Ismoil Bekjon. Hind safari yoxud Imomqulixonning maxfiy topshirig’i & Boburiylar va Go’ri Mir maqbarasi

055     XVI аср иккинчи ярми – XVII аср биринчи ярмида яшаб ижод қилган, замонасининг беназир фарзанди – самарқандлик шоир ва адабиётшунос олим Мутрибий (1556 – 1530) ўзининг “Тазкират уш-шуаро” (1605) ва “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” (1605 – 1628) номли тазкираларида Бобур, Ҳумоюн, Акбар, Муҳаммад Ҳаким бин Ҳумоюн, Жаҳонгир бин Акбар ҳамда улар даврида яшаган ҳиндистонлик шоирлар ҳақида қимматли маълумотлар берган.        

Исмоил Бекжон
ИККИ МАҚОЛА
077

ҲИНД САФАРИ ЁХУД
ИМОМҚУЛИХОННИНГ МАХФИЙ ТОПШИРИҒИ (1)

011 XVI аср иккинчи ярми – XVII аср биринчи ярмида яшаб ижод қилган, замонасининг беназир фарзанди – самарқандлик шоир ва адабиётшунос олим Мутрибий (1556 – 1530) ўзининг “Тазкират уш-шуаро” (1605) ва “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” (1605 – 1628) номли тазкираларида Бобур, Ҳумоюн, Акбар, Муҳаммад Ҳаким бин Ҳумоюн, Жаҳонгир бин Акбар ҳамда улар даврида яшаган ҳиндистонлик шоирлар ҳақида қимматли маълумотлар берган. Маълумки, “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” тазкираси Мутрибийнинг Ҳиндистонга сафари муносабати билан яратилиб, тазкиранавис уни 1626 йил 9 декабрида Лоҳурда Жаҳонгир подшоҳга шахсан тақдим қилган. Бу тазкирага кейинчалик илова қилинган “Воқеот” асари эса Мутрибийнинг 1626 йил 9 декабридаги илк учрашувидан то 1627 йил март ойи ўртасигача Жаҳонгир подшоҳ билан кечган мулоқотларини акс эттирган бўлиб, бу хотира жанридаги асар 1627 йил 25 февраль куни Лоҳур шаҳрида ёзила бошлаган.

Мутрибий устози Ҳасанхожа Нисорий ета олмаган орзуга эришиш мақсадида 1598 йилдан бошлаб юрагига Ҳиндистонга сафар қилиш умидини тугаркан, унинг бу нияти фақат 1626 йилгина амалга ошган. Тўғри, у шу орада Ҳиндистон ўлкасига боришга аҳд қилиб, 1624 йил кеч кузида Балхга боради ва 1625 йил баҳорида Жаҳонгир подшоҳга бағишланган “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” тазкирасини ёзиб тугатади. Бироқ, қандайдир сабабга кўра бу мақсади ўша йили амалган ошмай, яна Самарқандга қайтишга мажбур бўлади.

1626 йили эса Ҳиндистонга бориши учун имкон топилиб, Мутрибий яна Балх орқали Ҳинд давлатига қарашли Кобулга ўтади ва ўша йил кузида Лоҳурга етиб бориб, 1626 йил 9 декабрида Лоҳурда Жаҳонгир подшоҳ билан мулоқотга эришади. Ўша куниси Мутрибий роппа-роса 70 ёшга тўлган экан.

Мутрибий Самарқандийнинг қачон вафот этгани ҳозирча аниқланмаган. Айрим олимлар шоирнинг 1630 йил, баъзилар 1650 йил вафот этгани фикрини илгари суришган.

Ушбу мақола орқали Мутрибийнинг биринчи гал муаваффақиятсиз тугаб, аммо иккинчи марта сафарга отланишига имкон яратган ва шоир орзуси ушалиб, бу сафар Ҳиндистонга бора олганида асосий омил бўлган сабаб ҳақида сўз юритилади.

ЖАҲОНГИР ПОДШОҲ БИЛАН ЎТТИЗ УЧРАШУВ

Ўша даврлар оралиғида Бухорода Абдуллоҳхон Иккинчининг йирик давлат арбоби Амир Қулбобо Кўкалтош (в. 1598) хизматида ҳам бўлади.

Хожа Зайниддин Муҳаммад бин Сййид Ҳодихўжа Нақшбандий исмли амалдор Бухоро, Самарқандда садр пайти (1598 – 1618) Мутрибийни Самарқанддаги айрим мозоротлар мутаваллиси қилиб тайинлайди.

Мутрибий 1603 – 1606 йиллар орасида Самарқанднинг навбатдаги ҳокими Низомиддин Ҳожибий Оталиқ Қушчи хизматида ҳам туради.

Сўнгра Имомқулихон давлатининг таниқли арбоби Ёдгор Қўрчи ёнида Бухоро, Балхда илм-фан, маданият соҳасидаги ишларга бош-қош бўлади.

“Нусхайи зебойи Жаҳонгир” тазкирасининг яратилиши Мутрибийнинг Ҳиндистон сафари билан боғлиқ ва бу асар Жаҳонгир подшоҳга бағишланган. Бу тазкира маълумотлари шуни кўрсатдики, шоирнинг кўп йиллар кўнглига тугиб юрган ва ахийри рўёбга чиққан мазкур саёҳати Имомқулихон давлатининг муайян мақсадлари йўлида амалга ошган. Аммо Мутрибий бу тўғрида очиқ маълумот бермайди. Бизнингча, бунинг сабаби бир томондан, топшириқнинг махфийлиги бўлса, иккинчидан, Мутрибий бу сафарга Имомқулихоннинг элчиси Абдураҳимхожа Жўйборий билан бирга чиққан ва асосий расмий топшириқлар мазкур хожа зиммасига юклатилган. Мутрибий эса иккинчи даражали шахс бўлган. Гарчи шундай эса-да, тазкирада бу сафар давомида Мутрибийга ҳам айрим очиқ ва яширин муҳим вазифалар юкланганини англатувчи далиллар мавжуд. Муаллиф маълумотларига қараганда, у Жаҳонгир подшоҳнинг Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга қайтиб кетаётган элчиси Саййид Мир Барака ва аштархонийлар элчиси Абдураҳимхожа Жўйборий ташаббуси билан йўлга чиқади. Улар Мутрибийнинг Ҳиндга ўзларидан олдинроқ етиб бориши учун барча расмий, молиявий шароитларни яратиб берадилар (2).

Мутрибий Жаҳонгир билан учрашувларини тасвирлар экан, ўзининг Имомқулихон ҳимояси остидалиги, Ҳинддан қайтгач, тўппа-тўғри бу ҳукмдор ҳузурига боражагини қайта-қайта таъкидлаб ўтади. Жаҳонгир унга Ҳиндистонда қолишни қаттиқ туриб таклиф этганида эса шоир ваъда қилинаётган зўр шароит, катта маблағ ёки, ҳатто, соғлиги кун сайин ёмонлашиб бораётган бу подшоҳнинг кўнгли учунгина ҳам озгина вақт бўлса-да, Ҳиндда туришга розилик бермай, Абдураҳимхожа Лоҳур шаҳрига етиб келгани ҳамоно кўп ўтмай Мовароуннаҳр сари йўлга тушади.

Мутрибийнинг бундай ярим ошкоро, ярим махфий хусусиятга эга дипломатик хизматлари Имомқулихон давлатига нима учун керак эди?

Маълумки, аштархонийлар давлати Балх вилояти минтақаларида бобурийлар давлати билан чегарадош бўлиб, 1622 – 1625 йиллари Жаҳонгир билан ўғли Шоҳ Жаҳон ўртасида ички низолар кучайган бир пайтда бобурийлар ва аштархонийлар ўртасида ҳам дипломатик нохушликлар юзага келганди. “Жаҳонгирнома” маълумотларига қараганда, ўша пайтлари Жаҳонгирнинг элчиси Саййид Мир Барака Имомқулихон билан музокараларда чегара масалалари бўйича аниқ бир келишувга эриша олмай, бир йилдан кўпроқ вақт Мовароуннаҳрда ушланиб қолади. Аммо Ҳиндистонда ота-ўғил, ака-укалар ўртасидаги зиддият кескинлашиб, тахт тепасига Шоҳ Жаҳон келиши эҳтимоли кучаяди. Бу эса Имомқулихон давлати учун чегара ҳудудларида анча ноқулайлик, хавф-хатар вужудга келтириши мумкин эди. Шоҳ Жаҳон тахтга ўтирса, у билан тинч-тотув қўшничилик муносабатлари олиб бориш оғир кечиши мумкинлигини ўйлаган Имомқулихон дарҳол Жаҳонгир подшоҳга дўстлик изҳор этиш мақсадида унинг элчиси Мир Баракага рухсат бериб, ўз элчиси сифатида нуфузли шайх Абдураҳимхожа Жўйборийни Ҳиндистонга жўнатади. Бироқ Ҳиндистондаги сиёсий-ижтимоий вазиятни яқиндан ўрганиш ва шу асосда келажакнинг дипломатик режаларини тузиш учун хонга бу элчилик фаолияти камлик қиларди. Зеро, кекса ва ихтиёри ўз қўлида бўлган, кейинги пайтлари хон билан ораси бироз бузилган Абдураҳимхожанинг Ҳинддан қайтиб келиш-келмаслиги юзасидан хон бирон-бир кафолатга эга эмас эди. Ана шундай вазиятда бу ўта муҳим топшириқ учунўтган йили Ҳиндистон сари йўлга чиқиб, аммо Балхдан нарига ўта олмай қайтган ва бу орзудан ҳали ҳам воз кечмаган, кекса бўлса-да, анча тетик, давлат юмушларида суяги қотган Мутрибий энг ишончли, муносиб киши эди.

Албатта бу фикрлар Мутрибийнинг мазкур тазкираси ва “Жаҳонгирнома” ҳамда бошқа манбалар маълумотлари таҳлилидан чиқарган хулосамиздир. Мутрибийнинг бизга қолдирган хабарлари эса тубандагича.

1598 йили асли хуросонлик шоир Назирий Машҳадий Самарқандга келиб, Мутрибийнинг уйида ҳам меҳмон бўлади ва Мовароуннаҳр саёҳатидан сўнг Ҳиндистонга сафар қилажаги, агар хоҳласа Мутрибийни ҳам Ҳиндистонга бирга олиб кетишини билдиради. Аммо Назирий Машҳадий Тошкентга зиёрат учун кетганича, қайтиб Самарқандга келмайди. Шу билан Мутрибий учун Ҳинд сафари ширин орзулигича қолади. Назирий эса ўша кетишида Ҳиндистонга бориб, Акбар подшоҳ саройининг таниқли шоирига айланади.

Мутрибийнинг самарқандлик Мир Дўстий деган яқин дўсти 1011 йили (1011 йил – 1602 йил 21 июнь – 1603 йил 10 июнь оралиғи.) Ҳаж зиёратига жўнаб, қайтишда Ҳиндистонга келади ва 1604 йили Неъматобод шаҳрида тўхтаб тураркан, Акбар подшоҳ топшириғига биноан, ўша йили оиласини Ҳиндистонга кўчириб кетиш учун Самарқандга келади. У Ҳиндистонни роса мақтаб, Мутрибийни ҳам кетишга ундайди. Мутрибий дўстининг ҳикояларидан сеҳрланиб “ақлдан озай” дейди, бироқ катта оиласини ташлаб кетишга ҳеч иложи йўқлигини айтади. Мир Дўстий мол-мулкини сотиб, Ҳиндистонга кетади.

Аммо Мутрибий Ҳиндга боришдан умидини узмайди, устози Нисорий ета олмаган орзуга етишишни бир дам ҳам хаёлидан чиқармайди. Бу истагини “Тазкират уш-шуаро” асарида бот-бот эслатиб ўтади, Ҳиндга кетиб қолган дўстлари билан хатлар ёзишиб туради. У 1624 йил кеч кузида ўғиллари Муҳаммад Али, Шоҳ Али билан бирга Балх ва ўша ердан Бадахшон, Толиқон, Давлатобод, Қундуз вилоятларига сафар қилиб, яна Балх шаҳрига қайтади ва 1625 йил баҳорида ўша ердан Ҳиндистонга сафар қилиш ниятида “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” тазкирасига тартиб беришга киришади. Бироқ бу биринчи сафари, биз билмаган сабабга кўра, амалга ошмайди ва Мутрибий ўша йил кеч кузида Самарқандга қайтиб келади.

