Ismoil Bekjon. Abulg’oziyxon taqdirining noma’lum sahifasi.

04    Абулғозийхон даврида ёзилган бошқа бир ёзма манбада Абулғозийхоннинг сафавийлар қўлига гаров сифатида топширилишининг бошқа бир сабаби ҳам борлиги айтилган: унинг Ҳамадонда шоҳ Сафий билан учрашиши тасвирланган ва Исфаҳондаги ҳаётига доир кичик бир лавҳа ҳавола қилинган экан.

Исмоил БЕКЖОН
АБУЛҒОЗИЙХОН ТАҚДИРИНИНГ
НОМАЪЛУМ САҲИФАСИ

034

 011  Абулғозийхон “Шажарайи турк” асарида ўзининг Эронда кечган ўн йиллик ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот беради. Акаси Асфандиёр бухоролик ўзбекларни Орол бўйига кўчириб олиб бориб, туркманларни ерсиз қолдиргани айби билан уни ушлатиб, эронликларга топшириш учун аввал Обивардга, кейин Ҳамадонга шоҳ Сафий (1629 йил, март — 1643 йил, феврал) олдига элтгани ва Исфаҳон шаҳрида ўн йил тутқунликда туриб, сўнг зўр ҳийла ва тадбирлар билан Эрондан қочгани ҳақида қисқагина ҳикоя қилади, холос. Ҳатто бу воқеалар санаси ҳам қайд этилмаган. Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Абулғозийхон даврида ёзилган бошқа бир ёзма манбада Абулғозийхоннинг сафавийлар қўлига гаров сифатида топширилишининг бошқа бир сабаби ҳам борлиги айтилган: унинг Ҳамадонда шоҳ Сафий билан учрашиши тасвирланган ва Исфаҳондаги ҳаётига доир кичик бир лавҳа ҳавола қилинган экан.

Аниқроғи, бу маълумотлар бизгача 1629 йил март ойида ўша йили вафот этган бобоси Шоҳ Аббос Биринчи (Мозий) ўрнига тахтга ўтирган асли номи Сом Мирзо, лекин марҳум отаси Сафи Мирзо ҳурмати учун ўзини “Шоҳ Сафий” деб атаган сафавий ҳукмдор ҳаётига бағишлаб битилган Муҳаммад Маъсум бин Хожагий Исфаҳонийнинг “Хулосат ус-сиййар” китобида етиб келган. Асарнинг “1038 йил (1629 йил)” бобидаги “Марв, Нисо, Обивард ва Хуросон мулкларида рўй берган воқеалар ва Урганж ҳокими Асфандиёрнинг Марв устига бостириб келгани ва унинг укаси Абулғозийнинг Нисо ва Обивардда мағлуб бўлгани зикри” мақоласида Абулғозийнинг акаси Асфандиёр томонидан ушлаб, сафавийлар қўлига топширилганининг бошқача талқини, аниқроғи, Абулғозийхон биографияси тўғрисидаги тасаввуримизни бойитадиган қўшимча фактлар ҳавола этилган.

