Izzat Sulton. Muqaddima. Tugallanmagan romandan ikki bob

02129 ноябрь — адабиётшунос олим, драматург Иззат Султон таваллуд топган кунга 105 йил тўлди

    Таниқли адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султоннинг тугалланмаган «Муқаддима» романини ҳам мароқ, ҳам афсус билан ўқидим. Ажойиб манзара ва воқеаларнинг моҳирона тасвири нечоғли мароқ бағишлаган бўлса, романнинг тугалланмай қолганидан бениҳоя афсус чекдим. Олимнинг «Навоийнинг қалб дафтари» ҳар доим кутубхонамнинг назарим тушадиган жойида туради. Бу китобни қайта-қайта варақлайман. Назаримда «Муқаддима» романи ҳатто якунсиз ҳолида ҳам ҳар доим китобхон назарида туришга арзийдиган асардир. Айниқса,  бугун китобхонга «тарихий адабиёт» деб тақдим этилаётган эпопеялар билан қиёслар  эканман, тугалланмаган ҳолидаям «Муқаддима»нинг содда кўринган бадиий ифода тарзида теран бир денгиз мавжини кўраман. Жўнлик билан соддалик ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Содда ифода  ёзувчининг юксак маҳоратининг маҳсули. Бугун сизга тугалланмаган романнинг дастлабки икки бобини тақдим этаман.

P.S. Менда дастлабки бобда ва ундан кейин ҳам пайдо бўлган Бобо Ҳокий тимсолида ёзувчи кимни назарда тутган экан деган савол пайдо бўлди. Дастлаб асарни нашрга тайёрлаган муҳаррир Х билан Ҳ фарқига бормаган, хатолик туфайли Ҳокий бўлиб қолган бу авлиё  Ҳазрат Навоий «Насойимул муҳаббатда» қайд этиб ўтган Бобо Хокий бўлса керак деб ўйладим. Мана ўша парча: » Бобо Хокий турк элидиндур. Сипоҳи эрмиш. Тимурбек била Рум ва Шом черикига борғондур. Ондин қайтиб келганда, сипоҳилиғ машаққатидин, чун ториққон эркандур, тарк қилиб, фақр ихтиёр қилибдур. Доғи Гиту тоғининг шимол ҳаддида сокин бўлибдурки, ҳоло Бобонинг такяси ва мазори ва дарвешлари андадур. Ва бағоят тариқи риёзатлиғ киши эрди. Замон подшоҳи рўзгор ҳаводисидин шикасте воқеъ бўлуб, бузулуб Форёб ва Маймана ҳаддиға борғондаким, мулкини душман олиб эрди. Андин яниб, яна тахт талашиб, душман устига келганда, Бобо такясиға тушдилар. Бобо ҳимматлар тутуб, насойиҳ айтиб, юз ўн ёшиға яқин эрканда отланиб, подшоҳ била Гиту тоғиға чиқиб, шаҳр сорики душман макони эрди боқиб, сурон солиб, мулкни ҳавола қилди. Ул ишорат била подшоҳ юруб, ҳамул кеча мулкни олиб ёғини дафъ қилди. Бу учурда бу фақир Бобони ғариб туше кўрдумки, онинг валоятиға далолат қилур. Юз йигирма ёшиға яқин етганда дунёдин ўтти ва қабри мазкур бўлғон ердадур.»
Иззат Султон асарида ўша Бобо Хокийни  назарда тутган бўлиши мумкин. Чунки дастлабки бобда бу инсон фолочар авлиё сифатида тасвирланади. Луғат(Ғиёс-ул-луғот)га кўра, Ҳокий атамаси  «Баён этувчи,ҳикоя қилувчи ва айтгувчи» маъносида келади.
Ниҳоят, ўзимча,  «Насойимул муҳаббатда»ги Бобо Хокий атамасидаям Х билан Ҳ  да адашув бўлмаганмикан деб ўйладим. Бир томондан «хок» форсчада «тупроқ» маъносида келади ва  Бобо тасаввуфдаги «тупроқ билан баробар бўлиш»мақомини назарда тутиб  ўзини Хокий деб атаган бўлиши ҳам мумкин.  Мен Ҳокий тарафдориман. Сиз нима деб ўйлайсиз?

Хуршид Даврон

ТУГАЛЛАНМАГАН РОМАН ҲАҚИДА
Наим Каримов
филология фанлари доктори, профессор
02

   Атоқли адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султоннинг адабий меросини “Адабиёт назарияси”, “Навоийнинг қалб дафтари” сингари илмий- назарий, “Алишер Навоий” (Уйғун билан ҳамкорликда ёзилган), “Имон”, “Номаълум киши”, “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари”, “Кумуш шаҳар маликаси”, “Донишманднинг ёшлиги , “Қақнус» сингари бадиий асарлари безаб туради. Устози Ойбекдек умрнинг ҳар бир лаҳзасини мазмунли утказишга одатланган аллома бутун ҳаёти давомида тинимсиз қалам тебратиб, бадиий ижод ва адабиётшунослик илмининг турли жанрларида кўплаб асарлар яратди. Афсуски, бу асарларнинг муайян қисми, турли сабабларга кўра, олим ҳаёт чогида эълон қилинмай ёки тугалланмай қолган. Шундай асарлардан бири “Жаҳон адабиёти” журналининг ушбу сонида илк бор муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган “Муқаддима”романидир.

Бу роман тўғрисида тасаввур беришдан аввал камина бир-икки сўзни айтишни истар эдим. Аввало шуни қайд этиб ўтиш жоизки, табиат Иззат Султонни ҳам ўткир интеллектуал-аналитик, ҳам бадиий тафаккур соҳиби этиб яратган. Шу сабабли у адабиётшунослик илми билангина шуғулланиб қолмай, бадиий ижод майдонларида ҳам жавлон уришга интилган. Иззат Султон қалбидаги ҳайрат, ҳис-ҳаяжон ва бедор туиғуларнинг доим камалак ранглари билан товланиб, тўлқинланиб туриши ўша фазилатнинг — ижодга бўлган иштиёқнинг ҳатто кексалик фаслида ҳам хира тортмаслигига сабаб бўлган. Аксинча, ёши улғайгани, ақл-заковати ва билими тобора бойигани сайин унда бадиий ижод марраларини забт этиш истаги кучайиб борган. Иззат Султоннинг умр шомида кетма-кет бир неча пьеса ва романларни шошиб қоралагани, бирини тугатмай туриб, иккинчисини, иккинчисини тугатмай туриб, учинчисини бошлаганининг сабабларидан бири ҳам худди шунда.

Иззат Султон шу даврда олис асрларда ўтган сарбадорлар, XV аср Шарқ тамаддунининг “гултожи» Навоий, куни кеча” яшаган Фурқат, 90-йилларда эса ҳали қиёфаси аниқлик касб этмаган замонамиз қаҳрамонлари ҳақида романлар ёзишга чоғланади. Ҳамиша орзулар ва ижодий режалар оламида яшаган олим 1981 йилнинг сентябрида ғоятда улкан, “бальзакона” бадиий ниятни рўёбга чиқариш учун шўро ёзувчиларининг Кўктебелдаги ижод боғига боради. У кўзлаган режага кўра, 1981 — 1991 йилларда уч туркумдан иборат бир неча романларни ёзиши лозим эди. Унинг “Улкан режа деб номланган қайдларидан маълум бўлишича: “Умидлар асри” деб аталган, 1336 — 1506 йилларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда бўлиб утган воқеаларга бағишланган 1-туркум “Сарбадорлар”, “Шоир қалби”, Муқаддима”, “Чўққилар ёғдуси”, “Бургут ошиёни” деган бешта романни; “Сўнгги юз йил”деб номланган ва 1850-1920 йиллардаги воқеалар нақл қилинажак 2-туркум “Учрашув” (Россия билан қўшилиш арафаси), “Асрнинг охири”, “Қиш уйқуси , “Арафа” ва “Олтин бешик” номли бешта романни; “Оила” деб номланган ва бир неча қисмдан иборат 3-туркум эса битта катта китобни ўз қамровига олиши мўлжалланган эди.

Шу режадан аён бўлишича, 11 китобнинг умумий ҳажми тахминан 250 босма табоқ бўлиб, 10 йилда, яъни 500 ҳафтада ёзиб тугалланиши лозим эди. Иззат Султон гарчанд ўз олдига шундай “алпона” улкан мақсадни қўйган бўлса-да, унинг рўёбга чиқишига кўзи етмаган шекилли, машинкаланган режанинг сўнгига ўз қўли билан бундай сўзларни битиб қўйган: “Яна 500 кун яшашим мумкинми — номаълум. Аммо 500 ҳафтага режа туздим. И. С. ”

Азамат ижодий ишга чоғланган олим 1981 йил 7 сентяорда 1-туркумда- ги “Муқаддима” романини ёзишга киришади. Олим архивида сақланаётган қайдларнинг бирида ушбу асарни ёзишдан мақсади ҳақида бундай сўзлар битилган:
“Бу китобни ёзишимиздан мақсад тарихимизда ўзининг нуронийлиги билан бизни мафтун этган тўрт шахс ҳақида, уларнинг замони ва замондошлари тўғрисида билганларимиздан, “топган-тутган”ларимиздан лавҳалар яратиб, ўз ватани ва миллатининг порлоқ ўтмиши билан фахрланишга қодир ва умуман, ёрқин шахсларга ихлос қўйган ўқувчиларга ҳадя этишдир. Бу катта журъат, аммо биз ўз журъатимиздан хижолат тортмаймиз, чунки доно халқимиз айтганидек, “Топган гул келтирар, топмаган бир боғ пиёз”.

Тарихимизда олтин давр деб аталиши мумкин бўлган XV асрнинг зийнати бўлмиш бу тўрт сиймонинг биринчиси подшоҳ Ҳусайн Бойқаро, иккинчиси шоир ва мутафаккир Алишер Навоий, учинчиси олим ва паҳлавон Муҳаммад ва тўртинчиси…

Биз ўрта асрлар ҳақида ҳикоя қилмоқчи эканмиз, бас, шу даврнинг баъзи одатларини эътиборга олганимиз маъқул. Ўрта асрларда аёл кишининг номини тилга олмасдан ўтиш одат эди. (Шу одат оқибатида биз кўпгина буюк аждодларимизнинг, шу жумладан, Алишер Навоийнинг ҳам онаси исмини билмаймиз.) Бу одатни бировлар аёлни менсимаслик аломати, деб талқин этсалар, бошқалар, аксинча, аёлга катта ҳурмат нишонаси, деб биладилар; бизнингча эса, Пайғамбарнинг Она ҳақидаги машҳур ҳадисини (“Агар жаннат ахтарсанг, онангнинг оёғи остига йиқил” каломини) эътиборга олсак, сўнгги фикр ҳақиқатга яқинроқ бўлиб чиқади. Биз ҳам шу фикрга амал қилиб, тўртинчи қаҳрамонимизнинг номини тилга олишга шошмаймиз, чунки, у-аёл киши. Аёл қаҳрамонимизни ҳозирча атамаганимизнинг бошқа сабаби ҳам бор: бизнинг юқорида номлари тилга олинган қаҳрамонларимиз ҳам ўзларининг ҳамкори бўлмиш бу ажойиб аёлнинг асл исмини у билан учрашгандан кейин ҳам узоқ муддатгача билмаганлар.

Иззат Султоннинг “Муқаддима” романига оид материалларни ўрганиш исми яширилган тўртинчи аёлни Гавҳаршодбегим деб тахмин этишга асос беради. Шундай қилиб, Иззат Султон “Муқаддима”да Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Паҳлавон Муҳаммад ва Гавҳаршодбегим образларини яратишни уз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бизнингча, 1981 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида “Муқаддима”нинг “Зумрад ирмоқ” номли биринчи қисмидан ташқари, “Ҳомиладор тун”деб номланган иккинчи қисмининг “Қопқон” бобигина ёзилган, холос. Олим Кўктебел билан хайрлашиб, Тошкентга қайтганидан кейин роман устида ишлаш имконига эга бўлмаган. Орадан саккиз йил ўтгандан кейингина, 1989 йилнинг декабрида яна романга қайтиб, унинг номини “Султон Ҳусайннинг бахти” деб ўзгартирган. Иззат Султоннинг шу йил 17 ва 22 декабрда тузган режаларига қараганда, “Зумрад ирмоқ”- романнинг биринчи қисми бўлиб қолган, уч бўлимдан иборат иккинчи қисм эса “Ҳомиладор тун” деб аталган.

Иззат Султон ёзмоқчи бўлган асар моҳиятини тушуниш учун яна унинг 1989 йилга оид қайдларига мурожаат этиш жоиз. Олим “Бу китобнинг ёзилмоғига сабаб?” деб номланган қайдларида, жумладан, бундаи сўзларни ёзган:
“Тарих аста-секин, аммо жуда пухта иш кўради. Шунинг учун ҳам бир авлод томонидан ҳавас, эҳтирос ва ҳатто қон тўкиш билан бошланган иш кейинги авлодлар даврида амалга ошади. Ариқни бир авлод очади, “йиғим-терим”, ҳосилдан баҳраманд бўлиш эса кейинги авлодларга муяссар бўладиган бахт.

Хуросон тарихида XV аср ана шундай “йиғим-терим” мавсуми бўлди. Тарихимизнинг олтин аср деб аталиши мумкин бўлган давр юртнинг фаровонлиги, маданиятнинг тараққиёти жиҳатидан аввал сира кўрилмаган ва ҳатто бугун ҳам дунёни ҳайратга солаётган даражага кўтарилган.

Маълумки, тарих — конкрет шахслар фаолиятининг самараси. Бу ҳақиқат, айниқса, Шарқ халқлари тарихида ўз тасдиғини топади. Шарқда мамлакатнинг ободонлиги ёки хароблиги подшоҳнинг яхши ёки ёмон бўлишига жуда кўп жиҳатдан қаттиқ боғлиқ, чунки юртнинг ҳаёт-мамоти сув, суғориш иншоотларининг аҳволи эса давлатнинг, яъни подшоҳнинг идрокига ва ҳимматига интизор.

Бужиҳатдан бизнинг тарихимизда XV аср Хуросони ўз омади билан фахрлана олади: унда 40 йил мобайнида Ҳусайн подшоҳлик қилди. Фожиаларга тўла XV аср намояндалари қаторида Ҳусайн Бойқаронинг тақдири гўзал, мураккаб сабоқдир. Алишер Навоийнинг Султон Ҳусайн ҳақида махсус асар ёзишга ният этгани, албатта, бежиз эмас. Ўзининг “Тарихи мулуки Ажам” асарини Ҳусайн Бойқаронинг шахс ва подшоҳ сифатида қисқача таърифи билан тугаллар экан, буюк адиб унинг ҳақида махсус асар ёзишга ният этганини эълон қилади. Бу асар Султон Ҳусайннинг “махфий ва зоҳир хаёлоти” — амалга ошган ва ошмаган орзуларини, унинг туғилган кунидан то кўрган-кечирганларини шарҳ этиб бериши лозим эди… Аммо бешафқат ажал бу эзгу ниятни жувонмарг этди.
Алишер Навоий ёзолмай доғда кетган шу асарни энди ҳеч ким ва ҳеч қачон ёзолмайди. Аммо ҳар янги авлод буюк аждодларига ўз муносабатини изҳор этмай туролмайди…»

Иззат Султон “Муқаддима” ёки “Султон Ҳусайннинг бахти” романи билан буюк аждооларимизга туйган ҳурмат ва муҳаббатини чуқур изҳор этган, десак, одилона бўлади.

Иззат Султон роман учун тарихий ва афсонавий воқеаларни “Тарихи мулуки Ажам”, “Тазкират ул-авлиё”, “Мубайяд”, “Бахтиёрнома”, ‘Хамса”ва бошқа асарлардан олишни кўзда тутган, персонажлар тилига эса Муқимий асарлари тилини асос қилиб олган эди.

 

03
ИЗЗАТ СУЛТОН
МУҚАДДИМА
Ўрта асрлар ҳаётидан роман
02

09Иззат Султон (1910—2001) — адабиётшунос, танқидчи, драматург. У 1910 йилда Ўш шаҳрида туғилди. 14 ёшида Тошкентга келган ўспирин «Наримонов» номли мактабда ўқиди, таълим-тарбия техникумини битирди (1929), мактабда ўқитувчи бўлди (1930). 1930 йилда САГУнинг ижтимоий факултетига ўқишга кирди. «Батрак» газетасида масъул котиб бўлди (1931). 1932 йилда ўзининг илк адабий-танқидий мақоласини «Қизил Ўзбекистон» газетасида чоп эттирди. Аспирантурадаги ўқишни (1934—1937) журналистлик, танқидчилик фаолияти билан қўшиб олиб борди: «Камбағал деҳқон» газетаси таҳририятида ишлади. 1937 йилдан Иззат Султоновнинг қизғин ижтимоий фаолияти бошланди: Тил ва адабиёт институтининг директор ўринбосари (1937—1942), Ўзбекистон республикаси Халқ комиссарлари союзи қошидаги радиоешиттириш Давлат қўмитаси раиси муовини (1942—1943), Тошкент бадиий филмлар студияси директори (1943—1945), Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг маданият ишлари бўйича ўринбосари (1945—1948), Ўзбекистон ФАнинг Тил ва адабиёт институти директори (1948—1950), МГУнинг СССР халқлари адабиёти кафедраси ўқитувчиси (1950—1953), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби (1956—1963).

Иззат Султон 1947 йилда филология фанлари номзоди, 1954 йилда филология фанлари доктори илмий даражасини олди.  Устози Фитрат таъсирида адабиёт назарияси бўйича мутахассис бўлди: А. Саъдий ва Фитратдан кейин «Адабиёт назарияси» (1939) мактаб дарслигини яратди. «Бургутнинг парвози» (1940) драмасини ёзди. 1980 йилда олий ўқув юртлари учун «Адабиёт назарияси» дарслигини яратди.

 «Навоийнинг қалб дафтари» (1969) — И. Султон  илмий ижодининг чўққиси саналади. Бу асар 1979, 1985 йилларда рус тилида, А.Зирин таржимасида чоп этилган. Олимнинг мумтоз фалсафа ва адабиёт соҳасидаги билимдонлиги «Баҳовуддин Нақшбанд абадияти» (1994) монографиясида яққол кўринади.

Иззат Султонов — драматург: «Алишер Навоий» (Уйғун билан ҳаммуаллиф, 1942), «Имон» (1960), «Номаълум киши» (1963), «Билмайин босдим тиканни», «Истеҳком», «Абдулла Қодирийнинг Ўтган кунлари цингари драмалар», «Фидойи», «Даҳонинг ёшлиги», «Сенга интиламан» киносенарийлар, «Шоир қалби» либреттоси муаллифи.

Иззат Султонов «Ўзбекистоннинг санъат арбоби» (1964), Ўзбекистон ФАнинг мухбир аъзоси (1966), ҳақиқий аъзоси (1995), Беруний номидаги давлат мукофоти лауреатидир (1970). Иззат Султон 2001 йил 29 июлда вафот этди, Чиғатой қабристонига дафн қилинган.

033

Оламе хоҳам, ки набувад мардуми олам дар у,
К-аз жафои мардуми олам набошад ғам дар у?*
Фоний (Алишер Навоий)

Шу вақтгача кўр-кўрона тўқилган ривоятларда ўтиб кетган деб кўрсатилган олтин давр — келажагимиздир.
Стендаль

09

БИРИНЧИ ҚИСМ

ЗУМРАД ИРМОҚ
Биринчи боб
ҲИРИЙ** БЎСАҒАСИДАГИ УЧРАШУВ

Ўн бешинчи аср.
Осиёнинг бир қанча мамлакатларида Уйғониш даврининг тугалланиш пайти. Ўрта Осиё ва Хуросон халқлари орасидан бир эмас, биратўла бир неча гениал зотни етказиб, башариятга туҳфа этган ва жаҳон маданияти тарихининг энг порлоқ саҳифалари қаторидан ҳақли равишда жой олган замон.

Тарих шошмасдан, аста-секин, аммо обдон, пухта ишлашни ёқтиради, чоғи. Акс ҳолда фожиали саргузаштларга тўла улуғ замоннинг нечук бир ушоқ ва тасодифий воқеадан бошланганини, яъни шу замонга энг кўп хизмат этиш насибаси бўлган, тақдирлари чамбарчас боғлиқ кишиларнинг айни бир соатда бир жойга келиб, аммо танимасдан, ҳаттоки юз кўришмасдан ўтиб кетганини тушунишнинг не иложи бор?

866-ҳижрий йил***нинг кузида, ўрта асрларнинг катта давлатларидан бири бўлган ва азим Амударёнинг чап, жанубий қирғоғида Баҳри Ҳазар****дан тортиб, Ҳиндистон чегараларигача ястаниб ётган ўлка — Хуросоннинг пойтахти Ҳирий атрофидаги бепоён саҳро ой нури билан кумушланган тун либосига бурканиб, донг қотиб ухлаб эди.

Вақт карвони гўё “Чоргоҳ” навосига ростлаб қадам босаётгандек секин, вазмин силжир эди.

Тонг ёриша бошлади. Ҳаётбахш ёруғликни илк маротаба қушлар қутлаб, табиатда ҳукмрон сукунат пардасини йиртдилар. Чумчуқлар галасининг безовта ва бетиним чириллаши чор атрофдан келаётган ҳамма шарпаларни босиб кетди.

Уфқда қуёш ўз заррин гардиши қиррасини оламга намойиш эта бошлаган ҳам эдики, салқин, дайди шамол аллақаёқлардан етиб келиб, сарғиш саҳрони ваҳимали шовқинга тўлдирди. Чумчуклар борган сари қаттиқроқ безовталик билан чириллай кетди.
Азамат,сербутоқ, серсоя садақайрағоч шохлари шамолдан қаттиқ чайқаларди. “Қайрағоч қалин бўлса, ёмғир ўтмас” мақолини халқ шундай дарахтга қараб тўқиган бўлса ажаб эмас.
Қайрағочдан чумчуқлар галаси дувуллаб кўтарилди-ю, тез узоқлашиб, уфққа чўмиб, ғойиб бўлди. Саҳро анча жимиди.

—————
* ‘Таржимаси: “Бир олам истайманки, унда ҳозирги олам кишилари бўлмасин, бу олам киши ларининг жафосидан ғам бўлмасин”.
** Ҳозирги Ҳирот.
*** Мелодий 1457 йил.
**** Каспий денгизи.

Садақайрағочнинг соясида — кенг супа. Супанинг бир чеккасида — катта хум, иккинчи чеккасида — ўрта асрлар аскарининг асосий яроғларидан бири — узун найза ерга тикка санчиб қўйилган. Найза тагида чуқур ўйга толиб, жуда ҳам кекса, ёши аллақачон юздан ошиб кетган мўйсафид ўтирибди.
Супадан нарирокда камбағалнинг бошпанаси — кўримсиз кулба кўзга ташланади.

Қайрағочли супа катта карвон йўлидаги чорраҳага солинган. Кучайиб бораётган шамол саҳродаги ҳар чўпга ҳам тегажоғлиқ қилиб ўтади. Узоқда катта шаҳарнинг қораси кўринади.
Найза тагига чўккан мўйсафид жуда ташвишли. У худди муҳим хабар келтирувчи чопарларни кутгандек, гоҳ чапдаги шаҳар, гоҳ ўнгдаги уфққа бориб тақалган катта йўлга интизор назар ташлайди.

Осмон чўққисига ўрмалаб бораётган қуёш эса гўё ташвишли мўйсафидга ўчакишгандек борган сари ортиқроқ чарақлайди. Бу самовий танноз улуғворлик билан зуд юксалиб, ўзининг шоҳи этакларини ер юзига ёяборар экан, гўё дер эди: “Эй одам! Сенинг ташвишларинг билан менинг нима ишим бор?! Сенинг ва сен кабиларнинг қисмати бундан минг йиллар аввал қанақа бўлса, бугун ҳам шунақа, яна минг йиллар кейин ҳам шунақа бўлади: сиз, одамлар, туғиласизлар, яхшилик билан ёмонликнинг бетўхтов жанги майдонида жавлон урасизлар ва битмас-туганмас орзуларингизнинг бепоён чўққисига етишдан аввал ҳаёт билан хайрлашасизлар. Сизларнинг ташвишларингизнинггина эмас, қувончларингизнинг ҳам менга ҳеч бир тааллуқли жойи йўқ. Менинг азалий ва абадий ишим — нур сочиш, холос!”

Мўйсафиднинг интизорлиги узоқ давом этди. Тоқати тоқ бўлган мўйсафид қиём пайтидагина шаҳар томондан икки отлиқнинг бу ёққа тез келаётганини кўрди ва ўрнидан сапчиб турди. У жуда кекса бўлса ҳам ҳассасиз, қомати тик ва қадам босишлари салобатли эди.
Мўйсафид супанинг у бурчагига жойлашган, бўй-басти одам бўйидан салгина пастроқ хум ёнига келди, қайрағоч бутоғига осиб қўйилган одатдагидан анча катта, ялпоқ, саёз кумуш чўмични олиб, хумга солди.

Шамол кучайган сари садақайрағочнинг бутоқ ва барглари қаттиқроқ ғувулларди.
Ҳалиги икки отлиқ аллақачон супа ёнига келиб тўхтаган эди. Уларнинг бири — шаҳзодалардек ҳашаматли кийинган чиройли йигит — кумуш чўмични мўйсафиднинг қўлидан олиб, унинг ичида симобдек ялтираб турган сувдан ҳўплаб, иккинчи отлиққа узатди. Иккинчи отлиқ қимматбаҳо сарупога бурканган ва сеҳрли шаҳло кўзларидан пастроққа ипак парда тутган аёл эди.

Салом-алик аввал ўтган бўлса керак, мўйсафид йигитга савол берди:
— Пойтахтда жанг-жадал тўхтабмудур?
Йигит шаҳар томонга қараб, хўрсинди:
— Йўқ. Жангнинг қай чоғ тўхтамоғи ҳам маълум эрмас, Бобо Ҳокий!
— Абу Саид-чи?
— Келгинди подшоҳ Ҳирийни ташлаб кетмоққа мажбур бўлур, албат, чунки…
— Бас қилинг бу бефойда гапларни! — деб аёл суҳбатни шартта бўлди ва чўмични қарияга узатиб, таъзим билан миннатдорлик билдиргач, давом этди: — Эй пири азиз, бугун бу йигит бирла менинг ҳаётим дафтарида янги саҳифа очилмиш. Илтимос: истиқболимиздан фол кўр!

Аёл мўйсафидни “сен”лади: азиз инсонни “сен”лаш, худди Худони сенлашдек, алоҳида ҳурмат аломати эди.
  — Ба жону дил! — деди мўйсафид ва аёл томонга биринчи мартаба юз ўгирди. Мўйсафиднинг юзида қаттиқ ажабланиш аломатлари пайдо бўлди:
  — Нечун юзунгни беркитдинг, эй аёл?
Аёл индамади.
  — Оч юзунгни, Хадича! — буюрди йигит.

Аёл юзидаги пардани аста кўтарди ва қария тутган ялпоқ чўмичга энгашди. Чўмичдаги сув сатҳида икки бош — ўн саккиз-йигирма ёшлардаги қиз ва кекса мўйсафид қиёфалари акс этди. Қизнинг беқиёс жамоли ҳатто мўйсафидни ҳам ҳаяжонга солди.
Бобо Ҳокий худди бир нарсадан чўчиган каби чўмичдан бош кўтарди ва сув ойнасида кўрганига ишонмагандек, Хадичанинг юзига қаради. Хадича ҳам чўмичдан бош олиб, чолга ҳайрон тикилиб турар эди.

Мўйсафид қаттиқ ҳаяжонда деди:
  — Бу дунёдан сўнг ҳам юзинг пардасин сира тарк этма, эй аёл!
Бобо Ҳокий бир зум жим қолиб, ўз сўзларини изоҳлаган оҳангда қўшимча қилди:
  — Бу дунё учун бундай ҳусн — кони кулфат!
  — Билурмен! — деди Хадича худди айбдордек бир оҳангда. Сўнгра сўз мавзуини ўзгартиришга шошгандек тез илтижо қилди: — Толеимиздан гапур, авлиёйи азиз!

Мўйсафид аёлнинг юзига яна тикилди ва бу гал унинг қиёфасида аввал кўзига чалинмаган хусусиятларни кўриб, яна ҳам ажабланди: унинг рўбарўсида ҳаддан ташқари гўзал, аммо умр чорраҳаларида мушкулликларга дучор бўла-бўла чарчаганидан чеҳрасида сезиларли излар қолган, бир оз ҳадик, салгина қўркув билан боқаётган бир маъсума турар эди.

Бобо Ҳокий энди йигитга юз ўгириб, бир оз тикилиб турди-да, аёлга яна чўмичга тикилишни ишора қилди ва ўзи ҳам унга энгашди. Мўйсафид энди ўзини босиб олган ҳолатда, аёлнинг сувдаги аксига бир оз тикилиб қолди.
У чўмичдан бошини кўтармай туриб, секин деди:
  — Сенинг бахтинг пойтахт Ҳирийда қолган, эй аёл!
Мўйсафид энди бошини кўтариб туриб, узокдаги шаҳар қорасига ишора этди.

Йигит ва Хадича бир-бирларига ялт этиб қараб олишди. Уларнинг лаблари билинар-билинмас истеҳзони ифода этар эди.
  — Сен бу гал… каромат қила билмадинг, эй падари бузруквор! — деди аёл илжайиб.
  — Сен қаттиқ янглишдинг, донишманд, — деди йигит, аммо унинг қиёфасидаги истеҳзонинг ўрнини ваҳима кўланкаси босди.
  — Сенинг бахтинг ана у ёкда, дор ус-салтана Ҳирийда қолган, эй санам! — деб ўжарлик билан такрор этди мўйсафид, Хадичанинг кўзларидан кўзларини олмай.

  — Аксинча, — деди Хадича мўйсафиддан ҳам ортиқроқ ўжарлик билан. — Бахтим — менинг қошимда. Мана, менинг бахтим!
Чексиз бахтиёрлиги чеҳрасида барқ уриб турган Хадича ўз йўлдошига ишора қилди.
Бобо Ҳокий энди ўпка билан деди:
  — Билиб қўй, эй фариштаи ғофила: одам бахтининг эгизаги бўлмас!
Хадичанинг рухсоридаги бахтиёрлик шуъласи бир зумда ўчди. У энди ваҳмда йўлдошига назар ташлади.
Йигитнинг жахди чикди. Унинг кўзлари Бобо Ҳокий кўзларига найза бўлиб санчилди:
  — Сен бир номурод ҳасадкор эркансан, чол!
Йигитнинг аламли “сен”лашида энди ҳеч қандай ҳурмат нишонаси йўқ эди. Йўлдошининг шаддодлигидан қўрқиб кетган Хадича ялинишга шошди:
—  Норасо суюклугумнинг гуноҳидан ўт, эй одами муқаддас!
Бобо Ҳокий йигитнинг ҳақоратидан қиттак ҳам ранжимади:
  — Парвардигор шу дамда кўнглумга не солса, мен шуни дерман, эй болайи лодон!

Йигит жахл билан Хадичанинг отига қамчи босди. Отлар учиб кетди.
Бобо Ҳокийнинг қиёфасида ўз фолига комил ишонч намоён эди.
Бобо Ҳокий икки отлиқ орқасидан узоқ тикилиб қолди, кейин қўққисдан ўша томонда қандайдир янги, қизиқ нарсани кўргандек бўлиб, қиёфаси ўзгарди. У яна хум олдига шошди.
Йигит ва Хадича катта йўлнинг икки бутоққа айрилишига етганларида, қалин қўшин бошида келаётган икки ёш отлиқни кўрдилар ва шошиб отларининг жиловини буриб, чап томондаги йўлга ўтиб, ғойиб бўлдилар.

Қўшиндан анча берида от ўйнатиб келаётган анави икки йигитнинг бири намойишбоп серҳашам лашкарбоши либоси устида кумуш билан ҳалланган сербар совут, бошида тилла жиғали пўлат дубулға, чап қўлида йилтироқ сарғиш қалқон, иккинчи йигит эса муллаваччанинг бежирим кийимида эди.

Шамол яна кучайгани сабабидан қайрағочнинг қорамтир шох-шаббаси у ёқдан-бу ёққа яна ҳам қаттиқроқ чайқалар ва ялтироқ барглар рақси ёш лашкарбоши ва унинг ҳамроҳи шаънига чалинаётган гулдирос чапакларга ўхшаб кетар эди.

Қайрағочнинг қуюқ сояси кенг супада тўлғанар эди. Авлиё илтифотидан баҳраманд бўлиш маросимини энди муллавачча тугатар экан, ёш лашкарбоши кумуш чўмични ҳамроҳининг қўлидан олиб, сувдан бир ҳўплаб, Бобо Ҳокийга қайтарди ва таъзим билан миннатдорлик билдирди.
Бобо Ҳокий лашкарбошининг йўлдошига бир қараб олгач, деди:
  — Бу мудҳиш айёмда Ҳирийга бормоқни сенга ким маслаҳат бермиш, шаҳзода Ҳусайн?
  — Ҳабибим Алишер, — деб ғурур билан жавоб берди Ҳусайн.
Шаҳзода қамчисининг учи билан ҳамроҳига ишора қилди ва Бобо Ҳокийдан ташвиш билан сўради:

—  Мудҳиш айём?  Нечук?
— Алишер ҳали жуда ёш, шаҳзода, — деди Бобо Ҳокий Ҳусайннинг ташвишли саволини жавобсиз қолдириб. — Шоир киши давлат ишларида маъқул маслаҳат бермоққа қодир бўлмас!
Бобо Ҳокий худди айбдордан жавоб кутгандек, Алишерга назар ташлади.
— Аммо шаҳзода Ҳусайн маъқул маслаҳатларни номаъқул маслаҳатлардан фарқ этмакка моҳир! — деди шоир тез ва дадиллик билан, аммо беўпка. — Ҳусайн Бойқаро янги подшоҳга бешарт-бешубҳа итоат изҳор этмакка шошадур!
Бооо Ҳокий Ҳусайнни жиддий огохдантирди:
— Пойтахтда кечадан бери дарё-дарё қон оқур!

Ҳусайн ва Алишер ажабланиб, бир-бирларига қараб олишди: бу хунук хабарни улар кутмаган бўлсалар керак.
— Бинобарин, қон дарёсин тўхтатмоққа адолат қиличи даркор! — деди Ҳусайн. — Ҳирийга бормоғимиз муқаррар!.. Бобо Ҳокий, илтижо қилурбиз: истиқболимиздан фол оч!
— Ҳаётимиз варақларидин бахтимиз ёзилмиш саҳифани ўқи, эй яқини Худо! — деб Алишер қўшимча қилди.
— Токи кейин сенинг табаррук нафасингдин биз ҳам баҳраманд бўлайлик! — деб Ҳусайн илтимосга якун ясади.

Бобо Ҳокий Ҳусайннинг олтин билан ҳалланган қалқонига кўз ташлади. Авлиё қалқонда фол очмоқчи бўлганини тушунган Ҳусайн энгашди.
Қария қалқоннинг сарғиш ойнасида ёқимсиз бир нарсани кўргандек ҳаяжонга тушиб, таъбир айтишга шошмади.
Алишер ташвишланиб сўради:
— Баҳодирнинг қалқонида сен нелар кўрурсен, эй валий?
Бобо Ҳокий қалқондан кўз олиб, Ҳусайннинг кўзларига тикилиб, деди:
— Сенинг бахтинг дор ус-салтанат Ҳирийдан чиқиб кетмиш, шаҳзода!
Ҳусайн жиддий сўради:
— Менинг бахтим Ҳирийдан қай ёқға кетибдур?
Авлиё зарҳал қалқонга яна бир нафас тикилиб қолди:
— Ана у ёкға! — Бобо Ҳокий аввалги икки отлиқ кетган томонга ишора қилди. — Сенинг омадинг, сенинг бахтинг, шаҳзода, саҳроға кетган!

Ҳусайн ва Алишер беихтиёр саҳрога назар ташлашди. Улар кўз илғар-илғамас узокдикда кетаётган бир аёл ва бир эркак отлиқни кўрди, холос.
Ҳусайн мўйсафидга юз ўгирди ва жилмайди:
— Бу навбат сенинг фолинг… ғоят сирли, эй пири азиз!
— Аммо бу гал ҳам ҳаққоний!.. Шу машъум соатдаҲирийға бормоқдин воз кечсанг, маъқул бўлмасми, шаҳзода?
Ҳусайн ўйланиб қолди.

Бобо Ҳокий яна ҳам қаттиқроқ деди:
— Тахт жанжали тўхтамағунча сабр қил. Ҳирийга шошма, шаҳзода! Сабр туби — олтин!
Ҳусайн мастлаҳатлашмоқчи бўлгандек Алишерга қаради. Алишер Ҳусайнга эмас, Бобо Ҳокийга қараб гапирди:
— Шаҳзода Ҳусайннинг аҳдидан қайтмоқ одати йўқ!
Ҳусайн бир қарорга келган, аммо шу қарори учун узр сўраган оҳангда авлиёга деди:
— Алвидо, эй эзгу ниятли паноҳгоҳ!

Бобо Ҳокий эса Ҳусайнга жавоб бериш ўрнига Алишерга қаради ва ўз “мағлубият”ига ўзи ҳайрон қолгандек бир зум жим қолди. Сўнгра ҳеч қандай ўпкасиз, “оқ йўл” тилаб, икки дўстни Аллоҳ ҳимоясига топширди.
— Худо ҳофиз!
Бобо Ҳокий дуо қилиб, юзига қўл тортди. Алишер ва Ҳусайн бош энгаштириб, унга миннатдорчилик билдирдилар ва авлиёга омонлик тилаб, ўша дуони такрор этдилар.

Ҳусайн Алишернинг отига қамчи босди. Улар Ҳирот томон кетиб, тез узоқлашдилар.
Энди Бобо Ҳокийниннг рўбарўсидан Ҳусайннинг валий қўшини шахдам ўта берди.
Сара ва яхши яроғланган қўшин.
Ҳатто сукунати ҳам юракларга даҳшат солишга қодир бўлган қўшин. Кети-охири йўқ қўшин!
Қўшин шаҳарга яқинлаша борар экан, энг олдиндаги саккиз отлиқнинг ҳам сарбоз, ҳам ҳофиз экани маълум бўлди:

Илоҳо подшоҳи кирдигоро,
Сенга очуғ ниҳону ошикоро!

байти билан бошланувчи муножотни — ибодатга ўхшаш қўшиқни бошлаб юборишди. Одамлар истиқбол улар учун саодатлими ёки фалокатлими, билмас, аммо ҳар қандай мушкул, сирли пайтдагидек, бу гал ҳам улар Худодан мадад илтижо қилар эканлар, шеъриятни воситачиликка чорлар эдилар. Одамлар илтижосини бу гал Навоий тахаллуси билан шуҳрат қозонган ёш шоир Алишер сўзлари ифода этмоқда эди.

Шамол кучайиб, борган сари қаттиқроқ увуллаб, ҳамон бутун саҳрога ваҳима уруғини сочар эди.
Бобо Ҳокий эса энди қорасигина кўринаётган қўшинга тикилиб, ҳофизларнинг салгина эшитилаётган садосига қулоқ солиб, супа қиррасида ҳамон тикка қотиб турар, унинг чеҳраси энди аввалгидан ҳам ташвишлироқ эди…

Адир чўққиси. Ҳусайн ва қалин қўшин бу ерда пайдо бўлганларида пастда, жангоб*да бораётган қизғин жанг улар диққатини ўзига дарров жалб этди ва тўхташга мажбур қилди.
Жангоб — махсус жанг майдони — ўнг ва сўлни суриштирмай, бир- бирларини қираётган душманлар билан лиқ тўла. Қирғин тўлқини гоҳ бир томонга, гоҳ иккинчи, тескари томонга оғар, кимнинг ғалаба қозонаётгани ва кимнинг мағлубиятга дуч келаётганини билиб бўлмасди.

———————-
* Жангоб — жанггоҳ.

Эллик ёшлардаги лашкарбоши душман баҳодири билан қилич солишиб, отдан қулатиши ҳамоно унинг ёнига сарбоз етиб келди ва қаттиқ қичқирди:
— Бек, қаранг, кимдир катта қўшин бирла етиб келаётир!

Бек сарбоз кўрсатган томонга шошиб қаради. У тепаликда оти типирчилаб, ўйнаб турган Ҳусайнни кўрди-да, қувониб кетди ва урушаётганларнинг бир томонига қарата қичқирди:
— Хуросонликлар! Худо бизға нажот келтурди. Ур! Ол!..
Душманлар яна ҳам қаттиқроқ жанг қила кетдилар.

Кекса лашкарбоши жанг майдонидан отилиб чиқиб, Ҳусайн томон от солди. Лашкарбоши яқинлашар экан, Ҳусайн шошиб қичқирди:
— Вазият нечук, Туғлуғ Барлосбек? — сўради Ҳусайн.

— Сен вақтида етиб келдинг, шаҳзода! Майдонға шош! Энди бизнинг ғалабамиз муқаррар!
— Яъни, хуросонликларнинг ғалабаси? — деб сўради Ҳусайн.
— Балли!
— Оқ соқолингиз бирла исёнкорларға бош қўшмоққа уялмадингизму, бек?
— Бу нима деганинг, Ҳусайн? Ахир сен ҳам хуросонликсан!
— Мен темурийман! — деди Хусайн ғурур билан ва атрофдагиларга буюрди:
— Баҳодирлар! Биз Абу Саид Кўрагоний кўмагига борурбиз. Ўлғон шаҳид, ўлдирғон ғози. Омин!
— Омин! — деб гуруллади бутун қўшин.

Ҳусайн қаттиқ ҳаяжонда қичқирди:
— Исёнкорларни ур, ол!
Ҳусайн отининг биқинига тепкилади-да, бирпасда кўздан ғойиб бўлди. Унинг орқасидан қўшини қуюндек отилди.
Алишер тепаликда қолди. Ягона сарбоз унинг ёнида ҳайкалдек қотган эди.
— Тўхтат уни, Алишер! — қичқирди гангиб қолган Туғлуғ Барлос. Энди унинг овозида ёлвориш эшитилар эди. — Ҳусайнни фақат сен тўхтата олурсен!

Алишер бу хитобга жавобан мийиғида кулиб қўйди, холос.
— Нега индамай турибсан, Алишер! — яна қичқирди бек.
— Қилич соҳиби эрмаслигимга афсус тортурман! — деди Алишер ва сарбозга буюрди. — Бор, сен ҳам жангга кир, йигит!
— Менинг вазифам сизни асрамоқ! — астойдил эътироз билдирди сарбоз.
Алишер яна ҳам қаттиқроқ буюрди:
— Барчамизнинг ҳозирги вазифамиз — адолатни асрамоқ! Бор тезроқ!
Йигит бирпасда кўздан ғойиб бўлди.

— Сизлар ақлдан озибсизлар! — деб яна қаттиқроқ қичқирди дарғазаб бек. -Барибир, бизнинг ғалабамиз муқаррар! Биз эрта-индин иккалангнинг ҳам терингни шилиб, сомон тиқурбиз!. Албатта!
Бек жон-жаҳди билан отини қамчилади. Алишер унинг орқасидан истеҳзо билан қичқирди:
— Сиз “Худо хоҳласа”, демоқни унутдингиз, бек!

Жангобда олишув янада қизғинроқ давом этар экан, Ҳусайн бошлиқ қўшин етиб келиб, хуросонликларни орқадан ура кетди. Исёнкорлар икки ёқлама жанг қилишга мажбур бўлсалар ҳам, сира бўш келмас эдилар.

Алишер қаттиқ ҳаяжонда жангобдан кўз узмай, қонли сўқишувнинг оқибатини бетоқат кутарди.
У узоқ кутди. Фақат қуёш унинг орқасида, уфқда қип-қизариб бота бошлагандагина Алишернинг чеҳрасида мамнуният ифодаси — ғолиблар табассуми пайдо бўлди.

Иккинчи боб
КАРВОН

Сафар водийсида мусофир аёғига дарду бало тиканлари кўп сончилур,
лекин ҳар тикандин мақсуд гули очилур.

Алишер Навоий

Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг Ҳирот бўсағасида Бобо Ҳокий фолини ва маслаҳатини эътиборсиз қолдириб, Хуросоннинг янги подшоҳи Абу Саид билан тахтга даъвогар хуросонлик темурийлар орасида бўлаётган даҳшатли жангга дуч келганидан кейин икки ойча вақт ўтгач, Ҳиротда карвони худ (кичик карвон) йўлга чиққан эди.

Қоп-қоронғи тун.
Карвон тун пардаси остида аста-секин жим йўл босар эди. На жараслар — туяларнинг бўйнига осилган катта қўнғироқлар жаранглайди, на туячининг оҳиста, дармонбахш хониши эшитилади. Карвон эмас, гўё дафн маросими.

Мусофирлар қаторида Сабзаворга кетаётган юксиз саккиз отлиқ ҳам бор. Ҳирот билан Бойҳақ вилоятининг маркази Сабзавор ораси юрт тинч маҳалда етги кунлик йўл, аммо карвон тўққиз кун юрган бўлса ҳам, ҳали-ҳамон манзилдан узоқда судралиб борарди.

Адирдан ошиб тушилганда, водийда узокдан кўринган чароғлар мусофирларни ваҳимага солди. Карвон беихтиёр тўхтади. Одамлар орасида “Қароқчилар! Қарокчилар!” деган ваҳимали овозлар эшитилди.
Олдиндаги новча отлиқ орқасига ўгирилиб, карвон ахлининг тўхтаганини кўрди-да, қичқирди:
— Хотиржам бўлинг, халойиқ! Олдинда кўринган чароғ қароқчилар эмас!
Етги отлиқ бошида кетаётган, қалпоқни бостириб кийган ёш мусофир сўради:
— Қароқчи бўлмаса, улар кимлар, карвонбоши?
— Йулда карвон кутаётган савдо ахли бўлса керак. Қароқчилар чароғ билан ўзларини фош этмаслар.

Дарҳақиқат, улар яқинлашганида, қўлларида қора чароғ — машьалани тутган икки отлиқни ва юк ортилган уч туяни кўрдилар. Карвонбоши хурсанд оўлиб кетди:
— Айтмаб эдимми, савдогарлар деб! Бу зот Ҳиротнинг машҳур тожири Хожа Имод жаноблари.
Хожа Имод қирқ ёшлардаги ёқимтой ва хушбичим киши от устида туриб, карвонбоши билан қадим танишлардек қуюқ сўрашди ва сўради:
— Ҳиротдан қай чоғ чиқиб эдингиз, карвонбоши?
— Тўққиз кун бурун.
Савдогар ажабланди:
— Беш-олти кунлуқ йўлни тўққиз кунда ўттингизму?
— Саволингизга жавоб бермокдан аввал чароғингизни ўчирмакни илтижо қилурмен, — деди карвонбоши.
— Тушундим, — деди савдогар ва энгашиб, қўлидаги узун машъаланинг “бош”ини тупроққа белади. Унинг ёнидаги отлиқ — ёш мулозим ҳам шундай қилди.
Қарвонбоши йўл бошлади, карвон қимирлади.

Йўл бўйи яхши суҳбатдошни соғинган карвонбоши суҳбатни қоронғида давом эттиришга шошди:
— Сиз тўққиз кунда оз йўл босғонимизга сира ажабланманг, тақсир. Биз кундузлари работларда қўниб, тунлари тез йўл босдик ва бундан сўнг ҳам шундай қилурбиз.
— Қароқчиларға дуч келишдан қўрқурмисиз?
— Албатта. Кундузи юрсак, карвон ортидан чанг кўтарилур, Қароқчилар шул чангдан нишон олиб, жонибимизға етиб келмаклари мумкин. Хайриятки, тўққиз кунимиз тинч ўтди. Аммо қароқчилардан амин бўлмак имкони йўқ. Чунки биз йўлда қўнғон барча работларда черик кўринмади, ҳатто черик ҳам қароқчиликка ўтган.
— Балли! — деди савдогар. -Черикнинг вазифаси шоҳроҳлардаги работларда савдогарлар ва мусофирларнинг моли ва жонини яроғ билан ҳимоя этмак бўлса ҳам, агар подшоҳдан узоқ муддат маош келмай қолса, черик ҳам қароқчилик бирла тирикчилик этмакка мажбур.

Карвонбоши чуқур “уҳ” тортди.
— Бузуғлуғнинг оқибати доимо шундоқ! Ҳиротда тахт тўхтаб, Абу Саид подшоҳлиғи хутбаларда кун сайин эълон этилса ҳам, мамлакат ҳали-ҳануз тинч нафас олғон эрмас! Ҳали унда, ҳали бунда хуросоний темурийлар келгинди Абу Саидға хуруж қилиб турубдир. Бузуғлуғ давом этур!
— Шундай хатарнок замонда карвон етаклабсиз, боракалло!
— Бузуғлуғ чоғида шоҳрохларда қатнов камаюр, аммо тўхтамас: ҳаётнинг тўхтамоғи мумкин эрмас!
— Топиб гапурдингиз: ҳаёт тўхтамоғи мумкин эрмас! Сиз бирла бизнинг касбимиз бузуғлуғдин шикаст топар, аммо бузуғлуққа бўйин эгмас! — деб ғурурланди савдогар.

…Тун ярмидан оққач, карвонга икки пиёда келиб қўшилди. Карвонбоши улар қошига келиб, ким эканини суриштирган эди, янги мусофирларнинг дунё кезгувчи беватан дарвишлар экани маълум бўлди. Карвонбоши “Дарвиш бор жойда — ташвиш йўқ”, деган мақолни эслади ва “Худо яқинлари’’нинг карвонга ҳамсафарлигини шарофатли деб билиб, ич-ичидан қувонди.

Мана, тун ҳам тугаб, тонг ота бошлаши билан карвон ахлини яна ваҳима боса бошлади. Фақат карвонбоши хотиржам, чунки у Тахти Равон работи жуда яқин эканини билади.
Ниҳоят, работ ҳам кўзга кўринди. Мусофирларнинг руҳи кўтарилди. Улар Тахти Равон работи дарвозаси тагида анча тўхтаб қолдилар. Чунки работбанд овқат ва ем-хашак аллақачон тамом бўлганини айтиб, карвонни қабул этишдан бош тортди. Хайрият, тадбиркор карвонбоши работбандни бир иш қилиб, карвоннинг кечгача работда булишига рози қилди.

Работга хурсандчилик билан кириб келдилар: қалъадек баланд деворлар билан иҳота этилган, дарвозаси темирдан, кенг ҳовлилик ва кўп ҳужралардан иборат меҳмонхонада кун бўйи дам олиш имконияти мавжуд эди. Работда соқчи черик-аскарнинг йўқлиги ҳеч кимни ажаблантирмади.
Мусофирлар работга тез жойлашдилар. Юклар айвонга туширилгач, туялар кенг ҳовлига чўктирилди. Эрталабки намоз ўқилгач, ярим соат ўтар-ўтмас, истироҳат шодиёнаси бошланиб, ҳужралардан маишат шов-шувлари эшитила бошлади. Кимдир ичкари ҳовлидаги қозонхонада пайдо бўлиб, гўшт қовуришга киришди. Кимдир палов масаллиғи билан тўла сопол лаганни кўтариб, катта ҳовлидан ўша томонга ўтди. Бир неча дақиқадан сўнг зиғир ёғининг хуш бўйи димоғларга урилиб, иштаҳани китиқлади. Яна бирор соатдан сўнг ҳужралардан чирманда ва чолғу садолари, форсий ва туркий тилларда ашула эшитила бошлади.

Сенсен севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма,
Қондур жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма, —

сўзлари билан бошланган ашулани бошқа бир мусофирнинг ўз-ўзини юпантирувчи қўшиғи босиб кетди:

Раҳравони борқашро саҳл дон ошоми қаҳр,
Дар даҳони ноқа хори хушк хурмои тар аст*

* Таржимаси: “Эй йўловчи, билгилки, мушкул пайтда қийинчиликларни кўтариш осон кўринади, туянинг оғзига қуруқ янтоқ ҳам янги хурмодек туюлади”.

Яна бир ҳужрада ёш, тиниқ овоз соҳиби узоқларда қолган маҳбубасини эслаб, нола қилар эди:

Ул паривашким, бўлубман зору саргардон анго,
Ишқидин олам менга ҳайрону, мен ҳайрон анго.

Карвонбоши, қирқ ёшлардаги миқти одам, шошиб Тахти Равоннинг катта ҳовлисидан ўтди ва ҳужраларнинг бирига кириб ғойиб бўлди.

У ҳужра остонасида пайдо бўлганида, бу ерда, кир ёстиқларга суяниб, саккиз киши беҳашам дастурхон устида ўтирар эди. Улфатларнинг ҳаммаси ёшлар, энг каттасининг ёши йигирма бешдан ошмайди, ҳаммаси содда кийинган. Улардан иккитаси либосининг соддалигига қарамасдан, бошқалардан ажралиб турибди. Бири жуссаси билан, бири қиёфаси билан. Йигирма ёшлардаги биринчи йигитнинг белидан пасти — хипча, ингичка, белидан юқориси — бўла, йўғон. Йигит шу тахлити билан шерни эслатар эди. Ўн етги-ўн саккиздан ошмаган иккинчи йигитнинг бутун қиёфаси унинг талаба эканидан яққол далил эди. Карвонбоши шерсимон йигитга тикилиб, гапириш ва гапирмасликни билмай, ҳаяжондан бир зум жим қолди.

— Сўзланг, карвонбоши, — деди шерсимон йигит. — менинг дўстимдан яширур сирим йўқ… Рангингиз ўчган. Сабаб?..
—  Мирзо, — деб гап бошлади карвонбоши, — ҳамроҳларимиздан иккиси йўқолибдур.
—  Яъни?
— Йўлда бизға қўшилғон икки дарвиш биздин айрилуб, ташқарида қолмиш.
“Мирзо” деб аталган шерсимон йигит бир оз ҳаяжонга тушди ва атрофидаги йигитларга буюрди:
— Чиқинг тезроқ ташқариға! Қайтаринг дарвишларни бу ёқға!
Карвонбоши қўл ишораси билан йигитларни тўхтатди:
— Овора бўлмангиз. Икки дарвиш ташқарида йўқ. Улар ғойиб бўлғонлар.
Саккиз киши бир-бирларига ташвишли назар ташладилар.

“Мирзо” кафтини тиззасига пушаймонлик билан урди-ю, “талаба”га қаради:
— Дарвишлар борасидағи гумонинғиз тасдиқ топди, дўстум. Нега мен сизнинг сўзларингизга қулоқ осмадим-а?
— Дарвиш либоси киймиш бу икки киши қароқчиларнинг айғоқчилари бўлса эҳтимол, — деди “талаба” атрофдагиларга.
— Ҳеч шубҳасиз, — деди “мирзо’’ ва бошқа олти ҳамроҳига яна буюрди:
— Энди қароқчиларнинг келмоғи муқаррар. Ҳозир турмоқ зарур!

“Мирзо”нинг ҳамроҳлари сапчиб ўринларидан турдилар.
— Ҳамсафарларимизни огоҳ этмай, девор устиға чиқингиз, назорат қилингиз, якка-якка чиқингиз.
Йигитлар остонадан ўтишга улгурмаган ҳам эдики, работбанд қириб келди:
— Тақсирлар, узоқда чанг кўринур.. Йўқ, йўқ, ваҳмга асос йўқ. Ўзимизнинг черик бўлса ҳам эҳтимол. Балки яна карвон келур. Аммо эҳтиёт шарт. Шу саоабли ҳузурингизга шошибмен.

“Мирзо” ҳаяжонини яширишга тиришиб, карвонбошига мурожаат этди:
— Икки дарвишнинг ғойио бўлғонидин ўзга мусофирлар ҳам хабардормулар?
— Йўқ, ҳурматли мирзо. Бу хабарни мен фақат сизларға кетурдим.
— Боракалло! — деди талаба.
— Зудлик бирлан ҳаракат этмоқ даркор, мирзо! — деди карвонбоши ваҳимада.
Работбанд ялт этиб шерсимон йигитга қаради. “Мирзо ё амирзодами?” Темурийлар ўз шаҳзодаларини узун “амирзода” ўрнига қисқа қилиб, “мирзо” деб атайдилар. Наҳотки, шерсимон йигит шаҳзода бўлса? Карвон йўлларида темурий шаҳзода нима қилиб юрибди? Нечун у содда фуқаро кийимида?

Работбанд бу ўйлар асоратидан қутулиб ўзига келганида, остонада якка ўзи қолган, “мирзо’’ ҳам, унинг ҳамрохлари ҳам бу ердан чиқиб кетган эдилар.
Работбанд ҳовлига чиққанида “мирзо”ни ва унинг шерикларини девор устида кўрди. “Мирзо” шошиб, работ дарвозаси устидаги соқчихонага кириб кетаётир эди. Работбанд “мирзо” ва унинг ҳамрохлари ҳозиргина тарк этган ҳужрага қайтди ва у ерда қўл урилмай қолиб кетган дастурхонни тез йиғиштириб олиб, ҳовлида пайдо бўлди ва девор ичидаги пиллапоядан тепага кўтарила бошлади.

Қароқчиларни узоқ кутишга тўғри келмади.
Раоот томонга келаётган бир тўда отлиқнинг қароқчилар эканини работбанд тасдиқ этгани ҳамоно “мирзо” буюрди:
— Санангиз, неча кипти?!
Йигитлардан бири дарров жавоб берди:
— Йигирма тўқкиз отлиқ!
Йигит қароқчиларни санаб улгурган эди. Суворийлар тез келаётганлари учун чанг орқада қолиб, уларни санашга халақит оермасди.

Карвоннинг энг ҳурматли ҳамсафари, уч туя молнинг эгаси тожир Хожа Имод ўз ҳужрасидан тиш кавлаб чиқиб, работнинг кенг ҳовлисига тўқ, бефарқ назар ташлаб турган ҳам эдики, саккиз йигитнинг қоровулхонадан чиқиб, шошиб пастга туша бошлаганини кўрди. Хожа Имод ҳайрон қолди. Бу йигитларнинг ким эканини савдогар аввал суриштирмаган, фақат улар тагидаги отларнинг саралигига сарафроз* бўлиб эди. Ўшанда отлар тожирнинг ҳавасини келтирди. «Аспи оташнаъл” — туёғидан ўт чиқадиган, тезчопар, деб атади савдогар бу отларнинг ҳар бирини ва уларнинг “бозор баҳоси”ни тахмин этди. Энди бу йигитлар работнинг хўжайинидек иш кўрар — работбанд ва карвонбошидан туяларни ичкари ҳовлига кўчиришни, айвондаги юкларни кўздан нарига йўкотишни талаб этар, ҳужралардаги мусофирларни ёрдамга чақирар, работ дарвозасини маҳкам бекитишга шошар эдилар…

* Сарафроз бўлиш — хурсанд бўлиш, қувониш.

Қароқчилар дарвозани тақиллатганида, работ сув сепилгандек жимжит эди. Анчагача жавоб буўлмади. Кейин работбанд калитлар дастасини кўтариб, катта ҳовлидан ўтди. У дарвозани очмай, қароқчилар билан анча ғижиллашди. У работнинг соқчи шериги қайтиб келганини ва бу ерга бугун эрталаб қўнган карвонни Сабзавор томонга кузатиб кетганини, ҳозир работда ҳеч ким йўқлигини айтиб қичқирар, шафқат тилар ва дарвозадан нари кетишни илтимос қилар эди. Ҳақиқатан ҳам, работ ҳовлисида туялар кўринмас, айвонлар карвон молидан холи эди. Қароқчилар ўзаро маслаҳат қилишди шекилли, бир оз жим қолдилар. Кейин улар пўписадан илтимосга кўчиб, работда дам олиш учун киргизишни илтимос қилдилар. Дарвоза кенг очилди. Қароқчилар отларини етаклаган ҳолда хурсанд ва бепарво кириб келдилар.

Бирданига бир неча томондан қилинган ҳужум қароқчиларни гангиратиб қўйди. Совут кийган саккиз қиличбоз, ўша замон тарихчиларнинг таъбири билан айтганда, жанг майдонида жавлон урар, бошқа карвон ахди эса, калтак, болта, темир курак, пичоқ ва шунга ўхшаш нарсалар билан қуролланган ҳолда ўз мудофаачиларига ёрдамлашар эди. Жанг қизиди. Кутилмаган зарбалардан қароқчилар бирин-кетин йиқила бошладилар. Бир неча дақиқада қароқчиларнинг анчаси ер тишлаб қолди.

— Сархайл*инг ким, аблаҳлар? — деб қичқирди “мирзо».
— Мен, — деди забардаст киши унинг рўбарўсидан чиқиб.
“Мирзо” бошқа қароқчилар зарбасига жавоб қайтара туриб қичқирди:
— Ўзгаларнинг қони гуноҳига қолмоқни истамасанг, ўзинг ўртага туш, яғмоғар!
Бу буйруқ ҳаммани жангдан тўхташга мажбур этди. Даврнинг қадимий қоидасига мувофиқ, сархайл жанг майдонига чиққанида, ҳар икки томон жангни тўхтатиб, икки моҳир қилич соҳиби орасидаги олишув оқибатини кутиши лозим. Қайси сархайл устун чиқса, шу томон жангда ютган ҳисобланади ва ютқизган сархайлнинг тобелари ғолибга таслим бўладилар. Биринчи бўлиб қароқчилар жангни тўхтатдилар, чунки улар ўзларининг ожиз эканликларини сездилар. Яна улар қароқчилар сархайли билан беллашувга ким журъат этганини билмоқчи бўлдилар.

* Сархайл — бошлиқ, саркарда.

Ҳамманинг кўзи энди жанг майдонида ёлғиз қолган “мирзо” ва забардаст қароқчига қаратилди. Бу икки жангчидан бошқа ҳамма томошабинга айланди.

Қароқчилар ҳам, уларнинг сархайли ҳам бир нарсага ҳайрон қолиб, бир зум сукунат сакдашга мажбур булдилар: ўртада тик турган “мирзо”нинг елкаси жуда кенг, кўкраги ва билаклари одатдан ташқари забардаст эди. Унинг қиличи ҳам оддий қиличлардан анча узун ва энлироқ, бу оғир қилични эгаси чаққонлик билан ишлата олишига дарров ишониш ҳам қийин эди.

Бу олишувларда шиддатгина ғалабани таъмин этишини фаҳмлаган чоғи, қароқчилар сархайли узоқ тараддудланиб турмасдан, дарҳол ҳужумга ўтди. “Мирзо” ўзини мудофаа этишга зўрға улгурар эди. Сархайл “мирзо”дан ёш жиҳатидан тахминан икки марта қатта, ажойиб қилич соҳиби эканлиги эса қароқчиларга яхши маълум эди. Ўз бошлиқдарининг устун келишига имони комил қароқчилар сархайлнинг ҳар бир зарбидан хурсанд бўлиб, “ол!”, “ур!”, “сол!” деб тўхтовсиз қичқирар эдилар. “Мирзо” чап билагидан ярадор бўлганига қароқчиларнинг қичқириқлари авжга чикди. “Мирзо” ярадор шердек ғазаб билан ҳужумга кўчди, аммо қароқчи унинг зарбаларидан усталик билан қочар ва дарров зарбага зарба билан жавоо қайтарар эди.

Томошабинлар омаднинг гоҳ қароқчи томонига, гоҳ “мирзо” томонига оғишининг гувоҳи бўлиб, узоқ муддат ҳаяжонда қолдилар. Мана, қароқчи “мирзо”ни орқага, девор томонга чекинишга мажбур этди. “Мирзо”нинг елкаси деворга тегай деганида қароқчи унинг устига тикка ташланди. “Мирзо” чаққонлик билан ўзини четга олди ва қароқчининг қиличи деворга санчилиб қолди. Рақиби қиличини девордан суғуриб олишга уринар экан, “мирзо” унинг орқасига қилич санчди… Йўқ, санчишга улгурмади. Қароқчи ўзини четга тортди. Қароқчининг қиличи деворда санчилганича лапанглаб қолди. “Мирзо” қиличсиз қароқчини қувлаб, ҳовлининг нариги қирғоғига кетди.

Қароқчилар сархайли ўз шерикларидан бири ирғитган қилични чаққонлик билан илиб олдию, “мирзо” томонга қўққисдан юз ўгириб, ҳужумга ўтди. “Мирзо” орқага чекинишга мажбур бўлди. Жанг яна ҳовли ўртасига кўчди. Қиличбозларнинг баб-баравар маҳорати, жасорати ва топағонлиги жангнинг ҳали узоқ давом этишидан дарак берар, аммо рақибларнинг борган сари оғирлашаётган нафаси айни замонда ҳам тантанали, ҳам мудҳиш дақиқанинг яқинлашаётганига ҳар икки томонни умидвор қилар эди. Тарафкашларнинг қичқириқлари баланд авжга чиқди.

Борган сари дармонсизланиб бораётгани сезилиб турган “мирзо”нинг ҳоли “талаба”ни қаттиқ ҳаяжонга солди… “Талаба” бешафқат даврнинг фарзанди бўлса ҳам, одам қонини кўришга қурби етмас, дўстининг мағлубиятини кўриш эса унинг учун ўлим билан тенг эди. Ранги ўчиб, лаблари дир-дир қалтираётган “талаба” жанг майдонидан юзини чирт ўгирди-ю, узоқ жим қолди.

Бирданига одамлар “Зафар! Ғалаба!” деб қичқириб юбордилар. Қичқирувчилар шовқини орасидан савдогар Хожа Имоднинг хурсанд овози баралла эшитилди. Бу яхшилик аломатига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаган “талаба” жанг майдонига секин юз ўгирди. Ўнг елкасидан қон сизиб чиқаётган қароқчи ерда ётар, “мирзо” унинг кўкрагига оёғини тираб, қасоскор бир ҳолатда қилич кўтариб турар эди.
— Тўхтанг, мирзо, зинҳор тўхтанг! Бас! — деб қичқириб юборди “талаба”. У ғолиб ва мағлуб ёнига чопди. — Тавба қил, ғоратгар, — деб қичқирди у мағлуб қароқчига.

Ҳамма қароқчилар сархайлининг ҳалокатини кутгани туфайли ҳовли майдонида гўристон сукунати ўрнашган эди. “Талаба”нинг овози бонгдек жаранглади:
— Ғолибинг қонхўр эрмас! Тавба қилсанг, кечирур. Дарҳол тавба қил, жинояткор!
Қароқчи шошиб қичқирди:
— Таслиммен! Шафқат эт! Тавба қилдум!
“Мирзо”  қатъий талаб этди:
— Жонингдин умидинг бўлса, касофат касбингдин умрбод воз кечмакка касамёд эт, аблаҳ!
“Мирзо”нинг бу талабига қароқчилар сархайли анча жим қолиб, сўнг алам билан жавоб берди:
— Қасамёд этурмен! Яна қароқчилиқ қилсам, мени Худо урсун!

“Мирзо” мағлуб душманнинг кўкрагидан оёғини олди:
— Тур ўрнингдан! Ол қиличингни!
Қароқчилар сархайли зўрға ўрнидан турди ва анча нарида ётган қиличини ердан олди.
— Йўқол энди тезроқ!
Қасамёд талаби ҳам, гуноҳнинг кечирилиши ҳам, кетишга рухсат ҳам қароқчилар сархайлини ҳайрон қилиб қўйди: давр қоидаларига биноан, мағлуб душман ўлдирилиши ёки қулга айлантирилиши лозим эди; сархайл мағлуб бўлганидан кейин унинг тобелари ўз раҳнамосини ташлаб қочади ёки ғолиб томонига ўтиб, унга хизмат қила бошлайди. (Ким боқса, маош тўласа, аскар шуники!) Аммо қароқчилар ҳайратда қотган эдилар.

Қароқчилар сархайли энди “мирзо”га нафрат билан эмас, ҳавас ва ҳасад билан тикилиб, ўрнида кимирламай тура берди:
— Ғолибим ким? Қасос ҳуқуқидан воз кечиб, менга иккинчи ҳаёт бахш этган олижаноб қилич соҳиби ким ўзи? Билмоқ истарман!
“Мирзо” бу саволга жавоб беришни истамагандек жим қолди.
— Такаллум* эт! Не киши эрурсен? — илтижо қилди савдогар. — Айт исмингни, баҳодир! — Унинг овозида ғурур жаранглар эди, гўё ҳозирги ғалаба “мирзо”ники эмас, Хожа Имодникидек.

* Такаллум — сўзлаш, гапириш.

Ҳамма гурунглаб савдогарнинг талабини маъқуллади.
“Мирзо” гўё иккилангандек, яна бир зум жим қолди-да, қароқчилар сархайлига тикилиб туриб, деди:
— Ҳусайн Бойқаромен!
Фақат Хожа Имод эмас, ҳамма мусофир ва қароқчилар ҳайрат билан қичқириб юборди:
-Ё олло! Ё олло!..
— Ҳусайн Бойқаро! Карвон йўлида шаҳзода Ҳусайн?! Инонмам! Асло инонмам! — деб қичқириб гумон билдирди қароқчилар сархайли. — Худо ҳаққи, инонмам!

“Мирзо” худди “ишонмасанг, менга нима?” дегандек, юзини чирт ўгириб, четга кетди.
Қароқчилар сархайлининг орқа томонидан ғурур тўла овоз эшитилди:
— Нима, Ҳусайн Бойқаро қиличининг зарби ҳам инонтиролмадими, юзи қаро?!
Қароқчилар сархайли ажабланиб, орқасига қаради. Унинг рўбарўсида “талаба” турар эди. Она сути оғзидан кетмаган хипча ўсмир уни ҳақоратлашга журъат этди. Ким бўлди экан, бу бебош?
-Ўзинг кимсан, шаддод?
Қароқчининг саволида менсимаслик яққол сезилиб турар эди.
— Навоиймен! — деб эълон этди “талаба”.
— Алишер Навоий? — деб қичқириб юборди бир неча киши бирдан.
Яна Хожа Имоднинг овози янгради:
-Зуллисонайн? Наҳотки?
Ҳамма хипча “талаба” ёнига отилди.

Алишер Навоийнинг ғазаллари юртда кенг тарқалган. У икки тилда — форсий ва туркийда — баб-баравар яхши ёзгани учун “зуллисонайн” (“икки тилли”) деб шуҳрат қозонган, унинг ажойиб истеъдоди ва шаҳзода Ҳусайн билан дўстлиги ҳақидаги ҳақиқат ва афсоналардан кўп кишилар яхши хабардор эдилар. Шундай бўлса ҳам, ҳаммани икки нарса ҳайрон қолдирди: ҳозиргина қароқчилар билан олишган саккиз жасур ва моҳир киличбознинг бири шоир экан. Яна: “шоир” ва “зуллисонайн” номлари билан машҳур кишининг мунчалик ёш бўлиши сира ақлга сиғмас эди. Одамлар Навоийни қуршаб олиб, турли саволлар бериб, чуғурлаша кетдилар. Ким мусофир-у, ким қароқчи — энди билиб бўлмас эди.

Ҳозиргина бўлиб ўтган қонли жангнинг ва шонли зафарнинг қаҳрамони шаҳзода тамоман унутилган ва бир чеккада ёлғиз серрайиб турар эди. У қатгиқ бостириб кийган қалпоғини бошидан юлиб олиб, у билан пешонасидаги мўл терни артди. Ҳусайннинг бу ҳолатига фақат қароқчилар сархайли эътибор берди.
Сархайл уни таниди.
— Ҳусайн! Худди ўзи! Ҳусайн Бойқаро! — деб ўйлади у.

Ҳусайн қароқчининг башарасида аламзадалик тантанаси аралаш истеҳзо кўрди ва нечундир бир қизариб олди-ю, шошиб ҳужрасига кириб кетди. Қалам соҳибининг шуҳрати қилич соҳибининг шуҳратидан баланд келди, деб ўйлади яна қароқчи ва орта бораётган бир мамнуният билан яна кўнглидан ўтказди — рашк! Қалбинг рашк оташида ёнади, шаҳзода! Не иложинг бор, Ҳусайн? Дунёда ким кўп? Шаҳзода кўп! Шоир эса… Ҳа, оломон шоҳ ва шаҳзодалардан ҳайиқади, нари борса — ҳурмат этади, аммо шоирга кўнгил беради!

Қароқчилар сархайлининг бир одати бор: ҳозир шу пайтда иш учун зарур бўлмаган фикр билан (бу фикр қанчалик муҳим бўлмасин) ўзини узоқ банд этишни ёмон кўради у. Ҳозирги энг зарур иш -ўликларни йиғиштириб, бу шармандалик маконидан тезроқ чиқиб кетиш. Шу сабабли қароқчи ўз шериклари олдига шошди. Унинг шериклари эса карвон ахлига аралашиб, худди авлиё билан учрашгандек, бир хушнудлик билан ҳамон Алишер Навоий атрофида чуғурлашар эди.

Манба: «Жаҳон адабиёти», 2014- февраль

 

02129 noyabr — adabiyotshunos olim,  dramaturg Izzat Sulton tavallud topgan kunga 105 yil to’ldi

Taniqli adabiyotshunos olim va dramaturg Izzat Sultonning tugallanmagan «Muqaddima» romanini ham maroq, ham afsus bilan o’qidim. Ajoyib manzara va voqealarning mohirona tasviri nechog’li maroq bag’ishlagan bo’lsa, romanning tugallanmay qolganidan benihoya afsus chekdim. Olimning «Navoiyning qalb daftari» har doim kutubxonamning nazarim tushadigan joyida turadi. Bu kitobni qayta-qayta varaqlayman. Nazarimda «Muqaddima» romani hatto yakunsiz holida ham har doim kitobxon nazarida turishga arziydigan asardir. Ayniqsa, bugun kitobxonga «tarixiy adabiyot» deb taqdim etilayotgan epopeyalar bilan qiyoslar ekanman, tugallanmagan holidayam «Muqaddima»ning sodda ko’ringan badiiy ifoda tarzida teran bir dengiz mavjini ko’raman. Jo’nlik bilan soddalik o’rtasida yer bilan osmoncha farq bor. Sodda ifoda yozuvchining yuksak mahoratining mahsuli. Bugun sizga tugallanmagan romanning dastlabki ikki bobini taqdim etaman.

P.S. Menda dastlabki bobda va undan keyin ham paydo bo’lgan Bobo Hokiy timsolida yozuvchi kimni nazarda tutgan ekan degan savol paydo bo’ldi. Dastlab asarni nashrga tayyorlagan muharrir X bilan H farqiga bormagan, xatolik tufayli Hokiy bo’lib qolgan bu avliyo Hazrat Navoiy «Nasoyimul muhabbatda» qayd etib o’tgan Bobo Xokiy bo’lsa kerak deb o’yladim. Mana o’sha parcha: » Bobo Xokiy turk elidindur. Sipohi ermish. Timurbek bila Rum va Shom cherikiga borg’ondur. Ondin qaytib kelganda, sipohilig’ mashaqqatidin, chun toriqqon erkandur, tark qilib, faqr ixtiyor qilibdur. Dog’i Gitu tog’ining shimol haddida sokin bo’libdurki, holo Boboning takyasi va mazori va darveshlari andadur. Va bag’oyat tariqi riyozatlig’ kishi erdi. Zamon podshohi ro’zgor havodisidin shikaste voqe’ bo’lub, buzulub Foryob va Maymana haddig’a borg’ondakim, mulkini dushman olib erdi. Andin yanib, yana taxt talashib, dushman ustiga kelganda, Bobo takyasig’a tushdilar. Bobo himmatlar tutub, nasoyih aytib, yuz o’n yoshig’a yaqin erkanda otlanib, podshoh bila Gitu tog’ig’a chiqib, shahr soriki dushman makoni erdi boqib, suron solib, mulkni havola qildi. Ul ishorat bila podshoh yurub, hamul kecha mulkni olib yog’ini daf’ qildi. Bu uchurda bu faqir Boboni g’arib tushe ko’rdumki, oning valoyatig’a dalolat qilur. Yuz yigirma yoshig’a yaqin yetganda dunyodin o’tti va qabri mazkur bo’lg’on yerdadur.»
Izzat Sulton asarida o’sha Bobo Xokiyni nazarda tutgan bo’lishi mumkin. Chunki dastlabki bobda bu inson folochar avliyo sifatida tasvirlanadi. Lug’at(G’iyos-ul-lug’ot)ga ko’ra, Hokiy atamasi «Bayon etuvchi,hikoya qiluvchi va aytguvchi» ma’nosida keladi.
Nihoyat, o’zimcha, «Nasoyimul muhabbatda»gi Bobo Xokiy atamasidayam X bilan H da adashuv bo’lmaganmikan deb o’yladim. Bir tomondan «xok» forschada «tuproq» ma’nosida keladi va Bobo tasavvufdagi «tuproq bilan barobar bo’lish»maqomini nazarda tutib o’zini Xokiy deb atagan bo’lishi ham mumkin. Men Hokiy tarafdoriman. Siz nima deb o’ylaysiz?

Xurshid Davron

OLIMNING TUGALLANMAGAN ROMANI HAQIDA
Naim Karimov
filologiya fanlari doktori, professor
02

Atoqli adabiyotshunos olim va dramaturg Izzat Sultonning adabiy merosini “Adabiyot nazariyasi”, “Navoiyning qalb daftari” singari ilmiy- nazariy, “Alisher Navoiy” (Uyg’un bilan hamkorlikda yozilgan), “Imon”, “Noma’lum kishi”, “Abdulla Qodiriyning o’tgan kunlari”, “Kumush shahar malikasi”, “Donishmandning yoshligi , “Qaqnus» singari badiiy asarlari bezab turadi. Ustozi Oybekdek umrning har bir lahzasini mazmunli utkazishga odatlangan alloma butun hayoti davomida tinimsiz qalam tebratib, badiiy ijod va adabiyotshunoslik ilmining turli janrlarida ko’plab asarlar yaratdi. Afsuski, bu asarlarning muayyan qismi, turli sabablarga ko’ra, olim hayot chogida e’lon qilinmay yoki tugallanmay qolgan. Shunday asarlardan biri “Jahon adabiyoti” jurnalining ushbu sonida ilk bor mushtariylar e’tiboriga havola etilayotgan “Muqaddima”romanidir.

Bu roman to’g’risida tasavvur berishdan avval kamina bir-ikki so’zni aytishni istar edim. Avvalo shuni qayd etib o’tish joizki, tabiat Izzat Sultonni ham o’tkir intellektual-analitik, ham badiiy tafakkur sohibi etib yaratgan. Shu sababli u adabiyotshunoslik ilmi bilangina shug’ullanib qolmay, badiiy ijod maydonlarida ham javlon urishga intilgan. Izzat Sulton qalbidagi hayrat, his-hayajon va bedor tuig’ularning doim kamalak ranglari bilan tovlanib, to’lqinlanib turishi o’sha fazilatning — ijodga bo’lgan ishtiyoqning hatto keksalik faslida ham xira tortmasligiga sabab bo’lgan. Aksincha, yoshi ulg’aygani, aql-zakovati va bilimi tobora boyigani sayin unda badiiy ijod marralarini zabt etish istagi kuchayib borgan. Izzat Sultonning umr shomida ketma-ket bir necha p`esa va romanlarni shoshib qoralagani, birini tugatmay turib, ikkinchisini, ikkinchisini tugatmay turib, uchinchisini boshlaganining sabablaridan biri ham xuddi shunda.

Izzat Sulton shu davrda olis asrlarda o’tgan sarbadorlar, XV asr Sharq tamaddunining “gultoji» Navoiy, kuni kecha” yashagan Furqat, 90-yillarda esa hali qiyofasi aniqlik kasb etmagan zamonamiz qahramonlari haqida romanlar yozishga chog’lanadi. Hamisha orzular va ijodiy rejalar olamida yashagan olim 1981 yilning sentyabrida g’oyatda ulkan, “bal`zakona” badiiy niyatni ro’yobga chiqarish uchun sho’ro yozuvchilarining Ko’ktebeldagi ijod bog’iga boradi. U ko’zlagan rejaga ko’ra, 1981 — 1991 yillarda uch turkumdan iborat bir necha romanlarni yozishi lozim edi. Uning “Ulkan reja deb nomlangan qaydlaridan ma’lum bo’lishicha: “Umidlar asri” deb atalgan, 1336 — 1506 yillarda Movarounnahr va Xurosonda bo’lib utgan voqealarga bag’ishlangan 1-turkum “Sarbadorlar”, “Shoir qalbi”, Muqaddima”, “Cho’qqilar yog’dusi”, “Burgut oshiyoni” degan beshta romanni; “So’nggi yuz yil”deb nomlangan va 1850-1920 yillardagi voqealar naql qilinajak 2-turkum “Uchrashuv” (Rossiya bilan qo’shilish arafasi), “Asrning oxiri”, “Qish uyqusi , “Arafa” va “Oltin beshik” nomli beshta romanni; “Oila” deb nomlangan va bir necha qismdan iborat 3-turkum esa bitta katta kitobni o’z qamroviga olishi mo’ljallangan edi.

Shu rejadan ayon bo’lishicha, 11 kitobning umumiy hajmi taxminan 250 bosma taboq bo’lib, 10 yilda, ya’ni 500 haftada yozib tugallanishi lozim edi. Izzat Sulton garchand o’z oldiga shunday “alpona” ulkan maqsadni qo’ygan bo’lsa-da, uning ro’yobga chiqishiga ko’zi yetmagan shekilli, mashinkalangan rejaning so’ngiga o’z qo’li bilan bunday so’zlarni bitib qo’ygan: “Yana 500 kun yashashim mumkinmi — noma’lum. Ammo 500 haftaga reja tuzdim. I. S. ”

Azamat ijodiy ishga chog’langan olim 1981 yil 7 sentyaorda 1-turkumda- gi “Muqaddima” romanini yozishga kirishadi. Olim arxivida saqlanayotgan qaydlarning birida ushbu asarni yozishdan maqsadi haqida bunday so’zlar bitilgan:
“Bu kitobni yozishimizdan maqsad tariximizda o’zining nuroniyligi bilan bizni maftun etgan to’rt shaxs haqida, ularning zamoni va zamondoshlari to’g’risida bilganlarimizdan, “topgan-tutgan”larimizdan lavhalar yaratib, o’z vatani va millatining porloq o’tmishi bilan faxrlanishga qodir va umuman, yorqin shaxslarga ixlos qo’ygan o’quvchilarga hadya etishdir. Bu katta jur’at, ammo biz o’z jur’atimizdan xijolat tortmaymiz, chunki dono xalqimiz aytganidek, “Topgan gul keltirar, topmagan bir bog’ piyoz”.

Tariximizda oltin davr deb atalishi mumkin bo’lgan XV asrning ziynati bo’lmish bu to’rt siymoning birinchisi podshoh Husayn Boyqaro, ikkinchisi shoir va mutafakkir Alisher Navoiy, uchinchisi olim va pahlavon Muhammad va to’rtinchisi…

Biz o’rta asrlar haqida hikoya qilmoqchi ekanmiz, bas, shu davrning ba’zi odatlarini e’tiborga olganimiz ma’qul. O’rta asrlarda ayol kishining nomini tilga olmasdan o’tish odat edi. (Shu odat oqibatida biz ko’pgina buyuk ajdodlarimizning, shu jumladan, Alisher Navoiyning ham onasi ismini bilmaymiz.) Bu odatni birovlar ayolni mensimaslik alomati, deb talqin etsalar, boshqalar, aksincha, ayolga katta hurmat nishonasi, deb biladilar; bizningcha esa, Payg’ambarning Ona haqidagi mashhur hadisini (“Agar jannat axtarsang, onangning oyog’i ostiga yiqil” kalomini) e’tiborga olsak, so’nggi fikr haqiqatga yaqinroq bo’lib chiqadi. Biz ham shu fikrga amal qilib, to’rtinchi qahramonimizning nomini tilga olishga shoshmaymiz, chunki, u-ayol kishi. Ayol qahramonimizni hozircha atamaganimizning boshqa sababi ham bor: bizning yuqorida nomlari tilga olingan qahramonlarimiz ham o’zlarining hamkori bo’lmish bu ajoyib ayolning asl ismini u bilan uchrashgandan keyin ham uzoq muddatgacha bilmaganlar.

Izzat Sultonning “Muqaddima” romaniga oid materiallarni o’rganish ismi yashirilgan to’rtinchi ayolni Gavharshodbegim deb taxmin etishga asos beradi. Shunday qilib, Izzat Sulton “Muqaddima”da Husayn Boyqaro, Alisher Navoiy, Pahlavon Muhammad va Gavharshodbegim obrazlarini yaratishni uz oldiga maqsad qilib qo’ygan.

Bizningcha, 1981 yilning sentyabr`-oktyabr` oylarida “Muqaddima”ning “Zumrad irmoq” nomli birinchi qismidan tashqari, “Homilador tun”deb nomlangan ikkinchi qismining “Qopqon” bobigina yozilgan, xolos. Olim Ko’ktebel bilan xayrlashib, Toshkentga qaytganidan keyin roman ustida ishlash imkoniga ega bo’lmagan. Oradan sakkiz yil o’tgandan keyingina, 1989 yilning dekabrida yana romanga qaytib, uning nomini “Sulton Husaynning baxti” deb o’zgartirgan. Izzat Sultonning shu yil 17 va 22 dekabrda tuzgan rejalariga qaraganda, “Zumrad irmoq”- romanning birinchi qismi bo’lib qolgan, uch bo’limdan iborat ikkinchi qism esa “Homilador tun” deb atalgan.

Izzat Sulton yozmoqchi bo’lgan asar mohiyatini tushunish uchun yana uning 1989 yilga oid qaydlariga murojaat etish joiz. Olim “Bu kitobning yozilmog’iga sabab?” deb nomlangan qaydlarida, jumladan, bundai so’zlarni yozgan:
“Tarix asta-sekin, ammo juda puxta ish ko’radi. Shuning uchun ham bir avlod tomonidan havas, ehtiros va hatto qon to’kish bilan boshlangan ish keyingi avlodlar davrida amalga oshadi. Ariqni bir avlod ochadi, “yig’im-terim”, hosildan bahramand bo’lish esa keyingi avlodlarga muyassar bo’ladigan baxt.

Xuroson tarixida XV asr ana shunday “yig’im-terim” mavsumi bo’ldi. Tariximizning oltin asr deb atalishi mumkin bo’lgan davr yurtning farovonligi, madaniyatning taraqqiyoti jihatidan avval sira ko’rilmagan va hatto bugun ham dunyoni hayratga solayotgan darajaga ko’tarilgan.

Ma’lumki, tarix — konkret shaxslar faoliyatining samarasi. Bu haqiqat, ayniqsa, Sharq xalqlari tarixida o’z tasdig’ini topadi. Sharqda mamlakatning obodonligi yoki xarobligi podshohning yaxshi yoki yomon bo’lishiga juda ko’p jihatdan qattiq bog’liq, chunki yurtning hayot-mamoti suv, sug’orish inshootlarining ahvoli esa davlatning, ya’ni podshohning idrokiga va himmatiga intizor.

Bujihatdan bizning tariximizda XV asr Xurosoni o’z omadi bilan faxrlana oladi: unda 40 yil mobaynida Husayn podshohlik qildi. Fojialarga to’la XV asr namoyandalari qatorida Husayn Boyqaroning taqdiri go’zal, murakkab saboqdir. Alisher Navoiyning Sulton Husayn haqida maxsus asar yozishga niyat etgani, albatta, bejiz emas. O’zining “Tarixi muluki Ajam” asarini Husayn Boyqaroning shaxs va podshoh sifatida qisqacha ta’rifi bilan tugallar ekan, buyuk adib uning haqida maxsus asar yozishga niyat etganini e’lon qiladi. Bu asar Sulton Husaynning “maxfiy va zohir xayoloti” — amalga oshgan va oshmagan orzularini, uning tug’ilgan kunidan to ko’rgan-kechirganlarini sharh etib berishi lozim edi… Ammo beshafqat ajal bu ezgu niyatni juvonmarg etdi.
Alisher Navoiy yozolmay dog’da ketgan shu asarni endi hech kim va hech qachon yozolmaydi. Ammo har yangi avlod buyuk ajdodlariga o’z munosabatini izhor etmay turolmaydi…»

Izzat Sulton “Muqaddima” yoki “Sulton Husaynning baxti” romani bilan buyuk ajdoolarimizga tuygan hurmat va muhabbatini chuqur izhor etgan, desak, odilona bo’ladi.

Izzat Sulton roman uchun tarixiy va afsonaviy voqealarni “Tarixi muluki Ajam”, “Tazkirat ul-avliyo”, “Mubayyad”, “Baxtiyornoma”, ‘Xamsa”va boshqa asarlardan olishni ko’zda tutgan, personajlar tiliga esa Muqimiy asarlari tilini asos qilib olgan edi.

03
IZZAT SULTON
MUQADDIMA
O’rta asrlar hayotidan roman
02

Izzat Sulton (1910—2001) — adabiyotshunos, tanqidchi, dramaturg. U 1910 yilda O’sh shahrida tug’ildi. 14 yoshida Toshkentga kelgan o’spirin «Narimonov» nomli maktabda o’qidi, ta’lim-tarbiya texnikumini bitirdi (1929), maktabda o’qituvchi bo’ldi (1930). 1930 yilda SAGUning ijtimoiy fakultetiga o’qishga kirdi. «Batrak» gazetasida mas’ul kotib bo’ldi (1931). 1932 yilda o’zining ilk adabiy-tanqidiy maqolasini «Qizil O’zbekiston» gazetasida chop ettirdi. Aspiranturadagi o’qishni (1934—1937) jurnalistlik, tanqidchilik faoliyati bilan qo’shib olib bordi: «Kambag’al dehqon» gazetasi tahririyatida ishladi. 1937 yildan Izzat Sultonovning qizg’in ijtimoiy faoliyati boshlandi: Til va adabiyot institutining direktor o’rinbosari (1937—1942), O’zbekiston respublikasi Xalq komissarlari soyuzi qoshidagi radioeshittirish Davlat qo’mitasi raisi muovini (1942—1943), Toshkent badiiy filmlar studiyasi direktori (1943—1945), O’zbekiston Ministrlar Soveti raisining madaniyat ishlari bo’yicha o’rinbosari (1945—1948), O’zbekiston FAning Til va adabiyot instituti direktori (1948—1950), MGUning SSSR xalqlari adabiyoti kafedrasi o’qituvchisi (1950—1953), O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi kotibi (1956—1963).

Izzat Sulton 1947 yilda filologiya fanlari nomzodi, 1954 yilda filologiya fanlari doktori ilmiy darajasini oldi. Ustozi Fitrat ta’sirida adabiyot nazariyasi bo’yicha mutaxassis bo’ldi: A. Sa’diy va Fitratdan keyin «Adabiyot nazariyasi» (1939) maktab darsligini yaratdi. «Burgutning parvozi» (1940) dramasini yozdi. 1980 yilda oliy o’quv yurtlari uchun «Adabiyot nazariyasi» darsligini yaratdi.

«Navoiyning qalb daftari» (1969) — I. Sulton ilmiy ijodining cho’qqisi sanaladi. Bu asar 1979, 1985 yillarda rus tilida, A.Zirin tarjimasida chop etilgan. Olimning mumtoz falsafa va adabiyot sohasidagi bilimdonligi «Bahovuddin Naqshband abadiyati» (1994) monografiyasida yaqqol ko’rinadi.

Izzat Sultonov — dramaturg: «Alisher Navoiy» (Uyg’un bilan hammuallif, 1942), «Imon» (1960), «Noma’lum kishi» (1963), «Bilmayin bosdim tikanni», «Istehkom», «Abdulla Qodiriyning O’tgan kunlari singari dramalar», «Fidoyi», «Dahoning yoshligi», «Senga intilaman» kinosenariylar, «Shoir qalbi» librettosi muallifi.

Izzat Sultonov «O’zbekistonning san’at arbobi» (1964), O’zbekiston FAning muxbir a’zosi (1966), haqiqiy a’zosi (1995), Beruniy nomidagi davlat mukofoti laureatidir (1970). Izzat Sulton 2001 yil 29 iyulda vafot etdi, Chig’atoy qabristoniga dafn qilingan.

033

Olame xoham, ki nabuvad mardumi olam dar u,
K-az jafoi mardumi olam naboshad g’am dar u?*
Foniy (Alisher Navoiy)

Shu vaqtgacha ko’r-ko’rona to’qilgan rivoyatlarda o’tib ketgan deb ko’rsatilgan oltin davr — kelajagimizdir.
Stendal`

09

BIRINCHI QISM

ZUMRAD IRMOQ
Birinchi bob
HIRIY** BO’SAG’ASIDAGI UCHRASHUV

O’n beshinchi asr.
Osiyoning bir qancha mamlakatlarida Uyg’onish davrining tugallanish payti. O’rta Osiyo va Xuroson xalqlari orasidan bir emas, birato’la bir necha genial zotni yetkazib, bashariyatga tuhfa etgan va jahon madaniyati tarixining eng porloq sahifalari qatoridan haqli ravishda joy olgan zamon.

Tarix shoshmasdan, asta-sekin, ammo obdon, puxta ishlashni yoqtiradi, chog’i. Aks holda fojiali sarguzashtlarga to’la ulug’ zamonning nechuk bir ushoq va tasodifiy voqeadan boshlanganini, ya’ni shu zamonga eng ko’p xizmat etish nasibasi bo’lgan, taqdirlari chambarchas bog’liq kishilarning ayni bir soatda bir joyga kelib, ammo tanimasdan, hattoki yuz ko’rishmasdan o’tib ketganini tushunishning ne iloji bor?

866-hijriy yil***ning kuzida, o’rta asrlarning katta davlatlaridan biri bo’lgan va azim Amudaryoning chap, janubiy qirg’og’ida Bahri Hazar****dan tortib, Hindiston chegaralarigacha yastanib yotgan o’lka — Xurosonning poytaxti Hiriy atrofidagi bepoyon sahro oy nuri bilan kumushlangan tun libosiga burkanib, dong qotib uxlab edi.

Vaqt karvoni go’yo “Chorgoh” navosiga rostlab qadam bosayotgandek sekin, vazmin siljir edi.

Tong yorisha boshladi. Hayotbaxsh yorug’likni ilk marotaba qushlar qutlab, tabiatda hukmron sukunat pardasini yirtdilar. Chumchuqlar galasining bezovta va betinim chirillashi chor atrofdan kelayotgan hamma sharpalarni bosib ketdi.

Ufqda quyosh o’z zarrin gardishi qirrasini olamga namoyish eta boshlagan ham ediki, salqin, daydi shamol allaqayoqlardan yetib kelib, sarg’ish sahroni vahimali shovqinga to’ldirdi. Chumchuklar borgan sari qattiqroq bezovtalik bilan chirillay ketdi.
Azamat,serbutoq, sersoya sadaqayrag’och shoxlari shamoldan qattiq chayqalardi. “Qayrag’och qalin bo’lsa, yomg’ir o’tmas” maqolini xalq shunday daraxtga qarab to’qigan bo’lsa ajab emas.Qayrag’ochdan chumchuqlar galasi duvullab ko’tarildi-yu, tez uzoqlashib, ufqqa cho’mib, g’oyib bo’ldi. Sahro ancha jimidi.

—————
* ‘Tarjimasi: “Bir olam istaymanki, unda hozirgi olam kishilari bo’lmasin, bu olam kishi larining jafosidan g’am bo’lmasin”.
** Hozirgi Hirot.
*** Melodiy 1457 yil.
**** Kaspiy dengizi.

Sadaqayrag’ochning soyasida — keng supa. Supaning bir chekkasida — katta xum, ikkinchi chekkasida — o’rta asrlar askarining asosiy yarog’laridan biri — uzun nayza yerga tikka sanchib qo’yilgan. Nayza tagida chuqur o’yga tolib, juda ham keksa, yoshi allaqachon yuzdan oshib ketgan mo’ysafid o’tiribdi.
Supadan narirokda kambag’alning boshpanasi — ko’rimsiz kulba ko’zga tashlanadi.

Qayrag’ochli supa katta karvon yo’lidagi chorrahaga solingan. Kuchayib borayotgan shamol sahrodagi har cho’pga ham tegajog’liq qilib o’tadi. Uzoqda katta shaharning qorasi ko’rinadi.
Nayza tagiga cho’kkan mo’ysafid juda tashvishli. U xuddi muhim xabar keltiruvchi choparlarni kutgandek, goh chapdagi shahar, goh o’ngdagi ufqqa borib taqalgan katta yo’lga intizor nazar tashlaydi.

Osmon cho’qqisiga o’rmalab borayotgan quyosh esa go’yo tashvishli mo’ysafidga o’chakishgandek borgan sari ortiqroq charaqlaydi. Bu samoviy tannoz ulug’vorlik bilan zud yuksalib, o’zining shohi
etaklarini yer yuziga yoyaborar ekan, go’yo der edi: “Ey odam! Sening tashvishlaring bilan mening nima ishim bor?! Sening va sen kabilarning qismati bundan ming yillar avval qanaqa bo’lsa, bugun ham shunaqa, yana ming yillar keyin ham shunaqa bo’ladi: siz, odamlar, tug’ilasizlar, yaxshilik bilan yomonlikning beto’xtov jangi maydonida javlon urasizlar va bitmas-tuganmas orzularingizning bepoyon cho’qqisiga yetishdan avval hayot bilan xayrlashasizlar. Sizlarning tashvishlaringizninggina emas, quvonchlaringizning ham menga hech bir taalluqli joyi yo’q. Mening azaliy va abadiy ishim — nur sochish, xolos!”

Mo’ysafidning intizorligi uzoq davom etdi. Toqati toq bo’lgan mo’ysafid qiyom paytidagina shahar tomondan ikki otliqning bu yoqqa tez kelayotganini ko’rdi va o’rnidan sapchib turdi. U juda keksa bo’lsa ham hassasiz, qomati tik va qadam bosishlari salobatli edi.
Mo’ysafid supaning u burchagiga joylashgan, bo’y-basti odam bo’yidan salgina pastroq xum yoniga keldi, qayrag’och butog’iga osib qo’yilgan odatdagidan ancha katta, yalpoq, sayoz kumush cho’michni olib, xumga soldi.

Shamol kuchaygan sari sadaqayrag’ochning butoq va barglari qattiqroq g’uvullardi.
Haligi ikki otliq allaqachon supa yoniga kelib to’xtagan edi. Ularning biri — shahzodalardek hashamatli kiyingan chiroyli yigit — kumush cho’michni mo’ysafidning qo’lidan olib, uning ichida simobdek yaltirab turgan suvdan ho’plab, ikkinchi otliqqa uzatdi. Ikkinchi otliq qimmatbaho sarupoga burkangan va sehrli shahlo ko’zlaridan pastroqqa ipak parda tutgan ayol edi.

Salom-alik avval o’tgan bo’lsa kerak, mo’ysafid yigitga savol berdi:
— Poytaxtda jang-jadal to’xtabmudur?
Yigit shahar tomonga qarab, xo’rsindi:
— Yo’q. Jangning qay chog’ to’xtamog’i ham ma’lum ermas, Bobo Hokiy!
— Abu Said-chi?
— Kelgindi podshoh Hiriyni tashlab ketmoqqa majbur bo’lur, albat, chunki…
— Bas qiling bu befoyda gaplarni! — deb ayol suhbatni shartta bo’ldi va cho’michni qariyaga uzatib, ta’zim bilan minnatdorlik bildirgach, davom etdi: — Ey piri aziz, bugun bu yigit birla mening hayotim daftarida yangi sahifa ochilmish. Iltimos: istiqbolimizdan fol ko’r!

Ayol mo’ysafidni “sen”ladi: aziz insonni “sen”lash, xuddi Xudoni senlashdek, alohida hurmat alomati edi.
— Ba jonu dil! — dedi mo’ysafid va ayol tomonga birinchi martaba yuz o’girdi. Mo’ysafidning yuzida qattiq ajablanish alomatlari paydo bo’ldi:
— Nechun yuzungni berkitding, ey ayol?
Ayol indamadi.
— Och yuzungni, Xadicha! — buyurdi yigit.

Ayol yuzidagi pardani asta ko’tardi va qariya tutgan yalpoq cho’michga engashdi. Cho’michdagi suv sathida ikki bosh — o’n sakkiz-yigirma yoshlardagi qiz va keksa mo’ysafid qiyofalari aks etdi. Qizning beqiyos jamoli hatto mo’ysafidni ham hayajonga soldi.
Bobo Hokiy xuddi bir narsadan cho’chigan kabi cho’michdan bosh ko’tardi va suv oynasida ko’rganiga ishonmagandek, Xadichaning yuziga qaradi. Xadicha ham cho’michdan bosh olib, cholga hayron tikilib turar edi.

Mo’ysafid qattiq hayajonda dedi:
— Bu dunyodan so’ng ham yuzing pardasin sira tark etma, ey ayol!
Bobo Hokiy bir zum jim qolib, o’z so’zlarini izohlagan ohangda qo’shimcha qildi:
— Bu dunyo uchun bunday husn — koni kulfat!
— Bilurmen! — dedi Xadicha xuddi aybdordek bir ohangda. So’ngra so’z mavzuini o’zgartirishga shoshgandek tez iltijo qildi: — Toleimizdan gapur, avliyoyi aziz!

Mo’ysafid ayolning yuziga yana tikildi va bu gal uning qiyofasida avval ko’ziga chalinmagan xususiyatlarni ko’rib, yana ham ajablandi: uning ro’baro’sida haddan tashqari go’zal, ammo umr chorrahalarida mushkulliklarga duchor bo’la-bo’la charchaganidan chehrasida sezilarli izlar qolgan, bir oz hadik, salgina qo’rkuv bilan boqayotgan bir ma’suma turar edi.

Bobo Hokiy endi yigitga yuz o’girib, bir oz tikilib turdi-da, ayolga yana cho’michga tikilishni ishora qildi va o’zi ham unga engashdi. Mo’ysafid endi o’zini bosib olgan holatda, ayolning suvdagi aksiga bir oz tikilib qoldi.
U cho’michdan boshini ko’tarmay turib, sekin dedi:
— Sening baxting poytaxt Hiriyda qolgan, ey ayol!
Mo’ysafid endi boshini ko’tarib turib, uzokdagi shahar qorasiga ishora etdi.

Yigit va Xadicha bir-birlariga yalt etib qarab olishdi. Ularning lablari bilinar-bilinmas istehzoni ifoda etar edi.
— Sen bu gal… karomat qila bilmading, ey padari buzrukvor! — dedi ayol iljayib.
— Sen qattiq yanglishding, donishmand, — dedi yigit, ammo uning qiyofasidagi istehzoning o’rnini vahima ko’lankasi bosdi.
— Sening baxting ana u yokda, dor us-saltana Hiriyda qolgan, ey sanam! — deb o’jarlik bilan takror etdi mo’ysafid, Xadichaning ko’zlaridan ko’zlarini olmay.

— Aksincha, — dedi Xadicha mo’ysafiddan ham ortiqroq o’jarlik bilan. — Baxtim — mening qoshimda. Mana, mening baxtim!
Cheksiz baxtiyorligi chehrasida barq urib turgan Xadicha o’z yo’ldoshiga ishora qildi.
Bobo Hokiy endi o’pka bilan dedi:
— Bilib qo’y, ey farishtai g’ofila: odam baxtining egizagi bo’lmas!
Xadichaning ruxsoridagi baxtiyorlik shu’lasi bir zumda o’chdi. U endi vahmda yo’ldoshiga nazar tashladi.
Yigitning jaxdi chikdi. Uning ko’zlari Bobo Hokiy ko’zlariga nayza bo’lib sanchildi:
— Sen bir nomurod hasadkor erkansan, chol!
Yigitning alamli “sen”lashida endi hech qanday hurmat nishonasi yo’q edi. Yo’ldoshining shaddodligidan qo’rqib ketgan Xadicha yalinishga shoshdi:
— Noraso suyuklugumning gunohidan o’t, ey odami muqaddas!
Bobo Hokiy yigitning haqoratidan qittak ham ranjimadi:
— Parvardigor shu damda ko’nglumga ne solsa, men shuni derman, ey bolayi lodon!

Yigit jaxl bilan Xadichaning otiga qamchi bosdi. Otlar uchib ketdi.
Bobo Hokiyning qiyofasida o’z foliga komil ishonch namoyon edi.
Bobo Hokiy ikki otliq orqasidan uzoq tikilib qoldi, keyin qo’qqisdan o’sha tomonda qandaydir yangi, qiziq narsani ko’rgandek bo’lib, qiyofasi o’zgardi. U yana xum oldiga shoshdi.
Yigit va Xadicha katta yo’lning ikki butoqqa ayrilishiga yetganlarida, qalin qo’shin boshida kelayotgan ikki yosh otliqni ko’rdilar va shoshib otlarining jilovini burib, chap tomondagi yo’lga o’tib, g’oyib bo’ldilar.

Qo’shindan ancha berida ot o’ynatib kelayotgan anavi ikki yigitning biri namoyishbop serhasham lashkarboshi libosi ustida kumush bilan hallangan serbar sovut, boshida tilla jig’ali po’lat dubulg’a, chap qo’lida yiltiroq sarg’ish qalqon, ikkinchi yigit esa mullavachchaning bejirim kiyimida edi.

Shamol yana kuchaygani sababidan qayrag’ochning qoramtir shox-shabbasi u yoqdan-bu yoqqa yana ham qattiqroq chayqalar va yaltiroq barglar raqsi yosh lashkarboshi va uning hamrohi sha’niga
chalinayotgan guldiros chapaklarga o’xshab ketar edi.

Qayrag’ochning quyuq soyasi keng supada to’lg’anar edi. Avliyo iltifotidan bahramand bo’lish marosimini endi mullavachcha tugatar ekan, yosh lashkarboshi kumush cho’michni hamrohining qo’lidan olib, suvdan bir ho’plab, Bobo Hokiyga qaytardi va ta’zim bilan minnatdorlik bildirdi.
Bobo Hokiy lashkarboshining yo’ldoshiga bir qarab olgach, dedi:
— Bu mudhish ayyomda Hiriyga bormoqni senga kim maslahat bermish, shahzoda Husayn?
— Habibim Alisher, — deb g’urur bilan javob berdi Husayn.
Shahzoda qamchisining uchi bilan hamrohiga ishora qildi va Bobo Hokiydan tashvish bilan so’radi:

— Mudhish ayyom? Nechuk?
— Alisher hali juda yosh, shahzoda, — dedi Bobo Hokiy Husaynning tashvishli savolini javobsiz qoldirib. — Shoir kishi davlat ishlarida ma’qul maslahat bermoqqa qodir bo’lmas!
Bobo Hokiy xuddi aybdordan javob kutgandek, Alisherga nazar tashladi.
— Ammo shahzoda Husayn ma’qul maslahatlarni noma’qul maslahatlardan farq etmakka mohir! — dedi shoir tez va dadillik bilan, ammo beo’pka. — Husayn Boyqaro yangi podshohga beshart-beshubha itoat izhor etmakka shoshadur!
Booo Hokiy Husaynni jiddiy ogoxdantirdi:
— Poytaxtda kechadan beri daryo-daryo qon oqur!

Husayn va Alisher ajablanib, bir-birlariga qarab olishdi: bu xunuk xabarni ular kutmagan bo’lsalar kerak.
— Binobarin, qon daryosin to’xtatmoqqa adolat qilichi darkor! — dedi Husayn. — Hiriyga bormog’imiz muqarrar!.. Bobo Hokiy, iltijo qilurbiz: istiqbolimizdan fol och!
— Hayotimiz varaqlaridin baxtimiz yozilmish sahifani o’qi, ey yaqini Xudo! — deb Alisher qo’shimcha qildi.
— Toki keyin sening tabarruk nafasingdin biz ham bahramand bo’laylik! — deb Husayn iltimosga yakun yasadi.

Bobo Hokiy Husaynning oltin bilan hallangan qalqoniga ko’z tashladi. Avliyo qalqonda fol ochmoqchi bo’lganini tushungan Husayn engashdi.
Qariya qalqonning sarg’ish oynasida yoqimsiz bir narsani ko’rgandek hayajonga tushib, ta’bir aytishga shoshmadi.
Alisher tashvishlanib so’radi:
— Bahodirning qalqonida sen nelar ko’rursen, ey valiy?
Bobo Hokiy qalqondan ko’z olib, Husaynning ko’zlariga tikilib, dedi:
— Sening baxting dor us-saltanat Hiriydan chiqib ketmish, shahzoda!
Husayn jiddiy so’radi:
— Mening baxtim Hiriydan qay yoqg’a ketibdur?
Avliyo zarhal qalqonga yana bir nafas tikilib qoldi:
— Ana u yokg’a! — Bobo Hokiy avvalgi ikki otliq ketgan tomonga ishora qildi. — Sening omading, sening baxting, shahzoda, sahrog’a ketgan!

Husayn va Alisher beixtiyor sahroga nazar tashlashdi. Ular ko’z ilg’ar-ilg’amas uzokdikda ketayotgan bir ayol va bir erkak otliqni ko’rdi, xolos.
Husayn mo’ysafidga yuz o’girdi va jilmaydi:
— Bu navbat sening foling… g’oyat sirli, ey piri aziz!
— Ammo bu gal ham haqqoniy!.. Shu mash’um soatdaHiriyg’a bormoqdin voz kechsang, ma’qul bo’lmasmi, shahzoda?
Husayn o’ylanib qoldi.

Bobo Hokiy yana ham qattiqroq dedi:
— Taxt janjali to’xtamag’uncha sabr qil. Hiriyga shoshma, shahzoda! Sabr tubi — oltin!
Husayn mastlahatlashmoqchi bo’lgandek Alisherga qaradi. Alisher Husaynga emas, Bobo Hokiyga qarab gapirdi:
— Shahzoda Husaynning ahdidan qaytmoq odati yo’q!
Husayn bir qarorga kelgan, ammo shu qarori uchun uzr so’ragan ohangda avliyoga dedi:
— Alvido, ey ezgu niyatli panohgoh!

Bobo Hokiy esa Husaynga javob berish o’rniga Alisherga qaradi va o’z “mag’lubiyat”iga o’zi hayron qolgandek bir zum jim qoldi. So’ngra hech qanday o’pkasiz, “oq yo’l” tilab, ikki do’stni Alloh himoyasiga topshirdi.
— Xudo hofiz!
Bobo Hokiy duo qilib, yuziga qo’l tortdi. Alisher va Husayn bosh engashtirib, unga minnatdorchilik bildirdilar va avliyoga omonlik tilab, o’sha duoni takror etdilar.

Husayn Alisherning otiga qamchi bosdi. Ular Hirot tomon ketib, tez uzoqlashdilar.
Endi Bobo Hokiyninng ro’baro’sidan Husaynning valiy qo’shini shaxdam o’ta berdi.
Sara va yaxshi yarog’langan qo’shin.
Hatto sukunati ham yuraklarga dahshat solishga qodir bo’lgan qo’shin. Keti-oxiri yo’q qo’shin!
Qo’shin shaharga yaqinlasha borar ekan, eng oldindagi sakkiz otliqning ham sarboz, ham hofiz ekani ma’lum bo’ldi:

Iloho podshohi kirdigoro,
Senga ochug’ nihonu oshikoro!

bayti bilan boshlanuvchi munojotni — ibodatga o’xshash qo’shiqni boshlab yuborishdi. Odamlar istiqbol ular uchun saodatlimi yoki falokatlimi, bilmas, ammo har qanday mushkul, sirli paytdagidek, bu gal ham ular Xudodan madad iltijo qilar ekanlar, she’riyatni vositachilikka chorlar edilar. Odamlar iltijosini bu gal Navoiy taxallusi bilan shuhrat qozongan yosh shoir Alisher so’zlari ifoda etmoqda edi.

Shamol kuchayib, borgan sari qattiqroq uvullab, hamon butun sahroga vahima urug’ini sochar edi.
Bobo Hokiy esa endi qorasigina ko’rinayotgan qo’shinga tikilib, hofizlarning salgina eshitilayotgan sadosiga quloq solib, supa qirrasida hamon tikka qotib turar, uning chehrasi endi avvalgidan ham tashvishliroq edi…

Adir cho’qqisi. Husayn va qalin qo’shin bu yerda paydo bo’lganlarida pastda, jangob*da borayotgan qizg’in jang ular diqqatini o’ziga darrov jalb etdi va to’xtashga majbur qildi.
Jangob — maxsus jang maydoni — o’ng va so’lni surishtirmay, bir- birlarini qirayotgan dushmanlar bilan liq to’la. Qirg’in to’lqini goh bir tomonga, goh ikkinchi, teskari tomonga og’ar, kimning g’alaba qozonayotgani va kimning mag’lubiyatga duch kelayotganini bilib bo’lmasdi.

———————-
* Jangob — janggoh.

Ellik yoshlardagi lashkarboshi dushman bahodiri bilan qilich solishib, otdan qulatishi hamono uning yoniga sarboz yetib keldi va qattiq qichqirdi:
— Bek, qarang, kimdir katta qo’shin birla yetib kelayotir!

Bek sarboz ko’rsatgan tomonga shoshib qaradi. U tepalikda oti tipirchilab, o’ynab turgan Husaynni ko’rdi-da, quvonib ketdi va urushayotganlarning bir tomoniga qarata qichqirdi:
— Xurosonliklar! Xudo bizg’a najot kelturdi. Ur! Ol!..
Dushmanlar yana ham qattiqroq jang qila ketdilar.

Keksa lashkarboshi jang maydonidan otilib chiqib, Husayn tomon ot soldi. Lashkarboshi yaqinlashar ekan, Husayn shoshib qichqirdi:
— Vaziyat nechuk, Tug’lug’ Barlosbek? — so’radi Husayn.

— Sen vaqtida yetib kelding, shahzoda! Maydong’a shosh! Endi bizning g’alabamiz muqarrar!
— Ya’ni, xurosonliklarning g’alabasi? — deb so’radi Husayn.
— Balli!
— Oq soqolingiz birla isyonkorlarg’a bosh qo’shmoqqa uyalmadingizmu, bek?
— Bu nima deganing, Husayn? Axir sen ham xurosonliksan!
— Men temuriyman! — dedi Xusayn g’urur bilan va atrofdagilarga buyurdi:
— Bahodirlar! Biz Abu Said Ko’ragoniy ko’magiga borurbiz. O’lg’on shahid, o’ldirg’on g’ozi. Omin!
— Omin! — deb gurulladi butun qo’shin.

Husayn qattiq hayajonda qichqirdi:
— Isyonkorlarni ur, ol!
Husayn otining biqiniga tepkiladi-da, birpasda ko’zdan g’oyib bo’ldi. Uning orqasidan qo’shini quyundek otildi.
Alisher tepalikda qoldi. Yagona sarboz uning yonida haykaldek qotgan edi.
— To’xtat uni, Alisher! — qichqirdi gangib qolgan Tug’lug’ Barlos. Endi uning ovozida yolvorish eshitilar edi. — Husaynni faqat sen to’xtata olursen!

Alisher bu xitobga javoban miyig’ida kulib qo’ydi, xolos.
— Nega indamay turibsan, Alisher! — yana qichqirdi bek.
— Qilich sohibi ermasligimga afsus torturman! — dedi Alisher va sarbozga buyurdi. — Bor, sen ham jangga kir, yigit!
— Mening vazifam sizni asramoq! — astoydil e’tiroz bildirdi sarboz.
Alisher yana ham qattiqroq buyurdi:
— Barchamizning hozirgi vazifamiz — adolatni asramoq! Bor tezroq!
Yigit birpasda ko’zdan g’oyib bo’ldi.

— Sizlar aqldan ozibsizlar! — deb yana qattiqroq qichqirdi darg’azab bek. -Baribir, bizning g’alabamiz muqarrar! Biz erta-indin ikkalangning ham teringni shilib, somon tiqurbiz!. Albatta!
Bek jon-jahdi bilan otini qamchiladi. Alisher uning orqasidan istehzo bilan qichqirdi:
— Siz “Xudo xohlasa”, demoqni unutdingiz, bek!

Jangobda olishuv yanada qizg’inroq davom etar ekan, Husayn boshliq qo’shin yetib kelib, xurosonliklarni orqadan ura ketdi. Isyonkorlar ikki yoqlama jang qilishga majbur bo’lsalar ham, sira bo’sh kelmas edilar.

Alisher qattiq hayajonda jangobdan ko’z uzmay, qonli so’qishuvning oqibatini betoqat kutardi.
U uzoq kutdi. Faqat quyosh uning orqasida, ufqda qip-qizarib bota boshlagandagina Alisherning chehrasida mamnuniyat ifodasi — g’oliblar tabassumi paydo bo’ldi.

Ikkinchi bob
KARVON

Safar vodiysida musofir ayog’iga dardu balo tikanlari ko’p sonchilur,
lekin har tikandin maqsud guli ochilur.

Alisher Navoiy

Husayn Boyqaro va Alisher Navoiyning Hirot bo’sag’asida Bobo Hokiy folini va maslahatini e’tiborsiz qoldirib, Xurosonning yangi podshohi Abu Said bilan taxtga da’vogar xurosonlik temuriylar orasida bo’layotgan dahshatli jangga duch kelganidan keyin ikki oycha vaqt o’tgach, Hirotda karvoni xud (kichik karvon) yo’lga chiqqan edi.

Qop-qorong’i tun.
Karvon tun pardasi ostida asta-sekin jim yo’l bosar edi. Na jaraslar — tuyalarning bo’yniga osilgan katta qo’ng’iroqlar jaranglaydi, na tuyachining ohista, darmonbaxsh xonishi eshitiladi. Karvon emas, go’yo dafn marosimi.

Musofirlar qatorida Sabzavorga ketayotgan yuksiz sakkiz otliq ham bor. Hirot bilan Boyhaq viloyatining markazi Sabzavor orasi yurt tinch mahalda yetgi kunlik yo’l, ammo karvon to’qqiz kun yurgan bo’lsa ham, hali-hamon manzildan uzoqda sudralib borardi.

Adirdan oshib tushilganda, vodiyda uzokdan ko’ringan charog’lar musofirlarni vahimaga soldi. Karvon beixtiyor to’xtadi. Odamlar orasida “Qaroqchilar! Qarokchilar!” degan vahimali ovozlar eshitildi.
Oldindagi novcha otliq orqasiga o’girilib, karvon axlining to’xtaganini ko’rdi-da, qichqirdi:
— Xotirjam bo’ling, xaloyiq! Oldinda ko’ringan charog’ qaroqchilar emas!
Yetgi otliq boshida ketayotgan, qalpoqni bostirib kiygan yosh musofir so’radi:
— Qaroqchi bo’lmasa, ular kimlar, karvonboshi?
— Yulda karvon kutayotgan savdo axli bo’lsa kerak. Qaroqchilar charog’ bilan o’zlarini fosh etmaslar.

Darhaqiqat, ular yaqinlashganida, qo’llarida qora charog’ — mash`alani tutgan ikki otliqni va yuk ortilgan uch tuyani ko’rdilar. Karvonboshi xursand oo’lib ketdi:
— Aytmab edimmi, savdogarlar deb! Bu zot Hirotning mashhur tojiri Xoja Imod janoblari.
Xoja Imod qirq yoshlardagi yoqimtoy va xushbichim kishi ot ustida turib, karvonboshi bilan qadim tanishlardek quyuq so’rashdi va so’radi:
— Hirotdan qay chog’ chiqib edingiz, karvonboshi?
— To’qqiz kun burun.
Savdogar ajablandi:
— Besh-olti kunluq yo’lni to’qqiz kunda o’ttingizmu?
— Savolingizga javob bermokdan avval charog’ingizni o’chirmakni iltijo qilurmen, — dedi karvonboshi.
— Tushundim, — dedi savdogar va engashib, qo’lidagi uzun mash’alaning “bosh”ini tuproqqa beladi. Uning yonidagi otliq — yosh mulozim ham shunday qildi.
Qarvonboshi yo’l boshladi, karvon qimirladi.

Yo’l bo’yi yaxshi suhbatdoshni sog’ingan karvonboshi suhbatni qorong’ida davom ettirishga shoshdi:
— Siz to’qqiz kunda oz yo’l bosg’onimizga sira ajablanmang, taqsir. Biz kunduzlari rabotlarda qo’nib, tunlari tez yo’l bosdik va bundan so’ng ham shunday qilurbiz.
— Qaroqchilarg’a duch kelishdan qo’rqurmisiz?
— Albatta. Kunduzi yursak, karvon ortidan chang ko’tarilur, Qaroqchilar shul changdan nishon olib, jonibimizg’a yetib kelmaklari mumkin. Xayriyatki, to’qqiz kunimiz tinch o’tdi. Ammo qaroqchilardan amin bo’lmak imkoni yo’q. Chunki biz yo’lda qo’ng’on barcha rabotlarda cherik ko’rinmadi, hatto cherik ham qaroqchilikka o’tgan.
— Balli! — dedi savdogar. -Cherikning vazifasi shohrohlardagi rabotlarda savdogarlar va musofirlarning moli va jonini yarog’ bilan himoya etmak bo’lsa ham, agar podshohdan uzoq muddat maosh kelmay qolsa, cherik ham qaroqchilik birla tirikchilik etmakka majbur.

Karvonboshi chuqur “uh” tortdi.
— Buzug’lug’ning oqibati doimo shundoq! Hirotda taxt to’xtab, Abu Said podshohlig’i xutbalarda kun sayin e’lon etilsa ham, mamlakat hali-hanuz tinch nafas olg’on ermas! Hali unda, hali bunda xurosoniy temuriylar kelgindi Abu Saidg’a xuruj qilib turubdir. Buzug’lug’ davom etur!
— Shunday xatarnok zamonda karvon yetaklabsiz, borakallo!
— Buzug’lug’ chog’ida shohroxlarda qatnov kamayur, ammo to’xtamas: hayotning to’xtamog’i mumkin ermas!
— Topib gapurdingiz: hayot to’xtamog’i mumkin ermas! Siz birla bizning kasbimiz buzug’lug’din shikast topar, ammo buzug’luqqa bo’yin egmas! — deb g’ururlandi savdogar.

…Tun yarmidan oqqach, karvonga ikki piyoda kelib qo’shildi. Karvonboshi ular qoshiga kelib, kim ekanini surishtirgan edi, yangi musofirlarning dunyo kezguvchi bevatan darvishlar ekani ma’lum bo’ldi. Karvonboshi “Darvish bor joyda — tashvish yo’q”, degan maqolni esladi va “Xudo yaqinlari’’ning karvonga hamsafarligini sharofatli deb bilib, ich-ichidan quvondi.

Mana, tun ham tugab, tong ota boshlashi bilan karvon axlini yana vahima bosa boshladi. Faqat karvonboshi xotirjam, chunki u Taxti Ravon raboti juda yaqin ekanini biladi.
Nihoyat, rabot ham ko’zga ko’rindi. Musofirlarning ruhi ko’tarildi. Ular Taxti Ravon raboti darvozasi tagida ancha to’xtab qoldilar. Chunki rabotband ovqat va yem-xashak allaqachon tamom bo’lganini aytib, karvonni qabul etishdan bosh tortdi. Xayriyat, tadbirkor karvonboshi rabotbandni bir ish qilib, karvonning kechgacha rabotda bulishiga rozi qildi.

Rabotga xursandchilik bilan kirib keldilar: qal’adek baland devorlar bilan ihota etilgan, darvozasi temirdan, keng hovlilik va ko’p hujralardan iborat mehmonxonada kun bo’yi dam olish imkoniyati mavjud edi. Rabotda soqchi cherik-askarning yo’qligi hech kimni ajablantirmadi.
Musofirlar rabotga tez joylashdilar. Yuklar ayvonga tushirilgach, tuyalar keng hovliga cho’ktirildi. Ertalabki namoz o’qilgach, yarim soat o’tar-o’tmas, istirohat shodiyonasi boshlanib, hujralardan maishat shov-shuvlari eshitila boshladi. Kimdir ichkari hovlidagi qozonxonada paydo bo’lib, go’sht qovurishga kirishdi. Kimdir palov masallig’i bilan to’la sopol laganni ko’tarib, katta hovlidan o’sha tomonga o’tdi. Bir necha daqiqadan so’ng zig’ir yog’ining xush bo’yi dimog’larga urilib, ishtahani kitiqladi. Yana biror soatdan so’ng hujralardan chirmanda va cholg’u sadolari, forsiy va turkiy tillarda ashula eshitila boshladi.

Sensen sevarim, xoh inon, xoh inonma,
Qondur jigarim, xoh inon, xoh inonma, —

so’zlari bilan boshlangan ashulani boshqa bir musofirning o’z-o’zini yupantiruvchi qo’shig’i bosib ketdi:

Rahravoni borqashro sahl don oshomi qahr,
Dar dahoni noqa xori xushk xurmoi tar ast*

* Tarjimasi: “Ey yo’lovchi, bilgilki, mushkul paytda qiyinchiliklarni ko’tarish oson ko’rinadi, tuyaning og’ziga quruq yantoq ham yangi xurmodek tuyuladi”.

Yana bir hujrada yosh, tiniq ovoz sohibi uzoqlarda qolgan mahbubasini eslab, nola qilar edi:

Ul parivashkim, bo’lubman zoru sargardon ango,
Ishqidin olam menga hayronu, men hayron ango.

Karvonboshi, qirq yoshlardagi miqti odam, shoshib Taxti Ravonning katta hovlisidan o’tdi va hujralarning biriga kirib g’oyib bo’ldi.

U hujra ostonasida paydo bo’lganida, bu yerda, kir yostiqlarga suyanib, sakkiz kishi behasham dasturxon ustida o’tirar edi. Ulfatlarning hammasi yoshlar, eng kattasining yoshi yigirma beshdan oshmaydi, hammasi sodda kiyingan. Ulardan ikkitasi libosining soddaligiga qaramasdan, boshqalardan ajralib turibdi. Biri jussasi bilan, biri qiyofasi bilan. Yigirma yoshlardagi birinchi yigitning belidan pasti — xipcha, ingichka, belidan yuqorisi — bo’la, yo’g’on. Yigit shu taxliti bilan sherni eslatar edi. O’n yetgi-o’n sakkizdan oshmagan ikkinchi yigitning butun qiyofasi uning talaba ekanidan yaqqol dalil edi. Karvonboshi shersimon yigitga tikilib, gapirish va gapirmaslikni bilmay, hayajondan bir zum jim qoldi.

— So’zlang, karvonboshi, — dedi shersimon yigit. — mening do’stimdan yashirur sirim yo’q… Rangingiz o’chgan. Sabab?..
— Mirzo, — deb gap boshladi karvonboshi, — hamrohlarimizdan ikkisi yo’qolibdur.
— Ya’ni?
— Yo’lda bizg’a qo’shilg’on ikki darvish bizdin ayrilub, tashqarida qolmish.
“Mirzo” deb atalgan shersimon yigit bir oz hayajonga tushdi va atrofidagi yigitlarga buyurdi:
— Chiqing tezroq tashqarig’a! Qaytaring darvishlarni bu yoqg’a!
Karvonboshi qo’l ishorasi bilan yigitlarni to’xtatdi:
— Ovora bo’lmangiz. Ikki darvish tashqarida yo’q. Ular g’oyib bo’lg’onlar.
Sakkiz kishi bir-birlariga tashvishli nazar tashladilar.

“Mirzo” kaftini tizzasiga pushaymonlik bilan urdi-yu, “talaba”ga qaradi:
— Darvishlar borasidag’i gumoning’iz tasdiq topdi, do’stum. Nega men sizning so’zlaringizga quloq osmadim-a?
— Darvish libosi kiymish bu ikki kishi qaroqchilarning ayg’oqchilari bo’lsa ehtimol, — dedi “talaba” atrofdagilarga.
— Hech shubhasiz, — dedi “mirzo’’ va boshqa olti hamrohiga yana buyurdi:
— Endi qaroqchilarning kelmog’i muqarrar. Hozir turmoq zarur!

“Mirzo”ning hamrohlari sapchib o’rinlaridan turdilar.
— Hamsafarlarimizni ogoh etmay, devor ustig’a chiqingiz, nazorat qilingiz, yakka-yakka chiqingiz.
Yigitlar ostonadan o’tishga ulgurmagan ham ediki, rabotband qirib keldi:
— Taqsirlar, uzoqda chang ko’rinur.. Yo’q, yo’q, vahmga asos yo’q. O’zimizning cherik bo’lsa ham ehtimol. Balki yana karvon kelur. Ammo ehtiyot shart. Shu saoabli huzuringizga shoshibmen.

“Mirzo” hayajonini yashirishga tirishib, karvonboshiga murojaat etdi:
— Ikki darvishning g’oyio bo’lg’onidin o’zga musofirlar ham xabardormular?
— Yo’q, hurmatli mirzo. Bu xabarni men faqat sizlarg’a keturdim.
— Borakallo! — dedi talaba.
— Zudlik birlan harakat etmoq darkor, mirzo! — dedi karvonboshi vahimada.
Rabotband yalt etib shersimon yigitga qaradi. “Mirzo yo amirzodami?” Temuriylar o’z shahzodalarini uzun “amirzoda” o’rniga qisqa qilib, “mirzo” deb ataydilar. Nahotki, shersimon yigit shahzoda bo’lsa? Karvon yo’llarida temuriy shahzoda nima qilib yuribdi? Nechun u sodda fuqaro kiyimida?

Rabotband bu o’ylar asoratidan qutulib o’ziga kelganida, ostonada yakka o’zi qolgan, “mirzo’’ ham, uning hamroxlari ham bu yerdan chiqib ketgan edilar.
Rabotband hovliga chiqqanida “mirzo”ni va uning sheriklarini devor ustida ko’rdi. “Mirzo” shoshib, rabot darvozasi ustidagi soqchixonaga kirib ketayotir edi. Rabotband “mirzo” va uning hamroxlari hozirgina tark etgan hujraga qaytdi va u yerda qo’l urilmay qolib ketgan dasturxonni tez yig’ishtirib olib, hovlida paydo bo’ldi va devor ichidagi pillapoyadan tepaga ko’tarila boshladi.

Qaroqchilarni uzoq kutishga to’g’ri kelmadi.
Raoot tomonga kelayotgan bir to’da otliqning qaroqchilar ekanini rabotband tasdiq etgani hamono “mirzo” buyurdi:
— Sanangiz, necha kipti?!
Yigitlardan biri darrov javob berdi:
— Yigirma to’qkiz otliq!
Yigit qaroqchilarni sanab ulgurgan edi. Suvoriylar tez kelayotganlari uchun chang orqada qolib, ularni sanashga xalaqit oermasdi.

Karvonning eng hurmatli hamsafari, uch tuya molning egasi tojir Xoja Imod o’z hujrasidan tish kavlab chiqib, rabotning keng hovlisiga to’q, befarq nazar tashlab turgan ham ediki, sakkiz yigitning qorovulxonadan chiqib, shoshib pastga tusha boshlaganini ko’rdi. Xoja Imod hayron qoldi. Bu yigitlarning kim ekanini savdogar avval surishtirmagan, faqat ular tagidagi otlarning saraligiga sarafroz* bo’lib edi. O’shanda otlar tojirning havasini keltirdi. «Aspi otashna’l” — tuyog’idan o’t chiqadigan, tezchopar, deb atadi savdogar bu otlarning har birini va ularning “bozor bahosi”ni taxmin etdi. Endi bu yigitlar rabotning xo’jayinidek ish ko’rar — rabotband va karvonboshidan tuyalarni ichkari hovliga ko’chirishni, ayvondagi yuklarni ko’zdan nariga yo’kotishni talab etar, hujralardagi musofirlarni yordamga chaqirar, rabot darvozasini mahkam bekitishga shoshar edilar…

* Sarafroz bo’lish — xursand bo’lish, quvonish.

Qaroqchilar darvozani taqillatganida, rabot suv sepilgandek jimjit edi. Anchagacha javob buo’lmadi. Keyin rabotband kalitlar dastasini ko’tarib, katta hovlidan o’tdi. U darvozani ochmay, qaroqchilar bilan ancha g’ijillashdi. U rabotning soqchi sherigi qaytib kelganini va bu yerga bugun ertalab qo’ngan karvonni Sabzavor tomonga kuzatib ketganini, hozir rabotda hech kim yo’qligini aytib qichqirar, shafqat tilar va darvozadan nari ketishni iltimos qilar edi. Haqiqatan ham, rabot hovlisida tuyalar ko’rinmas, ayvonlar karvon molidan xoli edi. Qaroqchilar o’zaro maslahat qilishdi shekilli, bir oz jim qoldilar. Keyin ular po’pisadan iltimosga ko’chib, rabotda dam olish uchun kirgizishni iltimos qildilar. Darvoza keng ochildi. Qaroqchilar otlarini yetaklagan holda xursand va beparvo kirib keldilar.

Birdaniga bir necha tomondan qilingan hujum qaroqchilarni gangiratib qo’ydi. Sovut kiygan sakkiz qilichboz, o’sha zamon tarixchilarning ta’biri bilan aytganda, jang maydonida javlon urar, boshqa karvon axdi esa, kaltak, bolta, temir kurak, pichoq va shunga o’xshash narsalar bilan qurollangan holda o’z mudofaachilariga yordamlashar edi. Jang qizidi. Kutilmagan zarbalardan qaroqchilar birin-ketin yiqila boshladilar. Bir necha daqiqada qaroqchilarning anchasi yer tishlab qoldi.

— Sarxayl*ing kim, ablahlar? — deb qichqirdi “mirzo».
— Men, — dedi zabardast kishi uning ro’baro’sidan chiqib.
“Mirzo” boshqa qaroqchilar zarbasiga javob qaytara turib qichqirdi:
— O’zgalarning qoni gunohiga qolmoqni istamasang, o’zing o’rtaga tush, yag’mog’ar!
Bu buyruq hammani jangdan to’xtashga majbur etdi. Davrning qadimiy qoidasiga muvofiq, sarxayl jang maydoniga chiqqanida, har ikki tomon jangni to’xtatib, ikki mohir qilich sohibi orasidagi olishuv oqibatini kutishi lozim. Qaysi sarxayl ustun chiqsa, shu tomon jangda yutgan hisoblanadi va yutqizgan sarxaylning tobelari g’olibga taslim bo’ladilar. Birinchi bo’lib qaroqchilar jangni to’xtatdilar, chunki ular o’zlarining ojiz ekanliklarini sezdilar. Yana ular qaroqchilar sarxayli bilan bellashuvga kim jur’at etganini bilmoqchi bo’ldilar.

* Sarxayl — boshliq, sarkarda.

Hammaning ko’zi endi jang maydonida yolg’iz qolgan “mirzo” va zabardast qaroqchiga qaratildi. Bu ikki jangchidan boshqa hamma tomoshabinga aylandi.

Qaroqchilar ham, ularning sarxayli ham bir narsaga hayron qolib, bir zum sukunat sakdashga majbur buldilar: o’rtada tik turgan “mirzo”ning yelkasi juda keng, ko’kragi va bilaklari odatdan tashqari zabardast edi. Uning qilichi ham oddiy qilichlardan ancha uzun va enliroq, bu og’ir qilichni egasi chaqqonlik bilan ishlata olishiga darrov ishonish ham qiyin edi.

Bu olishuvlarda shiddatgina g’alabani ta’min etishini fahmlagan chog’i, qaroqchilar sarxayli uzoq taraddudlanib turmasdan, darhol hujumga o’tdi. “Mirzo” o’zini mudofaa etishga zo’rg’a ulgurar edi. Sarxayl “mirzo”dan yosh jihatidan taxminan ikki marta qatta, ajoyib qilich sohibi ekanligi esa qaroqchilarga yaxshi ma’lum edi. O’z boshliqdarining ustun kelishiga imoni komil qaroqchilar sarxaylning har bir zarbidan xursand bo’lib, “ol!”, “ur!”, “sol!” deb to’xtovsiz qichqirar edilar. “Mirzo” chap bilagidan yarador bo’lganiga qaroqchilarning qichqiriqlari avjga chikdi. “Mirzo” yarador sherdek g’azab bilan hujumga ko’chdi, ammo qaroqchi uning zarbalaridan ustalik bilan qochar va darrov zarbaga zarba bilan javoo qaytarar edi.

Tomoshabinlar omadning goh qaroqchi tomoniga, goh “mirzo” tomoniga og’ishining guvohi bo’lib, uzoq muddat hayajonda qoldilar. Mana, qaroqchi “mirzo”ni orqaga, devor tomonga chekinishga majbur etdi. “Mirzo”ning yelkasi devorga tegay deganida qaroqchi uning ustiga tikka tashlandi. “Mirzo” chaqqonlik bilan o’zini chetga oldi va qaroqchining qilichi devorga sanchilib qoldi. Raqibi qilichini devordan sug’urib olishga urinar ekan, “mirzo” uning orqasiga qilich sanchdi… Yo’q, sanchishga ulgurmadi. Qaroqchi o’zini chetga tortdi. Qaroqchining qilichi devorda sanchilganicha lapanglab qoldi. “Mirzo” qilichsiz qaroqchini quvlab, hovlining narigi qirg’og’iga ketdi.

Qaroqchilar sarxayli o’z sheriklaridan biri irg’itgan qilichni chaqqonlik bilan ilib oldiyu, “mirzo” tomonga qo’qqisdan yuz o’girib, hujumga o’tdi. “Mirzo” orqaga chekinishga majbur bo’ldi. Jang yana hovli o’rtasiga ko’chdi. Qilichbozlarning bab-baravar mahorati, jasorati va topag’onligi jangning hali uzoq davom etishidan darak berar, ammo raqiblarning borgan sari og’irlashayotgan nafasi ayni zamonda ham tantanali, ham mudhish daqiqaning yaqinlashayotganiga har ikki tomonni umidvor qilar edi. Tarafkashlarning qichqiriqlari baland avjga chiqdi.

Borgan sari darmonsizlanib borayotgani sezilib turgan “mirzo”ning holi “talaba”ni qattiq hayajonga soldi… “Talaba” beshafqat davrning farzandi bo’lsa ham, odam qonini ko’rishga qurbi yetmas, do’stining mag’lubiyatini ko’rish esa uning uchun o’lim bilan teng edi. Rangi o’chib, lablari dir-dir qaltirayotgan “talaba” jang maydonidan yuzini chirt o’girdi-yu, uzoq jim qoldi.

Birdaniga odamlar “Zafar! G’alaba!” deb qichqirib yubordilar. Qichqiruvchilar shovqini orasidan savdogar Xoja Imodning xursand ovozi baralla eshitildi. Bu yaxshilik alomatiga ishonishni ham, ishonmaslikni ham bilmagan “talaba” jang maydoniga sekin yuz o’girdi. O’ng yelkasidan qon sizib chiqayotgan qaroqchi yerda yotar, “mirzo” uning ko’kragiga oyog’ini tirab, qasoskor bir holatda qilich ko’tarib turar edi.
— To’xtang, mirzo, zinhor to’xtang! Bas! — deb qichqirib yubordi “talaba”. U g’olib va mag’lub yoniga chopdi. — Tavba qil, g’oratgar, — deb qichqirdi u mag’lub qaroqchiga.

Hamma qaroqchilar sarxaylining halokatini kutgani tufayli hovli maydonida go’riston sukunati o’rnashgan edi. “Talaba”ning ovozi bongdek jarangladi:
— G’olibing qonxo’r ermas! Tavba qilsang, kechirur. Darhol tavba qil, jinoyatkor!
Qaroqchi shoshib qichqirdi:
— Taslimmen! Shafqat et! Tavba qildum!
“Mirzo” qat’iy talab etdi:
— Joningdin umiding bo’lsa, kasofat kasbingdin umrbod voz kechmakka kasamyod et, ablah!
“Mirzo”ning bu talabiga qaroqchilar sarxayli ancha jim qolib, so’ng alam bilan javob berdi:
— Qasamyod eturmen! Yana qaroqchiliq qilsam, meni Xudo ursun!

“Mirzo” mag’lub dushmanning ko’kragidan oyog’ini oldi:
— Tur o’rningdan! Ol qilichingni!
Qaroqchilar sarxayli zo’rg’a o’rnidan turdi va ancha narida yotgan qilichini yerdan oldi.
— Yo’qol endi tezroq!
Qasamyod talabi ham, gunohning kechirilishi ham, ketishga ruxsat ham qaroqchilar sarxaylini hayron qilib qo’ydi: davr qoidalariga binoan, mag’lub dushman o’ldirilishi yoki qulga aylantirilishi lozim edi; sarxayl mag’lub bo’lganidan keyin uning tobelari o’z rahnamosini tashlab qochadi yoki g’olib tomoniga o’tib, unga xizmat qila boshlaydi. (Kim boqsa, maosh to’lasa, askar shuniki!) Ammo qaroqchilar hayratda qotgan edilar.

Qaroqchilar sarxayli endi “mirzo”ga nafrat bilan emas, havas va hasad bilan tikilib, o’rnida kimirlamay tura berdi:
— G’olibim kim? Qasos huquqidan voz kechib, menga ikkinchi hayot baxsh etgan olijanob qilich sohibi kim o’zi? Bilmoq istarman!
“Mirzo” bu savolga javob berishni istamagandek jim qoldi.
— Takallum* et! Ne kishi erursen? — iltijo qildi savdogar. — Ayt ismingni, bahodir! — Uning ovozida g’urur jaranglar edi, go’yo hozirgi g’alaba “mirzo”niki emas, Xoja Imodnikidek.

* Takallum — so’zlash, gapirish.

Hamma gurunglab savdogarning talabini ma’qulladi.
“Mirzo” go’yo ikkilangandek, yana bir zum jim qoldi-da, qaroqchilar sarxayliga tikilib turib, dedi:
— Husayn Boyqaromen!
Faqat Xoja Imod emas, hamma musofir va qaroqchilar hayrat bilan qichqirib yubordi:
-YO ollo! YO ollo!..
— Husayn Boyqaro! Karvon yo’lida shahzoda Husayn?! Inonmam! Aslo inonmam! — deb qichqirib gumon bildirdi qaroqchilar sarxayli. — Xudo haqqi, inonmam!

“Mirzo” xuddi “ishonmasang, menga nima?” degandek, yuzini chirt o’girib, chetga ketdi.
Qaroqchilar sarxaylining orqa tomonidan g’urur to’la ovoz eshitildi:
— Nima, Husayn Boyqaro qilichining zarbi ham inontirolmadimi, yuzi qaro?!
Qaroqchilar sarxayli ajablanib, orqasiga qaradi. Uning ro’baro’sida “talaba” turar edi. Ona suti og’zidan ketmagan xipcha o’smir uni haqoratlashga jur’at etdi. Kim bo’ldi ekan, bu bebosh?
-O’zing kimsan, shaddod?
Qaroqchining savolida mensimaslik yaqqol sezilib turar edi.
— Navoiymen! — deb e’lon etdi “talaba”.
— Alisher Navoiy? — deb qichqirib yubordi bir necha kishi birdan.
Yana Xoja Imodning ovozi yangradi:
-Zullisonayn? Nahotki?
Hamma xipcha “talaba” yoniga otildi.

Alisher Navoiyning g’azallari yurtda keng tarqalgan. U ikki tilda — forsiy va turkiyda — bab-baravar yaxshi yozgani uchun “zullisonayn” (“ikki tilli”) deb shuhrat qozongan, uning ajoyib iste’dodi va shahzoda Husayn bilan do’stligi haqidagi haqiqat va afsonalardan ko’p kishilar yaxshi xabardor edilar. Shunday bo’lsa ham, hammani ikki narsa hayron qoldirdi: hozirgina qaroqchilar bilan olishgan sakkiz jasur va mohir kilichbozning biri shoir ekan. Yana: “shoir” va “zullisonayn” nomlari bilan mashhur kishining munchalik yosh bo’lishi sira aqlga sig’mas edi. Odamlar Navoiyni qurshab olib, turli savollar berib, chug’urlasha ketdilar. Kim musofir-u, kim qaroqchi — endi bilib bo’lmas edi.

Hozirgina bo’lib o’tgan qonli jangning va shonli zafarning qahramoni shahzoda tamoman unutilgan va bir chekkada yolg’iz serrayib turar edi. U qatgiq bostirib kiygan qalpog’ini boshidan yulib olib, u bilan peshonasidagi mo’l terni artdi. Husaynning bu holatiga faqat qaroqchilar sarxayli e’tibor berdi.
Sarxayl uni tanidi.
— Husayn! Xuddi o’zi! Husayn Boyqaro! — deb o’yladi u.

Husayn qaroqchining basharasida alamzadalik tantanasi aralash istehzo ko’rdi va nechundir bir qizarib oldi-yu, shoshib hujrasiga kirib ketdi. Qalam sohibining shuhrati qilich sohibining shuhratidan baland keldi, deb o’yladi yana qaroqchi va orta borayotgan bir mamnuniyat bilan yana ko’nglidan o’tkazdi — rashk! Qalbing rashk otashida yonadi, shahzoda! Ne ilojing bor, Husayn? Dunyoda kim ko’p? Shahzoda ko’p! Shoir esa… Ha, olomon shoh va shahzodalardan hayiqadi, nari borsa — hurmat etadi, ammo shoirga ko’ngil beradi!

Qaroqchilar sarxaylining bir odati bor: hozir shu paytda ish uchun zarur bo’lmagan fikr bilan (bu fikr qanchalik muhim bo’lmasin) o’zini uzoq band etishni yomon ko’radi u. Hozirgi eng zarur ish -o’liklarni yig’ishtirib, bu sharmandalik makonidan tezroq chiqib ketish. Shu sababli qaroqchi o’z sheriklari oldiga shoshdi. Uning sheriklari esa karvon axliga aralashib, xuddi avliyo bilan uchrashgandek, bir xushnudlik bilan hamon Alisher Navoiy atrofida chug’urlashar edi.

Manba: «Jahon adabiyoti», 2014- fevral`

044

(Tashriflar: umumiy 1 633, bugungi 3)

Izoh qoldiring