Мутрибий юқорида кўрганимиздек, қулай фурсат юзага келган 1626 йил эрта баҳорида ўғли Муҳаммад Али билан яна Ҳиндистон сари отланади. Бунда унга Абдураҳимхожа ва Саййид Мир Барака ҳомийлик қилишади. Мутрибий шу орада Бухорода бир неча бор олий ҳукмдор Имомқулихон билан ҳам мулоқотда бўлади. Сўнг Абдураҳимхожа ва Саййид Мир Барака қистови билан катта карвонга қўшилиб, апрель ойида Балхга етиб боради. Мутрибий Балхда чегарадан Ҳиндистон давлатига қарашли Кобулга ўтиб кета олмай икки ой Балхда ушланиб қолади. Абдураҳимхожа ва Мир Барака ҳам унинг кетидан Балх шаҳрига етиб борадилар. Мутрибийнинг Кобулга ўтиб кетишда чегара расмиятчилигига дуч келганидан хабар топиб, қаттиқ ташвишланган Саййид Мир Барака бу масалани зудлик билан ҳал қилади ва ота-ўғилни Кобулга ўтказиб юборади. Мутрибий Кобулда оз вақт тургач, тез орада Нилоб ва Пешовар шаҳарлари орасидаги Навшаҳра қалъасига етиб боради. У ерда юқорида номини эслатганимиз – бир пайтлар аштархонийлар давлати садри бўлган, эндиликда эса Ҳиндистонда мансаб эгаси бўлиб турган Хожа Зайниддин Муҳаммад бин Саййид Ҳодихожа Нақшбандий ҳоким бўлиб, шоир эски қадрдони билан учрашади ва уникида меҳмон бўлади. Тез орада Пешоварга, у ерда бироз туриб, сўнг пойтахт Лоҳурга етиб боради. Бир ойдан кўпроқ вақт давомида шу шаҳарда тазкирасини тугатиб ва қайта кўчириб, 1626 йил 9 декабрида Хожа Фахриддин Ҳусайн бин Хожажон Девон воситасида саройда Жаҳонгир подшоҳ мулоқотига етишади.

Мутрибий ўз хотираларида Жаҳонгир билан ўттиз мартага яқин учрашгани ва бу мулоқотлар мазмунини бир-бир баён этади. У шу орада саройда малика Нуржаҳон бегим ва Ҳинд давлатининг бошқа устунлари билан ҳам учрашади. Улар шоирга қимматбаҳо совғалар тортиқ қиладилар.

“Жаҳонгирнома” маълумотига қараганда, 1626 йил 25 октябрида Лоҳурга Абдураҳимхожа Жўйборий ва Саййид Мир Бараканинг Кобулга криб келгани ва уларни Кобул ҳокими Зафархон муносиб кутиб олгани ҳақидаги хабар етишади. Улар пойтахт Лоҳурга эса 1627 йил 11 мартида кириб борадилар. Абдураҳимхожани Лоҳурга уч манзил ерда Жаҳонгирнинг энг яқин кишилари Мусавийхон, Баҳодирхон Ўзбек кутиб оладилар. Лоҳурга етгач, Иродатхон, Хожа Абулҳасан Девон азиз меҳмонга пешвоз чиқадилар ҳамда ўша куниёқ Абдураҳимхожа ва Жаҳонгир подшоҳ учрашуви бўлиб ўтади.

Мутрибий ёзишича, Жаҳонгир подшоҳ Мутрибий билан мулоқотларининг бирида Абдураҳимхожанинг соғ-омон Лоҳурга етиб келганини хурсандчилик билан изҳор этган экан.

“Жаҳонгирнома”да айтилишича, Жаҳонгир подшоҳ 1627 йил 20 мартида катта тантана билан Наврўз байрамини нишонлайди. Мутрибий ёзишича, Жаҳонгир уни ўзи билан бирга Кашмирга олиб кетажагини, у ерга Абдураҳимхожани ҳам олиб кетаётганини айтади. Мутрибий эса юрти сари қайтишга сўрайди. Шоирнинг анча илтимос ва узр сўрашларидан сўнг Жаҳонгир ўта оғриниб, Мутрибийга келгуси йили яна қайтиб келиш шарти билан ижозат беради.

Жаҳонгир подшоҳ ҳар йил ёз Кашмирда дам олиб, касал жонига оро киритарди. Шу йили у Абдураҳихожани ҳам Кашмирга олиб кетади. Аммо аҳволи оғирлашиб, Лоҳурга қайтишга мажбур бўлади ва аммо Лоҳурга етиб келмай туриб, 1627 йил 8 ноябрида вафот этади.

Абдураҳимхожа ҳам шундан бир неча ой ўтиб, Лоҳур шаҳрида вафот қилади. У билан бирга Ҳиндистонга борган ўғли Сиддиқхожа кейинроқ, яъни Шоҳ Жаҳон тахтга чиққач, янги ҳукмдор кўмаги билан отаси наъшини Бухорога олиб келади.

Мутрибий 1627 йил мартида Лоҳурдан чиқиб, ўша йил июнида Балхга ва август ойида Бухоро, Самарқандга келган эди.

     P.S. Мутрибий устига юкланган топшириқни қандайдир йўллар билан юксак даражада адо этган кўринади. Чунки, Шоҳ Жаҳон тахтга чиққан кунидан бошлаб, Имомқулихон давлати билан яхши  дипломатик алоқалар ўрнатади ва доим келишувда яшаб, умри давомида аштархонийлар мамлакати ҳудудларига бирон марта ҳам дахл қилмайди.

Изоҳлар

1. Ушбу сарлавҳа остида эълон қилинган (ЎзАС, 2003, 4-апрель) мақоламиз “Улуғбек Мирзога сирдош аждод”, “Илм-фан, адабиёт ва санъат чорраҳасида”, “Жаҳонгир подшоҳ билан ўттиз учрашув”, “Қўлёзмалар яширган сир” каби лавҳаларни ўз ичига олган бўлиб, улардаги Мутрибий ҳаёти ва адабий фаолиятига доир маълумотлар ҳозирда ўзбек китобхонларига ушбу сатрлар муаллифининг “Мутрибий тазкиралари муҳим адабий манба” (Mumtoz so`z, 2009) ва Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро” (Мутрибий Самарқандий. Тазкират уш-шуаро. Форс тилидан таржима, кириш ва изоҳлар муаллифи Исмоил Бекжонов. – Тошкент: Мumtoz so`z, 2013) асарлари орқали яхши танишлиги сабабли айрим лавҳаларни тушириб қолдириб, асосий мавзуимиз саналган Бобур ва бобурийлар тарихига тааллуқли “Жаҳонгир подшоҳ билан ўттиз учрашув” бўлимини эълон қилмоқдамиз.
2. Мутрибий “Нусхайи зебойи Жаҳонгир”да ёзишича, у ўша йил февраль-мартида дастлаб Самарқанддан Бухорога Имомқулихон ҳузурига келган ва бир неча кун давлат амалдори Соқий Мирзобоши уйида туриб, хон саройидаги йиғинларда қатнашган.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2003, 4 апрель.

БОБУРИЙЛАР ВА ГЎРИ МИР МАҚБАРАСИ

033Ҳиндистондаги Тожмаҳал мақбараси икки туркий қалб муҳаббати рамзи сифатида вужудга келган бўлиб, бундай абадийликка бурканган севги эгалари темурий-бобурий Шоҳжаҳон ҳамда асли Туркистондан кетиб, Эроннинг шимолий-ғарби ва Бағдодга яқин ерларда ватан тутган туркий қора қуюнли уруғига мансуб ва Акбар саройида Осафхон Иккинчи лақабини олган вазир Хожа Ғиёсиддин Али Бахшининг қизи Аржуманд (Мумтоз маҳал) бегим эдилар (1).

Шунингдек, бошқа бир томондан, бу гўзал ва маҳобатли меъморий обида қурилишида Самарқанддаги Гўри Мир мақбараси ва бошқа шу каби темурийлардан ёдгор қолган иморатлар улгу-андоза хизматини ўтаган. Бундай дейишимизга сабаб, ўша даврнинг бир нечта шарқ ва европа муаллифлари маълумотларига қараганда, кўплаб меъморий иншоатлар қурдирган Акбар, Жаҳонгир ва Шоҳжаҳонни Амир Темур даврида Самарқандда қурилган бинолар, айниқса, Гўри Мир мақбараси жуда қизиқтириб, Ҳиндга келган самарқандлик меҳмонлардан ана шулар ҳақида қайта-қайта сўрашган, Гўри Мир таъмири учун маблағлар юборишган (2). Аслида мазкур анъанани Бобур Мирзо бошлаб берган бўлиб, булар ҳақидаги маълумотларнинг энг ишончлиси бизгача Мутрибий Самарқандийнинг “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” номли тазкираси орқали етиб келган. Мутрибий бу асарини Ҳиндистонга сафари олдидан 1624 йили ёзишга киришиб, уни 1626 йил 9 декабрида Лоҳурдаги подшоҳлик саройида Жаҳонгирга тақдим этган. Ўша Лоҳурда турган пайти, аниқроғи 1627 йил 25 февралидан бошлаб эса Жаҳонгир подшоҳ билан кечаётган мулоқотларини ҳам қаламга олиб, бу асарини мазкур тазкирасига Хотима” сарлавҳаси остида илова қилган. Қуйида форс тилида битилган ана шу икки асардан мавзуимизга доир қимматли маълумотларни ўз таржима ва таҳлилимизда эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Хотима: Иккинчи мулоқот…Халифаи илоҳий Жаҳонгир подшоҳ хизматига муяссар бўлдим. …Ҳазрат илтифот қилиб, каминадан айрим нарсаларни сўрашга тушдилар. Аввал ҳазрат соҳибқироний [Амир Темур Кўрагоний] дахмасининг бугунги аҳволи тўғрисида сўрадилар. Биласиз, у ерда бу олий зотнинг улуғ ва мукаррам аждоди дафн қилинган ва бу жой Самарқандда “Гўри Мир” номи билан танилган. Мен подшоҳга қуйидагича тушунтириш бериб: — Ул дахма аҳволини хизматингизга тақдим этган “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” номли китобимда муфассал ёзганман…мазкур маълумотлар халифаи илоҳийнинг кимёасар назарларига етишган бўлса керак, деган умиддаман, — дедим. Шундан сўнг соҳибқирон Амир Темур қабри устидаги тош тўғрисида суриштирдилар ва шу аснода ул ҳазрат буйруғига биноан олдимизга мураббаъ (квадрат) шаклидаги қора бир тошни ҳам келтириб қўйдилар. Подшоҳ тошга ишора қилиб: — Ул муборак тошнинг кўриниши мана шунга ўхшайдими ва ҳажми ҳам тенг келадими? – дея сўрадилар. Машъал шўъласида тошни кўздан кечиргач, ул қабртошга ўхшамас экан, деган фикрга келдим ва шу иккиланиш билан: — Ул муборак тош бундан равшанроқ ва бунга кўра ялтироқ кўринишдадир. Ялтироқлиги одам акси кўринадиган даражада. Қолаверса, менимча, қабрдаги тош мураббаъ шаклида ҳам эмас… – дедим.”

Мутрибий “Нусхайи зебойи Жаҳонгир”нинг Самарқанд хонларидан Султон Саъид бин Кўчкунчи ибн Абулхайрхонга бағишланган қисмида бобурийлар билан шайбоний хонлари ўртасидаги қариндошлик муносабатларига доир қизиқ бир маълумотни ҳавола этади. Аввало, тарихдан маълумки, Улуғбек Мирзонинг Робия султон бегим номли қизи Дашти Қипчоқ хони Абулхайрхоннинг хотини бўлиб, бу никоҳдан дунёга келган Севинчхожахон, Кўчкунчихон ва уларнинг асосан Туркистон, Тошкент, Самарқандда ҳукмронлик қилган авлодлари Улуғбек Мирзонинг қизидан дунёга келган невара-чеваралари бўлади. Мутрибий ёзишича, томирларида темурийлар қони бор бу шайбонийзодалар шунинг учун ҳам бобомерос Самарқандни бошқа қариндошларига бермасликка аҳд қилишган ва икки ўртада сиёсий ихтилоф, низолар рўй бериб турган. “Султон Саъидхон ибн Кўчкунчихон ибн Абулхайрхон зикри: Бу султонлар Дашти қипчоқлик Ўзбакия табақасига мансуб бўлганликлари билан бирга Абулхайрхоннинг шаҳид султон Улуғбек Кўрагонга куёвлик нисбати сабабли бу олий силсила, яъни темурийлар хонадонига ҳам қариндошликлари бор эди. Шу жиҳатдан Султон Саъидхон (в.1572 й.) ўзини подшоҳ ғозий Акбарга яқин оларди ва улар орасида меҳру оқибат ва дўстлик тариқи йўлга қўйилган эди. Подшоҳ ғозий (Акбар) ҳар йили темурийлардан қолган меъморий обидаларни таъмирлатиш учун олтин-кумуш ва фил юборар эдилар. Жумладан, 979 (1571) йили Маҳмудий зотли бир фил юбордилар ва у фил бир кечаси тўрт нафар филбонни ўлдириб ва шаҳар дарвозасини синдириб, Ҳиндистон йўли томон кетди. Аммо, бу фил ўз ватани Ҳиндистонга қайтиб бора олдими ё йўқми, шунисини билмадим…”

Мутрибий “Нусхайи зебойи Жаҳонгир”нинг Акбар подшоҳга бағишланган қисмида бу подшоҳ саховати хусусида сўз юритар экан, бобурийларнинг Самарқандга қизиқиши тўғрисидаги ушбу маълумотларни ҳам қайд этиб ўтади:

Акбар подшоҳнинг саховати билан боғлиқ иккинчи воқеа: Жавонмардалихон давлати айёмида (1572 – 1578 йиллар. – И.Б.) Самарқанддаги Феруза дарвозаси яқинида тош ҳовуз қурдирган Ҳожи Дўст Муҳаммад Равғангар ҳам ушбуларни сўзлаб берган эди. У қурдирган ҳовузни эслаганим сабаби шундаки, мазкур ҳовузни қазиётган пайтларида ер остидан бир хум тўла қадимий тилло пуллар чиққан эди. Қисқаси, мазкур Ҳожи Дўст Муҳаммад ҳикояси тубандагичадир: 977 ҳижрий (1570 – И.Б.) йили Агра вилоятида подшоҳ ғозий мулозаматига етишдим. Мендан Самарқанддаги Чиҳилсутун, Боғи майдон,

Расадхона ва Тахтгоҳ, (ўтов шаклидаги) Хонаи хиргаҳий ҳамда гул билан пайванд қилинган санувбар дарахтлари кабилар ҳақида сўрадилар. Билганимча сўзлаб бердим…”

“…982 ҳижрий (1575 — И.Б.) йили, яъни Жавонмардалихон салтанати даврида подшоҳ ғозий ўзларининг буюк жадди бўлмиш соҳибқирон (Амир Темур) дахмасини таъмирлатиш учун Самарқандга филга ортиб тилло-кумуш пул юборганлар. Соҳибқирон дахмаси шундай бир жойки, унинг улуғворлигини кўрган Ануширвон дахмасининг ҳайрат бармоғини тишламасдан ўзга чораси йўқ. Ва ул дахма “Гўри Мир” номи билан машҳур бўлиб, шаҳарнинг жанубий томонидаги “Самарқанд чақари” деб ном чиқарган ерда жойлашган. Бу машҳур дахманинг тўла тавсифи шундай: дахмага шаҳарнинг шимолий қутби томонидан кирилади. Дастлаб, дарвоза ва бир гунбаз, кирилгач эса мевали ва мевасиз дарахтларга тўла кенг саҳнли бир ҳовли-майдон кўринади. Унинг чап томонида зилол сувга лиммо-лим кавсар мисол ҳовуз бўлиб, уни жаннатмакон подшоҳ Бобур подшоҳнинг бахтнишонли замонасидан нишона сифатида кўрсатадилар. Самарқанд аҳолисининг аёлидан-эркагигача, ёшидан-қарисигача ҳайит ва Наврўз байрамлари айёмида ҳар ҳафтанинг тўрт куниси шу майдонда тўпланарканлар. Самарқанднинг барча казо-казолари ҳам бу ерга байрам тантанаси учун йиғилар экан. Ва бу одат Абдуллахон Иккинчининг ота бир, она бошқа укаси Ибодулла султон бин Искандар султоннинг Самарқанддаги салтанати даври (1578 йил 25 октябридан 1586 йил 15 августи оралиғи)да ҳам расм бўлиб турди. Ҳожибий Отолиқнинг Самарқанддаги ҳокимлиги замони (1586 йил августи – 1598 йил апрели)да эса унинг ҳукмига биноан бу ерда байрам тантанаси учун йиғилиш таъқиқлаб қўйилди. Сабаби шунда эдики, бу ерга келган оломон одоб деган нарсани унутиб, бўшаниш учун ушбу нурга тўла дахма тепасига чиқишни одат қилиб олганлар. Бу ёмон қилиқ мазкур амирни ғазаблантириб, шундай ҳукм чиқаришига сабаб бўлди: “Ушбу кундан эътиборан одамлар бу дахма устида тўпланмасинлар, байрам йиғинларини бошқа жойда ўтказсинлар!”

Шу зайл бу одат бизнинг бугунги кунларимизгача (яъни, 1624 йиллар – И.Б.) тарк этилган бўлиб, мазкур фармонга риоя қилиниб келинарди. Аммо, шу яқин кунларда, Туронзамин Дороси Имомқули Баҳодирхон ҳукмига биноан ҳозир Самарқандда ҳокимлик қилаётган амири кабир Надр девонбеги “ҳар ҳафтанинг сешанба куниси эски подшоҳлар қоидасига кўра бу табаррук манзилда халойиқ йиғин ўтказаверсин, фақат шарти шуки, ҳеч ким мутабаррик дахма устига чиқиб ёзилмасин, кимда-ким бу буйруққа хилоф иш қилса, уни ўша ердан пастга улоқтириб юборамиз” деган буйруқ чиқарди.

Яна дахма тавсифига қайтайлик. Ҳалиги майдон саҳнига кирилгач, унинг олд қисмидаги кошинли ва нақшлар билан безатилган олий бир тоққа кўзингиз тушади. Тоқ (гунбазли дарвоза)нинг катибаси сифатида ушбу байтни ёзиб қўйибдилар. Назм: Эй саводи даргаҳат бар руйи давлат холи дин, “ҳаза жаноти аъдан, фадахлувҳо холидийн”. (Мазмуни: Эй даргаҳинг қароси (ўрни) давлат юзидаги кўркам хол, “Бу аъдан жаннатидир, кирган топади қўша жаннат”.) Ва байтнинг тагида, аниқроғи, дарвозанинг кесакиси тепароғига оқ кошин билан насх хатида ушбулар ёзилган: Амал ул-аъбдул-заъиф Муҳаммад бин Маҳмуд ул-банноъ ул-Исфаҳоний; Хатнинг остида эса икки тавақали дарвоза бор. Унинг юз сатҳи сайқалланган пўлат танга ва ўймакор нақшлар билан қопланган. Ўнг тавақаси тепаси юзига “Ал-мутаваккил аъло алмулк уддаййон” (Жазо берувчи Подшоҳ (яъни, Аллоҳ)га таваккал қилувчи) деб ёзилган. Шунингдек, чап тавақасига “Амир Темур Кўрагон” деб ёзиб қўйибдилар. Ва дарвозанинг икки бурчагига ялтиратиб сайқал ва жило берилган оқ тошдан икки баланд суфа ўрнатганлар. Ва шу дарвозага улаб, олий бир масжид қурганлар. Халқ бу масжидда кеча-ю, кундуз беш вақт намозни адо этмоқ учун йиғиладилар. Боқийхон салтанати замонида (1601 йил июнидан 1605 йил апрелигача давр – И.Б.) қутбул-аброр ҳазрат Хожа Аҳрор авлодидан бўлмиш Хожа Ғаний Тошкандий шу масжидга улаб, унинг қибла томонида кенг энли айвон қурдирганлар. Ҳар жумъа куни одамлар унда жумъа намозини ўқиганлар ва ҳозиргача бу иморат обод ҳолатда бўлиб, кишилар бу масжидда жумъа намозларини адо этиб турибдилар.

Хуллас, мазкур дарвозадан кирилгач, тағин бир ҳовли саҳнли майдон келади ва у тенг тўрт бурчак шаклида бўлиб, деворлари бағоят баланд, тахминан, қирқ газ ва деворнинг эни ҳам шунга яраша. Ва уч ерида учта минора қурилган. Биттаси гулдастасиз ва унинг бўйнига кошин билан “Ал-аъбду йўдаббир ва оллоҳ йўқаддир” (ҳадис: бандаси ўзича режа тузади, унга етказадиган ё етказмайдиган эса Аллоҳдир. – И.Б.) деб ёзилган. Қолган икки минора эса гулдасталик ва гулдасталар атрофига оқ кошин билан “Аллоҳ ва лосивоҳ ва лойўъбаду илло иййоҳ” (Фақат Аллоҳдир, ундан бошқа эмас, ундан бошқа ҳеч кимсага ҳам ибодат қилинмас) деб ёзилган. Минораларнинг зинасига оқ, зангори ва яшил рангдаги кошинли хат билан нақшлар орасига олиб, ушбу сўзларни ёзиб қўйибдилар: “Йо ҳаййи, йо қайум, йо карим, йо раҳим”. Ва ҳовли майдонининг чап томонида битта эшик ва бир даҳлиз кўринади. Улар орқали ичкари кирилса, Султон Улуғбек Кўрагон бино қилдирган мадрасага дуч келинади. Мадраса тўрт тоқни ўз ичига олган икки ошиёналик бўлиб, тоқларнинг ҳаммаси кошинли ва нақшлар билан безатилган, тоқлардаги ёзувлар орқали “Инно фатаҳно”, “Аъмма” ва “Таборак” сураларини битганлар. Шу икки қаватда олтмишга яқин ҳужра жойлашган. Ва майдон саҳнининг ҳар икки тарафига икки олий гунбаз қурганлар, бу гунбазлар остида чиғатой подшоҳзодаларининг гўрхоналари бор. Майдоннинг ўнг томонида дарвоза ўрнатилган. Дахмага қарашли ошхона жойлашган бир гумбаз ичида эса ҳужралар ва бу ошхонада катта бир қозон бўлган. Ҳар кун унда фақирлар ҳамда мазкур дахманинг мужовир (хизматчи)лари ва шу ердаги мадраса талабалари учун овқат тайёрлаганлар. Бу саҳннинг олд қисмида, мазкур подшоҳлар гўрхонаси тепасида бир тоқ жойлашган бўлиб, у масжиднинг тоқидир ва одамлар ушбу жойда намоз ўқийдилар.

Шундан сўнг тоққа улаб қурилган бир эшик ҳамда кенг ва узун кетган бир даҳлиз келади. Бу даҳлиз тўрт гунбазни ўз ичига олади ва унга кирилса, даҳлизнинг олд қисмидаги ўнг қўлда шамшод ёғочидан ясалган ва бошдан-оёқ фил суяги, ож ва эман дарахти қирқмалари билан хотамкори қилинган, тилла суви югуртирилган ҳамда ҳар хил рангли безаклар воситасида жило берилган икки тавақали бир эшикка дуч келинади. Бу эшикни кўрган кўз нури ундан тағин-да равшан тортади ва эшикнинг ўнг тавақасига “Йо муфаттиҳал-абвоб” ва чап тавақаси юзига “Йо мусаббибул-асбоб” деб ёзилган. Эшик ташқарисига мармар тошдан иккита зина қўйилган. Ана энди ўша эшикдан дахма ичига кирилади ва нурга тўла бу пок дахма ичига кирилгач, ўртада безатилган оқ тошдан ишланган панжара ўрнатилганини кўрасиз. Олий мартабали подшоҳларнинг нурга тўла қабрлари шу панжара ичида намоён бўлади. Ва бу нурга тўла дахманинг атрофига олий бир чортоқ қурганлар. Унинг биринчи тоқида ҳазрат амир ул-мўъминин Усмонга – Аллоҳ ул зотдан рози бўлсин – тегишли бўлган Каломи шариф нусхаси бир китоб токчаси устига қўйилган.