“Шажарайи турк” ва бошқа тарихга оид манбалар орқали биламизки, Абдуллахон Иккинчининг 1593-, 1594- ва 1596-йиллари Хоразмга босқини пайти Абулғозийхоннинг бобоси Ҳожимхон ўғиллари ҳамда бир неча невараси билан Шоҳ Аббос ёнига қочиб борадилар. Абдуллахон ва ўғли Абдулмўминхон ўлгач (1598 йил), Шоҳ Аббос ёрдамида яна Хоразмни эгаллайдилар. Мазкур китобда келтирилишича, сафавийларнинг шунча яхшилигига қарамай, Асфандиёр бин Арабмуҳаммад бин Ҳожимхон 1629 йил июн — июлида сафавийларга қарашли Марв вилояти ва қалъасини қўлга киритиш учун юриш қилади. Аммо енгилиб, зўрға қочиб қутулади. Ўша чоғда укаси Абулғози султон ҳам Нисо, Обивард ва Дурун вилоятларининг сунний мазҳабидаги аҳолиси илтимосига кўра, Нисо ва Дурун қалъасини ўз тасарруфига киритади. Лекин Машҳад ҳокими Манучеҳрхон зудлик билан унга қарши жангга отланиб, Абулғозийхон устига бостириб келади ва улар ўртасида Нисо ёнида катта уруш бўлади. Сафавийлар қўшинига тоб беролмаган Абулғозийхон ярим тунда жанг майдонини ташлаб, орқага чекинади. Муаллиф сўзига қараганда, шу урушда мағрур ва ўз кучига ишонган Абулғозий султон ўзининг 3-4 минг аскаридан жудо бўлади: уларнинг бир қисми асир олинади, бир қисми жангда ўлдирилади ва ярадор қилинади. Ғолиб чиққан Машҳад ҳокими асирларни ва ўлжани шоҳ олдига олиб кетади. Сал ўтмай ўз ишидан пушаймон бўлган Асфандиёрхон “Бу ишларни укам Абулғозий султон гапига учиб қилдим, ақлсиз ва нодон бу укамни унинг айби учун жазолашингиз ва менинг узримни қабул этиб, бундан кейин бизга ибрат дарси бўлиши учун банди қилиб олдингизга юбордим” дея, шоҳ олдига қимматбаҳо совғалар билан Абулғозий султонни жўнатади. Абулғози султон 1629 йил март ойининг бошида Ҳамадон шаҳрида Шоҳ Сафий қароргоҳига келади. Шоҳ уни жуда меҳрибонлик ва сийловлар билан қарши олади, айбларини кечириб, бир неча кундан сўнг меҳмондорлик тугагач, Абулғозий султонга ҳеч нарсадан камчилик сездирмай хизматида туриши учун махсус одам тайинлаб, ҳурмат билан Исфаҳонга кузатади. Ўзи кўнгилочар ов сари отланади.

Абулғозий султон ҳақидаги яна бир кичик хабар эса китобнинг 1637 йил 21 мартидаги воқелар баёнидаги қисмда келади: ”Ҳижрий 1046 йил 23 шавволида пойтахт Исфаҳонда Наврўз байрамини нишонлаш учун бу бахт тантанаси чоғи базмни безасинлар, дея муҳташам саройга Ҳиндистондан келган элчи Сафдархон, Одилшоҳ элчиси ва Урганж ҳокими Абулғозий султонни чорладилар. Наврўз байрами жуда чиройли бир тарзда ўтди”.

Ундан ташқари, яна иккита хабар Асфандиёрхон томонидан Шоҳ Сафий ҳузурига келган элчилар ҳақида. Улардан биринчиси ҳижрий 1040 йил 25 муҳаррами(1631 йил 18 октябри)да содир бўлгани тўғрисидадир. Ўша куни шоҳ олдига Русдан ва Хоразмдан Асфандиёрхон элчилари келади. Улар Исфаҳонда шоҳга 17 дона шунқор (лочин), олмахон терисидан бир неча пўстин ва ўймакорлик билан ишланган олтин пиёлалар, балиқ тишлари ҳамда ўз вилоятларида ишланган бошқа турдаги амалий санъат намуналари, табиат неъматларини тортиқ қиладилар.

Асфандиёр (1643 йил) элчисининг келгани иккинчи марта ҳижрий 1050 (1640 — 41) йил воқеалари ичида тилга олинади. Айтилишича, Урганж волийси Асфандиёрхоннинг элчиси хоннинг номаси ва совғаларини олиб келган. Бу пайтда ҳам Абулғозийхон Исфаҳонда сургунда эди.

Кўрганимиздек, Абулғозийнинг сафавийлар қўлига тушиб қолишининг сабаблари икки хил бўлган. Аммо, маълумки, мақсад битта — Асфандиёр укасини кўздан йироққа узоқ муддатга бадарға қилиб, тожу тахт учун бўлажак хавф эҳтимолидан қутулиш. Шоҳ ҳам Абулғозийни “Султон суягини хўрламас” деганларидек, яхши қабул қилган ва унинг айбларини кечирган. Аммо Асфандиёр нега сафавийлар олдида бунчалик “хижолат”га тушди, одатда ер-мулк мақсадидаги курашда ҳукмдорлар бир-бирига ён босмайдилар-ку. Асфандиёр ўлгунига қадар сафавийларга қарши чиқмайди, юқоридаги элчи жўнатишлардан ҳам шу факт аён бўлмоқда. Бу масалада Асфандиёрнинг, барибир, сафавийларга нисбатан қилган “кўрнамаклиги” учун чин кўнгилдан ўзр сўраб, пушаймон бўлгани бизга номаълум бўлиб қолаверади. Бироқ шу ўринда, тарихда кечган айрим воқеаларни эслаб ўтиш жоиз кўринади. Асфандиёр ота бир, она бошқа укалари Ҳабаш ва Элбарс султонлардан енгилиб, 1622 йили Эронга қочиб, сафавийлардан бошпана топади; Абулғозий султон Бухорога Имомқулихон ҳузурига боради. Зеро, Ҳабаш ва Элбарс ўз отаси Арабмуҳаммад бин Ҳожимхоннинг кўзини ўйдириб, тахтни эгаллаш учун бошқа ака-укаларига қарши кураш олиб бормоқда эдилар. 1624 йили Асфандиёр қайтиб келиб, жангда Элбарс ва Ҳабаш султонларни енгади. Элбарс ҳалок бўлади, Ҳабаш қочади; Бухорога кетиб қолган Абулғозий ва Шариф Муҳаммад султонлар ҳам Хоразмга қайтиб келадилар. Сўнг эса, Хоразмдаги кўчманчи ўзбеклар султонлар ва туркманлар ўртасидаги тинимсиз низолардан безиб, парокандаликка юз тутадилар ва Бухоро, Туркистон томонларга кетадилар. Шунда Шариф Муҳаммад Бухорога Имомқулихон ёнига кетади. Абулғозий эса, дастлаб Туркистонда, кейин Тошкент ва Бухорода яшайди. Бироқ у ерларда тура олмай, юртига қайтади. Укаси ҳам келиб, кейин бу оға-инилар ўртасида кураш бошланади (бу воқеаларнинг бир қисмини юқорида ҳикоя қилдик). Асфандиёрнинг сафавийлардан катта миннатдорлиги эса, 1593-, 1594-, 1596 йил ҳодисалари билан боғлиқ. Абулғозийхон хабарига қараганда, хоразмлик айрим султонлар ўзбошимчалик билан бир гал Абдуллахон олдига элчи бўлиб келиб, Хоразм орқали ўз юртига қайтиб кетаётган Туркия султони элчисини, яна бир гал бухоролик савдогарларни талайдилар. Савдогарлар қасос олишни сўраганларида, аввалига Абдуллахон: “Ҳожимхон мен каби мустақил бир подшоҳ, бунга ҳаққим йўқ, қолаверса, қариндошлик ҳурмати бор, дарров урушаверсак бўлмас”, дея иғвога учмайди. Лекин Марвни қўлга киритишдек жиддий масалада 1593 йили Хоразм устига юриш қилишга қарор қилади. Бу юришда Абдуллахонга Хожамқули қушбеги, Ҳасанхожа нақиб хўрд, Сархунбий ва Муҳаммад Боқийбий девонбеги, Самарқанд ҳокими Ҳожибий Отолиқ Дўрмон, Дўстимбий Арғун, Соғарж ҳокими Эшимбий каби таниқли саркардалар ҳамроҳлик қилиб келган эдилар. Ҳожимхон Нисони бухороликлардан қайтариб олиш учун Дурунга кетгани сабабли хоразмлик ўзбек султонлари “Абдуллахон ўз қариндошимиз, гуноҳкорлар ҳам Ҳожимхон олдига қочиб кетишди, хон юртнинг бир-икки туманида ўз одамини қўйгани билан ўзи қайтиб кетади”, деган фикрда урушишни лозим топмайдилар. Абдуллахон эса, бутун ўзбек элига оғир жарима солиғини солдиради, тўра ва султонлардан анчасини, жумладан, Араб Муҳаммад ва унинг ўғли Асфандиёр султонни ўзи билан Бухорога олиб кетади. Ҳожимхон иниси ва бир неча ўғли, набиралари билан Шоҳ Аббос ҳузурига кетиб у билан Қазвинда учрашади. Шоҳ Ҳожимхонни зўр ҳурмат билан кутиб олади. Улардан айримлари Туркиядан бошпана топадилар. Абдуллохон эса ўзи билан олиб келган Ҳожимхон авлодидан 30 нафарини бир кунда Соғаржда қатл эттиради.

Мутрибий Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” ва “Нусхайи зебоий Жаҳонгир” тазкираларида маълумот беришича, улар ичида Ҳожимхоннинг Раҳимий тахаллуси билан шеърлар ёзган ўғли Муҳаммад Раҳим султон ҳам бўлган. Бадриддин Кашмирийнинг жўйбор шайхлари ҳаётига доир “Равзат ур-ризвон” маноқибида Раҳимийнинг 1582 йили Саъд Акбар Жўйборийга бағишлаб ёзиб юборган ғазали ва унга эргашиб татаббуъ ёзган 500 нафар шоир, жумладан, Ҳасанхожа Нисорий шеърларидан намуналар берилган. (1990 йили “ЎзАС”да бу ҳақда ушбу сатрлар муаллифининг мақоласи эълон қилинган эди.)

