Jasur Kengboyev. Yong’oq qurti

03   Профессор Даминов очган урушдан сўнг юракка ғулу тушиб, кўнгилга қил ҳам сиғмай қолди. Ижара уйга қаноти ярадор қушдай шалвираб келдим.  Бисотимда бор егулик — қишлоқдан олиб келганим тўрхалтани очдим, таги кўриниб қолибди: тўрт донагина ёнғоқ қаққайиб турибди.

Жасур КЕНГБОЕВ
ЁНҒОҚ ҚУРТИ
04

11  Жасур Кенгбоев 1985 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари универстетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.  “Истеъдод мактаби” VII республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. 2016 йили “Биринчи китобим” лойиҳасида “Кўҳна белбоғ” номли ҳикоялар тўплами чоп этилган.

***

— Маҳмудов, ёнимга!

Шовқин солиб, ҳовлиққанча кириб келган профессорнинг гулдурак овозидан аудитория бир қалқиб тушди. Профессор, гарчи бизга дарси бўлмаса ҳам, туйқус йўқлаб қолгани, курсдошлардан ҳам кўра камина қулингизни чўчитиб юборди.

Аудиторияда ҳаво сийрак, дим. Мисоли атторхона дейсиз. Дўндиқча курсдош қизларнинг ўткир атирлари ифори бошни гангитади.
Ҳамма ярқ этиб каминага қарайди.

Профессор бир даста қоғозни ҳавода ўйнатди-да, столга тарc этказиб ташлади:
— Сен, маҳмадона Маҳмудов, — деди манглайини тириштириб, — миямга тушган қурт бўлдинг!

Оёғимга қалтироқ кирди. Доим вазмин юргувчи профессор Даминов дағдаға билан чорлашидан ўта қалтис бир гап борга ўхшайди.

Дор тагига — профессор столи ёнига қандай бориб қолганимни билмайман.

— Бу нима? — дейди у қоғозлар орасидан бир сиқимини отмоқдан бери қилиб олдимга ташлар экан.

— Нима экан? — дейман қоғозни ўнглаб ўқишга тушиб.
Профессор тутақиб кетади.

— Ипак қурти ҳақида реферат ёз дейилганмиди?

— Ҳа?..

— Ҳой бола, кимни калака қилдинг?! Қаерда ўқиётганингни эсингдан чиқарганмисан? Ипак қуртиям майли, Алишер Навоий ғазалига бир қулоч таърифу тавсиф ёзишга бало борми? Қишлоқ хўжалиги институтида ғазал таҳлили эмас, зараркунанда ҳашароту мева қуртлари ҳақида изланиш олиб бориш керак! Шеърларни филологияга ўқишга кирсанг ёзасан, хўпми?

Эҳ! Энди тушундим! Профессор рефератимни ўқибди… Демак, илгари ёзганларимни ўқимасдан баҳо қўйган экан-да… Эса, ўтган сафар, полиз экинлари баргига тушадиган занг касаллиги мавзусидаги ишда Умар Хайём рубоийларини таҳлил қилганимни сезган бўлиши керак эди-ку…
Ана энди қўлга тушдим. Айбни тан олмоқдан ўзга илож йўқ. Лекин бир томондан, тан олиш ҳам хавфли. Бироқ, отдан тушсак ҳам эгардан тушгимиз йўқ.

— Балки, адашиб, бошқа нарсани топширворгандирман, домла, — дейман мушукдек мулойимлик билан. Профессорга кўз қирим билан қараб қўяман: у нима дейишни билмас, афтидан, кулиб юборишдан ўзини зўрға тияр, ҳамманинг олдида мендек яхши ўқийдиган талабани изза қилишни ҳам маъқул кўрмаётгандай эди. Аммо…

— Энди фойдаси йўқ, — дейди профессор писанда қилиб. — Бемалол “учиб” юраверасиз бу ёғига! Лекин билиб қўйинг, баҳо қўймайман! Тамом!
О, қизталоқ дунё! О, қалбига бир мисқол мутойиба ҳам сиғмайдиган очун! О, шумлик душманию илмийлашиб кетаётган башарият!

Тўхта, профессор тағин бир тарихий рефератимга шама қилдими. Қоғоз ҳошиясига қизил ручкада ўзим ёзган “Учмоққа қанот йўқ ва лек учгайман” деган битигимни эслаб қолган экан. Ўшанда ҳам мавзу қолиб, ўн мисрали шеър битиб қўйгандим-а…

***

Профессор Даминов очган урушдан сўнг юракка ғулу тушиб, кўнгилга қил ҳам сиғмай қолди. Ижара уйга қаноти ярадор қушдай шалвираб келдим.  Бисотимда бор егулик — қишлоқдан олиб келганим тўрхалтани очдим, таги кўриниб қолибди: тўрт донагина ёнғоқ қаққайиб турибди.

Энам айтганки, болам, оч юрма, ҳеч бўлмаса, кунига биттагина ёнғоқ егин, майнанг бутун бўлади. Куни билан туз тотмагандим, қорним сибизға чалар, оёқ-қўлим мадорсизланиб, кўзларим тиниб кетаётганди. Ёнғоқдан бир-иккисини чақиб, апил-тапил бўлка нон билан паққос туширдим.

Водариғ! Иштаҳа карнай бўлиб, егулик таъмидан ҳузур туя бошлаган чоғим сўнгги чаққан ёнғоғим пуч чиқдию аламдан ҳуштак чалиб юборибман. Ёнғоқ косалари ичи куйиб кетган экан, кўмиртоб қоракуя орасида бир майда қурт тарашадай қотиб ётарди. Шу онда профессорнинг: “Қурт одам ризқини қияди. Уларни ўрганиб, қарши чора топмасак, ҳосил олиб бўлмайди. Элимиз ризқини қурт-қумурсқага қўшқўллаб топшириб қўйишга сизу биз — бўлғуси олимларнинг ҳаққи йўқ!”, деган гапи ёдимга тушди. Энағар қуртшунос гапниям олади-да. Эҳтимол, унинг ҳам сўнгги насибасидан қурт чиққандир. “Миямга тушган қурт бўлдинг” деди-ку. Кулгига олиб чакки қилдим-да.

Қорни очнинг мияси яшиндай ишларкан. Қўлни дастрўмолга чала артганча, энциклопедия титкилашга тушдим. Мен учун ҳозир ипак қуртидан кўра, ёнғоқ қурти муҳимроқ эди. Зараркунанда бу қуртнинг илмий тилдаги номига ҳеч тилим келишмади: “Sarrothypus rausculana”! Жониворнинг совуқ турқи акс этган расми ҳам бор экан-у, менинг ёнғоғимдан чиққанидан бироз фарқ қиларди: сураткаш расмга олаётганини сезганми, ғўддайиб турибди. Лўппигина! Ёнғоғимдан чиққани тарашадай қотишдан аввал ҳам касалманд бўлган, шекилли — хийла ориқ эди.

Ёнғоқ қурти дарахт пўстлоғи остида ва ёриқларида пилла ўраб қишлар, пилласи эрта кўкламда ғумбакка айланиб, капалаклари апрелда уча бошларкан. Кулранг қанотли капалаги хом ёнғоққа бир-иккитадан тухум қўяркан. Униб чиққан қурт ёнғоққа у пишмасидан қирон келтираркан…

Талаба қавмига хос танбаллик билан ўйласам, қўлланмаларда бир энлик шу маълумотдан ўзга гап йўқ. Энди золим профессор берган топшириқни қандай бажараман?

Ўйлай-ўйлай, ўзим мустақил шуғулланишга аҳд қилдим. Ижарадош дўстимдан сўраб, биздан уч чақиримча наридаги чоғроқ боғда ёнғоқ борлигини билиб, шартта ўша томон йўл солдим. Чор-атрофи симтўр билан ўралган, ўт-хашаклар тизза бўйи бўлиб ётган боғ, афтидан, қаровсизлигидан харобазорга айланган.

Симтўрдан ошиб ўтаётсам, боғ ўртароғида ўтовга ўхшаган кўҳна кулба ёнида аллаким қора берди. Унга томон юравердим. Ўн одимча босгандим, бир ёнғоқ дарахти тагидан чиқдим. Хас-хашаклар орасида ярми қорайиб кетган ёнғоқ ғўралари ётибди. Ерга узалгим келмай, дарахт шохидан иккитасини узиб олдим.

Бояги одам жим кузатиб турган экан, салом беришим билан бош ирғаб алик олди-да, қўлимдаги ёнғоқ ғўраларига ишора қилиб:

— Узиб нима қилардинг? — деди. — Барибир барака топмайсан. Турган-битгани йод ҳозир. Қўлинг қорайгани қолади.

Қўлига ичак калава ўраб, ўтирғич оёқларини маҳкам боғлашга тараддудланиб турган, саксондан ошган бу одам чамаси ўн йиллардан бери шу харобазор чайлада яшар экан. Боғбонликдан ўзга эрмаги йўққа ўхшайди. Афтидан, уни биров боғбон қилиб тайинламаган ҳам. Ахир боғ хўжаси ҳосилни сўрамаса, нима қиляпсан деб тергамаса, ишидан камчилик топиб, бўшатмаса, бормисан-йўқмисан, демаса. Ҳойнаҳой, боғбон маош ҳам олмаса керак. Хуллас, чорбоғ қандай ташландиқ бўлса, боғбон ҳам унутилишга маҳкум этилгандай…

Чол афт-ангоримга синчиклаб разм солар экан, нимадир юмуш билан келганимни сезиб, кулбага манзират қилди. Ташқарида, чайла олдидаги ёғоч ўтирғичга ўтира қолайлик, дедим. У ёқ-бу ёқдан гапиришган бўлдик. Чолга ғўраларни ёриб, ичидан қурт топишим кераклигини айтдим.

— Топиб нима қиласан? — дея сўради чол.
— Реферат ёзаман.

— Студентмисан?
— Ҳа…

Чол сукутга чўмди. Худди айғоқчини қўлга туширган соқчидай кўзлари айёрона қисилди.

— Тўғрисини айт, сени ким юборди бу ерга?

— Ҳеч ким, — дедим. — Ҳамхонам шу боғда ёнғоқ бор деб, айтганди.

— Шунақами… — деди чол бироз хомуш тортиб. — Бу ерга студентлар келиб туришади. Ҳозир, кутиб тур! — дея чайлага кириб кетди. У бирпасда қадоқ босган қўлида тўрт-беш дона ёнғоқ ўйнатиб чиқди. Уларни менга берар экан, липпасидан носқовоқ чиқариб, бир отим отди. Чол бир қарашда кўнак бўлиб шишиб кетган одамга ўхшарди. Уст-боши кир-чир, юзи бир асрлик дарахт пўстлоғидай ғадир-будур, сочи сийрак, бир тола қораси қолмаган; юрганда қаддини тик тутолмайдиган, оёқларини омонатгина босадиган бу киши ўйга чўмиб, жимиб қолди. Нигоҳида қандайдир безовталик белгилари зуҳур бўлди. Нимадир дейишни истаб, ҳар гапини минг чиғириқдан ўтказиб сўзлайдиган одам каби, фикрларини хаёлида таҳрир қиларди, гўё.. Нос кайфини олиб бўлгач, яна тилга кирди.