Мусҳафнинг мазкур нусхаси куфий ёзуви билан битилган ва узун кема шаклини эслатади. Ҳазрати амир ул-мўъминин Усмон разииллоҳи анҳунинг “Фасаякфийкаҳумуллоҳ” ояти устига сачраган муборак қонлари изи ҳалигача сақланиб турибди. Ва амир Саййид Барака қабри рўпарасида сепоралар сақланувчи тўртта сандиқ қўйилган, панжаранинг ичи ҳам ҳазрат соҳибқироннинг невараси мағфиратли подшоҳзода Мирзо Муҳаммад Султон ўз қўллари билан тилло суви югуртириб сулс хатида ёзган ва муборак қўллари билан ўзи таҳриру-тазҳиб, хамсу-ашара ва лавҳу-жадвал ҳамда жилдлаш каби ишларини ҳам бажариб тайёрлаган ва мазкур табаррук дахмага вақф сифатида топширган тилларанг қоғозли сепораларга лиқ тўладир. Ва бу пок равза деворлари безакларининг ҳаммаси олтин суви берилган тош парчаларидан ишланган. Кафига оқ тош ётқизилган, дахма гумбази остидаги шифт эса олтин суви ва ложувард билан нақшланган…Эшикдан кираверишдаги чап рукнда дахма сағанасининг ертўлага олиб тушувчи эшиги бор. Аммо, ертўланинг ичи қанақалигини ҳеч ким билмайди. Ва дахманинг устига ўйма қилиб ишланган олий гумбаз бино қилинган. Усти тамомила рангли кошин билан қопланган. Ниҳоятда баланд ва осмонўпар гумбаздир. Унга ўхшаган гўзал ва чиройли гумбазнинг бошқа жойда борлигини ҳали эшитмадик. Гумбазнинг ёнига оқ кошинда куфа хати билан бир неча бор “Ал-бақоуллоҳ, Ал-бақоуллоҳ” деб ёзиб қўйибдилар. Шу хатнинг юқорисига эса хафий қаламида яшил ранг билан “Ал-қудратуллоҳ ул-аъзиматуллоҳ” сўзларини битганлар. Гумбазнинг энг тепасига кўзни қамаштирувчи соф олтиндан ясалган каттакон бир қубба ўрнатилган бўлиб, анча узоқ ердан ялтираб кўриниб туради.

Султон Саъидхоннинг Мир Тўлак исмли тўпчибошиси 975 (1567 – И.Б.) йили мастлик ҳолатида ул мутабаррик қуббага тўфангдан ўқ отиб, бир юз эллик мисқолча ерини синдирди ва Амир Саййид Барака алайҳиррама ҳамда Аллоҳ раҳматига етишган ул подшоҳларнинг руҳониятидан азим бир балога йўлиқди. Унинг ҳалокати воқеаси эса шундай рўй берган эди: Қадимдан темурий подшоҳларнинг Наврўз куниси Мирзо Улуғбек расадхонаси яқинидаги тепаликда бир сигирни нишонга қўйиб, ўқ отиш расмлари бор эди. Султон Саъидхон ҳам бир Наврўз куниси темурий подшоҳларга қариндошлик нисбати борлигининг исботи сифатида улар қоидасича сигирни нишонга қўйиб, тўпдан ўқ оттирмоқчи бўлди. Шунда тўпчибоши Мир Тўлак хон буйруғига биноан ўқ отишга тушди, аммо, у ўн учта ўқ отиб ҳам нишонга текиза олмади. Хон олдида уятда қолган тўпчибоши яна бир ўқ отишга рухсат олиб, аввал дорини ва сўнг тошни тўп ичига солиб, уни хода билан жойлаштирмоқчи бўлди. Шунда, билмадим, тўпнинг оташхонасида ўт қолган эканми ё унга ғайбдан ўт тушдими, туйқусдан ўқ отилиб, кучли зарб билан Мир Тўлакни ҳавога кўтариб кетди. Тўпчибошининг тилка-пора бўлган гавдаси ҳар ерга бориб тушди. Бу воқеадан Наврўзгоҳда ғала-ғовур бошланиб, гўё қиёмат қойим бўлди. Халойиқ бу ҳодисани Мир Тўлакнинг илгари ул муқаддас қуббага ўқ отиб, дахма ичида мангу уйқуга кетганларни ҳурматсизлик билан безовта қилганига йўйдилар. Мен ҳам ўша куни воқеа содир бўлган жойда бор эдим ва бу ҳодисани ўз кўзларим билан кўрдим…

Яна Акбар подшоҳ Гўри Мирни таъмирлатиш учун Жавонмардалихон ҳузурига юборган олтинларга қайтсак, хон мазкур олтинларни дахма ёнидаги мадраса биноси, майдон саҳни, миноралар ва Бобур Мирзо қаздирган ҳовуз таъмири учун сарфлади. Шаҳарга қайси фозил киши келса, уларни ўз иқтидори ва ёшига қараб табаррук бу манзилда ё ўқитувчилик, ё ҳофизлик ёки ходимлик вазифасига тайинлади ва мадрасага талаба сифатида қабул қилди. Ҳар куни бомдод намозидан сўнг ва “Ёсин” сураси қироатидан кейин бу файзли манзил мужовирлари учун ҳалим-ҳариса торттирарди. Кечалари эса мутабаррик дахма ичида мум шамлар ва қандилларни ёқтириб қўйганди. Ва бу ишлар анча вақтгача узлуксиз равишда амалга ошиб келди. Жавонмардалихон Абдуллахон Иккинчи томонидан (1578 й.) қатл этилгач, Ибодулла султон салтанати даврида бу ишлар тўхтаб қолди. Тағин султонларнинг бепарво ва эътиборсизлиги орқасида “Устини ости қилдик” (Қуръони карим, 15 сура, 74 оятдан – И.Б.) сифатини қабул қилди. Ибодулла султон ўз амирларидан бири томонидан бир тасодиф сабабли ўлдирилгач, акаси Абдуллахон Иккинчи ул мутабаррик манзил вақфларини ўз ҳисобига ўтказди ва унинг орқасидан кўп олтин-кумуш маблағни қўлга киритди. Бироқ, яхши томони шунда бўлдики, бу хон инсоф билан иш тутиб, ул маблағдан етарличасини дахманинг таъмир ва қурилиш ишларига сарфлади ва олдингисидан ҳам яхшироқ қилишга тиришди. Ул мақомни тоза ва озода тутиш йўлида саъй-ҳаракатини ҳеч аямади, балки, бу ишда бир дақиқа ҳам ғафлат ихтиёр этмади. Абдуллахон ҳаёт йилларида ул муқаддас манзил ғоятда обод ва кўркам эди. Мазкур хон вафотидан сўнг бу ободончиликка тағин путур ета бошлади. Аммо, ушбу бахтли кунлар (1624 йил – И.Б.)да Амир Саййид кулол авлодидан бўлган олий насабли саййид жаноби Мир Барака Бухорий Жаҳонгир подшоҳнинг Имомқулихон ҳузурига юборган элчиси сифатида Ҳиндистондан ўлкамизга ташриф буюрдилар ва ўзлари билан кўп тилло келтирдилар ва шариф кишилар ифтихори Тожиддин Ҳасанхожа ва Сирожиддин Абдураҳимхожа Жўйборий Бухорийнинг саъй-ҳаракатлари ёрдамида ул муқаддас дахманинг айрим жойларини таъмир ва тиклаш ишларига киришганлар. Шунингдек, ул дахмадаги ўқитувчи, талаба ва ҳофизларга тилло пуллар инъом қилдилар. Лекин, очиғини айтиш керак, шуларга қарамасдан дахмага тегишли айрим жойлар ҳалигача путур етганича турибди. Шундай умид қиламизким, подшоҳи беназир, қиблаи оламгир Жаҳонгир подшоҳ – мулки абадий турсин – илтифотлари партави сабабли мазкур муборак дахма тағин таъмир шарафини топса, албатта асл ҳолатига қайтажак. Омин!”

Мутрибийнинг бу маълумотларидан англашинадики, Гўри Мир мақбараси 1625 йиллари шаҳардаги катта, яхлит бир меъморий обидалар мажмуасидан ташкил топиб, унинг кириш дарвозаси ҳозирги Сиёб бозори томондан бошланган. Мақбарага етгунча яна қанча гўзал иморатлар, боғлар, кўркам сайилгоҳлар мавжуд бўлиб, бу ҳолат шаҳарга файз, кишилар дилига қувонч бағишлаб турган.
“Хотима: Кейинги мулоқот… Яна бир базм оқшомиси шоҳ Жаҳонгир остонасини ўпишга муяссар бўлдим. Сўз Самарқанднинг латофати хусусида борди. Суҳбат орасида подшоҳ “бу шаҳарнинг асл номи Самарқандми ё Самаркандми?” деб сўрадилар. “Ҳар иккаласи ҳам тўғри”-дея жавоб бердим…Шундан сўнг суҳбат мавзуси ўзгариб, подшоҳ: — Муаззам ва мукаррам бобомиз дахмаси Гўри Мирни таъмирлаш учун шу кунларда қанча маблағ лозим бўлади? – дея лутф этдилар.

— Ўн минг рупия ажратсангиз нур устига нур бўларди, аммо, беш минг рупия билан ҳам яхшигина таъмир қилса бўлади, — дея жавоб бердим.

— Агар ўн минг рупия билан тўла таъмирдан чиқадиган бўлса, унда айтганингиз бўйича, ўн минг рупия тайин қиламиз. Ул табаррук дахмани кўнгилдагидек таъмир қилсинлар, — дедилар подшоҳ.”

Хуллас, юқоридигилар орқали кўрганимиздек, Бобур ва бобурийлар узоқ ўлкаларда бўлишларига қарамай, улуғ бобоси Амир Темурнинг мангу оромгоҳи Гўри Мир мақбараси ободонлигига нисбатан жуда эътиборли бўлишган.

Р. S. “Матлаб ут-толибин” (1647) муаллифи Муҳаммад Толиб ёзишича, Шоҳ Жаҳон ҳам Имомқулихон ҳузурига юборган элчилари орқали Гўри Мир харажатлари учун пул маблағлари юбориб турган;
Малиҳо Баде Самарқандийнинг 1693 йил ёзилган “Музаккир ил-асҳоб” тазкирасида ҳижрий 1099 йил(1687 йил 7 ноябрь – 1688 йил 25 октябрь оралиғи)да Аврангзеб подшоҳнинг элчиси Забардастхон ҳам Гўри Мир таъмири ва мазкур табаррук дахма хизматчилари учун кўп миқдорда пул олиб келгани айтилади.

Изоҳлар

1. Эрон Озарбайжонидан чиққан Мирзо Бадиуззамон – Осафхон Биринчи бир неча йиллар Шоҳ Таҳмосб Сафавийнинг вазири ва Кошон ҳокими мансабида турган. Унинг укаси Хожа Ғиёсиддин Али – Осафхон Иккинчи Эрондан Ҳиндистонга келиб, Акбар подшоҳнинг “бахшигар (девонбеги)лик вазифасини бажарган, яъни вазир бўлган.
2. Ҳозирги замон дунё олимлари айтишига қараганда, Тожмаҳал мақбарасининг гумбаз қисми ва ён-атрофдаги мноралари қурилишига айнан Гўри Мир мақбараси улгу-андоза бўлиб хизмат қилган.



XVI asr ikkinchi yarmi – XVII asr birinchi yarmida yashab ijod qilgan, zamonasining benazir farzandi – samarqandlik shoir va adabiyotshunos olim Mutribiy (1556 – 1530) o‘zining “Tazkirat ush-shuaro” (1605) va “Nusxayi zeboyi Jahongir” (1605 – 1628) nomli tazkiralarida Bobur, Humoyun, Akbar, Muhammad Hakim bin Humoyun, Jahongir bin Akbar hamda ular davrida yashagan hindistonlik shoirlar haqida qimmatli ma’lumotlar bergan.

Ismoil Bekjon
HIND SAFARI YOXUD
IMOMQULIXONNING MAXFIY TOPSHIRIG’I (1)
077

 03   XVI asr ikkinchi yarmi – XVII asr birinchi yarmida yashab ijod qilgan, zamonasining benazir farzandi – samarqandlik shoir va adabiyotshunos olim Mutribiy (1556 – 1530) o’zining “Tazkirat ush-shuaro” (1605) va “Nusxayi zeboyi Jahongir” (1605 – 1628) nomli tazkiralarida Bobur, Humoyun, Akbar, Muhammad Hakim bin Humoyun, Jahongir bin Akbar hamda ular davrida yashagan hindistonlik shoirlar haqida qimmatli ma’lumotlar bergan. Ma’lumki, “Nusxayi zeboyi Jahongir” tazkirasi Mutribiyning Hindistonga safari munosabati bilan yaratilib, tazkiranavis uni 1626 yil 9 dekabrida Lohurda Jahongir podshohga shaxsan taqdim qilgan. Bu tazkiraga keyinchalik ilova qilingan “Voqeot” asari esa Mutribiyning 1626 yil 9 dekabridagi ilk uchrashuvidan to 1627 yil mart oyi o’rtasigacha Jahongir podshoh bilan kechgan muloqotlarini aks ettirgan bo’lib, bu xotira janridagi asar 1627 yil 25 fevral kuni Lohur shahrida yozila boshlagan.

Mutribiy ustozi Hasanxoja Nisoriy yeta olmagan orzuga erishish maqsadida 1598 yildan boshlab yuragiga Hindistonga safar qilish umidini tugarkan, uning bu niyati faqat 1626 yilgina amalga oshgan. To’g’ri, u shu orada Hindiston o’lkasiga borishga ahd qilib, 1624 yil kech kuzida Balxga boradi va 1625 yil bahorida Jahongir podshohga bag’ishlangan “Nusxayi zeboyi Jahongir” tazkirasini yozib tugatadi. Biroq, qandaydir sababga ko’ra bu maqsadi o’sha yili amalgan oshmay, yana Samarqandga qaytishga majbur bo’ladi.

1626 yili esa Hindistonga borishi uchun imkon topilib, Mutribiy yana Balx orqali Hind davlatiga qarashli Kobulga o’tadi va o’sha yil kuzida Lohurga yetib borib, 1626 yil 9 dekabrida Lohurda Jahongir podshoh bilan muloqotga erishadi. O’sha kunisi Mutribiy roppa-rosa 70 yoshga to’lgan ekan.

Mutribiy Samarqandiyning qachon vafot etgani hozircha aniqlanmagan. Ayrim olimlar shoirning 1630 yil, ba’zilar XVI asr ikkinchi yarmi – XVII asr birinchi yarmida yashab ijod qilgan, zamonasining benazir farzandi – samarqandlik shoir va adabiyotshunos olim Mutribiy (1556 – 1530) o‘zining “Tazkirat ush-shuaro” (1605) va “Nusxayi zeboyi Jahongir” (1605 – 1628) nomli tazkiralarida Bobur, Humoyun, Akbar, Muhammad Hakim bin Humoyun, Jahongir bin Akbar hamda ular davrida yashagan hindistonlik shoirlar haqida qimmatli ma’lumotlar bergan. 1650 yil vafot etgani fikrini ilgari surishgan.

Ushbu maqola orqali Mutribiyning birinchi gal muavaffaqiyatsiz tugab, ammo ikkinchi marta safarga otlanishiga imkon yaratgan va shoir orzusi ushalib, bu safar Hindistonga bora olganida asosiy omil bo’lgan sabab haqida so’z yuritiladi.

JAHONGIR PODSHOH BILAN O’TTIZ UCHRASHUV

O’sha davrlar oralig’ida Buxoroda Abdullohxon Ikkinchining yirik davlat arbobi Amir Qulbobo Ko’kaltosh (v. 1598) xizmatida ham bo’ladi.

Xoja Zayniddin Muhammad bin Syyid Hodixo’ja Naqshbandiy ismli amaldor Buxoro, Samarqandda sadr payti (1598 – 1618) Mutribiyni Samarqanddagi ayrim mozorotlar mutavallisi qilib tayinlaydi.

Mutribiy 1603 – 1606 yillar orasida Samarqandning navbatdagi hokimi Nizomiddin Hojibiy Otaliq Qushchi xizmatida ham turadi.

So’ngra Imomqulixon davlatining taniqli arbobi Yodgor Qo’rchi yonida Buxoro, Balxda ilm-fan, madaniyat sohasidagi ishlarga bosh-qosh bo’ladi.

“Nusxayi zeboyi Jahongir” tazkirasining yaratilishi Mutribiyning Hindiston safari bilan bog’liq va bu asar Jahongir podshohga bag’ishlangan. Bu tazkira ma’lumotlari shuni ko’rsatdiki, shoirning ko’p yillar ko’ngliga tugib yurgan va axiyri ro’yobga chiqqan mazkur sayohati Imomqulixon davlatining muayyan maqsadlari yo’lida amalga oshgan. Ammo Mutribiy bu to’g’rida ochiq ma’lumot bermaydi. Bizningcha, buning sababi bir tomondan, topshiriqning maxfiyligi bo’lsa, ikkinchidan, Mutribiy bu safarga Imomqulixonning elchisi Abdurahimxoja Jo’yboriy bilan birga chiqqan va asosiy rasmiy topshiriqlar mazkur xoja zimmasiga yuklatilgan. Mutribiy esa ikkinchi darajali shaxs bo’lgan. Garchi shunday esa-da, tazkirada bu safar davomida Mutribiyga ham ayrim ochiq va yashirin muhim vazifalar yuklanganini anglatuvchi dalillar mavjud. Muallif ma’lumotlariga qaraganda, u Jahongir podshohning Movarounnahrdan Hindistonga qaytib ketayotgan elchisi Sayyid Mir Baraka va ashtarxoniylar elchisi Abdurahimxoja Jo’yboriy tashabbusi bilan yo’lga chiqadi. Ular Mutribiyning Hindga o’zlaridan oldinroq yetib borishi uchun barcha rasmiy, moliyaviy sharoitlarni yaratib beradilar (2).

Mutribiy Jahongir bilan uchrashuvlarini tasvirlar ekan, o’zining Imomqulixon himoyasi ostidaligi, Hinddan qaytgach, to’ppa-to’g’ri bu hukmdor huzuriga borajagini qayta-qayta ta’kidlab o’tadi. Jahongir unga Hindistonda qolishni qattiq turib taklif etganida esa shoir va’da qilinayotgan zo’r sharoit, katta mablag’ yoki, hatto, sog’ligi kun sayin yomonlashib borayotgan bu podshohning ko’ngli uchungina ham ozgina vaqt bo’lsa-da, Hindda turishga rozilik bermay, Abdurahimxoja Lohur shahriga yetib kelgani hamono ko’p o’tmay Movarounnahr sari yo’lga tushadi.

Mutribiyning bunday yarim oshkoro, yarim maxfiy xususiyatga ega diplomatik xizmatlari Imomqulixon davlatiga nima uchun kerak edi?

Ma’lumki, ashtarxoniylar davlati Balx viloyati mintaqalarida boburiylar davlati bilan chegaradosh bo’lib, 1622 – 1625 yillari Jahongir bilan o’g’li Shoh Jahon o’rtasida ichki nizolar kuchaygan bir paytda boburiylar va ashtarxoniylar o’rtasida ham diplomatik noxushliklar yuzaga kelgandi. “Jahongirnoma” ma’lumotlariga qaraganda, o’sha paytlari Jahongirning elchisi Sayyid Mir Baraka Imomqulixon bilan muzokaralarda chegara masalalari bo’yicha aniq bir kelishuvga erisha olmay, bir yildan ko’proq vaqt Movarounnahrda ushlanib qoladi. Ammo Hindistonda ota-o’g’il, aka-ukalar o’rtasidagi ziddiyat keskinlashib, taxt tepasiga Shoh Jahon kelishi ehtimoli kuchayadi.
Bu esa Imomqulixon davlati uchun chegara hududlarida ancha noqulaylik, xavf-xatar vujudga keltirishi mumkin edi. Shoh Jahon taxtga o’tirsa, u bilan tinch-totuv qo’shnichilik munosabatlari olib borish og’ir kechishi mumkinligini o’ylagan Imomqulixon darhol Jahongir podshohga do’stlik izhor etish maqsadida uning elchisi Mir Barakaga ruxsat berib, o’z elchisi sifatida nufuzli shayx Abdurahimxoja Jo’yboriyni Hindistonga jo’natadi. Biroq Hindistondagi siyosiy-ijtimoiy vaziyatni yaqindan o’rganish va shu asosda kelajakning diplomatik rejalarini tuzish uchun xonga bu elchilik faoliyati kamlik qilardi. Zero, keksa va ixtiyori o’z qo’lida bo’lgan, keyingi paytlari xon bilan orasi biroz buzilgan Abdurahimxojaning Hinddan qaytib kelish-kelmasligi yuzasidan xon biron-bir kafolatga ega emas edi. Ana shunday vaziyatda bu o’ta muhim topshiriq uchuno’tgan yili Hindiston sari yo’lga chiqib, ammo Balxdan nariga o’ta olmay qaytgan va bu orzudan hali ham voz kechmagan, keksa bo’lsa-da, ancha tetik, davlat yumushlarida suyagi qotgan Mutribiy eng ishonchli, munosib kishi edi.

Albatta bu fikrlar Mutribiyning mazkur tazkirasi va “Jahongirnoma” hamda boshqa manbalar ma’lumotlari tahlilidan chiqargan xulosamizdir. Mutribiyning bizga qoldirgan xabarlari esa tubandagicha.

1598 yili asli xurosonlik shoir Naziriy Mashhadiy Samarqandga kelib, Mutribiyning uyida ham mehmon bo’ladi va Movarounnahr sayohatidan so’ng Hindistonga safar qilajagi, agar xohlasa Mutribiyni ham Hindistonga birga olib ketishini bildiradi. Ammo Naziriy Mashhadiy Toshkentga ziyorat uchun ketganicha, qaytib Samarqandga kelmaydi. Shu bilan Mutribiy uchun Hind safari shirin orzuligicha qoladi. Naziriy esa o’sha ketishida Hindistonga borib, Akbar podshoh saroyining taniqli shoiriga aylanadi.

Mutribiyning samarqandlik Mir Do’stiy degan yaqin do’sti 1011 yili (1011 yil – 1602 yil 21 iyun` – 1603 yil 10 iyun` oralig’i.) Haj ziyoratiga jo’nab, qaytishda Hindistonga keladi va 1604 yili Ne’matobod shahrida to’xtab turarkan, Akbar podshoh topshirig’iga binoan, o’sha yili oilasini Hindistonga ko’chirib ketish uchun Samarqandga keladi. U Hindistonni rosa maqtab, Mutribiyni ham ketishga undaydi. Mutribiy do’stining hikoyalaridan sehrlanib “aqldan ozay” deydi, biroq katta oilasini tashlab ketishga hech iloji yo’qligini aytadi. Mir Do’stiy mol-mulkini sotib, Hindistonga ketadi.

Ammo Mutribiy Hindga borishdan umidini uzmaydi, ustozi Nisoriy yeta olmagan orzuga yetishishni bir dam ham xayolidan chiqarmaydi. Bu istagini “Tazkirat ush-shuaro” asarida bot-bot eslatib o’tadi, Hindga ketib qolgan do’stlari bilan xatlar yozishib turadi. U 1624 yil kech kuzida o’g’illari Muhammad Ali, Shoh Ali bilan birga Balx va o’sha yerdan Badaxshon, Toliqon, Davlatobod, Qunduz viloyatlariga safar qilib, yana Balx shahriga qaytadi va 1625 yil bahorida o’sha yerdan Hindistonga safar qilish niyatida “Nusxayi zeboyi Jahongir” tazkirasiga tartib berishga kirishadi. Biroq bu birinchi safari, biz bilmagan sababga ko’ra, amalga oshmaydi va Mutribiy o’sha yil kech kuzida Samarqandga qaytib keladi.

Mutribiy yuqorida ko’rganimizdek, qulay fursat yuzaga kelgan 1626 yil erta bahorida o’g’li Muhammad Ali bilan yana Hindiston sari otlanadi. Bunda unga Abdurahimxoja va Sayyid Mir Baraka homiylik qilishadi. Mutribiy shu orada Buxoroda bir necha bor oliy hukmdor Imomqulixon bilan ham muloqotda bo’ladi. So’ng Abdurahimxoja va Sayyid Mir Baraka qistovi bilan katta karvonga qo’shilib, aprel` oyida Balxga yetib boradi. Mutribiy Balxda chegaradan Hindiston davlatiga qarashli Kobulga o’tib keta olmay ikki oy Balxda ushlanib qoladi. Abdurahimxoja va Mir Baraka ham uning ketidan Balx shahriga yetib boradilar. Mutribiyning Kobulga o’tib ketishda chegara rasmiyatchiligiga duch kelganidan xabar topib, qattiq tashvishlangan Sayyid Mir Baraka bu masalani zudlik bilan hal qiladi va ota-o’g’ilni Kobulga o’tkazib yuboradi. Mutribiy Kobulda oz vaqt turgach, tez orada Nilob va Peshovar shaharlari orasidagi Navshahra qal’asiga yetib boradi. U yerda yuqorida nomini eslatganimiz – bir paytlar ashtarxoniylar davlati sadri bo’lgan, endilikda esa Hindistonda mansab egasi bo’lib turgan Xoja Zayniddin Muhammad bin Sayyid Hodixoja Naqshbandiy hokim bo’lib, shoir eski qadrdoni bilan uchrashadi va unikida mehmon bo’ladi. Tez orada Peshovarga, u yerda biroz turib, so’ng poytaxt Lohurga yetib boradi. Bir oydan ko’proq vaqt davomida shu shaharda tazkirasini tugatib va qayta ko’chirib, 1626 yil 9 dekabrida Xoja Faxriddin Husayn bin Xojajon Devon vositasida saroyda Jahongir podshoh muloqotiga yetishadi.

Mutribiy o’z xotiralarida Jahongir bilan o’ttiz martaga yaqin uchrashgani va bu muloqotlar mazmunini bir-bir bayon etadi. U shu orada saroyda malika Nurjahon begim va Hind davlatining boshqa ustunlari bilan ham uchrashadi. Ular shoirga qimmatbaho sovg’alar tortiq qiladilar.

“Jahongirnoma” ma’lumotiga qaraganda, 1626 yil 25 oktyabrida Lohurga Abdurahimxoja Jo’yboriy va Sayyid Mir Barakaning Kobulga krib kelgani va ularni Kobul hokimi Zafarxon munosib kutib olgani haqidagi xabar yetishadi. Ular poytaxt Lohurga esa 1627 yil 11 martida kirib boradilar. Abdurahimxojani Lohurga uch manzil yerda Jahongirning eng yaqin kishilari Musaviyxon, Bahodirxon O’zbek kutib oladilar. Lohurga yetgach, Irodatxon, Xoja Abulhasan Devon aziz mehmonga peshvoz chiqadilar hamda o’sha kuniyoq Abdurahimxoja va Jahongir podshoh uchrashuvi bo’lib o’tadi.

Mutribiy yozishicha, Jahongir podshoh Mutribiy bilan muloqotlarining birida Abdurahimxojaning sog’-omon Lohurga yetib kelganini xursandchilik bilan izhor etgan ekan.

“Jahongirnoma”da aytilishicha, Jahongir podshoh 1627 yil 20 martida katta tantana bilan Navro’z bayramini nishonlaydi. Mutribiy yozishicha, Jahongir uni o’zi bilan birga Kashmirga olib ketajagini, u yerga Abdurahimxojani ham olib ketayotganini aytadi. Mutribiy esa yurti sari qaytishga so’raydi. Shoirning ancha iltimos va uzr so’rashlaridan so’ng Jahongir o’ta og’rinib, Mutribiyga kelgusi yili yana qaytib kelish sharti bilan ijozat beradi.

Jahongir podshoh har yil yoz Kashmirda dam olib, kasal joniga oro kiritardi. Shu yili u Abdurahixojani ham Kashmirga olib ketadi. Ammo ahvoli og’irlashib, Lohurga qaytishga majbur bo’ladi va ammo Lohurga yetib kelmay turib, 1627 yil 8 noyabrida vafot etadi.

Abdurahimxoja ham shundan bir necha oy o’tib, Lohur shahrida vafot qiladi. U bilan birga Hindistonga borgan o’g’li Siddiqxoja keyinroq, ya’ni Shoh Jahon taxtga chiqqach, yangi hukmdor ko’magi bilan otasi na’shini Buxoroga olib keladi.

Mutribiy 1627 yil martida Lohurdan chiqib, o’sha yil iyunida Balxga va avgust oyida Buxoro, Samarqandga kelgan edi.

P.S. Mutribiy ustiga yuklangan topshiriqni qandaydir yo’llar bilan yuksak darajada ado etgan ko’rinadi. Chunki, Shoh Jahon taxtga chiqqan kunidan boshlab, Imomqulixon davlati bilan yaxshi diplomatik aloqalar o’rnatadi va doim kelishuvda yashab, umri davomida ashtarxoniylar mamlakati hududlariga biron marta ham daxl qilmaydi.

Izohlar

1. Ushbu sarlavha ostida e’lon qilingan (O’zAS, 2003, 4-aprel`) maqolamiz “Ulug’bek Mirzoga sirdosh ajdod”, “Ilm-fan, adabiyot va san’at chorrahasida”, “Jahongir podshoh bilan o’ttiz uchrashuv”, “Qo’lyozmalar yashirgan sir” kabi lavhalarni o’z ichiga olgan bo’lib, ulardagi Mutribiy hayoti va adabiy faoliyatiga doir ma’lumotlar hozirda o’zbek kitobxonlariga ushbu satrlar muallifining “Mutribiy tazkiralari muhim adabiy manba” (Mumtoz so`z, 2009) va Mutribiyning “Tazkirat ush-shuaro” (Mutribiy Samarqandiy. Tazkirat ush-shuaro. Fors tilidan tarjima, kirish va izohlar muallifi Ismoil Bekjonov. – Toshkent: Mumtoz so`z, 2013) asarlari orqali yaxshi tanishligi sababli ayrim lavhalarni tushirib qoldirib, asosiy mavzuimiz sanalgan Bobur va boburiylar tarixiga taalluqli “Jahongir podshoh bilan o’ttiz uchrashuv” bo’limini e’lon qilmoqdamiz.
2. Mutribiy “Nusxayi zeboyi Jahongir”da yozishicha, u o’sha yil fevral`-martida dastlab Samarqanddan Buxoroga Imomqulixon huzuriga kelgan va bir necha kun davlat amaldori Soqiy Mirzoboshi uyida turib, xon saroyidagi yig’inlarda qatnashgan.

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, 2003, 4 aprel`.

BOBURIYLAR VA GO’RI MIR MAQBARASI

032Hindistondagi Tojmahal maqbarasi ikki turkiy qalb muhabbati ramzi sifatida vujudga kelgan bo’lib, bunday abadiylikka burkangan sevgi egalari temuriy-boburiy Shohjahon hamda asli Turkistondan ketib, Eronning shimoliy-g’arbi va Bag’dodga yaqin yerlarda vatan tutgan turkiy qora quyunli urug’iga mansub va Akbar saroyida Osafxon Ikkinchi laqabini olgan vazir Xoja G’iyosiddin Ali Baxshining qizi Arjumand (Mumtoz mahal) begim edilar (1).

Shuningdek, boshqa bir tomondan, bu go’zal va mahobatli me’moriy obida qurilishida Samarqanddagi Go’ri Mir maqbarasi va boshqa shu kabi temuriylardan yodgor qolgan imoratlar ulgu-andoza xizmatini o’tagan. Bunday deyishimizga sabab, o’sha davrning bir nechta sharq va yevropa mualliflari ma’lumotlariga qaraganda, ko’plab me’moriy inshoatlar qurdirgan Akbar, Jahongir va Shohjahonni Amir Temur davrida Samarqandda qurilgan binolar, ayniqsa, Go’ri Mir maqbarasi juda qiziqtirib, Hindga kelgan samarqandlik mehmonlardan ana shular haqida qayta-qayta so’rashgan, Go’ri Mir ta’miri uchun mablag’lar yuborishgan (2). Aslida mazkur an’anani Bobur Mirzo boshlab bergan bo’lib, bular haqidagi ma’lumotlarning eng ishonchlisi bizgacha Mutribiy Samarqandiyning “Nusxayi zeboyi Jahongir” nomli tazkirasi orqali yetib kelgan. Mutribiy bu asarini Hindistonga safari oldidan 1624 yili yozishga kirishib, uni 1626 yil 9 dekabrida Lohurdagi podshohlik saroyida Jahongirga taqdim etgan. O’sha Lohurda turgan payti, aniqrog’i 1627 yil 25 fevralidan boshlab esa Jahongir podshoh bilan kechayotgan muloqotlarini ham qalamga olib, bu asarini mazkur tazkirasiga Xotima” sarlavhasi ostida ilova qilgan. Quyida fors tilida bitilgan ana shu ikki asardan mavzuimizga doir qimmatli ma’lumotlarni o’z tarjima va tahlilimizda e’tiboringizga havola etmoqchimiz.

Xotima: Ikkinchi muloqot…Xalifai ilohiy Jahongir podshoh xizmatiga muyassar bo’ldim. …Hazrat iltifot qilib, kaminadan ayrim narsalarni so’rashga tushdilar. Avval hazrat sohibqironiy [Amir Temur Ko’ragoniy] daxmasining bugungi ahvoli to’g’risida so’radilar. Bilasiz, u yerda bu oliy zotning ulug’ va mukarram ajdodi dafn qilingan va bu joy Samarqandda “Go’ri Mir” nomi bilan tanilgan. Men podshohga quyidagicha tushuntirish berib: — Ul daxma ahvolini xizmatingizga taqdim etgan “Nusxayi zeboyi Jahongir” nomli kitobimda mufassal yozganman…mazkur ma’lumotlar xalifai ilohiyning kimyoasar nazarlariga yetishgan bo’lsa kerak, degan umiddaman, — dedim. Shundan so’ng sohibqiron Amir Temur qabri ustidagi tosh to’g’risida surishtirdilar va shu asnoda ul hazrat buyrug’iga binoan oldimizga murabba’ (kvadrat) shaklidagi qora bir toshni ham keltirib qo’ydilar. Podshoh toshga ishora qilib: — Ul muborak toshning ko’rinishi mana shunga o’xshaydimi va hajmi ham teng keladimi? – deya so’radilar. Mash’al sho»lasida toshni ko’zdan kechirgach, ul qabrtoshga o’xshamas ekan, degan fikrga keldim va shu ikkilanish bilan: — Ul muborak tosh bundan ravshanroq va bunga ko’ra yaltiroq ko’rinishdadir. Yaltiroqligi odam aksi ko’rinadigan darajada. Qolaversa, menimcha, qabrdagi tosh murabba’ shaklida ham emas… – dedim.”

Mutribiy “Nusxayi zeboyi Jahongir”ning Samarqand xonlaridan Sulton Sa’id bin Ko’chkunchi ibn Abulxayrxonga bag’ishlangan qismida boburiylar bilan shayboniy xonlari o’rtasidagi qarindoshlik munosabatlariga doir qiziq bir ma’lumotni havola etadi. Avvalo, tarixdan ma’lumki, Ulug’bek Mirzoning Robiya sulton begim nomli qizi Dashti Qipchoq xoni Abulxayrxonning xotini bo’lib, bu nikohdan dunyoga kelgan Sevinchxojaxon, Ko’chkunchixon va ularning asosan Turkiston, Toshkent, Samarqandda hukmronlik qilgan avlodlari Ulug’bek Mirzoning qizidan dunyoga kelgan nevara-chevaralari bo’ladi. Mutribiy yozishicha, tomirlarida temuriylar qoni bor bu shayboniyzodalar shuning uchun ham bobomeros Samarqandni boshqa qarindoshlariga bermaslikka ahd qilishgan va ikki o’rtada siyosiy ixtilof, nizolar ro’y berib turgan. “Sulton Sa’idxon ibn Ko’chkunchixon ibn Abulxayrxon zikri: Bu sultonlar Dashti qipchoqlik O’zbakiya tabaqasiga mansub bo’lganliklari bilan birga Abulxayrxonning shahid sulton Ulug’bek Ko’ragonga kuyovlik nisbati sababli bu oliy silsila, ya’ni temuriylar xonadoniga ham qarindoshliklari bor edi. Shu jihatdan Sulton Sa’idxon (v.1572 y.) o’zini podshoh g’oziy Akbarga yaqin olardi va ular orasida mehru oqibat va do’stlik tariqi yo’lga qo’yilgan edi. Podshoh g’oziy (Akbar) har yili temuriylardan qolgan me’moriy obidalarni ta’mirlatish uchun oltin-kumush va fil yuborar edilar. Jumladan, 979 (1571) yili Mahmudiy zotli bir fil yubordilar va u fil bir kechasi to’rt nafar filbonni o’ldirib va shahar darvozasini sindirib, Hindiston yo’li tomon ketdi. Ammo, bu fil o’z vatani Hindistonga qaytib bora oldimi yo yo’qmi, shunisini bilmadim…”

Mutribiy “Nusxayi zeboyi Jahongir”ning Akbar podshohga bag’ishlangan qismida bu podshoh saxovati xususida so’z yuritar ekan, boburiylarning Samarqandga qiziqishi to’g’risidagi ushbu ma’lumotlarni ham qayd etib o’tadi:

Akbar podshohning saxovati bilan bog’liq ikkinchi voqea: Javonmardalixon davlati ayyomida (1572 – 1578 yillar. – I.B.) Samarqanddagi Feruza darvozasi yaqinida tosh hovuz qurdirgan Hoji Do’st Muhammad Ravg’angar ham ushbularni so’zlab bergan edi. U qurdirgan hovuzni eslaganim sababi shundaki, mazkur hovuzni qaziyotgan paytlarida yer ostidan bir xum to’la qadimiy tillo pullar chiqqan edi. Qisqasi, mazkur Hoji Do’st Muhammad hikoyasi tubandagichadir: 977 hijriy (1570 – I.B.) yili Agra viloyatida podshoh g’oziy mulozamatiga yetishdim. Mendan Samarqanddagi Chihilsutun, Bog’i maydon,

Rasadxona va Taxtgoh, (o’tov shaklidagi) Xonai xirgahiy hamda gul bilan payvand qilingan sanuvbar daraxtlari kabilar haqida so’radilar. Bilganimcha so’zlab berdim…”

“…982 hijriy (1575 — I.B.) yili, ya’ni Javonmardalixon saltanati davrida podshoh g’oziy o’zlarining buyuk jaddi bo’lmish sohibqiron (Amir Temur) daxmasini ta’mirlatish uchun Samarqandga filga ortib tillo-kumush pul yuborganlar. Sohibqiron daxmasi shunday bir joyki, uning ulug’vorligini ko’rgan Anushirvon daxmasining hayrat barmog’ini tishlamasdan o’zga chorasi yo’q. Va ul daxma “Go’ri Mir” nomi bilan mashhur bo’lib, shaharning janubiy tomonidagi “Samarqand chaqari” deb nom chiqargan yerda joylashgan. Bu mashhur daxmaning to’la tavsifi shunday: daxmaga shaharning shimoliy qutbi tomonidan kiriladi. Dastlab, darvoza va bir gunbaz, kirilgach esa mevali va mevasiz daraxtlarga to’la keng sahnli bir hovli-maydon ko’rinadi. Uning chap tomonida zilol suvga limmo-lim kavsar misol hovuz bo’lib, uni jannatmakon podshoh Bobur podshohning baxtnishonli zamonasidan nishona sifatida ko’rsatadilar. Samarqand aholisining ayolidan-erkagigacha, yoshidan-qarisigacha hayit va Navro’z bayramlari ayyomida har haftaning to’rt kunisi shu maydonda to’planarkanlar. Samarqandning barcha kazo-kazolari ham bu yerga bayram tantanasi uchun yig’ilar ekan. Va bu odat Abdullaxon Ikkinchining ota bir, ona boshqa ukasi Ibodulla sulton bin Iskandar sultonning Samarqanddagi saltanati davri (1578 yil 25 oktyabridan 1586 yil 15 avgusti oralig’i)da ham rasm bo’lib turdi. Hojibiy Otoliqning Samarqanddagi hokimligi zamoni (1586 yil avgusti – 1598 yil apreli)da esa uning hukmiga binoan bu yerda bayram tantanasi uchun yig’ilish ta’qiqlab qo’yildi. Sababi shunda ediki, bu yerga kelgan olomon odob degan narsani unutib, bo’shanish uchun ushbu nurga to’la daxma tepasiga chiqishni odat qilib olganlar. Bu yomon qiliq mazkur amirni g’azablantirib, shunday hukm chiqarishiga sabab bo’ldi: “Ushbu kundan e’tiboran odamlar bu daxma ustida to’planmasinlar, bayram yig’inlarini boshqa joyda o’tkazsinlar!”

Shu zayl bu odat bizning bugungi kunlarimizgacha (ya’ni, 1624 yillar – I.B.) tark etilgan bo’lib, mazkur farmonga rioya qilinib kelinardi. Ammo, shu yaqin kunlarda, Turonzamin Dorosi Imomquli Bahodirxon hukmiga binoan hozir Samarqandda hokimlik qilayotgan amiri kabir Nadr devonbegi “har haftaning seshanba kunisi eski podshohlar qoidasiga ko’ra bu tabarruk manzilda xaloyiq yig’in o’tkazaversin, faqat sharti shuki, hech kim mutabarrik daxma ustiga chiqib yozilmasin, kimda-kim bu buyruqqa xilof ish qilsa, uni o’sha yerdan pastga uloqtirib yuboramiz” degan buyruq chiqardi.

Yana daxma tavsifiga qaytaylik. Haligi maydon sahniga kirilgach, uning old qismidagi koshinli va naqshlar bilan bezatilgan oliy bir toqqa ko’zingiz tushadi. Toq (gunbazli darvoza)ning katibasi sifatida ushbu baytni yozib qo’yibdilar. Nazm: Ey savodi dargahat bar ruyi davlat xoli din, “haza janoti a’dan, fadaxluvho xolidiyn”. (Mazmuni: Ey dargahing qarosi (o’rni) davlat yuzidagi ko’rkam xol, “Bu a’dan jannatidir, kirgan topadi qo’sha jannat”.) Va baytning tagida, aniqrog’i, darvozaning kesakisi teparog’iga oq koshin bilan nasx xatida ushbular yozilgan: Amal ul-a’bdul-za’if Muhammad bin Mahmud ul-banno’ ul-Isfahoniy; Xatning ostida esa ikki tavaqali darvoza bor. Uning yuz sathi sayqallangan po’lat tanga va o’ymakor naqshlar bilan qoplangan. O’ng tavaqasi tepasi yuziga “Al-mutavakkil a’lo almulk uddayyon” (Jazo beruvchi Podshoh (ya’ni, Alloh)ga tavakkal qiluvchi) deb yozilgan. Shuningdek, chap tavaqasiga “Amir Temur Ko’ragon” deb yozib qo’yibdilar. Va darvozaning ikki burchagiga yaltiratib sayqal va jilo berilgan oq toshdan ikki baland sufa o’rnatganlar. Va shu darvozaga ulab, oliy bir masjid qurganlar. Xalq bu masjidda kecha-yu, kunduz besh vaqt namozni ado etmoq uchun yig’iladilar. Boqiyxon saltanati zamonida (1601 yil iyunidan 1605 yil apreligacha davr – I.B.) qutbul-abror hazrat Xoja Ahror avlodidan bo’lmish Xoja G’aniy Toshkandiy shu masjidga ulab, uning qibla tomonida keng enli ayvon qurdirganlar. Har jum’a kuni odamlar unda jum’a namozini o’qiganlar va hozirgacha bu imorat obod holatda bo’lib, kishilar bu masjidda jum’a namozlarini ado etib turibdilar.

Xullas, mazkur darvozadan kirilgach, tag’in bir hovli sahnli maydon keladi va u teng to’rt burchak shaklida bo’lib, devorlari bag’oyat baland, taxminan, qirq gaz va devorning eni ham shunga yarasha. Va uch yerida uchta minora qurilgan. Bittasi guldastasiz va uning bo’yniga koshin bilan “Al-a’bdu yo’dabbir va olloh yo’qaddir” (hadis: bandasi o’zicha reja tuzadi, unga yetkazadigan yo yetkazmaydigan esa Allohdir. – I.B.) deb yozilgan. Qolgan ikki minora esa guldastalik va guldastalar atrofiga oq koshin bilan “Alloh va losivoh va loyo»badu illo iyyoh” (Faqat Allohdir, undan boshqa emas, undan boshqa hech kimsaga ham ibodat qilinmas) deb yozilgan. Minoralarning zinasiga oq, zangori va yashil rangdagi koshinli xat bilan naqshlar orasiga olib, ushbu so’zlarni yozib qo’yibdilar: “Yo hayyi, yo qayum, yo karim, yo rahim”. Va hovli maydonining chap tomonida bitta eshik va bir dahliz ko’rinadi. Ular orqali ichkari kirilsa, Sulton Ulug’bek Ko’ragon bino qildirgan madrasaga duch kelinadi. Madrasa to’rt toqni o’z ichiga olgan ikki oshiyonalik bo’lib, toqlarning hammasi koshinli va naqshlar bilan bezatilgan, toqlardagi yozuvlar orqali “Inno fatahno”, “A’mma” va “Taborak” suralarini bitganlar. Shu ikki qavatda oltmishga yaqin hujra joylashgan. Va maydon sahnining har ikki tarafiga ikki oliy gunbaz qurganlar, bu gunbazlar ostida chig’atoy podshohzodalarining go’rxonalari bor. Maydonning o’ng tomonida darvoza o’rnatilgan. Daxmaga qarashli oshxona joylashgan bir gumbaz ichida esa hujralar va bu oshxonada katta bir qozon bo’lgan. Har kun unda faqirlar hamda mazkur daxmaning mujovir (xizmatchi)lari va shu yerdagi madrasa talabalari uchun ovqat tayyorlaganlar. Bu sahnning old qismida, mazkur podshohlar go’rxonasi tepasida bir toq joylashgan bo’lib, u masjidning toqidir va odamlar ushbu joyda namoz o’qiydilar.

Shundan so’ng toqqa ulab qurilgan bir eshik hamda keng va uzun ketgan bir dahliz keladi. Bu dahliz to’rt gunbazni o’z ichiga oladi va unga kirilsa, dahlizning old qismidagi o’ng qo’lda shamshod yog’ochidan yasalgan va boshdan-oyoq fil suyagi, oj va eman daraxti qirqmalari bilan xotamkori qilingan, tilla suvi yugurtirilgan hamda har xil rangli bezaklar vositasida jilo berilgan ikki tavaqali bir eshikka duch kelinadi. Bu eshikni ko’rgan ko’z nuri undan tag’in-da ravshan tortadi va eshikning o’ng tavaqasiga “Yo mufattihal-abvob” va chap tavaqasi yuziga “Yo musabbibul-asbob” deb yozilgan. Eshik tashqarisiga marmar toshdan ikkita zina qo’yilgan. Ana endi o’sha eshikdan daxma ichiga kiriladi va nurga to’la bu pok daxma ichiga kirilgach, o’rtada bezatilgan oq toshdan ishlangan panjara o’rnatilganini ko’rasiz. Oliy martabali podshohlarning nurga to’la qabrlari shu panjara ichida namoyon bo’ladi. Va bu nurga to’la daxmaning atrofiga oliy bir chortoq qurganlar. Uning birinchi toqida hazrat amir ul-mo»minin Usmonga – Alloh ul zotdan rozi bo’lsin – tegishli bo’lgan Kalomi sharif nusxasi bir kitob tokchasi ustiga qo’yilgan.

Mus’hafning mazkur nusxasi kufiy yozuvi bilan bitilgan va uzun kema shaklini eslatadi. Hazrati amir ul-mo»minin Usmon raziillohi anhuning “Fasayakfiykahumulloh” oyati ustiga sachragan muborak qonlari izi haligacha saqlanib turibdi. Va amir Sayyid Baraka qabri ro’parasida seporalar saqlanuvchi to’rtta sandiq qo’yilgan, panjaraning ichi ham hazrat sohibqironning nevarasi mag’firatli podshohzoda Mirzo Muhammad Sulton o’z qo’llari bilan tillo suvi yugurtirib suls xatida yozgan va muborak qo’llari bilan o’zi tahriru-tazhib, xamsu-ashara va lavhu-jadval hamda jildlash kabi ishlarini ham bajarib tayyorlagan va mazkur tabarruk daxmaga vaqf sifatida topshirgan tillarang qog’ozli seporalarga liq to’ladir. Va bu pok ravza devorlari bezaklarining hammasi oltin suvi berilgan tosh parchalaridan ishlangan. Kafiga oq tosh yotqizilgan, daxma gumbazi ostidagi shift esa oltin suvi va lojuvard bilan naqshlangan…Eshikdan kiraverishdagi chap ruknda daxma sag’anasining yerto’laga olib tushuvchi eshigi bor. Ammo, yerto’laning ichi qanaqaligini hech kim bilmaydi. Va daxmaning ustiga o’yma qilib ishlangan oliy gumbaz bino qilingan. Usti tamomila rangli koshin bilan qoplangan. Nihoyatda baland va osmono’par gumbazdir. Unga o’xshagan go’zal va chiroyli gumbazning boshqa joyda borligini hali eshitmadik. Gumbazning yoniga oq koshinda kufa xati bilan bir necha bor “Al-baqoulloh, Al-baqoulloh” deb yozib qo’yibdilar. Shu xatning yuqorisiga esa xafiy qalamida yashil rang bilan “Al-qudratulloh ul-a’zimatulloh” so’zlarini bitganlar. Gumbazning eng tepasiga ko’zni qamashtiruvchi sof oltindan yasalgan kattakon bir qubba o’rnatilgan bo’lib, ancha uzoq yerdan yaltirab ko’rinib turadi.

Sulton Sa’idxonning Mir To’lak ismli to’pchiboshisi 975 (1567 – I.B.) yili mastlik holatida ul mutabarrik qubbaga to’fangdan o’q otib, bir yuz ellik misqolcha yerini sindirdi va Amir Sayyid Baraka alayhirrama hamda Alloh rahmatiga yetishgan ul podshohlarning ruhoniyatidan azim bir baloga yo’liqdi. Uning halokati voqeasi esa shunday ro’y bergan edi: Qadimdan temuriy podshohlarning Navro’z kunisi Mirzo Ulug’bek rasadxonasi yaqinidagi tepalikda bir sigirni nishonga qo’yib, o’q otish rasmlari bor edi. Sulton Sa’idxon ham bir Navro’z kunisi temuriy podshohlarga qarindoshlik nisbati borligining isboti sifatida ular qoidasicha sigirni nishonga qo’yib, to’pdan o’q ottirmoqchi bo’ldi. Shunda to’pchiboshi Mir To’lak xon buyrug’iga binoan o’q otishga tushdi, ammo, u o’n uchta o’q otib ham nishonga tekiza olmadi. Xon oldida uyatda qolgan to’pchiboshi yana bir o’q otishga ruxsat olib, avval dorini va so’ng toshni to’p ichiga solib, uni xoda bilan joylashtirmoqchi bo’ldi. Shunda, bilmadim, to’pning otashxonasida o’t qolgan ekanmi yo unga g’aybdan o’t tushdimi, tuyqusdan o’q otilib, kuchli zarb bilan Mir To’lakni havoga ko’tarib ketdi. To’pchiboshining tilka-pora bo’lgan gavdasi har yerga borib tushdi. Bu voqeadan Navro’zgohda g’ala-g’ovur boshlanib, go’yo qiyomat qoyim bo’ldi. Xaloyiq bu hodisani Mir To’lakning ilgari ul muqaddas qubbaga o’q otib, daxma ichida mangu uyquga ketganlarni hurmatsizlik bilan bezovta qilganiga yo’ydilar. Men ham o’sha kuni voqea sodir bo’lgan joyda bor edim va bu hodisani o’z ko’zlarim bilan ko’rdim…

Yana Akbar podshoh Go’ri Mirni ta’mirlatish uchun Javonmardalixon huzuriga yuborgan oltinlarga qaytsak, xon mazkur oltinlarni daxma yonidagi madrasa binosi, maydon sahni, minoralar va Bobur Mirzo qazdirgan hovuz ta’miri uchun sarfladi. Shaharga qaysi fozil kishi kelsa, ularni o’z iqtidori va yoshiga qarab tabarruk bu manzilda yo o’qituvchilik, yo hofizlik yoki xodimlik vazifasiga tayinladi va madrasaga talaba sifatida qabul qildi. Har kuni bomdod namozidan so’ng va “Yosin” surasi qiroatidan keyin bu fayzli manzil mujovirlari uchun halim-harisa torttirardi. Kechalari esa mutabarrik daxma ichida mum shamlar va qandillarni yoqtirib qo’ygandi. Va bu ishlar ancha vaqtgacha uzluksiz ravishda amalga oshib keldi. Javonmardalixon Abdullaxon Ikkinchi tomonidan (1578 y.) qatl etilgach, Ibodulla sulton saltanati davrida bu ishlar to’xtab qoldi. Tag’in sultonlarning beparvo va e’tiborsizligi orqasida “Ustini osti qildik” (Qur’oni karim, 15 sura, 74 oyatdan – I.B.) sifatini qabul qildi. Ibodulla sulton o’z amirlaridan biri tomonidan bir tasodif sababli o’ldirilgach, akasi Abdullaxon Ikkinchi ul mutabarrik manzil vaqflarini o’z hisobiga o’tkazdi va uning orqasidan ko’p oltin-kumush mablag’ni qo’lga kiritdi. Biroq, yaxshi tomoni shunda bo’ldiki, bu xon insof bilan ish tutib, ul mablag’dan yetarlichasini daxmaning ta’mir va qurilish ishlariga sarfladi va oldingisidan ham yaxshiroq qilishga tirishdi. Ul maqomni toza va ozoda tutish yo’lida sa’y-harakatini hech ayamadi, balki, bu ishda bir daqiqa ham g’aflat ixtiyor etmadi. Abdullaxon hayot yillarida ul muqaddas manzil g’oyatda obod va ko’rkam edi. Mazkur xon vafotidan so’ng bu obodonchilikka tag’in putur yeta boshladi. Ammo, ushbu baxtli kunlar (1624 yil – I.B.)da Amir Sayyid kulol avlodidan bo’lgan oliy nasabli sayyid janobi Mir Baraka Buxoriy Jahongir podshohning Imomqulixon huzuriga yuborgan elchisi sifatida Hindistondan o’lkamizga tashrif buyurdilar va o’zlari bilan ko’p tillo keltirdilar va sharif kishilar iftixori Tojiddin Hasanxoja va Sirojiddin Abdurahimxoja Jo’yboriy Buxoriyning sa’y-harakatlari yordamida ul muqaddas daxmaning ayrim joylarini ta’mir va tiklash ishlariga kirishganlar. Shuningdek, ul daxmadagi o’qituvchi, talaba va hofizlarga tillo pullar in’om qildilar. Lekin, ochig’ini aytish kerak, shularga qaramasdan daxmaga tegishli ayrim joylar haligacha putur yetganicha turibdi. Shunday umid qilamizkim, podshohi benazir, qiblai olamgir Jahongir podshoh – mulki abadiy tursin – iltifotlari partavi sababli mazkur muborak daxma tag’in ta’mir sharafini topsa, albatta asl holatiga qaytajak. Omin!”

Mutribiyning bu ma’lumotlaridan anglashinadiki, Go’ri Mir maqbarasi 1625 yillari shahardagi katta, yaxlit bir me’moriy obidalar majmuasidan tashkil topib, uning kirish darvozasi hozirgi Siyob bozori tomondan boshlangan. Maqbaraga yetguncha yana qancha go’zal imoratlar, bog’lar, ko’rkam sayilgohlar mavjud bo’lib, bu holat shaharga fayz, kishilar diliga quvonch bag’ishlab turgan.

“Xotima: Keyingi muloqot… Yana bir bazm oqshomisi shoh Jahongir ostonasini o’pishga muyassar bo’ldim. So’z Samarqandning latofati xususida bordi. Suhbat orasida podshoh “bu shaharning asl nomi Samarqandmi yo Samarkandmi?” deb so’radilar. “Har ikkalasi ham to’g’ri”-deya javob berdim…Shundan so’ng suhbat mavzusi o’zgarib, podshoh: — Muazzam va mukarram bobomiz daxmasi Go’ri Mirni ta’mirlash uchun shu kunlarda qancha mablag’ lozim bo’ladi? – deya lutf etdilar.

— O’n ming rupiya ajratsangiz nur ustiga nur bo’lardi, ammo, besh ming rupiya bilan ham yaxshigina ta’mir qilsa bo’ladi, — deya javob berdim.

— Agar o’n ming rupiya bilan to’la ta’mirdan chiqadigan bo’lsa, unda aytganingiz bo’yicha, o’n ming rupiya tayin qilamiz. Ul tabarruk daxmani ko’ngildagidek ta’mir qilsinlar, — dedilar podshoh.”

Xullas, yuqoridigilar orqali ko’rganimizdek, Bobur va boburiylar uzoq o’lkalarda bo’lishlariga qaramay, ulug’ bobosi Amir Temurning mangu oromgohi Go’ri Mir maqbarasi obodonligiga nisbatan juda e’tiborli bo’lishgan.

R. S. “Matlab ut-tolibin” (1647) muallifi Muhammad Tolib yozishicha, Shoh Jahon ham Imomqulixon huzuriga yuborgan elchilari orqali Go’ri Mir xarajatlari uchun pul mablag’lari yuborib turgan;
Maliho Bade Samarqandiyning 1693 yil yozilgan “Muzakkir il-as’hob” tazkirasida hijriy 1099 yil(1687 yil 7 noyabr` – 1688 yil 25 oktyabr` oralig’i)da Avrangzeb podshohning elchisi Zabardastxon ham Go’ri Mir ta’miri va mazkur tabarruk daxma xizmatchilari uchun ko’p miqdorda pul olib kelgani aytiladi.

Izohlar

1. Eron Ozarbayjonidan chiqqan Mirzo Badiuzzamon – Osafxon Birinchi bir necha yillar Shoh Tahmosb Safaviyning vaziri va Koshon hokimi mansabida turgan. Uning ukasi Xoja G’iyosiddin Ali – Osafxon Ikkinchi Erondan Hindistonga kelib, Akbar podshohning “baxshigar (devonbegi)lik vazifasini bajargan, ya’ni vazir bo’lgan.
2. Hozirgi zamon dunyo olimlari aytishiga qaraganda, Tojmahal maqbarasining gumbaz qismi va yon-atrofdagi mnoralari qurilishiga aynan Go’ri Mir maqbarasi ulgu-andoza bo’lib xizmat qilgan.

067

(Tashriflar: umumiy 1 310, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ustoz menga Imomqulixon xaqida ko’proq ma’lumotlar kerak qaysi kitoblardan foydalansam bo’ladi. Javobingiz uchun oldindan katta raxmat.

  2. Imomqulixon davriga oid Silsilat ul-Salotin (Sharqshunoslik institutidagi qo’lyozma) va yana bir qancha asarlar bor. Keyinchalik to’laroq aytaman.

Izoh qoldiring