Мутрибий “Тазкират ушшуаро”да шундай ёзади: “Шаҳидлик бахтини топган шаҳзода — худо уни раҳмат қилсин — Муҳаммад Раҳим султон бин Ҳожимхон Хоразмийнинг чиройли васфи ва гўзал зикри. Латифтабъ, покизамизож подшоҳзода эди. Баракатли вақтини ҳамиша илму фазилатлар касб этишга сарфларди. Настаълиқ…, тазҳиб ва тасвир…, наққошлик соҳасини эгаллаган эди. Шеър фанида ҳам маҳоратини намойиш этиб, ҳазрат махдумий Ҳасанхожа Нисорийга меҳр-муҳаббатини ғойибона тарзда пок дили даласига эккан ва доимо хат, совға-саломлар алмашиб туриш эшигини очиб қўйиб, ўзининг яхши шеърлари ва дилкаш назмларини хат йўллаш йўсини билан устозга юбориб турарди. 998 (1590) йили камина Бухорода пайтим “Лайли ва Мажнун” отлиғ бир китобни туркий тилда тасниф этиб ҳамда уни шариф қўли билан чиройли ёзувда битиб, тазҳиб ва тасвирини ундан ортиғини тасаввур қилиб бўлмайдиган санъат даражасига етказиб махдумий Нисорийнинг муборак мажлисига юборган ва бу китобни ўз кўзим билан кўрган эдим…”.

“Нусхайи зебоий Жаҳонгир”дан: “…Абдуллахон Ҳазорасп қалъасини қамал қилганда, бу подшоҳзодани лойиқ инъомлар билан алдаб, қалъадан ташқари чиқариб олибди ва кўп навозишлар қилиб, яна қалъа ичига юборибди, у эса бошқа ўн уч нафар шоҳзодани ҳам Абдуллахоннинг кўрунишига олиб чиқибди. Абдуллахон ҳаммасини кишанлаб, қалъани олибди. Фатҳдан сўнг барчасини Самарқандга олиб келди ва ул мазлум бечора подшоҳзодаларни Соғарж қасабасининг ташқарисида қатлға еткарди. Ҳозирги кунларимизда ҳам Соғаржнинг ташқарисида ўн тўртта қабр нишонаси бор, халқ уларни зиёрат этгач, фотиҳа ўқийдилар. Бу даҳшатли воқеани эшитиб, махдумий Ҳасанхожа Нисорий ҳазинлик изҳор қилиб, юзларига ёш томчиларини оқизиб,фотиҳа ўқиб шундай дегандилар:

Ҳар неку бадй ки дар шумор аст,
Чун дар нигарй, салоҳи кор аст.

(Мазмуни: Қазову қадардан етса гар яхши, гар ёмон, Ҳар қайғадир бир ҳикмат, билгил, бегумон.)”.

“Шажарайи турк”да ёзилишича, бу воқеалардан сўнг Ҳожимхон шоҳ ёрдамида 1594 йили яна бир марта юртини қайтариб олишга уринади, аммо Хоразмга етиб келган Абдуллахонга қарши туролмай, яна Шоҳ Аббос ҳузурига боради ва фақат, юқорида айтганимиздек, 1598 йили Хоразмга эга чиқадилар. Демак, ўзи ва отаси ўша қонли воқеада тирик қолган Асфандиёр cултон бобоси ва яқин қариндошларининг сафавийлар ёнига қочиб бориб, бунинг натижасида Ҳожимхон сулоласининг омон қолганини катта неъмат деб билган ва уни унутмасликни қиёмат қарз ўрнида тушунишга мажбур бўлган.