— Дардинг қурт бўлса, бемалол ўрганавер, болам, — деди у оғзини чайиб келгач. — Лекин сенга ўзим билган бир омонат гапни айтаман. Менам агроном бўлганман вақтида. Пенсияга чиқиб, зерикдим… Анчадан бери шу боққа қарайман. Бекорчиликдан бир хил меваларни ғўралигидан пишгунича кузатган пайтларим бўлган. Боғбоннинг иши кўп, лекин ёлғиз одамнинг бўш вақтиям оз эмас-да. Кўкламдан кеч кузаккача дарахтлар тагида ёти-и-иб хаёл қиласан. Менам сендай бир пайтлар дуппа-дуруст ёнғоқларнинг қоп-қора кўмирга айланиб қолишига ҳайрон бўлганман. Ёппирай, деганман. Бир йили қасд қилдим: қани, ёнғоқ қандай қилиб бундай бўлиб қоларкан, дедим. Ҳув, боғ адоғида катта қари ёнғоқнинг уч-тўрт ғўрасини ҳар куни кузатдим. Ёнғоқнинг кушандаси қурт. Уям одамга ўхшайди. Қорин ғами бор-да. Ўзи сиғадиган тешик очиб, ғўра ёнғоқнинг ичига бир амаллаб кириб олса, бахти. Бўлиқ бўлиб келаётган мағзини еб бошлагани сайин семиради. Вақт ўтиб, мағиз адо бўлади. Ёнғоқ ичида ҳеч вақо қолмагандан кейин қурт ташқарига чиқишга интилади. Бу пайтда эса, ҳув кирган маҳалидаги нина тешигидек жой унга тор келиб қолади. Семириб кетади-да! Шу учун қанча уринмасин, ташқарига чиқолмайди.

Ундан ҳам ёмони, ёнғоқнинг ичи қуриб, пўсти қаттиқлашган, энди тешикдан чиқиш тугул, уни аввалгидан сал кенгайтиришнинг ҳам иложи қолмайди. Ичкарида ейишга мағиз қолмагач, қурт олдида икки йўл туради: ё очликдан ўлиш ёки охиригача курашиш. Бунинг биргина чораси бор: озиш керак!

Ана шунда ёнғоқ ичида қурт очликдан силласи қуриб, оза бошлайди. Эски, ўша заиф ҳолига қайтиб, ташқарига чиқишга уринади. Бу камдан-камига насиб этади. Чиққани ҳам бундоқ қараса, унинг учун мавсум тугаб, ортда қуриган ёнғоқдан бошқа ҳеч нима қолмаган бўлади. Қаршисида вақтнинг бешафқат ҳукми ўқилади. У барибир ўлимга маҳкум…

Эй, болам… Одамзоднинг ҳам йўриғи шу. Баъзиларнинг ҳаёти худди ёнғоқ қуртиникига ўхшайди. Мол-дунё илинжида бошини минг тешикка тиқади. Қорин дардида умрини кўкка совуради. Ҳаётини беҳуда нарсалар билан андармон бўлиб ўтказиб юборади. Энди одамга ўхшаб, қаноат қилиб умр кечираман деганида ҳаётининг сўнгги дамларини яшаётган, остонасида ўлим лашкари асов отдай кутиб турган бўлади…

Чол кўп гапирди. Дам дарахтларга, дам осмонга, тарам-тарам булутларга кўз ташлаб, худди донишмандлардай сўзлар экан, мижжасидан ғилт этиб томчи ёш чиққанини илғадим.

Шунда бир манзара кўз олдимдан ўтди. Муштдай бошим билан мен ўзим ҳам тушкунлик дарёсига улоқтирилганим, маслакдошим йўқлигини ўйладим. Атрофимдагилар, ҳойнаҳой, буни феъли-хўйимдан кўрар, аммо қачонлардир оёғига тош боғлаб сувга улоқтирилган ошиқ-мошиқлар ҳам умрининг сўнгги дамларида ҳаётни телбаларча севгани, бир нафас бўлса-да, ўпкасини тўлдириб нафас олишга интилганини кўз олдимга келтирар эканман, қачондир менда ҳам шундай бир ҳолат — ўлим шарбатидан татиб кўриш фурсати келиши, ўшанда мен ҳам ютоқиб шарбатдан ичган кўйи яна бир нафас, бор-йўғи бир нафасгина кўзим очиқ туришини, ҳаводан тўйиб сипқориб, шу ёруғ олам жамолини сўнгги бор кўриб қолишга ҳаракат қилишимга ишонаман, ҳолбуки, бу ишонч авваллари ҳам бўлган, бироқ танамдан жоннинг чиқишини ҳис қилгандаги титроғини туймаганим рост, етмиш икки томиримда оқаётган иссиқ қоним совиши, вужудим тупроққа айланиб, қумурсқаларга ем бўлишини, эҳтимол, айнан ёнғоқ қурти эмасу, оддий қуртларга талов бўлишини ҳис этмаганман. Чолнинг гапларини эшитар эканман, қурт ҳам, профессорнинг топшириғи ҳам буткул хаёлимдан кўтарилди, чолнинг ўзи, устида ўлим шарпаси кезиб юрган одамнинг нариги дунёга тайёр ё тайёр эмаслиги мени қизиқтириб қўйгани боисми, саноқли кунлардан сўнг ер юзида яна бир одам, мана шу, қаршимдаги чол бўлмаслигини ўйлаганимдан таъсирландим, сафсатага тўлиб-тошган дунёсини ёмон кўриб кетдим.

Боболаримизни ўйладим. Тунлари осмонга боқиб, юлдузларни санаб ётганимда дадам доим, юлдуз санама, дерди. “Нега?”. “Қути учади”. Ҳайрон қолардим: саноғи йўқ юлдузнинг нега қути учаркан?

Барибир хаёлда бобою момоларимизни санаб ётардим. “Отамнинг бобоси — бир, момоси — икки, отаси — уч, ўгай онаси — тўрт, она томондан бобом — беш, момом — олти…”

Бугун ўша жажжи бармоқларим катта-катта бўлган, аммо… санаган бобою момолар йўқ!.. Йиллар ўтиб, бари тупроққа қўйилди. Бирма-бир, олдинма-кетин.

Ғўралигиданоқ бу ёруғ дунёи дуннинг бор дард-ситамини тотган боболару момоларни наҳотки қурт-қумурсқалар еб-битирган? У қуртларнинг номи нима? Одамқуртми?

Тўхтанг-тўхтанг! Чалғиб кетдим. Профессор тўғри айтган экан, мияга қурт тушса, ёмон бўларкан. Кўнглим бўшаб кетди. Ё алжираб қолдимми…

Ахир мен реферат ёзишим керак-ку. Эрта-индин яна профессорнинг дарси. Аниқ илмий асосли гаплар ўрнига яна бирор алломаи замон ё шоирнинг шиғирини шарҳлаб қўя қоламанми? Профессор ўқиб қолса, бу сафар нақ ўқишдан ҳайдаб юборади-я. Ё манави чолнинг фалсафаси ҳақида ёзсаммикан? Ўнта илмий далилдан зўрку-я… Ие, капаси куйиблар кетсин! Ўқишдан ҳайдалиш — охирзамон эмас-ку!

***

Ижарахона келдим-у, мук тушиб реферат ёзишга тушдим. Илк сатрим шундай чиқди: “Буюк немис агроном олими Н.Багбаннинг ёзишича, ёнғоқ қурти
ўта зараркунанда жонивор бўлиб, у ўз нафсининг қурбонига айланади…”

Биламан, профессор буни атай, қасдма-қасдига ўқийди. Аммо у, гарчи профессор бўлса-да, немис олими Н.Багбаннинг кимлигини аниқлай олмайди. Қидиргани билан тополмайди. Бировдан сўрашга уялади: “Бе, домла, бу соҳада энг билимдон ўзингиз бўла туриб, шу олимни танимайсизми? Ҳе-ҳе-ҳе…” Адабиёту манбаларда эса, ундай одам номи йўқ. Чунки Багбан деганларини мен, камина қулингиз ҳозиргина ўйлаб топдим-да. “Н”ни қўяверинг, “ғ”нинг белидаги чизиқчани атай тортмай, “г”га айлантириб, “боғбон”дан ажнабий олим ясаганимни, ҳаётда профессор деган улуғ номдан кўра, бир парча нонини ҳалоллаб ейдиган боғбоннинг фарқи катталигини, умрини қоғозу илмий далиллар тўплаш билан елга совуришдан наф йўқлигини, наф бўлганда ҳам, борди-ю менинг ўрнимга тушиб қолса, тўрвасидаги сўнгги емаги бўлган ёнғоғидан бенасиб қолиб, қуртга едириб қўйишнинг нақадар аламли эканини у қайдан билсин.

Рефератимни аччиқ ичакдай чўзиб ўтирмадим. Боғбондан эшитганларимга тўн кийдириб чиқдим, холос. Профессор Даминов деганлари нима қилса-қилсин, нима деса-десин. Муҳими, мен кимнинг бошига тушган қурту, профессорнинг ўзи қандай бош эканини дафъатан англаб етгандайман, буни рефератим билан исботлашим қолди, холос…

* * *

Жума куни биринчи дарс профессорники эди. Юрагим така-пука бўлиб турибди. Шу пайт курсбоши йигит ҳовлиқиб аудиторияга кириб келди.
— Ўртоқлар, бугун дарс бўлмасмиш. Профессорнинг уйида таъзия бўлиб қолибди… Отаси қазо қилибди.

Бу шумхабардан сесканиб кетган эсак-да, ичимизда бироз енгил тортгандай бўлдик, ҳарна, дарс бўлмайди-ку…

Хуллас, ўша куни ўқитувчилару кўпчилик талаба бир бўлиб таъзияга бордик. Профессорни ҳашаматли ҳовлиси остонасида тўн кийиб, белига белбоғ боғлаб, қўлида дастрўмол тутганча, кўзлари қизарган аҳволда кўрдик. Ғўссахонада одам кўп. Марҳум отахонни сўнгги манзилга кузатгани илм аҳли, профессорнинг қариндош-уруғи, дўстлари тўпланиб, издиҳом ясаган…

Биз турган кекса тут тагида уч-тўрт ўқитувчимиз пичир-пичир қилаётганини эшитиб қолдим.

— Даминов домла ёлғиз отасини уйига сиғдирмади-я… Раҳматли металл заводнинг ташландиқ боғида яшаб юрган экан…

Танамни яшин ургандай, карахт бўлиб қолдим.

05  Professor Daminov ochgan urushdan so’ng yurakka g’ulu tushib, ko’ngilga qil ham sig’may qoldi. Ijara uyga qanoti yarador qushday shalvirab keldim. Bisotimda bor yegulik — qishloqdan olib kelganim to’rxaltani ochdim, tagi ko’rinib qolibdi: to’rt donagina yong’oq qaqqayib turibdi.

Jasur KENGBOEV
YoNG’OQ QURTI
04

011Jasur Kengboyev 1985 yili tug’ilgan. O’zbekiston davlat jahon tillari universtetining xalqaro jurnalistika fakulьtetini tamomlagan. “Iste’dod maktabi” VII respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. 2016 yili “Birinchi kitobim” loyihasida “Ko’hna belbog’” nomli hikoyalar to’plami chop etilgan.

***

— Mahmudov, yonimga!

Shovqin solib, hovliqqancha kirib kelgan professorning guldurak ovozidan auditoriya bir qalqib tushdi. Professor, garchi bizga darsi bo’lmasa ham, tuyqus yo’qlab qolgani, kursdoshlardan ham ko’ra kamina qulingizni cho’chitib yubordi.

Auditoriyada havo siyrak, dim. Misoli attorxona deysiz. Do’ndiqcha kursdosh qizlarning o’tkir atirlari ifori boshni gangitadi.
Hamma yarq etib kaminaga qaraydi.

Professor bir dasta qog’ozni havoda o’ynatdi-da, stolga tarc etkazib tashladi:
— Sen, mahmadona Mahmudov, — dedi manglayini tirishtirib, — miyamga tushgan qurt bo’lding!

Oyog’imga qaltiroq kirdi. Doim vazmin yurguvchi professor Daminov dag’dag’a bilan chorlashidan o’ta qaltis bir gap borga o’xshaydi.

Dor tagiga — professor stoli yoniga qanday borib qolganimni bilmayman.

— Bu nima? — deydi u qog’ozlar orasidan bir siqimini otmoqdan beri qilib oldimga tashlar ekan.

— Nima ekan? — deyman qog’ozni o’nglab o’qishga tushib.
Professor tutaqib ketadi.

— Ipak qurti haqida referat yoz deyilganmidi?

— Ha?..

— Hoy bola, kimni kalaka qilding?! Qayerda o’qiyotganingni esingdan chiqarganmisan? Ipak qurtiyam mayli, Alisher Navoiy g’azaliga bir quloch ta’rifu tavsif yozishga balo bormi? Qishloq xo’jaligi institutida g’azal tahlili emas, zararkunanda hasharotu meva qurtlari haqida izlanish olib borish kerak! She’rlarni filologiyaga o’qishga kirsang yozasan, xo’pmi?

Eh! Endi tushundim! Professor referatimni o’qibdi… Demak, ilgari yozganlarimni o’qimasdan baho qo’ygan ekan-da… Esa, o’tgan safar, poliz ekinlari bargiga tushadigan zang kasalligi mavzusidagi ishda Umar Xayyom ruboiylarini tahlil qilganimni sezgan bo’lishi kerak edi-ku…

Ana endi qo’lga tushdim. Aybni tan olmoqdan o’zga iloj yo’q. Lekin bir tomondan, tan olish ham xavfli. Biroq, otdan tushsak ham egardan tushgimiz yo’q.

— Balki, adashib, boshqa narsani topshirvorgandirman, domla, — deyman mushukdek muloyimlik bilan. Professorga ko’z qirim bilan qarab qo’yaman: u nima deyishni bilmas, aftidan, kulib yuborishdan o’zini zo’rg’a tiyar, hammaning oldida mendek yaxshi o’qiydigan talabani izza qilishni ham ma’qul ko’rmayotganday edi. Ammo…

— Endi foydasi yo’q, — deydi professor pisanda qilib. — Bemalol “uchib” yuraverasiz bu yog’iga! Lekin bilib qo’ying, baho qo’ymayman! Tamom!

O, qiztaloq dunyo! O, qalbiga bir misqol mutoyiba ham sig’maydigan ochun! O, shumlik dushmaniyu ilmiylashib ketayotgan bashariyat!

To’xta, professor tag’in bir tarixiy referatimga shama qildimi. Qog’oz hoshiyasiga qizil ruchkada o’zim yozgan “Uchmoqqa qanot yo’q va lek uchgayman” degan bitigimni eslab qolgan ekan. O’shanda ham mavzu qolib, o’n misrali she’r bitib qo’ygandim-a…

***

Professor Daminov ochgan urushdan so’ng yurakka g’ulu tushib, ko’ngilga qil ham sig’may qoldi. Ijara uyga qanoti yarador qushday shalvirab keldim.

Bisotimda bor yegulik — qishloqdan olib kelganim to’rxaltani ochdim, tagi ko’rinib qolibdi: to’rt donagina yong’oq qaqqayib turibdi.

Enam aytganki, bolam, och yurma, hech bo’lmasa, kuniga bittagina yong’oq yegin, maynang butun bo’ladi. Kuni bilan tuz totmagandim, qornim sibizg’a chalar, oyoq-qo’lim madorsizlanib, ko’zlarim tinib ketayotgandi. Yong’oqdan bir-ikkisini chaqib, apil-tapil bo’lka non bilan paqqos tushirdim.

