Jovli Xushboq. Dard va darmon.

021

Аммо… баъзи ҳикояларни мутолаа қилишингиз биланоқ, ундаги кўринмас сеҳрли куч манбаи бошқа тарафда эканлигини англайсиз. Гап аввало адиб асар учун қизиқарли сюжет танлаганлигидагина эмас. Ундаги ҳодисаларни ёзувчи талант нури билан ёритолганлигида, қаҳрамонларга жон бахш этолганлигида эмасмикин? Сюжет ғаройиб бўлгани ҳолда унда ижодкор ниятини рўёбга чиқарувчи образлар “ўлик”лигича қолаверса, барибир ўқувчи қизиқишини бир текис “ушлаб” туриб бўлмайди.

003
ДАРД ВА ДАРМОН
Жовли Хушбоқ
001

022стеъдодли адиб қалами теккан қораламалар бошқача бўлади. Асарнинг дастлабки саҳифасига кўз югуртиришингиз биланоқ қалбингиз ларзага тушади, мутолаага берилиб кетиб, гўё дунёни… жамики нарсани унутасиз-қўясиз. Эс-ҳушингиз ҳикоя ёки қисса муҳрланган саҳифаларда – қани, воқеалар қандай якун топар экан? – дея юрак ютиб, минг бир ҳадик билан ўқишда давом этаверасиз.

Нега шундай? Ахир, айрим “полотно”ларни қўлга оласиз-у, асар яримламасдан кўзларингиз юмилиб кетаверади, пинакка кетганингизни сезмай қоласиз.

Аммо… баъзи ҳикояларни мутолаа қилишингиз биланоқ, ундаги кўринмас сеҳрли куч манбаи бошқа тарафда эканлигини англайсиз. Гап аввало адиб асар учун қизиқарли сюжет танлаганлигидагина эмас. Ундаги ҳодисаларни ёзувчи талант нури билан ёритолганлигида, қаҳрамонларга жон бахш этолганлигида эмасмикин?
Сюжет ғаройиб бўлгани ҳолда унда ижодкор ниятини рўёбга чиқарувчи образлар “ўлик”лигича қолаверса, барибир ўқувчи қизиқишини бир текис “ушлаб” туриб бўлмайди.

Айрим ҳикоялар нега оҳанграбодай ўзига тортади? Эҳтимол, унда сизни қизиқтирган нимадир бор, кимнингдир юрак жароҳатлари очиб ташланаётгандир?

Улуғ Машраб “дилда дардинг бўлмаса”, “сардафтаримни кавлама” каби сўзларни беҳудага тилга олмагандир?
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Оддий ҳақиқат” дея номланган асарини неча марта мутолаа қилсангиз ҳам ундан сира бош кўтаргингиз келмайди.

Гап шундаки, муаллиф биз ҳар куни кўриб, билиб юрган воқеаларнинг “ичига” саёҳат қилади, наинки саёҳат, уларни икир-чикирларигача тадқиқ эта бошлайди.

Адиб китобхонни қизиқтириш учун бири-биридан сирли, ваҳимали деталлар – эпизодларни таъкидлашдан бошлайди асарини. “Бир акамиз ҳикоя ёзибдилар. Қаҳрамонлари қанот боғлаб бутун шаҳар узра учиб чиқади. Биронта одамни кўрмайди! Кўчалар ҳувиллаган… Бинолар ўрнида турибди, дарахтлар жойида ўсяпти, ҳаммаёқда ҳаёт изи бор, аммо шу ҳаётнинг гултожи бўлган одам йўқ!”

Муаллиф сизнинг диққатингизни янаям маҳкамроқ жиловлайди: “Иккинчи бир ўртоғимиз ёзишича, ербетида кечаётган ёқимсиз ишлардан безган биттаси юмронқозиққа ўхшаб ўра кавлаб, ер тагига кириб кетган эмиш. Ўшангаям, мана, ўн йиллардан ошибди, лекин нимага ер тагига кириб кетганини одам бўлиб мунда-ай тушунтирмаса ҳам эмиш”. Ёзувчи сизни ҳаяжонга солиш учун янаям антиқа воқеани тилга олади: “Бошқа битта ҳикояда бир тентак Қишлоқ этагидаги кулбасини ўзига гўр қилиб олиб, ювинчсиз-кафансиз кириб кетганмиш. Шу кириб кетганича Қишлоқ уни эсидан ҳам чиқариб юборганимиш…”

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон бугунги кунда ўзини қийнаб, юрагини зардобга тўлдириб ётган “дард”ларни – жароҳатларни жарроҳ каби оча бошлайди. У қўлингиздан етаклаб, ҳаётнинг ичига-қаърига олиб киради ва ўзи гўё тамошабин бўлиб юраверади. Воқеаларга аралашмайди, муносабатини ҳам билдирмайди. Ёзувчи бу ғаройиботларни ёқлаяптими ёки инкор этяптими – буни сир тутади. Гўёки ҳадисаларга, кишиларнинг ҳатти-ҳаракатларига совуққон: “Менга барибир” дегандек кўрган – дуч келган воқеаларни тасвирлаб кетаверади.
Бироқ, сиз ўйлай бошлайсиз: нега одамнинг қадри юқоридан пастлаб бораётир? Наҳот инсон деган улуғ ном шунчалик оёқости бўлишига лоқайд бўлиб юраверамиз?

Ахир, биров иккинчи бир одамни фалончи ака ёки ука, деб эмас, худди жонсиз нарса каби қўлини бигиз қилиб кўрсатса аламингиз келмайдими?
– “Ҳой калла, нари тур!
– Ҳой салла, бери тур!
– Кўзингга қарасанг ўласанми, мол?!
– Пў-ўш, арава!
– Қо-оч, арава!..”

Наҳотки одам шу қадар тубанлашиб кетаётган бўлса? Меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, энг муҳими, оддийгина инсоний эътибор нега қаҳатлашиб бораётир? Нима учун уни тирик инсон каби фалончи деб исмини айтиб чақиришмайди. Нега бунинг ўрнига калла, салла, ёки ҳатто мол дейишгача бордик?

Юрагингизни чангаллаб, адибни безовта қилаётган ўйлар бир дунё экан-ку, деб юборасиз.

Фақат шугина эмас. Муаллиф китобхонда ачиниш туйғусини ҳосил қилиш учунми, сизни янада антиқа воқеаларга рўбарў қилади ва юқорида эслатилгани каби миш-мишлар ҳамда ҳикоялар жонга текканлигини таъкидлайди: “Ишни ўзим ўрганмоқчи, ўрганиб, тагига ўзим етмоқчи бўлдим. Оёққа шиппакни илдиму шартта кўчага отилдим”.

Жумлаларни тузишда зўриқиш, чираниш йўқ, жимжимадорликдан холи, худди ҳикоят тинглаётган ёки ўша воқеаларни кўриб, қараб тургандек, ўзингиз иштирокчиси бўлгандек киприк қоқмай ўқиб кетаверасиз.
Асардаги образлар ҳам рамзий: Бахтиёр ёки Ихтиёр деб эмас, “биттаси”, “Азамат”, “Азаматлар”, “Кампир”, “Катта Азамат”, “Бурноқ”, “Баковул” каби сўзлар билан мурожаат этишади биров иккинчи кишига.
Ё тавба, дейсиз. Ахир, уларнинг ҳар қайсисининг муборак исмлари бор-ку? Биз наҳотки одамдек мўътабар зотга шу даражада паст назар билан қарайдиган бўлиб қолдик-а, аттанг… деб юборасиз, беихтиёр. Лекин, муаллиф ниятига мослаб қўлланилган сўзлар рамзийлиги ёдингизга тушгач, “эсиз инсон деган ном” дея афсус чека бошлайсиз. Мабодо қаҳрамонлар муайян исм билан аталганида адиб ғоявий ниятига зид бўлиб тушиши мумкинлигини ўйлаб қоласиз.

Ҳикоянинг сўнгги саҳифасини ҳам ёпар экансиз: дунё фақат маразлардан иборат эмас, яхшилар ҳам бор, деган гўзал бир туйғу кўнглингизга ёруғлик олиб киради. Энг муҳими, муаллиф истеъдод нури билан сирли, синоатли ҳаётнинг сиз ва биз ҳар куни кўриб турадиган, бироқ илғамайдиган жиҳатларини тадқиқ қилиб, ёрита олганлигига қойил қоласиз.

Охирида шуни англайсизки, адибни ҳодисаларнинг қизиқарлилиги эмас, кишилар ҳатти-ҳаракатини таҳлил қилиш орқали инсон характерини кўрсатиш қизиқтирган ва пировард натижада китобхон диққатини асар сўнггигача бир меъёрда “ушлаб” тура олган. Нурулоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ўзи ҳам мақолаларидан бирида ижод ҳақидаги мулоҳазаларини қуйидагича ифодалаганлиги бежиз эмас: “Неча йиллар давомида “бор бўйича” тасвирлашга ўрганиб қолиб, қарашларимиз анча ўтмаслашиб, фикрларимиз саёзлашиб қолгандай. Масалан, бугун биз одамни, дарахтни, воқеа-ҳодисани, яъни, оламнинг ташини кўрамиз, кўраётганимиздай тасвирлай ҳам оламиз, лекин ичини кўрмаймиз ёки ичига киргимиз келмайди. Сабабларни кўрамиз, таҳлил қиламиз, аммо сабабларнинг сабабчисини кўрмаймиз ёки ўзимизни кўрмаганга соламиз”. Адиб “Оддий ҳақиқат” асарида ана шу кемтикларни тўлдиришга интилган.

Баъзи ҳикояларда эса муаллиф нияти ва кўзда тутилган мақсадга хизмат қилмайдиган ортиқча эпизодлар кам эмас. Мана, Жўра Фозилнинг “Янги боғларда” ҳикояси бошланишиданоқ гўё публицистик мақолани ўқигандек бепарво қарайсиз, изтиробга тушмайсиз, эпизодлар қаҳрамонлар характери, қиёфасини гавдалантиришга эмас, шунчаки воқеаларни баён қилиш учунгина асарга киритилмаганмикин, дея ўйланиб қоласиз: “Хуллас, синфдошлар ўрта мактабни битирганининг ўттиз йиллик оқшомини шу сарҳовузга туташиб кетган янги боғда ўтказишга қарор қилдилар ва бу ҳаммадан ҳам Жавлонларнинг собиқ муаллими Собир акага маъқул бўлди. У киши нафақага чиққан, ёши етмишни қоралаб қолган бўлса-да, ўқитувчига хос сергаклик, ҳозиржавоблик тарк этмаган фариштали отахон эди. Янги боққа ниҳол қадаётган болаларга уйидан тушлик олиб келиб “ҳайбаракалла” дея ишга ўзи бош-қош бўлганидан ҳам собиқ ўқувчиларининг бу жойни танлаганларини эшитиб беҳад қувонганди”.

Юқоридаги эпизодларда ҳикоя жанрига хос хусусиятлар яққол кўзга ташланадими? Ёки газета хабаридан нима фарқи бор? Яланғоч баён кимга зарур? Муаллифнинг бошқа бир “Болалик боғларида” ҳикоясида эса тилга олинган воқеалар на сизни ўйга толдиради, на юрагингизда ачиниш ҳисси ҳосил қилади. Ундаги боғ қоровули, Амаки, Абдужаббор, Ҳамид каби персонажлар муаллиф ниятини ижро этиш учун асарга киритилган-у, аммо хотирангизда қолмайди. Ёшлар боққа кириб доимо мева ўғирлаш билан машғул. Асарга киритилган қаҳрамонларга ҳам, уларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳам лоқайд қарайсиз. Ҳикояда болалик хотиралари таъкидланяпти, аммо асарни тутиб турган бадиий юк хийла енгил бўлиб қолган. Муаллифнинг айтмаса туролмайдиган, уни қийнаган дарди йўқ.

Воқеалар бола тилидан ҳикоя қилинади, Аммо, баъзи ўринларда Камол оға ёки ака, Жамила опа, деса, ҳикоянинг кейинги эпизодларида Жамила, Камол дейди. Ахир, у ўқувчи бўлса, Камол ака – муаллим, Жамила опа мактабда кутубхоначи-ку. Табиийки, уларнинг ёши боланикидан анча катта. Шундай бўлгач, ўз ўқитувчисини Камол, кутубхоначисини Жамила дея камситиб гапириши ўзбек урф-одатларига мос эмас.
Асар тили ўқувчининг ғашини келтиради.
– “Ҳай, нима қилиш керак?
– Ҳеч нима, фақат йўлбарслар энди қорнини тўйдириши керак…
– Ҳай, йўлбарсларга анжир ҳам бўладими?
– Э, э, бўлганда қандоқ! Ахир, йўлбарслар анжирни жуда яхши кўришади! Йўлбарс қанча кўп анжир еса, шунча зўр бўлади!”
Қаранг, нима, йўлбарс, анжир, керак каби бир хил маъноли сўзлар неча марталаб қўлланилган?
Тил қашшоқлиги эса ҳикоя таъсирчанлигини анча тушириб юборган.

“Болалик боғларида” ҳикоясида ёшлигида боққа ўғирликка кириб, қорнини тўйдириб юрадиган бола, Амаки, Камол ака, Жамила опа, раис, “мовий кўзли, ғоят кўҳлик жувон”, ошпаз, Абдужаббор, Ҳамид каби салкам ўнга яқин персонажларни учратасиз. Аммо, бу образларнинг барчаси адиб ғоявий ниятини юзага чиқаришга йўналтирилган бўлса-да, ёрқинроқ тасвирланмаган, хиралигича қолиб кетган. Ўқувчилик даврида болалар хўжалик боғига кириб, доимо мева ўғирлаш билан машғул бўлишган. Лекин, булардан қандай сабоқ оламиз, нега қалбимиз ларзага тушмайди, аксинча, “нима бўпти?” деб лоқайд қўл силтаймиз. Сабаби – бу оддий воқеалар силсиласидаги инсон қалбининг биз илғамаган қатламлари тадқиқ қилинмаган, чуқур ёритилмаганлигида эмасмикин, дея ўйланиб қоласиз. Таниқли адиб Ш. Холмирзаев бир ижодкорнинг саволига жавобан шундай деган эди: “Ҳа, “келажакда ўзбек адабиёти…” саволингизга келсак, мен кўраяпман, Олимжон! Бир ғалати асарлар пайдо бўлади. Булар шубҳасиз тўхтаб қолган Абдулла Қодирий прозасига яқин проза бўлади. Мен, ишонаманки, оддий, ҳикоялардан кўра, ҳикоятлар устун келади. Ривоят тариқасидаги ҳикоялар устун бўлади… бориб-бориб. Чунки, замон… Дунё – эврилди. Фақат мангуликлар яшаб қолишига ишондик”.

Шукур аканинг башорати тўғри чиқяпти. Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Абдуқаюм Йўлдошев, Неъмат Арслоннинг ёзиш услуби, асарлари поэтикасига кўз ташлаб шундай хулосага келасан, киши.

Бугунги наср тўғрисида гап кетганда улуғ рус ёзувчиси А.П.Чеховнинг сўзлари беихтиёр ёдингизга келади: “Ҳеч қандай сюжетнинг ҳожати йўқ, ҳаётда сюжет деган нарсанинг ўзи бўлмайди, унда ҳамма нарса: теранлик саёзлик билан, улуғ эътиқодлар пасткашлик билан, фожиавий нарсалар кулгили нарсалар билан қоришиб кетган” деганда буюк ёзувчи нималарни назарда тутган эди?

Эҳтимол, ҳозирги кунда ўзбек замонавий насрида ҳам ҳатто қаҳрамонларсиз, айтарли даражада сюжетсиз асарлар урфга кириб бораётганлиги нималарни англатади?

Шундай хаёллар бўронида бошим қотиб юрганида Луқмон Бўрихоннинг “Темир сандиқ” ҳикояси мутолаасига киришиб кетдим.

Ўзи ҳозиргина “Шарқ Юлдузи” журналида Улуғбек Ҳамдамнинг юрагидан чиққан аламли сўзларни ўқиб тургандим: “Кейинги вақтларда ўйиннинг ҳиссаси кучайиб кетди. Бу дегани шуки, нимани айтишдан кўра, қандай айтиш, дард айтишдан кўра, “ниманидир” бўлсаям гўзал шакллар ёрдамида ўқувчига етказиш биринчи ўринга чиқиб бораётир. Аслини олсангиз, модерн, постмодерн суянадиган асосий устунлардан бири ҳам шу: ҳамма нарсани ўйинга, санъатга айлантириш. Нима деб ўйлайсизлар, “ўйин”га берилиб, инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаймизми? Бу кетишда адабиёт чиндан ҳам бошқотирма-кроссворднинг бошқачароқ хилига айланиб қолмайдими?”

Улуғбек Ҳамдамнинг мулоҳазаларини тузукроқ ҳазм қилмасдан туриб ҳали айтганимдек “Темир сандиқ”ни…
…ўқий бошладим. Бошладим-у, анъанавий, реалистик наср яратиш усулларидан чекиниш бордек туюлаверди…
Ҳаёт фақат текис йўллардан иборат эмас экан. Бирор нарсанинг сиртига қараб баҳр бериш кишини нечоғлик мусибатларга гирифтор қилмайди, дейсиз? Аслида, ҳамма гап ботинда, сиртдан сирли, сеҳрли кўрингани алдоқчи аломат бўлиши ҳам мумкин-ку?

Ҳикояни ўқиб чиққач, чеки-чегараси йўқ саволлар тўзонида қоласан, киши. Демак, ҳаёт гирдобида алдамчи хаёлларга эрк бериш сизни тубсиз жарликлар томон тортиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас, деган фикр кўнглингиз кўчаида ғимирлай бошлайди.

Ахир, “Темир сандиқ” ҳикояси қаҳрамони ҳам ярим тунда уйдан қочиб чиқди, эркинлик истаб, тоғу тошларга, адоқ-боши кўринмайдиган бепоён даштга отилди.

Шундай паллада… Тасодифан, темир сандиққа дуч келди. Гўёки унинг ичи тўла жавоҳир. Учқур хаёллари бир зумда дунёдаги энг бадавлат инсонга айлантириб қўйди. Бу олтин, зеру забарлар туфайли эришиши мумкин бўлган ширин орзулар шамоли олис-олисларга олиб кетди бояқишни.

Ер юзида кўзни қамаштирувчи маҳобатли қасрлар қуриш, гўзал, тўкин ҳаёт орзуси унинг кўнглини чулғаб олди ва зил-замбил темир сандиқни олис бир ғорга яшириш ниятида елкасига кўтариб жўнайверди.
Қаранг, ширин-ширин хаёллар елида учиб бораётган инсонга ҳатто унинг оғирлиги ҳам сезилмасди.
Аммо… Темир сандиқни амал-тақал қилиб ғорга кўтариб келганида кўрадики, таги йўқ экан!
Кўнглини чулғаб олган алдамчи туйғулар шишаси бир зумда чилпарчин бўлди.

Ўйланиб қоласан: одам боласи нега бунчалик очофат?

У темир сандиқ дуч келганидаёқ битмас-туганмас хазина соҳиби бўлиш иштиёқида ёнди, дилини шу матоҳ ичидаги беҳисоб жавоҳирлар туфайли қўлга киритиши мумкин бўлган кўпдан-кўп бойликлар лаззати чулғади.
Очкўзлик, дунёга ҳирс кўзи билан боқиш, қаноатсизлик кишини қанчалик адоқсиз кулфатларга гирифтор қилар экан!
Йўқ, ҳикоя фақат гап айтиш учун ёзилмаган, аксинча юқоридаги фикр персонажлар ҳатти-ҳаракати, характеридан келиб чиқади.
Асардан биз оладиган сабоқ шуки, инсон нафсга эрк бермаслиги зарур. Акс ҳолда уни беадад ҳалокатлар кутади.

Энг муҳими, муаллиф қаҳрамонлар ҳатти-ҳаракатлари орқали уларнинг ўзларини фош этиб бораверади.
Асар тили ҳам ғашингизни келтирмайди. Ортиқча чиранишлар йўқ. – Аксинча, сўзлар образлилик либосини кийган: “Танбал, бироқ ғоят кибрли нигоҳларинг чор-атрофни очкўзларча ялаб-юлқай кетди” ёки “Тўғриси, темир сандиқ ботинидаги бисот сен учун мубҳам бўлса-да, юрагингнинг қайсидир бурчида битмас-туганмас бахтга ноил бўлганлигинг ҳақидаги иқрор қувонч қарсакларини чалиб турарди”, каби жумлаларни сира “қоқилмай-суринмай” ўқийверасиз.

Асад Асилнинг “Ташналик” ҳикояси (республикамизнинг бирданига иккита нуфузли нашрида босилган) анъанавий усулда ёзилган. Унда персонажлар Жўра Фозилнинг ҳикоясидаги каби кўп эмас. Арслон чол, яккаю ёлғиз ўғли Жавлон ва аёли Муҳайё. Арслон чолнинг кампири “бир оқшомгина лоҳасланиб омонатини топширди-қўйди. Барваста, товуши довулдай гулдираб юрган чол бирдан ели чиққан шардай чўкди-қолди. Ҳарҳолда бу кексаликдаги айрилиқ ўн йигитга ўрнини бермай юрган қарияни довдиратиб қўйди. Отанинг назарида гўё ўзи қатнашиб юрган давралардан бирдан файз кетди, бу олам ҳувиллаб бўшаб қолгандек эди гўё”.
Мана, асарнинг дастлабки саҳифасидан бироз ўқидик. Хўш, сизда қандай таассурот қолдирди? Аввало, ҳикоядаги сўзлар қайта-қайта қўлланилиши ғашингизни келтирмаяптими? “Бунга сабаб шаҳардаги турмушию хотини билан ўзларича чолни “чолдеворнинг бири бўлиб қолса кимга зиён, иснод гап бўлади” деб қилган режалари ҳам пуч бўлди ҳисоб. Эски уйларни бузиб, ўрнига янги иморат турғизишнинг ҳам ўзи бўлмайди-ку, у ёқда иш, рўзғор… Қолаверса, эндигина уйли бўлган жойда хотинини бу гапга кўндириш ҳам осон кечмайди”.

“Бўлмоқ” феъли беш марта, “ҳам” боғловчиси уч марта қўлланилганлигидан наҳотки асар тили шунчалик қашшоқ бўлса, дея хаёлга чўмиб қоласиз.

Иккинчидан, Арслон чол характерини чизишга уриниш бўлса-да, унинг мунгли ҳолатлари, ҳатти-ҳаракатлари сизда на ачиниш, раҳм-шафқат ҳиссини қўзғалмайди. Негаки, Арслон чол тирик инсон сифатида кўз ўнгингизда гавдаланмайди.

Эҳтимол, чол ҳаётидаги воқеалар юрагингизни зирқиратадиган даражада таъсирли, ёрқинроқ тасвир этилганида сизда қизиқиш уйғотиши табиий эди.

Бунинг устига адиб дардини юзага чиқаришга хизмат қилмайдиган узундан узоқ баён томон тойиб кетиш ҳоллари йўқ эмас: “У кута-кута эндигина орзусига эришган, шаҳарнинг чиройли қисмида қурилган иморатларнинг биридан тўрт хонали уй олганди. Бу уй иккинчи қаватда, болаларининг кичиклари ёнгинасидаги боғчага боришади. Хотини ўқитувчи, мактаб ҳам чақирса овоз етадиган жойда. Тўнғич фарзандлари, хотини билан қийналмай, ўқишга бориб-келиб туришибди. Келди-кетди кўп, қишлоғидан шаҳарга тушганларнинг аксарияти Жавлонларникига қидириб боради. Хотини Муҳайё шаҳарда туғилиб ўсган, жуда одамохун, келган меҳмонни ош билан сийламаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Хуллас, иккинчи маош қўлга теккунча биринчиси етиб туради”.

Бундай чўзиқ, ортиқча баённинг ўқувчига қизиғи, газета мақоласидан фарқи бормикин?

Тўғри, айрим ҳатто классик адибларнинг ҳикояларида ҳам персонажларнинг ҳаётига доир шунга ўхшаш мисоллар киритилганлигига дуч келасиз. Лекин, улар сизни зериктирмайди, иккинчидан, қаҳрамонларнинг тўлақонли чиқиши, характерини очиб беришда беқиёс вазифани уддалайди.

Америкалик машҳур ёзувчи Уильям Фолкнернинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “Ёзувчининг масъулияти – ҳақиқатни ҳикоя қилишдир, ҳақиқатни шундай ҳикоя қилиш керакки, унутилмайдиган образга айлансин. Бирор нарсани оддийгина хабар қилиш, адолатсизлик тўғрисида ёзишнинг ўзи баъзан етарли эмас. Бу одамларга таъсир қилмайди. Ёзувчи бунга ўзининг истеъдодини қўшиши керак, у ана шу ҳақиқатни олиб, одамлар буни ёдда сақлаб қолишлари учун тагидан гулхан ёқиши керак. Ёзувчининг масъулияти худди шундадир”. Бу сўзларга кўз югуртирганимда Исажон Султоннинг “Шамолли кеча” ҳикояси ёдимга тушди.

Асарни ўқиб, ларзага тушасиз, ёзувчи сизда қаҳрамон ҳолатига ачиниш туйғусинигина ҳосил қилмайди. Шу билан бирга қизчанинг ночор ҳолатидан беихтиёр кўзингизга ёш қуйилиб келади, юрагингиз дафъатан ачишиб кетади.

Нега шундай, нима учун изтиробли туйғу кўнглингиз қўрғонини қоплаб олади?

“Шамолли кеча”ни ўқий бошлашингиз биланоқ ҳаётнинг бешафқат тўфонлари инсонни не кўйларга солиши, уқубатлари ҳам кам бўлмаган дунёда яшашни чидаганга чиқарганлигига яна бир карра амин бўласиз. Боиси, умр йўллари ҳамиша равон бўлавермайди, ундан қоқилмай-суринмай юриш учун киши доим ҳушёр, азобли дамларга дош беришга ва уни енгишга тайёр туриши зарурлигини ҳис этасиз. “Овсарроқ қушлар қурган уяларни тамомила бузиб ташлаганида жажжи палапончалари чирқиллаганча ерга қулаб тушиб, ваҳший ҳайвонларга ем бўлишади”. Қушлар тақдири тасвири бола ва қизча тушган мудҳиш ҳолатга муҳояса қилингандай, инсон анқайиб, овсарлик қилиб ҳаёт йўлларида адашмаса фожиага чап бера олади, деган фикр кўнглингиздан ўтаверади.

Бола ва қизчанинг онаси бу дунёдан ўтиб кетганлиги, етим қолганлиги, демак ҳатто инсонгина эмас қушларнинг ҳам уяси бузилганлигидан аввало жонзотлар жабр кўриши юқоридаги кичик бир эпизодда таъсирли тасвир этилган.

Рисоладагидек яшаш учун нималар керак? Фақат ейиш-ичишнинг ўзи етарлими? Йўқ, аввало, осойишталик, кўнгил тинчлиги зарур!

“Шамолли кеча”даги ўгай онанинг тинимсиз жаврашлари, у туққан чақалоқнинг тўхтамай йиғлашлари бола ва қизчани безор қилиб юборади. Шу сабаб олис ва овлоқ қишлоқдаги бувисиникига кетиб қолишга шошиладилар.
Воқеалар қанчалик фожиали, ваҳимали туюлмасин ўқувчида заррача шубҳа уйғотмайди. Даҳшатли довул куни, бунинг устига қоронғи тушган паллада эргашиб кетаётган қизча қаердадир адашиб қолганлигига ажабланмайсиз. Негаки, кун бўйи тинка-мадорини қуритган абеадад ташвишлар қизалоқни ҳоритгани рост. Ҳатто кичик деталлар ҳам унинг шу кўйга тушишини далиллашга йўналтирилгандек, қизчанинг “почасидан ингичка оёқчалари кўриниб турарди, икки ўрим ёввойи сочи кичкинагина гулдор рўмоли остидан чиқиб қолган, акамдан қолиб кетмай деб деярли югургилаб борарди”.

Ваҳимали табиат тасвири орқали қаҳрамон характерини очиш, ёзувчи ғоявий ниятини рўёбга чиқаришга йўналтириш усули янгилик эмас. Ҳатто машҳур Абдулла Қаҳҳорнинг “Даҳшат” ҳикоясида шамол детали персонаж ҳаётидаги даҳшатни янада ёрқинроқ тасвирлаш учун хизмат қилганлигини эслашнинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлайман.

Исажон Султон “Шамолли кеча”да ҳадеб таъкидланаверадиган шамол деталидан ўзига хос йўсинда фойдалана олган, воқеа даҳшатини олдиндан ҳис қилишингиз, қаҳрамонлар ҳаёти фожиа билан тугашини идрок этишингизда беқиёс роль ўйнаган.

Давол қутуриб, дунёга даҳшат ослиб эсаверади, ҳикоянинг персонажларидан бири қизча эса бу тўс-тўполонларга дош беролмайди.

Ҳикояда рамзийлик ўзига хос. Шамол детали фақат шамол ҳақидагина таассурот қолдирмайди сизда. Адиб гўё қутурган ШАМОЛ – гоҳида алғов-далғовли, қувончлару беадад уқубатлар, ваҳималару ғурбатларга лиммо-лим ҲАЁТ хақидаги ўйларини сиз билан баҳам кўраётгандек гўё.

Қуйидаги кўчирма эса муҳаррирлар “Шамолли кеча”ни таҳрир қилишга сал бепарво бўлганлиги оқибатидир: “Поёнсиз даштда, шамолли кечада мана шундай боришяпти-ю кишилар орасида оғиздан оғизга ўтиб юрадиган ҳамма ваҳимали нарсалар ҳозир шамол қаъридан чиқиб келадигандай туюлмоқда эди. Пастак нотаниш буталар остида ёвуз жинлар бўлиши мумкин, улар шунақа шамолли кечаларда ёлғиз қолиб кетган кишиларни пойлаб изғишади. Шовуллаётган қорамтир дарахтларнинг устидан қилич кўтарган қора киши тушиб келишиям мумкин. Ҳув анави хароба – кимсасиз эски мачит ичида дев кутиб турган бўлса-чи? Ҳа, аллақандай кишилар йўл устида ҳозиру нозир, бу суронда биров қичқирсаям эшитилмайди, ҳаммаёқни табиатнинг нолалари тутиб кетган маҳалда ўшанақа кишилар йўлларда, дарахтлар остидаю устида мана шунақа бемаҳалда йўлга чиққан кишиларни адаштириб кетишади”. Қаранг, олти жойда киши, кишилар сингари бир хил маъноли сўзлар қўлланилганлиги ўқувчига бироз эриш туюлади. Албатта, булар ҳикоянинг бадиий қимматига деярли таъсир этмаган, озгина таҳрир билан ўрнига тушиб кетадиган жиҳатлар.

Тилагимиз, шу ҳолича ҳам бадиий пишиқ, шундай бир гўзал ҳикояни каму кўстсиз кўришдир.
Асарнинг сўнгги саҳифасини ёпганда вужудингизни қўрқув қамраб олади, худди аёзда қолган каби қалтирай бошлайсиз. Асосийси, сиз қутурган бўронли кечада дашту далаларда юрак ҳовучлаб юрган бола ва қиз билан худди ёнма-ён юргандек ҳис этасиз ўзингизни. Демак, муаллиф фожиа илдизларини зўрма-зўраки эмас, чуқур ҳис этиб, идрок этиб қаламга олган.

Шодмон Отабекнинг “Агар ошиқлигим айтсам…” ҳикоясини икки марта ўқиб чиқдим. Аммо, ундаги асосий персонажлар – Шавкат, Насиба, Айниддин, Асрор, Ниғмат образлари ўзгача бир таассурот қолдирмади. Уларнинг барчаси талаба. Бироқ, уларнинг ҳатти-ҳаракатларига лоқайд қарайсиз. Шавкат Насибани деярли пинҳона севади, лекин кўнглидаги гапни унга очиқ-ойдин айтмайди. Муҳаббат дардида шеърлар ёзади. У камбағал оиладан, тортинчоқ, уятчан йигит. Ниғмат деган яна бир бой-бадавлат оиладан чиққан курсдоши “Нексия” миниб юради, домлаларни совға-саломлар билан сийлаб, ҳатто тенгдошлари каби пахта теримига – хашарга ҳам келмайди. Қамалиб чиққан. Буни қарангки, Насиба билан Ниғматнинг никоҳ тўйи учун таклифнома тарқатишади. Шавкат Насибага атаб шеър ёзгани курсдошлари ўртасида ошкор бўлади. Жаҳли чиққан ориятли йигит ўқишни ташлаб, ҳеч ким билан хайрлашмай кетиб қолади.

Шунга ўхшаш сюжетли асарларни аввал ҳам учратганингизга шубҳа йўқ.

Бироқ, “Агар ошиқлигим айтсам…” ҳикоясини ўқиб бўлгач, нега асосий қаҳрамонлар тақдирлари сизни ҳаяжонга солмайди?

Адиб олис йиллардан буён асарлардан асарларга кўчиб юрадиган “Навбатчи сюжет”нинг сиз ва биз илғамаган жиҳатларини янгича нигоҳ билан кўра олганида бошқа гап эди. Муҳими мавзуда ёки таниш сюжетда эмас, талқинда-ку…

Ёзувчида дард бору, дармон йўқ. Шавкат журъатсизлиги сабаб севлигисидан мосуво бўлди, демоқчи. Лекин, шу фикрни жонли образлар воситасида таъсирли ифодалай олмаган, истеъдод нури билан ёритолмаган.
Ҳатто ҳикоянинг бир жойида Нафиса, деса, бошқа ўринларда Насиба, деб ёзилган. Қай бири тўғри?
Ҳикоя қаҳрамонлари характерини яратиш ёки воқеани ривожлантиришга хизмат қилмайдиган ортиқча тафсилотлар кўпайиб кетган. Қуйидаги гапларни асардан олиб ташласангиз ҳам ҳеч нарса ўзгармайди: “Қуёш уфқда Самарқанд нонидай қип-қизариб бота босилади. Талабалар хирмон четида машина кутишмоқда. Улар яшайдиган барак бу ердан анча олис. Ҳар куни чанг йўлда юк машинасида бориб келишади. Манзилга етгунча боёқишлар чангга беланиб, қошу киприклари худди циркдаги масхарабозларникига ўхшаб оқаришиб қолади”.
“Агар ошиқлигим айтсам…” ҳикояси шундай таассурот уйғотадики, адиб ҳар бир асарда биз доимо кўриб юрган инсонларнинг севги драмасини янгидан кашф этиши, ҳамма ҳам пайқайвермайдиган жиҳатларини ойдинлаштириши, бунинг учун эса тирик образлар яратиб, айтмоқчи бўлган дардини қаҳрамонлар ҳатти-ҳаракатлари, ҳолатига сингдириб юбора олиши лозим.

Ҳар бир адиб қалбида айтмаса туролмайдиган, қийнаган дард бўлгани билан ундан халос бўлиш, “тўлғоқли даври”дан қутулиш учун ёзувчига беқиёс талант, яъни дармон жуда-жуда зарур экан.

021

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

Izoh qoldiring