Luqmon Bo’rixon. Sirli muallim. Qissa & Jaziramadagi odamlar. Roman

03   Сафар муаллимни бундай алфозда учратаман деб ўйламаган эдим. Оёғида лойга ботган этик, устида пахтаси чиқиб кетган чопон, белини эса арғамчи билан боғлаб олган, бошида телпак, соқолига яқин ўн беш кунда устара тегмаган…

Ўролбой ҚОБИЛ
ҚАЙДАСИЗ, ҚАЙЛАРДАСИЗ, “СИРЛИ МУАЛЛИМ”?
05

   Ўролбой Қобил 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Мактабда муаллим бўлиб узоқ йиллар ишлади. Ҳозир нафақада. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган.

05Адиб Луқмон Бўрихон билан Чимлик истеъдодли ёш қаламкаш Байрам Алининг уйида кўришган эдим. (Тўғри, унгача телефон орқали гаплашим турганман.) Ўрта бўйли, очиқ чеҳрали, кибру ҳаводан йироқ бўлган Луқмонжон дарров даврадагилар билан тил топишиб кетди. Албатта тўрт-бешта адабиёт мухлиси тўплаанган жойда албатта суҳбат мавзуси адабиёт бўлади-да. Менинг эса ўй-ҳаёлимни адибнинг яқинда ўқиб тугатган “Сирли муаллим” қиссаси атрофида туғилган фикрлар банд қилди…
.
***

Сафар муаллимни бундай алфозда учратаман деб ўйламаган эдим. Оёғида лойга ботган этик, устида пахтаси чиқиб кетган чопон, белини эса арғамчи билан боғлаб олган, бошида телпак, соқолига яқин ўн беш кунда устара тегмаган…

Наҳотки, бу киши бир пайтлар туманимиз маорифчиларининг олди, машъали, ўқувчилар қатор танлов ва олимпиадалар ғолиби бўладиган, ҳар йили бир неча бор газетада сурати чиқадиган муаллим бўлса?..

-Бугун “ови”миз ёмон бўлмади, юринг, бир пиёла чой ичайлик, -дея домла тирсагимдан тутиб, бозор яқинидаги тамаддихона томон етаклади.

Кўп ўтмай столга бир лаган яхна гўшт, иккита тандирдан узилган нон, чойнак-пиёла қўйилди.

Муаллим бамайлихотир нонни синдирди, чой қўйди ва мени овқатга таклиф этди.

-Хўш, ойлик қанча бўлди шогирд?
-Етти юз эллик минг..

-Шу арзимас пул билан қандай рўзғор тебратаяпсан?
-Ҳарна ўтиб турибди…
-Ҳали болаларинг ёш-да, мен ҳам сендек эдим, фидойи эдим…

Биласан, дорулфунунни имтиёзли диплом билан тугатганман, шеърларим, мақолаларим газета –журналларда босилган, домлаликка олиб қолишмоқчи ҳам бўлишганди. Афсуски каминага шаҳарлик бўлиш насиб этмаган экан. Кекса онамни ўйлаб қишлоққа қайтганман. Бу қарорга келиш менга осон бўлмаган. Оилада ёлғиз ўғил эдим.

Икки опам турмушга чиқиб кетгач, отам вафот  этганди. Энам менга холамнинг қизини олиб берди. Тўйимиз ҳам эл қатори, ҳолимизга яраша бўлганди. Қолганидан ўзинг хабардорсан, худобериб янганг уч ўғил, икки қиз туғиб берди.
Йиллар эса сездирмасдан ўтаверди, орзулар, умидлар, талабаликдаги дафтарларда қолди.

Мактабга ишга жойлашдим, уйим демадим, рўзғорим демадим, боримни болаларга бердим. Мен қаторилар, ҳатто уч баҳо ололмаган ўқувчиларим йўлини топиб машина минди, данғиллама уй қурди, биз эса юраверибмиз…

Иккинчи ўғлимни танийсан, математикадан зўр, биринчи йили контрактга тушди, “ўқима”, дедим, иккинчи йил қизим ҳам бирга кетди, иккови ҳам яна ўша балога илашди, жоним чиқиб кетди, уйдаги сигир –бузоқ, ҳатто эшакни ҳам сотдим, ярмига етди, бир бойвачча танишимдан қарз кўтардим, болаларим хурсанд бўлишди, қийқиришиб шаҳарга жўнаб кетишди, мени эса ғам еди, алам еди…

Икки кун телбадек фаромуш юрдим, умримда биринчи марта мактабга кечикиб бордим, дарсга киролмадим, уйга қайтдим. Қарзни эса бир ойнинг ичида тўлашим лозим эди, бўлмаса устамасининг ўзи нақ уч миллион бўларди, уч миллион … Айтчи, бу оз пулми, сен учун катта пул бу, ўшанда мен учун ҳам катта пул эди, устига-устак икки-уч ойлаб маош ҳам кечикадиган одат чиқарди. Хуллас, ишдан бўшадим, китоб-дафтарни токчага қўйиб пул топишни ўйладим, охири топдим.

Ўзимни бозорга урдим, чўнтагида ҳемири йўқ даллол, жаллоб бўлдим. Бу касб ҳам осон эмас экан, аввалига ёвқараш қилишди, ҳатто туртишдиям, лекин мен бўш келмадим, бирини ака дедим, бирини ука дедим, икки-уч ой ўтиб дипломли даллол даражасига эришдим. Биласанми, ука, худо бериб бир кечада беш юз минг ишлабман, хотиним чўнтагимдаги пулни кўриб ўғрилик қилган, деб ўйлаган чоғи, эси оғиб қолаёзди, ётиғи билан тушунтирдим, эҳ унинг, қолаверса болаларимнинг қувонганини бир кўрсанг эди. Шундай қилиб ҳафтанинг етти куни ҳам молбозорида жавлон уравердик, кунлар эса ўтаверди, ўтаверди..

Биласан, табиатан қайсар одамман, бозорда ҳам шоирлигим, тилчилигим қўл келди, мол оладиганни ҳам, сотадиганни ҳам шундай аврайдиган сўзларни топдимки, ҳатто ўзим-ўзимга қойил қолган пайтларим ҳам бўлди. Ишқилиб бир ярим ойда қарзимни устамаси билан қайтардим, рўзғоримга барака киргандек бўлди, аммо биласанми, шогирд, ич-ичимдан эзилардим, мактабни, касбдошларимни, айниқса, қора кўз ўқувчиларимни соғинардим…

Шу орада талаба укаларинг келиб қолишди, олди қиш, кийим-кечак, йўлкира дегандай, чўнтагимдаги боримни бердим, жўнаб кетишди. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, ораста кийиниб мактабга бордим. Дарсларимни янги келган муаллимага беришган экан. Ўзимнинг ўқувчим. Майли, йил охиригача ўқитавер,-дедим.

Катта ўғлимнинг ҳарбийдан қайтганига тўрт йил бўлди, ёши ҳам йигирма бешда, менинг шу ёшда иккита болам бор эди, ҳалиям инсофли экан, бирортасини эргаштириб келиб ўтирса, нима қилардим. Хуллас келин олиш ҳаракатига тушдим. Яна бозорга қайтдим, билсанг, бозор мен учун тирикчилик манбаига айланди, кун-туним бозорда ўтадиган бўлди, амаллаб ўғлимни уйлантирдим, кейин томорқа олиш, уй қуриш каби чиқимли муаммолар чиқди. Қисқаси ука, мана беш йилдан буён бозорда юрибмиз. Исталган мол бозорига бориб Сафар даллолни сўра, танишади.

Тўнғичимни ишга жойладим, шаҳардан уй олиб бердим. Бу ишлар ҳам қуруққа бўлмади. Яхшиямки, учинчи ўғлим тўққизни битириб менинг ёрдамчимга айланди. Энди, бу ёғи ёшим ҳам элликдан ошди, оёғим оғрийдиган бўлиб қолган, шунинг учун унга эскироқ “Тико” олиб бердим, ҳали замон мени олиб кетгани келиб қолади.

Ҳали эса елкамда ташвишлар кўп, сингилларингни узатиш, уй жойни янгилаш, невараларга тўй қилиш, эҳ, хуллас, тирикчилик, ташвишлар ҳеч адо бўлмаскан…

Кўп ўтмай ошхонага башанг кийинган йигитча кириб келди-да, Сафар муаллимнинг ёнига борди, муаллим эса чўнтагидан пул чиқариб стол четига қўйди, ўғил отасини секингина елкасидан суяб олиб чиқиб машинага ўтқазди.

Ошхона эгаси келиб пулларни санаб олди, менинг эса ўй-ҳаёлимда Сафар муаллимнинг сўзлари айланаверди,  айланаверди…

Луқмон БЎРИХОН
СИРЛИ МУАЛЛИМ
05

05Луқмон Бўрихон 1965 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида таваллуд топган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Жазирамадаги одамлар”, “Темирйўл”, “Хизр кўрган йигит” каби қатор роман, қисса ва ҳикоялар муаллифи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

07

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир:
Муаллим камолот ичра кўзгудир.

Абдулла Орипов

Нажот Ғайбулла деганлари ҳақидаги миш-миш бизнинг таҳририятга ҳам етиб келди.
— Эртагаёқ сафарга чиқасиз, — деди бош муҳаррир мени ҳузурига чорлаб. – Бориб билинг-чи, нима гап? Қаламга илашгулик ҳоли бўлса шартта бирор нарса қоралаб келинг. У ёқларни сиз яхши биласиз.
Ҳа, ҳа, каминага у тарафлар тузуккина таниш. Ропа-роса икки йил аввал овлоқ чўл қўйнидаги ўша харобгина 41-посёлкада бўлганман. Бу ҳарбийликда ҳалок бўлган қаҳрамон аскар – Умрзоқов Ўроқ туғилиб-ўсган маскан-да; маҳаллий мактаб шу жасур ўғлон номи билан аталади. Ҳатто, қаҳрамонга ёдгорлик-бюст ўрнатишган экан.
Хуллас, қадрдон дўстим, шоир ва ёзувчи, журналист (ва ҳоказо). Шунқор Ҳобилнинг қутқусига учиб Умрзоқ Ўроқ ҳақида очерк битиш илинжида ўша овлоқ посёлкага бориб келганман.
Ўшанда баҳорнинг илиқ кунлари эди. Ўнгу сўлда экан тикинга ҳозирланган жигартус пайкаллар пайкаллар ястаниб ётибди. Ўйдим-чуқур йўл бўйлаб тизилиб кетган дов-дарахтлар қийғоч япроқлай бошлаган. Осмон ҳозиргина бўшатилган шишадай топ-тоза, кўм-кўк.
Посёлканинг сертупроқ, қинғир-қийшиқ кўчаларида одам сийрак. У ер-бу ерда ўзини чувоқда топлаб ўтирган қари-қартанглар, қий-чув билан ўйнашаётган болакайлар кўзга ташланади. . Ҳойнаҳой, ҳамма кўклам ташвишлари билан андармон, дала-даштга сочилиб кетган.
Ҳамроҳим, туман ҳокимиятининг масъул ходими машинасини ярми панжара, ярми бетон девор билан ўралган мактаб ҳовлисига тақаб тўхтатди.
— Етиб қолдик, — деди у енгил тин олиб. – Ана, мактаб директорининг ўзлари, Қалқонов муаллим.
Рост, мактаб ҳовлисида ёши олтмишларни қоралаган киши паришон турар эди. У машинани кўрдию дарҳол ҳушёр тортиб биз томон илдам юрди. Ялпоқ юзлари хавотиру ҳадикдан баттар ялпайган, митти, қийиқ кўзлари пир-пир учади, қуюқ оқ оралаган сочлари тўзғин, эгнидаги кулранг костюми, дудама ханжардай галстуги шалвирабгина турибди.
— Ассалому алайкум, оғажонлар.
Қалқонов муаллим биз билан бирма-бир қўшқўллаб кўришди. – Чарчамайгина етиб келдиларингизми?
— Домилла, танишинг, — дея масъул ходим мен томон ишора қилди. — …пойтахтдан келган журналист. Шунқор Қобилнинг ошнаси. Ўроқ бечора ҳақида асар ёзмоқчи.
— Яхши, яхши, — дея бош ирғади Қалқонов муаллим. — Қани, ичкарига кирамиз.
Мактаб ҳовлиси кенг ва озода эди. Ҳайҳотдек майдонда қўр тўкиб турган ўқув биноси анчайин таъмирталаб бўлса-да, файзли ва шинамгина кўринади. Иморат пештоқида иссиғу совуқдан ранги униққан байроқ мағрур ҳилпираб турибди. Ҳовлидаги дарахт шох-бутоқларида чумчуқлар чуғурлашади.
— Дарслар қизғинми дейман-а, — деди масъул ходим у ён-бу ён аланглаб. – Ҳаммаёқ жим-жит. Зоғ учмайди.
Қалқонов муаллим бош ирғади:
— Ҳа, ҳозиргина учинчи дарс бошланди, — сўнг мен томон юзланиб эҳтиром билан мавзуга кўчди. – Умрзоқов Ўроқ ўзимиздан, буғалтер бованинг ўғли. Аскарликда Ватан учун ҳалок бўлган. Сўнг… биз идорама-идора елиб-югуриб номини мактабимизга қўйдик.
— Домилла, — деди масъул ходим вазиятга жиддий ва расмий тус беришга уриниб. – Анъанамизни тарк этмаймиз. Ишни қаҳрамоннинг ёдгорлигини зиёрат қилишдан бошлайлик, ҳайкал ёнида беш-олти минут сукут сақлайлик.
Мактаб директори туйқус таққа тўхтади. Ранг-қути ўчганча бир менга бир ҳамроҳимга жонсарак тикилди.
— Ҳа, тинчликми? – деб сўради масъул ходим таажжубланиб.
— Йў-ў, ўзим…
Қалқонов муаллим ғудранганича ўқув биноси рўпарасидаги майдонча томон бошлади.
Дарҳақиқат, улкан қайрағоч ёнига қизғиш ғиштдан баландгина устун қурилган экан. Бироқ… пойтахтда Шунқор Ҳобил, йўл-йўлакай масъул ходим фахр билан тилга олган ёдгорлик – бюстдан ном-нишон йўқ.
— Ҳайкалча қани? – сўрадим ҳайрону лол.
Хижолатдан ияк қашлаб турган Қалқонов муаллим дудуқланди.
— Бор эди… ўрнатганмиз… Бир ҳафтача илгари ўғрилаб кетишибди.
— Ўғрилаб?! – беихтиёр чинқириб юборди масъул ходим. – Ким?! Кимга керак экан шу… бюст-калла?
-Билмадим… мисми, алюминми, ишқилиб, шундай қимматбаҳо нарсадан ясалган экан ўша бюст. Ўғрилар қўпориб кетишибди.
Масъул ходим баттар тутоқди:
— Дарров органга хабар бермадиларингми? А?!
— Бердик, участковойга айтгандик…
— Хўш-ш…
— Кулди. Қўйинглар-е, уят бўлади, деди. Бир ясама калла учун тўрт-беш тирик каллани кундага қўйишни истамас эмиш.
— Участкани назорат қилиш ўрнига каллаларнинг ғамини еб юрган қанақа мелиса ўзи?
— Ҳалим Норбўта ўғли.
— Ия, ўшами?! Отаси зўр мелиса эди-ку, суяк сурилибди-да, ярамас.
Қалқонов муаллим туйқус участка назоратчисини сотиб қўйганидан баттар каловланган эди. Масъул ходим эса асабий тарзда бош чайқаб, қўл силтаб тағин хийла вақт жаврагач, мен томон хижолатли юзланди.
— Узр. Кутилмаган муаммо…
— Ҳечқиси йўқ, — дедим уларни юпатган бўлиб. – Бўп туради. Янги бюст заказ қиласизлар.
Хуллас, аллақандай қароқчиларнинг фитнасига учмай ўша сафардан ватанпарварлик, фидойилик тараннум этилган туппа-тузук очерк ёзиб қайтдим. Бош муҳарриримиз хўб мақтади.
Мана, нон-насиба чорлаб яна ўша ёқларга чоғланиб турибман.
— Чўлма-чўл санғиб юрманг, — дея бот-бот тайинлади бош муҳарриримиз. – Ҳойнаҳой, Нажот Ғайбулла деганларига жиноят иши очилган. Тўппа-тўғри бориб аввал терговчига учрашинг, кейин вазиятга қарайсиз…

* * *

Идорама идора кириб-чиқиб, сўраб-суриштириб, охири керакли терговчига дуч бўлдим.
— Ҳа, — деди у олдимга устига «Дело» деб ёзилган папкани суриб. – Ўша нусханинг иши менда. Икки-уч марта посёлкага бориб келдим. Мактаб жамоаси билан учрашдим. Баъзи бирлари тушунтириш хати ёзиб берган, марҳамат, истасангиз танишиб чиқинг.
— Раҳмат.
Терговчи шоша-пиша қўл соатига кўз ташлаб олди.
— Зарил ишим бор эди-да, бир ерга бориб келсам майлими? Дарров қайтаман.
— Хўп, бемалол.
— Сиз ишни бемалол ўқиб чиқаверинг, — деди терговчи эшик томон юраркан. – Сиздан яширадиган сиримиз йўқ.
— Мен қалингина папкани очиб шошилмай ўқишга тушдим.

* * *

(Мактаб директори Қ.Қалқоновнинг тушунтириш хати)
Суягим мактабда қотди. Йигирма ёшимдан бери муаллимлик қиламан. Болаларнинг қий-чувини эшитиб турмасам бошим оғрийдиган бўлиб қолган. Бир пайтлар жомадон кўтариб ўқишга отланган чоғим учувчиликни орзу қилганман. (Орзу-истаклар қанотида хўб учиб-қўниб юрган пайтларимиз экан-да) Йўқ, тақдир тақозосига кўра рус тили мутахассиси бўлдик. Ишладик. Мана, ишлаяпмиз. Ўқитувчиликнинг этагидан тутганимиз учун ҳеч ким бизни ёмонотлиғ қилган эмас. Давраларнинг тўрини беришмаса-да, ҳар нечук пойгакка тушириб ташлашмайди. Ҳозирги ёшларга қараб ҳайрон бўламан, муаллимликдан ор қилишадими-ей… Айниқса, ўғил болалар.
Қай бир кун олтинчи синфда ўқийдиган уч-тўрт боланинг гурунги тасодифан қулоғимга чалиниб қолди.
«Келажакда прокурор бўламан, — дерди улардан бири виқор билан, — ҳамма мендан қўрқади, ҳурмат қилади. Бойликка кўмилиб яшайман».
«Прокурор кўп ойлик оладими?» – деб сўради тағир бир соддароғи.
Дўсти аввал мириқиб кулди, сўнг ишонч билан деди:
«Йў-ўқ, гап ойликдамас. Жиноятчилар қамалиб кетмаслиги учун чўнтагингга жарақлатиб солиб қўяди».
«Мен мафия бўламан!» – дея тантанали ҳайқирди болалардан бири.
Ҳалиги соддароғи яна сўради:
«Мафия?! Нима у?»
Тантанали овоз эгаси, ҳойнаҳой мафия нималигини тузукроқ англамаса керак, бироз тараддудланиб аранг тилга кирди:
«Мафияни киноларда кўрмаганмисан? Улардан керак бўлса прокурорлар ҳам қўрқишади».
«Мен қўрқмайман!» — қонун ҳимоячиси бўлиш орзусидаги ўқувчи дик этиб ўрнидан турди. –Мен ҳамма мафияни зириллатаман!»
«Мафия» у томон хезланди.
«Ўчир овозингни қўлингдан ҳеч нарса келмайди».
Улар бир-бирининг ёқаларига чанг солишди. Шу орада томоқ қириб панадан чиқдим. Болакайлар олишувни бас қилиб, жой-жойига ўтиришди. Ўзларича узун-қисқа салом беришган ҳам бўлишди
Мен уларни бир зум кузатиб турдим. Ич-ичимдан алланечук изтироб, ғусса қўзғалди.
Болалар ҳануз ҳансирашган кўйи бир-бирига ўқрайишар эди. Мафия орзусидаги бола-участка назоратчисининг ўғли Зокир. Ўқишлари аъло, хулқи ҳам бинойигина. Шахсан мен унинг келажагига катта умид боғлаганман. Шу сабаб болалар тўпидан уни имлаб чақирдим. Довдирабгина ёнимга келди.
«Зокирбой, — дедим қўлидан тутиб, — нима у мафия-пафия? Унақа бемаъни гапларни қўйинг, болам. Сиз аълочи ўқувчисиз-ку, келажакда олимми, билимдон ўқитувчими бўласиз, деган умиддамиз».
Орқада шумшайиб-шумшайиб турган болалар пиқ-пиқ кула бошлашди.
Зокир қўлимдан юлқиниб чиқди.
«Барибир мафия бўламан!»
Шу воқеадан сўнг бирор ҳафта ўтар-ўтмас Зокирнинг онаси Моҳигул, ҳув, Сафармурод чавандознинг қизи мактабга бостириб келди:
«Ўв, ўртоқ Қалқонип, нега менинг боламга муаллим бўласан дедингиз? Ўғлим бечора неча кундан бери қаҳшаб йиғлаб юрибди».
Мен ҳангу манг қотиб қолган эдим. Тилим аранг калимага айланди.
«Нега йиғлайди?! Нима, ёмон тилак билдирибманми?»
«Жўралари устидан кулиб юришибди экан. Нега ундай дедингиз? Болам кимдан кам, нега у муаллим бўлар экан?!
Мен жўяли бир жавоб топгунимча Моҳигул қарғана-қарғана хонамдан чиқиб кетди.
Юрак бағрим зирқираганча хийла вақт ўтириб қолдим. Хаёлларим алғов далғов бўлиб кетди.
Ё, худо, ўқитувчи бўласан дейиш ҳақоратми?! Нега шундай табаррук касбдан ор қилишади? Муаллим қачон уларнинг арпасини хом ўрди, қачон бировнинг оштобоғига қўл чўзди? Ё, ўқитувчи отнинг калласидай маош олиб, булар қуруқ қолишдими? Ўқитувчи данғиллама уйлар қуриб, гижинглаган машинада юрибдими? Ахир, ҳамма-ҳаммаси эл қатори-ку, йўғини яшириб, борини ошириб кун кўряпти-ку?! Ё, худо, ё, Ғуломхон пирим, бу қандай нафрат, бу қандай кўргулик?
Ўша куни кечгача идорада биқиниб, шундай оғир ўйларга ем бўлиб ўтирдим. Умуман, мен мактабдан кеч қайтаман. Иложи бўлса, шу ерда ётиб қолсам, ҳовуллаган уйимга бормасам, дейман. Сўққабошнинг ҳаёти шу экан-да. Қизларим уй-жойли бўлиб кетишган. Кичик қизим қўшни. Шу бечора рўзғоримга қараб туради. Ну… барибир раҳматли хотинимнинг ўрнини ҳеч ким, ҳеч нарса босолмас экан.
Йўқ, мен нолимайман, мен йиғламайман. Аллақандай синтиментал кайфият бизга ёт. Мингта моҳигуллар аюҳаннос солиб, шанғиллаб келишса-да, касбимга бўлган меҳримни сўндиролмайди. Ҳа, мен ўқитувчиман, муаллимман, бу касбим билан фахрланаман! Қолаверса, неча бир моҳигуллар ҳақорат деб биладиган, неча бир тўралар менсимай қарайдиган хизматда бўлишнинг ўзи жасорат-ку?!
Лекин қувончли кунларимиз ҳам кўп. Ўқитувчи ўз меҳнатининг мевасини кўрганда ўн ёшга яшаради, балқийди. «Меҳнатнинг меваси» деганда, ҳойнаҳой, уч-тўрт ойда аранг қўлга етиб келадиган маошни ўйласангиз, адашасиз. Муаллим меҳнатининг меваси бу – тиришқоқ, омадли ўқувчилар! Ўз ўқувчисининг камолини, обрў-эътиборини кўрган қайси муаллим лоқайд қўл силтаб қўя қолади? Ҳеч қандай. Мен шундай азамат кадрлар бизнинг мактабдан ҳам етишиб чиққанини мамнуният билан қайд этишим мумкин. Масалан, Қоржов полвон. Ҳозир у Қоржов Чоршанбиевич бўлиб кетган. Пойтахтда яшайди. Баъзи бировлар полвон шаҳарлик хотинининг орқасидан кўтарилиб кетди, деган сассиқ гап тарқатиб юришибди. Лекин бу ғирт ёлғон. Қоржовжон ўзи омадли йигит, Хизр кўрганлардан. Яна бир фахрли шогирдимиз – Дўланов Самад. У ҳам зўр бир илмий текшириш институтида ишлайди ҳозир. Қолаверса, Ватан учун ҳалок бўлган Умрзоқов Ўроқ ҳам бизнинг мактабда таълим олган. У ҳақда Улаш агроном шоир достон битишга чоғланиб, баъзи бир сабабларга кўра режалари барбод бўлган эди. Улашбойни танисангиз керак-а? Кўзингиз тушгандир: хумкалла, тиканак соч, япасқи бурун, қоп-қора киши. Ҳув, аъробий биродарларни эслатиб юборади. У киши совхозимизнинг кичик агрономи, лекин катта шоири. Мен ҳазиллашиб «чўллик Пушкин» деб атайман. Ҳозирги кунда бу ижодкор Қоржов Чоршанбиевич ҳаётидан бир эпик асар ёзиш тараддудида. Хуллас, ҳаёт-фаолияти минг бир достон бўладиган шогирдларимиз талайгина. Яна бир такрорлайман, улар билан фахрланамиз, кўринганга мақтанамиз.
Ҳурматли терговчи, энди сизни қизиқтирган масалага ўтсак. Бу ёғи бир тушга ўхшайди.
Роппа-роса тўрт ойча аввал эди. Уч ойлик пахта ҳашаридан қайтиб эндигина ўқишни бошлаган кунлар. Дарсга қўнғироқ чалиниб, мактабнинг ичу ташида шовқин-сурон андак босилган бир пайт.
Мен хонамнинг эшигини ланг очиб, ўз ёзув столимда ишлаб ўтирибман. Пастки синфлар учун грамматикадан кўргазма тайёрлаётган эдим. Синфхоналарда дарс ўтаётган муаллимларнинг паст-баланд товушлари эшитилиб турибди. Қайбир синфда мусиқа сабоғи бўлса керак, рубобнинг тинғиллаган саси қулоққа чалинади. Мен кўргазма билан банд бўлсам-да, мактабнинг йўлагини ҳушёр кузатиб турибман. Эшикни ҳам шунинг учун атай ланг очиб қўйган эдим. Тўғриси, дарс пайти беҳуда санғиб юрган ўқувчию ўқитувчини жиним суймайди. Шунақаларга кўзим тушса дарров тўхтатиб сўраб-суриштираман, жўяли баҳонаси бўлмаса озгина койиб, озгина эркалаб дарсга киргизиб юбораман.
Бир пайт бўсағамга бир шарпа кўндаланг бўлди. Шартта бош кўтариб қарадим. Қарадиму беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим.
«Тафтишчи-ёв?! – лип этиб ўтди хаёлимдан. Бундай ўй калламга беҳуда урилмади. Ахир, бўсағада баланд бўйли, келишган, яп-янги, қимматбаҳо костюм-шим, оппоқ кўйлак кийган йигит турар эди. Юз-кўзларидан алланечук нур ёғилади.
— Ассалому алайкум, домла, — деди у қироат билан. – Киришга мумкинми?
— Келинг, келинг…
Кўзларимни нотаниш йигитдан узолмай қолдим. Ҳалиги… Ҳолливудми-ей, Голливудми-ей, деган жойларнинг киноартистларига ўхшайди. Кўзлари чақнаб турибди, лабларида нимтабассум. Ёши нари борса ўттизларда. Мени хаёл қурғур ҳарёқларга олиб қочади.
Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да! Ким экан бу? Чет элликми дейман? Бизнинг овлоқ посёлкамизда нима қилиб юрибди? Ё ижарага жой излаб юрган тадбиркормикан? Бирор кичик корхона очмоқчидир? Ана, туман марказидаги қайсидир мактаб шундай ишбилармонларга ўқув корпусининг бир бўлагини ижарага топшириб маза қилиб юришибди-ку! Раҳбарият ҳам ўшаларни мақтайди. Худо бизга ҳам «ол, қулим» деб, юбордимикан?!
Йигит мен ишора қилган стулга ўтириб қўлини кўксига қўйди.
— Узр, домла, безовта қилдим. Сиз директор бўлсангиз кераг-а?
Мен ҳаяжон билан бош ирғаб, ўзимни таништирдим.
— Мен Нажот Ғайбулламан, — дея гап бошлади йигит. – Туман марказидан келдим.
— Хуш келибсиз, хуш кўрдик.
— Мен… – Нажот Ғайбулла бир оз каловланиб ерга қаради. – Мен иш излаб келдим. Ўқитувчиман.
«Фу-у…» – шу лаҳзадаёқ ҳафсалам пир бўлди-қолди; эс-ҳушим дарров жойига қайтиб, ҳадик-ҳаяжонлар тарқади-кетди.
— Мутахассислик қанақа, ука? – сўрадим раҳбарларга хос совуққонлик билан.
— Жуғрофия.
— Маълумот олийми?
— Олий.
— Илгари қаерда ишлагансиз?
— Икки йил пойтахтда ишладим. Сўнг оилавий шароитга кўра ўзимизнинг туманга қайтиб келдим. Бир йилдан ошди, бекорчиман.
— Нима, марказда иш тополмадингизми?
— Сўраб-суриштирдим, — Нажот Ғайбулла бир зум саросималаниб қолди. – Икки-уч мактабга кириб чиқдим. Жуғрофия ўқитувчиси керак эмас экан. Маориф бўлимидагилар шу ёққа юборишди.
Биламан, маорифдагилар йигитни беҳуда бу ёққа юборишмаган. Улар бизнинг бош оғриқдан анча-мунча хабардор. Кўпдан бери жуғрофия муаллимига ялчимай юрганимизни жуда яхши билишади. Илгари бу фандан Райҳон муаллима сабоқ берарди. Ўрта-махсус таълимотли бу қизимизнинг сулувлигию хулқ атвори ҳам ўртагина. Совчиларни ўпоқ-сўпоқ, дея-дея охири қари қиз бўлиб ўтириб қолган. Ана шу муаллимамизни малака оширишга юбордигу ундан айрилдик-қолдик. Вилоят марказидан қайтмади. Биров билан суюшиб қолиб кетди. Ота-онаси ими-жимида тўй қилиб берди. Шу-шу жуғрофия ўқитувчисига зор-интизор эдик. Мана, ниҳоят кўнглимиздаги кадр ўз оёғи билан келди. Ишқилиб, Райҳоннинг ҳам бизнинг ҳам бахтимиз очилгани чин бўлсин-да, билимдон йигитга ўхшайди.
Шундай ўйлар билан Нажот Ғайбуллага синчков кўз ташладим.
— Уйланганмисиз?
— Ҳа, — қимтинибгина жавоб берди йигит. – Яқинда фарзандли бўлдик.
Жавобдан кейин енгил тортдим. Бироқ ич-ичимдан ғалати бир ишончсизлик ғимирлаб турар эди. Бу ишончсизлик Нажот Ғайбулланинг пўрим уст-бошига, келишган қадди-бастига, ирода ва виқор ёғилиб турган юз кўзига тикилиб-тикилиб қараганим сайин кучаяр эди. Охири, чидаёлмай яна сўрадим.
— Чини билан муаллиммисиз, ука?
Нажот Ғайбулла костюмининг ён чўнтагидан ҳужжатларини чиқариб ёзув столим устига қўйди: паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси.
Ҳужжатларни бир-бир қўлга олиб, синчиклаб-синчиклаб кўздан кечирдим. Ҳаммаси рисоладагидек. Фақат фамилияси бироз ғалати туюлди: Ғайбулла. Ғайбуллаев бўлиши керак эди шекилли? Ё, бу ҳам ёзувчи-шоирларга ўхшаб «ов», «ев»-қўшимчалардан воз кечдимикан.
— Биз мустақил миллатмиз, — деб қолди йигит дабдурустдан. Ҳойнаҳой, таажжубланганимни пайқаб. – Миллий мустақиллик энг аввал исм-шарифимизда бўлиши керак.
— Тўғри, — бош ирғадим мен ҳам.
Хуллас, Нажот Ғайбуллани ишга олмаслигим учун ҳеч бир асос қолмаган эди.
— Марказдан қатнаб ишламоқчимисиз?
— Ҳозирча. Кейинроқ кўрамиз, шу атрофдан бирор бир бошпана топилиб қолар.
— Агар ниятингиз холис бўлса, — дедим мен унинг ҳужатларини қўлига тутқазиб. – Ишга оламиз. Лекин майнавозчилик билан бошни қотираётган бўлсангиз…
— Эс-ҳушим жойида, домила, — деди Нажот Ғайбулла алланечук ҳаяжондан энтикиб. – Ишонинг менга.
— Ўқитувчиликка қаттиқ қизиқасизми дейман?
Нажот Ғайбулла ирғиб ўрнидан туриб кетди.
— Муаллимлик жону дилим. Болалар орасида бўлишни жуда-жуда ёқтираман. Ишонинг, домла. Мана шу орзу мени бу ёққа бошлаб келди. Болаларсиз ҳаётимни тасаввур ҳам қилолмайман. Болалар менинг тақдирим. Улар билан юз соатлаб шуғуллансам ҳам чарчамайман. Ишонинг, домла.
Йигит ҳаяжон билан гапираркан, назаримда, унинг хушбичим юз-кўзидан чиндан-да нур ёғилаётгандек эди. Баландпарвоз гап-сўзлар ҳам унга алланечук ярашиб турарди.
Шундай қилиб Нажот Ғайбуллани ишга олдик. Жуғрофия ўқитувчиси. Навбатдан ташқари педкенгаш чақириб янги муаллимни мактаб жамоасига таништирдим. Нажот Ғайбуллани кўрган ўқитувчилар мендан баттар ҳайратланишди. Кўркам йигит эса қувончдан ял-ял товланиб, гоҳ бош ирғаб, гоҳ қўл бериб ҳамма билан саломлашиб, сўрашиб чиқди.
Ҳа, зўр кадрли бўлдик деган хаёлда эдим. Нажот Ғайбулла бир ҳафта ичидаёқ ўқувчиларнинг кўнглига кирди. Ўқитувчилар жамоаси унга ҳавасманд қарашарди. Янги муаллимни кўринганга мақтаб юрардик. Оқибати бундай бўлишини қайдан билибман?! Атиги бир кунда ҳамма ишнинг пачаваси чиқди. Устига устак, худди атайлагандай, ҳужжатлари яна ўз қўлига тушиб қолгани-чи? Бунда анави тарихчи муаллимимизнинг ҳам айби бор. Анқов, ҳовлиқма. Мана, энди… қўлимизда Нажот Ғайбулланинг ҳеч бир ҳужжати йўқ. Афт-башарасини ҳоҳлаганингизча таърифлаб беришим мумкин холос. Тавба, ҳаммаси тушдагидай.
Ҳурматли терговчи, билиб турибсиз, бу ерда менинг ҳеч қандай айбим йўқ. Холисман. Ҳамма-ҳаммасини мактаб учун, ўқувчилар учун қилдим.

* * *

(Улаш агроном-шоирнинг тушунтириш хати)
Узр, «Портвейн» виносидан қоғозга икки томчигина томиб кетди. Мени танисангиз керак-а? Шу совхознинг атоқли шоириман. Ёзганларимнинг хатоси бўлса, кечиринг, резинка билан ўчиринг. А, қалай?
Ҳурматли терговчи, бир неча кундан бери мактабимизга қатнаб юрганингиздан хабарим бор. Ташрифингизнинг сабаблари ҳам каминага маълум. Шу нуқтаи назардан олиб қарасам, ҳақиқат қарор топишига ҳисса қўшишни ўз шарафли бурчим деб биламан. Ҳойнаҳой, каминанинг камтарин қораламаси бир гуруҳ муттаҳам муаллимларнинг тушунтириш хатлари орасига қандай тушиб қолганига қизиқаётган бўлсангиз керак. Э, сира сўраманг, бу ҳам бир ташвиш, юз грамм оқига чиқимдор бўлдик. Эрталаб мактабга келдиму Қалқонов муаллимга жиндек-жиндек қуйиб бериб, гапга овунтириб, ёзув столи устига тахлаб қўйилган. Тушунтириш хатлари орасига ўзимникини тиқиштириб қўйдим. Эс-дарди ичкиликда бўлган директор сезмай қолди. Ишончим комилки, битикларим сизнинг муборак қўлингизга етиб боради.
Ҳурматли терговчи, сизга қуйидагиларни баён қилмоқчиман. Аввало, манави муттаҳам Қалқонов муаллимнинг дийдиёларига ишонманг. Ғирт ичкиликбоз. Неча-неча йиллардан бери директорлик лавозимидан тушмай, мактабни еб ётибди. Бунга керагидан ортиқ далилларим бор. Ўзимни улфат кўрсатиб кўп сирларини билиб олганман. Қалқонов муаллим – хотинбоз. Тўғрироғи, анча илгари шундай эди. Унинг ишқий саргузаштларга ишқибозлигини исботлаш учун бундан беш-олти йил аввал бўлиб ўтган бир воқеани айтиб берай. Зеро, ҳақиқат эскирмайди. (Ҳурматли терговчи, каминанинг қаламига мансуб ушбу ҳикматни ён дафтарчангизга кўчириб олишингизга қарши эмасман).
Хуллас, воқеа бундай бўлганди ўшанда.
Домла икковимиз баъзи бир ташвишлар билан туман марказига отландик. Ўша кунлар марказдан қатнайдиган автобус дом-дараксиз эди. Кутиш бефойда. Домла, давай, катта трассагача пиёда борамиз, у ердан бирор бир кўликка илашиб кетамиз, деб қолди. Жўнадик секин-секин, гурунглаши-иб. Катта йўлга етай-етай деганимизда олдимиздан бир аёл чиқиб қолса бўладими?! Ана аёлу мана аёл! Унинг таърифини фақат шоирларгина келтира олади: сап-сариқ сочлари шалоладай қуйилган, кўм-кўк кўзлар, қалам қошлар ҳорғин-ҳорғин уюлган. Кўйлаги кўйлакмас бир парча латта, кесиб ташланган тиззадан шартта, оппоқ билак, оппоқ болдирлар, юракларга қутқу солдилар…
Хуллас, аёл «привет» деди бизга жилмайиб. Қўлида катта бир сумка. Сўнг яна русчалаб бу ердан геологлар кўналғасига қандай бериш мумкин, деб сўради. Тушиниб турибман. Лекин тил қурғур ҳеч айланмайди-да, армия хизматида ҳам бир батолён ўзбек эдик, рус тили кўп керак бўлмаган-да. Ана, энди хўп зарил-да! Қани энди булбулигўё бўлиб кетсанг! Шу пайт ёнгинамда рус тили ўқитувчиси қаққайиб тургани лоп этиб эсимга тушиб қолди. Ўртоқ Қалқоновнинг биқинига секин туртдим, «домилла, икки, икки оғир бир нима деворинг», деб шипшидим. «Нима, сенга бу ер синфхонами», деб тўнғиллаб берди домла, қарангки, унинг ҳам ранги оқариб кетган. Лекин без бўлиб, жим туриш ҳам мумкин эмас. Анови сулув жилмайибгина жавоб кутяпти. Охири Қалқонов ҳам тиржайиб «привет» деди. Сўнг қўлларини гоҳ геологлар томон, гоҳ посёлка ёққа пахса қилиб, силкита-силкита, оғзидан тупик сачратиб, тегирмондай гулдираб ўзига русчалаб алламбалолар дея кетди. Ҳалиги жувон эса андак чўчиб, андак ажабланиб домланинг оғзига анграйиб турар эди. Бир пайт домла гапини тугатар-тугатмас, «теперь, по русски обесни, пожалуйста», деб қолса бўладими?! Қалқонов оғзини каппа-каппа очиб қолди. Бечора нажот излаб менга тикилди. Уялмасин деб гапни тўғриладим, «домла қўяверинг, ўзи гўзал бўлсаям, қулоғи кар экан», дедим. Ҳалиги аёл гапимни эшитиб турган экан, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборса бўладими?! «Ве-ей, биласизми ўзбекча, гапиринг ўзбекча», деб қолди-я бир маҳал! Қурғур, тилимизда булбулдай сайрар экан. Сўнг ҳаммаси маълум бўлди.
Маълумки, трасса ёқасидан қараганда геологлар посёлкамиз тубида жойлашгандай кўринади. Домлани анча-мунча қийнаб қўйган анави аёл ҳам автобус деразасидан қараб кела-кела, посёлкамиз биқинидаги узун-узун темир қурилмаларни кўриб, етиб келдим, деб ўйлаб, посёлка муюлишида автобусдан тушиб қолибди. Автобусда бирортасидан сўрамабди ҳам. Қараса, посёлка ҳам, геологлар қўналғаси ҳам жуда-жуда олис, адашдим, деб қўрқибди. Шу пайт посёлка йўлида биз кўриниб қолганмиз. Тўғриси, қурғур, шўх-шаддодгина экан! Айтганлари чинми, ё шунчаки ҳазилми билмадим. Хуллас, шоша-пиша бизга пешвоз юрган. Қараса, икки йўловчи ҳам туппа-тузук кийинган, ҳатто, бирининг қўлтиғида қалин чарм папка ҳам бор. «Сизларни геолог қидирувда ишловчи чэт элликлардан, деб севиниб кетдим» деди аёл. Қурғур, домлани корейсга ўхшатибди, каминани эса… ҳа, майли бунинг аҳамияти йўқ. Хуллас, ўшанда Қалқонов муаллим ҳалиги аёлни етаклаб, ўз ишини ҳам унутиб геологлар ёққа йўл олди. Шу-шу ўша тараф кунаро қатнайдиган одат чиқарди. Бу ҳақда посёлкамизда хийла шов-шув бўлди. Ҳатто, уларнинг Кенгсой даштида ачомлашиб юришганини кўрганлар бор.
Мана, сизга исбот. Мана, хотинбоз мактаб директорининг ҳақиқий башараси. У ҳозир ҳам қариб қуйилмаганлардан. Сезаман-да…
Мен сизга айтсам, ҳурматли терговчи, ушбу мактаб жамоасининг ҳаммаси ҳам бир гўр. Барчаси маънавий бузуқ, порахўр. Масалан, мактаб илмий мудири Норхол Хушбақовани олайлик. Анави юзида «индийский» холи бор, дўмбоққина аёл-да, танийсиз-а? Эри икки йил аввал Россияга кетиб қолган. «Тирикчилик қурсин, хўжайиним пул топиш дардида сарсонгарчиликни бўйнига олди», деган гап қилиб юрибди Норгулой. Аслида-чи, эри ундан безиб кетган. Энди қайтмайди, айтишларича ўша ёқда бир гўзалга уйланиб олган эмиш. Ҳаммасига шу илмий мудирнинг ўзи сабабчи. Ҳар хил мажлисларни баҳона қилиб марказга кунора қатнайди, уйига кеч қайтади. Ёш бошига беҳуда илмий мудира бўлиб қолмаган бу, биламан-да.
Масалан, директор ўринбосари Боймурод серрига назар ташлайлик. Худо сал кам икки метрлик бўй берган, ҳунар-пунар деган нарсалардан ҳам қисмаган, лекин айнан муаллимлик уқувини бермаган-да. Лекин бу кишим ўқитувчилар. Алгебра, физика каби энг жиддий фанларни эгаллаб олган. Давлатнинг ойлигини қуртдек санаб олиб ётибди.
Умуман, ҳурматли терговчи, мактабда носоғлом муҳит бор. Қалқонов, Норхол, Боймуродлар ўзаро жиноий гуруҳ. Ўқитувчи кадрлар етишмайди, деган баҳона остида дарс соатларини бўлиб олишган. Ҳали она сути оғзидан кетмаган, қай гўрдаги коллеж-моллежни амал-тақал билан битириб келган қизларни ҳам ишга қабул қилган. Ҳаммаси шу уччовининг қариндоши, ҳаммаси кўрсавод.
Домла Хуррамович ҳақида ҳеч нарса деёлмайман. У анақа… махсус идораларнинг хуфёна хизматида. Қўрқаман. Уни танийсиз-а: ёши элликдан ҳатлаб ўтган, сочлари меникидек сийрак, қировтус. Вазиятга қараб гоҳо шляпа, гоҳо дўппи кияди ва лек ҳеч қачон ялангбош юрмайди. Ҳойнаҳой, бор-йўғ эс-ақли бош кийимида, эсам гарангсиб қолади. Кўзлари тарғил. Ранги униққан ёқаларидан қоп-қора галстуги ҳеч ечилмайди. Ўлсаям бир кун шу бўйинбоққа осилиб ўлишни ният қилган, шекилли. Бироқ домла ҳозирча дадил, ҳаётга ҳушёр қарайди. Саломат бўлсинлар.
Анчагина алжираб юбордим-ов,ўртоқ терговчи. Лекин мени маст деб ўйламанг. Илҳом учун аҳён-аҳён, қиттак-қиттак олишимни ҳисобламасак, мутлақо ичмайман. Шу сабаб ёзганларимни диққат қилишингизни элтимос қиламан.
Хўш-ш, устига-устак мактабда дарсликлар етишмайди. Умуман, йўқ десам ҳам хато қилмайман. Бу кўргуликларнинг бошида совхозимиз директори Чинор Тоштемирович туришини сизга рўй-рост айтмоқчиман. (Узр, тағин уч-тўрт томчи вино қоғозга томиб кетди, минг бор узр) Чинор Тоштемирович – мутлоқ ҳоким, лекин қўрқоқ, каззоб одам. Қўрқоқ одам ёвуз бўлади! ((Каминанинг қаламига мансуб ушбу ҳикматни ҳам кўчириб олишингизга розиман). Чинор Тоштемирович шунчаки золим, жоҳил. Ўз ҳукмидаги элдан қўрқади, кирдикорлари бир кун очилиб қолишидан чўчийди. Шу сабаб ҳеч кимни кўз очиргани қўймайди. Гапга етарман, каллали одамларни бадном қилади, қаматади, керак бўлса, ўлдириб юборишдан ҳам тоймайди. Чунончи, Умрзоқов Ўроқ аскарлик пайти одам ёллаб уни саранжомлатган. Чунки Ўроқбой катта институт талабаси, оқ-қорани ажрата бошлаган зукко йигит эди. Афсус, орамиздан эрта кетди. (Ўртоқ терговчи, қаҳрамон ўғлонимизнинг пок хотираси учун жиндек ҳўплаб юборсам… Мана, сизнинг номингиздан ҳам яна қиттак).
Хўш-ш, мана шу баттол раҳбар дарслик китоблар келтиришга ими-жимида қаршилик қилади. Болаларнинг ўқимишли, зукко бўлиб кетишини истамайди. Бир кун келиб ёшлар совхоз раҳбарлигига даъвогар бўлмасин, дейди-да. Шунинг учун мактабни қаттиқ назоратда сақлайди. Юқорининг буйруғи деган баҳона остида болаларни пахта теришга ҳайдаб чиқади. Болалар икки-уч ойлаб далаларда қолиб кетади, мактаб бети кўрмайди. Муаллимларни атай овора қилиб қўяди. Ғинг деганнинг бошига маломат ёғаверади. Қалқонов муаллимга ўхшаганлар эса оч қорним тинч қулоғим қабилида иш юритади. Шунинг касридан ўқув ишлари ўрта сарсон. Ана шундай пайт Нажот Ғайбуллага ўхшаганларнинг куни туғади. Жамоа орасига суқилиб кириб билган номаъқулчилигини қилади. Ўртоқ терговчи, Қалқонов ва унинг ҳамтовоқлари албатта сизга ўзларини оппоқ кўрсатиб ёзиб беришлари тайин. Аммо мен гарантия бериб айтаманки, ишкал ишга шулар юз фоиз айбдор. Масалан, Қалқонов муаллим Нажот Ғайбуллани пора эвазига ишга жойлаган. Исбот шулки, нотаниш йигит пайдо бўлган куннинг эратсига қувонч билан шаталоқ отиб кетаётган Қалқоновни учратиб қолдим. «Улашвой, юринг, би-ир эрийман, кеча зўр ўқитувчили бўлдик», деди. Ҳолбуки, қайси кундир чўнтагида хемири йўқлигидан, кимдан қарз ундиришини билмай, гарангсиб юрган эди. Энди эса эримоқчи! Демак, қайдандир тушим тушган. Неажабки, Нажот Ғайбулла ҳиммат қилган бўлса?!
Нажот Ғайбулла деганлари балоиазим экан. Тўғриси, уни кўриб менинг ҳам оғзим очилиб қолди. Пўрим уст-боши, виқорли юриш-туриши қойил қолдирди. Марказдан мактабга яп-янги «Нексия»да қатнашига нима дейсиз? Зарранинг заррасича бизнинг муаллимларга ўхшамайди.
Ҳатто посёлка эли ҳам янги ўқитувчини томоша қилгани ҳар хил баҳоналар билан мактаб теварагида ўралашадиган бўлиб қолди. Мактаб жамоасини-ку, қўяверинг. Муаллимчалар пардоз-андоздан бўшамай қолишди, у ён ўтса ҳам, бу ён ўтса ҳам «Нажот ака, Нажот ака»лаб энтикишади. Дуппа-дуруст ўқитувчиларимиз ҳам онаси ортидан атак-чечак одимлашни ўрганаётган бўталоқлардек Нажот Ғайбуллага тақлид қилишга тушишди. Аммо йўл бўлсин! Чўнтагида тилла червон ўйнаётган кишигина янги муаллимга тақлид қилса арзийди.
Мен эмоцияга берилмайдиган, воқеаларни холис, совуққон таҳлил қиладиган одамман. Шу сабаб янги ўқитувчига бошқалардек анграйган кўйи қолиб кетмадим. Нажот Ғайбуллани обдон кузатиб у ҳақда ўзимга хулосалар ясадим.
Нажот Ғайбулла қандайдир бойваччанинг тўқликка шўхлик қилиб юрган арзандаси. Авантюрист. Бунақаларни кино ва романларда кўп учратамиз. Улар ота-оналарининг бойликларига қаноат қилмай ҳар хил саргузаштлар иштиёқида юришади. Нажот Ғайбулла ҳам худди шундай. Муаллимликка кўнгилчалари суст кетган. Шу йўл билан ёш ўқувчи қизларнинг бокира юрагини забт этиб, ишқий майнавозчиликлар қилмоқчи бўлган.
Мана, нақадар тўғри хулосага келганимни ҳаётнинг ўзи кўрсатди! Яхшиям катта фалокатларнинг олди ўз вақтида олиб қолинди.
Ҳурматли терговчи, каминаи камтариннинг битиклари сизга асқотиб қолса ғоят мамнун бўлардим. Гапларим туҳмату бўхтондан, ёлғон-яшикдан холи. Эс-ҳушим ўзимда. Кўзим тиниб бошим айланаётгани, қўлимнинг қалтираши ҳаяжоннинг зўридан, холос. Бошқа хаёлларга борманг тағин. Мабодо зарурат чиқса бемалол чақиртиринг. Камина учиб боражак. Сизнинг чорлашингизга умид боғлаб ҳозирча ёзганларимга имзо чекмай тураман. Узр.
Дарвоқе, икки оғиз ўпка-гина қилишга рухсат берсангиз. Мен бундан хийла илгари мактабимиз муаллимлари Норхол ва Боймуроднинг ғайри ахлоқий саргузаштлари ҳақида идорангизга тўрт энлик хат ташлаган эдим. Негадир ҳануз-ҳануз жавоб бўлмади. Анови ўқитувчилар сўроқ-терговга тортилмади. Ё фурсат тополмадиларингизми? Мана, ўз оёғингиз билан мактабимизга келиб қолибсиз, балки ушбу долзарб масала юзасидан ҳам текширув ўтказарсиз? Умидларим катта. Қимматли вақтингизни ўғирлаганим учун яна бир карра узр сўрайман.

* * *

(Мактаб илмий мудираси Норхол Хушбоқаванинг тушунтириш хати)
Уф-ф, бир камим тушунтириш хати ёзиш эди. Хўш, нимани тушунтирай? Ҳали ўзимга ҳам тушунуксиз, чигал турмушим, касби-корим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Бир пайтлар отам раҳматлик пединститут қошига етаклаб бориб, «Қизим, муаллимчиликка ўқий қол, аёллар боп иш, тўртта болани алдаб юраверасан», деган эди. Афсуски, тўртта ўқувчини алдаш» билан иш битмас экан. Мана, ёзув столим устида уюм-уюм юмуш кутиб ётибди: дарслар тақсимотини қайта кўриб, жадвални ўзгартиришим керак, туман ҳокимиятига, маориф бўлимига алоҳида-алоҳида ҳисобот тайёрлашим зарур. Ҳисоботда ўтган чорак якунлари, янгисининг режалари икр-чикрларигача акс этиши талаб этилган. Бундан ташқари, шу ой ичида қабул қилинган ҳукумат Қарорлари асосида деворий газета тайёрлаб мактаб залига осишим керак. (Иложи бўлса ёнига ўзимниям) Булар бугундан қолдирмай қилишим зарур бўлган юмушлар. Эртага яна қанча қоғозбозликлар кутаётганини айтсам, ручкамнинг сиёҳи тугаб, қоғозларим адо бўлади.
Йўқ, мен тушунтиришим хати ёзмайман. Дабдурустдан шундай қарорга келдим. Шоир айтгандай, юрагимни юлиб шундоққина қоғоз устига қўя қоламан. «Мактабнинг обрўсини ўйланглар, ўзларингни эҳтиёт қилинглар», деб устоз Қалқонов неча-неча марта тайинлаган бўлсалар-да, барибир кўнглимдагини ёзмасам чидаёлмайман.
Устига-устак, ҳурматли терговчи, ўзингиз мени бир чеккага тортиб: «Хушбоқова, устингиздан шикоят хати тушган» дедингиз. Шикоят мазмуни билан қисқача таништирдингиз. Аъзои баданим музлаб кетди. Сиз аҳволимни пайқаб, ўзингизча юпатган бўлдингиз, аммо юмшоқлик билан қўшиб қўйдингиз: «Узр, шу масала хусусида ҳам алоҳида тушунтириш ёзиб беринг».
Йўқ! Бунақа масалалар юзасидан алоҳида ҳеч нарса деёлмайман. Шу ёзганларим етарли бўлар, ҳойнаҳой.
Нажот Ғайбулла ишга қабул қилингач, бир ҳафта ичидаёқ мактабни сеҳр-жодуга кўмиб ташлагандай бўлди.
Устида ҳамиша оппоқ кўйлагу қоп-қора костюм, гулдор галстук. Қуюқ сочлари ювиб, орасталанган. Юзларида виқор, лабларида ниматабассум. Аввал бошида ўқитувчиларимиз Нажот Ғайбуллага нописанд, масхараомуз муомалада бўлдилар. «Худди тўйга келгандай кийинишини-чи» дейишарди энсалари қотиб. Кейинчалик ҳамма-ҳаммалари янги муаллимга қизиқсиниб-қизиқсиниб, андак ҳасаду андак ҳавас, андак қурув ва андак ҳайрат билан қарашадиган бўлишди.
Нажот Ғайбулла дарсларга ўз вақтида етиб келар эди. У ичкари кираётган чоғ, назаримда, «Ўқитувчилар хона»сининг ёғсираб қолган эшиги одатдагидек аянчли ғийқилламас, у қадам босган пайт, эски пол одатдагидек ғичирламас эди.
— Ассалому алайкум!
Нажот Ғайбулланинг қироатли саломи давлат мадҳиясидай жаранглаганиданми хонадаги ўқитувчилар беихтиёр ўринларидан қўзғалиб, қўл бериб кўришишга чоғланишарди. Нажот Ғайбулла гўё йўқсилларга эҳсон улашгандай, ҳар бир ҳамкасабанинг илкини эҳтиром билан бир-бир ушлаб, самимий сўрашиб чиқар, сўнг устидаги қимматбаҳо, чарм камзулини бурчакдаги илгакка илардию кўзгу ёнида апил-тапил сочларини тараб, у ёқ-бу ёқни саришталаб оларди. Узундан узоқ телесериални ҳормай-толмай муҳокама қилаётган ўқитувчиларнинг ўз-ўзидан саси учиб, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона янги муаллимни кузатишар, гўёки қизиқарли, ҳаяжонли томошанинг галдаги қисми шундоққина кўз ўнгларида давом этар эди.
Бир куни Нажот Ғайбулла дарсга анча кечикиб қолди. У сабоқ бериши керак бўлган синф болалари одатдагидек қий-чув кўтармай синфхона эшигидан умидвор-умидвор қараб қўйишар эди. Қалқонов муаллим ҳам безовталаниб мактаб ҳовлисига чиқди. Мен янги муаллимни боплаб койишга баҳона топилганидан хурсанд. Бир пайт Нажот Ғайбулла ўз «Нексия»сида тўппа-тўғри ҳовлига кириб келди.
— Кечирасизлар, кечикиб кетдим, — деди у машинасидан шоша-пиша тушиб.
Эндигина аччиқ-тизиқ гапларга оғиз жуфтлаган мактаб директори ҳангу манг қолди. Унинг кўзи туйқус машина салонига даста-даста тахланган китобларга тушган эди.
— Нима опкелдингиз? – сўради у аранг.
Нажот Ғайбулла кулиб машина багажини ҳам очиб юборди. Багаж ҳам лиқ тўла эди.
— Дарсликлар, устоз, — деди янги муаллим мамнун. – Ҳаммаси ўзимизга.
Мен ўқитувчини бетоқат кутаётган болалардан уч-тўрттасини ҳовлиққанча ҳовлига бошлаб чиқдим.
Қалқонов муаллим ҳам ҳаяжондан, ҳам ҳадикдан энтикиб деди:
— Буларни ҳозирча менинг хонамга киргизайлик. Кейин… кейин гаплашамиз.
Директорнинг кабинети китобга тўлиб кетди.
Нажот Ғайбулла ўқувчилар изидан синфхонага ошиқаркан шоша-пиша тушунтирган бўлди.
— Вилоят марказидан опкелдим. Шунақа махсус фонд бор.
Директор иккимиз гоҳ бир-биримизга, гоҳ уюм-уюм китобларга тикилганча қолавердик. Икковимиз ҳам таажжубдан танг қотганмиз.
— Қизиқ, — деб ғудранди Қалқонов муаллим. – Қанақа махсус фонд? Ҳеч эшитмаган эканман, ё, сенинг хабаринг борми, Норхол?
Мен ҳам бош чайқаб елка қисдим. Ўқув йили бошида туман маориф бўлимидагилар ҳар бир синф учун атиги беш-олтита дарслик ва беш-олти оғиз пўписа берганди: «Улушларинг шу. Ғинг –шинг билан шикоят қилиб юрганларингни эшитмайлик. Фонд тамом. Қолганини бозор-мозордан сотиб оласизлар».
Биз икки ўт орасида қолдик. Хўш, эрта-индин муқаррар келадиган тафтишчилар, «Дарсликларни қайдан олдинглар» деб сўрашса нима деб жавоб берамиз.
Танаффус пайти Нажот Ғайбуллани директор икковимиз яна ўртага олдик. Мен ўтиб-қайтаётган ўқитувчиларнинг китобларга кўзи тушмаслиги учун эшикни зичлаб ёпиб қўйдим.
— Тўғрисини айт, болам. Қаердан опкелдинг буларни? – деб сўради Қалқонов муаллим.
Нажот Ғайбулла хотиржамлик билан ўша гапларини қайтарди.
— Айтдим-ку…
— Туман раҳбариятидан биров-ярим сўраб қолса, бундай деёлмаймиз.
— Нега, устоз? Болалар дарсликли бўлганини эшитиб хурсанд бўлишади-ку?
— Йў-ўқ… Бошимизда ёнғоқ чақишади. Вилоятга арз қилиб боргансанлар, дейишади.
Мен ҳам ўзимча фикр билдирган бўлдим.
— Яхшиси, пул йиғиб бозордан опкелдик деймиз.
— Йўқ, — директор жаҳл билан ёзув столига муштлади. – Бўлмайди. Ҳар бир ўқувчи, ҳар бир муаллимга қандай тушунтириб чиқасан буни? Бирортаси оғзидан гуллаб қўйса, тамом.
Нажот Ғайбулла гуноҳкорона тарзда китобларга термулиб ўтирарди.
— Бирорта тадбиркор ҳадя қилди деган қоғоз тўғриласак-чи? — деди Қалқонов муаллим чеҳраси андак ёришиб. У қисиқ кўзларини пирпиратиб бир менга бир янги муаллимга тикилди.
Охири шу қарорга келдик. Ўша куниёқ катта танаффус пайти ўқитувчилар ўртасида савобталаб бир тадбиркор мактабимиз учун дарслик китоблар ҳадя этгани ҳақида гапирдим.
— Эҳ, отасига раҳмат, — деб юборди Эшболта ака, кекса бошланғич синф ўқитувчиси. – Болажонлар жуда қийналиб юрганди-да.
Тағин бир бошланғич синф муаллимаси – Нозима чинқириб ўрнидан туриб кетди.
— Дарсликлар?! Энди дарсликлар бўйича ўқитамизми?
— Э, чинқирма-е, — дея жерикди уни Боймурод ака. – Нима, ҳалиям ойнага қараб-қараб ўқитмоқчимисан?
Боплади. Мен Боймурод акага миннатдорона бош ирғадим. У киши жилмайиб қўйди. Тўғриси, шу қиз менга ҳам сира ёқмайди. Балки илмий мудирга бунақа гап ножоиздир. Лекин барибир кўнгилга буйруқ бериб бўлмайди-да!
Унинг семиз, дум-думалоқ бичимига қарасам нафасим бўғилиб кетаверади.
Нозима бундан атиги икки йилча илгари шу мактабни аранг битириб кетган эди. Онаси тилли-жағли, шатта аёл. Бизда фаррош. У ёққа чопди, бу ёққа чопди, охири қизини аллақаердаги педколлежга ўқишга киритди. Сўнг яна зир-зир югуриб, гоҳ ҳокимиятга, гоҳ прокуратурага арз қила-қила Нозимани тағин қўлимизга эсон-омон топширди. Бошланғич синф муаллималигини беришга мажбур бўлдик. Мен бир гал онасига алам билан юзланиб: «Нозим ғирт саводсиз-ку? Болаларнинг уволига қоласиз-а?!» дедим.
Фаррош аёл пинагини ҳам бузмади: «Яхши-да, қайта ўқиб олади, ўргилай…»
Хуллас ўша катта танаффус пайти тадбиркорнинг ҳадяси тузуккина муҳокама қилинди. Фақатгина домла Хуррамович гап-сўзларга аралашмай, тиришган башараси баттар тиришиб Нажот Ғайбуллани синчков-синчков кузатиб ўтирарди. Ўқитувчиларнинг кўписи дарсликларга ялчиб қолганимиздан қувониб, номаълум саховатпешани астойдил алқашди.
— Қурумсоққина бойвачча экан-да, — деди кимё муаллимимиз Салимахон муҳокамага якун ясаркан. – Пулгинасини қўлимизга бериб қўйса, ўзимиз олардик-да шу китоб-питобни.
Салимахон куйинчак, талабчан муаллимаю лекин «кимё» деганда кўпинча соч-тирноқ бўяшни тушиниши чатоқ. (Аёл-да) Билими ҳам ёмон эмас. Пойтахтда ўқиган, қип-қизил диплом эгаси. Баъзи бир мақтанишларига қараганда, амалиётни «Гўзаллик салон»ларида ўтаган. Энг ёмони, иш юзасидан озгина койисак, Салимахон дарров маориф мудирига югуриб боради. Шу боис фаол, интилувчан муаллима сифатида раҳбарият ҳам уни жуда яхши танишади.
Хуллас, ҳадя дарсликлар шу куниёқ ўқувчиларга ими-жимида тарқатилди. Сабоқлардан бўшанқилиги китоб йўқлигини баҳона қилиб юрган болаларнинг пешоналари тиришиб кетди.
Бироқ китоб тўла машинани кўрганимиздаёқ ичимизга кириб олган ваҳима барибир бизни тарк этмади Директор ҳам мен ҳам гўёки игна устида юрардик. Хаёлларимиз бесаранжом. Йўқ, беҳуда азият чеккан эканмиз. Ўша ҳафта туман марказидан келган тафтишчилар тўпи туйқус ўқувчилар қўлида пайдо бўлиб қолган дарсликларга эътибор ҳам бермади. Хавотирдан терлаб турган Қалқонов муаллим бекордан-бекор уч шиша ароққа уч коса шўрвага чиқимдор бўлди. Дарсликларнинг қайдан, қандай пайдо бўлгани эса жумбоқлигича қолаверди. Директорни билмадиму мен шу сиру синоат ҳақида тинимсиз ўйлардим. Икки-уч марта Нажот Ғайбуллани чеккага тортиб гоҳ жиддий, гоҳ ҳазил-ҳузл билан сўраб-суриштиришларим ҳам ҳеч наф бермади. Янги муаллим ўзига ярашиқли ҳамишаги табассумлар билан тағин ўша гапида туриб олди: «Вилоятдаги махсус фонддан келтирдим…»
Йўқ, дарсликлардан сўнг ҳам «махсус фонд» машмашаси ҳали тугамаган экан!
Нажот Ғайбулла бир куни баҳайбат телевизор, алламбало видео ашқол-дашқоллар келтирди. Бунгача ҳам у жуғрофия кабинетини мисоли музей ясантирган, жиҳозлаган эди. Деворларда турли-туман харитаю кўргазмали плакатлар. Стол устида селитрага бўккан улкан тарвуздай глобус. Ҳар бир партада иккитадан семиз, рангли китоб. Китобни варақласангиз дунёнинг бу чеккасидан кириб нариги тарафидан чиқасиз. Хонанинг у ер-бу ерига улкан кема ва самолёт макети қўйилганки, гўё шу транспортларда саёҳатга чоғлангандек ҳис қиласиз ўзингизни.
Мана, шунча сеҳру жодуси етишмагандай Нажот Ғайбулла тағин ҳаммамизни ҳангу манг қолдириб телеаппаратуралар келтирди. У ғаройиботларини жуғрофия кабинетига жойлаштираркан ҳаяжону қувончдан энтикарди.
— Ҳаммаси болаларга! Ана энди дарс-дарсдай бўлади-да.
«Дарс-дарсдай бўларканми?! – ўйлардим мен гангиб.- Шу пайтгача унинг дарслари қанақа эди?».
Биз – мактаб раҳбарияти янги муаллим ишга келгандан бери унинг сабоқларини тез-тез кузатиб турардик. Бир гал ўзим расмий текширувчи сифатида синфхонага кириб орқа партага жойлашдим.
Ўқувчилар ўз ўринларида учишга шайланган қушлардек сергак ўтиришибди. Ҳамма Нажот Ғайбуллага ҳурмату эъзоз билан тикилган. Синфхонада пашша учса билинади.
— Тинч океани дунёдаги энг катта уммон.
Нажот Ғайбулла қўлидаги синф журналию китоб-дафтарларини стол устига қўяр-қўймас дабдурустдан, томдан тараша тушгандай дарс бошлаб юборди.
Одатда биз ўқитувчилар синфхонага киргач, ўн-ўн беш дақиқа ғала-ғовур, пичир-пичирларни тинчитиш билан овора бўламиз. Сўнг синф журналини очиб узундан-узун йўқлама ичида хийла вақт йўқолиб кетамиз. Кейин ўтган сабоқ юзасидан сўроқ-тергов бошланади. Тайин гапки, дарс тайёрламай келган ўқувчи унча-мунча партизандан баттар миқ этмай тураверади. Хуноб бўлиб уни койиб-жеркамиз. Икки-уч шунақа қайсарлар билан олишувдан сўнг ўзимизнинг тинкамиз қуриб, асабларимиз қақшайди. Буёғи танаффусга яқин. Шоша-пиша янги дарсни бошлаймиз. Ўқувчиларнинг беадоқ шивир-шивир, пичир-пичирига қориштириб конспект қилиб келганларимизни амал-тақал билан айтиб берамиз.
— Тинч океани дунёдаги энг катта уммон!
Нажот Ғайбулланинг сокин, соҳир овози синфхона бўйлаб сирли-сирли кезинади. Ҳаммаёқ тинч уммонига ғарқ бўлгандай жим-жит. Янги муаллим аҳён-аҳён доскага зарур рақаму атамаларни ёзиб қўяди, гоҳ стол устидаги глобуснинг керакли нуқталарига ишора қилади. Ўқувчилар аллақачон синфхонадан «учиб» кетишган. Улар устозларига қўшилиб олис-олис оролларда, сув дунёсининг ғаройиботлари ичида сайр этиб юришибди.
Қўққис танаффусга қўнғироқ чалинди. Қўнғироқнинг беаёв чинқириғи ҳамма-ҳаммани олис чўл посёлкасининг овлоқ қўйнига яна қайтариб келди. Шундагина мен ҳам ўқувчилар сафида эканимни пайқаб қолдим. Ҳатто қулоқларим остида хийла вақт палма дарахти шовуллаб турди, уммон сувининг шўр таъми томоқларимни куйдириб ўтгандай бўлди. Бунақа аччиқ таъм одатда ич-ичимдан ўксиб йиғлаганим чоғ пайдо бўлади.
Наҳотки мен ўксидим?Нега?! Янги муаллимдай дарс беролмаслигимни англаб етдимми?
Текширувдан дилгир ва асабий кайфиятда чиқдим. Қалқонов муаллим дарров ҳузурига чорлади.
— Қалай?
— Ёмон.
— Нега?
— Ростданам дарс ўтаркан.
Қалқонов муаллим ерга қаради. Мен дераза ортида ястанган тип-тиниқ осмонга тикилдим.
— Хафа бўлма, — деб гап бошлади директор чуқур бир тин олгач. — Сизлар ҳам яхши муаллим. Баҳоли қудрат ўқитяпсизлар-ку?
— Бу бошқача-да.
— Нажотнинг шароити тузук шекилли. Кўриб турибмиз, моддий жиҳатдан ҳам бақувват. Бунақа бўлгандан кейин фақат дарсни ўйлайди-да. Ўз устида ишлайди. Сизлар ҳам…
Қалқонов муаллим гапини ичига ютиб яна ерга айбдорларча тикилди.
Мен томоқларимда тағин денгиз шўрини туйдиму беихтиёр ташқарига отилдим.
Шундай қилиб, Нажот Ғайбулланинг теле-аппаратуралари яна бизни таҳликага ташлади. Гоҳ директор, гоҳ мен янги муаллимни сўроққа тутдик.
— Қаердан олдингиз бунақа қиммат нарсаларни?
Жавоб яна одатдагидай бўлди:
— Вилоят марказидан. Махсус фонд.
— Ўв-в… — Қўққис пайдо бўлган домла Хуррамович терговга аралашди. Сен бола нега майнавозчилик қиляпсан? Қанақа махсус фонд? – азбаройи жаҳлдан Ҳуррмовичнинг сариқ қопламали тишлари орасидан тупук сачради. – Хат-пати борми бу матоҳларнинг?
Нажот Ғайбулла хотиржам кулди.
— Устозлар, кечирасизлару… лекин ғирт дунё бехабар экансизлар. У ерда ҳеч қанақа қоғозбозлик йўқ. Шундай борасизу мактаб номидан ариза берасиз. Улар дарров компютер орқали текширишади. Ростданам мактабимизга шу нарсалар берилмагани аниқланса, тамом. Узр сўрашиб, икки соат ичида аризангизни ижобий ҳал қилиб беради. Керакли ҳужжатларни ўзлари тўғрилаб қўйишаверади. Улар ўқитувчиларнинг вақтини ўғирлаб, сарсон қилиб қўйишни жиноят деб ҳисоблашади.
— Текширамиз ҳали, — деб тўнғиллади домла Хуррамович чиқиб кетаркан. — Эртак-чўпчагингни катта холангга айт.
Қалқонов муаллим ботинолмайгина деди:
— У ёқларга боришдан аввал сал-пал маслаҳат қилинг-да.
Нажот Ғайбулла бош чайқай-чайқай жилмайиб дарсга кетди.
Директор ва мен яна бир-биримизга таажжуб билан тикилдик.
— Чинмикин-а?..
— Билмадим…
— Чинга ўхшайди, — Қалқонов муаллим кўпни кўрган қарияларга хос мулоҳаза қила бошлади. – Ўз пулига сотиб олиб келса дарров кўкрагига урарди, мактаб учун ундоқ, мундоқ қилдим, деб дунёни бошига кўтарарди. Йў-ўқ сотиб олмаган. Ё, ўғрилаб келдимикин-а? Йў-ўқ, мактаб учун жонини хатарга қўйиб зарилми унга?! Норхол, шу боланинг гапи рост.
Ниҳоят, Нажот Ғайбулла бизни енгди. Аллақаерда мактабларнинг хизматига ҳозиру нозир, ўқитувчиларни сарсон қилишни жиноят деб биладиган махсус жамғарма борлигига ноилож ишондик.
Кунлардан бир кун янги муаллимнинг ишлари туман раҳбариятининг назарига тушди. Совхоздаги маънавият маданий тадбирлар режаси билан танишиш учун келган ҳокимият вакили Маънавий-маданий объект сифатида мактабимизга ҳам бош суқиб ўтган эди. Биз анчагина шошиб қолдик. Лекин вакилга Нажот Ғайбулла ясантириб қўйган кабинетни мамнуният билан кўрсатдик. Текширувчи бу ерда хийла вақт ивирсиб қолиб кетди. Янги муаллим қай гўрлардан топиб келтирилган антиқа-антиқа жиҳозларни қизиқиб-қизиқиб томоша қилди. «Зўр дам олиш хонаси бўпти-да», — деб хулоса ясади охири бизни тарк этаркан.
Ҳокимият вакили келиб кетгач, уч-тўрт кун ўтиб директор икковимизни туман маориф идорасига чорлашди. Бу чорловнинг бир балоси борлигини пайқаган тажрибали педагог Қалқонов бетоблигини баҳона қилиб марказга бормади. Ноилож Боймурод ака билан кетдик.
Маориф мудири Эркабоев бетоқат кутиб турган экан.
— Бу нима гап, ҳамкасблар?! – дея аюҳаннос солди у стол муштлаб. – Нега мен билишим, шахсан бошида туришим керак бўлган ишларга ҳокимият вакили аралашиб юрибди?!
Кундоши кийиб ўзи қуруқ қолган аёлдай куйиб-ёнаётган маориф мудирининг ёзғиришларидан алланеларнидир ғира-шира англаб етгандай бўлдик.
Ҳокимият вакили ўша куниёқ ўзини ҳайратга солган жуғрофия кабинети ҳақида шахсан туман ҳокимига маълумот берибди. Албатта, маълумотда ушбу ҳайратланарли ишларда ўзини бош-қош ташкилотчи деб камтарлик билан кўрсатиб ўтган. Ҳоким эса маънавий-маданий тадбирлар юзасидан вилоят ҳокимиятига тайёрлаб ўтирган ҳисоботига жонкуяр вакилнинг маълумотномасини ҳам қистириб юборибди. У ёқда маънавий-маданий тадбирлар, мактаб ишлари бўйича жонкуяр кадрга зор бўлиб туришган экан, шекилли, жуғрофия кабинети учун фидойилик кўрсатган вакилни дарҳол чақириб олишибди. Қарабсизки, уч-тўрт кун аввал аллақандай тадбирлар режаси деб овлоқ посёлкада сарсон юрган вакил вилоят ҳокимиятида бир бошқарма бошлиғи!
— Сотқинлар! Ичи қоралар! – деб ҳануз оҳ-воҳ чекарди Эркабоев. Охири у улоқни олдирган чавандоздай курсисига беҳол суяниб қолди. Уф кетидан уфлар тортди. Бироз ўзига келгач менга Ўртоқ Хушбоқова, нега ҳисоботларда манави янгилик ишлар ҳақида лом-мим демагансиз?
Мен ҳам, Боймурод ака ҳам худди никоҳ ўқилаётгандек ерга тикилдик. Нажот Ғайбулланинг ибратли ишларини кўз-кўз қиладиган ҳисобот тайёрламаганимизнинг сабаблари ўзимизга аён. Сирли муаллимга биз келган кунидан бери шубҳаланиб қарардик. Унинг афт-ангорида, уст-бошида, иш фаолиятида алланечук бегоналик бор эди. Ана шу бегоналик бизни ҳуркитиб турарди. Биз Нажот Ғайбуллага ишонмасдик! Масалан, мен ҳаммаси туш, ҳозир уйғонаману барча маш-машалар тугайди, ниҳоят, енгил тортаман, деб ўйлардим. Ҳатто, Қалқонов муаллим ўзини бир-икки дўхтурга кўрсатиб келди. Йўқ, ҳаммаси жойда экан. Ҳеч қанақа савдойилик аломатларини пайқашмабди. Лекин тан олиш керак, Нажот Ғайбулланинг ҳайратомуз иш фаолияти бутун дунёга жар солгулик эди. Биз директор билан келишиб, ҳис-ҳаяжонга берилмасликка, янги муаллимга нисбатан бироз совуққон бўлиб туришга қарор қилдик. Шу сабаб унинг кўрган кўзни, эшитган қулоқни қувонтирадиган иш фаолияти тўғрисида ҳисоботда лом-мим демаган эдим.
Хуллас ўша куни маориф мудири таъзиримизни берди. Судракланиб ташқари чиққанимизда хийла кеч бўлиб қолган эди. Кун совуқ. Гоҳ у, гоҳ бу йўловчи машинага илашиб амал-тақал билан посёлкага етиб келдик. Анчагина йўлни яёв ҳам босдик. Қоронғулик қуюқлашиб борарди. Мен қўрққанимдан Боймурод аканинг иссиқ қўлларидан ушлаб олганман. Хийла яёв юрганимизданми ё алланечук ҳаяжонданми тобора исиб кетмоқда эдим.
Боймурод ака кутганимдек ҳамишаги гапини бошлади.
— Норхол, — деди у товуши титраб. – Юр, бу ерлардан бош олиб кетамиз. Сени бошимда кўтариб юраман. Биз бахтли бўламиз. Мана, кўрасан…
Мен у кишини ҳамишагидек койидим.
— Қўйинг, бунақа гапларни, Боймурод ака. Икковимиз ҳам оилали, бола-чақалимиз. Янгам бошингизда парвона, яна нима керак сизга? Қўйинг, мени қийнаманг. Бизларга ярашмайди бунақа гаплар. Ўқитувчи номимиз бор-а. Қўйинг.
— Қўймайман, — деб энтикди Боймурод ака. – Нима, бола-чақали одамга севиш-севилиш мумкин эмасми? Ўқитувчининг юраги йўқми, муҳаббатга ҳаққи йўқми унинг! Норхол, қўрқма. маломатлардан чўчима, одамлар учун яшамаймиз-ку, ахир?! Икковимиз кетамиз, Норхол. Эринг барибир энди қайтмайди. Менинг… менинг болаларим дастёр бўлиб қолган. Оналарини ёлғизлатиб қўйишмас. Бир кун мени тушинишар…
Мен Боймурод аканинг иссиқ қўлларидан силтаниб чиқдим. Қоронғулик қўйнига чопиб кетдим. Алланарса денгиз шўридай томоқларимни куйдириб-куйдириб келарди.
Ҳурматли терговчи, сизни қизиқтирган ўша юмалоқ хат юзасидан ёзганларми шу. Алоҳида ҳеч нарса деёлмайман. Мени тушунасиз деган умиддаман. Янги муаллим билан боғлиқ машмашалар юзасидан эса истаганингизча ёзаман.
Хуллас, бизни чақириб адабимизни берган куннинг индинига Эркабоевнинг ўзи бир неча мулозимлари билан етиб келди. Янги муаллим ялантирган хона унда ҳам чуқур таассурот қолдирди.
— Бу кабинетни кўз қорачиғидек асранглар, — деди у йиғилиш ўтказиб. – Раёнога комиссия келса намунали ўқув хонаси сифатида шуни кўрсатамиз.
Мен гап орасида Нажот Ғайбулланинг дарс услубини мақтаб, мудирни кузатувчиликка таклиф этдим. Бироқ ўша кунги алам-изтироби ҳануз тарқамаган Эркабоев қайнаб кетди.
— Қуруқ гап керак эмас, Хушбоқова. Ҳисоботда кўрсатиб кўрсатинг, ҳисоботда. Ўқитувчингиз ўз дарс режалари асосида методикасини ишлаб чиқиб раёнога тақдим этсин. Албатта, бисмиллосиям, фотиҳасиям кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан бўлсин. Хуллас, шу қоғозларни тайёрламасдан мени ҳеч қанақа мўжизага ишонтиролмайсиз. Тушунарлими, ўртоқ Хушбоқова?
Тушундим. Эркабоев жўнаб кетгач, мудирнинг талаб ва хоҳишини Нажот Ғайбуллага етказдим. Бир пайт янги муаллимнинг ранг-рўйи бўзариб тўрга тушган балиқдек типирчилаб қолди. Ғулдираб-ғулдираб тушунтиришидан англадимки, ҳаммани ҳайратлантириб юрган бу сирли муаллим на ҳисобот ёзишни, на режа тузишни биларкан. Мен уни ниҳоят камчилигини топганимдан қувониб кетдим.
— Кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан хабардормисиз ўзи? – сўрадим қизиқсиниб.
Нажот Ғайбулла бўшашибгина ерга қаради. Мен аччиғимни аранг босиб яна ҳужумга ўтдим.
— Таълим бўйича чиққан кейинги икки қарор билан танишмисиз?
Нажот Ғайбулла гоҳ қизариб, гоҳ бўзариб бош чайқади: тамом бехабар.
— Ҳисобот ёзишни билмасангиз, — деб гапга аралашди Қалқонов муаллим меҳрибончилик билан, — ишингиз кўринмайди болам. Анави ҳужжатларни ҳам ўрганиб чиқинг. Эсам бирон текширувчининг олдида уялтириб қўясиз.
Мен янги муаллимнинг қусурини топганимдан қанча қувонган бўлсам, унинг фавқулодда ростгўйлигидан шунча жиғибийрон бўлдим: «Нега ҳаммасидан хабардорман деб қўя қолмади?! Ким текшириб ўтирибди унинг билар-билмаслигини? Менми? Қалқоновми ё Эркабоевми? Умуман, шунақа долзарб ҳужжатни бекаму кўст ўрганиб, ҳузурланган кас борми? Нега «ҳеч қайсимизга ўхшамайди Нажот Ғайбулла, ўлгур? Қанақа сирли муаллим бу?»
Йўқ, ниҳоят, Нажот Ғайбулланинг сири очилди. Бир ҳафтача аввал «Ўқитувчилар хона»сига домла Хуррамович ўқдек отилиб кирдию, ҳаммаси тамом бўлди.
— Ўқитувчиларни йиғинг! – деб ўшқирди у, гўё ҳаммасига мен айбдордай. – Анави муттаҳамнинг сирини фош қилдим, тез бўлинг. Унинг ўзиниям етаклаб келинг.
Сўнг ҳаммамизга маълум воқеалар бўлиб ўтди. Нажот Ғайбулла ичимиздаги бегона эди. Бегоналигича даф бўлди. Биз қутулдик… Билганларим шу. Мен кўнглимдагини очиқ-ойдин ёздим. Чўчийдиган жойим йўқ. Олишса шу ўқитувчилигимни олишар. Узр. Томоғимни денгиз шўридай бир нима куйдириб келяпти.

* * *

(Мактаб директорининг ўринбосари Б.Б.Боймуроднинг тушунтириш хати)
Ёшим қирқдан ўтиб қолди. Беш болам, бир хотиним бор. Хотин касалманд: ошқозон ярасими-ей. Ҳар куни инқ-синқ. Болалар улғайган сайин қувониш ўрнига хавотирга тушяпман. Ҳаммасининг яхши еб-ичгиси, чиройли кийингиси келади. Ҳали тузукроқ институтларда ўқитиш, уйли-жойли қилиш деган орзулар ҳам бор. Икки йилча аввал Устоз Қалқонов қўярда қўймай ўзига муовин қилиб олди. Рад этолмадим. Кекса одам, ишонч билан мўлтираб тургандан кейин… Ойлигимга арзимас чой чақа, бир ташвишимга минг ташвиш қўшилди. Йўқ, мен ишдан нолимайман. Ўқитувчилик ҳам жону дилим. Юрагим, бутун ақлу фикримни бериб ишласам дейман. Лекин… ҳаммаёқда чигаллик.
Алгебра ўқитувчимиз – Хайрулла, жингалак соч, хушсурат, қувноққина йигит ишдан кетди. Жуда билимдон, ҳисоб-китоб илмини чуқур ўзлаштирган муаллим эди.
— Ака, — деди у бир кун уйимга келиб. – Бир қўшма корхона ишга чақиряпти. Кетсаммикан-а? Кўряпсиз иқтисод чатоқ. Рўзғоримиз катта.
— Қанча ойлик беришмоқчи улар?
Хайрулла ўзига ваъда қилинган маошни тилга олди. Зўр! Лекин мен дабдурустдан оқ йўл тилаёлмайман. Мактабни ҳам ўйлашим керак-да, директор ўринбосари номим бор.
— Устоз Қалқонов билан би-ир маслаҳат қилиш керак-да, — деб масъулиятдан ўзимни опқочдим.
Хайрулла чайналди. Афтидан унинг мактабдан кетгиси йўқ.
— Ака, тўғриси, муаллимчилик ёқади ўзимга, — деди у ўйланиб. – Раёно мудири билан гаплашиб кўрсак-чи, балки қандайдир имкониятлар бордир. Балки, зарур кадр сифатида менинг ойликларимни ошириб қўйишар. Тинчгина шу ерда ишлайверардим.
Содда муаллимнинг хаёлларига кулибгина қўйдим. Ахир, ҳаммаёқда бир хил хўроз қичқирган, қанақа имконият? Шундай бўлса-да, эртаси куни Хайрулла иккимиз Эркабоевнинг қабулига кирдик.
Арзу ҳолимизни эшитиб мудирнинг фиғони фалакка чиқди.
— Кетсанг кетавер! Қани унақа жойга мени ҳам чақиришсаю жўнаворсам. Ёғли жойдан қолма, боравер!
Эркабоевнинг кесатиқлардан Хайрулла икковимиз мулзам тортиб қолдик. Мудир яхна чойдан бир ҳўплаб тағин ҳужумга ўтди.
— Мактабда ҳар ким ишлаёлмайди, ука! Аввало ватан туйғуси керак, фидойилик зарур.
— Мен чет элга қочиб кетмоқчи эмасман, домла, — деди Хайрулла сал бош кўтариб.
Маориф мудири эътирозга эътибор бермай, ўз фикрини шеър билан якунлаган бўлди.
— Эмас осон бу майдон ичра турмак, шер панжасига манжа урмак. Ана, вассалом!
Ана, вассалом. Хайрулла ишдан кетди. Унинг «алгебра»си менга қолди.
— Боймуроджон, ўзинг бир амаллаб тур, — деб ялинди Қалқонов. – Худо меҳрибон, бирор математикни бериб қолар.
Кўндим. Умуман, дарс соатларининг кўплиги яхшию, бироқ имконият деганларининг ҳам чегараси бор-да. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Алгебра – мураккаб фан. Айниқса сўнгги йилларда у баттар мураккаблашгандай. Алоҳида билим, тажриба талаб қилади. Лекин ноилож, виждонга хилоф бир тарзда, устоз айтгандай амал-тақал қилишга киришдим.
Отам қурувчи уста эди. Қон тортдими, ишқилиб шу ҳунардан менга ҳам юққан. Унча-мунча иморатларни пойдеворидан тортиб томигача қуриш қўлимдан келади. Тўғриси шу отамерос касб тирикчиликка асқотиб турибди. Таътил пайти асбоб-учкуна орқалаб мардикорчиликка кетаман. Албатта, узоқ-узоқ жойларга. Тирикчиликнинг айби йўқ дейишадию, бироқ мен бу ҳунаримни сир сақлашга ҳаракат қиламан. Ўқувчиларим билмасин дейман. Ўзимни узоқ-узоқларга саёҳат қилиб, дам олиб келгандай кўрсатаман. Туман марказида бир-иккита уста йигитлар бор. Шерикмиз. Топишимиз ёмон эмас. Лекин ҳамиша кўнглим хира, хаёлларим паришон.
Ўтган қишнинг адоғи эди. Ёғин йўғу бироқ, ҳаво совуқ. Кечки пайт қўй-қўзилар даштдан қайтди. Ҳисоблаб, текшириб кўрсам – бўғоз эчкимиз йўқ. Дарров ўша куни навбати бўйича чўпонлик қилган кишига учрашдим. У ҳам бош қашлаб тайинли жавоб айтолмади. Афтидан, эчки болалаб даштда қолиб кетган! Дарҳол югур Кенгсойга югурдим. Бормаган жойим, сўрамаган кишим қолмади. Лекин эчкидан ном-нишон йўқ. Охири, тун ярмига яқин таъбим тирриқ бўлганича уйга келдим. Ҳамишагидек электр узиб қўйилган. Бутун посёлка зим-зиё. Бола-чақа ҳам ухлаб қолган. Тимрскиланиб шам ёқдим. Лекин ичимга минг бир чироқ ёқилса-да ёришмайди. «Бутун бошли эчкидан ажралдим-а?!» – деб ўйлайман юрак-бағрим ўрнатиб. Тунов куни меҳмонлардан қолган ярим шиша ароқни топиб ичдим. Газагига чакки яладим. Бир зум алам-изтиробларим босилиб, чарчоқларим тарқалгандай бўлди. Эртанги дарсларга тараддуд кўришни, конспект ёзишим керак эди. Ноилож, китоб-дафтарларимни хонтахта устига олдим. Бироқ на китоб варақлагим, на қағаз қоралагим келади. Кўнглимнинг ярмида манави китоб-дафтар, ярмида йўқолган эчки. Ақл-шууримнинг ярмида эртанги дарслар ташвиши, ярмида эса молу жон қайғуси. Эчкимисан эчки эди-я ўзиям, қайбир йили устачиликдан орттирган пулимга олгандим. Нуқул эгиз туғарди, омон бўлгур. Дод солиб йиғласам дейман.
Бир пайт дарвоза тақиллагандай бўлди. Бирдан ҳушёр тортдим. «Бирортаси эчкини топиб келдимикан?! Ё, пирим…»
Елкамга чопонимни елвагай ташқарига отилдим.
Дарвоза ёнида Норхол турган экан. Эгнида апил-тапил кийилган халат, дуррачаси сирғалиб бўйнига тушган.
— Ака, — деди у ҳиқ-ҳиқ йиғлаб. — Ёрдам беринг, қизим ўлиб қолади, иситмаси баланд.
Ҳовлиққанимча яна ичкари отилдим. Яхшиям хотин касалманд, яхшиям унинг дори-дармон қутичаси бор. Ишқилиб ичидан бирон-ярим таблетка топса бўлади. Қўни-қўшнилар ҳам шунга ўрганиб қолишган, вақт-бевақт у-бу малҳам сўраб чиқиб туришади.
Ўзимча зарур деб ўйлаган дориларни олдиму тағин ташқарига отилдим.
— Юр, Норхол, қўрқма. Ҳаммаси яхши бўлади.
Норхолнинг уйи бизникидан анча узоқда. Посёлканинг нариги чеккасида деса ҳам бўлаверади. Аслини суриштирганда, бу чала ҳовли Норхолнинг эрининг бир узоқ қариндошига тегишли. Узоқ қариндош ҳовлини бутлашга кучи етмай, ижарага топшириб қўя қолган. Норхолнинг эри эса икки йилдан бери бедарак. Иш излаб Россия томонларга кетганича қайтмади. Аёл икки нафар гўдаги билан қолиб кетди. Хайрият, тўнғичи бу йил биринчи синфга чиқди. Ҳар ҳолда онасининг кўз олдида бўлади. Қизчаси эндигина икки ёшдан ошди. Норхол уни гоҳ онасига, гоҳ синглисига ташлаб мактабга чопади. Иш-да. Ҳар нечук шу ердан топгани ўзига ва болаларига етиб турибди. У она тили ва адабиётдан дарс беради. Бир йилча аввал Норхолни илмий мудирликка кўтардик. Чунки бунақа ишга ҳуснихати чиройли, имлода қусури йўқ, сариштали, хушмуомала кадр керак. Анча ёш бўлишига қарамай, жамоамиз бир овоздан шу аёлни маъқул топишди.
Ўша тунда Норхолда ҳеч бир илмий мудиралик нуқси йўқ эди. Теваракка телбавор-телбавор аланглаб, пиқ-пиқ, шўрқ-шўрқ йиғлаганича қоқила-сурила борар эди.
Ниҳоят, уникига етиб келдик. Икки хонали лойсувоқ уй. Ичкари муздек. Ўртадаги хонтахта устида бир бўлак шам тириша-буриша ёниб турибди. Унинг лип-лип ёруғи хона ичини ғира-шира ёритади. Чаласувоқ девор бетига каттагина гилам осилган, бурчакда бир сандиқ. Сандиқ ёнида кийим жовон. Хона тўрига тўшалган ўринда икки боласи ётибди. Шарпамизни пайқаб қизча йиғлаганича ўрнидан турди. Чиндан-да иситмаси баланд.
Норхол икковимиз қизчанинг хархашасига қарамай дори ичирдик. Мен шиша тубида қолган ароқни ҳам олиб келган эдим. Шуни дарров гўдакнинг баданига суртиб ташладим. Сўнг кўрпачага ўраб ётқиздик.
— Нега печ ёқмагансан? – деб сўрадим ҳануз болалари билан андармон Норхолдан.
— Чалма соб бўлибди.
Мен яна ташқарига отилдим. Қоронғуликда тимирскиланиб хас-чўп йиғишга киришдим. Кўча бошида тарвақайлаб ўсган дарахтнинг қуруқ шохларидан синдириб-синдириб олдим. Шунга ҳам анчагина вақт кетди. Хуллас, бир амаллаб печ ёқдим. Аввалига тутаб-тутаб турган ўтин, охири гуриллаб ёнишга тушди.
Норхол гоҳ болаларига, гоҳ хонтахта устида сочилган китоб-дафтарларига ҳорғин термулиб ўтирарди.
— Иситмаси тушдими? – сўрадим ундан.
— Ҳа, — хира бир товушда жавоб берди Норхол. – Озгина терлади. Кечирасиз, Боймурод ака, сизни ҳам ташвишга қўйдим.
Теварагимга секин разм солдим. Худди менинг уйимдек шип-шийдам, тўзғиган хона, сочқин китоб-дафтарлар беихтиёр ўз дарду ташвишларимни яна миямга урди. Ич-ичимда тағин алам-изтироб қўғзалди. Айни чоғда кўнглимдаги алғов-далғовлар Норхолнинг ҳам юрак-бағрини ўртаб турганини чуқур ҳис этдим.
Аёлнинг хушбичим юзида, маъюс кўзларида шамнинг лип-лип шуълалари ўйноқларди. Беихтиёр уни қучиб эркалагим, овутгим келиб кетди.
— Норхол, — дедим оҳиста унинг қўлидан тутиб.- Куйинма. Бизга ҳам боққан бахтли кунлар бордир, ахир.
Норхол беадоқ алам-изтироб билан кўзларимга тикилди. Ҳа, бу алам-изтироб менга жуда-жуда таниш эди. Нимадир томоғимга тиқилиб келди.
— Норхол, ўзимнинг жоним, — дедим уни оҳиста бағримга тортиб.
Аёл қўққис ҳўнгираб кўксимга бошини қўйди.
Ўша тун тонгга яқин уйга қайтдим. Юрагимда бир ўт ёнар эди, бу муҳаббат ўти эканини сал кейинроқ енгладим. Мен Норхолнинг ўзимникидек дард-ғусса қалққан юз-кўзларини севиб қолдим. Ёш бир ерга бориб етганда ногоҳ бунақа туйғуга дуч келиш… Аввалига уялдим, ўз-ўзимни койидим, сўкдим. Одоб-ахлоқнинг бутун авлиёлари номидан ўз-ўзимга насиҳатлар қилдим. Бироқ бари бефойда. Норхолнинг юз-кўзларидаги ўша таниш изтироб-қайғу мени ўзига оҳанграбодек тортар эди.
Ҳурматли терговчи, мени бир чеккага тортиб, аллақандай юмалоқ хат юзасидан сўраганларингизга жавобим шу. Сиз истагандай алоҳида тушунтириш хати ёзмайман. Тўғрироғи, ёзолмайман. Анови Нажот Ғайбулла ҳақида эса истаганингизча сўранг. Керагидан ортиқ қилиб ёзиб бераман.
Худди ўша телбавор ҳисларга қоришиб юрган кунларим Нажот Ғайбулла пайдо бўлди. Унинг пўрим уст-боши, мағрур ва сипо юриш-туришлари аввалига менинг ҳам энсамни қотирди. Сўнг янги муаллимга ҳавас қила бошладим. Бу ҳавас, чуқур ўйлаб қарасам, кейинчалик беаёв ҳасадга айланиб қолган экан. Нажот Ғайбулла икки-уч ҳафта ичидаёқ мактаб жамоасининг қалбига, руҳига кириб олди. Ўқитувчилар бир-биридан яшириб-яшириб, тортиниб-тортиниб беихтиёр уни тақлид қила бошлашди. Ҳафталаб соқол қиртишламайдиган баъзи бир муаллимлар кунора қиртишлаб, сочларини орасталаб, ҳатто енгил-елпи хушбўйлар сепиб келар бўлишди. Айрим ҳазилкаш, ҳушчақчақ ҳамкасблар виқор ва салобат илинжида қош-қовоқ уйиб юришга тиришардилар. (Муаллима хотинларнинг пардоз-андозлари қуюқлашгандан-қуюқлашганини айтмай қўя қолди.) Бироқ буларнинг бари беҳуда эди, беҳуда! Минг тараниб-минг ясансак-да, минг ғўддайиб-минг чимрилсак-да барибир бизда нимадир етишмасди. Ҳатто бир гал Нажот Ғайбулла соқоллари ўсик, одмигина, ғижимтоб кийимда ишга келди. Ҳайҳот шугина аҳволда ҳам у барчамиздан ўктам, барчамиздан хушсурат кўринар эди. Ҳа, бизларда мактабга ярашиқсиз аллақандай қусур борлигини тобора англаб борардим. Гўё суд курсисига тизилишган айбдорлардек «Ўқитувчилар хона»сида паришон ўтирган ҳамкасбларимга қараб кўпинча ўша қусурларини излаб қоламан.
Ўқувчилар ҳам ўзгариб қолишгандек эди назаримда. Айниқса, Нажот Ғайбулла дарс ўтадиган синф болалари. Унча-мунча муаллимларни туртиб-суртиб кетадиган, ерга урсанг кўкка сапчийдиган безори ўқувчилар ҳам Нажот Ғайбулла кўринганда ипакдек майинлашиб одоб сақлашар эди.
Бир гал катта танаффус пайти биология муаллими Ҳасанов билан ҳовлида суҳбатлашиб турардик. Нажот Ғайбулла ҳам ёнимизга келди.
— Кеча телевизорда футболни томоша қилдингизми? – дея Ҳасанов янги муаллимни суҳбат мавзусига тортди.
Нажот Ғайбулла бош ирғади:
— Ҳа, роса зўр ўйин бўлди.
Ҳасанов ўйинда ютқазган жамоанинг хайрихоҳи экан. Асабийлашган кўйи бўшанг футболчиларни бирин-кетин сўкиб, танқид қила кетди. Шу орада тўққизинчи синфнинг безори ўқувчиларидан бири ёнгинамиздан ўтиб қолди.
— Эй, Жумаеп! – дея Ҳасанов муаллим ўқувчини тўхтатди. — Носвойингдан бир отим бер-чи! Миянинг қатиғи чиқиб кетди.
Тиржайганча чўнтак ковлашга чоғланган ўқувчи ногоҳ орамизда турган Нажот Ғайбуллани пайқаб қолдию тек қотди. Сўнг жиддий қиёфада биология муаллимига юзланди:
— Кечирасиз, устоз. Мен унақа нарса чекмайман. Бошқа бировга ўхшатдингиз.
Ўқувчи минг бир хижолат билан биздан узоқлашди.
Нажот Ғайбулла бизга эл бўлолмади. Лекин у ўқувчилар тугул ўқитувчиларнинг ҳам кўнглини топишга астойдил интилар эди. Ҳатто, бир гал муаллимларни ўзининг жуғрофия кабинетига йиғиб, дунё ғаройиботларига оид кассеталар қўйиб берди. Ҳужжатли фильмларнинг кўпи инглиз тилида экан. Янги муаллимнинг ўзи илҳом билан шарҳлаб, тушинтириб турди. Икки соат мириқиб экранга тикилган жамоа, ниҳоят, мексика сериалларидан-да ажойиб томошалар борлигига иқрор бўлишди.
Февралнинг бошларида фанлар бўйича туман олимпиадаси бошланди. Сараланган ўқувчиларни марказга олиб боришим керак эди.
— Устоз, менинг машинамда борамиз, — деб қолди Нажот Ғайбулла.
Бу таклиф менга ҳам маъқул тушди. Қалқонов муаллим ташаббускор янги муаллимнинг дуои жонини қилиб чарчамади.
Эрталаб йўлга тушдик. Яп-янги «Нексия»нинг орқа ўриндиғига ястанишган болаларнинг қувончига таъриф йўқ. Гўё билимларига билим, иқтидорларига иқтидор қўшилгандай. Ҳаво совуқ. Тун бўйи ёмғир аралаш ёғиб ўтган қор дала-даштда ола-қуроқ тўшалган. Машина посёлканинг ўйдим-чуқур йўлидан оҳиста елиб катта трассага чиқиб олди. Нажот Ғайбулланинг жағи-жағига тегмай, иқлим, тупроқ ҳақида болаларга алланималарни астойдил тушунтириб борарди. Болалар ҳам завқ-шавқ билан қулоқ солишган. Бироқ менинг негадир кўнглим ғаш, таъбим тирриқ эди. Назаримда ўқувчилар мен ва Нажот Ғайбуллани зимдан-зимдан таққослаб баҳслашаётгандай: Нажот «Нексия» ҳайдаб боряпти, мен эса тиришибгина ўтирибман. Қундуз телпак, чарм камзул уники, боғичи шалвираган қуён тери телпак, эскигина плаш меники, Нажотнинг болаларга айтар гапи жуда кўп, мен эса ҳатто дарсда керакли сўзни тополмай гангийман.
Туман марказига етиб келдик. Олимпиада ўтказиладиган мактаб ҳовлиси гавжум. Болалар, ота-оналар, ўқитувчилар. Машинадан тушиб бир чеккада уймалашиб турдик. Нажот Ғайбулла йўлнинг нариги бетидаги сомсапазни кўзлаб кетди. «Яхшилаб овқатланиб олишларинг керак, — деганди у йўлда болаларга. Эсам каллаларинг ишламай қолади». Янги муаллимни кута бошладик. Шу пайт пўрим кийинган йўғон бир киши ўтиб қолди. Ёнидаги қизи шекилли. Кўзимга жуда иссиқ кўринди. Тикилиб турганимни пайқади ҳойнаҳой, йўғон киши мен томон қаради. Қарадию жойида таққа тўхтади. Мен ҳам уни дарров танидим.Туманнинг донғи кетган бойларидан бири. Ёзда данғиллама уйининг томини ёпиб берган эдик. Гап орасида у менинг ўқитувчилигимни билиб қолиб алоҳида ҳурмат-эъзоз кўрсатган. Ҳатто келишилган хизмат ҳақига анчагина қўшиб ҳам берган эди.
– Ҳа, домла ўзларими, — деди йўғон кимса мен томон юриб. Семиз башараси тўла истеҳзо. – Какраз сиз керак эдингиз менга.
Шоша пиша салом бериб қўл узатдим.
— Бу… томдан чакки ўтиб кетди-ку, уста домилла,- деди у истар-истамас кўришаркан. – Ҳақни ҳалоллаб олиш керак-да. Сизга ишонгандик.
Назаримда унинг товуши гулдираб бутун теваракка эшитиларди. Шу сабаб беихтиёр ўшқириб юбордим.
— Бақирманг, ака! Кар…
Гапим бўғзимда қолди. Таниш мижоз бир интилиб ёқамга чанг солди.
— Ия, жаҳлимиз ҳам борми ҳали?! Ўх, кўрнамак!
Йўғон кимса бир силтаб тортдию муз қатрон ерга чўккалаб қолдим. Қуён тери телпак бошимдан учиб кетди.
— Мактабдаги болаларни алдайсан, менимас! – ҳануз ўшқирарди эски мижоз. – Сендан бошқа уста мардикорларни ҳам кўрганмиз. Ҳеч бири нонкўрлик қилмаган! Тағин домилла эмиш бу…
Ҳайриятки, шу пайт Нажот Ғайбулла ўқдек учиб келди. Келдию йўғон кимсанинг нақ қаншаримга йўллаган гурзидек муштини ҳавода тутиб қолди.
— Нима гап? Қўйворинг! –халоскор ҳамкасбимнинг товуши босиқ, бироқ алланечук амрона эди.
Эски мижоз орқага тисарила-тисарила Нажот Ғайбуллани бир қур кўздан кечириб чиқди.
— Кечирасиз катта бува, — деди беўхшов илжайиб. – Озгина қизишиб кетдик. Манави нонкўр, асабимни бузди.
Эски мижоз Нажот Ғайбуллани аллақандай амалдор хаёл қилди, шекилли, узр кетидан узр сўраб биздан узоқлашди.
Мактаб майдонида йиғилганлар ҳангу манг қараб туришарди. Уяту аламдан юзим мисдек қизиб, кўзларим хира тортиб кетди. Ўқувчиларимдан бири сал нарида ерпарчин бўлиб ётган телпагимни олиб узатди.
Ўша куни олимпиадани қандай ўтказиб, қандай уйга қайтганимизни эслаёлмайман. Кун бўйи уяту алам алангасида алаҳсиб юрдим. Устига-устак, Нажот Ғайбулла жанжал ҳақида бир оғиз ҳам сўрамади, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, ҳамишагидек болалар билан завқ-шавқла суҳбатини давом эттирарди. Мен уни буткул ёмон кўриб қолдим. Кўнглимдаги ҳавас аллақачон ҳасадга айланиб улгурган эди!
Хаёлларим алғов-далғов бўлиб кетди.Эски мижознинг истеҳзоли юзи, муаллақ қолган мушти мени кечаю кундуз таъқиб қилиб юрарди. Юрсам ҳам, турсам ҳам у ҳақида ўйлардим. Ўйлаганим сайин ўзимни ўша бойвачча олдида гуноҳкор санайман. Чин-да, иззат-икром кўрсатиб, қўйин-қўнжимни тўлдириб жўнатганди-ку?! Бир ойлик меҳнатимга берган ҳақи рўзғоримнинг бир йиллик каму кўстини бутлади-ку, бола-чақа бир қур яйради-ку? Лекин, астойдил ишлагандик. Нима жин тегди экан томга?
Шундай алғов-далғов хаёллар исканжасида уч кун ўтди. Пайшанбадан жумага ўтар кечаси ёмғир ёға бошлади. Жума куни эрталаб, ёмғир қорга айлана бошлаган бир пайтда мен саккизинчи синфда эдим. Физика дарси. Синфхона хийла совуқ. Ўқувчилар устки кийимларига бурканиб, бесаранжом ўтиришибди: ўзаро пичирлашган, шрақлатиб китоб-дафтар варақлашган, алланималарни талашган… Айниқса, қай бир бурчакда ўтирган ўқувчининг қув-қув йўтали асабларимни баттар эговлайди.
Бир амаллаб йўқлама қилиб бўлгач, дераза тараф хомуш тикилиб ўтирган қизни чорладим:
— Болтаева, ўтган дарс қанақа мавзуни ўргангандик?
Қиз норизо чимрилганича ўрнидан турди.
— Ньютоннинг биринчи қонуни.
— Ўтир. Искандарова! – шивир-шивири ҳам ҳеч тугамаётган, озғингина ўқувчини чорладим. – Доскага кел. Ўтган мавзу бўйича би-ир сўйлаб бер-чи.
Искандарова қунишибгина доска ёнига келди.
— Ньютоннинг биринчи қонуни, — ҳар қандай жисм унга бошқа жисмлар таъсир қилиб…
Мен дераза ортида чарх уриб ёғаётган қор учқунларига термулганча хаёлга чўмдим: «Анавининг томидан роса чакка ўтган бўлса керак…»
Бир пайт ҳушёр тортиб ўгрилсам, ўқувчи қиз жимибгина ҳукмимни кутиб турибди. Қулоқларимнинг шанғиллаб туришига қараганда тузук жавоб берганга ўхшайди…
— Яхши. Ўтир, Искандарова, — дедим ҳижолатланиб.
Сўнг синф журналига қараб, анчадан бери баҳоланмаган Хўжамов Нурматни чорладим. Аммо, бу ўқувчимнинг ҳам жавоблари қулоғимга кирмади, ҳисоб. Бетизгин хаёллар беихтиёр олиб қочарди: «…ҳақни ҳалоллаб олиш керак… тешиб чиқади…»
Охири, чидаёлмадим. Ўқувчиларга навбатдаги сабоғини шоша-пиша тушунтирган бўлдиму мақсадга кўчдим.
— Болалар! – овозим алланечук титраб чиқди. – Илтимос, тўполон кўтармай, жимгина ўтириб туринглар. Зарил бир ишим бор, бормасам бўлмайди…
Шунда мен… шунда мен кўзимга ҳамдардлик билан термулиб турган йигирма жуфт беғубор содда кўзларни кўрдим!
Эскигина пальтога бурканиб ўтирган синфбоши Алишер ўрнидан турди.
— Устоз, — деди у суяклари бўртган, серқадоқ қўлларини кўксига қўйиб. – Сиз бемалол. Биз жимгина дарс қилиб ўтирамиз. Ишонинг.
Томоғимга алланима тиқилиб ташқарига отилдим.
Аҳдим қатъий эди. Ўша чиқишда тўппа-тўғри уйга бордиму асбоб-ускунани орқалаб туман марказига кетдим. Эски мижознинг уйини топиш осон эди. Чошгоҳга яқин ёмғир-қорда ивиган кўйи данғиллама ҳовлига кириб бордим.
«Ҳаққимни ҳалоллагани келдим» – дедим ҳангу манг қотган ўша йўғон кимсага.
У ҳижолатланиб мени меҳмонхонага бошлаб кирди. «Э, домилла, аллақачон тузаттирганман уни, — деди, — бекор овора бўлибсиз-да».
Ўша куни азиз меҳмон бўлдим. Бойвачча кун пешиндан оққан бир пайт ўз машинасида мени мактабгача олиб келиб қўйди. «Домилла, шугинани олиб қўйинг – деди йўл-йўлакай чўнтагимга пул тиқиштириб. – Узр, озига бўп қолди, биз ҳукумат эмас-да, кўп-кўп узатгани». Қувноқ хайрлашдик. Руҳим енгил, димоғим чоғ эди. Дарслар тугаб қий-чув билан қайтаётган ўқувчилар орасидан синфбоши Алишерни топиб вазият ҳақида сўраб-суриштирдим. Ҳаммаси жойида. Асбоб-ускуна солинган қопни ўғлимдан бериб юборгач, мактабга кирдим.
«Ўқитувчилар хонаси»да Қалқонов муллим, Норхол ва Нажот Ғайбулла ўтиришган экан. Норхол мен томон ташвишланиб кўз ташладию димоғим чоғлигини кўриб чеҳраси ёришиб кетди. Жилмайди.
Нажот Ғайбулла алланималар ҳақдадир куйиб-пишиб гапирар эди. Унинг эҳтиросли гап-сўзларидан англадимки, у Самарқанду Бухоро томонларга саёҳат уюштирмоқчи экан. Улов масаласи ҳал бўлар эмиш.
— Яна пул йиғарканмиз-да? – дея ҳуркибгина сўради директор.
Нажот Ғайбулла енгил кулиб, елка учирди:
— Нега энди? Махсус фонд.
— Нажотжон, — беихтиёр зорланиб юборди Қалқонов муаллим. – Тинч қўяйлик шу ғамхўр фондни! Билдик, кўрдик, жуда меҳрибон, таълим-тарбияга жонкуяр экан! Илтимос, болам, оч қорнимиз, тинч қулоғимиз. Шу Самарқандни худо хоҳласа, бир кун томоша қилармиз.
Енгилгина кулишдик. Нажот Ғайбулла ўйчан тўнғиллади:
— Болаларга ваъда берганман-да.
Орадан бир ҳафта ўтиб хушхабар олдик. Физика бўйича олимпиадага борган ўқувчи биринчи ўринни олибди!
— Табриклайман, устоз, — дея ҳаяжон билан қўлимни қисди Нажот Ғайбулла. – Бу сизнинг меҳнатингиз! Кам бўлманг.
Қалқонов муаллимнинг ҳам қувончлари чексиз эди.
— Боймуродбой, насиб бўлса, райононинг навбатдаги фахрий ёрлиғи сизники! Қани, қарз бўлиб тураверинг-чи, кейинроқ юварсиз.
Мен… мен аввалига жуда қувондим. Шундай тиришқоқ, илмсевар, машаққатларга қарамай, ўз устида ишлайдиган ўқувчиларимиз борлигидан бошим осмонга етди. Сўнг туйқус кўнглим ғашланди: «Устозман деб керилишга ҳаққим борми? Шу ўқувчининг камолига қанча ҳисса қўшганман ўзи? Синфхонага кириб-чиқиб туриш, мавзуни бир амаллаб тушунтириш етарлимикан?..»
Ўша куни Нажот Ғайбулла қувончдан ял-ял ёниб биқинимдан нари кетмади. Унинг бировлар ютуғидан бунчалар ҳаяжонланиши жуда ғалати туюлди менга. Гоҳ ажабланиб, гоҳ энсам қотди.
— Устоз, насиб бўлса, вилоят мусобақасига ҳам бирга борамиз, — деди у яна қўлимни қисиб.
Йўқ, Нажот Ғайбулла билан вилоятга бориш насиб этмаган экан. Кўп ўтмай, домла Ҳуррамовичнинг фидокорона меҳнати туфайли янги муаллимнинг сирлари фош бўлди. Ниҳоят, ундан қутилиб енгил тортдик!
Нажот Ғайбулла бизга бегона эди. Биз-чи?! Бу ёғини ўйласам, тўғриси тубсиз жар лабида тургандек ҳис қиламан ўзимни. Бироқ айнан шу савол хаёлимда тегирмон тошидек бот-бот айланаверади. «Биз-чи?! Ишқилиб, биз мактабга бегона эмасми?..»
Ўз қўлим билан ёзганларим шу. Кўнглимдаги туйқус шаррос қуйилиб кетганидан ўзим ҳам ҳайрону лолман. Мана, битикларимни яна бир карра ўқиб чиқдим. Бироқ кўнглимда на қўрқув, на севинч, на афсус, на-да умид. Юрагим, хаёлларим алланечук бўм-бўш.

* * *

(Домла Х.Х.Хуррамовичнинг тушунтириш хати)
Олий тоифали ўқитувчиман. Тарих, Ҳуқуқ каминанинг қўлида. «Тарих қўлингдами, демак келажак ҳам сеники», деган пурмаъно ҳикмат бор. Раҳмат, доноларнинг юксак ишончи учун, раҳмат. Халқ номидан, юрт номидан қўлимдан келганини қиламан.
Текширувчилар, кузатувчилар кўп келади мактабимизга. Ҳаммалари каминанинг камтарона фаолиятига юксак баҳо беришган. Тарих, Ҳуқуқшунослик ўта мураккаб, ўта масъулиятли. Бу фанлардан сабоқ бериш учун нафақат билим, нафақат тажриба, балки талант ҳам керак экан. Минг шукрлар бўлсинки, бу хислатларнинг ҳеч биридан табиат каминани қисмаган. Менинг ҳар бир дарсим – санъат. Мана, ўқувчиларим гувоҳ. Улар сабоқларимни парталарга қапишиб, нафас олмай тинглашади. Ўзим ҳам беихтиёр дарс дунёсига шўнғиб кетаман-да: гоҳ мисли Темур бобо, гоҳ ҳазрати Жорж Вашингтон бўлиб ҳайқираман. Зарбу зўримдан баъзан доска, баъзан стол-стул шикаст топган пайтлар ҳам талайгина. Менинг сабоқларим таъсиридан жуда кўп ўқувчилар ҳуқуқшунос, қонуншунос бўлмоқни орзу этишади. Бунга ҳам мисоллар кўп.
Мактабимизда пайдо бўлган Нажот Ғайбулла бир гал жуғрофия кабинетида видеокассета қўйиб берди. Аллақайси мамлакатнинг маориф тизими ҳақида экан. Кўриб_ эшитиб на куларимни, на йиғларимни билмай қолдим. Ўша мамлакатда болаларни ўн саккиз ёшигача қора меҳнатга жалб этиш жиноят экан. Мактаблари нақ жаҳонгирларнинг қасридай. Егулик, ичкилик муҳайё. Ҳатто бемалол уйқуни урадиган хобхоналари бор, гўё у ерга ўқишгамас, дам олишга боришади бу арзандалар. Болаларни кўрдик. Ҳаммаси қоғозга ўралган попук қанддек.
«Йўқ, — дедим ич-ичимда, — бунақа йўл-йўриқ бизга тўғри келмайди». Чин-да, унақа тайёрга айёр, инжиқ болалардан худо сақласин. Биз соғлом авлод учун курашяпмиз. Анавиларникига ўхшаш шарт-шароитларда болаларимиз мўрт, иродасиз, заиф бир тўдага айланиб қолади. Шунинг учун уларни гўдаклигиданоқ ҳаёт хўрликларида, қора-оқ меҳнатларда чиниқтириш зарур. (Бу борада пахта пайкалларимиз хўб қўл келади-да!) Оғир меҳнатдан, очлик-муҳтожликдан ҳали ҳеч ким ўлмаган. Мана, масалан биз. Шўро даврининг барча кўргуликларини кўрдик. Бошимизда қилич ўйнаб турарди-я?! Йўқ, ўсиб-улғайдик, ҳеч кимдан камимиз йўқ. Муҳтожлик фаровонликнинг, меҳнат роҳатнинг қадрига етишга ўргатди. Машаққатлар ёшларни курашга чорлайди, иродали, интилувчан авлодга айлантиради. Мана, мисол учун кўп узоққа бормай, куни кеча олимпиада мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган ўқувчини олайлик. Шугина ҳам пахта пайкалидан декабрнинг бошларида қайтди. Бутун бошли синф уч-тўрт дарсликни галма-гал ўқишади. Устига устак посёлкада кечаси соат тўққиздан сўнг электр узиб қўйилади. Қадрдон шам, лампа чироқ ишга тушади. Шундай қийинчиликлар ҳалиги ғолиб ўқувчимизни букиб-енгиб қўймаган-ку?! У илм учун интилди, тиришди. Натижа эса аъло. Мана, сизга соғлом авлод!
Менким, олий тоифали ўқитувчи. Тарих, Ҳуқуқ илкида бўлган зот қатъий айтаманки, турмушимизда учраб турган айрим камчилик ва қийинчиликлар эрта-индин барҳам топади. Арзимас хато, арзимас машаққат деб дунёга аюҳаннос солиш марднинг иши эмас. Майда-чуйда қусурларга чалғимай кўзимизни каттароқ очайлик, ҳушёр ва огоҳ бўлайлик, бошимизда бошқа жиддий хавф-хатарлар айланмоқда. Мустақиллигимизнинг ҳар хил ёвлари теварагимизда изғиб қолган. Динни қалқон қилган ёт унсурлар ўз ғояларига ёшларимизни эргаштириб кетишяпти. Ана ўшаларнинг ғоясига қарши ғоя билан курашиб, пешонасидан дарча очиб қўйишимиз керак. Юрагида ватан туйғуси бор ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи бу. Бунақа туйғу каминага ҳам ёт эмас, албатта. Дарсда ва дарсдан бўш вақтларимда жамоат ишлари билан фаол шуғулланаман. Шу сабаб на фақат мактаб аҳли, балки маҳалла-кўйдагилар ҳам мен яқинлашган дам огоҳ ва ҳушёр бўлиб қолишади. Кўзларида душманга нисбатан нафрат ва ғазаб учқунлари порлайди, теваракка безовта-безовта аланглашади. Мен эса тинчлик-хотиржамлик учун камтарона улуш қўшаётганимдан қувонаман.
Шундай кунларнинг бирида Нажот Ғайбулла – янги муаллим пайдо бўлди. Кўриниб турибди – бирорта бойваччанинг инжиқ эркатойи. Тагида машина, сарупоси қимматбаҳо, юз-кўзида бойваччаларга хос ғурур, ўзига ишонч. Бунақа қиёфа мактабдек камтар-камсуқумлар масканига мутлақо ёт. Сирли ва хатарли нусха пайдо бўлганини юраккинам дарҳол сезди. Янги муаллим ҳақида зудлик билан совхозимиз хўжайини Чинор Тоштемировични огоҳлантирдим. «Эринмасангиз кузатаверинг уни», — деди хўжайин ижирғаниб. Албатта, бунақа шубхали нусхалар ҳақида эшитганда ул зот ижирғанади-да. Хуллас, Чинор Тоштемировичдан фатво олиб, енг шимариб ишга киришдим. Нажот Ғайбулланинг ҳар босган қадамини кўздан қочирмай, ҳар айтган сўзини ҳижжалаб мулоҳаза қилдим. Аҳён-аҳён ўзини илмоқли-сиртмоқли суҳбатларга тортиб кўрдим. Йўқ, бу ҳам тулки экан. Осонликча ён берадиганларга ўхшамайди. Кузатиб, тусмоллаб билдимки бошқа муаллимлар ҳам Нажот Ғайбуллага бегонасираб-бегонасираб қарашяпти. Фурсатни бой бермай, дуч келган ҳамкасабани чеккага тортаман: «Ҳушёр бўлайлик… жипсликни қўлдан бермайлик, сал ғалати йигит экан-да, а?!»
Ҳамкасбалар ҳушёрлик билан ҳуркиб кетишади. Қўрқоқлар.
Аммо тан олиш керак, Нажот Ғайбулла болаларга жонкуяр, дарс ўтишга устаси фаранг экан. Ҳеч қайсимизга ўхшамайди-я?! Менким, олий таълимли ўқитувчи ҳам янги муаллимга беихтиёр мойил бўлиб қолган кезларим ҳам топилади. Лекин дарҳол ўз муқаддас бурчимни эслаб, ҳушёрлик калимасини бот-бот қайтардим.
Учинчи дарс қизғин бораётган пайт эди. Тўққизинчи синф билан шуғулланяпман. Зерикиб деразадан мундоқ қарасам, Нажот Ғайбулла ҳовлида. Қўлларини белига тираб мактаб биносини синчков-синчков кўздан кечиряпти. «Бомбага жой мўлжаллаяпти-ёв» – лип этиб ўтди хаёлимдан. Бош оғриғини баҳона қилиб ташқарига чиқдим.
Нажот Ғайбулла таажжуб билан қўл соатига кўз ташлади:
— Ия, танаффус бўлдими, устоз?
— Йўғ-е, сал кўнглим айнияпти, безовта бўлдим.
— Бирор ёмон нарса егандирсиз-да.
— Қайдам, — деди илмоқли гап қилиб. – Уйда тишга босгулик нарса йўғ-у.
Нажот Ғайбулла жавоб бермай мактаб пештоқига тикилиб қолди. Мен ҳам зимдан ўша ёққа кўз ташладим.
— Устоз, — деди у пештоқдаги байроққа имо қилиб. – Байроқни алмаштириш керак, ҳилвираб қолибди.
Яна гапни илмоқ қилиб отдим:
— Э, хаёл жойидами, ука? Байроқ ҳа деб алмаштирилаверадиган нарсами?
— Ия, эскирса ҳам алмаштирмайсизми? – Нажот Ғайбулла юзимга таажжуб билан тикилди. – Топилмас матоҳ эмас-ку, ана, ҳамма ёқда сотилади. Арзимас пул туради ўзи.
Шу пайт танаффусга қўнғироқ чалинди. Ноилож синфхонага югурдим. Нажот Ғайбулла сиртмоқларимдан қутулиб қолди, аммо шу-шу эл қатори мендан ҳуркиб, ҳурматимни сақлаб юрадиган бўлди. Илк зарбаданоқ ёмон натижага эришмадим.
Нажот Ғайбуллага бу овлоқ чўл қўйнидаги овлоқ мактабда пишириб қўйибдими? Мақсади нима унинг? Шунчалар муаллимликни севаркан, ана, катта-катта шаҳарларда, чин бўлмаса, туман марказида мактаб қуридими? Қизиқ, нега айнан хилват жойни танлаган у? Дарвоқе, икки йилча пойтахтда ҳам ишлаган экан-ку, нега ишдан кетган, қувилганми, қочганми?
Шундой беадоқ шода-шода саволлардан бошим ғовлаб кетади. Тунлари уйқум қочиб юриниб чиқаман. Ниҳоят, чуқур-чуқур мулоҳазалардан сўнг ўзимча жумбоқларга ечим топгандай бўлдим.
Нажот Ғайбулла ашаддий нашафуруш! Уни чақмоқдай қилиб қўйган бойлиги ҳам шунинг орқасидан. Қайбиркун телевизорда кўрсатишган эди. Россияда «қора дори» савдоси билан шуғулланадиган тўда қўлга олинибди. Энг даҳшати, улар заҳри қотилни болалар орасида тарқатар экан. Аввалига татиб кўриш учун бепул, сўнг арзонроқ, охир-оқибат, чинакамига пуллашга тушишган. Бангиликка мубтало бўлган болалар зиғирдеккина заҳри қотил сотиб олиш учун ота-оналарининг қимматбаҳо нарсаларини оғуфурашларга келтириб беришган, ўғриликлар қилишган.
Нажот Ғайбулламиз ҳам ўшандай ёвуз тўдадан бўлса ажабмас. Ўзини болапарвар, илмпарвар кўрсатиб мактаб жамоасининг ишончини қозонишга астойдил бел боғлаган! Ҳатто, қайгўрдандир дарсликлар олиб келди, кейинроқ аллақандай теле-аппаратуралар келтирди. Биламан, буларнинг барчаси ўз харажатидан. Ишонадики, бу арзимас сарф-ҳаражатлари бир куни жарақ-жарақ тилла танга бўлиб қайтади. Аллақандай махсус фонд ҳақидаги гаплари чўпчак. Ҳатто, унинг айнан шу уйдирмаси менда шубҳа уйғотди. Нажот Ғайбулла теле-аппаратуралар келтирган куннинг индинига, «махсус фонд» ҳақида сўраб-суриштиргали туман маориф бўлимига бордим.
Домла Эркабоев мени жуда илиқ кутиб олди. Хийла вақт у ёқ-буёқдан ҳангомалашиб ўтирдик. Сўнг секин-аста мақсадга кўчдим.
— Домла, шу… вилоят марказида мактаблар учун аллақандай махсус фонд бор экан-а? Эшитишимча, муаллимларга жуда ғамхўр эмиш. Нима камчилик, нима зарурат бўлса дарров ҳал қилиб берармиш…
Мен маориф мудирининг хохолаб кулиб юборишини кутиб турардим. Эркабоев дам қизариб, дам бўзариб жаҳл билан ўрнидан туриб кетди.
— Домла Хуррамович! Нима етмаяптими сизга, а, нима?! Энди вилоятга шикоят қилмоқчимисиз?! Олий тоифа дедингиз, бердик, икки-уч марта мукофот дедингиз, тўғирладик, икки марта Чортоққа йўлланма қилиб бердик! Мен сизни сира тушунмадим, домла. Нима керак тағин, жаноби олийлари, а, нима?!
Кутилмаган зарбадан эсанкираб қолдим. Ўзимни оқлаш учун, асл мақсадимни англатиш учун қилган уринишларим беҳуда кетди, беҳуда! Эркабоев гапирганим сайин тутоқиб, оғзидан боди кириб шоди чиқиб мени кўз очиргани қўймади. Охири, бир амаллаб қочиб қутилдим.
Ана шунақа! Лоқайдлик ва қўрқоқлик касридан «махсус фонд» сирини очолмай қолдим. Лекин руҳан тушганим йўқ. Арқонни узун ташлаб кузатув-текширувларни давом эттирдим. Дарс пайтлари аҳён-аҳён мактаб йўлагига чиқиб, Нажот Ғайбулла шуғилланаётган синфхонанинг тирқишидан мўралаб келаман. Очиғи, янги муаллимнинг дарс ўтиш услубини кўриб, соҳир овозини эшитиб ҳузурланган кўйи беш-олти дақиқа эшик ёнида қолиб кетаман. Ҳатто бир гал мени шу ҳолда Қалқонов муаллим кўриб қолди. Бироқ ҳеч бир шубҳага бормай тағин кабинетига кириб кетди.
Афтидан у ўқитувчиларнинг Нажот Ғайбулла эшиги ёнида тез-тез пайдо бўлишига ўрганиб қолган эди
Мен баъзи бир баҳоналар билан юқори синф ўқувчиларининг папкаларини текшириб чиқишга ҳам муваффақ бўлдим. Бироқ қотган нон ушоқларидан бўлак ҳеч қанақа шубҳали кукун тополмай ҳафсалам пир бўлди. Ҳатто айрим ўқувчиларни алдаб-судраб гапга солиб кўрдим. Еса, чекса сархуш қиладиган моддаларни татиб кўришга қизиқтирган-қизиқтирмагани ҳақида усталик билан сўраб-суриштирдим. Болалар аввалига ҳеч вақога тушунмай анграйиб туришди, сўнг кескин бош чайқашди.
«Ҳечқиси йўқ, — деб ўйладим мен бўшашмай, — ҳали улгурмаган, ё болаларни қўрқитган».
Бир куни синфхона эшигининг тирқишидан кузатарканман Нажот Ғайбулла ўқувчиларга алланималарнидир тарқатиб чиқаётганини илғаб қолдим! Муаллим улашаётган нарсаларни айрим ўқувчилар ажабсиниб, айримлари қувона-қувона олишарди. Бутун вужудимга севинч ва ҳаяжон ўрмалади. «Ниҳоят…!»
Мен синфхонага қўққис бостириб киришни мўлжалладиму бироқ дарҳол фикримдан қайтдим. Бунақа оламшумул тафтишда раҳбарлардан биров-ярим бўлиши керак-да. Қонун шунақа, ҳуқуқ шунақа!
Мен Қалқонов муаллим бақира-чақира дарс ўтаётган синфхона эшигини бориб тақиллатдим. Ҳаял ўтмай, директор пайдо бўлди.
— Чў, такой? – деди у норизо чимрилиб, ҳойнаҳой, рус тили дарсининг белига тепганимни уқтириб қўймоқчи бўлди у. Мен шоша-пиша вазиятни тушунтирдим.
Директорнинг қийиқ кўзларига таҳлика оралади.
— Норхолниям чақирайлик, — деди у ботинмайгина.
Илмий мудира «Ўқитувчилар хонаси»да асабийлашган кўйи Вазирлар маҳкамасининг яқинда чиққан Қарори бўйича ўқув режаси тайёрлаб ўтирган экан. Воқеа ҳақида эшитиб ҳовлиққанича ўрнидан туриб кетди.
— Қани, кўрайлик-чи.
Узун-қисқа Нажот Ғайбулланинг жуғрофия кабинетига яқинлашдик. Аввал мен, сўнг раҳбарлар эшик тирқишидан ичкари мўралади.
Янги муаллим сокин, ширали бир товушда, жуғрофий бир мавзу ҳақида гапирмоқда. Ўқувчилар эса алланималарнидир ҳузур билан чайнаб, дарс тинглашяпти.
— Чин, бир гап бор-ов, — деб шивирлади директор болаларнинг оғзи тўла.
Норхол қатъий имо қилди:
— Кирамиз.
Туйқус синфхонага бостириб кирдик.
Янги муаллимнинг уни ўчиб, бизга ҳангу манг тикилиб қолди. Ўқувчилар чала чайнаган нарсаларини шоша-пиша ютиб юборишди.
Вазиятни дарҳол қўлга олдим.
— Болаларнинг оғзида нима бор?! Билсак бўладими?
Нажот Ғайбулла қимтиниб-қимтиниб сас берди:
— Банан.
— Банан?! Нима у? – сўради Қалқонов парталар оралаб юраркан.
— Тропик мева, — деб илжайди Нажот Ғайбулла. – Бугунги дарсимиз тропик мамлакатлар ҳақида, устоз. Болалар мавзуни чуқурроқ ҳис қилсин, деб банан улашиб чиққандим. Бу ҳам бир тажриба-да.
— Кўрсак бўладими? – деб сўрадим мен, сир бой бермай.
Нажот Ғайбулла дераза токчасидаги қоғоз қутига интилди.
— Марҳамат. Роппа-роса уч дона қолган. Сизларнинг насибангиз, устозлар.
— Кечирасиз, ҳамкасаба, — дея ўнғайсизликни ҳайдаган бўлди Норхол. – Ҳамма синфларни текшириб юрибмиз. Юқоридан шундай буйруқ келди.
Синфхонадан чиқарканман, чув туширган бўлсам-да ўзимни мардона тутдим. Раҳбарлар муқаррар берадиган танбеҳларга хаёлан жавоб ҳозирладим. Йўқ, хуш таъм мева жонимга оро кирди.
— Раҳмат сизга, домла Хуррамович, — деди Қалқонов муаллим ҳузурланиб банан чайнаркан. – Тез-тез кузатувдан давом этинг. Япон сакесидан ҳам қуруқ қолмайлик тағин.
Норхол пиқиллаб кулиб юборди.
Майли масхара қилса қилаверишсин, мен барибир бўш келмайман Аллақандай кўнгилсизлик, англашилмовчилик олдида чекинаверсак, юрт тинчлик-хотиржамлиги, болалар ҳимояси учун ким курашади, ким?!
Кузатув-текширувларда яна давом этдим. Аммо Нажот Ғайбулла ҳам илоннинг ёғини ялаганлардан экан. Ҳеч тутқич бермади. Қайтанга обрўси ошиб, жуғрофия кабинетининг шов-шуви юқори идораларгача бориб етди. Тақдирнинг бундай аччиқ ҳазилига ортиқ чидаб бўлмас эди. Чора-тадбирлар кетидан чора-тадбирлар излаб топишдан чарчамадим. Қани энди қурғур заҳрли қотилнинг кукунидан уч-тўрт чимдим топиб келсангу анавининг чўнтагига солиб қўсанг, дарров қўлига кишан кийгизсанг?! Хайрли ишнинг эртароқ битгани яхши-да!
Тунларнинг бирида бедор уйғониб ётар эканман, илоҳий бир сас қулоғимга эшитилгандай бўлди: «Ҳужжатларини текшир, ҳужжатларини…» Худди шу сас тонгга қадар калламда, юрагимда акс-садо бериб турди.
Эртаси куниёқ Қалқонов муаллимни бир чеккага тортдим. Гапни дунёнинг нотинчлигидан бошлаб Россияда қўлга олинган нашафурушлар тўдаси ҳақида айтдим. Қарангки, рус тили муаллими бўлса-да жаноб директор Россиядаги воқеалардан бехабар экан.
— Янги муаллимдан шубҳам бор, — дедим, ниҳоят, мақсадга ўтиб. – Ўшанақа гуруҳлардан бўлса ажабмас.
— Яхшигина ишлаб юрибди-ю, — деб тўнғиллади директор истамайгина.
— Кўза кунда эмас кунида синади, домилла.
— Нима қилишим керак, ахир?
— Ҳужжатларини текшириш зарур.
— Синчиклаб қараганман, ҳаммаси бинойидеккина.
— Э, махсус текширув керак, масалан, дипломи ҳақиқийми? Ростданам ўқиганми ё сотиб олганми?
Қалқонов муаллимнинг энсаси қотиб тўнғиллади:
— Домла Хуррамович, кимга зарил ортиқча ташвиш. Ана, зўр ишлаб юрибди-ку?!
— Сиз, хушёрликни бой беряпсиз. Бирор кор ҳол бўлса бошингиз кетади-я?!
Қатор ижтимоий-сиёсий кўрсатмаларни пеш қилиб дадил-дадил талаб қилганимдан сўнг, ниҳоят, Қалқонов кўнди. Нажот Ғайбулланинг ҳужжатларини бир ҳафталик муддат билан қўлимга топширадиган бўлди.
— Домла Хуррамович, сизга ишондик, — деб зорланди директор, — Мени сарсон қилмай, ўзингиз текширтираверинг. Қари одамман…
Албатта-да. Кексаларимиз ҳурмат-иззатда бўлиши керак. Бу ёғини ўзимиз тўғрилаймиз.
Нажот Ғайбулланинг ҳужжатлари солинган сарғиш папка қўлга теккач, гўё унинг ўзи чангалимга тушгандек бошгинам мағрур кўтарилди. Кучимга куч, ақлимга ақл қўшилди. Ичимда бир сас текширувни дипломдан бошлаш кераклигини тинмай уқтирарди. Охири қалбимга қулоқ солдим. Бироқ мен ҳужжатни махсус идоралар орқали текширтириш ниятидан воз кечдим. Бирламчидан, улар жуда банд, фурсат топиб сўровнома, талабнома қилгунларича хийла вақт ўтади. Иккинчидан, янги муаллимнинг дипломидан қусур топилмаса шов-шув кўтарилиб, шарманда бўламан. Керак бўлса, асоссиз даъволар билан масъул кишиларни чалғитиб, вақтини ўғирлаганим учун бошимда ёнғоқ чақишади.
Мен пойтахтга ўзим бориб келишга қарор қилдим. Атиги беш-олти соатлик йўл. Шу баҳона ҳаво алмаштириб, у ёқ-бу ёқни томоша қилиб келаман. Жўнадим.
Вой-бў-ўй! Ана шаҳару мана шаҳар! Ани пойтахту мана пойтахт! Кўчаларда одам қайнайди. Кенг, текис йўлларда машиналар қатор-қатор, чинқириб елишади. Бозору дўконлар, идораю маҳаллалар бир-биридан серҳашам, гўзал. Ишқилиб, пойтахти азим камина кўрмагандан бери жуда ўзгариб, серфайз, жозибадор бўлиб кетибди.
Мен ўтирган автобус кун пешиндан оққан бир пайт етиб келди. Сон-саноқсиз киракашларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай Тушасолиб ўзимни метрога урдим. Нажот Ғайбулланинг дипломида кўрсатилган институтнинг қаерда жойлашганини яхши биламан. Қийналмай топишга кўзим етади. Чин бўлмаса, биров-яримдан сўраб суриштираман. Қолган юмушлар осон. Институт раҳбариятига кирамиз. Керакли маълумотларни текшириб оламан. Мабодо, бахтга қарши, ҳаммаси жойида бўлса, гулдир-гуп. Қайтиб бораману директорга ҳужжатни қайтиб бераман. «Ҳозирча текширувчининг имкони йўқ экан», деб баҳона қиламан қўяман. Қолганини вақт кўрсатади.
Шундай таскинбахш хаёллар оғушида, одамлар издиҳомига аралашиб метро йўлагига кирган пайтим кимдир елкамга нуқиди. Қарасам, юз кўзлари ҳушёрлик, салобат балқиб турган милиционер!
— Ака, ҳужжатларингизни бир кўриб қўяйлик, — деди у эҳтиром кўрсатиб.
— Хўп, командир, хўп.
Чўнтагимдан паспортимни чиқариб узатдим.
Милиционер ҳужжатимни очиб кўриб:
-Ортимдан юринг-чи, — деди. Хайрону лол аҳволда посбонга эргашдим.Стол-стуллар қўйилган, электр чироғидан чароғон бир ҳужрага кирдик. Ичкарида яна бир милиционер алланималарнидир ёзиб-чизиб ўтирибди.
— Мана, яна биттаси!
Мен бошлаб борган посбон қўлидаги паспортимни шеригининг олдига ташлади.
Кўп ўтмай икки милиционер бири қўйиб бири олиб сўроққа тута кетди. Сўроқ-тергов жону дилим бўлса-да, айни чоғ посбонларга малолланиб-малолланиб жавоб бердим.
— Қаердан келдингиз?
— 41-посёлкадан.
— Нима иш қиласиз?
— Ўқитувчиман.
— Нима мақсадда келдингиз пойтахтга?
— Зарил бир иш. Вазирликка маслаҳатга чақирган!
— Вазирликка. Маслаҳатга:! Шикоят билан келганман деб тўғрисини айтиб қўя қолсангиз-чи? Ҳозир ҳеч ким осонликча пойтахтга оёқ босмайди. Ё бировнинг дастидан дод солиб келади, ё ўладиган касал, дўхтурга кўрсатиш керак.
— Мен тўғрисини айтдим.
— Яхши… А, пойтахтда пропискасиз юриш мумкин эмаслигини биласизми?
— Билмайман. Чет эллик эмасман-ку, мумкиндир-е?
— Чет вилоятдансиз-ку?! Хуллас, гап бундай, биз сизни уч кунлик ҳибсда тутамиз. Яшаш жойингизга сўровнома жўнатамиз. Жавоб келгунча панжара ичида ўтириб турасиз. Мабодо ҳаммаси яхши бўлса, сизни шаҳардан чиқариб юборамиз. Кетаверасиз юртингизга.
Қарасам, посбонларнинг юз-кўзида ҳеч бир ҳазил-ҳузул аломати йўқ. Бири дарров қоғоз-қалам олиб аллақандай ҳужжат тўлдиришга киришди.
Беихтиёр қўлига ёпишдим.
— Укалар, ҳозироқ қайтиб кетаман! Илтимос, қоғоз-поғоз тўлдириб ўтирманглар.
— Қаршилик қилинмасин ўртоқ! – ёнимда тик турган милиционер қўлларимни силтаб ташлади. – Органга қаршилик қилмоқчимисиз?
Шу пайт эшикдан тағин бир қоп-қора милиционер кириб келди. Унга кўзим тушдию қувончдан ирғишлаб туриб кетдим.
— Абрай?! Ўзингмисан, ука?
Ҳа, бу чиндан ҳам Қобил тракторчининг ўғли Абрай! Ўзимнинг шогирдларимдан. Мактабни амал-тақал битиргач прокурор бўлиш орзусида пойтахтга бош олиб кетган эди. Мана учрашдик. Бошланиши чаккимас – резина тайёғи ярашиб турибди, димоғи ҳам баланд.
— Ҳа, домилла, — деб кўришди Абрай мен билан. – Нима қилиб юрибсиз бу ёқларда.
Узоқ ҳол-аҳвол сўрашгач, шогирдимга вазиятни тушунтирдим, аммо бир сир бой бермай, унга ҳам вазирликка келганимни айтдим.
Абрай норизо чимрилиб турган шерикларидан паспортимни олиб қўлимга тутқазаркан:
— Буларникиям хизматчилик-да, домилла, — деди. – Совуқни совуқ, иссиқни-иссиқ демай қўриқчилик қилишади. Иш оғир, масъулиятли. Сиздай тушунган, жонкуяр биров-ярим фуқаролар қўярда-қўймай уч-тўрт танга тамаки пули ташлаб кетишади, меҳнатимизни қадрлашади-да. Баъзи бировлар эса…
— Албатта, албатта, — деб ўз ихтиёрим билан чўнтак ковлашга тушдим. – Биз баъзи бировлардан эмас, ука. Тинчлик-осойишталик учун қилинган хизмат тақдирланиши керак.
Абрай ва унинг шериклари мен узатган чой-чақани олишдан қатъий бош тортишди. Бир амаллаб кўндирдим.
Собиқ шогирд билан қуюқ хайрлашдик. У мени метро поездигача кузатиб қўйди.
Ишимнинг бу ёғи осон ва силлиқ кечди. Нажот Ғайбулланинг дипломида кўрсатилган институтни қийналмай топдим. Ҳойнаҳой фариштаю малоикалар мен етаклаб юришган экан. Институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори мени илиқ кутиб олди.
Мақсадимни тушунтирдим:
— …шуйтиб, дипломни би-ир текшириб келинг, деб мени бу ёққа жўнатишди. Ўзингизга маълум, замон қалтис, дунё нотинч.
Сочу қош-киприклари оппоқ проректор мен узатган дипломни қўлига олар-олмас бош чайқади:
— Бунингиз қалбаки, ясама домла. Юз фоиз ишонч билан айта оламан, қалбаки диплом. Бунақасини илгари ҳам кўрганмиз.
Қувончу ҳаяжонда қулоқларим шанғилаб, томоқларим қуруқшаб қолди.
— Йўғ-е… наҳотки… – дея оламан зўрға.
Проректор ёрдамчи ходимини чақириб, каминанинг илтимосига кўра, Нажот Ғайбуллага тегишли дипломнинг қалбаки, ясама эканлиги тўғрисида ёзма маълумот тайёрлашни тайинлади.
Бир соатлар чамаси вақт ичида иш битди! Чўнтагимда маълумотнома! Ҳовлиққанимдан пул бетига бормай киракаш ёллаб вокзалга ошиқдим. Хайрият, биз томонга юрар поезд ҳали кетиб улгурмаган экан. Шартта вагонларнинг бирига чиқиб олдим.
Поезд вилоят марказига эртаси куни чошгоҳ маҳали етиб келди. Хуллас тўппа-тўғри мактаб ҳовлисига кириб келганимда катта танаффусга атиги ўн дақиқача вақт қолган экан.
Шижоат билан «Ўқитувчилар хонаси»га кирдим. Хона тўридаги иш столида аллақандай ҳисоботлар билан овора Норхол Хушбоқова менга ҳангу манг тикилиб қолди.
— Тезда ўқитувчиларни йиғинг! – дедим тантана билан. — Анави Нажот Ғайбулланинг сири очилди! Ғирт муттаҳам экан.
Мен ҳаяжону қувонч ичида Норхолнинг, нелар сўраганини, нелар деб жавоб берганимни эслай олмайман. Фақат бироздан сўнг катта хатога йўл қўйганимни англаб етдим. Мен бира тўла орган ходимларини бошлаб келиб, анави муттаҳамнинг қўлига кишан урдиришим керак эди. Ана шу ҳовлиқмалигимнинг оқибатидан Нажот Ғайбуллани қочириб қўйдик. У сири фош бўлганини сездию ими-жимида «Нексия»сига ўтириб жўнаб кетди. Шу-шу мактабимиздан унинг қораси ўчди. Эртаси куниёқ бўлиб ўтган воқеалар юзасидан тегишли идораларга ёзма маълумот бердим. Нажот Ғайбулла устидан жиноий иш қўзғашларини талаб қилдим. Ҳақиқат бор, истак ва талаблар инобатга олинибди. Мактабимизга икки марта терговчи келиб-кетди. Охирги ташрифида «тушунтириш хати» ёзишимизни буюриб кетган эканлар. Мана, бажону дил битиб қўйдик. Озгина нокамтарлик қилган ўринларимиз бўлса, узр. Мен ўз бурчимни ўтадим, холос. Бир қаллобликни фош қилганимдан, катта фалокатларнинг олдини олиб қолганимдан мамнунман, албатта. Тўғри, ҳамкасбалар орасида биров-ярим менга ғижиниб, ўқрайиб қараётганлари ҳам учрайди. Бунинг ҳаммаси кўролмаслик, ичиқоралик оқибати. Шундай шарафли вазифани ёлғиз уддалаганим, машаққатлардан чўчимаганим ёқмаяпти уларга. Бироқ бошим баланд, кўкрагим тоғ, ғайрли нигоҳларни назар-писанд қилмайман. Чунки мен ўз ишимдан фахрланаман. Чунки мен тарих, ҳуқуқ дарслари, машойиҳлар таъкидлаганидек, келажак дарслари қўлида бўлган олий тоифали ўқитувчиман.

* * *

Бошланғич синф ўқитувчиси Эшболта аканинг тушунтириш хати)
Мен бир кекса ўқитувчиман. Тавба, Нимани ҳам тушунтиришим мумкин. Ҳаммаси тушдагидек, ё, ширин бир хаёлдагидек. Нажот Ғайбулла деган янги муаллим мактабимизда пайдо бўлди. Туппа-тузук йигит, одоб-аҳлоқи ҳам жойида. Сал кейинроқ ўқитувчиликни ҳам қойилмақом дўндиришини кўрдик. Масалан, мен унинг қаллоблигидан сира хабарим йўқ. Ҳув, бир гал дарсликлар топиб келтирганда роса хурсанд бўлганман. Кўп ҳамкасабалар шу йигитнинг дуои жонини қилганмиз. У ташкил этган жуғрофия кабинетини айтмайсизми? Маориф мудири Эркабоев мактабимизга ташриф буюрганида янги муаллим ясантирган хонани кўриб оғзи очилиб қолган. «Эҳтиёт қилинглар, бизга жуда зарур бунақа кабинетлар», — деди. Шунинг учун ҳам мактаб директори жуғрофия кабинетига калладай қулф остирди. Жуғрофия дарслари бошқа синфхоналарда ўтиладиган бўлди. Нажот Ғайбулла махсус жиҳозлаган хонани ундан тортиб олиб қўйганига бироз таажжубланди, холос.
«Меҳнатингизни юксак қадрлаяпмиз», дея уни овунтирган бўлди Қалқонов муаллим. Янги муаллим бошқа синфхоналарда ҳам бинойигина дарс ўта бошлади.
Эртаси куни, домла Хуррамович тарихий тўнтариш ясаган ўша кун директорнинг хонасида Қалқонов муаллим ва Норхол суҳбатлашиб ўтиришган экан.
— Эшболта ака, бу ёққа киринг, — деб чақириб қолди илмий мудира менга кўзи тушиб.
Кирдик. Ўтирдик.
— Домилла, — деб гап бошлади Қалқонов муаллим. – Озгина маслаҳатингиз керак. Нажот Ғайбуллага беш-олти соат биолгия дарси берсак, нима дейсиз? Шу баҳона биология кабинетини ҳам ясатиб олардик-да!
Норхол ҳам директорни қўллаб-қувватлади.
— Кўриб турибсиз, раҳбарларнинг кабинетларга эътибори кучли.
Уларнинг фикри менга ҳам ёқди. Оқ фотиҳа бердим.
Афсус режалар барбод бўлди. Катта танаффус пайти Норхол ранги қути ўчганча ўқитувчиларни шошилинч мажлисга йиғиб юрган экан. Мен андак кечикиб кирдим.
«Ўқитувчилар хонаси» ҳамкасабалар билан лиқ тўла. Кимдир ўтирган, кимдир тик турган кўйи ҳангу манг қотиб қолган. Дераза ёнида Нажот Ғайбулла бўшашибгина турибди. Ўртада домла Хуррамович, мағрур, тантанавор қиёфада, бир қўлини белига тираб, бир қўлини гоҳ-гоҳо ҳавода қиличдек сермаяпти.
— Қани, тушунтириб беринг.чи бизга, нега қалбаки диплом билан юрибсиз? Ҳукуматни, соддагина жамоамизни лақиллатишга ким ҳуқуқ берди сизга, ким?! Асл ниятингизни айтинг. Қанақа жиноий гуруҳ билан ҳамкорсиз. Мақсад нима, мақсад?!
Домла Ҳуррамовичнинг қаҳрли ҳайқириғидан мактабнинг бетон деворлари ҳам зириллаб кетди. Йиғилганларнинг дами ичида. Хона ўртаси томон юраркан Нажот Ғайбулла чуқур-чуқур тин олди.
— Ҳа, менинг дипломим қалбаки, — дея гап бошлади у ўйчан қиёфада – Мен бу ҳақда ҳеч кимга айтолмасдим. Аввалги иш жойимда виждоним қийналиб сиримни директорга очиб қўйгандим. Балки мени тушинар деган хаёлда эдим. Йўқ, аюҳаннос солиб ишдан қувиб юборишди. Лекин, мен… лекин мен мактабсиз туролмайман, болаларсиз яшай олмайман. Биламан, ишонмайсиз, аммо ҳақиқат шундай. Болалар кулгусининг жарангидан завқ оламан, уларни кўзлари, сўзлари беғубор. Илмдан болаларгина ҳайратланишади. Мурғак онгига, ўй-хаёлига кириб келган озгина янгилик ҳам жажжиларни чинакамига қувонтиради, чинакамига ҳаяжонлантиради. Уларнинг севинчига, ҳайратига ҳайрат қўшишдан-да ортиқ қандай бахт бор? Болаларнинг беғубор қалбида янгидан-янги дунё очувчи кўнглига имл сеҳрини солувчи инсон – бу муаллимдир. Шу сабаб бу қутлуғ касб менинг эс-ҳушимни ўғрилаган. Шу сабаб ўқитувчилар сафига интилдим. Афсуски, ҳеч омадим юришмади. Уч-тўрт карра пединститут остонасидан қайтдим. Бошқа соха бўйича ўқишга мажбур бўлдим. Лекин бари бир муаллимликнинг сеҳрли дунёси мени чорлайверди, охири, қалбаки дипломга куним қолди. Азиз устозлар – Нажот Ғайбулла қўлини кўксига қўйиб ҳангу-манг қотиб турган ҳамкасабаларга юзланди, унинг кўзларида жиққа-жиққа ёш айланар эди. – Азиз муаллимлар! Қисқагина фурсат бўлса-да сизлар билан ёнма-ён ишлаганимдан, сизлар билан бир ҳаводан нафас олганимдан хурсандман. Сизлардан кўп нарсаларни ўргандим. Ирода, сабр-тоқат нелигини шу ерда билдим. Муаллим ҳаёти батамом жасорат, фидоийлик экан! Шунча ташвишу таҳликага қўйганим учун ҳаммаларингиздан узр сўрайман.
Нажот Ғайбулла хона бурчагидаги илгакдан чарм камзулини, қундуз телпагини олиб кийди-да, эшик томон югурди.
— Насиб бўлса мен ҳали қайтаман, — деди у бўсағада тўхтаб, юз-кўзига синиқ бир табассум ёйилди. -Ҳужжатларимни тўғирлаб яна сафингизга қайтаман. Мени кутинг, азиз биродарлар!
Нажот Ғайбулла шаҳд билан чиқиб кетди. «Ўқитувчилар хонаси»га оғир жимлик чўкди. Домла Хуррамович ҳануз ўртада керилиб трар, алланеларнидир зўр бериб режалаштирар эди.
— Об-бо, — дея пешонасига шапатилади у бир пайт. — Туллакни қочириб қўйдинг-ку?! Ҳаммамизни авраб кетди-я!! Мен ҳам бақадек қотиб қолибман!
Хона тўридаги стулида букчайибгина ўтирган Қалқонов муаллим ҳам зўрға тилга кирди.
— Қочиб гўрга борармиди, домилла Хуррамович. Қани, унинг ҳужжатларини бу ёққа беринг.
Бир пайт домилла Хуррамович типирчилаб қолди. Дераза токчаларига, стол устига жонсарак-жонсарак аланглади.
— Ия, қани унинг ҳужжатлари?! Ҳозиргина стол устида турганди-ку?! Ким кўрди сариқ жилдли папкани?
Ўқитувчилар орасига ғала-ғовур, безовталик оралади.
— Нажот Ғайбулла олиб чиқиб кетди-ку! – овоз берди қай бир муаллим. – Рост, кўрдим. Ўзининг папкасидир деб ўйлабман.
Домла Хуррамович гоҳ манглайига, гоҳ сонларига шаппатилаб ҳануз хона бўйлаб чарх урарди.
— Ах, туллак! Ҳужжатларини опқочиб кетибди-ку?! Энди нима қиламиз-а? Қочиб қутилиб кетди-я! Из қолдирмай кетди-я!
— Домла, — дея уни жеркиб ташлади Норхол. – Ўзингизни босинг. Ана, қўлингизда дипломи қолибди-ку, намунча чирқиллайсиз?
Чиндан-да Нажот Ғайбулланинг сохта дипломи домла Хуррамовичнинг қўлида. Домла бир зум аюҳанносдан тийилиб, ўзича алланималарни чамалади-да қалбаки ҳужжатни шоша-пиша чўнтагига солиб қўйди. Теварагига сирли бир кўз ташлаб тиржайди.
— Бўлари бўлди, бу ёғи кўчди, — деб яна тилга кирди Қалқонов муаллим. – Шармандамиз чиқди. Энди у ер-бу ерда гапириб юрманглар бу воқеаларни. Биров-ярим қизиқсиниб сўраса, янги муаллимга иш ёқмади, бошқа соҳага ўтиб кетди, деб қўвяверинглар.
Ҳеч кимсадан садо чиқмади. Навбатчи шоша-пиша дарсга қўнғироқ чўлдию ўқитувчилар бирин-кетин тарқашди.
Аммо домилла Хуррамович чидаёлмай барибир органга хабар берган экан. Мана шу баҳона тушунтириш хати ҳам ёздик. Бор гап шу. Ҳаммаси тушдагидек, ҳаммаси хаёлдек…

* * *

— Қалай, Дело билан танишиб чиқдингизми? – деб сўради терговчи шоша-пиша хонага кираркан.
— Ҳа, ғирт қаллоб экан-ку, бу Нажот Ғайбулла деганлари.
— Э, нимасини гапирасиз, ҳаммани боплаб лақиллатган. Давлат ҳужжатини қалбакилаштиргани учун унга жиноят иши қўзғадик. Ким билади, тағин қанча ҳунари бор, аста-секин очилаверади-да. Менимча ҳам у бирор бир жиноий тўда одами, беҳуда бу ерларга санғиб келмаган.
— Ҳали ўзи топилмадими?
— Ҳозирча йўқ. Анави муаллимларнинг лақмалигидан фойдаланиб ҳужжатларини ҳам гум қилган. Жуда айёр экан, қойил. Оғзаки маълумотлар бўйича излаб юрибмиз ҳозирча. Қочиб қаерга ҳам борарди, барибир топамиз.
— Балки унинг паспорти ҳам қалбакидир? Балки Нажот Ғайбулла умуман бу ернинг одами эмасдир?
Терговчининг кўзига хавотир оралади.
— Йўғ-е, нафасингизни иссиғроқ қилинг-е, у ҳолда иш тоза чигаллашади.

* * *

Пойтахтга қайтдим. Бутун шууримни ғалати бир кайфият чулғаб олган эди.
«Нажот Ғайбулла қайтади, — деб ўйлардим нафасимни иссиғроқ қилиб. – Ҳужжатларини тўғрилаб албатта қайтади. Ахир, у болаларсиз, болалар шундай муаллимсиз яшаёлмайди!..»
Мен автобус ўриндиғига ястаниб, ҳорғин кўз юмдим.

Манба: Луқмон Бўрихон. Сирли муаллим. Қисса. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти. Тошкент – 2006

Safar muallimni bunday alfozda uchrataman deb o‘ylamagan edim. Oyog‘ida loyga botgan etik, ustida paxtasi chiqib ketgan chopon, belini esa arg‘amchi bilan bog‘lab olgan, boshida telpak, soqoliga yaqin o‘n besh kunda ustara tegmagan…

O‘rolboy QOBIL
QAYDASIZ, QAYLARDASIZ, “SIRLI MUALLIM”?
05

Adib Luqmon Bo‘rixon bilan Chimlik iste’dodli yosh qalamkash Bayram Alining uyida ko‘rishgan edim. (To‘g‘ri, ungacha telefon orqali gaplashim turganman.) O‘rta bo‘yli, ochiq chehrali, kibru havodan yiroq bo‘lgan Luqmonjon darrov davradagilar bilan til topishib ketdi. Albatta to‘rt-beshta adabiyot muxlisi to‘plaangan joyda albatta suhbat mavzusi adabiyot bo‘ladi-da. Mening esa o‘y-hayolimni adibning yaqinda o‘qib tugatgan “Sirli muallim” qissasi atrofida tug‘ilgan fikrlar band qildi…
.
***

Safar muallimni bunday alfozda uchrataman deb o‘ylamagan edim. Oyog‘ida loyga botgan etik, ustida paxtasi chiqib ketgan chopon, belini esa arg‘amchi bilan bog‘lab olgan, boshida telpak, soqoliga yaqin o‘n besh kunda ustara tegmagan…

Nahotki, bu kishi bir paytlar tumanimiz maorifchilarining oldi, mash’ali, o‘quvchilar qator tanlov va olimpiadalar g‘olibi bo‘ladigan, har yili bir necha bor gazetada surati chiqadigan muallim bo‘lsa?..

-Bugun “ovi”miz yomon bo‘lmadi, yuring, bir piyola choy ichaylik, -deya domla tirsagimdan tutib, bozor yaqinidagi tamaddixona tomon yetakladi.

Ko‘p o‘tmay stolga bir lagan yaxna go‘sht, ikkita tandirdan uzilgan non, choynak-piyola qo‘yildi.

Muallim bamaylixotir nonni sindirdi, choy qo‘ydi va meni ovqatga taklif etdi.

-Xo‘sh, oylik qancha bo‘ldi shogird?
-Yetti yuz ellik ming..

-Shu arzimas pul bilan qanday ro‘zg‘or tebratayapsan?
-Harna o‘tib turibdi…
-Hali bolalaring yosh-da, men ham sendek edim, fidoyi edim…

Bilasan, dorulfununni imtiyozli diplom bilan tugatganman, she’rlarim, maqolalarim gazeta –jurnallarda bosilgan, domlalikka olib qolishmoqchi ham bo‘lishgandi. Afsuski kaminaga shaharlik bo‘lish nasib etmagan ekan. Keksa onamni o‘ylab qishloqqa qaytganman. Bu qarorga kelish menga oson bo‘lmagan. Oilada yolg‘iz o‘g‘il edim.

Ikki opam turmushga chiqib ketgach, otam vafot etgandi. Enam menga xolamning qizini olib berdi. To‘yimiz ham el qatori, holimizga yarasha bo‘lgandi. Qolganidan o‘zing xabardorsan, xudoberib yangang uch o‘g‘il, ikki qiz tug‘ib berdi.
Yillar esa sezdirmasdan o‘taverdi, orzular, umidlar, talabalikdagi daftarlarda qoldi.

Maktabga ishga joylashdim, uyim demadim, ro‘zg‘orim demadim, borimni bolalarga berdim. Men qatorilar, hatto uch baho ololmagan o‘quvchilarim yo‘lini topib mashina mindi, dang‘illama uy qurdi, biz esa yuraveribmiz…

Ikkinchi o‘g‘limni taniysan, matematikadan zo‘r, birinchi yili kontraktga tushdi, “o‘qima”, dedim, ikkinchi yil qizim ham birga ketdi, ikkovi ham yana o‘sha baloga ilashdi, jonim chiqib ketdi, uydagi sigir –buzoq, hatto eshakni ham sotdim, yarmiga yetdi, bir boyvachcha tanishimdan qarz ko‘tardim, bolalarim xursand bo‘lishdi, qiyqirishib shaharga jo‘nab ketishdi, meni esa g‘am yedi, alam yedi…

Ikki kun telbadek faromush yurdim, umrimda birinchi marta maktabga kechikib bordim, darsga kirolmadim, uyga qaytdim. Qarzni esa bir oyning ichida to‘lashim lozim edi, bo‘lmasa ustamasining o‘zi naq uch million bo‘lardi, uch million … Aytchi, bu oz pulmi, sen uchun katta pul bu, o‘shanda men uchun ham katta pul edi, ustiga-ustak ikki-uch oylab maosh ham kechikadigan odat chiqardi. Xullas, ishdan bo‘shadim, kitob-daftarni tokchaga qo‘yib pul topishni o‘yladim, oxiri topdim.

O‘zimni bozorga urdim, cho‘ntagida hemiri yo‘q dallol, jallob bo‘ldim. Bu kasb ham oson emas ekan, avvaliga yovqarash qilishdi, hatto turtishdiyam, lekin men bo‘sh kelmadim, birini aka dedim, birini uka dedim, ikki-uch oy o‘tib diplomli dallol darajasiga erishdim. Bilasanmi, uka, xudo berib bir kechada besh yuz ming ishlabman, xotinim cho‘ntagimdagi pulni ko‘rib o‘g‘rilik qilgan, deb o‘ylagan chog‘i, esi og‘ib qolayozdi, yotig‘i bilan tushuntirdim, eh uning, qolaversa bolalarimning quvonganini bir ko‘rsang edi. Shunday qilib haftaning yetti kuni ham molbozorida javlon uraverdik, kunlar esa o‘taverdi, o‘taverdi..

Bilasan, tabiatan qaysar odamman, bozorda ham shoirligim, tilchiligim qo‘l keldi, mol oladiganni ham, sotadiganni ham shunday avraydigan so‘zlarni topdimki, hatto o‘zim-o‘zimga qoyil qolgan paytlarim ham bo‘ldi. Ishqilib bir yarim oyda qarzimni ustamasi bilan qaytardim, ro‘zg‘orimga baraka kirgandek bo‘ldi, ammo bilasanmi, shogird, ich-ichimdan ezilardim, maktabni, kasbdoshlarimni, ayniqsa, qora ko‘z o‘quvchilarimni sog‘inardim…

Shu orada talaba ukalaring kelib qolishdi, oldi qish, kiyim-kechak, yo‘lkira deganday, cho‘ntagimdagi borimni berdim, jo‘nab ketishdi. Yelkamdan tog‘ ag‘darilganday bo‘ldi, orasta kiyinib maktabga bordim. Darslarimni yangi kelgan muallimaga berishgan ekan. O‘zimning o‘quvchim. Mayli, yil oxirigacha o‘qitaver,-dedim.

Katta o‘g‘limning harbiydan qaytganiga to‘rt yil bo‘ldi, yoshi ham yigirma beshda, mening shu yoshda ikkita bolam bor edi, haliyam insofli ekan, birortasini ergashtirib kelib o‘tirsa, nima qilardim. Xullas kelin olish harakatiga tushdim. Yana bozorga qaytdim, bilsang, bozor men uchun tirikchilik manbaiga aylandi, kun-tunim bozorda o‘tadigan bo‘ldi, amallab o‘g‘limni uylantirdim, keyin tomorqa olish, uy qurish kabi chiqimli muammolar chiqdi. Qisqasi uka, mana besh yildan buyon bozorda yuribmiz. Istalgan mol bozoriga borib Safar dallolni so‘ra, tanishadi.

To‘ng‘ichimni ishga joyladim, shahardan uy olib berdim. Bu ishlar ham quruqqa bo‘lmadi. Yaxshiyamki, uchinchi o‘g‘lim to‘qqizni bitirib mening yordamchimga aylandi. Endi, bu yog‘i yoshim ham ellikdan oshdi, oyog‘im og‘riydigan bo‘lib qolgan, shuning uchun unga eskiroq “Tiko” olib berdim, hali zamon meni olib ketgani kelib qoladi.

Hali esa yelkamda tashvishlar ko‘p, singillaringni uzatish, uy joyni yangilash, nevaralarga to‘y qilish, eh, xullas, tirikchilik, tashvishlar hech ado bo‘lmaskan…

Ko‘p o‘tmay oshxonaga bashang kiyingan yigitcha kirib keldi-da, Safar muallimning yoniga bordi, muallim esa cho‘ntagidan pul chiqarib stol chetiga qo‘ydi, o‘g‘il otasini sekingina yelkasidan suyab olib chiqib mashinaga o‘tqazdi.

Oshxona egasi kelib pullarni sanab oldi, mening esa o‘y-hayolimda Safar muallimning so‘zlari aylanaverdi, aylanaverdi…

Luqmon BO‘RIXON
SIRLI MUALLIM
05

luqmon_borixon-640x400.jpgLuqmon Bo‘rixon 1965 yilda Qashqadaryo viloyatining G‘uzor tumanida tavallud topgan. ToshDU (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Jaziramadagi odamlar”, “Temiryo‘l”, “Xizr ko‘rgan yigit” kabi qator roman, qissa va hikoyalar muallifi. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

07

Muallim haqida so‘zim ushbudir:
Muallim kamolot ichra ko‘zgudir.

Abdulla Oripov

Najot G‘aybulla deganlari haqidagi mish-mish bizning tahririyatga ham yetib keldi.
— Ertagayoq safarga chiqasiz, — dedi bosh muharrir meni huzuriga chorlab. – Borib biling-chi, nima gap? Qalamga ilashgulik holi bo‘lsa shartta biror narsa qoralab keling. U yoqlarni siz yaxshi bilasiz.
Ha, ha, kaminaga u taraflar tuzukkina tanish. Ropa-rosa ikki yil avval ovloq cho‘l qo‘ynidagi o‘sha xarobgina 41-posyolkada bo‘lganman. Bu harbiylikda halok bo‘lgan qahramon askar – Umrzoqov O‘roq tug‘ilib-o‘sgan maskan-da; mahalliy maktab shu jasur o‘g‘lon nomi bilan ataladi. Hatto, qahramonga yodgorlik-byust o‘rnatishgan ekan.
Xullas, qadrdon do‘stim, shoir va yozuvchi, jurnalist (va hokazo). Shunqor Hobilning qutqusiga uchib Umrzoq O‘roq haqida ocherk bitish ilinjida o‘sha ovloq posyolkaga borib kelganman.
O‘shanda bahorning iliq kunlari edi. O‘ngu so‘lda ekan tikinga hozirlangan jigartus paykallar paykallar yastanib yotibdi. O‘ydim-chuqur yo‘l bo‘ylab tizilib ketgan dov-daraxtlar qiyg‘och yaproqlay boshlagan. Osmon hozirgina bo‘shatilgan shishaday top-toza, ko‘m-ko‘k.
Posyolkaning sertuproq, qing‘ir-qiyshiq ko‘chalarida odam siyrak. U yer-bu yerda o‘zini chuvoqda toplab o‘tirgan qari-qartanglar, qiy-chuv bilan o‘ynashayotgan bolakaylar ko‘zga tashlanadi. . Hoynahoy, hamma ko‘klam tashvishlari bilan andarmon, dala-dashtga sochilib ketgan.
Hamrohim, tuman hokimiyatining mas’ul xodimi mashinasini yarmi panjara, yarmi beton devor bilan o‘ralgan maktab hovlisiga taqab to‘xtatdi.
— Yetib qoldik, — dedi u yengil tin olib. – Ana, maktab direktorining o‘zlari, Qalqonov muallim.
Rost, maktab hovlisida yoshi oltmishlarni qoralagan kishi parishon turar edi. U mashinani ko‘rdiyu darhol hushyor tortib biz tomon ildam yurdi. Yalpoq yuzlari xavotiru hadikdan battar yalpaygan, mitti, qiyiq ko‘zlari pir-pir uchadi, quyuq oq oralagan sochlari to‘zg‘in, egnidagi kulrang kostyumi, dudama xanjarday galstugi shalvirabgina turibdi.
— Assalomu alaykum, og‘ajonlar.
Qalqonov muallim biz bilan birma-bir qo‘shqo‘llab ko‘rishdi. – Charchamaygina yetib keldilaringizmi?
— Domilla, tanishing, — deya mas’ul xodim men tomon ishora qildi. — …poytaxtdan kelgan jurnalist. Shunqor Qobilning oshnasi. O‘roq bechora haqida asar yozmoqchi.
— Yaxshi, yaxshi, — deya bosh irg‘adi Qalqonov muallim. — Qani, ichkariga kiramiz.
Maktab hovlisi keng va ozoda edi. Hayhotdek maydonda qo‘r to‘kib turgan o‘quv binosi anchayin ta’mirtalab bo‘lsa-da, fayzli va shinamgina ko‘rinadi. Imorat peshtoqida issig‘u sovuqdan rangi uniqqan bayroq mag‘rur hilpirab turibdi. Hovlidagi daraxt shox-butoqlarida chumchuqlar chug‘urlashadi.
— Darslar qizg‘inmi deyman-a, — dedi mas’ul xodim u yon-bu yon alanglab. – Hammayoq jim-jit. Zog‘ uchmaydi.
Qalqonov muallim bosh irg‘adi:
— Ha, hozirgina uchinchi dars boshlandi, — so‘ng men tomon yuzlanib ehtirom bilan mavzuga ko‘chdi. – Umrzoqov O‘roq o‘zimizdan, bug‘alter bovaning o‘g‘li. Askarlikda Vatan uchun halok bo‘lgan. So‘ng… biz idorama-idora yelib-yugurib nomini maktabimizga qo‘ydik.
— Domilla, — dedi mas’ul xodim vaziyatga jiddiy va rasmiy tus berishga urinib. – An’anamizni tark etmaymiz. Ishni qahramonning yodgorligini ziyorat qilishdan boshlaylik, haykal yonida besh-olti minut sukut saqlaylik.
Maktab direktori tuyqus taqqa to‘xtadi. Rang-quti o‘chgancha bir menga bir hamrohimga jonsarak tikildi.
— Ha, tinchlikmi? – deb so‘radi mas’ul xodim taajjublanib.
— Yo‘-o‘, o‘zim…
Qalqonov muallim g‘udranganicha o‘quv binosi ro‘parasidagi maydoncha tomon boshladi.
Darhaqiqat, ulkan qayrag‘och yoniga qizg‘ish g‘ishtdan balandgina ustun qurilgan ekan. Biroq… poytaxtda Shunqor Hobil, yo‘l-yo‘lakay mas’ul xodim faxr bilan tilga olgan yodgorlik – byustdan nom-nishon yo‘q.
— Haykalcha qani? – so‘radim hayronu lol.
Xijolatdan iyak qashlab turgan Qalqonov muallim duduqlandi.
— Bor edi… o‘rnatganmiz… Bir haftacha ilgari o‘g‘rilab ketishibdi.
— O‘g‘rilab?! – beixtiyor chinqirib yubordi mas’ul xodim. – Kim?! Kimga kerak ekan shu… byust-kalla?
-Bilmadim… mismi, alyuminmi, ishqilib, shunday qimmatbaho narsadan yasalgan ekan o‘sha byust. O‘g‘rilar qo‘porib ketishibdi.
Mas’ul xodim battar tutoqdi:
— Darrov organga xabar bermadilaringmi? A?!
— Berdik, uchastkovoyga aytgandik…
— Xo‘sh-sh…
— Kuldi. Qo‘yinglar-ye, uyat bo‘ladi, dedi. Bir yasama kalla uchun to‘rt-besh tirik kallani kundaga qo‘yishni istamas emish.
— Uchastkani nazorat qilish o‘rniga kallalarning g‘amini yeb yurgan qanaqa melisa o‘zi?
— Halim Norbo‘ta o‘g‘li.
— Iya, o‘shami?! Otasi zo‘r melisa edi-ku, suyak surilibdi-da, yaramas.
Qalqonov muallim tuyqus uchastka nazoratchisini sotib qo‘yganidan battar kalovlangan edi. Mas’ul xodim esa asabiy tarzda bosh chayqab, qo‘l siltab tag‘in xiyla vaqt javragach, men tomon xijolatli yuzlandi.
— Uzr. Kutilmagan muammo…
— Hechqisi yo‘q, — dedim ularni yupatgan bo‘lib. – Bo‘p turadi. Yangi byust zakaz qilasizlar.
Xullas, allaqanday qaroqchilarning fitnasiga uchmay o‘sha safardan vatanparvarlik, fidoyilik tarannum etilgan tuppa-tuzuk ocherk yozib qaytdim. Bosh muharririmiz xo‘b maqtadi.
Mana, non-nasiba chorlab yana o‘sha yoqlarga chog‘lanib turibman.
— Cho‘lma-cho‘l sang‘ib yurmang, — deya bot-bot tayinladi bosh muharririmiz. – Hoynahoy, Najot G‘aybulla deganlariga jinoyat ishi ochilgan. To‘ppa-to‘g‘ri borib avval tergovchiga uchrashing, keyin vaziyatga qaraysiz…

* * *

Idorama idora kirib-chiqib, so‘rab-surishtirib, oxiri kerakli tergovchiga duch bo‘ldim.
— Ha, — dedi u oldimga ustiga “Delo” deb yozilgan papkani surib. – O‘sha nusxaning ishi menda. Ikki-uch marta posyolkaga borib keldim. Maktab jamoasi bilan uchrashdim. Ba’zi birlari tushuntirish xati yozib bergan, marhamat, istasangiz tanishib chiqing.
— Rahmat.
Tergovchi shosha-pisha qo‘l soatiga ko‘z tashlab oldi.
— Zaril ishim bor edi-da, bir yerga borib kelsam maylimi? Darrov qaytaman.
— Xo‘p, bemalol.
— Siz ishni bemalol o‘qib chiqavering, — dedi tergovchi eshik tomon yurarkan. – Sizdan yashiradigan sirimiz yo‘q.
— Men qalingina papkani ochib shoshilmay o‘qishga tushdim.

* * *

(Maktab direktori Q.Qalqonovning tushuntirish xati)
Suyagim maktabda qotdi. Yigirma yoshimdan beri muallimlik qilaman. Bolalarning qiy-chuvini eshitib turmasam boshim og‘riydigan bo‘lib qolgan. Bir paytlar jomadon ko‘tarib o‘qishga otlangan chog‘im uchuvchilikni orzu qilganman. (Orzu-istaklar qanotida xo‘b uchib-qo‘nib yurgan paytlarimiz ekan-da) Yo‘q, taqdir taqozosiga ko‘ra rus tili mutaxassisi bo‘ldik. Ishladik. Mana, ishlayapmiz. O‘qituvchilikning etagidan tutganimiz uchun hech kim bizni yomonotlig‘ qilgan emas. Davralarning to‘rini berishmasa-da, har nechuk poygakka tushirib tashlashmaydi. Hozirgi yoshlarga qarab hayron bo‘laman, muallimlikdan or qilishadimi-yey… Ayniqsa, o‘g‘il bolalar.
Qay bir kun oltinchi sinfda o‘qiydigan uch-to‘rt bolaning gurungi tasodifan qulog‘imga chalinib qoldi.
“Kelajakda prokuror bo‘laman, — derdi ulardan biri viqor bilan, — hamma mendan qo‘rqadi, hurmat qiladi. Boylikka ko‘milib yashayman”.
“Prokuror ko‘p oylik oladimi?” – deb so‘radi tag‘ir bir soddarog‘i.
Do‘sti avval miriqib kuldi, so‘ng ishonch bilan dedi:
“Yo‘-o‘q, gap oylikdamas. Jinoyatchilar qamalib ketmasligi uchun cho‘ntagingga jaraqlatib solib qo‘yadi”.
“Men mafiya bo‘laman!” – deya tantanali hayqirdi bolalardan biri.
Haligi soddarog‘i yana so‘radi:
“Mafiya?! Nima u?”
Tantanali ovoz egasi, hoynahoy mafiya nimaligini tuzukroq anglamasa kerak, biroz taraddudlanib arang tilga kirdi:
“Mafiyani kinolarda ko‘rmaganmisan? Ulardan kerak bo‘lsa prokurorlar ham qo‘rqishadi”.
“Men qo‘rqmayman!” — qonun himoyachisi bo‘lish orzusidagi o‘quvchi dik etib o‘rnidan turdi. –Men hamma mafiyani zirillataman!»
“Mafiya” u tomon xezlandi.
“O‘chir ovozingni qo‘lingdan hech narsa kelmaydi”.
Ular bir-birining yoqalariga chang solishdi. Shu orada tomoq qirib panadan chiqdim. Bolakaylar olishuvni bas qilib, joy-joyiga o‘tirishdi. O‘zlaricha uzun-qisqa salom berishgan ham bo‘lishdi
Men ularni bir zum kuzatib turdim. Ich-ichimdan allanechuk iztirob, g‘ussa qo‘zg‘aldi.
Bolalar hanuz hansirashgan ko‘yi bir-biriga o‘qrayishar edi. Mafiya orzusidagi bola-uchastka nazoratchisining o‘g‘li Zokir. O‘qishlari a’lo, xulqi ham binoyigina. Shaxsan men uning kelajagiga katta umid bog‘laganman. Shu sabab bolalar to‘pidan uni imlab chaqirdim. Dovdirabgina yonimga keldi.
“Zokirboy, — dedim qo‘lidan tutib, — nima u mafiya-pafiya? Unaqa bema’ni gaplarni qo‘ying, bolam. Siz a’lochi o‘quvchisiz-ku, kelajakda olimmi, bilimdon o‘qituvchimi bo‘lasiz, degan umiddamiz”.
Orqada shumshayib-shumshayib turgan bolalar piq-piq kula boshlashdi.
Zokir qo‘limdan yulqinib chiqdi.
“Baribir mafiya bo‘laman!”
Shu voqeadan so‘ng biror hafta o‘tar-o‘tmas Zokirning onasi Mohigul, huv, Safarmurod chavandozning qizi maktabga bostirib keldi:
“O‘v, o‘rtoq Qalqonip, nega mening bolamga muallim bo‘lasan dedingiz? O‘g‘lim bechora necha kundan beri qahshab yig‘lab yuribdi”.
Men hangu mang qotib qolgan edim. Tilim arang kalimaga aylandi.
“Nega yig‘laydi?! Nima, yomon tilak bildiribmanmi?”
«Jo‘ralari ustidan kulib yurishibdi ekan. Nega unday dedingiz? Bolam kimdan kam, nega u muallim bo‘lar ekan?!
Men jo‘yali bir javob topgunimcha Mohigul qarg‘ana-qarg‘ana xonamdan chiqib ketdi.
Yurak bag‘rim zirqiragancha xiyla vaqt o‘tirib qoldim. Xayollarim alg‘ov dalg‘ov bo‘lib ketdi.
Yo, xudo, o‘qituvchi bo‘lasan deyish haqoratmi?! Nega shunday tabarruk kasbdan or qilishadi? Muallim qachon ularning arpasini xom o‘rdi, qachon birovning oshtobog‘iga qo‘l cho‘zdi? Yo, o‘qituvchi otning kallasiday maosh olib, bular quruq qolishdimi? O‘qituvchi dang‘illama uylar qurib, gijinglagan mashinada yuribdimi? Axir, hamma-hammasi el qatori-ku, yo‘g‘ini yashirib, borini oshirib kun ko‘ryapti-ku?! Yo, xudo, yo, G‘ulomxon pirim, bu qanday nafrat, bu qanday ko‘rgulik?
O‘sha kuni kechgacha idorada biqinib, shunday og‘ir o‘ylarga yem bo‘lib o‘tirdim. Umuman, men maktabdan kech qaytaman. Iloji bo‘lsa, shu yerda yotib qolsam, hovullagan uyimga bormasam, deyman. So‘qqaboshning hayoti shu ekan-da. Qizlarim uy-joyli bo‘lib ketishgan. Kichik qizim qo‘shni. Shu bechora ro‘zg‘orimga qarab turadi. Nu… baribir rahmatli xotinimning o‘rnini hech kim, hech narsa bosolmas ekan.
Yo‘q, men nolimayman, men yig‘lamayman. Allaqanday sintimental kayfiyat bizga yot. Mingta mohigullar ayuhannos solib, shang‘illab kelishsa-da, kasbimga bo‘lgan mehrimni so‘ndirolmaydi. Ha, men o‘qituvchiman, muallimman, bu kasbim bilan faxrlanaman! Qolaversa, necha bir mohigullar haqorat deb biladigan, necha bir to‘ralar mensimay qaraydigan xizmatda bo‘lishning o‘zi jasorat-ku?!
Lekin quvonchli kunlarimiz ham ko‘p. O‘qituvchi o‘z mehnatining mevasini ko‘rganda o‘n yoshga yasharadi, balqiydi. “Mehnatning mevasi” deganda, hoynahoy, uch-to‘rt oyda arang qo‘lga yetib keladigan maoshni o‘ylasangiz, adashasiz. Muallim mehnatining mevasi bu – tirishqoq, omadli o‘quvchilar! O‘z o‘quvchisining kamolini, obro‘-e’tiborini ko‘rgan qaysi muallim loqayd qo‘l siltab qo‘ya qoladi? Hech qanday. Men shunday azamat kadrlar bizning maktabdan ham yetishib chiqqanini mamnuniyat bilan qayd etishim mumkin. Masalan, Qorjov polvon. Hozir u Qorjov Chorshanbiyevich bo‘lib ketgan. Poytaxtda yashaydi. Ba’zi birovlar polvon shaharlik xotinining orqasidan ko‘tarilib ketdi, degan sassiq gap tarqatib yurishibdi. Lekin bu g‘irt yolg‘on. Qorjovjon o‘zi omadli yigit, Xizr ko‘rganlardan. Yana bir faxrli shogirdimiz – Do‘lanov Samad. U ham zo‘r bir ilmiy tekshirish institutida ishlaydi hozir. Qolaversa, Vatan uchun halok bo‘lgan Umrzoqov O‘roq ham bizning maktabda ta’lim olgan. U haqda Ulash agronom shoir doston bitishga chog‘lanib, ba’zi bir sabablarga ko‘ra rejalari barbod bo‘lgan edi. Ulashboyni tanisangiz kerak-a? Ko‘zingiz tushgandir: xumkalla, tikanak soch, yapasqi burun, qop-qora kishi. Huv, a’robiy birodarlarni eslatib yuboradi. U kishi sovxozimizning kichik agronomi, lekin katta shoiri. Men hazillashib “cho‘llik Pushkin” deb atayman. Hozirgi kunda bu ijodkor Qorjov Chorshanbiyevich hayotidan bir epik asar yozish taraddudida. Xullas, hayot-faoliyati ming bir doston bo‘ladigan shogirdlarimiz talaygina. Yana bir takrorlayman, ular bilan faxrlanamiz, ko‘ringanga maqtanamiz.
Hurmatli tergovchi, endi sizni qiziqtirgan masalaga o‘tsak. Bu yog‘i bir tushga o‘xshaydi.
Roppa-rosa to‘rt oycha avval edi. Uch oylik paxta hasharidan qaytib endigina o‘qishni boshlagan kunlar. Darsga qo‘ng‘iroq chalinib, maktabning ichu tashida shovqin-suron andak bosilgan bir payt.
Men xonamning eshigini lang ochib, o‘z yozuv stolimda ishlab o‘tiribman. Pastki sinflar uchun grammatikadan ko‘rgazma tayyorlayotgan edim. Sinfxonalarda dars o‘tayotgan muallimlarning past-baland tovushlari eshitilib turibdi. Qaybir sinfda musiqa sabog‘i bo‘lsa kerak, rubobning ting‘illagan sasi quloqqa chalinadi. Men ko‘rgazma bilan band bo‘lsam-da, maktabning yo‘lagini hushyor kuzatib turibman. Eshikni ham shuning uchun atay lang ochib qo‘ygan edim. To‘g‘risi, dars payti behuda sang‘ib yurgan o‘quvchiyu o‘qituvchini jinim suymaydi. Shunaqalarga ko‘zim tushsa darrov to‘xtatib so‘rab-surishtiraman, jo‘yali bahonasi bo‘lmasa ozgina koyib, ozgina erkalab darsga kirgizib yuboraman.
Bir payt bo‘sag‘amga bir sharpa ko‘ndalang bo‘ldi. Shartta bosh ko‘tarib qaradim. Qaradimu beixtiyor o‘rnimdan turib ketdim.
«Taftishchi-yov?! – lip etib o‘tdi xayolimdan. Bunday o‘y kallamga behuda urilmadi. Axir, bo‘sag‘ada baland bo‘yli, kelishgan, yap-yangi, qimmatbaho kostyum-shim, oppoq ko‘ylak kiygan yigit turar edi. Yuz-ko‘zlaridan allanechuk nur yog‘iladi.
— Assalomu alaykum, domla, — dedi u qiroat bilan. – Kirishga mumkinmi?
— Keling, keling…
Ko‘zlarimni notanish yigitdan uzolmay qoldim. Haligi… Hollivudmi-yey, Gollivudmi-yey, degan joylarning kinoartistlariga o‘xshaydi. Ko‘zlari chaqnab turibdi, lablarida nimtabassum. Yoshi nari borsa o‘ttizlarda. Meni xayol qurg‘ur haryoqlarga olib qochadi.
Ishqilib, tinchlik bo‘lsin-da! Kim ekan bu? Chet ellikmi deyman? Bizning ovloq posyolkamizda nima qilib yuribdi? Yo ijaraga joy izlab yurgan tadbirkormikan? Biror kichik korxona ochmoqchidir? Ana, tuman markazidagi qaysidir maktab shunday ishbilarmonlarga o‘quv korpusining bir bo‘lagini ijaraga topshirib maza qilib yurishibdi-ku! Rahbariyat ham o‘shalarni maqtaydi. Xudo bizga ham “ol, qulim” deb, yubordimikan?!
Yigit men ishora qilgan stulga o‘tirib qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi.
— Uzr, domla, bezovta qildim. Siz direktor bo‘lsangiz kerag-a?
Men hayajon bilan bosh irg‘ab, o‘zimni tanishtirdim.
— Men Najot G‘aybullaman, — deya gap boshladi yigit. – Tuman markazidan keldim.
— Xush kelibsiz, xush ko‘rdik.
— Men… – Najot G‘aybulla bir oz kalovlanib yerga qaradi. – Men ish izlab keldim. O‘qituvchiman.
“Fu-u…” – shu lahzadayoq hafsalam pir bo‘ldi-qoldi; es-hushim darrov joyiga qaytib, hadik-hayajonlar tarqadi-ketdi.
— Mutaxassislik qanaqa, uka? – so‘radim rahbarlarga xos sovuqqonlik bilan.
— Jug‘rofiya.
— Ma’lumot oliymi?
— Oliy.
— Ilgari qayerda ishlagansiz?
— Ikki yil poytaxtda ishladim. So‘ng oilaviy sharoitga ko‘ra o‘zimizning tumanga qaytib keldim. Bir yildan oshdi, bekorchiman.
— Nima, markazda ish topolmadingizmi?
— So‘rab-surishtirdim, — Najot G‘aybulla bir zum sarosimalanib qoldi. – Ikki-uch maktabga kirib chiqdim. Jug‘rofiya o‘qituvchisi kerak emas ekan. Maorif bo‘limidagilar shu yoqqa yuborishdi.
Bilaman, maorifdagilar yigitni behuda bu yoqqa yuborishmagan. Ular bizning bosh og‘riqdan ancha-muncha xabardor. Ko‘pdan beri jug‘rofiya muallimiga yalchimay yurganimizni juda yaxshi bilishadi. Ilgari bu fandan Rayhon muallima saboq berardi. O‘rta-maxsus ta’limotli bu qizimizning suluvligiyu xulq atvori ham o‘rtagina. Sovchilarni o‘poq-so‘poq, deya-deya oxiri qari qiz bo‘lib o‘tirib qolgan. Ana shu muallimamizni malaka oshirishga yubordigu undan ayrildik-qoldik. Viloyat markazidan qaytmadi. Birov bilan suyushib qolib ketdi. Ota-onasi imi-jimida to‘y qilib berdi. Shu-shu jug‘rofiya o‘qituvchisiga zor-intizor edik. Mana, nihoyat ko‘nglimizdagi kadr o‘z oyog‘i bilan keldi. Ishqilib, Rayhonning ham bizning ham baxtimiz ochilgani chin bo‘lsin-da, bilimdon yigitga o‘xshaydi.
Shunday o‘ylar bilan Najot G‘aybullaga sinchkov ko‘z tashladim.
— Uylanganmisiz?
— Ha, — qimtinibgina javob berdi yigit. – Yaqinda farzandli bo‘ldik.
Javobdan keyin yengil tortdim. Biroq ich-ichimdan g‘alati bir ishonchsizlik g‘imirlab turar edi. Bu ishonchsizlik Najot G‘aybullaning po‘rim ust-boshiga, kelishgan qaddi-bastiga, iroda va viqor yog‘ilib turgan yuz ko‘ziga tikilib-tikilib qaraganim sayin kuchayar edi. Oxiri, chidayolmay yana so‘radim.
— Chini bilan muallimmisiz, uka?
Najot G‘aybulla kostyumining yon cho‘ntagidan hujjatlarini chiqarib yozuv stolim ustiga qo‘ydi: pasport, diplom, mehnat daftarchasi.
Hujjatlarni bir-bir qo‘lga olib, sinchiklab-sinchiklab ko‘zdan kechirdim. Hammasi risoladagidek. Faqat familiyasi biroz g‘alati tuyuldi: G‘aybulla. G‘aybullayev bo‘lishi kerak edi shekilli? Yo, bu ham yozuvchi-shoirlarga o‘xshab “ov”, “yev”-qo‘shimchalardan voz kechdimikan.
— Biz mustaqil millatmiz, — deb qoldi yigit dabdurustdan. Hoynahoy, taajjublanganimni payqab. – Milliy mustaqillik eng avval ism-sharifimizda bo‘lishi kerak.
— To‘g‘ri, — bosh irg‘adim men ham.
Xullas, Najot G‘aybullani ishga olmasligim uchun hech bir asos qolmagan edi.
— Markazdan qatnab ishlamoqchimisiz?
— Hozircha. Keyinroq ko‘ramiz, shu atrofdan biror bir boshpana topilib qolar.
— Agar niyatingiz xolis bo‘lsa, — dedim men uning hujatlarini qo‘liga tutqazib. – Ishga olamiz. Lekin maynavozchilik bilan boshni qotirayotgan bo‘lsangiz…
— Es-hushim joyida, domila, — dedi Najot G‘aybulla allanechuk hayajondan entikib. – Ishoning menga.
— O‘qituvchilikka qattiq qiziqasizmi deyman?
Najot G‘aybulla irg‘ib o‘rnidan turib ketdi.
— Muallimlik jonu dilim. Bolalar orasida bo‘lishni juda-juda yoqtiraman. Ishoning, domla. Mana shu orzu meni bu yoqqa boshlab keldi. Bolalarsiz hayotimni tasavvur ham qilolmayman. Bolalar mening taqdirim. Ular bilan yuz soatlab shug‘ullansam ham charchamayman. Ishoning, domla.
Yigit hayajon bilan gapirarkan, nazarimda, uning xushbichim yuz-ko‘zidan chindan-da nur yog‘ilayotgandek edi. Balandparvoz gap-so‘zlar ham unga allanechuk yarashib turardi.
Shunday qilib Najot G‘aybullani ishga oldik. Jug‘rofiya o‘qituvchisi. Navbatdan tashqari pedkengash chaqirib yangi muallimni maktab jamoasiga tanishtirdim. Najot G‘aybullani ko‘rgan o‘qituvchilar mendan battar hayratlanishdi. Ko‘rkam yigit esa quvonchdan yal-yal tovlanib, goh bosh irg‘ab, goh qo‘l berib hamma bilan salomlashib, so‘rashib chiqdi.
Ha, zo‘r kadrli bo‘ldik degan xayolda edim. Najot G‘aybulla bir hafta ichidayoq o‘quvchilarning ko‘ngliga kirdi. O‘qituvchilar jamoasi unga havasmand qarashardi. Yangi muallimni ko‘ringanga maqtab yurardik. Oqibati bunday bo‘lishini qaydan bilibman?! Atigi bir kunda hamma ishning pachavasi chiqdi. Ustiga ustak, xuddi ataylaganday, hujjatlari yana o‘z qo‘liga tushib qolgani-chi? Bunda anavi tarixchi muallimimizning ham aybi bor. Anqov, hovliqma. Mana, endi… qo‘limizda Najot G‘aybullaning hech bir hujjati yo‘q. Aft-basharasini hohlaganingizcha ta’riflab berishim mumkin xolos. Tavba, hammasi tushdagiday.
Hurmatli tergovchi, bilib turibsiz, bu yerda mening hech qanday aybim yo‘q. Xolisman. Hamma-hammasini maktab uchun, o‘quvchilar uchun qildim.

* * *

(Ulash agronom-shoirning tushuntirish xati)
Uzr, “Portveyn” vinosidan qog‘ozga ikki tomchigina tomib ketdi. Meni tanisangiz kerak-a? Shu sovxozning atoqli shoiriman. Yozganlarimning xatosi bo‘lsa, kechiring, rezinka bilan o‘chiring. A, qalay?
Hurmatli tergovchi, bir necha kundan beri maktabimizga qatnab yurganingizdan xabarim bor. Tashrifingizning sabablari ham kaminaga ma’lum. Shu nuqtai nazardan olib qarasam, haqiqat qaror topishiga hissa qo‘shishni o‘z sharafli burchim deb bilaman. Hoynahoy, kaminaning kamtarin qoralamasi bir guruh muttaham muallimlarning tushuntirish xatlari orasiga qanday tushib qolganiga qiziqayotgan bo‘lsangiz kerak. E, sira so‘ramang, bu ham bir tashvish, yuz gramm oqiga chiqimdor bo‘ldik. Ertalab maktabga keldimu Qalqonov muallimga jindek-jindek quyib berib, gapga ovuntirib, yozuv stoli ustiga taxlab qo‘yilgan. Tushuntirish xatlari orasiga o‘zimnikini tiqishtirib qo‘ydim. Es-dardi ichkilikda bo‘lgan direktor sezmay qoldi. Ishonchim komilki, bitiklarim sizning muborak qo‘lingizga yetib boradi.
Hurmatli tergovchi, sizga quyidagilarni bayon qilmoqchiman. Avvalo, manavi muttaham Qalqonov muallimning diydiyolariga ishonmang. G‘irt ichkilikboz. Necha-necha yillardan beri direktorlik lavozimidan tushmay, maktabni yeb yotibdi. Bunga keragidan ortiq dalillarim bor. O‘zimni ulfat ko‘rsatib ko‘p sirlarini bilib olganman. Qalqonov muallim – xotinboz. To‘g‘rirog‘i, ancha ilgari shunday edi. Uning ishqiy sarguzashtlarga ishqibozligini isbotlash uchun bundan besh-olti yil avval bo‘lib o‘tgan bir voqeani aytib beray. Zero, haqiqat eskirmaydi. (Hurmatli tergovchi, kaminaning qalamiga mansub ushbu hikmatni yon daftarchangizga ko‘chirib olishingizga qarshi emasman).
Xullas, voqea bunday bo‘lgandi o‘shanda.
Domla ikkovimiz ba’zi bir tashvishlar bilan tuman markaziga otlandik. O‘sha kunlar markazdan qatnaydigan avtobus dom-daraksiz edi. Kutish befoyda. Domla, davay, katta trassagacha piyoda boramiz, u yerdan biror bir ko‘likka ilashib ketamiz, deb qoldi. Jo‘nadik sekin-sekin, gurunglashi-ib. Katta yo‘lga yetay-yetay deganimizda oldimizdan bir ayol chiqib qolsa bo‘ladimi?! Ana ayolu mana ayol! Uning ta’rifini faqat shoirlargina keltira oladi: sap-sariq sochlari shaloladay quyilgan, ko‘m-ko‘k ko‘zlar, qalam qoshlar horg‘in-horg‘in uyulgan. Ko‘ylagi ko‘ylakmas bir parcha latta, kesib tashlangan tizzadan shartta, oppoq bilak, oppoq boldirlar, yuraklarga qutqu soldilar…
Xullas, ayol “privet” dedi bizga jilmayib. Qo‘lida katta bir sumka. So‘ng yana ruschalab bu yerdan geologlar ko‘nalg‘asiga qanday berish mumkin, deb so‘radi. Tushinib turibman. Lekin til qurg‘ur hech aylanmaydi-da, armiya xizmatida ham bir batolyon o‘zbek edik, rus tili ko‘p kerak bo‘lmagan-da. Ana, endi xo‘p zaril-da! Qani endi bulbuligo‘yo bo‘lib ketsang! Shu payt yonginamda rus tili o‘qituvchisi qaqqayib turgani lop etib esimga tushib qoldi. O‘rtoq Qalqonovning biqiniga sekin turtdim, “domilla, ikki, ikki og‘ir bir nima devoring”, deb shipshidim. “Nima, senga bu yer sinfxonami”, deb to‘ng‘illab berdi domla, qarangki, uning ham rangi oqarib ketgan. Lekin bez bo‘lib, jim turish ham mumkin emas. Anovi suluv jilmayibgina javob kutyapti. Oxiri Qalqonov ham tirjayib “privet” dedi. So‘ng qo‘llarini goh geologlar tomon, goh posyolka yoqqa paxsa qilib, silkita-silkita, og‘zidan tupik sachratib, tegirmonday guldirab o‘ziga ruschalab allambalolar deya ketdi. Haligi juvon esa andak cho‘chib, andak ajablanib domlaning og‘ziga angrayib turar edi. Bir payt domla gapini tugatar-tugatmas, “teper, po russki obesni, pojaluysta”, deb qolsa bo‘ladimi?! Qalqonov og‘zini kappa-kappa ochib qoldi. Bechora najot izlab menga tikildi. Uyalmasin deb gapni to‘g‘riladim, “domla qo‘yavering, o‘zi go‘zal bo‘lsayam, qulog‘i kar ekan”, dedim. Haligi ayol gapimni eshitib turgan ekan, qah-qah urib kulib yuborsa bo‘ladimi?! “Ve-yey, bilasizmi o‘zbekcha, gapiring o‘zbekcha”, deb qoldi-ya bir mahal! Qurg‘ur, tilimizda bulbulday sayrar ekan. So‘ng hammasi ma’lum bo‘ldi.
Ma’lumki, trassa yoqasidan qaraganda geologlar posyolkamiz tubida joylashganday ko‘rinadi. Domlani ancha-muncha qiynab qo‘ygan anavi ayol ham avtobus derazasidan qarab kela-kela, posyolkamiz biqinidagi uzun-uzun temir qurilmalarni ko‘rib, yetib keldim, deb o‘ylab, posyolka muyulishida avtobusdan tushib qolibdi. Avtobusda birortasidan so‘ramabdi ham. Qarasa, posyolka ham, geologlar qo‘nalg‘asi ham juda-juda olis, adashdim, deb qo‘rqibdi. Shu payt posyolka yo‘lida biz ko‘rinib qolganmiz. To‘g‘risi, qurg‘ur, sho‘x-shaddodgina ekan! Aytganlari chinmi, yo shunchaki hazilmi bilmadim. Xullas, shosha-pisha bizga peshvoz yurgan. Qarasa, ikki yo‘lovchi ham tuppa-tuzuk kiyingan, hatto, birining qo‘ltig‘ida qalin charm papka ham bor. “Sizlarni geolog qidiruvda ishlovchi chet elliklardan, deb sevinib ketdim” dedi ayol. Qurg‘ur, domlani koreysga o‘xshatibdi, kaminani esa… ha, mayli buning ahamiyati yo‘q. Xullas, o‘shanda Qalqonov muallim haligi ayolni yetaklab, o‘z ishini ham unutib geologlar yoqqa yo‘l oldi. Shu-shu o‘sha taraf kunaro qatnaydigan odat chiqardi. Bu haqda posyolkamizda xiyla shov-shuv bo‘ldi. Hatto, ularning Kengsoy dashtida achomlashib yurishganini ko‘rganlar bor.
Mana, sizga isbot. Mana, xotinboz maktab direktorining haqiqiy basharasi. U hozir ham qarib quyilmaganlardan. Sezaman-da…
Men sizga aytsam, hurmatli tergovchi, ushbu maktab jamoasining hammasi ham bir go‘r. Barchasi ma’naviy buzuq, poraxo‘r. Masalan, maktab ilmiy mudiri Norxol Xushbaqovani olaylik. Anavi yuzida “indiyskiy” xoli bor, do‘mboqqina ayol-da, taniysiz-a? Eri ikki yil avval Rossiyaga ketib qolgan. “Tirikchilik qursin, xo‘jayinim pul topish dardida sarsongarchilikni bo‘yniga oldi”, degan gap qilib yuribdi Norguloy. Aslida-chi, eri undan bezib ketgan. Endi qaytmaydi, aytishlaricha o‘sha yoqda bir go‘zalga uylanib olgan emish. Hammasiga shu ilmiy mudirning o‘zi sababchi. Har xil majlislarni bahona qilib markazga kunora qatnaydi, uyiga kech qaytadi. Yosh boshiga behuda ilmiy mudira bo‘lib qolmagan bu, bilaman-da.
Masalan, direktor o‘rinbosari Boymurod serriga nazar tashlaylik. Xudo sal kam ikki metrlik bo‘y bergan, hunar-punar degan narsalardan ham qismagan, lekin aynan muallimlik uquvini bermagan-da. Lekin bu kishim o‘qituvchilar. Algebra, fizika kabi eng jiddiy fanlarni egallab olgan. Davlatning oyligini qurtdek sanab olib yotibdi.
Umuman, hurmatli tergovchi, maktabda nosog‘lom muhit bor. Qalqonov, Norxol, Boymurodlar o‘zaro jinoiy guruh. O‘qituvchi kadrlar yetishmaydi, degan bahona ostida dars soatlarini bo‘lib olishgan. Hali ona suti og‘zidan ketmagan, qay go‘rdagi kollej-mollejni amal-taqal bilan bitirib kelgan qizlarni ham ishga qabul qilgan. Hammasi shu uchchovining qarindoshi, hammasi ko‘rsavod.
Domla Xurramovich haqida hech narsa deyolmayman. U anaqa… maxsus idoralarning xufyona xizmatida. Qo‘rqaman. Uni taniysiz-a: yoshi ellikdan hatlab o‘tgan, sochlari menikidek siyrak, qirovtus. Vaziyatga qarab goho shlyapa, goho do‘ppi kiyadi va lek hech qachon yalangbosh yurmaydi. Hoynahoy, bor-yo‘g‘ es-aqli bosh kiyimida, esam garangsib qoladi. Ko‘zlari targ‘il. Rangi uniqqan yoqalaridan qop-qora galstugi hech yechilmaydi. O‘lsayam bir kun shu bo‘yinboqqa osilib o‘lishni niyat qilgan, shekilli. Biroq domla hozircha dadil, hayotga hushyor qaraydi. Salomat bo‘lsinlar.
Anchagina aljirab yubordim-ov,o‘rtoq tergovchi. Lekin meni mast deb o‘ylamang. Ilhom uchun ahyon-ahyon, qittak-qittak olishimni hisoblamasak, mutlaqo ichmayman. Shu sabab yozganlarimni diqqat qilishingizni eltimos qilaman.
Xo‘sh-sh, ustiga-ustak maktabda darsliklar yetishmaydi. Umuman, yo‘q desam ham xato qilmayman. Bu ko‘rguliklarning boshida sovxozimiz direktori Chinor Toshtemirovich turishini sizga ro‘y-rost aytmoqchiman. (Uzr, tag‘in uch-to‘rt tomchi vino qog‘ozga tomib ketdi, ming bor uzr) Chinor Toshtemirovich – mutloq hokim, lekin qo‘rqoq, kazzob odam. Qo‘rqoq odam yovuz bo‘ladi! ((Kaminaning qalamiga mansub ushbu hikmatni ham ko‘chirib olishingizga roziman). Chinor Toshtemirovich shunchaki zolim, johil. O‘z hukmidagi eldan qo‘rqadi, kirdikorlari bir kun ochilib qolishidan cho‘chiydi. Shu sabab hech kimni ko‘z ochirgani qo‘ymaydi. Gapga yetarman, kallali odamlarni badnom qiladi, qamatadi, kerak bo‘lsa, o‘ldirib yuborishdan ham toymaydi. Chunonchi, Umrzoqov O‘roq askarlik payti odam yollab uni saranjomlatgan. Chunki O‘roqboy katta institut talabasi, oq-qorani ajrata boshlagan zukko yigit edi. Afsus, oramizdan erta ketdi. (O‘rtoq tergovchi, qahramon o‘g‘lonimizning pok xotirasi uchun jindek ho‘plab yuborsam… Mana, sizning nomingizdan ham yana qittak).
Xo‘sh-sh, mana shu battol rahbar darslik kitoblar keltirishga imi-jimida qarshilik qiladi. Bolalarning o‘qimishli, zukko bo‘lib ketishini istamaydi. Bir kun kelib yoshlar sovxoz rahbarligiga da’vogar bo‘lmasin, deydi-da. Shuning uchun maktabni qattiq nazoratda saqlaydi. Yuqorining buyrug‘i degan bahona ostida bolalarni paxta terishga haydab chiqadi. Bolalar ikki-uch oylab dalalarda qolib ketadi, maktab beti ko‘rmaydi. Muallimlarni atay ovora qilib qo‘yadi. G‘ing deganning boshiga malomat yog‘averadi. Qalqonov muallimga o‘xshaganlar esa och qornim tinch qulog‘im qabilida ish yuritadi. Shuning kasridan o‘quv ishlari o‘rta sarson. Ana shunday payt Najot G‘aybullaga o‘xshaganlarning kuni tug‘adi. Jamoa orasiga suqilib kirib bilgan noma’qulchiligini qiladi. O‘rtoq tergovchi, Qalqonov va uning hamtovoqlari albatta sizga o‘zlarini oppoq ko‘rsatib yozib berishlari tayin. Ammo men garantiya berib aytamanki, ishkal ishga shular yuz foiz aybdor. Masalan, Qalqonov muallim Najot G‘aybullani pora evaziga ishga joylagan. Isbot shulki, notanish yigit paydo bo‘lgan kunning eratsiga quvonch bilan shataloq otib ketayotgan Qalqonovni uchratib qoldim. “Ulashvoy, yuring, bi-ir eriyman, kecha zo‘r o‘qituvchili bo‘ldik”, dedi. Holbuki, qaysi kundir cho‘ntagida xemiri yo‘qligidan, kimdan qarz undirishini bilmay, garangsib yurgan edi. Endi esa erimoqchi! Demak, qaydandir tushim tushgan. Neajabki, Najot G‘aybulla himmat qilgan bo‘lsa?!
Najot G‘aybulla deganlari baloiazim ekan. To‘g‘risi, uni ko‘rib mening ham og‘zim ochilib qoldi. Po‘rim ust-boshi, viqorli yurish-turishi qoyil qoldirdi. Markazdan maktabga yap-yangi “Neksiya”da qatnashiga nima deysiz? Zarraning zarrasicha bizning muallimlarga o‘xshamaydi.
Hatto posyolka eli ham yangi o‘qituvchini tomosha qilgani har xil bahonalar bilan maktab tevaragida o‘ralashadigan bo‘lib qoldi. Maktab jamoasini-ku, qo‘yavering. Muallimchalar pardoz-andozdan bo‘shamay qolishdi, u yon o‘tsa ham, bu yon o‘tsa ham “Najot aka, Najot aka”lab entikishadi. Duppa-durust o‘qituvchilarimiz ham onasi ortidan atak-chechak odimlashni o‘rganayotgan bo‘taloqlardek Najot G‘aybullaga taqlid qilishga tushishdi. Ammo yo‘l bo‘lsin! Cho‘ntagida tilla chervon o‘ynayotgan kishigina yangi muallimga taqlid qilsa arziydi.
Men emotsiyaga berilmaydigan, voqealarni xolis, sovuqqon tahlil qiladigan odamman. Shu sabab yangi o‘qituvchiga boshqalardek angraygan ko‘yi qolib ketmadim. Najot G‘aybullani obdon kuzatib u haqda o‘zimga xulosalar yasadim.
Najot G‘aybulla qandaydir boyvachchaning to‘qlikka sho‘xlik qilib yurgan arzandasi. Avantyurist. Bunaqalarni kino va romanlarda ko‘p uchratamiz. Ular ota-onalarining boyliklariga qanoat qilmay har xil sarguzashtlar ishtiyoqida yurishadi. Najot G‘aybulla ham xuddi shunday. Muallimlikka ko‘ngilchalari sust ketgan. Shu yo‘l bilan yosh o‘quvchi qizlarning bokira yuragini zabt etib, ishqiy maynavozchiliklar qilmoqchi bo‘lgan.
Mana, naqadar to‘g‘ri xulosaga kelganimni hayotning o‘zi ko‘rsatdi! Yaxshiyam katta falokatlarning oldi o‘z vaqtida olib qolindi.
Hurmatli tergovchi, kaminai kamtarinning bitiklari sizga asqotib qolsa g‘oyat mamnun bo‘lardim. Gaplarim tuhmatu bo‘xtondan, yolg‘on-yashikdan xoli. Es-hushim o‘zimda. Ko‘zim tinib boshim aylanayotgani, qo‘limning qaltirashi hayajonning zo‘ridan, xolos. Boshqa xayollarga bormang tag‘in. Mabodo zarurat chiqsa bemalol chaqirtiring. Kamina uchib borajak. Sizning chorlashingizga umid bog‘lab hozircha yozganlarimga imzo chekmay turaman. Uzr.
Darvoqe, ikki og‘iz o‘pka-gina qilishga ruxsat bersangiz. Men bundan xiyla ilgari maktabimiz muallimlari Norxol va Boymurodning g‘ayri axloqiy sarguzashtlari haqida idorangizga to‘rt enlik xat tashlagan edim. Negadir hanuz-hanuz javob bo‘lmadi. Anovi o‘qituvchilar so‘roq-tergovga tortilmadi. Yo fursat topolmadilaringizmi? Mana, o‘z oyog‘ingiz bilan maktabimizga kelib qolibsiz, balki ushbu dolzarb masala yuzasidan ham tekshiruv o‘tkazarsiz? Umidlarim katta. Qimmatli vaqtingizni o‘g‘irlaganim uchun yana bir karra uzr so‘rayman.

* * *

(Maktab ilmiy mudirasi Norxol Xushboqavaning tushuntirish xati)
Uf-f, bir kamim tushuntirish xati yozish edi. Xo‘sh, nimani tushuntiray? Hali o‘zimga ham tushunuksiz, chigal turmushim, kasbi-korim haqida nima ham deyishim mumkin? Bir paytlar otam rahmatlik pedinstitut qoshiga yetaklab borib, “Qizim, muallimchilikka o‘qiy qol, ayollar bop ish, to‘rtta bolani aldab yuraverasan”, degan edi. Afsuski, to‘rtta o‘quvchini aldash» bilan ish bitmas ekan. Mana, yozuv stolim ustida uyum-uyum yumush kutib yotibdi: darslar taqsimotini qayta ko‘rib, jadvalni o‘zgartirishim kerak, tuman hokimiyatiga, maorif bo‘limiga alohida-alohida hisobot tayyorlashim zarur. Hisobotda o‘tgan chorak yakunlari, yangisining rejalari ikr-chikrlarigacha aks etishi talab etilgan. Bundan tashqari, shu oy ichida qabul qilingan hukumat Qarorlari asosida devoriy gazeta tayyorlab maktab zaliga osishim kerak. (Iloji bo‘lsa yoniga o‘zimniyam) Bular bugundan qoldirmay qilishim zarur bo‘lgan yumushlar. Ertaga yana qancha qog‘ozbozliklar kutayotganini aytsam, ruchkamning siyohi tugab, qog‘ozlarim ado bo‘ladi.
Yo‘q, men tushuntirishim xati yozmayman. Dabdurustdan shunday qarorga keldim. Shoir aytganday, yuragimni yulib shundoqqina qog‘oz ustiga qo‘ya qolaman. “Maktabning obro‘sini o‘ylanglar, o‘zlaringni ehtiyot qilinglar”, deb ustoz Qalqonov necha-necha marta tayinlagan bo‘lsalar-da, baribir ko‘nglimdagini yozmasam chidayolmayman.
Ustiga-ustak, hurmatli tergovchi, o‘zingiz meni bir chekkaga tortib: “Xushboqova, ustingizdan shikoyat xati tushgan” dedingiz. Shikoyat mazmuni bilan qisqacha tanishtirdingiz. A’zoi badanim muzlab ketdi. Siz ahvolimni payqab, o‘zingizcha yupatgan bo‘ldingiz, ammo yumshoqlik bilan qo‘shib qo‘ydingiz: “Uzr, shu masala xususida ham alohida tushuntirish yozib bering”.
Yo‘q! Bunaqa masalalar yuzasidan alohida hech narsa deyolmayman. Shu yozganlarim yetarli bo‘lar, hoynahoy.
Najot G‘aybulla ishga qabul qilingach, bir hafta ichidayoq maktabni sehr-joduga ko‘mib tashlaganday bo‘ldi.
Ustida hamisha oppoq ko‘ylagu qop-qora kostyum, guldor galstuk. Quyuq sochlari yuvib, orastalangan. Yuzlarida viqor, lablarida nimatabassum. Avval boshida o‘qituvchilarimiz Najot G‘aybullaga nopisand, masxaraomuz muomalada bo‘ldilar. “Xuddi to‘yga kelganday kiyinishini-chi” deyishardi ensalari qotib. Keyinchalik hamma-hammalari yangi muallimga qiziqsinib-qiziqsinib, andak hasadu andak havas, andak quruv va andak hayrat bilan qarashadigan bo‘lishdi.
Najot G‘aybulla darslarga o‘z vaqtida yetib kelar edi. U ichkari kirayotgan chog‘, nazarimda, “O‘qituvchilar xona”sining yog‘sirab qolgan eshigi odatdagidek ayanchli g‘iyqillamas, u qadam bosgan payt, eski pol odatdagidek g‘ichirlamas edi.
— Assalomu alaykum!
Najot G‘aybullaning qiroatli salomi davlat madhiyasiday jaranglaganidanmi xonadagi o‘qituvchilar beixtiyor o‘rinlaridan qo‘zg‘alib, qo‘l berib ko‘rishishga chog‘lanishardi. Najot G‘aybulla go‘yo yo‘qsillarga ehson ulashganday, har bir hamkasabaning ilkini ehtirom bilan bir-bir ushlab, samimiy so‘rashib chiqar, so‘ng ustidagi qimmatbaho, charm kamzulini burchakdagi ilgakka ilardiyu ko‘zgu yonida apil-tapil sochlarini tarab, u yoq-bu yoqni sarishtalab olardi. Uzundan uzoq teleserialni hormay-tolmay muhokama qilayotgan o‘qituvchilarning o‘z-o‘zidan sasi uchib, goh oshkora, goh pinhona yangi muallimni kuzatishar, go‘yoki qiziqarli, hayajonli tomoshaning galdagi qismi shundoqqina ko‘z o‘nglarida davom etar edi.
Bir kuni Najot G‘aybulla darsga ancha kechikib qoldi. U saboq berishi kerak bo‘lgan sinf bolalari odatdagidek qiy-chuv ko‘tarmay sinfxona eshigidan umidvor-umidvor qarab qo‘yishar edi. Qalqonov muallim ham bezovtalanib maktab hovlisiga chiqdi. Men yangi muallimni boplab koyishga bahona topilganidan xursand. Bir payt Najot G‘aybulla o‘z “Neksiya”sida to‘ppa-to‘g‘ri hovliga kirib keldi.
— Kechirasizlar, kechikib ketdim, — dedi u mashinasidan shosha-pisha tushib.
Endigina achchiq-tiziq gaplarga og‘iz juftlagan maktab direktori hangu mang qoldi. Uning ko‘zi tuyqus mashina saloniga dasta-dasta taxlangan kitoblarga tushgan edi.
— Nima opkeldingiz? – so‘radi u arang.
Najot G‘aybulla kulib mashina bagajini ham ochib yubordi. Bagaj ham liq to‘la edi.
— Darsliklar, ustoz, — dedi yangi muallim mamnun. – Hammasi o‘zimizga.
Men o‘qituvchini betoqat kutayotgan bolalardan uch-to‘rttasini hovliqqancha hovliga boshlab chiqdim.
Qalqonov muallim ham hayajondan, ham hadikdan entikib dedi:
— Bularni hozircha mening xonamga kirgizaylik. Keyin… keyin gaplashamiz.
Direktorning kabineti kitobga to‘lib ketdi.
Najot G‘aybulla o‘quvchilar izidan sinfxonaga oshiqarkan shosha-pisha tushuntirgan bo‘ldi.
— Viloyat markazidan opkeldim. Shunaqa maxsus fond bor.
Direktor ikkimiz goh bir-birimizga, goh uyum-uyum kitoblarga tikilgancha qolaverdik. Ikkovimiz ham taajjubdan tang qotganmiz.
— Qiziq, — deb g‘udrandi Qalqonov muallim. – Qanaqa maxsus fond? Hech eshitmagan ekanman, yo, sening xabaring bormi, Norxol?
Men ham bosh chayqab yelka qisdim. O‘quv yili boshida tuman maorif bo‘limidagilar har bir sinf uchun atigi besh-oltita darslik va besh-olti og‘iz po‘pisa bergandi: “Ulushlaring shu. G‘ing –shing bilan shikoyat qilib yurganlaringni eshitmaylik. Fond tamom. Qolganini bozor-mozordan sotib olasizlar”.
Biz ikki o‘t orasida qoldik. Xo‘sh, erta-indin muqarrar keladigan taftishchilar, “Darsliklarni qaydan oldinglar” deb so‘rashsa nima deb javob beramiz.
Tanaffus payti Najot G‘aybullani direktor ikkovimiz yana o‘rtaga oldik. Men o‘tib-qaytayotgan o‘qituvchilarning kitoblarga ko‘zi tushmasligi uchun eshikni zichlab yopib qo‘ydim.
— To‘g‘risini ayt, bolam. Qayerdan opkelding bularni? – deb so‘radi Qalqonov muallim.
Najot G‘aybulla xotirjamlik bilan o‘sha gaplarini qaytardi.
— Aytdim-ku…
— Tuman rahbariyatidan birov-yarim so‘rab qolsa, bunday deyolmaymiz.
— Nega, ustoz? Bolalar darslikli bo‘lganini eshitib xursand bo‘lishadi-ku?
— Yo‘-o‘q… Boshimizda yong‘oq chaqishadi. Viloyatga arz qilib borgansanlar, deyishadi.
Men ham o‘zimcha fikr bildirgan bo‘ldim.
— Yaxshisi, pul yig‘ib bozordan opkeldik deymiz.
— Yo‘q, — direktor jahl bilan yozuv stoliga mushtladi. – Bo‘lmaydi. Har bir o‘quvchi, har bir muallimga qanday tushuntirib chiqasan buni? Birortasi og‘zidan gullab qo‘ysa, tamom.
Najot G‘aybulla gunohkorona tarzda kitoblarga termulib o‘tirardi.
— Birorta tadbirkor hadya qildi degan qog‘oz to‘g‘rilasak-chi? — dedi Qalqonov muallim chehrasi andak yorishib. U qisiq ko‘zlarini pirpiratib bir menga bir yangi muallimga tikildi.
Oxiri shu qarorga keldik. O‘sha kuniyoq katta tanaffus payti o‘qituvchilar o‘rtasida savobtalab bir tadbirkor maktabimiz uchun darslik kitoblar hadya etgani haqida gapirdim.
— Eh, otasiga rahmat, — deb yubordi Eshbolta aka, keksa boshlang‘ich sinf o‘qituvchisi. – Bolajonlar juda qiynalib yurgandi-da.
Tag‘in bir boshlang‘ich sinf muallimasi – Nozima chinqirib o‘rnidan turib ketdi.
— Darsliklar?! Endi darsliklar bo‘yicha o‘qitamizmi?
— E, chinqirma-ye, — deya jerikdi uni Boymurod aka. – Nima, haliyam oynaga qarab-qarab o‘qitmoqchimisan?
Bopladi. Men Boymurod akaga minnatdorona bosh irg‘adim. U kishi jilmayib qo‘ydi. To‘g‘risi, shu qiz menga ham sira yoqmaydi. Balki ilmiy mudirga bunaqa gap nojoizdir. Lekin baribir ko‘ngilga buyruq berib bo‘lmaydi-da!
Uning semiz, dum-dumaloq bichimiga qarasam nafasim bo‘g‘ilib ketaveradi.
Nozima bundan atigi ikki yilcha ilgari shu maktabni arang bitirib ketgan edi. Onasi tilli-jag‘li, shatta ayol. Bizda farrosh. U yoqqa chopdi, bu yoqqa chopdi, oxiri qizini allaqayerdagi pedkollejga o‘qishga kiritdi. So‘ng yana zir-zir yugurib, goh hokimiyatga, goh prokuraturaga arz qila-qila Nozimani tag‘in qo‘limizga eson-omon topshirdi. Boshlang‘ich sinf muallimaligini berishga majbur bo‘ldik. Men bir gal onasiga alam bilan yuzlanib: “Nozim g‘irt savodsiz-ku? Bolalarning uvoliga qolasiz-a?!” dedim.
Farrosh ayol pinagini ham buzmadi: “Yaxshi-da, qayta o‘qib oladi, o‘rgilay…”
Xullas o‘sha katta tanaffus payti tadbirkorning hadyasi tuzukkina muhokama qilindi. Faqatgina domla Xurramovich gap-so‘zlarga aralashmay, tirishgan basharasi battar tirishib Najot G‘aybullani sinchkov-sinchkov kuzatib o‘tirardi. O‘qituvchilarning ko‘pisi darsliklarga yalchib qolganimizdan quvonib, noma’lum saxovatpeshani astoydil alqashdi.
— Qurumsoqqina boyvachcha ekan-da, — dedi kimyo muallimimiz Salimaxon muhokamaga yakun yasarkan. – Pulginasini qo‘limizga berib qo‘ysa, o‘zimiz olardik-da shu kitob-pitobni.
Salimaxon kuyinchak, talabchan muallimayu lekin “kimyo” deganda ko‘pincha soch-tirnoq bo‘yashni tushinishi chatoq. (Ayol-da) Bilimi ham yomon emas. Poytaxtda o‘qigan, qip-qizil diplom egasi. Ba’zi bir maqtanishlariga qaraganda, amaliyotni “Go‘zallik salon”larida o‘tagan. Eng yomoni, ish yuzasidan ozgina koyisak, Salimaxon darrov maorif mudiriga yugurib boradi. Shu bois faol, intiluvchan muallima sifatida rahbariyat ham uni juda yaxshi tanishadi.
Xullas, hadya darsliklar shu kuniyoq o‘quvchilarga imi-jimida tarqatildi. Saboqlardan bo‘shanqiligi kitob yo‘qligini bahona qilib yurgan bolalarning peshonalari tirishib ketdi.
Biroq kitob to‘la mashinani ko‘rganimizdayoq ichimizga kirib olgan vahima baribir bizni tark etmadi Direktor ham men ham go‘yoki igna ustida yurardik. Xayollarimiz besaranjom. Yo‘q, behuda aziyat chekkan ekanmiz. O‘sha hafta tuman markazidan kelgan taftishchilar to‘pi tuyqus o‘quvchilar qo‘lida paydo bo‘lib qolgan darsliklarga e’tibor ham bermadi. Xavotirdan terlab turgan Qalqonov muallim bekordan-bekor uch shisha aroqqa uch kosa sho‘rvaga chiqimdor bo‘ldi. Darsliklarning qaydan, qanday paydo bo‘lgani esa jumboqligicha qolaverdi. Direktorni bilmadimu men shu siru sinoat haqida tinimsiz o‘ylardim. Ikki-uch marta Najot G‘aybullani chekkaga tortib goh jiddiy, goh hazil-huzl bilan so‘rab-surishtirishlarim ham hech naf bermadi. Yangi muallim o‘ziga yarashiqli hamishagi tabassumlar bilan tag‘in o‘sha gapida turib oldi: “Viloyatdagi maxsus fonddan keltirdim…”
Yo‘q, darsliklardan so‘ng ham “maxsus fond” mashmashasi hali tugamagan ekan!
Najot G‘aybulla bir kuni bahaybat televizor, allambalo video ashqol-dashqollar keltirdi. Bungacha ham u jug‘rofiya kabinetini misoli muzey yasantirgan, jihozlagan edi. Devorlarda turli-tuman xaritayu ko‘rgazmali plakatlar. Stol ustida selitraga bo‘kkan ulkan tarvuzday globus. Har bir partada ikkitadan semiz, rangli kitob. Kitobni varaqlasangiz dunyoning bu chekkasidan kirib narigi tarafidan chiqasiz. Xonaning u yer-bu yeriga ulkan kema va samolyot maketi qo‘yilganki, go‘yo shu transportlarda sayohatga chog‘langandek his qilasiz o‘zingizni.
Mana, shuncha sehru jodusi yetishmaganday Najot G‘aybulla tag‘in hammamizni hangu mang qoldirib teleapparaturalar keltirdi. U g‘aroyibotlarini jug‘rofiya kabinetiga joylashtirarkan hayajonu quvonchdan entikardi.
— Hammasi bolalarga! Ana endi dars-darsday bo‘ladi-da.
“Dars-darsday bo‘larkanmi?! – o‘ylardim men gangib.- Shu paytgacha uning darslari qanaqa edi?”.
Biz – maktab rahbariyati yangi muallim ishga kelgandan beri uning saboqlarini tez-tez kuzatib turardik. Bir gal o‘zim rasmiy tekshiruvchi sifatida sinfxonaga kirib orqa partaga joylashdim.
O‘quvchilar o‘z o‘rinlarida uchishga shaylangan qushlardek sergak o‘tirishibdi. Hamma Najot G‘aybullaga hurmatu e’zoz bilan tikilgan. Sinfxonada pashsha uchsa bilinadi.
— Tinch okeani dunyodagi eng katta ummon.
Najot G‘aybulla qo‘lidagi sinf jurnaliyu kitob-daftarlarini stol ustiga qo‘yar-qo‘ymas dabdurustdan, tomdan tarasha tushganday dars boshlab yubordi.
Odatda biz o‘qituvchilar sinfxonaga kirgach, o‘n-o‘n besh daqiqa g‘ala-g‘ovur, pichir-pichirlarni tinchitish bilan ovora bo‘lamiz. So‘ng sinf jurnalini ochib uzundan-uzun yo‘qlama ichida xiyla vaqt yo‘qolib ketamiz. Keyin o‘tgan saboq yuzasidan so‘roq-tergov boshlanadi. Tayin gapki, dars tayyorlamay kelgan o‘quvchi uncha-muncha partizandan battar miq etmay turaveradi. Xunob bo‘lib uni koyib-jerkamiz. Ikki-uch shunaqa qaysarlar bilan olishuvdan so‘ng o‘zimizning tinkamiz qurib, asablarimiz qaqshaydi. Buyog‘i tanaffusga yaqin. Shosha-pisha yangi darsni boshlaymiz. O‘quvchilarning beadoq shivir-shivir, pichir-pichiriga qorishtirib konspekt qilib kelganlarimizni amal-taqal bilan aytib beramiz.
— Tinch okeani dunyodagi eng katta ummon!
Najot G‘aybullaning sokin, sohir ovozi sinfxona bo‘ylab sirli-sirli kezinadi. Hammayoq tinch ummoniga g‘arq bo‘lganday jim-jit. Yangi muallim ahyon-ahyon doskaga zarur raqamu atamalarni yozib qo‘yadi, goh stol ustidagi globusning kerakli nuqtalariga ishora qiladi. O‘quvchilar allaqachon sinfxonadan “uchib” ketishgan. Ular ustozlariga qo‘shilib olis-olis orollarda, suv dunyosining g‘aroyibotlari ichida sayr etib yurishibdi.
Qo‘qqis tanaffusga qo‘ng‘iroq chalindi. Qo‘ng‘iroqning beayov chinqirig‘i hamma-hammani olis cho‘l posyolkasining ovloq qo‘yniga yana qaytarib keldi. Shundagina men ham o‘quvchilar safida ekanimni payqab qoldim. Hatto quloqlarim ostida xiyla vaqt palma daraxti shovullab turdi, ummon suvining sho‘r ta’mi tomoqlarimni kuydirib o‘tganday bo‘ldi. Bunaqa achchiq ta’m odatda ich-ichimdan o‘ksib yig‘laganim chog‘ paydo bo‘ladi.
Nahotki men o‘ksidim?Nega?! Yangi muallimday dars berolmasligimni anglab yetdimmi?
Tekshiruvdan dilgir va asabiy kayfiyatda chiqdim. Qalqonov muallim darrov huzuriga chorladi.
— Qalay?
— Yomon.
— Nega?
— Rostdanam dars o‘tarkan.
Qalqonov muallim yerga qaradi. Men deraza ortida yastangan tip-tiniq osmonga tikildim.
— Xafa bo‘lma, — deb gap boshladi direktor chuqur bir tin olgach. — Sizlar ham yaxshi muallim. Baholi qudrat o‘qityapsizlar-ku?
— Bu boshqacha-da.
— Najotning sharoiti tuzuk shekilli. Ko‘rib turibmiz, moddiy jihatdan ham baquvvat. Bunaqa bo‘lgandan keyin faqat darsni o‘ylaydi-da. O‘z ustida ishlaydi. Sizlar ham…
Qalqonov muallim gapini ichiga yutib yana yerga aybdorlarcha tikildi.
Men tomoqlarimda tag‘in dengiz sho‘rini tuydimu beixtiyor tashqariga otildim.
Shunday qilib, Najot G‘aybullaning tele-apparaturalari yana bizni tahlikaga tashladi. Goh direktor, goh men yangi muallimni so‘roqqa tutdik.
— Qayerdan oldingiz bunaqa qimmat narsalarni?
Javob yana odatdagiday bo‘ldi:
— Viloyat markazidan. Maxsus fond.
— O‘v-v… — Qo‘qqis paydo bo‘lgan domla Xurramovich tergovga aralashdi. Sen bola nega maynavozchilik qilyapsan? Qanaqa maxsus fond? – azbaroyi jahldan Hurrmovichning sariq qoplamali tishlari orasidan tupuk sachradi. – Xat-pati bormi bu matohlarning?
Najot G‘aybulla xotirjam kuldi.
— Ustozlar, kechirasizlaru… lekin g‘irt dunyo bexabar ekansizlar. U yerda hech qanaqa qog‘ozbozlik yo‘q. Shunday borasizu maktab nomidan ariza berasiz. Ular darrov kompyuter orqali tekshirishadi. Rostdanam maktabimizga shu narsalar berilmagani aniqlansa, tamom. Uzr so‘rashib, ikki soat ichida arizangizni ijobiy hal qilib beradi. Kerakli hujjatlarni o‘zlari to‘g‘rilab qo‘yishaveradi. Ular o‘qituvchilarning vaqtini o‘g‘irlab, sarson qilib qo‘yishni jinoyat deb hisoblashadi.
— Tekshiramiz hali, — deb to‘ng‘illadi domla Xurramovich chiqib ketarkan. — Ertak-cho‘pchagingni katta xolangga ayt.
Qalqonov muallim botinolmaygina dedi:
— U yoqlarga borishdan avval sal-pal maslahat qiling-da.
Najot G‘aybulla bosh chayqay-chayqay jilmayib darsga ketdi.
Direktor va men yana bir-birimizga taajjub bilan tikildik.
— Chinmikin-a?..
— Bilmadim…
— Chinga o‘xshaydi, — Qalqonov muallim ko‘pni ko‘rgan qariyalarga xos mulohaza qila boshladi. – O‘z puliga sotib olib kelsa darrov ko‘kragiga urardi, maktab uchun undoq, mundoq qildim, deb dunyoni boshiga ko‘tarardi. Yo‘-o‘q sotib olmagan. Yo, o‘g‘rilab keldimikin-a? Yo‘-o‘q, maktab uchun jonini xatarga qo‘yib zarilmi unga?! Norxol, shu bolaning gapi rost.
Nihoyat, Najot G‘aybulla bizni yengdi. Allaqayerda maktablarning xizmatiga hoziru nozir, o‘qituvchilarni sarson qilishni jinoyat deb biladigan maxsus jamg‘arma borligiga noiloj ishondik.
Kunlardan bir kun yangi muallimning ishlari tuman rahbariyatining nazariga tushdi. Sovxozdagi ma’naviyat madaniy tadbirlar rejasi bilan tanishish uchun kelgan hokimiyat vakili Ma’naviy-madaniy obyekt sifatida maktabimizga ham bosh suqib o‘tgan edi. Biz anchagina shoshib qoldik. Lekin vakilga Najot G‘aybulla yasantirib qo‘ygan kabinetni mamnuniyat bilan ko‘rsatdik. Tekshiruvchi bu yerda xiyla vaqt ivirsib qolib ketdi. Yangi muallim qay go‘rlardan topib keltirilgan antiqa-antiqa jihozlarni qiziqib-qiziqib tomosha qildi. “Zo‘r dam olish xonasi bo‘pti-da”, — deb xulosa yasadi oxiri bizni tark etarkan.
Hokimiyat vakili kelib ketgach, uch-to‘rt kun o‘tib direktor ikkovimizni tuman maorif idorasiga chorlashdi. Bu chorlovning bir balosi borligini payqagan tajribali pedagog Qalqonov betobligini bahona qilib markazga bormadi. Noiloj Boymurod aka bilan ketdik.
Maorif mudiri Erkaboyev betoqat kutib turgan ekan.
— Bu nima gap, hamkasblar?! – deya ayuhannos soldi u stol mushtlab. – Nega men bilishim, shaxsan boshida turishim kerak bo‘lgan ishlarga hokimiyat vakili aralashib yuribdi?!
Kundoshi kiyib o‘zi quruq qolgan ayolday kuyib-yonayotgan maorif mudirining yozg‘irishlaridan allanelarnidir g‘ira-shira anglab yetganday bo‘ldik.
Hokimiyat vakili o‘sha kuniyoq o‘zini hayratga solgan jug‘rofiya kabineti haqida shaxsan tuman hokimiga ma’lumot beribdi. Albatta, ma’lumotda ushbu hayratlanarli ishlarda o‘zini bosh-qosh tashkilotchi deb kamtarlik bilan ko‘rsatib o‘tgan. Hokim esa ma’naviy-madaniy tadbirlar yuzasidan viloyat hokimiyatiga tayyorlab o‘tirgan hisobotiga jonkuyar vakilning ma’lumotnomasini ham qistirib yuboribdi. U yoqda ma’naviy-madaniy tadbirlar, maktab ishlari bo‘yicha jonkuyar kadrga zor bo‘lib turishgan ekan, shekilli, jug‘rofiya kabineti uchun fidoyilik ko‘rsatgan vakilni darhol chaqirib olishibdi. Qarabsizki, uch-to‘rt kun avval allaqanday tadbirlar rejasi deb ovloq posyolkada sarson yurgan vakil viloyat hokimiyatida bir boshqarma boshlig‘i!
— Sotqinlar! Ichi qoralar! – deb hanuz oh-voh chekardi Erkaboyev. Oxiri u uloqni oldirgan chavandozday kursisiga behol suyanib qoldi. Uf ketidan uflar tortdi. Biroz o‘ziga kelgach menga O‘rtoq Xushboqova, nega hisobotlarda manavi yangilik ishlar haqida lom-mim demagansiz?
Men ham, Boymurod aka ham xuddi nikoh o‘qilayotgandek yerga tikildik. Najot G‘aybullaning ibratli ishlarini ko‘z-ko‘z qiladigan hisobot tayyorlamaganimizning sabablari o‘zimizga ayon. Sirli muallimga biz kelgan kunidan beri shubhalanib qarardik. Uning aft-angorida, ust-boshida, ish faoliyatida allanechuk begonalik bor edi. Ana shu begonalik bizni hurkitib turardi. Biz Najot G‘aybullaga ishonmasdik! Masalan, men hammasi tush, hozir uyg‘onamanu barcha mash-mashalar tugaydi, nihoyat, yengil tortaman, deb o‘ylardim. Hatto, Qalqonov muallim o‘zini bir-ikki do‘xturga ko‘rsatib keldi. Yo‘q, hammasi joyda ekan. Hech qanaqa savdoyilik alomatlarini payqashmabdi. Lekin tan olish kerak, Najot G‘aybullaning hayratomuz ish faoliyati butun dunyoga jar solgulik edi. Biz direktor bilan kelishib, his-hayajonga berilmaslikka, yangi muallimga nisbatan biroz sovuqqon bo‘lib turishga qaror qildik. Shu sabab uning ko‘rgan ko‘zni, eshitgan quloqni quvontiradigan ish faoliyati to‘g‘risida hisobotda lom-mim demagan edim.
Xullas o‘sha kuni maorif mudiri ta’zirimizni berdi. Sudraklanib tashqari chiqqanimizda xiyla kech bo‘lib qolgan edi. Kun sovuq. Goh u, goh bu yo‘lovchi mashinaga ilashib amal-taqal bilan posyolkaga yetib keldik. Anchagina yo‘lni yayov ham bosdik. Qorong‘ulik quyuqlashib borardi. Men qo‘rqqanimdan Boymurod akaning issiq qo‘llaridan ushlab olganman. Xiyla yayov yurganimizdanmi yo allanechuk hayajondanmi tobora isib ketmoqda edim.
Boymurod aka kutganimdek hamishagi gapini boshladi.
— Norxol, — dedi u tovushi titrab. – Yur, bu yerlardan bosh olib ketamiz. Seni boshimda ko‘tarib yuraman. Biz baxtli bo‘lamiz. Mana, ko‘rasan…
Men u kishini hamishagidek koyidim.
— Qo‘ying, bunaqa gaplarni, Boymurod aka. Ikkovimiz ham oilali, bola-chaqalimiz. Yangam boshingizda parvona, yana nima kerak sizga? Qo‘ying, meni qiynamang. Bizlarga yarashmaydi bunaqa gaplar. O‘qituvchi nomimiz bor-a. Qo‘ying.
— Qo‘ymayman, — deb entikdi Boymurod aka. – Nima, bola-chaqali odamga sevish-sevilish mumkin emasmi? O‘qituvchining yuragi yo‘qmi, muhabbatga haqqi yo‘qmi uning! Norxol, qo‘rqma. malomatlardan cho‘chima, odamlar uchun yashamaymiz-ku, axir?! Ikkovimiz ketamiz, Norxol. Ering baribir endi qaytmaydi. Mening… mening bolalarim dastyor bo‘lib qolgan. Onalarini yolg‘izlatib qo‘yishmas. Bir kun meni tushinishar…
Men Boymurod akaning issiq qo‘llaridan siltanib chiqdim. Qorong‘ulik qo‘yniga chopib ketdim. Allanarsa dengiz sho‘riday tomoqlarimni kuydirib-kuydirib kelardi.
Hurmatli tergovchi, sizni qiziqtirgan o‘sha yumaloq xat yuzasidan yozganlarmi shu. Alohida hech narsa deyolmayman. Meni tushunasiz degan umiddaman. Yangi muallim bilan bog‘liq mashmashalar yuzasidan esa istaganingizcha yozaman.
Xullas, bizni chaqirib adabimizni bergan kunning indiniga Erkaboyevning o‘zi bir necha mulozimlari bilan yetib keldi. Yangi muallim yalantirgan xona unda ham chuqur taassurot qoldirdi.
— Bu kabinetni ko‘z qorachig‘idek asranglar, — dedi u yig‘ilish o‘tkazib. – Rayonoga komissiya kelsa namunali o‘quv xonasi sifatida shuni ko‘rsatamiz.
Men gap orasida Najot G‘aybullaning dars uslubini maqtab, mudirni kuzatuvchilikka taklif etdim. Biroq o‘sha kungi alam-iztirobi hanuz tarqamagan Erkaboyev qaynab ketdi.
— Quruq gap kerak emas, Xushboqova. Hisobotda ko‘rsatib ko‘rsating, hisobotda. O‘qituvchingiz o‘z dars rejalari asosida metodikasini ishlab chiqib rayonoga taqdim etsin. Albatta, bismillosiyam, fotihasiyam kadrlar tayyorlash milliy dasturidan bo‘lsin. Xullas, shu qog‘ozlarni tayyorlamasdan meni hech qanaqa mo‘jizaga ishontirolmaysiz. Tushunarlimi, o‘rtoq Xushboqova?
Tushundim. Erkaboyev jo‘nab ketgach, mudirning talab va xohishini Najot G‘aybullaga yetkazdim. Bir payt yangi muallimning rang-ro‘yi bo‘zarib to‘rga tushgan baliqdek tipirchilab qoldi. G‘uldirab-g‘uldirab tushuntirishidan angladimki, hammani hayratlantirib yurgan bu sirli muallim na hisobot yozishni, na reja tuzishni bilarkan. Men uni nihoyat kamchiligini topganimdan quvonib ketdim.
— Kadrlar tayyorlash milliy dasturidan xabardormisiz o‘zi? – so‘radim qiziqsinib.
Najot G‘aybulla bo‘shashibgina yerga qaradi. Men achchig‘imni arang bosib yana hujumga o‘tdim.
— Ta’lim bo‘yicha chiqqan keyingi ikki qaror bilan tanishmisiz?
Najot G‘aybulla goh qizarib, goh bo‘zarib bosh chayqadi: tamom bexabar.
— Hisobot yozishni bilmasangiz, — deb gapga aralashdi Qalqonov muallim mehribonchilik bilan, — ishingiz ko‘rinmaydi bolam. Anavi hujjatlarni ham o‘rganib chiqing. Esam biron tekshiruvchining oldida uyaltirib qo‘yasiz.
Men yangi muallimning qusurini topganimdan qancha quvongan bo‘lsam, uning favqulodda rostgo‘yligidan shuncha jig‘ibiyron bo‘ldim: “Nega hammasidan xabardorman deb qo‘ya qolmadi?! Kim tekshirib o‘tiribdi uning bilar-bilmasligini? Menmi? Qalqonovmi yo Erkaboyevmi? Umuman, shunaqa dolzarb hujjatni bekamu ko‘st o‘rganib, huzurlangan kas bormi? Nega «hech qaysimizga o‘xshamaydi Najot G‘aybulla, o‘lgur? Qanaqa sirli muallim bu?”
Yo‘q, nihoyat, Najot G‘aybullaning siri ochildi. Bir haftacha avval “O‘qituvchilar xona”siga domla Xurramovich o‘qdek otilib kirdiyu, hammasi tamom bo‘ldi.
— O‘qituvchilarni yig‘ing! – deb o‘shqirdi u, go‘yo hammasiga men aybdorday. – Anavi muttahamning sirini fosh qildim, tez bo‘ling. Uning o‘ziniyam yetaklab keling.
So‘ng hammamizga ma’lum voqealar bo‘lib o‘tdi. Najot G‘aybulla ichimizdagi begona edi. Begonaligicha daf bo‘ldi. Biz qutuldik… Bilganlarim shu. Men ko‘nglimdagini ochiq-oydin yozdim. Cho‘chiydigan joyim yo‘q. Olishsa shu o‘qituvchiligimni olishar. Uzr. Tomog‘imni dengiz sho‘riday bir nima kuydirib kelyapti.

* * *

(Maktab direktorining o‘rinbosari B.B.Boymurodning tushuntirish xati)
Yoshim qirqdan o‘tib qoldi. Besh bolam, bir xotinim bor. Xotin kasalmand: oshqozon yarasimi-yey. Har kuni inq-sinq. Bolalar ulg‘aygan sayin quvonish o‘rniga xavotirga tushyapman. Hammasining yaxshi yeb-ichgisi, chiroyli kiyingisi keladi. Hali tuzukroq institutlarda o‘qitish, uyli-joyli qilish degan orzular ham bor. Ikki yilcha avval Ustoz Qalqonov qo‘yarda qo‘ymay o‘ziga muovin qilib oldi. Rad etolmadim. Keksa odam, ishonch bilan mo‘ltirab turgandan keyin… Oyligimga arzimas choy chaqa, bir tashvishimga ming tashvish qo‘shildi. Yo‘q, men ishdan nolimayman. O‘qituvchilik ham jonu dilim. Yuragim, butun aqlu fikrimni berib ishlasam deyman. Lekin… hammayoqda chigallik.
Algebra o‘qituvchimiz – Xayrulla, jingalak soch, xushsurat, quvnoqqina yigit ishdan ketdi. Juda bilimdon, hisob-kitob ilmini chuqur o‘zlashtirgan muallim edi.
— Aka, — dedi u bir kun uyimga kelib. – Bir qo‘shma korxona ishga chaqiryapti. Ketsammikan-a? Ko‘ryapsiz iqtisod chatoq. Ro‘zg‘orimiz katta.
— Qancha oylik berishmoqchi ular?
Xayrulla o‘ziga va’da qilingan maoshni tilga oldi. Zo‘r! Lekin men dabdurustdan oq yo‘l tilayolmayman. Maktabni ham o‘ylashim kerak-da, direktor o‘rinbosari nomim bor.
— Ustoz Qalqonov bilan bi-ir maslahat qilish kerak-da, — deb mas’uliyatdan o‘zimni opqochdim.
Xayrulla chaynaldi. Aftidan uning maktabdan ketgisi yo‘q.
— Aka, to‘g‘risi, muallimchilik yoqadi o‘zimga, — dedi u o‘ylanib. – Rayono mudiri bilan gaplashib ko‘rsak-chi, balki qandaydir imkoniyatlar bordir. Balki, zarur kadr sifatida mening oyliklarimni oshirib qo‘yishar. Tinchgina shu yerda ishlayverardim.
Sodda muallimning xayollariga kulibgina qo‘ydim. Axir, hammayoqda bir xil xo‘roz qichqirgan, qanaqa imkoniyat? Shunday bo‘lsa-da, ertasi kuni Xayrulla ikkimiz Erkaboyevning qabuliga kirdik.
Arzu holimizni eshitib mudirning fig‘oni falakka chiqdi.
— Ketsang ketaver! Qani unaqa joyga meni ham chaqirishsayu jo‘navorsam. Yog‘li joydan qolma, boraver!
Erkaboyevning kesatiqlardan Xayrulla ikkovimiz mulzam tortib qoldik. Mudir yaxna choydan bir ho‘plab tag‘in hujumga o‘tdi.
— Maktabda har kim ishlayolmaydi, uka! Avvalo vatan tuyg‘usi kerak, fidoyilik zarur.
— Men chet elga qochib ketmoqchi emasman, domla, — dedi Xayrulla sal bosh ko‘tarib.
Maorif mudiri e’tirozga e’tibor bermay, o‘z fikrini she’r bilan yakunlagan bo‘ldi.
— Emas oson bu maydon ichra turmak, sher panjasiga manja urmak. Ana, vassalom!
Ana, vassalom. Xayrulla ishdan ketdi. Uning “algebra”si menga qoldi.
— Boymurodjon, o‘zing bir amallab tur, — deb yalindi Qalqonov. – Xudo mehribon, biror matematikni berib qolar.
Ko‘ndim. Umuman, dars soatlarining ko‘pligi yaxshiyu, biroq imkoniyat deganlarining ham chegarasi bor-da. Ko‘rpaga qarab oyoq uzatish kerak. Algebra – murakkab fan. Ayniqsa so‘nggi yillarda u battar murakkablashganday. Alohida bilim, tajriba talab qiladi. Lekin noiloj, vijdonga xilof bir tarzda, ustoz aytganday amal-taqal qilishga kirishdim.
Otam quruvchi usta edi. Qon tortdimi, ishqilib shu hunardan menga ham yuqqan. Uncha-muncha imoratlarni poydevoridan tortib tomigacha qurish qo‘limdan keladi. To‘g‘risi shu otameros kasb tirikchilikka asqotib turibdi. Ta’til payti asbob-uchkuna orqalab mardikorchilikka ketaman. Albatta, uzoq-uzoq joylarga. Tirikchilikning aybi yo‘q deyishadiyu, biroq men bu hunarimni sir saqlashga harakat qilaman. O‘quvchilarim bilmasin deyman. O‘zimni uzoq-uzoqlarga sayohat qilib, dam olib kelganday ko‘rsataman. Tuman markazida bir-ikkita usta yigitlar bor. Sherikmiz. Topishimiz yomon emas. Lekin hamisha ko‘nglim xira, xayollarim parishon.
O‘tgan qishning adog‘i edi. Yog‘in yo‘g‘u biroq, havo sovuq. Kechki payt qo‘y-qo‘zilar dashtdan qaytdi. Hisoblab, tekshirib ko‘rsam – bo‘g‘oz echkimiz yo‘q. Darrov o‘sha kuni navbati bo‘yicha cho‘ponlik qilgan kishiga uchrashdim. U ham bosh qashlab tayinli javob aytolmadi. Aftidan, echki bolalab dashtda qolib ketgan! Darhol yugur Kengsoyga yugurdim. Bormagan joyim, so‘ramagan kishim qolmadi. Lekin echkidan nom-nishon yo‘q. Oxiri, tun yarmiga yaqin ta’bim tirriq bo‘lganicha uyga keldim. Hamishagidek elektr uzib qo‘yilgan. Butun posyolka zim-ziyo. Bola-chaqa ham uxlab qolgan. Timrskilanib sham yoqdim. Lekin ichimga ming bir chiroq yoqilsa-da yorishmaydi. “Butun boshli echkidan ajraldim-a?!” – deb o‘ylayman yurak-bag‘rim o‘rnatib. Tunov kuni mehmonlardan qolgan yarim shisha aroqni topib ichdim. Gazagiga chakki yaladim. Bir zum alam-iztiroblarim bosilib, charchoqlarim tarqalganday bo‘ldi. Ertangi darslarga taraddud ko‘rishni, konspekt yozishim kerak edi. Noiloj, kitob-daftarlarimni xontaxta ustiga oldim. Biroq na kitob varaqlagim, na qag‘az qoralagim keladi. Ko‘nglimning yarmida manavi kitob-daftar, yarmida yo‘qolgan echki. Aql-shuurimning yarmida ertangi darslar tashvishi, yarmida esa molu jon qayg‘usi. Echkimisan echki edi-ya o‘ziyam, qaybir yili ustachilikdan orttirgan pulimga olgandim. Nuqul egiz tug‘ardi, omon bo‘lgur. Dod solib yig‘lasam deyman.
Bir payt darvoza taqillaganday bo‘ldi. Birdan hushyor tortdim. “Birortasi echkini topib keldimikan?! Yo, pirim…”
Yelkamga choponimni yelvagay tashqariga otildim.
Darvoza yonida Norxol turgan ekan. Egnida apil-tapil kiyilgan xalat, durrachasi sirg‘alib bo‘yniga tushgan.
— Aka, — dedi u hiq-hiq yig‘lab. — Yordam bering, qizim o‘lib qoladi, isitmasi baland.
Hovliqqanimcha yana ichkari otildim. Yaxshiyam xotin kasalmand, yaxshiyam uning dori-darmon qutichasi bor. Ishqilib ichidan biron-yarim tabletka topsa bo‘ladi. Qo‘ni-qo‘shnilar ham shunga o‘rganib qolishgan, vaqt-bevaqt u-bu malham so‘rab chiqib turishadi.
O‘zimcha zarur deb o‘ylagan dorilarni oldimu tag‘in tashqariga otildim.
— Yur, Norxol, qo‘rqma. Hammasi yaxshi bo‘ladi.
Norxolning uyi biznikidan ancha uzoqda. Posyolkaning narigi chekkasida desa ham bo‘laveradi. Aslini surishtirganda, bu chala hovli Norxolning erining bir uzoq qarindoshiga tegishli. Uzoq qarindosh hovlini butlashga kuchi yetmay, ijaraga topshirib qo‘ya qolgan. Norxolning eri esa ikki yildan beri bedarak. Ish izlab Rossiya tomonlarga ketganicha qaytmadi. Ayol ikki nafar go‘dagi bilan qolib ketdi. Xayriyat, to‘ng‘ichi bu yil birinchi sinfga chiqdi. Har holda onasining ko‘z oldida bo‘ladi. Qizchasi endigina ikki yoshdan oshdi. Norxol uni goh onasiga, goh singlisiga tashlab maktabga chopadi. Ish-da. Har nechuk shu yerdan topgani o‘ziga va bolalariga yetib turibdi. U ona tili va adabiyotdan dars beradi. Bir yilcha avval Norxolni ilmiy mudirlikka ko‘tardik. Chunki bunaqa ishga husnixati chiroyli, imloda qusuri yo‘q, sarishtali, xushmuomala kadr kerak. Ancha yosh bo‘lishiga qaramay, jamoamiz bir ovozdan shu ayolni ma’qul topishdi.
O‘sha tunda Norxolda hech bir ilmiy mudiralik nuqsi yo‘q edi. Tevarakka telbavor-telbavor alanglab, piq-piq, sho‘rq-sho‘rq yig‘laganicha qoqila-surila borar edi.
Nihoyat, unikiga yetib keldik. Ikki xonali loysuvoq uy. Ichkari muzdek. O‘rtadagi xontaxta ustida bir bo‘lak sham tirisha-burisha yonib turibdi. Uning lip-lip yorug‘i xona ichini g‘ira-shira yoritadi. Chalasuvoq devor betiga kattagina gilam osilgan, burchakda bir sandiq. Sandiq yonida kiyim jovon. Xona to‘riga to‘shalgan o‘rinda ikki bolasi yotibdi. Sharpamizni payqab qizcha yig‘laganicha o‘rnidan turdi. Chindan-da isitmasi baland.
Norxol ikkovimiz qizchaning xarxashasiga qaramay dori ichirdik. Men shisha tubida qolgan aroqni ham olib kelgan edim. Shuni darrov go‘dakning badaniga surtib tashladim. So‘ng ko‘rpachaga o‘rab yotqizdik.
— Nega pech yoqmagansan? – deb so‘radim hanuz bolalari bilan andarmon Norxoldan.
— Chalma sob bo‘libdi.
Men yana tashqariga otildim. Qorong‘ulikda timirskilanib xas-cho‘p yig‘ishga kirishdim. Ko‘cha boshida tarvaqaylab o‘sgan daraxtning quruq shoxlaridan sindirib-sindirib oldim. Shunga ham anchagina vaqt ketdi. Xullas, bir amallab pech yoqdim. Avvaliga tutab-tutab turgan o‘tin, oxiri gurillab yonishga tushdi.
Norxol goh bolalariga, goh xontaxta ustida sochilgan kitob-daftarlariga horg‘in termulib o‘tirardi.
— Isitmasi tushdimi? – so‘radim undan.
— Ha, — xira bir tovushda javob berdi Norxol. – Ozgina terladi. Kechirasiz, Boymurod aka, sizni ham tashvishga qo‘ydim.
Tevaragimga sekin razm soldim. Xuddi mening uyimdek ship-shiydam, to‘zg‘igan xona, sochqin kitob-daftarlar beixtiyor o‘z dardu tashvishlarimni yana miyamga urdi. Ich-ichimda tag‘in alam-iztirob qo‘g‘zaldi. Ayni chog‘da ko‘nglimdagi alg‘ov-dalg‘ovlar Norxolning ham yurak-bag‘rini o‘rtab turganini chuqur his etdim.
Ayolning xushbichim yuzida, ma’yus ko‘zlarida shamning lip-lip shu’lalari o‘ynoqlardi. Beixtiyor uni quchib erkalagim, ovutgim kelib ketdi.
— Norxol, — dedim ohista uning qo‘lidan tutib.- Kuyinma. Bizga ham boqqan baxtli kunlar bordir, axir.
Norxol beadoq alam-iztirob bilan ko‘zlarimga tikildi. Ha, bu alam-iztirob menga juda-juda tanish edi. Nimadir tomog‘imga tiqilib keldi.
— Norxol, o‘zimning jonim, — dedim uni ohista bag‘rimga tortib.
Ayol qo‘qqis ho‘ngirab ko‘ksimga boshini qo‘ydi.
O‘sha tun tongga yaqin uyga qaytdim. Yuragimda bir o‘t yonar edi, bu muhabbat o‘ti ekanini sal keyinroq yengladim. Men Norxolning o‘zimnikidek dard-g‘ussa qalqqan yuz-ko‘zlarini sevib qoldim. Yosh bir yerga borib yetganda nogoh bunaqa tuyg‘uga duch kelish… Avvaliga uyaldim, o‘z-o‘zimni koyidim, so‘kdim. Odob-axloqning butun avliyolari nomidan o‘z-o‘zimga nasihatlar qildim. Biroq bari befoyda. Norxolning yuz-ko‘zlaridagi o‘sha tanish iztirob-qayg‘u meni o‘ziga ohangrabodek tortar edi.
Hurmatli tergovchi, meni bir chekkaga tortib, allaqanday yumaloq xat yuzasidan so‘raganlaringizga javobim shu. Siz istaganday alohida tushuntirish xati yozmayman. To‘g‘rirog‘i, yozolmayman. Anovi Najot G‘aybulla haqida esa istaganingizcha so‘rang. Keragidan ortiq qilib yozib beraman.
Xuddi o‘sha telbavor hislarga qorishib yurgan kunlarim Najot G‘aybulla paydo bo‘ldi. Uning po‘rim ust-boshi, mag‘rur va sipo yurish-turishlari avvaliga mening ham ensamni qotirdi. So‘ng yangi muallimga havas qila boshladim. Bu havas, chuqur o‘ylab qarasam, keyinchalik beayov hasadga aylanib qolgan ekan. Najot G‘aybulla ikki-uch hafta ichidayoq maktab jamoasining qalbiga, ruhiga kirib oldi. O‘qituvchilar bir-biridan yashirib-yashirib, tortinib-tortinib beixtiyor uni taqlid qila boshlashdi. Haftalab soqol qirtishlamaydigan ba’zi bir muallimlar kunora qirtishlab, sochlarini orastalab, hatto yengil-yelpi xushbo‘ylar sepib kelar bo‘lishdi. Ayrim hazilkash, hushchaqchaq hamkasblar viqor va salobat ilinjida qosh-qovoq uyib yurishga tirishardilar. (Muallima xotinlarning pardoz-andozlari quyuqlashgandan-quyuqlashganini aytmay qo‘ya qoldi.) Biroq bularning bari behuda edi, behuda! Ming taranib-ming yasansak-da, ming g‘o‘ddayib-ming chimrilsak-da baribir bizda nimadir yetishmasdi. Hatto bir gal Najot G‘aybulla soqollari o‘sik, odmigina, g‘ijimtob kiyimda ishga keldi. Hayhot shugina ahvolda ham u barchamizdan o‘ktam, barchamizdan xushsurat ko‘rinar edi. Ha, bizlarda maktabga yarashiqsiz allaqanday qusur borligini tobora anglab borardim. Go‘yo sud kursisiga tizilishgan aybdorlardek “O‘qituvchilar xona”sida parishon o‘tirgan hamkasblarimga qarab ko‘pincha o‘sha qusurlarini izlab qolaman.
O‘quvchilar ham o‘zgarib qolishgandek edi nazarimda. Ayniqsa, Najot G‘aybulla dars o‘tadigan sinf bolalari. Uncha-muncha muallimlarni turtib-surtib ketadigan, yerga ursang ko‘kka sapchiydigan bezori o‘quvchilar ham Najot G‘aybulla ko‘ringanda ipakdek mayinlashib odob saqlashar edi.
Bir gal katta tanaffus payti biologiya muallimi Hasanov bilan hovlida suhbatlashib turardik. Najot G‘aybulla ham yonimizga keldi.
— Kecha televizorda futbolni tomosha qildingizmi? – deya Hasanov yangi muallimni suhbat mavzusiga tortdi.
Najot G‘aybulla bosh irg‘adi:
— Ha, rosa zo‘r o‘yin bo‘ldi.
Hasanov o‘yinda yutqazgan jamoaning xayrixohi ekan. Asabiylashgan ko‘yi bo‘shang futbolchilarni birin-ketin so‘kib, tanqid qila ketdi. Shu orada to‘qqizinchi sinfning bezori o‘quvchilaridan biri yonginamizdan o‘tib qoldi.
— Ey, Jumayep! – deya Hasanov muallim o‘quvchini to‘xtatdi. — Nosvoyingdan bir otim ber-chi! Miyaning qatig‘i chiqib ketdi.
Tirjaygancha cho‘ntak kovlashga chog‘langan o‘quvchi nogoh oramizda turgan Najot G‘aybullani payqab qoldiyu tek qotdi. So‘ng jiddiy qiyofada biologiya muallimiga yuzlandi:
— Kechirasiz, ustoz. Men unaqa narsa chekmayman. Boshqa birovga o‘xshatdingiz.
O‘quvchi ming bir xijolat bilan bizdan uzoqlashdi.
Najot G‘aybulla bizga el bo‘lolmadi. Lekin u o‘quvchilar tugul o‘qituvchilarning ham ko‘nglini topishga astoydil intilar edi. Hatto, bir gal muallimlarni o‘zining jug‘rofiya kabinetiga yig‘ib, dunyo g‘aroyibotlariga oid kassetalar qo‘yib berdi. Hujjatli filmlarning ko‘pi ingliz tilida ekan. Yangi muallimning o‘zi ilhom bilan sharhlab, tushintirib turdi. Ikki soat miriqib ekranga tikilgan jamoa, nihoyat, meksika seriallaridan-da ajoyib tomoshalar borligiga iqror bo‘lishdi.
Fevralning boshlarida fanlar bo‘yicha tuman olimpiadasi boshlandi. Saralangan o‘quvchilarni markazga olib borishim kerak edi.
— Ustoz, mening mashinamda boramiz, — deb qoldi Najot G‘aybulla.
Bu taklif menga ham ma’qul tushdi. Qalqonov muallim tashabbuskor yangi muallimning duoi jonini qilib charchamadi.
Ertalab yo‘lga tushdik. Yap-yangi “Neksiya”ning orqa o‘rindig‘iga yastanishgan bolalarning quvonchiga ta’rif yo‘q. Go‘yo bilimlariga bilim, iqtidorlariga iqtidor qo‘shilganday. Havo sovuq. Tun bo‘yi yomg‘ir aralash yog‘ib o‘tgan qor dala-dashtda ola-quroq to‘shalgan. Mashina posyolkaning o‘ydim-chuqur yo‘lidan ohista yelib katta trassaga chiqib oldi. Najot G‘aybullaning jag‘i-jag‘iga tegmay, iqlim, tuproq haqida bolalarga allanimalarni astoydil tushuntirib borardi. Bolalar ham zavq-shavq bilan quloq solishgan. Biroq mening negadir ko‘nglim g‘ash, ta’bim tirriq edi. Nazarimda o‘quvchilar men va Najot G‘aybullani zimdan-zimdan taqqoslab bahslashayotganday: Najot “Neksiya” haydab boryapti, men esa tirishibgina o‘tiribman. Qunduz telpak, charm kamzul uniki, bog‘ichi shalviragan quyon teri telpak, eskigina plash meniki, Najotning bolalarga aytar gapi juda ko‘p, men esa hatto darsda kerakli so‘zni topolmay gangiyman.
Tuman markaziga yetib keldik. Olimpiada o‘tkaziladigan maktab hovlisi gavjum. Bolalar, ota-onalar, o‘qituvchilar. Mashinadan tushib bir chekkada uymalashib turdik. Najot G‘aybulla yo‘lning narigi betidagi somsapazni ko‘zlab ketdi. “Yaxshilab ovqatlanib olishlaring kerak, — degandi u yo‘lda bolalarga. Esam kallalaring ishlamay qoladi”. Yangi muallimni kuta boshladik. Shu payt po‘rim kiyingan yo‘g‘on bir kishi o‘tib qoldi. Yonidagi qizi shekilli. Ko‘zimga juda issiq ko‘rindi. Tikilib turganimni payqadi hoynahoy, yo‘g‘on kishi men tomon qaradi. Qaradiyu joyida taqqa to‘xtadi. Men ham uni darrov tanidim.Tumanning dong‘i ketgan boylaridan biri. Yozda dang‘illama uyining tomini yopib bergan edik. Gap orasida u mening o‘qituvchiligimni bilib qolib alohida hurmat-e’zoz ko‘rsatgan. Hatto kelishilgan xizmat haqiga anchagina qo‘shib ham bergan edi.
– Ha, domla o‘zlarimi, — dedi yo‘g‘on kimsa men tomon yurib. Semiz basharasi to‘la istehzo. – Kakraz siz kerak edingiz menga.
Shosha pisha salom berib qo‘l uzatdim.
— Bu… tomdan chakki o‘tib ketdi-ku, usta domilla,- dedi u istar-istamas ko‘risharkan. – Haqni halollab olish kerak-da. Sizga ishongandik.
Nazarimda uning tovushi guldirab butun tevarakka eshitilardi. Shu sabab beixtiyor o‘shqirib yubordim.
— Baqirmang, aka! Kar…
Gapim bo‘g‘zimda qoldi. Tanish mijoz bir intilib yoqamga chang soldi.
— Iya, jahlimiz ham bormi hali?! O‘x, ko‘rnamak!
Yo‘g‘on kimsa bir siltab tortdiyu muz qatron yerga cho‘kkalab qoldim. Quyon teri telpak boshimdan uchib ketdi.
— Maktabdagi bolalarni aldaysan, menimas! – hanuz o‘shqirardi eski mijoz. – Sendan boshqa usta mardikorlarni ham ko‘rganmiz. Hech biri nonko‘rlik qilmagan! Tag‘in domilla emish bu…
Hayriyatki, shu payt Najot G‘aybulla o‘qdek uchib keldi. Keldiyu yo‘g‘on kimsaning naq qansharimga yo‘llagan gurzidek mushtini havoda tutib qoldi.
— Nima gap? Qo‘yvoring! –xaloskor hamkasbimning tovushi bosiq, biroq allanechuk amrona edi.
Eski mijoz orqaga tisarila-tisarila Najot G‘aybullani bir qur ko‘zdan kechirib chiqdi.
— Kechirasiz katta buva, — dedi beo‘xshov iljayib. – Ozgina qizishib ketdik. Manavi nonko‘r, asabimni buzdi.
Eski mijoz Najot G‘aybullani allaqanday amaldor xayol qildi, shekilli, uzr ketidan uzr so‘rab bizdan uzoqlashdi.
Maktab maydonida yig‘ilganlar hangu mang qarab turishardi. Uyatu alamdan yuzim misdek qizib, ko‘zlarim xira tortib ketdi. O‘quvchilarimdan biri sal narida yerparchin bo‘lib yotgan telpagimni olib uzatdi.
O‘sha kuni olimpiadani qanday o‘tkazib, qanday uyga qaytganimizni eslayolmayman. Kun bo‘yi uyatu alam alangasida alahsib yurdim. Ustiga-ustak, Najot G‘aybulla janjal haqida bir og‘iz ham so‘ramadi, go‘yo hech narsa bo‘lmaganday, hamishagidek bolalar bilan zavq-shavqla suhbatini davom ettirardi. Men uni butkul yomon ko‘rib qoldim. Ko‘nglimdagi havas allaqachon hasadga aylanib ulgurgan edi!
Xayollarim alg‘ov-dalg‘ov bo‘lib ketdi.Eski mijozning istehzoli yuzi, muallaq qolgan mushti meni kechayu kunduz ta’qib qilib yurardi. Yursam ham, tursam ham u haqida o‘ylardim. O‘ylaganim sayin o‘zimni o‘sha boyvachcha oldida gunohkor sanayman. Chin-da, izzat-ikrom ko‘rsatib, qo‘yin-qo‘njimni to‘ldirib jo‘natgandi-ku?! Bir oylik mehnatimga bergan haqi ro‘zg‘orimning bir yillik kamu ko‘stini butladi-ku, bola-chaqa bir qur yayradi-ku? Lekin, astoydil ishlagandik. Nima jin tegdi ekan tomga?
Shunday alg‘ov-dalg‘ov xayollar iskanjasida uch kun o‘tdi. Payshanbadan jumaga o‘tar kechasi yomg‘ir yog‘a boshladi. Juma kuni ertalab, yomg‘ir qorga aylana boshlagan bir paytda men sakkizinchi sinfda edim. Fizika darsi. Sinfxona xiyla sovuq. O‘quvchilar ustki kiyimlariga burkanib, besaranjom o‘tirishibdi: o‘zaro pichirlashgan, shraqlatib kitob-daftar varaqlashgan, allanimalarni talashgan… Ayniqsa, qay bir burchakda o‘tirgan o‘quvchining quv-quv yo‘tali asablarimni battar egovlaydi.
Bir amallab yo‘qlama qilib bo‘lgach, deraza taraf xomush tikilib o‘tirgan qizni chorladim:
— Boltayeva, o‘tgan dars qanaqa mavzuni o‘rgangandik?
Qiz norizo chimrilganicha o‘rnidan turdi.
— Nyutonning birinchi qonuni.
— O‘tir. Iskandarova! – shivir-shiviri ham hech tugamayotgan, ozg‘ingina o‘quvchini chorladim. – Doskaga kel. O‘tgan mavzu bo‘yicha bi-ir so‘ylab ber-chi.
Iskandarova qunishibgina doska yoniga keldi.
— Nyutonning birinchi qonuni, — har qanday jism unga boshqa jismlar ta’sir qilib…
Men deraza ortida charx urib yog‘ayotgan qor uchqunlariga termulgancha xayolga cho‘mdim: “Anavining tomidan rosa chakka o‘tgan bo‘lsa kerak…”
Bir payt hushyor tortib o‘grilsam, o‘quvchi qiz jimibgina hukmimni kutib turibdi. Quloqlarimning shang‘illab turishiga qaraganda tuzuk javob berganga o‘xshaydi…
— Yaxshi. O‘tir, Iskandarova, — dedim hijolatlanib.
So‘ng sinf jurnaliga qarab, anchadan beri baholanmagan Xo‘jamov Nurmatni chorladim. Ammo, bu o‘quvchimning ham javoblari qulog‘imga kirmadi, hisob. Betizgin xayollar beixtiyor olib qochardi: “…haqni halollab olish kerak… teshib chiqadi…”
Oxiri, chidayolmadim. O‘quvchilarga navbatdagi sabog‘ini shosha-pisha tushuntirgan bo‘ldimu maqsadga ko‘chdim.
— Bolalar! – ovozim allanechuk titrab chiqdi. – Iltimos, to‘polon ko‘tarmay, jimgina o‘tirib turinglar. Zaril bir ishim bor, bormasam bo‘lmaydi…
Shunda men… shunda men ko‘zimga hamdardlik bilan termulib turgan yigirma juft beg‘ubor sodda ko‘zlarni ko‘rdim!
Eskigina paltoga burkanib o‘tirgan sinfboshi Alisher o‘rnidan turdi.
— Ustoz, — dedi u suyaklari bo‘rtgan, serqadoq qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yib. – Siz bemalol. Biz jimgina dars qilib o‘tiramiz. Ishoning.
Tomog‘imga allanima tiqilib tashqariga otildim.
Ahdim qat’iy edi. O‘sha chiqishda to‘ppa-to‘g‘ri uyga bordimu asbob-uskunani orqalab tuman markaziga ketdim. Eski mijozning uyini topish oson edi. Choshgohga yaqin yomg‘ir-qorda ivigan ko‘yi dang‘illama hovliga kirib bordim.
“Haqqimni halollagani keldim” – dedim hangu mang qotgan o‘sha yo‘g‘on kimsaga.
U hijolatlanib meni mehmonxonaga boshlab kirdi. “E, domilla, allaqachon tuzattirganman uni, — dedi, — bekor ovora bo‘libsiz-da”.
O‘sha kuni aziz mehmon bo‘ldim. Boyvachcha kun peshindan oqqan bir payt o‘z mashinasida meni maktabgacha olib kelib qo‘ydi. “Domilla, shuginani olib qo‘ying – dedi yo‘l-yo‘lakay cho‘ntagimga pul tiqishtirib. – Uzr, oziga bo‘p qoldi, biz hukumat emas-da, ko‘p-ko‘p uzatgani”. Quvnoq xayrlashdik. Ruhim yengil, dimog‘im chog‘ edi. Darslar tugab qiy-chuv bilan qaytayotgan o‘quvchilar orasidan sinfboshi Alisherni topib vaziyat haqida so‘rab-surishtirdim. Hammasi joyida. Asbob-uskuna solingan qopni o‘g‘limdan berib yuborgach, maktabga kirdim.
“O‘qituvchilar xonasi”da Qalqonov mullim, Norxol va Najot G‘aybulla o‘tirishgan ekan. Norxol men tomon tashvishlanib ko‘z tashladiyu dimog‘im chog‘ligini ko‘rib chehrasi yorishib ketdi. Jilmaydi.
Najot G‘aybulla allanimalar haqdadir kuyib-pishib gapirar edi. Uning ehtirosli gap-so‘zlaridan angladimki, u Samarqandu Buxoro tomonlarga sayohat uyushtirmoqchi ekan. Ulov masalasi hal bo‘lar emish.
— Yana pul yig‘arkanmiz-da? – deya hurkibgina so‘radi direktor.
Najot G‘aybulla yengil kulib, yelka uchirdi:
— Nega endi? Maxsus fond.
— Najotjon, — beixtiyor zorlanib yubordi Qalqonov muallim. – Tinch qo‘yaylik shu g‘amxo‘r fondni! Bildik, ko‘rdik, juda mehribon, ta’lim-tarbiyaga jonkuyar ekan! Iltimos, bolam, och qornimiz, tinch qulog‘imiz. Shu Samarqandni xudo xohlasa, bir kun tomosha qilarmiz.
Yengilgina kulishdik. Najot G‘aybulla o‘ychan to‘ng‘illadi:
— Bolalarga va’da berganman-da.
Oradan bir hafta o‘tib xushxabar oldik. Fizika bo‘yicha olimpiadaga borgan o‘quvchi birinchi o‘rinni olibdi!
— Tabriklayman, ustoz, — deya hayajon bilan qo‘limni qisdi Najot G‘aybulla. – Bu sizning mehnatingiz! Kam bo‘lmang.
Qalqonov muallimning ham quvonchlari cheksiz edi.
— Boymurodboy, nasib bo‘lsa, rayononing navbatdagi faxriy yorlig‘i sizniki! Qani, qarz bo‘lib turavering-chi, keyinroq yuvarsiz.
Men… men avvaliga juda quvondim. Shunday tirishqoq, ilmsevar, mashaqqatlarga qaramay, o‘z ustida ishlaydigan o‘quvchilarimiz borligidan boshim osmonga yetdi. So‘ng tuyqus ko‘nglim g‘ashlandi: “Ustozman deb kerilishga haqqim bormi? Shu o‘quvchining kamoliga qancha hissa qo‘shganman o‘zi? Sinfxonaga kirib-chiqib turish, mavzuni bir amallab tushuntirish yetarlimikan?..”
O‘sha kuni Najot G‘aybulla quvonchdan yal-yal yonib biqinimdan nari ketmadi. Uning birovlar yutug‘idan bunchalar hayajonlanishi juda g‘alati tuyuldi menga. Goh ajablanib, goh ensam qotdi.
— Ustoz, nasib bo‘lsa, viloyat musobaqasiga ham birga boramiz, — dedi u yana qo‘limni qisib.
Yo‘q, Najot G‘aybulla bilan viloyatga borish nasib etmagan ekan. Ko‘p o‘tmay, domla Hurramovichning fidokorona mehnati tufayli yangi muallimning sirlari fosh bo‘ldi. Nihoyat, undan qutilib yengil tortdik!
Najot G‘aybulla bizga begona edi. Biz-chi?! Bu yog‘ini o‘ylasam, to‘g‘risi tubsiz jar labida turgandek his qilaman o‘zimni. Biroq aynan shu savol xayolimda tegirmon toshidek bot-bot aylanaveradi. “Biz-chi?! Ishqilib, biz maktabga begona emasmi?..”
O‘z qo‘lim bilan yozganlarim shu. Ko‘nglimdagi tuyqus sharros quyilib ketganidan o‘zim ham hayronu lolman. Mana, bitiklarimni yana bir karra o‘qib chiqdim. Biroq ko‘nglimda na qo‘rquv, na sevinch, na afsus, na-da umid. Yuragim, xayollarim allanechuk bo‘m-bo‘sh.

* * *

(Domla X.X.Xurramovichning tushuntirish xati)
Oliy toifali o‘qituvchiman. Tarix, Huquq kaminaning qo‘lida. “Tarix qo‘lingdami, demak kelajak ham seniki”, degan purma’no hikmat bor. Rahmat, donolarning yuksak ishonchi uchun, rahmat. Xalq nomidan, yurt nomidan qo‘limdan kelganini qilaman.
Tekshiruvchilar, kuzatuvchilar ko‘p keladi maktabimizga. Hammalari kaminaning kamtarona faoliyatiga yuksak baho berishgan. Tarix, Huquqshunoslik o‘ta murakkab, o‘ta mas’uliyatli. Bu fanlardan saboq berish uchun nafaqat bilim, nafaqat tajriba, balki talant ham kerak ekan. Ming shukrlar bo‘lsinki, bu xislatlarning hech biridan tabiat kaminani qismagan. Mening har bir darsim – san’at. Mana, o‘quvchilarim guvoh. Ular saboqlarimni partalarga qapishib, nafas olmay tinglashadi. O‘zim ham beixtiyor dars dunyosiga sho‘ng‘ib ketaman-da: goh misli Temur bobo, goh hazrati Jorj Vashington bo‘lib hayqiraman. Zarbu zo‘rimdan ba’zan doska, ba’zan stol-stul shikast topgan paytlar ham talaygina. Mening saboqlarim ta’siridan juda ko‘p o‘quvchilar huquqshunos, qonunshunos bo‘lmoqni orzu etishadi. Bunga ham misollar ko‘p.
Maktabimizda paydo bo‘lgan Najot G‘aybulla bir gal jug‘rofiya kabinetida videokasseta qo‘yib berdi. Allaqaysi mamlakatning maorif tizimi haqida ekan. Ko‘rib_ eshitib na kularimni, na yig‘larimni bilmay qoldim. O‘sha mamlakatda bolalarni o‘n sakkiz yoshigacha qora mehnatga jalb etish jinoyat ekan. Maktablari naq jahongirlarning qasriday. Yegulik, ichkilik muhayyo. Hatto bemalol uyquni uradigan xobxonalari bor, go‘yo u yerga o‘qishgamas, dam olishga borishadi bu arzandalar. Bolalarni ko‘rdik. Hammasi qog‘ozga o‘ralgan popuk qanddek.
“Yo‘q, — dedim ich-ichimda, — bunaqa yo‘l-yo‘riq bizga to‘g‘ri kelmaydi”. Chin-da, unaqa tayyorga ayyor, injiq bolalardan xudo saqlasin. Biz sog‘lom avlod uchun kurashyapmiz. Anavilarnikiga o‘xshash shart-sharoitlarda bolalarimiz mo‘rt, irodasiz, zaif bir to‘daga aylanib qoladi. Shuning uchun ularni go‘dakligidanoq hayot xo‘rliklarida, qora-oq mehnatlarda chiniqtirish zarur. (Bu borada paxta paykallarimiz xo‘b qo‘l keladi-da!) Og‘ir mehnatdan, ochlik-muhtojlikdan hali hech kim o‘lmagan. Mana, masalan biz. Sho‘ro davrining barcha ko‘rguliklarini ko‘rdik. Boshimizda qilich o‘ynab turardi-ya?! Yo‘q, o‘sib-ulg‘aydik, hech kimdan kamimiz yo‘q. Muhtojlik farovonlikning, mehnat rohatning qadriga yetishga o‘rgatdi. Mashaqqatlar yoshlarni kurashga chorlaydi, irodali, intiluvchan avlodga aylantiradi. Mana, misol uchun ko‘p uzoqqa bormay, kuni kecha olimpiada musobaqasida birinchi o‘rinni egallagan o‘quvchini olaylik. Shugina ham paxta paykalidan dekabrning boshlarida qaytdi. Butun boshli sinf uch-to‘rt darslikni galma-gal o‘qishadi. Ustiga ustak posyolkada kechasi soat to‘qqizdan so‘ng elektr uzib qo‘yiladi. Qadrdon sham, lampa chiroq ishga tushadi. Shunday qiyinchiliklar haligi g‘olib o‘quvchimizni bukib-yengib qo‘ymagan-ku?! U ilm uchun intildi, tirishdi. Natija esa a’lo. Mana, sizga sog‘lom avlod!
Menkim, oliy toifali o‘qituvchi. Tarix, Huquq ilkida bo‘lgan zot qat’iy aytamanki, turmushimizda uchrab turgan ayrim kamchilik va qiyinchiliklar erta-indin barham topadi. Arzimas xato, arzimas mashaqqat deb dunyoga ayuhannos solish mardning ishi emas. Mayda-chuyda qusurlarga chalg‘imay ko‘zimizni kattaroq ochaylik, hushyor va ogoh bo‘laylik, boshimizda boshqa jiddiy xavf-xatarlar aylanmoqda. Mustaqilligimizning har xil yovlari tevaragimizda izg‘ib qolgan. Dinni qalqon qilgan yot unsurlar o‘z g‘oyalariga yoshlarimizni ergashtirib ketishyapti. Ana o‘shalarning g‘oyasiga qarshi g‘oya bilan kurashib, peshonasidan darcha ochib qo‘yishimiz kerak. Yuragida vatan tuyg‘usi bor har bir fuqaroning sharafli burchi bu. Bunaqa tuyg‘u kaminaga ham yot emas, albatta. Darsda va darsdan bo‘sh vaqtlarimda jamoat ishlari bilan faol shug‘ullanaman. Shu sabab na faqat maktab ahli, balki mahalla-ko‘ydagilar ham men yaqinlashgan dam ogoh va hushyor bo‘lib qolishadi. Ko‘zlarida dushmanga nisbatan nafrat va g‘azab uchqunlari porlaydi, tevarakka bezovta-bezovta alanglashadi. Men esa tinchlik-xotirjamlik uchun kamtarona ulush qo‘shayotganimdan quvonaman.
Shunday kunlarning birida Najot G‘aybulla – yangi muallim paydo bo‘ldi. Ko‘rinib turibdi – birorta boyvachchaning injiq erkatoyi. Tagida mashina, saruposi qimmatbaho, yuz-ko‘zida boyvachchalarga xos g‘urur, o‘ziga ishonch. Bunaqa qiyofa maktabdek kamtar-kamsuqumlar maskaniga mutlaqo yot. Sirli va xatarli nusxa paydo bo‘lganini yurakkinam darhol sezdi. Yangi muallim haqida zudlik bilan sovxozimiz xo‘jayini Chinor Toshtemirovichni ogohlantirdim. “Erinmasangiz kuzatavering uni”, — dedi xo‘jayin ijirg‘anib. Albatta, bunaqa shubxali nusxalar haqida eshitganda ul zot ijirg‘anadi-da. Xullas, Chinor Toshtemirovichdan fatvo olib, yeng shimarib ishga kirishdim. Najot G‘aybullaning har bosgan qadamini ko‘zdan qochirmay, har aytgan so‘zini hijjalab mulohaza qildim. Ahyon-ahyon o‘zini ilmoqli-sirtmoqli suhbatlarga tortib ko‘rdim. Yo‘q, bu ham tulki ekan. Osonlikcha yon beradiganlarga o‘xshamaydi. Kuzatib, tusmollab bildimki boshqa muallimlar ham Najot G‘aybullaga begonasirab-begonasirab qarashyapti. Fursatni boy bermay, duch kelgan hamkasabani chekkaga tortaman: “Hushyor bo‘laylik… jipslikni qo‘ldan bermaylik, sal g‘alati yigit ekan-da, a?!”
Hamkasbalar hushyorlik bilan hurkib ketishadi. Qo‘rqoqlar.
Ammo tan olish kerak, Najot G‘aybulla bolalarga jonkuyar, dars o‘tishga ustasi farang ekan. Hech qaysimizga o‘xshamaydi-ya?! Menkim, oliy ta’limli o‘qituvchi ham yangi muallimga beixtiyor moyil bo‘lib qolgan kezlarim ham topiladi. Lekin darhol o‘z muqaddas burchimni eslab, hushyorlik kalimasini bot-bot qaytardim.
Uchinchi dars qizg‘in borayotgan payt edi. To‘qqizinchi sinf bilan shug‘ullanyapman. Zerikib derazadan mundoq qarasam, Najot G‘aybulla hovlida. Qo‘llarini beliga tirab maktab binosini sinchkov-sinchkov ko‘zdan kechiryapti. “Bombaga joy mo‘ljallayapti-yov” – lip etib o‘tdi xayolimdan. Bosh og‘rig‘ini bahona qilib tashqariga chiqdim.
Najot G‘aybulla taajjub bilan qo‘l soatiga ko‘z tashladi:
— Iya, tanaffus bo‘ldimi, ustoz?
— Yo‘g‘-ye, sal ko‘nglim ayniyapti, bezovta bo‘ldim.
— Biror yomon narsa yegandirsiz-da.
— Qaydam, — dedi ilmoqli gap qilib. – Uyda tishga bosgulik narsa yo‘g‘-u.
Najot G‘aybulla javob bermay maktab peshtoqiga tikilib qoldi. Men ham zimdan o‘sha yoqqa ko‘z tashladim.
— Ustoz, — dedi u peshtoqdagi bayroqqa imo qilib. – Bayroqni almashtirish kerak, hilvirab qolibdi.
Yana gapni ilmoq qilib otdim:
— E, xayol joyidami, uka? Bayroq ha deb almashtirilaveradigan narsami?
— Iya, eskirsa ham almashtirmaysizmi? – Najot G‘aybulla yuzimga taajjub bilan tikildi. – Topilmas matoh emas-ku, ana, hamma yoqda sotiladi. Arzimas pul turadi o‘zi.
Shu payt tanaffusga qo‘ng‘iroq chalindi. Noiloj sinfxonaga yugurdim. Najot G‘aybulla sirtmoqlarimdan qutulib qoldi, ammo shu-shu el qatori mendan hurkib, hurmatimni saqlab yuradigan bo‘ldi. Ilk zarbadanoq yomon natijaga erishmadim.
Najot G‘aybullaga bu ovloq cho‘l qo‘ynidagi ovloq maktabda pishirib qo‘yibdimi? Maqsadi nima uning? Shunchalar muallimlikni sevarkan, ana, katta-katta shaharlarda, chin bo‘lmasa, tuman markazida maktab quridimi? Qiziq, nega aynan xilvat joyni tanlagan u? Darvoqe, ikki yilcha poytaxtda ham ishlagan ekan-ku, nega ishdan ketgan, quvilganmi, qochganmi?
Shundoy beadoq shoda-shoda savollardan boshim g‘ovlab ketadi. Tunlari uyqum qochib yurinib chiqaman. Nihoyat, chuqur-chuqur mulohazalardan so‘ng o‘zimcha jumboqlarga yechim topganday bo‘ldim.
Najot G‘aybulla ashaddiy nashafurush! Uni chaqmoqday qilib qo‘ygan boyligi ham shuning orqasidan. Qaybirkun televizorda ko‘rsatishgan edi. Rossiyada “qora dori” savdosi bilan shug‘ullanadigan to‘da qo‘lga olinibdi. Eng dahshati, ular zahri qotilni bolalar orasida tarqatar ekan. Avvaliga tatib ko‘rish uchun bepul, so‘ng arzonroq, oxir-oqibat, chinakamiga pullashga tushishgan. Bangilikka mubtalo bo‘lgan bolalar zig‘irdekkina zahri qotil sotib olish uchun ota-onalarining qimmatbaho narsalarini og‘ufurashlarga keltirib berishgan, o‘g‘riliklar qilishgan.
Najot G‘aybullamiz ham o‘shanday yovuz to‘dadan bo‘lsa ajabmas. O‘zini bolaparvar, ilmparvar ko‘rsatib maktab jamoasining ishonchini qozonishga astoydil bel bog‘lagan! Hatto, qaygo‘rdandir darsliklar olib keldi, keyinroq allaqanday tele-apparaturalar keltirdi. Bilaman, bularning barchasi o‘z xarajatidan. Ishonadiki, bu arzimas sarf-harajatlari bir kuni jaraq-jaraq tilla tanga bo‘lib qaytadi. Allaqanday maxsus fond haqidagi gaplari cho‘pchak. Hatto, uning aynan shu uydirmasi menda shubha uyg‘otdi. Najot G‘aybulla tele-apparaturalar keltirgan kunning indiniga, “maxsus fond” haqida so‘rab-surishtirgali tuman maorif bo‘limiga bordim.
Domla Erkaboyev meni juda iliq kutib oldi. Xiyla vaqt u yoq-buyoqdan hangomalashib o‘tirdik. So‘ng sekin-asta maqsadga ko‘chdim.
— Domla, shu… viloyat markazida maktablar uchun allaqanday maxsus fond bor ekan-a? Eshitishimcha, muallimlarga juda g‘amxo‘r emish. Nima kamchilik, nima zarurat bo‘lsa darrov hal qilib berarmish…
Men maorif mudirining xoxolab kulib yuborishini kutib turardim. Erkaboyev dam qizarib, dam bo‘zarib jahl bilan o‘rnidan turib ketdi.
— Domla Xurramovich! Nima yetmayaptimi sizga, a, nima?! Endi viloyatga shikoyat qilmoqchimisiz?! Oliy toifa dedingiz, berdik, ikki-uch marta mukofot dedingiz, to‘g‘irladik, ikki marta Chortoqqa yo‘llanma qilib berdik! Men sizni sira tushunmadim, domla. Nima kerak tag‘in, janobi oliylari, a, nima?!
Kutilmagan zarbadan esankirab qoldim. O‘zimni oqlash uchun, asl maqsadimni anglatish uchun qilgan urinishlarim behuda ketdi, behuda! Erkaboyev gapirganim sayin tutoqib, og‘zidan bodi kirib shodi chiqib meni ko‘z ochirgani qo‘ymadi. Oxiri, bir amallab qochib qutildim.
Ana shunaqa! Loqaydlik va qo‘rqoqlik kasridan “maxsus fond” sirini ocholmay qoldim. Lekin ruhan tushganim yo‘q. Arqonni uzun tashlab kuzatuv-tekshiruvlarni davom ettirdim. Dars paytlari ahyon-ahyon maktab yo‘lagiga chiqib, Najot G‘aybulla shug‘illanayotgan sinfxonaning tirqishidan mo‘ralab kelaman. Ochig‘i, yangi muallimning dars o‘tish uslubini ko‘rib, sohir ovozini eshitib huzurlangan ko‘yi besh-olti daqiqa eshik yonida qolib ketaman. Hatto bir gal meni shu holda Qalqonov muallim ko‘rib qoldi. Biroq hech bir shubhaga bormay tag‘in kabinetiga kirib ketdi.
Aftidan u o‘qituvchilarning Najot G‘aybulla eshigi yonida tez-tez paydo bo‘lishiga o‘rganib qolgan edi
Men ba’zi bir bahonalar bilan yuqori sinf o‘quvchilarining papkalarini tekshirib chiqishga ham muvaffaq bo‘ldim. Biroq qotgan non ushoqlaridan bo‘lak hech qanaqa shubhali kukun topolmay hafsalam pir bo‘ldi. Hatto ayrim o‘quvchilarni aldab-sudrab gapga solib ko‘rdim. Yesa, cheksa sarxush qiladigan moddalarni tatib ko‘rishga qiziqtirgan-qiziqtirmagani haqida ustalik bilan so‘rab-surishtirdim. Bolalar avvaliga hech vaqoga tushunmay angrayib turishdi, so‘ng keskin bosh chayqashdi.
“Hechqisi yo‘q, — deb o‘yladim men bo‘shashmay, — hali ulgurmagan, yo bolalarni qo‘rqitgan”.
Bir kuni sinfxona eshigining tirqishidan kuzatarkanman Najot G‘aybulla o‘quvchilarga allanimalarnidir tarqatib chiqayotganini ilg‘ab qoldim! Muallim ulashayotgan narsalarni ayrim o‘quvchilar ajabsinib, ayrimlari quvona-quvona olishardi. Butun vujudimga sevinch va hayajon o‘rmaladi. “Nihoyat…!”
Men sinfxonaga qo‘qqis bostirib kirishni mo‘ljalladimu biroq darhol fikrimdan qaytdim. Bunaqa olamshumul taftishda rahbarlardan birov-yarim bo‘lishi kerak-da. Qonun shunaqa, huquq shunaqa!
Men Qalqonov muallim baqira-chaqira dars o‘tayotgan sinfxona eshigini borib taqillatdim. Hayal o‘tmay, direktor paydo bo‘ldi.
— Cho‘, takoy? – dedi u norizo chimrilib, hoynahoy, rus tili darsining beliga tepganimni uqtirib qo‘ymoqchi bo‘ldi u. Men shosha-pisha vaziyatni tushuntirdim.
Direktorning qiyiq ko‘zlariga tahlika oraladi.
— Norxolniyam chaqiraylik, — dedi u botinmaygina.
Ilmiy mudira “O‘qituvchilar xonasi”da asabiylashgan ko‘yi Vazirlar mahkamasining yaqinda chiqqan Qarori bo‘yicha o‘quv rejasi tayyorlab o‘tirgan ekan. Voqea haqida eshitib hovliqqanicha o‘rnidan turib ketdi.
— Qani, ko‘raylik-chi.
Uzun-qisqa Najot G‘aybullaning jug‘rofiya kabinetiga yaqinlashdik. Avval men, so‘ng rahbarlar eshik tirqishidan ichkari mo‘raladi.
Yangi muallim sokin, shirali bir tovushda, jug‘rofiy bir mavzu haqida gapirmoqda. O‘quvchilar esa allanimalarnidir huzur bilan chaynab, dars tinglashyapti.
— Chin, bir gap bor-ov, — deb shivirladi direktor bolalarning og‘zi to‘la.
Norxol qat’iy imo qildi:
— Kiramiz.
Tuyqus sinfxonaga bostirib kirdik.
Yangi muallimning uni o‘chib, bizga hangu mang tikilib qoldi. O‘quvchilar chala chaynagan narsalarini shosha-pisha yutib yuborishdi.
Vaziyatni darhol qo‘lga oldim.
— Bolalarning og‘zida nima bor?! Bilsak bo‘ladimi?
Najot G‘aybulla qimtinib-qimtinib sas berdi:
— Banan.
— Banan?! Nima u? – so‘radi Qalqonov partalar oralab yurarkan.
— Tropik meva, — deb iljaydi Najot G‘aybulla. – Bugungi darsimiz tropik mamlakatlar haqida, ustoz. Bolalar mavzuni chuqurroq his qilsin, deb banan ulashib chiqqandim. Bu ham bir tajriba-da.
— Ko‘rsak bo‘ladimi? – deb so‘radim men, sir boy bermay.
Najot G‘aybulla deraza tokchasidagi qog‘oz qutiga intildi.
— Marhamat. Roppa-rosa uch dona qolgan. Sizlarning nasibangiz, ustozlar.
— Kechirasiz, hamkasaba, — deya o‘ng‘aysizlikni haydagan bo‘ldi Norxol. – Hamma sinflarni tekshirib yuribmiz. Yuqoridan shunday buyruq keldi.
Sinfxonadan chiqarkanman, chuv tushirgan bo‘lsam-da o‘zimni mardona tutdim. Rahbarlar muqarrar beradigan tanbehlarga xayolan javob hozirladim. Yo‘q, xush ta’m meva jonimga oro kirdi.
— Rahmat sizga, domla Xurramovich, — dedi Qalqonov muallim huzurlanib banan chaynarkan. – Tez-tez kuzatuvdan davom eting. Yapon sakesidan ham quruq qolmaylik tag‘in.
Norxol piqillab kulib yubordi.
Mayli masxara qilsa qilaverishsin, men baribir bo‘sh kelmayman Allaqanday ko‘ngilsizlik, anglashilmovchilik oldida chekinaversak, yurt tinchlik-xotirjamligi, bolalar himoyasi uchun kim kurashadi, kim?!
Kuzatuv-tekshiruvlarda yana davom etdim. Ammo Najot G‘aybulla ham ilonning yog‘ini yalaganlardan ekan. Hech tutqich bermadi. Qaytanga obro‘si oshib, jug‘rofiya kabinetining shov-shuvi yuqori idoralargacha borib yetdi. Taqdirning bunday achchiq haziliga ortiq chidab bo‘lmas edi. Chora-tadbirlar ketidan chora-tadbirlar izlab topishdan charchamadim. Qani endi qurg‘ur zahrli qotilning kukunidan uch-to‘rt chimdim topib kelsangu anavining cho‘ntagiga solib qo‘sang, darrov qo‘liga kishan kiygizsang?! Xayrli ishning ertaroq bitgani yaxshi-da!
Tunlarning birida bedor uyg‘onib yotar ekanman, ilohiy bir sas qulog‘imga eshitilganday bo‘ldi: “Hujjatlarini tekshir, hujjatlarini…” Xuddi shu sas tongga qadar kallamda, yuragimda aks-sado berib turdi.
Ertasi kuniyoq Qalqonov muallimni bir chekkaga tortdim. Gapni dunyoning notinchligidan boshlab Rossiyada qo‘lga olingan nashafurushlar to‘dasi haqida aytdim. Qarangki, rus tili muallimi bo‘lsa-da janob direktor Rossiyadagi voqealardan bexabar ekan.
— Yangi muallimdan shubham bor, — dedim, nihoyat, maqsadga o‘tib. – O‘shanaqa guruhlardan bo‘lsa ajabmas.
— Yaxshigina ishlab yuribdi-yu, — deb to‘ng‘illadi direktor istamaygina.
— Ko‘za kunda emas kunida sinadi, domilla.
— Nima qilishim kerak, axir?
— Hujjatlarini tekshirish zarur.
— Sinchiklab qaraganman, hammasi binoyidekkina.
— E, maxsus tekshiruv kerak, masalan, diplomi haqiqiymi? Rostdanam o‘qiganmi yo sotib olganmi?
Qalqonov muallimning ensasi qotib to‘ng‘illadi:
— Domla Xurramovich, kimga zaril ortiqcha tashvish. Ana, zo‘r ishlab yuribdi-ku?!
— Siz, xushyorlikni boy beryapsiz. Biror kor hol bo‘lsa boshingiz ketadi-ya?!
Qator ijtimoiy-siyosiy ko‘rsatmalarni pesh qilib dadil-dadil talab qilganimdan so‘ng, nihoyat, Qalqonov ko‘ndi. Najot G‘aybullaning hujjatlarini bir haftalik muddat bilan qo‘limga topshiradigan bo‘ldi.
— Domla Xurramovich, sizga ishondik, — deb zorlandi direktor, — Meni sarson qilmay, o‘zingiz tekshirtiravering. Qari odamman…
Albatta-da. Keksalarimiz hurmat-izzatda bo‘lishi kerak. Bu yog‘ini o‘zimiz to‘g‘rilaymiz.
Najot G‘aybullaning hujjatlari solingan sarg‘ish papka qo‘lga tekkach, go‘yo uning o‘zi changalimga tushgandek boshginam mag‘rur ko‘tarildi. Kuchimga kuch, aqlimga aql qo‘shildi. Ichimda bir sas tekshiruvni diplomdan boshlash kerakligini tinmay uqtirardi. Oxiri qalbimga quloq soldim. Biroq men hujjatni maxsus idoralar orqali tekshirtirish niyatidan voz kechdim. Birlamchidan, ular juda band, fursat topib so‘rovnoma, talabnoma qilgunlaricha xiyla vaqt o‘tadi. Ikkinchidan, yangi muallimning diplomidan qusur topilmasa shov-shuv ko‘tarilib, sharmanda bo‘laman. Kerak bo‘lsa, asossiz da’volar bilan mas’ul kishilarni chalg‘itib, vaqtini o‘g‘irlaganim uchun boshimda yong‘oq chaqishadi.
Men poytaxtga o‘zim borib kelishga qaror qildim. Atigi besh-olti soatlik yo‘l. Shu bahona havo almashtirib, u yoq-bu yoqni tomosha qilib kelaman. Jo‘nadim.
Voy-bo‘-o‘y! Ana shaharu mana shahar! Ani poytaxtu mana poytaxt! Ko‘chalarda odam qaynaydi. Keng, tekis yo‘llarda mashinalar qator-qator, chinqirib yelishadi. Bozoru do‘konlar, idorayu mahallalar bir-biridan serhasham, go‘zal. Ishqilib, poytaxti azim kamina ko‘rmagandan beri juda o‘zgarib, serfayz, jozibador bo‘lib ketibdi.
Men o‘tirgan avtobus kun peshindan oqqan bir payt yetib keldi. Son-sanoqsiz kirakashlarning hay-haylashiga qaramay Tushasolib o‘zimni metroga urdim. Najot G‘aybullaning diplomida ko‘rsatilgan institutning qayerda joylashganini yaxshi bilaman. Qiynalmay topishga ko‘zim yetadi. Chin bo‘lmasa, birov-yarimdan so‘rab surishtiraman. Qolgan yumushlar oson. Institut rahbariyatiga kiramiz. Kerakli ma’lumotlarni tekshirib olaman. Mabodo, baxtga qarshi, hammasi joyida bo‘lsa, guldir-gup. Qaytib boramanu direktorga hujjatni qaytib beraman. “Hozircha tekshiruvchining imkoni yo‘q ekan”, deb bahona qilaman qo‘yaman. Qolganini vaqt ko‘rsatadi.
Shunday taskinbaxsh xayollar og‘ushida, odamlar izdihomiga aralashib metro yo‘lagiga kirgan paytim kimdir yelkamga nuqidi. Qarasam, yuz ko‘zlari hushyorlik, salobat balqib turgan militsioner!
— Aka, hujjatlaringizni bir ko‘rib qo‘yaylik, — dedi u ehtirom ko‘rsatib.
— Xo‘p, komandir, xo‘p.
Cho‘ntagimdan pasportimni chiqarib uzatdim.
Militsioner hujjatimni ochib ko‘rib:
-Ortimdan yuring-chi, — dedi. Xayronu lol ahvolda posbonga ergashdim.Stol-stullar qo‘yilgan, elektr chirog‘idan charog‘on bir hujraga kirdik. Ichkarida yana bir militsioner allanimalarnidir yozib-chizib o‘tiribdi.
— Mana, yana bittasi!
Men boshlab borgan posbon qo‘lidagi pasportimni sherigining oldiga tashladi.
Ko‘p o‘tmay ikki militsioner biri qo‘yib biri olib so‘roqqa tuta ketdi. So‘roq-tergov jonu dilim bo‘lsa-da, ayni chog‘ posbonlarga malollanib-malollanib javob berdim.
— Qayerdan keldingiz?
— 41-posyolkadan.
— Nima ish qilasiz?
— O‘qituvchiman.
— Nima maqsadda keldingiz poytaxtga?
— Zaril bir ish. Vazirlikka maslahatga chaqirgan!
— Vazirlikka. Maslahatga:! Shikoyat bilan kelganman deb to‘g‘risini aytib qo‘ya qolsangiz-chi? Hozir hech kim osonlikcha poytaxtga oyoq bosmaydi. Yo birovning dastidan dod solib keladi, yo o‘ladigan kasal, do‘xturga ko‘rsatish kerak.
— Men to‘g‘risini aytdim.
— Yaxshi… A, poytaxtda propiskasiz yurish mumkin emasligini bilasizmi?
— Bilmayman. Chet ellik emasman-ku, mumkindir-ye?
— Chet viloyatdansiz-ku?! Xullas, gap bunday, biz sizni uch kunlik hibsda tutamiz. Yashash joyingizga so‘rovnoma jo‘natamiz. Javob kelguncha panjara ichida o‘tirib turasiz. Mabodo hammasi yaxshi bo‘lsa, sizni shahardan chiqarib yuboramiz. Ketaverasiz yurtingizga.
Qarasam, posbonlarning yuz-ko‘zida hech bir hazil-huzul alomati yo‘q. Biri darrov qog‘oz-qalam olib allaqanday hujjat to‘ldirishga kirishdi.
Beixtiyor qo‘liga yopishdim.
— Ukalar, hoziroq qaytib ketaman! Iltimos, qog‘oz-pog‘oz to‘ldirib o‘tirmanglar.
— Qarshilik qilinmasin o‘rtoq! – yonimda tik turgan militsioner qo‘llarimni siltab tashladi. – Organga qarshilik qilmoqchimisiz?
Shu payt eshikdan tag‘in bir qop-qora militsioner kirib keldi. Unga ko‘zim tushdiyu quvonchdan irg‘ishlab turib ketdim.
— Abray?! O‘zingmisan, uka?
Ha, bu chindan ham Qobil traktorchining o‘g‘li Abray! O‘zimning shogirdlarimdan. Maktabni amal-taqal bitirgach prokuror bo‘lish orzusida poytaxtga bosh olib ketgan edi. Mana uchrashdik. Boshlanishi chakkimas – rezina tayyog‘i yarashib turibdi, dimog‘i ham baland.
— Ha, domilla, — deb ko‘rishdi Abray men bilan. – Nima qilib yuribsiz bu yoqlarda.
Uzoq hol-ahvol so‘rashgach, shogirdimga vaziyatni tushuntirdim, ammo bir sir boy bermay, unga ham vazirlikka kelganimni aytdim.
Abray norizo chimrilib turgan sheriklaridan pasportimni olib qo‘limga tutqazarkan:
— Bularnikiyam xizmatchilik-da, domilla, — dedi. – Sovuqni sovuq, issiqni-issiq demay qo‘riqchilik qilishadi. Ish og‘ir, mas’uliyatli. Sizday tushungan, jonkuyar birov-yarim fuqarolar qo‘yarda-qo‘ymay uch-to‘rt tanga tamaki puli tashlab ketishadi, mehnatimizni qadrlashadi-da. Ba’zi birovlar esa…
— Albatta, albatta, — deb o‘z ixtiyorim bilan cho‘ntak kovlashga tushdim. – Biz ba’zi birovlardan emas, uka. Tinchlik-osoyishtalik uchun qilingan xizmat taqdirlanishi kerak.
Abray va uning sheriklari men uzatgan choy-chaqani olishdan qat’iy bosh tortishdi. Bir amallab ko‘ndirdim.
Sobiq shogird bilan quyuq xayrlashdik. U meni metro poyezdigacha kuzatib qo‘ydi.
Ishimning bu yog‘i oson va silliq kechdi. Najot G‘aybullaning diplomida ko‘rsatilgan institutni qiynalmay topdim. Hoynahoy farishtayu maloikalar men yetaklab yurishgan ekan. Institutning o‘quv ishlari bo‘yicha prorektori meni iliq kutib oldi.
Maqsadimni tushuntirdim:
— …shuytib, diplomni bi-ir tekshirib keling, deb meni bu yoqqa jo‘natishdi. O‘zingizga ma’lum, zamon qaltis, dunyo notinch.
Sochu qosh-kipriklari oppoq prorektor men uzatgan diplomni qo‘liga olar-olmas bosh chayqadi:
— Buningiz qalbaki, yasama domla. Yuz foiz ishonch bilan ayta olaman, qalbaki diplom. Bunaqasini ilgari ham ko‘rganmiz.
Quvonchu hayajonda quloqlarim shang‘ilab, tomoqlarim quruqshab qoldi.
— Yo‘g‘-ye… nahotki… – deya olaman zo‘rg‘a.
Prorektor yordamchi xodimini chaqirib, kaminaning iltimosiga ko‘ra, Najot G‘aybullaga tegishli diplomning qalbaki, yasama ekanligi to‘g‘risida yozma ma’lumot tayyorlashni tayinladi.
Bir soatlar chamasi vaqt ichida ish bitdi! Cho‘ntagimda ma’lumotnoma! Hovliqqanimdan pul betiga bormay kirakash yollab vokzalga oshiqdim. Xayriyat, biz tomonga yurar poyezd hali ketib ulgurmagan ekan. Shartta vagonlarning biriga chiqib oldim.
Poyezd viloyat markaziga ertasi kuni choshgoh mahali yetib keldi. Xullas to‘ppa-to‘g‘ri maktab hovlisiga kirib kelganimda katta tanaffusga atigi o‘n daqiqacha vaqt qolgan ekan.
Shijoat bilan “O‘qituvchilar xonasi”ga kirdim. Xona to‘ridagi ish stolida allaqanday hisobotlar bilan ovora Norxol Xushboqova menga hangu mang tikilib qoldi.
— Tezda o‘qituvchilarni yig‘ing! – dedim tantana bilan. — Anavi Najot G‘aybullaning siri ochildi! G‘irt muttaham ekan.
Men hayajonu quvonch ichida Norxolning, nelar so‘raganini, nelar deb javob berganimni eslay olmayman. Faqat birozdan so‘ng katta xatoga yo‘l qo‘yganimni anglab yetdim. Men bira to‘la organ xodimlarini boshlab kelib, anavi muttahamning qo‘liga kishan urdirishim kerak edi. Ana shu hovliqmaligimning oqibatidan Najot G‘aybullani qochirib qo‘ydik. U siri fosh bo‘lganini sezdiyu imi-jimida “Neksiya”siga o‘tirib jo‘nab ketdi. Shu-shu maktabimizdan uning qorasi o‘chdi. Ertasi kuniyoq bo‘lib o‘tgan voqealar yuzasidan tegishli idoralarga yozma ma’lumot berdim. Najot G‘aybulla ustidan jinoiy ish qo‘zg‘ashlarini talab qildim. Haqiqat bor, istak va talablar inobatga olinibdi. Maktabimizga ikki marta tergovchi kelib-ketdi. Oxirgi tashrifida “tushuntirish xati” yozishimizni buyurib ketgan ekanlar. Mana, bajonu dil bitib qo‘ydik. Ozgina nokamtarlik qilgan o‘rinlarimiz bo‘lsa, uzr. Men o‘z burchimni o‘tadim, xolos. Bir qalloblikni fosh qilganimdan, katta falokatlarning oldini olib qolganimdan mamnunman, albatta. To‘g‘ri, hamkasbalar orasida birov-yarim menga g‘ijinib, o‘qrayib qarayotganlari ham uchraydi. Buning hammasi ko‘rolmaslik, ichiqoralik oqibati. Shunday sharafli vazifani yolg‘iz uddalaganim, mashaqqatlardan cho‘chimaganim yoqmayapti ularga. Biroq boshim baland, ko‘kragim tog‘, g‘ayrli nigohlarni nazar-pisand qilmayman. Chunki men o‘z ishimdan faxrlanaman. Chunki men tarix, huquq darslari, mashoyihlar ta’kidlaganidek, kelajak darslari qo‘lida bo‘lgan oliy toifali o‘qituvchiman.

* * *

Boshlang‘ich sinf o‘qituvchisi Eshbolta akaning tushuntirish xati)
Men bir keksa o‘qituvchiman. Tavba, Nimani ham tushuntirishim mumkin. Hammasi tushdagidek, yo, shirin bir xayoldagidek. Najot G‘aybulla degan yangi muallim maktabimizda paydo bo‘ldi. Tuppa-tuzuk yigit, odob-ahloqi ham joyida. Sal keyinroq o‘qituvchilikni ham qoyilmaqom do‘ndirishini ko‘rdik. Masalan, men uning qallobligidan sira xabarim yo‘q. Huv, bir gal darsliklar topib keltirganda rosa xursand bo‘lganman. Ko‘p hamkasabalar shu yigitning duoi jonini qilganmiz. U tashkil etgan jug‘rofiya kabinetini aytmaysizmi? Maorif mudiri Erkaboyev maktabimizga tashrif buyurganida yangi muallim yasantirgan xonani ko‘rib og‘zi ochilib qolgan. “Ehtiyot qilinglar, bizga juda zarur bunaqa kabinetlar”, — dedi. Shuning uchun ham maktab direktori jug‘rofiya kabinetiga kalladay qulf ostirdi. Jug‘rofiya darslari boshqa sinfxonalarda o‘tiladigan bo‘ldi. Najot G‘aybulla maxsus jihozlagan xonani undan tortib olib qo‘yganiga biroz taajjublandi, xolos.
“Mehnatingizni yuksak qadrlayapmiz”, deya uni ovuntirgan bo‘ldi Qalqonov muallim. Yangi muallim boshqa sinfxonalarda ham binoyigina dars o‘ta boshladi.
Ertasi kuni, domla Xurramovich tarixiy to‘ntarish yasagan o‘sha kun direktorning xonasida Qalqonov muallim va Norxol suhbatlashib o‘tirishgan ekan.
— Eshbolta aka, bu yoqqa kiring, — deb chaqirib qoldi ilmiy mudira menga ko‘zi tushib.
Kirdik. O‘tirdik.
— Domilla, — deb gap boshladi Qalqonov muallim. – Ozgina maslahatingiz kerak. Najot G‘aybullaga besh-olti soat biolgiya darsi bersak, nima deysiz? Shu bahona biologiya kabinetini ham yasatib olardik-da!
Norxol ham direktorni qo‘llab-quvvatladi.
— Ko‘rib turibsiz, rahbarlarning kabinetlarga e’tibori kuchli.
Ularning fikri menga ham yoqdi. Oq fotiha berdim.
Afsus rejalar barbod bo‘ldi. Katta tanaffus payti Norxol rangi quti o‘chgancha o‘qituvchilarni shoshilinch majlisga yig‘ib yurgan ekan. Men andak kechikib kirdim.
“O‘qituvchilar xonasi” hamkasabalar bilan liq to‘la. Kimdir o‘tirgan, kimdir tik turgan ko‘yi hangu mang qotib qolgan. Deraza yonida Najot G‘aybulla bo‘shashibgina turibdi. O‘rtada domla Xurramovich, mag‘rur, tantanavor qiyofada, bir qo‘lini beliga tirab, bir qo‘lini goh-goho havoda qilichdek sermayapti.
— Qani, tushuntirib bering.chi bizga, nega qalbaki diplom bilan yuribsiz? Hukumatni, soddagina jamoamizni laqillatishga kim huquq berdi sizga, kim?! Asl niyatingizni ayting. Qanaqa jinoiy guruh bilan hamkorsiz. Maqsad nima, maqsad?!
Domla Hurramovichning qahrli hayqirig‘idan maktabning beton devorlari ham zirillab ketdi. Yig‘ilganlarning dami ichida. Xona o‘rtasi tomon yurarkan Najot G‘aybulla chuqur-chuqur tin oldi.
— Ha, mening diplomim qalbaki, — deya gap boshladi u o‘ychan qiyofada – Men bu haqda hech kimga aytolmasdim. Avvalgi ish joyimda vijdonim qiynalib sirimni direktorga ochib qo‘ygandim. Balki meni tushinar degan xayolda edim. Yo‘q, ayuhannos solib ishdan quvib yuborishdi. Lekin, men… lekin men maktabsiz turolmayman, bolalarsiz yashay olmayman. Bilaman, ishonmaysiz, ammo haqiqat shunday. Bolalar kulgusining jarangidan zavq olaman, ularni ko‘zlari, so‘zlari beg‘ubor. Ilmdan bolalargina hayratlanishadi. Murg‘ak ongiga, o‘y-xayoliga kirib kelgan ozgina yangilik ham jajjilarni chinakamiga quvontiradi, chinakamiga hayajonlantiradi. Ularning sevinchiga, hayratiga hayrat qo‘shishdan-da ortiq qanday baxt bor? Bolalarning beg‘ubor qalbida yangidan-yangi dunyo ochuvchi ko‘ngliga iml sehrini soluvchi inson – bu muallimdir. Shu sabab bu qutlug‘ kasb mening es-hushimni o‘g‘rilagan. Shu sabab o‘qituvchilar safiga intildim. Afsuski, hech omadim yurishmadi. Uch-to‘rt karra pedinstitut ostonasidan qaytdim. Boshqa soxa bo‘yicha o‘qishga majbur bo‘ldim. Lekin bari bir muallimlikning sehrli dunyosi meni chorlayverdi, oxiri, qalbaki diplomga kunim qoldi. Aziz ustozlar – Najot G‘aybulla qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib hangu-mang qotib turgan hamkasabalarga yuzlandi, uning ko‘zlarida jiqqa-jiqqa yosh aylanar edi. – Aziz muallimlar! Qisqagina fursat bo‘lsa-da sizlar bilan yonma-yon ishlaganimdan, sizlar bilan bir havodan nafas olganimdan xursandman. Sizlardan ko‘p narsalarni o‘rgandim. Iroda, sabr-toqat neligini shu yerda bildim. Muallim hayoti batamom jasorat, fidoiylik ekan! Shuncha tashvishu tahlikaga qo‘yganim uchun hammalaringizdan uzr so‘rayman.
Najot G‘aybulla xona burchagidagi ilgakdan charm kamzulini, qunduz telpagini olib kiydi-da, eshik tomon yugurdi.
— Nasib bo‘lsa men hali qaytaman, — dedi u bo‘sag‘ada to‘xtab, yuz-ko‘ziga siniq bir tabassum yoyildi. -Hujjatlarimni to‘g‘irlab yana safingizga qaytaman. Meni kuting, aziz birodarlar!
Najot G‘aybulla shahd bilan chiqib ketdi. “O‘qituvchilar xonasi”ga og‘ir jimlik cho‘kdi. Domla Xurramovich hanuz o‘rtada kerilib trar, allanelarnidir zo‘r berib rejalashtirar edi.
— Ob-bo, — deya peshonasiga shapatiladi u bir payt. — Tullakni qochirib qo‘yding-ku?! Hammamizni avrab ketdi-ya!! Men ham baqadek qotib qolibman!
Xona to‘ridagi stulida bukchayibgina o‘tirgan Qalqonov muallim ham zo‘rg‘a tilga kirdi.
— Qochib go‘rga borarmidi, domilla Xurramovich. Qani, uning hujjatlarini bu yoqqa bering.
Bir payt domilla Xurramovich tipirchilab qoldi. Deraza tokchalariga, stol ustiga jonsarak-jonsarak alangladi.
— Iya, qani uning hujjatlari?! Hozirgina stol ustida turgandi-ku?! Kim ko‘rdi sariq jildli papkani?
O‘qituvchilar orasiga g‘ala-g‘ovur, bezovtalik oraladi.
— Najot G‘aybulla olib chiqib ketdi-ku! – ovoz berdi qay bir muallim. – Rost, ko‘rdim. O‘zining papkasidir deb o‘ylabman.
Domla Xurramovich goh manglayiga, goh sonlariga shappatilab hanuz xona bo‘ylab charx urardi.
— Ax, tullak! Hujjatlarini opqochib ketibdi-ku?! Endi nima qilamiz-a? Qochib qutilib ketdi-ya! Iz qoldirmay ketdi-ya!
— Domla, — deya uni jerkib tashladi Norxol. – O‘zingizni bosing. Ana, qo‘lingizda diplomi qolibdi-ku, namuncha chirqillaysiz?
Chindan-da Najot G‘aybullaning soxta diplomi domla Xurramovichning qo‘lida. Domla bir zum ayuhannosdan tiyilib, o‘zicha allanimalarni chamaladi-da qalbaki hujjatni shosha-pisha cho‘ntagiga solib qo‘ydi. Tevaragiga sirli bir ko‘z tashlab tirjaydi.
— Bo‘lari bo‘ldi, bu yog‘i ko‘chdi, — deb yana tilga kirdi Qalqonov muallim. – Sharmandamiz chiqdi. Endi u yer-bu yerda gapirib yurmanglar bu voqealarni. Birov-yarim qiziqsinib so‘rasa, yangi muallimga ish yoqmadi, boshqa sohaga o‘tib ketdi, deb qo‘vyaveringlar.
Hech kimsadan sado chiqmadi. Navbatchi shosha-pisha darsga qo‘ng‘iroq cho‘ldiyu o‘qituvchilar birin-ketin tarqashdi.
Ammo domilla Xurramovich chidayolmay baribir organga xabar bergan ekan. Mana shu bahona tushuntirish xati ham yozdik. Bor gap shu. Hammasi tushdagidek, hammasi xayoldek…

* * *

— Qalay, Delo bilan tanishib chiqdingizmi? – deb so‘radi tergovchi shosha-pisha xonaga kirarkan.
— Ha, g‘irt qallob ekan-ku, bu Najot G‘aybulla deganlari.
— E, nimasini gapirasiz, hammani boplab laqillatgan. Davlat hujjatini qalbakilashtirgani uchun unga jinoyat ishi qo‘zg‘adik. Kim biladi, tag‘in qancha hunari bor, asta-sekin ochilaveradi-da. Menimcha ham u biror bir jinoiy to‘da odami, behuda bu yerlarga sang‘ib kelmagan.
— Hali o‘zi topilmadimi?
— Hozircha yo‘q. Anavi muallimlarning laqmaligidan foydalanib hujjatlarini ham gum qilgan. Juda ayyor ekan, qoyil. Og‘zaki ma’lumotlar bo‘yicha izlab yuribmiz hozircha. Qochib qayerga ham borardi, baribir topamiz.
— Balki uning pasporti ham qalbakidir? Balki Najot G‘aybulla umuman bu yerning odami emasdir?
Tergovchining ko‘ziga xavotir oraladi.
— Yo‘g‘-ye, nafasingizni issig‘roq qiling-ye, u holda ish toza chigallashadi.

* * *

Poytaxtga qaytdim. Butun shuurimni g‘alati bir kayfiyat chulg‘ab olgan edi.
“Najot G‘aybulla qaytadi, — deb o‘ylardim nafasimni issig‘roq qilib. – Hujjatlarini to‘g‘rilab albatta qaytadi. Axir, u bolalarsiz, bolalar shunday muallimsiz yashayolmaydi!..”
Men avtobus o‘rindig‘iga yastanib, horg‘in ko‘z yumdim.

Manba: Luqmon Bo‘rixon. Sirli muallim. Qissa. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti. Toshkent – 2006

04

(Tashriflar: umumiy 3 677, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring