdan yomonlik yetmabdi. Yomonliklarning ko‘pi so‘z tufayli bo‘lishiga ham aqli yetdi. Ha, birov birovning molini o‘g‘irlashi yoki haqini yeb ketishi har doim ham ro‘y beravermaydi, ammo har kuni sonsiz-sanoqsiz so‘zlar aytamiz, kimlarnidir gapiramiz, kimlarnidir yomonlaymiz, mana shu so‘zlarning bari egasiga yetsa ozorlanishi, ranjitishi va gunohga aylanishi turgan gap.
Ra’no kampirning o‘ylari ko‘p edi. Birining ortidan boshqasi chuvalashib kelaverar edi.
Teng-to‘shlarining, yaqinlarining ko‘pi qishloqning tepa tarafidagi jimjit makonga ko‘chib ketishdi. Buva-buvi, ota-ona, qaynota-qaynona kulgilari, gap-so‘zlari olamni charog‘on qilib yurgan yana allaqancha kishilar o‘sha yoqqa abadiyan jo‘nadilar. Ajabki, yuragining bir cheti o‘sha tomonga ham tortib turardi.
Butun o‘tgan umriga razm solsa, bir qushdan ortiq bo‘lmapti. O‘zi ko‘rgan qushlarning bari in qurib palapon ochishardi. Ra’no ham bir in quribdi, palapon ochibdi, rizq tashibdi…
Bu orada Davlat katta kishi bo‘ldi. Yurganida yer zirilladi, gapirganida osmon. Uyga to‘rtburchak katta bir nima ko‘tarib keldi, uni devorga osib, bir yeriga bosgan edi, g‘irillab salqin havo chiqara boshladi.
– Mana, ona, maza qilasan, – dedi Davlat. – Endi yoz issiqlarida, qishni sovuqlarida qiynalmaysan.
– Bunaqa narsalaringni o‘zing ishlataqol, – dedi. – Menga qishga bitta sandal qurib bersang kifoya.
– Sandal ham qurib beraman, – dedi Davlat. – Rosa mehnatni qilding, endi oyog‘ingni uzatib, biroz orom olsang-chi?
Shuncha yil zahmat chekding, sira biring ikki bo‘lmadi, bor topgan-tutganingni bolamga deb ilinding.
Nima uchun shuncha urinib-tirishib mehnat qilsang ham butun umr bo‘yi topganing shu bir uyu bir dahliz imorat bo‘ldi, nega shunday deb o‘ylab ham ko‘rmading.
Hayot shu ekan-da, deding, ko‘nding-chidading.
Qo‘llaringni qadog‘i haliyam ketmabdi-ku, ona?
Dunyo rang-barang, qaylardadir kishilar yetti uxlab tushingga kirmagan rohatu huzurlar ichida yashab yurishibdi, ularni bilmading ham, ko‘rmading ham.
Endi, kel, dunyoni ko‘rsatay desam, otang bilan birgalashib qurgan shu uyimdan ketmayman deb bolalarcha tixirlik qilasan. Uyimda nevaralarimni xotirjamgina o‘ynatib o‘tirsam, sen ishingdan kechga qolmasdan vaqtida kelsang, singling tumov-puchqoq bo‘lmasdan uyida tinch bo‘lsa bas, deysan.
Haliyam non uvoqlarini terasan, hamma narsani tejaysan. Haliyam bir parcha bo‘sh yer qolsa, teshachani olib, inqillab-sinqillab o‘sha joyga bir tup rayhon yo bitta chechak qadab qo‘yasan.
Nevaralaringga bir boqsang-chi. Sen yaxshi ko‘rgan yerimizdan Xudo baraka berib jo‘shtirib yuborgan rizq singari, bular ham shunaqa jo‘shib-to‘lqinlanib yetilib kelmoqdalar.
Olam o‘zgarib ketgan desam, qiziqmaysan ham. Ha, ishqilib tinchlik bo‘lsin, deb qo‘yasan.
Keyingi paytlar “qatorimizdan xato bo‘lmasin”, deb duo qilar bo‘lding.
Bolaligimdan bilaman-ku, avvallari qiziqqaning turli-tuman ko‘ylaklar edi. Goho hayitlarda “bolam, ko‘ylagim eskirib qoldi, meni bozorga olib borib, yangi ko‘ylak olib bersang”, der eding.
Shuniyam aytmay qo‘yding…
Lekin qo‘shnining bolalaridan birontasi kasal bo‘pqolsa, darrov bir nima pishirasan-da, dasturxonga o‘rab, o‘shani ko‘rib kelasan. Birov to‘y qilsa, keliningdan bir parcha mato so‘rab olasan, otamning ko‘ylagini boshingga yopinib, pildirab o‘sha to‘yga ham borib kelasan.
Ona, o‘g‘ling kuch-quvvatga to‘ldi. Dunyoda odamni aqli bovar qilmaydigan yurtlar, mamlakatlar bor. Ko‘rsang, esing og‘adigan mo‘‘jizalar bor. Yuraqol, onajon, desam, xuddi kichkinaligimda bir nimani bilmasdan so‘raganimdagi kabi bag‘rikenglik bilan jilmayasan, o‘zimni yana o‘sha mahaldagi kabi nimalarnidir bilmas his qilaman. “Qo‘y, bolam, menga shu el kifoya, dunyongni nimayam qilardim”, deysan.
Bir kuni qattiqroq turib oldim, o‘shandayam ko‘nmading.
“Ortiqcha puling bo‘lsa, ro‘zg‘oringdan ortsa, ana, singlingga qarash”, deding.
Begona bir xonadonga uzatilib ketganida, singil akaga mo‘ltirab qoladi, deding.
Singilni akaga doim ichi achiydi, joni kuyadi, har yerga borsa “Akam undoq, akam mundoq”, deb maqtanadi.
Bo‘y-bastingni ko‘rsa, xursand bo‘lib ketaveradi, mabodo uyiga yo‘qlab borsang, o‘sha tevarakdagilarni oldida ko‘ksi tog‘day bo‘ladi, gerdayib-gerdayib yuradi.
Ko‘zining yoshi birpasda duvullab oqib ham ketaveradi, “Otamning o‘rniga otam keldi-ya” deb, suyunib ham oladi.
Sening kelganingdan shodlanib, “Akam yaxshi ko‘radi” deb, qo‘llari kuya-kuya qumg‘onda choy damlaydi.
O‘zida yo‘q bo‘lsa, “Akam keldi!” deb, qo‘shnidan qaymoq olib chiqib oldingga qo‘yadi.
Erining oldida tili uzun bo‘ladi. “Menday g‘aribniyam yo‘qlab kelar odamim bor”, deb suyunadi.
Nima desang ham og‘zingga mo‘ltirab qarab turadi.
Singil rayhonday bo‘ladi, jambilday bo‘ladi…
Bolam, deding yana, ota urug‘ingdan xabar ol, ona urug‘ingdan xabar ol.
Tog‘alaring qoni senda oqadi. Ona urug‘ing qayishadi, seni bir tomiring og‘risa, uning yetti tomiri og‘riydi. Bilib qo‘y, tog‘ayu xola onaday mehribon bo‘ladi.
Amakilaringdan xabar ol. Ota urug‘ sir-haybat saqlab turadi. Ota urug‘da otangning qoni oqadi. Otangday vazmin, haybatli bo‘lib turadi. Senga bir gap bo‘lsa, teg­rangni tog‘larday qurshab olishadi.
Sen kichkinaligingda ular kuch-quvvatga to‘lib, ko‘cha-ko‘ylarni to‘ldirib yurgan kishilar edilar. Sen quvvatga to‘lganingda ular zaiflashdilar. Eshigidan kirib borsang, ularning ko‘ngli ham tog‘day bo‘ladi.
Ota urug‘ing xotini tarafga, ona urug‘ing eri tarafga maqtanadi, ko‘rdingmi, qarindoshim keldi, deya.
Bolajon, sen juda aqlli bo‘lib ulg‘ayding, sening quvvatli aqling yetgan juda ko‘p narsalarga mening aqlim yetmaydi. Ammo shuncha yil yashab, bilganim: shu kelbating, farosating, zehning bilan ham ota urug‘ingni, ham ona urug‘ingni birlashtir.
Birlashmasang bo‘lmaydi, bolam, hayot og‘ir, murakkab, qiyin, shu olatasir ichida bir-biringga ikki og‘iz yaxshi gap aytishing shart. Hammaniyam rizqi yetib turibdi, hech kim sening rizqingga zor emas. Ammo odamlar ikki og‘iz mehr so‘ziga judayam zor…

* * *

Yillar o‘taverdi.
Qiziq, umr goh shitob bilan o‘tayotganday, goh esa asta-sekin oqayotganday tuyuladi.
Otaning behisi tamomila qartaydi.
Tomorqa oralab o‘tgan ariqcha ko‘milayozdi. Chunki tepada kimdir suvni berkitdi.
Ariqcha qirg‘og‘idagi o‘tlar avvalgiday bo‘liq o‘smay qo‘ydilar.
Bu suv qishloqning tepasidan, tog‘lar bag‘ridan keladi, derdi. Tusi oqish, toshdan toshga urilib, har xil ma’danlarni eritib juda xushta’m bo‘lib kelardi. Kelmay qo‘ydi-ya…
Otam o‘shanda nima uchun behi ektirganini endi anglagandayman, deb o‘yladi u. Behi uzoq yashar ekan. Nok, yong‘oq, o‘rik ham. Qolganlarining umri qisqa ekan-da.
Qizalog‘im umri bo‘yi shu mevadan totib yursin, degan ekan.
Lekin bolalarimga shuni uqtirolmay jonim halak.
Hoy, uying bug‘doyga to‘lgur, ko‘chat qadab qo‘y. Qush yesayam, qurt yesayam savob. O‘ynab yurgan kichkina bolachalar yesa, yana savob.
Sendan osh-non so‘rarmidi? Bir-ikki yil tagiga suv quyib tursang, bas. Ildizi namga yetib olgach, o‘zi o‘sib, meva solaveradi-ku? Yig‘ib-terib olishga erinsang, mevasi seni kutib qanchadir vaqt shoxida turadi, keyin uzilib yerga ham tushadi.
Xudoyim butun olamni bahor payti odamning aqli yetmaydigan tur, is, shaklu qiyofada anvoyi chechaklar bilan bezashini ko‘rmayapsanmi? Kuzda hammasini xasga aylantirib yuborishidan aqling shoshmayaptimi? O‘sha go‘zalliklarning barini xazonga aylantirib, loy-tuproqqa qorishtirib tashlayotganidan hayiqmayapsanmi?
Ra’no kampirning tobi qochdi.
Qiziq, bir sabab yo‘q, bir joyi og‘rimaydi, shu yoshga kirib bir marta kasal bo‘lmagan odam, endi madorsizlanib, vujudidan kuch-quvvati ketib yotib qoldi.
Shuncha zahmatlarni ko‘rgan ko‘zlari endi yumuq, barmoqlari, iyagi holsiz titraydi, ajin bosgan yuzida, peshanasida ter ko‘rinadi… keng-mo‘l o‘rinda bir tutamgina bo‘lib yotadi.
Goh xayollari orasiga kirib ketib, o‘zini bir mahallar ariq bo‘yida kapalaklarni quvib yurganini ko‘radi. Qizig‘i shundaki, u kapalaklar ham o‘sha kezlardagi kabi, Ra’no bilan gaplashadi.
– Yur, o‘ynaymiz, – deya hilpirab uchishadi kapalaklar.
Qushlar hanuz tumshug‘ida bir nimalar ko‘tarib inlariga shoshishadi. Hanuz u inlardan palaponlar chiyillab, boshchalarini chiqarib qarab turishadi.
– Hoy, ko‘zingni och, – deydi kimdir, erining tovushi bilan.
Ra’no o‘rnidan qo‘zg‘almoqchi bo‘ladi, ko‘zini arang ochib, erini ko‘radi. Erning qaroqlari nam.
– Meni qo‘rqitmasang-chi, – deydi iyagi qaltirab.
– Ha, keldingizmi?
– Kelish nimasi, boshingdan qimirlamay o‘tiribman-ku?
– Otasi… ketib qolmasmikinman?
– Har nimani gapiraveradimi odam degan? – deb zarda qilmoqchi bo‘ladi er, ammo ovozida shiddat yo‘q, qaltirab chiqadi. – Ko‘zingni ochsang-chi.
– Ozgina orom olay, – deydi Ra’no kampir, yalinchoq ovozda. – Salgina xolos, ke­yin turaman, otasi. Faqat…
– Gapiraqol.
– Faqat… “roziman” deb qo‘ying, otasi…
– Roziman, – deydi shunda ota, ko‘zining yoshlari duv etib oqib. – Mingdan-ming roziman, onasi. Xudoyim senday ayolni menga omonat qilib beribdi-yu, rozi bo‘lmasmidim?
– Shukur… – deya pichirlaydi Ra’no va birdaniga tirish ajinlari yoyilib, kulimsiraydi.

* * *

Kulimsiragan mahali u o‘zini yana ulkan daraxtlar, shodon ariqcha, gapiradigan gul-chechaklar orasida ko‘radi.
– Ha, ariqcha, oqyapsanmi?
– Oqqanda qandoq? Shunaqangi to‘lib-toshib oqyapman-ki!
Sal narida bepoyon bir daraxtzor shovullab chayqaladi.
Oy havolab nur socharmish. Ra’no o‘sha daraxtzorning boshlanish joyida, oy yorug‘i chang kabi yog‘dulangan ingichka so‘qmoq boshida turganmish.
“Bu qanaqa daraxtzor bo‘ldi, ilgari sira ko‘rmagan ekanman-a”, deb o‘ylarmish hayratlanib.
Ajabki, o‘zi qizaloqligidagi kabi kuch-quvvatga to‘lgan, chaqqon emish.
Tevarakda hech kim yo‘qligi ham hayratga solarmish.
“Qo‘shni bolaning mazasi yo‘g‘iydi-ya”, – deb xayoliga kelarmish. – Shuni bir ko‘rib chiqmadim-a, attang”.
Eri ham xayoliga kelarmish.
“Yana ancha-muncha ishlar bor, otasi, – dermish xayolan eriga, eshitib turganiga aniq ishonib. – Naylayin, qismat ekan, men endi shu yoqlarga kelib qoldim. Siz shoshmay turaqoling, hammasini bitirib, keyinroq kelarsiz”.
Shu so‘qmoqdan yursa, ortiga qayta olmasligini ham bilarmishu so‘qmoq qayga olib borar ekan deb, qiziqar ham emish.
Lekin o‘sha tomonga borishiyam shartmish.
So‘qmoqqa qadam bosaman degan joyida, shundoqqina yo‘l chetida turgan Chimchilovchi G‘alati Maxluqni ko‘rib qoldi.
– Voy, – dermish sevinib. – Bu yoqlarda nima qilib yuribsan? Esingdami, bolaligimda meni qo‘rqitganlaring?
Chimchilovchi G‘alati Maxluqning ko‘zlari ma’yus emish.
– Nimaga indamaysan? – dermish Ra’no.
Shunda:
– Alvido, – debdi Chimchilovchi G‘alati Maxluq ma’yus, qaygadir boshqa tomonlarga qarab.
U qaragan tomonlarda oppoq bulutlar suzar emish.
– Nimaga unaqa deyapsan? – deb so‘rabdi Ra’no.
Chimchilovchi G‘alati Maxluq javob bermasmish.
Shundan keyin Ra’no o‘sha so‘qmoqdan ilgarilab boraverdi. Yuziga shamollar urildi.
– Siz ham shu yerda ekansiz-da, – dedi u yana suyunib. – Esingizdami, sochlarimdan yulqilar edingiz? Sochlarim qop-qora, uzun edi-da… Sadolanishlaringizni bosaman deb qancha qichqirsam ham ovozim g‘uvullashlaringizni bosib ketolmasdi. Mevalarni duvullatib to‘kib o‘tardingiz, osmonda qat-qat bulutlarni to‘dalashtirib haydab kelardingiz. U bulutlar yomg‘irlarni yog‘dirar edi, o‘sha yomg‘irlar ostida chunon qichqirib o‘ynar edim-ki…
– Alvido… – deyishdi shamollar, ortga qarab esarkan.
Ra’no yanada hayratga cho‘mib, so‘qmoqda ilgarilashda davom etarmish.
Butalar ostida kichkina malla tulki ham turgan ekan.
– Voy o‘lgur, sen ham shu yerdamiding? – dedi Ra’no unga.
– Xudoyimga shukur, hammangiz shu yerda ekansiz-ku, – dedi minnatdor bo‘lib. – Hozir shunaqangi ajoyib baxtu saodatni sezyapman-ki! Kelinglar, hammamiz birgalashib o‘ynaymiz.
– Alvido, – debdi tulki ham, ma’yus ko‘zchalarini pirpiratib.
Ularning ma’yus turishlaridan ajablangan Ra’no yana yo‘lida davom etgan edi, saldan keyin ingichka, tevaragi gulu chechaklar bilan bezalgan, bir uchi bulutlar orasiga kirib ketgan havoyi so‘qmoq oldidan chiqib qoldi.
So‘qmoqning tegrasida o‘sgan chechaklarga egilib, ularning o‘zi bir mahallar o‘tqazgan oqu qora rayhonlar va chinnigullar ekanini ko‘rdi.
Bu yerda ham pechaklar, kurmaklar, ajriqlar bor ekan, ular yo‘l ustini qoplab, yam-yashil gilamcha hosil qilishibdi.
– Voy-bo‘y, – dedi u so‘qmoq uchiga qarab. O‘sha yerda ulkan bir daraxt ko‘rinar, ostida o‘ynab o‘tirgan kichkina qizchalar ko‘zga tashlanarmish.
– U To‘bi daraxti, – deyisharmish chechaklar. Uzoq-uzoqlarda, yanayam yuksakda juda ulkan bir nima ko‘zni olguday bo‘lib yaraqlab tovlanarmish.
So‘qmoq ustidan qushlar uchib o‘ta boshlashdi. Ra’no ularning ham o‘sha, o‘zi tanigan qushlar ekanini ko‘rdi.
– Qayoqqa ketyapsizlar? – deb so‘radi u qushlardan.
– Bilmadik, yuksaklardan juda qudratli bir sado keldi, – deyishdi qushlar. – O‘z-o‘zimizdan to‘planib, o‘sha sadoga javoban chag‘illay boshladik. U tepayu pastdan, chapu o‘ngdan, ich-ichimizdan bab-baravar keldi. Na yemishga, na palaponlarga qaradik. Don-dunlar, ucholmay qolgan palaponlar yer betida shundoq qolib ketaverdi, to‘lqin-to‘lqin kelayotgan o‘sha quvvatga istasak-istamasak bo‘ysundik. Shu uchishda tog‘laru cho‘llar, daryo­yu dengizlar uzra uchamiz, toki o‘sha sado “Yetar, bas” demaguncha.
– Palaponlar? Voy o‘lay, meniyam palaponlarim bor edi-ku?
– Vaqt-soati yetganida ular ham ortingdan kelishadi, – deyishdi qushlar. – Ular boradigan joyga sen sal avvalroq borib turaqol. Zotan, umr bo‘yi shunday qilmadingmi? Bo‘laqol, o‘sha yerga yetib olsak, hammamiz birgalashib o‘ynaymiz.
– Xo‘p, – dedi Ra’no, ularga ishonib.
“Haqiqatan ham, endi qo‘limdan nimayam kelardi”, deb o‘yladi.
“Umr bo‘yi erimning, bolalarimning kelishiga ovqat pishirib, choylarini damlab kutib o‘tirdim.
Uyimni sarishta qildim, haromu ziyon-zahmat oralatmadim, tomorqalarda ter to‘kib urinib-tirishdim.
Umrim bo‘yi birovga yomonlik qilmadim, qo‘pol gapirmadim, bilganim mehnatu rizolik bo‘ldi.
Aslida, u joy hammaning ham borar joyi ekanini bilib turibman.
Modomiki shunday ekan, vaqtni o‘tkazib, bolalarimga og‘irim tushib nima qildim? Ha, boraqolay, hali-zamon otasi ham ortimdan kelib qoladi, uni o‘sha yerda kutib olaqolay.
Nazarimda, o‘sha yoqda ham shu qadrdon uyim, valishlarim, tandir-o‘chog‘im bo‘ladiganday.
Nazarimda, ancha-muncha kishilar o‘sha yoqdayam xuddi o‘zimizning qishloqdagiday yashashayotganday.
Borsam, Xudoyim yana bir uy-joy ato etar, axir? Supurib-sidirib, ozoda qilib kutib o‘tiraman-da, qo‘limdan yana biror nima kelarmidi?
Qurigan-netgan joyi bo‘lsa, gulu rayhon ham qadab qo‘yarman, suvlar ham separman.
Qara-ya, hamma qo‘rqib-hayiqib yuradi, ammo sira unaqa emas ekan-ku?
Shunaqa, oddiygina ekan-ku”, deb o‘yladi.
“Tavba, odamning umrida hech nima yo‘qolmas ekan-da? Abadiyan yo‘qotdim degan narsalarimning bari xuddi o‘shandagiday.
Odamlar bilmaydigan bir hikmatni bilib oldim, afsus, aytay desam ilojim yo‘q”.
Shunday deb o‘yladi u.
So‘ng, xuddi bolasi yoqimli bir ish qilganida kulimsiragani kabi kulimsirab, bulutlar sari havolanib ketgan o‘sha so‘qmoqqa qadam qo‘ydi.
Shu xotin, yuzu ko‘ziga arshu a’lodan umri bo‘yi nur yog‘ilib turgan shu mushtipar ayol…

Xotima

Yana bahor keldi. Yana dalalar, yaylovlar, sen qadam qo‘ygan yo‘laklaru so‘qmoqlar uzra chappar urib nozlandi.
Sen ham bahor kabi emasmiding, onam?
Yo‘q, sen tuproq kabi eding. Bag‘ridan anvoyi chechaklarni o‘stirib yuborgan va tevarakni go‘zalligu latofatga burkagan, insonlar uchun turli mevalarni yetishtirib g‘arq pishirgan, bolalaring hamda yaqinlaringning xoki poyiga yaslanib, o‘zini insonlar uchun xarj aylab yuborgan xoksor tuproq!
Yo‘q, sen suv kabi eding-ku, onaginam? Umring suvday oqarkan, mehring, sevging, bag‘rikengliging ila qalblarni yashillantirib gulu chechaklar ochtirgan, jon tomirlarga hayot musaffoligini yetkazib, o‘zi ham bir daryoday uzoq-uzoqlarga qaytmas bo‘lib oqib ketgan…
Sen shamol kabi emasmiding, ona? Boshim uzra hayotbaxsh esib, umr kurtaklarini ochgan, havolarni almashtirib, qanchadan-qancha gullarni yashnatgan, unum keltirgan va shamollar kabi yelib-elib o‘tgan…
Sen otash ham eding, nuridiydam! Harorating bo‘lmasa edi, bolangning bu jo‘shishlari, bu shiddati, bu g‘ururi qaydan ham kelardi?
Qalbingning ichida nimalarni saqlaganingniyu nimalarni olib ketganingni men bilmasmi edim?
Izlaring qolgan tuproqlardan ko‘zimdan yoshim oqib benavo kezar ekanman, mening shu kezishlarim, kuchu quvvatim, sha’nu shavkatim, baxtu saodatim uchun o‘zingni qurbon qilib yuborganingni, qadringga yetolmaganimni o‘ylab iztiroblarga cho‘mmoqdaman.
Mehnatu zahmatlar aro qadoq qo‘llaring taftiga zorman, mehr to‘la bir qarashingni yana bir bor ko‘rish uchun dunyolarni sarflab yuborishga ham tayyorman.
Uyimda yumushlarga urinib yurishlaringning o‘ziyoq bir bebaho sarvat ekan-ku, xazinam mening!
…Axir, bahor ham keldi…
Sen qadagan gulu chechaklar yashnagan hovlida bolalarim o‘ynab yurishibdi. Goho o‘yindan to‘xtab, nariroqda o‘z xayollariga g‘arq bo‘lib odimlayotgan otalariga hayron-hayron boqmoqdalar.
Ular hali juda ko‘p narsalarni bilishmaydi. Vaqt-soati kelib ulg‘ayganlarida, men ham sen ketgan tomonlarga yo‘l olganimda… mening hozirgi ahvolimga tushsalar ham ajabmas… axir, o‘zing aytar eding-ku, umr bir charxpalak deya?
Biroq ona uyining hovlisi, daraxtlari, yo‘laklari va bog‘chalari aro kezib yurgan otalarini bu tarz ezgin qiyofada ko‘rishlarini istamayman. Ko‘zlarining oldida do­­imo cho‘ng, tog‘ kelbatli, mustahkam va tadbirli Ota o‘laroq qolishni istayman.
…Ko‘zimning yoshini kaftimning orqasi bilan artib, istiqbolimga chopib kelayotgan bolalarimga ham anduh, ham sevinch ila jilmayib yuzlanaman…
…xuddi bir mahallar o‘zing menga qarab, yoyilib, beg‘ubor jilmayganing kabi!

* * *

– Ariqcha, oqyapsanmi?
– Ha, oqyapman, ey Egamning o‘g‘li…

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 2014 yil, 2-3-sonlar

34

(Tashriflar: umumiy 6 053, bugungi 4)

1 izoh

Izoh qoldiring