Vodarig’! Ishtaha karnay bo’lib, yegulik ta’midan huzur tuya boshlagan chog’im so’nggi chaqqan yong’og’im puch chiqdiyu alamdan hushtak chalib yuboribman. Yong’oq kosalari ichi kuyib ketgan ekan, ko’mirtob qorakuya orasida bir mayda qurt tarashaday qotib yotardi. Shu onda professorning: “Qurt odam rizqini qiyadi. Ularni o’rganib, qarshi chora topmasak, hosil olib bo’lmaydi. Elimiz rizqini qurt-qumursqaga qo’shqo’llab topshirib qo’yishga sizu biz — bo’lg’usi olimlarning haqqi yo’q!”, degan gapi yodimga tushdi. Enag’ar qurtshunos gapniyam oladi-da. Ehtimol, uning ham so’nggi nasibasidan qurt chiqqandir. “Miyamga tushgan qurt bo’lding” dedi-ku. Kulgiga olib chakki qildim-da.

Qorni ochning miyasi yashinday ishlarkan. Qo’lni dastro’molga chala artgancha, entsiklopediya titkilashga tushdim. Men uchun hozir ipak qurtidan ko’ra, yong’oq qurti muhimroq edi. Zararkunanda bu qurtning ilmiy tildagi nomiga hech tilim kelishmadi: “Sarrothypus rausculana”! Jonivorning sovuq turqi aks etgan rasmi ham bor ekan-u, mening yong’og’imdan chiqqanidan biroz farq qilardi: suratkash rasmga olayotganini sezganmi, g’o’ddayib turibdi. Lo’ppigina! Yong’og’imdan chiqqani tarashaday qotishdan avval ham kasalmand bo’lgan, shekilli — xiyla oriq edi.

Yong’oq qurti daraxt po’stlog’i ostida va yoriqlarida pilla o’rab qishlar, pillasi erta ko’klamda g’umbakka aylanib, kapalaklari aprelda ucha boshlarkan. Kulrang qanotli kapalagi xom yong’oqqa bir-ikkitadan tuxum qo’yarkan. Unib chiqqan qurt yong’oqqa u pishmasidan qiron keltirarkan…

Talaba qavmiga xos tanballik bilan o’ylasam, qo’llanmalarda bir enlik shu ma’lumotdan o’zga gap yo’q. Endi zolim professor bergan topshiriqni qanday bajaraman?

O’ylay-o’ylay, o’zim mustaqil shug’ullanishga ahd qildim. Ijaradosh do’stimdan so’rab, bizdan uch chaqirimcha naridagi chog’roq bog’da yong’oq borligini bilib, shartta o’sha tomon yo’l soldim. Chor-atrofi simto’r bilan o’ralgan, o’t-xashaklar tizza bo’yi bo’lib yotgan bog’, aftidan, qarovsizligidan xarobazorga aylangan.

Simto’rdan oshib o’tayotsam, bog’ o’rtarog’ida o’tovga o’xshagan ko’hna kulba yonida allakim qora berdi. Unga tomon yuraverdim. O’n odimcha bosgandim, bir yong’oq daraxti tagidan chiqdim. Xas-xashaklar orasida yarmi qorayib ketgan yong’oq g’o’ralari yotibdi. Yerga uzalgim kelmay, daraxt shoxidan ikkitasini uzib oldim.

Boyagi odam jim kuzatib turgan ekan, salom berishim bilan bosh irg’ab alik oldi-da, qo’limdagi yong’oq g’o’ralariga ishora qilib:

— Uzib nima qilarding? — dedi. — Baribir baraka topmaysan. Turgan-bitgani yod hozir. Qo’ling qoraygani qoladi.

Qo’liga ichak kalava o’rab, o’tirg’ich oyoqlarini mahkam bog’lashga taraddudlanib turgan, saksondan oshgan bu odam chamasi o’n yillardan beri shu xarobazor chaylada yashar ekan. Bog’bonlikdan o’zga ermagi yo’qqa o’xshaydi. Aftidan, uni birov bog’bon qilib tayinlamagan ham. Axir bog’ xo’jasi hosilni so’ramasa, nima qilyapsan deb tergamasa, ishidan kamchilik topib, bo’shatmasa, bormisan-yo’qmisan, demasa. Hoynahoy, bog’bon maosh ham olmasa kerak. Xullas, chorbog’ qanday tashlandiq bo’lsa, bog’bon ham unutilishga mahkum etilganday…

Chol aft-angorimga sinchiklab razm solar ekan, nimadir yumush bilan kelganimni sezib, kulbaga manzirat qildi. Tashqarida, chayla oldidagi yog’och o’tirg’ichga o’tira qolaylik, dedim. U yoq-bu yoqdan gapirishgan bo’ldik. Cholga g’o’ralarni yorib, ichidan qurt topishim kerakligini aytdim.

— Topib nima qilasan? — deya so’radi chol.
— Referat yozaman.

— Studentmisan?
— Ha…

Chol sukutga cho’mdi. Xuddi ayg’oqchini qo’lga tushirgan soqchiday ko’zlari ayyorona qisildi.

— To’g’risini ayt, seni kim yubordi bu yerga?

— Hech kim, — dedim. — Hamxonam shu bog’da yong’oq bor deb, aytgandi.

— Shunaqami… — dedi chol biroz xomush tortib. — Bu yerga studentlar kelib turishadi. Hozir, kutib tur! — deya chaylaga kirib ketdi. U birpasda qadoq bosgan qo’lida to’rt-besh dona yong’oq o’ynatib chiqdi. Ularni menga berar ekan, lippasidan nosqovoq chiqarib, bir otim otdi. Chol bir qarashda ko’nak bo’lib shishib ketgan odamga o’xshardi. Ust-boshi kir-chir, yuzi bir asrlik daraxt po’stlog’iday g’adir-budur, sochi siyrak, bir tola qorasi qolmagan; yurganda qaddini tik tutolmaydigan, oyoqlarini omonatgina bosadigan bu kishi o’yga cho’mib, jimib qoldi. Nigohida qandaydir bezovtalik belgilari zuhur bo’ldi. Nimadir deyishni istab, har gapini ming chig’iriqdan o’tkazib so’zlaydigan odam kabi, fikrlarini xayolida tahrir qilardi, go’yo.. Nos kayfini olib bo’lgach, yana tilga kirdi.

— Darding qurt bo’lsa, bemalol o’rganaver, bolam, — dedi u og’zini chayib kelgach. — Lekin senga o’zim bilgan bir omonat gapni aytaman. Menam agronom bo’lganman vaqtida. Pensiyaga chiqib, zerikdim… Anchadan beri shu boqqa qarayman. Bekorchilikdan bir xil mevalarni g’o’raligidan pishgunicha kuzatgan paytlarim bo’lgan. Bog’bonning ishi ko’p, lekin yolg’iz odamning bo’sh vaqtiyam oz emas-da. Ko’klamdan kech kuzakkacha daraxtlar tagida yoti-i-ib xayol qilasan. Menam senday bir paytlar duppa-durust yong’oqlarning qop-qora ko’mirga aylanib qolishiga hayron bo’lganman. Yoppiray, deganman. Bir yili qasd qildim: qani, yong’oq qanday qilib bunday bo’lib qolarkan, dedim. Huv, bog’ adog’ida katta qari yong’oqning uch-to’rt g’o’rasini har kuni kuzatdim. Yong’oqning kushandasi qurt. Uyam odamga o’xshaydi. Qorin g’ami bor-da. O’zi sig’adigan teshik ochib, g’o’ra yong’oqning ichiga bir amallab kirib olsa, baxti. Bo’liq bo’lib kelayotgan mag’zini yeb boshlagani sayin semiradi. Vaqt o’tib, mag’iz ado bo’ladi. Yong’oq ichida hech vaqo qolmagandan keyin qurt tashqariga chiqishga intiladi. Bu paytda esa, huv kirgan mahalidagi nina teshigidek joy unga tor kelib qoladi. Semirib ketadi-da! Shu uchun qancha urinmasin, tashqariga chiqolmaydi.

Undan ham yomoni, yong’oqning ichi qurib, po’sti qattiqlashgan, endi teshikdan chiqish tugul, uni avvalgidan sal kengaytirishning ham iloji qolmaydi. Ichkarida yeyishga mag’iz qolmagach, qurt oldida ikki yo’l turadi: yo ochlikdan o’lish yoki oxirigacha kurashish. Buning birgina chorasi bor: ozish kerak!

Ana shunda yong’oq ichida qurt ochlikdan sillasi qurib, oza boshlaydi. Eski, o’sha zaif holiga qaytib, tashqariga chiqishga urinadi. Bu kamdan-kamiga nasib etadi. Chiqqani ham bundoq qarasa, uning uchun mavsum tugab, ortda qurigan yong’oqdan boshqa hech nima qolmagan bo’ladi. Qarshisida vaqtning beshafqat hukmi o’qiladi. U baribir o’limga mahkum…

Ey, bolam… Odamzodning ham yo’rig’i shu. Ba’zilarning hayoti xuddi yong’oq qurtinikiga o’xshaydi. Mol-dunyo ilinjida boshini ming teshikka tiqadi. Qorin dardida umrini ko’kka sovuradi. Hayotini behuda narsalar bilan andarmon bo’lib o’tkazib yuboradi. Endi odamga o’xshab, qanoat qilib umr kechiraman deganida hayotining so’nggi damlarini yashayotgan, ostonasida o’lim lashkari asov otday kutib turgan bo’ladi…

Chol ko’p gapirdi. Dam daraxtlarga, dam osmonga, taram-taram bulutlarga ko’z tashlab, xuddi donishmandlarday so’zlar ekan, mijjasidan g’ilt etib tomchi yosh chiqqanini ilg’adim.

Shunda bir manzara ko’z oldimdan o’tdi. Mushtday boshim bilan men o’zim ham tushkunlik daryosiga uloqtirilganim, maslakdoshim yo’qligini o’yladim. Atrofimdagilar, hoynahoy, buni fe’li-xo’yimdan ko’rar, ammo qachonlardir oyog’iga tosh bog’lab suvga uloqtirilgan oshiq-moshiqlar ham umrining so’nggi damlarida hayotni telbalarcha sevgani, bir nafas bo’lsa-da, o’pkasini to’ldirib nafas olishga intilganini ko’z oldimga keltirar ekanman, qachondir menda ham shunday bir holat — o’lim sharbatidan tatib ko’rish fursati kelishi, o’shanda men ham yutoqib sharbatdan ichgan ko’yi yana bir nafas, bor-yo’g’i bir nafasgina ko’zim ochiq turishini, havodan to’yib sipqorib, shu yorug’ olam jamolini so’nggi bor ko’rib qolishga harakat qilishimga ishonaman, holbuki, bu ishonch avvallari ham bo’lgan, biroq tanamdan jonning chiqishini his qilgandagi titrog’ini tuymaganim rost, yetmish ikki tomirimda oqayotgan issiq qonim sovishi, vujudim tuproqqa aylanib, qumursqalarga yem bo’lishini, ehtimol, aynan yong’oq qurti emasu, oddiy qurtlarga talov bo’lishini his etmaganman. Cholning gaplarini eshitar ekanman, qurt ham, professorning topshirig’i ham butkul xayolimdan ko’tarildi, cholning o’zi, ustida o’lim sharpasi kezib yurgan odamning narigi dunyoga tayyor yo tayyor emasligi meni qiziqtirib qo’ygani boismi, sanoqli kunlardan so’ng yer yuzida yana bir odam, mana shu, qarshimdagi chol bo’lmasligini o’ylaganimdan ta’sirlandim, safsataga to’lib-toshgan dunyosini yomon ko’rib ketdim.

Bobolarimizni o’yladim. Tunlari osmonga boqib, yulduzlarni sanab yotganimda dadam doim, yulduz sanama, derdi. “Nega?”. “Quti uchadi”. Hayron qolardim: sanog’i yo’q yulduzning nega quti ucharkan?

Baribir xayolda boboyu momolarimizni sanab yotardim. “Otamning bobosi — bir, momosi — ikki, otasi — uch, o’gay onasi — to’rt, ona tomondan bobom — besh, momom — olti…”

Bugun o’sha jajji barmoqlarim katta-katta bo’lgan, ammo… sanagan boboyu momolar yo’q!.. Yillar o’tib, bari tuproqqa qo’yildi. Birma-bir, oldinma-ketin.

G’o’raligidanoq bu yorug’ dunyoi dunning bor dard-sitamini totgan bobolaru momolarni nahotki qurt-qumursqalar yeb-bitirgan? U qurtlarning nomi nima? Odamqurtmi?

To’xtang-to’xtang! Chalg’ib ketdim. Professor to’g’ri aytgan ekan, miyaga qurt tushsa, yomon bo’larkan. Ko’nglim bo’shab ketdi. Yo aljirab qoldimmi…

Axir men referat yozishim kerak-ku. Erta-indin yana professorning darsi. Aniq ilmiy asosli gaplar o’rniga yana biror allomai zamon yo shoirning shig’irini sharhlab qo’ya qolamanmi? Professor o’qib qolsa, bu safar naq o’qishdan haydab yuboradi-ya. Yo manavi cholning falsafasi haqida yozsammikan? O’nta ilmiy dalildan zo’rku-ya… Ie, kapasi kuyiblar ketsin! O’qishdan haydalish — oxirzamon emas-ku!

***

Ijaraxona keldim-u, muk tushib referat yozishga tushdim. Ilk satrim shunday chiqdi: “Buyuk nemis agronom olimi N.Bagbanning yozishicha, yong’oq qurti  o’ta zararkunanda jonivor bo’lib, u o’z nafsining qurboniga aylanadi…”

Bilaman, professor buni atay, qasdma-qasdiga o’qiydi. Ammo u, garchi professor bo’lsa-da, nemis olimi N.Bagbanning kimligini aniqlay olmaydi. Qidirgani bilan topolmaydi. Birovdan so’rashga uyaladi: “Be, domla, bu sohada eng bilimdon o’zingiz bo’la turib, shu olimni tanimaysizmi? He-he-he…” Adabiyotu manbalarda esa, unday odam nomi yo’q. Chunki Bagban deganlarini men, kamina qulingiz hozirgina o’ylab topdim-da. “N”ni qo’yavering, “g’”ning belidagi chiziqchani atay tortmay, “g”ga aylantirib, “bog’bon”dan ajnabiy olim yasaganimni, hayotda professor degan ulug’ nomdan ko’ra, bir parcha nonini halollab yeydigan bog’bonning farqi kattaligini, umrini qog’ozu ilmiy dalillar to’plash bilan yelga sovurishdan naf yo’qligini, naf bo’lganda ham, bordi-yu mening o’rnimga tushib qolsa, to’rvasidagi so’nggi yemagi bo’lgan yong’og’idan benasib qolib, qurtga yedirib qo’yishning naqadar alamli ekanini u qaydan bilsin.

Referatimni achchiq ichakday cho’zib o’tirmadim. Bog’bondan eshitganlarimga to’n kiydirib chiqdim, xolos. Professor Daminov deganlari nima qilsa-qilsin, nima desa-desin. Muhimi, men kimning boshiga tushgan qurtu, professorning o’zi qanday bosh ekanini daf’atan anglab yetgandayman, buni referatim bilan isbotlashim qoldi, xolos…

* * *

Juma kuni birinchi dars professorniki edi. Yuragim taka-puka bo’lib turibdi. Shu payt kursboshi yigit hovliqib auditoriyaga kirib keldi.
— O’rtoqlar, bugun dars bo’lmasmish. Professorning uyida ta’ziya bo’lib qolibdi… Otasi qazo qilibdi.

Bu shumxabardan seskanib ketgan esak-da, ichimizda biroz yengil tortganday bo’ldik, harna, dars bo’lmaydi-ku…

Xullas, o’sha kuni o’qituvchilaru ko’pchilik talaba bir bo’lib ta’ziyaga bordik. Professorni hashamatli hovlisi ostonasida to’n kiyib, beliga belbog’ bog’lab, qo’lida dastro’mol tutgancha, ko’zlari qizargan ahvolda ko’rdik. G’o’ssaxonada odam ko’p. Marhum otaxonni so’nggi manzilga kuzatgani ilm ahli, professorning qarindosh-urug’i, do’stlari to’planib, izdihom yasagan…

Biz turgan keksa tut tagida uch-to’rt o’qituvchimiz pichir-pichir qilayotganini eshitib qoldim.

— Daminov domla yolg’iz otasini uyiga sig’dirmadi-ya… Rahmatli metall zavodning tashlandiq bog’ida yashab yurgan ekan…

Tanamni yashin urganday, karaxt bo’lib qoldim.

021

(Tashriflar: umumiy 450, bugungi 1)

Izoh qoldiring