Mahmud Bo’ron. Hikoyalar

07        Тоғ олди қишлоғидан олти эркак якшанба куни айиқ овлагани бормоқчи бўлишди. Енгилгина лайлақ қор ёғиб турарди. Икки киши трактор кабинасида, тўрт киши тиркамада тоққа ўрмалашди. Жабборали тоға роса тоғ оралаб бир умр қўй боққанмасми, айиқнинг ғори қаерда, бўри, тулкининг ини қаерда — яхши билар эди.

Маҳмуд БЎРОН
ҲИКОЯЛАР
09

Маҳмуд Бўрон ( Маҳмуд Бўронов ) – 1957 йилда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ўқитувчи оиласида туғилган.  У 1979 йилда Тошкент Давлат университетининг физика факультетини тугатган. Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Кибернетика институтида, Бухоро Давлат университетида, Ўзбекистон Давлат телевидение ва радио қўмитасида, Республика Бош ҳисоблаш маркази Бухоро филиалида ишлаган.
М.Бўрон 1986 йилдан буён ижод билан шуғулланади. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, «Инсон ва қонун», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газеталари ҳамда «Автоҳамроҳ», «Санъат» журналларида мухбир ва муҳаррир вазифаларида ишлаган. Унинг ҳажвий асарлари «Муштум», «Ёшлик» журналлари, «Бухоронома», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Оила даврасида» газеталарида чоп этилган.  Айни пайтда «Оила даврасида» газетасида меҳнат қилмоқда.

09

«ҚОВОҚ»

Ростини айтсам, бошқармамиз бошлиғи ҳақида гапириб юришим яхши эмас: фақат эсини еган одамгина ўз бошлиғининг устидан кулиши мумкин. Бошқармамиз бошлиғи Ҳожиқурбон Тожиқурбонович менга ўхшаган маҳмадоналардан анча-мунчасини ковушини тўғрилаб қўйганлар. У кишининг таърифларга сиғмайдиган шундай фазилатлари кўпки, айтиб адо қилолмайсан. Раҳбаримизнинг барча фазилатларидан келиб чиқиб, ходимларимиз у кишига «қовоқ» деб лақаб беришган. Албатта, нега энди «қовоқ» дейишингиз турган гап. Ўзим ҳам илгари шунақа саволни бериб қолардим. Кейин билсам, улар топиб айтишган экан.

Менинг мана бу ҳангомамга қулоқ тутсангиз, ўзингиз ҳам бунга ишонч ҳосил қиласиз.

Ҳали ёш ва ғўр эканлигим бошлиғимнинг ўтакетган «қовоқ» эканини намоён қилишда асқотди. Қаёқданам денг ташаббускорлигим тутиб кетиб, янги ғоя билан чиқиб деҳқонларнинг юкини енгил қилмоқчи бўлдим. Маълумки, дунёнинг илғор мамлакатларида, ҳатто деҳқончилик ва чорвачилик ҳам аллақачон компьютерлаштирилган. Масалан, пахта ёки буғдойга қанча иссиқлик, намлик, ўғит керак, молларга қай маҳалда қанча ва қай йўл билан хашак, ем бериш керак ва ҳоказо…Бу чўпчак эмас, бу ишни Германия, Голландия каби Европа мамлакатларида йўлга қўйишганига анча вақт бўлиб кетди.

Бунинг учун компьютерни ишлатадиган алгоритмик дастурни тайёрлаб қўйганман: фақат бир марта вилоятдаги бирор хўжаликда тажриба ўтказилса, бас. Ўзингиз биласиз, бизда айримлар лавозими сал юқоририоқ амалдордан рухсат сўрамасдан товуққа дон бериши ҳам муаммо.

Шунинг учун ҳам мен тўғридан-тўғри бирор жамоа хўжалиги раҳбарининг олдига ўз таклифим билан бора олмайман. Чунки у қўрқади. Мен муҳандис бўлиб ишлаётган ҳисоблаш маркази директори Ҳаким Кадиевни-ку гапирмай қўя қолсам ҳам бўлаверади. Уни чўчитиш учун бошқармамиз бошлиғининг суратини кўрсатишнинг ўзи ҳам етиб ортади. Рухсат олиб бериш у ёқда турсин, бу бошлиқларимга гап ўзи нима ҳақида эканини тушунтиришнинг ўзиям осон иш эмас. Масала моҳиятини директоримизга роса уриниб бир илож қилиб тушунтиргач, ундан бошқармамиз бошлиғидан тажриба ўтказишга рухсат беришини ва бирор жамоага қўнғироқ қилишин сўрадим. Ҳаким Калдановичнинг ҳеч нарсага ақли етмаса ҳам, ёшларга бирор нарсада бас келиб бўлмаслигига фаҳми етади. У пастдан ҳам, тепадан ҳам ўлгудек қўрқади: шунинг учун ҳам ғоямни тушунгач, тақдиридан нолиган бахтсиз хотиндек дидиё қила кетди:

—Ука, ўсадиган одамсиз. Банд бошлиқларнинг оғримаган бошини оғритиб нима қиласиз…

—Нима, сиз тараққиётга қаршимисиз?

—Йўғ-э…што сиз…,—девқомат раҳбаримиз чўчиб тушди.—уларга,—деди у ўғринча шифтга қош учириб,—бирор гапни тушунтира олсангиз…майли, мен қарши эмасман…

Бошқармамиз бошлиғи олдига мен билан бирга боришга бу бечорада юрак қайда, дейсиз. Бир ҳисобда бундай бечораларга раҳмим келиб, уларга баъзан индамай қўя қолгим келади, бироқ лоқайд юргим келмайди, қайсарлигим тутиб, Ватанни гуллатиб ташлагим келади… Ҳаким Кадига қийин, у яна камида шу жойда икки йил туриб бериши керак: у ёғи таралла—нафақага чиқиб олади… Бола-чақаниям, корхонамизниям тинчитиб бўлган.

—Фақат укагинам, шуни эслатиб қўяй,—деди директоримиз ноилож,—Ҳожи акамларни тутиш…бунинг устига ниманидир тушунтириш осон эмас…—бунинг учун ҳам оёқ, ҳам сабр-тоқат керак…

Катта раҳбаримни қува-қува бир ой деганда қабулхоналарида тутиб олдим. У гапнинг бердисини эшитмай кўзойнаги устидан менга бургутчасига назар ташлади…

—Чудесни-ку, майли, кўринглар…

Бу гап ўз маъносидан ташқари яна «бошимни қотирма, қани энди бир жўнаб қол-чи…» деган маънони ҳам англатар эди. Мен бунга албатта парво қилмадим:

—Биз кўрдик, фақат ишга киришиш учун сизнинг рухсатингиз ва ёрдамингиз…

—Унда яхши, ишга киришаверинглар.

—Ишга киришамиз-ку, лекин ўша ишнинг қанақа иш эканини билиб олсак…

—Оббо, ҳали нима иш қилмоқчи эканингни ўзинг билмайсанми?

—Биламан, лекин сизга тушунтириш…

—Менга!? Оҳо! Зўр-ку, мен нима иш қилишим керак?

Мен ётиғи билан тушунтира кетдим. Аминманки, биринчи синф ўқувчисига тушунтирсам, у осонгина тушунган бўларди. Аммо, бошлиқ бақрайганича ¬ҳайратда турибди. Гапни яна бошдан олиб, муддаомни оғайниларнинг тўққиз пулидек баён қила бошладим. У ўзини га¬пимни тушунганга солди-да шундай деди:

—Ҳммм…да, майли кўринглар!

—Кўришга кўрамиз-а, аммо бирорта хўжаликка телефон қилиб, шундай-шундай, деб қўймасангиз…—дедим қўрқмасдан. Маълумингизким, биз ёшларни «олса ишини олади-да», деган жасорат ҳеч тарк этмайди.

У елка қисиб, ҳайрон бўлди. Каттакон ўзининг «сермазмун» ва «жўшқин» ҳаётида бунақа вазиятга тушмаган кўринади. Тарки одат, амри маҳол—яна ўша гапни эшитишга тўғри келди:

—Ҳай майли, кўринглар…лекин мендан нима исталади ўзи?

Ё қудратингдан! «қовоқ»миш! Нақ тўнка-ку, бу! Энди роса майинкорига олиб, яна тўққиз пул қила бошладим.

—Менга қаранг!—дея ўшқирдилар ҳаммамиз учун ҳар жабҳада ўрнак бўлмиш зот.—Нималар деб ярим соатдан бери вайсаяпсиз! Ўлай агар тушунаётган бўлсам. Хўш, қанақа хўжалик? Қанақа машина? Хўш, унданам кейин бунинг менга нима алоқаси бор?! Ҳеч нарса тушуниб бўлмайди. Боринг, айтаётган гапларингизни бундоқ тушунарлироқ қилиб номимга «письмо» уюштириб келинг, гап на уровне бўлсин. Ҳа, айтганча, бошлиғинг, анави кал қаёқда? Нима, ўзи келса ўлармиди?

Тавба, ўзи бошлиқ бўлиб, бошлиқнинг аҳволини тушунмайди-я, ахир бошлиқ бечораларнинг ўз бошлиқларидан худди кобрадан қўрққандек қўрқишларини наҳотки билмаса! Билади, аммо унинг ҳам ўз навбатида қўл остидаги «қовоқ»ларини тузлагиси келади-да…

—Д-и-рр..директоримиз..—дея Калдонович ўргатган баҳонани рўкач қила бошлагандим, еру кўкни паравознинг ўкириги тутди:

—Йўқо-о-о-лл!!…

Марҳамат, йўқолсак, йўқолибмизда, шунга шунчами! Дарҳол йўқолдим, албатта, қўрққанимдан эмас. Қайсарлигимдан, қайсарлигим қурсин, болалигимдан шунақа жиннилигим бор, худди девнинг бурнига чўп тиқиб олгим келаверади. Мендан қутилиб бўпсан, дедим ичимда, ўша калланг нақадар «қовоқ» бўлмасин, ишлашга мажбур қиламан. Хат бўлса, хат-да, уканг ўргилсин!

Сизларда қандай билмадиму аммо бизнинг бошқарма ва унга тобе корхоналарда хатга устаси фаранг бўлиб кетганмиз. Бир баҳона топилса бас, чангитиб ёзишимизни кўринг! Ўзи шундан бошқа нимага ҳам ярардик. Гўё қилинган ёки қилинажак ишлар хусусида ёзишларимизни бир кўрсангиз! Ҳеч бир вазирлик ва қўмитадан қўрқмаймиз, хат деган жониворни қийиб ташлайверамиз. Ахир уларга шу хат керак-да, иш керакмас-ку.

Эртаси кундан бошлаб икки бетдан иборат хатчаси тушмагурни олволиб «арбобимиз»ни қува кетдим. Омадим бор экан, бу гал уни йигирма кунга қолмай тутиб олдим.

—Ҳа, жўра?—деди у ўзига жуда ярашиб турадиган ҳайронлик билан.

Мен тушунтира кетдим. Олдин келганим, мақсадим, хат ёзиб келишим кераклиги ва мана…

—Хўп, яхши, —дейилди яна қойилмақом оҳангда, —Бу бошқа гап, ана энди кўринглар…

—Биз кўрдик,—дейилди жилмайиш ёхуд ҳиринглашдан ўзни зўрға тийган ҳолда,—Ҳаммаси жойида, фақат ишни бошлаб юборсак. Мана, биринчи чорак ҳам охирлаб қолди…

Ниҳоятда абадий ва асабий савол берилди:

—Хўш, мен нима қилишим керак?!

Сизга ёлғон, Худога чин, шу топдаёқ оёқ кийимимни қўлга олгим, ва мана шу «қовоқ» каллага қулочкашлаб…Ҳай, ҳай, шайтонга ҳайф…не ажабки бунинг ўрнига унинг пул ва овқатидан бошқа фикр меҳмон бўлмаган хум бошига қараб:

—Сизнинг рухсатингиз бўлмаса, на директорим ва на хўжалик раиси бирор иш қилишга…—дея олдим.

—Ана энди ўзингга келдинг,—дедилар доноларча.—»Письмо» олиб келдинг, бу яхши. Энди директоринг билан кел. Ахир мен сенга нима дегандим? Ўша эшшак билан келгин, демаганмидим?! Нега ўзи думини тутқизмаяпти?

Директоримиз мени узоқдан кўриши билан тиржайди:

—Ҳа, братишка, «кўринглар» дедиларми? Сенга неча марта айтдим. Ўша актингга ўзим бир илож қилиб қўл қўйдирардим-ку. Эҳ, бола, ўзингга ўзинг ғавғо орттирдинг…Ким билади ҳали келажагинг нима бўлади…

«Босс»ни икковлон роса бир ой деганда тутдик.

У нуқул иш деб аталмиш, мажлис, кўрик, вакиллик ва шунга ўхшаш ишлар билан банд бўларди. Бу орада «тадбиркор ва ташкилотчи» директоримиз «Тошлоқ» хўжалигида ходимларимиз томонидан фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида катта муваффақиятлар билан ўтказилган тажриба тўғрисидаги актни тайёрлаб олди. Унга не ажабки, хўжалик раҳбари ҳам бажонидил қўл қўйди…

—Хўш, жўралар?—дейилди ўқловдек бурунлар узра нигоҳ ташланиб.

Бундоқ қарасам, биттаси оёқ остида ўрмалаганча икки букилиб, бошқармамиз бошлиғи томон яқин бораяпти. Худди қишнинг чилласида устига бир челак муздек сув сепилган кишидек ҳўпиқаяпти…Аммо тил калимага келмади. Ноилож яна ўзим тушунтира бошладим. Мен тушунтираяпман, икки киши бақрайиб турибди, биттаси қўрққанидан, биттаси тушунмовчиликдан…

Бироқ гапни охиригача эшитишга шу қадар банд одамда вақт қаёқда дейсиз.
—Кўп чайналманг! Муддаога ўтинг…Хўш мен нима қилишим керак?

Мен пошнаси мустаҳкамгина бошмоғимга жуда кучли истак билан қараб қўйдим…
—Акажон…—дея Кадиев дол қаддини хиёл кўтарди,—ана шугинага, биттагина имзоча, холос…

—Шуми?—абадий ҳайронлик билан сўралди.

—Бори шу, акажон…

Соҳамиз «даҳо»си қўлига шахт билан ручкасини олиб, шиддат билан деярли ўн беш сантиметр¬ча жойга худди бургутнинг қанотидай қилиб қўл қўйиб ташлади!.. «Мана, санларга!!!» дегандек зарда билан…

—Бор гап шу экан-ку,—дея ғудранди у,—манави бола қандайдир компьютерлар, тадқиқотлар, Германия, Голландия деявериб, уч ойдан бери бошимни қотириб ташлади…

—Энди-и, ака-аа ўзингиз биласиз…бу ёшлар, фақат бошни қотиради…

Мен ҳам мудом банд бошлиқларни ҳуда-беҳудага бошини қотирадиган гуноҳкор ёш, ғўр мутахассис сифатида бош эгиб, бор куч билан пастки лабимни тишладим, ахир бунчалик салобатли «арбоблар» олдида қаҳқаҳа уриш ёхуд пиқиллаб кулиш одобдан эмас.

Елкадан тоғ қулагандек енгил тортиб ташқарига чиқдик. Ҳам куласиз, ҳам куясиз…

—Бу ёғи қандоқ бўлди?—дедим ҳайрат ва алам билан. —Тадбиқ масаласи нима бўлди?

—Унгаям акт тузиб, шундай қўл қўйдирамиз-да,—деди ҳисоблаш марказимиз директори худди бировни ҳозиргина аҳмоқ қилган одамдай яйраб, сўнг у ёқ-бу ёққа ўғринча қараб олгач, шивирлаб шундай деди:—Яна оғзига кучи етмаганлар бизни қўлидан ҳеч иш келмайди, деб юрган эмиш… Тезроқ кейинги чорак учун ҳам «янгилик ҳаётга тадбиқ қилинди», деган маънода акт тайёрланг. Анави «қовоқжон»га қўл қўйдириб оламиз. Бунинг устига тадқиқотингиз ҳаётга муддатидан уч ой олдин тадбиқ қилинди, деган гап бўлади.

Шу кеча-кундузда «қовоқ»ни яна қувлаб юрибман. Уни ҳадемай бирор жойда тутиб оламан, албатта. У кишим табиийки керилиб туриб, «кўринг¬лар!», дейдилар. Мен худди директоримизга ўхшаб шарқона қувлик билан «кўрдик, акажон» дейман. «Хўш, мен нима қилишим керак?» деган аҳмоқона савол берилади. Мен бўлсам: «Ана шунга қўл қўйиб юборсангиз бас, акажон!» дейман.

Мабодо, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бирор жойда директоримиз ёки бошқармамиз бошлиғининг у ер-бу ерда қиладиган маърузалари қулоғингизга чалиниб қолса, ўҳ-ҳў! Беш кетасиз! Айниқса, мутахассисларимиз томонидан «Тошлоқ»да ўтказилган илмий-амалий тажриба тўғрисида оғиз кўпиртирилиши аниқ, шунда янгилик деҳқон меҳнати самарадорлиги нақ 20-25 фоизга ўстиргани-ю фан ютуқларининг деҳқонга қанақа қанот бўлганини билиб оласиз!..

АЙИҚ АКА БИЛАН ОЛИШУВ

Тоғ олди қишлоғидан олти эркак якшанба куни айиқ овлагани бормоқчи бўлишди. Енгилгина лайлақ қор ёғиб турарди. Икки киши трактор кабинасида, тўрт киши тиркамада тоққа ўрмалашди. Жабборали тоға роса тоғ оралаб бир умр қўй боққанмасми, айиқнинг ғори қаерда, бўри, тулкининг ини қаерда — яхши билар эди.
Қуролдан бори иккита қўшоғиз, икки паншаха ва иккита кетмон даста бор эди. Улар бунақа пайтда айиқ ғорида тинчгина ётишини яхши билганлари учун тўғри унинг ғори олдига келишди. Тракторни эллик одим нарида қолдириб, қуролларини шай ҳолда тутиб, айиқнинг жаҳлини чиқариб ташқарига чорламоқчи бўлишди. Бақир-чақир, шовқин-сурон солишди. Айиқдан дарак йўқ. Тракторчи —ўзи ҳам айиқсифат Мансур аканинг тоқати тоқ бўлди:
— Э, қўрқиб ўтирамизми? Юрингла ғорга бостириб кирамиз! Таёқлаб ташқарига олиб чиқамиз.
Олтовлон бири чўчиб, бири ўзича ботир бўлиб ғорга йигирма қадамча кириб боришди. У ёғи қоронғи экан. Мансур ака билан Туроб тоға милтиқлардан бараварига ўқ узишди. Қолганлар таёқларини ҳарсанг тошларга уриб ўкиришарди. Хуллас, ниятларига етишди. Ичкаридан айиқнинг ўкиргани эшитилди. Бояги ботирликдан асар ҳам қолмади. Бир-бирларини туртиб ташқарига қоча бошлашди.
Ҳар бири мумкин қадар тез югуриб, тракторнинг тиркамаси устига чиқиб олишлари кераклигини тушуниб етишганди. Биринчи бўлиб Туроб тоға тиркамага бир сакраб, тирмашиб чиқиб олди. Ундан кейин яна уч киши улгурди. Орқадан бешинчи бўлиб келаётган Ахтам ака тиркамага бир неча марта тирмашиб кўрди. Чиқолмади. Орқаларидан эса баҳайбат махлуқ жуда жаҳли чиққан эмасми, бўкирганча лапанглаб етиб олай деб келаётганди. Энг ортда милтиғини ташлаб қочиб келаётган Мансур ака Ахтам тоғани бир ҳамла билан илиб олиб тиркаманинг устига отиб юборди. Шу лаҳза ғазабланган айиқ унинг елкаларига чанг солди. Мансур аканинг униқиб кетган кигиз чакмони йиртилиб кетди. Шу топда Мансур аканинг бақиришини кўрсангиз, ҳам одамнинг ўтакаси ёрилади, ҳам кулгинг қистайди. Нима деб бақиряпти денг:
— Айиқ ака! Ўлай агар мен отганим йўқ. Анави Туроб ака икки марта отди!…
Шу кўйи Мансур ака тиркамага тирмашди. Айиқнинг бошига бир варакайига бир неча зарба тушди. Айиқ ўкириб ортга тисланди. Бундан фойдаланган Мансур ака тракторга сакраб чиқиб, моторни ўт олдирди. Трактор ҳаракатга келгач, айиқ лапанглаб чекинди. Аммо унга милтиқ ўқталишга ҳеч кимда юрак қолмаганди.
Шундан бери қишлоқда ким Мансур акани кўриб қолса: « Айиқ ака! Ўлай агар мен отганим йўқ!» деб ҳаммани кулдиради.

ТЎҒРИ СЎЗНИНГ ТАЁҒИ

Мен бир пайтлар манавинақа йигит бўлганман:
Ишда:
— Ака, сиз раҳбарсиз, аммо, мана, уч ойдирки бирга ишлаб давлат учун бирор иш қилганингизни кўрмадим! — дердим.
Ёки:
— Ўртоқ бошлиқ! Афсуски, ишончни оқламадингиз!
— Яъни?
— Ҳурматимни қозона олмадингиз, ариза ёзишга мажбурман…
Кўчада:
— Эй, тўнғиз, кексалар ва аёлларга йўл берсанг-чи!
— Ҳўв тўнка, тур ўрнингдан тепангда турган онахонни кўрмаяпсанми!?
— Ўв, валанг-саланг, папиросингни ташла, бу ер санга катта холангни уйи эмас!
Ва адолат учун муштлашишга шай бўлиб турардим. Навбатдаги ишхонамда шундай «ҳунарларим»ни кўрсатиб юрган кезларимда бир донишманд муовин мени ўз хонасига таклиф қилди. Ўзи шу кеча – кундузда буниям бир тузлагим келиб юрганди… Ҳозир тузлаб қўя қолсаммикин… Менга ёқмайдиган жойи шуки — ишда бошлиқдан, уйда хотинидан ўлгудек қўрқади… Бундай яшагандан кўра ўлганинг… демоқ учун шайланиб тургандим, у менга гал бермай гапни илиб кетди.
— Укам, сўзсиз, катта талант ва салоҳиятлар соҳибисиз. Сизни катта келажак кутиб турибди. Агар биргина камчилигингиз бўлмаганда, ҳеч иккиланмай айта оламанки, сиздан СПТУнинг директори чиқиши мумкин.
Ёшларга хос чапанилик билан энсам қотди ва ҳайрон бўлдим. Елкамни кўтардим, қўлларимни ёйдим… Наҳотки менда камчилик бўлса!? Яна ёқмаган жойи — бор йўғи СПТУнинг директори бўлармишман!.. Камина эса нақ министр бўлиш хаёлида юрган бўлса…
— Келинг, яхшиси мен сизга бир ривоятни айтиб берай. Қиссадан ҳиссани ўзингиз чиқариб олинг.
Мен ноилож унинг рўпарасига ўтирдим ва энсам қотиброқ ривоятини эшита бошладим.
Қадим замонда Бухоро Амирининг олдига тонг саҳарлаб барча аёнлар саломга киришар экан. Ҳаммадан олдин Амирнинг оналари уйқудан туриб, таҳорат қилиб, намозларини ўқиб, ўғли унинг олдига саломга киришини кутиб турарди. Амир оналарига салом бергандан сўнг бошқаларнинг саломини қабул қилгани катта қабулхонага чиқиб кетарди.
Бир куни она тонг саҳарда бировнинг дод-войидан уйғониб кетибди, шоша-пиша деразадан ҳовлига қарабди. Ҳовлининг ўртасида — икки сипойи минг йиллик тут дарахтига бир йигитни боғлаб қўйиб, қамчи тортиб туришганмиш.
— Ҳой, нима гап? Эрта-тонгдан жинни-пинни бўлиб қолдингларми?
— Онажон, кечиринг, нима қилайликки амиримизнинг иродалари шу бўлди. Кеча кечқурун бизни ҳузурларига чорлаб, зиндонбанд қилинган Тўғри сўзни тонгда тутга боғлаб қирқ қамчи уришни амр қилдилар. Токи бу тадбирдан ҳамма дарак топсин. Шу топшириқни бажариб турибмиз.
— Ҳайронман, бу ялангоёқнинг амир ҳазратларига қандай зарари тегиши мумкин?
— Мана ўзидан сўранг. Ёш бухороликлардан экан!
Онахон жазо олаётган йигитга юзланибди:
— Қани, гапир-чи, болам, сени нега қамчилаб турибдилар?
— Ўзи бу амирликда адолат йўқ. Ўғлингиз мени ҳақ гапларим учун жазоламоқда. Менинг танқидларим алам қилгач, чидолмай, жазолашга буюрди. Аммо мен ҳақман. Мен фақат тўғри гапни бетига айтаман. Ҳамма амалдорлари билан бирга мадраса қуриш баҳонасида ғазнани ўмариб ётишибди. Порахўрлик ҳар қачонгидан кўп! Халқнинг аҳволи хароб. Одамлар тирикчилик куйида сарсон бўлиб юришибди. Халқнинг фикри билан иши йўқ.
— Хўш, мен ҳақимда нима дея оласан? Одамлар амирнинг онасидан ҳам ғийбатлар қилиб юришгандир?
— Нега ғийбат қилишсин, бор гаплар керагидан ортиқ бўлгандан кейин…
Онани бу суҳбат қизиқтириб қўйибди:
— Э, бу ёғи қизиқ бўлибди-ку… Бор гаплар дегин? Лекин бундай гаплар умумий тарзда айтилади. Бундай гаплар ҳамма подшоларга қарата айтилган. «Карвон ўтар, ит ҳурар!» деб бекорга айтилмаган, бўтам. Сен менинг аниқ бир… дейлик, фақат ўзимгагина боғлиқ бирор айбимни айта оласанми?
— Нега айта олмас эканман? Масалан, аёлларнинг барчаси илонлар-ку. Саройдаги барча фитналарнинг ижодкорлари сизлар… Эркаклар сизларнинг ноғараларингга ўйнашади, типоқ бўлишолмайди.
— Бу гапларинг ҳам минг марта айтилган асоссиз гаплар. Сен менинг фақат ўзимга хос ва инкор этиб бўлмайдиган айбимни айта олмадинг. Демак, бор-йўғи тилига кучи етмаган ғийбатчи экансан!
— Онахон, айта оламан! Ким нима деса деяверсин! Мен сизнинг асосий айбингизни биламан! Сиз… Сиз… айтайверайми? Сиз аёлсиз, демак, сизнинг ҳаммадан яширадиган бир айбингиз бор…
Гап нима ҳақдалигини онахон ҳам, сипоҳлар ҳам бирданига тушуниб нафланиб кетишибди ва онахон ғазабга миниб шундай деганини билмай қолибди:
— Амирим тўғри жазо тайинлабдилар. У киши неча қамчи буюриб эдилар?
— Қирқ қамчи.
— Яна шунча қўшинглар! Биз бефаросат танқидчиларни фақат шу куйи «сийлашимиз» мумкин!..
Мен донишманд муовинга ҳеч нима дея олмай ўрнимдан турдим ва бош эгиб чиқиб кетдим. Муовин ҳақ эди. У ана шу Тўғри сўз сен бўласан демоқчи бўлди. Анча пайтгача бу қамчи менга алам қилиб юрди. Бироқ натижа шу бўлдики, мен бировнинг ҳамма биладиган ва гапирмай юрган камчиликларини бетига айтмайдиган бўлдим.

09

Mahmud BO’RON
HIKOYALAR
09

07Mahmud Bo’ron ( Mahmud Bo’ronov ) – 1957 yilda Buxoro viloyatining G’ijduvon tumanida o’qituvchi oilasida tug’ilgan.  U 1979 yilda Toshkent Davlat universitetining fizika fakul`tetini tugatgan. O’z faoliyati davomida O’zbekiston Fanlar akademiyasining Kibernetika institutida, Buxoro Davlat universitetida, O’zbekiston Davlat televidenie va radio qo’mitasida, Respublika Bosh hisoblash markazi Buxoro filialida ishlagan.
M.Bo’ron 1986 yildan buyon ijod bilan shug’ullanadi. U O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida, «Inson va qonun», «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetalari hamda «Avtohamroh», «San’at» jurnallarida muxbir va muharrir vazifalarida ishlagan. Uning hajviy asarlari «Mushtum», «Yoshlik» jurnallari, «Buxoronoma», «O’zbekiston adabiyoti va san’ati», «Oila davrasida» gazetalarida chop etilgan.  Ayni paytda «Oila davrasida» gazetasida mehnat qilmoqda.

09

«QOVOQ»

Rostini aytsam, boshqarmamiz boshlig’i haqida gapirib yurishim yaxshi emas: faqat esini yegan odamgina o’z boshlig’ining ustidan kulishi mumkin. Boshqarmamiz boshlig’i Hojiqurbon Tojiqurbonovich menga o’xshagan mahmadonalardan ancha-munchasini kovushini to’g’rilab qo’yganlar. U kishining ta’riflarga sig’maydigan shunday fazilatlari ko’pki, aytib ado qilolmaysan. Rahbarimizning barcha fazilatlaridan kelib chiqib, xodimlarimiz u kishiga «qovoq» deb laqab berishgan. Albatta, nega endi «qovoq» deyishingiz turgan gap. O’zim ham ilgari shunaqa savolni berib qolardim. Keyin bilsam, ular topib aytishgan ekan.

Mening mana bu hangomamga quloq tutsangiz, o’zingiz ham bunga ishonch hosil qilasiz.

Hali yosh va g’o’r ekanligim boshlig’imning o’taketgan «qovoq» ekanini namoyon qilishda asqotdi. Qayoqdanam deng tashabbuskorligim tutib ketib, yangi g’oya bilan chiqib dehqonlarning yukini yengil qilmoqchi bo’ldim. Ma’lumki, dunyoning ilg’or mamlakatlarida, hatto dehqonchilik va chorvachilik ham allaqachon komp`yuterlashtirilgan. Masalan, paxta yoki bug’doyga qancha issiqlik, namlik, o’g’it kerak, mollarga qay mahalda qancha va qay yo’l bilan xashak, yem berish kerak va hokazo…Bu cho’pchak emas, bu ishni Germaniya, Gollandiya kabi Yevropa mamlakatlarida yo’lga qo’yishganiga ancha vaqt bo’lib ketdi.

Buning uchun komp`yuterni ishlatadigan algoritmik dasturni tayyorlab qo’yganman: faqat bir marta viloyatdagi biror xo’jalikda tajriba o’tkazilsa, bas. O’zingiz bilasiz, bizda ayrimlar lavozimi sal yuqoririoq amaldordan ruxsat so’ramasdan tovuqqa don berishi ham muammo.

Shuning uchun ham men to’g’ridan-to’g’ri biror jamoa xo’jaligi rahbarining oldiga o’z taklifim bilan bora olmayman. Chunki u qo’rqadi. Men muhandis bo’lib ishlayotgan hisoblash markazi direktori Hakim Kadievni-ku gapirmay qo’ya qolsam ham bo’laveradi. Uni cho’chitish uchun boshqarmamiz boshlig’ining suratini ko’rsatishning o’zi ham yetib ortadi. Ruxsat olib berish u yoqda tursin, bu boshliqlarimga gap o’zi nima haqida ekanini tushuntirishning o’ziyam oson ish emas. Masala mohiyatini direktorimizga rosa urinib bir iloj qilib tushuntirgach, undan boshqarmamiz boshlig’idan tajriba o’tkazishga ruxsat berishini va biror jamoaga qo’ng’iroq qilishin so’radim. Hakim Kaldanovichning hech narsaga aqli yetmasa ham, yoshlarga biror narsada bas kelib bo’lmasligiga fahmi yetadi. U pastdan ham, tepadan ham o’lgudek qo’rqadi: shuning uchun ham g’oyamni tushungach, taqdiridan noligan baxtsiz xotindek didiyo qila ketdi:

—Uka, o’sadigan odamsiz. Band boshliqlarning og’rimagan boshini og’ritib nima qilasiz…

—Nima, siz taraqqiyotga qarshimisiz?

—Yo’g’-e…shto siz…,—devqomat rahbarimiz cho’chib tushdi.—ularga,—dedi u o’g’rincha shiftga qosh uchirib,—biror gapni tushuntira olsangiz…mayli, men qarshi emasman…

Boshqarmamiz boshlig’i oldiga men bilan birga borishga bu bechorada yurak qayda, deysiz. Bir hisobda bunday bechoralarga rahmim kelib, ularga ba’zan indamay qo’ya qolgim keladi, biroq loqayd yurgim kelmaydi, qaysarligim tutib, Vatanni gullatib tashlagim keladi… Hakim Kadiga qiyin, u yana kamida shu joyda ikki yil turib berishi kerak: u yog’i taralla—nafaqaga chiqib oladi… Bola-chaqaniyam, korxonamizniyam tinchitib bo’lgan.

—Faqat ukaginam, shuni eslatib qo’yay,—dedi direktorimiz noiloj,—Hoji akamlarni tutish…buning ustiga nimanidir tushuntirish oson emas…—buning uchun ham oyoq, ham sabr-toqat kerak…

Katta rahbarimni quva-quva bir oy deganda qabulxonalarida tutib oldim. U gapning berdisini eshitmay ko’zoynagi ustidan menga burgutchasiga nazar tashladi…

—Chudesni-ku, mayli, ko’ringlar…

Bu gap o’z ma’nosidan tashqari yana «boshimni qotirma, qani endi bir jo’nab qol-chi…» degan ma’noni ham anglatar edi. Men bunga albatta parvo qilmadim:

—Biz ko’rdik, faqat ishga kirishish uchun sizning ruxsatingiz va yordamingiz…

—Unda yaxshi, ishga kirishaveringlar.

—Ishga kirishamiz-ku, lekin o’sha ishning qanaqa ish ekanini bilib olsak…

—Obbo, hali nima ish qilmoqchi ekaningni o’zing bilmaysanmi?

—Bilaman, lekin sizga tushuntirish…

—Menga!? Oho! Zo’r-ku, men nima ish qilishim kerak?

Men yotig’i bilan tushuntira ketdim. Aminmanki, birinchi sinf o’quvchisiga tushuntirsam, u osongina tushungan bo’lardi. Ammo, boshliq baqrayganicha ¬hayratda turibdi. Gapni yana boshdan olib, muddaomni og’aynilarning to’qqiz pulidek bayon qila boshladim. U o’zini ga¬pimni tushunganga soldi-da shunday dedi:

—Hmmm…da, mayli ko’ringlar!

—Ko’rishga ko’ramiz-a, ammo birorta xo’jalikka telefon qilib, shunday-shunday, deb qo’ymasangiz…—dedim qo’rqmasdan. Ma’lumingizkim, biz yoshlarni «olsa ishini oladi-da», degan jasorat
hech tark etmaydi.

U yelka qisib, hayron bo’ldi. Kattakon o’zining «sermazmun» va «jo’shqin» hayotida bunaqa vaziyatga tushmagan ko’rinadi. Tarki odat, amri mahol—yana o’sha gapni eshitishga to’g’ri keldi:

—Hay mayli, ko’ringlar…lekin mendan nima istaladi o’zi?

YO qudratingdan! «qovoq»mish! Naq to’nka-ku, bu! Endi rosa mayinkoriga olib, yana to’qqiz pul qila boshladim.

—Menga qarang!—deya o’shqirdilar hammamiz uchun har jabhada o’rnak bo’lmish zot.—Nimalar deb yarim soatdan beri vaysayapsiz! O’lay agar tushunayotgan bo’lsam. Xo’sh, qanaqa xo’jalik? Qanaqa
mashina? Xo’sh, undanam keyin buning menga nima aloqasi bor?! Hech narsa tushunib bo’lmaydi. Boring, aytayotgan gaplaringizni bundoq tushunarliroq qilib nomimga «pis`mo» uyushtirib keling, gap na urovne bo’lsin. Ha, aytgancha, boshlig’ing, anavi kal qayoqda? Nima, o’zi kelsa o’larmidi?

Tavba, o’zi boshliq bo’lib, boshliqning ahvolini tushunmaydi-ya, axir boshliq bechoralarning o’z boshliqlaridan xuddi kobradan qo’rqqandek qo’rqishlarini nahotki bilmasa! Biladi, ammo uning ham o’z navbatida qo’l ostidagi «qovoq»larini tuzlagisi keladi-da…

—D-i-rr..direktorimiz..—deya Kaldonovich o’rgatgan bahonani ro’kach qila boshlagandim, yeru ko’kni paravozning o’kirigi tutdi:

—Yo’qo-o-o-ll!!…

Marhamat, yo’qolsak, yo’qolibmizda, shunga shunchami! Darhol yo’qoldim, albatta, qo’rqqanimdan emas. Qaysarligimdan, qaysarligim qursin, bolaligimdan shunaqa jinniligim bor, xuddi
devning burniga cho’p tiqib olgim kelaveradi. Mendan qutilib bo’psan, dedim ichimda, o’sha kallang naqadar «qovoq» bo’lmasin, ishlashga majbur qilaman. Xat bo’lsa, xat-da, ukang o’rgilsin!

Sizlarda qanday bilmadimu ammo bizning boshqarma va unga tobe korxonalarda xatga ustasi farang bo’lib ketganmiz. Bir bahona topilsa bas, changitib yozishimizni ko’ring! O’zi shundan
boshqa nimaga ham yarardik. Go’yo qilingan yoki qilinajak ishlar xususida yozishlarimizni bir ko’rsangiz! Hech bir vazirlik va qo’mitadan qo’rqmaymiz, xat degan jonivorni qiyib tashlayveramiz. Axir ularga shu xat kerak-da, ish kerakmas-ku.

Ertasi kundan boshlab ikki betdan iborat xatchasi tushmagurni olvolib «arbobimiz»ni quva ketdim. Omadim bor ekan, bu gal uni yigirma kunga qolmay tutib oldim.

—Ha, jo’ra?—dedi u o’ziga juda yarashib turadigan hayronlik bilan.

Men tushuntira ketdim. Oldin kelganim, maqsadim, xat yozib kelishim kerakligi va mana…

—Xo’p, yaxshi, —deyildi yana qoyilmaqom ohangda, —Bu boshqa gap, ana endi ko’ringlar…

—Biz ko’rdik,—deyildi jilmayish yoxud hiringlashdan o’zni zo’rg’a tiygan holda,—Hammasi joyida, faqat ishni boshlab yuborsak. Mana, birinchi chorak ham oxirlab qoldi…

Nihoyatda abadiy va asabiy savol berildi:

—Xo’sh, men nima qilishim kerak?!

Sizga yolg’on, Xudoga chin, shu topdayoq oyoq kiyimimni qo’lga olgim, va mana shu «qovoq» kallaga qulochkashlab…Hay, hay, shaytonga hayf…ne ajabki buning o’rniga uning pul va ovqatidan boshqa fikr mehmon bo’lmagan xum boshiga qarab:

—Sizning ruxsatingiz bo’lmasa, na direktorim va na xo’jalik raisi biror ish qilishga…—deya oldim.

—Ana endi o’zingga kelding,—dedilar donolarcha.—»Pis`mo» olib kelding, bu yaxshi. Endi direktoring bilan kel. Axir men senga nima degandim? O’sha eshshak bilan kelgin, demaganmidim?! Nega o’zi dumini tutqizmayapti?

Direktorimiz meni uzoqdan ko’rishi bilan tirjaydi:

—Ha, bratishka, «ko’ringlar» dedilarmi? Senga necha marta aytdim. O’sha aktingga o’zim bir iloj qilib qo’l qo’ydirardim-ku. Eh, bola, o’zingga o’zing g’avg’o orttirding…Kim biladi hali kelajaging nima bo’ladi…

«Boss»ni ikkovlon rosa bir oy deganda tutdik.

U nuqul ish deb atalmish, majlis, ko’rik, vakillik va shunga o’xshash ishlar bilan band bo’lardi. Bu orada «tadbirkor va tashkilotchi» direktorimiz «Toshloq» xo’jaligida xodimlarimiz tomonidan fanning eng so’nggi yutuqlari asosida katta muvaffaqiyatlar bilan o’tkazilgan tajriba to’g’risidagi aktni tayyorlab oldi. Unga ne ajabki, xo’jalik rahbari ham bajonidil qo’l qo’ydi…

—Xo’sh, jo’ralar?—deyildi o’qlovdek burunlar uzra nigoh tashlanib.

Bundoq qarasam, bittasi oyoq ostida o’rmalagancha ikki bukilib, boshqarmamiz boshlig’i tomon yaqin borayapti. Xuddi qishning chillasida ustiga bir chelak muzdek suv sepilgan kishidek ho’piqayapti…Ammo til kalimaga kelmadi. Noiloj yana o’zim tushuntira boshladim. Men tushuntirayapman, ikki kishi baqrayib turibdi, bittasi qo’rqqanidan, bittasi tushunmovchilikdan…

Biroq gapni oxirigacha eshitishga shu qadar band odamda vaqt qayoqda deysiz.
—Ko’p chaynalmang! Muddaoga o’ting…Xo’sh men nima qilishim kerak?

Men poshnasi mustahkamgina boshmog’imga juda kuchli istak bilan qarab qo’ydim…
—Akajon…—deya Kadiev dol qaddini xiyol ko’tardi,—ana shuginaga, bittagina imzocha, xolos…

—Shumi?—abadiy hayronlik bilan so’raldi.

—Bori shu, akajon…

Sohamiz «daho»si qo’liga shaxt bilan ruchkasini olib, shiddat bilan deyarli o’n besh santimetr¬cha joyga xuddi burgutning qanotiday qilib qo’l qo’yib tashladi!.. «Mana, sanlarga!!!» degandek zarda bilan…

—Bor gap shu ekan-ku,—deya g’udrandi u,—manavi bola qandaydir komp`yuterlar, tadqiqotlar, Germaniya, Gollandiya deyaverib, uch oydan beri boshimni qotirib tashladi…

—Endi-i, aka-aa o’zingiz bilasiz…bu yoshlar, faqat boshni qotiradi…

Men ham mudom band boshliqlarni huda-behudaga boshini qotiradigan gunohkor yosh, g’o’r mutaxassis sifatida bosh egib, bor kuch bilan pastki labimni tishladim, axir bunchalik salobatli «arboblar» oldida qahqaha urish yoxud piqillab kulish odobdan emas.

Yelkadan tog’ qulagandek yengil tortib tashqariga chiqdik. Ham kulasiz, ham kuyasiz…

—Bu yog’i qandoq bo’ldi?—dedim hayrat va alam bilan. —Tadbiq masalasi nima bo’ldi?

—Ungayam akt tuzib, shunday qo’l qo’ydiramiz-da,—dedi hisoblash markazimiz direktori xuddi birovni hozirgina ahmoq qilgan odamday yayrab, so’ng u yoq-bu yoqqa o’g’rincha qarab olgach, shivirlab shunday dedi:—Yana og’ziga kuchi yetmaganlar bizni qo’lidan hech ish kelmaydi, deb yurgan emish… Tezroq keyingi chorak uchun ham «yangilik hayotga tadbiq qilindi», degan ma’noda akt tayyorlang. Anavi «qovoqjon»ga qo’l qo’ydirib olamiz. Buning ustiga tadqiqotingiz hayotga muddatidan uch oy oldin tadbiq qilindi, degan gap bo’ladi.

Shu kecha-kunduzda «qovoq»ni yana quvlab yuribman. Uni hademay biror joyda tutib olaman, albatta. U kishim tabiiyki kerilib turib, «ko’ring¬lar!», deydilar. Men xuddi direktorimizga o’xshab sharqona quvlik bilan «ko’rdik, akajon» deyman. «Xo’sh, men nima qilishim kerak?» degan ahmoqona savol beriladi. Men bo’lsam: «Ana shunga qo’l qo’yib yuborsangiz bas, akajon!» deyman.

Mabodo, oradan hech qancha vaqt o’tmay biror joyda direktorimiz yoki boshqarmamiz boshlig’ining u yer-bu yerda qiladigan ma’ruzalari qulog’ingizga chalinib qolsa, o’h-ho’! Besh ketasiz! Ayniqsa, mutaxassislarimiz tomonidan «Toshloq»da o’tkazilgan ilmiy-amaliy tajriba to’g’risida og’iz ko’pirtirilishi aniq, shunda yangilik dehqon mehnati samaradorligi naq 20-25 foizga o’stirgani-yu fan yutuqlarining dehqonga qanaqa qanot bo’lganini bilib olasiz!..

AYIQ AKA BILAN OLISHUV

Tog’ oldi qishlog’idan olti erkak yakshanba kuni ayiq ovlagani bormoqchi bo’lishdi. Yengilgina laylaq qor yog’ib turardi. Ikki kishi traktor kabinasida, to’rt kishi tirkamada toqqa o’rmalashdi. Jabborali tog’a rosa tog’ oralab bir umr qo’y boqqanmasmi, ayiqning g’ori qaerda, bo’ri, tulkining ini qaerda — yaxshi bilar edi.
Quroldan bori ikkita qo’shog’iz, ikki panshaxa va ikkita ketmon dasta bor edi. Ular bunaqa paytda ayiq g’orida tinchgina yotishini yaxshi bilganlari uchun to’g’ri uning g’ori oldiga kelishdi. Traktorni ellik odim narida qoldirib, qurollarini shay holda tutib, ayiqning jahlini chiqarib tashqariga chorlamoqchi bo’lishdi. Baqir-chaqir, shovqin-suron solishdi. Ayiqdan darak yo’q. Traktorchi —o’zi ham ayiqsifat Mansur akaning toqati toq bo’ldi:
— E, qo’rqib o’tiramizmi? Yuringla g’orga bostirib kiramiz! Tayoqlab tashqariga olib chiqamiz.
Oltovlon biri cho’chib, biri o’zicha botir bo’lib g’orga yigirma qadamcha kirib borishdi. U yog’i qorong’i ekan. Mansur aka bilan Turob tog’a miltiqlardan baravariga o’q uzishdi. Qolganlar tayoqlarini harsang toshlarga urib o’kirishardi. Xullas, niyatlariga yetishdi. Ichkaridan ayiqning o’kirgani eshitildi. Boyagi botirlikdan asar ham qolmadi. Bir-birlarini turtib tashqariga qocha boshlashdi.
Har biri mumkin qadar tez yugurib, traktorning tirkamasi ustiga chiqib olishlari kerakligini tushunib yetishgandi. Birinchi bo’lib Turob tog’a tirkamaga bir sakrab, tirmashib chiqib oldi. Undan keyin yana uch kishi ulgurdi. Orqadan beshinchi bo’lib kelayotgan Axtam aka tirkamaga bir necha marta tirmashib ko’rdi. Chiqolmadi. Orqalaridan esa bahaybat maxluq juda jahli chiqqan emasmi, bo’kirgancha lapanglab yetib olay deb kelayotgandi. Eng ortda miltig’ini tashlab qochib kelayotgan Mansur aka Axtam tog’ani bir hamla bilan ilib olib tirkamaning ustiga otib yubordi. Shu lahza g’azablangan ayiq uning yelkalariga chang soldi. Mansur akaning uniqib ketgan kigiz chakmoni yirtilib ketdi. Shu topda Mansur akaning baqirishini ko’rsangiz, ham odamning o’takasi yoriladi, ham kulging qistaydi. Nima deb baqiryapti deng:
— Ayiq aka! O’lay agar men otganim yo’q. Anavi Turob aka ikki marta otdi!…
Shu ko’yi Mansur aka tirkamaga tirmashdi. Ayiqning boshiga bir varakayiga bir necha zarba tushdi. Ayiq o’kirib ortga tislandi. Bundan foydalangan Mansur aka traktorga sakrab chiqib, motorni o’t oldirdi. Traktor harakatga kelgach, ayiq lapanglab chekindi. Ammo unga miltiq o’qtalishga hech kimda yurak qolmagandi.
Shundan beri qishloqda kim Mansur akani ko’rib qolsa: « Ayiq aka! O’lay agar men otganim yo’q!» deb hammani kuldiradi.

TO’G’RI SO’ZNING TAYOG’I

Men bir paytlar manavinaqa yigit bo’lganman:
Ishda:
— Aka, siz rahbarsiz, ammo, mana, uch oydirki birga ishlab davlat uchun biror ish qilganingizni ko’rmadim! — derdim.
Yoki:
— O’rtoq boshliq! Afsuski, ishonchni oqlamadingiz!
— Ya’ni?
— Hurmatimni qozona olmadingiz, ariza yozishga majburman…
Ko’chada:
— Ey, to’ng’iz, keksalar va ayollarga yo’l bersang-chi!
— Ho’v to’nka, tur o’rningdan tepangda turgan onaxonni ko’rmayapsanmi!?
— O’v, valang-salang, papirosingni tashla, bu yer sanga katta xolangni uyi emas!
Va adolat uchun mushtlashishga shay bo’lib turardim. Navbatdagi ishxonamda shunday «hunarlarim»ni ko’rsatib yurgan kezlarimda bir donishmand muovin meni o’z xonasiga taklif qildi. O’zi shu kecha – kunduzda buniyam bir tuzlagim kelib yurgandi… Hozir tuzlab qo’ya qolsammikin… Menga yoqmaydigan joyi shuki — ishda boshliqdan, uyda xotinidan o’lgudek qo’rqadi… Bunday yashagandan ko’ra o’lganing… demoq uchun shaylanib turgandim, u menga gal bermay gapni ilib ketdi.
— Ukam, so’zsiz, katta talant va salohiyatlar sohibisiz. Sizni katta kelajak kutib turibdi. Agar birgina kamchiligingiz bo’lmaganda, hech ikkilanmay ayta olamanki, sizdan SPTUning direktori chiqishi mumkin.
Yoshlarga xos chapanilik bilan ensam qotdi va hayron bo’ldim. Yelkamni ko’tardim, qo’llarimni yoydim… Nahotki menda kamchilik bo’lsa!? Yana yoqmagan joyi — bor yo’g’i SPTUning direktori bo’larmishman!.. Kamina esa naq ministr bo’lish xayolida yurgan bo’lsa…
— Keling, yaxshisi men sizga bir rivoyatni aytib beray. Qissadan hissani o’zingiz chiqarib oling.
Men noiloj uning ro’parasiga o’tirdim va ensam qotibroq rivoyatini eshita boshladim.
Qadim zamonda Buxoro Amirining oldiga tong saharlab barcha ayonlar salomga kirishar ekan. Hammadan oldin Amirning onalari uyqudan turib, tahorat qilib, namozlarini o’qib, o’g’li uning oldiga salomga kirishini kutib turardi. Amir onalariga salom bergandan so’ng boshqalarning salomini qabul qilgani katta qabulxonaga chiqib ketardi.
Bir kuni ona tong saharda birovning dod-voyidan uyg’onib ketibdi, shosha-pisha derazadan hovliga qarabdi. Hovlining o’rtasida — ikki sipoyi ming yillik tut daraxtiga bir yigitni bog’lab qo’yib, qamchi tortib turishganmish.
— Hoy, nima gap? Erta-tongdan jinni-pinni bo’lib qoldinglarmi?
— Onajon, kechiring, nima qilaylikki amirimizning irodalari shu bo’ldi. Kecha kechqurun bizni huzurlariga chorlab, zindonband qilingan To’g’ri so’zni tongda tutga bog’lab qirq qamchi urishni amr qildilar. Toki bu tadbirdan hamma darak topsin. Shu topshiriqni bajarib turibmiz.
— Hayronman, bu yalangoyoqning amir hazratlariga qanday zarari tegishi mumkin?
— Mana o’zidan so’rang. Yosh buxoroliklardan ekan!
Onaxon jazo olayotgan yigitga yuzlanibdi:
— Qani, gapir-chi, bolam, seni nega qamchilab turibdilar?
— O’zi bu amirlikda adolat yo’q. O’g’lingiz meni haq gaplarim uchun jazolamoqda. Mening tanqidlarim alam qilgach, chidolmay, jazolashga buyurdi. Ammo men haqman. Men faqat to’g’ri gapni betiga aytaman. Hamma amaldorlari bilan birga madrasa qurish bahonasida g’aznani o’marib yotishibdi. Poraxo’rlik har qachongidan ko’p! Xalqning ahvoli xarob. Odamlar tirikchilik kuyida sarson bo’lib yurishibdi. Xalqning fikri bilan ishi yo’q.
— Xo’sh, men haqimda nima deya olasan? Odamlar amirning onasidan ham g’iybatlar qilib yurishgandir?
— Nega g’iybat qilishsin, bor gaplar keragidan ortiq bo’lgandan keyin…
Onani bu suhbat qiziqtirib qo’yibdi:
— E, bu yog’i qiziq bo’libdi-ku… Bor gaplar degin? Lekin bunday gaplar umumiy tarzda aytiladi. Bunday gaplar hamma podsholarga qarata aytilgan. «Karvon o’tar, it hurar!» deb bekorga aytilmagan, bo’tam. Sen mening aniq bir… deylik, faqat o’zimgagina bog’liq biror aybimni ayta olasanmi?
— Nega ayta olmas ekanman? Masalan, ayollarning barchasi ilonlar-ku. Saroydagi barcha fitnalarning ijodkorlari sizlar… Erkaklar sizlarning nog’aralaringga o’ynashadi, tipoq bo’lisholmaydi.
— Bu gaplaring ham ming marta aytilgan asossiz gaplar. Sen mening faqat o’zimga xos va inkor etib bo’lmaydigan aybimni ayta olmading. Demak, bor-yo’g’i tiliga kuchi yetmagan g’iybatchi ekansan!
— Onaxon, ayta olaman! Kim nima desa deyaversin! Men sizning asosiy aybingizni bilaman! Siz… Siz… aytayveraymi? Siz ayolsiz, demak, sizning hammadan yashiradigan bir aybingiz bor…
Gap nima haqdaligini onaxon ham, sipohlar ham birdaniga tushunib naflanib ketishibdi va onaxon g’azabga minib shunday deganini bilmay qolibdi:
— Amirim to’g’ri jazo tayinlabdilar. U kishi necha qamchi buyurib edilar?
— Qirq qamchi.
— Yana shuncha qo’shinglar! Biz befarosat tanqidchilarni faqat shu kuyi «siylashimiz» mumkin!..
Men donishmand muovinga hech nima deya olmay o’rnimdan turdim va bosh egib chiqib ketdim. Muovin haq edi. U ana shu To’g’ri so’z sen bo’lasan demoqchi bo’ldi. Ancha paytgacha bu qamchi menga alam qilib yurdi. Biroq natija shu bo’ldiki, men birovning hamma biladigan va gapirmay yurgan kamchiliklarini betiga aytmaydigan bo’ldim.

09

(Tashriflar: umumiy 122, bugungi 1)

Izoh qoldiring