Хуллас, кўрганимиздек, “Хулосат ус-сиййар” асари бизга юртимиз ўтмиши ва халқимизнинг Абулғозийхондек машҳур сиймолари тақдири ҳақида ноёб маълумотлар берувчи манбалардандир. Ундаги Турон ҳукмдори Имомқулихон даврида Ўрта Осиёда рўй берган воқеалар, Имомқулихоннинг тахтдан воз кечиб, ёнида тоғаси Надр девонбеги ва оиласи билан ҳажга кетиш пайти Шоҳ Сафий вафот этиб, эндигина унинг ўрнига чиққан Шоҳ Аббос Иккинчи томонидан жуда тантанали равишда кутиб олиниши тўғрисидаги материаллар ҳам мутахассислар эътиборини жалб этиши аниқ.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 32-сони

034

Ismoil BEKJON
ABULG’OZIYXON TAQDIRINING
NOMA’LUM SAHIFASI

034

  Abulg’oziyxon “Shajarayi turk” asarida o’zining Eronda kechgan o’n yillik hayoti haqida juda kam ma’lumot beradi. Akasi Asfandiyor buxorolik o’zbeklarni Orol bo’yiga ko’chirib olib borib, turkmanlarni yersiz qoldirgani aybi bilan uni ushlatib, eronliklarga topshirish uchun avval Obivardga, keyin Hamadonga shoh Safiy (1629 yil, mart — 1643 yil, fevral) oldiga eltgani va Isfahon shahrida o’n yil tutqunlikda turib, so’ng zo’r hiyla va tadbirlar bilan Erondan qochgani haqida qisqagina hikoya qiladi, xolos. Hatto bu voqealar sanasi ham qayd etilmagan. Keyingi tadqiqotlar shuni ko’rsatdiki, Abulg’oziyxon davrida yozilgan boshqa bir yozma manbada Abulg’oziyxonning safaviylar qo’liga garov sifatida topshirilishining boshqa bir sababi ham borligi aytilgan: uning Hamadonda shoh Safiy bilan uchrashishi tasvirlangan va Isfahondagi hayotiga doir kichik bir lavha havola qilingan ekan.

Aniqrog’i, bu ma’lumotlar bizgacha 1629 yil mart oyida o’sha yili vafot etgan bobosi Shoh Abbos Birinchi (Moziy) o’rniga taxtga o’tirgan asli nomi Som Mirzo, lekin marhum otasi Safi Mirzo hurmati uchun o’zini “Shoh Safiy” deb atagan safaviy hukmdor hayotiga bag’ishlab bitilgan Muhammad Ma’sum bin Xojagiy Isfahoniyning “Xulosat us-siyyar” kitobida yetib kelgan. Asarning “1038 yil (1629 yil)” bobidagi “Marv, Niso, Obivard va Xuroson mulklarida ro’y bergan voqealar va Urganj hokimi Asfandiyorning Marv ustiga bostirib kelgani va uning ukasi Abulg’oziyning Niso va Obivardda mag’lub bo’lgani zikri” maqolasida Abulg’oziyning akasi Asfandiyor tomonidan ushlab, safaviylar qo’liga topshirilganining boshqacha talqini, aniqrog’i, Abulg’oziyxon biografiyasi to’g’risidagi tasavvurimizni boyitadigan qo’shimcha faktlar havola etilgan.

“Shajarayi turk” va boshqa tarixga oid manbalar orqali bilamizki, Abdullaxon Ikkinchining 1593-, 1594- va 1596-yillari Xorazmga bosqini payti Abulg’oziyxonning bobosi Hojimxon o’g’illari hamda bir necha nevarasi bilan Shoh Abbos yoniga qochib boradilar. Abdullaxon va o’g’li Abdulmo’minxon o’lgach (1598 yil), Shoh Abbos yordamida yana Xorazmni egallaydilar. Mazkur kitobda keltirilishicha, safaviylarning shuncha yaxshiligiga qaramay, Asfandiyor bin Arabmuhammad bin Hojimxon 1629 yil iyun — iyulida safaviylarga qarashli Marv viloyati va qal’asini qo’lga kiritish uchun yurish qiladi. Ammo yengilib, zo’rg’a qochib qutuladi. O’sha chog’da ukasi Abulg’ozi sulton ham Niso, Obivard va Durun viloyatlarining sunniy mazhabidagi aholisi iltimosiga ko’ra, Niso va Durun qal’asini o’z tasarrufiga kiritadi. Lekin Mashhad hokimi Manuchehrxon zudlik bilan unga qarshi jangga otlanib, Abulg’oziyxon ustiga bostirib keladi va ular o’rtasida Niso yonida katta urush bo’ladi. Safaviylar qo’shiniga tob berolmagan Abulg’oziyxon yarim tunda jang maydonini tashlab, orqaga chekinadi. Muallif so’ziga qaraganda, shu urushda mag’rur va o’z kuchiga ishongan Abulg’oziy sulton o’zining 3-4 ming askaridan judo bo’ladi: ularning bir qismi asir olinadi, bir qismi jangda o’ldiriladi va yarador qilinadi. G’olib chiqqan Mashhad hokimi asirlarni va o’ljani shoh oldiga olib ketadi. Sal o’tmay o’z ishidan pushaymon bo’lgan Asfandiyorxon “Bu ishlarni ukam Abulg’oziy sulton gapiga uchib qildim, aqlsiz va nodon bu ukamni uning aybi uchun jazolashingiz va mening uzrimni qabul etib, bundan keyin bizga ibrat darsi bo’lishi uchun bandi qilib oldingizga yubordim” deya, shoh oldiga qimmatbaho sovg’alar bilan Abulg’oziy sultonni jo’natadi. Abulg’ozi sulton 1629 yil mart oyining boshida Hamadon shahrida Shoh Safiy qarorgohiga keladi. Shoh uni juda mehribonlik va siylovlar bilan qarshi oladi, ayblarini kechirib, bir necha kundan so’ng mehmondorlik tugagach, Abulg’oziy sultonga hech narsadan kamchilik sezdirmay xizmatida turishi uchun maxsus odam tayinlab, hurmat bilan Isfahonga kuzatadi. O’zi ko’ngilochar ov sari otlanadi.

Abulg’oziy sulton haqidagi yana bir kichik xabar esa kitobning 1637 yil 21 martidagi voqelar bayonidagi qismda keladi: ”Hijriy 1046 yil 23 shavvolida poytaxt Isfahonda Navro’z bayramini nishonlash uchun bu baxt tantanasi chog’i bazmni bezasinlar, deya muhtasham saroyga Hindistondan kelgan elchi Safdarxon, Odilshoh elchisi va Urganj hokimi Abulg’oziy sultonni chorladilar. Navro’z bayrami juda chiroyli bir tarzda o’tdi”.

Undan tashqari, yana ikkita xabar Asfandiyorxon tomonidan Shoh Safiy huzuriga kelgan elchilar haqida. Ulardan birinchisi hijriy 1040 yil 25 muharrami(1631 yil 18 oktyabri)da sodir bo’lgani to’g’risidadir. O’sha kuni shoh oldiga Rusdan va Xorazmdan Asfandiyorxon elchilari keladi. Ular Isfahonda shohga 17 dona shunqor (lochin), olmaxon terisidan bir necha po’stin va o’ymakorlik bilan ishlangan oltin piyolalar, baliq tishlari hamda o’z viloyatlarida ishlangan boshqa turdagi amaliy san’at namunalari, tabiat ne’matlarini tortiq qiladilar.

Asfandiyor (1643 yil) elchisining kelgani ikkinchi marta hijriy 1050 (1640 — 41) yil voqealari ichida tilga olinadi. Aytilishicha, Urganj voliysi Asfandiyorxonning elchisi xonning nomasi va sovg’alarini olib kelgan. Bu paytda ham Abulg’oziyxon Isfahonda surgunda edi.

