Jo’ra Fozil. Yaxshilar.

021
Қорни оч, боши айланарди. Бандаргоҳдаги бир қаҳвахонага кирди, таомномага узоқ термулиб ўтирди, лекин буюртма беришга журъат этмади. Айтишганидек, очлик катта холанг эмас, у барибир қуймоқ, қаҳва олиб келишни илтимос қилишга мажбур бўлди.Ходима унга синчков назар ташлади. Cўнгра айтганларини олиб келиб, ёқимли иштаҳа тилади. Йигит нонушта қилиб бўлгач эса ходима: «Майли, агар пулингиз бўлмаса, кейин бериб кетарсиз», деди.

001
Жўра Фозил
ЯХШИЛАР
Ҳикоя

04

У улуғ дарё соҳилидаги мангу баҳор мамлакатида қишни, қорни соғиниб, одамларга яхшилик қилиш орзусида яшарди. Юрагида яхшиликка ташналик ҳисси жуда кучли эди, шу боис Янги йил арафасида орзуларини ҳақиқатга айлантирмоқчи бўлди.

Қорни оч, боши айланарди. Бандаргоҳдаги бир қаҳвахонага кирди, таомномага узоқ термулиб ўтирди, лекин буюртма беришга журъат этмади. Айтишганидек, очлик катта холанг эмас, у барибир қуймоқ, қаҳва олиб келишни илтимос қилишга мажбур бўлди.

Ходима унга синчков назар ташлади. Cўнгра айтганларини олиб келиб, ёқимли иштаҳа тилади. Йигит нонушта қилиб бўлгач эса ходима: «Майли, агар пулингиз бўлмаса, кейин бериб кетарсиз», деди.

Йигит қизариб кетди. “Йўқ, йўқ! Мен газета ўқимоқчиман, холос. Кейин тўлайман”, деди.

Ёнидаги столда ўзи тенги йигит бир қиз билан нонушта қиларди. У жилмайганича сўз қотди:

— Дўстим, оёғингиз остига қаранг, пулингиз тушиб қолибди.

Йигит нигоҳини газетадан узиб, оёқлари остига қаради. Бир боғлам яп-янги 1000 сўмликлар…

— Йўқ, бу менинг пулим эмас!

— Cизники, — деди йигит, — ахир, сизнинг оёғингиз остига менинг пулим тушмайди-ку! Мана, менинг ҳамёним жойида турибди, — у қўлига ҳамёнини олиб, минг сўмликларни кўрсатди.

— Йўқ, — деди кескин тарзда ночор йигит. — Мен яқин орада қўлимда бунча пул ушламаганман.

Хайрихоҳ йигит бир зум ўйланди-ю, шундай деди:

— Қайтанга яхши-ку! Бу сизга Янги йил совғаси бўлса, не ажаб?

“Эҳ, деди — ич-ичидан эзилиб, эзгулик орзусида юрган йигит. Бировнинг пулини ўзимники қилишим керакми?…”

Нотаниш йигит эса сўзидан қайтадиганлардан эмас экан, секин ўрнидан қўзғолиб, унинг ёнига келди.

— Ишонинг, оёғингиз остидаги пул — сизники. Мени қасам ичишга мажбур этманг! — у шунчалар самимият, ишонч билан гапирардики, бояқиш пулни олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай, аросатда қолди.

Шунда йигитнинг шериги — сулувгина қиз уларнинг ёнига келди.

— Ҳа, ҳа, пул сизники! Чўнтагингиздан дастрўмол олганингизда тушиб кетганини ўз кўзим билан кўрдим.

“Наҳот, шундай беғубор боқаётган кўзлар ҳам ёлғон гапирса? Умрим бино бўлиб, шунча пулни қўлимда ушлаганим йўқ-ку! Яна, дастрўмол дейди.”

У ўй-хаёллари билан банд экан, ҳалиги йигит эгилиб, оёқ остидаги пулни олди ва қўлида салмоқлаб кўрди-да, столга “шап” этказиб қўйди.

— Мана, олинг, бу сизга!

— Хўп, майли, — деди йигит тили зўрға айланиб, — у бошқалар эътибор қила бошлаганидан ўнғайсизланди. — Мен пулни оламан. Фақат бир шарт билан. Кимлигингизни, манзилингизни айтасиз?

— Жоним билан.

Йигит чўнтагидан зар ҳошияли ташрифнома олиб, пул ёнига қўйди.

— Агар меҳмонимиз бўлсангиз, бошимиз осмонга етарди!

У ўз ўрнига бориб ўтирди. Ходимани чақириб, ҳисоб-китоб қилди-да, ҳамроҳини қўлтиқлаб, ташқарига чиқди.

Одамларга яхшилик истовчи қўллари куйгудек бўлиб, пулни олди-да, чўнтагига солди. Cўнгра қўрқа-писа ташрифномага кўз югуртирди, ҳайронлиги янада орт­ди.

Исм-шариф дунёга машҳур бойваччага тааллуқли эди.

У кўчага югуриб чиқмоқчи эди, ходима ўзи томонга келаётганини кўриб, ўрнидан қўзғалолмади.

— Яна бирор нима истайсизми? — сўради аёл жилмайиб.

— Ҳа, бир финжон қаҳва келтирсангиз…

Cўнгра у дераза ортидаги қор учқунлари, йўлнинг нариги бетида ўрнатилган арча ўйинчоқларини томоша қилганича нонуштани давом эттирди. Иссиқ қаҳвани ҳузурланиб симирар экан, бойвачча қилган яхшиликка қандай жавоб қайтариш тўғрисида хаёл сура бошлади.

Кўчага чиққанида, қор ўйнаб-учиб ёғар, бу — мангу баҳор ўлкага табиатнинг ҳаддан ташқари сахий инъоми эди.

У чўнтагидаги пулларни ғижимлаганча қор босган кўчаларда узоқ кезди ва бу ўзига Янги йил совғаси эканига узил-кесил ишонди.

Орадан бир неча кун ўтди. Янги йил арафасидаги воқеа уни ларзага солган эди.

“Одамларга яхшилик соғинган кишининг чўнтагида кам деганда ўн минг сўм ортиқча пули бўлиши керак экан”, дея ўйларди у.

* * *

…Шундан сўнг йигит ҳаётини тубдан ўзгартириб, тижорат билан шуғулланди. Тез орада бо­йиб кетди.

У Наврўз ва Янги йил арафасида етим-есир, бева-бечораларнинг манзилларини аниқлаб, поч­та орқали юз-икки юз минглаб пул жўнатар, исмини сира ошкор этмас, “Қорбобо совғаси”, деб ёзиб қўярди, холос. Бундан ўзи сира қаноатланмас, юрагида инсонларга тинмай яхшилик қилиш иштиёқи янги куч билан алангаланаверарди. У ҳамон ёлғиз эди, бойлигини нима қилишни билмасди.

Муқаддас китобларнинг бирида айтилганидек, бу дунёи дунда очилмайдиган сир йўқ. Орадан яна кўп йиллар ўтгач, Қорбобо номидан пул улашиб юрган сахий инсоннинг номи ҳам ошкор бўлди. Афтидан, почта ходимаси эҳтиётсизлик қилиб кимгадир “гуллаб” қўйган.

Қарабсизки, бу сирдан бутун дунё воқиф бўлди. Ҳамма уни олқишлар, миннатдорчилик билдирар, хат-хабар, телефон қўнғироғи-ю, интернет хабарларининг сон-саноғи йўқ эди.

Замонавий Ҳотами Той бироз гангиб қолди. Бу вақтга келиб, у саксон ёшдан ошган эди.

У юрагида шунча йил сақлаб юрган орзуини ҳол этмоқчи бўлди. Ўзининг иш қоғозларини титкилар экан, нуфузли бир газета мухбири билан учрашиш вақти бўлганини эслаб, кўча эшиги томон юрди. Худди шу аснода қўнғироқ жиринглади. Мухбир ўз вақтида етиб келганди.

Улар биринчи қаватдаги анвойи гуллар билан безатилган, ям-яшил арча чироғлари ёниб турган кенг-мўл хонада суҳбатлашга бошладилар.

— Айтинг-чи, — деди мухбир йигит диктофон тугмасини босар экан, — қирқ йил мобайнида муҳтожларга жуда кўп миқдорда пул улашар экансиз, бундан қандай мақсадни кўзлагансиз? Нега шунча йил исмингизни ошкор этмадингиз?

Чол арчанинг ялтир-юлтур ўйинчоқларига бир муддат тикилиб турди-да, сўнгра жилмайди, юзидаги ажинлар тағин ҳам чуқурлашиб кетди. Кейин яна бироз жим тургач, савол берувчига юзланди:

— Наҳот, тушунмаган бўлсангиз? Cиз, шундай йирик газетанинг мухбирисиз-а? Ахир, дунёда журналистлар билмайдиган бирор сир, воқеа, ҳодиса йўқ-ку!

Очиғини айтганда эса, яхшилик агар чин юракдан қилинган бўлса, бу ҳақда гапириш жоиз эмас. Миннатдек туюлиши мумкин. Боз устига, “Ўнг қўлинг қилган хайр-эҳсонни чап қўлинг билмасин”, дейишади-ку!.

— Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз, — деди мухбир хиёл қизаринқираб. — Мен саволни бироз нотўғри қўйдим. Узр…

У хийла ёш бўлса-да, ўз касбининг ҳадисини пухта эгаллаганди, орадаги ноқулайликка бар­ҳам бериш учун анвойи гулларни мароқ билан томоша қила бошлади.

Чол ҳам йигитга бироз фурсат бергач, суҳбатни давом эттирди.

— Тижорат қонун-қоидалари ниҳоятда шафқатсиз. Лекин инсон ҳар қандай шароитда ҳам ўзлигини сақлаб қолиши керак. Акс ҳолда, яшашнинг, ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Кўпчилик мени фақат ўз меҳнати билангина бо­йиб кетган деб ўйлашади. Йўқ, асло бундай эмас! Мени ҳар доим яхши одамлар қўллаб қувватлашди.

Ҳали жуда ёшлигимда, одамларга фақат яхшилик қилиш ҳақида ўйлардим. Ўйлардим-у, бу хом хаёлни қандай амалга оширишни билмасдим. Ҳатто, қорин тўйдиришга ҳам пулим йўқ эди.

Шундай оч-наҳор кунларимда тентираб юриб, бир қаҳвахонага кириб, нонушта буюрдим…, — давлатманд чол бошидан ўтган воқеани ҳар балога қизиқувчи мухбир йигитга рўй-рост айтиб берди. Бир пасдан сўнг яна давом этди — Ҳа, бир оғиз ширин сўз ҳам эзгулик бўлиши мумкин-ку, дея эътироз қиларсиз? Тўппа-тўғри! Яхшилик қилиш нияти номоддийдир. Ният аввало юракда, шуурда пайдо бўлади. У ширин калом, лутф ила изҳор этилади. Ҳа, ҳаёт тасодиф, икир-чикир, мураккабликларга тўла. Фақат, номоддий эзгулик истаги моддийга айланмоғи учун қаттиқ меҳнат қилиш керак. Ана ўшанда буюк Хаёллар — буюк Эзгуликка айланади. Қабоҳат учун эса ҳеч қандай меҳнат керакмас, у ўз-ўзидан содир бўлаверади, шу боис қадрсиздир ва охир-оқибат, эзгулик қўлида барҳам топади!

Чол гап тамом дегандай ўрнидан турди. Зеро, бошқа савол-жавобга ўрин қолмаганди.

Хонадон соҳиби меҳмонни кўча эшигигача кузатиб қайтгач, яна иш қоғозларини титкилашда давом этди ва ўша, ўзига кўп йиллар олдин тақдим этилган ташрифномани топиб олди.

Cўнгра у бир ҳафта мобайнида ёрдамчи, ҳисобчи-иқтисодчилар билан биргаликда пуллари, қимматбаҳо қоғозлари, мол-мулкини уч қисмга бўлди. Бир қисмини меҳрибонлик уйи, иккинчисини саратонга қарши шифохона ҳисобига ўтказди.

Учинчи қисмини эса, азиз ўқувчим, тушуниб турганидай, оч-наҳор пайтида ўзини қўллаган ўша жуфтлик — эр-хотинми, ёинки, ошиқ-маъшуқми, бунисини билмайди ва энди ушбу ҳолатнинг аҳамияти йўқ, — манзилига жўнатиб юборди.

Қаҳрамонимизни ўзига тенг­қур бўлган эркак ва аёлнинг ҳозир ҳаёт ёки ҳаёт эмаслиги ҳам ташвишлантирмади. Чунки эзгулик ўз манзилига йўлланди, вассалом!

…Бир умр ёлғиз яшаган қаҳрамонимиз … йилни ҳам ясатиқлик арча қошида бир ўзи кутиб олди. “Ким билади, пичирларди унинг лаблари, келаётган йил мен учун Коинот тегирмони сарҳисобининг энг охирги варағидир?.. Нима бўлганда ҳам, мен бахтиёрман…”.

Қария секин юриб хона ўртасига борди, қўлидаги май тўла биллур қадаҳни баланд кўтарди.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси, июль,2014

04

011Жўра Фозил 1949 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факултетини тугатган.
“Муҳаббатнинг байрамлари” (1991), “Барқут мавсум” (1992), “Бухоройи шариф элчилари” (1996), “Бахт юлдузи” (1997), “Менинг қизил гулим” (1998), “Болаликнинг ёлғиз ёдгори” (2002), “Бухорийнинг қайтиб келиши” (2004), “Айрилиқ остонаси” (2005), “Тирамоҳ армонлари” (2009), “Биз лола термаган баҳор” (2010) каби ҳикоя, қисса, романлари жамланган китоблари нашрдан чиққан.Ҳозирда “Ромитаннома” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлайди.

Jo’ra Fozil 1949 yilda Buxoro viloyati Romitan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan. “Muhabbatning bayramlari” (1991), “Barqut mavsum” (1992), “Buxoroyi sharif elchilari” (1996), “Baxt yulduzi” (1997), “Mening qizil gulim” (1998), “Bolalikning yolg’iz yodgori” (2002), “Buxoriyning qaytib kelishi” (2004), “Ayriliq ostonasi” (2005), “Tiramoh armonlari” (2009), “Biz lola termagan bahor” (2010) kabi hikoya, qissa, romanlari jamlangan kitoblari nashrdan chiqqan.Hozirda “Romitannoma” gazetasi bosh muharriri lavozimida ishlaydi.

05
Jo’ra Fozil

YAXSHILAR
Hikoya

04

U ulug’ daryo sohilidagi mangu bahor mamlakatida qishni, qorni sog’inib, odamlarga yaxshilik qilish orzusida yashardi. Yuragida yaxshilikka tashnalik hissi juda kuchli edi, shu bois Yangi yil arafasida orzularini haqiqatga aylantirmoqchi bo’ldi.

Qorni och, boshi aylanardi. Bandargohdagi bir qahvaxonaga kirdi, taomnomaga uzoq termulib o’tirdi, lekin buyurtma berishga jur’at etmadi. Aytishganidek, ochlik katta xolang emas, u baribir quymoq, qahva olib kelishni iltimos qilishga majbur bo’ldi.

Xodima unga sinchkov nazar tashladi. Co’ngra aytganlarini olib kelib, yoqimli ishtaha tiladi. Yigit nonushta qilib bo’lgach esa xodima: «Mayli, agar pulingiz bo’lmasa, keyin berib ketarsiz», dedi.

Yigit qizarib ketdi. “Yo’q, yo’q! Men gazeta o’qimoqchiman, xolos. Keyin to’layman”, dedi.

Yonidagi stolda o’zi tengi yigit bir qiz bilan nonushta qilardi. U jilmayganicha so’z qotdi:

— Do’stim, oyog’ingiz ostiga qarang, pulingiz tushib qolibdi.

