Luqmon Bo’rixon: Yaxshi asar o’z–o’zidan yozilib qolmaydi.

002
Ижодкор вақт ўтган сари очилади, сайқалланади, ўзини намоён қилиб боради. Гоҳида яхши ёзилган асар хусусида «энди бир ёзиб қўйди-да», деганга ўхшаш гаплар қулоққа чалинади. Аслида, ўша асар ўзидан-ўзи ёзилиб қолмайди. Асар борки, у ёзувчининг ўз «мен»идан туғилади. «Жазирамадаги одамлар»нинг туғилиши ҳам йиллар давомида шаклланган қараш, ўз «мен»имдан туғилган ғоянинг илк босқичини босиб ўтиш орқали вужудга келган. Шундай экан, ҳали ичимдаги «мен»нинг босиб ўтиш керак бўлган босқичлари жуда кўп.

009
ЯХШИ АСАР ЎЗ-ЎЗИДАН ЁЗИЛИБ ҚОЛМАЙДИ
Ёзувчи Луқмон Бўрихон билан суҳбат
Суҳбатдош — Гўзал Солиева

Ижодкорнинг шахсияти қайсидир маънода унинг асарлари орқали яққол кўринади. Ёзувчи Луқмон Бўрихон ижоди ҳақида гап кетганида шундай дейиш мумкин. Адиб асарларида инсон ўзига берилган буюк қудратга қарамай, нақадар ожизлигини, унга хос бўлган фазилату иллатларни майда деталларда оддийгина тасвирлайди. «Сирли муаллим», «Хизр кўрган йигит» қиссалари, «Жазирамадаги одамлар», «Темир йўл» каби романларида кенг кўламли муаммоларни кичик тақдирлар орқали кўрсатади. Қаҳрамон тилига сингдирилган пичинг, минғирлаб бўлсаям ҳақиқатни айтишга уриниш, маъноли табассум билан адиб ўз қиёфасини чизгандек бўлади.

006

— Адабиётни инсоннинг жон томири, дегим келади, — дейди ёзувчи. — Чунки адабиёт одоб-ахлоқ таълимига дахлдор. Аммо бундан адабиёт панд-насиҳат манбаи экан, деган хулосага бормаслигимиз лозим. Адабиёт ҳаётни, воқеликни бадиий ифодалаб, жонли, таъсирчан образлар орқали инсон тафаккурига, хаёлотига туртки беради, дидини ўстиради. Шу йўсин одоб-ахлоқ тарбиясига хизмат қилади.

Инсон гўдаклик чоғидаёқ она бағрида адабиётга дуч келади. Айнан, она алласи адабиётнинг, бадиий сўзнинг ибтидоси, юксак намунаси. Унда умид, ишонч, тилак, илтижо — ҳаммаси бор. Алла сўзлари меҳр, илоҳий оҳангга қорилган. У гўдак фитратига нурдай сингади. Зеҳн, қобилият ка-би хислатларини ўстиради.

— Бола адабиёт билан бирга улғайиши керак, демоқчисиз-да?..

— Албатта, болани эртакларнинг, афсоналарнинг сирли оламига олиб кириш лозим. Улар қалбида мўъжизаларга, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозонишига ишонч бўлиши, хаёлотида, руҳиятида алпомишлар, барчинойлар, кенжа ботирлар яшаши шарт. Шундагина навқирон авлод ноҳақликларга муросасиз, курашчан, ҳаёт машаққатлари олдида собит, иродали, мард, танти бўлиб вояга етади.

Биласиз, болалар жуда тақлидчи бўлади. Улар, энг аввало, ота-онага тақлид қилади. Уларнинг хатти-ҳаракатидаги, гап-сўзларидаги яхшию ёмон томонини тез ўзлаштириб олади. Агар оила даврасида маърифат ҳукм сурса, болаларда ҳам шунга яраша қизиқиш, интилиш пайдо бўлади. Ота-онани мутолаа пайти кўрган кичкинтойлар ҳам китоб-дафтар варақлашга, ҳеч қурса, саҳифалардаги суратларни томоша қилишга ишқибоз бўлади. Ўзларича овоз чиқариб ўқишга интилади. Ота-она ўз фарзандларидаги худди шундай ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаши зарур, менимча.

— Балки бугун китобхон ва ёзувчи орасидаги масофа узоқлашишига шундай ўрнакнинг камаяётгани сабабдир? Чунки кейинги пайтларда одамлар китоб ўқимай қўйди, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинмоқда.

— Халқимиз азалдан китобга, китобхонликка ихлосманд бўлган. Бирор хонадонда йиғилишиб, туни билан қиссагўйлик, навоийхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик қилингани ҳақида кўп эшитганмиз. Яқин-яқингача юз минг ададда чиққан китоблар ҳам дўконларда узоқ қолиб кетмасди.

Ҳозир-чи? Адади бор-йўғи беш юз дона айрим китоб ҳам дўкон пештахталарида сарғайиб қоляпти. Аввало, ўша асарларнинг ўқувчилар дидига, талабига жавоб бермаслиги, жойларда китоблар тарғиботи йўлга қўйилмагани бунинг бош сабаби, деб ҳисоблайман. Қолаверса, китоб савдоси тизимида жиддий ислоҳотлар қилиш зарур. Масалан, илгари энг чекка туманда ҳам бир-икки махсус китоб дўконлари фаолият юритарди. Улар янгидан-янги асарларга тўлиб турарди. Ҳозир эса катта шаҳарларимизда ҳам саноқлигина китоб дўконларини кўрамиз. Мактаб, лицей, коллеж каби ўқув даргоҳларида ҳар хил бўлар-бўлмас китобларни мажбурий соттириш ҳоллари ҳам учраб туради. Бу ҳам ёшларни китобхонликдан бездиради.

Вилоят ва туманларга хизмат сафари билан бориб, ўқувчилар билан учрашганимизда, очиқ гап, баъзан уларнинг ҳақли саволларига жавоб беролмай довдираб қоламиз. Ёшлар, кўпинча, мутолаа учун қандай асарларни тавсия қилишимизни, уларни қаердан топиш мумкинлигини сўрашади. Шундай пайтлар юқорида айтиб ўтилган муаммолар тилимизни қисиқ қилиб қўяди. Ҳавойи гаплар билан бир амаллаб қутулиб қўямиз.

— Бу, сизнингча, тўғри йўлми?

— Тўғрисини айтсам, китобхонларга тавсия қила оладиган асарлар ёзмаётганимиздан биз — қаламкашлар уялишимиз керак. Чунки ҳозир ижод учун барча шарт-шароитлар бор. Умуман, муаммолар ипи бир-бири билан чамбарчас боғланган. Ҳар ким ўз ишини виждонан, астойдил бажарса, умид қиламанки, ҳаммаси ўз изига тушади.

— Оилангизда китобхонлик қай даражада? Фарзандларингиз орасида изингиздан бориб қўлига қалам тутганлари борми?

— Ҳар ҳолда ўзимизни зиёлилардан ҳисоблаймиз. Демак, оилада ҳам шунга яраша об-ҳаво бор. Фарзандларим жавондан гоҳ у, гоҳ бу китобни олиб варақлаб турганини кўраман. Баъзан, ўзларича, шеърхонлик ёхуд бирор асарни муҳокама қилишаётганига гувоҳ бўламан. Лекин аралашмайман. Болаларимнинг ҳаммасида ҳам адабиётга ихлос, бадиий ижодга мойиллик бор. Лекин ҳозирча ҳеч бири кўзга кўринадиган ижод қилгани йўқ. Майли, уларни шошилтирмайман. Энг муҳими, китобни, ижодни севишади.

— «Жазирамадаги одамлар» китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлганини ўқувчилар ҳам, адабиётшунослар ҳам таъкидлашади. Ўзингизнинг бу асардан кўнглингиз тўлганми?

— Ижодкор вақт ўтган сари очилади, сайқалланади, ўзини намоён қилиб боради. Гоҳида яхши ёзилган асар хусусида «энди бир ёзиб қўйди-да», деганга ўхшаш гаплар қулоққа чалинади. Аслида, ўша асар ўзидан-ўзи ёзилиб қолмайди. Асар борки, у ёзувчининг ўз «мен»идан туғилади. «Жазирамадаги одамлар»нинг туғилиши ҳам йиллар давомида шаклланган қараш, ўз «мен»имдан туғилган ғоянинг илк босқичини босиб ўтиш орқали вужудга келган. Шундай экан, ҳали ичимдаги «мен»нинг босиб ўтиш керак бўлган босқичлари жуда кўп.

Ёзувчининг шахс бўлиб шаклланишида жамиятнинг роли катта. У яхшию ёмонни, бору йўқни кўриб, ўз танасида ҳис қилиши шарт. Агар ёзувчи ҳақиқатдан ҳам шахс бўлишга лойиқ бўлса, майда ташвишлардан холи ҳолда умуминсоний тамойилларни ўзига маёқ қила олади.

Манба: «Оила даврасида» газетаси

хдк

(Tashriflar: umumiy 64, bugungi 1)

Izoh qoldiring