Karim Bahriyev. Toshtarosh

08   Тоштарошнинг қишлоқ мозорига туташ, деворлари нураб бораётган лойшувоқ ҳовлиси бу тоғ қишлоғини дунё билан боғлаб турадиган ягона йўлнинг четида бўлгани учун қишлоқдан чиқаётган ёки унга кираётган ҳар бир йўловчининг назари, албатта, тупроқ устида шошиб юрганларнинг сўнгги манзили – мозоротга ва шу маконнинг ягона қоравули, боғбони ва гўркови бўлмиш тоштарошнинг кунгай бетдаги ҳовлисига тушади.

05
Карим Баҳриев
ТОШТАРОШ
03

Ҳар тонг Киото тарафдан чиқадиган қуёш Шинжон ва Қандаҳор устидан ўтиб Киев ва Лондонга — Мағрибга йўл олар экан, ўзининг иссиқ, сим-сим нурларини Туркистоннинг баланд-баланд тоғлари, ясси-ясси кенгликлари, қақроқ саҳролари-ю шовуллаган боғлари қатори тиғдор чўққилар пойидаги мўъжазгина Ғўс деган қишлоқдан, шу жумладан, қабристон ёнидаги тоштарошнинг ҳовлисидан ҳам аямайди. Ҳа, чексиз оламнинг бир чеккасидаги шу қишлоқ тепасида ҳам ҳар саҳар офтоб чиқади, Аллоҳга шукур.

Тоштарошнинг қишлоқ мозорига туташ, деворлари нураб бораётган лойшувоқ ҳовлиси бу тоғ қишлоғини дунё билан боғлаб турадиган ягона йўлнинг четида бўлгани учун қишлоқдан чиқаётган ёки унга кираётган ҳар бир йўловчининг назари, албатта, тупроқ устида шошиб юрганларнинг сўнгги манзили – мозоротга ва шу маконнинг ягона қоравули, боғбони ва гўркови бўлмиш тоштарошнинг кунгай бетдаги ҳовлисига тушади.

Унинг ўткинчилар билан иши йўқ, қишлоқда қазо бўлса, тонг саҳардан гўр қазишга тушади, тушликдан сўнг эса тош тарошлайди. Бу жуда майда, заҳматталаб иш — кунига бир, нари борса икки тошни тарошлайди, буюртма тушса, марҳумнинг исми-шарифини тиғ билан ўйиб ёзади. Тўқмоқни чўқморга солган пайти учиб кетган тошчалар тиззасига сачрайди, гоҳо билагини тилиб ўтарди, чилпиллаб чиққан терни қотма бармоқлари билан сидирар экан, кафтидаги кукун юқи пешонасида сомон йўлидай из қолдиради. Унинг на бу изга, на қараб кетаётган йўловчиларга ва на бу дунёга иши бор, аллақайда халқ қўзғолиб, мустақилликка эришгани, қайдададир жарроҳлар инсон юрагини бошқаси билан алмаштиргани, космик кема самога учгани ҳақида гапираётган радионинг кўҳна жавраши ҳам қулоғига кирмайди, тошни тинимсиз тарошлайверади.

Қабртошларга талаб бор – аҳолиси зич қишлоқда деярли ҳар куни кимдир туғилади ва кимдир қазо қилади. Айниқса, қишнинг охирларида ўлим кўпаяди, тош тайёрлаб улгурмайди. Ёзда бироз нафас ростлайди. Ясаган қабртошларга «эга» топилишига ишонганидан олдиндан тайёрлаб қўяверади. Энди исми-шарифи ёзиладиган марҳум бўлса кифоя.

Ўнгагидаги терни сидириб, ивиган бармоқларини шўрлаган этагига суртади-да, яна ишини давом эттираверади. Менинг термулиб турганимни ҳам сезмайди.

У ерни қазиб, мурдаларни кўмаверганидан мозорот ҳам улкан қишлоққа айланган. Қатор-қатор қабрлар ёнидаги навбатдаги гўрни кавлаб, чуқурдан чиққан илиқ тупроқни сиқимлаб хидлаётганини кўрганимда, у менга ўта нуроний, бу машғулотини кўп замонлар, минг йиллар аввал бошлагандай, бу кетишда қишлоқнинг ҳамма одамини кўмиб тугатадигандай туюлади.

Ёнма-ён териб қўйилган бети силлиқ уч-тўрт қабртошга термуламан. Дўмпайган қабрига бу тошлар қўйиладиган одамлар ҳали тирик. Улар ҳали ҳеч нарсадан бехабар, ер босиб юргандир. Балким гул хидлаб ўтиргандир, ухлаётган – бир ҳовуч сувни туш кўраётгандир. Ёки мозор ёнидан ўтиб, бозорга бораётган, ҳозиргина йўлдан ўтаётиб, ўзининг қабрига тош йўнаётган мана бу тоштарош устага қараб кулиб кетаётгандир… Эҳтимол, шу фикрларни ўйлаётган кимсанинг – менинг қабртошимдир бу эгасиз тош.

Бир-бирига оғаларча суяниб турган тошларга боқиб, томоғимга нимадир тиқилади: биламан, одамлар шу тошлар тайёр экани учун ўлмайди. Лекин, нима учун бу тошлар айбдордай бир-бирига мингашади…

Тоштарош навбатдаги тошни олиб текислай бошлади. Токио томондан чиққан қуёш Қобулнинг тепасидан аллақачон ўтган, қишлоқнинг кунботар томонидаги бешикчининг томи устидан Новгородга томон кетаётган эди. Дунёда на Токио, на Новгород борлигидан бехабар бир ўзбек тоштароши яна бир қишлоқдошининг қабри учун тош йўниб ётарди.

1982

ҚАБРТОШГА ЁЗУВЛАР

1.

Яна баҳорлар келар,
Жамбил исли ҳавони
Симиради кўк савсан.
Қари толнинг товонин
Қитиқлайди ёш майса,
Гуллар босар дунёни…
Сен ўрнингдан турмайсан –
Минг афсуски, ўлгансан,
Минг афсуски, кўрмайсан.

2.

Яна баҳорлар келар,
Тушар оғир кўйлаклар.
Дилга қутқу тўлади –
Кимнингдир шод кулгуси
Боғни нурга белади.
Сен севган ойдай дилбар
Бегонага кулади –
Сен ўрнингдан турмайсан…
Яхшиямки, ўлгансан,
Яхшиямки, кўрмайсан.

1988

ДАФН

Мана,
кеча
унга узатилмаган қўллар
тобутига чўзилди бугун.

У япроқдай титраб
ҳар оқшом кутган қоғозга
ажалининг хабарини битяпмиз тонгда
бармоқлар титраб.

Қизғаниб бетига айтилмаган эзгу сўзлар
энди айтилар
тортинмай айтилган сўзлардан ўлганнинг
қабри устида.

Сағана устида тебранар қизил гуллар,
кечикиб келган,
кечикканидан қизарган,
уятчан гуллар.

1986

***

Илк қор босган хазонни кечиб,
боғ кезардим,
хаёлларим нек —
бир қиз келар
шу ёруғ кеча
юпун шохга осилган ойдек.

Билмам, сайд ким ишқий шикорда,
кўзим, бу пок ҳуснни ичгин –
тушларига кирмаган ҳеч ким,
покизадир мана шу қордай.

Ой ҳам чўкди қароқларига,
алланени шивирлар лаби.
Севсам, сўнгги япроқлар каби
тўкилсайдим оёқларига.

Севсам… Ўтди. Мағрур. Бегона.
Телба қилма ишқни, ёруғ шаб.
Кузги боғда турибман якка
мунғайган чўнг чинорга ўхшаб…

1986

08

05
Karim Bahriev
TOSHTAROSH
03

Har tong Kioto tarafdan chiqadigan quyosh Shinjon va Qandahor ustidan o’tib Kiev va Londonga — Mag’ribga yo’l olar ekan, o’zining issiq, sim-sim nurlarini Turkistonning baland-baland tog’lari, yassi-yassi kengliklari, qaqroq sahrolari-yu shovullagan bog’lari qatori tig’dor cho’qqilar poyidagi mo»jazgina G’o’s degan qishloqdan, shu jumladan, qabriston yonidagi toshtaroshning hovlisidan ham ayamaydi. Ha, cheksiz olamning bir chekkasidagi shu qishloq tepasida ham har sahar oftob chiqadi, Allohga shukur.

Toshtaroshning qishloq mozoriga tutash, devorlari nurab borayotgan loyshuvoq hovlisi bu tog’ qishlog’ini dunyo bilan bog’lab turadigan yagona yo’lning chetida bo’lgani uchun qishloqdan chiqayotgan yoki unga kirayotgan har bir yo’lovchining nazari, albatta, tuproq ustida shoshib yurganlarning so’nggi manzili – mozorotga va shu makonning yagona qoravuli, bog’boni va go’rkovi bo’lmish toshtaroshning kungay betdagi hovlisiga tushadi.

Uning o’tkinchilar bilan ishi yo’q, qishloqda qazo bo’lsa, tong sahardan go’r qazishga tushadi, tushlikdan so’ng esa tosh taroshlaydi. Bu juda mayda, zahmattalab ish — kuniga bir, nari borsa ikki toshni taroshlaydi, buyurtma tushsa, marhumning ismi-sharifini tig’ bilan o’yib yozadi. To’qmoqni cho’qmorga solgan payti uchib ketgan toshchalar tizzasiga sachraydi, goho bilagini tilib o’tardi, chilpillab chiqqan terni qotma barmoqlari bilan sidirar ekan, kaftidagi kukun yuqi peshonasida somon yo’liday iz qoldiradi. Uning na bu izga, na qarab ketayotgan yo’lovchilarga va na bu dunyoga ishi bor, allaqayda xalq qo’zg’olib, mustaqillikka erishgani, qaydadadir jarrohlar inson yuragini boshqasi bilan almashtirgani, kosmik kema samoga uchgani haqida gapirayotgan radioning ko’hna javrashi ham qulog’iga kirmaydi, toshni tinimsiz taroshlayveradi.

Qabrtoshlarga talab bor – aholisi zich qishloqda deyarli har kuni kimdir tug’iladi va kimdir qazo qiladi. Ayniqsa, qishning oxirlarida o’lim ko’payadi, tosh tayyorlab ulgurmaydi. Yozda biroz nafas rostlaydi. Yasagan qabrtoshlarga «ega» topilishiga ishonganidan oldindan tayyorlab qo’yaveradi. Endi ismi-sharifi yoziladigan marhum bo’lsa kifoya.

O’ngagidagi terni sidirib, ivigan barmoqlarini sho’rlagan etagiga surtadi-da, yana ishini davom ettiraveradi. Mening termulib turganimni ham sezmaydi.

U yerni qazib, murdalarni ko’maverganidan mozorot ham ulkan qishloqqa aylangan. Qator-qator qabrlar yonidagi navbatdagi go’rni kavlab, chuqurdan chiqqan iliq tuproqni siqimlab xidlayotganini ko’rganimda, u menga o’ta nuroniy, bu mashg’ulotini ko’p zamonlar, ming yillar avval boshlaganday, bu ketishda qishloqning hamma odamini ko’mib tugatadiganday tuyuladi.

Yonma-yon terib qo’yilgan beti silliq uch-to’rt qabrtoshga termulaman. Do’mpaygan qabriga bu toshlar
qo’yiladigan odamlar hali tirik. Ular hali hech narsadan bexabar, yer bosib yurgandir. Balkim gul xidlab o’tirgandir, uxlayotgan – bir hovuch suvni tush ko’rayotgandir. Yoki mozor yonidan o’tib, bozorga borayotgan, hozirgina yo’ldan o’tayotib, o’zining qabriga tosh yo’nayotgan mana bu toshtarosh ustaga qarab kulib ketayotgandir… Ehtimol, shu fikrlarni o’ylayotgan kimsaning – mening qabrtoshimdir bu egasiz tosh.

Bir-biriga og’alarcha suyanib turgan toshlarga boqib, tomog’imga nimadir tiqiladi: bilaman, odamlar shu toshlar tayyor ekani uchun o’lmaydi. Lekin, nima uchun bu toshlar aybdorday bir-biriga mingashadi…

Toshtarosh navbatdagi toshni olib tekislay boshladi. Tokio tomondan chiqqan quyosh Qobulning tepasidan allaqachon o’tgan, qishloqning kunbotar tomonidagi beshikchining tomi ustidan Novgorodga tomon ketayotgan edi. Dunyoda na Tokio, na Novgorod borligidan bexabar bir o’zbek toshtaroshi yana bir qishloqdoshining qabri uchun tosh yo’nib yotardi.

1982

QABRTOSHGA YOZUVLAR

1.

Yana bahorlar kelar,
Jambil isli havoni
Simiradi ko’k savsan.
Qari tolning tovonin
Qitiqlaydi yosh maysa,
Gullar bosar dunyoni…
Sen o’rningdan turmaysan –
Ming afsuski, o’lgansan,
Ming afsuski, ko’rmaysan.

2.

Yana bahorlar kelar,
Tushar og’ir ko’ylaklar.
Dilga qutqu to’ladi –
Kimningdir shod kulgusi
Bog’ni nurga beladi.
Sen sevgan oyday dilbar
Begonaga kuladi –
Sen o’rningdan turmaysan…
Yaxshiyamki, o’lgansan,
Yaxshiyamki, ko’rmaysan.

1988

DAFN

Mana,
kecha
unga uzatilmagan qo’llar
tobutiga cho’zildi bugun.

U yaproqday titrab
har oqshom kutgan qog’ozga
ajalining xabarini bityapmiz tongda
barmoqlar titrab.

Qizg’anib betiga aytilmagan ezgu so’zlar
endi aytilar
tortinmay aytilgan so’zlardan o’lganning
qabri ustida.

Sag’ana ustida tebranar qizil gullar,
kechikib kelgan,
kechikkanidan qizargan,
uyatchan gullar.

1986

***

Ilk qor bosgan xazonni kechib,
bog’ kezardim,
xayollarim nek —
bir qiz kelar
shu yorug’ kecha
yupun shoxga osilgan oydek.

Bilmam, sayd kim ishqiy shikorda,
ko’zim, bu pok husnni ichgin –
tushlariga kirmagan hech kim,
pokizadir mana shu qorday.

Oy ham cho’kdi qaroqlariga,
allaneni shivirlar labi.
Sevsam, so’nggi yaproqlar kabi
to’kilsaydim oyoqlariga.

Sevsam… O’tdi. Mag’rur. Begona.
Telba qilma ishqni, yorug’ shab.
Kuzgi bog’da turibman yakka
mung’aygan cho’ng chinorga o’xshab…

1986

08

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

Izoh qoldiring