Yigit nigohini gazetadan uzib, oyoqlari ostiga qaradi. Bir bog’lam yap-yangi 1000 so’mliklar…

— Yo’q, bu mening pulim emas!

— Cizniki, — dedi yigit, — axir, sizning oyog’ingiz ostiga mening pulim tushmaydi-ku! Mana, mening hamyonim joyida turibdi, — u qo’liga hamyonini olib, ming so’mliklarni ko’rsatdi.

— Yo’q, — dedi keskin tarzda nochor yigit. — Men yaqin orada qo’limda buncha pul ushlamaganman.

Xayrixoh yigit bir zum o’ylandi-yu, shunday dedi:

— Qaytanga yaxshi-ku! Bu sizga Yangi yil sovg’asi bo’lsa, ne ajab?

“Eh, dedi — ich-ichidan ezilib, ezgulik orzusida yurgan yigit. Birovning pulini o’zimniki qilishim kerakmi?…”

Notanish yigit esa so’zidan qaytadiganlardan emas ekan, sekin o’rnidan qo’zg’olib, uning yoniga keldi.

— Ishoning, oyog’ingiz ostidagi pul — sizniki. Meni qasam ichishga majbur etmang! — u shunchalar samimiyat, ishonch bilan gapirardiki, boyaqish pulni olishni ham, olmaslikni ham bilmay, arosatda qoldi.

Shunda yigitning sherigi — suluvgina qiz ularning yoniga keldi.

— Ha, ha, pul sizniki! Cho’ntagingizdan dastro’mol olganingizda tushib ketganini o’z ko’zim bilan ko’rdim.

“Nahot, shunday beg’ubor boqayotgan ko’zlar ham yolg’on gapirsa? Umrim bino bo’lib, shuncha pulni qo’limda ushlaganim yo’q-ku! Yana, dastro’mol deydi.”

U o’y-xayollari bilan band ekan, haligi yigit egilib, oyoq ostidagi pulni oldi va qo’lida salmoqlab ko’rdi-da, stolga “shap” etkazib qo’ydi.

— Mana, oling, bu sizga!

— Xo’p, mayli, — dedi yigit tili zo’rg’a aylanib, — u boshqalar e’tibor qila boshlaganidan o’ng’aysizlandi. — Men pulni olaman. Faqat bir shart bilan. Kimligingizni, manzilingizni aytasiz?

— Jonim bilan.

Yigit cho’ntagidan zar hoshiyali tashrifnoma olib, pul yoniga qo’ydi.

— Agar mehmonimiz bo’lsangiz, boshimiz osmonga yetardi!

U o’z o’rniga borib o’tirdi. Xodimani chaqirib, hisob-kitob qildi-da, hamrohini qo’ltiqlab, tashqariga chiqdi.

Odamlarga yaxshilik istovchi qo’llari kuygudek bo’lib, pulni oldi-da, cho’ntagiga soldi. Co’ngra qo’rqa-pisa tashrifnomaga ko’z yugurtirdi, hayronligi yanada ort­di.

Ism-sharif dunyoga mashhur boyvachchaga taalluqli edi.

U ko’chaga yugurib chiqmoqchi edi, xodima o’zi tomonga kelayotganini ko’rib, o’rnidan qo’zg’alolmadi.

— Yana biror nima istaysizmi? — so’radi ayol jilmayib.

— Ha, bir finjon qahva keltirsangiz…

Co’ngra u deraza ortidagi qor uchqunlari, yo’lning narigi betida o’rnatilgan archa o’yinchoqlarini tomosha qilganicha nonushtani davom ettirdi. Issiq qahvani huzurlanib simirar ekan, boyvachcha qilgan yaxshilikka qanday javob qaytarish to’g’risida xayol sura boshladi.

Ko’chaga chiqqanida, qor o’ynab-uchib yog’ar, bu — mangu bahor o’lkaga tabiatning haddan tashqari saxiy in’omi edi.

U cho’ntagidagi pullarni g’ijimlagancha qor bosgan ko’chalarda uzoq kezdi va bu o’ziga Yangi yil sovg’asi ekaniga uzil-kesil ishondi.

Oradan bir necha kun o’tdi. Yangi yil arafasidagi voqea uni larzaga solgan edi.

“Odamlarga yaxshilik sog’ingan kishining cho’ntagida kam deganda o’n ming so’m ortiqcha puli bo’lishi kerak ekan”, deya o’ylardi u.

* * *

…Shundan so’ng yigit hayotini tubdan o’zgartirib, tijorat bilan shug’ullandi. Tez orada bo­yib ketdi.

U Navro’z va Yangi yil arafasida yetim-yesir, beva-bechoralarning manzillarini aniqlab, poch­ta orqali yuz-ikki yuz minglab pul jo’natar, ismini sira oshkor etmas, “Qorbobo sovg’asi”, deb yozib qo’yardi, xolos. Bundan o’zi sira qanoatlanmas, yuragida insonlarga tinmay yaxshilik qilish ishtiyoqi yangi kuch bilan alangalanaverardi. U hamon yolg’iz edi, boyligini nima qilishni bilmasdi.

Muqaddas kitoblarning birida aytilganidek, bu dunyoi dunda ochilmaydigan sir yo’q. Oradan yana ko’p yillar o’tgach, Qorbobo nomidan pul ulashib yurgan saxiy insonning nomi ham oshkor bo’ldi. Aftidan, pochta xodimasi ehtiyotsizlik qilib kimgadir “gullab” qo’ygan.

Qarabsizki, bu sirdan butun dunyo voqif bo’ldi. Hamma uni olqishlar, minnatdorchilik bildirar, xat-xabar, telefon qo’ng’irog’i-yu, internet xabarlarining son-sanog’i yo’q edi.

Zamonaviy Hotami Toy biroz gangib qoldi. Bu vaqtga kelib, u sakson yoshdan oshgan edi.

U yuragida shuncha yil saqlab yurgan orzuini hol etmoqchi bo’ldi. O’zining ish qog’ozlarini titkilar ekan, nufuzli bir gazeta muxbiri bilan uchrashish vaqti bo’lganini eslab, ko’cha eshigi tomon yurdi. Xuddi shu asnoda qo’ng’iroq jiringladi. Muxbir o’z vaqtida yetib kelgandi.

Ular birinchi qavatdagi anvoyi gullar bilan bezatilgan, yam-yashil archa chirog’lari yonib turgan keng-mo’l xonada suhbatlashga boshladilar.

— Ayting-chi, — dedi muxbir yigit diktofon tugmasini bosar ekan, — qirq yil mobaynida muhtojlarga juda ko’p miqdorda pul ulashar ekansiz, bundan qanday maqsadni ko’zlagansiz? Nega shuncha yil ismingizni oshkor etmadingiz?

Chol archaning yaltir-yultur o’yinchoqlariga bir muddat tikilib turdi-da, so’ngra jilmaydi, yuzidagi ajinlar tag’in ham chuqurlashib ketdi. Keyin yana biroz jim turgach, savol beruvchiga yuzlandi:

— Nahot, tushunmagan bo’lsangiz? Ciz, shunday yirik gazetaning muxbirisiz-a? Axir, dunyoda jurnalistlar bilmaydigan biror sir, voqea, hodisa yo’q-ku!

Ochig’ini aytganda esa, yaxshilik agar chin yurakdan qilingan bo’lsa, bu haqda gapirish joiz emas. Minnatdek tuyulishi mumkin. Boz ustiga, “O’ng qo’ling qilgan xayr-ehsonni chap qo’ling bilmasin”, deyishadi-ku!.

— Ha, ha, siz haqsiz, — dedi muxbir xiyol qizarinqirab. — Men savolni biroz noto’g’ri qo’ydim. Uzr…

U xiyla yosh bo’lsa-da, o’z kasbining hadisini puxta egallagandi, oradagi noqulaylikka bar­ham berish uchun anvoyi gullarni maroq bilan tomosha qila boshladi.

Chol ham yigitga biroz fursat bergach, suhbatni davom ettirdi.

— Tijorat qonun-qoidalari nihoyatda shafqatsiz. Lekin inson har qanday sharoitda ham o’zligini saqlab qolishi kerak. Aks holda, yashashning, hayotning qizig’i qolmaydi. Ko’pchilik meni faqat o’z mehnati bilangina bo­yib ketgan deb o’ylashadi. Yo’q, aslo bunday emas! Meni har doim yaxshi odamlar qo’llab quvvatlashdi.

Hali juda yoshligimda, odamlarga faqat yaxshilik qilish haqida o’ylardim. O’ylardim-u, bu xom xayolni qanday amalga oshirishni bilmasdim. Hatto, qorin to’ydirishga ham pulim yo’q edi.

Shunday och-nahor kunlarimda tentirab yurib, bir qahvaxonaga kirib, nonushta buyurdim…, — davlatmand chol boshidan o’tgan voqeani har baloga qiziquvchi muxbir yigitga ro’y-rost aytib berdi. Bir pasdan so’ng yana davom etdi — Ha, bir og’iz shirin so’z ham ezgulik bo’lishi mumkin-ku, deya e’tiroz qilarsiz? To’ppa-to’g’ri! Yaxshilik qilish niyati nomoddiydir. Niyat avvalo yurakda, shuurda paydo bo’ladi. U shirin kalom, lutf ila izhor etiladi. Ha, hayot tasodif, ikir-chikir, murakkabliklarga to’la. Faqat, nomoddiy ezgulik istagi moddiyga aylanmog’i uchun qattiq mehnat qilish kerak. Ana o’shanda buyuk Xayollar — buyuk Ezgulikka aylanadi. Qabohat uchun esa hech qanday mehnat kerakmas, u o’z-o’zidan sodir bo’laveradi, shu bois qadrsizdir va oxir-oqibat, ezgulik qo’lida barham topadi!

Chol gap tamom deganday o’rnidan turdi. Zero, boshqa savol-javobga o’rin qolmagandi.

Xonadon sohibi mehmonni ko’cha eshigigacha kuzatib qaytgach, yana ish qog’ozlarini titkilashda davom etdi va o’sha, o’ziga ko’p yillar oldin taqdim etilgan tashrifnomani topib oldi.

Co’ngra u bir hafta mobaynida yordamchi, hisobchi-iqtisodchilar bilan birgalikda pullari, qimmatbaho qog’ozlari, mol-mulkini uch qismga bo’ldi. Bir qismini mehribonlik uyi, ikkinchisini saratonga qarshi shifoxona hisobiga o’tkazdi.

Uchinchi qismini esa, aziz o’quvchim, tushunib turganiday, och-nahor paytida o’zini qo’llagan o’sha juftlik — er-xotinmi, yoinki, oshiq-ma’shuqmi, bunisini bilmaydi va endi ushbu holatning ahamiyati yo’q, — manziliga jo’natib yubordi.

Qahramonimizni o’ziga teng­qur bo’lgan erkak va ayolning hozir hayot yoki hayot emasligi ham tashvishlantirmadi. Chunki ezgulik o’z manziliga yo’llandi, vassalom!

…Bir umr yolg’iz yashagan qahramonimiz … yilni ham yasatiqlik archa qoshida bir o’zi kutib oldi. “Kim biladi, pichirlardi uning lablari, kelayotgan yil men uchun Koinot tegirmoni sarhisobining eng oxirgi varag’idir?.. Nima bo’lganda ham, men baxtiyorman…”.

Qariya sekin yurib xona o’rtasiga bordi, qo’lidagi may to’la billur qadahni baland ko’tardi.

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi, iyul`,2014

012

(Tashriflar: umumiy 216, bugungi 1)

1 izoh

  1. Qahramonlar harakati o’zining tayanch nuqtasi — ichki impulslar bilan asoslanmagan, shuning uchun bu xatti-harakatlar poyintar- soyintar, ishontirish kuchidan mahrum. Badiiy asar faqat olijanob g’oyadangina iborat emas, undagi voqelik (voqealargina emas), avvalo, ruhiy sabab-oqibat bilan asoslangan bo’lishi lozim. Salina olam tuzilishining ilojiy qonunoyati ham shunday.

Izoh qoldiring