Ko’rganimizdek, Abulg’oziyning safaviylar qo’liga tushib qolishining sabablari ikki xil bo’lgan. Ammo, ma’lumki, maqsad bitta — Asfandiyor ukasini ko’zdan yiroqqa uzoq muddatga badarg’a qilib, tojutaxt uchun bo’lajak xavf ehtimolidan qutulish. Shoh ham Abulg’oziyni “Sulton suyagini xo’rlamas” deganlaridek, yaxshi qabul qilgan va uning ayblarini kechirgan. Ammo Asfandiyor nega safaviylar oldida bunchalik “xijolat”ga tushdi, odatda yer-mulk maqsadidagi kurashda hukmdorlar bir-biriga yon bosmaydilar-ku. Asfandiyor o’lguniga qadar safaviylarga qarshi chiqmaydi, yuqoridagi elchi jo’natishlardan ham shu fakt ayon bo’lmoqda. Bu masalada Asfandiyorning, baribir, safaviylarga nisbatan qilgan “ko’rnamakligi” uchun chin ko’ngildan o’zr so’rab, pushaymon bo’lgani bizga noma’lum bo’lib qolaveradi. Biroq shu o’rinda, tarixda kechgan ayrim voqealarni eslab o’tish joiz ko’rinadi. Asfandiyor ota bir, ona boshqa ukalari Habash va Elbars sultonlardan yengilib, 1622 yili Eronga qochib, safaviylardan boshpana topadi; Abulg’oziy sulton Buxoroga Imomqulixon huzuriga boradi. Zero, Habash va Elbars o’z otasi Arabmuhammad bin Hojimxonning ko’zini o’ydirib, taxtni egallash uchun boshqa aka-ukalariga qarshi kurash olib bormoqda edilar. 1624 yili Asfandiyor qaytib kelib, jangda Elbars va Habash sultonlarni yengadi. Elbars halok bo’ladi, Habash qochadi; Buxoroga ketib qolgan Abulg’oziy va Sharif Muhammad sultonlar ham Xorazmga qaytib keladilar. So’ng esa, Xorazmdagi ko’chmanchi o’zbeklar sultonlar va turkmanlar o’rtasidagi tinimsiz nizolardan bezib, parokandalikka yuz tutadilar va Buxoro, Turkiston tomonlarga ketadilar. Shunda Sharif Muhammad Buxoroga Imomqulixon yoniga ketadi. Abulg’oziy esa, dastlab Turkistonda, keyin Toshkent va Buxoroda yashaydi. Biroq u yerlarda tura olmay, yurtiga qaytadi. Ukasi ham kelib, keyin bu og’a-inilar o’rtasida kurash boshlanadi (bu voqealarning bir qismini yuqorida hikoya qildik). Asfandiyorning safaviylardan katta minnatdorligi esa, 1593-, 1594-, 1596 yil hodisalari bilan bog’liq. Abulg’oziyxon xabariga qaraganda, xorazmlik ayrim sultonlar o’zboshimchalik bilan bir gal Abdullaxon oldiga elchi bo’lib kelib, Xorazm orqali o’z yurtiga qaytib ketayotgan Turkiya sultoni elchisini, yana bir gal buxorolik savdogarlarni talaydilar. Savdogarlar qasos olishni so’raganlarida, avvaliga Abdullaxon: “Hojimxon men kabi mustaqil bir podshoh, bunga haqqim yo’q, qolaversa, qarindoshlik hurmati bor, darrov urushaversak bo’lmas”, deya ig’voga uchmaydi. Lekin Marvni qo’lga kiritishdek jiddiy masalada 1593 yili Xorazm ustiga yurish qilishga qaror qiladi. Bu yurishda Abdullaxonga Xojamquli qushbegi, Hasanxoja naqib xo’rd, Sarxunbiy va Muhammad Boqiybiy devonbegi, Samarqand hokimi Hojibiy Otoliq Do’rmon, Do’stimbiy Arg’un, Sog’arj hokimi Eshimbiy kabi taniqli sarkardalar hamrohlik qilib kelgan edilar. Hojimxon Nisoni buxoroliklardan qaytarib olish uchun Durunga ketgani sababli xorazmlik o’zbek sultonlari “Abdullaxon o’z qarindoshimiz, gunohkorlar ham Hojimxon oldiga qochib ketishdi, xon yurtning bir-ikki tumanida o’z  odamini qo’ygani bilan o’zi qaytib ketadi”, degan fikrda urushishni lozim topmaydilar. Abdullaxon esa, butun o’zbek eliga og’ir jarima solig’ini soldiradi, to’ra va sultonlardan anchasini, jumladan, Arab Muhammad va uning o’g’li Asfandiyor sultonni o’zi bilan Buxoroga olib ketadi. Hojimxon inisi va bir necha o’g’li, nabiralari bilan Shoh Abbos huzuriga ketib u bilan Qazvinda uchrashadi. Shoh Hojimxonni zo’r hurmat bilan kutib oladi. Ulardan ayrimlari Turkiyadan boshpana topadilar. Abdulloxon esa o’zi bilan olib kelgan Hojimxon avlodidan 30 nafarini bir kunda Sog’arjda qatl ettiradi.

Mutribiy Samarqandiyning “Tazkirat ush-shuaro” va “Nusxayi zeboiy Jahongir” tazkiralarida ma’lumot berishicha, ular ichida Hojimxonning Rahimiy taxallusi bilan she’rlar yozgan o’g’li Muhammad Rahim sulton ham bo’lgan. Badriddin Kashmiriyning jo’ybor shayxlari hayotiga doir “Ravzat ur-rizvon” manoqibida Rahimiyning 1582 yili Sa’d Akbar Jo’yboriyga bag’ishlab yozib yuborgan g’azali va unga ergashib tatabbu’ yozgan 500 nafar shoir, jumladan, Hasanxoja Nisoriy she’rlaridan namunalar berilgan. (1990 yili “O’zAS”da bu haqda ushbu satrlar muallifining maqolasi e’lon qilingan edi.)

Mutribiy “Tazkirat ushshuaro”da shunday yozadi: “Shahidlik baxtini topgan shahzoda — xudo uni rahmat qilsin — Muhammad Rahim sulton bin Hojimxon Xorazmiyning chiroyli vasfi va go’zal zikri. Latiftab’, pokizamizoj podshohzoda edi. Barakatli vaqtini hamisha ilmu fazilatlar kasb etishga sarflardi. Nasta’liq…, tazhib va tasvir…, naqqoshlik sohasini egallagan edi. She’r fanida ham mahoratini namoyish etib, hazrat maxdumiy Hasanxoja Nisoriyga mehr-muhabbatini g’oyibona tarzda pok dili dalasiga ekkan va doimo xat, sovg’a-salomlar almashib turish eshigini ochib qo’yib, o’zining yaxshi she’rlari va dilkash nazmlarini xat yo’llash yo’sini bilan ustozga yuborib turardi. 998 (1590) yili kamina Buxoroda paytim “Layli va Majnun” otlig’ bir kitobni turkiy tilda tasnif etib hamda uni sharif qo’li bilan chiroyli yozuvda bitib, tazhib va tasvirini undan ortig’ini tasavvur qilib bo’lmaydigan san’at darajasiga yetkazib maxdumiy Nisoriyning muborak majlisiga yuborgan va bu kitobni o’z ko’zim bilan ko’rgan edim…”.

“Nusxayi zeboiy Jahongir”dan: “…Abdullaxon Hazorasp qal’asini qamal qilganda, bu podshohzodani loyiq in’omlar bilan aldab, qal’adan tashqari chiqarib olibdi va ko’p navozishlar qilib, yana qal’a ichiga yuboribdi, u esa boshqa o’n uch nafar shohzodani ham Abdullaxonning ko’runishiga olib chiqibdi. Abdullaxon hammasini kishanlab, qal’ani olibdi. Fathdan so’ng barchasini Samarqandga olib keldi va ul mazlum bechora podshohzodalarni Sog’arj qasabasining tashqarisida qatlg’a yetkardi. Hozirgi kunlarimizda ham Sog’arjning tashqarisida o’n to’rtta qabr nishonasi bor, xalq ularni ziyorat etgach, fotiha o’qiydilar. Bu dahshatli voqeani eshitib, maxdumiy Hasanxoja Nisoriy hazinlik izhor qilib, yuzlariga yosh tomchilarini oqizib,fotiha o’qib shunday degandilar:

Har neku bady ki dar shumor ast,
Chun dar nigary, salohi kor ast.

(Mazmuni: Qazovu qadardan yetsa gar yaxshi, gar yomon, Har qayg’adir bir hikmat, bilgil, begumon.)”.

“Shajarayi turk”da yozilishicha, bu voqealardan so’ng Hojimxon shoh yordamida 1594 yili yana bir marta yurtini qaytarib olishga urinadi, ammo Xorazmga yetib kelgan Abdullaxonga qarshi turolmay, yana Shoh Abbos huzuriga boradi va faqat, yuqorida aytganimizdek, 1598 yili Xorazmga ega chiqadilar. Demak, o’zi va otasi o’sha qonli voqeada tirik qolgan Asfandiyor culton bobosi va yaqin qarindoshlarining safaviylar yoniga qochib borib, buning natijasida Hojimxon sulolasining omon qolganini katta ne’mat deb bilgan va uni unutmaslikni qiyomat qarz o’rnida tushunishga majbur bo’lgan.

Xullas, ko’rganimizdek, “Xulosat us-siyyar” asari bizga yurtimiz o’tmishi va xalqimizning Abulg’oziyxondek mashhur siymolari taqdiri haqida noyob ma’lumotlar beruvchi manbalardandir. Undagi Turon hukmdori Imomqulixon davrida O’rta Osiyoda ro’y bergan voqealar, Imomqulixonning taxtdan voz kechib, yonida tog’asi Nadr devonbegi va oilasi bilan hajga ketish payti Shoh Safiy vafot etib, endigina uning o’rniga chiqqan Shoh Abbos Ikkinchi tomonidan juda tantanali ravishda kutib olinishi to’g’risidagi materiallar ham mutaxassislar e’tiborini jalb etishi aniq.

Manba: «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2007 yil 32-soni

034

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring