Komilxon Kattayev. Maxdumi A’zam va Dahbed & Orziqul Ergash. Kattayevning katta ishlari yoxud shashqator yoshlar ta’qibi

04   “Бобом ўшанда сал кам юз ёшларда эдилар, – дея ёзади набира кейинчалик ўзининг эсдаликларида. – Аммо ҳар пайшанба куни бу хонадонга келишни канда қилмас ва албатта, мени эргаштириб олардилар. Гоҳида бувимни ҳам ҳамроҳ қилардилар. Бу ердаги кекса жийда дарахти тагида ўтириб, Қуръон тиловат қилар, шундай тиловат бошлашлари билан кўзларидан шашқатор ёш оқиб, юзлари, оппоқ соқолларини юва бошларди…”

Орзиқул ЭРГАШ
КАТТАЕВНИНГ КАТТА ИШЛАРИ
ёхуд шашқатор ёшлар таъқиби
077

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллар аввали.

Самарқанд. Асру Шом ораси.

Оппоқ соқоли кўксини тутган нуроний қария беш-олти ёшлар чамасидаги набирасини бошлаб яҳудийлар маҳалласидан ўтиб бораяпти. Набиранинг қўлида кичик тугунча. Чол қўлидаги асога таянганча секин одимлайди. Набира зерикиб, атрофга аланглайди. Баъзан нимагадир хаёли чалғиб, жойида туриб қолади. Кейин анчагина илгарилаб кетган бобосига югургилаб етиб олади.

Қария нақшин бир дарвоза қаршисида тўхтайди. Набира тушуниб, дарвоза ёнбошидаги дарча зулфинини бир-икки қоқади-да, ортига чекиниб, бобосининг пинжига суқилади. Ичкаридан садо бўлавермагач, эшикни яна, бу сафар қаттиқроқ тақиллатиб келади. Ниҳоят дарча ғийқиллаб қия очилади. Бутун тана-тўши билан дарчани қоплаган, оқ-қизил юзли, бағ-бақали киши келгувчиларни танийди. “Хўш?” дегандай уларга кўз қадайди.

– Абрамжон, яхшимисиз, – дейди чол синиқ кулимсираб.

– Ҳм, яхше, – дейди хонадон соҳиби дўриллаган овозда. Гарчи бу ташриф сабабини билса-да, оғизга бориб “келинг” демайди, “Хўш, хизмат?” дегандай кўз қадаб тураверади.

– Бугун рўзи пайшанда эди, Абрамжон, шунга…

Абрам деганлари бир зум сукут сақлаб, иккиланган кишидай пайсаллайди. Кейин чолга бош-оёқ бир кўз ташлаб чиқиб, раҳм қилган бўлади. Индамай дарчадан четланади. Болакайдан тугунчани олади-да, буларни ёлғиз қолдириб, нари кетади. Чол ҳовли этагига қараб юриб, бир дарахт тўнкасига бориб оҳиста чўкади.

“Бобом ўшанда сал кам юз ёшларда эдилар, – дея ёзади набира кейинчалик ўзининг эсдаликларида. – Аммо ҳар пайшанба куни бу хонадонга келишни канда қилмас ва албатта, мени эргаштириб олардилар. Гоҳида бувимни ҳам ҳамроҳ қилардилар. Бу ердаги кекса жийда дарахти тагида ўтириб, Қуръон тиловат қилар, шундай тиловат бошлашлари билан кўзларидан шашқатор ёш оқиб, юзлари, оппоқ соқолларини юва бошларди…”

***

Комилхон ҳали мактабга бормасиданоқ савод чиқарди. Бироқ унинг савод чиқариши, ўша давр тили билан айтганда, эскичадан эди. Унинг устози аввали бобоси Каттахон Хожа Даҳбедий бўлиб, нақшбандия тариқатининг сўнгги пири муршидларидан эди. Араб имлоси асосидаги туркий, форсий манбаъларни шаррос ўқийдиган, ёзадиган бўлдию бироқ…

“Болалик экан, – дея кейинчалик эсдаликларида ёзади у, – эскича ўқиш, ёзишни билганимни синфдошларимга, ўқитувчиларимга айтгим, ҳаммасини қойил қолдиргим келарди. Лекин тушуниксиз бир қўрқув тилимни тутарди. 1868 йилда туғилган бобом Каттахон Хожа Эшон 1952 йилда, яъни саксон тўрт ёшида 20 йилга ҳукм қилинган эканлар (аввал отувга ҳукм чиқарилиб, кейин 20 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган). Биттадан битта гуноҳлари – илмли бўлганлар, шўронинг йўриғига юрмай билганларини одамларга ўргатганлари экан. Мениям эскича саводим борлигини билиб қолишса, унга бобоси ўргатган деб, уларни яна қамаб қўйишади, деб қўрқардим шекилли-да. Кейин билсам, ундан аввал ҳам икки марта – 1928 йилда ер-мулкларини тортиб олишиб, халқ душмани деган айб билан сургун қилишган, 1930 йилда эса яна 5 йилга қамаб юборишган экан.

Ёш Комилхоннинг бир нарсага сира ақли етмасди: фариштадай беозор бобосини тинчгина яшашига нега йўл қўйишмади экан? Наҳотки, гуноҳи шунчалик қаттиқ бўлган?! Ундай деса, нега оддий одамлар бобосини яхши кўришади, худди Хизрни учратгандай атрофида парвона бўлишади. Ўтқазгани жой тополмай қолишади. Ҳатто бир сафар, (отасидан эшитгани бўйича) ўша учинчи марта қамалишидан олдин, бобоси тазйиқлардан безиб, 1952 йилда Қашқадарёга кўчиб кетган экан. Лекин НКВД ходимлари из олиб, ўша ерга ҳам боришади. Тўрт комиссар Каттахон эшон яшаб турган қишлоққа кириб, кўчада ўйнаб юрган 7-8 ёшли икки болакайни гапга тутишади: “Сизларда катта эшон бор экан деб эшитдик, у киши қаерда туради, кўрмоқчи эдик”, дейишади. Комилхон битта нарсадан ажабланадики, ҳатто ўша болакайлар ҳам Эшон боболарини ҳимоя қилиб, комиссарларни чалғитади. Бошқа қишлоқни кўрсатиб юбориб, кейин бу чарм камзулли одамлар ҳақида оталарига хабар етказишади. Шунда қишлоқ катталари дарров керакли чораларни кўриб қўйишади. Болалар алдови туфайли овора бўлган НКВД ходимлари қайтиб келишганида Каттахон Хожа Даҳбедий йиртиқ-ямоқ чопонда, омочли бир жуфт ҳўкиз орқасида ер ҳайдаб юрган бўлади. Баҳорда шу тарзда омон қолган эса-да, орадан уч-тўрт ой ўтиб, уни ҳибсга олишади ва Тошкентга жўнатишади. Шуларни ўйлар экан, Комилхоннинг боши қотади: ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган болакайларгача Эшон боболарини ҳукуматдан ҳимоя қилиб, жасорат кўрсатган бўлишса, у қандай ҳукуматки, элнинг ардоғида юрган бир зотни қайта-қайта қамайверди экан?! Мана шундай жумбоқли, зиддиятли ўй-хаёллар набирани эрта улғайтирди. Оқ-қорани танитди.

Бироқ, раҳматли бобосидан, Муҳтарамхон тўтаси (бувиси)дан ўрганган билимлари мустақилликка қадар деярли ҳеч кимга керак бўлмади.

***

Ўз вақтида бобоси Каттахон Хожа, кейинчалик отаси Салоҳиддинхожа ҳузурига номдор-номдор олимлар келиб, турли маслаҳатлар, йўл-йўриқлар, қандайдир ёрдамлар олишарди. Давр ўтиб, Комилхоннинг олдига ҳам келадиган бўлишди. Бировлар китоб сўраб олар, бировлар айрим қўлёзмаларни таржима қилдириб кетар, бошқалари турли тарихий саналарни, воқеаларни ойдинлаштириб олишарди. Кунларнинг бирида умр йўлдоши унга жўяли “дашном” берди. “Қачонгача бировларнинг ишини қилиб берасиз? Ўзингиз ҳам ёзсангиз бўлмайдими?” – деди.

Ва шу баҳона бўлди-да, қўлига қалам олди.

“Шердор”даги ёзувлар… Унинг 1990 йил 12 май санасида вилоят газетасида чоп этилган дастлабки тадқиқот-мақоласи ана шундай номланган эди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас “Обида нега нурамоқда” номли иккинчи мақола ҳам дунё юзини кўрди. Кўп ўтмай Республика матбуотида ҳам долзарб мавзудаги публицистик асарлари билан кўрина бошлади. Бу орада Истиқлол даври бошланиб, тарихчи-манбаъшунос олим Комилхон Каттаев учун чинакам фаолият майдони очилди. Муҳими шундаки, унинг ёзганлари беиз кетмас, эътиборсиз қолмасди. Масалан, нақшбандиянинг ХVI асрдаги энг йирик намоёндаси, назариётчиси Махдуми Аъзам Имом ал-Косоний-Даҳбедий ҳазратлари ҳақидаги тадқиқотлари жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгач, Оқдарё тумани Даҳбед қўрғонидаги Махдуми Аъзам ёдгорлик мажмуаси обод қилинди. Бу ерда халқаро анжуман ўтказилди. Ҳазратнинг асарлари ўрганилиб, нашр этила бошланди. Олимнинг яссавия тариқати пири муршиди Шайх Худойдоди Вали шахсияти, илмий меросига бағишланган рисоласи Ҳазратнинг Жомбой туманидаги зиёратгоҳини обод этилишига, бу ерда ҳам халқаро анжуман ўтказилишига сабаб бўлди. Имом Абдураҳмон Дорамий ҳазратлари ўз вақтида “Имом уд-дунё” деб эътироф этилган ва ислом оламидаги олти буюк муҳаддис, жумладан Имом ал-Бухорийнинг ҳам устози эканлиги саноқлигина илм аҳлига маълум эди. Аммо ул зотнинг қаерда дафн этилгани тўғрисида турлича фаразлар илгари суриб келинар эди. Ёш олим (чорак аср муқаддам ёш олим дейишарди-да уни) бу масалага аниқлик киритди. Бобомерос кутубхонасида сақланаётган ноёб манбаълар, тарихий хариталардан фойдаланиб Имом Абдураҳмон Дорамий мозорлари Тайлоқ туманидаги Испанди қишлоғи қабристонида эканлигини исботлаб берди. Ва бу ерда ҳам Ҳазратнинг улкан мақбараси қад ростлади. Обод зиёратгоҳга айлантирилди.

Энди Чокардиза қабристонига келсак…

Мўътабар манбаъларда мазкур қабристон Мадинаи мунавварадаги Боқия, Маккаи мукаррамадаги Муалло қабристони қаторида энг бузургвор ва муқаддас жой дея эътироф этилади. Аммо бу қабристоннинг номигина қолган, шўро мафкурасининг ғаразли кўрсатмаси билан Чокардиза устига (атайин) ғайридин аҳоли учун турар жойлар, турли иншоотлар, ҳатто молхоналар қуриб ташланган, азиз-авлиёлар қабртошлари иморатлар тагпахсаси ўрнида ишлатиб юборилган эди. Шу боисдан бу жойда ётган яқинлари ёхуд улуғ зотлар зиёратини истаб келганлар, сўзимиз аввалида айтиб ўтганимиздек, ғайридинлар эшигига бош уриб келишар, илтимосу ўтинчлар, ҳадялар эвазига ичкарига кириб дуои фотиҳа бағишлаб кетишга мажбур бўлишарди. Истиқлол шарофати билан бу таҳқирли ҳолатга барҳам берилди. Чокардиза қабристони обод зиёратгоҳга айлантирилди. Илми калом асосчиси Абу Мансур Мотуридий мақбараси қад ростлади. Бу ерда Имом Мотуридийдан ташқари Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Абу Лайсий Самарқандий, Имом Абулқосим Самарқандий, Имом ал Кундий, Имом Насафий, Тафтазоний каби машҳур ислом алломалари, шунингдек, 1141 йилда ҳозирги Булунғур тумани яқинидаги Дашти Қатувонда қорахитойларга қарши омонсиз жангда шаҳид бўлган ўттиз минг мусулмондан тенг ярми шу қабристонда дафн этилганки, тарихий манбаъларда “Чокардизада минглаб ғозийлар, эътиқодчиларнинг тупроқлари бордир”, дея таъкидлаб ўтилгани бежиз эмас. Шу сабабли ҳам, айтиш мумкинки, Чокардизанинг обод зиёратга айлантирилиши халқимизнинг топталган қадриятлари, иззат-нафси ва ўзлигини тиклаш йўлидаги энг шижоатли қадамлардан бири бўлди. Дарҳақиқат, Чокардиза Самарқанднинг энг оғриқли нуқтаси, битмас жароҳати эди. Бу улуғ ва хайрли тадбирнинг амалга ошишида самарқандлик бир қатор қалби уйғоқ зиёлилар қаторида лавҳамиз қаҳрамони Комилхон Каттаевнинг ҳам бир неча йиллик изланишлари, елиб-югуришлари туртки бўлганини таъкидлаб ўтиш биз учун ғоятда мароқлидир…

***

021Комилхон Каттаев Ўзбекистон Фанлар Академияси тизимида биринчи марта маданий обида ва қабр тошларидаги эпиграфик ёзувларни илмий тадқиқ этиш йўналишини бошлаб берган олим ҳисобланади. У Самарқанд Давлат музей-қўриқхонасида шарқ қўлёзмалари бўлими мудири, Ўзбекистон Фанлар Академияси Самарқанд бўлимида катта илмий ходим, сектор мудири, Самақанд Давлат Чет тиллар институти шарқ қўлёзмалари маркази мудири, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарори билан тузилган Шоҳизинда фонди директорининг биринчи ўринбосари вазифаларида самарали хизмат қилди. Айни чоқда Институт талабларига дарс берди. 2000 йилдан бери Самарқанд вилояти Махдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот фонди раиси сифатида фаолият юритади. Бундан ташқари у Самарқанд шаҳар ҳокимияти қошидаги топонимик комиссияда иштирок этиб, шаҳардаги ўнлаб тарихий манзиллар асл номини қайтарилишига муносиб ҳисса қўшди.

Комилхон Каттаев қадимшунос ва манбаъшунос олим сифатида республикамиз ва хориж матбуотида уч юзга яқин илмий-оммабоп мақолалар эълон қилди. Имом Дорамий, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний, Имом Растуғфоний, Абу Лайс Самарқандий, Имом Али Суғдий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Шайх Худойдоди Вали, Махдуми Аъзам Хоразмий каби алломалар, шунингдек, Чокардиза, Шоҳизинда зиёратгоҳлари, Регистон мажмуаси билан боғлиқ олтмишдан ортиқ китоблар нашр эттирди. Нафақат ўзимизда, балки Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Россияда ўтказилган халқаро анжуманларда ўзининг қизиқарли маърузалари билан иштирок этди. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги нишонланган 2007 йилда Комилхоннинг бир йўла 17 номдаги китоби нашр этилдики, шу рақамнинг ўзиёқ бу олимнинг қамров кўлами, иқтидори, салоҳияти борасида муайян тасаввур бера олади, деб ўйлаймиз.

Бир сўз билан айтганда, у “ёстуқин тошдин яратган” (Хожа Аҳмад Яссавий ибораси) олимлар қавмидан. Шу сабабдан самарқандликлар у ҳақда “Комилхоннинг оёғи етган жой обод бўлмай қолмайди” дея ҳазилу чин аралаш лутф қиладилар. У бўлса вилоятдаги қадимий зиёратгоҳларни кезиб чарчамайди. Тарихий обидалар ва қабртошларидаги битикларни синчиклаб ўрганади. Бу битиклар нафақат саналар, исми шарифлардан иборат, балки уларда тарих муҳрланган. Ҳамма гап уларни таҳлил қила билишда, гапиртира олишда.

***

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллар аввали.
Самарқанд. Асру Шом ораси.

Оппоқ соқоли кўксини тутган қария беш-олти ёшлар чамасидаги набирасини бошлаб яҳудийлар маҳалласидан ўтиб бораяпти. Набиранинг қўлида кичик тугунча. Чол қўлидаги асога таянганча секин одимлайди. Набира зерикиб, атрофга аланглайди. Баъзан нимагадир хаёли чалғиб, жойида туриб қолади. Кейин анчагина илгарилаб кетган бобосига югургилаб етиб олади…

Аранбоев исмли кимсанинг файзсиз ҳовлиси… Кекса жийда остидаги дарахт тўнкаси… Унга омонатгина чўкиб Қуръон тиловат қилаётган бобоси… Оппоқ соқол узра шашқатор думалаётган кўз ёшлар… Мурғак тасаввурида қаттиқ ўрнашган бу манзаралар унга бир умр тинчлик бермайди. Уни бир умр таъқиб қилади…

M: “XXI аср” газетаси, 2019 йил 10 октябрь сонидан

Яна шу мавзуда сайт саҳифаларида:
Китоб тақдимоти: Комилхон Каттаев. Сайид Ота ва яссавия тариқати муршидлари тарихи.
Махдуми Аъзам Даҳбедий. Рисолаи Бобурия.Таржимондан сўзбоши & Махдуми Аъзам ва Даҳбед.
Хуршид Даврон. Мирзо Бобур пирлари. Иккинчи мақола. Мавлоно Абдуллоҳ Қози & Махдуми Аъзам.
Осмонни бола ва афсунгар каби тинглардим… Шоир Хуршид Даврон билан суҳбат.

02   “Bobom o’shanda sal kam yuz yoshlarda edilar, – deya yozadi nabira keyinchalik o’zining esdaliklarida. – Ammo har payshanba kuni bu xonadonga kelishni kanda qilmas va albatta, meni ergashtirib olardilar. Gohida buvimni ham hamroh qilardilar. Bu yerdagi keksa jiyda daraxti tagida o’tirib, Qur’on tilovat qilar, shunday tilovat boshlashlari bilan ko’zlaridan shashqator yosh oqib, yuzlari, oppoq soqollarini yuva boshlardi…”

Orziqul ERGASH
KATTAEVNING KATTA ISHLARI
yoxud shashqator yoshlar ta’qibi

O’tgan asrning oltmishinchi yillar avvali.

Samarqand. Asru Shom orasi.

Oppoq soqoli ko’ksini tutgan nuroniy qariya besh-olti yoshlar chamasidagi nabirasini boshlab yahudiylar mahallasidan o’tib borayapti. Nabiraning qo’lida kichik tuguncha. Chol qo’lidagi asoga tayangancha sekin odimlaydi. Nabira zerikib, atrofga alanglaydi. Ba’zan nimagadir xayoli chalg’ib, joyida turib qoladi. Keyin anchagina ilgarilab ketgan bobosiga yugurgilab yetib oladi.

Qariya naqshin bir darvoza qarshisida to’xtaydi. Nabira tushunib, darvoza yonboshidagi darcha zulfinini bir-ikki qoqadi-da, ortiga chekinib, bobosining pinjiga suqiladi. Ichkaridan sado bo’lavermagach, eshikni yana, bu safar qattiqroq taqillatib keladi. Nihoyat darcha g’iyqillab qiya ochiladi. Butun tana-to’shi bilan darchani qoplagan, oq-qizil yuzli, bag’-baqali kishi kelguvchilarni taniydi. “Xo’sh?” deganday ularga ko’z qadaydi.

– Abramjon, yaxshimisiz, – deydi chol siniq kulimsirab.

– Hm, yaxshe, – deydi xonadon sohibi do’rillagan ovozda. Garchi bu tashrif sababini bilsa-da, og’izga borib “keling” demaydi, “Xo’sh, xizmat?” deganday ko’z qadab turaveradi.

– Bugun ro’zi payshanda edi, Abramjon, shunga…

Abram deganlari bir zum sukut saqlab, ikkilangan kishiday paysallaydi. Keyin cholga bosh-oyoq bir ko’z tashlab chiqib, rahm qilgan bo’ladi. Indamay darchadan chetlanadi. Bolakaydan tugunchani oladi-da, bularni yolg’iz qoldirib, nari ketadi. Chol hovli etagiga qarab yurib, bir daraxt to’nkasiga borib ohista cho’kadi.

“Bobom o’shanda sal kam yuz yoshlarda edilar, – deya yozadi nabira keyinchalik o’zining esdaliklarida. – Ammo har payshanba kuni bu xonadonga kelishni kanda qilmas va albatta, meni ergashtirib olardilar. Gohida buvimni ham hamroh qilardilar. Bu yerdagi keksa jiyda daraxti tagida o’tirib, Qur’on tilovat qilar, shunday tilovat boshlashlari bilan ko’zlaridan shashqator yosh oqib, yuzlari, oppoq soqollarini yuva boshlardi…”

***

Komilxon hali maktabga bormasidanoq savod chiqardi. Biroq uning savod chiqarishi, o’sha davr tili bilan aytganda, eskichadan edi. Uning ustozi avvali bobosi Kattaxon Xoja Dahbediy bo’lib, naqshbandiya tariqatining so’nggi piri murshidlaridan edi. Arab imlosi asosidagi turkiy, forsiy manba’larni sharros o’qiydigan, yozadigan bo’ldiyu biroq…

“Bolalik ekan, – deya keyinchalik esdaliklarida yozadi u, – eskicha o’qish, yozishni bilganimni sinfdoshlarimga, o’qituvchilarimga aytgim, hammasini qoyil qoldirgim kelardi. Lekin tushuniksiz bir qo’rquv tilimni tutardi. 1868 yilda tug’ilgan bobom Kattaxon Xoja Eshon 1952 yilda, ya’ni sakson to’rt yoshida 20 yilga hukm qilingan ekanlar (avval otuvga hukm chiqarilib, keyin 20 yillik qamoq jazosiga almashtirilgan). Bittadan bitta gunohlari – ilmli bo’lganlar, sho’roning yo’rig’iga yurmay bilganlarini odamlarga o’rgatganlari ekan. Meniyam eskicha savodim borligini bilib qolishsa, unga bobosi o’rgatgan deb, ularni yana qamab qo’yishadi, deb qo’rqardim shekilli-da. Keyin bilsam, undan avval ham ikki marta – 1928 yilda yer-mulklarini tortib olishib, xalq dushmani degan ayb bilan surgun qilishgan, 1930 yilda esa yana 5 yilga qamab yuborishgan ekan.

Yosh Komilxonning bir narsaga sira aqli yetmasdi: farishtaday beozor bobosini tinchgina yashashiga nega yo’l qo’yishmadi ekan? Nahotki, gunohi shunchalik qattiq bo’lgan?! Unday desa, nega oddiy odamlar bobosini yaxshi ko’rishadi, xuddi Xizrni uchratganday atrofida parvona bo’lishadi. O’tqazgani joy topolmay qolishadi. Hatto bir safar, (otasidan eshitgani bo’yicha) o’sha uchinchi marta qamalishidan oldin, bobosi tazyiqlardan bezib, 1952 yilda Qashqadaryoga ko’chib ketgan ekan. Lekin NKVD xodimlari iz olib, o’sha yerga ham borishadi. To’rt komissar Kattaxon eshon yashab turgan qishloqqa kirib, ko’chada o’ynab yurgan 7-8 yoshli ikki bolakayni gapga tutishadi: “Sizlarda katta eshon bor ekan deb eshitdik, u kishi qayerda turadi, ko’rmoqchi edik”, deyishadi. Komilxon bitta narsadan ajablanadiki, hatto o’sha bolakaylar ham Eshon bobolarini himoya qilib, komissarlarni chalg’itadi. Boshqa qishloqni ko’rsatib yuborib, keyin bu charm kamzulli odamlar haqida otalariga xabar yetkazishadi. Shunda qishloq kattalari darrov kerakli choralarni ko’rib qo’yishadi. Bolalar aldovi tufayli ovora bo’lgan NKVD xodimlari qaytib kelishganida Kattaxon Xoja Dahbediy yirtiq-yamoq choponda, omochli bir juft ho’kiz orqasida yer haydab yurgan bo’ladi. Bahorda shu tarzda omon qolgan esa-da, oradan uch-to’rt oy o’tib, uni hibsga olishadi va Toshkentga jo’natishadi. Shularni o’ylar ekan, Komilxonning boshi qotadi: hali o’n yoshga ham to’lmagan bolakaylargacha Eshon bobolarini hukumatdan himoya qilib, jasorat ko’rsatgan bo’lishsa, u qanday hukumatki, elning ardog’ida yurgan bir zotni qayta-qayta qamayverdi ekan?! Mana shunday jumboqli, ziddiyatli o’y-xayollar nabirani erta ulg’aytirdi. Oq-qorani tanitdi.

Biroq, rahmatli bobosidan, Muhtaramxon to’tasi (buvisi)dan o’rgangan bilimlari mustaqillikka qadar deyarli hech kimga kerak bo’lmadi.

***

O’z vaqtida bobosi Kattaxon Xoja, keyinchalik otasi Salohiddinxoja huzuriga nomdor-nomdor olimlar kelib, turli maslahatlar, yo’l-yo’riqlar, qandaydir yordamlar olishardi. Davr o’tib, Komilxonning oldiga ham keladigan bo’lishdi. Birovlar kitob so’rab olar, birovlar ayrim qo’lyozmalarni tarjima qildirib ketar, boshqalari turli tarixiy sanalarni, voqealarni oydinlashtirib olishardi. Kunlarning birida umr yo’ldoshi unga jo’yali “dashnom” berdi. “Qachongacha birovlarning ishini qilib berasiz? O’zingiz ham yozsangiz bo’lmaydimi?” – dedi.

Va shu bahona bo’ldi-da, qo’liga qalam oldi.

“Sherdor”dagi yozuvlar… Uning 1990 yil 12 may sanasida viloyat gazetasida chop etilgan dastlabki tadqiqot-maqolasi ana shunday nomlangan edi. Oradan bir oy o’tar-o’tmas “Obida nega nuramoqda” nomli ikkinchi maqola ham dunyo yuzini ko’rdi. Ko’p o’tmay Respublika matbuotida ham dolzarb mavzudagi publitsistik asarlari bilan ko’rina boshladi. Bu orada Istiqlol davri boshlanib, tarixchi-manba’shunos olim Komilxon Kattayev uchun chinakam faoliyat maydoni ochildi. Muhimi shundaki, uning yozganlari beiz ketmas, e’tiborsiz qolmasdi. Masalan, naqshbandiyaning XVI asrdagi eng yirik namoyondasi, nazariyotchisi Maxdumi A’zam Imom al-Kosoniy-Dahbediy hazratlari haqidagi tadqiqotlari jamoatchilik e’tiboriga havola etilgach, Oqdaryo tumani Dahbed qo’rg’onidagi Maxdumi A’zam yodgorlik majmuasi obod qilindi. Bu yerda xalqaro anjuman o’tkazildi. Hazratning asarlari o’rganilib, nashr etila boshlandi. Olimning yassaviya tariqati piri murshidi Shayx Xudoydodi Vali shaxsiyati, ilmiy merosiga bag’ishlangan risolasi Hazratning Jomboy tumanidagi ziyoratgohini obod etilishiga, bu yerda ham xalqaro anjuman o’tkazilishiga sabab bo’ldi. Imom Abdurahmon Doramiy hazratlari o’z vaqtida “Imom ud-dunyo” deb e’tirof etilgan va islom olamidagi olti buyuk muhaddis, jumladan Imom al-Buxoriyning ham ustozi ekanligi sanoqligina ilm ahliga ma’lum edi. Ammo ul zotning qayerda dafn etilgani to’g’risida turlicha farazlar ilgari surib kelinar edi. Yosh olim (chorak asr muqaddam yosh olim deyishardi-da uni) bu masalaga aniqlik kiritdi. Bobomeros kutubxonasida saqlanayotgan noyob manba’lar, tarixiy xaritalardan foydalanib Imom Abdurahmon Doramiy mozorlari Tayloq tumanidagi Ispandi qishlog’i qabristonida ekanligini isbotlab berdi. Va bu yerda ham Hazratning ulkan maqbarasi qad rostladi. Obod ziyoratgohga aylantirildi.

Endi Chokardiza qabristoniga kelsak…

Mo»tabar manba’larda mazkur qabriston Madinai munavvaradagi Boqiya, Makkai mukarramadagi Muallo qabristoni qatorida eng buzurgvor va muqaddas joy deya e’tirof etiladi. Ammo bu qabristonning nomigina qolgan, sho’ro mafkurasining g’arazli ko’rsatmasi bilan Chokardiza ustiga (atayin) g’ayridin aholi uchun turar joylar, turli inshootlar, hatto molxonalar qurib tashlangan, aziz-avliyolar qabrtoshlari imoratlar tagpaxsasi o’rnida ishlatib yuborilgan edi. Shu boisdan bu joyda yotgan yaqinlari yoxud ulug’ zotlar ziyoratini istab kelganlar, so’zimiz avvalida aytib o’tganimizdek, g’ayridinlar eshigiga bosh urib kelishar, iltimosu o’tinchlar, hadyalar evaziga ichkariga kirib duoi fotiha bag’ishlab ketishga majbur bo’lishardi. Istiqlol sharofati bilan bu tahqirli holatga barham berildi. Chokardiza qabristoni obod ziyoratgohga aylantirildi. Ilmi kalom asoschisi Abu Mansur Moturidiy maqbarasi qad rostladi. Bu yerda Imom Moturidiydan tashqari Imom Burhoniddin Marg’inoniy, Imom Abu Laysiy Samarqandiy, Imom Abulqosim Samarqandiy, Imom al Kundiy, Imom Nasafiy, Taftazoniy kabi mashhur islom allomalari, shuningdek, 1141 yilda hozirgi Bulung’ur tumani yaqinidagi Dashti Qatuvonda qoraxitoylarga qarshi omonsiz jangda shahid bo’lgan o’ttiz ming musulmondan teng yarmi shu qabristonda dafn etilganki, tarixiy manba’larda “Chokardizada minglab g’oziylar, e’tiqodchilarning tuproqlari bordir”, deya ta’kidlab o’tilgani bejiz emas. Shu sababli ham, aytish mumkinki, Chokardizaning obod ziyoratga aylantirilishi xalqimizning toptalgan qadriyatlari, izzat-nafsi va o’zligini tiklash yo’lidagi eng shijoatli qadamlardan biri bo’ldi. Darhaqiqat, Chokardiza Samarqandning eng og’riqli nuqtasi, bitmas jarohati edi. Bu ulug’ va xayrli tadbirning amalga oshishida samarqandlik bir qator qalbi uyg’oq ziyolilar qatorida lavhamiz qahramoni Komilxon Kattayevning ham bir necha yillik izlanishlari, yelib-yugurishlari turtki bo’lganini ta’kidlab o’tish biz uchun g’oyatda maroqlidir…

***

Komilxon Kattayev O’zbekiston Fanlar Akademiyasi tizimida birinchi marta madaniy obida va qabr toshlaridagi epigrafik yozuvlarni ilmiy tadqiq etish yo’nalishini boshlab bergan olim hisoblanadi. U Samarqand Davlat muzey-qo’riqxonasida sharq qo’lyozmalari bo’limi mudiri, O’zbekiston Fanlar Akademiyasi Samarqand bo’limida katta ilmiy xodim, sektor mudiri, Samaqand Davlat Chet tillar instituti sharq qo’lyozmalari markazi mudiri, O’zbekiston Vazirlar mahkamasi qarori bilan tuzilgan Shohizinda fondi direktorining birinchi o’rinbosari vazifalarida samarali xizmat qildi. Ayni choqda Institut talablariga dars berdi. 2000 yildan beri Samarqand viloyati Maxdumi A’zam Dahbediy ilmiy-tadqiqot fondi raisi sifatida faoliyat yuritadi. Bundan tashqari u Samarqand shahar hokimiyati qoshidagi toponimik komissiyada ishtirok etib, shahardagi o’nlab tarixiy manzillar asl nomini qaytarilishiga munosib hissa qo’shdi.

Komilxon Kattayev qadimshunos va manba’shunos olim sifatida respublikamiz va xorij matbuotida uch yuzga yaqin ilmiy-ommabop maqolalar e’lon qildi. Imom Doramiy, Imom Moturidiy, Imom Marg’inoniy, Imom Rastug’foniy, Abu Lays Samarqandiy, Imom Ali Sug’diy, Maxdumi A’zam Dahbediy, Shayx Xudoydodi Vali, Maxdumi A’zam Xorazmiy kabi allomalar, shuningdek, Chokardiza, Shohizinda ziyoratgohlari, Registon majmuasi bilan bog’liq oltmishdan ortiq kitoblar nashr ettirdi. Nafaqat o’zimizda, balki Eron, Qozog’iston, Tojikiston, Rossiyada o’tkazilgan xalqaro anjumanlarda o’zining qiziqarli ma’ruzalari bilan ishtirok etdi. Samarqand shahrining 2750 yilligi nishonlangan 2007 yilda Komilxonning bir yo’la 17 nomdagi kitobi nashr etildiki, shu raqamning o’ziyoq bu olimning qamrov ko’lami, iqtidori, salohiyati borasida muayyan tasavvur bera oladi, deb o’ylaymiz.

Bir so’z bilan aytganda, u “yostuqin toshdin yaratgan” (Xoja Ahmad Yassaviy iborasi) olimlar qavmidan. Shu sababdan samarqandliklar u haqda “Komilxonning oyog’i yetgan joy obod bo’lmay qolmaydi” deya hazilu chin aralash lutf qiladilar. U bo’lsa viloyatdagi qadimiy ziyoratgohlarni kezib charchamaydi. Tarixiy obidalar va qabrtoshlaridagi bitiklarni sinchiklab o’rganadi. Bu bitiklar nafaqat sanalar, ismi shariflardan iborat, balki ularda tarix muhrlangan. Hamma gap ularni tahlil qila bilishda, gapirtira olishda.

***

O’tgan asrning oltmishinchi yillar avvali.
Samarqand. Asru Shom orasi.

Oppoq soqoli ko’ksini tutgan qariya besh-olti yoshlar chamasidagi nabirasini boshlab yahudiylar mahallasidan o’tib borayapti. Nabiraning qo’lida kichik tuguncha. Chol qo’lidagi asoga tayangancha sekin odimlaydi. Nabira zerikib, atrofga alanglaydi. Ba’zan nimagadir xayoli chalg’ib, joyida turib qoladi. Keyin anchagina ilgarilab ketgan bobosiga yugurgilab yetib oladi…

Aranboyev ismli kimsaning fayzsiz hovlisi… Keksa jiyda ostidagi daraxt to’nkasi… Unga omonatgina cho’kib Qur’on tilovat qilayotgan bobosi… Oppoq soqol uzra shashqator dumalayotgan ko’z yoshlar… Murg’ak tasavvurida qattiq o’rnashgan bu manzaralar unga bir umr tinchlik bermaydi. Uni bir umr ta’qib qiladi…

M: “XXI asr” gazetasi, 2019 yil 10 oktyabrь sonidan

Yana shu mavzuda sayt sahifalarida:
Kitob taqdimoti: Komilxon Kattayev. Sayid Ota va yassaviya tariqati murshidlari tarixi.
Maxdumi A’zam Dahbediy. Risolai Boburiya.Tarjimondan so’zboshi & Maxdumi A’zam va Dahbed.
Xurshid Davron. Mirzo Bobur pirlari. Ikkinchi maqola. Mavlono Abdulloh Qozi & Maxdumi A’zam.
Osmonni bola va afsungar kabi tinglardim… Shoir Xurshid Davron bilan suhbat.

067

(Tashriflar: umumiy 530, bugungi 1)

Izoh qoldiring