Zulfiya. She’rlar & Naim Karimov. Zulfiya opa haqida

777Ҳар йили баҳорнинг илк куни – ўзбекнинг ардоқли шоираси Зулфияхоним таваллуд айёми кенг нишонланади.

Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд-дегрез оиласида туғилди. Унинг бобосини Муслим дегрез дер эдилар ва у Дегрезлик маҳалласида яшар эди. Олов ва темир билан тобланган отасини шоира шундай хотирлайди: “Отам заҳматкаш темирчи эди. Мен ҳамма вақт уни иш кафтида кўрар эдим. Ўша вақтда болаларини боқиш, рўзғор тебратиш учун одамлар жуда кўп меҳнат қилишлари зарур эканлигига сира ақлим етмасди. Отамнинг ҳамма вақт оловга йўлдош касбидан фақат завқ ва шавқни кўрар эдим”.

Наим Каримов
ЗУЛФИЯ ОПА ҲАҚИДА
004

099Тошкентдаги Дегрез ва Ўқчи маҳаллалари Ўзбекистонда ишчилар синфининг майдонга келишида бешик вазифасини адо этган. Карийб юз йилдан бери шу ерда пўлат қуйиб, чўян эритиб, турли-туман хўжалик асбобларини ясаганлар. Тунука сурнайдан тортиб қўрғошин тўппончагача, қилич-қалқондан тортиб қозон ва омочгача — ҳамма нарса шу ерда тайёрланган.

Ана шу маҳаллада истиқомат қилган Муслим дегрезни 1917 йилдаги инқилобий воқеаларга қадар бутун Тошкент билган ва ҳурмат қилган, десак муболаға бўлмас. Муслим дегрезнинг ҳовлисида катта дошқозон бўлиб, унда ҳар икки ҳафтада пўлат ё чўян эритилар, улар турли шаклларга қуйилар, сўнг қозон ё омоч шаклини олиб, ўнлаб хонадонларга кириб борар эди. Пўлат ва чўян эритиладиган кун, худди байрамдагидек; шўх шанлик ва хандонлик билан ўтарди.

Шундай кунларда Муслим дегрезнинг ёнида унинг беш нафар ўғли ҳам турарди. Унинг фарзандлари ҳам ота касбини эгаллаган, дегрезлик ҳунарига ихлос қўйган кишилар бўлишган.

Муслим дегрезнинг бешта фарзандидан бири Исроил дегрез эди. Исроил дегрез етти фарзанд кўрди ва фарзандларининг энг кенжасини Зулфия деб атади.

Зулфиянинг болалик чоғлари ана шу иш муҳитида, пўлат тафти анқиган хонадонда кечди. Унинг наздида, отаси шундай моҳир дегрез эдики, у ҳатто пўлатдан қўғирчоқ ҳам қуйиб қўйиши мумкиндек эди. У дошқозон атрофида безовта юрган отасининг ортидан эргашиб, «Дада, менга қўғирчоқ ясаб беринг!» деб илтимос қилгани қилган эди. Озгингина, қорачадан келган, чайир танли отаси эриган пўлатнинг учқунларини сачратиб, турли асбоб-анжомлар ясар экан, халқ эртакларидаги паҳлавонлардек туюларди унга.

Ҳар бир касб-ҳунар кишиларининг ўзига хос фазилатлари бўлади. Дегрезлар одатда камгап, темир иродали, чайир кишилар бўлишган. Исроил дегрезда бу фазилатлардан бошқа сифатлар ҳам йўқ эмас эди. У ўз ҳунарига астойдил берилган, тийран нигоҳли, илғор қарашли кишилардан эди. У фарзандларини ҳалол, меҳнатсевар кишилар қилиб тарбиялади. Катта ўғли Исмоил Москвадаги олий ўқув юртларининг бирида таҳсил олгач, партия идораларида масъул лавозимларда хизмат қилди. Қодир нафақага чиққунига қадар ота касбини давом эттириб, заводда пўлат қуйди. Нормат Исроилов эса 30-йилларда танилган халол партия ходимларидан бири эди. Зулфия дастлабки ҳаёт сабоқларини анна шу ота-онаси ва акаларидан олди.

Қиш оқшомларида бутун оила сандал атрофида тўпланар ва Хадича хола катта рўмолни аста очиб, унинг ичидаги бирор халқ китоби ёки баёзни варақлаб, шеър ёки жангномани ўқирди. Зулфия Навоий, Бедил, Фузулий шеърларини биринчи марта онасидан эшитган эди. “Мўъжизалар яратишга қодир, жаҳонни кўзга кенг очувчи, инсонни гўзаллик сари еткловчи Сўз»га муҳаббат туйғусини Зулфияда остона ҳатлаб кўчага чиқмаган оддий аёл” – ана шу онаси уйғотган эди.

Шу тарзда ҳаёт дорилфунуни билан таниша бошлаган Зулфия бошлангич маълумотни олгач, 1931 йили Ўқчи маҳалласидаги хотин-қизлар билим юртига ўқишга кирди. Зулфия шу даврда, бошқа дугоналари қатори, ўқитувчи бўлишга ахд қилган эди. Лекин у «донолик ва билимнинг сира туганмас конлари” — Навоий ва Ҳофиз, Пушкин ва Байрон асарлари билан танишар экан, ўзи ..ҳам “қандайдир жуфтланган, оҳангдош сатрлар”ни тўқий бошлаганини сезди. У шеър ёза бошлади. Шу йилларда билим юртида Шукур Саъдулла ва Тошпўлат Саъдий бошлиқ адабиёт тўгараги иш олиб борар, қизлар улар туфайли мумтоз ва замондош шоирларнинг асарлари билан танишар, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва бошқа шоирлар эса билим юртига келиб, улар билан учрашув кечаларини ўтказишар эдилар. Ҳамид Олимжон билим юртидаги шундай кечаларда қизлар билан суҳбатлашиб, уларни мумтоз ва шўро адабиёти намуналарини ўқишга чорларди. Зулфия шундай учрашув кечаларида бутун вужуди қулоқда айланиб, таниқли ўзбек шоирларининг шеърларини завқ билан тингларди.

Орадан кўп ўтмай, шеъриятга ихлос қўйган қизлар Ёзувчилар уюшмасига бориб, Ҳамид Олимжон ва Уйғун бошқарган семинар машғулотларида ҳам қатнаша бошладилар.

Зулфия тинимсиз китоб ўқир, кечалари ҳаммадан яширинган ва яширган ҳолда шеър машқ қиларди. Ниҳоят, у ўз машқларини тўгарак раҳбарларига кўрсатишга ботинди. Унинг «Мен иш қизи» деб номланган биринчи шеъри 1931 йил 17 июль куни Шукур Саъдулла воситасида «Ишчи» газетасида босилди.

Зулфия шеъри босилиб чиққанидан беҳад даражада қувонган Нормат ака бир даста газетани сотиб олиб, уни ҳаммага кўз-кўз қилиб чиқди. Унинг бундай кувончга берилиши Зулфияга илҳом бағишлади. Унинг шеърлари «Ёш ленинчи» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Янги йўл» ва «Ўзбекистон шўро адабиёти» журналларида чоп этила бошлади. 1932 йилда эса Зулфиянинг биринчи шеърлар тўплами — «Ҳаёт варақлари» матбуот юзини кўрди.

Бу шеърлар Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди.

“Мен, — деб ёзади Зулфия, — Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. Биз, йигирма чоғли адабиёт ихлосмандлари, семинар машғулотларига йиғилардик. Машғулотларни Ҳамид Олимжон билан Уйғун бошқарарди. Уларнинг ўша пайтдаги фақат ўзига ишонадиган кишидагина бўладиган босиқ, маҳрур, кучли қиёфалари мени ҳозиргача ҳайратга солади. Улар ўзларини ниҳоятда эркин тутарди…

…Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим”.

1934 йил эди. Ҳозирги “Мустақиллик” метро бекати олдидаги майдончада Ҳамид Олимжон Зулфияни учратиб қолади. Улар шу вақтга қадар фақат адабий кечалар туфайлигина бир-бирлари билан таниш эдилар. Ҳамид Олимжон тасодифий учрашувдан мамнун бўлиб, Зулфия билан узоқ суҳбатлашади.

— Шеърингизни ўқидим, — дейди у ошкора меҳр билан. – Яхши. Нималигини айтайми? Шеърда қалбингизнинг сурати бор. Бир парчагина бўлса ҳам. У ўзингизнинг қалбингиз. Худди шундай давом эттириш керак. Риторикасиз, ҳақиқатни ёзиш зарур…

Зулфия ўша пайтда «риторика” сўзини ғира-шира англарди. Лекин у бу ҳақда индамай қўя қолади.

“Ўшанда, — деб ёзади шоира, — мен уйимизга юриб эмас, учиб келдим. Келибоқ йўл бўйи туғилган туйғуларимни қоғозга туширдим. Мен бу шеърни шундай енгил, тўлиб-тошиб ёздимки, юрагимга аллақандай афсонавий бир қудрат кириб олиб, фикрларим, қўлларимга куч бахш этаётгандай эди. (Бу “Баҳор кечаси” деб аталган шеърим бўлса керак.)”

Мазкур кутилмаган учрашув Светлана Сомованинг «Шоир ҳақида достон» асарида ўзининг бундай тасвирини топган:

…Ҳали булар бир-бирин топиб,
Жамолларин кўргунча аён,
Шеърлари газеталарнинг
Бетларида турди ёнма-ён.
Шеър очди муҳаббатга йўл,
Аён қилди қалб оташин ҳам.
Гуё улар беришгандек қўл,
Юракларни уришин шу дам —
Сезгандилар сатрма-сатр,
Бўлгандилар мафтуну асир.
Кўзларига чўкди ўйчанлик,
Қандайдир дард, муштоқлик изи.
Висол учун бўлган ташналик
Бир-бировин кўргунча юзин.
Шеърдаги содда, самимий,
Ҳар бир сўзда топгандек аксин,
Бир кун оқшом пайти иккиси –
Ногаҳоний кўришган бир зум
Шодлик, дардни кўринг деб бирга
Муҳр босди улар умрига.

(Шукрулло таржимаси)

Ўша тасодифий учрашувнинг бундай шоирона талқин этилиши ҳам, Зулфиянинг ўша унутилмас оқшом соатларида «Баҳор кечаси» шеърини ёзиши ҳам бежиз эмас. Ҳамид Олимжон билан Зул¬фия ўртасидаги дўстлик ва муҳаббат саройининг муҳташам биносига худди ўша куни биринчи ғишт қўйилган эди.

Зулфия шу учрашувдан кейин Ҳамид Олимжон тўғрисида тез-тез ўйлайдиган, Ҳамид Олимжон эса ёш шоиранинг шеърларини диққат билан кузатадиган бўлди.

Кўп ўтмай, Зулфия билим юртини тугатиб, 1935 йилда Ўзбекистон Фанлар комитети қошидаги Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасига ўқишга кирди. Бу ерда у бўлажак таниқли олимлар — Солиҳ Муталлибов, Fyлом Каримов, Аюб Ғуломов кабилар билан бирга адабий-назарий билимини оширди.

Шу йилларда Тил ва адабиёт институтида Ҳамид Олимжон ҳам хизмат қиларди. У Зулфия билан учрашган кезларида унинг ижоди билан қизиқар, унга турли маслаҳатлар берарди. Ҳар бир учрашув уларни тобора яқинлаштирар ва бир-бирларининг қалбига муҳаббат уруғларини соча бошлар эди.

1935 йил улар ҳаётига энг бахтли сана сифатида кириб келди. Шу йилнинг 23 июль куни тақдир икки шоирнинг ҳаёт ришталарини бутун умрга бир-бири билан боғлаб ташлади. Шу даврда Ҳамид Олимжон 26 яшар қирчиллама йигит бўлиб, бешта шеърлар ва ҳикоялар китоби муаллифи, таниқли шоир, тиришқоқ олим, ёш шоирлар учун эса устоз сифатида эл оғзига тушган эди. У Зулфия учун турмуш ўртоги ва дўстгина эмас, балки унинг ижодий тақдирида мислсиз аҳамиятга молик сиймо ҳам бўлди.

“1935 йилда тўйимиз бўлди, — деб ёзади Зулфия. – Мен яйраб яшардим. Инсон чинакам севиб, севилганда атрофидаги барча қийинчиликлар ушоқ бўлиб кўринади. Тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб кўринади. Мен ўша пайтда шундай руҳда эдим».

Зулфия ҳали ёш экан, Хадича хола ўзи ипак қурти боқиб, пилладан толалар ажратиб, ундан олган ипакни турли-туман рангларга бўяб, инсон кўзини қамаштирадиган палак тиккан эди. Шу палак Хадича холанинг келин-куёвга атаган тўёнаси бўлди. Ҳамид Олимжон наздида, палак улар хонадонига қандайдир ўзгача файз бағишлагандек эди. Хадича холанинг тўёнасидан ҳам суюқли ёр билан қовушганидан чексиз қувончларга тўлган шоир ўзини бахт ва саодат осмонида ҳис зтди. Ана шу онлардан бошлаб севги ва муҳаббат атри уфуриб турган ошёнда ярим тунга қадар шеъриятнинг қўш чироғи ўчмайдиган бўлди.

Тўй арафасида икки ёшнинг бир-бирига туйган майлидан огоҳ бўлган шоиранинг акаси Нормат ака бўлажак куёв билан танишиш иштиёқини билдирган эди. Кунларнинг бирида у Зулфия орқали Ҳамид Олимжонни ўша пайтда М.Горький номи билан аталган Маданият ва истироҳат боғига, концертга таклиф этди. Улар боғнинг панжарали дарвозаси олдида учрашар эканлар, Ҳамид Олимжон билан Нормат Исроилов эски қадрдонлардек қуюқ кўриша кетдилар. Маълум бўлишича, Ҳамид Олимжон Тошкентга кўчиб келиб, Обсерватория кўчасидаги уйни ўз номига расмийлаштирганда, тасодиф амри билан бўлажак қайин оға унга ёрдам берган экан.

Орадан хийла вақт ўтиб, тўй шабадаси эсиб қолганида, Нормат Исроилов Зулфияга мурожаат этиб, «Синглим, ўша пайтда мен Ҳамиджон учунгина эмас, ўзимиз учун ҳам ҳаракат этган эканман», — деган эди.

Одатда тўй мураккаб ва машаққатли жараённинг натижаси бўлади. Одам Атодан қолган урф-одат ва расм-русмлар келин билан куёвнинг, улар ота-оналарининг елкаларига залворли юк бўлиб тушади.
Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг тўйи ўзгача ўтди. Шоирнинг ўша кезлардаги дўстларидан бири совчи бўлиб борди. Олди-берди, умуман, бўлмади. Хадича хола фақат бир нарса — куёвнинг онаси бор-йўқлиги билангина қизиқди, холос.

Комила хола шу даврга қадар Жиззахда истиқомат қиларди. У тўй баҳонаси билан Тошкентга келди ва бир умрга шу ерда, Ҳамид Олимжоннинг бағрида яшаб қолди.

Тўйдан кейин ўн кун ўтар-ўтмас, келин билан куёв Оқтошга бориб, бокира табиат оғушида «асал ойи»ни ўтказдилар. Ҳамид Олимжон «Бир ёнда тоғ, бир ёнда боғ» қад кўтарган ерда болалик кезларини эслаб, яйраб ҳордиқ чиқарди. Toғ-тошларига урила-урила сачраб ва нуқра кукунлар ҳосил қилиб оқаётган муздек сувда балиқ каби сузди.

Сув оқарди,
Қўйнида
Кўкрак кериб,
Балиқ каби
Шўнғиб ётарди.

(“Болалик”)

Ҳамид Олимжон қанчалик улғайиб, шоир ва жамоат арбоби сифатида эл-юртга танилган бўлмасин, бу мисраларда тасвирланган шўх ва қувноқ болалик унинг табиатини тарк этмади. У табиат билан юзма-юз қолганида, ҳамиша ўзини унинг эрка фарзанди, деб ҳис этди. У Зулфия билан бирга бўлган вақтларда ҳам ўзини шўхликка, хушнудликка, жўшқинликка ташна боладек тутди.

Ҳамид Олимжон Самарқандда танишган ва қадрдонлашган кишиларидан бири Ойдин Собирова эди. Улар педакадемияда бирга таълим олишган, ўша ерда бир-бирларига ҳурмат туйган эдилар. Улар ўртасидаги дўстлик ришталари Тошкентда ҳам узилмади. Ойдин опанинг Ўқитувчилар кўчасидаги уйида Ҳамид Олимжон, Зулфия, Уйғун, Faфур Ғулом тез-тез йиғилишиб турардилар. Шундай пайтларда шеърият, аския, хотирот шалолалари оққанида Ойдин опанинг кичкинагина уйи торлик қилиб қоларди.

Дўстлар Янги, 1936 йилни ҳам шу ерда кутиб олишди. Ташқарида қалин қор оқ-оппоқ гилам ўлароқ тўшалган эди. Ҳамид Олимжоннинг болалиги тутиб, Зулфияни кўчага, чена учишга таклиф этди. Ченанииг йўқлиги шоир раъйини қайтара олмади. У пальтосининг бағрини Зулфияга тутқазиб, серқор кўча бўйлаб қийқириб, хандон отиб, уни тортди.

Зулфия шоир билан бирга кечган ана шу бахтли йилларда ҳар қандай истеъдод доимий меҳнат туфайли чархланиб бориши, Ҳақиқий санъаткор буюк меҳнат интизомига эга бўлиши лозимлигини кўрди. Ҳамид Олимжон ҳар қандай шароитда ҳам эрта билан соат 6 дан 11 га кадар уйда ижод билан шуғулланар, сўнг ҳали сиёҳи қуримаган асарини овоз чиқариб ўқир ва унинг қандай жаранглашини текшириб кўрар эди.

Зулфия ўзининг ҳар бир шеърини унинг назаридан ўтказар, аммо Ҳамид Олимжон бу шеърларга қалам урмас, балки улардаги кучли ва кучсиз сатрларини кўрсатар, тушунтирар эди.

«Иккинчи китобни ёзаётганимда, — деб ёзади шоира, — бир куни Ҳамид Олимжондан шундай деб сўраганим эсимда: «Нима учун мен ёзган шеърларнинг ҳеч поёни бўлмайди? Қайси бандда тўхтамасин, яна давом эттирса бўлаверади-я!» У кулиб туриб, бундай деган эди: «Чунки сиз ҳар бир шеърингизда биратўла ҳамма гапни айтиб олмоқчи бўласиз, ваҳоланки, бундай қилиш ярамайди. Кейин, биласизми, шеърни охиридан бошлаб ёзиш керак»… Унинг маслаҳати нақадар нозик ва аниқлигини кейинчалик ўзимда назмхонлик қилиш эмас, балки бирон мухим ва юрагимда туҳилиб қолган фикрни баён қилиш зарурати етилгач, тушундим».

Зулфия Ҳамид Олимжон билан бўлган шундай суҳбатлардан кейин шеър ёзган, шеърлари босилиб чиққан ҳар қандай киши ҳам шоир бўла олмаслигини, шоир бўлиш учун эса дунёни ўзгача кўриш ва идрок этиш зарурлигини тушунди.

Улкан шоир, нодир инсоний фазилатлар соҳиби Ҳамид Олимжон Зулфияга, ҳамма нарсада ўрнак булди. Зулфия улкан шоирдан фикрлаш, меҳнат қилиш ва шеър ёзишни ҳам, дўстларга меҳрибон, душманга эса шафқатсиз бўлишни ҳам ўрганди, унинг ижод мактабида таълим олди. Ҳамид Олимжон шу маънода Зулфия қалбига уйғун ҳамроҳ ва сезгир маслаҳатчи бўлди.

Илҳом тулпори жавлон урган шоир ёзув столи ёнига келиб ўтириши биланоқ шеър дарёси оқиб келарди. Ҳали қалбида шеърият булоғи очилмаган ёш шоира эса бу ҳолатдан ҳайратга тушиб, Ҳамид Олимжондан илҳом тулпорининг қачон жиринглаб келиши ва шеърни қандай ёзиш сирларини билмоқчи бўларди.

«Мен ўша пайтларда: «Столга ўтирди дегунча ёзаверади. Қайдан бу куч, илҳом?” деб таажжубланардим. Энди билсам, жаҳон, рус ва ўзбек мумтоз, замонавий адабиётини ўқиш, ўқибгина қолмай, уларни таҳлил қилиш, фикрларини ён дафтарига ёзиб қўйиш, халқ оғзаки ижоди билан астойдил шуғулланиш – бу машғулотларнинг бари шоир ижоди учун доимий озиқ бўлиб турган экан. Ҳамид Олимжон шунча ишлар орасида менга ҳам астойдил ёрдам берар эди. Ёшман, баъзан менга сонсиз китоблар, қоғозлар ичида кўмилиб ўтириш ёқимли туюлмасди. Бундай пайтларда у мени илҳомлантириш йўлларини топарди. Эсимда, бир гал Самарқанд сафаридан ўзи билан Раъно Узоқованинг шеърларини олиб келди. Таъсирчан жойларини ўша кечадаёқ ўқиб берди. Сўнг: «Кўряпсизми, аёлларимиз қандай ёза олади? Фақат жасорат, ирода керак, — деди-да, секингиа қўшиб қўйди. – Биласизми, сиз яхшироқ ёза оласиз!”

Бу суҳбат менга катта туртки бўлди».

Зулфия Ҳамид Олимжон таъсирида ўзбек, жаҳон ва рус мумтоз шоирларининг шеърларини мутолаа қилди. Уни, хусусан, Пушкин, Тютчев, Фетнинг мусиқий равон мисралари, айниқса, ром этди. У, агар марҳум адабиётшунос Адҳам Акбаровнинг сўзлари чин бўлса, эрта тонгда туриб, Афанасий Фетнинг «Салом билан келдим сенинг ёнингга…» шеърини ўқиш билан севимли ёрини уйғотадиган бўлди. Ўша кунларда Зулфия қуёшнинг илк нурлари билан турибоқ Фетнинг ушбу сеҳрли мисраларини рус тилида баланд овоз билан ўқир ва унинг қўнғироқдек янгроқ ва ёқимли овози дилнавоз тонг отганлигини англатар эди.

Я пришел к тебе с приветом,
Рассказать, что солнце встало,
Что оно горячим светом
По листам затрепетало.
Рассказать, что с той же страстью,
Как вчера я пришел снова.
Что душа все так же счастью
И тебе служить готова…

Бу мисралар гарчанд Фет қаламига мансуб эса-да, улар Зулфия қалбининг ўша кезлардаги замзамалари, жилвалари, тебранишларини ифода этар ва унинг қалб овозидек янграр эди. Яна эътибор беринг:

…Кечагидек келдим ёнингга,
Ўша ҳис ва ўша эҳтирос —
Билан қалбим бахтга ва сенга
Хизмат қилай дегани ҳам рост…
(Таржима бизники – Н.К.)

Орадан бир неча йиллар ўтиб, бахт осмони қоп-қора қуюн билан қуршалган кезларда Зулфия шеърларидан чинқириб отилган садо ана шу мисраларда ифодаланган чинни туйғуларнинг чил-чил синиши эмасмикан?!

Барча бахтиёр кишилар бир-бирларига ўхшайдилар. Бахтиёр инсон дилнавоз ошиқ ёки маъшуқага ўз қалбининг биллур туйғуларини нисор этади. Зулфия ҳам, Ҳамид Олимжон ҳам ўша чароғон
йилларда қалб қрини, меҳ-муҳббат тафтини бир-бирларидан сира фориғ тутмадилар.

Бу, икки шоирнинг ўзаро ҳрмат ва муҳаббатга асосланган эркин иттифоқи эди.

Шу даврда Зулфия ижоди баҳор чоғларидаги чўққилардан эндигина пайдо бўлаётган кичик бир жилға эди. Кунлар, ойлар ва йиллар ўтиб, бу жилғанинг дарёга айланиши муқаррар эди.

Жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасини қамраб олган инқилоб 20-йиллар ўзбек шеъриятида ҳам тўнтариш ясади. Анъанавий аруз вазни ўрнига инқилобий маршлар оҳангига жўр бўлиб, бармоқ вазни кириб келди. Бу ҳол инқилобий давр талаблари асосида рўй берди. 20-йиллар охири — 30-йилларнинг бошларида эса “эркин шеър” тушунчаси пайдо бўлди. Шеърият инқилобий кураш қуролига айланди. Ўзбек шеъриятининг сиёсий-ижтимоий жаранги, тарғиботчилик йўналиши бениҳоя кучайди.

Ҳамид Олимжон 1930-1931 йиллардаги шеърий тажрибаларидан сўнг эркин вазнга бошқа қайтмади. Шоирнинг шу давр шеърларидаги қайноқ, ҳужумкор овози энди бармоқ вазнининг равон сойида бир оз «совиб», салобат ва виқор касб этди. Унинг шеърларидаги ҳайқириқ ва хитоблар ўрнини сокин ва теран кечинмалар эгаллади. Ана шу сокин кечинмалар тасвирининг пайдо бўлишида шоир қалбида уйғонган муҳаббат туйғуларининг ўрни ва аҳамияти оз эмас.

Ҳамид Олимжон 1936 йилда ёзган шеърларидан бирига татар шеъриятининг карвонбошиси Ҳоди Тоқтошнинг: «Муҳаббат — ўзи эски нарса, лекин у ҳар бир юракда қайта янгиланади», деган сўзларини пешсўз қилиб келтирган. Бу сўзлар шеърнинг автобиографик унсурлардан холи эмаслигини англатади. Дарвоқе, шеърнинг ғоявий мундарижасида ҳам ошифта шоир қалбининг биографияси ўз ифодасини топган:

Ҳар юракнинг бир баҳори бор,
Ҳар бир қалбга ишқ бўлар меҳмон,
Ҳар юракда гуллар муҳаббат,
Бўстон этар уни бегумон.
Лекин Лайли бошига келган
Қора кунлар бизга ёт бутун;
Бизга ётдир Ширин бахтини
Поймол этган у қоп-қора тун.

Шоирнинг ўз рафиқасига бўлган муҳаббати Фарҳод ва Мажнунларнинг севгиси янглиғ беадад эди. Ана шу муҳаббат туфайли у ўз бахтини янада чуқур ҳис этди:

Карашларинг тинчимни олиб,
Чертиб кетди қалбим торини,
Шундан кейин сездим юракда
Шунча кучли ўтнинг борини.
Айтиб бер-чи, шунча севганлар
Бўлганмикан менча бахтиёр?

Бу мисралар 1936 йил кузида Сочида ёзилган.

Ҳамид Олимжон Қора денгиз бўйларида жойлашган санаторийга борган кезларида Зулфия биринчи фарзандига ҳомиладор бўлганлиги сабабли турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қила олмаган. Шунинг учун ҳам шоирнинг Кавказ таассуротлари билан йўғрилган шеърларида севимли ёрга бўлган соғинч ҳисси устиворлик қилади. «Хаёлинг-ла ўтади тунлар…» деб номланган шундай шеърлардан бири нафақат Ҳамид Олимжон, балки ХХ аср ўзбек лирикасининг шоҳ намуналаридан биридир. Бундан қарийб етмиш беш йил аввал ёзилган бу шеър оҳорини на ўтган даврлар бўрони тўка олган, на ўзбек шоирларининг кейинги ишқий замзамалари. Биз бу шеърни ўқир эканмиз, биргина соғинч туйғусининг шу қадар гўзал ва умрбоқий асарни майдонга келтира олиши мумкинлигига ҳайрат билан қараймиз. Нима дейсиз, балки бу шеърнинг майдонга келишига сабаб бўлган бошқа илоҳий омиллар ҳам бордир?

Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда
Топиб бер, деб ойга ёлвордим.
Ишон бунга, сени доимо
Эсга солар чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солур бахтиёр кунлар.
Толеимнинг ошиёни сен,
Сен севгимнинг кўкарган боғи.
Сенинг билан бирга иқболим.
Ишончимнинг сен вафо тоғи.
Мени қуршар салқин бир ҳаво,
Сув устидан тун қуюлади.
Шунда қанча-қанча гапларни
Эсга солиб ой ҳам тўлади.
Кеча жимжит, ёлғиз тўлқинлар
Пишқиради билмай тинимни.
Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,
Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

Агар шоир қалбида муҳаббатнинг оташин олови балқиб турмаган бўлса, ҳар қандай юксак истеъдод соҳиби ҳам бундай шеърият дурдонасини ярата олмаса керак.

Ҳамид Олимжон, айтиб ўтилганидек, меҳнат интизомига қатъий амал қиларди. У кўп ва бетиним нжод қилиш билан бирга кўнгилли ҳордиқ олишни, истироҳат қилишни, дўстлар даврасида оқилона суҳбат қилиш-у мириқиб ҳазил-мутойибага берилишни ҳам севарди.

Якшанба Ҳамид Олимжон ва унинг оиласи учун чин маънода фароҳат ва истироҳат куни эди. Шу куни шоир қўлига қалам олмас, Зулфия ҳам уй-рўзғор ишларидан озод бўларди.

Одатда у барвақт туриб, Зулфия билан бирга бозорга борар, рўзғор учун керакли маҳсулотларни обдон танлаб-савдолашиб харид қиларди. Сўнгра кўчага чиқиб, биринчи келган трамвайга тушар ва шу трамвайнинг охирги бекатига қадар бориб, шаҳар ташқарисига чиқиб оларди. Шоир бундай сайрларни «матчои сайил» деб атарди.

У Обсерватория кўчасида истиқомат қилганда, 2- ёки 3-рақамли трамвайларга ўтириб, Гидр ва Салор бўйларига боришни, яшил кенгликларга чиқиб, тоза ва тўйимли ҳаво билан нафас олишни, қушлар навосини тинглаб, ўт-ўланларнинг яшил ёғдусини симирншни севарди.

«Матчои сайил» табиат бағрига кириш — руҳга ҳордиқ бериш, ранглар ўйинига, садолар шалоласига, хуллас, табиатнинг беназир латофати бағрига сингиш, хуллас, ижод учун чўғ олиш эди.

Табиатдаги гўзалликни кўра ва қўмсай олмайдиган инсон уни Ҳамид Олимжондек беадад шеърий куч билан акс эттира олармикан?! Йўқ, асло! Ҳаётни, табиатни Ҳамид Олимжондек жиловсиз эҳтирос билан севувчи кишигина шундай ошифта шоир бўлиши мумкин…

Шубҳасиз, ҳамидона “матчои сайил”лар Зулфиясиз ўтмас эди.

Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг «табиат қучоғи»га қилган ана шундай саёҳатларидан бири 1936 йил баҳоридаги лола сайли эди. Орадан бир йил ўтгач, шоир ўша сайилдан олган фароғатини хотирлаб, ўзининг латиф шеърларидан бирини ёзган:

Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.
Қушлар сайрар жонимга пайваст,
Мен севгининг бўйи билан маст,
Куни билан далада қолдим,
Лолазорлар ичра йўқолдим.
Қучоқ-қучоқ гуллар терганим
Ва келтириб сенга берганим
Кечагидай ҳамон эсимда,
Ҳар сония, ҳар он эсимда.
Шундан бери тилимда отинг,
Шундан бери дилимда отинг…
Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Ҳамид Олимжон ўз муҳаббати билан беҳад даражада бахтиёр эди. Бахтиёр кишининг кўзига эса ҳамма нарса гўзал бўлиб кўринади:

Бахтим борки, ҳap нарса гўзал
Кўринади менинг кўзимга.

Ҳамид Олимжон 30-йилларнинг иккинчи ярмида она юртнинг оташин куйчисига бежиз айланмаган, олтин водийлару бахмал адирларни бежиз ёниб тасвирламаган, бепоён Ватанимизнинг жаннатмонанд тасвирини бежиз яратмаган. Уни шундай гўзал шеърият дурдоналарини яратишига илҳом берган ҳам унинг қалбидаги Зулфияга бўлган муҳаббатнинг латиф туйғулари эди.
Шоирнинг бахт-саодат ҳақидаги бир туркум шеърлари ҳам ана шу бахтли муҳаббат чашмасидан юзиб чиққан.

ЗУЛФИЯ
ШЕЪРЛАР
004

ФАРЗАНД

023

Нега севмай, эркалаб ўпмай,
Нечун демай уни ҳаётим?
Нега демай кўзимнинг нури,
Сўзлаганда қандим, новвотим?

Ширин экан фарзанд, у билан
Оилага кирар экан жон.
Кўзи кўзга тушиши билан
Меҳри балқир экан бепоён.

Иқбол бўлиб кўзинг олдида,
Кундан кунга топаркан камол,
Не бахт, тоза ҳаёт боғингда
Ўсса тоза, бебаҳо ниҳол.

У бор ерда қайғу ва ҳасрат
Ҳаётингга бегона экан.
Қани айтинг, фарзанддан қиммат
Бу дунёда нима бор экан?

О… фарзандим, кўзим нурисан,
Менга сендай бўла олур ким?
Сен ҳаётим, сени кўраркан,
Дилда беҳад жўшади меҳрим.

Қора кўзларингга қарайман,
Унда борлиқ бўлар намоён.
Менинг бахтим ёрқин, бегумон
Жилваланиб кўринар аён.

Ширин сўзинг, чексиз меҳринг бор,
Қилиғингда бир олам ором,
Сен билан дил чиройли гулзор,
Қўшиғимга туганмас илҳом.

Сен ўс — соғлом, беқайғу, эркам,
Муҳаббатим бошингга соя,
Мен бахтиёр алла айтайин,
Қўшиқларим кўп, бениҳоя.

Кўз ёш нима, сен билма зинҳор,
Сенга порлоқ тилайман иқбол,
Бу дунёда на яхшики бор
Сенга, қўзим, сенга бўлсин, ол!

1943

* * *

Дейдиларки, сени кўрганда
Кўзларимда ёнар жонли ўт,
Ўша ўтнинг ёлқинларида
Сендан ўзга бор нарса унут.

Мудом дилга содиқ кўзларим
Ҳақиқатни кўмиши қийин.
Кўзларимда, қонимда кезган
Ўша севинч, ўша олов сен.

Майли, ўзинг мендан узоқда,
Лекин дилнинг ўти бўлиб қол.
Менинг куйим эмас тузокда,
Шеър керакми, жон керакми, ол!

1944

ЮЛДУЗ

Уйда бўғилдиму чиқдим эшикка,
Ер устига чўккан оқшомги туман,
Гўё кўзларимга боққандай тикка
Яшнарди бир юлдуз худди сенсимон.

Худди сендай узоқ ва сендай ёрқин,
Авжи чақнаганда сўнади у ҳам,
Бир юпанч: севгимнинг осмонидан
Ўчмасдан ёнасан, эй гўзал ҳамдам!

1944

ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

«Теразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…»
Гулни кўриб ишқпараст қалбим,
Минг айтилган дарддан куйлади.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Ҳижрон қўшар экан ҳарорат.
Ўлгудайин муштоқ бўлибман —
Висолингга, йўқ чоғи тоқат.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Кириб келдим шу таниш уйга.
Биз бир чоқлар яшаган уйда
Тунаб қолдим хаёл-ла бирга.

Бунча иссиқ, бунча ҳам шинам
Ёшлик кечган торгина шу жой.
Бунда яшар ажиб онлардан,
Ишқ-ла ўтган тунлардан чирой.

Ҳар бурчаги элитар ҳушим,
Нақадарлик ошно, яқин.
Худди тунда камолга етган
Қўшиғингда чақнаган чақин.

Бунда ҳаёт — илҳом онлари
Қаламингдан тўкилган гавҳар.
Гул бўйини олганда шамол
Рашкка тўлиб тўнган у кўзлар.

Сен тугатгач чанқоқлик билан
Ўқиб мафтун бўлганим ҳаёт.
«Қалай деган» бўлиб термулган
Кўзларингнинг оташи ҳаёт.

Ҳали ҳаёт, такрор ўқиркан
Завққа тўлиб яйраган кўксим.
Юзингдаги улуғвор, майин,
Бир жаҳонга арзир табассум.

Бари ҳаёт, муҳаббат каби,
Ҳамма ерда кўринар изинг.
Паррандалар нағма куйида
Жаранглайди товушинг, сўзинг.

Мени ўраб олди ҳаяжон,
Яна ортди севгининг кучи.
Шарқ қизариб, чиқмоқда қуёш,
Олтинланди теракнинг учи.

Сен куйлаган ўрик шу кеча
Бурканди оқ — оппоқ чечакка.
Мен қадрдон хотира билан
Жўнаб кетдим уйимга якка.

1947

034

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман…

1968

СЕН ҚАЙДАСАН ЮРАГИМ

Қалб бўлганда йироқда
Ирода экан ожиз.
Дўстлар ҳам кўп атрофда,
Аммо мен якка-ёлғиз…

Бирдан қалбим кексариб,
Қон ҳам қочди юзимдан.
Сен, сирдошни ахтариб,
Хаёл кетар изингдан.

Қайга кетдинг, юрагим,
Битди бардош ва тоқат.
Суҳбатингдир тилагим,
Тилда ҳасратим қат-қат.

Кўпдир айтажак сўзим,
ўгитларингга зормен,
Йиғлайсан деб дўстларим
Таъна қилар. Нетай мен?

Совуш бермайди менга
Ёқиб кетганинг олов.
Нетай, етмайман сенга,
Ўртага ташланган ғов.

Ишққа маскан юрагим,
Топиб бер деб қистайди.
Нима қилай, бераҳм —
Руҳим сени истайди.

МАРСИЯ

Еру осмон, тутинг мотам, яна бир меҳрибон кетди,
Ҳаётга, офтобга, гулга ошиқ, жонажон кетди.
Дили кенг, хулқи пок, ирфонга кон фозил жаҳон кетди,
Садоқат-ла этиб меҳнат, тошиб ҳурмат ва шон кетди,
Ажиб бир дўст, ажиб дилсўз, ажиб ширин забон кетди.

Яшар токай киши умрига бундоғ айрилиқ йўлдош,
Ажаб нодир ҳаёт кўзгусига отди ажал минг тош,
Фироқнинг ханжаридан дил жароҳатда тўкар кўз ёш,
Фалакнинг бу жафосига қаёндан олгумиз бардош,
Тилак, орзу, умид боғи камолида хазон кетди.

Кетар ер бағрига, афсус, бу дўстга алвидо денглар,
Чироғинг ўчмагай ҳаргиз, яшайсан биз аро денглар,
Тирикмиз дилда достонинг сира бўлмас адо денглар,
Кўзинг оч, дўсту ёронлар, бугун мотамсаро денглар,
Яшаб тўймай, неча орзу, умид, армон ниҳон кетди,
Юракларни солиб фарёдга, дўсту меҳрибон кетди.

1968

МЕН ТУҒИЛГАН КУН

Бугун менинг туғилган куним,
Мени туққан онам, Сиз қайда?
Бедор ўтиб бормоқда туним,
Бир оғриқ бир қон, жонда, пайда.

Туғилганман қайси соатда,
Қанча муддат сиз егансиз дард?
Қиз туғилиш дарди одатда
Бўлган экан Сизда бешафқат.

Бугун менинг туғилган куним,
Тўлғоқдаги ҳолингиз кўзда:
Курси қучиб курашасиз жим,
Қотма жусса гоҳ ўт, гоҳ музда.

Қора терда танҳо бошингиз,
Лабингиз — дашт жўягидай қоқ.
Оғзингизга тиқиб сочингиз,
Танангизга соларлар тўлғоқ.

Беш болангиз дарча ортида
Жонингизни кўриб ўтирган,
Менинг отам қўшни отида
Ким қайлардан доя қидирган?

Бор суякни чок-чокдан сўкиб
Ичингизга сиғмай кетган мен,
Танангизнинг тубида чўкиб,
Чеҳрангизга энтиккан-да мен;

Гоҳ дард тутиб, гоҳи у қочиб
Кўзингиздан сачратган олов.
Фақат азоб эшигин очиб,
Чекинишга қўйган бўлсам ғов;

Томирингиз бўйлаб эзганим,
Тўққиз ою тўққиз кун уйғоқ.
Беш ўғилнинг изиданлигим,
Сизлар интиқ қизча туғилмоқ;

Юзингизни кўришга шошган,
Кўзингизга кирмоқ бўлганим!
Кўксингизга ташна лаб чопган,
Сўзингизга муштоқ бўлганим;

Балки тандан қону ёшликни
Сўрмоқлиқдан ҳижолатлигим?
Юрагангиз бир қуёшликни
Сезиб, жоним роҳатдалигим;

Гўзал қалбнинг тагида ётиб,
Эзгу ҳиссингизда жўшганим.
Ноёб идрок сеҳрига ботиб,
Ухлоқ шеърга шогард тушганим!

Х,а, қонингиз, жонингиздаги
Бир жаҳонни уқиб олганим,
Барчасидан узилиш дарди
Яқинликдан қўрқиб қолганим —

Бари учун, — жаҳаннамий дард
Тўлғоғига отдим не муддат? —
Мен билмайман!
Самовий бир мард,
Жон туғувчи илоҳий қудрат —

Бўлганингиз онларга таъзим!
Азоб учун умримдай узр…
Барин такрор этдим мен ўзим,
Она бўлмоқ — азобли ҳузур…

1972

* * *

Онам! Сенинг иссиқ, азиз жонингни,
Заррадек чоғимдан бошлаб биламан,
Ўзим ҳам зарра-ю, лекин қонингни
Янгилаб жисмингдан ўзни узганман.

Сен гул жувон ҳали мендан бехабар,
Булутдай гўдаклар тортди ҳавасинг,
Энди мен сен десам қайноқ, муаттар
Ҳоврин ҳис қиламан илиқ нафасинг…

1976

 

ХАЙР ЭНДИ…

1

Хайр энди, видога чоғ етди муддат,
Наздимда қолмади олдинда йўллар.
Қолгани яшиндек шошқин, тез суръат,
Муаллақ қотади узатиқ қўллар…

Орзулар бўлмасин офтобдай ёрқин,
Гулбаргдан чиралган каби узилур.
Яшаш қанча ширин бўлмасин, лекин
Юмулиш истамай кўзлар сузилур.

На севги, на нафрат, на қувонч, азоб…
Не дод, кекса ажал абад огохда.
Юкли тевасимон тонгла чорроҳда
Гангиб қолсам, эгам,садқа эт нажот…

2

Хайр энди, табиат, тўрт дунё ҳусн,
Қуллуқ, узоқ йиллар яшадик иноқ.
Қишингда оқ кўркинг сеҳрлаб ҳиссим,
Саратонинг туйғум ёқди қайноқроқ…

Сенинг ўзинг танҳо мумтоз бир китоб,
Расо ва норасо дарсинг ўқидим.
Бу тун борлиғим-ла қучдиму боб-боб,
Оғрикдан таваллуд шеърлар тўқидим…

Бандаман, эй тангрим, кашфи табиат,
Ахир бир кун сўнар кўзларимда нур.
Калимага заиф қолганда қудрат,
Сенга сўнгги саждам — умрим тўкилур…

09

Naim Karimov
ZULFIYA OPA HAQIDA
004

099Toshkentdagi Degrez va O’qchi mahallalari O’zbekistonda ishchilar sinfining maydonga kelishida beshik vazifasini ado etgan. Kariyb yuz yildan beri shu yerda po’lat quyib, cho’yan eritib, turli-tuman xo’jalik asboblarini yasaganlar. Tunuka surnaydan tortib qo’rg’oshin to’pponchagacha, qilich-qalqondan tortib qozon va omochgacha — hamma narsa shu yerda tayyorlangan.

Ana shu mahallada istiqomat qilgan Muslim degrezni 1917 yildagi inqilobiy voqealarga qadar butun Toshkent bilgan va hurmat qilgan, desak mubolag’a bo’lmas. Muslim degrezning hovlisida katta doshqozon bo’lib, unda har ikki haftada po’lat yo cho’yan eritilar, ular turli shakllarga quyilar, so’ng qozon yo omoch shaklini olib, o’nlab xonadonlarga kirib borar edi. Po’lat va cho’yan eritiladigan kun, xuddi bayramdagidek; sho’x shanlik va xandonlik bilan o’tardi.

Shunday kunlarda Muslim degrezning yonida uning besh nafar o’g’li ham turardi. Uning farzandlari ham ota kasbini egallagan, degrezlik hunariga ixlos qo’ygan kishilar bo’lishgan.

Muslim degrezning beshta farzandidan biri Isroil degrez edi. Isroil degrez yetti farzand ko’rdi va farzandlarining eng kenjasini Zulfiya deb atadi.

Zulfiyaning bolalik chog’lari ana shu ish muhitida, po’lat tafti anqigan xonadonda kechdi. Uning nazdida, otasi shunday mohir degrez ediki, u hatto po’latdan qo’g’irchoq ham quyib qo’yishi mumkindek edi. U doshqozon atrofida bezovta yurgan otasining ortidan ergashib, «Dada, menga qo’g’irchoq yasab bering!» deb iltimos qilgani qilgan edi. Ozgingina, qorachadan kelgan, chayir tanli otasi erigan po’latning uchqunlarini sachratib, turli asbob-anjomlar yasar ekan, xalq ertaklaridagi pahlavonlardek tuyulardi unga.

Har bir kasb-hunar kishilarining o’ziga xos fazilatlari bo’ladi. Degrezlar odatda kamgap, temir irodali, chayir kishilar bo’lishgan. Isroil degrezda bu fazilatlardan boshqa sifatlar ham yo’q emas edi. U o’z hunariga astoydil berilgan, tiyran nigohli, ilg’or qarashli kishilardan edi. U farzandlarini halol, mehnatsevar kishilar qilib tarbiyaladi. Katta o’g’li Ismoil Moskvadagi oliy o’quv yurtlarining birida tahsil olgach, partiya idoralarida mas’ul lavozimlarda xizmat qildi. Qodir nafaqaga chiqquniga qadar ota kasbini davom ettirib, zavodda po’lat quydi. Normat Isroilov esa 30-yillarda tanilgan xalol partiya xodimlaridan biri edi. Zulfiya dastlabki hayot saboqlarini anna shu ota-onasi va akalaridan oldi.

Qish oqshomlarida butun oila sandal atrofida to’planar va Xadicha xola katta ro’molni asta ochib, uning ichidagi biror xalq kitobi yoki bayozni varaqlab, she’r yoki jangnomani o’qirdi. Zulfiya Navoiy, Bedil, Fuzuliy she’rlarini birinchi marta onasidan eshitgan edi. “Mo»jizalar yaratishga qodir, jahonni ko’zga keng ochuvchi, insonni go’zallik sari yetklovchi So’z»ga muhabbat tuyg’usini Zulfiyada ostona hatlab ko’chaga chiqmagan oddiy ayol” – ana shu onasi uyg’otgan edi.

Shu tarzda hayot dorilfununi bilan tanisha boshlagan Zulfiya boshlangich ma’lumotni olgach, 1931 yili O’qchi mahallasidagi xotin-qizlar bilim yurtiga o’qishga kirdi. Zulfiya shu davrda, boshqa dugonalari qatori, o’qituvchi bo’lishga axd qilgan edi. Lekin u «donolik va bilimning sira tuganmas konlari” — Navoiy va Hofiz, Pushkin va Bayron asarlari bilan tanishar ekan, o’zi ..ham “qandaydir juftlangan, ohangdosh satrlar”ni to’qiy boshlaganini sezdi. U she’r yoza boshladi. Shu yillarda bilim yurtida Shukur Sa’dulla va Toshpo’lat Sa’diy boshliq adabiyot to’garagi ish olib borar, qizlar ular tufayli mumtoz va zamondosh shoirlarning asarlari bilan tanishar, G’afur G’ulom, Hamid Olimjon, Uyg’un va boshqa shoirlar esa bilim yurtiga kelib, ular bilan uchrashuv kechalarini o’tkazishar edilar. Hamid Olimjon bilim yurtidagi shunday kechalarda qizlar bilan suhbatlashib, ularni mumtoz va sho’ro adabiyoti namunalarini o’qishga chorlardi. Zulfiya shunday uchrashuv kechalarida butun vujudi quloqda aylanib, taniqli o’zbek shoirlarining she’rlarini zavq bilan tinglardi.

Oradan ko’p o’tmay, she’riyatga ixlos qo’ygan qizlar Yozuvchilar uyushmasiga borib, Hamid Olimjon va Uyg’un boshqargan seminar mashg’ulotlarida ham qatnasha boshladilar.

Zulfiya tinimsiz kitob o’qir, kechalari hammadan yashiringan va yashirgan holda she’r mashq qilardi. Nihoyat, u o’z mashqlarini to’garak rahbarlariga ko’rsatishga botindi. Uning «Men ish qizi» deb nomlangan birinchi she’ri 1931 yil 17 iyul` kuni Shukur Sa’dulla vositasida «Ishchi» gazetasida bosildi.

Zulfiya she’ri bosilib chiqqanidan behad darajada quvongan Normat aka bir dasta gazetani sotib olib, uni hammaga ko’z-ko’z qilib chiqdi. Uning bunday kuvonchga berilishi Zulfiyaga ilhom bag’ishladi. Uning she’rlari «Yosh leninchi» va «Qizil O’zbekiston» gazetalarida, «Yangi yo’l» va «O’zbekiston sho’ro adabiyoti» jurnallarida chop etila boshladi. 1932 yilda esa Zulfiyaning birinchi she’rlar to’plami — «Hayot varaqlari» matbuot yuzini ko’rdi.

Bu she’rlar Hamid Olimjonning ham nazariga tushdi.

“Men, — deb yozadi Zulfiya, — Hamid Olimjonni ilk daf’a o’sha yilda ko’rganman. Biz, yigirma chog’li adabiyot ixlosmandlari, seminar mashg’ulotlariga yig’ilardik. Mashg’ulotlarni Hamid Olimjon bilan Uyg’un boshqarardi. Ularning o’sha paytdagi faqat o’ziga ishonadigan kishidagina bo’ladigan bosiq, mahrur, kuchli qiyofalari meni hozirgacha g’ayratga soladi. Ular o’zlarini nihoyatda erkin tutardi…

…Yashirib o’tirmayman. Hamid Olimjon ilk ko’rishuvlardanoq ko’zimdan ko’nglimga o’tdi. Men juda yosh hissiyotim bilan uning keng qalbi, ulkan iqtidorini tuydim”.

1934 yil edi. Hozirgi “Mustaqillik” metro bekati oldidagi maydonchada Hamid Olimjon Zulfiyani uchratib qoladi. Ular shu vaqtga qadar faqat adabiy kechalar tufayligina bir-birlari bilan tanish edilar. Hamid Olimjon tasodifiy uchrashuvdan mamnun bo’lib, Zulfiya bilan uzoq suhbatlashadi.

— She’ringizni o’qidim, — deydi u oshkora mehr bilan. – Yaxshi. Nimaligini aytaymi? She’rda qalbingizning surati bor. Bir parchagina bo’lsa ham. U o’zingizning qalbingiz. Xuddi shunday davom ettirish kerak. Ritorikasiz, haqiqatni yozish zarur…

Zulfiya o’sha paytda «ritorika” so’zini g’ira-shira anglardi. Lekin u bu haqda indamay qo’ya qoladi.

“O’shanda, — deb yozadi shoira, — men uyimizga yurib emas, uchib keldim. Keliboq yo’l bo’yi tug’ilgan tuyg’ularimni qog’ozga tushirdim. Men bu she’rni shunday yengil, to’lib-toshib yozdimki, yuragimga allaqanday afsonaviy bir qudrat kirib olib, fikrlarim, qo’llarimga kuch baxsh etayotganday edi. (Bu “Bahor kechasi” deb atalgan she’rim bo’lsa kerak.)”

Mazkur kutilmagan uchrashuv Svetlana Somovaning «Shoir haqida doston» asarida o’zining bunday tasvirini topgan:

…Hali bular bir-birin topib,
Jamollarin ko’rguncha ayon,
She’rlari gazetalarning
Betlarida turdi yonma-yon.
She’r ochdi muhabbatga yo’l,
Ayon qildi qalb otashin ham.
Guyo ular berishgandek qo’l,
Yuraklarni urishin shu dam —
Sezgandilar satrma-satr,
Bo’lgandilar maftunu asir.
Ko’zlariga cho’kdi o’ychanlik,
Qandaydir dard, mushtoqlik izi.
Visol uchun bo’lgan tashnalik
Bir-birovin ko’rguncha yuzin.
She’rdagi sodda, samimiy,
Har bir so’zda topgandek aksin,
Bir kun oqshom payti ikkisi –
Nogahoniy ko’rishgan bir zum
Shodlik, dardni ko’ring deb birga
Muhr bosdi ular umriga.

(Shukrullo tarjimasi)

O’sha tasodifiy uchrashuvning bunday shoirona talqin etilishi ham, Zulfiyaning o’sha unutilmas oqshom soatlarida «Bahor kechasi» she’rini yozishi ham bejiz emas. Hamid Olimjon bilan Zulfiya o’rtasidagi do’stlik va muhabbat saroyining muhtasham binosiga xuddi o’sha kuni birinchi g’isht qo’yilgan edi.

Zulfiya shu uchrashuvdan keyin Hamid Olimjon to’g’risida tez-tez o’ylaydigan, Hamid Olimjon esa yosh shoiraning she’rlarini diqqat bilan kuzatadigan bo’ldi.

Ko’p o’tmay, Zulfiya bilim yurtini tugatib, 1935 yilda O’zbekiston Fanlar komiteti qoshidagi Til va adabiyot institutining aspiranturasiga o’qishga kirdi. Bu yerda u bo’lajak taniqli olimlar — Solih Mutallibov, Fylom Karimov, Ayub G’ulomov kabilar bilan birga adabiy-nazariy bilimini oshirdi.

Shu yillarda Til va adabiyot institutida Hamid Olimjon ham xizmat qilardi. U Zulfiya bilan uchrashgan kezlarida uning ijodi bilan qiziqar, unga turli maslahatlar berardi. Har bir uchrashuv ularni tobora yaqinlashtirar va bir-birlarining qalbiga muhabbat urug’larini socha boshlar edi.

081935 yil ular hayotiga eng baxtli sana sifatida kirib keldi. Shu yilning 23 iyul` kuni taqdir ikki shoirning hayot rishtalarini butun umrga bir-biri bilan bog’lab tashladi. Shu davrda Hamid Olimjon 26 yashar qirchillama yigit bo’lib, beshta she’rlar va hikoyalar kitobi muallifi, taniqli shoir, tirishqoq olim, yosh shoirlar uchun esa ustoz sifatida el og’ziga tushgan edi. U Zulfiya uchun turmush o’rtogi va do’stgina emas, balki uning ijodiy taqdirida mislsiz ahamiyatga molik siymo ham bo’ldi.

“1935 yilda to’yimiz bo’ldi, — deb yozadi Zulfiya. – Men yayrab yashardim. Inson chinakam sevib, sevilganda atrofidagi barcha qiyinchiliklar ushoq bo’lib ko’rinadi. To’rt fasl ham bahor bo’lib ko’rinadi. Men o’sha paytda shunday ruhda edim».

Zulfiya hali yosh ekan, Xadicha xola o’zi ipak qurti boqib, pilladan tolalar ajratib, undan olgan ipakni turli-tuman ranglarga bo’yab, inson ko’zini qamashtiradigan palak tikkan edi. Shu palak Xadicha xolaning kelin-kuyovga atagan to’yonasi bo’ldi. Hamid Olimjon nazdida, palak ular xonadoniga qandaydir o’zgacha fayz bag’ishlagandek edi. Xadicha xolaning to’yonasidan ham suyuqli yor bilan qovushganidan cheksiz quvonchlarga to’lgan shoir o’zini baxt va saodat osmonida his ztdi. Ana shu onlardan boshlab sevgi va muhabbat atri ufurib turgan oshyonda yarim tunga qadar she’riyatning qo’sh chirog’i o’chmaydigan bo’ldi.

To’y arafasida ikki yoshning bir-biriga tuygan maylidan ogoh bo’lgan shoiraning akasi Normat aka bo’lajak kuyov bilan tanishish ishtiyoqini bildirgan edi. Kunlarning birida u Zulfiya orqali Hamid Olimjonni o’sha paytda M.Gorkiy nomi bilan atalgan Madaniyat va istirohat bog’iga, kontsertga taklif etdi. Ular bog’ning panjarali darvozasi oldida uchrashar ekanlar, Hamid Olimjon bilan Normat Isroilov eski qadrdonlardek quyuq ko’risha ketdilar. Ma’lum bo’lishicha, Hamid Olimjon Toshkentga ko’chib kelib, Observatoriya ko’chasidagi uyni o’z nomiga rasmiylashtirganda, tasodif amri bilan bo’lajak qayin og’a unga yordam bergan ekan.

Oradan hiyla vaqt o’tib, to’y shabadasi esib qolganida, Normat Isroilov Zulfiyaga murojaat etib, «Singlim, o’sha paytda men Hamidjon uchungina emas, o’zimiz uchun ham harakat etgan ekanman», — degan edi.

Odatda to’y murakkab va mashaqqatli jarayonning natijasi bo’ladi. Odam Atodan qolgan urf-odat va rasm-rusmlar kelin bilan kuyovning, ular ota-onalarining yelkalariga zalvorli yuk bo’lib tushadi.
Hamid Olimjon bilan Zulfiyaning to’yi o’zgacha o’tdi. Shoirning o’sha kezlardagi do’stlaridan biri sovchi bo’lib bordi. Oldi-berdi, umuman, bo’lmadi. Xadicha xola faqat bir narsa — kuyovning onasi bor-yo’qligi bilangina qiziqdi, xolos.

Komila xola shu davrga qadar Jizzaxda istiqomat qilardi. U to’y bahonasi bilan Toshkentga keldi va bir umrga shu yerda, Hamid Olimjonning bag’rida yashab qoldi.

To’ydan keyin o’n kun o’tar-o’tmas, kelin bilan kuyov Oqtoshga borib, bokira tabiat og’ushida «asal oyi»ni o’tkazdilar. Hamid Olimjon «Bir yonda tog’, bir yonda bog’» qad ko’targan yerda bolalik kezlarini eslab, yayrab hordiq chiqardi. Tog’-toshlariga urila-urila sachrab va nuqra kukunlar hosil qilib oqayotgan muzdek suvda baliq kabi suzdi.

Suv oqardi,
Qo’ynida
Ko’krak kerib,
Baliq kabi
Sho’ng’ib yotardi.

(“Bolalik”)

Hamid Olimjon qanchalik ulg’ayib, shoir va jamoat arbobi sifatida el-yurtga tanilgan bo’lmasin, bu misralarda tasvirlangan sho’x va quvnoq bolalik uning tabiatini tark etmadi. U tabiat bilan yuzma-yuz qolganida, hamisha o’zini uning erka farzandi, deb his etdi. U Zulfiya bilan birga bo’lgan vaqtlarda ham o’zini sho’xlikka, xushnudlikka, jo’shqinlikka tashna boladek tutdi.

Hamid Olimjon Samarqandda tanishgan va qadrdonlashgan kishilaridan biri Oydin Sobirova edi. Ular pedakademiyada birga ta’lim olishgan, o’sha yerda bir-birlariga hurmat tuygan edilar. Ular o’rtasidagi do’stlik rishtalari Toshkentda ham uzilmadi. Oydin opaning O’qituvchilar ko’chasidagi uyida Hamid Olimjon, Zulfiya, Uyg’un, Fafur G’ulom tez-tez yig’ilishib turardilar. Shunday paytlarda she’riyat, askiya, xotirot shalolalari oqqanida Oydin opaning kichkinagina uyi torlik qilib qolardi.

Do’stlar Yangi, 1936 yilni ham shu yerda kutib olishdi. Tashqarida qalin qor oq-oppoq gilam o’laroq to’shalgan edi. Hamid Olimjonning bolaligi tutib, Zulfiyani ko’chaga, chena uchishga taklif etdi. Chenaniig yo’qligi shoir ra’yini qaytara olmadi. U pal`tosining bag’rini Zulfiyaga tutqazib, serqor ko’cha bo’ylab qiyqirib, xandon otib, uni tortdi.

Zulfiya shoir bilan birga kechgan ana shu baxtli yillarda har qanday iste’dod doimiy mehnat tufayli charxlanib borishi, Haqiqiy san’atkor buyuk mehnat intizomiga ega bo’lishi lozimligini ko’rdi. Hamid Olimjon har qanday sharoitda ham erta bilan soat 6 dan 11 ga kadar uyda ijod bilan shug’ullanar, so’ng hali siyohi qurimagan asarini ovoz chiqarib o’qir va uning qanday jaranglashini tekshirib ko’rar edi.

Zulfiya o’zining har bir she’rini uning nazaridan o’tkazar, ammo Hamid Olimjon bu she’rlarga qalam urmas, balki ulardagi kuchli va kuchsiz satrlarini ko’rsatar, tushuntirar edi.

«Ikkinchi kitobni yozayotganimda, — deb yozadi shoira, — bir kuni Hamid Olimjondan shunday deb so’raganim esimda: «Nima uchun men yozgan she’rlarning hech poyoni bo’lmaydi? Qaysi bandda to’xtamasin, yana davom ettirsa bo’laveradi-ya!» U kulib turib, bunday degan edi: «Chunki siz har bir she’ringizda birato’la hamma gapni aytib olmoqchi bo’lasiz, vaholanki, bunday qilish yaramaydi. Keyin, bilasizmi, she’rni oxiridan boshlab yozish kerak»… Uning maslahati naqadar nozik va aniqligini keyinchalik o’zimda nazmxonlik qilish emas, balki biron muxim va yuragimda tuhilib qolgan fikrni bayon qilish zarurati yetilgach, tushundim».

Zulfiya Hamid Olimjon bilan bo’lgan shunday suhbatlardan keyin she’r yozgan, she’rlari bosilib chiqqan har qanday kishi ham shoir bo’la olmasligini, shoir bo’lish uchun esa dunyoni o’zgacha ko’rish va idrok etish zarurligini tushundi.

Ulkan shoir, nodir insoniy fazilatlar sohibi Hamid Olimjon Zulfiyaga, hamma narsada o’rnak buldi. Zulfiya ulkan shoirdan fikrlash, mehnat qilish va she’r yozishni ham, do’stlarga mehribon, dushmanga esa shafqatsiz bo’lishni ham o’rgandi, uning ijod maktabida ta’lim oldi. Hamid Olimjon shu ma’noda Zulfiya qalbiga uyg’un hamroh va sezgir maslahatchi bo’ldi.

Ilhom tulpori javlon urgan shoir yozuv stoli yoniga kelib o’tirishi bilanoq she’r daryosi oqib kelardi. Hali qalbida she’riyat bulog’i ochilmagan yosh shoira esa bu holatdan hayratga tushib, Hamid Olimjondan ilhom tulporining qachon jiringlab kelishi va she’rni qanday yozish sirlarini bilmoqchi bo’lardi.

«Men o’sha paytlarda: «Stolga o’tirdi deguncha yozaveradi. Qaydan bu kuch, ilhom?” deb taajjublanardim. Endi bilsam, jahon, rus va o’zbek mumtoz, zamonaviy adabiyotini o’qish, o’qibgina qolmay, ularni tahlil qilish, fikrlarini yon daftariga yozib qo’yish, xalq og’zaki ijodi bilan astoydil shug’ullanish – bu mashg’ulotlarning bari shoir ijodi uchun doimiy oziq bo’lib turgan ekan. Hamid Olimjon shuncha ishlar orasida menga ham astoydil yordam berar edi. Yoshman, ba’zan menga sonsiz kitoblar, qog’ozlar ichida ko’milib o’tirish yoqimli tuyulmasdi. Bunday paytlarda u meni ilhomlantirish yo’llarini topardi. Esimda, bir gal Samarqand safaridan o’zi bilan Ra’no Uzoqovaning she’rlarini olib keldi. Ta’sirchan joylarini o’sha kechadayoq o’qib berdi. So’ng: «Ko’ryapsizmi, ayollarimiz qanday yoza oladi? Faqat jasorat, iroda kerak, — dedi-da, sekingia qo’shib qo’ydi. – Bilasizmi, siz yaxshiroq yoza olasiz!”

Bu suhbat menga katta turtki bo’ldi».

Zulfiya Hamid Olimjon ta’sirida o’zbek, jahon va rus mumtoz shoirlarining she’rlarini mutolaa qildi. Uni, xususan, Pushkin, Tyutchev, Fetning musiqiy ravon misralari, ayniqsa, rom etdi. U, agar marhum adabiyotshunos Adham Akbarovning so’zlari chin bo’lsa, erta tongda turib, Afanasiy Fetning «Salom bilan keldim sening yoningga…» she’rini o’qish bilan sevimli yorini uyg’otadigan bo’ldi. O’sha kunlarda Zulfiya quyoshning ilk nurlari bilan turiboq Fetning ushbu sehrli misralarini rus tilida baland ovoz bilan o’qir va uning qo’ng’iroqdek yangroq va yoqimli ovozi dilnavoz tong otganligini anglatar edi.

Я пришел к тебе с приветом,
Рассказать, что солнце встало,
Что оно горячим светом
По листам затрепетало.
Рассказать, что с той же страстью,
Как вчера я пришел снова.
Что душа все так же счастью
И тебе служить готова…

Bu misralar garchand Fet qalamiga mansub esa-da, ular Zulfiya qalbining o’sha kezlardagi zamzamalari, jilvalari, tebranishlarini ifoda etar va uning qalb ovozidek yangrar edi. Yana e’tibor bering:

…Kechagidek keldim yoningga,
O’sha his va o’sha ehtiros —
Bilan qalbim baxtga va senga
Xizmat qilay degani ham rost…
(Tarjima bizniki – N.K.)

Oradan bir necha yillar o’tib, baxt osmoni qop-qora quyun bilan qurshalgan kezlarda Zulfiya she’rlaridan chinqirib otilgan sado ana shu misralarda ifodalangan chinni tuyg’ularning chil-chil sinishi emasmikan?!

Barcha baxtiyor kishilar bir-birlariga o’xshaydilar. Baxtiyor inson dilnavoz oshiq yoki ma’shuqaga o’z qalbining billur tuyg’ularini nisor etadi. Zulfiya ham, Hamid Olimjon ham o’sha charog’on yillarda qalb qrini, meh-muhbbat taftini bir-birlaridan sira forig’ tutmadilar.

Bu, ikki shoirning o’zaro hrmat va muhabbatga asoslangan erkin ittifoqi edi.

Shu davrda Zulfiya ijodi bahor chog’laridagi cho’qqilardan endigina paydo bo’layotgan kichik bir jilg’a edi. Kunlar, oylar va yillar o’tib, bu jilg’aning daryoga aylanishi muqarrar edi.

Jamiyat hayotining har bir sohasini qamrab olgan inqilob 20-yillar o’zbek she’riyatida ham to’ntarish yasadi. An’anaviy aruz vazni o’rniga inqilobiy marshlar ohangiga jo’r bo’lib, barmoq vazni kirib keldi. Bu hol inqilobiy davr talablari asosida ro’y berdi. 20-yillar oxiri — 30-yillarning boshlarida esa “erkin she’r” tushunchasi paydo bo’ldi. She’riyat inqilobiy kurash quroliga aylandi. O’zbek she’riyatining siyosiy-ijtimoiy jarangi, targ’ibotchilik yo’nalishi benihoya kuchaydi.

Hamid Olimjon 1930-1931 yillardagi she’riy tajribalaridan so’ng erkin vaznga boshqa qaytmadi. Shoirning shu davr she’rlaridagi qaynoq, hujumkor ovozi endi barmoq vaznining ravon soyida bir oz «sovib», salobat va viqor kasb etdi. Uning she’rlaridagi hayqiriq va xitoblar o’rnini sokin va teran kechinmalar egalladi. Ana shu sokin kechinmalar tasvirining paydo bo’lishida shoir qalbida uyg’ongan muhabbat tuyg’ularining o’rni va ahamiyati oz emas.

Hamid Olimjon 1936 yilda yozgan she’rlaridan biriga tatar she’riyatining karvonboshisi Hodi Toqtoshning: «Muhabbat — o’zi eski narsa, lekin u har bir yurakda qayta yangilanadi», degan so’zlarini peshso’z qilib keltirgan. Bu so’zlar she’rning avtobiografik unsurlardan xoli emasligini anglatadi. Darvoqe, she’rning g’oyaviy mundarijasida ham oshifta shoir qalbining biografiyasi o’z ifodasini topgan:

Har yurakning bir bahori bor,
Har bir qalbga ishq bo’lar mehmon,
Har yurakda gullar muhabbat,
Bo’ston etar uni begumon.
Lekin Layli boshiga kelgan
Qora kunlar bizga yot butun;
Bizga yotdir Shirin baxtini
Poymol etgan u qop-qora tun.

Shoirning o’z rafiqasiga bo’lgan muhabbati Farhod va Majnunlarning sevgisi yanglig’ beadad edi. Ana shu muhabbat tufayli u o’z baxtini yanada chuqur his etdi:

Karashlaring tinchimni olib,
Chertib ketdi qalbim torini,
Shundan keyin sezdim yurakda
Shuncha kuchli o’tning borini.
Aytib ber-chi, shuncha sevganlar
Bo’lganmikan mencha baxtiyor?

Bu misralar 1936 yil kuzida Sochida yozilgan.

Hamid Olimjon Qora dengiz bo’ylarida joylashgan sanatoriyga borgan kezlarida Zulfiya birinchi farzandiga homilador bo’lganligi sababli turmush o’rtog’iga hamrohlik qila olmagan. Shuning uchun ham shoirning Kavkaz taassurotlari bilan yo’g’rilgan she’rlarida sevimli yorga bo’lgan sog’inch hissi ustivorlik qiladi. «Xayoling-la o’tadi tunlar…» deb nomlangan shunday she’rlardan biri nafaqat Hamid Olimjon, balki XX asr o’zbek lirikasining shoh namunalaridan biridir. Bundan qariyb yetmish besh yil avval yozilgan bu she’r ohorini na o’tgan davrlar bo’roni to’ka olgan, na o’zbek shoirlarining keyingi ishqiy zamzamalari. Biz bu she’rni o’qir ekanmiz, birgina sog’inch tuyg’usining shu qadar go’zal va umrboqiy asarni maydonga keltira olishi mumkinligiga hayrat bilan qaraymiz. Nima deysiz, balki bu she’rning maydonga kelishiga sabab bo’lgan boshqa ilohiy omillar ham bordir?

Xayolimda bo’lding uzun kun,
Seni izlab qirg’oqqa bordim.
Och to’lqinlar pishqirgan tunda
Topib ber, deb oyga yolvordim.
Ishon bunga, seni doimo
Esga solar chiroyli tunlar,
Sho’x yulduzlar, salqin saharlar,
Esga solur baxtiyor kunlar.
Toleimning oshiyoni sen,
Sen sevgimning ko’kargan bog’i.
Sening bilan birga iqbolim.
Ishonchimning sen vafo tog’i.
Meni qurshar salqin bir havo,
Suv ustidan tun quyuladi.
Shunda qancha-qancha gaplarni
Esga solib oy ham to’ladi.
Kecha jimjit, yolg’iz to’lqinlar
Pishqiradi bilmay tinimni.
Hiylagar oy, sehrgar dilbar,
Solib qo’yding yodimga kimni?..

Agar shoir qalbida muhabbatning otashin olovi balqib turmagan bo’lsa, har qanday yuksak iste’dod sohibi ham bunday she’riyat durdonasini yarata olmasa kerak.

Hamid Olimjon, aytib o’tilganidek, mehnat intizomiga qat’iy amal qilardi. U ko’p va betinim njod qilish bilan birga ko’ngilli hordiq olishni, istirohat qilishni, do’stlar davrasida oqilona suhbat qilish-u miriqib hazil-mutoyibaga berilishni ham sevardi.

Yakshanba Hamid Olimjon va uning oilasi uchun chin ma’noda farohat va istirohat kuni edi. Shu kuni shoir qo’liga qalam olmas, Zulfiya ham uy-ro’zg’or ishlaridan ozod bo’lardi.

Odatda u barvaqt turib, Zulfiya bilan birga bozorga borar, ro’zg’or uchun kerakli mahsulotlarni obdon tanlab-savdolashib xarid qilardi. So’ngra ko’chaga chiqib, birinchi kelgan tramvayga tushar va shu tramvayning oxirgi bekatiga qadar borib, shahar tashqarisiga chiqib olardi. Shoir bunday sayrlarni «matchoi sayil» deb atardi.

U Observatoriya ko’chasida istiqomat qilganda, 2- yoki 3-raqamli tramvaylarga o’tirib, Gidr va Salor bo’ylariga borishni, yashil kengliklarga chiqib, toza va to’yimli havo bilan nafas olishni, qushlar navosini tinglab, o’t-o’lanlarning yashil yog’dusini simirnshni sevardi.

«Matchoi sayil» tabiat bag’riga kirish — ruhga hordiq berish, ranglar o’yiniga, sadolar shalolasiga, xullas, tabiatning benazir latofati bag’riga singish, xullas, ijod uchun cho’g’ olish edi.

Tabiatdagi go’zallikni ko’ra va qo’msay olmaydigan inson uni Hamid Olimjondek beadad she’riy kuch bilan aks ettira olarmikan?! Yo’q, aslo! Hayotni, tabiatni Hamid Olimjondek jilovsiz ehtiros bilan sevuvchi kishigina shunday oshifta shoir bo’lishi mumkin…

Shubhasiz, hamidona “matchoi sayil”lar Zulfiyasiz o’tmas edi.

Hamid Olimjon bilan Zulfiyaning «tabiat quchog’i»ga qilgan ana shunday sayohatlaridan biri 1936 yil bahoridagi lola sayli edi. Oradan bir yil o’tgach, shoir o’sha sayildan olgan farog’atini xotirlab, o’zining latif she’rlaridan birini yozgan:

Eng gullagan yoshlik chog’imda
Sen ochilding ko’ngil bog’imda.
Shunda ko’rdi ko’zim bahorni,
Shunda qalbim tanidi yorni.
Qushlar sayrar jonimga payvast,
Men sevgining bo’yi bilan mast,
Kuni bilan dalada qoldim,
Lolazorlar ichra yo’qoldim.
Quchoq-quchoq gullar terganim
Va keltirib senga berganim
Kechagiday hamon esimda,
Har soniya, har on esimda.
Shundan beri tilimda oting,
Shundan beri dilimda oting…
Eng gullagan yoshlik chog’imda
Sen ochilding ko’ngil bog’imda.

Hamid Olimjon o’z muhabbati bilan behad darajada baxtiyor edi. Baxtiyor kishining ko’ziga esa hamma narsa go’zal bo’lib ko’rinadi:

Baxtim borki, hap narsa go’zal
Ko’rinadi mening ko’zimga.

Hamid Olimjon 30-yillarning ikkinchi yarmida ona yurtning otashin kuychisiga bejiz aylanmagan, oltin vodiylaru baxmal adirlarni bejiz yonib tasvirlamagan, bepoyon Vatanimizning jannatmonand tasvirini bejiz yaratmagan. Uni shunday go’zal she’riyat durdonalarini yaratishiga ilhom bergan ham uning qalbidagi Zulfiyaga bo’lgan muhabbatning latif tuyg’ulari edi.
Shoirning baxt-saodat haqidagi bir turkum she’rlari ham ana shu baxtli muhabbat chashmasidan yuzib chiqqan.

ZULFIYA
SHE’RLAR
004

FARZAND

023

Nega sevmay, erkalab o’pmay,
Nechun demay uni hayotim?
Nega demay ko’zimning nuri,
So’zlaganda qandim, novvotim?

Shirin ekan farzand, u bilan
Oilaga kirar ekan jon.
Ko’zi ko’zga tushishi bilan
Mehri balqir ekan bepoyon.

Iqbol bo’lib ko’zing oldida,
Kundan kunga toparkan kamol,
Ne baxt, toza hayot bog’ingda
O’ssa toza, bebaho nihol.

U bor yerda qayg’u va hasrat
Hayotingga begona ekan.
Qani ayting, farzanddan qimmat
Bu dunyoda nima bor ekan?

O… farzandim, ko’zim nurisan,
Menga senday bo’la olur kim?
Sen hayotim, seni ko’rarkan,
Dilda behad jo’shadi mehrim.

Qora ko’zlaringga qarayman,
Unda borliq bo’lar namoyon.
Mening baxtim yorqin, begumon
Jilvalanib ko’rinar ayon.

Shirin so’zing, cheksiz mehring bor,
Qilig’ingda bir olam orom,
Sen bilan dil chiroyli gulzor,
Qo’shig’imga tuganmas ilhom.

Sen o’s — sog’lom, beqayg’u, erkam,
Muhabbatim boshingga soya,
Men baxtiyor alla aytayin,
Qo’shiqlarim ko’p, benihoya.

Ko’z yosh nima, sen bilma zinhor,
Senga porloq tilayman iqbol,
Bu dunyoda na yaxshiki bor
Senga, qo’zim, senga bo’lsin, ol!

1943

* * *

Deydilarki, seni ko’rganda
Ko’zlarimda yonar jonli o’t,
O’sha o’tning yolqinlarida
Sendan o’zga bor narsa unut.

Mudom dilga sodiq ko’zlarim
Haqiqatni ko’mishi qiyin.
Ko’zlarimda, qonimda kezgan
O’sha sevinch, o’sha olov sen.

Mayli, o’zing mendan uzoqda,
Lekin dilning o’ti bo’lib qol.
Mening kuyim emas tuzokda,
She’r kerakmi, jon kerakmi, ol!

1944

YULDUZ

Uyda bo’g’ildimu chiqdim eshikka,
Yer ustiga cho’kkan oqshomgi tuman,
Go’yo ko’zlarimga boqqanday tikka
Yashnardi bir yulduz xuddi sensimon.

Xuddi senday uzoq va senday yorqin,
Avji chaqnaganda so’nadi u ham,
Bir yupanch: sevgimning osmonidan
O’chmasdan yonasan, ey go’zal hamdam!

1944

O’RIK GULLAGANDA

«Terazamning oldida bir tup
O’rik oppoq bo’lib gulladi…»
Gulni ko’rib ishqparast qalbim,
Ming aytilgan darddan kuyladi.

Seni qo’msab oqshom chog’ida
Hijron qo’shar ekan harorat.
O’lgudayin mushtoq bo’libman —
Visolingga, yo’q chog’i toqat.

Seni qo’msab oqshom chog’ida
Kirib keldim shu tanish uyga.
Biz bir choqlar yashagan uyda
Tunab qoldim xayol-la birga.

Buncha issiq, buncha ham shinam
Yoshlik kechgan torgina shu joy.
Bunda yashar ajib onlardan,
Ishq-la o’tgan tunlardan chiroy.

Har burchagi elitar hushim,
Naqadarlik oshno, yaqin.
Xuddi tunda kamolga yetgan
Qo’shig’ingda chaqnagan chaqin.

Bunda hayot — ilhom onlari
Qalamingdan to’kilgan gavhar.
Gul bo’yini olganda shamol
Rashkka to’lib to’ngan u ko’zlar.

Sen tugatgach chanqoqlik bilan
O’qib maftun bo’lganim hayot.
«Qalay degan» bo’lib termulgan
Ko’zlaringning otashi hayot.

Hali hayot, takror o’qirkan
Zavqqa to’lib yayragan ko’ksim.
Yuzingdagi ulug’vor, mayin,
Bir jahonga arzir tabassum.

Bari hayot, muhabbat kabi,
Hamma yerda ko’rinar izing.
Parrandalar nag’ma kuyida
Jaranglaydi tovushing, so’zing.

Meni o’rab oldi hayajon,
Yana ortdi sevgining kuchi.
Sharq qizarib, chiqmoqda quyosh,
Oltinlandi terakning uchi.

Sen kuylagan o’rik shu kecha
Burkandi oq — oppoq chechakka.
Men qadrdon xotira bilan
Jo’nab ketdim uyimga yakka.

1947

034

BAHOR KELDI SENI SO’ROQLAB

Salqin saharlarda, bodom gulida,
Binafsha labida, yerlarda bahor.
Qushlarning parvozi, yellarning nozi,
Baxmal vodiylarda, qirlarda bahor.

Qancha sevar eding, bag’rim, bahorni,
O’rik gullarining eding maftuni.
Har uyg’ongan kurtak, hayot bergan kabi
Ko’zlaringga surtib o’parding uni.

Mana qimmatligim, yana bahor kelib,
Seni izlab yurdi, kezdi sarsari.
Qishning yoqasidan tutib so’radi seni,
Ul ham yosh to’kdi-yu, chekildi nari.

Seni izlar ekan, bo’lib shabboda,
Sen yurgan bog’larni qidirib chiqdi.
Yozib ko’rsatay deb husn-ko’rkini,
Yashil qirg’oqlarni qidirib chiqdi.

Topmay sabri tugab bo’ron bo’ldi-yu,
Jarliklarga olib ketdi boshini.
Farhod tog’laridan daraging izlab,
Soylarga qulatdi tog’ning toshini.

So’ngra jilo bo’lib kirdi yotog’imga,
Hulkar va Omonning o’pdi yuzidan.
Singib yosh kuydirgan zafar yonog’imga
Sekin xabar berdi menga o’zidan.

Lekin yotog’imda seni topolmay,
Bir nuqtada qoldi uzoq tikilib.
Yana yel bo’ldi-yu, kezib sarsari,
Mendan so’ray ketdi qalbimni tilib:

«Qani men kelganda kulib qarshilab,
Qo’shig’i mavjlanib bir daryo oqqan?
«Baxtim bormi deya», yakkash so’roqlab
Meni she’rga o’rab suqlanib boqqan?

O’rik gullariga to’nmaydi nega
Yelda hilpiratib jingala sochin?
Nega men keltirgan sho’x na’shidaga
Peshvoz chiqmaydi u yozib qulochin?

Qani o’sha kuychi, xayolchan yigit?
Nechun ko’zingda yosh, turib qolding lol.
Nechun qora libos, sochlaringda oq,
Nechun bu ko’klamda sen parishonxol?»

Qanday javob aytay, loldir tillarim,
Baridan tutdim-u, ketdim qoshingga.
U ham gaming bilan kezdi aftoda,
Boqib turolmayin qabring toshiga.

Alamdan tutoqib daraxtga ko’chdi,
Kurtakni uyg’otib so’yladi g’amnok.
Sening yoding bilan yelib beqaror,
Gullar g’unchasini etdi chok-chok.

Gul-u rayhonlarning taraldi atri,
Samoni qopladi mayin bir qo’shiq.
Bu qo’shiq naqadar oshno, yaqin,
Naqadar hayotbaxsh, otashga to’liq.

Bahorgi burkangan sen sevgan elda,
Ovozing yangradi jo’shqin zabardast.
O’lmagan ekansan, jonim, sen hayot,
Men ham hali sensiz olmadim nafas.

Hijroning qalbimda, sozing qo’limda,
Hayotni kuylayman, chekinar alam.
Tunlar tushimdasan, kunduz yodimda,
Men hayot ekanman, hayotsan sen ham!

SOG’INIB

Shu kunlarda bahorga zorman,
Navjuvonlik o’ti tanda yo’q.
Kuz singari za’far ruxsorman,
Mevalar ham shoxlardan uzuq.

Shu kunlarda bahorga zorman,
Tanxastalik ezadi ruhim.
Tanho emas, qatorda borman,
Yana neni izlaydi suqim?

Shu kunlarda bahorga zorman,
Shaffof, yorqin kuy tilar ko’ngul.
Yaxshiyamki, qalamga yorman,
So’zlab turar bor dilimni ul.

Shu kunlarda bahorga zorman,
O’z bahorim kabi bemisol.
Bahor qaytmas, yonuvchi qorman,
YO no’noq qo’l butagan nihol.

Shu kunlarda bahorga zorman…

1968

SEN QAYDASAN YURAGIM

Qalb bo’lganda yiroqda
Iroda ekan ojiz.
Do’stlar ham ko’p atrofda,
Ammo men yakka-yolg’iz…

Birdan qalbim keksarib,
Qon ham qochdi yuzimdan.
Sen, sirdoshni axtarib,
Xayol ketar izingdan.

Qayga ketding, yuragim,
Bitdi bardosh va toqat.
Suhbatingdir tilagim,
Tilda hasratim qat-qat.

Ko’pdir aytajak so’zim,
o’gitlaringga zormen,
Yig’laysan deb do’stlarim
Ta’na qilar. Netay men?

Sovush bermaydi menga
Yoqib ketganing olov.
Netay, yetmayman senga,
O’rtaga tashlangan g’ov.

Ishqqa maskan yuragim,
Topib ber deb qistaydi.
Nima qilay, berahm —
Ruhim seni istaydi.

MARSIYA

Yeru osmon, tuting motam, yana bir mehribon ketdi,
Hayotga, oftobga, gulga oshiq, jonajon ketdi.
Dili keng, xulqi pok, irfonga kon fozil jahon ketdi,
Sadoqat-la etib mehnat, toshib hurmat va shon ketdi,
Ajib bir do’st, ajib dilso’z, ajib shirin zabon ketdi.

Yashar tokay kishi umriga bundog’ ayriliq yo’ldosh,
Ajab nodir hayot ko’zgusiga otdi ajal ming tosh,
Firoqning xanjaridan dil jarohatda to’kar ko’z yosh,
Falakning bu jafosiga qayondan olgumiz bardosh,
Tilak, orzu, umid bog’i kamolida xazon ketdi.

Ketar yer bag’riga, afsus, bu do’stga alvido denglar,
Chirog’ing o’chmagay hargiz, yashaysan biz aro denglar,
Tirikmiz dilda dostoning sira bo’lmas ado denglar,
Ko’zing och, do’stu yoronlar, bugun motamsaro denglar,
Yashab to’ymay, necha orzu, umid, armon nihon ketdi,
Yuraklarni solib faryodga, do’stu mehribon ketdi.

1968

MEN TUG’ILGAN KUN

Bugun mening tug’ilgan kunim,
Meni tuqqan onam, Siz qayda?
Bedor o’tib bormoqda tunim,
Bir og’riq bir qon, jonda, payda.

Tug’ilganman qaysi soatda,
Qancha muddat siz yegansiz dard?
Qiz tug’ilish dardi odatda
Bo’lgan ekan Sizda beshafqat.

Bugun mening tug’ilgan kunim,
To’lg’oqdagi holingiz ko’zda:
Kursi quchib kurashasiz jim,
Qotma jussa goh o’t, goh muzda.

Qora terda tanho boshingiz,
Labingiz — dasht jo’yagiday qoq.
Og’zingizga tiqib sochingiz,
Tanangizga solarlar to’lg’oq.

Besh bolangiz darcha ortida
Joningizni ko’rib o’tirgan,
Mening otam qo’shni otida
Kim qaylardan doya qidirgan?

Bor suyakni chok-chokdan so’kib
Ichingizga sig’may ketgan men,
Tanangizning tubida cho’kib,
Chehrangizga entikkan-da men;

Goh dard tutib, gohi u qochib
Ko’zingizdan sachratgan olov.
Faqat azob eshigin ochib,
Chekinishga qo’ygan bo’lsam g’ov;

Tomiringiz bo’ylab ezganim,
To’qqiz oyu to’qqiz kun uyg’oq.
Besh o’g’ilning izidanligim,
Sizlar intiq qizcha tug’ilmoq;

Yuzingizni ko’rishga shoshgan,
Ko’zingizga kirmoq bo’lganim!
Ko’ksingizga tashna lab chopgan,
So’zingizga mushtoq bo’lganim;

Balki tandan qonu yoshlikni
So’rmoqliqdan hijolatligim?
Yuragangiz bir quyoshlikni
Sezib, jonim rohatdaligim;

Go’zal qalbning tagida yotib,
Ezgu hissingizda jo’shganim.
Noyob idrok sehriga botib,
Uxloq she’rga shogard tushganim!

X,a, qoningiz, joningizdagi
Bir jahonni uqib olganim,
Barchasidan uzilish dardi
Yaqinlikdan qo’rqib qolganim —

Bari uchun, — jahannamiy dard
To’lg’og’iga otdim ne muddat? —
Men bilmayman!
Samoviy bir mard,
Jon tug’uvchi ilohiy qudrat —

Bo’lganingiz onlarga ta’zim!
Azob uchun umrimday uzr…
Barin takror etdim men o’zim,
Ona bo’lmoq — azobli huzur…

1972

* * *

Onam! Sening issiq, aziz joningni,
Zarradek chog’imdan boshlab bilaman,
O’zim ham zarra-yu, lekin qoningni
Yangilab jismingdan o’zni uzganman.

Sen gul juvon hali mendan bexabar,
Bulutday go’daklar tortdi havasing,
Endi men sen desam qaynoq, muattar
Hovrin his qilaman iliq nafasing…

1976

 

XAYR ENDI…

1

Xayr endi, vidoga chog’ yetdi muddat,
Nazdimda qolmadi oldinda yo’llar.
Qolgani yashindek shoshqin, tez sur’at,
Muallaq qotadi uzatiq qo’llar…

Orzular bo’lmasin oftobday yorqin,
Gulbargdan chiralgan kabi uzilur.
Yashash qancha shirin bo’lmasin, lekin
Yumulish istamay ko’zlar suzilur.

Na sevgi, na nafrat, na quvonch, azob…
Ne dod, keksa ajal abad ogoxda.
Yukli tevasimon tongla chorrohda
Gangib qolsam, egam,sadqa et najot…

2

Xayr endi, tabiat, to’rt dunyo husn,
Qulluq, uzoq yillar yashadik inoq.
Qishingda oq ko’rking sehrlab hissim,
Saratoning tuyg’um yoqdi qaynoqroq…

Sening o’zing tanho mumtoz bir kitob,
Raso va noraso darsing o’qidim.
Bu tun borlig’im-la quchdimu bob-bob,
Og’rikdan tavallud she’rlar to’qidim…

Bandaman, ey tangrim, kashfi tabiat,
Axir bir kun so’nar ko’zlarimda nur.
Kalimaga zaif qolganda qudrat,
Senga so’nggi sajdam — umrim to’kilur…

09

(Tashriflar: umumiy 2 148, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring