Luqmon Bo’rixon. Aldoqchi tunlar & Islomjon Yoqubov. Adib sog’ingan manzil-ma’volar & Luqmon Bo’rixon «Hammasi hayot haqida» dasturida

Ashampoo_Snap_2017.08.15_20h15m55s_002_.png   Иқтидорли адиб Луқмон Бўрихон 1965 йил 15 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Янгиобод қишлоғида туғилган. Ёзувчи «Сирли муаллим», «Хизр кўрган йигит» қиссалари, «Жазирамадаги одамлар», «Темир йўл» каби романларида кенг кўламли муаммоларни кичик тақдирлар орқали кўрсатади. Қаҳрамон тилига сингдирилган пичинг, минғирлаб бўлсаям ҳақиқатни айтишга уриниш, маъноли табассум билан адиб ўз қиёфасини чизгандек бўлади.

Исломжон Ёқубов
АДИБ СОҒИНГАН МАНЗИЛ-МАЪВОЛАР
06

Истиқлол йилларида даврнинг интилишлари билан қалам аҳлининг бадиий идрок этиш услуби ўртасида ўзаро пайвасталикнинг юзага келиши ифода тарзида ҳам ижтимоийликни келтириб чиқармоқдаки, бу илгари кўрилмаган янгиликдир. Бунинг намуналаридан бири сифатида истеъдодли адиб Луқмон Бўрихоннинг “Темирйўл” романини айтиш мумкин. Асарда тарих, бугун ва келажак муайян мафкура талаблари асосида эмас, балки миллий манфаатлар нуқтаи назаридан бирлашган.

Муҳими, бундай жиҳатлар адиб ижодига ўз тасаввурлар олами ва эстетик идеали тақозоси, объектив олам воқеа-ҳодисаларидан таъсирланишига кўра кўчиб ўтган. Луқмон Бўрихоннинг фалсафий-эстетик концепциясида инсонни ижтимоий воқелик, халқ ҳаёти, давр тараққиёти билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этиш кузатилади. Ёзувчи қаҳрамон характерини эпик кўламдорликда, теран психологизм асосида ижтимоий муҳит муаммолари билан уйғунликда ифода этади. Ижтимоий воқелик инсон маънавий-руҳий олами, фикрлаш тарзини ўзгартираётгани миллат психологияси учун характерли хусусият эканлиги боис, адиб ҳаётий жараёнларнинг ўзинигина кўрсатиш билан чекланмай, тафаккур даражаси ўзгаришга юз тутган жамиятнинг руҳиятини, тобора теранлашиб бораётган халқ интеллектуал дунёсини тасвирлашга ҳаракат қилади.

Бундан аён бўладики, роман эл-юрт ташвиши билан яшамоқ, аслида, одамларнинг орзу-интилишларига қанот беришдан иборат бўлмоғи лозимлиги, кичик оиладан тортиб, бутун бошли жамиятгача бўлган жараёнларни бошқариш, ташкилотчилик юмушларининг савияси ва самараси, бир сўз билан айтганда, маърифатли эл тақдири ҳақидадир.

Романда ёзувчининг поэтик маҳорати ёрқин намоён бўлади. У ажиб тоғ чечакларига хос тароват ва ифорни, тоғ тонгларига хос тиниқликни, тоғ қизлари табассумидаги ўзига хос майинликни, маҳзунликни, адирлардаги майсаларнинг силкинишидан тортиб, қўй-қўзилар маърашигача бўлган ҳолатларни маҳорат билан манзаралантиришга интилади. Айниқса, бир-бирига суйканиб, эшилиб, мастона чайқалган майсалар – ошиқ ва маъшуқликнинг, мураккаб гуллиларга мансуб кўп йиллик ўсимлик – “ёвшан”нинг куз шамоллари, қиш қору бўронлари бир қадар сўлдириб, қовжиратган бўлса-да, бақувват илдизларидан янги майсалар ундириб, ҳаётга мағрур ва масрур боқиши – ҳаётсеварликнинг, отамерос чўкичнинг авайлаб асраниши, бегонага сотилмаслиги эса қадрли, муқаддас қадриятларимиз абадийлигининг рамзлари сифатида тасвирланади. Бундай рамзлар секин- аста қаҳрамонлар тақдирига кўчади. Масалан, дардчил ва маҳзун кўнгил соҳибаси – “қариқиз” Гулсаҳарнинг қалби ажиб ва тотли ҳис-туйғуларга лиммо-лим. Унинг ўтли нигоҳларида бир олам орзуларнинг излари жилваланади, гўзал нигоҳлари ва ширин табассуми кишини мафтун этади. Қизнинг гоҳ маъюс, гоҳ шодон ибосию тотли, андуҳли ўртанишлари баъзида яшнатгувчи баҳорга, шаффоф тонгларга қиёсланса, баъзида хазонрез куз ҳамда ваҳмга тўла тунга ташбеҳ этилади. Бундай туйғулар қоришиқлигининг боиси ҳам қаҳрамоннинг гоҳ кўнгил одами, гоҳида эса замин фарзанди бўлиб яшаш тақдирига вобаста.

Адибнинг ўхшатиш ва қиёслари миллийлиги билан ажралиб туради. Жумладан: темирйўл – “таранг тортилган тасма”га, баҳайбат бульдозерлар – сўнага, бели ўпирилиб кетган тепаликлар – “букчайиб, бужмайиб шафқат сўраётган паҳлавон”га, юриш қисми сийқаланиб бўшашган “КамАЗ” – “кўпкарида лат еган от”га, иш фаолиятини йўқотаётган экскаватор – “безгак тутиб, қалтираб, мускуллари бўшашаётган полвон”га, машиналар қатновидан майинлашиб қолган тупроқ – “таннозларнинг упа-элики”га, эгилиб қурилган маҳобатли кўприк – “Алпомишнинг ёйи”га, сап-сариқ тепаликлар – “зардоби силқиган сузма халталари”га, оғир техника эзғилаган майда тупроқ – “тегирмон уни”га, уст-бошини чанг-ғубор қоплаган ишчи – “бош-оёқ ун укпарига беланган тегирмончи”га, чўмичини саранглатаётган экскаватор – “қўшўркачли нортуяга ортилган бесўнақай сандиққа”, ўпирилган қиялик – “улкан торт бўлаги”га ўхшатилади.

Луқмон Бўрихон Дилшодбек қалбида муҳаббат куртак очган ҳолат-лаҳзаларни табиат лавҳалари билан контрастликда берар экан, баҳорий тиниқлик, сабзалар ифори ҳақидаги шоирона ифодаларни топади: “Авжи баҳор. Осмон йиғлаб тиниққан гўдак кўзларидай топ-тоза. Қир-тепаликлар яғир елкасини яшил тўн тагига яширишга уриниб қолган. Қуёшнинг майин зар-зар нурларига чулғанишиб самода қушлар чарх уради. Еру кўкда намчил тупроқ иси, сабза ураётган чечаклар ифори анқийди… Кунгай ерларда барқ уриб қолган майсалар мастона-мастона чайқалади, бири-бирига суйкалиб, эшила-тўлғонади”.

Дилшодбек вахтадан уйига қайтиб, хотин, бола-чақаси даврасида юрган кезларида ҳам қизнинг маъюс кўзлари, иболи табассумлари уни таъқиб этиб келганлигини ҳис этиб яшайди. Гулсаҳарни учратолмаган кезларида, бу бир рўёмикан, деган шубҳа-гумонлар гирдобида қоврилади. Қизни учратган кунлари эса, баҳорий ўртанишлардан руҳланиб, ҳар қачонгидан ҳам серғайрат ва хушчақчақ бўлиб қолади. Ёзувчи бу ҳолатни гоҳ “парча булутдай ҳавода учиб юрди” деб ифодаласа, гоҳида “тилла топган тентакдай ўз бошига қувониблар юрди” қабилида манзаралантириб беради.

Тоғ булоғидек бокира Гулсаҳар қисмат чангалидан қутқаргувчи халоскори пинжига тиқилиб, унинг чўриси бўлишга-да рози экан, “уста ака” кокилларини эркалаб силаганида йигитнинг ардоғидан сармаст бўлади. Улар бир-бирига эҳтиросли бўсалар ҳадя қилишган лаҳзаларни ҳам ёзувчи табиат лавҳалари асносида таъсирчан чизади: “Тун. Қиз сочидай қоп-қора тун. Борлиқ унинг оғушида. Чимилдиқ узра сочилган тилла тангалардек ғуж-ғуж юлдузлар нозлана-нозлана жимирлайди. Тоғ томондан эсган эрка эпкин хушбўйларга қоришиб кетган. Тун ҳашаротлари бири қўйиб, бири олиб шўх-шаън алёр айтади”.

Довудбек ака “халқ назоратчиси” бўлишни топширганида, “Пиримқул “бўйни бир қарич, бурни ўн қарич ўсиб” чиқади. Бундай ифода тарзида халқ эртагу достонларига хос сира яққол кўзга ташланади. Ака-ука ўртасидаги адоват тасвирларида ҳам адиб “Алпомиш” достони руҳидан унумли фойдаланади. Кечинмаларни эса табиат лавҳалари билан уйғунликда ифода этади: “Кўк тўла юлдузлар ҳалигина кечган жанжалдан ҳуркиб кетишгандай, ғуж-ғуж бўлиб, алланечук жавдираб-жавдираб боқишар эди”.

Дилшодбек назарида Гулсаҳар фожиасидан тоғу тош чайқалиб, титраб кетгандай, қир тепаликлар ғужанак тортгандай туюлади. Қоялар устига ёпишиб қолган қуёшнинг чиркин тусли нурлари кўзларига тиғдай қадалади.

Мусофирликда кўп савоб ишлар қилиб юрган азаматлар кўнгли тусаганда эҳтиром билан чорланган Нурбой бахши чин юракдан куйлайди. Нурбой бахши Алпомиш ҳақидаги ёлқинли сўзларини халқининг дилига жойлар экан, ибтидони: “Элимиз ўғлонларининг ҳам бадани, ҳам юраги полвон”, бўлганлигидан бошлайди. Ўзбекнинг бош бўғини, дунёга довруғ солиб ўтган қўнғирот уруғининг дориломон кунлари, ўзини-ўзи хор қилиши, элни тўзғитишига мол талашув сабаб бўлганлиги ҳақида сўзлайди. Ҳеч замонда ётлар элнинг бошини силамагани, Бойсарининг қалмоқ юртда хор бўлгани, мард ва баҳодир Алпомиш қўнғиротнинг таянчи, қувончи бўлганлигидан ҳикоя қилади. Бу шунқорнинг қалмоқ юртда ор талашиб, душманларнинг додини бергани, севар ёри – Барчинойга етишганини баён этади. Элни хор қилган иллатлар қаторида, бахши манманлик, кин-адоват, ғайирлик ва мол-дунё талашмоқни санайди. Манманлик, араз, ёвнинг макри ҳақида дўмбира садолари остида куйлар экан, ҳатто, Довудбек ҳам сипогарчиликни йиғиштириб қўйиб, жон қулоғи билан тинглайди.

Ботиридан айрилган элнинг золим ва каззоблар қўлида хору зор бўлиши, юрт тақдирига кўкайи куйган фидойиларнинг қувғин ва қирғин қилиниши, зулмнинг авжига чиқиши ҳақидаги лавҳаларни сел бўлиб тинглаган Довудбек Барчиной ва Жадгарнинг тахир тақдиридан сўзланганида эзғин ҳислар оғушида қолади. Дўмбира оҳанггидаги мунгли-мунгли садолар, бахши юрагидан чиқаётган аламли фарёдлар унга ўз болалигини эслатгандай бўлади. Жадгар тақдири ва олис болалиги бирикиб, уни таъқиб қилаётгандай туюлади. Руҳиятида пайдо бўлган паришонлик боис, у бир нафасга етти йиллаб йўл қараган, кўзёшлардан чеҳраси ивиган Барчиной ва юзига пардоз-андозлар чапланган хотини Сорани қиёслагандай бўлади. Ҳисларидаги ғашлик сабаб, бутун атроф кўзига ўзгача қиёфада намоён бўлади. Қоп-қоронғи кечанинг қоп-қора тусдалиги унинг назарида, бутун борлиқ қўнғиротнинг оҳу нолаларидан куйиб кетганидан ҳосил бўлгандай, қоп-қора тепаликларнинг ҳар бири эса дўппайган қабрлар бўлиб туюлади.

Ёзувчи, нафақат, Довудбек тақдирини, балки, Гулсаҳарнинг тақдирини, унинг бир кун, албатта, келгувчи шаҳзодасига интизор, умид ва ишончга йўғрилган туйғулар қоришиқлигида яшашини ҳам Барчинойнинг покиза муҳаббати, бегининг йўлларига нигорон кечинмаларига моҳирона тарзда туташтира олади. Романдаги Жадгар (Ёдгор)ни Алпомишнинг сағири билан, нафс илинжидаги эврилишларнинг қули бўлган Пиримқулнинг ғайирлиги ва аламзадалигини Ултантоз интилишлари билан таққослаш мумкин бўлади.

Бахши дўмбирасининг ўтли нолалари билан шунчаки ишчилар кўнглини овламайди, юртни бирдамликка даъват этади. Шу учун дунёга довруқ солганида аҳли қўнғиротда бирдамлик, яратувчанлик хислатлари устувор эканлигидан сўз очади. Нурбой бахши элга бийлик қилган Ултантознинг макри, ор-номус талаша олмаслиги, юрт молини хомталаш қилишдан тоймаслигини зотининг пастлигидан, қул эканлигидан излайди. Демак, улуғ элнинг ўз юртига бийлиги, ўзбекнинг ўз-ўзига беклиги ҳақида, ўзгага қул бўлмаслик, яъни, истиқлолимизга руҳан туташ ғоялар ҳақида сўзлайди.

Адиб романда миллий қиёфага эга бўлган ёрқин характерларни чизади. Романдаги Амирқул ана шундай образлардан биридир. У болаликдан кунчиқарга қарата қурилган, бир ёни боғ, бир ёни тоғ, қир-адирларга туташиб кетган, тирикчиликка ўнғай, содда, оддий кулба бунёд этишни орзу қилади. Узоқ йиллар бу уйни хаёлида тиклайди. Келин-куёвлик пайтларидаёқ, “Кункулба” ҳақида хотини Зарбибига энтика-энтика гапириб берганида, келинчак гўзал орзулар қанотида кўзлари юлдуздек порлаб тинглайди. Афсуски, орзудаги уй – “Кункулба” ҳаваси ўрнини бефарзандлик дарду ҳасратлари эгаллайди. Эру хотин илинжу ўкинч оралиғида яшаётган дамларда ҳам Амирқул аждодлар руҳидан мадад олиб, руҳий тасалли топади. Ҳазрати Лангаротадан шафоат бўлиб, зурриёд қайғуси ариганида ўн йиллар давомида елка қисиб, бош эгиб юрган бу инсоннинг борлиғи қувончга тўлади.

Романда тасвирланган характерларнинг ахлоқий-маънавий даражаси турлича. Масалан, Гулсаҳарнинг отаси Аюбхон эшонни олайлик. У тортувли уруғининг энг нуфузли оқсоқолларидан бири. Ўзининг олий насаблигидан мағрур, табиатан дағал ва бойваччаларга хос димоғдор. Кўпкарига шайдолигидан ифтихор туйиб, отини фарзандидан ортиқ ардоқлайди, оиласида эса қўрқув салтанатини ўрнатган, чунки, у ўзини андиша ва номус кишиси деб билади. Яхшилик ва эзгуликлар йўлида, ёруғлик илинжида эҳсонлар қилиб, муридларининг, элнинг ишончини қозонади. Адиб ишоралар билан бўлса-да, махсумнинг ахлоқий қиёфаси жуда ҳам мукаммал эмаслигини, хиёнат ва хатолардан холи бўлмаган ҳаёт тарзини кўрсата олган. Аюбхон эшоннинг аёли Нуқра пошшо ҳам эр истагини қонун деб билиб, унинг талабларига мослашган жайдари аёл. Шунинг учун бахтга ташна икки қалбнинг аҳду паймонлари, муҳаббат, шафқат, тотли ҳаёт ҳақидаги кўнгил интилишлари, юрак талпинишлари уларга англанмас туйғулар, беҳуда интилишлар бўлиб кўринади. Арбобга эврилган қариндошининг кўмагидан умидвор бўлиб, аразни-да унутган, мол-дунёни севувчи бу кимсани оллоҳ таолонинг амру фармонларига бекаму кўст итоат қилиб, унга шукрона келтириб яшайди дейиш ҳам қийин. Зеро, шариат аҳкомларида эру хотин ўртасидаги тенглик нафақат насабда, балки диндошликда, озодликда, диёнатда, никоҳ ҳуқуқларини адо қилишга қуввати етишликда, касб-ҳунарда деб белгиланади. Банданинг бандага фазлу карами вожиблиги, зулм ўтказмаслиги уқтирилади. Аюбхон эшон бу ҳақдаги эслатмалардан ибрат олмайди, уларга амал қилмайди. Шу боис ҳам оиласини Гулсаҳар соддагина қилиб “ғурбатхона” деб атайди. Бу биқиқ муҳитдан қушдай парвоз этишга шай туради. Дарҳақиқат, Гулсаҳарнинг ҳаёти рангсиз ва хира. Кўнгли эса қипчоқ адирлари янглиғ қовжироқ, тап-тақир. Бу ҳаёт жилоланиши, маҳзун кўнгилга обираҳмат кириши, қизнинг истиқболдаги бахтдан умидланиши, шодлик, иқбол балққан кунларга интиқ қалбида умид ва ишончга қоришиқ туйғуларнинг уйғониши қишлоқ оралаб ўтувчи темирйўл билан боғлиқ. Ота-она қаҳридан, одатдаги калтаклашу хўрлашларидан юрак олдирган йигирма етти ёш остонасидаги “ўтириб қолган” қизнинг жеркишлар, истеҳзо ва нафрат тўла нигоҳлардан, таомилга кирган удумлар таъқибидан кўнгли шикастланган. Бир сўз билан айтганда, қиз ғурбатхонага айланган бу муҳитдан безган.

Гулсаҳар бебахт ҳаётига якун ясашни ният қилиб, ботинолмай юрган уқубатли, саросимали кунлари унинг қалби илиқ туйғуларга ошно бўлади. Хаёллари беихтиёр тарзда самимий эркаловчи, эъзозловчи сўзлар эгаси бўлган инсон томон талпина бошлайди. У ҳақда ўйлаш нақадар ёқимли бўлмасин, ибо фариштаси бўлган қиз соғинчларини жиловлашга, ўз-ўзини сўроқ қилишга уринади. Аммо, йигит ҳақидаги ўйлар уни мусаффо, ҳузурбахш, тип-тиниқ ва ҳаловатли бир бўшлиқ сари етаклайди. Бу бўшлиқда хаёлан сайр этаркан, қиз руҳан яйраётганлигини ҳис қилади.

Йигит кокилларини силаганида, қайноқ бўсалар ва ширин ваъдалар оғушида шўх-шодон жилмайганида, ўз-ўзидан уялиб борлиғида ширин бир энтикиш туйганида Гулсаҳар нақадар ҳаётга интиқ эди. Аммо, кўнглининг бир буржига андак ҳадик ҳам соя ташлаган. Бу ота-она ризосини олмоқ муаммоси билан боғлиқ. Аммо, Гулсаҳар мазкур муаммонинг ҳал этилишига Довудбек Заргаров бош, Дилшодбекнинг ўртоқлари камарбаста бўлишади, деб умидланади. Қиз динимиз, урф-одатимизга эҳтиром билан қарайди, ота-она юзига оёқ қўймоқни тиламайди. Шу сабабли ҳам ота-она ризоси билан динимиз, урф-одатимизга тўғри келадиган, ҳалол турмуш қуришни истайди. Уйдагилари кўнмаса қочиб кетишни истамайди. Тушида Довудбек Заргаров бошига оппоқ ҳарир рўмол ёпиб қўяётганини кўрган Гулсаҳарнинг бу “катта раис”дан умидлари катта эди. Унинг назарида шу киши, албатта, уни қўллаб-қувватлайдигандек, кўнглини тўғри англайдигандек туюларди. Энди тушда қолиб олислашган хаёллар билан “ғурбатхона”га қайтган қизга бутун борлиқ кул тусида кўринади. Ҳатто, даштдан қайтган мол-ҳолларнинг маъраши ҳам қишлоқ бўйлаб аллақандай нолакор-нолакор таралаётгандай туюлади.

Бутун умидлари чил-чил синган Гулсаҳар шарм-ҳаё, номус ва умидсизлик исканжасида ўртанади. Унинг нолакор оҳлари, сўнгсиз дардлари “эрсираш” деб қабул қилинади. Қизнинг сўнгги умидлари сўниб, меҳр, эркалаш, ҳамдардлик тилаган қалби озорланади. Бир олам орзу-ҳаваслар, гўзал истак-интилишлар, озод ва эркин тилаклар топталади. Гулсаҳар муқаррар ур-калтакни сезса-да, илгаригидай на дод-вой, на кўзёш тўкиб, илтижо қилмайди, шафқат сўраб ялиниб-ёлвормайди. Паришон ҳолда бош эгиб турган қиз туркмани қамчиннинг қарсиллаб елкаларига тегиши ҳамон кўнгил ойнаси чил-чил синади. Энди “ғурбатхона”га ортиқ бардош қилолмаслигини англаган, ўзида илгари кўрилмаган шижоат, руҳий исёнкорлик туйган кишига айланади. Бу, нафақат, ўз ота-онаси, синглиси, балки кўнгил талпинишларини англамаган дунёга, қалбида тантилик ва мардлик танқис, лоқайд ва ҳиссиз оломонга қарши исён, меҳрибон тақдирга юзма-юз бориш ҳам эди. Моддий дунё одами учун эси оғгандай туюлган Гулсаҳарнинг айни ҳолатида, узоқ йиллар олдин қилинган қарорнинг қатъийлашиши, барча орзуларнинг жаҳолат комида паймол бўлиши, ўлимдангина нажот топишга умидланиш – бандасининг тақдирдан қочиб қутила олмаслигига иқрор мужассамдир.

Инсон зоти ўзининг нокераклигини англаганида ҳаётга қарши исён қилса, не эжаб?! Хўш, бу тақдирми? Ўша сирка солинган идиш чил-чил синиши ва кўнгил шишаси бут қолиши мумкин эмасмиди?! Аммо, бунинг акси бўлди. Гулсаҳарнинг ҳаёти барбод бўлди. Бу билан адиб бизга нима демоқчи? Дарвоқе, роман тоғу тошларни ларзага солган давр қурилиши ҳақида эмасмиди, ахир?! Инсон қалбининг титроғи улкан компаниядан зинҳор кам бўлмаган аҳамиятга молик эканлиги бокира бир гул, фаришта мисол Гулсаҳарнинг фожиали тақдири мисолида нафақат тоғу тошни, минглаб қалбларни ларзага сола билиши бунинг исботи эмасми? Гулсаҳар китобхоннинг хотирасида кўзларидаги паришонлик ва хаёлчанлик, юзларидаги синиқлик, қалбидаги бир олам меҳр-муҳаббат билан олис момоларимиз руҳини ташувчи адабий қаҳрамон сифатида муҳрланиб қолса, ажабмас.
Луқмон Бўрихон Гулсаҳарга хайрихоҳ бўлиб, ҳамиша унга азиз ва қадрдон бўлган меҳрибон тун, озод шамол, тоғу тош, беозор ва бехавотир одамларга, мурувватли тақдирга, ҳаётга мурожаат этади. Қаҳрамоннинг сўнгги видоларини уларга етказишга уринади. Бу ўтли видолар Гулсаҳарни сингил каби эркалаш, унинг нозик кўнглига ҳавас, орзуларига кечинмадошлик, ҳаётсеварлик, шафқат баробарида, жоҳил ва лоқайд қавмга нисбатан бемисл нафрат ва ғазаб, айни пайтда, оломонни кўнгил одами сифатида уйғотишга умидворлик ҳам мужассамдир. Қовоқлари йиғидан кўпчиб кетган, қоп-қора юзлари кўзёшдан шалаббо Жадгарнинг изз-изз, ариллаб-ариллаб йиғлаши, увлаши орқали муаллиф бокира бир гулнинг хазон бўлиши, бола қалбини қанчалик мутаассир қилганлигини ифода этади. Олам ва одамни беозор бола қалби ва нигоҳи билан кузатади
Бадиий адабиётда шундай адабий қаҳрамонлар борки, улар тақдирини изоҳлаш, ёзувчининг матн мағзига сингдирган маъноларини таҳайюлда мушоҳада этмоқни талаб қилади. Шу орқали ижодкор поэтик оламининг концептуал асосларини белгилаш ёхуд тафаккур қамровини ёрқинроқ англаш мумкин бўлади. Зеро, адабий қаҳрамон руҳий-психологик олами ҳамиша ҳам реал олам ҳодисаларига боғлаб тушунилмайди, кўнгилда, фикр-қарашларда ҳам англанади. Чунки, ижодкорнинг мудом ҳаракатдаги тафаккурида куртак очган бадиий фикрнинг ўзига хос ҳалқасини ташкил қилувчи муайян образда эстетик нигоҳ, лирик ҳарорат мужассам. Шу боис ҳам унга реал ҳаёт билан айнанлик мақомини бериш мумкин эмас. Илло, бадиий ҳақиқат ҳаёт ҳақиқати бўлмай, онг ва туйғу – руҳоний назар ифодасининг уйғунлигидан ҳосил бўлувчи гўзаллик сифатида матнга таяниб, ижодкор микрооламига кечинмадошлик орқали поэтик идрок этилади.

Романнинг ижтимоий моҳиятида муҳим ўрин тутувчи фидойи ишчи – механик Дилшодбек ишчилар, қурилиш мутасаддилари ўртасидагина эмас, хорижликлар назарида ҳам меҳнатга ижодий ёндашуви, ташаббускорлиги билан намуна бўла олади. Оилавий ҳаётига назар ташласак, битта ўғил, икки нафар қизнинг меҳрибон отаси, боғча мудираси бўлиб ишлайдиган аёлининг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўядиган оила бошлиғи. Аммо, асарда Дилшодбек тақдири билан боғлиқ иккинчи бир йўналиш ҳам борки, бу нафақат роман қаҳрамонлари, балки китобхон томонидан ҳам осон қабул қилинмайди. Гап бир-бирига интиқ ва интизор Гулсаҳар ҳамда Дилшодбек муносабатлари хусусидадир.

Гулсаҳарнинг кўзларида ташвиш-таҳлика, хавотир шарпаларини кўрганида, кўзларида хаёл ўйнаётганлигини ҳис этганида Дилшодбекнинг юрагида тушунуксиз ғалаён уйғонади. Уни хаёлан бетиним таъқиб этаётган оппоқ, тиниқ чеҳра, маъюс кўзлар таъқибидан қутулиш, ишқий хаёллардан тийилиш учун хотинига қайноқ меҳр-муҳаббат кўрсатади, болаларини эркалаб, ардоқлайди. Гулсаҳарни ўйлаганида, унга талпинганида хотинига бўлган меҳри, эъзози янада ошади. Агар муроса йўли топилса, йигит юрагида иккита аёлга ҳам жой топилади. Шу тарзда, у гоҳ ширин, гоҳ изтиробли хаёллар оғушида қолади. Меҳрибон оиласи, фарзандлари бўлишига қарамасдан, узоқ ички курашлар, руҳий қийноқлардан кейин қалбидан икки аёлга-да жой топиб, муроса йўлини танлаган Дилшодбек интилишларини жамият ахлоқи маъқулламайди.

Овлоқ бир овулда ҳам ошиқ-маъшуқлар борлигини пана-пастқамдан писиб кузатган Пиримқул буни замонанинг айниши деб билади. Ўз-ўзича Гулсаҳарни шармсизликда, Дилшодбекни эса хотинбозликда айблайди. Ҳар қандай қайсарни қайишдай эшиб ташлайдиган кайвонилиги билан Аюбхон эшоннинг кўнглига йўл топиши мумкин бўлган Икромиддин оилалик бир эркакнинг боши очиқ қизга уйланиш ниятини гуноҳ санагани боис, Дилшодбекка хайрихоҳ бўлмайди. Уни шайтоний нафсга алданиб, номаъқул ташвишга қолганликда, масъулиятсизликда айблайди. Шожалол эса, телба ошиқ устидан истеҳзоли кулади. Уни кўнгли қўшхотинлик бўлишни истаб қолганликда айблайди. Бошига ортиқча ташвиш орттираётган Дилшодбек интилишлари унга майнабозчилик бўлиб кўринади. Алибек уларнинг тили ва дили бирлигини англаса ҳам овлоқ-овлоқда айш-ишрат қилиб юраверишларини ёқлайди.

Ҳамма нарсадан давлатнинг ишини устун қўядиган Довудбек Заргаров ўсадиган кадрларнинг оҳ-воҳ қилиб юриши идора учун нохушликлар келтириши мумкин деб ҳисоблайди. Шу боис, унинг назарида ҳам шариат ва урф-одатларга амал қилиб турмуш қуришга интилиш хотинбозлик – бойвачча феодаллик. Дилшодбекнинг чирқиллаган дилидаги паришонлик, нигоҳларидаги илтижо, қўрқув билмас кўзларида милтиллаган чўғ Довудбек Заргаровнинг темир деворлар билан қопланган ақидаларини тешиб ўтишга ожиз. Айни пайтда, у Дилшодбекни дабдурустдан ахлоқсизликда айблаёлмайди ҳам. У йигитдаги руҳий ҳолни англай олмай қийналади.

Иш ташвишларидан ортмайдиган бу одам беихтиёр Дилшодбекка ўзини қиёслар экан, йўлига интиқ-интизор аёл йўқлигидан, хотини Сора билан неча йиллардан буён бир-бирини соғиниб яшамаётганидан, у аллақачон уйининг бир жиҳозига айланганидан изтироб чекади. Қалбида соғинч ва ҳижрон туйғулари аллақачонлар йўқолганидан ўзини ғоятда ожиз ва нотавон ҳис қилади. Бундай туйғулар қоришиқлиги уни тун бўйи ўртагани боис, кўз ўнгида гоҳ кулимсираб турган Гулсаҳар, гоҳ хотини Сора, гоҳ қирма-қир бўзлаб чопиб юрган Барчиной ғира-шира жонланиб туради. Пировардида, тунги руҳий курашда том маънодаги иш одами Довудбек Заргаров ғолиб келиб, жамоанинг манфаатларини кўзлайдиган раҳбар сифатида бутун темирйўлчилар номидан Гулсаҳардан узр сўрайди. Икки ошиқни ғўрликда, енгил-елпи ўйлашда айбситади. Қиздан йигитни унутишни сўрайди.

Темирйўлчилар каттакони учун ҳар бир инсоннинг интим ҳаёти тамомила дахлсизлиги, қанчалик англашимсиз бўлса, ўзининг ошкора шамалари Гулсаҳарнинг қалбига қандай қаттиқ таъсир қилиши ҳам шунчалик ноаён туйғу. Шу боисдан қизнинг юзи мисдай қизиб, қулоқлари шанғиллаб, довдир-довдир югургилаб кетганлиги, чирпирак хаёллар қуюнида ўртанаётганлиги каби руҳий ҳолатлар Довудбек Заргаров учун тамомила бегонадир. Адиб буни: “Бошини опкетар ери, лошини топширар гўри бўлмаса”, тарзида, ғоятда ўринли ифода орқали тасвирлайди.

Умрида ишқ-муҳаббат изтиробини чекмаган Довудбек Заргаров интилишларининг умр йўлдошига тушунарсиз, ҳатто, аҳамиятсиз эканлигини англаганида, ўзини ғоятда ёлғиз ва ҳорғин ҳис этади. Кўз ўнгида бегининг йўлларига интизор ҳолатда бўзлаб чопаётган Барчиной пайдо бўлади. Бирдан бу қиёфа ошиғига талпинаётган Гулсаҳарга эврилади. Аслида эса, Довудбек Заргаров қалбида ҳам орзудаги маҳбуба соғинчи куртак ёзади. Заргаровнинг бу маҳбуба унинг қалбида азалдан пинҳон яшайди. Гарчанд, Довудбек буни ошкора эътироф этгиси келмаса-да, Гулсаҳарни Дилшодбекдан қизғангандай, рашк этгандай мубҳам туйғулар оғушида қолган оний лаҳзаларида у қалбан ёлғизлигини ҳис этади.

Гулсаҳар фожиасидан сўнг, Довудбек Заргаров ўзини бу кўргиликнинг сабабчиларидан бири деб билади. Лоқайдлик қилиниб, фожианинг олди олинмаганидан афсусланади. Дилшодбекнинг маҳзун аҳволини кўриб, қизни чиндан севишини англагандай бўладию, бу ҳолдан ажабланади. Бечора қизнинг руҳини шод этиш учун янги қурилажак бекатга унинг номини беришни мўлжаллайди. Дилшодбекдан, Аюбхон эшондан кўнгил сўрайди. Аммо, келажакка дахлдор улкан ишлар қилаётган бу одам меҳнатдаги фидоийликнигина маънавий етуклик деб билади. Ҳатто, кўнгил сўраганида ҳам у бутун ишчилар номидан гапиради. Яратиш ва бунёдкорлик завқини ҳис этаётган фидойи ишчиларнинг маънавий қиёфаси юксалганлигидан мамнунлигини яширмайди. Содда дашт одамларига ижтимоий масъулиятни англатишдан муқаддасроқ бурчни билмайди. Гулсаҳарнинг пок руҳини шод қилишдан кўра, унга чимдимгина бахт улашиш, талпинишларига камарбаста бўлиш мумкин эди-ку?!
Дали-ғули жўраларини ҳам, раҳбарини ҳам кўпроқ иш жараёнида таниб, руҳ мамлакатига етарлича ошно бўлмаган Дилшодбек ҳам уларга суяниб янглишади. Ўз ёғига ўзи қовурилиб изтироб чекади. Урф-одатларимизга хилоф бўлса-да, юз саросима, хавотир-ҳадик билан Аюбхон эшоннинг эшигини қоқиб боришга мажбур бўлади. Буни кўрган Гулсаҳарнинг вужуди қизиб, уни лаҳзалик қувонч ва ҳаяжон чулғайди. Аммо, йигитнинг ёлғизлигини кўргач, кўнгли алланечук ғаш тортади. Дилшодбекнинг дарди Аюбхон эшонга ҳақорат бўлиб туюлади, ғазабини қўзғайди. Йигитни урф-одатларимизни билмайдиган, тагипаст деб уйидан ҳайдайди. Қизини хонадон шаънини иснодга қўйиб, бир олқинди билан ваъдалашган, эрсираганликда айблайди. Жазавага тушиб, дарғазаб ўшқиради. Кўринадики, буларнинг барчаси ҳам Дилшодбек кўтарилган маънавий-руҳий юксакликни англашга ожиз. Шу боисдан, ҳатто, биродарларининг ишончини поймол қила туриб ҳам, уларнинг ҳар бири ўзини ҳақ деб билади. Зеро, роман жамият ахлоқи билан инсоннинг кўнгил интилишларини мувофиқлаштириш, ўзлигини англаган, биродарини тушунган одамлар бирдамлиги ҳақидадир. Бошқачароқ айтганда, нафақат вужуди, балки юраги ҳам полвон қавм орзусида битилган. Шу лейтмотив англансагина, ёзувчининг дардлари руҳан ҳис этилади.

Романда оила қурмоқ, бахтли яшамоқ учун кўнгил бирлигини муҳим деб билган йигит-қизни куфр амалларга қўл урганликда айбситган оломон ақидапарастлиги танқид қилинган. Чунки, ўзларини оила ва жамият тинчлигининг ҳимоячилари деб билган аксарият қаҳрамонлар “Дон Жуан”ча “ахлоқсизлик”ни гоҳ ишхона манфаатлари, гоҳ оила шаънини ўйлаб теран англаб ета олмайдилар. Натижада, бахтга эришмоқни тилаган қиз лоқайдлик ва зулм қаршисида ноилож қолади. Ўзларини “маданий киши” санаган кимсалар қалбида турли хил даражадаги ҳиссизлик ва лоқайдлик мавжуд. Улар ҳамиша ҳам инсон боласига дўст, сирдош, ака-ука, қадрдон-қариндош бўла олмайдилар. Ёзувчи ўкинч билан айтмоқчи бўлган фикр ҳам ана шу бўлса, ажабмас.
Ҳа, инсон зоти бир умр уймаланади, куймаланади, ҳайратангиз ишлар қилади. Аммо…

Бинобарин, адиб китобхонни “қора меҳнат одами” бўлишдан юксалишга ундайди. Илло, жамиятнинг кучи тоғу тошларни ёриб ўтмоқликдагина эмас, балки ўзлигини англаган, биродарини тушунган одамлардадир. Луқмон Бўрихон соғинган манзил ана ўша маъводир. Шак-шубҳасиз, фуқароликни англамоқ – инсонлик бурчини туймоқ билан мукаммаллик ва тўкислик касб этади.

Албатта, романда ҳали тўла маромига етмаган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, ижтимоий муаммолар поэтик талқинида бир қадар сунъийлик, публицистик кўтаринкилик кўзга ташланади. Айниқса, кескин конфликтнинг етишмаслигини кузатиш мумкин бўлади. Бу эса, китобхон ишончини муайян даражада сусайтиради. Аюбхон эшондай қаттиққўл одамнинг ярим кечаси қизини бегона эркак билан ёлғиз жўнатиши, маош билан боғлиқ муаммоларнинг ёхуд сифатсиз бажарилган юмушларнинг осонгина бартараф қилиниши ҳақида ҳам бу фикр ўз тасдиғини топади. Ҳазрати Башир ота назари тушган Супадай сўлим жойда уй қуриб, шу ёққа кўчиб ўтишни кўпчилик орзу қилгани ҳолда, иқтисодий тежамкорлик баҳонасида лойиҳанинг ўзгартирилишини ҳам адиб маъқуллагандай бўлади. Ваҳоланки, янги посёлкани Супада қуришга эришилса, эстетик таъсирчанликни оширишнинг имконлари ортган бўларди. Назаримизда, Дилшодбекнинг оиласи билан муносабатида ҳам психологик далиллашни кучайтиришга етарлича эришилмагандай туюлади.

Бундай камчиликларига қарамасдан, Луқмон Бўрихоннинг «Темирйўл» романи инсонни тушунган, асарга тирик тақдирларни олиб кирган, айниқса, аёл қалбини нозик идрок эта олган самарали изланишларнинг намунаси сифатида юзага келган.

Луқмон Бўрихон
АЛДОҚЧИ ТУНЛАР
06

04Луқмон Бўрихон 1965 йил 15 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Янгиобод қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1991). Дастлабки ҳикояси — «Бегимқул катта» (1987). Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ» (1991), «Сирли муаллим» (2006), «Хизр кўрган йигит» (2007) cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. «Жазирамадаги одамлар» (2005) романи муаллифи.

06

Шом қоронғуси қуйилиб келаётган бир пайтда Нур қўрбоши харсангтошлар панасидан бош кўтариб, кенг ялангликдаги қишлоғи томон маъюс-маҳзун термилди.

Ё раб, ҳувиллаб ётган манов харобазор наҳот унинг ота маскани?! Қани, қир бағрида ёйилиб юрувчи сурув-сурув қўй-қўзилар? Қани, бутун қишлоқни қий-чувга кўмиб юборадиган болалар? Сув баҳона, булоқ бошига қимтиниб-қимтиниб йиғилувчи қиз-жувонлар қани?

Нур қўрбоши ўз қишлоғига уч баҳору уч қишдан бери бу қадар яқин келмаган, ҳувв, ўша илиқ кўклам саҳарида ўн байталга бир дунё қоракўл тери юклаб, қаршилик савдогарлар билан Қашқар тарафларга отланганида сафарининг бунчалик узайиб кетишини сира-сира кутмаган эди. Ўшанда отаси — кекса чорвадор бой кўзларидан ўт чақнаб турган йигирма беш яшар ўғлини, одатдагидек, ишонч билан фахрлана-фахрлана кузатиб қолганди.

Аммо атиги бир йиллик бу сафар қайроқдек Нур бойваччага ҳам нақ бир аср чўзилгандай бўлди. Ҳайбатли-ҳайбатли тоғлардан ошиб, қаҳратоннинг совуқ шамолларига қоришиб, олис Қашқар бозорларига ҳам етиб келган аллақандай инқилоб тўғрисидаги мишмишлар ҳамма мусофирлар қатори уни ҳам ташвишлантириб қўйганди. Айниқса, кетар пайти орқасида чирқираб қолган бир яшар ўғилчасини ўлардай соғинганидан кўнглига қил сиғмасди. Шу сабаб, гоҳо, савдони ҳам йиғиштириб, ўтар-қайтар болакайларни томоша қилиб ўтирар, уларга кўп-кўп совғалар улашар эди. Охири, сабр косаси лиммо-лим тўлиб, илк кўклам кунларидан бирида, шерикларини қистай-қистай йўлга чоғланди. Соғинчу интизорликда бойваччадан ками йўқ дўстлари ҳам жон-жон дея отларга қамчи босдилар.

Улар йўллар айрилар сарҳадда узоқ-узоқ хайрлашишди.
Ўша йили кўклам хийла иссиқ келиб, қор-музлар ҳил-ҳил эриб оқар, кенг қир бағриларию сайҳонликларда кўм-кўк ўт-ўланлар гуркираб ётар, гул-чечакларнинг товусдек таровати кўрган кўзни қувонтирар эди. Аммо, соғинчини ичига сиғдиролмаган Нур бойвачча орқа-олдига қарамай, шошиб-тошиб йўл босарди.

Бир пайт, қадрдон қишлоғига ярим кунлик йўл қолган бир маҳал, тор бир ялангликда бир тўп отлиқлар олдини тўсиб чиқишди. Нур қўрбоши чавандозларнинг важоҳатидан ўтакаси ёрилса-да, улар ичидаги ҳамқишлоғини, қишлоқ оқсоқолининг арзанда боласини таниб, ҳаяжон билан отидан сакраб тушди.
— Ассалому алайкум, — деди қучоқ очиб кўришувга чоғланиб. Лаб-лунжи қувончдан ёйилиб кетганди.
Аммо ҳамқишлоқ Сулаймон арғумоғини чир-чир айлантираркан, қуруққина саломлашди:
— Яхши етиб келдингми?

Нур бойвачча анграйди-қолди: ё, Оллоҳ, қишлоқ оқсоқолининг муллаваччаўғли Сулаймонми шу?! Ё, ажаб, нозиккина, сипогина, қўй оғзидан чўп олмаган йигитча эди-ку? Мунча қаҳру ғазаб, мунча шиддат қайдан келди унга?! Елкасида антиқа милтиқ, уст-боши кирчил, соч-соқоли ўсиқ, бу не ҳол?!
— Оғир бўл, Нур, — деди Сулаймон от жиловини маҳкам тортиб. — Кўргулик! Ҳаммаёқда инқилоб балоси!

Эмишки, уч ойча илгари қишлоқни қизил қўшин мўр-малахдек босибди. Мол-мулкка кўз олайтирибди, занғарлар! Қишлоқ оқсоқоли номусига чидаёлмай, ҳовлисида амирлардек кезиниб юрган аскарларга ўроқ олиб ташланган чоғ қизил қўмондон какликдек отиб ташлабди уни! Сулаймон эса деразадан чиқиб қочганмиш. Нурбекнинг отасидан уч хум олтин талаб қилиб, уни отхонага қамаб қўйишибди. Бечора чолни ёзилгани ҳам олиб чиқишмабди, «Отхона кенг, билганингни қилавермайсанми, аҳмоқ», дея қаҳ-қаҳ уришибди. Эртасига, қовуғи ёрилиб, ўша кечаёқ тинчиган қарияни ўлган хачирдек ташқарига судраб ташлашибди.

Бошидан тўқмоқ егандек, аллақачонлар ялпайиб ётган Нур бойвачча, бир маҳал, гўё, тўсатдан уйқуси ўчган инжиқ гўдакдай увв тортиб юборди.
— Отажо-о-он, увввв, ота-а…
У тошлоқ ерни алам билан муштлар, ғужанак бўлиб типирлар эди.

Бойваччанинг жазавасидан асов тулпорлар ҳам ҳайратлангандай тек қотдилар. Чавандозлар бирин-кетин отлардан тушиб, лекин жиловларни қўлдан қўймай, ерга тиззалаб ўтиришди. Сулаймон қисқагина мунгли тиловат қилди. Фотиҳадан сўнг тўдабоши ҳамон ўзини босолмай, ҳиқиллаб ётган аламзаданинг елкасига жундор қўлини қўйиб:
— Исломнинг турк навкарина кўз-яш ярашмас, — деди хиёл бошқа лаҳжада.

Нур бойвачча, «эса, нима қилай», дегандек, ёшли кўзларини унга қаратди. Атрофдагилар, худди шуни кутиб турган каби, чувиллай кетдилар:
— Қонга қон! Ал-қасос!
— Ҳеч кимнинг дарди сеникидан кам эмас, — деди Сулаймон қамчи сопи билан йигитларга ишора қилиб.
Нур бойвачча чангга беланиб қад тиклади, хўрсинди. Сўнг, тоғлар ортидаги қишлоғи тараф ғамгингина қараб тураркан, пичирлади:
— Менга ҳам яроғ беринг…

Унинг нақ икки йилга чўзилган қонли сафари худди шу тошлоқ сойдан бошланди.
Улар ўша куниёқ Анвар пошшонинг буюк лашкарига қўшилиш ниятида Бойсун тоғлари томон йўл олдилар.

Кечга яқин бир тубсиз жар лабидаги сўқмоқдан ўтиш арафасида Нур бойвачча ёнма-ён от йўрттириб бораётган Сулаймонга ботинмайгина кўз ташлаб, ўғли ҳақида сўради. Сўради-ю, гўё, яна нохуш хабар эшитадигандай, дами ичига тушиб, юраги бежо ура кетди.
— Ўғлинг, — деб гап бошлади Сулаймон, сочқин ўйларини бир зум йиғиб, — ўғлинг Нишон хизматкорнинг қарамоғида, хотининг… ўшанга тегди, ярамас …
У гапини тугатар-тугатмас, Нур бойвачча отига аччиқ қамчи тортди.
Нурбек бир чақиримча жойдан от бошини қайириб, яна тўдага қўшилди. Уни ҳайрон кузатиб турган чавандозлар бир-бирларига маъноли-маъноли қараб олдилар.

Ҳамқишлоқнинг завқи Сулаймонга ҳам юққанди. У бошларини силтаб-силтаб пишқираётган Нурбекнинг отига ҳавас билан тикиларкан:
— Тулпорингга беш кетаман-да, Нур, — деди. — Тоштуёқмисан, тоштуёқ!
Бойвачча синиқ жилмайди.
Тоштуёқ! Нурларнинг бутун воҳага донғи кетган дулдули! Кўпкариларнинг кўрки эди у! Улоқни тишлаб узатарди-я, жонивор?! Айниқса, пойгаларда қанотсиз учишини айтмайсизми?!
Нурбек Тоштуёқнинг ёлларини меҳр билан силай-силай, яна беихтиёр ўғлини ўйлаб кетди. Хаёлан, уни Тоштуёққа мингазиб, чавандозликка ўргатди… қилич сермаш, ўқ отишни машқ қилдирди.
«Ўғлим, бардам бўл!» — деб пичирлади Нур ич-ичида ва ташида оғир хўрсинди. Бу хўрсиниқ яна икки йил бўғзини куйдириб юришидан ҳали хабарсиз эди у!

Эртасига, пешин намозидан сўнг, бойвачча ғўдайган ёшгина навкардан бир қулоч тасма топиб, ўғлига атаб келтираётган, ёғочдан устакорлик билан ясалган ўйинчоқ тойни бўйнига дурбиндай осиб олди. Ўша ғаройиб кийимли савдогарнинг лаби-лабига тегмай таърифлашича бу матоҳ нақ Фарангистонда ясалган эмиш.

Қаҳрли, суронли дамлар… Жангу жадал — Қашқар бозорида мол сотиш эмаслигини Нур бойвачча лаҳза сайин ҳис қила борди. Ўғлининг ҳидига зор думоғи қон иси, ўқ-дори исига кўникди. Ҳатто, бу исларсиз туролмайдиган, кўзи тиниб, боши айланадиган азобга йўлиқди. Шу сабабданми, ҳар қалай, у савашларда шердек олишар, сачраётган қонни кўриб телбаларча хахолар эди.

Бир оқшом, сийрак арчазор устида адашиб чарх ураётган тўрғайга хаёлчан термулиб турган Нурбек, шундоқ ёнгинасида, бўйнидаги ўйинчоқ тойга ошуфта тикилаётган сардорни сезмай қолди.
— Ўғлонимизни Оллоҳ паноҳ этсин! — деди сардор жилмайиб. Бойвачча ҳайратланиб унга юзланди.
Ўғли борлигини у қайдан билди?! Сулаймон айтдимикан, ё? Унда «ўғлонимиз» демоқнинг боиси не? Ё, сардорнинг ҳам ўғли бормикан?
Нурбек тўдабошининг меҳрли тилагидан бўшашиб, қўлини кўксига қўйди:
— Ташаккур, афандим…

Уларнинг сардори Истанбул тарафлардан келган бўлиб, Анвар пошшонинг ишонган ноибларидан бири экан. Қизиллар орасида “Қари қоплон” лақаби билан донг чиқарган бу саксон яшар чолнинг ғоят тетиклиги ҳаммани ҳайратга соларди. Ҳатто, ҳарбларнинг бирида оғир яраланиб ётса ҳам хийла вақт кўзлари чақнаб турди. Ниҳоят, «Оллоҳа шукрлар… боболар юртина шаҳид бўлмак насиб этмиш…», дея энтика-энтика жон берди.

Ўшанда Нур бойваччанинг қилич тутганига роса бир йил тўлган эди. «Қари қоплоннинг мурдаси совимай туриб, қўрбошилик даъво қилмиш бир чақчайган ғаламисни у қоқ оғзидан отиб ташлади. Сўнг, ўша чошгоҳ улуғ қарияни иззат-икром билан кўмишгач, Нурбекнинг ўзи усталик билан йигитларни савашга бошлаб кирди. Энди, у — Нур қўрбоши эди!

Кўп ўтмай, Анвар пошшо ҳам дайди ўққа учди-ю, «буюк лашкар» тўзғиб қолди. Беклар, понсодлар ҳокимлик талашиб, бир-бирларига тиғ кўтардилар. Анчадан буён саросимада юрган қизил қўшиннинг елкасига офтоб тегди.

Нур қўрбоши эса эси борида этагини йиғди-ю, юзтача навкарини бошлаб, яна изга — ўз қишлоғи ёққа қайтди. Улар ён-йўлакай — Оқбош овули атрофида катта бир тўдага йўлиқишди. Учраган тўда сардори Нурбекни менсимай, унинг бўйнидаги фаранги ўйинчоқни яйраб-яйраб мазах қилди.
«Ҳали гўдак экансан-ку, ота ўғил, йигитларни менга топшир, ҳақи учун бошқа зўр ўйинчоқ топиб бераман», дея қаҳ-қаҳ отди. Бироқ ўша тунда, унинг ўзи саксон азаматини «гўдак»ка мерос қолдириб, заҳарланган қовурдоқдан тил тортмай қулади.

Ўша йили Нур қўрбоши Бойсунтоғ этакларида ивирсиб қолиб кетди. Лаънати қизил қўшин деганлари  дақиқа сайин кучайиб борар, ҳар учраган сайхонлик, ҳар учраган довонда милтиқ ўқталиб турар эди.

Нурбек йигитларини зимдан кузатаркан, улар ҳам, ўзидан баттар, ҳориб, эзилиб бораётганини, милтиқлар гумбуридан, қиличлар жарангидан безиб бўлганини ҳис қиларди. Қайсидир кеч, полвон йигитлардан бири ўзини жардан ташлаб юборди. Раҳматликнинг изидан ҳавас билан қараб қолмиш навкарларнинг шивир-шивирича, ҳув, қир этагида бечоранинг ўйнаб-ўсган овули қолиб кетаётир экан.

Шундай қақшаган кунларнинг бирида улар кенг ялангликда бемалол чувалашиб, еб-ичишаётган ёғий устидан чиқиб қолишди!

Аввалига, Сулаймон уч азаматини ёнига олиб, қай бир арча панасида, босмачилардан кўра командирларидан бекиниб, хотиржам қартабозлик қилаётган тўрт соқчини қўйдай бўғизлаб келди.
Андан сўнг, қонсираб, тўлқинланиб турган юз йигирма нафар чавандоз баб-баравар отлар жиловини бўшатишди. Кенг ялангликни ваҳший қийқириқлар қоплаб кетди.
— Ўқ отилмаси-и-ин! Фақат бурдала-а-анг, бурдаланг! — дея ўкирарди кўзи қонга тўлиб, қуюндек чарх уриб бораётган қўрбоши. Унинг бўйнидаги ўйинчоқ той шиддатдан афсунгардек силкинар, гўё сардорини тортқилаб-тортқилаб қирғинга ундаётгандай кўринар эди.

Буткул ваҳимада қолган ҳангу манг қизиллар палапартиш ўқ уза-уза дуч келган ёққа тумтарақай қоча кетдилар. Жанг ҳидини сезган отлари эса аччиқ-аччиқ кишнар, қозиқлари атрофида чир-чир айланар эди.
Урҳо-ур ичида калхатдай шўнғиб келмиш қўрбоши иккала қўлини ҳам жони борича кўтариб жавдираётган аскарнинг бўғзини тилиб юборди. Ариқдай очилиб қолган кекирдакдан шариллаб иссиқ қон отила кетди. Ундан сал нарида кимдир аллақачон иккига бўлиб ўтган гавда типирлаб ётарди. Ғолиб қийқириқларга бир зумда доду фарёд, ингроқ саслари қоришиб кетди. Отлар туёғидан кўтарилаётган чанг-тўзон кенг ялангликни кирчил пардадек қоплади.

Кўз очиб-юмгунча чавақланган юзга яқин ёғий аскари қуюқ қон буғи таратиб, дўппайиб-дўппайиб қолдилар. Ўнбоши Сулаймоннинг навкарлари, тўйга келтирилган қўйлардек, йигирма чоғли асирни уриб-тепиб бир ерга тўплашди.

Чиндан ҳам бугун тўймисан тўй экан. Асирлардан бирининг тутила-тутила тушунтиришича, улуғ инқилобнинг нечадир йиллигини тантанали нишонлашаётган экан.
Ғолиблар қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. Асирлар эса ўйчан кезинаётган қўрбошининг бўйнидаги фаранги ўйинчоққа ноумид термилиша-термилиша ўз тақдирларини кутишарди.
Нурбек, ниҳоят, ҳорғин кўзларини олис-олис чўққилар томон олиб қочаркан, буюрди:
— Отиб ташлансин!

Орадан ойлар ўтиб, қизилларнинг бешафқат таъқибларидан қоча-қоча, қишнинг қаҳрли аёзларида ғорма-ғор биқиниб дийдирашаркан, ўша охирги ғалабани лаззат билан эслаб юришди.
Нур қўрбошининг кўнглига қил сиғмасди. У ҳарбларнинг бирида дайди ўқ ярмини юлиб кетган ўйинчоқ тойни бағрига босганича қаҳратондан бир амаллаб чиқиб олиш режаларини ўйлаб ўтирарди. Ҳеч гўрдан таъминотнинг йўқлиги, устига-устак, теваракдаги бошқа тўдаларнинг, худди душманига қарагандай, ғижиниб олайишлари йигитларнинг кўнглини буткул чўктириб юборганди. Яратганга шукрким, баланд-баланд қоялар орасидан манови — қўй қумалоқлари бўйрадай тўшалиб ётган ғорлар топила қолди. Ҳар нечук бошпана.

Йигитлар теварак-атрофда ғиж-ғиж ўсиб ётган арчалардан келтириб ғорлар ўртасида гулханлар ёқишар, сўнгра ловуллаб ёнаётган олов теграсида тўп-тўп ўтириб, турли-туман хаёлларга ғарқ бўлишар эди. Ғорлар ичида бўртиб-бўртиб чиққан тош бўлаклари, аллақандай дарахт илдизлари тез орада қора қурум билан қопланиб кетди.

Бир куни аср намозидан сўнг ўнбоши Сулаймон секин пичирлади:
— Нур, қишлоқлардан ўлпон йиғайлик, йигитлар оч!

Қўрбоши ялт этиб унга юзланди:
— Шунча йил қон кечмоқдин мақсадинг шу эдими, қори?!

Сулаймон унга гап уқтириб бўлмаслигини англаб, оғир тин олди. Қўрбоши эса кўзларини чала юмиб, «ярадор» ўйинчоқни силаганича яна хаёлга чўмди.
Сулаймоннинг ғашлиги қўзғалди:
— Ўйинчоқ ўйнагунча, — деб димоғидан кулди у, -навкарлар ғамини е!
— Сулаймон! Оқбошдаги сардорни унутма! — деди Нурбек ўзини аранг босиб, аммо югурук қўллари, беихтиёр, ёнидан маузерни суғурдию тиззасига қўйди.

Ўнбоши шарт туриб, энгашганча ғордан чиқиб кетди ва ўша тунда гумбурлаган ўқ товушидан ҳамма оёққа қалқди. Изидан, Сулаймоннинг алам-изтиробли мазахга лиммо-лим ҳайқириғи тоғлардан тоғларга, даралардан дараларга урилиб янгради:
— Э, ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-эй, — (овоз қайдан келаётганини ҳеч ким илғаёлмасди), — Нурбекка ишонмангла-ар, у ўғлини қутқариш пайида юрибди-и-и, барибир, сизлами сотади-и-и!
Нур қўрбошини титроқ босди: «Ё, Оллоҳ, бу не кўргулик…» — лекин шу лаҳзаёқ гапга чечан навкарлардан бирининг жавоби кўнглини тоғдай ўстирди.
— Ҳей, — деди у бутун зулматни ларзага келтириб. — Сен ҳезалакда йўқ бўлса йўқдир, биз ҳаммамиз ўғилли-и-и! Ҳамманинг нияти бир!
Навкар гапини тугатар-тугатмас чийиллаб келган ўқ орқадан қояга урилди.
Тўданинг ярмини Сулаймон авраб, эргаштириб кетган экан. Отишма бошланди. Қарийб икки йилдан буён ўқ ёмғири остида изғиган Нур қўрбоши, илк бор, шу ерда елкасидан яраланиб, инграганича қулади… ва зор-зор кутилган кўкламнинг ўрталарига довур турмади.

Тоғларда қорлар эриб, дарёлар шовуллай бошлади, қушлар чуғурлашиб, кўкатлар бўй тараб қолишди. Бироқ аламзада тўданинг юрак-бағри ҳамон муз эди.
Қўрбоши туну кун алаҳлаб, мулозимлар қуршовида ётар, гоҳо ўғлини чақира-чақира сапчиб туриб, ғор оғзини қидира қолар эди. Мулозимлар ҳай-ҳайлашиб, қўлига ўша… «ярадор» от ўйинчоқни тутқазишгач, қалтирай-титрай, ўз-ўзидан тинчиб, яна чўзиларди.

Ниҳоят, навкарларидан ҳам баттар озиб-тўзиб кетган Нурбек оёққа турди. Эртаси куни садоқатли мулозимлар қўрқа-писа гап бошлашди:
— Бек, бу ерларда энди кунимиз битганга ўхшайди, ўзга юртларга бош олиб кетайлик…
— Сиз Қашқар тарафларни хўп билармишсиз…
— Иншооллоҳ, яна қайтармиз…
Қўрбоши сесканиб-сесканиб тушди, аммо озғин қоилари бу гал тўппончанинг совуқ дастаги томон узалмади.

Мулозимлар ҳақ эди. Буткул ҳолдан тойган йигитлар арзимаган ҳужумга ҳам дош беролмасдилар. Худога шукр, қизиллар негадир йўқлаб келишмаяпти, ё, «аёзда қирилиб битган», дея ўйлашаяптимикан?! Устига-устак, Тоштуёқдан — Нурбекнинг суюкли тулпоридан бошқа ҳамма отларни сўйиб ейишганди…
— Сафарга тайёр эмасмиз ҳали, — деди қўрбоши оҳиста, у гап оҳангидаги розилик аломатларини пайқаган мулозимлар енгил нафас олдилар.

Олис ва оғир йўлга тараддуд роса бир ойга чўзилди. Ўқ-дори, озиқ-овқат ғамладилар. Ҳатто, шу атрофда қўй боқиб юрган чўпонни ишга солиб, яна ўн беш нафар от ҳам топишди.
Аммо сафар соатлари яқинлашган сайин йигитлар алланечук каловланиб, паришон кезинадиган одат чиқармоқда эдилар. Айниқса,  кўзларида битмас-туганмас карахтлик қотиб қолган Нур қўрбоши кундан-кунга букчайиб борарди. У баъзан кун бўйи туз тотмай, қорни оғриётганини баҳона қилиб, қирма-қир дайдиб юрар, чирқиллаб учаётган қушларга, асрий арчаларга, ҳайбатли қояларга соатлаб тикилиб ўтирар эди. Лекин отдан тушсаям эгардан тушмайдиган бу қайсар навкарларига тез-тез аччиқ-тизиқ буйруқлар қилар, гоҳо ўзича ҳазил-мутойибачига айланар, ишқилиб, ҳеч кимга сир бой бермаслик илинжида бўлар эди.
— Эртага отланамиз! — деди Нурбек, ниҳоят, май ойининг охирларида.

Ўша кеч хуфтон намозини ҳаддан ташқари эзиб ўқидилар. Фотиҳалар кетидан фотиҳалар, илтижолар кетидан илтижолар жаранглади.
Ибодатдан сўнг, тагига эгар-жабдуқларини қўйиб, ҳамма жим-жим чўзилди.
Тун… Тақдирдек қоп-қора тун! Юксак чўққилар тарафдан совуқ шамол эсмоқда. Шошқин сой бўзлаб шовуллайди. Тун ҳашаротлари тинмай чирқиллайдилар.

Нур қўрбоши сачраб кетган учқунлардек кўк тўла юлдузларга термуларкан, ҳувв, ажойиб ёз кечаларидан бирини эзилиб эслади. Ўшанда, чорбоғлари ўртасидаги супачада ағнаб ётар, хотини илондек тўлғаниб унинг қўл-оёқларини уқалар, ўғилчаси эса осмонга қўл чўзиб, «юлдуз обберинг», деган маънода хархашалар қиларди.

«Катта бўлсанг, ўзинг оласан», дейишарди эру хотин гўдак инжиқлигидан баттар завқланишиб.
Ҳозир ўғли роса еттига тўлган! Уни кўрса танирмикан?! Танийди, танийди! Ахир, Нур уч яшарлигида олис савдо сафаридан қайтувчи отасини топиб, олдига югуриб чиққанди-ку?!
Қўрбоши аёл ва гўдак исини думоғида туйиб, бесаранжомланди. Шу чоқ сал нарида ётган йигитлардан бири:
— Юлдузлар йиғлаяпти, — деди шивирланиб.

Нурбек ялт этиб унга юзланди. Аммо, навкар бутун борлиқни унутиб, кўкдан кўз узмас, ҳатто илкис қўзғалиб, юзига бақрайиб тикилаётган сардорни ҳам сезмас эди.
Қўрбоши яшин тезлигида ўн беш навкарнинг барига бир-бир анграйиб чиқди. Не кўз билан кўрсинки, унингча аллақачонлар донг қотиб ухлаётган йигитлар… мўлтиллабгина қараб ётар, гўё, алланечук ғаройиб мусиқани қилт этмай, нафас олмай, қайта-қайта тинглар эдилар.

Қўрбошининг ғимирлаб қолганидан сергак тортган ўнг мулозими оҳиста ёнбош бўлди, лекин ҳамишагидай, «Нега безовтасиз, бек?!» — дея сўрамай, тубсиз қоронғуликка тикилиб тураверди.
— Бек, — пичирлади у, — сой мунчалар шовуллади-я?!
— У ҳам соғинади, — деб юборди Нурбек беихтиёр.
— Ҳа, соғинади, — деди аллаким туриб ўтираркан. Қолганлар ҳам бирин-кетин қўзғалиб қолдилар:
— Ҳа, соғинади.
— Ҳа, соғинади.
— Соғинади…

Навкарларининг ҳар бирига мўлтираб-мўлтираб тикилаётган Нур қўрбошининг ўз-ўзидан ўпкаси тўлиб келарди. Бир маҳал у шартта чўкка тушди:
-Йигитлар…
Бироқ, бўғзига муштдек тиқилган хўрлик гапирмоққа қўймади.
— Йигитлар…
У шундай деди-ю, ортиқ бардоши етмай, ўкириб, ёнидаги мулозимининг тиззаларига ўзини ташлади.

Ҳеч ким уни тинчлантирмасди. Гўё, кўпдан интиқ кутилган ёмғирда ивиётган ишқибозлардек, маъюс энтика-энтика жим ўтирардилар.
— Азизларим, — деди Нур қўрбоши кўз ёшларига қоришиб бош кўтараркан, аллақандай хирқираган, хириллаган товушда. — Рухсат берингиз, биродарлар, ўғлимни опкелай, Оллоҳ ҳақи, ортиқ тоқат қилолмайман…

У жавоб ҳам кутмасдан сапчиб қўзғалди-да, эгар-жабдуғини ердан супуриб кўтарди.
— Бек, — деди ўнг мулозим туриб-туриб. — Ёлғиз кетманг…
— Йўқ-йўқ, ўзим… У ёқда қизиллар қароргоҳи…
Эгасининг шарпасини сезган Тоштуёқ қисқа-қисқа кишнаганича депсиниб турарди.
— Бизни кутинг, — деярди Нур қўрбоши орқа-олдига қарамай, отни чоғлар экан. — Эртан саҳар шу ерда бўламиз, иншооллоҳ!
Кўп ўтмай учқур тулпор туёқларининг гумбур-гумбури бутун тоғу тошни тутиб кетди.

* * *

Шомдан сўнг теварак-атроф тун чодрасига бурканди-ю, Нур қўрбоши аланглай-аланглай харсанг панасидан чиқди. Улкан арча тагида пишқира-пишқира ўтлаб турган Тоштуёқ қулоқларини диккайтирганича орқасидан қараб қолди.

Нур қўрбоши бу ерларни беш қўлдай биларди. Аммо, айни пайтда, тошдан тошга кийикдек сакрай туриб, тўрт тарафни эҳтиёткорлик билан кузатар, тиқ этган ҳар товушга, нафас олмай, сергакланиб қулоқ тутар эди.
Қишлоқ итлари бири қўйиб, бин олиб узлуксиз ҳургани-ҳурган. Унда-мунда милтиллаган чироқлар кўзга ташланади. Ҳувв, қир этагида адашиб қолган бузоқ мўнграмоқда. Аллақайдандир чала куйган тезак ҳиди анқийди.

Нур қўрбоши зум ўтмай сойга тушиб, нафас ростлаш дардида ербағирлаб ётди. У пухта режа тузиб олганди ўзича: «Боради. Ҳовлининг қоронғи бир бурчида биқиниб, лаънати Нишоннинг ташқари чиқишини кутади. Албатта, чиқади у ебтўймас. Ўша пайт, шартта бўғзига тўппонча тираб: «Ў ҳароми, -дейди. — Жонингдан умидинг бўлса, ғингинг чиқмасин, мен ўғлимни оламану кетаман!»… Ёки тўппа-тўғри бориб, эшикни тақиллатади, ичкаридан анови нонкўрнинг саси чиқди дегунча, бир зарб билан эшикни қўпорадию бостириб киради. Агар гапга кўнмай ҳунар кўрсатгудек бўлса…»

Нур қўрбоши қовжироқ лабларини қимтиб, мушукдек пуса-пуса илгарилаб бораркан, югурук қўллари беихтиёр яроғ излаб пайпасланди.

Мана, бостирмалари ҳурпайиб турган биринчи ҳовлидан ҳам ўтди. Анови қорайиб кўринаётган жой, собиқ қайнотаси — тегирмончининг уйи! Унгаям, қизигаям минг лаънат! Наҳотки, уч талоғини олмай туриб бошқанинг қўйнига кириш шунчалар осон? Яна келиб-келиб Нишон ислиқига теккани-чи?

Нур қўрбоши тўнғиздай эт-сўлли Нишоннинг тузсиз кўзларини хаёлида жонлантираркан, нафрат ва жирканишдан бўғриқиб кетди. У, бир вақтлар, катта шаҳар бозорида гадойлик қилиб юрган кезлари қоқсуяк нарса эди, Нурнинг отаси ачина-ачина уни бу ерга эргаштириб келди-ю, йил ўтмай новвосдай семириб кетди, занғар. Аммо бўрдоқи боқиш, отларга қараш деган хизматларни дўндирарди. Балки шунинг учун ҳам уни ҳалиги… нима эди… ҳа, шўро раиси этиб тайинлашгандир? Балки, анови мегажин шу мансабига учгандир? Эҳ, барибир, таги пастлигига борибди-да, ярамас?! Туф, ҳаммасига туф, унга ўғли керак, ўғли! Ўғлини олади-ю, Тоштуёқни тўпирлатиб йўқолади бу ерлардан.

Қўрбоши аламли хаёллар гирдобида ҳамон шарпадек сирғаниб борар, ҳар уч қадамда теваракни аланглаб кузатар эди.
Ҳувв тепаликдаги ҳашаматли бино — бечора оқсоқолнинг уйи. Қўрбошининг эшитишича, ҳозир у ер аллақандай шўронинг идораси эмиш. Шу гап тўғриёв, ана, атрофида бир аскар паришон айланиб юрибди. Шу орада Нурбекнинг кўз олдида Сулаймон қори жонланди-ю, ич-ичини изтиробли қўмсаш тимдалаб ўтди: «Эҳ, дўстим…»
Бир маҳал қўрбошининг хаёллари хазондек тўзғиб, бутун вужуди титраб кетди. Ахир, қирқ-эллик қадам нарида унинг уйи мунғайибгина турарди! Ана, ота макон!

У бир пайтлар анови қўшқанотли дарвозадан, ингичка мўйловини силаб, оҳорли кийимларда, чақмоқдай бўлиб чиқиб кетганди.
Мана, қайтди…
… бошида салла қийиқча, соч-соқоли ўсиқ, кир-чир, эгнида юпқариб кетган олача тўн, белида «Қари қоплон»дан қолган қўрбошилик камари.
… бўйнида ўша антиқа ўйинчоғу ёнида яроғ билан қайтди!

Ҳовли атрофи тошқолоқ билан ўралган. Сал пастда ястаниб ётган чорбоғ, гўё, кимнидир йўқлагандай, маҳзун шовуллайди.

Нурнинг отаси дабдабаю ҳашамга сира қизиқмасди. Шу боис ҳовлилари кенг бўлса-да, аммо кўримсизгина. Яхшиям шундайлиги, эсам уларникиям ҳалигидақа шўро-тўраларга ин бўлиб кетган бўлармиди? Лекин, барибир, ҳовлининг Нишонга қолгани Нурбекни алам ўтида қовурарди. Берса, ана, Эрмат чўпонга берсин эди, ана, Мирзо боғбонга берсин эди.
Айтганча, қай бир шаҳарда ҳам отасининг ҳайҳотдай уй-жойи, бола-чақаси бор, деб эшитувди, уларнинг аҳволи нима кечди экан?! Эҳ, бу дунё!

Нур қўрбоши тош девордан ошиб, ичкари тушди. У тобора сутдек кўпира бораётган ҳаяжондан қалт-қалт титрар, юраги гуро-гурс уриб, нафаси қайтар эди.
Қўрбошининг назарида, ҳозироқ, югурдаклар пешвоз келиб, хизматига илҳақ турадигандек, отаси айвонда ёнбошлаб чой ичаётгандек, бош ирғаб, Нурни ёнига имлаётгандек туюларди. Унинг ўй-хаёлида ажойибдан-ажойиб манзара лоп-лоп этиб жонлана бошлади:
…ана, дераза ойнасидан кузатиб турган хотини, кўз-кўзга тушгач, нозлана-нозлана ўзини панага олди. Зум ўтмай, ичкаридан завқ-шавқ билан ўғилчаси пилдираб чиқди…
Нурбек ҳатто боласининг шодон қийқириғини эшитгандай бўлди.
Бироқ ҳовли қабристондек ҳувиллаб ётарди. Фақат нариги чеккадаги ҳужра деразасидан чироқнинг хира ёғдуси липиллаб турарди.

Ишком тагида серрайиб қолган Нурбек, қалт-қалт титраб, ўша ёққа юрди. Шу тобда у қай ниятда келганини буткул унутган, шомдан бери пишитиб юрган режалари кераксиз бир хаёлга айланиб қолганди.

Қўрбоши журъатсизлик билан ҳужра эшигини тақиллатди. Шу лаҳзадаёқ, ёш боланинг «отам келди, отам», деган қувноқ овози ва дуп-дуп югургилагани эшитилди.
— Ўғлим!
Нурнинг зор қақшаган бўғзидан, юраги тубида зардобдек йиғилиб ётган соғинчу илҳақлик, ўкинчу севинч биргина шу сўз тусида отилиб чиқди:
— Ўғлим!

Аммо ичкаридан бошқа садо чиқмади. Нурбек эса ўз-ўзидан қайнаб тошаётган кўз ёшини арта-арта, эшикка қапишганича турарди. У шу чоғда, қоча-қоч, қува-қувлардан буткул зада бўлганини, ҳеч қаёққа ошиқмаётганини, ҳеч қачон энди ортга қайтолмаслигини чуқур ҳис қилди. Қанийди, дунёда ёғий зоти бўлмаса-ю, у бир умр мана шу қўпол эшикка суяниб турса?!
— Ўғлим, — деди Нурбек яна ботинмайгина эшикни тақиллатаркан.

Ичкаридан аёл кишининг жонҳолатда пичирлагани қулоққа чалинди-ю, қўрбоши бир сесканиб ўзига келди. Аллақачон уни тарк этган нияти, режалари яна қайта миясида чарх ура бошлади.
Демак, ичкарида ўғли ва анови!… Нишон қайгадир йўқолган! Афтидан, анови болани эшикка йўлатмаяпти!
Шу пайт, гўё Нурбекнинг фикрини тасдиқлагандай, ўктам болакайнинг чарс-чарс овози эшитилди:
— Отам мажлисда, сиз — босмачи! Кетинг! Кетинг!

Қўрбошининг кўз олди қоронғилашиб, эшикни зарб билан итариб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
Бир бўлак занжири учиб кетган эшик қарсиллаб очила кетди. Очилди-ю, ичкаридан аёл кишининг «Вой!» деган ожизона саси, ёш боланинг ваҳимали чинқириғи ташқарига отилди.

Қадрдон ҳужра ҳиди, кўзга таниш манзаралар ғоят довдиратиб қўйган Нурбек бир зум карахт бўлиб турди. Токчадаги эски чироқнинг хира ёғдусидан вассажуфтлар, тахмонлар, девордаги уч-тўрт қозиққа илинган кийим-бошлар андак ёришиб турарди.

Ана! Ана унинг ўғли! Унинг арслони! Э-ҳе, катта йигит бўлиб кетибди-ку?!
Нурбек бўсағага секин чўнқаяркан:
— Ўғлим, — деди энтикиб.
Аммо бир бурчакда тошдек қотган, кўзлари ола-кула хотиннинг этакларига маҳкам чирмашиб олган болакайдан ҳеч бир садо чиқмади.
— Ўғлим, бу мен, — деди Нурбек аранг, — танимаяпсанми, болам?!

Сўнгра у хўрлиги келиб, қучоғини кенг ёйганича ўғли томон судракланди.
Болакай эса ҳиқ-ҳиқ йиғлаб, орқага тисарилаверди.
Ё, Оллоҳ! Бу не кўргулик? Уч йилдирки, хаёлида зор-зор кутган, чопқиллаб йўлига чиққан, бўйнига эркаланиб осилган ўз ўғли танимади-я?!
— Бу мен-ку, ахир, болам! — деб қақшади қўрбоши кўз ёшларини тиёлмай. — Кел, бир бағримга босай, кел!

Шу чоқ орқа тарафдан дўриллаган буйруқ янгради:
— Қимирламанг, қўрбоши!
Нурбек тиз чўккан жойида шарт ўгирилиб ортгақаради: «Нишон!» У бўсағада тўппонча ўқталиб турар, изида яна ўн чоғли навкар милтиқларини шайлаб ичкарига мўралашарди.
— Хуш келибсиз, — деди Нишон димоғидан кулиб. — Биз сизни ёлғиз кутмагандик, қолганлар қайда, бек?

Қўрбоши сийрак қошларини чимириб, қақроқ лабларини қимтиб, яна ўша қирғин дунёсига қайта бошлади. Соғинчу илинжнинг, ўкинчу севинчнинг омонат дунёси яна тўзғиб кетди.
— Ота-а-а!

Онасининг пинжида биқиниб турган болакай Нишон томон ҳайқириб югурди. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини энтикиб кузатаётган Нурбекнинг ич-ичида нимадир узилиб кетгандек бўлди ва…
Кўз очиб юмгунча варанглаган ўқ товуши ҳовлининг ичу ташини зириллатиб юборди. Изидан, ўз ўқи ўз бўғзини тешиб ўтган Нур қўрбоши гурсиллаб қулади. Бўйнида осиғлиқ ўша ғаройиб ўйинчоқ той қонга беланганича сирғалиб ерга тушди…

Ўша тун Тоштуёқнинг аччиқ-аччиқ кишнаши бутун тоғу тошни титратди. Қадрдон отхона ҳидини олиб келган бу тулпор ўз чавандозини излаб, тошқолоқ теварагида чир-чир айланарди.

Luqmon Bo’rixon
ALDOQCHI TUNLAR
06

Shorn qorong’usi quyilib kelayotgan bir paytda Nur qo’rboshi xarsangtoshlar panasidan bosh ko’tarib, keng yalanglikdagi qishlog’i tomon ma’yus-mahzun termildi.
Yo rab, huvillab yotgan manov xarobazor nahot uning ota maskani?! Qani, qir bag’rida yoyilib yuruvchi suruv-suruv qo’y-qo’zilar? Qani, butun qishloqni qiy-chuvga ko’mib yuboradigan bolalar? Suv bahona, buloq boshiga qimtinib-qimtinib yig’iluvchi qiz-juvonlar qani?

Nur qo’rboshi o’z qishlog’iga uch bahoru uch qishdan beri bu qadar yaqin kelmagan, huvv, o’sha iliq ko’klam saharida o’n baytalgabir dunyo qorako’l teri yuklab, qarshilik savdogarlar bilan Qashqar taraflarga otlanganida safarining bunchalik uzayib ketishini sira-sira kutmagan edi. O’shanda otasi — keksa chorvador boy ko’zlaridan o’t chaqnab turgan yigirma besh yashar o’giini, odatdagidek, ishonch bilan faxrlana-faxrlana kuzatib qolgandi.

Ammo atigi bir yillik bu safar qayroqdek Nur boyvachchaga ham naq bir asr cho’zilganday bo’ldi. Haybatli-haybatli tog’lardan oshib, qahratonning sovuq shamollariga qorishib, olis Qashqar bozorlariga ham yetib kelgan allaqanday inqilob to’g’risidagi mishmishlar hamma musofirlar qatori uni ham tashvishlantirib qo’ygandi. Ayniqsa, ketar payti orqasida chirqirab qolgan bir yashar o’g’ilchasini o’larday sog’inganidan ko’ngliga qil sig’masdi. Shu sabab, goho, savdoni ham yig’ishtirib, o’tar-qaytar bolakaylarni tomosha qilib o’tirar, ularga ko’p-ko’p sovg’alar ulashar edi. Oxiri, sabr kosasi limmo-lim to’lib, ilk ko’klam kunlaridan birida, sheriklarini qistay-qistay yo’lga chog’landi. Sog’inchu intizorlikda boyvachchadan kami yo’q do’stlari ham jon-jon deya otlarga qamchi bosdilar.

Ular yo’llar ayrilar sarhadda uzoq-uzoq xayrlashishdi.
O’sha yili ko’klam xiyla issiq kelib, qor-muzlar hil-hil erib oqar, keng qir bag’rilariyu sayhonliklarda ko’m-ko’k o’t-o’lanlar gurkirab yotar, gul-chechaklarning tovusdek tarovati ko’rgan ko’zni quvontirar edi. Ammo, sog’inchini ichiga sig’dirolmagan Nur boyvachcha orqa-oldiga qaramay, shoshib-toshib yo’l bosardi.
Bir payt, qadrdon qishlog’iga yarim kunlik yo’l qolgan bir mahal, tor bir yalanglikda bir to’p otliqlar oldini to’sib chiqishdi.
Nur qo’rboshi chavandozlarning vajohatidan o’takasi yorilsa-da, ular ichidagi hamqishlog’ini, qishloq oqsoqolining arzanda bolasini tanib, hayajon bilan otidan sakrab tushdi.
— Assalomu alaykum, — dedi quchoq ochib ko’rishuvga chog’lanib. Lab-lunji quvonchdan yoyilib ketgandi.
Ammo hamqishloq Sulaymon arg’umog’ini chir-chir aylantirarkan, quruqqina salomlashdi:
— Yaxshi yetib keldingmi?

Nur boyvachcha angraydi-qoldi: yo, Olloh, qishloq oqsoqolining mullavachchao’g’li Sulaymonmi shu?! Yo, ajab, nozikkina, sipogina, qo’y og’zidan cho’p olmagan yigitcha edi-ku? Muncha qahru g’azab, muncha shiddat qaydan keldi unga?! Yelkasida antiqa miltiq, ust-boshi kirchil, soch-soqoli o’siq, bu ne hoi?!
— Og’ir bo’l, Nur, — dedi Sulaymon ot jilovini mahkam tortib. — Ko’rgulik! Hammayoqda inqilob balosi!
Emishki, uch oycha ilgari qishloqni qizil qo’shin mo’r-malaxdek bosibdi. Mol-mulkka ko’z olaytiribdi, zang’arlar! Qishloq oqsoqoli nomusiga chidayolmay, hovlisida amirlardek kezinib yurgan askarlarga o’roq olib tashlangan chog’ qizil qo’mondon kaklikdek otib tashlabdi uni! Sulaymon esa derazadan chiqib qochganmish. Nurbekning otasidan uch xum oltin talab qilib, uni otxonaga qamab qo’yishibdi. Bechora cholni yozilgani ham olib chiqishmabdi, «Otxona keng, bilganingni qilavermaysanmi, ahmoq», deya qah-qah urishibdi. Ertasiga, qovug’i yorilib, o’sha kechayoq tinchigan qariyani oigan xachirdek tashqariga sudrab tashlashibdi.

Boshidan to’qmoq yegandek, allaqachonlar yalpayib yotgan Nur boyvachcha, bir mahal, go’yo, to’satdan uyqusi o’chgan injiq go’dakday uvv tortib yubordi.
— Otajo-o-on, uvvvv, ota-a…
U toshloq yerni alam bilan mushtlar, g’ujanak bo’lib tipirlar edi.
Boyvachchaning jazavasidan asov tulporlar ham hayratlanganday tek qotdilar. Chavandozlar birin-ketin otlardan tushib, lekin jilovlarni qo’ldan qo’ymay, yerga tizzalab o’tirishdi. Sulaymon qisqagina mungli tilovat qildi.
Fotihadan so’ng to’daboshi hamon o’zini bosolmay, hiqillab yotgan alamzadaning yelkasiga jundor qo’lini qo’yib:
— Islomning turk navkarina ko’z-yash yarashmas, — dedi xiyol boshqa lahjada.
Nur boyvachcha, «esa, nima qilay», degandek, yoshli ko’zla-rini unga qaratdi. Atrofdagilar, xuddi shuni kutib turgan kabi, chuvillay ketdilar:
— Qonga qon! Al-qasos!
— Hech kimning dardi senikidan kam emas, — dedi Sulaymon qamchi sopi bilan yigitlarga ishora qilib.
Nur boyvachcha changga belanib qad tikladi, xo’rsindi. So’ng, tog’lar ortidagi qishlog’i taraf g’amgingina qarab turarkan, pichirladi:
— Menga ham yarog’ bering…
Uning naq ikki yilga cho’zilgan qonli safari xuddi shu toshloq soydan boshlandi.
Ular o’sha kuniyoq Anvar poshshoning buyuk lashkariga qo’shilish niyatida Boysun tog’lari tomon yo’l oldilar.

Kechga yaqin bir tubsiz jar labidagi so’qmoqdan o’tish arafasida Nur boyvachcha yonma-yon ot yo’rttirib borayotgan Sulaymonga botinmaygina ko’z tashlab, o’g’li haqida so’radi. So’radi-yu, go’yo, yana noxush xabar eshitadiganday, dami ichiga tushib, yuragi bejo ura ketdi.
— O’g’ling, — deb gap boshladi Sulaymon, sochqin o’ylarini bir zum yig’ib, — o’g’ling Nishon xizmatkorning qaramog’ida, xotining… o’shanga tegdi, yaramas …
U gapini tugatar-tugatmas, Nur boyvachcha otiga achchiq qamchi tortdi.

Nurbek bir chaqirimcha joydan ot boshini qayirib, yana to’daga qo’shildi. Uni hayron kuzatib turgan chavandozlar bir-birlariga ma’noli-ma’noli qarab oldilar.
Hamqishloqning zavqi Sulaymonga ham yuqqandi. U boshlarini siltab-siltab pishqirayotgan Nurbekning otiga havas bilan tikilarkan:
— Tulporingga besh ketaman-da, Nur, — dedi. — Toshtuyoqmisan, toshtuyoq!
Boyvachcha siniq jilmaydi.
Toshtuyoq! Nurlarning butun vohaga dong’i ketgan dulduli! Ko’pkarilarning ko’rki edi u! Uloqni tishlab uzatardi-ya, jonivor?! Ayniqsa, poygalarda qanotsiz uchishini aytmaysizmi?!
Nurbek Toshtuyoqning yollarini mehr bilan silay-silay, yana beixtiyoro’g’lini o’ylab ketdi. Xayolan, uni Toshtuyoqqa mingazib, chavandozlikka o’rgatdi… qilich sermash, o’q otishni mashq qildirdi.
«O’g’lim, bardam bo’l!» — deb pichirladi Nur ich-ichida va tashida og’ir xo’rsindi. Bu xo’rsiniq yana ikki yil bo’g’zini kuydirib yurishidan hali xabarsiz edi u!
Ertasiga, peshin namozidan so’ng, boyvachcha g’o’daygan yoshgina navkardan bir quloch tasma topib, o’g’liga atab kelti-rayotgan, yog’ochdan ustakorlik bilan yasalgan o’yinchoq toyni bo’yniga durbinday osib oldi.

O’sha g’aroyib kiyimli savdogarning labi-labiga tegmay ta’riflashicha bu matoh naq Farangistonda yasalgan emish.
Qahrli, suronli damlar… Jangu jadal — Qashqar bozorida mol sotish emasligini Nur boyvachcha lahza sayin his qila bordi. O’giining hidiga zor dumog’i qon isi, o’q-dori isiga ko’nikdi. Hatto, bu islarsiz turolmaydigan, ko’zi tinib, boshi aylanadigan azobga yo’liqdi. Shu sababdanmi, har qalay, u savashlarda sherdek olishar, sachrayotgan qonni ko’rib telbalarcha xaxolar edi.
Bir oqshom, siyrak archazor ustida adashib charx urayotgan to’rg’ayga xayolchan termulib turgan Nurbek, shundoq yongina-sida, bo’ynidagi o’yinchoq toyga oshufta tikilayotgan sardorni sezmay qoldi.
— O’g’lonimizni Olloh panoh etsin! — dedi sardor jilmayib. Boyvachcha hayratlanib unga yuzlandi.
O’g’li borligini u qaydan bildi?! Sulaymon aytdimikan, yo? Unda «o’g’lonimiz» demoqning boisi ne? Yo, sardorning ham o’g’li bormikan?
Nurbek to’daboshining mehrli tilagidan bo’shashib, qo’lini ko’ksiga qo’ydi:
— Tashakkur, afandim…

Ularning sardori Istanbul taraflardan kelgan bo’lib, Anvar poshshoning ishongan noiblaridan biri ekan. Qizillar orasida “Qari qoplon” laqabi bilan dong chiqargan bu sakson yashar cholning g’oyat tetikligi hammani hayratga solardi. Hatto, harbiarning birida og’ir yaralanib yotsa ham xiyla vaqt ko’zlari chaqnab turdi. Nihoyat, «Olloha shukrlar… bobolar yurtina shahid bo’lmak nasib etmish…», deya entika-entika jon berdi.
O’shanda Nur boyvachchaning qilich tutganiga rosa bir yil to’lgan edi. «Qari qoplorfning murdasi sovimay turib, qo’rboshilik da’vo qilmish bir chaqchaygan g’alamisni u qoq og’zidan otib tashladi. So’ng, o’sha choshgoh ulug’ qariyani izzat-ikrom bilan ko’mishgach, Nurbekning o’zi ustalik bilan yigitlarni savashga boshlab kirdi. Endi, u — Nur qo’rboshi edi!
Ko’p o’tmay, Anvar poshsho ham daydi o’qqa uchdi-yu, «buyuk lashkar» to’zg’ib qoldi. Beklar, ponsodlar hokimlik talashib, bir-birlariga tig’ ko’tardilar. Anchadan buyon sarosimada yurgan qizil qo’shinning yelkasiga oftob tegdi.

Nur qo’rboshi esa esi borida etagini yig’di-yu, yuztacha navkarini boshlab, yana izga — o’z qishlog’i yoqqa qaytdi. Ular yoi-yo’lakay — Oqbosh ovuli atrofida katta birto’daga yo’liqishdi. Uchragan to’da sardori Nurbekni mensimay, uning bo’ynidagi farangi o’yinchoqni yayrab-yayrab mazax qildi.
«Hali go’dak ekansan-ku, ota o’g’il, yigitlarni menga topshir, haqi uchun boshqa zo’r o’yinchoq topib beraman», deya qah-qah otdi. Biroq o’sha tunda, uning o’zi sakson azamatini «go’dak»ka meros qoldirib, zaharlangan qovurdoqdan til tortmay quladi.

O’sha yili Nur qo’rboshi Boysuntog’ etaklarida ivirsib qolib ketdi. La’nati qizil qo’shin deganlari daqiqa sayin kuchayib borar, har uchragan sayhonlik, har uchragan dovonda miltiq o’qtalib turar edi.
Nurbek yigitlarini zimdan kuzatarkan, ular ham, o’zidan battar, horib, ezilib borayotganini, miltiqlargumburidan, qilichlar jarangidan bezib boiganini his qilardi. Qaysidir kech, polvon yigitlardan biri o’zini jardan tashlab yubordi. Rahmatlikning izidan havas bilan qarab qolmish navkarlarning shivir-shiviricha, huv, qir etagida bechoraning o’ynab-o’sgan ovuli qolib ketayotir ekan.
Shunday qaqshagan kunlarning birida ular keng yalanglikda bemalol chuvalashib, yeb-ichishayotgan yog’iy ustidan chiqib qolishdi!

Avvaliga, Sulaymon uch azamatini yoniga olib, qay bir archa panasida, bosmachilardan ko’ra komandirlaridan bekinib, xotirjam qartabozlik qilayotgan to’rt soqchini qo’yday bo’g’izlab keldi.
Andan so’ng, qonsirab, to’lqinlanib turgan yuz yigirma nafar chavandoz bab-baravar otlar jilovini bo’shatishdi. Keng yalanglikni vahshiy qiyqiriqlar qoplab ketdi.
— O’q otilmasi-i-in! Faqat burdala-a-ang, burdalang! — deya o’kirardi ko’zi qonga to’lib, quyundek charx urib borayotgan qo’rboshi. Uning bo’ynidagi o’yinchoq toy shiddatdan afsungardek silkinar, go’yo sardorini tortqilab-tortqilab qirg’inga undayotganday ko’rinar edi.
Butkul vahimada qolgan hangu mang qizillar palapartish o’q uza-uza duch kelgan yoqqa tumtaraqay qocha ketdilar. Jang hidini sezgan otlari esa achchiq-achchiq kishnar, qoziqlari atrofida chir-chir aylanar edi.
Urho-ur ichida kalxatday sho’ng’ib kelmish qo’rboshi ikkala qoiini ham joni boricha ko’tarib javdirayotgan askarning bo’g’zini tilib yubordi. Ariqday ochilib qolgan kekirdakdan sharillab issiq qon otila ketdi. Undan sal narida kimdir allaqachon ikkiga bo’lib o’tgan gavdatipirlab yotardi.
G’olib qiyqiriqlarga bir zumda dodu faryod, ingroq saslari qorishib ketdi. Otlar tuyog’idan ko’tarilayotgan chang-to’zon keng yalanglikni kirchil pardadek qopladi.
Ko’z ochib-yumguncha chavaqlangan yuzga yaqin yog’iy askari quyuq qon bugi taratib, do’ppayib-do’ppayib qoldilar.
O’nboshi Sulaymonning navkarlari, to’yga keltirilgan qo’ylardek, yigirma chogii asirni urib-tepib bir yerga to’plashdi.
Chindan ham bugun to’ymisan to’y ekan. Asirlardan birining tutila-tutila tushuntirishicha, ulug’ inqilobning nechadir yilligini tantanali nishonlashayotgan ekan.
G’oliblar qah-qah otib kuldilar. Asirlar esa o’ychan kezinayotgan qo’rboshining bo’ynidagi farangi o’yinchoqqa noumid termilisha-termilisha o’z taqdirlarini kutishardi.
Nurbek, nihoyat, horg’in ko’zlarini olis-olis cho’qqilar tomon olib qocharkan, buyurdi:
— Otib tashlansin!

Oradan oylar o’tib, qizillarning beshafqat ta’qiblaridan qocha-qocha, qishning qahrli ayozlarida g’orma-g’or biqinib diydirasharkan, o’sha oxirgi g’alabani lazzat bilan eslab yurishdi.
Nur qo’rboshining ko’ngliga qil sig’masdi. U harblarning birida daydi o’q yarmini yulib ketgan o’yinchoq toyni bag’riga bosganicha qahratondan bir amallab chiqib olish rejalarini o’ylab o’tirardi.
Hech go’rdan ta’minotning yo’qligi, ustiga-ustak, tevarakdagi boshqa to’dalarning, xuddi dushmaniga qaraganday, g’ijinib ola-yishlari yigitlaming ko’nglini butkul cho’ktirib yuborgandi. Yaratganga shukrkim, baland-baland qoyalar orasidan manovi — qo’y qumaloqlari bo’yraday to’shalib yotgan g’orlar topila qoldi. Har nechuk boshpana.
Yigitlar tevarak-atrofda g’ij-g’ij o’sib yotgan archalardan keltirib g’orlar o’rtasida gulxanlar yoqishar, so’ngra lovullab yonayotgan olov tegrasida to’p-to’p o’tirib, turli-tuman xayollarga g’arq bo’lishar edi.
G’orlar ichida bo’rtib-bo’rtib chiqqan tosh bo’laklari, allaqanday daraxt ildizlari tez orada qora qurum bilan qoplanib ketdi.

Bir kuni asr namozidan so’ng o’nboshi Sulaymon sekin pichirladi:
— Nur, qishloqlardan oipon yig’aylik, yigitlar och! Qo’rboshi yalt etib unga yuzlandi:
— Shuncha yil qon kechmoqdin maqsading shu edimi, qori?! Sulaymon unga gap uqtirib bo’lmasligini anglab, og’ir tin oldi. Qo’rboshi esa ko’zlarini chala yumib, «yarador» o’yinchoqni silaganicha yana xayolga cho’mdi.
Sulaymonning g’ashligi qo’zg’aldi:
— O’yinchoq o’ynaguncha, — deb dimog’idan kuldi u, -navkarlar g’amini ye!
— Sulaymon! Oqboshdagi sardorni unutma! — dedi Nurbek o’zini arang bosib, ammo yuguruk qoilari, beixtiyor, yonidan mauzerni sug’urdiyu tizzasiga qo’ydi.
O’nboshi shart turib, engashgancha g’ordan chiqib ketdi va o’sha tunda gumburlagan o’q tovushidan hamma oyoqqa qalqdi. Izidan, Sulaymonning alam-iztirobli mazaxga limmo-lim hayqirig’i togiardan tog’larga, daralardan daralarga urilib yangradi:
— E, he-he-he-he-ey, — (ovoz qaydan kelayotganini hech kim ilg’ayolmasdi), — Nurbekka ishonmangla-ar, u o’g’lini qutqarish payida yuribdi-i-i, baribir, sizlami sotadi-i-i!
Nur qo’rboshini titroq bosdi: «Yo, Olloh, bu ne ko’rgulik…» — lekin shu lahzayoq gapga chechan navkarlardan birining javobi ko’nglini tog’day o’stirdi.
— Hey, — dedi u butun zulmatni larzaga keltirib. — Sen hezalakda yo’q bo’lsa yo’qdir, biz hammamiz o’g’illi-i-i! Hammaning niyati bir!

Navkar gapini tugatar-tugatmas chiyillab kelgan o’q orqadan qoyaga urildi.
To’daning yarmini Sulaymon avrab, ergashtirib ketgan ekan. Otishma boshlandi.
Qariyb ikki yildan buyon o’q yomg’iri ostida izg’igan Nur qo’rboshi, ilk bor, shu yerda yelkasidan yaralanib, ingraganicha quladi… va zor-zor kutilgan ko’klamning o’rtalariga dovur turmadi.
Tog’larda qorlar erib, daryolar shovullay boshladi, qushlar chug’urlashib, ko’katlar bo’y tarab qolishdi.
Biroq alamzada to’daning yurak-bag’ri hamon muz edi.
Qo’rboshi tunu kun alahlab, mulozimlar qurshovida yotar, goho o’g’lini chaqira-chaqira sapchib turib, g’or og’zini qidira qolar edi. Mulozimlar hay-haylashib, qo’liga o’sha… «yarador» ot o’yinchoqni tutqazishgach, qaltiray-titray, o’z-o’zidan tinchib, yana cho’zilardi.
Nihoyat, navkarlaridan ham battar ozib-to’zib ketgan Nurbek oyoqqa turdi. Ertasi kuni sadoqatli mulozimlar qo’rqa-pisa gap boshlashdi:
— Bek, bu yerlarda endi kunimiz bitganga o’xshaydi, o’zga yurtlarga bosh olib ketaylik…
— Siz Qashqar taraflarni xo’p bilarmishsiz…
— Inshoolloh, yana qaytarmiz…
Qo’rboshi seskanib-seskanib tushdi, ammo ozg’in qoilari bu gal to’pponchaning sovuq dastagi tomon uzalmadi.
Mulozimlar haq edi. Butkul holdan toygan yigitlar arzimagan hujumga ham dosh berolmasdilar. Xudoga shukr, qizillar negadir yo’qlab kelishmayapti, yo, «ayozda qirilib bitgan», deya o’ylashayap-timikan?! Ustiga-ustak, Toshtuyoqdan — Nurbekning suyukli tulporidan boshqa hamma otlarni so’yib yeyishgandi…
— Safarga tayyor emasmiz hali, — dedi qo’rboshi ohista, u gap ohangidagi rozilik alomatlarini payqagan mulozimlar yengil nafas oldilar.

Olis va og’ir yoiga taraddud rosa bir oyga cho’zildi. O’q-dori, oziq-ovqat g’amladilar. Hatto, shu atrofda qo’y boqib yurgan cho’ponni ishga solib, yana o’n besh nafar ot ham topishdi.
Ammo safar soatlari yaqinlashgan sayin yigitlar allanechuk kalovlanib, parishon kezinadigan odat chiqarmoqda edilar. Ayniqsa, ‘ ko’zlarida bitmas-tuganmas karaxtlik qotib qolgan Nur qo’rboshi kundan-kunga bukchayib borardi. U ba’zan kun bo’yi tuz totmay, qorni og’riyotganini bahona qilib, qirma-qir daydib yurar, chirqillab uchayotgan qushlarga, asriy archalarga, haybatli qoyalarga soatlab tikilib o’tirar edi. Lekin otdan tushsayam egardan tushmaydigan bu qaysar navkarlariga tez-tez achchiq-tiziq buyruqlar qilar, goho o’zicha hazil-mutoyibachiga aylanar, ishqilib, hech kimga sir boy bermaslik ilinjida bo’lar edi.
— Ertaga otlanamiz! — dedi Nurbek, nihoyat, may oyining oxirlarida.
O’sha kech xufton namozini haddan tashqari ezib o’qidilar. Fotihalar ketidan fotihalar, iltijolar ketidan iltijolar jarangladi.

Ibodatdan so’ng, tagiga egar-jabduqlarini qo’yib, hamma jim-jim cho’zildi.
Tun… Taqdirdek qop-qora tun! Yuksak cho’qqilar tarafdan sovuq shamol esmoqda. Shoshqin soy bo’zlab shovullaydi. Tun hasharotlari tinmay chirqillaydilar.
Nur qo’rboshi sachrab ketgan uchqunlardek ko’k to’la yulduzlarga termularkan, huvv, ajoyib yoz kechalaridan birini ezilib esladi. O’shanda, chorbogiari o’rtasidagi supachada ag’nab yotar, xotini ilondek toig’anib uning qo’1-oyoqlarini uqalar, o’g’ilchasi esa osmonga qo’l cho’zib, «yulduz obbering», degan ma’noda xarxashalar qilardi.
«Katta bo’lsang, o’zing olasan», deyishardi eru xotin go’dak injiqligidan battar zavqlanishib.
Hozir o’g’li rosa yettiga to’lgan! Uni ko’rsa tanirmikan?! Taniydi, taniydi! Axir, Nur uch yasharligida olis savdo safaridan qaytuvchi otasini topib, oldiga yugurib chiqqandi-ku?!
Qo’rboshi ayol va go’dak isini dumog’ida tuyib, besaranjom-landi. Shu choq sal narida yotgan yigitlardan biri:
— Yulduzlar yig’layapti, — dedi shivirlanib.

Nurbek yalt etib unga yuzlandi. Ammo, navkar butun borliqni unutib, ko’kdan ko’z uzmas, hatto ilkis qo’zg’alib, yuziga baqrayib tikilayotgan sardorni ham sezmas edi.
Qo’rboshi yashin tezligida o’n besh navkarning bariga bir-bir angrayib chiqdi. Ne ko’z bilan ko’rsinki, uningcha allaqachonlar dong qotib uxlayotgan yigitlar… mo’ltillabgina qarab yotar, go’yo, allanechuk g’aroyib musiqani qilt etmay, nafas olmay, qayta-qayta tinglar edilar.
Qo’rboshining g’imirlab qolganidan sergak tortgan o’ng mulozimi ohista yonbosh bo’ldi, lekin hamishagiday, «Nega bezovtasiz, bek?!» — deya so’ramay, tubsiz qorong’ulikka tikilib turaverdi.
— Bek, — pichirladi u, — soy munchalar shovulladi-ya?!
— U ham sog’inadi, — deb yubordi Nurbek beixtiyor.
— Ha, sog’inadi, — dedi allakim turib o’tirarkan. Qolganlar ham birin-ketin qo’zg’alib qoldilar:
— Ha, sog’inadi.
— Ha sog’inadi.
— Sog’inadi…

Navkarlarining har biriga mo’ltirab-mo’ltirab tikilayotgan Nur qo’rboshining o’z-o’zidan o’pkasi to’lib kelardi. Bir mahal u shartta cho’kka tushdi:
-Yigitlar…
Biroq, bo’g’ziga mushtdek tiqilgan xo’rlik gapirmoqqa qo’ymadi.
— Yigitlar…
U shunday dedi-yu, ortiq bardoshi yetmay, o’kirib, yonidagi mulozimining tizzalariga o’zini tashladi.
Hech kim uni tinchlantirmasdi. Go’yo, ko’pdan intiq kutilgan yomg’irda iviyotgan ishqibozlardek, ma’yus entika-entika jim o’tirardilar.
— Azizlarim, — dedi Nur qo’rboshi ko’z yoshlariga qorishib bosh ko’tararkan, allaqanday xirqiragan, xirillagan tovushda. Ruxsat beringiz, birodarlar, o’g’limni opkelay, Olloh haqi, ortiq toqat qilolmayman…

U javob ham kutmasdan sapchib qo’zg’aldi-da, egar-jabdug’ini yerdan supurib ko’tardi.
— Bek, — dedi o’ng mulozim turib-turib. — Yolg’iz ketmang…
— Yo’q-yo’q, o’zim… U yoqda qizillar qarorgohi…
Egasining sharpasini sezgan Toshtuyoq qisqa-qisqa kishnaganicha depsinib turardi.
— Bizni kuting, — deyardi Nur qo’rboshi orqa-oldiga qaramay, otni chog’lar ekan. — Ertan sahar shu yerda bo’lamiz, inshoolloh!
Ko’p o’tmay uchqur tulpor tuyoqlarining gumbur-gumburi butun tog’u toshni tutib ketdi.

* * *

Shomdan so’ng tevarak-atrof chodrasiga burkandi-yu, Nur qo’rboshi alanglay-alanglay xarsang panasidan chiqdi. Ulkan archa tagida pishqira-pishqira o’tlab turgan Toshtuyoq quloqlarini dikkaytirganicha orqasidan qarab qoldi.

Nur qo’rboshi bu yerlarni besh qo’lday bilardi. Ammo, ayni paytda, toshdan toshga kiyikdek sakray turib, to’rt tarafni ehtiyotkorlik bilan kuzatar, tiq etgan har tovushga, nafas olmay, sergaklanib quloq tutar edi.
Qishloq itlari biri qo’yib, bin olib uzluksiz hurgani-hurgan. Unda-munda miltillagan chiroqlar ko’zga tashlanadi. Huvv, qir etagida adashib qolgan buzoq mo’ngramoqda. Allaqaydandir chala kuygan tezak hidi anqiydi.

Nur qo’rboshi zum o’tmay soyga tushib, nafas rostlash dardida yerbag’irlab yotdi. U puxta rejalartuzib olgandi o’zicha:
«Boradi. Hovlining qorong’i bir burchida biqinib, la’nati Nishonning tashqari chiqishini kutadi. Albatta, chiqadi u yebto’ymas. O’sha payt, shartta bo’g’ziga to’pponcha tirab: «O’ haromi, -deydi. — Joningdan umiding bo’lsa, g’inging chiqmasin, men o’g’limni olamanu ketaman!»… Yoki to’ppa-to’g’ri borib, eshikni taqillatadi, ichkaridan anovi nonko’rning sasi chiqdi deguncha, bir zarb bilan eshikni qo’poradiyu bostirib kiradi. Agargapga ko’nmay hunar ko’rsatgudek bo’lsa…»

Nur qo’rboshi qovjiroq lablarini qimtib, mushukdek pusa-pusa ilgarilab borarkan, yuguruk qo’llari beixtiyor yarog’ izlab paypaslandi.
Mana, bostirmalari hurpayib turgan birinchi hovlidan ham o’tdi. Anovi qorayib ko’rinayotgan joy, sobiq qaynotasi — tegirmonchining uyi! Ungayam, qizigayam ming la’nat! Nahotki, uch talog’ini olmay turib boshqaning qo’yniga kirish shunchalar oson? Yana kelib-kelib Nishon isliqiga tekkani-chi?

Nur qo’rboshi to’ng’izday et-so’lli Nishonning tuzsiz ko’zlarini xayolida jonlantirarkan, nafrat va jirkanishdan bo’g’riqib ketdi. U, bir vaqtlar, katta shahar bozorida gadoylik qilib yurgan kezlari qoqsuyak narsa edi, Nurning otasi achina-achina uni bu yerga ergashtirib keldi-yu, yil o’tmay novvosday semirib ketdi, zang’ar. Ammo bo’rdoqi boqish, otlarga qarash degan xizmatlarni do’ndirardi. Balki shuning uchun ham uni haligi… nima edi… ha, sho’ro raisi etib tayinlashgandir? Balki, anovi megajin shu mansabiga uchgandir? Eh, baribir, tagi pastligiga boribdi-da, yaramas?! Tuf, hammasiga tuf, unga o’g’li kerak, o’g’li! O’giini oladi-yu, Toshtuyoqni to’pirlatib yo’qoladi bu yerlardan.

Qo’rboshi alamli xayollar girdobida hamon sharpadek sirg’anib borar, har uch qadamda tevarakni alanglab kuzatar edi.
Huvv tepalikdagi hashamatli bino — bechora oqsoqolning uyi. Qo’rboshining eshitishicha, hozir u yer allaqanday sho’roning idorasi emish. Shu gap to’g’riyov, ana, atrofida bir askar parishon aylanib yuribdi. Shu orada Nurbekning ko’z oldida Sulaymon qori jonlandi-yu, ich-ichini iztirobli qo’msash timdalab o’tdi: «Eh, do’stim…»

Bir mahal qo’rboshining xayollari xazondek to’zg’ib, butun vujudi titrab ketdi. Axir, qirq-ellik qadam narida uning uyi mung’ayibgina turardi! Ana, ota makon!
U bir paytlar anovi qo’shqanotli darvozadan, ingichka mo’ylovini silab, ohorli kiyimlarda, chaqmoqday boiib chiqib ketgandi.
Mana, qaytdi…
… boshida salla qiyiqcha, soch-soqoli o’siq, kir-chir, egnida yupqarib ketgan olacha to’n, belida «Qari qoplon»dan qolgan qo’rboshilik kamari.
… bo’ynida o’sha antiqa o’yinchog’u yonida yarog’ bilan qaytdi!
Hovli atrofi toshqoloq bilan o’ralgan. Sal pastda yastanib yotgan chorbog’, go’yo, kimnidir yo’qlaganday, mahzun shovullaydi.

Nurning otasi dabdabayu hashamga sira Qiziqmasdi. Shu bois hovlilari keng bo’lsa-da, ammo ko’rimsizgina. Yaxshiyam shundayligi, esam ularnikiyam haligidaqa sho’ro-to’ralarga in bo’lib ketgan bo’larmidi? Lekin, baribir, hovlining Nishonga qolgani Nurbekni alam o’tida qovurardi. Bersa, ana, Ermat cho’pongabersin edi, ana, Mirzo bog’bonga bersin edi.
Aytgancha, qay bir shaharda ham otasining hayhotday uy-joyi, bola-chaqasi bor, deb eshituvdi, ularning ahvoli nima kechdi ekan?! Eh, bu dunyo!

Nur qo’rboshi tosh devordan oshib, ichkari tushdi. U tobora sutdek ko’pira borayotgan hayajondan qalt-qalt titrar, yuragi guro-gurs urib, nafasi qaytar edi.
Qo’rboshining nazarida, hoziroq, yugurdaklar peshvoz kelib, xizmatiga ilhaq turadigandek, otasi ayvonda yonboshlab choy ichayotgandek, bosh irg’ab, Nurni yoniga imlayotgandek tuyulardi. Uning o’y-xayolida ajoyibdan-ajoyib manzara lop-lop etib jonlana boshladi:
…ana, deraza oynasidan kuzatib turgan xotini, ko’z-ko’zga tushgach, nozlana-nozlana o’zini panaga oldi. Zum o’tmay, ichkaridan zavq-shavq bilan o’g’ilchasi pildirab chiqdi…

Nurbek hatto bolasining shodon qiyqirig’ini eshitganday bo’ldi.
Biroq hovli qabristondek huvillab yotardi. Faqat narigi chek-kadagi hujraderazasidan chiroqning xira yog’dusi lipillab turardi.
Ishkom tagida serrayib qolgan Nurbek, qalt-qalt titrab, o’sha yoqqa yurdi. Shu tobda u qay niyatda kelganini butkul unutgan, shomdan beri pishitib yurgan rejalari keraksiz bir xayolga aylanib qolgandi.
Qo’rboshi jur’atsizlik bilan hujra eshigini taqillatdi. Shu lahzadayoq, yosh bolaning «otam keldi, otam», degan quvnoq ovozi va dup-dup yugurgilagani eshitildi.
— O’g’lim!

Nurning zor qaqshagan bo’g’zidan, yuragi tubida zardobdek yig’ilib yotgan sog’inchu ilhaqlik, o’kinchu sevinch birgina shu so’z tusida otilib chiqdi:
— O’g’lim!

Ammo ichkaridan boshqa sado chiqmadi. Nurbek esa o’z-o’zidan qaynab toshayotgan ko’z yoshini arta-arta, eshikka qapishganicha turardi. U shu chog’da, qocha-qoch, quva-quvlardan butkul zada bo’lganini, hech qayoqqa oshiqmayotganini, hech qachon endi ortga qaytolmasligini chuqur his qildi. Qaniydi, dunyoda yog’iy zoti bo’lmasa-yu, u bir umr mana shu qo’pol eshikka suyanib tursa?!
— O’g’lim, — dedi Nurbek yana botinmaygina eshikni taqillatarkan.

Ichkaridan ayol kishining jonholatda pichirlagani quloqqa chalindi-yu, qo’rboshi bir seskanib o’ziga keldi. Allaqachon uni tark etgan niyati, rejalari yana qayta miyasida charx ura boshladi.
Demak, ichkarida o’g’li va anovi!… Nishon qaygadir yo’qolgan! Aftidan, anovi bolani eshikka yo’latmayapti!
Shu payt, go’yo Nurbekning fikrini tasdiqlaganday, o’ktam bolakayning chars-chars ovozi eshitildi:
— Otam majlisda, siz — bosmachi! Keting! Keting!

Qo’rboshining ko’z oldi qorong’ilashib, eshikni zarb bilan itarib yuborganini o’zi ham bilmay qoldi.
Bir bo’lak zanjiri uchib ketgan eshik qarsillab ochila ketdi. Ochildi-yu, ichkaridan ayol kishining «Voy!» degan ojizona sasi, yosh bolaning vahimali chinqirig’i tashqariga otildi.
Qadrdon hujra hidi, ko’zga tanish manzaralar g’oyat dovdiratib qo’ygan Nurbek bir zum karaxt bo’lib turdi.

Tokchadagi eski chiroqning xira yog’dusidan vassajuftlar, taxmonlar, devordagi uch-to’rt qoziqqa ilingan kiyim-boshlar andak yorishib turardi.
Ana! Ana uning o’gii! Uning arsloni! E-he, katta yigit bo’lib ketibdi-ku?!
Nurbek bo’sag’aga sekin cho’nqayarkan:
— O’g’lim, — dedi entikib.
Ammo bir burchakda toshdek qotgan, ko’zlari ola-kula xotinning etaklariga mahkam chirmashib olgan bolakaydan hech bir sado chiqmadi.
— O’g’lim, bu men, — dedi Nurbek arang, — tanimayapsanmi, bolam?!
So’ngra u xo’rligi kelib, quchog’ini keng yoyganicha o’g’li tomon sudraklandi.
Bolakay esa hiq-hiq yig’lab, orqaga tisarilaverdi.

Yo, Olloh! Bu ne ko’rgulik? Uch yildirki, xayolida zor-zor kutgan, chopqillab yo’liga chiqqan, bo’yniga erkalanib osilgan o’z o’g’li tanimadi-ya?!
— Bu men-ku, axir, bolam! — deb qaqshadi qo’rboshi ko’z yoshlarini tiyolmay. — Kel, birbag’rimga bosay, kel!
Shu choq orqa tarafdan do’rillagan buyruq yangradi:
— Qimirlamang, qo’rboshi!

Nurbek tiz cho’kkanjoyida shart o’girilib ortgaqaradi: «Nishon!» U bo’sag’ada to’pponcha o’qtalib turar, izida yana o’n chog’li navkar miltiqlarini shaylab ichkariga mo’ralashardi.
— Xush kelibsiz, — dedi Nishon dimog’idan kulib. — Biz sizni yolg’iz kutmagandik, qolganlar qayda, bek?
Qo’rboshi siyrak qoshlarini chimirib, qaqroq lablarini qimtib, yana o’sha qirg’in dunyosiga qayta boshladi. Sog’inchu ilinjning, o’kinchu sevinchning omonat dunyosi yana to’zg’ib ketdi.
— Ota-a-a!

Onasining pinjida biqinib turgan bolakay Nishon tomon hayqirib yugurdi. Uning har bir xatti-harakatini entikib kuzatayotgan Nurbekning ich-ichida nimadir uzilib ketgandek bo’ldi va…
Ko’z ochib yumguncha varanglagan o’q tovushi hovlining ichu tashini zirillatib yubordi. Izidan, o’z o’qi o’z bo’g’zini teshib o’tgan Nur qo’rboshi gursillab quladi. Bo’ynida osig’liq o’sha g’aroyib o’yinchoq toy qonga belanganicha sirg’alib yerga tushdi…

O’sha tun Toshtuyoqning achchiq-achchiq kishnashi butun tog’u toshni titratdi. Qadrdon otxona hidini olib kelgan bu tulpor o’z chavandozini izlab, toshqoloq tevaragida chir-chir aylanardi.

Islomjon Yoqubov
ADIB SOG‘INGAN MANZIL-MA’VOLAR
06

Istiqlol yillarida davrning intilishlari bilan qalam ahlining badiiy idrok etish uslubi o‘rtasida o‘zaro payvastalikning yuzaga kelishi ifoda tarzida ham ijtimoiylikni keltirib chiqarmoqdaki, bu ilgari ko‘rilmagan yangilikdir. Buning namunalaridan biri sifatida iste’dodli adib Luqmon Bo‘rixonning “Temiryo‘l” romanini aytish mumkin. Asarda tarix, bugun va kelajak muayyan mafkura talablari asosida emas, balki milliy manfaatlar nuqtai nazaridan birlashgan.

Muhimi, bunday jihatlar adib ijodiga o‘z tasavvurlar olami va estetik ideali taqozosi, obyektiv olam voqea-hodisalaridan ta’sirlanishiga ko‘ra ko‘chib o‘tgan. Luqmon Bo‘rixonning falsafiy-estetik konsepsiyasida insonni ijtimoiy voqelik, xalq hayoti, davr taraqqiyoti bilan bog‘liq holda tadqiq etish kuzatiladi. Yozuvchi qahramon xarakterini epik ko‘lamdorlikda, teran psixologizm asosida ijtimoiy muhit muammolari bilan uyg‘unlikda ifoda etadi. Ijtimoiy voqelik inson ma’naviy-ruhiy olami, fikrlash tarzini o‘zgartirayotgani millat psixologiyasi uchun xarakterli xususiyat ekanligi bois, adib hayotiy jarayonlarning o‘zinigina ko‘rsatish bilan cheklanmay, tafakkur darajasi o‘zgarishga yuz tutgan jamiyatning ruhiyatini, tobora teranlashib borayotgan xalq intellektual dunyosini tasvirlashga harakat qiladi.

Bundan ayon bo‘ladiki, roman el-yurt tashvishi bilan yashamoq, aslida, odamlarning orzu-intilishlariga qanot berishdan iborat bo‘lmog‘i lozimligi, kichik oiladan tortib, butun boshli jamiyatgacha bo‘lgan jarayonlarni boshqarish, tashkilotchilik yumushlarining saviyasi va samarasi, bir so‘z bilan aytganda, ma’rifatli el taqdiri haqidadir.

Romanda yozuvchining poetik mahorati yorqin namoyon bo‘ladi. U ajib tog‘ chechaklariga xos tarovat va iforni, tog‘ tonglariga xos tiniqlikni, tog‘ qizlari tabassumidagi o‘ziga xos mayinlikni, mahzunlikni, adirlardagi maysalarning silkinishidan tortib, qo‘y-qo‘zilar ma’rashigacha bo‘lgan holatlarni mahorat bilan manzaralantirishga intiladi. Ayniqsa, bir-biriga suykanib, eshilib, mastona chayqalgan maysalar – oshiq va ma’shuqlikning, murakkab gullilarga mansub ko‘p yillik o‘simlik – “yovshan”ning kuz shamollari, qish qoru bo‘ronlari bir qadar so‘ldirib, qovjiratgan bo‘lsa-da, baquvvat ildizlaridan yangi maysalar undirib, hayotga mag‘rur va masrur boqishi – hayotsevarlikning, otameros cho‘kichning avaylab asranishi, begonaga sotilmasligi esa qadrli, muqaddas qadriyatlarimiz abadiyligining ramzlari sifatida tasvirlanadi. Bunday ramzlar sekin- asta qahramonlar taqdiriga ko‘chadi. Masalan, dardchil va mahzun ko‘ngil sohibasi – “qariqiz” Gulsaharning qalbi ajib va totli his-tuyg‘ularga limmo-lim. Uning o‘tli nigohlarida bir olam orzularning izlari jilvalanadi, go‘zal nigohlari va shirin tabassumi kishini maftun etadi. Qizning goh ma’yus, goh shodon ibosiyu totli, anduhli o‘rtanishlari ba’zida yashnatguvchi bahorga, shaffof tonglarga qiyoslansa, ba’zida xazonrez kuz hamda vahmga to‘la tunga tashbeh etiladi. Bunday tuyg‘ular qorishiqligining boisi ham qahramonning goh ko‘ngil odami, gohida esa zamin farzandi bo‘lib yashash taqdiriga vobasta.

Adibning o‘xshatish va qiyoslari milliyligi bilan ajralib turadi. Jumladan: temiryo‘l – “tarang tortilgan tasma”ga, bahaybat buldozerlar – so‘naga, beli o‘pirilib ketgan tepaliklar – “bukchayib, bujmayib shafqat so‘rayotgan pahlavon”ga, yurish qismi siyqalanib bo‘shashgan “KamAZ” – “ko‘pkarida lat yegan ot”ga, ish faoliyatini yo‘qotayotgan ekskavator – “bezgak tutib, qaltirab, muskullari bo‘shashayotgan polvon”ga, mashinalar qatnovidan mayinlashib qolgan tuproq – “tannozlarning upa-eliki”ga, egilib qurilgan mahobatli ko‘prik – “Alpomishning yoyi”ga, sap-sariq tepaliklar – “zardobi silqigan suzma xaltalari”ga, og‘ir texnika ezg‘ilagan mayda tuproq – “tegirmon uni”ga, ust-boshini chang-g‘ubor qoplagan ishchi – “bosh-oyoq un ukpariga belangan tegirmonchi”ga, cho‘michini saranglatayotgan ekskavator – “qo‘sho‘rkachli nortuyaga ortilgan beso‘naqay sandiqqa”, o‘pirilgan qiyalik – “ulkan tort bo‘lagi”ga o‘xshatiladi.

Luqmon Bo‘rixon Dilshodbek qalbida muhabbat kurtak ochgan holat-lahzalarni tabiat lavhalari bilan kontrastlikda berar ekan, bahoriy tiniqlik, sabzalar ifori haqidagi shoirona ifodalarni topadi: “Avji bahor. Osmon yig‘lab tiniqqan go‘dak ko‘zlariday top-toza. Qir-tepaliklar yag‘ir yelkasini yashil to‘n tagiga yashirishga urinib qolgan. Quyoshning mayin zar-zar nurlariga chulg‘anishib samoda qushlar charx uradi. Yeru ko‘kda namchil tuproq isi, sabza urayotgan chechaklar ifori anqiydi… Kungay yerlarda barq urib qolgan maysalar mastona-mastona chayqaladi, biri-biriga suykalib, eshila-to‘lg‘onadi”.

Dilshodbek vaxtadan uyiga qaytib, xotin, bola-chaqasi davrasida yurgan kezlarida ham qizning ma’yus ko‘zlari, iboli tabassumlari uni ta’qib etib kelganligini his etib yashaydi. Gulsaharni uchratolmagan kezlarida, bu bir ro‘yomikan, degan shubha-gumonlar girdobida qovriladi. Qizni uchratgan kunlari esa, bahoriy o‘rtanishlardan ruhlanib, har qachongidan ham serg‘ayrat va xushchaqchaq bo‘lib qoladi. Yozuvchi bu holatni goh “parcha bulutday havoda uchib yurdi” deb ifodalasa, gohida “tilla topgan tentakday o‘z boshiga quvoniblar yurdi” qabilida manzaralantirib beradi.

Tog‘ bulog‘idek bokira Gulsahar qismat changalidan qutqarguvchi xaloskori pinjiga tiqilib, uning cho‘risi bo‘lishga-da rozi ekan, “usta aka” kokillarini erkalab silaganida yigitning ardog‘idan sarmast bo‘ladi. Ular bir-biriga ehtirosli bo‘salar hadya qilishgan lahzalarni ham yozuvchi tabiat lavhalari asnosida ta’sirchan chizadi: “Tun. Qiz sochiday qop-qora tun. Borliq uning og‘ushida. Chimildiq uzra sochilgan tilla tangalardek g‘uj-g‘uj yulduzlar nozlana-nozlana jimirlaydi. Tog‘ tomondan esgan erka epkin xushbo‘ylarga qorishib ketgan. Tun hasharotlari biri qo‘yib, biri olib sho‘x-sha’n alyor aytadi”.

Dovudbek aka “xalq nazoratchisi” bo‘lishni topshirganida, “Pirimqul “bo‘yni bir qarich, burni o‘n qarich o‘sib” chiqadi. Bunday ifoda tarzida xalq ertagu dostonlariga xos sira yaqqol ko‘zga tashlanadi. Aka-uka o‘rtasidagi adovat tasvirlarida ham adib “Alpomish” dostoni ruhidan unumli foydalanadi. Kechinmalarni esa tabiat lavhalari bilan uyg‘unlikda ifoda etadi: “Ko‘k to‘la yulduzlar haligina kechgan janjaldan hurkib ketishganday, g‘uj-g‘uj bo‘lib, allanechuk javdirab-javdirab boqishar edi”.

Dilshodbek nazarida Gulsahar fojiasidan tog‘u tosh chayqalib, titrab ketganday, qir tepaliklar g‘ujanak tortganday tuyuladi. Qoyalar ustiga yopishib qolgan quyoshning chirkin tusli nurlari ko‘zlariga tig‘day qadaladi.

Musofirlikda ko‘p savob ishlar qilib yurgan azamatlar ko‘ngli tusaganda ehtirom bilan chorlangan Nurboy baxshi chin yurakdan kuylaydi. Nurboy baxshi Alpomish haqidagi yolqinli so‘zlarini xalqining diliga joylar ekan, ibtidoni: “Elimiz o‘g‘lonlarining ham badani, ham yuragi polvon”, bo‘lganligidan boshlaydi. O‘zbekning bosh bo‘g‘ini, dunyoga dovrug‘ solib o‘tgan qo‘ng‘irot urug‘ining dorilomon kunlari, o‘zini-o‘zi xor qilishi, elni to‘zg‘itishiga mol talashuv sabab bo‘lganligi haqida so‘zlaydi. Hech zamonda yotlar elning boshini silamagani, Boysarining qalmoq yurtda xor bo‘lgani, mard va bahodir Alpomish qo‘ng‘irotning tayanchi, quvonchi bo‘lganligidan hikoya qiladi. Bu shunqorning qalmoq yurtda or talashib, dushmanlarning dodini bergani, sevar yori – Barchinoyga yetishganini bayon etadi. Elni xor qilgan illatlar qatorida, baxshi manmanlik, kin-adovat, g‘ayirlik va mol-dunyo talashmoqni sanaydi. Manmanlik, araz, yovning makri haqida do‘mbira sadolari ostida kuylar ekan, hatto, Dovudbek ham sipogarchilikni yig‘ishtirib qo‘yib, jon qulog‘i bilan tinglaydi.

Botiridan ayrilgan elning zolim va kazzoblar qo‘lida xoru zor bo‘lishi, yurt taqdiriga ko‘kayi kuygan fidoyilarning quvg‘in va qirg‘in qilinishi, zulmning avjiga chiqishi haqidagi lavhalarni sel bo‘lib tinglagan Dovudbek Barchinoy va Jadgarning taxir taqdiridan so‘zlanganida ezg‘in hislar og‘ushida qoladi. Do‘mbira ohanggidagi mungli-mungli sadolar, baxshi yuragidan chiqayotgan alamli faryodlar unga o‘z bolaligini eslatganday bo‘ladi. Jadgar taqdiri va olis bolaligi birikib, uni ta’qib qilayotganday tuyuladi. Ruhiyatida paydo bo‘lgan parishonlik bois, u bir nafasga yetti yillab yo‘l qaragan, ko‘zyoshlardan chehrasi ivigan Barchinoy va yuziga pardoz-andozlar chaplangan xotini Sorani qiyoslaganday bo‘ladi. Hislaridagi g‘ashlik sabab, butun atrof ko‘ziga o‘zgacha qiyofada namoyon bo‘ladi. Qop-qorong‘i kechaning qop-qora tusdaligi uning nazarida, butun borliq qo‘ng‘irotning ohu nolalaridan kuyib ketganidan hosil bo‘lganday, qop-qora tepaliklarning har biri esa do‘ppaygan qabrlar bo‘lib tuyuladi.

Yozuvchi, nafaqat, Dovudbek taqdirini, balki, Gulsaharning taqdirini, uning bir kun, albatta, kelguvchi shahzodasiga intizor, umid va ishonchga yo‘g‘rilgan tuyg‘ular qorishiqligida yashashini ham Barchinoyning pokiza muhabbati, begining yo‘llariga nigoron kechinmalariga mohirona tarzda tutashtira oladi. Romandagi Jadgar (Yodgor)ni Alpomishning sag‘iri bilan, nafs ilinjidagi evrilishlarning quli bo‘lgan Pirimqulning g‘ayirligi va alamzadaligini Ultantoz intilishlari bilan taqqoslash mumkin bo‘ladi.

Baxshi do‘mbirasining o‘tli nolalari bilan shunchaki ishchilar ko‘nglini ovlamaydi, yurtni birdamlikka da’vat etadi. Shu uchun dunyoga dovruq solganida ahli qo‘ng‘irotda birdamlik, yaratuvchanlik xislatlari ustuvor ekanligidan so‘z ochadi. Nurboy baxshi elga biylik qilgan Ultantozning makri, or-nomus talasha olmasligi, yurt molini xomtalash qilishdan toymasligini zotining pastligidan, qul ekanligidan izlaydi. Demak, ulug‘ elning o‘z yurtiga biyligi, o‘zbekning o‘z-o‘ziga bekligi haqida, o‘zgaga qul bo‘lmaslik, ya’ni, istiqlolimizga ruhan tutash g‘oyalar haqida so‘zlaydi.

Adib romanda milliy qiyofaga ega bo‘lgan yorqin xarakterlarni chizadi. Romandagi Amirqul ana shunday obrazlardan biridir. U bolalikdan kunchiqarga qarata qurilgan, bir yoni bog‘, bir yoni tog‘, qir-adirlarga tutashib ketgan, tirikchilikka o‘ng‘ay, sodda, oddiy kulba bunyod etishni orzu qiladi. Uzoq yillar bu uyni xayolida tiklaydi. Kelin-kuyovlik paytlaridayoq, “Kunkulba” haqida xotini Zarbibiga entika-entika gapirib berganida, kelinchak go‘zal orzular qanotida ko‘zlari yulduzdek porlab tinglaydi. Afsuski, orzudagi uy – “Kunkulba” havasi o‘rnini befarzandlik dardu hasratlari egallaydi. Eru xotin ilinju o‘kinch oralig‘ida yashayotgan damlarda ham Amirqul ajdodlar ruhidan madad olib, ruhiy tasalli topadi. Hazrati Langarotadan shafoat bo‘lib, zurriyod qayg‘usi ariganida o‘n yillar davomida yelka qisib, bosh egib yurgan bu insonning borlig‘i quvonchga to‘ladi.

Romanda tasvirlangan xarakterlarning axloqiy-ma’naviy darajasi turlicha. Masalan, Gulsaharning otasi Ayubxon eshonni olaylik. U tortuvli urug‘ining eng nufuzli oqsoqollaridan biri. O‘zining oliy nasabligidan mag‘rur, tabiatan dag‘al va boyvachchalarga xos dimog‘dor. Ko‘pkariga shaydoligidan iftixor tuyib, otini farzandidan ortiq ardoqlaydi, oilasida esa qo‘rquv saltanatini o‘rnatgan, chunki, u o‘zini andisha va nomus kishisi deb biladi. Yaxshilik va ezguliklar yo‘lida, yorug‘lik ilinjida ehsonlar qilib, muridlarining, elning ishonchini qozonadi. Adib ishoralar bilan bo‘lsa-da, maxsumning axloqiy qiyofasi juda ham mukammal emasligini, xiyonat va xatolardan xoli bo‘lmagan hayot tarzini ko‘rsata olgan. Ayubxon eshonning ayoli Nuqra poshsho ham er istagini qonun deb bilib, uning talablariga moslashgan jaydari ayol. Shuning uchun baxtga tashna ikki qalbning ahdu paymonlari, muhabbat, shafqat, totli hayot haqidagi ko‘ngil intilishlari, yurak talpinishlari ularga anglanmas tuyg‘ular, behuda intilishlar bo‘lib ko‘rinadi. Arbobga evrilgan qarindoshining ko‘magidan umidvor bo‘lib, arazni-da unutgan, mol-dunyoni sevuvchi bu kimsani olloh taoloning amru farmonlariga bekamu ko‘st itoat qilib, unga shukrona keltirib yashaydi deyish ham qiyin. Zero, shariat ahkomlarida eru xotin o‘rtasidagi tenglik nafaqat nasabda, balki dindoshlikda, ozodlikda, diyonatda, nikoh huquqlarini ado qilishga quvvati yetishlikda, kasb-hunarda deb belgilanadi. Bandaning bandaga fazlu karami vojibligi, zulm o‘tkazmasligi uqtiriladi. Ayubxon eshon bu haqdagi eslatmalardan ibrat olmaydi, ularga amal qilmaydi. Shu bois ham oilasini Gulsahar soddagina qilib “g‘urbatxona” deb ataydi. Bu biqiq muhitdan qushday parvoz etishga shay turadi. Darhaqiqat, Gulsaharning hayoti rangsiz va xira. Ko‘ngli esa qipchoq adirlari yanglig‘ qovjiroq, tap-taqir. Bu hayot jilolanishi, mahzun ko‘ngilga obirahmat kirishi, qizning istiqboldagi baxtdan umidlanishi, shodlik, iqbol balqqan kunlarga intiq qalbida umid va ishonchga qorishiq tuyg‘ularning uyg‘onishi qishloq oralab o‘tuvchi temiryo‘l bilan bog‘liq. Ota-ona qahridan, odatdagi kaltaklashu xo‘rlashlaridan yurak oldirgan yigirma yetti yosh ostonasidagi “o‘tirib qolgan” qizning jerkishlar, istehzo va nafrat to‘la nigohlardan, taomilga kirgan udumlar ta’qibidan ko‘ngli shikastlangan. Bir so‘z bilan aytganda, qiz g‘urbatxonaga aylangan bu muhitdan bezgan.

Gulsahar bebaxt hayotiga yakun yasashni niyat qilib, botinolmay yurgan uqubatli, sarosimali kunlari uning qalbi iliq tuyg‘ularga oshno bo‘ladi. Xayollari beixtiyor tarzda samimiy erkalovchi, e’zozlovchi so‘zlar egasi bo‘lgan inson tomon talpina boshlaydi. U haqda o‘ylash naqadar yoqimli bo‘lmasin, ibo farishtasi bo‘lgan qiz sog‘inchlarini jilovlashga, o‘z-o‘zini so‘roq qilishga urinadi. Ammo, yigit haqidagi o‘ylar uni musaffo, huzurbaxsh, tip-tiniq va halovatli bir bo‘shliq sari yetaklaydi. Bu bo‘shliqda xayolan sayr etarkan, qiz ruhan yayrayotganligini his qiladi.

Yigit kokillarini silaganida, qaynoq bo‘salar va shirin va’dalar og‘ushida sho‘x-shodon jilmayganida, o‘z-o‘zidan uyalib borlig‘ida shirin bir entikish tuyganida Gulsahar naqadar hayotga intiq edi. Ammo, ko‘nglining bir burjiga andak hadik ham soya tashlagan. Bu ota-ona rizosini olmoq muammosi bilan bog‘liq. Ammo, Gulsahar mazkur muammoning hal etilishiga Dovudbek Zargarov bosh, Dilshodbekning o‘rtoqlari kamarbasta bo‘lishadi, deb umidlanadi. Qiz dinimiz, urf-odatimizga ehtirom bilan qaraydi, ota-ona yuziga oyoq qo‘ymoqni tilamaydi. Shu sababli ham ota-ona rizosi bilan dinimiz, urf-odatimizga to‘g‘ri keladigan, halol turmush qurishni istaydi. Uydagilari ko‘nmasa qochib ketishni istamaydi. Tushida Dovudbek Zargarov boshiga oppoq harir ro‘mol yopib qo‘yayotganini ko‘rgan Gulsaharning bu “katta rais”dan umidlari katta edi. Uning nazarida shu kishi, albatta, uni qo‘llab-quvvatlaydigandek, ko‘nglini to‘g‘ri anglaydigandek tuyulardi. Endi tushda qolib olislashgan xayollar bilan “g‘urbatxona”ga qaytgan qizga butun borliq kul tusida ko‘rinadi. Hatto, dashtdan qaytgan mol-hollarning ma’rashi ham qishloq bo‘ylab allaqanday nolakor-nolakor taralayotganday tuyuladi.

Butun umidlari chil-chil singan Gulsahar sharm-hayo, nomus va umidsizlik iskanjasida o‘rtanadi. Uning nolakor ohlari, so‘ngsiz dardlari “ersirash” deb qabul qilinadi. Qizning so‘nggi umidlari so‘nib, mehr, erkalash, hamdardlik tilagan qalbi ozorlanadi. Bir olam orzu-havaslar, go‘zal istak-intilishlar, ozod va erkin tilaklar toptaladi. Gulsahar muqarrar ur-kaltakni sezsa-da, ilgarigiday na dod-voy, na ko‘zyosh to‘kib, iltijo qilmaydi, shafqat so‘rab yalinib-yolvormaydi. Parishon holda bosh egib turgan qiz turkmani qamchinning qarsillab yelkalariga tegishi hamon ko‘ngil oynasi chil-chil sinadi. Endi “g‘urbatxona”ga ortiq bardosh qilolmasligini anglagan, o‘zida ilgari ko‘rilmagan shijoat, ruhiy isyonkorlik tuygan kishiga aylanadi. Bu, nafaqat, o‘z ota-onasi, singlisi, balki ko‘ngil talpinishlarini anglamagan dunyoga, qalbida tantilik va mardlik tanqis, loqayd va hissiz olomonga qarshi isyon, mehribon taqdirga yuzma-yuz borish ham edi. Moddiy dunyo odami uchun esi og‘ganday tuyulgan Gulsaharning ayni holatida, uzoq yillar oldin qilingan qarorning qat’iylashishi, barcha orzularning jaholat komida paymol bo‘lishi, o‘limdangina najot topishga umidlanish – bandasining taqdirdan qochib qutila olmasligiga iqror mujassamdir.

Inson zoti o‘zining nokerakligini anglaganida hayotga qarshi isyon qilsa, ne ejab?! Xo‘sh, bu taqdirmi? O‘sha sirka solingan idish chil-chil sinishi va ko‘ngil shishasi but qolishi mumkin emasmidi?! Ammo, buning aksi bo‘ldi. Gulsaharning hayoti barbod bo‘ldi. Bu bilan adib bizga nima demoqchi? Darvoqe, roman tog‘u toshlarni larzaga solgan davr qurilishi haqida emasmidi, axir?! Inson qalbining titrog‘i ulkan kompaniyadan zinhor kam bo‘lmagan ahamiyatga molik ekanligi bokira bir gul, farishta misol Gulsaharning fojiali taqdiri misolida nafaqat tog‘u toshni, minglab qalblarni larzaga sola bilishi buning isboti emasmi? Gulsahar kitobxonning xotirasida ko‘zlaridagi parishonlik va xayolchanlik, yuzlaridagi siniqlik, qalbidagi bir olam mehr-muhabbat bilan olis momolarimiz ruhini tashuvchi adabiy qahramon sifatida muhrlanib qolsa, ajabmas.
Luqmon Bo‘rixon Gulsaharga xayrixoh bo‘lib, hamisha unga aziz va qadrdon bo‘lgan mehribon tun, ozod shamol, tog‘u tosh, beozor va bexavotir odamlarga, muruvvatli taqdirga, hayotga murojaat etadi. Qahramonning so‘nggi vidolarini ularga yetkazishga urinadi. Bu o‘tli vidolar Gulsaharni singil kabi erkalash, uning nozik ko‘ngliga havas, orzulariga kechinmadoshlik, hayotsevarlik, shafqat barobarida, johil va loqayd qavmga nisbatan bemisl nafrat va g‘azab, ayni paytda, olomonni ko‘ngil odami sifatida uyg‘otishga umidvorlik ham mujassamdir. Qovoqlari yig‘idan ko‘pchib ketgan, qop-qora yuzlari ko‘zyoshdan shalabbo Jadgarning izz-izz, arillab-arillab yig‘lashi, uvlashi orqali muallif bokira bir gulning xazon bo‘lishi, bola qalbini qanchalik mutaassir qilganligini ifoda etadi. Olam va odamni beozor bola qalbi va nigohi bilan kuzatadi
Badiiy adabiyotda shunday adabiy qahramonlar borki, ular taqdirini izohlash, yozuvchining matn mag‘ziga singdirgan ma’nolarini tahayyulda mushohada etmoqni talab qiladi. Shu orqali ijodkor poetik olamining konseptual asoslarini belgilash yoxud tafakkur qamrovini yorqinroq anglash mumkin bo‘ladi. Zero, adabiy qahramon ruhiy-psixologik olami hamisha ham real olam hodisalariga bog‘lab tushunilmaydi, ko‘ngilda, fikr-qarashlarda ham anglanadi. Chunki, ijodkorning mudom harakatdagi tafakkurida kurtak ochgan badiiy fikrning o‘ziga xos halqasini tashkil qiluvchi muayyan obrazda estetik nigoh, lirik harorat mujassam. Shu bois ham unga real hayot bilan aynanlik maqomini berish mumkin emas. Illo, badiiy haqiqat hayot haqiqati bo‘lmay, ong va tuyg‘u – ruhoniy nazar ifodasining uyg‘unligidan hosil bo‘luvchi go‘zallik sifatida matnga tayanib, ijodkor mikroolamiga kechinmadoshlik orqali poetik idrok etiladi.

Romanning ijtimoiy mohiyatida muhim o‘rin tutuvchi fidoyi ishchi – mexanik Dilshodbek ishchilar, qurilish mutasaddilari o‘rtasidagina emas, xorijliklar nazarida ham mehnatga ijodiy yondashuvi, tashabbuskorligi bilan namuna bo‘la oladi. Oilaviy hayotiga nazar tashlasak, bitta o‘g‘il, ikki nafar qizning mehribon otasi, bog‘cha mudirasi bo‘lib ishlaydigan ayolining hurmat-ehtiromini joyiga qo‘yadigan oila boshlig‘i. Ammo, asarda Dilshodbek taqdiri bilan bog‘liq ikkinchi bir yo‘nalish ham borki, bu nafaqat roman qahramonlari, balki kitobxon tomonidan ham oson qabul qilinmaydi. Gap bir-biriga intiq va intizor Gulsahar hamda Dilshodbek munosabatlari xususidadir.

Gulsaharning ko‘zlarida tashvish-tahlika, xavotir sharpalarini ko‘rganida, ko‘zlarida xayol o‘ynayotganligini his etganida Dilshodbekning yuragida tushunuksiz g‘alayon uyg‘onadi. Uni xayolan betinim ta’qib etayotgan oppoq, tiniq chehra, ma’yus ko‘zlar ta’qibidan qutulish, ishqiy xayollardan tiyilish uchun xotiniga qaynoq mehr-muhabbat ko‘rsatadi, bolalarini erkalab, ardoqlaydi. Gulsaharni o‘ylaganida, unga talpinganida xotiniga bo‘lgan mehri, e’zozi yanada oshadi. Agar murosa yo‘li topilsa, yigit yuragida ikkita ayolga ham joy topiladi. Shu tarzda, u goh shirin, goh iztirobli xayollar og‘ushida qoladi. Mehribon oilasi, farzandlari bo‘lishiga qaramasdan, uzoq ichki kurashlar, ruhiy qiynoqlardan keyin qalbidan ikki ayolga-da joy topib, murosa yo‘lini tanlagan Dilshodbek intilishlarini jamiyat axloqi ma’qullamaydi.

Ovloq bir ovulda ham oshiq-ma’shuqlar borligini pana-pastqamdan pisib kuzatgan Pirimqul buni zamonaning aynishi deb biladi. O‘z-o‘zicha Gulsaharni sharmsizlikda, Dilshodbekni esa xotinbozlikda ayblaydi. Har qanday qaysarni qayishday eshib tashlaydigan kayvoniligi bilan Ayubxon eshonning ko‘ngliga yo‘l topishi mumkin bo‘lgan Ikromiddin oilalik bir erkakning boshi ochiq qizga uylanish niyatini gunoh sanagani bois, Dilshodbekka xayrixoh bo‘lmaydi. Uni shaytoniy nafsga aldanib, noma’qul tashvishga qolganlikda, mas’uliyatsizlikda ayblaydi. Shojalol esa, telba oshiq ustidan istehzoli kuladi. Uni ko‘ngli qo‘shxotinlik bo‘lishni istab qolganlikda ayblaydi. Boshiga ortiqcha tashvish orttirayotgan Dilshodbek intilishlari unga maynabozchilik bo‘lib ko‘rinadi. Alibek ularning tili va dili birligini anglasa ham ovloq-ovloqda aysh-ishrat qilib yuraverishlarini yoqlaydi.

Hamma narsadan davlatning ishini ustun qo‘yadigan Dovudbek Zargarov o‘sadigan kadrlarning oh-voh qilib yurishi idora uchun noxushliklar keltirishi mumkin deb hisoblaydi. Shu bois, uning nazarida ham shariat va urf-odatlarga amal qilib turmush qurishga intilish xotinbozlik – boyvachcha feodallik. Dilshodbekning chirqillagan dilidagi parishonlik, nigohlaridagi iltijo, qo‘rquv bilmas ko‘zlarida miltillagan cho‘g‘ Dovudbek Zargarovning temir devorlar bilan qoplangan aqidalarini teshib o‘tishga ojiz. Ayni paytda, u Dilshodbekni dabdurustdan axloqsizlikda ayblayolmaydi ham. U yigitdagi ruhiy holni anglay olmay qiynaladi.

Ish tashvishlaridan ortmaydigan bu odam beixtiyor Dilshodbekka o‘zini qiyoslar ekan, yo‘liga intiq-intizor ayol yo‘qligidan, xotini Sora bilan necha yillardan buyon bir-birini sog‘inib yashamayotganidan, u allaqachon uyining bir jihoziga aylanganidan iztirob chekadi. Qalbida sog‘inch va hijron tuyg‘ulari allaqachonlar yo‘qolganidan o‘zini g‘oyatda ojiz va notavon his qiladi. Bunday tuyg‘ular qorishiqligi uni tun bo‘yi o‘rtagani bois, ko‘z o‘ngida goh kulimsirab turgan Gulsahar, goh xotini Sora, goh qirma-qir bo‘zlab chopib yurgan Barchinoy g‘ira-shira jonlanib turadi. Pirovardida, tungi ruhiy kurashda tom ma’nodagi ish odami Dovudbek Zargarov g‘olib kelib, jamoaning manfaatlarini ko‘zlaydigan rahbar sifatida butun temiryo‘lchilar nomidan Gulsahardan uzr so‘raydi. Ikki oshiqni g‘o‘rlikda, yengil-yelpi o‘ylashda aybsitadi. Qizdan yigitni unutishni so‘raydi.

Temiryo‘lchilar kattakoni uchun har bir insonning intim hayoti tamomila daxlsizligi, qanchalik anglashimsiz bo‘lsa, o‘zining oshkora shamalari Gulsaharning qalbiga qanday qattiq ta’sir qilishi ham shunchalik noayon tuyg‘u. Shu boisdan qizning yuzi misday qizib, quloqlari shang‘illab, dovdir-dovdir yugurgilab ketganligi, chirpirak xayollar quyunida o‘rtanayotganligi kabi ruhiy holatlar Dovudbek Zargarov uchun tamomila begonadir. Adib buni: “Boshini opketar yeri, loshini topshirar go‘ri bo‘lmasa”, tarzida, g‘oyatda o‘rinli ifoda orqali tasvirlaydi.

Umrida ishq-muhabbat iztirobini chekmagan Dovudbek Zargarov intilishlarining umr yo‘ldoshiga tushunarsiz, hatto, ahamiyatsiz ekanligini anglaganida, o‘zini g‘oyatda yolg‘iz va horg‘in his etadi. Ko‘z o‘ngida begining yo‘llariga intizor holatda bo‘zlab chopayotgan Barchinoy paydo bo‘ladi. Birdan bu qiyofa oshig‘iga talpinayotgan Gulsaharga evriladi. Aslida esa, Dovudbek Zargarov qalbida ham orzudagi mahbuba sog‘inchi kurtak yozadi. Zargarovning bu mahbuba uning qalbida azaldan pinhon yashaydi. Garchand, Dovudbek buni oshkora e’tirof etgisi kelmasa-da, Gulsaharni Dilshodbekdan qizg‘anganday, rashk etganday mubham tuyg‘ular og‘ushida qolgan oniy lahzalarida u qalban yolg‘izligini his etadi.

Gulsahar fojiasidan so‘ng, Dovudbek Zargarov o‘zini bu ko‘rgilikning sababchilaridan biri deb biladi. Loqaydlik qilinib, fojianing oldi olinmaganidan afsuslanadi. Dilshodbekning mahzun ahvolini ko‘rib, qizni chindan sevishini anglaganday bo‘ladiyu, bu holdan ajablanadi. Bechora qizning ruhini shod etish uchun yangi qurilajak bekatga uning nomini berishni mo‘ljallaydi. Dilshodbekdan, Ayubxon eshondan ko‘ngil so‘raydi. Ammo, kelajakka daxldor ulkan ishlar qilayotgan bu odam mehnatdagi fidoiyliknigina ma’naviy yetuklik deb biladi. Hatto, ko‘ngil so‘raganida ham u butun ishchilar nomidan gapiradi. Yaratish va bunyodkorlik zavqini his etayotgan fidoyi ishchilarning ma’naviy qiyofasi yuksalganligidan mamnunligini yashirmaydi. Sodda dasht odamlariga ijtimoiy mas’uliyatni anglatishdan muqaddasroq burchni bilmaydi. Gulsaharning pok ruhini shod qilishdan ko‘ra, unga chimdimgina baxt ulashish, talpinishlariga kamarbasta bo‘lish mumkin edi-ku?!
Dali-g‘uli jo‘ralarini ham, rahbarini ham ko‘proq ish jarayonida tanib, ruh mamlakatiga yetarlicha oshno bo‘lmagan Dilshodbek ham ularga suyanib yanglishadi. O‘z yog‘iga o‘zi qovurilib iztirob chekadi. Urf-odatlarimizga xilof bo‘lsa-da, yuz sarosima, xavotir-hadik bilan Ayubxon eshonning eshigini qoqib borishga majbur bo‘ladi. Buni ko‘rgan Gulsaharning vujudi qizib, uni lahzalik quvonch va hayajon chulg‘aydi. Ammo, yigitning yolg‘izligini ko‘rgach, ko‘ngli allanechuk g‘ash tortadi. Dilshodbekning dardi Ayubxon eshonga haqorat bo‘lib tuyuladi, g‘azabini qo‘zg‘aydi. Yigitni urf-odatlarimizni bilmaydigan, tagipast deb uyidan haydaydi. Qizini xonadon sha’nini isnodga qo‘yib, bir olqindi bilan va’dalashgan, ersiraganlikda ayblaydi. Jazavaga tushib, darg‘azab o‘shqiradi. Ko‘rinadiki, bularning barchasi ham Dilshodbek ko‘tarilgan ma’naviy-ruhiy yuksaklikni anglashga ojiz. Shu boisdan, hatto, birodarlarining ishonchini poymol qila turib ham, ularning har biri o‘zini haq deb biladi. Zero, roman jamiyat axloqi bilan insonning ko‘ngil intilishlarini muvofiqlashtirish, o‘zligini anglagan, birodarini tushungan odamlar birdamligi haqidadir. Boshqacharoq aytganda, nafaqat vujudi, balki yuragi ham polvon qavm orzusida bitilgan. Shu leytmotiv anglansagina, yozuvchining dardlari ruhan his etiladi.

Romanda oila qurmoq, baxtli yashamoq uchun ko‘ngil birligini muhim deb bilgan yigit-qizni kufr amallarga qo‘l urganlikda aybsitgan olomon aqidaparastligi tanqid qilingan. Chunki, o‘zlarini oila va jamiyat tinchligining himoyachilari deb bilgan aksariyat qahramonlar “Don Juan”cha “axloqsizlik”ni goh ishxona manfaatlari, goh oila sha’nini o‘ylab teran anglab yeta olmaydilar. Natijada, baxtga erishmoqni tilagan qiz loqaydlik va zulm qarshisida noiloj qoladi. O‘zlarini “madaniy kishi” sanagan kimsalar qalbida turli xil darajadagi hissizlik va loqaydlik mavjud. Ular hamisha ham inson bolasiga do‘st, sirdosh, aka-uka, qadrdon-qarindosh bo‘la olmaydilar. Yozuvchi o‘kinch bilan aytmoqchi bo‘lgan fikr ham ana shu bo‘lsa, ajabmas.
Ha, inson zoti bir umr uymalanadi, kuymalanadi, hayratangiz ishlar qiladi. Ammo…

Binobarin, adib kitobxonni “qora mehnat odami” bo‘lishdan yuksalishga undaydi. Illo, jamiyatning kuchi tog‘u toshlarni yorib o‘tmoqlikdagina emas, balki o‘zligini anglagan, birodarini tushungan odamlardadir. Luqmon Bo‘rixon sog‘ingan manzil ana o‘sha ma’vodir. Shak-shubhasiz, fuqarolikni anglamoq – insonlik burchini tuymoq bilan mukammallik va to‘kislik kasb etadi.

Albatta, romanda hali to‘la maromiga yetmagan jihatlar ham yo‘q emas. Jumladan, ijtimoiy muammolar poetik talqinida bir qadar sun’iylik, publitsistik ko‘tarinkilik ko‘zga tashlanadi. Ayniqsa, keskin konfliktning yetishmasligini kuzatish mumkin bo‘ladi. Bu esa, kitobxon ishonchini muayyan darajada susaytiradi. Ayubxon eshonday qattiqqo‘l odamning yarim kechasi qizini begona erkak bilan yolg‘iz jo‘natishi, maosh bilan bog‘liq muammolarning yoxud sifatsiz bajarilgan yumushlarning osongina bartaraf qilinishi haqida ham bu fikr o‘z tasdig‘ini topadi. Hazrati Bashir ota nazari tushgan Supaday so‘lim joyda uy qurib, shu yoqqa ko‘chib o‘tishni ko‘pchilik orzu qilgani holda, iqtisodiy tejamkorlik bahonasida loyihaning o‘zgartirilishini ham adib ma’qullaganday bo‘ladi. Vaholanki, yangi posyolkani Supada qurishga erishilsa, estetik ta’sirchanlikni oshirishning imkonlari ortgan bo‘lardi. Nazarimizda, Dilshodbekning oilasi bilan munosabatida ham psixologik dalillashni kuchaytirishga yetarlicha erishilmaganday tuyuladi.

Bunday kamchiliklariga qaramasdan, Luqmon Bo‘rixonning «Temiryo‘l» romani insonni tushungan, asarga tirik taqdirlarni olib kirgan, ayniqsa, ayol qalbini nozik idrok eta olgan samarali izlanishlarning namunasi sifatida yuzaga kelgan.

09

(Tashriflar: umumiy 740, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring